Текст книги "Адабиёт– миллат виждони"
Автор книги: Нўъмон Рахимжонов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
5
… Иффат ҳамишаги жойимизда ўтирарди. Боши эгик. Бир ўрим сочи кўкси устида қабариқ шакл ҳосил қилиб тиззасига тушган. Қўлида заъфарон япроқ – сариқ ранг ҳукмида қолган терак япроғи – бандига яқин қисми яшилтоб, учлари қизғиш тус ола бошлаган. Сариқ ранг – Ван Гог тасаввурининг оҳанрабоси. Қизнинг ҳолати эса кузнинг ўзидай сокин. Умуман, Иффатда кузга хос жиҳатлар кўп. Мен вақтни айнан шу ҳолатда тўхтатиб қўйсам, дейман. Сокинлик. Заъфарон ранглар ва ана шу ранглар арсадида ўтирган қиз. Йўқ, рассом сифатида эмас. Дунёни бир варақ қоғозга жо этадиган бу санъатдан йироқман. Вақтни тўхтатиш қўлимдан келишига эса ўзимдан бошқа ҳеч ким ишонмайди. Дунё пайдо бўлганидан буён вақтни жиловлашга ҳеч ким уриниб кўрмаган. Мантиқан олганда мен ҳақман. Уриниб кўрмагандан кейин қандай қилиб бирон-бир натижага эришсин! Мен эса тажрибалар ўтказяпман. Бунинг учун энг аввало, вақт оқимини ҳис қилиш керак. Уни эшитиш ва ҳатто кўриш ҳам мумкин! Ҳа, худди шундай: қўлингиз билан қулоқларингизни маҳкам беркитинг. Гоҳида кафтингизни бирозгина бўшаштириб, қабариқ ҳолатда тутинг, шунда улуғвор бир гувраниш эшитилади ва сиз вақтнинг шиддатли оқимини ҳис этасиз. Бу гувраниш қанчалик ваҳимали бўлмасин, ундан ажралгингиз келмайди. У беҳад чуқур ва бепоён. Бутун борлиқни қамраб олган ҳад-ҳудудсиз ана шу оқимда ўзингиз ҳам оддий ва ожиз бир хас ёки бир зарра каби сузиб бораверасиз. Ва шу ҳолатда уни тадқиқ этишга, англашга интиласиз.
Мен вақтнинг шовурини кашф этганимга кўп йиллар бўлди, аммо бу ҳолатни нимага йўйишни билмадим. Шунчаки ўйин, эрмак сифатида қарадим. Тўғрироғи, бу гувранишнинг ҳақиқатан ҳам вақт оқими эканлигига аввало, ўзим ишонмадим ва бошқаларни ҳам ишонтира олмадим. Ногоҳ бир кеча алламаҳалда уйғониб кетиб бошимда кучли шовқин, миллионлаб жизилдоқларнинг бараварига “жаззи-и-ит! Жаззии-ит!” деган овозини эшитдим. Овоз ташқи дунёдан келяптими ёки миямнинг мубҳам қаватларида ҳосил бўляптими, буни билиш учун тўшагим устида чўккалаб ўтирганча, қулоқларимни кафтим билан маҳкам беркитдим. Жизилдоқлар овози тинмагани ҳолда, коинотни қамраб олган соҳир бир гувраниш шууримга урилди. Аммо бунинг вақт оқими эканлигини орадан анчагина ою кунлар, балки йиллар ўтиб англадим. Менинг тажрибаларим ва доимий машғулотим кейинчалик Хронохрон ускунасини ясаш ва вақтни тўхтатишдек оламшумул кашфиётга бориб тақалди. Ускунанинг Хронохрон деб номланиши кўп нарсаларга боғлиқ. Аввало, “хроно” сўзи юнонча вақтни англатишига, ундан кейин, файласуф Бахтиннинг хронотоп назариясига асосландим. Хронохрон ташқи кўринишидан қумсоатга ўхшаш ускуна. Уни айнан шу шаклда ясаш, вақтнинг тепадан пастга томон бир маромда қуйилиб туришини кузатиш бундан кўп йиллар аввал бир дўхтирнинг қабулида бўлганимда, унинг хонасидаги қумсоатга қараб туриб хаёлимга келган . Кейинчалик шаҳар дўконларидан худди шундай соат изладим. Вақт – қум. Ёки қум – вақт. Қўнғиртоб майда заррачалар шиша мослама ичида бир маромда оқади ва вақт оқимини аниқ кўрсатади. Балки у қадар аниқ ҳам эмасдир, ҳар ҳолда унга қараб вақт оқимини кўриш мумкин. Дўконларда эса қумсоат сотилмас экан. Аммо фикримдан қайтмадим. Шундай соатим бўлишини жуда-жуда истардим. Узоқ уринишлардан кейин эскигина бир қумсоатни қўлга киритдим. Уйга олиб келдим, бир неча кун унга телмилиб ўтирдим. Қумсоатнинг тепадаги бўлмачаси бўшаб қолиши билан назаримда вақт ҳам тўхтарди. Шунда мен бу антиқа ускунанинг ўймакор поячасидан авайлаб тутиб, “Оёғини осмондан” қилиб қўяман. Аслида, унинг бош-оёғи йўқ. Ҳар иккала шиша бўлмача ҳам бир хил шакл, бир хил сиғим ва бир хил кўринишга эга бўлиб, уларни уч дона ёғоч устунча бирлаштириб туради. “Оёғини осмондан қилиш” ёки тепадаги бўлмачанинг қуми тугаб қолиши билан вақтнинг тўхташи, албатта бу тасаввур ҳосиласи. Хуллас, мен ясаган хронохрон ускунаси шаклан қумсоатга монанд. Энди бу мўъжизадан фақат ёлғиз ўзимгина баҳраманд бўлишни ўйлар ва бу буюк кашфиёт олдида ўзим ҳам ожиз эдим. Айни пайтда ҳали ҳеч кимга насиб этмаган бахт туйғуси билан яшардим.
… Иффатнинг ёнидан жой оларканман, кафтларим билан қулоқларимни беркитдим ва қизга ҳам шундай қилишни уқтирдим. Биз шу ҳолатда анчагина ўтирдик. Кейин мен қизнинг юзига қараб сирли жилмайдим ва овозимга сирли тус бериб сўрадим:
– Нимани эшитдинг?
– Ҳеч нарсани.
– Ҳеч нарсани? Наҳотки!?
Унинг жилмайиб ва айни пайтда ажабланиб, шу билан бирга, савол назари билан қараб турганини кўриб мен ҳам ажабланганимни яширмадим. Аксинча, кўзларимни катта-катта очиб, қошимни чимирганча бир лаҳза қотиб қолдим. Менинг бу ҳолатим уйқудаги ипак қуртини эслатарди. Кейин кутилмаганда ўзимда улкан бир журъат сезиб, унинг қулоқларини кафтларим орасига олдим. Қиз буни кутмаган бўлса-да, қаршилик кўрсатмади. Биз шу пайтгача ёнма-ён ўтириш, нари борса қўл бериб кўришиш ва қимтинибгина сўзлашишдан нарига ўтмаган эдик.
6
Октябрь. Зардолулар, олчаю алволилар арғувон либосда. Фақат тут дарахтларининг япроқлари заъфарон. Иффатнинг кўйлагига монанд. Агар ҳозир Иффат тут дарахтининг устига чиқиб ўтирган бўлса, мен унинг фақатгина оппоқ юзини ҳамда қоп-қора соч турмагини фарқлашим мумкин. Табиат вақт таъсирида. Иффат ҳам. Сочини боши узра турмаклаб юриши менга ёқади. Саксонинчи йилларнинг аёлларига ўхшайди. “Турраи таррорингга салламно”, деб таҳсин айтаман ичимда. Сочни бундай турмаклаш унинг ёшини бироз катта қилиб кўрсатади. Бу энди вақтнинг иши эмас, аммо гапнинг сирасини айтганда, вақт жуда ақлли хилқат. Шошилиш унга ёт. Бир маромда ишлайди, масалан, юзингизга қачон ажин тушганини сезмай қоласиз. Ҳеч ким, айтайлик, “ўнинчи октябрь соат ўн иккидан уч дақиқа ўтганда юзимга ажин тушди”, деёлмайди. Дарахтларнинг япроқларидаги ўзгаришлар ҳам худди шундай содир бўлади. Ҳа, вақт илондай муғомбир.
Иффатни кўрмаганимга ҳам анча бўлди. Энди бир йўла тажрибаларимни якунига етказиб, кейин унга рўбарў бўлсам дейман. Чунки вақт кетяпти, шошилмоқдаман, Тўхта момо соғ-омон юрибдимикин ўзи?.. Деворга осиб қўйилган тақвимнинг варақларини йиртмаяпман. Унда 24 октябрь санаси. Тўхта момони худди шу куни кўргандим, шанба эди, балки жумадир… Иффат билан юзма-юз туришганди. Тақвимда белгилаб қўйганман. Ана, йигирма тўрт рақами ёнида қизил сиёҳ билан “соат уч” деб белгилаб қўйилган.
Ярим тунда уйғониб ускунанинг юқори бўлмасида – (хронохрон бўлмалари қумсоатникидан ўн битта кўп) энг юқоридаги биринчи бўлмасида– хира туманликка ўхшаш алланарса сузиб юрганлигини кўрдим. Миллион-миллион майда заррачалардан иборат туманлик гоҳ қизарар, гоғ қўнғир тус олар ва дам ўтмай тиниқ сариқ рангда намоён бўларди. Қани, энди буни Ван Гог кўрса! Японлар сузишни эплайдиган болаларнинг бошига, айтайлик, қизил шабпўш кийдириб сувга туширсалар, ҳали яхши сузолмайдиганлар бошига сариқ шабпўш кийдиришади. Чунки сариқ ранг бошқа барча рангларга нисбатан кўзга яхши ташланади. Мана, мен ҳам шиша ичидаги ҳолатни аниқ кўряпман, ваҳоланки, кўзим тобора хиралашиб бораётганини пайқаганимга анча бўлган. Дарвоқе, ҳассам қани? Ёлғиз умримнинг бу содиқ ҳамроҳини хонанинг қайси бурчагига суяб қўйганимни мана энди эслолмай турибман. Тиззам қақшаб оғримаганда-ку, учига резина қалпоқча кийдирилган етмиш етти сантиметрли оддий бир таёққа сира эҳтиёж сезмаган бўлардим.
7
Шиша идишда кўринаётган туманлик рўё эмасмикин, балки ҳали уйқум ўчмагандир, ёки… кўзларимни кафтим ва бармоқларим билан ишқалаб, қайта-қайта қарадим. Сариқ туманлик ўрнини кулранг – қорамтир маъво эгаллаб борарди. Бошим айланаётганини пайқаб, йиқилиб кетмаслик учун стол четига таяндим. Ва яна хронохронга тикилдим. Юрагим гурсиллаб қаттиқ-қаттиқ урар ва унинг зарбидан шиша идиш ичидаги туманлик (балки суюқликдир) қалқиб турарди. Назаримда вақт тўхтаган! Деразага қараб тонг ёришиб келаётганини кўрдим. Тонг! Тонг! Ҳазрат Навоийнинг ғазалларида вақт рўзномасининг бу фасли субҳ деб ишлатилган:
Кўкрагимдир субҳнинг пироҳанидин чокроқ,
Кипригим шабнам тўкилган майсадин намрокроқ.
Кўзларимдан шашқатор оқаётган ёш юзимни балиқчилар тўридай қоплаган ажинлар бўйлаб турли тарафга тараларди. Юрагим ҳаприқиб, бўғриққан хонанинг биқиқ муҳитида энди бир сония ҳам қололмаслигимни англадим ва ўзимни эшикка урдим. Йўл четида жулдур кийинган бир кампир ҳассага таянганча деразамга тикилиб турарди. Қадди букилган, сочлари пахтадек оқ… Унга яқинлашиб бордим. Бўғзимдан хирқираб отилган нидо кампирни ҳаракатга келтирди, деразадан кўз узиб менга томон ўгирилди, сўник кўзларида кул остида қолган чўғдек нимадир йилт этиб кетди. Бу навқирон ёшимизда ишқ ёққан олов қўрамтасининг ҳали сўнмаган чўғи. Балки тасаввуримда шундай бўлгандир, ҳа, шундай. Заифлашиб қолган кўзларим энди хира туманлик, қора-қура нуқталар ва қўнғиртоб пардадан бошқа нарсани илғашга қодир эмас. Тўхта момони ҳам ана шу туманлик пардаси ортида кўрдим. Ва унинг қуруқшаган қўлларини кўзимга суртиш учун эгилдим:
– Тўхта момо! Онагинам…О, онагинам!..
Кўксимдан отилиб чиққан нолакор бу нидо ва бу илтижо титроқлари ҳали ҳавода сўниб улгурмай, Вақт девори ортидан сўник бир овоз қулоғимга чалинди:
– Адашдинг, Товашар, мен Иффатман…
ҒАЙРИТАБИИЙ ҲОЛАТ
1
Тун яримдан оғганда хотинининг безовталана бошлаганини пайқади Тиркаш. Қўрқинчли ва бўғиқ ҳансираб, қарийб товушсиз, фақат нафаснинг ўзи билан нималарнидир гапирар, жонҳолатда ёрдамга чақираётганга ўхшарди аёл. Диққат билан қулоқ тутаркан, унинг бўғзидан иссиқ нафас билан чиқаётган узуқ-юлуқ товушларда “х-ал-хал, ат-атт-матт” деган кимнингдир исмига ўхшаш сўзлар борлигини англади ва нима қиларини билмай туриб қолди. Уйғотсам қўрқиб кетиши мумкин, унинг қийналаётганини кўра туриб уйғотмаслик, золимлик эмасми деган фикр шуурида қарор топиб улгурмай, бошини ёстиқдан адл кўтарди ва ухлаётган ипак қуртидай қотиб қолди хотини. Тунчироқнинг кўкимтир хира ёруғида қўрқинчли кўринарди унинг ҳолати. Дарҳол ўрнимдан туриб бағримга боссам, балки фалокатнинг олдини олган бўлармидим деган ўй сизғириб ўтди миясидан, аммо сусткашлиги, қийин вазиятларда бирдан қарор қабул қилолмаслиги яна панд берди. “Кимё!.. Кимё!..” демоқчи бўлди, дунёдаги ҳамма нарсадан қадрли бўлган шу сўз миясидан бўғзига тушиб улгурмай кутилмаган ҳолат рўй берди: Ўрнидан отилиб турди Кимё, уйда кийиб юрадиган халатини кийим илгичдан юлқиб олиб елкасига ташлади-да, ташқарига чиқиб кетди. Қарсиллаб ёпилди эшик. “Кимё!.. Қаёққа боряпсан? Кимё!” деганча тўнини ёпинди-ю шошқин ҳаракатлар билан икки қўллаб эшик тутқичига ёпишди Тиркаш Бешим. Гоҳ ўнгга, гоҳ чапга буралди, кичкина учбурчак тилини ёғоч кесакининг тешикчасига тиқиб турадиган тутқич. Шошганда лаббай топилмас деганларидек, аслида, тутқични бекорга бураётганини англаб, эшикни итариб очди, остонага тўқишиб мункиб кетди. Тўлин ой ёруғида худди қор ёғгандек оқариб кўринарди ҳовли юзаси. Атофга аланглади, оғилтом соясига, тандирхона пардагиридан тушиб турган қоронғиликка тикилиб қаради, хотинининг номини айтиб чақирди ва ҳовлини зир айланиб қидирди. Тўлин ой бус-бутун ёритиб турган торгина ҳовли ўртасида қаддини бироз букканча қотиб турди бир муддат, сўнгра уйдан қўлфонарини олиб чиқиб, юрак ҳовучлаганча оғилга кирди. Безовталаниб пишқирди эшаги. Тандирхонага ўтди. Қорайиб оғзини катта очганча турган тандирдан бўлак ҳеч нарса йўқ. Қандайдир хаёл илинжи билан тандирнинг ичига ҳам фонарини тутиб қаради. Ҳеч қаерда йўқ эди Кимё…
Ногоҳ ёдига келган ҳолат таъсирида югуриб том ортига ўтди. Дарвоқе, бундай “ҳолат”нинг нималигини ва қачон, қай тарзда рўй беришини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди. Касалманд юраги ва ўнг қулоғининг яхши эшитмаслиги “ҳолат”га аниқ ташхис қўйиш имконини бермасди. Тўғрироғи, ҳеч қандай зарурати ҳам йўқ эди бунинг.
– Чап томонинг билан ётсанг, гурсиллаган товуш эшитиладими? – деб сўраган эди ўша кеча хотинидан.
– Ҳаммага ҳам эшитилади, – жавоб қилди Кимё.
– Меники бошқачароқ-да, – деди Тиркаш Бешим.
Бироз жимликдан кейин уйқусираган овози эшитилди аёлнинг:
– Сизда сенусовая бродикардия бор-да.
“Йўқ, сен билмайсан, бу бошқачароқ гурсиллаш” демоқчи бўлди, аммо унинг уйқусираган товуш билан гапирганини эслаб ором олишига халақит бермаслик учун индамади. Ўша товушни эшитиш, унга аниқлик киритиш учун чап ёни билан ётди. Ва эшитди ўша товушни. Нимадир худди юрак уришидай бир маромда гурсилларди. Гоҳида тўхтаб қоларди. Хотини айтган бродикардиядами ёки стенокардиядами шундай бўлади-да, юрак бир маромда урмайди. Гоҳида гурсиллашларни системага солиш, яъни неча марта ургандан кейин тўхташини ва қанча вақт оралиғида яна ҳаракатга келишини, бир дақиқада неча марта гурсиллашини санаб ётар ва бир қолипга солиб, хулоса чиқаришга уринарди Тиркаш. Хотинида ғайритабиий ҳолат рўй берган ўша кечада ҳам шундай тажриба билан машғул эди. Юрагининг гурсиллаши том ортидан эшитилгандай бўларди. Шунинг учун ҳам уйни айланиб ўтиб, дарвозадан чиқди ва том ортига томон югурди. Тўни елкасидан тушиб қолганини билди, аммо уни олишга йўқ эди фурсати. Қоп-қора ва совуқ соя. Ой нурининг кескин чегараси… деворнинг нариги бурчагида нималардир жимирлаб тургандай кўринди. Аммо узоқ давом этмади бу рўё. Чорлади:
“Ким-ё-ё-ё…
Сукунат. Овози титраб, кучсиз чиқди. Гўё ёнгинасида туриб унинг қулоғига шивирлаётгандай. Бутун вужуди билан титраб бораётганини пайқади. Совуқ эди ноябрь туни. Ортига қайтиб тўнини олди ердан, елкасига ташлади ва яна атроф-теваракни кузатди. Ойнинг ёрқин нури билан том соясининг қора тўшамаси туташган чизиқда нимадир бор… Турган жойидан жилмай бошини тебратиб кўрди ва ўша нарсанинг ой шуъласи тушиб турган қисми ялтираб кетди. Хотинининг тақинчоғи!.. Уйга қайтаркан, атайлаб том ортидан ўтди ва тунда ялтираб кўринган нарсага кўзи тушди. Уни ердан олиб маҳкам кўксига босди. Хотини тўғрисида хабар берувчи ҳар қандай буюм қадрли. Унинг ўн тўққиз кўзли брошкаси эса алоҳида қимматга эга. Кимё ўн тўққиз ёшга тўлганда совға қилганди бу тақинчоқни. Ўша куни, яъни май ойининг ўн тўққизинчи куни азон палласи туриб, уйдан чиқиб кетди. Тунда момақалдироқ гумбурлаб, чақинлар чақиб ёмғир ёғган эди. Табиат ана шундай тантана қилганда ер бағридан отилиб чиқади қўзиқоринлар ва замбуруғлар. Ташландиқ токзордан бир неча дона қўзиқорин топди ва қирга томон кўтарилди. Ҳали кўзлари катарактадан хиралашмаганди ва майсалар орасида ғимирлаб юрган майда қора қўнғизчаларни ҳам аниқ кўрарди. Ана, яна битта қўзиқорин! Нарироқда яна иккитаси тупроқдан бош кўтариб турибди. Бирининг устида нўхат катталигида қотиб қолган лой бўлаги қорайиб турибди. Уни узиб олишдан аввал майса устига чўккалади. Завқи жўшиб турар ва табиатнинг бу антиқа “радари”ни узиб олишга шошилмай, унинг шаклу шамойилини томоша қиларди. Ўтлар орасида бир неча дона майда оқиш рангли, руслар маслята деб номлаган замбуруғчалар тизилишиб турибди. Аммо эътибори қўзиқоринда. Унинг пастдан юқорига томон ингичка тортиб кўтарилган конуссимон баданида юзлаб хоначалар бор. Қирчумоли уясини эслатади. Ҳали табиатда инсон номлаб улгурмаган нарсалар беҳисоб. Баъзи хилқатларнинг нималигини билиб олишга улгурганимиз йўқ, айримларининг номи эса жисмига ва хусусиятларига мос эмас. Қўзиқорин-чи? Уни номлаган одам жуда кузатувчан киши бўлгани аниқ. Бу антиқа гиёҳнинг ташқи кўриниши қўзининг ёки қўйнинг қатқоринига жуда ўхшайди. Аммо қўзиқориннинг бошқа бир хусусияти ҳайратлантиради. Баайни Радар, худди шундай, қўзиқоринлар ҳаводаги титроқларни нозиклик билан илғайдилар. Момақалдироқ уйғотиб юборади уларни, уйқуси бузилган қўзиқоринлар гумбурлаётган садо сирини билиш учун ердан бош кўтариб чиқади. Бундан ташқари улар радиацияни ва нурлар оқимини ҳам бошқа гиёҳларга нисбатан аниқ ҳис этадилар. Нима бўлганда ҳам бағоят лаззатли улар. Ёғда қовуриб еса ҳам бўлади, баъзилар сутда қайнатиб истеъмол қиладилар. Тиззасидан нам ўтиб кетаётганлигини пайқаб ишни тезлатди. Костюмининг чўнтаклари қаппайиб қолди. Табиат неъматлари Кимёнинг туғилган кунига яхши совға бўлишини ўйлаб, қовурилган қўзиқориннинг беқиёс таъмини оғзида ҳис этганча йўлда давом этаркан, нимадир ялтираб кетганини пайқади ногоҳ ва бир қадам орқага қайтиб ерга тикилганча туриб қолди. Ўтлар орасида нимадир чўғдек ёниб турарди. Олди, сув томчилари ва ёмғирда сачраган лой зарраларини артиб, тозалаб чўнтагига солди.
…Хотинини излаб том ортига ўтаркан, ой нурида ялтираб турган нарса ўша тақинчоқ – ўн тўққиз кўзли брошка – эканлигини англади. Кимёнинг ярим тунда ўрнидан туриб қочиши ва унинг ғайритабиий ҳолатини баҳолашга, хулоса чиқаришга ожиз эди ақли. Тақинчоқни ердан олиб, иситмоқчи бўлгандек кўксига босди. Муздай эди анор донасидек тизилган мунчоқлар.
2
Қишлоқда қариндош-уруғлари йўқ эди бу оиланинг. Кимёнинг иккита дугонаси бор, холос. Медицина ҳамшираси бўлиб ишлайди ҳар иккаласи ҳам. Кимё уларнинг бошлиғи, яъни катта ҳамшира. Қишлоқ шифохонаси чамаси икки километр нарида жойлашган. Шомир Халтаев деган одам бош врач. Аслида, унинг фамилияси Холтоев… исмларни русча талаффуз билан айтиш урф бўлган замонларда паспортига “Халтаев” деб ёздириб олган. Бу одамнинг қўшша ияги, чўтиртоб юзи ва бироз кўкимтир чағир кўзи… кўзининг оқи… ва кўз остида осилиб турадиган халтача… буларнинг ҳаммаси нохуш таассурот уйғотади. Хотини изсиз йўқолган туннинг эртасиёқ бош врачнинг олдига борди. Катта ҳамшира Кимё Шоҳазратовнанинг йўқолиб қолганини айтди:
– Нечун менга дарди ҳол қиласиз?
– Кимга айтай дардимни, сиз бошлиғисиз… – деди ялинганнамо бир қиёфада Тиркаш Бешим.
– Ўзингиздан ва ўзингизга, – деган фалсафий жавоб бўлди. Уч кун кутди ва тўртинчи куни милиция идорасига борди. Дунёдаги энг совуқ идора – милицияхона. Саратоннинг жазирамасида келган кишининг ҳам бутун вужуди қалтирайди. Ана шундай алфозда тиззаларида титроқ туриб, навбатчи милиция ходимига рўпара бўлди. Елкасида тўрт дона майда юлдузча, демак, капитан. Унга мурожаат қилди:
– Ўртоқ командир, хотиним йўқолиб қолди.
– Фамилияси?
– Шоҳазратова.
– Исми?
– Кимё.
– Ёши?
– Қандай боши? – ағрайганча сўради хаёли жойида эмаслиги сабабли, капитаннинг гапини тушунмай.
– Неча ёшда эди деяпман, галварс! – жаҳл қилди капитан.
– Йигирма еттида.
– Бўйи?
Кимёнинг бўйи неча сантиметрлигини билмасди. Унинг боши қулоғининг солинчоғидан келишини тахминлаб “бир-у олтмиш”, деди. Аёлнинг вазни, юз тузилиши, кўзи-қоши, сочининг рангини сўради капитан. Билганича жавоб берди.
– Эгнида қандай кийими бор эди? – деб сўроқни давом эттирди капитан. Қизил рангли халатини елкасига ташлаганча уйдан югуриб чиқиб кетганини айтди. Яна чорак соат давом этган савол-жавобдан кейин, “эрта соат тўққизда суратини олиб келинг, хотинингиз йўқолиб қолгани тўғрисида ариза ёзиб топшириш эсингиздан чиқмасин”, деб кетишига рухсат берди. Уйга қайтди Тиркаш. Эшик тутқичига қўл юбораркан, “хонада хотиним ўтирган бўлса-я”, деган мубҳам туйғу урилди шуурига. Юраги ҳаприққанча ичкарига олди ўзини. Хона бўм-бўш!.. Ёзув столи устида сочилиб ётган қоғозларига қараб ўйга толди. “Унвонсиз ёзувчи”га сўнгги нуқтани қўйиш оғир кечмоқда эди. Роман қаҳрамони ёзувчининг иродасига бўйсунмай, саркашлик қилар ва уйланишни хоҳламасди. Хонасининг деворида: “Эй Худо, аёллардан ўзинг халос эт!” деган ёзув.
– Сен Ал-Маарий эмассан, Шопенгауэр ҳам эмассан, ё Кант деб ҳис этяпсанми ўзингни, йўқот бу шиорингни ва дарҳол уйлан, – деди қаҳрамонига қараб аччиқ билан. Аччиқ жавоб қилди роман қаҳрамони Босим ҳам:
– Сен уйланиб нима қилдинг?!
– Кимё қайтади, – деди тушкун бир қиёфада.
– Қайтмайди.
– Сен қаердан биласан?
– Биламан. Бу ишда милициянинг қўли бор.
– Нима қил дейсан унда?
– Менинг ҳаётим тўғрисида ёзаётган романингни йўқот. Ёндириб ташла. Ёндириб ташла! Хотининг йўқолиши ана шу роман воқеалари билан боғлиқ.
– Қандай асосинг бор, тахминан гапириб мени чалғитма.
– Асосим бор. Сен қораланган варақларда номаъқулроқ гап бор… роман чоп этилса…
Босимнинг гапи оғзида қолди. Эшик қаттиқ тақиллаб ташқаридан гурсиллаб босилган қадам товушлари эшитилмоқда эди. Қоғозларини шошилинч ҳаракатлар билан тортмага тиқиб, ҳамма нарса жойидами дегандай хонага бирров назар ташлаб олди-да, эшикни очди. Капитан Аллабоев қад ростлаб турарди остона ортида.
– Кимё Шоҳазратовнанинг изига тушдик. Фуқаро Шоҳазратовна “Дарранда” кушхонаси томонидан ўғирланган, деб тахмин қилмоқдамиз.
– Нега? Кушхонага не сабабдан керак менинг хотиним?
– Сабаби ҳозирча номаълум. Албатта биз фақат шу тахминни сизга етказиш мақсадида келмадик. Бизга маълум бўлишича, сиз тунлар ухламай қандайдир тадқиқот ўтказармишсиз.
– Менда бродикардия бор.
– Кимё Шоҳазратовнанинг бедарак йўқолишига дахлдорми бу… ускуна?
– Буни билолмадим, аммо сиз айтгандай “ускуна” эмас, касаллик. Шу дард таъсирида тунлар уйғониб аллақандай гурсиллаган овозга қулоқ тутардим, гоҳида Кимёдан “Сен ҳам эшитяпсанми?” деб сўрардим.
Маънодор бош лиқиллатди капитан. Ва сўради:
– Кушхонада танишларингиз борми?
– Умримда эшитмаганман сиз айтган корхонанинг номини.
– Яхши, сиз ҳозирча уйдан узоқлаб кетманг, ҳар лаҳзада маҳкамага чақириб қолишимиз мумкин, – деди капитан ва кескин ортига бурилиб, тўрт кишидан иборат ҳайъатини эргаштирганча ҳовлини тарк этди. Танасидан бензоарра билан кесилган дарахтдай каравотига қулади Тиркаш Бешим. Кушхонанинг нима алоқаси бор… Тўғри, Кимё этдоргина эди. Бўйи биру олтмиш бўлгани ҳолда, вазни тўқсон килога яқинлигини билардим. Капитанга ҳам айтгандим. Кушхонаси қаерда экан ўзи? Барвақт ўрнидан туриб “Дарранда”-ни излашга тушди. Аммо қанча елиб-югурмасин ва қай ишга қўл урмасин, шифохона бош врачи Халтаев хаёлидан кетмасди. Кун бўйи санғиди, шаҳарнинг энг чекка минтақаларига борди, одамлардан сўраб-суриштирди, аммо “Дарранда” қушхонасининг дарагини тополмади. Эртаси куни милиция маҳкамасига бориб, капитанни излади. Тўртинчи қаватда бошқа бир хонада ўтирарди Тиркаш излаган одам. “Дарранда”нинг манзилини сўради. Бу корхонанинг манзили номаълумлигини маълум қилди капитан. “Топсангиз, бизга ҳам хабар қилинг”, деди хайрлашаркан. “Топаман”, деган қатъий қарор билан ўрнидан турди, эшик тутқичига қўл чўзаркан, капитаннинг овози тўхтатди уни:
– Эшитишимча сиз ёзувчи эмишсиз…
– Мен Кимёнинг эриман.
– Айтмоқчи бўлганим шуки, – давом этди капитан, – ёзувчиларга хотиннинг унчалик зарурати йўқ.
Бу “постулат” қандай мақсадда айтилганини билиш учун ортига ўгирилди Тиркаш.
– Шундай. Ёзувчилар кўпроқ ўзлари қоғозда тасвирлаган аёл билан бўлишни хуш кўриб, умр йўлдоши борлигини унутиб қўйишармиш.
– Нимага шама қиляпсиз?
– Кимё Шоҳазратованинг уйдан қочишига мана шу ҳолат сабаб бўлмадимикин, демоқчиман. Аёлга эътибор керак. Ҳа, айниқса тунда. Инчунин, Шоҳазратова нега кундуз куни эмас, тунда қочди. Бу ҳолатлар ўртасида бирор боғлиқлик кўрмаяпсизми?
“Инчунин” ичида такрорлаб кўрди Тиркаш Бешим. Инчунин… афтидан, бу сўзни яхши кўрарди капитан. Уни талаффуз этганда чап қўлининг бармоқларини бир нуқтага тўплаб, носқовоқ шаклида ушлаб турар ва бутун фикри ва ё Кимё Шоҳазратованинг бедарак йўқолиши билан боғлиқ барча тафсилотлар шу “носқовоқ” ичида жойлаштириб қўйилгандек, уни намойиш этганча ҳавода муаллақ тутиб турарди.
– Инчулдегунг, – деди Тиркаш дилидаги бор ғазабини шу сўзда тўплаб. Аммо ғазабдан кўра афсусдай садо берди бу сўз. Зеро, кўнгилчан ва журъатсиз киши эди Тиркаш ва ўзидан бошқага ғазаб сочишга қодир эмасди унинг журъати. Темир панжаралар орасидан ўтиб маҳкамани тарк этди. Дарахтзор эди теварак-атроф. Баргихазон тўшалган хиёбон бўйлаб бораркан, Босимнинг тақдирини ҳал қилиш тўғрисида жиддийроқ ўйлашга уриниб кўрди, ҳақиқатан ҳам Кантга ўхшатиб файласуф қилиб тарбияласаммикин уни, деган хаёлдан тўлқинланиб кетди. Эммануэль Кант. Бўйи 164 см. Уйланмаган. Мавҳум хаёлот унинг ёзганлари. Шу қадар мураккабки гап қуриш усули, юз марта қайта ўқи, бирор маъно ажратиб ололмайсан. Яна юз йил ўтади, биз унинг асарларини ўз тилимизга ўгира олмаймиз. Кантни тушунадиган бирорта файласуф йўқ бизда. Демакки, Босимни Кант даражасига етказа олмайман. Рассом ёки ёзувчи қилиш осонроқ кечади. Хаёли бўлинди. Дарахт шохида ўтирган қуш баланд овоз билан сайраб юборди:
– Хук-хук!
– Менга айтяпсанми?
– Хук! Хук!
Мириқиб кулди Тиркаш. Майна эди шохдаги қуш ва у дарахт остидан ўтиб бораётган кишини бемалол ҳақорат қиларди. Хук – чўчқа дегани тожиклар лафзида. Итни сак(г), чўчқани хук, дейди тожиклар. Йил саноғида ёнма-ён келади бу икки ҳайвон. Дили яйраб кетди бу ҳақоратдан. Қани энди мен ҳам майнадай бўлолсам, деган хаёл билан тепага қаради. Майна жуда жанговар қуш. Мушукми, филми, барибир унга. Қўрқмай учиб келади, оёқлари ва қанотлари билан уриб, яна осмонга кўтарилади. Уясини ва палапонларини шундай ҳимоя қилади.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?