Электронная библиотека » Одил Ёкубов » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Улуғбек хазинаси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:20


Автор книги: Одил Ёкубов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +
3

Тўрига қуйма тилладан ясалган ўймакор курси ўрнатилган саломхона нимқоронғи эди. Шифтдаги олтин қандилда нечундир бир нечтагина шам ёнар, бу шамлар шуъласида ложувард кошинлар билан қопланган деворлар, қуббасимон шифтдаги нозик безаклар қандайдир ҳазин товланиб, хонага аллақандай сирли бир руҳ бахш этган эди. Али Қушчининг эсига беихтиёр соҳибқирон аталмиш Амир Темур тушди. Бу сирли нимқоронғи хонада, тўрдаги қуйма тилладан ясалган нақшинкор тахтда бир маҳаллар Соҳибқирон ўтиргани кўз олдига келиб, вужуди жимирлаб кетди. Гўё хонада унинг нотинч руҳи ҳоким, бир руҳ гўё унинг суюкли даргоҳига Али Қушчидай фақир бир алломанинг кириб келишидан норизо эди.

Мирзо Улуғбек тахтнинг орқасига ўтиб, деворга тутилган сурма ранг ипак пардани юлқиб очди. Парда очилганда бир киши зўрға сиғадиган, раҳларига мис тасма қоқилган кичикроқ эшик кўринди.

Мирзо Улуғбек белидаги сербар камарига осилган калитни олиб эшикнинг қулфини жаранглатиб очди. Сўнг, қуббасимон токчадан битта шам олиб, Али Қушчига узатди, иккинчи шамни ўзи олиб ёқди-да, кифти билан эшикни итарди.

Пўлат қопланган залворли эшик аста ғичирлаб очилди-ю, қоронғи бўшлиқ кўринди.

Мирзо Улуғбек ярим букилиб эшикдан қоронғиликка шўнғиди. Унинг орқасидан кирган Али Қушчи зим-зиё қудуқни кўрди. Димоғига моғор ҳиди гуп этиб урди. Мирзо Улуғбек, бир қўлида шам, бир қўли билан қудуқнинг сирпанчиқ деворини пайпаслаганича тик пиллапоялардан пастга тушмоқда эди. Ниҳоят, у “қудуқнинг тагига” етди чамаси, яна бир эшикни очиб, ертўлага ўхшаган хонага шўнғиди.

Бу – деворлари қора мармар билан қопланган, шифти паст, торгина чорси хона бўлиб, ичи муздай совуқ эди. Хонанинг тўрт бурчида тўртта пўлат сандиқ турар, сандиқлар оғир занжирлар билан темир қозиқларга боғланган эди.

Совуқ гўрга ўхшаган бу тош сағанада ҳам ўша сирли руҳ ҳоким, гўё сандиқлар ортида, шамларнинг заиф шуъласи ёритолмаган зимистон бурчакларда кимдир бор, кимдир қаҳрли сукут билан уларни кузатиб турарди…

Мирзо Улуғбек кўзларини юмиб ва бошини эгиб, бир лаҳза турди, тиловат қилди чамаси, лаблари пичирлаб, юзига фотиҳа тортди, сўнг, рўпарадаги катта пўлат сандиқнинг қулфига калит соларкан, Али Қушчига қараб: “ёрдам бер”, деган маънода имо қилди.

Сандиқнинг қопқоғи шундай оғир эдики, икки кишилашиб, аранг кўтаришди. Қопқоқ жаранглаб очилиши билан ғира-шира хона гўё чарақлаб кетди.

Катта сандиқ ял-ял ёнган олмос, лаъл, ёқут, инжу, забаржад ва яна қандайдир нафис товланган қимматбаҳо тошлар билан лиммо-лим эди.

Мирзо Улуғбек тошлардан бир ҳовучини олиб ҳайрат билан тикилди.

Тошлар кўк, қизғиш, яшил ва фируза ранг нур таратар, бу нурлар бир-бирига қўшилиб, камалакдай ажиб бир манзара касб этарди.

– Бағдод ва Қоҳира хазиналаридан келтирилған, – деди Мирзо Улуғбек ўйчанлик билан. – Бобом Амир Темур султон Боязидни тору мор этганда олиб қайтган ўлжалари. Лекин ҳазар қилмағил. Аслини суриштирсанг фуқаронинг мулкидир бу. Ундан бир халта олғил.

Али Қушчи ҳайрат билан устодига қаради.

– Буларни не қиламен, валломат?..

– Сенга бойлик керак эмас. Буни биламен. Аммо бу дуру жавоҳирларни боя мен айтган яхши тилак йўлида ишлатурсен!

Мирзо Улуғбек шундай деб, сандиқдаги тошларни бир четга сурди. Ярим қоронғи хона яна ҳам ёришиб кетди: тошларнинг тагида қуйма олтинлар ялтиллади. Юм-юмалоқ қолипларга қуйилган олтинлар худди тўнтарилган пиёлалардай сандиқ тагида қатор терилган эди.

Мирзо Улуғбек тиллалардан биттасини олиб, қўлида салмоқлаб кўрди.

– Нақ уч қадоқ келур, – деди. – Булар жаннатмакон бобомнинг менга қолдирган улушидур. Мен ўз улушимни жаҳонгирлик эмас, салтанатни обод қилмоқ, мадрасалар қуриб, илм-фан ривожига сарф этмак ниятида эдим. Энди ҳам шу ният йўлига сарф бўлғай…

Мирзо Улуғбек сандиқ остидан қалин қизил чарм халтача олиб, пиёладай-пиёладай қуйма олтиндан ўнтасини санаб ол ди, кейин кафтларини тўлдириб, беш-олти ҳовуч гавҳару жавоҳирлардан солди-да, Али Қушчига юзланди:

– Ол!

Али Қушчи чарм халтани сандиқдан олиб ерга қўйди: халта зилдай оғир эди.

Мирзо Улуғбек хаёлга толиб соқолини тутамлади.

– Филҳақиқат, сен бу тиллаларни ишлатмоқ йўлини билмассен, – деди у, анча сукутдан кейин. – Лекин буларни тангага алмаштирмоқ лозим бўлса, Хожа Салоҳиддин заргарга мурожаат қилғил. Зотан, заргар билан унинг ўғли мавлоно Муҳиддинга ҳам саломим, ҳам узр-маъзуримни етказгил. Токи бу мушкул ишда суянган бир тоғим сен бўлсанг, бир тоғим мавлоно Муҳиддиндур… Шаҳзоданинг гуноҳини кечиргай. Саломимни етказгил, Али. –Бош устига, устод…

Мирзо Улуғбек сандиқнинг қопқоғини ёпаркан:

– Биласен: шаҳзода – ногирон, қалби мажруҳ…

Устод Жайҳун бўйларида қўшин тортиб турган маҳалда Самарқандда қолган шаҳзода Абдулъазизнинг мунофиқликлари эсига тушган Али Қушчи: “О, устод, устод! – деди ичида. – Нечун бу фарзандингизга қаттиқ меҳр қўйдингиз? Сизнинг бошингизга тушган барча надоматларга шу фарзанди аржумандингиз2020
  Фарзанди аржуманд – суюкли фарзанд.


[Закрыть]
сабаб эмасми? Сиз унинг жисмини ногирон, қалбини мажруҳ дейсиз, у бўлса… ўрнингизга Самарқандда қолганида саркардаларингизни тазйиқ остига олди, амир Иброҳимбек ўғлини қатл қилдириб, барча лашкарбошиларингизни сизга қарши қўйди…”

Мирзо Улуғбек, гўё Али Қушчининг фикрларига тушунгандай оҳиста хўрсиниб қўйди:

– Мен ўзимдан қўрқамен, Али. Ҳақ таоло инъом этган умрни яхшидур, ёмондур, ўткардим. Бу норасо дунё лаззати шунчалик бўлур. Аммо… пушти камаримдан бўлган бу фарзандимнинг тақдири не бўлади? Оға-ини бир-бирини не қилади? Буни ўйласам юрагим эзилади, зеро, унинг жисми ногирон, қалби мажруҳ, Али!

Али Қушчи, гўё устодига густоҳлик қилгандай туюлиб, унинг ғамгин чеҳрасидан кўзини олиб қочди.

– Бас! Тангри таоло ўзи мушкулимизни осон қилғай! – Мирзо Улуғбек сандиқнинг қулфини илди-да, шамни қўлига олиб, олдинга ўтди. Саломхонага чиққач, эшикларни очиб, бошқа хоналарга қаради, ҳеч ким йўқлигига ишонгач, Али Қушчига юзланди.

– Кўксаройдан бу жавоҳиротни олиб чиққанингни ҳеч кимса билмаслиги даркор, – деди у. – Белбоғ билан белингга икки қатор қилиб тугиб ол!

Али Қушчи бош ирғаб устодига тикилди.

– Каминадин тағин не тилайсиз, устод?

Мирзо Улуғбекнинг кўзлари қисилиб, чеҳрасида ўйчанлик аралаш шиддатли бир ифода пайдо бўлди.

– Бор тилагимни боя айтдим, мен ўзимнинг чин бойлигим деб тожу тахтни эмас, илм-маърифат йўлида қилган хизматларимни, битган асарларим, тўплаган илм хазинасини билурмен. Бу бебаҳо хазинанинг тақдири сенинг қўлингдадур, Али. Бу хазина буткул Мовароуннаҳр, эҳтимолки буткул башариятнинг бойлигидур. Мабодо ҳақ таоло бандаи ожизни салтанатдан мосуво қилиб, элда хурофотки авжга минса… бу хазинани бўлғуси авлодлар учун асраб қолмоқ сенинг гарданингдадур. Эҳтимолким, уни тоғларга олиб чиқиб, аниқ бир жойга яширурсен. Эҳтиёт шарт, шу букундан уста топиб, ўн-ўн беш пўлат сандиқ ясатиб қўймоқ мақбул бўлур.

– Англадим, устод…

Мирзо Улуғбек қўлларини шогирдининг елкасига қўйди.

– Ҳақ таолога шукурким, ўз пушти камаримдан бўлған фарзандларимдан ёлчитмаса-да, сендай шогирд ато қилди… – Мирзо Улуғбек қалтираган қўллари билан Али Қушчини қучоқлаб, пешонасидан ўпди.

Али Қушчи нечундир яна ўша илиқ баҳор кунини эслади, кўз олдига нимжонгина оппоқ чол – жаннатмакон устоз Қозизода Румий келди . Чол ҳам худди Мирзо Улуғбекка ўхшаб пешонасидан ўпгани, юзига теккан оппоқ майин соқоли ёдига тушиб, кўнгли эриб кетди.

– Биллоҳ, фақир ҳам Оллоҳга шукур қиламенким сиздай меҳрибон устод ато қилди! – Али Қушчи беихтиёр кўзига ёш олди. – Тақдир бошқа йўлни ихтиёр этганда ким бўлар эдим?

Мирзо Улуғбек йирик тилла узук тақилган шаҳодат бармоғи билан кўз ёшларини артиб, тўсатдан шикаста овозда:

– Мен сендан абадул-абад розимен, – деди. – Агарчи дийдор кўришмак насиб этмас, рози бўлғайсен, ўғлим.

У бу кун иккинчи бор Али Қушчини “ўғлим” деди.

– Фақир ҳам розимен, устод, тоабад розимен…

Устод билан шогирд, кўз ёшидан тиллари лол, қаттиқ қучоқлашганларича жимгина қотиб қолдилар.

4

Мирзо Улуғбек Али Қушчини пастки ошиёнагача кузатиб қўйиб, овчилик ўлжалари билан безатилган хонага қайтиб кирди. Бу муаззам саройдаги сон-саноқсиз хоналар орасида Мирзо Улуғбек шу кенг осуда хонани кўпроқ хушлар эди. Саломхонада ўтириб чарчаганида, салтанат ишлари кўнглига текканида аксарият шу хонада ўтириб ҳордиқ чиқарар, мутолаа ва мушоҳада лаззатини сурар эди.

Хонанинг тўридаги хонтахтада кумуш баркашларга солинган кабоб ва патирлар, нозик мунаққаш пиёлаларга қуйилган бода қандай бўлса, шундай турарди.

Мирзо Улуғбек курсига ўтириб, бир ҳўплам шароб истагида пиёлани қўлига олди, лекин шу пайт мармар зиналарда гурс-гурс оёқ товушларини эшитиб, пиёлани жойига қўйди. Хонага тунд юзлик саройбон кириб, бош эгди.

– Бобо Ҳусайн Баҳодир…

– Қани? Айт, кирсин!..

Мирзо Улуғбек сўзини тугатмаган ҳам эдики, остонада кеча Кешга чопар қилиб юборилган суюкли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодир кўринди.

Новча, хушқомат, хушсурат Ҳусайн Баҳодир қўл қовуштирганча пойгакка тизза букди. Бошидаги учлик дубулғаси остидан оққан шиғ-шиғ тер томчилари юзини ювиб, қоп-қора соқолмўйловларига томчилар, мис совут тагига яширинган кенг кўкраклари темирчининг босқонидай кўтарилиб-тушиб турарди. Мирзо Улуғбек ранги ўчиб ўрнидан турди.

– Нечук гунгдай қотиб қолдинг? Сўзла!

– Аълоҳазратлари афв этсинлар. Сиз шаҳриёри фалак-иқтидорни хушнуд қиладурғон хабар келтирмадим…

– Сўзла! – бақириб юборди Мирзо Улуғбек.

– Кеш қўлдан кетгани аниқдур, валинеъмат! Қалъа доруғаси Амир Камолиддин Кеш калитини шаҳзодага қаршиликсиз қўш қўллаб топширибдур!

– Амир Арслон қайдадур!

– Амир Арслон ўз лашкари билан довонда турибдур…

Мирзо Улуғбек қўлларини орқасига қилганича хонани бир айланиб чиқди. Унинг кўзлари қисилиб, бурун катаклари пирпирай бошлаган, жағ пайлари туртиб чиққан қорамтир юзида, бутун важоҳатида шафқатсиз бир ифода пайдо бўлган эди. Сукут чўзилиб кетгач, саройбон Ҳусайн Баҳодирни секин туртди. Ҳусайн Баҳодир томоқ қириб:

– Онҳазратимнинг фармонларига тайёрмен, – деди.

Мирзо Улуғбек бошини кўтариб, уйқусизликдан қизарган кўзлари билан навкарига қаради, лекин навкарини кўрмади, хаёли бошқа ёқларда кезиб юрарди.

– Не дединг? Ҳа! Субҳидам лашкар тортиб йўлга чиқамиз. Отанжомлар шай бўлсин!

– Фармони ҳумоюн амри вожибдур, онҳазратим. Ва лекин бир арзим бор…

– Сўзла.

– Арзим шуки, черик2121
  Черик – кўнгиллилар маъносида.


[Закрыть]
йиғсак.

– Черик?

– Фуқаро сизга содиқдур, валинеъмат! Ижозат этсангиз бешўн минг черик йиғар эдик.

Мирзо Улуғбек соқолини тутамлаб узоқ ўтирди, кейин оҳиста бош чайқаб:

– Йўқ, – деди. – Лашкар бас келмаган жойда черик не қилади? Бор, дамингни ол, Бобо Ҳусайн…

Саройбон билан Бобо Ҳусайн Баҳодир орқалари билан юриб чиқиб кетишди. Мирзо Улуғбек шароб тўла пиёлани қўлига олиб, бир кўтаришда сипқариб ташлади…

Ҳайҳот, унинг сўнгги умиди ҳам чил-чил синди. У шаҳзода Абдуллатифнинг катта қўшин билан Жайҳундан ўтиб, Кешга яқинлашаётганини билса-да, бу мустаҳкам қалъа унга жангжадалсиз таслим бўлишини кутмаган эди. У Амир Камолиддинга ишонар, унинг қалъа калитини шаҳзодага қаршиликсиз топширишини сира кутмаган, чунки уни ўзининг энг содиқ амирларидан бири деб ўйларди!.. Бас, Амир Камолиддинки сотқинлик қилган экан, эндиликда кимга инонмоқ, кимга суянмоқ даркор? Эсига беихтиёр бобосининг бир гапи тушди.

Амир Темур Ҳиротда, “Боғи жаҳонда” Шоҳруҳ Мирзо билан суҳбатлашиб ўтириб, ўғлининг қайси бир амирнинг содиқлиги тўғрисида айтган гапига заҳарханда билан кулган эди.

– Бу амирларга инонма, ўғлим! Уларни содиқ бўлсин десанг, қиличингни илгингда2222
  Илик – қўл.


[Закрыть]
маҳкам ушла!

Дарҳақиқат, мана, салкам қирқ йил Мовароуннаҳрга салтанатли шоҳ бўлди. Мурувватли фуқаропарвар подшоҳ бўлишга уринди, бутун иқтидори ва салоҳиятини шу давлат, шу эл осойишталигига сарф қилди, аммо букун боши надоматда қолганда… дардини айтадиган на бир ҳабиби, на бир табиби бор!.. Тақдирнинг қандай ўйини эканким, унинг боши маломатдан чиқмай қолди. Ё… ал қасосил миналҳақ! Бобоси Амир Темурнинг қонли қилмишлари учун тақдир ундан ўч олмоқдаму? Ё шафқатсиз Хуросон юришида унинг ихтиёрига қарши тўкилган қон учун ҳақ таоло уни ўз меҳри шафоатидан мосуво қилдиму?

Буни ўйлаши билан отаси Шоҳруҳ Мирзо вафотидан кейин Ҳиротга борганида рўй берган бир воқеа эсига тушиб, вужудвужудигача жимирлаб кетди.

Жума куни эди. Мирзо Улуғбек Ҳиротга кириши муносабати билан барча дин пешволари, аркони ҳарб ва аркони давлатлар масжиди жомега йиғилган эди. Мирзо Улуғбек Ҳиротнинг аён ва боёнлари қуршовида Мадрасаи Шоҳруҳиядан чиқиб, қиблагоҳи қурдирган қаландарлар хонақосидан ўтаётганида соч-соқоли ўсиб кетган, мажнунсифат бир дарвеш пайдо бўлди-ю, худди зикр тушаётгандай ғалати ҳаракатлар қилиб, бежо кўзларини ўйнатиб, унинг йўлини тўсди.

Олдинда бораётган суворийлар дарвешнинг устига от солдириб, уни йўлдан ҳайдашга уринишди. Лекин Мирзо Улуғбек имо билан уларни четлатиб, дарвешнинг арзини эшитишга мойиллик билдирди. Шунда телба дарвеш жулдур жандасига осилган қўнғироқчаларини жаранглатиб, ғалати қийшанглаганича Мирзо Улуғбекнинг олдига келди. У оғзи кўпириб, “Ё Оллоҳ дўст, ё олло, ҳақ дўст ё олло!” деб зикр тушар ва зикр орасида алланималарни гапирар эди. Дарвеш ғудурлаб гапиргани учунми, Мирзо Улуғбек унинг сўзларига аранг тушунди.

Телба девона унинг саркардалари Ҳирот теварагидаги қишлоқларнигина эмас, ҳатто йўқсиллар ва гадолар хонақоҳларини ҳам талон-торож қилганидан сўзлар, бу иш учун бутун темурийлар авлоди Оллоҳнинг қаҳрига дучор бўлишини башорат қиларди… Мирзо Улуғбек ўзини эшитиб-эшитмаганликка олиб, жадаллаб ўтиб кетди. Лекин ўшандан бери телба дарвешнинг мудҳиш башорати эсидан чиқмайди. Мана ҳозир ҳам ўша манзара ёдига тушиб, этлари жимирлаб кетди…

Ҳа! Бу машъум Хуросон юриши унинг бошига кўп савдолар солди. Бошда уни бу юришга даъват этган амирлар эса зафариятсиз урушдан кейин ундан юз ўгириб, зимдан чоҳ қазиш пайига тушдилар. Лекин на чора? Отаси Шоҳруҳ Мирзо вафотидан сўнг – покиза руҳи равзаи ризвонда масрур бўлғай! – волидаи меҳрибони Гавҳаршод бегимнинг кирдикорлари туфайли Ҳирот саройида низо-нифоқ авж олиб, беқиёс салтанат хавф остида қолди!

Мирзо Улуғбек кўзини юмиб бошини секин чайқади. У волидаи меҳрибонига нисбатан кўнглида илиқ бир туйғу уйғотишга ҳаракат қилди. Лекин кўз олдига узун бўйли, кўк ипакдан кенг кўйлак кийиб, бошига кўк рўмол ўраган, қўлидан тасбеҳи тушмайдиган калондимоғ бир хотин келди. У қош-кўзлари қопқора, қийғир бурун, хушсурат хотин бўлса ҳам, фариштаси йўқ, чеҳраси совуқ аёл эди. Бобоси Амир Темур Кўрагоний шаҳодат шаробини ичгандан бери Гавҳаршод бегим бу кийимни, кўк ипак кўйлаги билан кўк рўмолини ташламас, гўё Соҳибқирон учун то ўлгунча мотам тутган, шу билан бу дунё ишларидан қўл ювиб, у дунё ғамига ўтган эди. Ҳайҳот! Амир Темур Оллоҳ раҳматига йўл тутиб, Хуросон тахтига Шоҳруҳ Мирзо ўтирибди ҳамки, Гавҳаршод бегим тожу тахтни ўз қўлига олди. Саройни жоҳил гумроҳлар ила Хоқони Саидни кўролмайдиган бадхоҳларга тўлдириб юборди. Ҳирот фисқи фужур уясига айланди. Шоҳруҳ Мирзони чалғитиб, сайидларни қатл қилдирган, шаҳзодалар орасига низо туширган, суюкли набираси Алоуддавла билан Абдуллатифни бир-бирига қайраб солиб қатлу қирғин чиқарган ҳам, эвоҳ, шу волидаи меҳрибони Гавҳаршод бегим бўлди!.. Бу фитнаю хунхорликлардан иш чиқмагач, ўз ўғли Мирзо Улуғбекка “шоҳи Шарир”2323
  Шоҳи шарир – бузуқ шоҳ.


