Электронная библиотека » Озод Муъмин » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 06:20


Автор книги: Озод Муъмин


Жанр: Зарубежная фантастика, Фантастика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 6 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Мана бу «Кўҳинур!» Яъни, нур тоғи. Бундан таралаётган нозик жилва, сеҳрли қўшиқни қаранг-а! Мана куч, мана қудрат!.. Гўзаллик доимо катта куч бўлиб келган. Ғоят ноёб тош. Бундаги ажиб нурлар ҳар қандай дилғуборликдан халос қилади, танга қувват, қалбга ишонч бахш этади… Буниси «Чироғи олам»! Жуда антиқа ёқут! Ҳақиқатдан ҳам олам чироғи! Мана, юзасига ёзувлар ҳам битилган: «Буюк Амир Темур», «Шоҳрух Мирзо», «Мирзо Улуғбек» – барчаси ўзининг бобокалонлари. Ия?! Анави итнинг номи нима қилиб юрибди бу ерда?! «Аббос Сафавий?!» Бу қандай малъунлик! Ул номуборак қизилбошнинг номи тезда йўқотилиши лозим!

Жаҳонгиршоҳ хизматга шай бўлиб турган мулозимга буюрди:

– Тезда сарой заргарини чақир!

Заргар зудлик билан етиб келди.

– Сен манави ёқутдаги лаънати қизилбошнинг номини ўчир! Унинг ўрнига отам Акбаршоҳ ва менинг исм-шарифимни бит. Тезликда!

Жаҳонгиршоҳ шундай ғазабли қиёфада, шундай кескин буйруқ бердики, заргар бирон бир ортиқча калима дейишга жазм этмади. Фақатгина: «Хўп бўлади, ҳазратим!» дея олди ва ёқутни олиб, устахонага йўналди.

Эвоҳ! Заргар шоҳ амрини яхши англамай қолган эди. У «Чироғи олам»даги барча ёзувларни ўчирди! Барча ёзувларни ўчирди…

Шундай қилиб, Амир Темур, Шоҳрух Мирзо ва Мирзо Улуғбекларнинг муборак номлари буюк ёқутни тарк этдилар.

* * *

– Ҳурматли «Чироғи олам»! Бундан кейин бошингиздан нелар кечди? Неларни кўрдингиз? Неларни эшитдингиз?

* * *

Жаҳонгиршоҳ 1627 йилнинг октябрь ойида вафот этди. Унинг катта ўғли Шоҳжаҳон бу пайтда Декан вилоятида жанглар олиб бораётган эди. Шунинг учун унинг укаси Шаҳриёр фурсатдан фойдаланиб тахтни эгаллашга интилди. Бироқ, саройдаги юқори мавқели аъёнлардан бири, Жаҳонгиршоҳнинг кенжа хотини Нуржаҳонга амаки ва шаҳзода Шоҳжаҳонга қайнота бўлмиш Асафхон (унинг қизи Мумтоз Маҳал Шоҳжаҳоннинг суюкли хотини эди) бунга халақит берди. Асафхон Жаҳонгиршоҳнинг 1622 йилда вафот этган ўғли Хусравнинг ҳали ёш бўлган фарзанди Давар Бахшни вақтинчалик тахтга ўтқазиб, Шаҳриёрга қарши жангга кирди ва уни қўлга тушириб, кўзларига мил торттирди. Шоҳжаҳон етиб келгач, Давар Бахш Эронга жўнатилди ва 1628 йилнинг февралида Шоҳжаҳон бобурийлар тахтига ўтирди.

Шоҳжаҳон ажойиб ҳукмдор эди. У одил шоҳ сифатида ном чиқарган. 1630–1632 йилларда Декан ва Гужарот вилоятларида рўй берган очарчилик пайтида халққа катта ғамхўрлик қилганди. Шоҳжаҳон антиқа иншоотлар, бинолар қуришга ҳам аҳамият берган. Айниқса, унинг номини абадийлаштирган муҳташам бино – Тожмаҳал мақбараси бутун дунёга маълуму машҳур. Агра шаҳридаги бу мўъжиза унинг хотини Мумтоз Маҳалга атаб қурилган. Бундан ташқари, Шоҳжаҳон ўзининг Деҳлидаги саройида ажиб бир тахт ясатдирган. Уни «Товус тахт» деб атаганлар. Тахт турли қимматбаҳо жавоҳирлар, шу жумладан «Чироғи олам» ва «Кўҳинур» билан ҳам безатилган. Шоҳжаҳон ҳам «Чироғи олам»га ўз номини ёздирган, лекин Шоҳжаҳон деб эмас, балки Соҳибқирони Соний, яъни Иккинчи Буюк Амир Темур деб.

1657 йил 6 сентябрда Шоҳжаҳон тўсатдан касал бўлиб, мамлакатни бошқара олмай қолди. Шу кундан бошлаб, буюклик қони гупуриб ураётган фарзандлар орасида шоҳлик тахти учун кураш авж олди. Доро, Шужоъ, Аврангзеб ва Муродларнинг ҳар бирида бунга истак ва куч бор эди. Доро Шоҳжаҳоннинг севимли ўғли эди, у валиаҳд деб ҳам эълон қилинганди, бироқ у жангларда чиниқмаган, хавф-хатарларга бош суқмаган, лашкар билан алоқаси аъло эмасди. Кейинги ўғил Шужоъ ҳукмдорлик тажрибасига эга эди: у ўн етти йил Бенгалияни бошқарганди. Шужоъ куч-ғайратли кимса эди-ю, лекин узоқ чўзилувчи жангларни олиб боролмасди. Стратегияда оқсарди. Учинчи фарзанд Аврангзеб эса совуққон, тажрибали саркарда ҳисобланар, сарой аъёнлари уни кучли шахс сифатида ҳурмат қилишарди. Кенжа ўғил Мурод эса ҳисҳаяжонли, гўзаллик ва зиёфатларни хуш кўрувчи бўлса-да, жуда жасур йигит эди.

Жангларда Аврангзеб ўзининг ўткир қобилиятини намойиш қилиб, тахтни эгаллади. Бу 1659 йил июнь ойида рўй берди. У бироз тузалиб, оёққа турган отаси Шоҳжаҳонни давлат ишларига аралаштирмай қўйди. Шоҳжаҳон 1666 йил 22 январда вафот этди.

Аврангзеб шоҳ Оламгир номи билан иш юритди. У 1707 йилгача ҳукмронлик қилди. Унинг номи «Чироғи олам»га 1659 йилда ёзиб қўйилган. Бобурийлар империясининг энг юксалган вақти Шоҳ Оламгир даврига тўғри келади. Аврангзебга ҳозирги Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон, Афғонистон ва Эроннинг катта бир қисми қарам эди. IIIоҳ Оламгир ҳақида солномачилар ҳам, чет эллик саёҳатчилар ҳам фақат яхши гаплар ёзиб қолдиришган. Унинг жуда ўқимишли, билимли кимса бўлгани алоҳида таъкидланган. Айниқса, шоҳнинг «Оламгир фатволари» асари давлат қонунчилигининг ягона китоби сифатида қўлланилган. Ҳиндистонда яқин-яқинларгача шу қонунлардан фойдаланиб келишган. Ҳинд тарихчилари Оламгирни «икки энг буюк бобурийнинг бири» (биринчиси – Акбаршоҳ) деб шарафлашган.

* * *

Аврангзебнинг вафотидан сўнг бобурийлар тахтига унинг катта ўғли Муаззам олти йил эгалик қилди. У тарихда Баҳодиршоҳ номи билан маълум. Баҳодиршоҳ шунча вақт ичида ўз номини «Чироғи олам»га ёздирмади. Сабаби номаълум. У 1712 йилнинг февралида вафот этди. Тахтга Баҳодиршоҳнинг катта ўғли Жаҳондоршоҳ ўтирди. Бироқ, у бир йилгина ҳукмронлик қила олди. У ўзига қарши чиққан амакиваччаси Муҳаммад Фаррух Сайёр қўшинига жангда мағлубиятга учради ва ўлдирилди. Муҳаммад Фаррух Сайёр Баҳодиршоҳнинг иккинчи ўғли Азим уш-Шоннинг фарзанди эди. Жаҳондоршоҳнинг ҳам номи «Чироғи олам»га битилмаган. 1713–1719 йилларда шоҳлик қилган Фаррух Сайёр ўз исмини бу жавоҳирга ёздирган. Бу ҳукмдор бўшанг, тилёғлама ва қўрқоқ одам таассуротини қолдирган. У ҳукумат ишларини тахтга чиқишга ёрдам берган балхлик ака-ука сайидлар – Ҳасан Али ва Ҳусан Алига бериб қўйган. Кейинроқ, уларни саройдан четлаштирмоқчи бўлган, лекин бу курашда енгилган ва ўлдирилган. Натижада тахтга Баҳодиршоҳнинг учинчи ўғли Рафи уш-Шоннинг фарзанди Рафи уд-Даражат бошқа исм – Шоҳ Олам номи билан ўтирди. У силга чалинган эди, шунинг учун тез орада вафот этди. Унинг ўрнини эгаллаган укаси Рафи уд-Довла ҳам касалманд бўлиб, бу дунёда кўп яшай олмади. Бу ҳодисаларнинг барчаси 1719 йил мобайнида рўй берган.

Ниҳоят, Бобурийларнинг буюк империясига Баҳодиршоҳнинг тўртинчи ўғли Жаҳоншоҳнинг фарзанди Равшан Ахтар эгалик қила бошлади. У тарихга Муҳаммад Гўрхон номи билан кирган. Муҳаммадшоҳнинг ҳукмронлиги 1748 йилгача, то вафотига қадар давом этди. Бироқ бу давр буюк Бобурийлар империясининг инқирозга юз тута бошлаш вақти ҳисобланади. Муҳаммадшоҳ ҳарбий кучларни такомиллаштиришга, мустаҳкамлашга эътибор бермади, кўнгилхушликларга берилди. Атрофига тилёғлама, лаганбардорларни йиғди. 1739 йилда унинг аҳмоқликларидан фойдаланиб, ўзи туркий бўлган, лекин Эронга ҳукмдорлик қилаётган Нодиршоҳ Ҳиндистонга ҳужум қилиб келиб, унинг анча бойликларни талаб кетди.

* * *

Ҳа, бу жуда таниш манзара. XIX асрда ҳам Туркистондаги хонлик, амирликларда худди шундай аҳвол ҳукмрон эди. Улар ҳам ҳарбий кучларни такомиллаштириш, мустаҳкамлашга эътибор қилишмаган. Бўлмаса, замбараклар қуйишни ўрганиш, замонавий қуролларни қўлга киритиш унча мушкул иш эмасди. Пул – маблағлар етарли эди. Аммо… Ўзаро ички жанжаллар, очкўзлик, тилёғламалик ва хурофотга ҳаддан ташқари берилиш, уни сиёсий қуролга айлантириш ҳамда жаҳон илм-фани ютуқларидан баҳраманд бўлишга интилмаслик мамлакатни ночор аҳволга солиб қўйган эди.

* * *

Муҳаммад Гўрхондан сўнг бобурийлар тахти унинг ўғли Аҳмадшоҳга ўтди. У 1748–1754 йилларда ҳукмронлик қилди. Ундан сўнг Оламгир II (1754–1759 йиллар), Шоҳ Олам II (1759–1806 йиллар), Акбаршоҳ II (1806–1837 йиллар) ва Баҳодиршоҳ II (1837–1857 йиллар) бобурийлар тахти эгаси бўлдилар. XIX асрнинг бошида инглиз қўшинлари Деҳлини эгалладилар. Ҳиндистоннинг катта қисми Буюк Британия мустамлакасига айланди. Бобурийлар империясининг ерлари анча камайди. Бу сулоланинг ҳукмронлиги 1857 йили Баҳодиршоҳ II нинг ҳалокати билан тугади. Шу йили инглизлар хизматидаги ҳинд сипоҳийлари Баҳодиршоҳ II бошчилигида мустамлакачиларни ҳайдаб чиқаришга уриниб, қўзғолон кўтардилар. Бу қўзғолон бостирилди. Иштирокчилар, шу жумладан, Баҳодиршоҳ II ҳам замбаракнинг оғзига боғлаб отилиб, тилка-пора қилиндилар.

* * *

– Ҳурматли «Чироғи олам»! Ҳикоянгизнинг бу қисми қалбимга маъюслик солди. Менга айтинг, ахир сизни Нодиршоҳ 1739 йилда Исфаҳонга олиб кетган-ку, нега буни баён этмаяпсиз?

– Ҳар бир воқеа-ҳодисотда мантиқ бўлиши даркор. Мени узоқ вақтлар қалб қўри билан иситиб, асраб келган бобурийлар тарихини қисқа бўлса ҳам айтиб беришим керак эди. Мана энди кейинги воқеа-ҳодисаларни баён қиламан.

* * *

«Бу, Исфаҳонга 1153 йили Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир».

Бу ёзувни Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ 1739 йили (ҳижрий 1153 й.) Ҳиндистонга бостириб бориб, «Буюк Амир Темур ёқути»ни қўлга киритгач, тош юзасига ёздирган. Ана шу битик кейинчалик жавоҳирот тақдирида маълум аҳамият касб этди. Бу ҳақда кейинроқ ёзаман.

Нодиршоҳ туркий халқ вакили бўлиб, афшар уруғига мансуб эди. У 1688 йили Хуросоннинг Обивард шаҳрида таваллуд топган. Нодирнинг ёшлигидаёқ намоёнлашган ноёб саркардалик истеъдоди, ботирлиги ва зийраклиги, уни юксакларга олиб чиқди. У 1722 йили Обивард ҳокими Бобо Алибекнинг ўнг қўл ёрдамчисига айланди. Унга куёв ҳам бўлди. Бобо Алибекни Оллоҳ ўз даргоҳига чақиргач, Нодир Обивард бошқарувини ўз қўлига олди. Кўп ўтмай Хуросон ҳукмдори Малик Маҳмудхон хизматига кирди. 1726 йилда сафавийлар сулоласининг энг охирги шоҳи Таҳмосибга бу ажойиб саркарда жуда ёқиб қолди. Шоҳ саркарда Нодирни ўз хизматига чақириб, унга Таҳмосибқулихон деган янги исм берди. Сўнг унга мамлакатга тажовуз қилаётган афғон уруғларининг адабини бериб қўйишни топширди. Нодир 1729 йилда Хуросонга келиб ўрнашиб олган афғонларни жангда енгди, бироқ 1730 йили Эронга қайтиб кетди. Бунга усмоний туркларнинг сафавийлар ерига ҳужум қилгани сабаб бўлди. Уларга қарши курашмаса бўлмасди. Афғонларнинг абдали уруғи ҳокими Зулфиқорхон қулай фурсатдан фойдаланиб яна Ҳиротни эгаллади ва ўзини шаҳар ҳокими деб эълон қилди. Нодир усмоний туркларни улоқтиргач, орқага қайтди. Ўзининг ўттиз минг кишилик қўшини билан яна Ҳиротга ҳужум қилди ва уни эгаллади. Зулфиқорхон рақиби Нодирнинг кучини яхши билгани учун, ҳокимликни вазири, ўзига қарши фитна тайёрлаётган Оллоёрхонга совға қилиб, Қандаҳорга қочиб кетди. Бироқ Қандаҳор ҳокими Ҳусайншоҳга вазир Оллоёрхоннинг мағлубияти хабари етиб келгач, у Зулфиқорхондан шубҳаланиб, уни ва укаси Аҳмадхонни зиндонга ташлатди. Аҳмадхон ўз акасидан йигирма беш ёш кичик бўлиб, онаси бошқа эди.

Нодир Ҳиротни қайтадан олаётган вақтда Таҳмосиб сафавий усмоний турклар билан шундай бир ноўрин сулҳ туздики, ундан кўпчилик, шу жумладан Нодир ҳам жуда норози бўлди. 1732 йилда Нодир Исфаҳонга келди ва барча саркардаю сарой аъёнларни йиғиб, қурултой ўтказди. Қурултой Таҳмосибни тахтдан туширишга, унинг саккиз ойлик ўғли Аббосни шоҳ деб эълон қилишга қарор қилди. Нодир эса Аббос III номидан иш юритишни ўз зиммасига олди.

У ҳукмронлигини жуда муваффақиятли бошлади. 1733–1735 йилларда Туркия билан зафарли кураш олиб борди. Кавказ, Каспий олди ерларини забт этди. Шервонга (ҳозирги шўро Озарбайжони) укаси Иброҳимхонни ҳоким қилиб тайинлади. Эроннинг барча қўлдан чиққан ерларини қайта ўзига бўйсундирди. 1736 йили Муғон чўлида Катта қурултой чақирилди. Қурултойга йиғилган барча саркардалар, сарой аъёнлари, дин пешволари буюк ишлар қилаётган Нодирдан Эрон тахтини расман эгаллашни илтимос қилдилар. Нодир бунга дарҳол рози бўлмади, шарт қўйди (аксар китобларда бу жуда ҳайратланарли шарт ҳақида ёзилмаган). Унинг шарти мазмуни шу эдики, барча шиа мазҳабидаги олий ва оддий кишилар суннийликни қабул қилишлари лозим. Фақат шундагина Нодир тахтга ўтириш, давлатни бошқариш азобини тортишга розидир. Ҳеч ким бу шартга қарши чиқишга жазм этмади ва 8 март куни Нодирга тож кийдириш маросими ўтказилди. Бу воқеа Нодиршоҳнинг буюк саркардагина эмас, ўткир сиёсатчи эканлигини ҳам кўрсатди.

1736 йилнинг ноябрь ойида Нодиршоҳ Қандаҳор шаҳри томон йўлга тушди. Бу маскан ва унинг атрофлари асрлар давомида бобурийлар ва сафавийлар ўртасида талаш бўлиб келарди. Бу пайтда у афғонлар қўлида эди. У ерда 1709 йилдан бошлаб афғон Ҳусайншоҳ ҳукмдорлик қиларди. Нодиршоҳ Қандаҳорни узоқ вақт қамал қилиб, 1738 йилнинг март ойида қўлга киритди. Май ойида эса Ҳинд сари юзланди.

* * *

Бобурийлар авлоди Муҳаммад Гўрхон ҳокимияти, айтиб ўтилганидек, бўшбаёвгина эди. Нодиршоҳ, ҳаттоки Муҳаммадшоҳ қўшинларининг кучсизлигини, ландавурлигини кўриб ҳайратга тушган. Сарой аъёнларининг тилёғлама, бебурдлигидан жаҳли чиққан. У Муҳаммадшоҳга бундай аъёнлардан, хусусан, Низом ул-Мулк ва Саодатхондан воз кечиш лозим, деган маслаҳатни ҳам берган.

Нодиршоҳ Деҳлига яқинлашгунча жиддий қаршиликка учрамади. У Панжоб вилоятини эгаллагачгина Низом ул-Мулк бошчилик қилаётган Муҳаммадшоҳ қўшинлари Карнал қалъасида мустаҳкамландилар. Нодиршоҳ бу қўшин билан жангга киришмади, айланиб ўтиб, Панипатни олди ва Деҳли билан Карнал ўртасидаги алоқани узди. Фақат шундан сўнг икки қўшин ўртасида жанг бошланди. Нодиршоҳда эллик беш минг жангчи, бобурийларда етмиш беш минглик лашкар бор эди. Жанг уч соат давом этди, бунда, асосан, ҳиндлар емиш бўлдилар, улардан саккиз минг киши ҳалок бўлди. Шундан кейин томонлар сулҳ тузишга келишдилар. Бобурийлар беш миллион рупий тўлашга, Нодиршоҳ эса, бу пул эвазига ўз қўшинини олиб чиқиб кетишга рози бўлдилар. Аммо, Муҳаммадшоҳ саройидаги ғаламисликлар бу сулҳни бузди. Айни шу кунларда бобурийлар саройининг бахшилари амири Хон Даврон вафот этиб, унинг ўрнига Низом ул-Мулкнинг катта ўғли ўтказилади ва Нодиршоҳ қароргоҳида гаровга ушлаб турилган бошқа аъён, асли нишопурлик Саодатхоннинг бунга ғайирлиги келади. У Нодиршоҳ қабулига киришни сўрайди.

* * *

– Ҳазрат! – деди Саодатхон тиз чўкиб, бошини эгиб таъзим қилар экан. – Сиз Ҳиндистондан арзимас ўлжа билан кетаётирсиз!

– Наҳотки?

Нодиршоҳнинг қовоқлари уйилди. «Бу қанақаси бўлди? Мени чалғитишмоқчими? Қани эшитайлик-чи», кўнглидан ўтказди у.

– Гапираверинг, тортинманг, муҳтарам Саодатхон!

Саодатхон илтижоли, муте ва айни пайтда очкўзлик, алам ялтираётган кўзларини Нодиршоҳга тикди.

– Ҳазратим! Сиз Деҳлига кирмай, чакки иш қиляпсиз! Сизга ваъда қилинган беш миллион рупий ҳам ўлжа бўлибдими? Деҳли хазинасидан кам деганда икки юз миллион рупийлик тилла оласиз. У ердаги жавоҳиротлар эса, оламда ягона. «Кўҳинур» олмоси ҳақида эшитмаганмисиз? «Чироғи олам»дек ёқут ер юзида ягона! «Шоҳ» деб номланган яхлит олмос эса жуда ажиб. Шундай жавоҳиротларни ташлаб кетаверасизми?

Нодиршоҳ ҳайрат оғушига чўмди. «Наҳотки! Бу малъун алдамаётирми? Мақсади не? Агар бунинг гаплари чин бўлса, шунча бойликни индамай ташлаб кетавериш ҳам аҳмоқлик».

– Муҳтарам Саодатхон! Мен ғоят ҳайратдаман. Нега сиз шоҳингизга хиёнат қилиб, мени яна жангга ундаётирсиз? Мақсадингиз нима?

– Ҳазратим, Муҳаммадшоҳ бутунлай Низом ул-Мулк измига тушиб қолган. Биздек содиқ, меҳнаткаш аъёнларнинг чеккан заҳматлари инобатга олинмай, обрўэътиборларимиз топталаётир. Шу боис мен сизнинг буюк жасоратли ва баҳодирликда ягона сиймоингизни кўриб, хизматингизга ўтгани шайландим. Шояд, ушбу хизматим туфайли, сиз Муҳаммад Гўрхонни янчганингиздан сўнг менга лойиқ бир мансаб берсангиз, сизга итдек содиқ аъён бўлиб қолар эдим. Менинг асл ватаним ҳам Эрондир.

Нодиршоҳ яна ўйга чўмди. Ўз пирига содиқ бўлмаган кимса, бошқа бировга вафодор бўлармиди.

– Муҳтарам Саодатхон! Қимматли маълумотингиз учун ташаккур. Биз, албатта Деҳлига кирамиз, осори-атиқаларни томоша қиламиз. Ўзимизга аталган туҳфаларни оламиз. Лекин, Муҳаммадшоҳни янчиш менинг дилимда йўқдир. Ул зот шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқирон авлодидандирлар. Ислом дини йўлида улкан хизматлар қилган буюк темурийлар сулоласини тугатишни истамасмен. Тарихда бундай ном қолдириш асло жоиз эмас… Сиз кўрсатган хизматингизга миннатдорчилик рамзи сифатида туҳфамизни қабул этинг. – Нодиршоҳ ўз мулозимларига ўгирилди. – Зарбоф чопон!

Саодатхоннинг елкасига зарбоф чопон ёпилди. У индамай таъзим қилди-да: «Қуллуқ, ҳазрат!» – дея орқаси билан юриб, қароргоҳни тарк этди.

Бир неча кундан сўнг Нодиршоҳ Муҳаммад Гўрхонни ўз қароргоҳига таклиф қилиб, меҳмондорчилик уюштирди. Меҳмондорчиликдан сўнг қисқа музокара бўлиб ўтди. Шундан кейин икки шоҳ вакили ҳинд қўшинларига яқинлашиб, янги сулҳ тузилганлигини ҳаммага тарқалиши мумкинлигини айтишди. Ҳиндлар уйларига равона бўлдилар. Нодиршоҳ меҳмонларни кузатар экан, яқин кунларда Деҳлини зиёрат қилиш ниятида эканлигини айтди.

1739 йил 20 март куни у Деҳлига кириб борди. Уни катта дабдаба билан кутиб олдилар.

Бир неча кун аввалги музокарадан икки шоҳнинг қандай суҳбат қурганлари менга номаълум, бироқ Деҳлидаги учрашувда Нодиршоҳ Муҳаммад Гўрхонни Ҳиндистон ҳукмдори сифатида тан олишни эълон қилди. Муҳаммадшоҳ эса бунинг эвазига, миннатдорчилик билдириб, сарой хазинасидаги олтин-кумушлар ва жавоҳиротларни Эрон шоҳига инъом этди. 21 март куни бомдод намозида эса Нодиршоҳнинг номи хутбага қўшиб ўқилди.

Нодиршоҳ Ҳиндистондан олтин, кумуш ва жавоҳиротларни қўшиб ҳисоблаганда етти юз миллион рупийлик ўлжа олиб қайтди. Бобурийларнинг ғарбий ерлари унинг давлатига қўшиб олинди.

Шундай қилиб «Кўҳинур», «Шоҳ» олмослари, «Чироғи олам» ёқути Исфахонга қараб йўл олди. Шунинг билан «Буюк Амир Темур ёқути» темурийлар қўлидан кетди.

* * *

– Эй, ёқутлар ёқути «Чироғи олам»! Энди юзингизга битилган энг охирги исм эгаси – Аҳмадшоҳ Дурроний ҳақида сўзлаб беринг. Сизга қачон на қандай қилиб афғон халқини давлатли қилган, Афғонистон деган юртни ташкил этган зот номини муҳрлашди? Ахир, ўша давргача – XVIII асрнинг охиригача бундай номли мамлакат бўлмаган-ку!

* * *

Нодиршоҳ Ҳиндистонга юриш қилишдан бир йил аввал, 1738 йилда Қандаҳорни эгаллагани сизга маълум. Ўшанда у шароитни ўрганиб чиқиб, афғонларнинг ҳеч бир намояндасини жазоламаганди, фақат ишончга сазовор бўлолмаган саркарда Саид ал-Носирийнинг кўзларига мил торттирганди. Саккиз йилдан бери зиндонда ётган Ҳирот ҳокими Зулфиқорхон ва унинг укаси Аҳмадхонни озод қилганди. Зулфиқорхоннинг кучли шахс эканлигини билгани учун унга мол-мулк бериб, Мозандаронга ҳоким қилиб жўнатганди. Аҳмадхон ҳам акаси билан кетишга буйруқ олганди.

Нодиршоҳ Ҳинд сафаридан қайтаётиб, ўз она ватани Хуросонда тўхтади. Ғалаба билан келаётган буюк шоҳни қутлаш учун Хуросоннинг барча сардорлари, давлат аъёнлари унга пешвоз чиқдилар. Улар орасида Мозандарондан етиб келган ўн саккиз яшар Аҳмадхон ҳам бор эди.

* * *

Нодиршоҳ Ҳиротда дам олар экан, янги бир юриш ҳақидаги ўй унга тинчлик бермай қўйди. Мана, у усмонийларнинг адабини берди – яқин орада бош суқишмайди, русларни Каспий бўйларидан ҳайдади – у ерлардаги мусулмонлар жуда миннатдор, Ҳинддан катта ўлжа олиб қайтди – ўзларидан кўришсин. Афғонлар юрти ҳам ўзиники – одамлари унга садоқатли. Энди бир Бухорою, Хивага ташриф буюриб, ўзининг кучини кўрсатиб қўйса, давлатининг чегаралари анча кенгаярди. Бунга қувват етарли. Лашкар жангга шай. Янги-янги ўлжалар иштиёқида ёниб турибди. Қўшилган афғон жангчилари ҳам катта куч. Саркарда афғон Нурмуҳаммад Хилзой уларни яхши бошқаради. Унга ёрдамчилар ҳам зарур. Ўзи топа қолсин. Аммо, барибир, уларни назардан ўтказиш лозим. Ҳа, айтгандай, Аҳмадхонни ҳам унутмаслик керак. Насл-насабли. Яхши тарбия олган.

Нодиршоҳ ҳузурига Нурмуҳаммад Хилзойни чақириб, у билан суҳбат қуриб бўлгач, мулозимларга буюрди:

Аҳмадхонни чақиринг!

Аҳмадхон кириб салом берди-да, таъзим қилди.

– Сенинг ажойиб, ботир йигит эканлигингдан хабарим бор, – деди Нодиршоҳ. – Шу боис, мен сени афғон қўшини бўлинмаларининг бирига бошлиқ қилиб тайинлашни лозим топдим.

– Қуллуқ, ҳазратим! Ўла-ўлгунимча хизматингиздаман. Ишончингизни шараф билан оқлашга интиламан!

Нодиршоҳ ўт-оловдек ёниб, асов отдек пишқириб турган, айни кучга кирган бу йигитга қараб жилмайди.

– Биз яқин ойларда Бухоро томон юриш қиламиз. Агар жангларда шижоат ва матонат кўрсатсанг, мавқеинг янада ошади.

– Қуллуқ, ҳазратим!

* * *

Аҳмадхон фақат Бухоро юришида эмас, Арманистонни забт этишда, Доғистондан русларни қувиш жангларида ҳам юксак маҳорат ва жасурлик кўрсатдики, натижада у Нодиршоҳнинг энг ишончли кишиларидан бирига айланди. У афғонларнинг абдали қабиласи жангчиларигагина эмас, ёлланма ўзбек отлиқ аскарларига ҳам қўмондонлик қила бошлади.

1747 йилга келиб Эрон давлати мустаҳкамлангач, туркий Нодиршоҳ форсий аъёнларга керак бўлмай қолди. Баъзи намояндалар уни йўқотиш тадоригини кўра бошладилар ва саройда фисқ-фужурни авж олдирдилар. «Нега бизга бу келгинди туркий шоҳлик қилаяпти?! Нима, форсийлар давлатни бошқара олмайдиларми?» каби гапларни кўпайтирдилар. Буни сезган Нодиршоҳ ўзига кўпроқ афғонларни – Нурмуҳаммад Хилзой ва Аҳмадхон Абдалини яқин ола бошлади. Бу эса форсийларнинг янада ғазабини қўзғади. Улар Нодиршоҳни узил-кесил йўқотиш пайига тушдилар. Бундан хабар топган шоҳ уларнинг баъзиларини жазолашга қарор қилди. Лекин, улгурмади. 1747 йил 20 июнда, қўзғолон кўтарган курдларни тинчитиш вақтида, Фатҳобод яқинидаги тепаликка қароргоҳ қурган Нодиршоҳ ўлдирилди (бу тепалик ҳозир Нодиртепа деб аталади). Бундан хабар топган қўшиннинг эроний қисми ғалаёнга келиб, Нодиршоҳнинг доимо ўзи билан олиб юрувчи ҳарами ва хазинасини талаш мақсадига тушдилар. Лекин Аҳмадхон саркарда Нурмуҳаммад Хилзойнинг барча афғон жангчиларига ва ёлланма ўзбек отлиқ аскарларига таяниб, Нодиршоҳнинг ҳарамини ва хазинасини торождан сақлаб қолди. Эроний қўшин жасур ўзбек ва афғон лашкарларига қарши чиқишга жазм қила олмади. Бундан миннатдор бўлган Нодиршоҳнинг бош хотини Аҳмадхонга ўз ҳурматини изҳор этиб, совғалар жўнатди. Во ажаб! Бу туҳфалар ичида оламга донг таратган «Кўҳинур» ва «Чироғи олам» бор эди!..

* * *

Мен бу маълумотдан ҳайратга тушдим. Менинг ҳаёт тажрибам, ўқиганларим, кузатишларим кўпинча садоқат ва жасурлик, раҳнамосига бўлган ҳурмат ва эътиқод каби хусусиятларнинг бундай даражада тақдирланишини кўрсатмаганди. Аксарият, макр-ҳийла, хиёнат, зўравонлик ғалаба қилишини кузатгандим. Нега бу ерда ҳаётнинг аччиқ қонуни ўз кучини ишлатмади? Малика икки оғиз миннатдорчилик номасини юборса ҳам бўларди-ку. Мулоҳаза қилиб кўрсам, ҳаётдаги ҳар бир қонуннинг бажарилишида худди физика қонунларига монанд маълум бир чегаралар мавжуд экан. Агар ана шундай чегаравий шартлар аввалдан киритилиб, унга қатъий амал қилинса, керакли натижани олишинг мумкин экан. Ушбу ҳодисотда Аҳмадхоннинг кўнгли поклиги, садоқати, эътиқоди ва раҳнамосининг олижаноблиги, насл-насаблилиги чегаравий шартлардир.

Аҳмадхон бундан кейин ҳам ўз юрти учун янада буюк ишларни амалга оширди. У вафот этган бўлса ҳам, раҳнамосига садоқати келгуси ҳаётидаги муваффақиятларга туртки бўлиб хизмат қилди.

* * *

Нодиршоҳнинг ўлимидан сўнг Аҳмадхон ва саркарда Нурмуҳаммад Хилзой Эроннинг ички ишларига аралашишни истамай, барча қўшинлари билан Қандаҳорга қайтдилар ва фурсатдан фойдаланиб мустақил афғон давлатини тузишга қарор қилдилар. Олдинда Афғонистоннинг подшоҳини сайлаш муаммоси кўндаланг бўлиб турарди. Бунинг учун Қандаҳорга барча афғон қабилаларининг сардорлари жирғага йиғилдилар.

Жирға ўн кун мобайнида бир қарорга келолмади. Шартга кўра, сайланувчи шоҳ қатнашувчиларнинг ярмидан кўпини эмас, ҳаммани қаноатлантириши керак эди. Кўпгина йирик қабилаларнинг бошлиқлари, хусусан, Нурмуҳаммад Хилзой ҳам ўз номзодларини ўтказа олмадилар. Шунча кун мобайнида Аҳмадхон ўз номзоди ҳақида чурқ этиб оғиз очмади. Бироқ ўнинчи куни қатнашувчиларнинг бири – Кобул ҳокими Собиршоҳ Аҳмадхонни подшоҳ этиб сайлашни таклиф қилди. «У, – деди Собиршоҳ, – қалби пок инсон, ёш бўлса-да, катта ҳарбий ва ҳаётий тажрибага эга!» Бу таклифга ҳеч ким қарши фикр айтолмади. Шундай қилиб, йигирма беш ёшли Аҳмадхон Афғонистон шоҳи қилиб сайланди. Бу 1747 йил октябрь ойида содир бўлди.

Аҳмадшоҳнинг номи фақат «Чироғи олам»нинг ёниқ юзидагина эмас, Ўрта Осиёнинг тарихида ҳам ўчмас из қолдирди. У Афғонистон давлатига асос солди. Унгача бундай давлат бўлмаганди. Ўша даврдан бери Афғонистон ўз мустақиллигини йўқотмади.

Аҳмадшоҳ ажойиб инсон бўлгани учун Даврон Дури, кейинчалик Дурроний деб аталди. У афғон шоҳларининг дурронийлар сулоласини вужудга келтирди. Аҳмадшоҳ Дурроний 1773 йили вафот этиб, ўзидан сўнг қирқ миллион аҳолиси, катта хазинаси ва кучли қўшини бўлган давлатни ўғли Темуршоҳга қолдирди.

* * *

– Ҳурматли «Буюк Амир Темур ёқути!» Энди айтинг-чи, сиз қандай қилиб ўз ватанингиздан, Амир Темур авлодларидан узоқдаги Буюк Британия оролига бориб қолдингиз?

* * *

Темуршоҳ Дурроний пойтахтни Қандаҳордан Кобулга кўчирди. Хазина, шу жумладан «Кўҳинур» ва «Чироғи олам» ҳам у ерга олиб кетилди.

1793 йили Темуршоҳ вафот этди. Тахтга унинг йигирма уч ўғлининг бешинчиси Замон Мирзо ўтирди. Шу вақтдан Дурронийлар давлатида нотинчлик ҳукм сура бошлади. Панжоб вилояти қўлдан кетди. У сикхларга қарам бўлиб қолди. 1799 йили Замоншоҳ ўн тўққиз ёшли сикх рожаси Ранжит Сингх билан қўшилиб, Панжобни қайта эгаллашга уринди, лекин эришолмади. Ранжит Сингх эса Лоҳурни забт этишга муваффақ бўлди. Замон Мирзонинг ҳукмдорлиги узоққа чўзилмади, 1800 йили укаси Маҳмуд уни тахтдан қулатиб, кўзларига мил торттирди. Бироқ уч йил ўтгач, у ҳам бошқа ука – Шужоъ ул-Мулк томонидан ағдарилди. Шужоъ ул-Мулкни халқ ва сарой аҳли унча хуш кўрмади. Зийраклик, ҳушёрлик каби хислатлар унга ёт эди. Тез орада хазина ҳам бўшаб қолди. Натижада 1813 йили сарой аъёнлари тахтга яна қайта Маҳмудни чиқардилар. Шужоъ ул-Мулк эса Лоҳурга қочишга мажбур бўлди. У ўзи билан барча жавоҳирларни, хусусан, «Кўҳи нур» ва «Чироғи олам»ни ҳам олиб кетди. Шужоъ ул-Мулк кўп йиллар Ранжит Сингх паноҳида яшади. Вақти келиб, сикх рожаси Шужоъ ул-Мулкнинг жавоҳирларидан хабар топди ва бошпана эвазига уларни ўзига беришни талаб қилди.

* * *

Шужоъ ул-Мулк рози бўлмади. Бу жавоҳирлардан ажраш – омад ва бахтдан ажраш демак эди.

– Марҳаматли рожа, афсуски, сиз мендан бажариш мумкин бўлмаган ишни сўраяпсиз. Мен сизга жонимни беришга тайёрман, лекин «Кўҳинур» ва «Чироғи олам»ни беролмайман.

Ранжит Сингх ғазабланди. «Бу қандай кўрнамаклик! Мен унинг ҳаётини сақлаб қолган бўлсам, бошпана бериб, шоҳона турмуш кечиришига барча имкониятларни яратсам-у, у мендан жавоҳирларни қизганса?! Йўқ, бу тузни ичиб, тузлуққа тупурувчи одамдан ноёб жавоҳирларни куч билан бўлса-да, тортиб олиш керак.

– Олийзот Шужоъ ул-Мулк! Биз ахир дўстмиз. Менинг уйим – сизнинг уйингиз. Менинг бойлигим, қудратим – сизнинг ҳам бойлигингиз, куч-қудратингиздир. Наҳотки, сиз ўз дўстингиздан қандайдир жавоҳирларни аясангиз?

Шужоъ ул-Мулк бошини хам қилди.

– Минг бор узр, марҳаматли рожа! Бу жавоҳиротлар бобом Аҳмадшоҳдан эсдаликдир. Тошлар бобомизга омад ва бахт келтирган, таналарига куч, қувонч, ўзларига бардамлик бахш этган. Ул киши йигитлик чоғларидаёқ Афғонистон шоҳи этиб сайланганлар. Жавоҳиротларнинг вақти келиб менга ҳам омад, куч-қудрат келтиришига ишонаман. Уларни йўқотиш барча умидларимни йўқотишдир. Майли, истаган бошқа жавоҳирларни олинг. Лекин, бу икки тошни асло ҳадя этолмайман…

Рожанинг тошларга бўлган ҳаваси янада ортди. Демак, «Кўҳинур» ва «Чироғи олам» ноёб жавоҳиргина эмас, сеҳрли хусусиятга ҳам эга экан-да! У ҳолда, уларни, албатта, тортиб олиш зарур.

– Олийзот Шужоъ ул-Мулк! Гапларингиз дилимни юмшатди. Аммо, айтинг-чи, уларга назар ташлаш ҳам мумкин эмасми?

– Марҳаматли рожа! Келинг, шу тошлар ҳақида сўзлашмайлик.

Ранжит Сингхнинг ғазаби қайнади.

– Олийзот Шужоъ ул-Мулк! Тузни ичиб, тузлуққа тупурманг! Жавоҳирларни қаерга яширгансиз!?

– Афсуски, марҳаматли рожа, бу нарсани айтолмайман.

Ранжит Сингх мулозимларига ўгирилди. Унинг қорача юзи янада қорайиб кетганди.

– Мана бу кўрнамакни зиндонга ташланг! Овқат ва сув берманг!

Шужоъ ул-Мулк банди қилиб олиб чиқиб кетилди. Икки кун ўтгач, ҳолсизланиб қолган Шужоъ ул-Мулк яна рожа ҳузурига келтирилди.

– Хўш, олийзот Шужоъ ул-Мулк, энди айтарсиз, жавоҳирларнинг қаердалигини. Огоҳлантириб қўяй, агар яна ўжарлик қилсангиз, мулозимларимга буюраман, сизни ўласи қилиб калтаклашади.

Шужоъ ул-Мулк киртайиб қолган нурсиз кўзларини унга тикди. Сувсизликдан ёрилган лабларини қимтиди.

– Марҳаматли рожа, майли калтаклатинг…

Рожа мулозимларга имлади. Улар шу заҳотиёқ қувғин қилинган афғон шоҳини олиб чиқиб, роса калтаклашди. Сўнг рожа ҳузурига судраб келишди. Ранжит Сингх Шужоъ ул-Мулкка яқинлашди.

– Нега? – деди у дарғазаб оҳангда. – Нега айтмаётирсиз? Ахир ўлиб кетасиз-ку!

Шужоъ ул-Мулк ўзи нариги дунёга равона бўлса, рожа жавоҳирларни топа олмаслигини билар эди. Ранжит уни ўлдиролмайди. Шунинг учун кўзларини юмиб очди. Бу, «майли, ўлсам ўлақолай», дегани эди. Рожа буни яхши англади ва бошқача қарорга келди.

– Олийзот Шужоъ ул-Мулк! Энди ўзингиздан кўринг! Сизни ўлдиртирмайман, лекин жазосиз ҳам қолдирмайман. Мен сизнинг кўзларингизга мил торттираман. Шундан кейин кўрасиз, ўша жавоҳиротлар сизга қандай омад ва бахт келтиришини! – Ранжит Сингх мулозимларга ўгирилди. – Жаллодни чақиринг! Айтинг, бунинг кўзларини ўйсин!

Жаллод ҳозир бўлди. Милни ушлаб, Шужоъ ул-Мулк кўзларини ўзига қаратди. Айни шу дамда қувғиндаги шоҳ базўр сўз қотди:

– Тўхта… Рожани чақир… Айтаман…

Шундай қилиб, «Кўҳинур» ва «Чироғи олам» ских рожаси Ранжит Сингхга ўтиб қолди. Шужоъ ул-Мулк эса инглизлар томонидан забт этилган ерларга – Лудхианага кетди. Улар қувғиндаги шоҳга бошпана бериб, нафақа тайинладилар.

* * *

Ранжит Сингх ўз ерларини то 1823 йилгача кенгайтириб борди. Балки чиндан ҳам унга жавоҳиротлар омад ва қудрат бағишлагандир?! Бироқ, у инглизлар босиб олган ерларни тортиб ололмади. У афғонлардан Кашмирни, Пешоварни олди, холос. Унинг давлати кенгайиб, анча мустаҳкамланди.

Ранжит Сингх 1839 йил 27 июнда вафот этди. Унинг валиаҳди Кхаран Сингх узоқ вақт подшоҳлик қилолмади, 1840 йилнинг ноябрида оламдан ўтди. Тахтга Ранжит Сингхнинг иккинчи ўғли Шер Сингх ўтирди. У 1843 йилнинг сентябрь ойидаги ички тўполонларда ўлдирилди. Шундан сўнг тахтга Ранжит Сингхнинг энг кичик фарзанди – олти ёшлик Далип Сингх ўтқазилди.

Бу вақтда мустамлакачи инглизларнинг Ҳиндистондаги кучлари ошиб бормоқда эди. Уларнинг босқинчи қўшинлари Панжобни ҳам истило қилишга узоқ уринишди. Ва ниҳоят, иккинчи сикх урушидан сўнг 1849 йилда Лоҳур эгалланди. Ўн икки ёшли рожа Далип Сингх бир умрлик нафақа эвазига тахтдан ва хазинадан, шу жумладан, жавоҳиротлардан воз кечиш «сулҳи»га кўл қўйишга мажбур этилди. Шундай қилиб, «Кўҳинур» ва «Чироғи олам» инглизларнинг мустамлакачи «Ост-Индига» компанияси қўлига тушди.

Бу компаниянинг мутахассислари «Чироғи олам»нинг ўта ноёб тош эканлигини англай олмадилар. Улар, асосан, «Кўҳинур»га эътибор қилиб, уни Англия қироличаси Викторияга туҳфа этдилар. Кейинчалик, 1851 йилда Англия пойтахти Лондонда барча талон-тарож қилинган жавоҳирларнипг катта кўргазмаси уюштирнлди. У ерга қўйилган «Чироғи олам»га мана бундай изоҳ берилганди: «Тўртта катта шпинель-ёқутдан иборат тақинчоқ». Шундан қилиб, «Чироғи олам»нинг ўзи ҳам, номи ҳам бир неча ўн йилликларга унут бўлиб кетди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации