Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
Одил Ёқубов
Улуғбек хазинаси: роман
Биринчи қисм
1
Вақт тун ярмидан ошган. Расадхона теран сукутда. Одатдагидай, кечаси самовий ҳолатларни кузатиб ўтирган мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи бир пайт вужудида хиёл нохушлик сезиб, ўрнидан турди. Лекин қўлидаги олатларни11
Олат – асбоб.
[Закрыть] жойига қўйиб улгурмаган ҳам эдики, қаердадир юқорида, биринчи ошиёнада оёқ товушлари эшитилди. Бу товушлар расадхона толиби илмларининг шарпасиз одимларига ўхшамас, сипоҳларнинг бетакаллуф қадамларини эслатарди. Мавлоно сергакланиб юқори ошиёнанинг дарчадан кичик ўймакор эшигига тикилди, нимқоронғи расадхонада йўғон ва ўктам овоз янгради:
– Мавлоно Али ибн Муҳаммад Қушчи ҳазратлари! Шаҳриёри фалак-иқтидор22
Шаҳриёри фалак-иқтидор – қудратли шоҳ маъносида.
[Закрыть] Мирзо Улуғбек Кўрагоний ҳазратлари амр этмишларким, Кўксаройда дарҳол ҳозиру нозир бўлғайсиз!
Али Қушчи кафтини қошлари устига тутиб, навкарларни яхшироқ кўришга уринди, лекин навкарлар машъалларини бошлари узра баланд ушлаб туришар, серсоқол юзлари чала-чулпа кўринарди.
– Бир дақиқа фурсат бергайсиз. Олатларни йиғиштирай, – деди Али Қушчи.
Ғира-шира расадхонада яна бояги таҳдидли овоз янгради:
– Фурсат зиқ, мавлоно. Отлар шай!
Навкарлар нағал қоқилган оғир этиклари билан мармар зиналарни гурс-гурс босишиб, орқага чекинишди. Қўлларидаги машъалларнинг шуъласи деворларнинг тилла суви юритилган нақшларини бир ялаб сўнди, расадхона яна қоронғулашди. Фақат шифтдаги туйнукда оппоқ йирик юлдузлар ғалати чарақлаб турарди. Бу туйнук шундай ясалган эдики, пастда ўрнатилган судси фахри33
Судси фахри – секстант.
[Закрыть] сатҳида самода сайр этаётган юлдузлар ҳолати кузатилиб борилар эди.
Али Қушчи калтагина чўққи соқолини тутамлаб, бир зум туйнукка тикилиб қолди.
Ўтган куни тонг пайти устод Мирзо Улуғбек расадхонага ташриф буюрган эди. Йўлбарс териси ёпилган ўз курсисида ўтириб, тимқора осмонга разм солиб узоқ хаёл сурди.
Али Қушчи билар, бу йил соҳибқирон Амир Темур туғилган йилдагидай фалак қозиси Муштарий44
Муштарий – Юпитер.
[Закрыть] билан Зуҳро юлдузлари бир-бирига яқин келиши кутилар эди. Кўнгли нотинч давлатпаноҳ эса бунга аллақандай умид боғлар, ниманидир кутар эди.
Мана, бир-икки йил бўлди, олис Ҳиротдан Хоқони Саид аталмиш Шоҳруҳ Мирзо вафоти тўғрисида машъум хабар келганидан буён Мовароуннаҳр ва Хуросон осмонидан қора булутлар аримай қолди. Тахт ва салтанат ишқида ёнган Темурий шаҳзодалар қилич ва тиғ чархлашдан қўллари бўшамади. Ниҳоят, Улуғбек қиличи ўткир чиқиб, мағрибдан машриққа қанот ёзган ҳудудсиз салтанат хиёл осойиш топган эди, тожу тахт валиаҳди шаҳзода Абдуллатиф ўз падари бузрукворига қарши шамшир кўтариб чиқди. Ражаб ойининг бошларида аълоҳазратлари лашкар тортиб Жайҳун55
Жайҳун – Амударё.
[Закрыть] томон отланишга мажбур бўлди. Аммо давлатпаноҳ Жайҳун бўйларида лашкар тортиб турганида дорулмулкда содир бўлган фитналар уни Самарқандга қайтишга мажбур этди. Мана энди уч-тўрт кундирким, шаҳарда ваҳимали мишмишлар: гўё шаҳзода лашкарлари Жайҳундан ўтиб Кешга66
Кеш – Шахрисабз.
[Закрыть] яқинлашиб қолганмиш…
Тўғри, ўтган куни саҳарда расадхонага кириб келган устод бу тўғрида сўз очмади. Қўлида устурлоб, самони кузатиб узоқ ўтирди, сўнг мармар зинанинг тик пиллапояларидан ҳорғин одимлаб, учинчи ошиёнадаги кутубхонага ўтди. Чеҳраси сўлғин, хаёли паришон, нақшинкор жовонларга терилган китобларни, салкам қирқ йил салтанат тебратиб йиққан нодир қўлёзмаларни бир-бир кўздан кечирди, ёдига устод Қозизода Румий тушди, чамаси, унинг “Риёзиёт”77
Риёзиёт – математика.
[Закрыть]ини варақлаб узоқ турди, кейин бўйнини хам қилганича лом-мим демай бир-бир босиб чиқиб кетди. У ҳатто Али Қушчи билан хайрлашмади ҳам. Аълоҳазратларини ҳовлига кузатиб чиққан Али Қушчига устод гўё расадхона билан видолашгани келгандай туюлиб, юраги зирқираб кетди. Икки кунгача устоднинг маҳзун нигоҳи кўз олдидан кетмай изтироб чекди, бир неча бор Кўксаройга боришга чоғланди, лекин журъат этолмади. Мана энди устод ўзи уни Кўксаройга чорлабдилар.
Али Қушчи қора духоба такясининг устидан мударра дасторини88
Мударра дастори – мударрислик салласи.
[Закрыть] ўради, эгнига енгсиз кимхоб нимчасини, унинг устидан оқ чакмонини кийди-да, тик зиналардан юриб, юқорига чиқа бошлади…
2
Само артилган чиннидай тиниқ, юлдузлар чарақлаб турар, лекин шаъбони ойи ўз кучига кирган, тоғдан эсаётган изғирин остида дарахтлар дарёдай шовуллар, кекса тут ва садалар нола чекаётгандай чийиллар, ғийтиллар эди.
Али Қушчи ҳовлига чиқиши билан ўнг қўлидаги бинодан кимдир “лип” этиб чиқиб, йўлини тўсди.
– Тўхтанг, устод! Бу навкарларнинг муроди не? Қайга олиб кетадур сизни?
Али Қушчи суюкли шогирди Мирам Чалабийни таниб, унинг елкасидан қучди.
– Қўрқма, иним, аълоҳазратлари чақирибдурлар. Тезда қайтамен.
Али Қушчи расадхонанинг калитини Мирам Чалабийга топшириб, ҳовлига чиқди. Навкарлардан бири қоронғида бетоқат депсиниб турган арғумоқни рўпара қилиб, қўлтиғидан олди. Лекин Али Қушчи узангини топиб, типирчилаган отга ўзи сапчиб минди-да, жиловини қўлига олди: у “қушчи”99
Қушчи – бу ерда моҳир овчи маъносида.
[Закрыть] номини бекорга олмаган, аълоҳазратлари билан овга чиққан пайтларида, не-не асов тулпорларни жиловлаб, бир лаҳзада ўзига ўргатиб оларди!…
Тун сукутини от туёқларининг дупури бузди. Навкарлардан бири олдинда, иккинчиси ёнма-ён от чоптириб борарди. Отлиқлар Сиёбдан ўтиб, дўнгга чиққанларида “Шоҳизинда” қабристонининг қўрғони ва қўрғон ортида қатор мақбараларнинг юксак гумбазлари кўринди. Тун ойсиз бўлса ҳам, юлдузлар акс этган фируза гумбазлари аллақандай кўкиш жило таратиб, ғалати ялтиллаб турарди. Қаердандир олисдан, Қусам ибн Аббос дахмаси томондан тиловат қилаётган қорининг мунгли овози келарди. Ҳазин куйга ўхшаган бу товуш гўё бошқа оламдан келаётган чексиз нолага ўхшар, кекса садалар ортидаги улкан қабристонга, қоронғида ҳайбатли кўринган қуббадор дахмаларга аллақандай илоҳий руҳ бахш этар, борлиқ сирли ва мудҳиш туюларди.
Отлиқлар қабристондан ўтиб, масжиди жомега яқинлашганларида ҳар жой-ҳар жойда гулхан ёқиб, давра қуриб ўтирган посбонлар учради. Улар от туёқларининг дупурини эшитиб, ўринларидан сакраб туришар, лекин олдинда бораётган ясовулнинг амри билан йўлни очиб, отлиқларни ўтказиб юборишарди.
Регистон олдидаги кенг майдон лашкарга тўлиб кетган, сарбозлар даҳа-даҳа1010
Даҳа-даҳа – ўн киши-ўн киши.
[Закрыть] бўлиб гулхан ёқиб ўтиришарди. Мирзо Улуғбек мадрасаси рўпарасидаги хонақоҳлардан зикр тушаётган қаландарларнинг овозлари баралла эшитилиб турарди:
Ё олло, дўст, ё олло!
Ҳақ дўст, ё олло!
Шаҳар узра қанот ёзган хавф-хатар сабабми, қаландарларнинг жазава билан ҳу-ҳулаб зикр тушишлари ваҳимали туюлар, гўё улар Аллоҳга ҳамду сано эмас, билъакс, кимгадир таҳдид қилмоқда эдилар.
Тор, тимли расталардан кейин чуқур хандақ билан ўралган Кўксаройнинг кунгурадор деворлари қоронғида чўнг қоядай ҳайбатли туюлади. Қалъа деворлари ортидаги сарой гумбазлари эски дахмалардай вазмин қорайиб турар, қалъа ҳам улкан гўристонни эслатар, гўристондай сирли ва осуда эди. Саройда милт этган чироқ кўринмас, бу ерда ҳатто посбонлар ҳам гулхан ёқишмаган, ҳаммаёқ зимистон эди. Фақат Гўри Амирга қараган майдонга чиққанларидагина йўлларини фонус ушлаган посбонлар тўсишди. Қоронғида уларнинг қалқонлари ялтираб, туғли найзалари кўзга чалинди. Посбонлардан ўтиб, икки ёнидаги буржларига тўп ўрнатилган баланд дарвозахона олдига борганларида уларнинг йўлини яна қилич яланғочлаган сипоҳлар тўсишди. Биринчи ясовул карнай қилиб ўраб олган ёрлиғини кўрсатиб дарвозахонага кирди. Сал ўтмай қулф ва занжирларнинг оғир шарақлаши эшитилиб, Гўри Амирга қараган икки табақали қуйма дарвозанинг ён эшиги секин ғичирлаб очилди. Ичкаридан фонус ушлаган таниш салоҳдор1111
Салоҳдор – дарвозабон.
[Закрыть] чиқди.
Эгардан сакраб тушган Али Қушчи биринчи сипоҳга отининг жиловини тутқазиб, дарвозахонага кирди.
Салоҳдор фонусини баланд кўтарганча рўпарадаги эшикни очиб унга йўл берди.
Баланд кунгурадор девор билан ўралиб, юксак буржларга тўп ўрнатилган ўрдадай ҳовлининг ҳар жой-ҳар жойида тош фонуслар милтираб турарди. Ҳовлининг сўл томонида пастқамроқ бинолар саф тортган бўлиб, – бу девонхона эди. Девонхонанинг ортида баланд девор билан тўсилган ҳарам бинолари оқариб кўринар, ўнг томонда икки ва уч ошиёнали кошоналарнинг тиллакори гумбазлари ял-ял ёнарди. Ҳовли ҳам гўристондай осуда, фақат ер тагидан аллақандай гурс-гурс овозлар қулоққа чалинар, афтидан, сарой остидаги ертўлаларда аслаҳасозлар ишламоқда эди.
Салоҳдор, атрофи арча билан ўралган, ўртасига кумуш фаввора ўрнатилган мармар сарҳовузнинг ёнидан ўтиб, баланд пештоқли кошонага яқинлашди. Рахларига тилла тасма қоқилган ўймакор эшикнинг икки ёнида турган ясовулларнинг бири чапдастлик билан эшикни очиб, уларга йўл берди.
Улар ғира-шира тор йўлакдан ўтиб, тилла шамдонларга терилган шамлардан чароғон хонага киришди. Тагига қирмизи туркман гиламлари тўшалган, деворлари фируза ранг сопол парчинлар билан қопланган бу хонанинг тўрида юқори ошиёнага чиқадиган мармар зина кўринарди.
Уларни эшикда кутиб олган тунд юзли таниш саройбон Али Қушчини юқорига бошлади.
Иккинчи ошиёнадаги катта танобий хона ҳам бўм-бўш эди. Саройбон Али Қушчига шу ерда кутиб туришни имо билан билдириб, рўпарадаги эшикдан аълоҳазратларининг саломхонасига кириб кетди. Эшик очилганда бир зум устоднинг асабийлашган бўғиқ товуши эшитилиб, эшик ёпилиши билан яна тинди.
Али Қушчи хонада ёлғиз қолиши билан кўнгли ғалати бўлиб кетди: ерга шерозий гиламлар тўшалган, шифтидаги олтин қандилда беҳисоб шамлар ёнган бу кенг, чароғон хонанинг ҳамма деворлари устоднинг овдаги ўлжалари-ю, ов анжомлари билан безатилган эди. Ана, қаршидаги қуббадор дарчанинг тепасига лаъл ва инжу қадалган, қулоч етмас архар шохи осилган. Бу архарни узоқ йили кузда Ҳисор тоғларига овга чиққанларида устод ўзи отиб олган, шунинг учун ҳам ҳамиша бўлакча бир фахр билан тилга олардилар. Архар шохининг ёнида, камон ўқлари терилган қизил чарм садоқнинг1212
Садоқ – ўқдон.
[Закрыть] устига йўлбарс териси осилган. Бу йўлбарс Жайҳун бўйларидан, устод Хуросон юришидан қайтиб келаётганида отиб олинган эди.
Олис ва сермашаққат юришдан толиққан давлатпаноҳ Самарқандга чопар юбориб, Али Қушчини Жайҳун бўйларига чақиртириб олган эди. Али Қушчининг пойқадами қутлуғ бўлган, чунки ов пайтида туя бўйи келадиган қамишзордан ногаҳон шу йўлбарс чиқиб қолиб, устодга ҳамла қилган, шунда камонини шай қилиб ёнма-ён бораётган Али Қушчи чапдастлик билан ўқ узган, унинг ўқи ўкириб осмонга сапчиган йиртқичнинг кўзига тегиб, аълоҳазратлари эсон қолган эди. Шу-шу, устод уни кўрганда “халоскорим”, деб ҳазиллашарди…
Али Қушчи бу серҳашам ва сержило хонани томоша қиларкан, хаёлига бир фикр келиб, маъюс кулимсираб қўйди. Бир маҳаллар Мирзо Улуғбекнинг фармони билан бу қасри олийга илк бор қадам қўйганида вужудини шундай зўр бир ҳаяжон чулғаб олган эдики, бояги мармар ҳовузларнинг ёнидан ўтаётганида оёқлари қалтираб кетган эди. Бу кўркам, муаззам саройни соҳибқирон аталмиш Амир Темур Кўрагоний барпо қилдирганини, деворларига тилладан жило берилган бу шинам хоналарда оламни титратган фотиҳи музаффар истиқомат қилганини, шу ерда ўтириб, буткул рўйи заминни фатҳ этмоқ тўғрисида пинҳоний режалар тузганини ўйлаганда вужудини аллақандай муқаддас бир титроқ қамраб олган эди. Ҳайҳот!.. Мана ҳозир яна ўша қасри олийда, улуғ жаҳонгирларнинг дорулмулкида1313
Дорулмулк – бу ерда турар жой маъносида.
[Закрыть] ўтирибди. Лекин қалбида на бир қўрқув бор, на бир ҳаяжон! Фақат дилида теран бир маҳзунлик бор. Йўқ, бу маҳзунлик, сабийлик чоғларида қалбини ҳайратга солган бу муаззам қасрлар емирилаётганидан эмас, йўқ, суюкли устодига куйинганидан, унинг азиз бошини қора булутлар ўраб олганига ачинганидан, холос. Нечун, нечун шундай бўлди? Нечун фалакиёт илмини идрок эта олган, ўткир тафаккури билан коинот сирларини очиб, янги юлдузлар кашф этган алломалар сарбони1414
Алломалар сарбони – олимлар карвонбошиси.
[Закрыть] тахт ва салтанатнинг бевафолигини идрок этолмади. Нечун ҳамма давру даврон, ҳамма давлат ва ҳамма шоҳ ва фотиҳларнинг тарихини беш қўлдай биладиган бу зукко донишманд тож ва ҳокимият ҳеч бир кимсага вафо қилмаганини тушунмади, ёхуд тушунса-да уни тарк этишга иродаси етмади? Нечун ҳокимият деб аталмиш бу сохта шон-шавкатдан воз кечиб, бутун тафаккури, ўткир мушоҳадаси, бутун салоҳиятини илм-фанга, инсонни улуғловчи зиё-маърифатга бахш этмади? Нечун?..
Эшик очилиб Али Қушчининг хаёли бўлинди. Ичкаридан Шайхулислом Бурхониддиннинг таниш ингичка овози чийиллаб эшитилди:
– Ас салотин зиллалоҳу фил-арз! Онҳазратлари шаърий султонимиздур. Бас! Султонимизнинг фармони олийлари барчага амру вожибдур!
Унинг овозини босиб ғала-ғовур кўтарилган эди, устоднинг хиёл бўғиқ, ўктам овози янгради:
– Бас! Фармони ҳумоюн амру вожибдур! Амир Султоншоҳ барлос! Сиз отлиқ ҳировул1515
Ҳировул – олд қисм қўшинлар.
[Закрыть] билан дарҳол йўлга чиққайсиз!.. Амир Султон Жондор тархон, сиз баронғор1616
Баронғор – ўнг қанот қўшинлар.
[Закрыть] суворийлар билан ҳировул қўшинларнинг ортидан юргайсиз. Насиб бўлса довонда учрашармиз. Маслаҳатлар учун ташаккур. Машварат1717
Машварат – ҳарбий кенгаш.
[Закрыть] тамом!
Эшикда шаҳар доруғаси Мироншоҳ, унинг кетидан қилич ва ханжар таққан амирлар, қизил кимхоб тўн кийган девонбеги билан сарой маҳрамлари кўринди. Ҳамманинг қовоғи солиқ, чеҳралари тунд эди. Заррин тўн кийиб, камарга олтин бандли шамшир таққан доруға Мироншоҳ Али Қушчига ер остидан бир қараб қўйди-да, рапидадай кенг юзини тескари буриб, мармар пиллапояларни дукурлатиб, пастга тушиб кетди. Сахт сумбати келишган, қоп-қора соқоли ўзига жуда ярашган амир Султон Жондор тархон кумуш камарига осилган эгри қиличини этагига шарақ-шуруқ уриб, Мироншоҳнинг кетидан шошилди. Эгниларига қизил, кўк, яшил мовут ва кимхоб тўн кийиб, қора қундуз телпак ва бўркларини бошларига бостириб олган бошқа амирлар ҳам нағал қоқилган этиклари билан мармар зиналарни тақ-тақ босиб пастга тушиб кетишди. Уларнинг биронтаси ҳам Али Қушчи билан саломлашмади, ёлғиз Шайхулислом Бурхониддин бир зум тўхтаб, тасбеҳ ушлаган ингичка, оппоқ бармоқларини кўришгани чўзди.
Шайхулислом пастга тушиб кетгач, хона чуқур сукутга чўмди, ҳатто саломхонадан ҳам чурқ этган товуш эшитилмас, давлатпаноҳдан дарак йўқ эди. Ё бошига тушган ташвиш билан бўлиб, шогирдини чақиргани ёдидан кўтарилмадимикин?.. Худди шу пайт, саломхона эшиги оҳиста очилиб, устод кўринди. Эгнида, одатда саройда кийиб юрадиган зарбоф тўн ўрнига кўкяшил мовут чакмон, бошига расадхонада ва мадрасада киядиган учлик қора духоба қалпоқ, оёғида ичига олмахон мўйнаси қопланган қўнжи кенг иссиқ этик, устод остонада тўхтаб, шогирдига аллақандай синовчан тикилди.
Унинг сал тўлиша бошлаган новча бўй-бастида, мисдай қорамтир узунчоқ юзида, қалин қошлари тагидан тикилиб қараган ўйчан нигоҳида ҳам темурийларга хос кишини ўзига ром этувчи шиддат, ҳам қандайдир пинҳоний мажруҳлик бор эди.
Али Қушчи унга яқинлашиб тавозе билан салом берди. Лекин Мирзо Улуғбек ўнг қўлини вазмин кўтариб, уни тўхтатди-да, пастдан чиқиб келган саройбонга юзланди:
– Баковуллар истироҳатда эмасму?
– Онҳазратимнинг хизматига мунтазирдурлар.
– Таом ва шароб! – деди Мирзо Улуғбек саройбоннинг гапини бўлиб, сўнг Али Қушчини елкасидан қучиб, тўрдаги нақшинкор курсиларга бошлади. – Юр, ўғлим, маслаҳат бор…
Мирзо Улуғбек бошқа пайтларда ҳам шогирдини “ўғлим” деб атарди. Лекин бугун устоднинг овозида, шогирдини қучиб сўзлашида бўлакча бир меҳр, самимият, айни замонда қандайдир теран ғам-андуҳ сезилиб турарди.
Устод, кўзлари ярим юмуқ, бошини эгиб, хаёлга толиб ўтирарди. Унинг чўзинчоқ қорамағиз юзи сўлғин, кенг пешонаси ва қийғир бурнининг икки ёнидаги ажинлари қуюқлашган, зотан, бутун вужудида, катта ялпоқ кафтларини тиззасига ҳорғингина ташлаб ўтиришида чуқур изтироб, изҳор этиш қийин бўлган теран бир мунг бор эди.
Али Қушчи юраги зирқираб, тасалли беришга оғиз жуфтлаган ҳам эди, Мирзо Улуғбек, худди ўз-ўзига гапираётгандай қилиб:
– Бу тун… Бу тун тушимда… Устодни кўрдим… – деди-ю, яна хаёлга чўмди.
Али Қушчи ғалати бўлиб кетди. Унинг кўз олдига илиқ баҳор куни келди. Мадрасаи Улуғбек ҳовлисининг мармар саҳнига, чин барг ёзган навқирон чинор атрофига офтобда гул-гул ёнган қизил палослар ёзилган. Энг яхши сарполарини кийиб, ясаниб олган ёш муллаваччалар ҳаяжонда: бу кун улар давр Афлотуни ҳисобланмиш мавлоно Салоҳиддин Мусо ибн Маҳмуд Қозизода Румий билан учрашиб, ундан сабоқ эшитмоқ бахтига мушарраф бўладилар!..
Али Қушчи мавлоно Румий тўғрисида кўп ғаройиб ривоятлар эшитгани учунми, ё бу табаррук зот яратган ва риёзиёт илмининг мураккаб масалаларига бағишланган рисолаларини мутолаа қилиб, ҳайратланиб юргани учунми, ҳикмат эгасини қандайдир басалобат ва калондимоғ бир одам деб тасаввур қилган эди. Аслида эса соч-соқоли оппоқ, нимжонгина бир чолни кўрди.
Кекса донишманднинг соч-соқолигина эмас, қош-киприклари, бошидаги кулоҳга ўхшаган учлик такяси, эгнидаги чакмони – ҳаммаси қордай оппоқ эди!
Ўша илиқ баҳор куни мавлоно Қозизода Румий унинг пешонасидан ўпган, Мирзо Улуғбек эса Кўксаройга ташриф буюришини лутфан илтимос қилган эди… Мана, бу воқеаларнинг бўлганига қанча йиллар ўтди, қанча сувлар оқиб кетди, аммо-лекин Али Қушчи кўзини бир зум юмса ҳамон кекса алломанинг нуроний чеҳрасини кўради, пешонасида унинг лабларини, юзида майин соқолини ҳис этади…
Мирзо Улуғбек бош чайқаб, мийиғида кулимсираб қўйди.
– Тушимда… жаннатмакон устод каминани қаттиқ койидилар. Бу бевафо салтанатни деб, илм-фандан юз ўгирдинг, дедилар. Тахт соҳиби бўламан деб, шундай етук салоҳиятингни жувонмарг қилдинг, дедилар…
Али Қушчи ўрнидан бир тебраниб, “Ё раббий!” – деб юборди.
Мирзо Улуғбек ялт этиб қаради, чуқур ботган ўйчан кўзларида савол аломати жилва қилди.
– Валинеъмат устод афв этсинлар, – деди Али Қушчи ўнғайсиз ланиб, – ва лекин мен ҳам бир-икки сония муқаддам худди шу фикрни кўнглимдан кечирган эдим…
Мирзо Улуғбек ёқут кўзли олтин узук тақилган ўрта бармоғи билан нақшинкор хонтахтани чертганча яна сукутга толди. Унинг ўсиқ қошлари бир-бирига туташиб, ўртасида чуқур чизиқ пайдо бўлди. Али Қушчи унга тасалли бериш ўрнига аламли қалбини баттар тиғлаганини сезиб, ўнғайсизланиб томоқ қирди.
– Мавлоно Али! – деди Мирзо Улуғбек, кўзларини бир нуқтадан узмай. – бандаи ожиз Мовароуннаҳрга салкам қирқ йил раҳнамолик қилдим. Наҳот бу борада қилган меҳнатим зое кетди, деб ўйлайсен? Наҳот илм йўлида, Мовароуннаҳр осойишталиги йўлида нафим тегмади деган фикрдасен?
Устоднинг ғам-андуҳга тўла овози фавқулодда титраб кетди-ю, Али Қушчи густоҳлик қилганини сезиб, лабини тишлади. Устоднинг бошида қора булутлар қуюқлашган бир пайтда бу нозик гапни қўзғаб, унинг дилини оғритмоқ инсофданми? Али Қушчи ўз хатосини тузатишга шошилди:
– Маъзур кўргайсиз, устод. Бу борада сиз ҳазратимнинг қилган хизматлари шундай улуғдирким, бунга шак-шубҳа йўқдир…
Мирзо Улуғбек тоқатсизлик билан бош чайқади.
– Камина барига тушунамен, Али! Аммо ҳодисалар силсиласи1818
Ҳодисалар силсиласи – ҳодисалар йўналиши маъносида.
[Закрыть] шундайким, буни илм аҳли идрок этишдан ожиздир. Фозиллар ақли шоҳлар ақлидан ожиз бўлганидан эмас, йўқ! Билъакс, Ҳақ таоло сизларга шундай поклик ато этганким, шоҳлар ҳаётининг мислсиз разолатини идрок этишдан ожиздурсиз!
Мирзо Улуғбек бўғилиб кетгандай томоғини силаб уҳ тортдида, гўё шогирди билан баҳслашаётгандай қўл силтаб:
– Йўқ! – деб хитоб қилди. – Мен салтанатдан айрилишдан қўрқмаймен. Фақат бу элга қирқ йил раҳнамолик қилиб орттирган бойлигим – мадрасаю расадхонам, нодир хазинам – тўплаган кутубхонам ва ниҳоят, яратган асарларим – барчаси поймол бўлишидан қўрқамен. Ҳа, фақат шундан қўрқамен. Тағин бир нарсадан – келгуси авлодлар бандаи ожиздан ҳазар қилмасму, деб қўрқамен. Мирзо Улуғбекдай коинот сирларини очмоқни тилаган, фозилликни даъво этган мавлоно, ҳайҳот, охир-оқибат барча шоҳ, барча тахт соҳибларидай салтанатни деб, ўз пушти камаридан бўлган фарзанди билан тожу тахт талашибдур-да, деган ном қолдирмоқдан қўрқамен, мавлоно Али!
Али Қушчи юраги тикан санчилгандай безиллаб:
– Келгуси авлод тарихга қараб ҳукм юритадур, устод! – деди. – Тарихни эса илм аҳли битадур. Илм аҳли сизнинг маърифат йўлида қилган хизматларингизни эсларидан чиқармас. Бунга шубҳа қилмагайсиз, устод!..
Мирзо Улуғбек бошини оҳиста тебратиб, дардли жилмайиб қўйди.
– Ташаккур, Али…
Шу пайт гурс-гурс оёқ товушлари эшитилиб, олдин саройбон, унинг орқасидан овларда кабобпазлик қиладиган бақалоқ баковул кўринди. Баковулнинг қўлидаги кумуш баркашда бода солинган нафис мунаққаш кўзача билан нозик хитой пиёлачалари терилган эди. Бақалоқ баковулнинг кетидан жизиллаб турган иссиқ кабоб билан аллақандай хушбўй ҳид таратган таомлар тўла баркашларни кўтариб ёрдамчилари кириб келишди. Баковуллар қўлларидаги баркашларни хонтахтага қўйиб чиқиб кетгунларича Мирзо Улуғбек бир нуқтага тикилиб сукутга чўмиб ўтирди, кейин саройбонга юзланиб:
– Мавлоно Муҳиддинга чопар кетдиму? – деб сўради.
– Чопарлар қайтиб келди, онҳазратим.
– Хўш?
– Мавлоно Муҳиддин оғир хаста эмиш, онҳазратим…
– Ҳм… – Мирзо Улуғбек унга “хўп, кетавер!” деб имо қилдида, қовоғини солганича тилла ҳошияли нозик пиёлачаларга шароб қуяркан:
– Хаста эмиш, – деб қўйди. – Сенинг бундан хабаринг борми, Али?
– Йўқ, устод…
– Нечун?
Али Қушчи ўнғайсизланиб, жойида бир қўзғалиб қўйди.
– Эҳтимол эшитгандурсиз, устод. Шу йил кўклам мавлононинг ожизасини… Қаландар Қарноқий деган ёш мударрисга тилаб, совчиликка борган эдим. Мавлоно алхусус унинг отаси Хожа Салоҳиддин заргар қаттиқ ранжитиб қайтарди… Қолганини билурсиз, устод.
Мирзо Улуғбек биллур пиёлалардаги тилла ранг шаробга тикилганича сукут сақлар эди. У чиндан ҳам “қолганини билар” эди. Али Қушчи айтган совчиликдан сал кейин мавлоно Муҳиддин қизини амир Иброҳимбек тархоннинг кенжа ўғлига никоҳлаб берган, бу дабдабали тўйда Мирзо Улуғбек ҳам иштирок этган эди. Лекин кўп ўтмай, Мирзо Улуғбек ўғли Абдуллатифга қарши лашкар тортиб, Жайҳун бўйларига кетганида, Самарқандда қолган шаҳзода Абдулъазиз амир Иброҳимбек ўғлини қатл қилдириб, унинг ёш қайлиғини ўз ҳарамига олган, шаҳзоданинг бу машъум иши амирлар орасида қаттиқ норозилик уйғотган эди…
Мирзо Улуғбекнинг кўз олдига бундан бир-икки ҳафта муқаддам ҳарамда кўрган ёш нозанин келди. Нозанин ҳарир пуштиранг парда орқасида бош эгиб турган бўлса ҳам, Мирзо Улуғбек унинг бўлакча ҳуснидан, қайрилма қошларининг нафислиги, қирра бурнининг четидаги катта холи, ёзилиб кетиб, оқ шоҳи қўйлагининг этагига тушган майин сочларининг хаёлий гўзаллигидан лол қолган эди.
– Қизим, – деди Мирзо Улуғбек, унинг масъум ва аллақандай маъюс чеҳрасидан кўзини ололмай. – Бўлар иш бўлибди. Энди саройда қоласенму ё кетмоқни тилайсенму, ихтиёр ўзингда…
Нозанин лабларини билинар-билинмас қимирлатиб:
– Ижозат берсангиз, кетамен, ҳазратим, – дедию юзини қўллари орасига яшириб, пиқ-пиқ йиғлаб юборди.
Гўё фил суягидан ясалгандай бу оппоқ қўллар, тирноқларига хина қўйилган бу нозик бармоқлар Мирзо Улуғбекка мавлоно Муҳиддиннинг бир гапини эслатди:
– Ожизам хаттотликда тенгсиздур, онҳазратим. Тиласангиз рисолаларингизни кўчириб берадур.
Мирзо Улуғбек ўшанда бу гапга ишонқирамаса ҳам тарихий рисолаларидан бирини берди. Бир ойдан кейин эса ипак қоғозга кўчирилган ўз рисоласини кўриб, ҳайратда қолди; рисола чиндан ҳам бўлакча бир ҳуснихат ва нафосат билан кўчирилган эди.
Мирзо Улуғбек унсиз титраб йиғлаётган нозаниннинг яланғоч қўлларини кўрганда англади: бонунинг ҳуснихати хина қўйилган бармоқларидай нозик ва гўзал эди.
Мирзо Улуғбек санамга рухсат берди-ю, ўзи дарҳол шаҳзодага одам юборди. Лекин… не чора? Ғишт қолипдан кўчган эди!..
… Мирзо Улуғбек оғир туш кўриб уйғонган одамдай кўзларини артиб, Али Қушчига қаради.
– Ҳақ таоло шоҳид, бу машъум фожеада бегуноҳмен, мавлоно. Аммо ўз бармоғингни ўзинг чополмас экансен, не қилай, ўз пушти камаримдан бўлган фарзандим…
– Биламен, устод.
– Қаландар Қарноқий не бўлди? Мадрасани тарк этиб, дарвешликни ихтиёр этган эмиш… Бу сўз ҳақиқатму?
– Ҳақиқат, устод. Кўп салоҳиятли йигит эди. Надоматлар бўлғайким, ўшал тўйдан кейин устига жанда, бошига кулоҳ кийиб, мадрасани тарк этди. Алҳол кўча-кўйда гадолик қилиб юрган эмиш.
Мирзо Улуғбек лабини тишлаб яна жим қолди. Мунаққаш пиёлалардаги тилларанг шароб қуйилганича турар, кумуш баркашдаги кабоб совуб қолган, бунинг ҳаммаси устоднинг эсидан чиққан, устод хаёлотнинг тубсиз уммонига чўмган эди. Ниҳоят у чуқур тин олиб:
– О, осий бандалар, бандалар! – деб қўйди. Сўнг:
– Толиби илмлар орасида ишончли йигитлар топилурми? – деб сўради.
– Топилур, устод…
– Топилса… муддаога ўтайлик, мавлоно, – Мирзо Улуғбек кафтини Али Қушчининг тиззасига қўйиб, кўзларига тикилди. – Эҳтимол эшитгандурсен, Мовароуннаҳр осмонини қора булутлар қопламоқда. Шаҳзода Абдуллатиф Жайҳундан ўтиб, Кешга яқинлашиб келмоқда. Букун доруссалтана Самарқанд ҳам хавф остида турибди… Эшитгандурсен?
– Эшитганмен, устод. Аммо… наҳот сулҳ-салоҳнинг чораси топилмас? Агарчи сиз шаҳзоданинг гуноҳидан ўтсангиз…
Мирзо Улуғбек тоқатсизланиб:
– Ҳайҳот! – деб хитоб қилди. – Агарчи масала шаҳзоданинг гуноҳларини кечирмоқда бўлса, юрт осойишталиғи йўлида мен сулҳдан бош тортмас эдим. Аммо… сен шаҳзодани билмайсен, Али. Билмайсен! – Мирзо Улуғбек ўрнидан туриб кетиб, хонани бир айланиб чиқди. – Мақсад не эди? – деди тўхтаб. – Ҳа! Сени бу даргоҳга чақирмоқдан муддао шуким, қирқ йил салтанат тебратиб, орттирган бойлигим, расадхона ва кутубхонам, битилган ва ҳали ниҳоясига етмаган рисолаю китобларим – барчаси сенинг қўлингдадур. Алқисса, бу хазинани жоҳил гумроҳлардан, маҳдуд мутаассиблардан асраб қолмоқ… ёлғиз сенинг ихтиёрингдадур. Аммо… – Мирзо Улуғбек қўлларини кўксида қовуштириб, шогирдига синовчан тикилди. – Аммо эсингда бўлсин: кўп хатарли юмуш бу!
– Биламен, устод.
– Билсанг ҳам ўйлаб кўр, Али.
Али Қушчи қизаринқираб кулимсиради.
– Наҳот фақирдан шубҳа учирд?
– Йўқ! Агар шубҳа қилсам бу сирни очмас эдим, Али. Аммо… сенинг умрингга завол бўлмоқчи эмасмен. Зеро, уламойи киром аталмиш ақли қосир1919
Ақли қосир – калтафаҳм.
[Закрыть] маддоҳлар илм аҳлига тишларини қайраб юрганидин хабаринг бордур…
– Бор, – Али Қушчининг эсига яқинда “Мозори шариф”да рўй берган мудҳиш бир ҳодиса тушди.
Улуғбек мадрасанинг йигирма чоғлик талабалари оғир хасталикдан кейин вафот этган бир муллаваччани дафн этгани “Мозори шариф”га борган эдилар. Улар тобутни кўтариб қабристон қўрғонига яқинлашиб қолганларида, дарвозадан бир гуруҳ мурид ва дарвешлар қуршовида шайх Низомиддин Хомуш ҳазратлари чиқиб келди-ю, қўлидаги нақшинкор асосини ҳавода силкитиб:
– Даф бўл! – деб бақирди. – Оллони унутган диёнатсиз даҳрийлар хоки бу даргоҳи мукаррамни макруҳ қилур! Макруҳ!..
Маросимнинг бошида ҳассакашлик қилиб бораётган Али Қушчи эътироз билдирмоқчи бўлиб, олдинга юрган эди, шайх ҳазратлари яна асосини кўтариб:
– Сен ҳам даф бўл, бетавфиқ! – деб ўшқирди. – Ёдингда бўлсин, мавлоно Алоуддин Али! Ҳамду санони эсидан чиқариб, кофирликка юз тутган барча алломаларнинг ҳоли шу бўлар! Ҳа, шу бўлар!..
– Хўш, нечук ўйланиб қолдинг, Али?
Али Қушчи негадир бир сапчиб тушди. Мирзо Улуғбек унинг тепасида ҳамон қўл қовуштириб турар, ҳорғин кўзлари қисилган эди. Али Қушчи юрагини музлатган совуқ ваҳимани ҳайдаб:
– Устоднинг фармони шогирд учун амри вожибдур, – деди.
– Пухта ўйладингму? Кейин пушаймон чекмайсанму?
– Устод!
– Балли! – Мирзо Улуғбекнинг кўзларидаги синовчан ифода илиқ меҳр билан алмашди.
– Қани, ортимдан юр, сенга айтадурғон яна бир сўзим бор! – Мирзо Улуғбек рўпарадаги саломхона эшигини очиб, ичкарига кирди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?