Электронная библиотека » Одил Ёкубов » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Улуғбек хазинаси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:20


Автор книги: Одил Ёкубов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +
11

Мана икки кун ўтди. Мирзо Улуғбек Кўксаройнинг чеккасидаги бир хонада ўз ёғига ўзи қоврилиб ётибди. Эшикдаги ясовул ҳатто таҳоратга ҳам чиқармайди, таҳорат сувини ичкарига беради. Мирзо Улуғбек Кўксаройда ярим аср истиқомат қилиб, бу хонани кўрмаган экан. Хона совуқ ва нимқоронғи. Фақат шифтдаги туйнукчадан бир ҳовучгина нур тушади. Хонада гиламу бир-иккита кўрпача. Ўртасидаги хонтахтада совиб қолган кабоб ва мева-чева. Бежирим чинни кўзачада – бода. Лекин овқатдан шубҳаланган Мирзо Улуғбек ҳануз туз тотгани йўқ. Фақат қумғондаги сувдан бир-икки қултум ичди, холос. Мана энди очлик ва уйқусизликдан хаёли чувалиб, шифтдаги туйнукка тикилиб ётибди.

Шу икки кеча-кундузда унинг ўйламаган ўйи, хаёлан кирмаган кўчаси қолмади, бутун умри, маъсум болалик чоғларидан бу машъум дақиқаларгача кўз олдидан бир-бир ўтди.

Мана, ёши эллик бешдан ошибди, шундан салкам қирқ йил соҳиби тож бўлибди ва лекин бахт не, бу фоний дунёга келиб не роҳат кўрдинг, деса тили лол. Воажабо! Шоҳлар ҳаёти улар барпо этган маҳобатли кошоналарга ўхшайди: йироқдан гул-гул ёниб, кўз қамаштиради, ичига кирсанг рутубату қоронғилигидан этинг жунжикади… Унинг кўнгли таскин топадиган бирдан-бир маскани – мадрасаю расадхона эди. Кўксарой деб аталмиш бу фисқи фужур уясидан қочиб расадхонанинг осуда хоналарида ўтадиган, устурлоблар ёнида ҳудудсиз коинотни танҳо мушоҳада қиладиган масъуд онлар эди. Халлоқи олам буни ҳам кўп кўрди…

Мирзо Улуғбек ўз тақдири ҳақида, Хуросон ва Мовароуннаҳрда бўлаётган бу ғалаён ҳақида ўйларкан, нечундир яна бобоси эсига тушарди. Ҳа, ал қасосул миналҳақ! Тожу тахт учун темурийлар орасида бошланган бу қиёмат-қойим, бу шафқатсиз хунрезлик… бобоси… – руҳи равзаи фирдавсда масрур бўлғай! – Бобоси Амир Темурнинг бошқа эл, улусларда қилған қатлу қирғинлари учун кўк юборган бир жазо эмасму? Бобоси тўккан дарё-дарё қон, у етим қилган норасидалар кўз ёши, фарзандларидан айрилган волидалар фарёди учун қайтган бир қасос эмасму бу?..

Йўқ, унинг виждони қийналадиган ёзуғи йўқ. У қирқ йил салтанат тебратиб бобоси янглиғ жанг-жадалнинг суронли нашъасини сурмади, бошқа эл, юртларга бостириб кириб, боғ-роғларни поймол, фуқарони талон-торож қилмади. Лекин булар… унинг зурриётлари, узоқ Ҳиротдаги жиянлари… Булар бобосининг тахтига минса… Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг ҳоли не бўлади? Фуқаронинг ҳоли не кечади? Унинг ўз ҳоли-чи? Бу савдолардан кўра очиқ жангда душман билан қиличбозлик қилиб ўлса беармон кетарди. Бу қандай бедодликким, ҳаётининг кузагида ўз фарзанди билан олишиб, умрини бунчалар шарафсиз тугатса?

У кеча шаҳзодага иккита мактуб йўллаб, суҳбатга чақиришини сўради. У тожу тахтдан ўз идроки ва ихтиёри билан воз кечмоққа азм қилганини шаҳзодага айтмоқчи ва ундан ёлғиз бир нарсани – қолган беш кунлик умрини илм-маърифатга бағишлашига имкон беришини сўрамоқчи эди. Кейин, агар шаҳзода қулоқ солса, оталик насиҳатини бермоқчи, инсоф ва адолатга чақирмоқчи эди. Йўқ. Ҳар иккала мактуб жавобсиз қолди. Бу оқпадар ўғилнинг муддаоси не? Яна қандай шумликни бошламоқчи? Тахт азмида ҳеч нарсадан тап тортмаган бу кўрнамак ўз падарининг жонига қасд қилмоқ ниятида эмасму? Йўқ, Мирзо Улуғбек ўлимдан қўрқмайди! Ўлим ҳақ, парвардигори олам! Ва лекин ёмон бўлса-да, ўз пушти камаридан яралган бу жоҳил фарзандининг тақдири не бўлади! Ўз қиблагоҳининг жонига қасд қилиб, падаркуш деган машъум ном олиб, абадул-абад бадном бўлмасму?

Хонага биров кирдими ё эшик ғичирладими?

Мирзо Улуғбек кўзини очди. Остонада пайдо бўлган ясовул орқага чекиниб, таниш семиз баковулга йўл берди. Баковулнинг қўлидаги оғир баркашда қип-қизил пишган иккита патир, бир товоқ ош ва бир чойнак чой бор эди.

Баковул бош эгиб, таъзим қилди-да, баркашни хонтахтага қўйди. Шошилмай совиб қолган кабобларни йиғиб олди, сўнг, индамай орқасига тисариларкан, патирга имо қилиб кўзини қисди. Мирзо Улуғбек унинг имосига тушунолмай бир патирга, бир баковулга қаради. Лекин баковул индамади, “айғоқчи бор”, деган маънода эшикка имлади-да, яна патирга ишора қилиб, чиқиб кетди.

Бу қари баковул не демоқчи? Нияти покми? Ё уни бир балога мубтало қилмоқчими?

Боши гир-гир айланган Мирзо Улуғбек патирга қаради, яхши пишган иссиқ патирнинг тотли ҳиди димоғига “гуп” этиб уриб, оғзининг сувини қочирди…

Мирзо Улуғбек патирни олиб ушатди, ушатди-ю, ҳайрон бўлиб қолди. Патирнинг орасидан найча қилиб ўралган бир қоғоз чиқди. Мирзо Улуғбек юраги “шиғ” этиб қоғозни очди. Имзо чекилмаган. Номаълум кимса унга ҳақ таолодан иноят тилаб, доруссалтанада бўлаётган ҳодисалардан воқиф қилган ва бир маслаҳатни ўртага ташлаган эди.

Унинг ёзишича, шаҳзодаи валиаҳд доруссалтанани забт этиб, Кўксаройга кириши билан қиёмат-қойим бошланган. Кеча масжиди жомеда хутба ўқилиб, Мирзо Улуғбек дини ислом ғаними, деб аталган ва тожу тахтдан жудо қилинган. Хутбада Мовароуннаҳр султони деб, шаҳзоданинг исми зикр қилинган ва унинг номида пул зарб этилмоққа фатво берилган. Шаҳзода бу кунларда кўп зоти шарифларни, Мирзо Улуғбекнинг кўп навкарлари ва саркардаларини ҳибсга олган. Қаршилик қилганлар эса қатл этилган. Шаҳзода уни, Мирзо Улуғбекни, Маккаю мукаррамага ҳажга юбормоққа жазм қилган. Лекин хутбада Сайид Аббос деган бир кимса хонга юкуниб, аълоҳазратларидан хун довлаган. Зеро, Улуғбек ҳазратлари унинг падари бузрукворини бегуноҳ қатл қилдирган эмиш. Бу диёнатсиз Сайиднинг сохта довини, қозиюл қуззот Хожа Мискин жанобларидан бошқа бир кимса, ҳатто шаҳзоданинг ўзи ҳам рад қилмаган. Алқисса, унинг ҳаёти қил устида турибди, шу боис, номаълум кимса унга қочмоқни маслаҳат қилган. Башарти онҳазратлари бу маслаҳатни мақбул топса, баковулга ишора қилмоғи лозим. Баковул посбонни дори билан ухлатиб, Мирзо Улуғбекни Кўксарой тагидаги лаҳимдан олиб чиқади.

Мирзо Улуғбек мактубни ўқиб тугатмасданоқ ўрнидан туриб кетди. Унинг кўнглига келган биринчи фикр “тузоқ” бўлди. Ҳа, шаҳзода унга тузоқ қўймоқда! Қочмоққа азм қилса баковулга ишора қилар эрмиш! Баковул посбонга дори бериб, уни Кўксарой остидаги лаҳимдан олиб чиқар эрмиш! Воажабо: бу лаҳимни шаҳзода билмас эканму? Унга ўз посбонларини қўймаган эканму? Ҳа, бу тузоқ! Шаҳзода, йўқ, шайх Низомиддин Хомуш қўйган азозил тузоғи!..

Мирзо Улуғбек ҳаяжон ичида хонани бир айланиб чиқди. Баногоҳ кўзи ушатилган патирга тушиб, кўнглидан яна ўша фикр ўтди: “Оғу”…

– Ҳа, бу овқат, нон, чинни кўзачадаги бода – ҳаммаси заҳарланган! Ҳаммасига оғу солинган! Ниятлари уни заҳарлаб ўлдирмоқ! – деди-ю Мирзо Улуғбек хаёлига яна бир фикр келиб, маъюс жилмайди:

“Алҳол унга барибир эмасму? Киндик қони тўкилган суюкли юртидан жудо бўлиб, ёт элларда, олис мусофир юртида дарбадар кезганидан ёхуд бошини Сайид Аббос қиличи кесганидан оғу ичиб ўлгани мақбул эмасму?”

Мирзо Улуғбек бир пиёла бодани тўлдириб кўтариб юбордида, бир бурда нон чайнаб, хонани секин айлана бошлади…

Майли! Оғу бўлса бўлсин! Агарчи нобакор фарзанди оғу бериб, уни ўлдирмоққа қасд қилган бўлса, ниятига етсин! Ва лекин… бу сирли номани йўллаган, уни қочирмоққа жазм қилган ким экан? Суюкли шогирди Али Қушчиму ё мавлоно Муҳиддинму? Йўқ, бу хатарли тадбир илм аҳли қўлидан келмас! Бу хатарли ишга жазм қилса Бобо Ҳусайндай навкарлари жазм қилади! Ва лекин… йўқ, у қочмайди! Қочганда қайга боради? Қирқ йил ҳокимлик қилган Мовароуннаҳрдан қочиб гадолик қиладиму?.. Унга ҳеч нарса керак эмас, на тож, на тахт! Барини шаҳзодага топширади. Олсин! Даври даврон сурсин! Фақат уни тинч қўйса бас!

Мирзо Улуғбек қалбини чулғаб олган аламли дуддан бўғилиб, хонанинг ўртасида тўхтади. У эндигина хонага қоронғи тушганини, шифтдаги туйнукчадан қуйилиб турган бир ҳовучгина нур сўниб, кафтдеккина осмонда милт-милт юлдузлар ёнганини кўрди.

– Юлдузлар!.. – Мирзо Улуғбек кўнгли бир хил бўлиб осмонга тикилди. Ё тавба! У юлдузларни яхши танимади. Қоронғи туйнукда милт-милт этган қайси ситора? Дубби акбарми ёки бошқа юлдузми?.. Осмондаги ҳар бир юлдузни номма-ном биладиган мунажжим… унга не бўлди? Кўзининг нури сўниб қолдиму ё зеҳни хиралашдиму? – Мирзо Улуғбек хаёли чувалиб кетаётганини сезиб, жойига бориб ёнбошлади. Ёнбошлаши билан эшик очилиб, бошларига дубулға, қўлларида яланғоч қилич, икки сипоҳ кириб келди. Иккови ҳам от юзли, ўнг қулоқларига исирға таққан балхий сипоҳлардан эди. Сипоҳлардан кейин сурмаранг салла ўраган занжий қоп-қора нотаниш ясовул кириб таъзим қилди ва жимгина эшикка имлади.

Мирзо Улуғбек занжисифат ясовулнинг бетакаллуф ҳаракати уйғотган ғазабни ичига ютиб, эгнига сувсар пўстинини ташлади…

Ҳовли зимистон. Кунгурадор девор билан ўралган Кўксарой, мақбараларга ўхшаш тепаси гумбаз муаззам бинолар, соқчилар турган буржлар ва юксак миноралар, ҳатто жануб томондаги ҳарам кошоналари – ҳаммаси жимжит ва қоронғи эди. Фақат энг чеккадаги кошона даричасида ожизгина бир шуъла милтираб турарди. Мирзо Улуғбекнинг эсига кўзлари бўтанинг кўзларидай мўлтираб турадиган маъюс канизак тушиб, юраги чўғ теккандай “жаз” этди. Бўтакўзли маъюс канизак мавлоно Муҳиддиннинг дарсхонасида таълим олган муслималардан эди. У ҳарамда ҳам ўз хонасидан чиқмай мутолаа қилар, узун қиш кечалари Мирзо Улуғбекнинг рисолаларини оққа кўчирар, бўш вақт топса шеърлар ёзарди. Тирик жон қаҳратон совуқда иссиққа, оловга интилгандай, Мирзо Улуғбек ҳам юраги ғам-андуҳга тўлиб, ҳеч қаёққа сиғмай қолганида, маъюс кўзли шу масъумага интилар, унинг мулойим табассумини кўриб, уятдан юзлари лов-лов ёниб ўқиган шеърларини тинглаб, кўнгли хиёл таскин топар, овунар эди. Кўзлари маъюс, қалби меҳрга тўла бу канизак Мирзо Улуғбекка қариган чоғида ҳаёт инъом этган бир офтоб эди. Бу офтобни яна бир кўрмоқ, унинг илиқ нурига дилпора юрагини тутиб, бир лаҳзагина ором олмоқ насиб бўлурму, йўқму?..

Мирзо Улуғбек қоронғида заиф милтираган шуъладан аранг кўзини узиб, саломхона томон юрди.

Саломхона чароғон эди. Гир айлантириб қўйилган баланд курсиларда ҳаммаси бирдай – мовуту зарбоф тўн устидан оқ шойи ридо кийган, бошларига симобий оқ салла ўраган уламойи киромлар ва дин пешволари ўтиришарди. Эшикда Мирзо Улуғбек кўринганда уламолардан баъзилари шоша-пиша ўринларидан туришди, лекин тўрда, бошқалардан баландроқ курсида тасбеҳ ўгириб ўтирган шайх Низомиддин Хомушнинг қаҳрли нигоҳи остида қайта жойларига чўкдилар.

Мирзо Улуғбекнинг хаёлидан “Мурофаа!”3636
  Мурофаа – диний суд.


[Закрыть]
деган фикр ўтди. Лекин мурофаа бўлса… Шайхулислом Бурҳониддин қайда? Доруссалтана қозиюл қуззоти Хожа Мискин жаноблари-чи?

Шайх узун, нозик бармоқлари билан гўё ҳар бир толасига жило бергандай ялтиллаган оппоқ соқолини силаб:

– Бандаи ожиз Муҳаммад Тарағай! – деди, “онҳазратлари” сўзини қўшмай. – Доруссалтана уламолари-ю, пешвойи диннинг бу даргоҳга йиғилмоғидан муроди Оллоҳнинг инояти билан Мовароуннаҳрга султони салотин бўлған шаҳзодаи валиаҳднинг амри олийлари ва уламоларнинг фатволарини…

– Шаҳзодаи валиаҳд қайда?

Шайх қўллари қалтираб, ўзини орқага ташлади.

– Ул шаҳнатун нажаф3737
  Шаҳнатун нажаф – давлат посбони.


[Закрыть]
даҳрий шоҳ ила юзлашмоқни гуноҳи азим, деб биладур!

Мирзо Улуғбек қўлларини кўксида қовуштирганича деворга суянди. Унинг ғазаб ва ҳаяжондан оқариб кетган юзида, қаттиқ қимтинган лабларида совуқ бир табассум ўйнади.

– Эй, осий банда! – деди у ҳам “ҳазратлари” сўзини қўшмай, – бандасининг қай бири даҳрий, қай бири имони баркамол муслим – бу ёлғиз Оллоҳга аёндур. Тангри таолонинг ожиз бир бандасини даҳрий демоқ – гуноҳи азим эмасму?

Хонада ўтирган ҳамма ашроф ва уламойи киромлар баравар бурилиб, шайх ҳазратларига қаради. Шайх қўлини кўтариб, қора марварид тасбеҳини ҳавода шалдиратди.

– Билъакс, яхшини яхши, ёмонни ёмон демоқ, Оллоҳга шак келтириб, мўминларни йўлдан урган муртадни муртад демоқ гуноҳ эрмас, савоби азим эрур, эй бандаи ғофил! Оллоҳ шоҳид…

– Ҳа, Оллоҳ шоҳид! – деди Мирзо Улуғбек ҳансираб. – Ва лекин сиз эмасму… Ва ҳайреҳе ва шареҳе мин Оллоҳе таоло… Яъники, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам – бари Оллоҳдандир деган. Бас, бари Оллоҳдан эркан, бандасида не гуноҳ, ҳазратим?

Мирзо Улуғбек гапини тугатмаган ҳам эдики, уламолар “гурр” этиб ўринларидан туриб кетишди. Лекин шайх яна қўлини кўтариб, ғалаённи босди, ғазабдан чиройли чақнаб кетган ўткир кўзларини Мирзо Улуғбекка қадаб:

– Қуръони мажиддин мувоаза қилгунча, истиғфор айлагайсен, эй осий банда! – деб хитоб қилди. – Зероким… Ассавобу бифазлиҳе вал-уқобу биадлиҳе ва ла яджибу аллайҳе шайъун… Инчунун, савоб анинг фазли карами ва азоб-уқубат анинг адолати ва бандасидин анинг қарзи йўқдур…

– Афв этгайсиз, ҳазратим! Бу оятни эслагайсиз. Оманту биллоҳе ва малоикатеҳе ва…

– Бас! Биз бул даргоҳи олийга йиғилмоқдан мурод – аҳкоми дин3838
  Аҳкоми дин – дин қонунлари.


[Закрыть]
бобида мубоҳаса қилмоқ эрмас!

Мирзо Улуғбек кинояли кулмоқчи бўлди, лекин кулолмади, юрагини ларзага солган ички туғён унинг иродасидан устун келиб, юзи буришиб кетди.

– Ҳа, ҳазратим! Аҳкоми дин бобида мубоҳаса қилмоқ учун илмдан огоҳ бўлмоқ даркор! Надоматлар бўлғайким, бу қабиҳ мурофаага ақли зукко уламолар эмас, ақли қосир гумроҳлар йиғилибдур!… Зероким, ўғил билан ота ўртасига нифоқ солиб, фарзандни ўз падарига қайраш… Гуноҳи кабир3939
  Гуноҳи кабир –зўр гуноҳ.


[Закрыть]
эмасму, ҳазратим?

Шифти қуббасимон муҳташам хона яна ғалати гувуллаб кетди. “Дини ислом ғанимига ҳазар! Алҳазар!” деган хитоблар янгради. Тўрдаги тилла қопланган икки тавақали нақшинкор эшикнинг бир тавақаси секин очилиб, қайта ёпилди. Шайх икки ёнига туфлаб:

– Эй бандаи мутакаббир! – деб хитоб қилди. – Такаббурлик қилиб, барча аҳли мўминни йўлдан урдинг. Шаҳди айш4040
  Шаҳди айш – лаззатли яшаш.


[Закрыть]
азмида фуқарони риндликка ўргатдинг. Ёлғиз муслимлар эрмас, муслималар ҳам ўқисин деб, заифалардан пардаи шармни кўтардинг!

– Маъзур тутгайсиз, тақсири аълам! – Мирзо Улуғбекнинг лабларига кинояли кулги югурди. – Заифалар ўқишининг ёмон ери йўқдир. Зеро… Талабул илми фаризатун, ало кулле муслимун ва муслиматун… Яъниким, илм ўрганмоқ ҳар бир эркак ва аёлга фарздур. Қуръони мажидда…

– Қурчони мажидда бу оят йўқдур!

– Қуръони мажидда бўлмаса, ҳадиси шарифда бордур. Ё ҳадиснинг сўзи ҳукми ом4141
  Ҳукми ом – буйруқ.


[Закрыть]
эмасму, ҳазратим?

Тўсатдан аллақандай жимиб қолган уламои киромлар шайх ҳазратларига баравар бурилиб қарашди. Шайх ҳазратлари бандига забаржад қадалган асосини гиламга тираб, ўрнидан турди, бошини асабий сараклатиб:

– Бобонг Амир Темур арвоҳини шафе келтириб айтамен! – деди. – Шукрона билдириб истиғфор айлагайсен!

– Сиз-чи? Сиз нечун истиғфор айламайсиз, ҳазратим? – Мирзо Улуғбек бир қадам олдинга юрди. – Сиз нечун “Мозори шариф”да такбир тушириб, тангрига ҳамду сано ўқиб ётмоқ ўрнига салтанат юмушларига бош тиқасиз? Ўзингиз айтган шаҳди айш ишқида, тахт соҳибидан қудратли бўлмоқ ниятида салтанатда фитна қўзғаб, фисқу фужур қиласиз? Бас! Мен сиздай жоҳиллар билан мубоҳа сақилиб ўлтирмоқни ўз шаънимга номуносиб деб биламен!

Ранги ўчган, аллақандай ички бир ғурурдан кўзлари чақнаб кетган Мирзо Улуғбек олдини тўсган уламоларни ёриб ўтиб, тўрдаги эшикка томон юрди. Дағ-дағ қалтираган аълоҳазратларининг важоҳати шундай қўрқинчли эдики, эшик олдида турган уламолар беихтиёр чекиниб, унга йўл беришди.

Мирзо Улуғбек уларнинг ёнидан ўтиб, четларига тилла тасма қоқилган ўймакор эшикни шитоб билан ўзига тортди. Эшикнинг ўнг тавақаси шарақлаб очилди-ю, деворга тегиб яна ёпилди. Мирзо Улуғбек қайта юлқиб очиб ичкарига кирди.

Шаҳзода эшикнинг шундоқ орқасида серрайиб турар, ундан юқорироқда, қуйма тилладан ясалган, қуббадор суянчиғига дур ва инжу қадалган баланд тахтнинг ёнидаги ўймакор курсида эшон… Убайдулла Хўжа Аҳрор ҳазратлари ўлтирарди…

Шифтдаги олтин қандилга терилган ўнларча шамлар шуъласида шаҳзоданинг сўник юзи гўё ганчдан ясалган ниқобдай совуқ туюлар, чуқур ботган кўзлари бежо чарақлар, қўш-қўш тилла узук тақилган ингичка қорамтир бармоқлари асабий титрарди.

Ўрта бўй, тўладан келган эшон эса, билъакс, жуда вазмин ва босиқ кўринади. У қизил мовут жубба4242
  Жубба – шайхлар кийими.


[Закрыть]
устидан оқ ридо кийган, ўрам-ўрам салласининг печини кўксига тушириб, ерга қа раб ўтирар, битта ҳам оқ тушмаган сақичдай қоп-қора соқоли кўкрагини қоплаган, тасбеҳ ўгирган йўғон, калта бармоқлари, гўё ҳеч нарса бўлмагандай оҳиста қимирлар, лаблари алланималарни пичирлар эди.

Мирзо Улуғбек кинояли кулимсиради: “Бул шайхул машойих ҳам Шошдан етиб келибдур-да!” – деган фикр ўтди хаёлидан.

– Эшон ҳазратлари афв этгайлар. Шаҳзода билан икки оғиз холи сўзлашмоқ ниятидамен.

Эшон ер остидан Абдуллатифга кўз ташлади. Шаҳзода нечундир бир сапчиб тушди-ю, Мирзо Улуғбекка қарамай:

– Соябони марҳамат! – деб ғудранди. – Бу суҳбатда пири муршидим бўлмоғи даркор.

– Йўқ! – деди Мирзо Улуғбек секин. – Мен сен билан танҳо сўзлашмоқчиман. Сўнгги тилагимни бажо келтиргайсен, шаҳзода!..

Эшон қўлларини курсининг суянчиғига тираб, ўрнидан турди. У лом-мим демади. Лекин қип-қизил ялпоқ юзининг тундлашишида, миқти гавдасини оҳиста тебратиб, вазмин одимлашида, ҳатто йўғон бармоқлари билан тасбеҳининг қаҳрабо доналарини битта-битта ўгиришида бўлакча бир шиддат. Айни замонда шаҳзодага қаратилган “дадил бўл!” деган бир фармойиш бор эди.

Эшон эшикни очганида нариги хонадан “гув” этган овозлар эшитилди-ю, эшик ёпилиши билан яна тинди.

Мирзо Улуғбек аллақандай енгил тортиб, ҳозиргина эшон ҳазратлари ўтирган оқ курсига бориб ўтирди. Шаҳзоданинг ганч ниқобни эслатган юзи, қалтироқ қўллари, айниқса бежо жавдираган кўзлари унинг дилида меҳрга ўхшаш бир туйғу уйғотган, фақат қандайдир ғурур, темурийларга хос бир ифтихор гап бошлашга қўймас эди.

Хонага аллақандай оғир, кишини эзувчи бир жимлик чўкди. Шифт ва деворлардаги кўзни қамаштириб жилоланган нафис безаклар, тилла суви юритилган нозик нақшлар, ерда ял-ял ёнган шерозий гиламлар, қуббасимон шифтдаги олтин қандилга терилган шамлар хиралашгандай, хона сал қоронғилашгандай бўлди. Ё қалбидаги тўфон хиёл пасайганидан шундай туюляптими унга?..

Мирзо Улуғбек ер остидан шаҳзодага кўз ташлади. Мирзо Абдуллатиф, бошида дур қадалган қундуз телпак, эгнида авраси зарбоф қашқир пўстин, белидаги кумуш камарида қинига лаъл ва жавоҳир қадалган қилич, қўлларини олтин тахтнинг баланд суянчиқларига тираб, бир нуқтага тикилиб ўтирарди. Воажабо: бобоси ўтирган бу тахт шаҳзодага куч-қувват ато қиладими, бошқами, ишқилиб, унинг чеҳрасидаги бояги тараддуд йўқолган, худди бобосиникига ўхшаган, ёноқлари туртиб чиққан қорамтир юзида, ичига ботган сал қисиқ кўзларида одамни чўчитадиган совуқ бир ифода пайдо бўлган эди. У нимаси биландир бобоси Амир Темурни эслатар, у ҳам бобосидай новча, қотма, қийғир бурун эди. Фақат кўзлари… сал қисиқ, аланг-жаланг кўзларида бобосига ёт бўлган аллақандай саросима бор эди…

Мирзо Улуғбек кўзини ундан узиб шифтга, шам терилган чамбарак тилла қандилга тикди.

“Ё тавба! Бу тожу тахтда не сеҳр, не сир-асрор бор эканким, унга ўлтирган ҳар бир кимса дарҳол ўзгаради? Одамийликни, умри бебақо бир фақиру ҳақир эканини дарҳол унутади? Бу тожу тахт, бу салтанат ҳеч бир кимсага вафо қилмаслигини ёдидан чиқаради? Наинки шаҳзода, бу тахт ҳаттоким амирул муслимин аталмиш Амир Темурга ҳам вафо қилмаганини тушунмайди? Ана, гўё бобоси Амир Темурдай гердайиб ўлтирибди! Билмайдиким… йўқ, тўхта, Муҳаммад Тарағай! Нечун сен шаҳзодадан ранжийсен? Бу вафосиз тожу тахт, инсонлар устидан ҳокимлик қилмоқ лаззати ўзингни ҳам ақли ҳушингдан айирмаган эдиму? Шаҳзода яхши бўлсун, ёмон бўлсун – ўз фарзандинг, ўз пушти камарингдан бўлған зурриётинг эмасму?.. От тепкисини от кўтарадур. Уни қарғаб, ёмонлик тилагандан яхши сўзингни сўзлаб, насиҳатингни қилганинг мақбул эмасму, эй осий банда?”

Мирзо Улуғбек кўнгли юмшаб, шаҳзодага юзланди, дилидаги изтироб аралаш ғурурни босиб:

– Шаҳзодаи жувонбахт! – деди секин. – Тахтимнинг валиаҳди сен эдинг. Оллоҳ таоло фақирни ўз раҳматига чорласа бу тахтга сен ўлтирар эдинг. Оллоҳнинг инояти билан кўзим тиригида бу тахт сенга насиб бўлибди, мен бунга розимен…

Шаҳзода қўлларини олтин тахтнинг суянчиқларига тираб, совуқ кулимсиради:

– Балли сизга, қиблагоҳ! Ва лекин мен бу тахтни сизнинг ихтиёрингиз билан эмас, бирламчи ҳақ таолонинг инояти, иккиламчи ўз куч-қудратим ила қўлга киритдим!

Мирзо Улуғбек лабларини қаттиқ қимтиб:

“Бургут! – деди ичида. – Қора бургут!” Унинг кўнглига ёпирилиб келган меҳр изғирин теккан шамдай сўниб, юраги яна музлади.

У аввало шаҳзодани ўғлим деб, қолаверса, эгилган бошни қилич кесмас деб, ҳамиятини букиб келган эди, бу қузғун эса… Мирзо Улуғбек жисмини қақшатган аламли туғённи аранг босиб:

– Куч-қудратингга инониб, – деди. – Мовароуннаҳр сарҳадига қадам қўймай қиёмат-қойим қиласенму?

Шаҳзоданинг ранги ўчиб, бежо кўзлари тунги алангадай ялтиллаб кетди.

– Нечун қадам қўймаганмен? Мовароуннаҳр улуси оёғим остидадур!

– Эсингда бўлғай, бу тупроқни оёқ ости қилдим, деган не-не фотиҳлар, не-не жаҳонгирлар ўтгандур. Уларнинг ҳоки қайда – тирик бир банда билмайди ва лекин бу эл, бу тупроқ абадул-абад туражакдур!

Мирзо Абдуллатифнинг юпқа лабларига кинояли табассум югурди… О, раҳматли момосидан ўтган бу совуқ табассум! Момосининг лабларидан шу янглиғ кинояли кулгу аримас эди. Йўқ, момоси эмас, барига тожу тахт айбдор. Тожу тахт қутуртирган буни! О, калтабин фарзанд! Билмайдурким, амир уш-шуаро Умар Хайём ҳазратлари айтгандай:

 
Умри жовид йўқдир асло устивор олам аро,
Кетди кўплар, биз кетурмиз, топқусен сен ҳам фано.
 

– Не деб дуо қилурсиз, валинеъмат? Яхшиликму, ёмонликму?

– Дуом будир, шаҳзода: бу тожу тахт ҳеч бир кимсага вафо қилғон эмас. Сен тугул бобонг Амир Темурга ҳам вафо қилғон эмасдур…

Мирзо Абдуллатиф ўрнидан туриб кетди, лекин тахтдан тушгиси келмай, жойига қайта ўтирди.

– Суҳбатдан муддаонгиз шу бўлса мен бундай насиҳатларга муҳтож эмасмен! – деди у паст, лекин таҳдидли овоз билан. – Бошқа каломингиз бўлса айтинг, йўқса…

“Йўқ, бундан шафқат тилаб бўлмас. Бундан шафқат тиламоқ, аждаҳодан жон тиламоқ билан баробар!..”

– Йўқса…

– Тўхта! – деди Мирзо Улуғбек, унинг сўзини бўлиб. – Сенга айтадурғон ёлғиз тилагим бор. Сўнгги тилагимдур бу… Ўз падарингни Мовароуннаҳр сарҳадидан ҳайдагандин қатл қилганинг аълодур! Қатл! – Мирзо Улуғбек томоғи ғип бўғилганини сезиб, лабини тишлаганича жим қолди.

Мирзо Абдуллатиф ёмон бир нарсадан ижирғангандай юзлари буришиб, ўрнидан туриб кетди. У тескари ўгирилганича бошини эгиб жим қолди. Унинг елкалари силкинар эди. Шаҳзода кўзига ёш олди деб ўйлаган Мирзо Улуғбек яна кўнгли юмшаб:

– Ўғлим! – деб чақирди. Шаҳзода жавоб бермади.

“Бир қинга икки қилич сиғмайди, деб қўрқадур. О, дўсти нодон. Кошкийди, кўзим кўр бўлса-да, сени кўрмасам!..”

– Маъзур тутгайсиз, бузруквор! – деди шаҳзода узоқ сукутдан кейин. – Мен уламойи киромларнинг фатвосига қарши боролмасмен…

– Сабаб?

– Сабаби… фатвои уламо – муҳри худодур!

– Муҳри худодур! Ёдингда бўлсин: соҳиби тож сўзи бу уламои киромлар учун вожибул имтисолдур!4343
  Вожибул имтисол – бўйсиниш лозим бўлган ҳол.


[Закрыть]
Қўрқма! Менга ҳеч нарса керак эмас. Бу тожу тахт, салтанат, шон-шуҳрат – бари ўзингга буюрғай! Отангга ёлғиз расадхонани инъом этсанг бас! Бир бурда нон, бир қумғон совуқ сув бўлса етар. Азмим – қолган умримни “Зижи Кўрагоний”ни тугатиб, мутолаа билан кун кечирмоқдур!..

– Тағин расадхона! Тағин “Зижи Кўрагоний”, – деди бўғилиб. – Мударрис дасторини ўраган барча муртадларни қанотингиз остига олиб, дин пешволарини оёқ ости қилмишсиз! Бул учун ҳақ таолонинг қаҳрига, пайғамбар алайҳиссаломнинг қарғишига учраб, тахту тождан, салтанатдан айрилмишсиз. Аммо истиғфор айтмоқни тиламай, тавба-тазарру қилмоқни истамай, тағин расадхонани ўйлайдурсиз! – Шаҳзода қиблага юзланиб, кўзларини юмди. – Эй, парвардигори олам! Анинг каломини ўзинг эшитдинг! Гуноҳи азимга ботган бу осий бандангни ўзинг афв этгайсан, халлоқи олам!..

Шаҳзода бошини афсус-ла тебратиб, лаблари пичирлаб, юзига фотиҳа тортди. Мирзо Улуғбек кўзларини катта очганича қотиб қолди… Эвоҳ! У кўпдан бери шаҳзодадан қўрқиб юргани бежиз эмас экан. У шаҳзоданинг мутаассиблигидан, Балхда барча илм аҳлини тазйиқ остига олинганидан хабардор эди, лекин уни бунчалик бемеҳр деб ўйламаганди!..

– Шаҳзода! – Мирзо Улуғбек юрагини ларзага солган қаҳрни яшириш умидида ерга қаради. – Валлоҳи аълам биссавоб! Ким пайғамбар алайҳиссаломнинг қарғишига йўлиқади, ким ҳақ – буни ёлғиз тангри таоло биладур!

– Ҳа, парвардигори олам барини биладур! Ул раббул оламин ҳеч бир бандасининг бурнини бегуноҳ қонатмайдур. Ва лекин динул исломга кимки қилич кўтармасин – хоҳ шоҳ бўлсин, хоҳ гадо! – ани жазосиз қолдирмайдур. Кофиру даҳрийлар макони расадхонага ўт қўямен, ўт!.. – Шаҳзода қуруқшаган лабларини ялади, пешонасини, юзини қоплаган жимир-жимир терларни сидириб ташлаб, кўзларини юмиб, яна алланималарни пичирлай бошлади.

Мирзо Улуғбек аъзои баданини чулғаб олган совуқ ваҳимадан тирноқларигача музлаб, гаранг бўлиб турар, хаёлида эса яна ўша нотинч ва исёнкор ўйлар қуюндай чарх урар эди.

“Водариғ! Мовароуннаҳр тахтида бу мутаассиб ўлтирса салтанатнинг ҳоли не кечади? Илм аҳлининг бошига не андуҳ, не кулфатлар тушади? Улардан бурун кўзи қонга тўлган бу нобакорнинг ўз тақдири не бўлади? Ақл-идрок ўрнига қилич бирла иш тутган қайси мустабид ҳокимнинг тақдири яхши бўлибдурки, бул нодоннинг тақдири яхши бўлсин? Бу кун илм аҳлига қайраб солган мутаассиб жоҳиллар эрта бир кун унинг ўзини чоҳга итармасму?” Мирзо Улуғбекнинг хаёлига келган бу фикр қалбида ловуллаб ёнган оловга сув сепгандай таъсир этди-ю:

– Шаҳзода! – деди яна ўзини босиб. – Фозилу фузало қоронғида адашиб юрган башариятнинг қўлидаги ёруғ машъалдур! Машъални ўчирмоқни тилаган шоҳ ўзи зулмат қўйнида йўл тополмай қоладур! Мен сенга жоним ачиганидан, сенинг тақдирингни ўйлаган қиблагоҳинг бўлганимдан буни айтмоқни лозим кўрамен!

Шаҳзода тоқатсизланиб қўл силтади:

– Балли, сиздай падарга! Сизнинг яхшилиғингизни билурмиз. Тарноб жангида жонбозлик кўрсатган ким? Мен! Аммо музаффар ёрлиғи кимнинг номига битилди? Суюкли фарзандингиз – Абдулъазиз…

– Абдулъазиз ўз жигаргўшангдур…

– Қуллуқ. Ихтиёриддин қалъасидаги бобом Амир Темурдан қолган тиллаларимни тортиб олган ким? Яна сиз, валинеъмат падарим! Не чора? Муте фарзанд, индамай бош эгдик ва лекин бас! Соҳибқирон Амир Темур олтинларини қайға яширдингиз. Соябони марҳамат?

Мирзо Улуғбек сесканиб кетди.

– Қайси тиллаларни айтасен?

Шаҳзода асабий кулди.

– Қайси тиллалар? Валинеъмат падари бузрукворим ҳеч нарсани билмайдур! Мен бобом Амир Темур Қоҳираю Дамашқдан, Бағдоду Ҳинддан олиб келган жавоҳирларни, олтин зеби зийнатларни айтамен! Қайда бу бойлик?

Шаҳзода, кўзлари телбаларча ёниб, Мирзо Улуғбекка яқинлаша бошлади. Мирзо Улуғбек даҳшат ичида орқага чекинди.

Чекинаркан, оёғи курсига тегиб, курси гумбурлаб ағдарилиб тушди-ю, бирдан ҳушёр тортиб тўхтади. Шаҳзода ҳам тўхтади.

– Хўш. Сўзланг? Кимга инъом этдингиз? Фарзанди аржумандингизгами ё дини исломиядан юз ўгирган муртад алломаларингизгами? Али Қушчи қайда?

“Ё раббий! Бу нобакор билмаган сир-синоат йўқ! Унинг хуфиялари кирмаган тешик қолмабди!..”

– Қайдан билай, Али Қушчи қайда юрибди?

– Йўқ! Энди ҳеч бир сўзингизга инонмасмен! Лашкар йиғиб, менга қарши отланмоқдин олдин Али Қушчини саройга нечун чақирдингиз? Нелар бердингиз унга?

– Али Қушчини чақирганимни айтган айғоқчиларинг нечун унга нелар берганимни айтмабди?

– Айтди. Мен ўз оғзингиздан эшитмоқни тилаймен, суюкли падарим!

“Йўқ. Билмайсен! Билсанг сўраб ўлтирмас эдинг! Бас! Бу бефойда мубоҳасага чек қўймоқ даркор!”

Мирзо Улуғбек қаддини ростлаб, шаҳзоданинг кўзларига тик боқди. Шаҳзода ҳамон қалт-қалт титраб, отасига қадалиб турарди.

– Бу суҳбатдан ёлғиз муддаом – оталик насиҳатимни бермоқ эди. Таассуфлар бўлғайким, сенга падар насиҳати эмас, олтин керак экан!.. – Шаҳзода гапини бўлмоқчи эканини кўрган Мирзо Улуғбек кескин қўл силтаб: “Тўхта!” деб буюрди. – Ота сўзин амри вожиб, деб билурсенми, йўқми – ихтиёр сенда. Ва лекин сўнгги насиҳатимни эшит, хоҳла ўз падарингни қатл эт, хоҳла Мовароуннаҳр сарҳадидан ҳайдаб, дарбадар қил – боз ихтиёр сендадур. Лекин ёлғиз тилагим: илм йўлида отанг қилган ишларга, унинг шогирд ва устодларига тегмайсен. Тегсанг… ота қарғишига учраб тоабад бадном бўлурсен!.. Ота рози – худо рози, ёдингда бўлсин: ал қасосил миналҳақ! Ҳеч бир ёмонлик интиқомсиз4444
  Интиқомсиз – жазосиз.


[Закрыть]
қолмайдур! Сенга айтадурғон бошқа сўзим йўқ! Чақир ясовулингни!

Шаҳзода Абдуллатиф юзи асабий бужмайиб бир нима демоқчи бўлди, лекин демади, тескари ўгирилиб бир зум бошини осилтириб турди, сўнг, бўғиқ овозда:

– Саройбон! – деб бақирди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации