282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Озод Муъмин » » онлайн чтение - страница 3

Читать книгу "Буюк Амир Темур ёқути"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 06:20


Текущая страница: 3 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Орадан олтмиш йилдан кўпроқ вақт ўтди. 1912 йили улкан ёқутдаги ёзувлар инглиз жавоҳиршуноси Жеймс Ҳерберт Смитнинг диққатини ўзига тортди. Ундаги энг йирик битикларни арабча алифбони билувчиларга ўқитиб кўрди. Таржима қилдирди. Унда: «Бу, Исфаҳонга 1153 йил Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир», деб ёзилганди. «Демак, бу ёқут Буюк Амир Темурнинг жавоҳири экан», деган хулосага келди жавоҳиршунос ва уни шу ном билан атай бошлади. Нодиршоҳнинг битиги ёқутга янги ном берилишига сабаб бўлди. Кейинчалик унинг дунёга машҳур «Чироғи олам» жавоҳири эканлиги аниқланди. Ҳозир ҳам у Ғарбда «Буюк Амир Темур ёқути» деб аталиб келинади.

«Чироғи олам» тарихидаги яна бир диққатга сазовор жой шундаки, у «Кўҳинур» билан 1612 йилдан бери «ажралмас дўст» сифатида «саёҳат» қилган.

* * *

«Буюк Амир Темур ёқути»нинг ҳикояси тугади.

Мен унга миннатдорчилик билдириб, сертуман Альбион деб ҳам аталувчи Британия оролини тарк этдим. «Чироғи олам» билан хайрлашиш оғир бўлди. «Мени ҳам Буюк Амир Темур авлодлари яшаётган серқуёш, ёруғ, нурли ўлкангга олиб кет! – илтимос қилди у компьютер экрани орқали. – Мен олам чироғи бўлганим билан, ўз юртимнинг ёруғ нурларини туйиб турмасам, нозик жилолар таратолмайман». «Афсуски, – дедим мен, – Буюк Амир Темур авлодлари сени ҳам асрай олишмаган. Мени кечир, сени олиб кетолмайман. Аммо менинг қалбим ва ушбу сатрлардан сенинг мавжудлигингни билган ўзбек халқининг қалби ҳам доимо сени ёдда тутади. Балки, келажакда қандайдир бир ижобий воқеа рўй бериб, ўзимизга қайтиб келарсан…»

Шундан сўнг ота-боболарим ва ўзимнинг туғилиб ўсган шаҳрим – Тошкентга қайтдим.

* * *

Ёзиб олган маълумотларим, кечинмаларим битилган қоғозларга тикилдим ва бундан кўп фойда йўқлигини англадим. Ўзимнинг ўтган ҳаётим кўз олдимда туриб қолди.

Мен нимани ният қилган, қандай мақсадга интилган бўлсам, ўшанга эришяпман. Бироқ, бу нарсаларнинг бари осонлик билан амалга ошаётгани йўқ. Орзуларим кечикиб ушаляпти. Вақт кўп кетяпти. Умр ўтмоқда. Аммо ўзимни овутишим мумкин: ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлгани ҳам дуруст.

Мен ўз халқимнинг бир заррасиман. Унинг бир вакилиман. Халқимга тегишли нуқсонларнинг ва фазилатларнинг бир қисми менинг қонимда ҳам бор. Балки мендаги ҳолат, ҳаётимнинг кечиши ҳам халқимдаги ҳолатнинг бир инъикосидир. Агар халқ билан шахс ўртасидаги мен айтган алоқанинг озми-кўпми мавжудлигини ҳаёт қонуни деб ҳисобласак, демак Ватанимиз охир-оқибатда, ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлса-да, «Буюк Амир Темур ёқути» ёхуд «Чироғи олам»га яна эгалик қилар?!

Фантастик ҳикоялар

СИРЛИ ЧОЙХОНА

Менинг исмим – Фарангисхон. Сизга ҳаётимда содир бўлган муҳим бир воқеани айтиб бермоқчиман. Ўшанда еттинчи синфда ўқирдим.

Бир куни кечқурун, дадамлар ойимларга эрта тонгдан машиналарида Жиззахга кетишларини айтдилар. Уларнинг бизнес ишларининг бир қисми шу вилоят марказидаги қурилиш гипс ишлаб чиқарувчи корхона билан боғлиқ эди. Дарҳол эргашдим.

– Мени ҳам ола кетинг, дада! Жиззахда хеч қачон бўлмаганман. Тошкентдан ташқарига чиқмаганман. Бир бошқа шаҳарни ҳам кўрай!

– Чорвоққа чиққансан! Ғазалкентни кўргансан.

– Жиззахни ҳам кўргим келаяпти!

– У шаҳарни кўрмасанг ҳам бўлади.

– Бир янги синфдошим бор, уларнинг оиласи яқинда Тошкентга кўчиб келган. У қиз ўша ерлик. У, доим Жиззахдан гўзалроқ жой бу дунёда йўқ, деб айтади. Мен шундай ажойиб жойни кўришим керак.

– Ўқишдан қоласан-ку!

– Жавоб сўрайман, ўтилган мавзуларни китоблардан ўқиб оламан!

Дадам ниҳоят кўндилар.

– Майли, Фарангисхон! – дедилар, – фақат эрталаб вақтли туриб кетамиз. Бўптими?

– Майли! – қувондим мен. – Фотоаппаратимни оволаман. Ҳамма жойни расмга тушираман.

