Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
10
Қаттиқ ухлаб ётган Али Қушчи эшик оҳиста ғичирлаб очилганини сезиб, уйғониб кетди. Расадхона зимистон бўлса ҳам, Али Қушчининг ўткир кўзлари дарров кўрди: пойгакда девқомат бир кимса гавдаси билан эшикни тўсиб, қаққайиб турарди.
Али Қушчи беихтиёр ёстиғи остидаги ханжарга қўл югуртирди.
– Ким бу?
Эшикдаги кимсадан сас чиқмади.
– Сўзла. Кимсен, эй бандаи гунг?
– Бу мен, фақирмен…
Али Қушчи ханжарини ушлаганича ўрнидан сакраб турди.
– Қаландар Қарноқий?
– Балли сизга, мавлоно, ёдингиздан чиқармабсиз.
– Жонингга қасдинг бўлмаса ўрнингдан жилмагайсен!
– Қўрқманг, мавлоно… шамни ёқинг!
– Жилма дедим, жилма! Қайдин келдинг бу даргоҳга?
– Қаландар Қарноқий бировнинг ихтиёри билан юрмайдур, мавлоно. Олтин қидириб келдим бу даргоҳга! Шамни ёқинг, мавлоно!
Али Қушчи ханжарини қинидан шартта суғуриб олди. Хаёлидан: “Ёнингда шерикларинг бўлмаса, сен билан олишиб кўрамен!” деган фикр ўтди. Ўзини босиб:
– Не деб алжирайсен, Қаландар? – деди. – Илм даргоҳида олтин не қилур, тентак?
Қаландар қоронғида секин кулди:
– Бу илм даргоҳида Жаҳонгир тиллалари кўмилмишдур, мавлоно!
– Амир Темур тиллалари? Тушингни сувга айтгайсен, Оллоҳ гадойи!
– Дур ва жавоҳирлари ҳам бордур. Яширмоқдан фойда йўқ, мавлоно.
Али Қушчи нима қилишни билмай бир зум лол бўлиб қолди. “Бу жунунсифат девона тилланинг дарагини қайдин эшитди? Уни бу ерга ким юборди? Ёнида кимлар бор?”
Қаландар қоронғида гумбазга ўхшаган кулоҳлик бошини чайқаб:
– Мавлоно Али Қушчи, – деди истеҳзо билан. – Ким сизни йўлбарс билан олишган шерюрак Али Қушчи дейди! Шамни ёқинг! Шоир Қаландар бу даргоҳга қора ниятда келса, боя пичоқлаб ташлар эди сизни!
Қаландарнинг сўзида жон бор: расадхонага билдирмасдан кирган одам, ғафлат уйқусида ётган мавлононинг бошини танидан жудо қилиши ҳеч гап эмас эди.
Али Қушчи қоронғида пайпасланиб, токчага ўтди ва кечаси ўчиб қолган шамни ёқди. Унинг заиф шуъласида кутубхонанинг деворларига зарҳал нақшлар, жавонлардаги китобларнинг тиллакори жилдлари ялтиллаб кетди. Қаландар Қарноқий эгнида қуроқ жанда, бошида учлик эски кулоҳ, девсифат қомати билан ҳамон эшикни тўсиб турарди. У қўл қовуштириб, таъзим қилди:
– Ассалому алайкум, устод!
Бу сафар у “мавлоно” ҳам демай, “устод” деди. Фосиҳ дарвешлардан ўрганган фирибгарликми бу ё бурунги Қаландар Қарноқийнинг самимийлигими? Али Қушчи қўлидаги шамни баландроқ кўтариб унинг юзига тикилди. Соч-соқоллари ўсиб кетган Қаландар чуқур ботган уйқусиз кўзларини олиб қочмай қаттиқ қадалиб турарди. Девдай қомати ва жулдур кийимларига қарамай, Қаландарнинг соқол босган озғин юзида, уйқусизликдан киртайиб қолган кўзларида аламли бир дард, қандайдир мажруҳлик бор эди. Унинг бошига тушган савдолар Али Қушчининг эсига тушиб, кўнгли сал юмшади.
– Кел, Оллоҳ гадойи, ўлтир!
Қаландар тез юриб келиб унинг қўлини олди ва лабига босди.
“Бунга не бўлди? Нечун бундай қилади?”
– Юқорига ўт, ўлтир, Қаландар…
Қаландар “раҳмат”, деган маънода бош ирғаб:
– Кечиргайсиз, устод, – деди. – Сўзни олтиндан бошлаб, сизни ҳайратга солдум.
– Олтин, олтин!.. Бу сўзни қайдан топдинг, Қаландар?
– Сабр қилгайсиз, устод, аввал сизга бир саволим бор, – Қаландар ғамгин кўзлари билан Али Қушчининг кўзларига тикилди. – Сиздай алломаи замон фақирни ким деб, қандай одам деб, билурсиз?
Дарҳақиқат, бу одам ким ўзи? Олис Яссидан келиб, олдин навкар бўлди, кейин қилични қаламга, суворий совутларини илм аҳлининг камтарин либосларига алмаштириб толиби илм бўлди, сўнгра мадрасани тарк этиб, хилватга кирди. Алҳол, бошида эчки терисидан тикилган эски кулоҳ, эгнида жулдур жанда, унинг олдида сажда қилиб турибди…
Али Қушчи елкасини учирди.
– Бир сўз айтмоққа тилим лолдур, Оллоҳ гадойи…
Қаландар оғир хўрсиниб:
– Фақир бу чаппа дунёдан ҳақиқат излаб тополмаган, адашган бандадурмен, устод! – деб хитоб қилди. – Аввалам соҳиби тож Мирзо Улуғбекдан элимга мадад истаб келиб, мадад топмадим. Юртимдан айрилиб, беватан бир мусофир, кулбасиз бир дайди ит бўлдим. Ҳақиқат деб кирмаган кўчам, бош урмаган эшигим қолмади, ахийри аҳли Оллоҳ гадоларига ихлос қўйдим. Ва лекин… не чора? Гадолар эмас, тилида ҳамду сано, дилида фисқу фужур каззобларни, ақли қосир гумроҳларни кўрдим. Эмди, хоҳ инонинг, хоҳ йўқ, ҳақиқат излаб, тағин даргоҳи илмга келдим, устод!
Қаландар тўсатдан овози дарз кетиб, жим қолди. Унинг самимийлигига шубҳа қилиш қийин эди. Лекин… Али Қушчи зўраки кулди.
– Сўзингда мантиқ йўқдур, Қаландар, ҳақиқат қидириб келдим, дейсан ва лекин ҳақиқат эмас, олтин қидирасен!..
– Бунинг боиси шулким, бу олтин бошингизга етиб, ёстиғингизни қуритадур, мавлоно!
– Менда олтин борлигини қайдан биласен? Айт, дарвеш?
– Йўқ, аввал сиз сўзланг, устод: бу даргоҳга Амир Темур олтинлари кўмилганини бировга айтган эдингизму?
Али Қушчи беихтиёр
– Хожа Салоҳиддин заргар! – деб юборди. – Наҳот?..
Қаландар лабини тишлаб бошини сарак-сарак қилди:
– О, мавлоно, мавлоно! Сиздек етук донишманд бу ишда сабийлик қилубдур. У қари тулки бу сир-асрорни шайх ҳазратларига етказгандур. Олтинни яшириб, дарҳол қочмоғингиз даркор. Билъакс, олтинни тортиб олиб, ўзингизни йўқ қиладурлар, устод!
Ё дариғ! Соч-соқоли ўсиб, кўзлари ёниб турган бу мажнунсифат дарвеш чин сўзни айтмоқдами ё қаллоблик билан унинг сирасрорини билиб олмоқчими? Лекин Салоҳиддин заргар!.. Йўқ, бу дарвеш ёлғон сўзламас!
Унинг кўнглидаги шубҳаларни сезган Қаландар қовоғини солди:
– Фақир ёруғ дунёга келиб икки одамдан ёмонлик кўрмадим. Бири – давлатпаноҳ Мирзо Улуғбек, бири – сиз, оға! Ҳузурингизга бош эгиб келмоқдан мақсад – яхшиликка яхшилик қилмоқдур. Бу ниятимга шубҳа қилсангиз, дарҳол орқамга қайтамен, устод!.. – Қаландар буни қандайдир ўксиб гапирди-ю, Али Қушчининг кўнглидаги сўнгги шубҳаларини тўзғитиб юборди. У кўзини Қаландарнинг ғамгин кўзларидан узиб, жавондаги китобларга қаради:
– Сен тилла ва жавоҳирларни айтдинг, Қаландар. Ва лекин тилладан азиз бу бойликни не қиламиз? Камина бош олиб кетсам, бу ноёб хазинанинг тақдири не бўлади?
Қаландар бошини кўтариб, жавонларга узоқ тикилди. Шайх Низомиддин Хомушнинг макруҳ китоблар тўғрисида айтган таҳдидли сўзлари эсига тушди.
– Яширмоқ керак!
– Бу ҳисобсиз хазинани қайга яширамен? Қандай яширамен, Қаландар?
– Сандиқларга солиб, бошқа шаҳарларга олиб кетмоқ даркор!
– Қайси шаҳарга олиб борамен? Мирзо Абдуллатиф тахтга ўлтирса, унинг қўли етмаган шаҳар қолурми?
– Ҳар нечук бу даргоҳдан олиб кетмоқ даркор, – Қаландар бошидаги кулоҳини тўғирлаб, бир дақиқа ўйланиб турди, сўнг, Али Қушчига қарамай:
– Расадхонада, ташқи чиқадурган лаҳим3535
Лаҳим – яширин йўл.
[Закрыть] борми? – деб сўради.
Али Қушчи хиёл иккиланиб тургач:
– Бор, – деб жавоб берди.
– Олтинларни олиб, мен билан юринг, – деди Қаландар буйруқ оҳангида. – Бир жойга борамиз, устод.
– Қайга?
– Сўраманг. Олтинларни олинг!
Қаландарнинг амри Али Қушчининг кўнглига яна ғулғула солса ҳам, у таваккал қилиб, жавонга нарвон қўйиб, китоблар орқасига яширган тилла ва жавоҳирларни ола бошлади.
Қаландар пиёладай-пиёладай қуйма олтинларни қўлида салмоқлаб кўриб хуржунининг кўзларига жойларкан:
– Бу бойликни яширган хуфия жойингиз шуми? Борокалло сизга, мавлоно! – деб кулиб қўйди. У олтинларни жойлаб бўлиб:
– Лаҳим қайда? Бошланг, мавлоно! – деб амр қилди.
Унинг дағал буйруғи Али Қушчига совуқ эшитилса ҳам, энди чекиниш пайти ўтган эди. У қўйнидаги ханжарни тўғирлаб қўйди-да, шамни қўлига олиб эшикни очди.
Тик зиналар қоронғи йўлакдан ер ости йўлига олиб тушар эди.
Биринчи ошиёнанинг ён томонида торгина ертўла бўлар, ертўланинг ўртасида тегирмон тошига ўхшаган юмалоқ тош билан ёпилган қудуқ бор эди. Қудуқ чуқур эмас, нари борса ўн-ўн беш газ бўлиб, унинг бир томонидан одам аранг сиғадиган туйнук очилган эди. Туйнукка кириб, ер остидаги тор, илон изи лаҳимдан ўтилса… Кўҳак томондаги сойга чиқилар эди. Лаҳимни бутун Мовароуннаҳрда фақат икки киши – Мирзо Улуғбек билан Али Қушчи билар, лекин Али Қушчи ҳам унга умрида бир маротабагина тушган эди.
– Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!
Оғиз-бурнини шоҳи қийиқча билан ўраб олган Али Қушчи белига арқон боғлаб қудуққа биринчи бўлиб тушди. Суви тиззадан келадиган қудуқ зах, муздай совуқ эди. Али Қушчи қудуқ деворларини пайпаслаб туйнукнинг оғзидаги тошни олиб ташлади. Зимистон унгурни кўрганда вужудини қамраб олган нохуш туйғуни аранг енгиб туйнукка кирди. Қурилибдики, одам боласи бош суқмаган камбар лаҳим ўргимчак уяси билан қопланган, зах деворларида қандайдир ҳашаротлар, калтакесаклар, қирқоёқлар ўрмалаб юрар, қўланса моғор ҳиди димоққа “гуп-гуп” урарди. Али Қушчи, қўлида шам, олдинда энгашиб бораркан, шамдан қочиб деворларда изғиб қолган ҳашаротларни кўриб ижирғаниб кетди… Бир сафар илондай совуқ, шилимшиқ бир нарса бўйнига шалоп этиб тушди-ю, тирноқларигача зирқиратиб юборди. Қаландар эса ҳеч нарсага парво қилмай кетма-кет хуржун судраб келар, ўхтин-ўхтин, гўё “жадалланг, мавлоно”, дегандай кифти билан Али Қушчини елкасидан туртиб қўярди. Ниҳоят, зимистон тор йўлак тугаб, катта ғадир-будур тош йўлларда кўндаланг бўлди-ю, улар таққа тўхташди.
Қаландар билан Али Қушчи оёқларини ерга тираб, кифтлари билан тошни азод кўтарган эди, у оҳиста қўзғалиб, тўсатдан “гурс” этиб ағдарилди-ю, димоққа “гуп” этиб мусаффо ҳаво урди…
Лаҳим терак бўйи келадиган жарга чиққан. Жар таги тошлоқ сой эди.
Улар сойга тушиб, икковлашиб катта тошни жойига қўйишдида, жар ёқалаб кетишди.
Али Қушчи ҳайрон эди: Қаландар Қарноқий Самарқандга эмас, билъакс, Ургут томонларга йўл олди. Сал ўтмай, ўнгга бурилиб, “Обираҳмат” ариғини ёқалаб кетди… Ойсиз, зим-зиё тунда юриш қийин, оёқ остидаги тошлар ғачир-ғучур қилар, ариқ бўйидаги тол шохлари юзларига урилар, Қаландар эса, ҳеч нарсага парво қилмай тобора жадаллаб борарди… Бу телба дарвеш уни қайга етаклайди? Нияти покми, ўзи? Пок бўлса қайга боришларини нечун пинҳон тутади?.. Ана, олдинда қандайдир боғлар кўринди. Пастда сой бўйида тегирмон новларидан қуйилган сувнинг бир маромда шовуллаши эшитилди. Улар тегирмонга етмай, катта бир боққа киришди ва аллақандай токзорлардан, ҳали кўмилмаган анорзорлардан ўтиб, қир ёнбағрида жойлашган қишлоққа киришди. Кейин яна ўнгга бурилиб, тор кўча бўйлаб кетишди.
“Ноғора тепа!” – хаёлида деди Али Қушчи. Кўчалар шундай тор ва қинғир-қийшиқ эдики, икки туя рўпара келса ўтолмас эди. Кўча юзидаги уйлар, пахса деворлар, қўл чўзса тегадиган болохоналар гўристондай жимжит, ҳовлилардан тиқ этган товуш эшитилмас, аҳён-аҳёндагина пастқам дарвозалар орқасида итлар ириллар, қўйларнинг тапир-тупури эшитилиб қоларди-ю, яна жимлик чўкарди.
Улар бораётган тор кўча кичикроқ майдончага олиб чиқди. Майдончанинг қибла томонида баландгина тепалик бўлиб, унинг этагида икки туп сада кўзга чалинарди.
Қаландар Қарноқий у ёқ-бу ёққа қараб олгач, Али Қушчига “юринг” деб имо қилди-да, майдончадан чопқиллаб ўтиб, садалар остида тўхтади.
Қирнинг олд томони гўё пичоқ билан кесилгандай тикка чопилган бўлиб, ўртасида унгурдай бир нарса қорайиб турарди. Қаландар оёқ учида юриб бориб, унгурнинг темир қопланган эшигини уч марта секин қоқди-да, ўзини яна сада панасига олди. Сал ўтмай, эшик ғичирлаб очилиб, лаҳимнинг туйнугидай зимзиё туйнук кўринди.
Қаландар Али Қушчини қўлидан ушлаб, икки букилганича қоронғи унгурга шўнғиди.
– Ассалому алайкум, отахон…
Унгурнинг тупкарисидан аллақандай вазмин ва йўғон овоз эшитилди:
– Ваалайкум ассалом!..
Али Қушчи Қаландарнинг орқасидан қоронғи туйнукка кираркан, хаёлидан:
“Бир лаҳимдан чиқиб, бошқа лаҳимга кирдикми? – деган фикр ўтди. – Бу жунунсифат девона қай гўристонга бошлаб келди?”
Улар чиндан ҳам лаҳимга ўхшаган камбаргина зимистон йўлкага кирган эдилар. Йўлканинг охирида милт-милт ёнган шуъла кўринарди. Улар шуълага қараб юрдилар ва узун, тор йўлакдан ўтиб, шифти қуббасимон қилиб ясалган катта ғорга кирдилар. Токчадаги мойчироқнинг хира шуъласида улкан ғор қандайдир ваҳимали туюларди. Олдинда бораётган Қаландар тўхтаб:
– Мана, камина айтган мавлоно Али Қушчи ҳузурингизга қадам ранжида қилдилар, ҳазрати Темур бобо! – деди.
Нимқоронғи ғорнинг бир бурчидан бояги вазмин товуш эшитилди:
– Ассалому алайкум, мавлоно! Фақир кулбамизга хуш келибсен, ўғлим Алоуддин!
Ҳайратга тушган Али Қушчи кўнгли ғалати бўлиб олдинга ўтди.
– Ваалайкум ассалом, бузруквор!
– Боракалло, мавлоно! Қани, юқори ўт!
Кўзлари қоронғига ўрганган Али Қушчи атрофига қизиқсиниб қаради.
Улар кирган жой – баланд тепаликнинг ёнбағрига ўйиб кирилган катта ғор бўлиб, икки ёнида яна иккита кичикроқ унгурлар кўринар эди. Йўлакдан кирган жойдаги унгурда темирчилик асбоб-ускуналари, босқон ва сандон, унинг тагида оғир болға ва чўкичлар, узун темир қисқичлар, омбурлар ётар, чап томондаги ғорда қозон-товоқ, қумғон, чойдиш, ҳар хил обдасталар ва бошқа рўзғор буюмлари териб қўйилган эди. Катта ғорнинг тўрида, пўстак ёзилган супада, бошига чамбарак кигиз қалпоқ кийган, кўпдан бери қайчи тегмаган қалин соқоли кўксига тушган бир чол, қўлида наяки, қўй терисидан тикилган кенг пўстинга ўраниб, чордона қуриб ўтирарди.
Чолнинг орқасидаги текис чопилган деворга иккита қилич ва қалқон осилган, қиличларнинг ўртасидаги токчада қандайдир эски китоблар кўринарди… Ғорга ҳайрат билан тикилиб қолган Али Қушчининг эсига… ногаҳон Ургут тоғларида Мирзо Улуғбек билан ов қилиб юрганларида кўрган бир ғор тушди. У ҳам худди мана шунга ўхшар, зимистон, камбар лаҳимдан қўрқмай ўтиб борилса, худди шундай кенг ғорга кириларди. Ғорнинг деворлари ва қуббасимон шифти гўё инсон қўли билан ясалгандай силлиқ, оппоқ мармар тошлардан барпо бўлган эди. Тўсатдан Али Қушчининг миясида бир нарса “ярқ” этгандай бўлди: “Хазинани ўша ғорга яширмоқ даркор!”
Унинг хаёлини чолнинг:
– Нечун талмовсираб қолдинг, мавлоно? – деган овози бўлди. – Қани, ўт бу ёққа! – Чол ўнг томонидаги устига пўстак ташланган катта тўнкани кўрсатди. – Тортинмай ўлтиргайсен, мавлоно. Бу тўнкада осий банданинг адаши, соҳибқирон Амир Темур ўлтириб, мана бу косада… – чол қўлини чўзиб китоб терилган токчанинг остидан катта мис коса олди. – Мана шул косада фақирга бода тутган. Фақир эсам унга наша чектирганмен, мавлоно…
Али Қушчи эндигина Темур Самарқандий деган машҳур темирчининг ғорида турганини тушунди. Амир Темур лашкарида хизмат қилган бу одам тўғрисида Али Қушчи кўп ғалати ҳангомалар эшитган, лекин ўзини кўрмаган эди.
Али Қушчи тавозе билан қўл қовуштириб, чол кўрсатган тўнкага ўтирди. Қаландар эса чолнинг ёнига чўнқайди.
– Ҳа, мавлоно Али Қушчи, – деди чол. – Сиз Амир Темур Кўрагоний ўлтирган тўнкада ўлтирибсиз. Амир Темурдан сўнг бул тўнкада унинг фарзанди Хоқони Саид Шоҳруҳ Мирзо ўлтирган эди… – Чол сийрак, лекин ўсиқ қошларини силаб мийиғида кулимсиради. – Ул зоти шариф қуйма олтин олиб келибдурким, қиблагоҳ Амир Темурга ясаган қиличдай қилич ясаб берармишмен. Билмайдурларким, қилич ясамасликка онт ичганмен…
Бу тўғрида ҳам Али Қушчининг қулоғига аллақандай мишмишлар чалинган эди. Гўё Шоҳруҳ Мирзо Самарқандга ташриф буюрганида машҳур бир темирчига қилич буюрган, темирчи эса қилич ясашдан бош тортган. Шоҳруҳ Мирзо дарғазаб бўлиб, уни дорга осишга буюрган, лекин Мирзо Улуғбек аралашиб, темирчини ўлимдан олиб қолган…
Али Қушчи чолнинг қора қурум босган серажин юзига, пахмоқ қошлари остидаги тийрак кўзларига ҳаяжон билан тикилди. Чолнинг кенг юзи, кўксига тушган оппоқ соқоли, куч ёғилиб турган бақувват жуссаси, тиззасига тираб ўтирган қоқ суяк қўллари худди чўнг қоядан ўйиб ясалганга ўхшар, вужудидан бўлакча бир мардонаворлик, ирода, куч ёғилиб турарди.
– Онт ичмоғингизга не сабаб бўлди, отахон? – деди Али Қушчи.
Чол қурум босган серажин юзини бужмайтириб, қўлини силтади.
– Э-э, бунинг ҳангомаси узоқ, иним. Алқисса, камина Амир Темур лашкарида аслаҳасоз эдим. Уста Темур Самарқандий ясаган қиличларнинг донғи Ямандан Ясангача кетган эди, ўғлим. Бир кун Соҳибқирон бир қилич буюрди. Сопи олтиндан, ўзи пўлатдан бўлсин, чопганда тошни кессин, деди. Ясадим. Шундай қилич бўлдиким, Амир Темур қўлида тўнкадай тошни ёғдек кесди. Соҳибқирон хушнуд бўлиб, эгнимга зарбоф тўн ёпди. Аммо фалакнинг гардишини қаранг, мавлоно, сал ўтмай ул шоҳи бешафқат осий банда ясаган шул қилич билан Кўксарой майдонида ёлғиз оғам, бирдан-бир жигаргўшамнинг калласини олди!.. – Чол кўзларини юмиб, лабларини пичирлатиб тиловат қилди ва юзига фотиҳа тортди. – Жигаргўшам сарбадорлар саркардаси эди, мавлоно. Кўкрагида шер юраги бор эдию фақирга ҳамиша айтур эди: иним Темур, қўй шул ҳунарингни. Бу қонхўр каллакесарга кимки қилич ясаб берса, гуноҳи азимга қоладур, тонг-ла маҳшарда жазосини тортадур, дер эди раҳматлик. Йўқ, кўнмаган эдим, ул Соҳибқироннинг ширин каломию тортиқларига учган эдим. Аммо бул юмушим парвардигори оламга маъқул бўлмаган экан, ахийри жазоимни тортдим: ўзим ясаган қилич билан ўз жигаргўшамнинг боши олинганини кўрдим. Оғамга қўшиб яна ўттиз икки мард ўғлон… ўттиз икки сарбадорнинг бошини танидан жудо қилди… Ҳа, ўғлим, ўзим ясаган қилич жигаргўшамнинг қонини тўкканини кўрдим. Кўрдим-да, бир тунда Амир Темур инъом этган ҳамма саруполарга ўт қўйиб, бошимни олиб тоғларга чиқиб кетдим… Тўрт йил бошимга кулоҳ, устимга жанда кийиб, бу ёғи Бадахшон, бу ёғи Балх, ундан нариси Ҳироту Бағдод, Маккаю муккаррама – барини дарбадар кезиб чиқдим. Энди ўз элимни кўрмоқ насиб бўлмас, суякларим ёт элларда калхатларга ем бўлур, деб ўйлаган эрдим. Йўқ, девонанинг ишини худо ўнглар экан, болам. У бераҳм шоҳга Чину Мочинга юриш қилиб, Ўтрор устида дорилфанодин дорилбақога рихлат этибдур деган хабар етди… Осий банда ўз юртининг қадрини мусофирликда билар эркан, ўғлим. Бул хабарни эшитдиму белни маҳкам боғлаб, қўлимга асони олиб, йўлга тушдим. Ўн икки ою беш кун деганда кўзимга Мовароуннаҳр сарҳади кўринди. Жайҳунга етиб беҳуш йиқилдим, болам!.. – Чол қора-қура йўғон бармоқлари билан кўз ёшларини сидириб ташлаб, сукутга чўмди. Али Қушчи ер остидан Қаландарга қаради. У ҳам соқолини тутамлаб, бир нуқтага тикилиб ўтирар, ўз юртини эслаб, ўксиган бўлса керак, сўник юзида теран бир маҳзунлик акс этарди.
– Мавлоно Али Қушчи, – деди чол. – Оллоҳ гадойи Қаландар сир-асрорнинг бир четини очди. Фақир илм даргоҳидан сув ичмаганмен, аммо Ҳироту Бағдоду Дамашқда кўп мадрасаи олийларда ҳовли супуриб, кўп донишмандларнинг хизматларини қилганмен, пурҳикмат суҳбатларидан баҳраманд бўлганмен. Алқисса, не хизмат даркор бўлса – аямасмен, болам!..
Али Қушчи қўлларини кўксига қўйиб, таъзим қилди.
– Минг-минг раҳмат сизга, валломат. Сиз шаҳзода Мирза Абдуллатиф тахту тож ишқида Мовароуннаҳрга бостириб кирганидан воқифдурсиз?
Чол бош ирғади.
– Ўз падарига қилич кўтарган зурриёт, иншооллоҳ, ҳақ таолонинг қаҳрига йўлиқур, мавлоно…
– Иншооллоҳ, дуонгиз мустажоб бўлғай. Аммо давлатпаноҳ Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрда қирқ йил ҳукм сурганида расадхонадай жамиул-улум барпо этиб, кўп пурҳикмат китоблар, кўп ноёб қўлёзмалар, кўп илм дурдоналарини тўплаган эрди. Бу илм хазинасини жоҳилу гумроҳлардин сақламоқни Мирзо Улуғбек камина зиммасига юклаган эрди…
– Мирзо Улуғбек! – Чол кўзларини юмиб, уф тортди. – Ҳай аттанг! Шундай зукко одам, қузғун саркардаларига инониб, қариган чоғида кўп панд еди. Кўнглингизга келмасин, мавлоно, аммо уруш баҳона, бу амиру умаро кафангадо қилди-ку, биз бечораларни. Жабр бўлганда биздай камбағал ҳунармандларга жабр бўлди, ўғлим.
Али Қушчи қизаринқираб ерга қаради. На чора, уста ҳақ: бу уруш ёлғиз фуқаро эмас, устоднинг ўз бошига ҳам кўп мусибат солди. Қаландар ўрнидан бир қўзғалиб:
– Отахон! – деди. – Ҳозир бу сўздан фойда йўқ. Илм хазинаси хавф остида қолгандир.
– Бас! – уста кафтини унинг тиззасига қўйди. – Қанча сандиқ лозим дединг?
– Ўн беш-йигирма сандиқ бўлса кифоя.
– Қачон тайёр бўлмоғи керак?
– Қанчаки тез бўлса нур устига аъло нур! – деди Қаландар ва хуржунга имо қилиб қўшиб қўйди:
– Тиллани аямасмиз. Отахон!
“Тилла” сўзини эшитган чол ижирғаниб юзини буриштирди. У ўсиқ қошларини силаб хиёл ўйланган Қаландарга юзланиб:
– Эртага шомдан кейин бир хабар олурсен, ўғлим, – деди.
– Раҳмат, бузруквор… Буни не қилурмиз? – Қаландар хуржунни кўрсатиб кулди. – Ичи тўла олтин!
– Кўммоқ даркор, – чол шундай деб, қибла томондаги қоронғи хонага ишора қилди. – Олиб кириб кўмгайсен. Фақирга олтин не, темир не – фарқи йўқдур.
Қаландар хонақоҳдаги темир-терсакларни бир томонга суриб, тиззадан келадиган чуқур ковлади. Тилла ва жавоҳирларни чуқурга хуржуни билан кўмиб, устига тупроқ тортди-да, темиртерсакларни уйиб қўйди.
Али Қушчи уста Темур Самарқандий билан хайрлашиб, Қаландар икковлон ғордан чиқаркан, гўё елкасидан тоғ қулагандай енгил тортди. Ташқарида ҳамон совуқ бўрон увиллар, қутурар эди. Шамол кучайиб булутлар тарқаган, осмон ғуж-ғуж юлдузларга тўлиб кетган эди. Тонг яқин бўлса керак, ҳар жой-ҳар жойда хўрозлар қичқирар, итлар ҳурар, эшаклар ҳанграрди.
Улар келган йўлларидан орқага қайтишди. Жарликдан чиқиб, расадхона дервозасига яқинлашганларида олдинда бораётган Қаландар Али Қушчини қўлидан “шап” ушлаб, йўл ёқасидаги чинор панасига тортди.
Дарвоза томондан кимдир “Ҳақ дўст, ё олло”, деб ғинғиллаб келарди.
Қаландар Али Қушчини панада қолдириб, ўзи дарвешнинг йўлини тўсди.
– Ҳа, Қашқир, бу ёқларда не қилиб тентираб юрибсен?
Қашқир бир нима деб пўнғиллади.
– Билиб қўй, ғилай; сен қашқир бўлсанг, мен йўлбарс бўлурман. Агар айғоқчилик азмида юрган бўлсанг, ғилай кўзингни ўйиб олиб, ўзингга ошатурмен. Уқтингму?
Дарвеш жавоб бермай ўзича сўкинди-да, тўтиқушдек сайраганича “Боғи майдон” томонга ўтиб кетди. Қаландар бир лаҳза кутиб турди, сўнг Али Қушчининг ёнига қайтиб:
– Эҳтиёт бўлмоқ керак, мавлоно, – деди. – Шайх ҳазратлари айғоқчи устига айғоқчи қўйибдур.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?