[Закрыть]
деган ном тақиб, шаҳзода Абдуллатифни қайраб солди. Шаҳзода эса… Нақшбандийлар жамоасининг раҳнамоси шайх Низомиддин Хомуш янглиғ дин пешволарининг домига илиниб қолди. О, хурофот ботқоғига ботиб қолган бу жоҳил уламолар! Илгари, Мирзо Улуғбек тахтда муқим ўтирган маҳалда улар тишларини тишларига қўйиб бўлса ҳам чидаб юришган эди. Лекин Мирзо Улуғбек Хуросон юришидан ғолибиятсиз қайтди ҳамки, дарҳол бош кўтариб чиқишди. Мирзо Улуғбек инонган лашкарбошилари эса… Юксак рутба, шон-шавкат ва зеб-зийнатга ўч бу амиру умаро эса… фақат тахт соҳиби кучда турган маҳалдаёқ қўл қовуштириб туради. Салтанат сал тебрансин, дарҳол юз ўгирди. Кимнингки қиличи ўткир – улар шунга хизмат қилади!

Ҳа, Хуросон юришидан кўп бойлик, юксак рутба ва шоншавкат кутган саркардаларнинг ҳамма умидлари пучга чиқди. На чора, бу оғир юриш зафар келтирмади. Кейинчалик, Мирзо Улуғбек ўз ўғли Абдуллатифга қарши қўшин тортиб, Жайҳун бўйларига отланганида эса, Самарқандда қолган шаҳзода Абдулъазиз кўп номақбул ишлар қилиб, бир қанча нуфузли амирларни унга қарши қўйди, урушдан чарчаган фуқаро ҳам ундан совуди. Оқибат, мана қирқ йиллик меҳнати хавф остида турибди!..

Мирзо Улуғбек бу ўйлардан боши ғовлаб, пешонасини ишқалади, яна бир пиёла шароб ичди, лекин уни ўз қаърига тортган туғёнли ўйлар гирдобидан чиқолмади.

У шогирди Али Қушчининг минг чандон ҳақ эканини дилдилидан ҳис этар, айни замонда унинг бояги гаплари қайта-қайта эсига тушиб, юрагини ўртар эди. Ахир наҳот унинг шунча хизматлари, илми маърифат йўлида чеккан заҳматлари, сарф этган бойликлари, фуқаро учун қурдирган ҳаммому қаздирган ариқлари, наҳот бунинг ҳаммаси инобатга ўтмаса? Наҳот бўлғуси насллар уни бошқа шоҳ ва бошқа фотиҳлардан фарқ этмаса? Али Қушчи ўйлайдики, Мирзо Улуғбек салтанат талашмасдан тожу тахтни шаҳзодаларга бериб, илму идрок йўлига ўтса бас, шаҳзодалар уни ўз ҳолига қўярлар, суюкли ишинг билан шуғуллан деб, расадхона ва мадрасаларнинг дарвозаларини очиб берадилар. Ҳайҳот! Али Қушчи ўйлагандай осон бўлганида Мирзо Улуғбек бу бевафо ҳокимиятни аллақачонлар тарк этиб, ўзини суюкли ишига бағишламас эрдими? Бошидаги тож, тагидаги тахт илми фунун учун даркор эканини тушунмаганида, бу совуқ кошонани, гуноҳи азимга ботиб қолган бу ҳарам, шон-шуҳрат ва мансаб ишқида ҳеч бир разолатдан тоймаган бу амирлар, саркору саройбонлар, хурофот ва таассуб ботқоғига ботган дин пешволаридан юз ўгириб, суюкли талабалари орасига, маърифат даргоҳига кетмас эрдими? Лекин не чора? Бу манҳус тожу тахт, бу салтанат, инсонлар устидан ҳокимлик қилмоқ истаги шундай ширин эканки, унинг нияти поклигига ким инонади? Ким унинг самимийлигига, ўз ихтиёри билан салтанатдан қўл ювганига инониб, тинч қўяди? Агар унга инонсалар, инониб илму идрок билан бамайлихотир шуғулланишга қўйиб берсалар, у ҳозир ҳам вафосиз ҳокимият, бу тожу тахтдан бажону дил воз кечар эрди…

Юрагини ларзага солган бу ташвишли ўйлар, аламли кўнглидаги бу тўфон нақадар зўр бўлмасин, чарчоқ ва бедор ўтган кечалар ўз ишини қилди: Мирзо Улуғбек бошини курсининг суянчиғига ташлаганича кўзлари юмилиб бораркан, хаёлидан яна ўша фикр ўтди. Башарти шаҳзода унинг тилагини ҳурмат қилса, ўз ихтиёри билан салтанатдан воз кечиб, ўзини бус-бутун илмфанга бағишлашни кўнглига тугиб қўйди. Лекин субҳидам саройга йиғилган саркардалар уни уйғотишганда Мирзо Улуғбек кечаси кўнглига туккан аҳду паймонини эслаб ҳам ўтирмади. Олтин камарини белига маҳкам боғлаб, бобоси Амир Темур инъом этган тилла бандлик пўлат шамширини тақиб, жанг-жадалга шайланди. Мирзо Улуғбекнинг иродасидан зўрроқ бир куч уни тахт ва салтанат учун курашга даъват этди. Мирзо Улуғбек бу кучга бўйин эгди…

5

Али Қушчи отининг жиловини дарвозада кутиб олган қоровулга тутқазиб ҳовлига кирди. Ташқарида от туёқларининг дупури эшитилди: уни кузатиб келган сипоҳлар орқага қайтган эди.

Али Қушчи расадхонага қараб юрган эди, қоровул чол:

– Энангиз келмиш, мавлоно, – деди.

– Қайда?

– Китобдорнинг ҳужрасида.

“Китобдор” – Мирам Чалабий бўлиб, кечаю кундуз кутубхонадан чиқмагани учун шу номни олганди.

“Энам бу қора тунда не қилиб юрибди?”

Али Қушчининг хаёли ҳамон Кўксаройда, устодда эди. У кутубхонага ошиқар, у ерда ёлғиз ўтириб, устоднинг гапларини яна бир ўйлаб кўргиси келар, танҳо қолишни хоҳларди. Али Қушчи истар-истамас расадхонанинг орқасидаги толиби илмлар яшайдиган бир қаватли бинога бурилди.

Мирам Чалабий бинонинг энг чеккасидаги торгина ҳужрада истиқомат қиларди. Ҳужрада биттагина шам милтираб турар, Мирам Чалабий ўзи йўқ, энаси Тиллабиби ғира-шира ҳужранинг тўрида тиззаларини қучоқлаганича пинакка кетган эди.

Али Қушчи эшикни оҳиста ёпиб, орқага қайтмоқчи бўлди. Лекин Тиллабиби уйғониб кетиб, апил-тапил ўрнидан турди-да, қушдай пилдираб келиб, ўғлини бўйнидан қучоқлаб олди.

– Қайларда юрибсан, бўталоғим?

Саҳройи манғит уруғидан бўлган Тиллабибининг энг суюкли сўзи “бўта”, “бўталоғим” эди. Али Қушчи кулимсираб энасининг елкасини силади.

– Ўзингиз қайдан келдингиз, энажон? Тун ярмидан ошгандур.

– Энангни қўй, бўтам. Ўзинг сўйла: не бўлди, не қўйди?

– Нени сўрайсиз, энажон?

– Ҳаммаёқда шум хабар: султон Улуғбек тахтдан қулабдур. Барча маҳрамлари, барча шогирдлари қатлу қирғин бўлармиш…

Кампир мижжаларида титраб турган ёш томчиларини сидириб ташлаб, дардли кўзларини ўғлига тикди. Сочлари оппоқ оқарган, юзларини қат-қат ажин босган бу муштдеккина кампирнинг нигоҳи чексиз меҳрга, унсиз бир изтиробга тўла эди.

Али Қушчи кўнгли бир хил бўлиб, энасини оҳиста қучди, уни тинчитиш умидида бепарво кулган бўлди.

– Бу ёлғонни қайси нобакор топмиш, энажон?

– Нечун куласен? Бутун даҳа сўзлайди, бўталоғим. Раҳматли отанг айтгувчи эди: султонлардин олис юрмоқ даркор экан. Қирқ йил жаҳонгирга маҳрам бўлиб, унинг қароргоҳида мулозимлик қилиб не орттирдим? Бошимга бало орттирдим, холос, дегувчи эди…

– Қўрқманг, энажон…

– Қўрқмай не қилай? Султон Улуғбекка шогирд бўламан деб, не топдинг, бўтам? Топганинг китобми? Китоб деб, бефарзанд, сўққабош ўтасенми, бу дунёдин…

– Насиб қилса бўлиб қолар, эна…

– Қачон? Энанг ўлгандами?

Одатда Тиллабибининг бу гапи Али Қушчининг ғашини келтирар, ҳатто баъзан кампирни силтаб ҳам ташлар эди, лекин бу сафар негадир юрагини зирқиратиб юборди…

Али Қушчи энасини аранг тинчитиб, унга тўшак ёзиб бердида, хонадан чиқди.

Тонг яқин. Обираҳмат томондан хўрозлар қичқириғи, итларнинг ҳуриши эшитилар, лекин осмон ҳали юлдузларга тўла эди.

Али Қушчи ўйчан одимлаганича расадхонага кирди, эшик устидаги токчадан шам олиб ёқди-да, тик зиналардан юриб учинчи ошиёнага чиқди. Воажабо, у кутубхонанинг эшигини очиши билан юрагини чулғаб олган ғусса қайгадир тўзғиб кетди-ю, хаёлини қандайдир юксак бир туйғу асир этди. Гўё у кутубхонага эмас, бу чиркин оламдан тамом бошқа, ҳаётнинг икир-чикир ташвишларидан йироқ, мусаффо бир дунёга парвоз қилган эди…

Жомиул улум2424
  Жомиул улум – илм хазинаси.


[Закрыть]
аталмиш бу хазина учинчи ошиёнанинг иккита катта хонасини эгаллаган эди. Нозик ўймакорлик билан ясалган ва ердан шифтга тегадиган жавонлар китоб ва қўлёзмаларга лим-лим тўла эди.

Али Қушчи белидаги икки белбоғ олтин ва жавоҳирларни ўртадаги курсига “шақ” этказиб ташлади-да, қўлига шамни олиб, жавонларни битта-битта кўздан кечириб чиқди. Мана, ўнг томонда садафдек терилган уч қатор чарм жилдлик оғир, қалин китоблар, бу китоблар олис Қоҳирадан келтирилган. Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоний Султон Боязид Елдиримга қарши юриш қилганида ўша томонлардан олиб келган. Лекин улар ҳанузгача яхши мутолаа этилиб, шарҳ қилинмаган.

Устоз Мирзо Улуғбек осойишта даврни кутар, Мисрияи Қоҳирадан, Бағдод ва Дамашқ мадрасаларидан фозилларни чақиртириб, бу китоб ва нодир қўлёзмаларнинг мағзини чақтириш, уларни шарҳ эттириш ниятида эди…

Узоқ Мисрдан келтирилган бу қўлёзмалар ёнидаги жавонларга Бағдоддан, ҳикмат хазинаси, деб аталмиш “Ҳизонат ул ҳикмат”дан олиб келинган китоб ва қўлёзмалар терилган. Уларнинг кўк, қизил, яшил сахтиён жилдларидаги тилла суви юритилган гулдор безаклар шам шуъласида нафис зиё сочиб товланади.

Ундан нарироқдаги рахларига ҳайвон ва қушларнинг суратлари ўйилган нақшинкор жавонларга Чин2525
  Чин – Хитой.


[Закрыть]
ва Ҳиндистондан келтирилган ноёб китоблар терилган бўлиб, уларнинг ҳар бири кўк ва сарғиш ипак матоларга ўралган.