Эрталаб соат еттида уйдан чиқиб кетдик. Февраль ойи бўлгани учун кун ҳали ёришмаган, ғира-шира пайт эди. Ҳаво булут бўлса-да, ёғингарчилик йўқ, йўллар қуруқ эди. Шунинг учун биз шаҳарни тарк этиб, текис тўғри йўлга тушганимиздан сўнг дадамлар «Жигули»нинг тезлигини оширдилар. Биз манзил сари ғизиллаб елиб кетдик. Мен орқа томондаги ўриндиқда жойлашиб олганимча, деразадан атрофдаги далаларни томоша қилиб борардим.

Кун борган сари ёришиб борар, манзаралар ҳам аниў-тиниў кўринарди. Ярим соатлар ўтгач, машинамиз секинлашди ва биз бир милиция постидан ўтдик.

– Бу қайси шаҳарники?

– Янгийўлники, – жавоб бердилар дадам ва бермоқчи бўлган саволимни ҳис қилдиларми, қўшиб қўйдилар. – Лекин, бу шаҳар трассадан четроқда. Биз у ерга кирмаймиз.

Машинамиз яна илдамлашди. Ўн дақиқалар юрганимиздан сўнг олдинда, йўл четида бир одамнинг қораси кўринди. У машинамизни тўхтатиш учун бир қўлини кўтарди. Дадам индамай ўтиб кетмоқчи эдилар-у, яқин қолганда у кишининг қария эканлигини пайқаб, тўхтадилар. Сал ўтиб кетганлари учун машинани орқага юргизиб, ёнларидаги эшикни очиб, сўз қотдилар.

– Ассалому алайкум, амаки! Келинг, ўтиринг, обориб қўяман.

– Ваалайкум ассалом, болам! Мени сал нарироққа ташлаб қўясанми?

– Бемалол, ўтираберинг!

– Катта йўлдан ўнг томонга қайриламизда, бир-икки чақирим юрамиз, майлими?

– Майли, амаки.

Қария дадамнинг ёнларига ўрнашди. Мен дарҳол салом бердим.

– Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом, қизим! Яхши юрибсанми?

– Яхши, раҳмат! – жавоб бердим мен.

Бу одамнинг эгнида йўл-йўл чопон, оёқларига этик кийган эди. Пойабзалининг четлари бирозгина лойлигини ҳам пайқадим. Унинг бошида уринқираган қулоқчин телпак бор эди.

Йўловчимиз бошқа бир сўз демади, индамай кетаверди. Камгап одам бўлса керак, ўйладим мен. Бир қанча юрганимиздан сўнг ўнг томонда, йўл четида янги, замонавий услубда қурилган чойхона кўринди.

– Болам, мен шу ерда қоламан, – деди отахон. – Мана бу жойда ишим бор. Ёдимдан кўтарилибди. Шу ерга келганимда эсимга тушди. Темир аравангни тўхтатақол.

Чойхонанинг олдида тўхтадик.

У киши чўнтагини ковлаб қанчадир пул чиқарди ва уни дадамларга узатди.

– Етадими, болам?

Дадам бош чайқадилар.

– Керак эмас, отахон! Шундоқ ўзимнинг йўлим эди.

– Олақол, тағин мендан норози бўлиб юрма!

– Йўқ, асло. Сиз рози бўлсангиз бўлди.

– Гап розиликда бўлса, шунча йўл юриб, манзилимга олиб келиб қўйдинг, сенга раҳмат дейман ва дуо қиламан, майлими?

– Майли, отахон.

– Қани, кафтингни оч!.. Ё Оллоҳ! Шу йигитнинг темир аравасини омадли ва барокатли қилгин! Бу темир арава унинг эгасига улуғ ризқ-насиба олиб келсин! Омин!

– Раҳмат, отахон! – жилмайдилар дадам.

Қария машинани тарк этгач, биз яна йўлимизга равона бўлдик. Шунда мен бир нарсага афсус қилдим. Чунки, фотоаппаратим билан шу кишини расмга олмабман. Жуда зўр бўларди-да. Кейин ўртоқларимга кўрсатардим. Тошкентда бундай кийинган одамлар йўқ…

Биз йўл юриб, йўл юрсак-да, мўл юриб, ниҳоят соат тўққиздан ошганда Жиззах шаҳрига етиб келдик.


Буни қарангки, биз борадиган ташкилот Тошкент кўчасида жойлашган экан. Дадам машиналари билан унинг ичига кирдилар. Бизни ушбу саҳни каттагина корхонанинг раҳбарлари кутиб олишди.

Дадам мени уларга танитдилар:

– Бу қиз – Фарангисхон! Менинг кичик фарзандим. Жиззах шаҳрини кўраман деб тўполон қилди. Шунинг учун бирга олиб келдим!

Абдуҳабиб ака ва Комил акалар дадам менга уларнинг номларини айтдилар жилмайиб, менинг хоҳишимни қувватлашди. Шундан сўнг улар мени ташкилот ҳовлисида қолдириб, идорага шартнома тузиш учун кириб кетишди. Менга истасам атрофни томоша қилиш, хоҳласам машинада ўтириб мусиқа эшитиш вазифаси топширилди.

Ярим соатлар ўтгач, дадам хурсанд ҳолда идора биносидан чиқиб келдилар. Уларни ташкилот раҳбарлари кузатиб чиқишди.

– Озод ака! Энди фақат сизга умид қиламиз. Тошкент шаҳрида бизнинг гипсимизни тарқатиш сизга юклатилди. Ишонамизки, маҳсулотимизнинг сотилиш ҳажми анча ошади!

– Албатта, Абдуҳабиб ака! Мен ишончингизни оқлаш учун бор имкониятларимни ишлатаман!

– Озод ака! Сиз бизни чарчатиб қўясиз деган умиддаман! – сўз қўшди Комил ака.

Бу оқ-сариқдан келган киши Абдуҳабиб аканинг қўлида ўқиган экан, иқтидорли бўлгани учун шогирдини янги корхонага ишга чақирибди. Асли самарқандлик бўлган Абдуҳабиб ака эса, авваллари институтда дарс бергани учун «домла» деб ном чиқарган экан. Бу гапларни менга дадамлар кейинроқ, йўлда айтдилар.

Ташкилотдан чиқиб, биз Жиззах шаҳрини айландик. Марказни томоша қилдик. Бозорга кирдик – Тошкент бозорларига жуда ўхшаш, фақат нархлар сал арзонроқ. Анча жойларни расмга олдим. Туш вақти яқинлашганда ошхонага кириб сомса буюрдик. Бу ернинг сомсаси жуда катта бўлар экан. Ва уни қиздирилган пахта ёғи билан тановул қилишар экан. Бунга жуда ҳайрон бўлдим.

Мен битта сомсани зўрға едим. Иккинчиси кетмади.

Кейин ортга қайтдик. Жуда хурсанд эдим. Дадам машиналарини ҳайдардилар, мен эса мусиқа эшитганча Мирзачўл далаларини томоша қилиб кетардим. Бир соатдан кўпроқ юрганимиздан сўнг дадамлар сўрадилар.

– Ҳали, эрталаб Жиззахга кетаётганимизда бир отахонни йўлдан олиб, кейин қандайдир чойхона ёнида қолдириб кетгандик. Эсингдами?

– Ҳа, дада, эсимда!

– Ўша ерда тўхтайлик. Қараб кет. Узоқдан кўришинг билан айт. Чой ичиб оламиз. Йўл, барибир, чарчатади.

– Хўп, дада! – дедим мен ва йўл четини диққат билан кузатиб кета бошладим.

Биз анча юрдик. Лекин, у чойхона кўринай демасди. Ҳаммаёқ дала ва одамларнинг уйлари.

– Нега эрталабки чойхона кўринмаяпти? – сўрадилар дадам.

Мен елкамни қисдим.

– Ҳайронман!

Биз Янгийўл шаҳри постига келдик ҳамки, барибир, чойхонанинг қораси кўрмади.

– Қизиқ! Бу не сир-синоат экан?

– Билмадим, дада, – дедим мен. – Балки, пайқамай ўтиб кетгандирмиз?

– Бўлиши мумкин эмас! Унинг қаердалиги тахминан ёдимда. Унинг ўрни бийдай дала бўлиб қолибди. Ярим кунда шундай катта бинони тўсатдан бузиб, ўрнини текислаб, шудгорлаб қўйиш мумкинлиги ақлга сиғмайди.

Индамадим. Нима ҳам дердим. Дадам билмасалар, мен билармидим?!

Шу сирли чойхонани ўйлаб, уйимизга етиб келдик.

Орадан ярим йил ўтди. Бу орада дадамлар Жиззахда ишлаб чиқарилувчи юқори сифатли гипсни Тошкентда яхши сотилишини йўлга қўйдилар. Унинг харидорлари кўпайди.

Тошкентда қурилиш молларини сотадиган бир машҳур одам бўлган экан. Исми – Икром ота экан. Орқаворотдан у кишини Икром Ўрис деб аташаркан. Бундай аталишига сабаб, у ёшлик чоғида, юртимизни ўз ичига олган СССР деган мамлакат Германия билан уруш қилганда, у ота-онасиз қолиб, кўп болалар қатори Ўзбекистонга олиб келинган экан. Шунда, бир Жамол ака исмли ўзбек киши уни бағрига олиб, Икром деб ном бериб, катта қилган экан. Боланинг миллати бошқа бўлгани учун барча уни Икром Ўрис деб чақиришга одатланган экан.

Ана шу Икром отанинг Мурод исмли ўғли отасининг изидан бориб қурилиш маҳсулотлари сотадиган жой ташкил қилибди. Халқимиз: «Отанг қилган ишни қилсанг, ишинг юришади», дейди. Шунинг учунми, Муроднинг ҳам омади чопиб, мижозлари кўпайибди ва у дадамларга таклиф қилибди: «Озод ака! Шу гипсни фақат ўзимга олиб келиб беринг! Қанча десангиз, бетўхтов олавераман. Бошқаларга берманг. Бирга ишлайлик!» Дадам бу таклифга рози бўлибдилар. Чунки, ўнта-ўн бешта жойга маҳсулот тарқатгандан кўра бир ишончли киши билан ҳамкорлик қилиш қулай-да!

Дадам, бундан ташқари қурилиш моллари бозоридан ҳам жой олиб, у ерга сотувчи қўйдилар. Кейин, бирон-бир маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона очсаммикан, деб ҳам мўлжаллай бошладилар.

Орадан бир йил ўтгач, бу ниятлари ҳам амалга ошди.

Яна икки йил ўтди. Дадамларнинг барча ишлари кундан-кунга яхшиланарди.

Уч йилдан сўнг дадам бошқа машина олиш тараддудига тушдилар. Уларнинг пуллари кўпайганди. Энди «Жигули» эмас, чет эл машинасини ҳайдашни истаб қолдилар.

Натижада эски машиналарини сотдилар ва Японияда ишлаб чиқарилган «Мазда» автомобилини харид қилдилар. Бундан биз ҳаммамиз – ойим, опам ва мен жуда суюндик. Аммо, барвақт хурсанд бўлган эканмиз.

Шу вақтдан бошлаб дадамларда турли муаммолар пайдо бўла бошлади.

Қурилиш моллари бозоридаги сотувчи тушум пулларини бермайдиган, унгабунга ишлатиб қўйдим, кейин топганимда бераман, дейдиган одат чиқарди. У ойлаб қарзларини узмайдиган бўлиб қолди. Дадам уни ҳайдаб юбордилар. Бошқа тузук одам тополмай, вақтинча у ердаги ишни тўхтатдилар.

Ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг тарқалиши ҳам кескин тушиб кетди. Дадам бунинг сабабини билолмай хуноб бўлардилар. Ҳамма ишни тўғри қилаяпманку, нега бунақа бўлаяпти, дердилар.

Устига-устак, Икром отанинг ўғли бўлмиш Мурод ўз лабзини унутибди. У дадамларнинг ўрнига ўзининг бир жиззахлик қариндошини қўйишни ўйлаб қолибди. Уни Абдуҳабиб аканинг олдига жўнатибди. Яхшиямки, «домла» унга рад жавобини берибди. Дадам бундан хурсанд бўлдилар. Лекин, бу қониқиш ҳисси узоққа чўзилмади. Ўша қариндош жуда ҳаракатчан экан, юқори идораларда ишловчи турли кишиларга қўнғироқ қилдириб, Абдуҳабиб акани дадамлар билан бошқа шартнома тузмасликка мажбур қилибди.

Дадамлар асли олим ва файласуф бўлганлари учун руҳларини чўктирмадилар. Шароитни таҳлил қилардилар, ечим қидирардилар. Бир куни мен билан гаплашдилар. Мен бу пайтда коллежда ўқиётгандим.

– Фарангисхон! – дедилар улар. – Эсингдами, биз бирга Жиззахга боргандик!

– Ҳа, дада. Эсимда! – жавоб бердим мен.

– Йўлда учраган отахон-чи, ёдингдами?

– Ҳа, ёдимда. Ўшанда у кишини расмга олмаганимга афсуслангандим.

– Чойхона-чи?

– Сирли чойхона ҳам эсимда, дада! Уни кейин тополмагандик. Қаёққадир ғойиб бўлиб қолганди.

– Мен бир нарсани тушундим. Ўша сирли чойхона олдида отахон бизни дуо қилгандилар. Ҳамма гап ўша дуода! Ҳозир бизда у дуонинг кучи йўқ. Билдингми?

Мен дарҳол сўз қотдим.

– Кекса киши ёдимда. У бизни эмас, машинангизни дуо қилганди. Ўшанда бундай деганди: «Ё Оллоҳ! Шу йигитнинг темир аравасини омадли ва барокатли қилгин! Бу темир арава унинг эгасига улуғ ризқ-насиба олиб келсин! Омин!»

– Ростдан шундай деганмиди?

– Ҳа, дада. Худди кечагидек ёдимда! Биласиз-ку, эсда сақлаш қобилиятим яхши.

Дадам ўйланиб қолдилар. Кейин хулоса чиқардилар.

– Мен эртагаёқ «Жигули»имни қайта сотиб оламан!


Эртаси куни кечқурун дадамлар уйга ҳорғин қайтдилар. Ойим сўрадилар.

– Ҳа, дадаси, чарчадингизми?

– Шунақа бўлса керак… – жавоб қилдилар улар.

Кийимларини алмаштириб, ўтириб овқатландилар. Кейин мен сўрадим.

– Дада, «Жигули»ни қайта сотиб ололмадингизми?

– Ҳа, қизим. Унинг янги эгаси сотмайман, деди. Уни ҳозир минмаётган экан. Ҳовлисининг тўрига қўйиб қўйибди. Экспонат қилиб. Ўзи бошқа янги машина ҳайдаб юрибди. «Сизнинг машинангиз жуда омад олиб келувчи экан. Бир йилда ишларим жуда зўр бўлиб кетди. Бундай автомобилни сотиб бўлмайди!», деди.

Мен дадамга ҳам, ўзимга ҳам ачиндим. Ахир, коллежни битиргач, чет элга ўқишга бормоқчи эдим. Шунинг учун зўр бериб инглиз тилини ўрганаётгандим. Пул бўлмаса, хорижда ўқиш қаёқда?! Энди, орзу-умидларим нима бўлади?

Хомуш бўлиб турдим-да, бирдан хаёлимда бир ёрқин фикр чарақлади! Уни дарҳол дадамга билдирдим.

– Дада! Эртага Жиззахга бориб келайлик!

– Нега, қизим?

– Пахта ёғига ботириб сомса егим келаяпти. Мазаси оғзимда қолган.

– Ўқишинг нима бўлади?

– Мавзуларни аниқлаб, китоблардан ўрганиб оламан!

– Майли, қизим. Барибир, менинг ҳеч бир ишим йўқ, эртага. Обориб келаман.


Тонгда йўлга тушдик. Бу гал мен атрофдаги манзараларга бепарво эдим. Шаҳардан чиққач, ярим соатлар ўтгач биз милиция постидан ўтдик.

– Бу қайси шаҳарники? – сўрадим мен билсам ҳам.

– Янгийўлники, – жавоб бердилар дадам.

Постдан ўтгач, «Мазда»мизнинг тезлиги ошди. Ўн дақиқалар юрганимиздан сўнг олдинда, йўл четида бир одамнинг қораси кўринди. Мен худди шу дақиқани кутаётгандим. У машинамизни тўхтатиш учун бир қўлини кўтарди. Дадам индамай ўтиб кетмоқчи эдилар-у, яқин қолганда у кишининг қария эканлигини пайқаб, тормозни босдилар. Ёнларидаги эшикни очиб, сўз қотдилар.

– Ассалому алайкум, амаки! Келинг, ўтиринг, обориб қўяман.

– Ваалайкум ассалом, болам! Мени сал нарироққа ташлаб қўясанми?

– Бемалол, ўтираберинг!

– Катта йўлдан ўнг томонга қайриламизда, бир-икки чақирим юрамиз, майлими?

– Майли, амаки.

Қария дадамнинг ёнларига ўрнашди. Мен дарҳол салом бердим.

– Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом, қизим! Яхши юрибсанми? Анча катта бўлиб қолибсан-ку!

– Ҳа, бобожон! – жавоб бердим мен. – Сиз эса ўзгармабсиз! Кийимингиз ҳам ўша-ўша!

Бу вақтда дадам машинани юргизгандилар. Қўллари рулда, қулоқлари бизнинг суҳбатда эди. Нега мени ёши улуј инсон билан эски танишлардек гаплашаётганимни ҳали англаб етмагандилар.

Қария бошқа бир сўз демади, индамай кетаверди. Мен ҳам мувозанатни бузиб қўймаслик учун сукут сақлаб кетдим. Бир қанча юрганимиздан сўнг, ўнг томонда, йўл четида янги, замонавий услубда қурилган чойхона кўринди. Бу, худди ўша, ўтган сафардаги сирли чойхона эди!

– Болам, мен шу ерда қоламан, – деди йўловчимиз. – Мана бу жойда ишим бор. Ёдимдан кўтарилибди. Шу ерга келганимда эсимга тушди. Темир аравангни тўхтатақол.

Дадам чойхонанинг олдида тўхтадилар.

Қария чўнтагини ковлаб қанчадир пул чиқарди ва уни дадамларга узатди.

– Етадими, болам?

Дадам бош чайқадилар.

– Керак эмас, отахон! Шундоқ ўзимнинг йўлим эди.

– Олақол, тағин мендан норози бўлиб юрма!

– Йўқ, асло. Сиз рози бўлсангиз, бўлди.

– Гап розиликда бўлса, шунча йўл юриб, манзилимга олиб келиб қўйдинг, сенга раҳмат дейман ва дуо қиламан, майлими?

– Майли, отахон!

– Қани, кафтингни оч!.. Ё Оллоҳ! Шу йигитнинг темир аравасини омадли ва барокатли қилгин! Бу темир арава унинг эгасига улуғ ризқ-насиба олиб келсин! Омин!

– Раҳмат, отахон! – жилмайдилар дадам.

Қария менга ўгирилди.

– Қизим, худо хоҳласа, албатта, чет элга ўқишга борасан. Бахтли бўласан! Ҳамма яхши ниятларингга етасан!

Шу гапларни айтиб, отахон машинадан тушди. Дадам эса бу пайтда тахтадек қотиб, ўтган сафардаги воқеа қайтарилганига ҳангманг бўлиб қолгандилар.

Мен уларга сўз қотдим.

– Дада, мана бу сирли чойхонага кириб, биттадан чой ичмаймизми?

Улар атрофга алангладилар ва сўрадилар:

– Қани чойхона?

Ҳақиқатан ҳам ҳозиргина ёнимизда турган бино кўздан йўқолганди. Машинамиздан тушган нуроний ҳам ғойиб бўлганди.

– Дада, унда уйга кетдик! – дедим мен.

– Вой, жиззах сомса емаймизми?! – сўрадилар.

– Йўқ, уйда писта ёғини қиздириб берсангиз, ўшанга ботириб ҳам ея бераман!


Шу воқеадан бир ой ўтар-ўтмас, қурилиш моллари бозори бошқарувчиси дадамларни чақирди. «Озод ака! – дебди у. – Менинг бир жуда ҳалол жияним бор. Жойингизга маҳсулот тушириб беринг, савдо қилсин. Унинг нотўғри ишига мен жавоб бераман!»

Икки ойдан сўнг ишлаб чиқараётган маҳсулотларига иккита «Қурилиш моллари савдо уйи» харидор бўлиб, катта миқдорга шартнома туздилар.

Уч ойдан сўнг эса, Абдуҳабиб ака тўсатдан қўнғироқ қилиб қолди.

– Озод ака! – деди у. – Ўрнимга Комилни бош раҳбар қилиб тайинладим. Ўзим эса фирмани ташкил этувчи мақомида қоламан. Муроднинг қариндоши билан ишни тўхтатаяпман. У бизнинг ишончимизни оқламаяпти. Шунинг учун келаётган ҳафта ичида Жиззахга келсангиз, янги шартнома тузар эдик!

Кейин Комил аканинг ўзи алоқага чиқди.

– Мен ҳозир бош раҳбарликка ўтдим. Энди фақат сиз билан ишлаймиз!

– Муроднинг қариндоши-чи?! Унинг юқори жойларда танишлари бор. Босимга чидай оласизми? – сўрадилар дадам.

– Улар қўнғироқ қилишса, бир машина мол бераман, яна қўнғироқ бўлса, яна бир машина бераман. Учинчисида жонларига тегади, – деди у.

– Мурод-чи?! У ҳам ўз қариндошига ёнбосар?

– Унга ўзим тушунтираман. Агар у гипсимизни олмаса, бошқалар тайёр турибди.


Шундай қилиб, дадамнинг ишлари яна аввалги изига тушиб кетди. Бу йил янги «Ласетти» машинаси сотиб олдилар. «Мазда» эса экспонат бўлиб ҳовлида турибди.

Мен эса ушбу бўлган воқеани Американинг Миссури штати университети кутубхонасида ўтириб ёздим. Доимо яхшилик қилинг – дуо оласиз. Дуо эса – йўлингизни ёритади…

АНТИҚА ДУНЁ

Ҳар бир инсон ўзини ўраб турган муҳитдаги яшаш қоидалари асосида ҳаёт кечиради. Бу – аксиомадир, яъни исбот талаб қилинмайдиган қонундир. Олайлик, биз, агар, ўзга мамлакатга сафар қилсак, у ерда қанчадир кунларни ўтказишимиз лозим бўлса, албатта, ўша юртдаги шароитга мослашишга мажбурмиз. Акс ҳолда, ўзимизни ўзимиз турли кутилмаган қийин ҳолатларга тушириб қўйишимиз тайин.

Бир куни шаҳримизнинг ўзим яхши билмайдиган қисмига бир иш билан боришимга тўғри келди. Машинамда мўлжалдаги туманга ғириллаб етиб бордим. Лекин, у ёғига қийналдим. Кўчаларнинг номлари ёзилмаганди. Турли одамлардан сўраб-сўраб айтилган жойни топдим-у, кейин қайтишда яна адашдим. Умуман нотаниш кўчаларга кириб қолдим. Пиёдалардан каттароқ ёки магистрал йўлга қандай чиқишни суриштириб ниҳоят топдим. Аммо, у ҳам ўзгачароқ эди. Одамлар жуда сийрак, йўл ёқасида ҳеч ким кўринмасди. Бир четда тўхтадим-да, қаршимдаги уч ўаватли бинонинг биринчи қаватида жойлашган озиқовқат дўкончасига кирдим, харидорлар йўқлигидан зерикиб ўтирган, ёши тахминан ўзимдан сал каттароқ, қирқ-элликлар орасидаги сотувчидан сўрадим:

– Кечирасиз, бу кўчани таниёлмаяпман. Адашиб қолганга ўхшайман. Қандай қилиб марказ томонга йўналсам бўлади?

Сотувчи шартта жавоб қилди.

– Мен, эътиборингизга биноан, маълумот берувчи ташкилот ходими эмасман.

– Шу оддий саволга жавоб бериш қийинми? Ғалати одам экансиз! – дедим мен таажжубланиб.

– Эшитганмисиз, билимсизлик одамни адаштиради, нотўғри, қинғир йўлларга олиб киради. Айб ўзингизда. Мени ҳақорат қилманг. Нима, шаҳарга янги кўчиб келганларданмисиз?

– Йўқ, шу ерда туғилганман. Фақат, бу ёқларга ҳеч йўлим тушмаган экан. Нима, маълумот бермайсизми?

– Йўқ. Машойихлар айтишганки, ҳар бир кимса ўзи туғилиб ўсган масканни, яъни ватанини яхши билиши ва ўрганиши керак. Шунча ёшга кириб, ўз шаҳрингизда адашиб юрибсиз. Ўзингиз ғалати экансиз!

Мен ушбу сотувчи билан файласуфона суҳбат қуриш ниятида эмасдим. Шошаётгандим. Бугун, ҳали қанча жойларга боришим, корхонамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни таклиф қилишим, уларнинг ўзига хос томонларини тушунтиришим ва рози бўлишса, шартнома тузишим, ундан келиб чиқиб кейинги кунлардаги ишларимни мўлжаллашим лозим эди. Шунинг учун кетиш олдидан унга кесатиброқ сўз қотдим.

– Раҳмат, қимматли ўгитларингиз учун. Эртадан шу ишга киришаман. Яхши қолинг.

– Сезишимча, сиз тадбиркорсиз, шундайми?

– Ҳа, топдингиз, – дедим мен тўхтаб.

– Ўзи, тадбиркорлар фақат пул топишни ўйлайдилар. Ўз халқлари тарихини ҳам, ўтмишдаги буюк бобокалонларининг номларини ҳам яхши билишмайди. Ҳозир камайиб кетган китоб дўконлари қаерда эканлигидан-ку, умуман, хабарлари йўқ. Сизлар жуда тор фикрловчи одамсизлар. Билмайман, фарзандларингиз қанақа инсон бўлиб улғаяркинлар… Ушбу юрт келажаги уларга қолмасин.

Сотувчининг бу гаплари менга ҳақоратдек туюлди.

– Эътиборингизга биноан, мен тарихимизни яхши биламан. Буюк боболаримизни ҳам, масалан, Ибн Сино, Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларни…

– Сиз, айсберг, яъни музтоғ ҳақида эшитганмисиз? Унинг фақат кичик бир учигина денгиз сатҳидан юқорида кўриниб туради. Асосий тўқсон фоиз қисми эса, сув остида беркинган бўлади. Айтган зотларингиз ана ўша айсберг учининг бир учи холос. Қолганларни билмайсиз! Ҳолбуки, инсоният ривожига улкан ижобий ҳисса қўшган халқ фарзандисиз. Чунки, отангиз сизни оми қилиб тарбиялаган! Ёшлигингизда пулини қизғаниб, сизга китоблар олиб бермаган. Бу дунёнинг, ҳаётнинг қандай мўъжизакор, антиқа ва ажойиб эканлигини тушунтирмаган. Фақат, пул топ, пул топ, пул бўлса – чангалда шўрва, деган ақидани онгингизга қуйган!

Бу гаплардан мен тутоқдим.

– Отамга тил теккизманг! Менинг дадам яхши инсон бўлган.

– Биламан, у киракаш бўлган. Нияти йўловчилардан ортиқча кира ҳақи юлиб олиш бўлган. Сиз кичкиналигингизда чиройли китобларга ҳавас қилгансиз, уларни ўқисам, суратларини томоша қилсам, деб орзу қилгансиз. Дадангиз, ҳатто музқаймоққа пул бермаган. Ўзи ҳам, болачақаси ҳам ортиқча емаган-ичмаган. У онангизга, сизга ва синглингизга тузукроқ кийимлар ҳам сотиб олмаган. Нияти, пул йиғиб янги машина сотиб олиш бўлган. Болалар қуруқ нон-чою эски-туски кийимларда ҳам катта бўлиб кетаверади, деб фикрлаган.

– Сиз буларни қаердан биласиз? – ҳайратга тушдим мен.

– Мен, сиздан фарқли ўлароқ, кўп ўқиганман. Мактабни битирганингизда, дадангиз, янги замон бошланди, бозорни эгалла, йўл ва пул топ деб сизни ўқишга эмас, бизнесга йўналтирган.

– Мабодо, психолог ёки экстрасенс эмасмисиз? – сўрадим мен. Чунки, у фақат тўғри гапираётган эди.

– Йўқ, – деди у, – Мен тадқиқотчиман.

– Қандай тадқиқотчисиз?

– Сиз, аввалига, ишлаб чиқариш фирмаларидан олиб, қурилиш моллари бозорида тайёр шпаклёвка сотдингиз. Бизнесга иқтидорингиз бор экан, атрофни кузатиб, шпаклёвкани ҳар бир харидорга тортиб беришга анча вақт кетишини, мижозлар эса уни, асосан, ўн килограммдан олишаётганига эътибор қилдингиз ва фирмадагиларга маҳсулотни шунчадан қадоқлаб беришларини сўрадингиз. Натижада, атрофдаги савдочилар кунига икки юз – уч юз килограммлаб шпаклёвка сотишса, сиз тонналаб учирдингиз. Яхши-яхши пул топдингиз. – деди у саволимга парво қилмай.

– Ниятингизни тушунмаяпман. – дедим мен. – Ҳамма гапингиз тўғри. Лекин, ўзим биламан буларни. Мана, ҳозир, ўша пуллар асосида ишлаб чиқариш корхонаси очганман. Ишларим яхши. Уй-жойимни замонавий қилиб таъмирладим. Машинам янги. Бир фарзандим бор. Уни энг номдор мактабга берганман. Ўзим ўқимаган бўлсам ҳам, уни зиёли қилмоқчиман. Хўш, нега мени йўлдан қолдириб, вақтимни олаяпсиз?

Сотувчи менга синчковлик билан тикилди. Ва кесатиброқ сўз қотди.

– Кечирасиз, бизнесмен ака. Мен аҳмоқ, мен нодон, билмасдан сизнинг қимматли вақтингизни олиб қўйибман. Лекин, аслини олганда, сиз ўзингизнинг умрингизни ўзингиз беҳуда сарфлаяпсиз!

– Қандай қилиб? – таажжубландим мен. – Ўз ишимни қилаяпман. Баъзиларга ўхшаб, бутун рўзғор юкини хотинига ташлаб, кўчаларда нарди ўйнаб, чойхоналарда валақлашиб, вақтимни совуриб юрмаяпманку! Оилам, фарзандим учун жон куйдираяпман.

– Ишингиз яқинда касод бўлади. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларингизни ҳеч ким олмай қўяди. Давлат текширув муассасаларидан келишиб, ташкилотингизни обдан текширишади. Бор-йўқ топганларингизни уларга топширасиз. Шунда ҳам қутуласизми-йўқми, билмайман. Лавозимли ўртоқларингиз ҳам сизга ёрдам бера олишмайди. Керакли пайтда улар узоқ сафарга кетган бўладилар. Тушундингизми, нега сизни тутиб қолганимни?

Бу сўзлардан даҳшатга тушдим. Унга ишонмай, гапларингга тупурдим, деб кетворишим мумкин эди. Аммо, у менинг бутун ҳаётимдаги воқеалардан хабардорлигини намойиш қилди-ку! Қаршимдаги одам бир нарсани билмаса, бунчалик ишонч ва истеҳзо билан мени чўчитмасди.

– Қаердан биласиз? – сўрадим мен нафасим ичимга тушиб.

– Айтдим-ку, кўп китоб ўқиганман, ҳаёт тадқиқотчисиман, деб.

– Ҳазиллашмаяпсизми? – дедим умид билан.

– Сизни умримда биринчи бор кўраяпман. Ошна ёки оғайни эмасман.

– Айтган воқеаларингизнинг олдини олиш учун нима қилишим керак? Маслаҳат бера оласизми?

– Ҳа, албатта. Ниятим ҳам, вазифам ҳам шу. Ҳар бир инсон бу ҳаётда ўз вазифасини бажариб яшаши шарт.

– Мен нима қилишим лозим?

– Энг аввало, ўз вазифангиз билан шуғулланишни бошлашингиз керак.

– Эътиборингизга биноан эртаю кеч вазифам ҳақида ўйлайман, яна қандай маҳсулот ишлаб чиқарсам экан деб, тажрибалар ўтказаман.

Сотувчи яна истеҳзоли жилмайди.

– Бу вазифа, бу иш – ўша оми дадангизнинг топшириғи. Сиз ўйлаб кўрганмисиз, бу дунёга нима учун келганлигингизни?

– Ҳа, албатта! Барча каби пул топаман, бола-чақа ўстираман, уларни уй-жойли қиламан. Набираларим бўлади. Қариб кучдан қолганимда жонимни топшираман. Шу.

– Кўрдингизми, сиз ҳам омисиз. Агар кўп китоб ўқиганингизда, бу ҳаёт тўғрисида ўйлаганингизда, асло бундай гап гапирмаган бўлардингиз. Айтган жараёнингизни онгсиз ҳайвон ҳам адо этади. Сиз – инсонсиз-ку!

– Хўш, менинг ўрнимда оми эмас, ақлли бўлган инсон нима қиларди?

– У, энг аввало, ўйларди: «Мен нима учун, қандай мақсадда дунёга келганман? Ҳаётдаги вазифам нимадан иборат экан?» Ва жавоб топгач, ўша касб билан шуғулланишни бошларди.

– Демак, мен ҳам шундай фикрлашим лозим. Тўғри тушундимми?

– Хулосангиз яхши. Келинг, биргалашиб мулоҳаза қилайлик. Сиз қандай вазифа билан ҳаётга келгансиз. Лекин яхши билиб олинг, ҳеч ким бу дунёга кўп пул топсин деб юборилмайди. Бу ўта янглиш, ўта омиларча мақсаддир.

– Сиз шундай гапираяпсизки, гўё ўзга дунёдан келгандаксиз. Фантастик киноларда кўрганман бундай ҳолатларни.

– Мана, бу гапингиз ҳам тасдиқлаяпти, умуман китоб ўқимаганлигингизни. Яхшиям, кино деган нарса чиққан, сиздаўа омилар учун.

– Тўғри топдимми? Чунки шунча йил яшаб сиздек гапирадиган, фикрлайдиган одамни учратмаганман.

– Балки, тахминингиз ўринлидир. Лекин, менинг қаердан келганлигимнинг умуман аҳамияти йўқ. Фақат, шуни маълум қилишим мумкинки, мен ушбу оламдаги янглиш йўлга кирган ҳар бир одамга қирқ ёшлар арафасида бир марта учрайман ва уни тўғри йўлга солишга уринаман. Бу менинг асосий вазифам. Сўзимни уққанлар тегишли хулоса чиқариб, ҳаётларини кескин ўзгартирадилар ва қолган умрларини фаровонликда, барча орзу-ҳавасларига эришиб ўтказадилар.

– Ўзим ақллиман, дейдиганлар-чи?

– Сизга айтдим, нима бўлишини. Бор будингиздан айрилиб, яна пул топиш йўлидан қайтмасангиз, оғир касалликка дучор бўласиз, ўзингизни, яқинларингизни қийнайсиз ва вақт келиб, руҳий оламга ўтганингизда қаҳрли муносабатга дуч келасиз.

– Майли, маслаҳат беринг. Аввало, айтинг менинг бу дунёдаги вазифам нима?

– Ана энди ўзингизга келдингиз, эслаб кўринг-чи, болалигингизда қандай ўйинчоқларни севардингиз, қандай касбдаги кишиларга ҳавасингиз келарди?

– Дадамга бир неча марта ўйинчоў «Тез ёрдам» машинасини олиб беринг деганман. Лекин, доим пул йўқ деганлар. Умуман, болалигимда ҳам, ҳозир ҳам оқ халат кийиб беморларни даволаётган одамларни кўрсам ҳавасим келади. Лекин, улар маошга қарам одамлар. Пуллари кам. Шунинг учун баъзи-баъзида, яхшиям бизнес билан шуғулланаман, деб қувониб қўяман.

– Демак, масала ечилди. Сиз бу ҳаётга одамларни даволаш вазифаси билан келгансиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Бизнесни йиғиштириб, шифокорликка ўтинг.

– Қандай қилиб? – тутоқдим мен. – Ёшим қирққа яқинлашди, ўқиш учун яна беш-олти йил кетади, бу ўртада, оиламни қандай боқаман?

– Бу ҳаётдаги қонунлар шундайки, ҳар бир инсонга ўзининг чин вазифасини аниқлаш, уни бажариш йўлига кириш учун қирқ ёшига қадар муддат берилади. Бу чегаравий ёшдан сўнг улар топшириқни бажармаган хизматчилар ишдан ҳайдалганидек, бу дунёдан кетказилади. Айтайлик, инфаркт, инсульт, бошқа касалликлар ёки жуда бўлмаса, аварияга учратиш йўли билан руҳий оламга олиб кетилади. Ёққан вариантни танланг.

– Сиз мени икки ўт орасига ташлаяпсиз!

– Янглишаяпсиз. Гуллаб-яшнаган боғ билан ўт орасидасиз!

– Тушунтиринг!

– Ўзига топширилган вазифани сидқидилдан бажараётган кимсалар борлиқ томонидан доимо қувватланадилар, уларга омад, топаётган маблағларига барака берилади. Жами орзу-ҳавасларига эришиш йўллари очиб берилади. Уларга ёмон ниятли, зарар келтирувчи одамлар рўпара этилмайди. Фақат яхши инсонлар билан мулоқотга киришадилар. Фарзандлари ҳам бахтга эришадилар. Шу гапларимнинг ўзи сизга кифоя қилиши керак. Оми бўлсангиз ҳам, мантиқий фикрлай олар экансиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации