Текст книги "Адабиёт– миллат виждони"
Автор книги: Нўъмон Рахимжонов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
ЁРОНГУЛ
1
Қўй келади қўзи билан язонгул
Бир-бирининг изи билан язонгул…
Мактаб болалари тизилишиб ўтиб боришар, уларга қараб туриб шу икки қаторгина шеърни куйга солиб айтарди Алпак момо. Жуда бошқача оҳангда айтиларди мисра охиридаги “язонгул”. Қандайдир улуғлаш ва эркалаш ёки эркаланиш урғуси яққол сезиларди бу сўзда. Бошқа гапирмасди момо бирор оғиз ҳам. Дунёга довруғ солган улуғ ва номдор шоирларнинг ижоди билан ошно бўлганлигим сабабли, момонинг шеъри бир тийинга қиммат туюлар ва раҳмим келарди, шеъриятнинг ҳайқириб оқиб ётган улуғвор дарёсидан бехабар қолган бечора аёлга. Билмасди-да ахир, момо Байроннинг “Чайльд Горальд зиёратгоҳлари”ни. Билмасди Петрарканинг гўзал сонетларини. Лоақал бирор марта эшитганмикин Ҳофиз ё бўлмаса, Навоий ғазалларини бу кампир.
Табиатни кузатиш учун баъзан адирга олиб чиқардим ўқувчиларимни. Ҳар сафар ўз ўрнида – дарвоза ёнидаги тош супачада муқим ўтирган бўларди кампиршо. Қошларида ўсма. Икки ёноғи усқизил билан бўялган. Қадим замонларда лўлилар учбурчак шаклидаги қоғоз ўрамаларда турли хилдаги рангларни, сақич ва тишқоли деб номланган моддаларни ҳовлима-ҳовли олиб юриб, хонадон бекаларига сотиб кетишар ёки бирон-бир егуликка алмаштиришарди. Аммо бизнинг давримизда хилма-хил пардоз бўёқлари кўпайиб қолганлиги сабабли, лўлилар халтасини обод қилган бундай маҳсулотлар йўқолиб кетган. Ҳеч қаердан тополмайсиз уларни. Модомики, Алпак момо ёноқларини қадимий усқизил билан бўяб юрар экан, демак момо даврнинг шамолини ҳис қилган ва қадимий пардоз бўёқларини захира сифатида сақлаб келаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Момонинг мунтазам равишда бўяниб юриши менга кулгили туюлар ва баъзан буни момонинг ўзига айтиб юборишдан аранг тийилардим. Тўғри-да, ахир ким учун ва нима учун ўзига пардоз беради? Ёки ўзини ҳамон ёш аёл сифатида тасаввур қилармикин?..
Хуллас, унинг олдидан ўта туриб биз, албатта “язонгул”ни тинглашга мажбур бўлардик. Менга ва ўқувчиларимга қараб “қўй келади қўзи билан…” дейиши ҳам жиғимга тегарди бироз. Жаҳлим ҳам қўзирди қўшиқ сўзларини айнан ўз маъносида қабул қилаётганимни ўйлаб. Ва қай маънода айтаётганини билиш учун синчиклаб қарардим унинг бўяб ташланган юзига. Аммо кечирардим уни. Кимсасиз бир бечора аёл…
Бир куни ишдан қайтаётиб ўзимча нималарнидир ғинғиллаётганимни пайқаб қолдим. Қарасам, момонинг “язонгул”ини айтиб келаётган эканман. Одатда мен “Хастадур жоним менинг, то борки жононим менинг”, деб бошланадиган романсни хиргойи қилиб юришни яхши кўрардим. Умуман романс беқиёс, ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди инсон тафаккурининг бундай нафис маҳсулини. Қайси тилда куйланмасин, романс бутун бошли жозиба. Кўнглингиз тошдай қотганда “Ман намедонам чи ном дорад” деб хиргойи қилишингиз билан кўзингиз жиққа ёшга тўлади. Мен ўз ҳолатимдан келиб чиқиб айтяпман. Аммо бугун, бундай ўйлаб кўрсам, ишхонада ҳам “Язонгул”ни хиргойи қилиб юрганим ёдимга тушиб, истеҳзо билан кулдим. Тунда эски қўлёзмаларимни титкилаб ўтириб яна момонинг қўшиғи беихтиёр шууримга урилаётгани ва миямнинг мубҳам қаватларида ўз оҳанги билан айланаётганидан, сўзлар тилимга кўчаётганидан таажжубга тушдим. Дарҳақиқат, одатдан ташқари нимадир бор эди шу сўзлар тизимида. Балки оҳангдир… ёки ёронгул сўзининг бузиб язонгул шаклида айтилишимикин. Хуллас, унча кучли бўлмаган, аммо арининг визиллашига монанд оҳанг менинг шууримда ўрнашиб қолган ва қандай иш билан банд бўлмай, энди ҳар доим ғинғиллаб “Язонгул”ни куйлардим ва кўп ҳолларда ундан қутулишга ва бошқа бирор қўшиқни хиргойи қилишга, ё бўлмаса, умуман ҳаммасини миямдан қувиб чиқаришга интилардим. Аммо бироздан сўнг яна аридай визиллай бошларди миямнинг қаватларида ўша эркаланувчи оҳанг.
Нима мақсаддалигини аниқ билмаган ҳолда, аммо атайлаб момонинг олдига бордим кунлардан бир кун. Одатдагидек, дарвозани қулфлаб ташқарида тош супача устида ўтирарди кампиршо. Шунда дабдурустдан яна “Язонгул” ёдимга тушди ва сўрадим:
– Язонгул деганингиз қандай гул, момо?
– Қизил гул, балам, – жавоб қилди момо ёшига хос бўлмаган тетик овоз билан.
– Ёронгулдир балки, геран дейишади руслар?
– Йўқ у бошқа… Язонгулнинг ранги мана, менинг юзимга ўхшайди.
– Ўзингиз кўрганмисиз, шу язонгул деганингизни?
– Кўрганман, балам, кўрганман. Ҳар кун кўраман.
– Қаерларда ўсади бу гиёҳ, тоғдами, боғдами?
Анчагача жим қолди момо. Сабр билан кутдим. Пинакка кетди шекилли менинг момогинам, деб турганимда шивирлаб қолди унинг лаблари:
– Кўнгилда… кўнгил уйида ўсади… – тушкун бир кайфият бор эди энди унинг сўзларида.
Ҳафсалам пир бўлди бу гапдан бироз ва нима бўлса ҳам ёлғиз бир инсоннинг кайфиятини кўтарай деб ҳазиллашдим:
– Кўнгилда ўсса сув-пув ичмайдими у жонивор?
– Ичади, мана, саксон йилдирки, уни суғораман, парваришлайман. Юракдан сув ичади язонгул, шунинг учун ҳам қизил, қип-қизил-да…
Ҳа, гап бу ёқда экан-да, дедим момонинг фикру фалсафаси қай томон оғаётганини фаҳмлаб. Нима учундир бир умр ёлғизликда яшаган бечора аёлнинг ёшлиги, қизлик пайти, севгиси тўғрисида сира ўйлаб кўрмаган эканман. Эсимни таниганимдан бери шу момо бор. Сира ўзгармайди, гўё шундай кўринишда – оппоқ сочлари, зангори матоҳдан тикилган култапўшоги, митти-митти кўк гулли алпак деган матодан тикилган кўйлаги билан туғилгандай… Момонинг бош кийимига ҳам қизиқаман. Худди узун дастали ёғлоғига ўхшайди. Дастасининг ичи кавак. Ана шу кавакдан эчкининг думидай бўлиб бир ўрим сочининг учгинаси кўриниб туради. Юз ёшдан ошган, дейишади уни. Аммо момо тетик. Камгап бўлса ҳам ҳаракатчан. Куч ёғилиб тургандай данакдеккина вужудидан. Демакки, ёшлигида ва балки умр бўйи кучли жисмоний меҳнат билан шуғулланган.
Одатда, кун бўйи дарвоза оғзида ўтиради Алпак момо. Шу йўлдан ўтаётиб саломлашаман ва баъзида кўнгли учун ниманидир сўрайман. Момоларда гап кўп. Ҳаммаси сирли гаплар. Назаримда, “язонгул”да ҳам қандайдир сирлар яширин. Акс ҳолда саксон йилдан бери уни суғориб парваришлаб ўтирмасди бу момо. Шуларни ўйлаб, унинг ички дунёсига ва яшаш тарзига янада қизиқиб қолдим. Қандай бўлмасин, кампиршонинг уйига кириш ниятидаман. Уйига кириш – сирига кириш. Кўп нарсаларни ҳикоя қилади уй ва унинг деворлари… Инсон ҳаётининг ва турмуш тарзининг нуқси уриб қолади деворларда.
2
Кузнинг охирлари, ҳаво совуқ. Ишдан қайтаётганимда, кечга томон оға бошлаган эди кузнинг бир тутам куни. Момо эса ҳамишагидай дарвоза ёнидаги тош супачасида ўтирарди. Тагида пахталик нимчасими ёки кўрпачами, нимадир бор. Эгнида ёқаси мўйналик эски мовут пальто, мўйнаси тўкилиб, ёқанинг айрим жойлари яланғочланган, бошида тивит рўмол, қўлларида руслар “варюшки” дейдиган қўлқоп. Айни муддао дедим ўзимча. Момони уйига киргизиб қўяман! Ана шу мақсадда енгил қадамлар билан олдига бордим:
– Моможон, совқотиб қолибсиз, уйингизга олиб кирай, – деб қўлтиғидан олдим.
– Ўзим киравераман, болам, овора бўлма.
– Ёрдамлашиб, сизнинг дуонгизни олай дейман-да, моможон.
– Қўй, мени ёмон ўргатма.
Кулгим келди. Ўзини тарбиялашда давом этмоқда эди юз ёшдан ошган кампиршо. Балки тонгда туриб сальто – пальто қилса ҳам ажаб эмас. Индамай йўлимда давом этдим. Айтишларича, ҳали ҳеч ким кўрмаган унинг яшаш жойини. Миямда мустаҳкамлана бошлади бир фикр: “Момода бир сир бор”. Ҳатто унинг исми ҳам бошқача: “Алпак”. Кийинишлари ҳам бу қишлоқ аёллариникига ўхшамайди. Ёлғизлиги-чи?.. Сир-синоатлар кўп бўлади ёлғиз одамда. Хуллас, Алпак момонинг ҳаётини ўрганишга бўлган қизиқишим тобора ортиб борарди. Луғат китобларини варақлаб, кексалардан суриштириб, Алпак деган сўз мазмунини қидиришдан бошладим тадқиқотни. Узоқ йиллар аралаш моллар дўконида ишлаган бир амаки мен қизиққан сўз мазмунига аниқлик киритди, ниҳоят. Унинг айтишича, кўринишидан шоҳига ўхшаш, аммо шоҳига нисбатан бирозгина дағалроқ, гули ўзидан чиқарилган якранг матоҳ экан алпак. Хулоса қилдим ва у ҳамиша шу матодан кўйлак кийиб юргани учун балки исмини Алпак деб атаб кетишгандир, деган фикрга бордим. Нима бўлганда ҳам, инсонни ўрганиш улуғ тадқиқот. Ойни, Марс ёки Юпитерни ўрганишдан олдин инсонни чуқурроқ англаш, унинг ички оламини тадқиқ этиш фойдали ва зарур деб ўйлайман. Биолог бўлганим ва ҳар бир гиёҳга ва ҳар бир ҳашаротга қизиққаним учун эмас, айтайлик, адабиётчи бўлганимда ҳам шу фикрда қолган бўлардим. Инсонни тадқиқ этиш учун менинг назаримда Алпак момо энг яхши манба.
Афсуски, ўша қишдан чиқмади момо. Унинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитишим билан биринчилар қаторида етиб бордим. Мўйнали пальтосига ўранганча хона бурчагида ғужанак бўлиб ётарди бечора. Пальто тагидан этаги узун алпак кўйлаги кўриниб турибди. Дафн харажатларининг ҳаммасини бўйнимга олдим. Орадан икки кун ўтгач тоғда яшайдиган узоқ бир қариндоши келиб, марҳумнинг лаш-лушларини олиб кетадиган ва уйни сотадиган бўлди. Бу гапни эшитиб, сира иккиланмай тўғри ҳовлига кириб бордим. Бунга тўла ҳақли деб ҳисоблайман ўзимни. Чунки шу қишлоқда ҳаммадан кўра мен яқин эдим момога. Бундан ташқари уни ўрганишга киришган эдим. Демакки, мен ҳар куни уни эслаш, унинг ҳаёти тўғрисида фикрлашга, бундай айтганда, маҳкум ва масъул эдим. Момо вафот этгандан кейин – гарчи у фарзанд кўрмаган бўлсада, уни она сифатида, мушфиқ бир аёл сифатида яхши кўришимни англадим. Нега унга бирон-бир яхшилик қилмадим, ҳеч бўлмаганда туғилган кунини аниқлаб бирор кафт хурмоми, ҳолвами совға қилмадим деган афсус дилимни ўртарди энди. Ким эди бу аёл, миллати нима эди? Қандай мақсад билан яшади ва ким учун яшади? Дунёда муҳаббат деган туйғу борлигидан хабар топдими унинг юраги? Ана шундай алғов-далғов фикрлар билан ҳовлига қадам қўярканман, бироз адоват ила қарадим тоғлик одамга. Ва ўша куннинг ўзидаёқ каттагина пул эвазига ҳовлини сотиб олдим. Айрим сабабларга кўра, пайсалга солиб бўлмасди бу ишни. Бундай йўл тутишим қишлоқ аҳлининг энсасини қотирди бироз. Шу пулга дурустгина ҳовли-жой олса бўларди, дейишди менга баъзилар. Ҳовлидан ариқ ўтади суви учун олдим, деб баҳона қилдим. Аслида эса мақсадим нима эканлиги фақат ўзимгагина маълум.
Уч хона, бир даҳлиз ва даҳлиз адоғида жойлашган қазноқдан иборат эди бино. Олди пешайвон. Қадимий токчали болғиндорли вассажуфт уй. Момонинг лаш-лушларини йиғиштиришаётганда кузатиб турдим, бирор эътиборни тортадиган ва момонинг сирини очишга ёрдам берадиган буюм чиқиб қолмасмикан деб. Йўқ, ҳаммаси оддий кундалик рўзғорда ишлатиладиган нарсалар. Болғиндордаги сандиқ ичидан ҳам эски-туски кийимлардан бўлак ҳеч нарса чиқмади. Ҳовлини ва уй рўпарасидаги ошхонани ҳам назардан ўтказдим. Булар ҳам одатдагидай: ўчоқ, тандир, бир қучоқ тараша ўтин…
Ҳовли ўртасидан ўтадиган ариқ бўйида ўтириб ўйга толдим. Энди нима қиламан бу жойни, қайта сота олмасам, кўчиб келишга ҳам кўнглим йўқ. Уй жуда тароватсиз… Мунгли қандайдир. Эшик-деразалар ҳам момонинг ўзидай “қариган”. Сувга қараб ўйга толаман. Ариқ ўзанида майда ғўрашакли сополсимон тошчалар… “Қўй келади қўзи билан язонгул”, дея хиргойи қиламан ҳар замон. Ва хиргойи қилганча яна сувга қарайман. Жимирлаб кўринади сув тагида қизғиш қўнғир тошчалар. Қаердан келиб қолди экан бундай тошчалар? Мактаб ўқитувчиси учун бегона уй йўқ. Ўқувчиларим яшайдиган ҳар бир ҳовлига кириб чиққанман. Йўқ, бирор жойда кўрмаганман бундай тошчаларни. Шу ҳақда ўйладим, аммо бундан бирон-бир хулоса чиқара олмадим. Табиатан кузатувчан одамман мен. Ёзувчиларга ва биологларга хос хусусият бу. Ўқувчиларим билан ер қаватларининг тузилишини ўрганиш мақсадида, Чуқурсойга борганимизда сув ювган ва эрозияга учраган бир жой эътиборимни тортди. Икки метрлар чамаси қалинликда бўз тупроқ, ундан кейин қарийб бир қулоч қалинликда қум, шағал. Демак, бир пайтлар бу ер дарё ўзани бўлган. Вақтлар ўтиши билан сув йўналишини ўзгартирган, ташлаб кетган бу жойларни оқар сув ва қишлоқ бунёд бўлган унинг ўрнида. Ана шу манзара кўз ўнгимдан ўтаркан, ҳовлидан оқиб ўтадиган ариқ шағалидан бир ҳовуч олиб селофан халтачага солдим-да, ўша жарга бордим. Ҳар иккала намунани солиштирдим. Деярли бир хил. Қийин бўлди хулоса чиқаришим. Алпак момо шу жардан шағал олиб бориб ариғига тўккан дейиш мантиқан нотўғри. Бу сувнинг иши десак, ариқ икки-уч метр чуқурликдан оқсагина ўша қаватга етиши ва унинг ўзанида шағал ҳосил бўлиши мумкин. Ҳар иккала хулоса ҳам нотўғри, демак. Ўйлаб қолдим. Алпак момонинг сири , ҳеч бўлмаганда сирнинг бир учи мана шу ерда, мана шу тошчаларда эмасмикин?.. Кўнглимга оралаган мубҳам бир шубҳа таъсирида хоналарни қайтадан бирма-бир кўздан кечирдим. Ва…
3
… Ва ниҳоят, калаванинг учини топдим. Аниқроғи, сир очилди! Даҳшатларга тўла тун ортда қолди. Икки кун ётдим ўзимга келолмай. Учинчи кун мактабга борганимда илмий бўлим мудиримиз Ақдавлатова опа ағрайганча қараб қолди менга. Кейин унинг қизи Гавҳар ва бошқа касбдошларим ўраб олишди атрофимни. Директорнинг ўзи ўрнидан туриб олдимга келди-да, бошимни силай бошлади. Эрталаб ойнага кўз ташлагандим ва билардим, сочим бир кечанинг ўзида қордай оқариб кетганини. Сабабини сўраб-суриштиришди. Аммо мен айтолмасдим Алпак момонинг сирини. Йўқ, айтадиган, ошкора қиладиган сир эмасди бу. “Кулли сиррин жовазал иснайн шоъ”, дедим ўзимга ўзим ва тилимни тийдим. Қудуққа ҳам айтолмасдим бу сирни… Баҳонага бошқа жўяли гап тополмай, қўрқинчли туш кўрганимни айтдим. Биров ишонди, биров ишонмади. Сочимнинг бир кечада оқариб кетгани ҳам, менинг нафақат ташқи қиёфам, балки ички оламим, руҳиятим ва характерим ҳам энди аввалгига ўхшамасди. Вақтлар ўтиши билан касбдошларим ва таниш-билишларим кўникишди менда рўй берган метаморфазага, аммо сира кўниколмадим ўзим. Алпак момонинг сири борган сари янгиланар, кучаяр ва кунлардан бир кун бор овозим билан одамларга ошкор этишимни талаб қиларди. Шунда англадимки, ундан халос бўлишнинг фақат ягона бир йўли бор. Мен бу сирни дафтар варақларига кўмишим керак. Ва бу дафтарни ҳеч ким топа олмайдиган жойга яшириб ташлашим керак. Сира пайсалга солмай қўлимга қалам олдим ва шиддат билан ёзишга киришдим:
…Бугун мен билган Алпак момо чамаси йигирма беш ёшда эди ўшанда. Тахминимча, 1939 йиллар… Ворошилов номли колхоз фермасида ишларди. Баланд ўсган маккажўхоризор оралаб борарди ишхонасига. Фермага яқинроқ эди бу йўл. Ногоҳ, маккажўхори буталари шовуллаб кучли шамол эсгандай шалдираб силкиниб кетдию, ёндош эгатда кимнингдир тирсаги кўринди. Жунбишга келди қизнинг барча ҳиссиётлари ва оҳиста шивирлади.
– Язон?!
– Алпак!..
– Қўрқитиб юбординг-ку, болакай…
Кўйлагининг ёқасини очиб, кўксига туфлаган бўлди қиз.
– Мен кетяпман, Алпак…
Унинг елкасида чилвир билан танғиб қўйилган халтасига қаради ва енги билан жимгина кўз ёшларини артди қиз. Ва енгини кўзидан олмай чеккасини тутди ўсмирчага. Бундан бироз саросимага тушди йигитча. Бир лаҳза довдираб турди ва беўхшов бир ҳаракат билан бағрига босди қизни. Қисқа бўлди хайрлашув, йўлга тушди жаҳд билан Язон. Шовуллаб қолди маккажўхоризор унинг ортидан. Уч йил ўтди орадан, армиядан қайтмади йигит. Чунки бу пайтда уруш бошланиб қолган эди. Ўтиб кетди орадан яна уч йил. Хат-хабар бўлмади йигитдан ва умидини узди Алпак, шундай бўлса ҳам, эрга тегмади. Кўнглининг бир четида яшириниб яшаётган қандайдир туйғу йўл бермасди бунга.
Уруш… мактаблар ўқитувчисиз қолди. Ташаббус кўрсатди шунда Алпак. Турли ёшдаги болаларни битта синфга тўплаб, ўқитиш, ҳарф ўргатиш билан машғул бўлди. Ана шундай кунларнинг бирида ярим тунда оҳистагина тақиллади унинг эшиги. Оппоқ қорга беланиб кимдир турарди остонада. Елкасида милтиқ, орқасида чилвир билан танғиб боғланган халта. Бир неча сонияга чўзилди сўзсиз саҳна. Ва остонадан тушмасдан унга отди вужудини қиз. Тўзғиб қолди оёқ остида қорлар…
Қайғули эди Язон. Шивирлаб гапирарди. Чўчинқираб қулоқ тутарди ҳар шарпага. Унинг ҳолатини тушунди қиз. Қалин матоҳ илди деразага. Ташқарига чиқиб дарвоза олдидаги ва йўлакчадаги қорни кураб ташлади. Супани ва дераза тагини супурди. Эшикни қулфлади…
– Нимасидан қўрқасан, икки йил эмас, уч йил эмас, олти йил хизмат қилдинг! Қани бошқалар ҳам сенча хизмат қилиб кўрсин аввал… – деди Алпак йигитнинг рўпарасига чўккаларкан.
– Излаб келишади… топиб олишади… отиб ташлашади…
– Қўрқма, бир бошга бир ўлим.
– Ўлимдан эмас, исноддан қўрқаман.
– Нега қочдинг унда?
– Сира ҳам бундай қилмоқчи эмасдим. Олти йил ватандан узоқда не кунларни кўрмади бу бошим. Аммо етарди ҳали бардошим. Сен кўзимга кўринавердинг, тушларимга киравердинг…
– Сени айбламайман, Язон. Кимлардир ўз манфаати учун бошлаган урушда сен қурбон бўлишинг керакми?! Сенинг бундай йўл тутишинг босқинчилик ва қонхўрликка қарши исён.
Шундай гаплар билан Язонни бироз бўлса-да тинчлантиришга уринарди қиз. Ва мутлақо бошқа нарсаларни ўйларди айни пайтда. Қочоқни яшириш жуда қийин иш. Аммо Язон ота-онасиникига ҳам бормай паноҳ излаб меникига келибдими, жоним борича ҳимоя қилишим керак уни. Жуда ҳолдан тойганди Язон, бурчакка суянганча ухлаб қолди. Уйқуда ҳам ташвишли эди унинг юзи. Болғиндордаги сандиқни тортиб ерга туширди Алпак. Тешача билан болғиндор тагини ўя бошлади. Қатъий қарорга келганлигини англаш мумкин эди уни ҳаракатларидан.
4
Ёш ва бақувват қиз эди Алпак. Кундузи фермада ишлар, тунда лаҳим қазирди. Аввал бу ишдан бирор натижа чиқишига ишонмаган Язон ҳам энди ишга жиддий киришиб кетган. Ертўладан чиққан тупроқ муаммо эди албатта. Йўли топилди бунинг ҳам. Тунда тупроқни ташиб чиқиб, ариқ сувига оқизишарди икковлашиб. Майда ғўрашак тошчалар ариқ тубига чўкиб қолар, тупроқ эса лойқаланиб оқиб кетарди…
Мана, энди тушунгандирсиз ариқ тубидаги тошчаларнинг қаердан келиб қолганлигини. Хуллас, ўша куни ариқ ўзанидаги ва жарликдаги шағални солиштирарканман, Алпак момо яшаётган уй тагида, икки ёки икки ярим метр чуқурликда ертўла бор, деган хулосага келдим. Аммо унинг эшиги қаерда. Бирор жойда буни кўрсатувчи белги йўқ. Нима мақсадда қазилган бу ертўла? Ўйлаб, ўйимга етмасдим. Ертўла кампирга нима учун керак? Албатта, уй остида яширин ертўла борлигини шубҳа остига қўяди бу савол. Ёш бўлса, бадавлат бўлса, катта бойлик тўплаган бўлса, бунинг йўриғи бошқа… Кампирда эса буларнинг ҳеч бири йўқ. Ечим – ертўлани топишда. Шундагина ойдинлашади ҳаммаси. Мактаб биология кабинетидан заррабин олиб келиб, ҳар бир тешик-тирқишни, хона бурчакларини кўздан кечиришга киришдим. Ва мана, ниҳоят, болғиндор тагидан чиқиб турган темир ҳалқача эътиборимни тортди. Чапга бурагандим жойидан чиқиб келди ҳалқача, энди уни ўнг томонга бурадим. Ва ўзим томонга тортиб кўргандим, сомон шувоқ қилинган ер ўрнидан қўзғалиб, юқорига томон кўтарила бошлади. Ва унинг тагида ертўлага олиб тушадиган зина кўринди. Бундай ҳолатда тасаввур қиласизми, инсоннинг қай ҳолатга тушишини! Ертўла қопқоғининг қалинлиги қарийб ярим қаричлар бор. Остки қисми қалин тахта, усти сомонли лой билан шундай сувоқ қилинганки, уй девори ва хонанинг таг қисмидан фарқлаш қийин. Қопқоқ ёпилганда, бурама ҳалқача олиб қўйилган. Аммо энг сўнгги дамда, момо афтидан ертўлага тушиб чиққан-у, ё дард туфайли, ё ўлим фариштасининг қистови туфайли, ё бўлмаса хаёлпаришонлик билан ҳалқачани бураб олишни унутган. Менинг тахминларим шундай ва мен буларнинг тўғрилигига тўлиқ ишонаман. Ҳадемай тахминларим тўғрилиги ўз исботини топди. Зинага қадам қўйишдан аввал, қўлфонари билан хуфра деворларига синчиклаб қарарканман, шундайгина биринчи пиллапоя ёнида, чап томондаги деворда электр чироқ тугмаси борлигини кўриб қолдим. Хона ёришди. Эҳтиёткорликни унутмаган ҳолда, ҳар қандай тасодифларга ўзимни шай тутиб, туша бошладим зинадан.
Гарчи ҳаяжонимни жиловлаб, оддийгина сўзлар билан айтаётган бўлсам-да бу воқеаларни, ўшанда ҳазилакам қўрқмаганман. Сир ортида синоат бор. Кимдир мени кузатиб тургандай, анави жавон ичидан мўйнали пальтосига ўранганча Алпак момо чиқиб келадигандек… ёки биров тепадаги қопқоқни ёпиб, устига сандиқни суриб қўядигандай… Минг хил ваҳима остида зинадан тушдим. Чоғроққина хона. Хона бурчагидаги ёғоч стулча устида сув тўла челак. Деворга бир даста ҳазориспанд илинган. Берироқда пастаккина стол ва дастурхон. Девордан ўйиб ясалган токчада идиш-товоқлар. Унинг ёнидаги токчада қоқнон тўлдириб қўйилган тўрхалта. Тамом-вассалом. Ертўла момонинг ювин чайин қиладиган жойи экан, деган хулосага келдим сувни ва бурчакдаги ташнобни кўриб. Бу ерда қиладиган ишим қолмаганди энди. Тезроқ ёруғ дунёга чиқишга шошилдим. Ортимга ўгирилиб зинага қадам қўярканман, зина ортида хонанинг бор бўйича тортилган брезинт тўсиққа кўзим тушди. Девор рангида бўлганлиги сабабли, шу пайтгача пайқамагандим уни. Бу тўсиқ ортида момонинг эски-туски кўрпа-кўрпачалари бордир-да, деган бепарво бир кайфият билан тўсиқни сидириб тортдим. Ва… Бошимга тушган оғир “гурзи” зарбидан ерга қуладим. Металлдан ёки тошдан эмасди бу гурзи, “Даҳшат”, эди бу гурзининг оти.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?