Бундан беш-олти йил муқаддам, Шоҳруҳ Мирзо вафотидан олдин, устод Ҳиндистон билан Чиндан тилла эвазига икки катта алломани чақиртириб олган эди. Ҳинд фозили кўп ўтмай фоний дунёни тарк этди. У ҳатто ҳинд мунажжимлари яратган машҳур “Сидҳаита”2626
  “Сидҳаита” – астрономияга оид машҳур асар.


[Закрыть]
нинг таржимасини ҳам ниҳоясига етказолмади… Чин-Мочиндан келган гапдон кўса аллома эса, Улуғбек мадрасасида бир неча йил форс ва туркий тилларни ўрганди, арабчадан таҳсил олди, ниҳоят, туркий тилда бидир-бидир қилиб сўзлайдиган ҳам бўлди. Сўнгра Чиндан келтирилган бир қанча китобларни форсий ва туркийга таржима қилди, лекин у ҳам ишни ниҳоясига етказа олмади, элимни соғиндим деб, Чинга отланган савдо карвони билан ўз юртига жўнаб кетди. Ундан қадимий Чин-Мочин мунажжимларининг форсийга таржима қилинган уч жилд китоби қолди…

Хонанинг тўридаги четларига тилла тасмалар қоқилган жавонларни Мовароуннаҳр фозилларининг китобларию нодир қўлёзмалари эгаллаган. Бу китоблару қўлёзмаларнинг ҳар бири алоҳида ишлов берилган яшил ва фируза ранг чарм билан жилдланган. Ҳар бир жилдга муаллифнинг муборак исми шарифлари зарҳал ҳарфлар билан битилганки, мана, ҳозир, шамнинг ҳазин шуъласида гўё сўнмас юлдузлардай ялтираб турибди.

Ана, энг тепада, Абу Абдулла Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг олти жилдлик табаррук асарлари қатор турибди. Ривоятларга қараганда, бу китобларнинг уч жилдини алломалар сарбони мавлоно Хоразмий ҳазратлари ўз муборак қўллари билан битган: улар гўзал Бағдоддан, машҳур “Байтул ҳикма”дан олиб келинган… Унинг ёнида Жомиул улум аталмиш Абу Али ибн Сино ҳазратларининг тиббиёт масалаларига оид йигирма жилдлик “Китоб уш-шифо”си ва яна камида ўн жилдлик “Китоб уннажот” асарлари ва ниҳоят, уч жилдлик шеърий асарлари терилган… Уларнинг ёнида Мавлоно Фаробийнинг ўн олти жилдлик донишмандлик мажмуалари, фозиллар фозили жаннатмакон Абу Райҳон Беруний ҳазратларининг ҳаммаси қизил сахтиён жилдлик китоблари олтиндай жилоланиб, ярқираб турибди. У зоти шарифнинг фақат бир асари, коинот сирларига бағишланган “ал-Қонун ал-Масъудий” деган асаригагина фируза ранг жилдда қопланган. Устод буюк алломанинг бу китобини кўп мутолаа қилар, шунинг учун ҳам уни бошқа китоблар орасидан тез топиб олиш ниятида фируза ранг жилдга ўратган эди… Ундан пастроқда донишлар дониши Аҳмад ибн Абдулла Марвазий, риёзиёт илмининг пири Аҳмад бин Муҳаммад Фарғоний ва мавлоно Абул Вафо ас-Самарқандий, мунажжимлар сарвари Ғиёсиддин Жамшид ҳамда Насириддин Тусий, унинг ёнида жаннатмакон устод Қозизода Румийнинг пурҳикмат асарлари терилган…

Ҳар сафар мавлоно Қозизода Румий – покиза руҳлари гулшани бақода масрур бўлғай! – бу илм масканига кириб, бу жавон олдида тўхтаганида, китобларга қўл узатишдан олдин кўзларини юмиб, лаблари пичирлаб, дуо ўқир, сўнг, танлаган китобини олиб қош-кўзларига суртар, лабига босар, шундан кейингина китобни очиб, мутолаага киришар эди. Устод ўзигина эмас, бу даргоҳга қадам қўйган ҳар бир талабадан шундай қилишни талаб этарди.

Али Қушчининг кўз олдига яна ўша илиқ баҳор куни келди. Эсида бор, мавлоно Қозизода Румийни Мирзо Улуғбек ўзи бошлаб келган эди. У маҳалда аълоҳазратлари айни кучга тўлган, ёш. иқтидорли йигит эди. Ўзи ҳам эгнидаги заррин либоси, бошидаги симобий дастори, бутун шиддатли қиёфаси билан ёнидаги барча аъёнлардан ажралиб турарди. Шу боисданми, аълоҳазратларининг ёнида устод Қозизода Румий яна ҳам нимжонроқ ва ожизроқ кўринарди. Лекин бу нимжонгина оппоқ чолнинг вужудидан аллақандай ички бир зиё, кишини ўзига ром қилувчи бўлакча бир меҳр ёғилиб турарди!..

Мавлоно билан Мирзо Улуғбек чинор соясидаги баланд курсилардан жой олишди. Сўнгра устод Қозизода Румий онҳазратнинг илтимоси билан зарбоф матога ўралган қалин китобини очиб, риёзиёт илми ҳамда бу илмнинг фалакиётни ўрганишдаги ўрни тўғрисида баҳс юритди. Али Қушчи устоднинг риёзиёт илмига бағишланган бу пурҳикмат китобини мадрасада кўп мутолаа қилган эди. Лекин мутолаадан олган завқи бир бўлди-ю, мавлононинг ўз оғзидан эшитгани бир бўлди. Устод мураккаб риёзиёт масалаларини шундай мулойим овозда, шундай тиниқ бир мантиқ билан ечиб бердики, Али Қушчи, гўё рисола эмас, ажиб мусиқа тинглаётгандек эриб кетди… Фақат Али Қушчи эмас, Мирзо Улуғбек билан бирга келган барча аъёнлар ва барча илм аҳли ва ҳаттоки, илм-фандан узоқ аркони давлатлар ҳам бошларини эгиб, чуқур сукутга чўмиб эшитдилар.

Ниҳоят, устод китобни ёпиб, аълоҳазратларига қаради. Аълоҳазратлари мавлонога ташаккур билдириб, ҳамон сукут сақлаб ўтирган аъёнлар ва толиби илмларга юзланди, чеҳрасига аллақандай маҳобат бағишлаган калта, қалин соқолини силаб, устоднинг каломи аён бўлган-бўлмаганини сўради. Мирзо Улуғбекнинг сўроғига бирор кимса жавоб бермади. Мадраса саҳнини тўлдирган халойиқ бошини хам қилиб, чурқ этмай ўтирарди. Мавлоно Қозизода Румий хафақон бош чайқади, Мирзо Улуғбек эса мийиғида кулимсираб қўйди. Шунда Али Қушчи ийманибгина ўрнидан турди ва қисилиб-қимтиниб унга ҳамма нарса аён эканини изҳор қилди.

Мавлоно Қозизода Румийнинг кўзлари чарақлаб кетди. Мирзо Улуғбек эса илми риёзиёт ва ҳандаса2727
  Ҳандаса – геометрия.


[Закрыть]
борасида уст-устига саволлар берди.

Али Қушчи аввал тортиниб, кейин эса хиёл далилланиб, ҳамма сўроқларга жавоб берди.

Шундан кейин Мирзо Улуғбек уни ёнига чақириб, авлод-аж додини, қайси мадрасада, кимлардан таълим олганини суриштирди, устод Қозизода Румий эса, майин соқоли билан унинг юзини силаб, пешонасидан ўпди…

Али Қушчи бу эсдаликлардан кўнгли бир хил бўлиб, тўрдаги хонага ўтди.

Бу хонанинг деворларига ҳам безакли жавон ясалиб, ердан шифтгача китоб терилган. Фақат қибла томондаги девор бўш, унга онҳазратларининг самовот жадваллари осилган эди. Мисрияи Қоҳирадан келтирилган қалин ипак қоғозга туширилган зарҳал нуқталар – юлдузлар сурати қоронғида худди чинакам осмону чинакам ситоралардай ярқираб, ажиб бир манзара касб этган эди…

Жадвалнинг тагидаги тилла суви билан битилган шарҳлар ва ҳар хил кўрсаткичлар эса симобдай ялтираб турарди.

Хонанинг тўридаги ҳар хил устурлоблар ёнига баланд суянчиғлик иккита юмшоқ курси қўйилган.

Мирзо Улуғбек кечалари шу ерда ўтириб, мутолаа қилишни суяр, суякли жадвали устида ҳам шу ерда ишлар эди. Али Қушчичи? Ахир тўрдаги деворда ажиб манзара касб этиб ялтиллаб турган бу коинот сурати, бу мураккаб жадвалларнинг бунёдга келишида унинг ҳам, Али Қушчининг ҳам хизматлари бор!.. Ёлғиз жадвал эмас, бу нодир хазина, уммондан жавоҳир қидирган ғаввос машаққати билан топилган бу пурҳикмат асарларни йиғишда ҳам Али Қушчининг меҳнати ва заҳмати бор!

Ана, жадвалларнинг ёнида, бурчакдаги жавонда Мирзо Улуғбекнинг олти жилдлик тарихий асарлари ёнида унинг – Али Қушчининг ҳам китоблари турибди!… Наҳот бу ноёб хазинадан, умрининг энг онгли, энг масъул дамлари ўтган, унга мушоҳада лаззатини бағишлаган, ёлғон дунё ғурбатларини эсидан чиқариб, фалакиёт оламида эркин сузишга ўргатган бу мунаввар масканидан айрилса?!

Боя устод айтган бидъат ва хурофот маддоҳлари уни риндона кайфиятлар оғушида қолган осий банда деб ўйлашади, Али Қушчи эса шу даргоҳни деб, шу илм дурдоналарини деб, барча фоний дунё лаззатларини тарк этди, ҳатто ногирон энасини юм-юм йиғлатиб, уйланмоқ ва фарзанд кўрмоқ бахтидан маҳрум бўлди… Ниҳоят энди, қирқдан ошиб, бебақо умрнинг охири кўриниб қолганида, бу зиё масканидан айрилса? Айрилганда не қилади? Қариган чоғида қайга боради?

Али Қушчининг қалбини ҳазин куйдай тиниқ бир мунг чулғаб олди. Бу мунг, бу ҳазин куй, дилининг энг нозик торларини оҳиста чертиб, кўнглида қандайдир хаста, нотавон ҳислар қўзғатди. Гўё у бу ёруғ дунёда ёлғиз қолган, ҳамма ундан юз ўгирган, ҳамма уни ташлаб кетган эди… тўсатдан у лабларида нордон бир таъм сезиб, ҳушига келди-ю, қўлидаги шамни баландроқ кўтариб, чоратрофига қаради: китоблар, китоблар, китоблар!… Йўқ, бу китобларни ўн-ўн беш эмас, юз сандиққа ҳам сиғдириб бўлмас! Бас! Устод бу ноёб асарларнинг ичидан энг нодирларини, қимматбаҳо тошлар орасидаги лаъл ва инжуларни айтибди! Лекин бу сандиқларни кимга ясатади? Бу нодир хазинани қаерга яширади? – Али Қушчи ўйлаб-ўйлаб, шу бугуноқ малоно Муҳиддиннинг ҳузурига бориш ва унинг отаси Хожа Салоҳиддин заргар билан маслаҳатлашишга аҳд қилди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации