Текст книги "Буюк Амир Темур ёқути"
Автор книги: Озод Муъмин
Жанр: Зарубежная фантастика, Фантастика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 6 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
Озод Мўъмин
БУЮК АМИР ТЕМУР ЁŠУТИ
Тарихий саргузашт эссе
БУЮК АМИР ТЕМУР ЁҚУТИ
Мен роппа-роса ўн йил, яъни 1980–1990 йилларда қимматбаҳо тошларнинг табиий хусусиятларини ўрганиш билан шуғулланганман.
Ўша пайтлардаги илмий ва техник ишларим ҳозирги пайтда қимматбаҳо тошлар илми – геммология саноати ривожланган мамлакатларда кенг қўлланилаётган бир қанча қурилма-асбобларга асос солган. Афсуски мен ҳозирги пайтда уларга муаллифлик ҳуқуқимни пеш қила олмайман, сабаби Совет Иттифоқи Патентлик бюроси бошқа юртларда ҳам ҳимояланувчи ҳужжат беролмаган. Мазкур йиллардаги меҳнатим, чеккан заҳматим, чидам ва сабртоқатим ўз самарасини берди – менга Совет Иттифоқи ихтирочиси медали топширилди ва тадқиқотларим асосида физика-математика фанлари номзодлик диссертациясини ёқлаганман.
Мен олиб борган илмий изланишларим мобайнида қимматбаҳо тошларнинг жуда ажойиб хоссалари мавжудлигига, катта ахборот манбаи эканлигига ишонганман. Уларнинг қалбларни қитиқловчи оҳанрабо нурлари, турли ажабтовур жилваларида нафақат шеърият, нафақат севги ва муҳаббат, балки ҳаётнинг шафқатсиз, ҳийлакор драматик насри, бўялмаган тарихи ҳам мужассамлашганлигини ҳис этганман.
Мен мана шу ўтган йиллар ичида фантастик асарлар ҳам ёзишни бошлаганман. Бадиий ижод менга келажакка умид бағишлаб, кўнглимда қувонч ва ишонч уйғотган бўлсада, негадир қимматбаҳо тошлар ҳақида, улар билан боғлиқ бирор асар ёзишга ҳаракат қилмаганман. Сабабини билмайман. Кўнглимга йилт этган қандайдир фикрлар келган бўлиши мумкин, аммо, жиддий туртки бўлмаган. Ҳаттоки, уйғур ва татар халқининг фарзанди, геология-минералогия фанлари номзоди, ажойиб фантастёзувчи Спартак Аҳметовнинг «Шоҳ» олмоси» номли қиссасини ўқиганим, бу муаллиф билан яқиндан танишганим, у менинг асарларим таржимони бўлгани ҳам таъсир қилмаган. Бунинг асл моҳиятини кейинроқ тушундим: ўша йилларда мени асосан атрофимдаги инсонларнинг, аниқроғи, илмий раҳбаримнинг ўз ваъдасида турмаслик учун турли ҳийла-найранглар уюштираверганлиги онгимни уларга қарши яширин кураш олиб боришга доимий куч сарфлашга мажбур этаверган ва асосий мақсадим тайёр илмий ишимни нима қилиб бўлса ҳам ёқлашга қаратилгани экан. Бу хилдаги одамлар – ўз хизмат юкларини бошқаларга ағдариш, ортиқча меҳнат қилмай, хотиржам ва тўқ турмушларини таъминлаш мақсадида бошқа бир инсоннинг меҳнатини рўёбга чиқармайдилар, турли тўсиқлар қўядилар, унинг ўтаётган умрини сариқ чақага ҳам олмайдилар. Ўзига боғлиқ одамнинг иродасини бўшаштиришга, куч-қувватини кишанлашга уринадилар. Мен йиллар давомида бу кишанларни парчалашга ҳаракат қилдим ва охир-оқибатда мақсадимга етдим. Бунинг учун мен Яратганга чексиз шукурлар қиламан ва менга зулм қилган кишининг ажрини энг Буюк Зотга ҳавола этаман.
Бу менинг ҳаётимнинг кичик бўлагининг жуда қисқа тарихи.
Мен ўша йилларда қимматбаҳо тошлар ҳақидаги турли ҳужжатлар, қўлёзмалар ва китоблар билан танишганман. Ана улар тошларни тилга киритганлар, мени ажиб, қизиқарли дунёга олиб кирганлар.
Қимматбаҳо биллур тошларга бағишланган бир қўлёзмада жавоҳирлар султони – олмос тўғрисида мана бундай дейилган экан: «… Инсон олмосни чап томонида олиб юриши лозим, токи у юракка қувват ва дармон берсин. Олмос эр кишига матонат ва мардлик бахш этади, унинг жисмоний қудратини асрайди. Агар у ҳақ иш учун курашаётган бўлса, душманни енгишга ёрдам беради. Олмос ақлни ҳам пешлайди, ғаму кулфатни нари суради ва инс-жинсларни ҳайдайди. Кимда-ким олмос эгасини балога гирифтор қилмоқ истаб, сеҳр-жоду ишлатса, барча кўргиликлар унинг ўз бошига қайтади. Олмос олиб юрган кишига ҳеч бир йиртқич ҳайвон яқинлашишга жазм этмайди. Бу биллур тош одамни фақат эзгу ишларга ундайди, баъзи касалликлардан ҳам фориғ этади. Бироқ олмосни фақат тўғрилик ва олижаноблик билан қўлга киритиш жоиз, қаллоблик ва зўравонлик эвазига эгалланган биллур тошнинг ижобий таъсири йўқолади. Гуноҳга ва ношаръий ишларга мойил кишининг олмос олиб юриши умуман бефойда…»
Ҳа, инсон қадимдан илоҳиётга ишонган, ҳар бир жисмда ўзига хос бир қувват, ўзига хос бир мўъжиза мавжуд эканлигини ўзича кашф қилган. Улардаги мўъжизавий қувватнинг фақат эзгуликка хизмат этишини таъкидлаган. Бу хислатларни балки вақти келиб илмий нуқтаи назардан исботлаш мумкин бўлар. Ҳозир мен ҳам тошларни сўзлатиш учун ғайриоддий бир усулга мурожаат этмоқчиман, яъни фантастика мен учун севимли адабий жанр бўлгани сабабли, унинг усулларидан фойдаланаман. Бу жуда холисанлилло бадиий йўл. Ишонтириб айтаманки, суҳбатдошликка чақирилаётган камёб жавоҳир сизни ва мени асло алдамагай, зотан чинни ёлғонга, ёлғонни чинга айлантиришдан, ўзини доно кўрсатиб, бошқа бировни қоралаб, камситиб юрадиган нусхага у асло ўхшамайди. Бундай ишдан унга бирон-бир наф йўқ.
Мен илмий тадқиқотларимда асосан лазер нурлари билан қимматбаҳо биллур тошларнинг ўзаро таъсирини ўрганганим туфайли, мана бундай шартли фантастик ҳолатни қабул қилишни лозим топдим: кичик қувватли, гелий ва неон газлари аралашмаси ёрдамида ҳосил қилинадиган лазер нурига (катта қувватли нур тошга зарар етказиши мумкин) махсус йўл билан ўз саволларимни киритаман-да, уни тош вужудига юбораман. Тош албатта саволларимни англайди ва текис, силлиқ юзаларида синган, қайтган нурлар воситасида жавоб беради. Тош қаърида битмас-туганмас маълумот ётибди. Ана шу маълумот қайтаётган нурларга албатта «илашади». Қайтган лазер нурини махсус асбоб ва компьютерда тадқиқ қилиб, жавобларни англайман. Сиз ҳам шундай ҳолни тасаввур этинг ва қабул қилинг.
* * *
Менинг суҳбатдошим – Шарқда «Чироғи олам», Ғарбда «Буюк Амир Темур ёқути» деб аталмиш қимматбаҳо тошдир. У билан қилган мулоқотим мобайнида кўп нарсаларни билиб оласиз. Ушбу жавоҳир Ўзбекистонда эмас, Буюк Британия қироллиги саройида сақланаётганлиги учун мен Лондонга сафар қиламан.
Самолёт «Хитроу» аэропортига қўнгач, таксига ўтириб, тўппа-тўғри Буюк Британия қироллигининг Букинхем саройига йўл олдим. Ва боришим билан сарой ходимларидан фақат битта нарсани, «Ҳиндистон» хонасида сақланувчи ўта ноёб жавоҳирни – Шарқда «Чироғи олам», Ғарбда «Буюк Амир Темур ёқути» деб аталмиш қимматбаҳо тошни кўрсатишларини ҳамда у билан суҳбатлашишга рухсат беришларини сўрадим. Ҳеч ким монелик билдирмади.
Мен олиб борган лазерли асбобим ва компьютерни яхшилаб созладим-да, суҳбатни бошладим…
* * *
– Ҳурматли «Чироғи олам» ёхуд «Буюк Амир Темур ёқути», сиз жуда яхши биласизки, гўзаллик, камёблик ва чидамлилик қимматбаҳо тошнинг уч асосий сифатидир. Бу белгиларнинг бирортаси етишмайдиган биллур тош қимматбаҳо ҳисобланмайди. Жавоҳир кўзни, дилни қувнатиши керак, деган гап оддий ҳақиқатдир. Инсоният бутун тарихи мобайнида турли жавоҳирларни топишга, уларнинг хусусиятларини илмий томондан ўрганишга интилган. Бизнинг қадимий юртимиз ва халқимизнинг буюк вакиллари бўлмиш Абу Райҳон Беруний ҳамда Абу Али ибн Сино қимматбаҳо тошлар ҳақида махсус китоблар битишган. Берунийнинг «Жавоҳирлар тўғрисидаги маълумотлар (Минералогия)» рисоласи ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу илмий монография жаҳоннинг турли тилларида ҳамон қайта-қайта чоп этилиб келинаётир. Ибн Синонинг худди шундай китобидаги маълумотлардан бутун жаҳон олимлари то XX асргача фойдаланиб келишган.
– Ҳурматли тадқиқотчи, бу гапларингизнинг мен учун аҳамияти йўқ. Қимматбаҳо тошларни X асрлик Абу Райҳон Беруний ўрганадими ёки XX асрлик инглиз жавоҳиршуноси Ҳерберт Смит текширадими, менга барибир.
– Булар сиз учун эмас, ўқувчилар учун муҳим. Энди сизни таништирай. Шундан сўнг сизга бир қанча саволлар бераман.
– Марҳамат.
– Сиз дунё тарихидаги энг ноёб ёқут ҳисобланасиз. Ҳажми ва оғирлиги жиҳатидан сизнинг ҳеч бўлмаса ярмингизчалик келадиган ёқут шу вақтгача топилмаган. Оғирлигингиз 361 карат (1 карат– 0,2 г). Мана, кўриб турибман, сиз ўзингиздан кичик учта ёқут, бир қанча йирик дур ва зумрадлар қадаб ясалган тақинчоқнинг марказий қисмисиз. Гапларим тўғрими?
– Ҳа.
Мен яна давом этдим.
– Маълумки, сизни бобомиз Амир Темурнинг ёқути деб аташади. Буюк соҳибўирон 1398 йили Деҳли шаҳрини ўз тасарруфларига олган пайтларида, сизни у кишига туҳфа этишган. Янглишмадимми?
– Йўқ. Жуда аниқ.
– Энди мен холис тингловчи бўлиб тураман. Сиз ўз тарихингизни баён қилаверинг. Мен вақти-вақти билан гапингизни бўлсам, маъзур тутасиз, келишдикми?
– Розиман.
– У ҳолда бошлайверинг.
* * *
1398 йили Амир Темурга жанубий ўлкаларга ҳукмронлик қилаётган набираси Пирмуҳаммаддан нома келди. У ўзи идора қилаётган ерларни кенгайтиришга уриниб, Синд диёрининг катта шаҳарларидан бири Мултонни ишғол қилибди. Бу жойларда мўмин-мусулмонлар кам-у, оташпараст – кофирлар мўл экан. Улар мўминларга ола қарарканлар.
Буюк Амирнинг жаҳли чиқди. Албатта, ундайлар ўз жазосини олиши ёки ҳақ йўлга кириши даркор. У ислом дини йўлида кўп заҳматлар чекди, қийинчиликларга кўнди. Бироқ ҳаракатсиз, роҳат-фароғатда яшаш унга ёт. У ҳақиқат учун, Муҳаммаднинг қутлуғ байроғини юқорироқ кўтариш учун қўшин суришдан чарчамайди.
Шунинг учун, у дарҳол қўшинни йиғиб сафар тадоригини кўра бошлади. Шу жараёнда Ҳинд ўлкасидан ҳам хабарлар келди. Деҳли султони Ферузшоҳнинг мангулик дунёсига ўтганидан сўнг, Ҳиндистоннинг кўп шаҳарларидаги бутпараст, оташпараст кофирлар мусулмонларни чиқиштирмай қўйибдилар, эзиб янча бошлабдилар. Бундай рўй бераётган ҳодисалар ҳам соҳибқироннинг ғазабини қўзғатди. Демак, жиддий урушга тайёргарлик кўриш керак.
Амир Темур қўшини Деҳлига яқинлашгунча, йўл-йўлакай барча ерларда ҳаққоний тартиблар ўрнатилиб, ёмонлар жазоланиб борди. Ниҳоят, 1398 йил 11 декабрда Соҳибқирон Деҳли остоналарига етиб келди. Энди ҳақиқий жанг бўлиши керак эди. Амир Темур 13 декабрда шаҳзодаларни, амирларни, саркардаларни, сарой аъёнларини ва ўн минг кишилик хос навкарларини Ферузшоҳ мақбараси олдига йиғиб, мажлис қурди.
Соҳибқирон душман билан қай тахлитда ва усулда жанг олиб бориш, уни қандай қилиб эсанкиратиш ҳамда қай йўл билан жанг гирдобидан чиқиш лозимлигини тушунтирди. Ҳар бир кишининг жанг пайтидаги вазифасини, ким марказда, ким чап ва ўнг қанотда юришини белгилади. Душман ҳужумини қай усулда даф этишни англатди.
Мажлис аҳли тарқалгач, Соқибқирон мунажжимлардан юлдузларнинг қандай ҳолатда эканлигини сўради. Улар аниқ бир фикр изҳор қила олмадилар. Эртаси бомдод намозидан сўнг, Буюк Амир Темур Қуръонни очди ва ушбу сурага кўзи тушди: «Ҳақиқатдан ҳам бу ердаги ҳаёт нимага ўхшайди? У осмондан ёғадиган, ўсимликлар шимадиган, одам ва ҳайвонлар ичадиган сувнинг ўзи. Ер юзи чиройли яшил либослар кийганда, улар бу иш ўзлариники деб хаёл қиладилар, ҳолбуки бу нарса бир кунда бизнинг амримиз билан рўй берган ва олдин бундай эмас эди»11
Гиясаддин Али. Дневник похода Тимура в Индию. Издательство восточной литературы. Москва.1958 г. Стр. 113-114.
[Закрыть]. Бу сура Соҳибқирон рақибларининг янглиш фикрлари ва хатоларига, ҳинд қўшинларининг саркардаси бўлмиш Маллухон ўй-ниятларига ишора эди. Буюк Амир бу сурани таҳлил қилиб, ўзининг бахт юлдузи ярқираётганини ҳис қилди.
17 декабрь куни Соҳибқирон отга минди ва қўшинни сафлади. Асосий отлиқ қўшин марказга тизилди. Унинг олдида илғор қисм – жангни бошлаб берувчилар, орқасида эса қароргоҳ билан захира аскарлар жойлаштирилди. Амир Темур қанотларга ҳам эътибор берди. Иккала томонга алоҳида-алоҳида қисмлардан иборат бўлган отлиқ жангчи бўлинмаларини – канбулларни сафлади. Одатда, марказий қўшин асосий жангни олиб борар, канбуллар эса душманнинг ўнг ва чап қанотини ёриб киришга ҳамда айланиб ўтиб орқадан зарба беришга уринардилар. Канбуллар энг ботир ва тажрибали жангчилар эдилар. Ўнг қанотни шаҳзода Пирмуҳаммад, шаҳзода Сулаймоншоҳ ва бошқа амирлар, чап қанотни шаҳзода Султон Ҳусайн, шаҳзода Халил Султон, Жаҳоншоҳ ва бошқа амирлар, илғор қисмни шаҳзода Рустам, амир Шайх Нуриддин, амир Шоҳ-Малик, Оллоҳдод ва бошқа амирлар жангга солдилар. Соҳибқирон қўшин марказида турди.
Султон Маҳмуд Деҳлавий ва саркарда Маллухон ўн минг отлиқ, йигирма минг сараланган пиёдаларни сафладилар. Тўфон пайтидаги денгиздек пишқириб турган 120 та жанговор филларини ҳам жангга ҳозирладилар. Ҳар бири тоғдек келадиган бу филларнинг устидаги тахтиравонларга камон отувчилар жойлаштирилди. Филларнинг хартумлари бир-бирлари билан боғланди, улар орасидан ёриб кириш мушкул эди. Ҳинд қўшинларида яна бир қурол бор эдики, Султон Маҳмуд Деҳлавий унга катта умид боғлаганди. Бу, узоқдан туриб ҳам душманни ажал комига равона қилувчи «ўқ отар» эди. «Ўқ отар» Темур қўшинини эсанкиратиб қўяди, деб хаёл қилди ҳинд султони.
Афсуски, у янглишганди. Соҳибқирон бундай қуролни 1379 йилдаёқ Урганч қамали вақтида ишлатган, буюк Амирнинг қўшини ундан зарра чўчимади.
Соҳибқирон Баҳали тепалигига қароргоҳ қуриб, сарой ходими мавлоно Насриддин Умарга шу ерга жойнамоз солишни буюрди ва икки ракат намоз ўқиб, Оллоҳдан ёрдам ҳамда жангда мадад сўради.
Ниҳоят икки денгиз жунбишга келиб чайқалди ва қирғинбарот жанг бошланди. Соҳибқироннинг илғор қисми филлар қаторига ҳужум қилиб, бу ҳаракатланувчи тоғларнинг орасидан ёриб киришга муваффақ бўлди. Улар филбонларни, камончиларни йиқита бошладилар, каллалар чавгон тўпларидек туёқлар орасига думалаб тушар, қонлар фавворадек отиларди. Душман ҳам қаттиқ қаршилик кўрсатар, матонат билан жанг қиларди.
Бу курашни тўлиқ тасвирлашга тил ҳам, қалам ҳам ожиз. Ботирлик ва аёвсизлик, тажриба ва ғўрлик, баҳодирона ҳайқириқлару, қилич-найзаларнинг жаранги, кесилган бошлару, дарё-дарё қон оқимлари барчаси айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Филларнинг бўкиришлари, ярадорларнинг додвойи чор атрофни тутди. Ҳа, уруш кўнгли юмшоқ, заиф кишиларнинг иши эмас. Заифлар, кўнгли бўшлар, қўрқоқлар инсониятнинг бутун тарихи мобайнида қулликка маҳкум бўлиб келганлар. Қўйдек беозорлик, ҳийлакор душманнинг сўзларига лаққа ишониб юравериш ҳар қандай халқни, айниқса, ўз тарихини, инсоний иззатини унутиб қўйган халқни бошқаларга қарам қилиб қўяди. У пахта экиб, бир парча читга зор бўлади, буғдой ундириб, нон еёлмайди, олтин қазиб, чақага муҳтож бўлади.
Душман қаршилиги бора-бора сусайди. Ахир, қандай қилиб сув томчиси қалъа деворига таъсир кўрсатолсин?.. Султон Маҳмуд ва саркарда Маллухон бир сиқим аскарлар билан қочиб қолдилар. Бироқ, кейинчалик улар буюк Соҳибўирон пойига бош уриб, қаршилик кўрсатганликлари учун кечирим сўраб келдилар.
Жанг тугади. Деҳли таслим бўлди. Шаҳарга кириш маросими эртанги кунга белгиланди.
18 декабрь куни Соҳибқирон ўз аъёнлари билан Деҳлининг Майдон дарвозасига яқинлашди. Бу ерда уни тантана билан шаҳарнинг саидлари, буюк кишилари, казоказолари кутиб олишди. Улар Буюк Амир Темурнинг оёқларини ўпиб, ноёб совғалар топширдилар. Бундан буён Деҳлида тинчлик, бахт-саодат ҳукм суришига ишонч билдирдилар…
Туҳфалар орасида дуру жавоҳирлар ҳам мўл эди. Уларнинг ичида жуда ҳам катта, оловдек ёниб турган, қип-қизил «Чироғи олам» деб ном олган бир ёқут кўзни қамаштириб жило сочарди…
Бу ёқут Соҳибқироннинг Самарқанддаги йигирма беш минг ноёб жавоҳирлари қаторидан ўрин олди.
«Чироғи олам» юзига буюк Амир Темур номи ўйиб ёзиб қўйилди.
Қани ўша йигирма беш минг ноёб жавоҳир?!!
Қайларга йўқолди улар?..
Вақт деб аталмиш тўфон нафақат уларни, халқ орасидаги жуда кўп инжужавоҳирдек кишиларни ҳам олиб кетди…
* * *
– Ҳурматли «Чироғи олам», сиз ана ўша вақт – 1398 йил 18 декабрдан бошлаб Буюк Амир Темур бобомизнинг кўзларини, дилларини қувнатгансиз. Бироқ Соҳибқирон 1405 йил 18 февраль кечаси фонийдан бақога ўтганлар. Шундан сўнг сизга ким эгалик қилди? Ким сизнинг гўзаллигингиз, ноёб хислатли қувватингиздан баҳрамад бўлган?
* * *
Буюк Амир Темур ўз васиятида амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирни Самарқанд тахтига валиаҳд ва қойиммақом деб эълон қилди. Ҳузурида турган барча фарзанд ва аъёнларга мамлакат ва миллатнинг, халқ ҳамда лашкарнинг аҳволидан доимо бохабар бўлиб туришни буюрди.
Бироқ ҳар қандай эзгу тилак ва ниятлар ҳамиша ҳам ижобат бўлавермас экан. Темурийзодаларда оқаётган Буюк Амир Темур қони ўз ишини қилди. Бири иккинчисига бўйсунишни истамади. Қариндошлик, акаукалик бир чеккага чиўиб, натижада Буюк Амир Темур мамлакати – Қора, Эгей ва Ўрта ер денгизларидан то Ҳиндистоннинг шарқий чегаралари, Мўғулистон ва Хитойгача, Ҳинд океанидан бошлаб Москвани, Днепр бўйларини ўз ичига олган ҳудуддаги улкан империя бирлигини йўқотди.
«Чироғи олам» бир неча йиллардан сўнг ноҳақлик йўлига тушиб, вазиятдан фойдаланиб, бобосининг васиятини писанд қилмай Самарқанд тахтини эгаллаган, Буюк Амир Темурнинг улкан бойликларини талон-тарож қилган калтабин набира Халил Султонни мағлуб этиб, мамлакатда ниҳоят мўътадиллик ўрнатган амирзода Шоҳрух Мирзо қўлига ўтди.
У ҳам ёқутнинг жилвасидан ҳайратга тушди ва унинг юзига номини битдирди.
1409 йилда Шоҳрух Мирзо ўз давлати пойтахтини Ҳиротга кўчирди ва Самарқанд ҳукмронлигини ўғли, ўн беш ёшли Мирзо Улуғбек Муҳаммад Тарағайга топширди. «Чироғи олам» ўзининг янги муносиб эгасини топди.
Балки… Балки, ўн ёшига қадар буюк бобоси билан жангу жадалларда бирга юрган, Соҳибқироннинг севимли ва доно аёли Сароймулкхоним қўлида тарбия топган ҳамда ажойиб эртакчи, шоир ва олим Ориф Озарийдек мураббийга эга бўлган зот ўша машҳур «Чироғи олам» билан болалигида ҳам мулоқотда бўлгандир. Ёқутнинг юзидан, вужудидан таралаётган нур, жило яна бир буюк зот – олим ва амир Мирзо Улуғбек қалбига сеҳрли таъсири билан коинот сирларини ўрганиш истагини солгандир. Балки, Буюк Амир Темурнинг бақувват вужуди ва руҳи кучининг маълум қисми тошга жойлашгандир ва кейинчалик ўша куч набирага шиддат ва билим, иштиёқ ва ишонч ато этгандир. Ким билади… Афсуски, Букинхем саройининг «Ҳиндистон» хонасидаги ёқут бу ҳақда ҳеч нарса демади.
1449 йил октябрининг охирида Мирзо Улуғбек ўзига ҳамроҳ қилиб берилган Ҳожи Муҳаммад Хисрав билан Самарқандни тарк этди. У ҳажга отланган эди. Куни кеча қудратли ҳукмдор ва буюк олимни бор-йўғи бир неча навкар кузатиб борар эди. Сабаби, унинг фарзанди ўзига қарши уруш очиб, тахтни эгаллаган ва отасини ҳажга жўнатган эди. Шунинг учун Мирзо Улуғбекнинг кўнглини ғам ва ғубор эгаллаган эди. Отлиқлар биринчи довондан ўтиб улгурмаган ҳам эдиларки, орқадан чопар етиб келди. У Мирзога янги ҳукмдор – ўғли Абдулатифнинг фармойишини топширди. Бунга кўра Улуғбек подшоҳларга хос йўл анжомларига эга бўлиши учун қўшни қишлоққа кириб, кутиб туриши лозим эди. Буюк олимнинг кайфияти баттар бузилди. Қалби қандайдир бир ғаламисликни туйди… Аммо, чора йўқ! Бугун у – мағлуб кимса.
Улар қўнган қўрғон ҳувиллаб ётарди. Теварак-атроф жимжит. Ҳаво совуқ, этни жунжиктиради. Навкарлар ҳовлига гулхан ёқиб, қозон осишди. Гўшт солинган қозон биқирлаб қайнай бошлади. Қанийди, тезроқ пишса. Овқатланишарди-да, уйқуга кетишарди. Собиқ ҳукмдорнинг авзойи ҳамон бузуқ эди. Бу ҳолат бесабаб эмас экан, шу вақтда ҳовлига Мирзо Улуғбекни хушламай юрувчиларнинг бири – Аббос исмли аъён бир шериги билан кириб келди ва дафъатан шоҳга ташланди. Икки йил аввал Мирзо унинг отасини катта гуноҳлари учун ўлимга ҳукм этганди. Аббос янги ҳукмдор – Абдулатифнинг олдига кириб, мен отамнинг хунини олишим керак, рухсат беринг, ўз вазифамни бажаришим керак, деганди ва бунга изн олганди, яъни шоҳлик қилаётган ўғил ўз отасининг ўлдирилишига рози бўлганди!..
Улуғбекнинг навкарлари ва Ҳожи Муҳаммад Хисрав қўрқиб кетиб, уйнинг бурчагига бориб бекиндилар. Ҳамроҳлар ўз бурчларига содиқ қолиб, курашиш ўрнига жонларини аяб, буюк зотнинг калласи олинишига мўлтайиб қараб туравердилар… Улар, уч-тўрт қуролланган киши бўла туриб, икки қотилга қарши чиқишга ботинмадилар…
* * *
Ҳа, ботинмадилар!
Аниқроғи, қўрқоқлик қилдилар.
Қўрқоқлар ўлмайдилар, яшайдилар. Лекин, одатда, қул мисол умр кечирадилар. Бошқаларни сотиб, бола-чақа боқадилар.
Ботирлар, ботинувчилар, одатда, ғалаба қозонадилар. Улар қулликдан кўра ботиниб яшашни афзал кўрадилар. Ва бу дунёни бошқарадилар.
Қайси халқнинг ботинувчилари кўп бўлса, у ғолиб халқдир…
* * *
«Буюк Амир Темур ёқути»! Сиз жуда кўп йиллар темурийзодаларнинг мулки ҳисоб ланиб, Самарқанд хазинасининг кўрки бўлиб турдингиз. Чўғдек юзингизга учинчи ёзув ҳам туширилди. Имоним комил, сиз бу ҳарфлар тизмасидан фахрлангансиз. Чунки Мирзо Улуғбек номи фақат сизга эмас, фалакдаги юлдузларга ҳам битилган.
* * *
Сафавийлар…
Сиз Эрон ва Озарбайжонда узоқ давр ҳукмронлик қилган бу шоҳлар сулоласи ҳақида эшитганмисиз? Агар озгина бўлса ҳам тарихга қизиқсангиз, албатта, билишингиз керак. Ҳар қандай онгли инсон ўз халқининг, ўз ватанининг тарихи ва ўтмишини яхши билиши керак.
Сафавийлар, энг аввало, туркийлардир.
Ушбу кунларда турк деганда фақат Туркияда яшовчи халқ тушуниладиган калтафаҳмлик замони ўтди. Улар ҳам, озарбайжонлар ҳам Сирдарё бўйларида яшаган Салжуқ бошчилигидаги катта туркий уруғнинг авлодларидир.
Сафавийлар Ордобилда (ҳозирги Эрон ҳудудида) яшовчи шайхлардан чиққан сулоладир. Бу авлоднинг ҳам сизга алоқаси бор. Ўзингиз нима дейсиз, вужудингизда ахборот қолганми бу ҳақда?
– Маълумот бор. Фақат жуда оз. Менинг сиртимга яна бир шоҳ – Аббос Сафавийнинг номи ёзилганини биламан холос. Лекин, минг афсуски, вақти келиб, бу ёзув ҳам, илгариги битиклар ҳам – барчаси ўчирилди. Қип-қизил чўғдек вужудим нола чекди, бироқ фойдаси йўқ эди. Ана шу оғриқлар кўп воқеаларнинг ёдимдан чиқишига сабаб бўлди.
– Майли, начора. Мен ўзим баъзи бир тахминлар қилишга уриниб кўраман. Сафавийларнинг Самарқанд шоҳлари билан бўлган алоқаларини билмоқ лозимдир.
* * *
Биринчи тахмин
Темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Қуюндай бостириб келган Шайбонийхон ҳаддан ташқари кучли эди. Бобур Кобулга бориб ўрнашди. Хуросон султони темурийзода Ҳусайн Бойқаро ёрдам қўлини чўзишга улгурмай вафот этди. Унинг ўғиллари Баддиуззамон ва Музаффар Мирзо ўзаро келишолмай, Ҳиротда қўш подшоҳликни ўрнатдилар. Алоҳида сарой, алоҳида аъёнлар ва амирлар ҳамда алоҳида қўшин. Шайбонийхон бундай қўш ҳокимлик – йўқ ҳокимлик эканлигини исботлади. 1507 йили Хуросон ерлари Шайбонийлар давлатига қўшиб олинди. Бироқ уч йил ўтгач, сафавийлар сулоласининг биринчи вакили Исмоил Сафавий бу саркардани жангда енгди. Шайбонийхон ҳалок бўлди. Лекин, унинг давлати ҳали бақувват эди. Шунга қарамай, Заҳириддин Муҳаммад Бобур пайтдан фойдаланишга, Мовароуннаҳрга шоҳ бўлиб олишга ҳаракат қилди. У Исмоил Сафавийдан ёрдам олиб, 1512 йил Самарқандни қайта эгаллади. Бу машҳур шаҳар охирги марта темурийзодалар қўлига ўтди. Исмоил Сафавийнинг ёрдамчи қўшини, асосан, шиа мазҳабидаги кишилардан иборат эди. Сунний бўлмиш мовароуннаҳрликлар бу одамларни – қизилбошларни чиқиштирмадилар (уларнинг қизилбош деб аталишларига сабаб, бу кишилар ўн икки шиа имомлари шарафига ўн икки йўллик қизил салла ўраб юрардилар). Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёрдамчи қўшинга қуюқ совғалар бериб, жўнатиб юборишга мажбур бўлди.
* * *
Иккинчи тахмин
1599 йилда шайбонийзодаларнинг охирги вакили Абдумўмин ҳалок бўлди. Мовароуннаҳрда яна ўзаро урушлар авж олди. Бу ҳол сафавийлар шоҳи Аббосга қўл келди. У Сабзавор билан Машҳадни босиб олди. Кейинроқ Ҳиротга ҳам ҳужум қилди. Тошкент томонга қозоқ султони Таваккал қўшин тортиб келди. Хонсиз қолган ўлка яна талон-тарож бўлиш арафасида эди.
Шайбонийлар давлатининг амирлари Бухорода истиқомат қилаётган аштархонлик (астраханлик) шаҳзода Жонибек Султонни хон қилиб кўтаришга келишдилар. Жонибек Султон 1583–1598 йилларда ҳукмронлик қилган шайбонийзода Абдуллахоннинг (бу хоннинг ҳаёти ва қаҳрамонликлари тўғрисида Ҳофиз Таниш Бухорий томонидан ёзилган «Абдулланома» китоби мавжуд) синглисига уйланганди, шу боис у шайбонийзодаларга қариндош ҳисобланарди. Лекин, Жонибек Султон тахтдан воз кечди. Натижада унинг катта ўғли Динмуҳаммад хон этиб сайланди. Бу пайтда у сафавийлар қамал қилиб турган шаҳар Обивардда эди. У Бухорога етиб кела олмади, йўлда ҳалок бўлди. Шундан сўнг, иккинчи ўғил Боқиймуҳаммад хонликка кўтарилди, учинчи фарзанд Валимуҳаммад эса валиаҳд деб эълон қилинди ва урфодатга кўра Балхга ноиб этиб жўнатилди. Шундай қилиб, юртимизда янги сулола – аштархонийлар ҳукмронлик қила бошладилар. Бу 1599 йил рўй берди.
* * *
Валимуҳаммадхон чуқур ўйга чўмди. Фалакнинг ўйини жуда ажаб экан. У ёшлигида ҳеч қачон хонликни орзу қилмаган эди. Унинг нияти, нари борса, бирор вилоятга ҳукмронлик қилиш, адолатли сиёсат юритиш ва шайбонийзодалар олдида обрўэътибор қозониш эди. Лекин, мана олти йилдирки, акаси Боқиймуҳаммадхон вафот этгандан бери бутун Мовароуннаҳр тожтахти ўзиники. Аввалига уни валиаҳд деб эълон қилиб, Балхга ноиб этиб юборишди. Сўнг яна Бухорога қайтди. Азим мамлакатнинг азим бойликлари, хазинаси ўзининг ихтиёрида. Сандиқ-сандиқ олтинлар, сандиқ-сандиқ дуру жавоҳирлар ҳар қандай кимсанинг бошини айлантириб қўяди, буларга эга чиқиш ҳавасини уйғотади, буюк мамлакат одамларига ҳукмронлик қилиш орзусини қўзғатади. Мана, ўз қариндоши Имомқули жуда аҳмоқ экан, шу кўйга тушибди. Валимуҳаммадхондек кимсанинг кўзини шамғалат қилиб, барча амирларни ўз томонига оғдирибди. Энди суиқасд уюштирмоқчи. Ҳозир куч унинг томонида. Нима қилса экан? Бу рақобатчилик беомон. Бунинг устига, икки ўғли ҳам нобуд бўлиши мумкин. Лекин, Имомқули чучварани хом санабди. Валимуҳаммадхон унинг ўзини янчади.
Кеч тушиб қолганига қарамай, хон хазиначини ва шаҳзодаларни ҳузурига чорлади…
Вақт ярим кечадан ўтар-ўтмас улар қиёфаларини ўзгартириб, бир нечта навкарлар билан бирга шаҳар дарвозаларидан чиқишга улгурдилар…
Сафавийлар давлатининг пойтахти Табриз уларни илиқ кутиб олди. Аббос Сафавийнинг муҳташам саройи Валимуҳаммадхоннинг пойқадамига мунтазир эканлиги билдирди. Мовароуннаҳр хони Озарбайжон ва Эрон шоҳи ҳузурига кирди. Валимуҳаммадхон олиб келган ноёб ва қимматбаҳо совғаларини шоҳга топширди. У энг камёб жавоҳирни алоҳида тортиқ қилди.
– Ҳазратим! Мана бу совға хазинангизнинг кўрки бўлғусидир. Бундай ноёб ёқутни ҳали ҳеч ким кўрмаган. Бу, «Чироғи олам» номи билан донг таратган жавоҳирдир.
Аббос Сафавийнинг кўзлари чақнади, чеҳрасига табассум югурди.
– Ғоят миннатдормен, олий ҳазрат! – деди у, улкан ёқутни қўлига олар экан. – Бунинг юзига ҳарфлар ҳам битмишмилар! Буюк Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбекларнинг муборак номлари-ку, бу! Ҳа, биз ҳам буюрурмиз. Бу ажойиб дурдона юзига биз ҳам исмимизни битсак, хато бўлмас деб умид қилурмиз…
– Албатта, онҳазрат! – хитоблар эшитилди атрофдан.
Аббосшоҳ сўзларини давом этдирди:
– Олий ҳазрат! Сиз ёрдамга муҳтож бўлиб қолган экансиз, биз буни дариғ тутмаюрмиз. Ички душманларингизни енгиб, тож-тахтингизни, иншоолло, қайтариб олиюрсиз. Давлатларимиз орасидаги муносабатлар келгусида фақат дўстона бўлур, деб умид қилиюрмиз. Истаган кунингиз етарли қўшин ва саркардалар азму ихтиёрингизда бўлур. Аммо, бирор ҳафта дам олинг, ҳордиқ чиқаринг…
Бу воқеа 1611 йил бўлиб ўтди. «Чироғи олам»га Аббос Сафавийнинг ҳам номи битилди.
Валимуҳаммадхон бошчилигидаги сафавийлар қўшинининг яқинлашиб келаётганини кўрган Бухоро саросимага тушди. Тахтни эгаллаб олган Имомқулихон дарҳол қозоқларга чопар юбориб, ёрдам сўради. Улар қўшин жўнатдилар. Жанг жуда даҳшатли бўлди. Бунда сафавий қўшинлари енгилдилар. Валимуҳаммадхон асир олиниб, ўлдирилди.
* * *
– Ҳурматли «Чироғи олам»! Мана, сизнинг сафавийлар қўлига тушишингизнинг икки тахмини. Қайси бири ҳақиқат, буниси ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола.
* * *
– Ҳурматли «Чироғи олам»! Энди сиз менга айтинг. Аббос Сафавий нима учун сиздек дунёда ягона жавоҳирни бобурийлар давлати ҳукмдорига – Жаҳонгиршоҳга тақдим қилган. Ёки бобурийлар сизни сафавийлардан тортиб олишганми?
* * *
Аббос Сафавий ўз давлати чегараларини кенгайтиришга, ҳокимиятни мустаҳкамлашга катта аҳамият берган ҳукмдорлардан эди.
Бунинг учун у ҳеч нарсани аямаган.
Мовароуннаҳрдаги Аштархонийлар давлати мустаҳкамлангач, у бутун диққатэътиборини муҳим савдо йўли, бой-бадавлат ўлка маркази ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган Қандаҳорга қаратди. Бу ўлка у пайтда бобурийларга – Акбаршоҳнинг ўғли Жаҳонгиршоҳга бўйсунарди.
Акбаршоҳ 1605 йил 17 октябрда вафот этди. У ўлими олдидан ўғли Салимни чақириб, шоҳона кийим, салла кийгизди, камарига ўзининг севимли ханжарини тақиб қўйди ва шу кундан эътиборан у валиаҳд эканлигини эълон қилди. Салим шу йил 24 октябрдан Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ номи билан бобурийлар тахтига ўтирди.
Аббос Сафавий 1606 йилда биринчи бор Қандаҳорни эгаллашга уриниб кўрди. Бироқ, ҳаракатлари зое кетди. Аббосшоҳ бу билан тинчлана қолмади. Нима қилиб бўлса ҳам ўз мақсадига эришишга интилди…
* * *
…1611 йили бобурийлар саройига Аббос Сафавийнинг элчилари катта совғасаломлар билан кириб келдилар. Улар бу ташрифларининг сабабини, албатта, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни ўрнатиш йўлидаги эзгу қадам деб айтдилар. Бу ниятнинг самимийлигини исботлаш учун бошқа қимматбаҳо туҳфалар қатори «Чироғи олам»ни ҳам инъом этдилар…
Натижада, ушбу жавоҳир яна темурийлар қўлига ўтди.
Аббосшоҳнинг элчиси Аграда икки йил яшади. Атрофни обдан кузатди. Саройидаги гап-сўзлардан, сир-асрорлардан хабардор бўлиб турди. Бобурийлар ҳам дўстона қўл узатиб, 1613 йили ўз вакилларини Табризга юбордилар. Сафавийлар бу билан чекланмадилар. 1615 йилда улар яна ўз одамларини Ҳиндистонга жўнатдилар. Кўп вақт ўтмай, 1617 йил Аббос Сафавий яна ўз элчиларини Жаҳонгиршоҳ ҳузурига жуда катта туҳфалар билан юборди. Бироқ Озар ва Эрон элининг подшоҳи бу билан қониқмай, уч йил ўтгач яна бир қатор одамларни совқа-саломлар билан Ҳиндистонга жўнатди. У бу йўл билан икки қуённи урди, яъни, биринчидан, бобурийлар сафавийларнинг муносабати чиндан ҳам самимий эканлигига ишониб қолдилар, иккинчидан, у Ҳиндистондаги ички вазиятдан бохабар бўлиб турди. Бу пайтга келиб, Жаҳонгиршоҳ Қандаҳор ҳимоясига яхши эътибор бермай қўйди, сарой эса ўзаро ички жанжаллар гирдобига тушиб қолди. 1622 йилда қулай фурсат туғилди ва Аббосшоҳ кутилмаганда ҳужум уюштириб, Қандаҳорни қамал қилди ва қирқ беш кун деганда шаҳарни эгаллади.
Жаҳонгиршоҳ ўғли Шоҳжаҳонга катта қўшин бериб, Қандаҳорни қайтариб олишни буюрди. Шоҳжаҳон эса бетоб ётган отасини ташлаб узоққа кетса, тож-тахтдан ажралиб қолишини ўйлаб, бу фармонга бўйсунмади.
* * *
«Чироғи олам»даги ёзувларнинг ўчирилишига доир тахмин.
Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ қаттиқ изтиробга тушди. Аббос Сафавийнинг маккорлиги уни қаҳр-ғазабга тўлдирди. Наҳотки инсон шу даражада тилёғлама бўлиши мумкин?! Ахир у ҳам туркий ва мусулмон-ку! Ҳа, душман, барибир, душман экан. Шоҳлар буни жуда яхши билишлари лозим. Ғанимнинг ширин гапларига, совға-саломларига асло учмаслик керак эди.
Жаҳонгиршоҳ ҳузурига ҳеч кимни киритмасликни буюриб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. У жуда одил подшоҳ деб ном чиқарган эди, бироқ жаҳли чиққанда ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлиб кетиши ҳеч гап эмасди, шунинг учун кўп аъёнлари унинг тўсатдан келадиган ғазабидан чўчишарди. Жаҳонгиршоҳ табиатни севар, нозик ҳистуйғуларга бой, адабиёт жону дили эди. У ўз қўли билан «Жаҳонгиршоҳ тузуклари» деган асар ҳам битганди.
Ниҳоят, у озроқ чалғиш ниятида қўлига қалам олди. Бироқ, дилини мушук тимдалайверди. Қаламни қўйиб, ўйга чўмди. Дафъатан ёдига жавоҳиротлар тушди. Ҳа, жавоҳирлар жилваси қалбидаги ғуборни оз бўлса-да, тарқатиши мумкин. У дунёда фақат ўзида мужассамлашган ноёб тошларни вақти-вақти билан томоша қилиб, завқланиб туришни жуда севарди. Шу заҳотиёқ у хазиначини чақириб, жавоҳиротларни келтиришни буюрди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?