Текст книги "Адабиёт– миллат виждони"
Автор книги: Нўъмон Рахимжонов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
3
Ярим кечада уйига қайтди Тиркаш Бешим. Боз боягисидек ёритиб турарди тўлин Ой. Орадан шунча кун ўтди нега ҳамон ўша ҳолатда турибди Ой? Бу давр ичида камая бориши ва яримта ҳолатда кўриниши керак эди… Шундай хаёллар билан чўнтагидан калит олиб қулф тирқишига тиқди, калит айланмади, не кўз билан кўрсинки, эшик қулфи очиқ. Қандайдир хатар борлигини ҳис этди унинг бродикардияга ошно юраги. Эшик очилди. Остона ҳатлаб хонага кирди ва электр чироқ тугмачасини пайпаслади. Топди, босди. Хона ёришди ва тўшакда ётган номаълум жонзот ҳаракатга келди, қаддини ёстиқдан кўтариб қаради.
– Кимсан?! – хириллади Тиркаш.
– Кўриб туриб талмовсирайсиз, Кимёман.
– Қачон келдинг?
– Қаердан?
– “Дарранда”дан!
– Дарранда деганингиз нимаси? Ким айтди сизга бу гапни?
– Милиция. Капитан Аллабоев…
– Ҳеч қаёққа борганим йўқ. Ўрнингиздан отилиб турдингизу ўқдай учиб чиқиб кетдингиз ўзингиз. Бир соатдан бери нима қилдингиз ташқарида?
– Бир соат деганинг нимаси? Беш кундан бери сени қидираман, – деди тушкун қиёфада Тиркаш Бешим ва ҳолсизланганча каравотига ўтириб қолди. Бироздан кейин унинг йиғламсираган овози эшитилди:
– Шафқат қилсанг бўларди менга, Кимё…
Шу гапдан кейин оҳиста ўрнидан турган аёл яқинлаб келди ва кафтини эрининг пешонасига босди. Бу ҳолат узоқ давом этишини, мангуликка бориб туташувини истарди Бешим. Оловдек қизиб кетган пешонасига малҳамдек ёқди аёлининг кафти.
… Муздек эди Кимёнинг бармоқлари.
Чирчиқ. 2020 йил, декабрь
ЕТИМ
Бир дона дўлана тушиб қолди подачининг сумкасидан. Чақил эди ер. Ғўрашак тупроқ тагида хўмрайиб ётарди бадқовоқ ва шафқатсиз палахса тошлар. Инсоннинг қаерда туғилиши ўз ихтиёрида бўлмаганидек, дўлана ҳам илдиз отди ана шу лаънат тамғаси билан муҳрланган ерда. Узоққа кетолмади унинг томири ва нимжон бўлиб ўсди ниҳол. “Ўсди” деган калима унинг ҳаётини тўлиқ ифодалай олмайди. Йиллар ўтса ҳамки, сира моннимади. Лафзимизда шундай сўз бор. Адабий тилимизда учрамайдиган бу сўз чақил ерда дийдираб турган дўлана ниҳолининг кўринишини аниқ ифодалайди.
Ноилнинг ҳаётини ана шу дўланага ўхшатаман. Атрофга жовдираб қарарди унинг кўзлари. Қўрқув аломати бу. Боланинг юрагини қамраб олган ҳиссиёт умрининг охиригача кетмади унинг вужудидан. Беш ёшлигида бегона бир одам пайдо бўлди ғарибгина хонадонда ва эшик олдига тақаб қўйилган каравотга ётди. Қандайдир қўшиқни хиргойи қиларди у беўхшов овоз билан. Айвончада турарди бу пайтда Ноил. “Эй қизча, бу ёққа кел!” деган чорловни эшитди Ноил, бўйсунди ва каравот олдига яқинроқ борди. Билмасди аслида: бу одам ким? Қаердан келган? Нима қилади бу ерда? Ҳирс билан қаради одам ва сира мумкин бўлмаган, китобларда ёзиш ёки бировга айтиш имкони йўқ бир нарса беришни талаб қилди боладан. Хушсувратгина бола эди Ноил. Елкасига тушиб турарди икки ўрим кокили. Ўғил болаларда ҳам кокил бўларди ўша даврларда. Кўзлари бўталоқларникидек катта-катта, юзи оппоқ, қошлари қора, киприклари узун эди Ноилнинг. Шу сабабли уни қиз бола деб ўйлади каравотда ётган киши ва… Қўрқиб кетди бола. Қиз бола эмаслигини айта олмади ва қалтираганча туриб қолди каравотдан икки қадамлар нарида. Йиллар ўтди ўша қўрқув кетмади унинг юрагидан. Ва ҳамиша шубҳа билан қаради ҳаётга ва хусусан, ўша одамга. Кейин отасига айланди ўша одам. Тенгдош эдик биз. Ўзимнинг ойнадаги аксимга ўхшатардим уни. Қўрқоқ ва ўта уятчан эдик иккимиз ҳам. “Сен – мен” дер эди гоҳида юзимга хаёлчан тикилиб туриб. “Мен – сен”, деб жавоб қилардим. Одатда индамай хаёл суриб ўтирардик. Ўгай отаси тўғрисида ўйларди Ноил. Ўйламасликка ҳаракат қилса ҳам унинг доирадай кенг юзи ва бири-бирига туташиб кетган қошлари кўз ўнгида туриб олар ва кўзларини юмса ҳам кетмасди ва фарғонача талаффуз билан айтган ўша гапи эшитилаверарди қулоқларига. Аслида, фарғоналик эмасди у одам. Унинг кимлигини ҳам, қаердан келганини ҳам билмасди Ноил. Узоқ йиллар бирга ҳаёт кечириш жараёнида ўша гап сира унутилмади. Ва эшик олдидаги каравотда ётган одамнинг турқи кўз ўнгидан кетмади. Йиллар ўтди, онасининг йўриғини қай йўсинда баҳолашни билмади улғайганида ҳам. Болаликда эса ота ёки она тўғрисида фикр юритиш, яъниким уларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаш, хулоса чиқаришга ожизлик қиларди унинг гўдак ақли. Ёши бир жойга етиб, мия ичидаги жараёнлар такомиллашгач, ўз ҳаётининг ўша даврларини қайта бошдан таҳлил қилиб кўраркан, онам нега мени ўлдиришга кўп марта уриниб кўрди, деган савол кўндаланг бўлди. Аммо Худо йўл бермади. Чунки, Ноилнинг зиммасига юкланган вазифани ҳеч ким ҳеч маҳал бажара олмасди. Ўгай ота эса нималарнидир шама қилар, Ноилнинг ёнидан ўтганда бурнини жийирар ва унинг тунда тўшакни ҳўл қилиб қўйишини имкон бўлди дегунча бўрттириб кўрсатишга интиларди. Ғужанак бўлиб қоларди бундай паллада етим бола. Борган сари такомиллашиб борарди онанинг шуурида Ноилдан қутулиш режаси. Мунтазам эмасди ният. Ўқтин-ўқтин бош кўтарарди ва ана шундай паллада баъзан кескин ҳаракат қиларди она.
Ёзнинг жазирама бир кунида сувга борди Ноил. Алюмин челакни энди дарёга ботириш учун тараддудланиб турганда, бақувват қўллар даст кўтарди уни ва тошиб оқаётган сувга ташлаб юборди. Осмонга сапчиган тўлқинлар ва сув пардаси ортида турган аёлни кўрди бола, энтикди, нималардир деб овоз берди, қўл-оёқлари билан шапиллатиб сувни уриб, қирғоқ томон талпинди. Тўлқинлар беаёв суриб борарди ўлжасини. Челакни сувга ботирди она ва ортига қарамай кетди.
ЁЗУВЧИ УЧУН АТИР
Чекка сочлари оқариб қолган Григоровичнинг қандай атир суртиб юрганлигини билмайман (қадимда атир суртиларди, ҳозирда пижиллатиб сепилади), аммо Бунин тасвирлаган шу ёзувчининг, яъни Григоровичнинг олдидан ўтгим келади ва ундан анқиб турган ифорнинг қанақалигини билгим келади. Афсуски, энди Бунин ҳам, Григорович ҳам ва Жемчужников ҳам йўқ. Шунга қарамай, ўша даврга хос айрим ҳолатлар-у манзараларни тафаккур ёрдамида тасаввур қилиш мумкин.
Бизнинг болалигимиз ва ўсмирлик пайтимизда “Сирень”, “Ландиш”, “Кармен” деган атирлар бўларди. Ўсмирлик пайтимда биринчи марта “Қора наво” деган атирдан суртиб кўрганман. Австралияда чайлачи деган бир қуш бор. Қанотли бу жонивор урғочисини жалб қилиш учун қарийб одам бўйи келадиган чайла қуради ва ўзи бунёд этган иншоотни турли-туман ялтироқ нарсалар билан безайди-да, чайла атрофидан айланиб қўшиқ куйлайди. Инсонга ҳам хос бундай бачкана ҳолат. Ясан-тусан қилсам, унга яхши кўринаман деб ўйлайди севган қизининг олдига бораётган йигит. Садафни узоқдан бўлса ҳам бир кўриш ниятида йўлга тушарканман, икки кун аввал қишлоқ дўконидан сотиб олган атиримдан сепиб олдим. Китоб жавонимнинг орқасида яширин сақлардим уни. Жуда ўткир эди “Қора наво”нинг ҳиди. Атир бўйини шамол олиб кетмасин деб, пана-пастқам йўлдан борардим. Киссамда носкашларнинг носқовоғидай дўмпайиб турибди дағал шиша идиш. Унинг сиртида рақс тушаётган аёл сурати бор. Ярим йўлга етгач, яна бироз сепиб олсаммикин деган хаёлга бордим. Чўнтакдан учбурчак шаклидаги шишани оларканман, унга ёпиштирилган расмга яна бир карра қарадим. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам рақс тушаётган аёл суврати… Аёлларники эмасмикин бу одеколон деган шубҳа оралади кўнглимга. Йўл бўйида кимдир кўринди ва катта ёшли бир киши мен томон келаверди. Девор тагига томон тиқилиб бордим. Ёнимдан ўтаётиб бурнини жийирди ҳалиги одам ва “такадай сасибсан” деди, мендан ҳазар қилгандай ўзини нарироқ олиб. Уялиб кетдим. Аммо атир ҳидига бўлган ўчлигим босилмади. Бирор нарса ёзишга ўтирсам, ҳозир ҳам албатта юзимга атир пуркайман.
Жонзотларга ҳид билиш хусусиятини ато этаркан, бу ноёб ҳиссиётнинг бошқа барча сезгилардан ва ҳаттоки кўришдан, таъм билишдан ва эшитишдан ҳам аъло даражада бўлишини таъминлаган табиат. Бошқа ҳар қандай сезги миядаги: таламус, ҳипоталамус, стреатум каби марказлардан ўтади, аксонлар ва дендритларнинг қўлига тушиб турли ўзгаришларга учрайди, буйруқлар макони бўлган бош мия пўстига етиб боргунга қадар неча марта ўлиб-тирилади. Тадқиқотчи олимларнинг айтишича, биз кўз билан кўриб турган нарсалар аслида, кўринганидай эмас, бутунлай бошқача эмиш, фақат ҳид билишгина бундан мустасно, мия пўстлоғига тўғридан-тўғри, яъни бевосита, ҳеч қандай ўзгаришга учрамасдан етиб боради.
Атирга ўчлик менинг жиддий нуқсоним. Шундайлигини биламан ва имкони борича атир харид қилмасликка интиламан. Атирга бўлган тийиқсиз интилишни жиловлаш учун шундай қиламан. Бахтга қарши йўлда бир қанча атир-упа дўконлари бор, Чилонзордан Фарҳод бозоригача ва бозордан метрогача пиёда бораман. Йўлда бир аёл атир сотиб ўтиради. Яхши хушбўй атирлари бор унинг. “Смокинг”, “Шанел” “Матфикс ман” ва ҳоказо. Ҳар доим унинг ёнидан ўтарканман, кўк, яшил ёки заъфарон рангли суюқлик тўлдирилган турли шаклдаги шишачаларга қарайман. Сўнгра улардан бирини қўлга олиб қопқоқчасидан сал қуйироққа, шишачанинг бўйнига бурнимни маҳкам босиб ҳидлайман. Менинг ҳаракатларимни кузатиб туради сотувчи аёл. “Олинг”, дейди. Атир нархи қиммат, ҳиди менга ёқса-да, пулни ўйлайман. Сирасини айтганда, дўконлардагидан арзон унинг атирлари, йигирма беш мингдан зиёд эмас, худди шундай атир дўконларда анчагина қиммат туради. Ҳатто юз минг сўмлик, икки юз ва ҳатто уч юз минг сўмлик атирлар ҳам бор. Бир дўстимнинг айтишича, “Клив Христиан № 1” деган атир 2.350 доллар турармиш. Менга “Suave” ҳам бўлаверади. Кўкимтир шишачали, қопқоғи савсани бу атирнинг ҳиди менга жуда ёқади. Албатта, масалан, “Смокинг” даражасида эмас, шундай бўлса ҳам жуда олгим келарди уни … гўё “Қишлоқ” романининг муаллифи Григорович ана шу атирдан суртиб юрадигандай. Дарвоқе, ўз даврида анчайин ном қозонган ва ҳатто ана шу романи билан Белинскийнинг назарига тушган эди бу ёзувчи. Унинг олдига бориш, унга яқинроқдан қараш ва ундан таралаётган ифордан ҳидлаш… Узун бўйли, жуда тоза ва ёқимли кийинган кишига ҳадиксираганча қараб турар ва мириқиб атир ҳидларди Бунин, аммо нафас олаётганини, ҳаводан атир ҳидини ўғирлаётганини Григоровичдан, яъни атир эгасидан пинҳон тутарди. Адабиёт майдонида ҳали ном қозониб улгурмаган, образли қилиб айтганда, эндигина тетапоя бўла бошлаган журъатсиз ва ҳуркак ёзувчи учун табиий ҳол эди, албатта, бу. Французча тарбия кўрган Григорович эса парфюмерияга эътиборсиз эмасди. Ва Никольский кўчасида очилган номдор атир-упа магазини олдида вақт-бевақт учратиб қолиш мумкин эди уни. Нафақат Григорович ёки Жемчужников, балки ўзига қараб юрадиган барча эркакларнинг диққатини тортарди бу дўкон. Хусусан, “Шанель №5” одеколонидан суртиб, хонимларнинг ёнидан ўтиш олифта эркакларнинг орзуси эди. Брокар кашф этган “Цветочний” деган афсонавий атир ҳам сотиларди бу ерда.
… Ўзимни чалғитишга ва Григорович билан Буниннинг учрашувини бирон-бир машҳур ёзувчининг хонадонида ташкил этишга қай даражада уринмай, кўз олдимда энг қимматбаҳо ифорли атирлар билан савдо қиладиган ўша магазин ва унинг пештахтаси олдида турган Григорович ва узоқроқдан уни кузатиб турган Бунин кўринаверарди. Афсуски, мутлақо хато эди менинг бу тасаввурим: биринчидан, турли ҳидлар анқиб турган атир-упа дўконининг ичида Григоровичдан таралаётган ифорни пайқамасди, иккинчидан, қўл учида кун кўраётган Бунин қимматбаҳо атирлар билан савдо қиладиган бундай дўконларга беҳудага кирмасди, деб ўйлайман. Уларнинг учрашуви ҳақиқатан ҳам Бунин хотини Варвара Пашенкодан ажрашгандан кейин, Москвада рўй берган экан. Аммо Бунин атир билан боғлиқ ҳолатни анча кейинга сурган. “Ой чиқди ложувард ой ёнидан” деган мақоласида Григоровичнинг ўлимидан бироз олдинги ҳолатни беради. Демак, 1899 йил куз фаслида бўлган эди бу учрашув. Орадан кўп ўтмай, ўша йилнинг 22 декабрида Григорович вафот этди.
… Ана шу манзара бор тиниқлиги ва тафсилотлари билан кўз ўнгимни қоплаб оларкан, атир шишасини эҳтиёткорлик билан ушлаган ҳолатда, юзимга ёқимли тус бериб сотувчи аёлдан сўрадим:
– Қанча дейсиз?
– Йигирма беш.
– Йигирма бераман.
– Нималар деяпсиз, ахир бу “Suave”!
Яна шишача бўғзини бурнимга тақаб ҳидлайман. Ва қайтариб жойига қўяман.
– Ёқмадими?
– Менга Григорович суртадиганидан топиб беринг, – оламан дейман атайлаб, сотувчини гангитиб ташлаш ва шу йўл билан ҳам ўзимни бу соҳада саводсиз эмаслигимни кўрсатиш, ҳам хасислик қилаётганимни хаспўшлаш мақсадида.
Юзини тескари ўгиради сотувчи ва мен узоқлашаман унинг олдидан. Киссамдаги пул атир олишга етади, албатта, аммо ўйловим кўп, рўзғор, дори-дармон ва кутилмаган бошқа харажатлар. Ҳаммасидан кўпроқ ўйловга соладигани коммунал тўловлар, кам эмас, ўн икки хил тўлов…
Қандайдир тетиклик бағишлайди менга хушбўй атир. Кейинги йилларда сотилаётган фаранг одеколонларида атиргул ҳидидан тортиб, каппарис спиноза гулининг ҳидигача бор ва улар ниҳоятда дилтортар. Каппарис спиноза оқ гуллайди, лотинча номдаги бу ўсимликни биз оддийгина қилиб ковул деймиз. Бу антиқа ўсимликнинг гули бутун бошли мўъжиза ва унда танноз аёлларга хос нимадир бор. Гулининг ҳиди жуда нафис, жуда ёқимли… қандайдир хаёлчан ва романтик ифор. Албатта, масалан илиқликни эслатувчи ҳидларни ёки карамель ҳидига монанд одеколонларни ёқтирадиган кишиларга ковул гули таратадиган ҳид ёқмаслиги мумкин. Буниннинг ёзишига қараганда, Григоровичдан анқиб турадиган атир жуда хушбўй бўлишига шубҳам йўқ. Нега Григорович ёки Жемчужников деган рус ёзувчилари шундай атирлар сепиб юришади-ю, мен бундай қилолмайман, ахир мен ҳам ёзувчиман. “Мавҳумот” деб номланган романимнинг ўзи агар чет тилларга таржима қилинса, долларнинг тагида қолиб кетишимга шубҳам йўқ. Чунки унда эфтоназия тасвирланган. Романнинг учинчи китоби шу ном билан аталади. Агар янглишмасам, ўлим салтанатига хизмат қилувчилар тўғрисида ёзилган биринчи роман бу. Эфтоназия, яъни ҳузурбахш ўлим деб номланган корхона ҳозирча фақат Нидерландияда, Австралиянинг қайсидир бир шимолий минтақасида ва яна бир-иккитагина давлатда мавжуд. “Адам водийси” ҳам ундан қолишмайди. Аммо мени юксакликка кўтарадигани – новеллаларим. Майли, бу тўғрида гапирадиган бўлсам, мени нотўғри тушунишлари ва мақтанчоққа чиқариб қўйишлари турган гап. Лекин Бунин мени тушуниши мумкин эди, чунки иккаламиз ҳам Григоровичнинг ва Жемчужниковнинг атирига мафтунмиз. Мени безовта қилаётган ва атир олишга ундаётган куч Буниннинг бир мақоласи бўлди.
Ёзнинг жазирама кунларидан бирида айвончада ўтириб олиб қайноқ чой ҳўплардим ва “Китоб дунёси” газетасини варақлардим. Ногоҳ атирга ишқибоз Буниннинг “Ой чиқди ложувард ой ёнидан” деган мақоласига кўзим тушди (юқорида айтиб ўтгандим). Азбаройи Нобель совриндори бўлганлигини ҳисобга олиб мақолага кўз югуртирдим ва мана бу сатрлар эътиборимни тортди: “Бир маҳал шундоққина ёнимдан бурнимга ёқимли одеколон ифори урилди, бошимни кўтарсам, не кўз билан кўрайки, Григорович! Бу учрашув унинг ўлимидан бироз олдинроқ содир бўлганди, анчагина қартайиб қолганди. Лекин худди ўзидан келиб турган ифор каби тоза ва тетик эди”. Атир ҳидидаги тозалик ва тетиклик… албатта жуда қизиқ бу, “ифор” ҳам оддий таъриф эмас. Шу сўзларни ўқидим-у, дарҳол ўрнимдан туриб Фарҳод бозори сари йўл олдим. Энди атирга икки баробар қиммат баҳо қўйса ҳам оламан, деган қарор дилимда қатъий. “Олурман икки жаҳон мулкига баҳо қўйсанг”, деган мисра майин куйга қоришиб, бош чаноғим ичида қовоқаридай ғўнғиллаб айланади. Хаёлимнинг чуқур бир жойида эса ноёб атирдан сепиб, Садафнинг олдига борган ҳолатим.
… Биз учрашдик. Бадавлат оиладан эди қиз. Қайрағоч дарахти тагига қўйилган ёғоч скамейка олдига борарканмиз, атайлаб шамол эсаётган тарафда ўтирдим. Енгилгина шабада ноёб атирни менинг қизил алвон кўйлагимдан супуриб олиб, қизнинг нозиккина бурунчасига урарди. Бир пайт қарасам, оғзидан нафас оляпти Садаф. Баъзан йўл бўйида ўлиб қолган мушук ёки бошқа бир жонивор олдидан ўтаётиб, мен ҳам анча жойгача оғзимдан нафас олганча, қадамларимни тезлатиб, бадбўй ҳидни шу йўл билан бартараф этардим. Садафга қараб ҳаммасини тушундим. Аммо қиз ҳолатини ошкор этмади, кўп андишали эдилар-да бизнинг ёшлик давримизнинг қизлари. Хуллас, шундан кейин биз узоқ вақт учрашмадик. Уялиб юрдим. Ўта ноқулай-да бундай ҳолатлар. “Дид тўғрисида баҳслашмайдилар” дейдилар руслар, шундай бўлса ҳам… Тўғрироғи, бу бир тарафлама фикр. Ҳар қандай таёқнинг икки учи бор. Григорович билан Жемчужниковнинг тоза ва тетик атири Бунинга ёқди, балки бошқа бировга ёқмаслиги ҳам мумкин эди, аммо бу ерда бошқа бир жиҳат ҳам бор. Бунин ёзувчи бўлишни орзу қилиб юрган даврларда Григорович ёки Жемчужников каби улуғлар билан учрашиш катта бахт эди ва бундай бахтга мушарраф бўлган тетапоя ёзувчи учун улардан уфуриб турган ифор ҳам улуғ эди ва кўп нарсани белгиларди.
… Хуллас, шошқин қадамлар билан Фарҳод бозори томон йўл олдим. “Э худо, атир сотувчи бугун ҳам савдога чиққан бўлсин, ўша атирни сотиб юбормаган бўлсин”, деган “дуо”ларни такрорлаганча борардим. Ўз жойида эди сотувчи аёл, мени кўрди, таниди ва юзини четга бурди. Атирни олдим-да, йигирма беш минг сўм узатдим. Қошларини кериб қаради аёл ва: “Suave”нинг нархи юз минг сўм”, деди жиддий қиёфада. Иккиланмадим, чўнтагимдан бор пулимни олдим ва санаб юз минг узатдим. Узун бўйли, тоза кийинган ва хушбўй ифор анқиб турган Григоровичга ёки тозалигу тетикликда ундан қолишмайдиган шоир Жемчужниковга ўхшашни жуда истардим шу лаҳзада. Жуда кўп манзаралар, ҳолатлару орзу-умидлар, ўтмиш салафларимизнинг ҳаёт тарзини қўмсаш ва яна нималардир мужассам эди бу истакда. Ажабланиб қаради аёл ва йигирма беш минг олиб, қолганини қайтарди.
Уйга келишим билан ёзув столига ўтирдим. Шишачани қўлга олдим. Нақ бурнимга қаратиб, унинг қорагина қалпоқчасини босдим. Пижиллаган товуш ва зарраларга тўйинган салқин ҳаводан энтикиб-энтикиб нафас олдим, “Suave”нинг дилрабо ифори! Бунин таърифлаганидай тоза ва тетик ифор! Кўзларимни юмиб, чуқур нафас олдим-у, яна “пижиллатдим” ва ушбу новеллани ёзишга журъат этдим. Ёзувчи учун атир қанчалар катта куч эканлигини ҳис этиб турардим. Балки “катта куч” демай, бошқачароқ ифодалашим керакдир… Айтмоқчиманки, кишининг тетик юриши ва ўзини яхши ҳис этиши учун ва ҳаттоки ана шундай кайфият таъсирида бадиий асарнинг дунёга келиши учун нафақат хушбўй ифор, баъзан оддийгина нарсалар ҳам, айтайлик, ботинкангизнинг ечилиб кетган боғичи ҳам, ёки чўнтагингизда дастрўмолчангизнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бас, шундай экан, Григорович билан Жемчужниковнинг тетиклиги яхши одеколоннинг хизмати эди десам, мени маломат қилманг, бу бир лаҳзалик онгостида яшириниб қолган ўйнинг ёки фикр моддасининг хизмати, албатта. Ана шу хизмат, яъни онг остидаги фикр моддаси қутқуси билан ўз-ўзимдан сўрайман: Григорович ва Жемчужниковдан таралган ифорни ҳидлаган Буниннинг улуғ ёзувчи бўлиб шаклланиши ва ҳаттоки, Нобель мукофотини олишига ўша ифор сабабчи бўлмадимикин? (Ҳеч кимдан жавоб талаб қилмайди бу риторик савол).Барибир мен ўз фикримга томон ён босаман. Ҳамма нарса, барча разиллик ва барча буюклик, дунёдаги бор кашфиёт миянинг иши. Неки қилсак ҳиссиётлар таъсирида, уларнинг қутқуси билан қиламиз. Ҳид билиш эса табиат ардоқлаган энг ноёб ҳиссиёт. Григорович тўғрисида гапираркан: “Бурнимга ёқимли одеколон ифори урилди”, дейди Бунин. Энг аввало шунга урғу беради. Модомики шундай экан, мендан таралаётган “Suave” ифорини ким пайқаркин, ким бош кўтариб кўраркин мени, балки бош кўтариб эмас, юқоридан пастга томон қараб кўришар ва ниҳоят, қаерларгача олиб бораркин мени бу ифор?..
ДАБДИРАГАНОВ
Мабодо Ундина хиёбонида қўнғир рангдаги ёмғирпўш кийган, жуссаси нозиккина, бўйи ўртадан пастроқ бўлгани ҳолда, қаддини эгиб юрадиган кишини кўрсангиз, эътибор билан қаранг. Дабдираганов деганлари ана шу одам. Хиёбонда бундай либосдаги кишилар кўп бўлиши мумкин. Янглишмаслигингиз учун бу одамнинг бошқа белгиларини ҳам айтаман: Бошида эски кигиз шляпа, оёғида кирза этик. Белида шоҳи белбоғ. Ҳазиллашмаяпман, айнан шундай. Дунёда фақат бир киши – Дабдирагановгина ёмғирпўш устидан белбоғ боғлаб юради. Аммо буларнинг ҳаммасидан аввал (агар рўпарангиздан келаётган бўлса) қизил ва сариқ рангли зар иплар билан нақшланган бўйинбоғи кўзга ташланади. Худди бағрида олов ловуллаб ёниб тургандай. Ҳеч қачон бўйинбоғсиз кўчага чиқмайди бу одам. Уни сизга таништиришдан бирон-бир шахсий манфаат кўзлаганим йўқ. Сиз ҳам бу танишувдан ҳеч қандай фойда кўрмайсиз. Фақат кўнглингизда қизиқ бир ҳиссиёт қолади. Дабдирагановнинг шахсий ҳаёти билан танишиш истагини кун сайин шуурингизда маҳкамлайверади. Кўз олдингиздан кетмай қолади унинг қиёфаси.
Ундина хиёбони Дабдирагановнинг ишхонаси. Йилнинг ҳар қандай фаслида ҳам ва ҳар қандай оби ҳаво шароитида ҳам иш жойида кўрасиз уни. Бундан икки йил ёки уч йил аввал январнинг ўрталарида жуда қалин қор тушди ва ҳарорат кескин пасайиб, томлар бўғотида қотган шушалар қарийб бир ой давомида эримади. Ана шундай кунларнинг бирида қўнжи узун этигимни кийиб, қалин шубага бурканганча хиёбон томон йўл олдим. Узоқданоқ қор устида қорайиб турган гавдани кўрдим. Дабдираганов! Ҳар доимги жойида – кекса қарағай дарахти тагида ёлғиз ўзи турарди. Иккиланиб туриб қолдим. Агар мени пайқамаганида ими-жимида ортга қайтган бўлардим, аммо қўлига доирасини олганидан англадимки, энди кеч. Энди йўлни давом эттиришга мажбурман. Чўнтагимни кавлаштирганча, қор кечиб унга яқинлашдим. Орадаги масофа ўн қадамлар қолганда вазифасини адо этишга киришди Дабдираганов. Титроқ овоз билан қўшиқ бошлади:
Орангутан, каркидон
Бўлдилар қуда-анда.
Тўйда куйладим чунон.
Ўйнади бир газанда…
Ўйнади бир газанда…
Қалин қор остида оғир сукутда турарди дарахтлар. Совуқда салқи тортиб қолган доира “дап-дап” этиб садо беришдан тинди. Бир неча чақа ташладим қор утида турган қутичага. “Чилдирмам совқотган”, деди Дабдираганов бироз хижолат чекиб. Ижро кўнгилдагидек чиқмагани ва титроқ товуш билан айтган қўшиғи учун ҳақ олганидан эзилган тарзда узрхоҳлик қилмоқда эди. Бирор нарса деб далда бергим келди унга. Бир-бирига бегона одамлар тақдир тақозоси билан бир жойда туриб қолсалар ноқулай жимликни бузиш учун оби ҳаводан гап бошлашади одатда. “Қор жуда қалин тушди”, дедим мен ҳам бошқа гап тополмай.
– Қушларга қийин.
– Одамларга ҳам.
Юзимга тикилиб қаради Дабдираганов. Шунда жисмонан заиф кўринган бу одамнинг нигоҳида қандайдир куч яшириниб ётганини пайқадим. “Унинг кўзларида нима бор эди? Бир лаҳзагина зуҳур этган ва яна қорачиқлар ортига беркинган чақин ниманинг ифодаси бўлиши мумкин?” дея хонам бўйлаб кезинар ва шу ҳақда ўйлардим. Ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бўларкан. Орадан ўн йил ўтиб ўша “чақин”нинг нималигини англадим.
Аммо ўшанда, қор устида туриб совқотган оёқлари аранг қимирлаётгани, карахтлашган қўллари билан доирасини ғилофига жойлаётган ҳолати кўзларидаги ифодани бир лаҳза бўлса ҳам, унутишимга сабаб бўлган ва мен шу одамни уйимга олиб борсаммикин, дея тараддудланганим эсимда. “Одамларга ҳам қийин” деган гап билан унинг ўзини назарда тутганимни пайқади афтидан. Доирасини ғилофга солиб қўлтиғига тиқди ва қорга бурканиб ётган дарахтларга қаради менинг елкам оша. Индамай йўлда давом этдим. Хиёбонга туташ кўчага ўтиб, бироз юрдим-да уйимга қайтдим. Иссиққина печ ёнида ўтириб қайноқ чой ҳўпларканман, ғаройиб табиатли бу одам ҳақида турли фикрлар хаёлимдан ўтди. Ҳатто, Англиянинг жосуси эмасмикин деган хаёлга ҳам бордим. Ҳеч қандай асосга эга эмасди миямнинг бир четидан ўйинқароқ ва мазахомуз бир ҳолатда кўриниш берган бу фикр. Тўғриси, ўз-ўзимга ҳазил қилмоқда эдим. Кейин жиддийроқ ўйлар шууримга урилди. Шундай қаҳратон совуқда уни кўчага ҳайдаб чиқарган куч нима ўзи? Очлик ва муҳтожликми? Ҳақиқатан ҳам тиланчими ўзи бу одам? Балки уйида оч ўтирган болалари бордир… Ногоҳ унинг тўйларда айтадиган яна бир шўхроқ қўшиғи эсимга тушди. Қулоқларим остида доира товуши, узоқроқдан келаётган шовқин-суронлар, якка-ярим қарсак овозларига қоришиқ ҳолда янгради ўша қўшиқ:
Йўл бўлсин-а, о, йўл бўлси-ин,
Ҳеккан пахтанг Кремлга гул бўлсин!..
Мазах оҳанглари бор эди бу қўшиқда. Гўё бор ғазабини “ҳеккан” деган сўзга жойламоқчидек алоҳида куч ва урғу билан, атайлаб сўз бошига “Ҳ” ҳарфини қўшиб куйларди Дабдираганов. Буни пайқамасдилар одамлар. Улар ароқ ичишар, қийқириб кулишар, нутқ сўзлашарди, аммо ҳеч ким бу қўшиқ мазмунини ўйлаб кўрмасди. Доирасини куч билан шапатиларди Дабдираганов. Шунга мос равишда кирза этиги билан ер тепинарди. Бўйинбоғи дирижёр таёқчасидай ўйноқлаб доира такти ва ритмини белгиларди гўё. Нарироқда пойтахтдан “ташриф” буюрган санъаткорлар қўшиқ айтиб рақсга тушишар, тўй дастурхонидан узоқроқда – дарвоза олдида туриб куйлаётган санъаткорга бирор киши эътибор қилмас, фақат беш-ўн чоғли шумтака болалар унинг олдида қилпанглаб турли қилиқлар қилишарди. Шундай бўлса ҳам бўш келмасди Дабдираганов. Тўй ниҳоясига етганда чақирилмаган бу санъаткорни ҳам қуруқ жўнатишмасди, албатта. Бештўрт сўм пул ва бир тугунча егуликлар билан кузатиб қўйишарди.
Оғир келган қаҳри қаттиқ қиш ниҳоялаб, буталар остида бинафшалар бош кўтарди. Ижодий ишларга бошим билан шўнғиб, икки ой давомида уйдан деярли чиқмадим. Чиқсам ҳам, Ундина хиёбони томонларга ўтмадим. Чунки Дабдираганов энди менинг хонамда яшарди. Яъни мен қоғоз устига эгилганча, ўз қаҳрамоним билан хаёлан суҳбатлашар ва уни турли қиёфада тасвирлашга уринардим. Ёзаётган асарим тармоқлаб, ўсиб ва кенгайиб борар, аммо ғаройиб табиатли бу одамнинг тасаввуримдаги ҳаётини тасвирлашга фантазиям етишмаётганини англаб, асабийлашардим. Уни қийинчиликлар гирдобига ташлаб, қарийб ўз жонига қасд қилишгача олиб бордим. Барибир, қисса жуда бўш чиқди. Қоғозларимни бир четга суриб қўйиб Ундина томонга йўл олдим. Ҳали узоқданоқ доира товуши қулоғимга чалинаркан, саёқ санъаткорнинг иши юришиб турганини англадим. Дарҳақиқат, хиёбонда сайр этиб юрган кишилар доирачининг рўпарасида тўхташар ва унинг оёқлари олдида турган кичкина қутичага эп кўрганларини ташлаб ўтишарди.
Эгнида ранги униққан ёмғирпўш, белида кўк шоҳи белбоғ, шляпаси ҳам ўша-ўша. Бўйинбоғи оловдай ловуллаб турибди. Мен дастлаб унинг ёнида туриб билинар-билинмас ҳаракатлар билан муқом қилаётган аёлни пайқамаган эканман. Дабдираганов доирасини шапатилай туриб тирсаги билан уни туртиб, қўшиқ орасида “йўқол” деб ўшқирганидан кейингина кўрдим аёлни. Ориққина, ёши ўттизлардан ошган бўлса ҳам ёш қизлардай нозик, кўкрагига етар-етмас оралиқда эчкининг думидай қилпиллаб турибди жимжилоқ йўғонлигидаги бир ўрим сочи. Менга жуда қизиқ туюлди уларнинг муносабатлари. “Немисча шеърдан бўсин! Немисча шеър!” дея қичқира бошлашди чорпоя устида ўтирган улфатлар. Доира товушини пасайтирди Дабдираганов ва қўшиқ айтишдан тўхтаб шиддат билан шеър ўқий бошларди:
Штрангкергриннинн зихх пферзих-хх!
Хальт унзерин кранкин криншприх-хх!..
Бу сўзларни шундай бир қиёфада ва шундай шиддат билан айтардики, энг довюрак немис ҳам қочиб ўзини дарахт панасига олган бўларди. Олмон тилини бир нав билганлигим сабабли, “Пфирзих”нинг шафтоли эканлигини ва “хальт” тўхта, деган маънони англатишини тушундим. Бошқа сўзларни луғатлардан ҳам қидириб тополмадим. Энг қизиғи, қачон бу ғаройиб томошани кўришга бормай, мутлақо маъно боғланиши ва мантиқ йўқ “шеър”ни одамлар лол қолиб тинглашаётганини кўрдим. Шеър айтаётганда унинг юз ифодасига қараб, товушларнинг бу қадар аниқ талаффузи, куч билан портлашидан ўзим ҳам ҳайратда эдим. Дарвоқе ёнидаги аёл билан унинг муносабати ит билан мушукни эслатарди. Дабдираганов доира чалаётганда ҳам, қўшиқ куйлаётганда ёки шаър ўқиётганда ҳам аёлни туртиб ташлар ва “йўқол” деб ўшқиришни унутмасди. Уйга қайтиб бу ҳолатларни қоғозга туширдим ва ҳар кун томошага борадиган бўлдим. Август ойига бориб тўйлар кўпайиб қолди ва энди Ундина томошаси тўйхоналарга кўчди. Тўйга таклифни кутиб ўтирмасди Дабдираганов, доирасини чалганча тўғри тўйхонага кириб бораверарди. Ёнида эса ҳар сафар ўша аёл. Буни қарангки, энди тўйга келган кишилар ундан немисча шеър айтиб беришни талаб қиладиган ва бундан беқиёс завқ оладиган бўлишган. Шеър ҳам аввалгидек саккиз қатор эмас, чамаси йигирма мисралар бор. Дабдираганов ҳеч қандай маънога эга бўлмаган сўзлар йиғиндисини тўйдан-тўйга кўпайтириб борар ва экспромт йўли билан соатлаб айта оларди.
Узоқроқ бир қариндошимнинг тўйида Дабдираганов етмиш мисра шеърни ёддан айтди. Катта пул эвазига олиб келинган санъаткорлар ҳам қўшиқ айтишдан тўхтаб немисча шеърни тинглаб туришар, уларнинг ўйинчиси қўлини осмонга кўтарган кўйи туриб қолганди.
Воқеалар шу зайлда ривожланиб бораётганда мени Қарши шаҳрига ишга чақириб қолишди. Рад этолмадим. Газетанинг иши билан овора бўлиб ҳеч ёққа чиқолмас ва Дабдираганов тўғрисида ёза бошлаган қиссамни ҳам тамом унутгандим. Фақат ҳар замон гап келганда бу одам ва унинг ҳамроҳи тўғрисида ҳамкасбларимга сўзлаб берардим, холос.
Орадан ўн йил ўтиб халқимиз ҳаётида рўй бераётган туб ўзгаришлар тўғрисида бир очерк тайёрлаш учун Шаҳрисабзга бордим. Таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганди шаҳар қиёфаси. Гўзал архитектура намуналарига қараб кенг ва равон кўча бўйлаб борарканман, ёнимга янги оқ “Нексия” келиб тўхтади. Ўзимни четроққа олмоқчи бўлдим. Аммо машинадан тушган қора кўзойнакли одам чаққон ҳаракатлар билан йўлимни тўсди.
– Нима гап? – дедим жаҳлим қўзиганини яширмай.
– Мен Дабдирагановман!
Орқага қалқиб кетдим.
– Ўтиринг машинага.
– Немисча шеър ўқиб берасизми? – дея ҳазил қилган бўлдим ўзимни бироз тутиб олиб. Хаёлимда эса унинг доира жўрлигида айтадиган қўшиғи:
Оранггўтанг, каркидон
Бўлдилар қуда-анда.
Тўйда куйладим чунон,
Ўйнади бир газанда,
Ўйнади бир газанда…
– Эслатманг, у даврлар ортда қолди, – дея кескин қўл силтади Дабдираганов. Машина ичида кўркамгина аёл ўтирарди. Бунга эътибор қилганимни англади ва гарчи аёл бизнинг гапларимизни эшитмаётган бўлса-да, таништирди:
– Янгангиз. Ундина хиёбонида ёнимда турадиган ўша аёл. Аммо ҳамон уни Газанда, дейман. Яхши маънода, албатта. Энди у катта фермер. Юз бош сигири бор. Компьютер билан бошқаради ишни…
– Ўзингиз-чи?
– Мен хусусий тадбиркорман. Иккита супермаркетим ва шаҳар марказида рестораним ҳам бор. Ҳозир сизни ўша ресторанга олиб бораман, агар розилик берсангиз. Ўша ерда, алоҳида хонада ўтириб бир отамлашамиз.
Бундай эврилишдан ҳайратда эдим. Ўн йил аввал оппоқ қор устида унинг қутичасига танга-чақаларни ташлай туриб, нигоҳида ялт этган чақиннинг кучини ҳис этган, аммо унинг нималигини билмагандим. Шуни эслаб ўша ҳолатнинг такрорланишини яна кўриш истагида унинг кўзларига қарадим, аммо қора кўзойнак тўсиб турарди унинг нигоҳини. Қашшоқ тиланчининг қандай қилиб бу даражага етганини билолмай, бу ҳолдан таажжубга тушдим. Кўп нарсани билишни ва унинг ҳаётига доир кўп нарсани сўрашни истаганим ҳолда, савол беришга истиҳола қилиб турганимни пайқади Дабдираганов ва ундан сўрамоқчи бўлган саволларимнинг ҳаммасига бир оғиз сўз билан жавоб берди:
– Мустақиллик!
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?