Читать книгу "Буюк Амир Темур ёқути"
– Ҳозир, менинг бошимга бир фикр келди. Шифокорликни яхши эгаллаб олсам, балки хусусий клиника очарман, тўғрими?
– Инсон ҳар қандай шароитда, агар ўз йўлидан кетаётган бўлса, ажойиб ютуқларни қўлга киритиши мумкин. Мен сизга яна бир маслаҳат бераман, агар қабул қилсангиз.
– Айтинг.
– Сиз бу ердан чиқиб, таниўли савдогар билан учрашмоқчисиз. Асло на оғзаки, на расмий, шартнома тузманг. У банкдаги ҳисоб рақамингизга тўрт-беш кунгина фаолият юритадиган фирма орқали озгина пул ўтказади-да, хушмуомалалик билан улкан ваъдалар бериб, катта миқдорда маҳсулотларингизни олади. Шундан сўнг, унинг ўзини ҳам, идорасини ҳам тополмайсиз. Фақат, бу гапни каминадан эшитганингизни ҳеч кимга айтманг. Акс ҳолда, менга яхши бўлмайди.
– Нима, сиз у кимсани танийсизми?
– Ҳа, у ўз вазифаси йўлида юрмай, пул топишга гирифтор бўлганларни жазоловчи бўлинма вакили. Билиб қолса, устимдан шикоят қилади. Ва мен мукофотланмай қоламан. Сиз эса менга тушунувчанлигингиз билан ёқиб қолдингиз. Англадингизми? Баъзиларга минг гапир, кўзини лўқ қилиб, бу одам нималар деяпти, деб асосий ғояни англай олмай тураверадилар. Шундай ўз бошларига бало орттирувчи ғалчаларни хуш кўрмайман.
– Тушундим.
– У ҳолда, хайр. Биз бошқа учрашмаймиз. Бугуноқ шифокорлик йўлига тушиш режасини тузинг ва ҳаракатларингизни бошланг. Одамларнинг турли яхши-ёмон гапларига парво қилманг. Сиз ўз ҳаётингиз ва келажагингиз эгасисиз. Эслатаман, омиликни тарк этиш учун танлаб-танлаб, яхши-яхши китоблар ўқиб юринг. Шунда асло янглишмайсиз.
– Хўп бўлади. Майли, хайр. Дарвоқе, мен бу кўчадан қайси томонга юриш шаҳар марказига олиб боришини билмайман-ку! Айтолмайсизми?
– Мен, эътиборингизга биноан, маълумотлар берувчи ташкилот ходими эмасман.
– Ғалати одам экансиз! – дедим мен тајин асабийлашиб.
– Бундай хилдаги саволларга жавоб бериш менинг ишим эмас. Сиз, яхшиси, ташқарига чиқинг. Ўз вазифасини аниқ билган одам ҳар қандай нотаниш кўчадан йўл топиб кета олади. Яна бир марта хайр!
– Майли, хайр! Сизга катта раҳмат! – деб эшик сари йўналдим.
Ташқарига чиқдим. Ва лол қолдим. Ўзимга жуда яхши таниш кўчада турардим. Ўнг томонга юрсам, уч-тўрт километрдан кейин кичик ҳалқа йўлига уланаман. Машинам олдига бориб, уч қаватли бино тагидаги дўкон томонга ўгирилдим. Таажжуб, унинг эшигидан кетма-кет учта одам чиқди. Улар қаердан пайдо бўлишди? Мен қайтиб дўконга кирдим. Сотувчининг қиёфаси ўзгача, икки кишига хизмат кўрсатаяпти.
– Кечирасиз, ҳозиргина шу ерда бошқа бир сотувчи ўтирганди. Шеригингиз бўлса керак, қани у? – сўрадим мен.
Бу дўкончи менга тентакка қарагандек боқди.
– Дўконимиз кичкина. Мендан бошқа сотувчи йўқ! – дея кескин жавоб берди у.
Индамай қўя қолдим. Ташқарига чиқиб, машинамга миндим.
Бу воқеанинг сир-асрорига тушунмай лол қолиб, бир-икки дақиқа хаёл суриб ўтирдим. Ажабо! Биз яшаётган дунё жуда антиқа-я!
Ниҳоят, машинамни ўт олдирдим-да, янги шартнома тузиш учун эмас, корхонамни ёпиш учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш зарурлигини аниқлаш учун масъул идора томон йўл олдим.
БЎЛДИ, БЎЛДИ, БЎЛДИ!
Бизнинг яшаб турган дунё жуда антиқа-ю, лекин содда ва оддий. Чунки, у сувга асосланган. Сувнинг формуласини биласиз – H2O. Икки водород ва бир кислород атомлари бирлашмаси. Оламда ҳеч бир жонзот йўқки, сувсиз ҳаёт кечира олса. Бу кимёвий модда танамизнинг 80 фоизини ташкил қилади. Айрим биологик турларда сал бошқачароқ бўлиши мумкин. Майли, сув ҳақида бошқа гапирмайман, унинг оламшумул аҳамиятини чанқаб, сув тополмаган одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам, ўсимликлар ҳам жуда яхши биладилар…
Дарвоқе, инсон вужуди овқатсиз қирқ кун яшай олса, сувсиз уч кунга ҳам бормай ўз фаолиятини тўхтатади, яъни… ўзингиз биласиз.
Замонамизнинг бир йигити – уни шартли равишда Маъмур деб атайлик – бир куни кечки пайт ўз хизматидан уйига қайтди. Қараса, уйида сув йўқ. Бутун маҳаллада сув йўқ.
«Бу қандай бедодлик!.. – ўйлади у. – Эртадан кечгача тиним билмай ишлайсан. Ниҳоят, уйингга келиб, ювиниб, бироз ҳордиқ чиқарай десанг, сув йўқ! Қани сув? Нега сувчилар ўз ишларига масъулиятсиз қарашади? Бунинг учун кимга шикоят қилиш керак? Кимга сим қоқиш лозим?..»
Шу дамда, икки боласини боғчадан олиб, етаклаб рафиқаси кириб келди.
– Ие, нега сув йўқ? Болаларимни қандай ювинтираман? Қандай овқат пишираман? – норозилик билдирди у ҳам. – Дадаси, қўнғироқ қилинг-чи, қачон сув келаркин?
Маъмур турган жойида қўл телефони орқали дарҳол сим қоқишга тушди. Ва расмий идоралардан қуруққина ахборот олди: «Трассадаги катта сув қувури ишдан чиққан, у таъмирланмоқда. Лекин, бугун сабр қилишингизга тўғри келади. Катта авария рўй берган. Эртага сув беришга ҳаракат қиламиз».
Хотини унга бигиздек сўзларини суқди.
– Сиз эрсиз! Оила таъминоти сизнинг бўйнингизда! Мен ҳеч нарсани билмайман ва тушунмайман. Менга сув топиб берасиз, тамом-вассалом!
– Нима, мен сенга ўн беш минутда қудуқ қазиб берайми? – жаҳли чиқди унинг. – Бу, ахир, кўпга келган тўй. Бутун маҳаллада сув йўқ!
– Рўзғор қилиш, уйни керакли нарсаларга тўлдириш – сизнинг вазифангиз. Менинг вазифам – болаларга қараш, кир ювиш ва овқат қилиш. Олма пиш – оғзимга туш, деб ўтираверманг. Истасангиз, қўшни маҳалладан, хоҳласангиз дўкондан сув келтиринг! Бу – сизнинг муаммоингиз!
Хотини шундай деб, болаларини ичкарига етаклади.
Маъмур турган жойида бошини қашиди. Ишдаги турли ташвишлардан сўнг, энди дам оламан деб ният қилганди. Ҳеч тинчлик йўғ-а! Қаерга борса экан: қўшни маҳалладаги танишлариникига челак кўтариб борсинми ё дўконга чиқиб фалон пулга фалон литр ичимлик суви сотиб олсинми?.. Айтгандай, бир қудуқ қаздириб қўйса бўларкан ҳовлисига. Насос қўйиб, керак бўлганда тортиб олаверарди.
Оҳорли кийимларини одми либосларга алмаштириш учун у ҳам ётоқхонага йўналди. Онгида турли хаёллар ғужғон ўйнар экан, мўлжални нотўғри олди, шекилли, остонадаги зинапояга оёқ қўяр қўймас сирғаниб кетиб йиқилди. Боши бетон ерга қаттиқ урилди ва ҳушидан кетди.
Ҳушдан кетиш ҳаммада ҳар хил. Бу дақиқаларда кимдир, умуман, йўқликка шўнғийди. Кейин ҳеч нарсани эслолмайди. Бошқа биров қандайдир номаълум жойларда кимлар биландир суҳбатлашиб юради. Айримлар эса, ўзлари гапирадилар-у, кейин нималарни сўзлаганларини эслай олмайдилар. Атрофдагилар сен ундай дединг, бундай дединг, десалар, таажжубланадилар. Маъмурда бундай ҳолатларнинг ҳеч бири бўлмади. У аниқ-тиниқ бир мавжудотга рўпара бўлди-қолди.
Шундай дақиқаларда ҳовлисида пайдо бўлиб қолган Мавжудот унинг юзларига шапатилаб, ҳушига келтирди ва қўл чўзиб ўрнидан турғазди. Бу ғалати жонзот ўзбек тилида гаплаша олар экан.
– Қаттиқ йиқилмадингизми, Маъмурбек? Пешонангиз ғурра бўлибди-ку!
– Йўқ, раҳмат… – зўрға жавоб қилди уй эгаси ва ҳайратланиб сўради. – Кечирасиз, сиз кимсиз?
– Мен – Мавжудотман! – жавоб қилди у. – Исмим шунақа, мени шундай атанг. Уйингизга сўроқсиз кирганим учун узр сўрайман. Шу атрофда учиб юргандим, йиқилганингизни кўрдим. Ёнингизда ҳеч ким йўқ, шунинг учун ёрдамга шошилдим.
Маъмур унга тикилди. Шакли-шамоили одамга ўхшаш. Икки қўлли, икки оёқли, боши одамникидай, оғиз-бурни, қулоқкўзлари жойида, фақат ранг-рўйи ва териси сал яшилсимонроқ. Уни кўрган кимса ерлик одам демайди. Ҳақиқатан ҳам мавжудот.
– Исмимни қаердан биласиз? – сўради у.
– Мен, ахир, инсон эмасман. Менинг имкониятларим бошқачароқ. Мен онгингизга бир зумда кира оламан ва у ердан исталган бор маълумотни топа оламан.
«Ишқилиб, хотиним у билан суҳбатлашмасин-да!» – ўйлади Маъмур ва яна сўради.
– Яна қандай имкониятларингиз бор?
– Ҳайронман, нима дейишга. Жуда кўп ишлар қўлимдан келади. Фақат, кимгадир ёмонлик қилиш бўлмаса бўлди. Мана ҳозир, рози бўлсангиз, пешонангиздаги ғуррани йўқотаман. Майлими?
Маъмур дарҳол пешонасини ушлади. Ҳақиқатан кафти иссиққина дўнгчани ҳис қилди. Бу қонталашган ғурра неча кунда кетар экан? Қани, бир синаб кўрай-чи…
– Майли, – деди у ва пешонасини Мавжудотга тутди.
Мавжудот ўнг қўлининг кафтига пуфлади ва уни оҳиста Маъмурнинг пешонасига қўйди. Ўн сонияча вақт ўтгач, қўлини олди.
– Қани, пешонангизни бир силаб кўрингчи! – деди у.
Йигит бу гал ғуррани ҳис қилмади.
– Қойил! – деди у. – Сиз жуда зўр мавжудот экансиз. Фантастик асарларда ўқиганман сиздек кимсалар ҳақида. Қайси сайёрадан келгансиз. Нега яширинча ҳеч кимга кўринмай юрибсиз? Олимлар қаёққа қараяптилар?
– Мен ўзга сайёралик эмасман, ерликман! – хитоб қилди Мавжудот.
– Алдаманг! Ерлик бўлганингизда, бу ҳақда ҳамма билган бўларди!
– Биз алдашни билмаймиз. Биз шундай яратилганмиз. Сиздан фарқли жойимиз шуки, танамиз сизларники каби эмас. Инсон кўзига кўринмаймиз.
– Мана, менга кўриняпсиз-ку! Ҳатто, гаплашаяпсиз.
– Сиз қаттиқ йиқилдингиз, миянгизга оғир зарба тушди, вужудингизда ўзгаришлар юзага келди, натижада мени кўра олмоқдасиз ва гаплашаяпсиз. Бир-икки соатдан сўнг танангиз иш фаолияти маромига келади ва яна эски ҳолатга қайтасиз.
– Вой! – деди Маъмур. – Эски ҳолатга қайтишни истамайман! Айтинг-чи, ҳозир хотиним ҳовлига чиқса, иккимизни кўрадими?
– Йўқ! Фақат, эрим нега бўшлиқ билан гаплашаяпти, деб ҳайрон бўлади ва «Тез ёрдам» машинасини чақиради.
«Ҳартугул, хотиним бу мавжудот билан суҳбатлаша олмас экан. Акс ҳолда, бу алдашни билмайдиган Мавжудот бошимга не балоларни соларди…» фикр юритди Маъмур ва сўради:
– Сиз учиб юргандим, дедингизми?
– Ҳа, биз учамиз ҳам, юрамиз ҳам. Қанотларимиз яширинган.
– Зўр-ку, жуда! Сизлар қандай яшайсизлар? Нима овқатлар ейсизлар? Бирбирларингиз билан нималар ҳақида суҳбатлашасизлар?
– Биз овқат емаймиз.
– Вой, унда қаердан қувват оласизлар?
– Коинот нурларидан. Биз кузатувчилармиз. Ишимиз сизларни кузатиш ва ёрдам бериш. Суҳбатларимиз ҳам шулар ҳақда.
– Мен ёрдам сўрасам, йўқ демайсизми?
– Асло!
– Айтингчи, сиз менга ўн беш даўиўада ҳовлимда қудуқ қазиб бера оласизми?
– Бир оғиз сўзингиз! Нимага… ҳа, айтгандай, катта кўчада қувур ёрилибди, маҳаллангизда сув йўғ-а!
– Тўппа-тўғри! Сув йўқлигига келинингиз бошимда ёнғоқ чақяпти!
– Қани, қайси жойда қудуқ бўлишини истайсиз?
Маъмур ҳовли четини кўрсатди.
– Мана шу ерда.
– Сиз кўзингизни юмиб туринг! – буйруқ берди Мавжудот. – Тескари қараб турсангиз, яна яхши.
– Марҳамат!
Маъмур уй томон ўгирилди. Ишқилиб, қудуқ битгунча хотини чиқиб қолмасинда. Дарҳол айюҳаннос солиб, тўполон кўтаради.
– Хавотир олманг! – деди Мавжудот орқадан туриб. – Келин чиқмайди. Улар учун вақт тўхтаб қолган.
– Вой! – икки ҳолатдан таажжубга тушди Маъмур. Биринчиси, унинг фикрларини Мавжудот эшитаётганидан ва иккинчиси, вақтни тўхтатиш мумкинлигидан. У оҳиста сўради.
– Вақтни тўхтатиш ҳам мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Фақат кўп инсонлар буни билмайдилар ва ўз вақтларини беҳуда ишларга совураверадилар. Қандайдир аҳмоқона телесериаллар кўришади, чойхоналарда валақлашиб ўтиришади, турли бефойда суҳбатларга, ғийбатларга соатлаб умрларини кеткизишади. Лекин, инсонда вақтни чўза олиш имконияти бор.
– Ростданми? Қандай қилиб?
– Бу жуда оддий. Инсон ҳар қандай ишларини режа орқали, ўйлаб олиб борса, унинг вақти шундай чўзиладики, ўзи ҳам билмай қолади… Ана, бўлди. Қудуқ тайёр! Ўгирилаверинг!
Маъмур ўгирилди ва кўзларига ишонмади. Замовий қудуқ. Насослари, ичаклари ва жўмраклари жой-жойида. Бадавлат ўртоғининг тоғдаги дала ҳовлисига чиққанда кўрганди. Тугмани босасан – жўмракдан шариллаб тиниқ сув тушаверади.
– Қабул қилинг! – деди Мавжудот. – Тугмаларини босиб кўринг, сув тушмаса мен кафил!
Маъмур қудуқ қурилмасини ишлатиб кўриб, унинг жуда яхшилигига амин бўлди. Мавжудотга юзланди.
Эвазига сизга нима берай?
– Йўқ, шахсан менга ҳеч қандай пул керак эмас. Ёрдамим беминнат. Фақат, менинг ҳам бир илтимосим бор.
– Айтинг, қўлимдан келса, жоним билан бажараман.
– Мен билан суҳбатлашганингизни ҳеч кимга билдирманг!
– Албатта, аммо бу қудуқни ким қазиб, мосламаларини ким ўрнатиб берди, деб сўрасалар, нима дейман?
– Сиз бундан хавотир олманг. Барча таниш-билишларингизу хотинингиз ҳам бу қудуқ гўё илгаридан бордек қабул қилишади. Ҳозир аёлингиз чиқади-да, айтади: «Дадаси, водопроводда сув йўқ экан, қудуқдан сув олиб беринг», дейди. Тушундингизми?
– Ҳа!
– Унда менинг яна бир илтимосим бор, бажарасизми? – сўради Мавжудот.
– Албатта! – деди Маъмур. – Қўлимдан келадими?
– Келганда қандоқ!
– Унда айтинг!
– Иккинчи илтимосим шуки, сиз бундан сўнг ҳеч қачон хотинингизга хиёнат қилманг!
Маъмур ўйга толди. Нима жавоб қилсин? Хўп деса, кўнгли бўш – ўзини тутиши қийин. Йўқ деса, тайёр қудуқ совға қилди. Хижолатчилик!..
– Сиз иккиланманг! – сўз қотди Мавжудот. – Йўқ десангиз, йўқ! Мен ҳеч нарса демай, қайрилиб кетавераман. Қудуқни бузмайман, қолаверади. Фақат…
– Нима фақат?
– Бир ҳафта ўтмай қўлга тушасиз. Уйингиз бузилади.
– Мен хотинимни севаман! Фарзандларим кўзларимнинг оқу қароси!
– У ҳолда, илтимосимни бажаринг!
– Майли, бажараман…
– Жуда соз! Ақлли инсон экансиз. Учинчи илтимосим ҳам бор. Бажара оласизми?
– Қўлимдан келармикан?
– Келганда қандоқ!
– Унда, айтинг.
– Тез-тез спиртли ичимликлар истеъмол қилар экансиз. Соғлиғингиз ҳақида қайғурмас экансиз…
– Ў-ў, бу қийин масала! – деди Маъмур. – Жон-дилим пиво ва ароқ. Буларсиз яшашим қийин-ов!
– Майли, нима ҳам дердим. Сиз озод ва эркин одамсиз. Лекин, айтиб қўяй, икки ойдан сўнг сизни юрак хуружи тутади. Инфаркт касалига мубтало бўласиз. Кейин, ўзингизни ниҳоятда асраб-авайлаб яшашингизга тўғри келади. Шундан сўнг наинки пиво ва вино, ароқ ҳақида гапирмасак ҳам бўлади, ўзингиз яхши кўрадиган норин, қовурма, сихли кабоблар, думбали палов ва бошқа ширин овқатларни асло истеъмол қила олмай қоласиз.
Маъмур чуқур хўрсинди.
– Майли, тағин ўлиб-нетиб қолмай… Фарзандларим кимларга қолиб кетади…
Мавжудот унга синчковлик билан тикилди. Йигит ўнғайсизланди.
– Яна бир илтимосим бор, – деди Мавжудот. – Қабул қиласизми?
– Балки, етар! Битта сувли қудуққа учта илтимосингизни бажаришга ваъда қилдим. – жавоб берди Маъмур.
– Хўп, бу илтимосимни қайтариб олдим. Аммо, айтмаган илтимосимнинг бажармаслигингизнинг ҳам оқибати яхши бўлмайди.
– Қанақа у? – қизиқди Маъмур.
– Ҳозирги пайтда ҳар бир сигарет қутисида «Чекиш – ўлимга олиб боради» деган ёзув бор.
– Кучли хумор тутса, нима қиламан? Бошимни бетон деворга ураманми?
– Ҳа, шунда сизнинг миянгизга зарба тушади, пешонангизга ғурра чиқади ва дарҳол мен ёнингизда пайдо бўламан. Ғуррангизни текислаб қўяман! – жилмайди Мавжудот. – Бошқа илтимосларингиз бўлса, уларни бажо келтираман!..
– Қанча-қанча одамлар қирқ-эллик йил чекиб яшашмоқда. Ҳеч қайсиси нолимаяптику!
– Улар сиздек ҳаётни севувчи эмаслар. Улар тутун қайтарсалар бўлди. Шунинг ўзи уларга яшаш мазмуни. Сиз бошқачасиз-ку!
– Чидай олармиканман?
– Нега энди чидамас экансиз. Мана, мен қалбингизни кўриб турибман. Иродангиз мустаҳкам! Ярим йилда умуман сигарет нималигини эсингиздан чиқарасиз. Кейин, чеккан пайтларингизни эслаб, ўз устингиздан кулиб юрасиз.
– Ҳа, тўғри айтасиз. Ҳаракат қиламан.
– Яшанг! У ҳолда, менда яна бир илтимос бор. Айтайми?
Маъмурнинг кўзлари қисилди. Юзига қон югурди. Муштлари тугилди.
– Бўлди, бўлди, бўлди! – қичқирди у. – Қаёқданам сув қувури тешилибди! Қаёқданам қудуқни орзу қилибман! Қаёқданам сиз менга ёрдамга келдингиз. Мендан яна нималарни талаб қилмоқчисиз!
– Нега қичқирасиз? Нега норози бўласиз? Нега хавотир оласиз? Бу охирги илтимосим сиздан ҳеч қандай уриниш талаб қилмайди. Мен сизнинг ишларингизга ёрдам бериб турсам майлими, демоқчи эдим. Чунки, кўраяпман – ишхонангизда турли муаммолар бор. Уларни ҳал қилиш мен учун осон. Сизга мушкул. Барча илтимосларимга розилик билдирганингиз учун хурсанд бўлиб сизга ўз ёрдамларимни қабул қилишингизни сўрамоқчи эдим…
Бу мулоқот Маъмурнинг охирги илтимосни ҳам қабул қилиши билан тугади. Мавжудот кетди. Ва шу заҳотиёқ, хотини ҳовлига чиқди.
– Дадаси, водопроводда сув йўқ экан, қудуқдан сув олиб беринг, – деди у хотиржам…
ШАҲАРДА КИМ БОР?
Осмондаги булутлар қаерда яхши кўринади? Шаҳарда ёки қишлоқда? Албатта, қишлоқда! Тунги юлдузлар қаерда яққол, қўл узатсангиз етгудай бўлиб нур сочади? Албатта қишлоқда! Шаҳарда уларни кўриб бўбсиз! Куппа-кундуз куни булутларни базўр ва ғира-шира илғайсиз-ку! Сиз қаерда яшашни хоҳлайсиз? Биламан, қишлоқда! Лекин, бунинг баъзи бир шартлари бор. Айтайлик, ҳамиша иссиқ сув бўлиши ва сердаромад ишга эга бўлишингиз лозим. Ана шунда, қишлоқда яшашга нима етсин! Кенг далалар, зангори осмон, серсоя дарахтлар, зилол сув тўла ариқлар ва ғир-ғир эсаётган шабада! Қандай маза!
Афсуски, мен шаҳарда туғилганман. «Дом»да яшайман. Тағин, темир-бетонлисида. Ёзда исиб кетади – димиқасиз. Қишда минг ҳаракат қилинг, турли иситгичларни ёқинг, иситолмайсиз ва дийдираб ўтирасиз. Тепа қўшнингизнинг боласи югурса, шипингиз дўпирлайди – қўрқиб кетасиз. Уйингизга кириб олсангиз, ташқарига чиқишингиз амримаҳол. Кийим алмаштиришга эринасиз. Лекин, бу уйнинг бир ажойиб томони бор. Қўшниларингиздан бири шалтоқ ва тозалик нималигини билмайдиган бўлса, тунда ошхонангизга мўйловларини қимирлатиб, ҳаётингизга қандайдир бўлса ҳам мазмун бағишлаб, суваракжонлар ёпирилишади. Бечоралар егулик қидиришади. Қўшнингиз яхши боқмаса керак-да! Ҳа, қурумсоқ, суваракни кўпайтирганингдан кейин ўзинг боқ-да! Нима қиласан, меникига юбориб? Қишлоқда ҳамма қўй ёки мол боқса, биз на гўшт, на сут берадиган таракан боқамиз. Хуллас, баъзилар шаҳар, шаҳар, шаҳар яхши дейди-ку, бу ерда яшаш соғлиққа жуда зарар. Айниқса, асаб системасига.
Энди, асосий воқеага ўтамиз.
Бир куни тоқатим тоқ бўлиб, шаҳарни тарк этишга қарор қилдим. Қолган умримни бир гўзал қишлоқда, фақат ижод билан ўтказиш орзусига тушдим. Бунга аёлимни ҳам кўндирдим. Нимагадир, кўнди. Асли қишлоқни ёқтирмасди. Тинч, осуда ҳаётнинг қадрига етиб қолибди, шекилли. Турмуш қуриб, алоҳида бўлиб чиқиб кетган фарзандларим ҳам хурсанд бўлишди. «Жуда соз! Шанба, якшанба қишлоққа бориб, маза қилиб янги соғилган сут ичамиз. Ўтлоқда думалаймиз, сойларда чўмиламиз! Болаларимиз кенгликларда чопиб хумордан чиқишади!..» дейишди.
Танишларимдан суриштирдим. Қайси қишлоқни танлай экан? Ҳаммадан ҳар хил маслаҳат чиқди. «Чўлга яқинроқ қишлоқ танланг! – деди асли мирзачўллик дўстим. – Чўлдан гўзал манзара борми бу дунёда! Сиз, барибир, тракторчилик қилмайсиз. Чўл ҳавосидан баҳра олиб, «Чўли ироқ»ни эшитиб, ижод билан шуғулланиб юраверасиз!»
«Тоққа нима етсин! – деди хумсонлик оғайним. – Мен ҳар гал қишлоғимга борганимда, шаҳарга кетганимга афсус қиламан. Аммо, ишим шаҳарда-да! Қайтишга илож йўқ! Ижодкорга илҳом қаерда келади, биласизми? Фақат тоғда! Истасангиз, яхши ҳовли бор, гаплашиб бераман».
Бошқа бир дўстим Сирдарё бўйидаги Чиноз деган жойда туғилган эди. «Сиз тўппа-тўғри Чинозга йўл олинг, ҳавоси зўр, дарё бўйи, балиқлар сероб! Биласизми, японлар кўп балиқ ейишгани учун юз йил умр кўришади!..»
Хуллас, таклифлар кўп бўлди. Ҳаттоки, Гурлан, Қўнғирот ва Учқудуқларгача чақиришди.
Мен эса, ўйлай, ўйлай… биласизми, қаерни танладим?
Чирчиқ дарёси бўйидаги бир қишлоқдан жой олдим. Бир ёғим Ғазалкент шаҳри, бошқа томоним Чирчиқ шаҳри. Эрталаб ўрнимдан турсам, ҳаво шунақанги тиниқки – сув қилиб ичсангиз бўлади. Ҳовлимда ўсаётган ўсимликлар, дарахтлар менга табиат қўйни қандай гўзаллигини таъкидлашади. Деразани очиб қўйиб, қушларнинг чуғурини эшитиб ижодга шўнқидим.
Лекин, қувончим узоққа чўзилмади. Учтўрт кунда бу ердан ҳафсалам пир бўлди. Сабаби, яқинимдаги катта трассада бетиним – эртаю кеч машиналар қатнар экан. Кимдир сигнал чалган, кимдир қаттиқ тормоз берган, ғир-ғир қатнов шовқини. Хуллас, бу шароит асло ёқмади. Наилож, бу сўлим гўшани тарк этдим, «Дом»имга қайтиб, бошқа қишлоқ излай бошладим. Ниҳоят, бир таклиф маъқул тушди. Янгийўл томонда, катта трассадан узоқда бир ажойиб қишлоқ бор экан. Бешўн кунлик озиқ-овқат ғамлаб олсангиз, тинч яшайверар экансиз. Ҳеч ким безовта қилмас экан. Машиналар қатнови ҳам йўқ, ҳаво ҳам мусаффо, одамлари содда, тоза кўнгилли, барчаси деҳқончилик ёки чорвадорлик билан кун кечиришар экан. Сут, қатиқ ва гўшт бемалол. Пул бўлса бўлди. Бироқ, биласизми, бу жой ҳам икки ҳафтада ёқмай қолди. Сабаби, ярим кечагача ишлайман, уйқуга тўйиб улгурмасимдан, тонг ҳам ёришмасдан хўрозлар қу-қулаб уйғотадилар, моллар ва қўйлар маърашади. Эшаклар эса… Айтмай қўя қолай. Бу ҳам майли, айниқса, улардан тараладиган ҳид жуда ўзига хос экан. Ўрганолмадим. Бундан ташқари, Интернет йўқ. Жаҳондаги энг охирги янгиликлардан бехабар юраверасиз. Тушунгандирсиз… тез орада бу қишлоқ ҳам мен учун тарихга айланди.
Шундан сўнг трассадан узоқ, Интернети бор, яқинида мол-қўйлари йўқ, лекин баҳаво, табиати гўзал қишлоқ ахтара бошладим. Жуда бахти кулган одамман-да, кўп ўтмай, шундай маскан топилди! Қаерда бор экан бундай антиқа, ҳар қандай инжиқ одамнинг талабларига жавоб берадиган қишлоқ, деб ўйлаётгандирсиз? Албатта, ҳайрон бўласиз! Аммо, шундай маскан бор экан!
Топилиш воқеаси қуйидагича рўй берди.
Тунда, биласизки, деярли барча ухлайди. Фақат софдил қоровуллар, масъулиятли навбатчи шифокору ҳамширалар, посбонларимиз – милиция ходимлари, ўт ўчирувчилар, тўй ўтказиб келиб, қистирилган пулларни қайта-қайта санаётган қўшиқчилар дам олиш нималигини билмай, тонггача бетиним меҳнат қиладилар. Кейин, то пешингача ухлайдилар.
Мен, бу санаб ўтилган меҳнаткашлар сирасига кирмайман, шунинг учун миқ этмай ухлаб ётгандим, кимдир келиб уйғотди. «Одамзод! Тур ўрнингдан, уйғон!» Ким экан бу менга мурожаат қилаётган кимса, деб ҳайрон бўлдим. Ёнимдаги тумбада турган соатга қарадим: 3:47! Қўлимни узатиб, торшернинг ёқгичини босдим. Хона ёришди. Не кўз билан кўрайки, шундоқ қаршимда стулда бир ғалати, одамга ўхшаш хилқат ўтирибди. Аввалига қўрқдим. Бир неча сониялардан сўнг англадим: ахир бу кимса ўғри эмас, умуман, Ер одами эмас! Ўзга сайёралик! Ва унга сўз қотдим.
– Ҳа, оғайни! Нима гап? Нега уйимга кириб олиб, мени уйғотяпсан?
– Мен, билиб қўйгинки, инсон орзуларини амалга оширувчи ташкилот вакилиман. Сенинг буюртманг бўйича келдим.
– Нега тунда келасан? Ахир, ухлаяпманку! Бу – биринчидан! Иккинчидан, мен сизнинг ташкилотингизга буюртма бермаганман!
У жилмайди. Ҳар ҳолда, сал бошқачароқ юз ифодасида шунга ўхшаш ўзгариш рўй берди.
– Одамзод, сен, албатта, расман мурожаат қилганинг йўқ. Биз ҳеч қачон расмий мурожаатлар бўйича ишламаганмиз. Хаёлингдаги орзу бутун коинотга тарқалиб кетган. Ўзинг бу ҳақда деярли бутун дунёга жар соляпсан. Биз эшитдик. Вақт топиб, мана, мени юборишди. Кундуз кунги иш соатларимиз барчаси банд. Шунинг учун, узр сўрайман, тунда безовта қилганимга!
Мен аста-секин ўзимга кела бошладим. Бошим сал тетикроқ ишлай бошлади. Каравотдан туриб мен ҳам ўтириб олдим-да, савол бердим.
– Хўш, ўзга сайёралик ташкилот вакили, исминг нима? Сени қандай чақирай?
– Менинг исмимни айтиш тилингга қийинчилик туғдиради, шунинг учун, оддийроқ қилиб, «Орзувакил» деб айтақол.
– Яхши Орзувакил, бўлмаса жавоб берчи, кўнглимдагидек қишлоқ топиб бера оласанми?
– Ха-ха-ха! – кулди у. – Хавотир олма. Топиб бера оламан!.. Бу менга асло чўт эмас. Лекин, менинг шартларимни бажаришинг керак!
– Вой! – дедим мен. – Мен сени чақирмадим. Ўзинг келдинг. Яна менга шартлар қўясанми?
– Ҳа, қўяман! Чунки, менинг бунга ҳаққим бор! – кескин жавоб берди Орзувакил.
Мен, албатта, қизиқдим.
– Орзувакил! Қандай ҳаққинг бор? Ва бу ҳақларни сенга ким берган?
– Бу ҳақларни менга ташкилотимиз хўжайини берган, тушундингми? Ҳаққим эса жуда кўп ишлар қилишга бор! Іаттоки, сен шартларимга кўнмасанг, жазолай ҳам оламан!
– Ё, товба! – ҳайрон бўлдим. – Бу зот ўзлари уйимга тунда берухсат келиб, уйғотиб, орзуингни амалга ошириб бераман, деб ваъда берадилар-да, кейин шартлар қўядилар. Шундан сўнг, бу шартларни бажармасам, жазолайман, деб қўрқитадилар! Яхшиси, орзуимдан кеча қолай. Шу «дом»имда қанча йил яшадим, яна яшайвераман.
– Одамзод! Орзудан воз кеча олмайсан. Кеч бўлди. Буюртма ташкилотимиз каталогига киритилган. Уни ўчириб бўлмайди. Агар, орзуимдан воз кечаман, деб туриб олсанг, ҳаёт жараёнинг тўхтатилади.
Жаҳлим чиўиб кетди..
– Нега, ҳе йўқ, бе йўқ, ҳаёт жараёним тўхтатилар экан?!
– Чунки, орзуларини тугатган одам ўлади! – жавоб берди Орзувакил. – Унинг Ер юзида яшашга ҳаққи йўқ! Инсон ҳамиша орзу билан яшаши керак.
Мен чуқур хўрсиндим.
– Майли, орзуимдан воз кечмайман. Шартларингни айта қол.
– Шартлар жуда оддий. Қўрқмасанг ҳам бўлади. Биз ҳеч кимга оғир шартлар қўймаймиз. Булар – барчанинг қўлидан келади!
– Ростданми? – жонландим мен. – Асло қийналмайманми?
– Йўқ! Жуда оддий ишлар!
– Қани, айт, бўлмаса!
– Биринчи шартим: фирмангни кенгайтириб, у ердаги иш кўламини оширишинг лозим.
Мен жилмайдим.
– Вой, ўзимнинг мўлжалим ҳам шунақа эди! Иккинчиси нимадан иборат?
– Хўш, кейинги шартим шуки, бизнес ишингда ўзингга яна янги соф виждонли ходимлар ва ишчилар ол!
– Ха-ха-ха! – кулдим мен. – Бу ҳам навбатдаги босқичдаги ишим-ку!
– Учинчи шарт, охиргиси: ижодга кўпроқ аҳамият бер, кўпроқ вақт ажрат!
– О, бу мен учун жуда нозик масала! – дедим мен. – Бир томондан ташкилотимнинг ишлари кўп, бизнесимга катта меҳрмуҳаббатим бор. Янги-янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга шайланаяпман. Иккинчи ёқдан, ижодим, бу менга борлиқ томонидан топширилган вазифа! Қани, вақтим мўл бўлса! Яхши-яхши, одамларга манзур бўладиган, уларга маънавий ёрдам берадиган асарларни кўпроқ ёзсам!
Орзувакил менга жиддий боқди. Ва сўради.
– Нега, ишларингни ташлаб, қишлоққа кетишни орзу қилдинг?
– Сабаби, мен ўзимни синаб кўрмоқчи эдим. Фақат ижод қиламан деб мўлжаллагандим. Афсуски, ташкилотим ишларисиз яшай олмас эканман. Энди тушундим. У ерни ўпоқ, бу жойни сўпоқ деб, шаҳарга қайтиб келишимга ҳам шу қалбим тубидаги истак сабабчи экан! Мен фақат ижод билан яшай олмас эканман.
– Унда, мен ўзимга берилган ваколатдан фойдаланиб, сенга бир яшаш вариантини таклиф қиламан.
– Қандай?
– Сен тўрт кун шаҳарда яшайсан, ташкилотинг ишлари билан машғул бўласан. Кечқурунлари ижод уммонига шўнғийсан. Қолган уч кунда мен сенга тоғ ёнбағридаги мол-қўйлари камроқ, хўроз қичқирмайдиган қишлоқдан жой топиб бераман. Жума куни у ерга кетиб, уч кун ва уч кеча тўлиқ ижод билан шуғулланасан. Душанба куни шаҳрингга қайтасан, бўладими?
– Қачон дам оламан? – сўрадим мен.
– Сен дам олиш учун эмас, ишлаш учун яратилгансан! – жавоб берди у ва сўради. – Ижод сен учун дам эмасми? Шу жараёнда яйрамайсанми?
– Гапинг тўғри… Жуда яйрайман. Бир асарни кўнглимдагидек қилиб ёзолсам, мендан бахтли одам бўлмайди! – дедим мен.
– Одамзод, мана сенга манзил! – у менинг қўлимга қаердандир пайдо бўлиб қолган қоғозни тутқизди. – Шу қишлоққа борасан. Бир боғли уй сенга маҳтал бўлиб турибди. Сотиб ол. Мўлжалингдаги нархда. Бу жой сенга аталган. Шунинг учун, қачондан бери эгасини топмаяпти. Буюрсин! У ерда яхши асарлар ёзасан!
– Раҳмат! – дедим мен. – Шартларинг менинг ниятларимга мос келар экан. Уларни албатта бажараман. Ташкилотингиз раҳбарига ҳам миннатдорчилигимни билдириб қўй!
– Хўп бўлади, – деди у. – Албатта етказаман.
– Айтгандай, қайси сайёрадансан?
– Сайёрамиз жуда олисда. Уни энг охирги, Хаббл телескопига ўхшаш қурилмалар орқали ҳам кўриб бўлмайди. Номини сўрамай қўяқол. Бу, барибир, сенга ҳеч қандай ахборот бермайди.
– Шунчалик олисда бўлсангиз, менинг орзуимни қандай эшитдингиз?
– Сенга бир сирни очаман. Бизнинг сайёрамиз жуда ғаройиб. Инсоният ривожини кузатиш сайёраси. Махсус. Ҳар бир инсоннинг қалбидаги орзу-ниятлар, ҳаттоки оҳфиғонлар сайёрамиздаги суперкомпьютерга етиб келади, унда таҳлил қилинади ва икки ташкилотга жўнатилади.
– Нега иккита?
– Чунки, бири бизники – «Инсон орзуларини амалга оширувчи», иккинчиси – «Инсон оҳ-фиғонларини кўриб чиқувчи». Англадингми?
– Ҳа, фақат бир нарсани тушунмадим?
– Нимани?
– Масофа шундай чексиз олис бўлса, қалбимиздаги фикрлардан пайдо бўлаётган жуда кучсиз электромагнит тўлқинлар қандай қилиб сайёрангизга етиб боради? Ўзинг ҳам қандай қилиб, ўша ердан ғир этиб келиб, ёпиқ эшик ва ёпиқ деразаларни писанд қилмай уйимга кириб олдинг?
– Одамзод! Наҳотки, тушунмасанг? Қалбдаги электромагнит тўлқинлар инсоннинг назарида кучсиз. Аслида, у коинотда баралла эшитилади. Мен эса сендек вужудга эга эмасман. Ҳозир шу шаклга кирдим. Аслида мен электромагнит майдонман. Ёруғлик тезлигида ҳаракатланаман. Мен учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ!
– Ҳа, энди англадим, – жилмайдим мен.
Орзувакил ўрнидан турди. Яқин одамлардек, ҳазиломуз, сизлаб сўз қотди.
– Тақсир! Энди, менга рухсат беринг! Кетишим керак. Ишлар жуда мўл!
– Орзувакил! Шошмайтур, бир-иккита саволим бор!
– Майли, бер. Фақат иккита. Тез ва қисқа жавоб бераман.
– Биринчи саволим шуки, иккинчи ташкилот қандай ишлар билан шуғулланади?
– У жабрланганларга ёрдам беради, ўша вақт учун энг мақбул ҳаракат йўлларини кўрсатади. Ва зулмкорларга жазо операцияси тайёрлайди.
– Вуй! – қўрқиб кетдим. – Сизларда жазо отрядлари ҳам борми?
– Ҳа! Ҳеч ким хомтама бўлмасин, зулм қилса, албатта, эртами-кечми, ўзига лойиқ «улуш»ини олади! Иккинчи саволингни бер!
– Шартларингни бажармасам, менга нима жазо тайин қилардинг?
– Бундан сўнг, ҳеч қайси орзуинг амалга ошмасди. Омадсизликда ва итнинг кейинги оёғи бўлиб яшаб ўтардинг умрингни! Тушунарлими?
– Ҳа!
– Унда мен кетдим. Бошқа саволга ўрин йўқ. Инсонсан, қолган саволларга ўзинг ўйлаб, ўзинг жавоб топ! Ва қалбингга қулоқ сол. Суперкомпьютеримиздан жавоб келиши эҳтимоли ҳам бор. Хайр!
Орзувакил қўлини силкиди-да, оҳиста ҳавода эриб, кўринмай қолди.
Мен ўрнимга чўзилдим. Кейин, бирдан ҳайронлик чулғади. Орзувакил билан шунча гаплашдим, рафиқам уйғонмабди-я! Унга қарадим – ухлаб ётибди. Кейин, кўзим тумбадаги соатга тушди, у ҳамон 3:47 ни кўрсатарди…
Шаҳарда ким бор, бу мулоқот гувоҳи бўлган?