282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Озод Муъмин » » онлайн чтение - страница 5

Читать книгу "Буюк Амир Темур ёқути"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 06:20


Текущая страница: 5 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +
УЧҚУН ВА АЛАНГА

Биринчи суҳбатдошим найнов йигит бўлди. Унга иш жуда керак экан. Қўлидан барча юмуш келармиш. Олти ой бекорчи бўлиб юриб, зерикиб кетибди.

– Ота-онамнинг кўзига қараш оғирлик қиляпти, – деди у. – Девдай йигитман. Қачонгача текинхўрлик қиламан? Мени ишга олинг, илтимос!

Мен унинг қалбига боқдим. Ишга нисбатан бирор учқун тугул, учқунча ҳам йўқ! Ғирт ишёқмас. Текинхўр. Агар қабул қилсам, то ҳайдамагунимча фирмамнинг иши юришмайди.

– Бу гапларни сенга ким ўргатди? – сўрадим мен.

У жилмайди.

– Онам! – деди у ҳиссиз оҳангда.

Тўғри-да, қалбда учқун бўлмагандан кейин сўз оҳанги ҳисли бўлармиди?

– Нега ишлашни хоҳламайсан?

– Нима кераги бор ўзни уринтиришни. Инсон дунёга бир марта келади. Меҳнат қилиб, меҳнат қилиб, бир куни ўлиб кетади.

– Ҳозир сени ота-онанг боқяпти. Улардан сўнг нима қиласан? Қандай қорин тўйдирасан?

Найновнинг қалбида ниҳоят учқун чақнади. Менга аҳмоққа қарагандай боқди.

– Шу ҳам муаммоми? – бепарво жилмайди у. – Жуда содда одам экансиз! Ўйлаб кўринг, чўлоқ ва маймоқмасман. Бутун йигитман. Қизларга ёқаман. Бир бадавлат қайнота топсам бўлди. Олам – гулистон!

Мен нима дейишни билмай қолдим.

– Лекин, уни бу дунёга боғлаб қўйишмаган-ку! Тўсатдан ўлиб қолса-чи? – дедим ниҳоят. Мен бу йигитнинг фалсафасини тўлиқ билиб олишга жазм қилгандим.

– Шу ёшга кириб, атрофни тузукроқ кузатмаган экансиз! Ёши сал каттароқ, турмушга чиқолмаган қанчадан-қанча қизлар бор. Уларнинг кўпчилиги ўз ишини топиб олган. Бадавлат қайнотам вафот этиб, оч қолсам, хотиним билан ажрашаман. Эр керак бўлган, иши яхши, ўтириб қолган қизларнинг бирига уйланаман-қўяман.

– Сендакаларни биласанми, нима дейишади?

– Ҳа, биламан, менга эса фарқи йўқ. Одамлар гапириб-гапириб, қолиб кетишаверади.

У сўзлар экан, қалбида учқунлар чақнар эди. Дарҳол қарор чиқардим. Найновнинг қалбидаги бу тубан мақсадни йўўотмасам, у келажакда кўп бегуноҳ қизларни ва инсонларни катта ташвишга солади. Ва шу заҳотиёқ ўзимдаги учқун ўчириш қобилиятимни ишга солдим. Натижа кўринди. Фақат менга. Йигит буни сезгани ҳам йўқ.

– Сен уйлана олмайсан, – дедим оҳиста.

У ҳайрон бўлиб боқди.

– Нега энди? – сўради у. – Тўрт мучам соғ. Қизларга интилиш бор. Истаган пайтимда уйланавераман.

– Эртадан бошлаб, бунга ҳам µафсаланг қолмайди. Сен Ер юзида юрган керакмас балластсан. Суҳбатимиз тугади. Онангга, ҳамма ўргатган гапларингизни айтдим, лекин ёқмадим, ишга қабул қилишмади, дегин.

– Майли. Бу одатдаги жавобим. Хайр. Яхши қолинг!

У жилмайди. Топширилган вазифани қойиллатган одамдек енгил тин олди. Ишга қабул қилмаганимдан хурсанд эди. Чиқиб кетди.

Энди бу йигит ота-онасига тирик товон бўлиб яшайди ва қирқ ёшга тўлар-тўлмас бу дунёни тарк этади. Борлиққа текинхўрлар керак эмас.

Кейинги йигит ўрта бўй ва вазмингина экан. Лаблари жилмайган шаклда, кўзлари совуқ.

– Эълон бўйича келдим, – деди у. – Сизга ишчилар керак экан.

– Ҳа, керак, – жавоб бердим мен. – Фақат, хизмат жуда оғир бўлади.

– Ҳар қандай иш қилиб ўрганиб қолганман. Оғир ишдан чўчимайман.

– Унда, жуда соз. Ҳафтада олти кун ишлайсан. Тушлигинг текин. Маош эълонда кўрсатилган. Агар, ишинг ёқмаса, дарҳол ҳайдайман, розимисан?

– Ишлаганимга пул берасизми?

– Бераман, лекин норози бўлиб.

– Майли, келишдик! – деди у хурсанд ҳолда.

Мен оҳиста унинг қалбига назар солдим. Унда мендаги ишга нисбатан учқун йўқ эди. Ҳайрон бўлдим. Аввал ўзимга ўзим савол бердим: «Нега менга ишга кирмоқчи?» Кейин унга бошқача савол бердим.

– Кимнинг истаги билан келдинг?

У ўнғайсизланди. Қандай жавоб беришни билмасди. Чунки, мен мўлжалга аниқ теккандим.

– Ўзимнинг, – деди у ниҳоят.

– Алдаяпсан! Тўғрисини айтсанг, сени урдирмайман! – пўписа қилдим.

– Нега мени урдирасиз?!

– Чунки, сен жосусликка келяпсан! Ким юборди?

– Қандай урдирасиз? Мен милицияга арз қиламан!

– Далил-исботинг бўлмайди. Нима, мени аҳмоқ деб ўйлаяпсанми? Охирги марта сўраяпман. Ким юборди? Агар тўғри жавоб бермасанг, ўзингдан кўр.

– Жасур ака…

– Маҳсулотларим технологияси билан қизиқяптими?

– Ҳа.

– Жасур акангнинг ўзи қишда қор сўрасанг бермайди. Унга қанча яхшилик қилдим. Маслаҳат сўрасам, аввал икки миллион сўм чўзинг, дерди. Беш йил аввал ишхонамга тўрт тонна бўрни сизда туриб турсин, туширишга жойим йўқ, деб ташлаб кетди. Айтган муддатида олиб кетмади. Унинг қоплари чириб, ёрилиб ҳамма ёқни ифлос қилди. Охири, ахлат машина чақириб, унинг пулини тўлаб, жўнатвордим. Бўёў ишлаб чиқарувчи қурилмасини олти йил сақлаб бердим. Бунга пул сўрамадим. Раҳмат ҳам демади. Энди сени жосусликка юбордими?

– Мени кечиринг, пул зарур бўлиб қолганди.

– Кечирмайман. Сени ҳам, уни ҳам! Фарзандинг борми?

– Ҳа.

– Катта бўлганида ўғри, муттаҳам бўлишини истайсанми?

– Йўқ.

– Унда ҳалол пул топ.

– Тушундим… – жавоб берди у.

Яна унинг қалбига боқдим. Тушундим, деяпти-ю, учқун йўқ. Яна алдаяпти. Нега баъзи одамлар шунақа? Бировни лақиллатса, учқун пайдо бўлади. Кечирим сўраса, ҳеч қандай учқун йўқ, демак узри – ёлғон. Бу йигитдаги алдаш учқунларини келгусида алангага айланмаслиги учун ўчиришга тўғри келди. Энди унда одамларни алдашга рағбат бўлмайди.

– Бўлди, кетавер. Сени урдирмайман. Жасур акангга индама. Ишга қабул қилинмадим, десанг бўлди. Тушундингми?

– Ҳа! – деди у ва чиқиб кетди.

Мен ўтирган жойимдан узоқдаги Жасурнинг қалбига қарадим. Унинг дилида пул топишга, бошқаларни юлишга, очкўзликка нисбатан учқунлар чақнаб турарди. Унга ёрдам бердим, яъни ўша учқунларни ўчирдим. Улар алангага айланиб кетмасин. Энди, у пул топишга, танишларни алдашга, ўзгаларни юлишга, очкўзликка интилмайди. Ўзига борлиқ томонидан берилаётган ризққа қониқиб яшайверади. Қандай фикрдасиз, тўғри қилдимми?..


Хонам эшиги очилиб, яна бир йигит кирди. Уни ўтиришга ундадим.

– Марҳамат!

Қаршимдаги инсон озғингина, кўзлари қоп-қора ва чақноқ эди.

– Хўш, хизмат? – сўрадим мен.

– Шу… ишга кирмоқчи эдим. Қанақа шарт-шароитлар бор, билмоқчиман.

– Менда фақат оғир, қўл меҳнати мавжуд.

– Ишнинг оғир-енгили йўқ, сидқидилдан бажарилган ҳар қандай иш шодлик келтиради, – жавоб қилди у.

– Файласуф экансан! – дедим беэътибор.

– Қизиқаман…

– Яна қандай шарт-шароитларни билмоқчисан?

– Маошдан ташқари мукофот пули бериб туриладими?

– Йўқ! – дедим мен. – Фақат тушлик бизнинг ҳисобимиздан.

– Тушунарли, – хўрсинди у. – Биласизми, мен янги уйланганман. Ота-онам «дом» олиб беришди. Икки хонали. Кейин, хайр, севган қизинг билан қандай истасанг, ўшандай яша, дейишди. Сабаби, улар айтган номзодга рад жавоб берганим. Хотиним – талаба.

– Ҳаёт шунақа! – жилмайдим. – Менда ҳам шундай ҳолат бўлган. Кунда-кунора мастава ва бўлка нон билан қорин тўйғазиб яшаганмиз. Аммо, бахтли эдик. Сен чида ва бетиним ҳаракат қил. Тўкинлик аста-секин келади.

– Бир қанча вақтдан кейин маошимни ошира оласизми?

– Фақат маҳсулотларимнинг сотилиш ҳажми кўпайсагина.

– Шунда қанча қўшилади?

Мен айтдим. У чуқур хўрсинди.

– Йўқ, бўлмайди. Унда мардикор бозорга чиққаним дуруст.

Оҳиста унинг қалбига назар солдим. Мен таклиф ўилган ишга нисбатан учқун бор. Мардикор бозорга йўқ.

– Сен кўп пул топаман, деб орзу қилма, бахтли яшашим керак, деб ният қил. Ҳаёт фалсафаси шундан иборат.

– Етишмовчилик қийнаяпти-да…

– Айтдим-ку, чида ва ҳаракат қил деб. Мардикор бозорда кўпроқ пул топарсан, лекин у ишга рағбатинг йўқ. Ўзингга ёқмаган юмушни қилсанг – тез чарчайсан, асабларинг зўриқади. Тажанг бўлиб қоласан. Хотининг билан бўлар-бўлмасга уришаверасан. Ҳаётдан доимо норози бўлиб юрасан. Шу сенга керакми?

– Ўзингиз файласуф экансиз!

– Ҳа. Сенга ўхшаб, ёшлигимдан жуда қизиқаман.

– Майли. Узр. Бундай маошга ишлай олмайман. Бошқа жойларни ҳам суриштириб кўраман.

– Ихтиёр ўзингда. Ҳаёт сеники. Истаганингдай яша.

Йигит чиқиб кетди. Мен унинг қалбига ҳеч қандай таъсир кўрсатмадим. У ҳали кўп адашади, аммо, бир кунмас бир кун ўз қозиғини топиб олади, деган фикрга келгандим. Асосийси, ўз севганига уйланибди. Ландавурлик қилмабди. Вужудга келган тўсиқларни енгибди. Ҳақиқий севги қалбда беҳуд учқунланмайди. У – илоҳиёт мўъжизасидир. Борлиқ йигитга ҳали ўз мукофотини беради.


Тўртинчи одам кирди. Салом берди. Алик олдим. Қаршимга ўтирди.

– Мени ишга олинг! – деди у дабдурустдан.

– Оламан, фақат менда қандай иш шароити мавжудлигини билмайсан-ку?

– Мен бир неча йил Россияда ишлаганман. Роса чиниққанман. Совуқ мамлакат жонимга тегди. Нима иш бўлса ҳам ишлайвераман.

Мен унинг қалбини кўздан кечирдим. Ҳақиқатан фирмамдаги ишга нисбатан учқунлар бисёр.

– Маошга розимисан?

– Ҳа, албатта. Менга етади. Қаноатли одам қадрли бўлади.

– Унда, келишдик. Сенга бир ҳафта синов муддати бераман. Меҳнатинг сифати ёқмаса, хайрлашамиз. Англадинг-а?

– Ҳа. Бундай бўлмайди, деган умиддаман.

– Айтгандай, тушлик овқатинг мендан.

– Раҳмат! – жилмайди у.

– Эртадан келавер. Иш ваўти 8 да бошланади. Ҳаммасини тушунтираман.

Йигит қувонч билан чиқиб кетди.


Шунинг билан мақсадимга етдим. Назаримда, ташкилотимга яна бир яхши ходим қабул қилдим. Ташқарига – коридорга чиқдим. Яна уч йигит кутиб ўтирган экан. Уларга вакансия тугаганлигини айтдим. Индамай кетишди. Шу пайт учинчи, севгилисига уйланган йигит қайтиб келаётганлигини пайқадим. У тўғри менинг олдимга келди.

– Мен фикримни ўзгартирдим! – хитоб қилди у. – Мени ишга қабул қилинг. Барча шартларингизга розиман.

– Келин билан телефонлашдингми? – сўрадим мен унинг ёш рафиқасини назарда тутиб.

– Ҳа, – жавоб берди у.

– Кечикдинг! Вакансия тугади.

– Вакансияни яратинг! Сиз вакансиялари чекланган давлат корхонаси раҳбари эмассиз-ку!

Мен яна унинг қалбига боқдим. Унда учқунлар кўпайганди. Деярли аланга олаётганди. Рафиқасининг қалбидаги учқунлар қўшилибди, хулоса қилдим мен. Агар, икки қалб бир ишга нисбатан баробар учқунласа, алангаланса, улар мустаҳкам қояга айланадилар. Ва бу қоя то умрнинг охиригача қилт этмай туради. Бу қоя эгалари эса ўта бахтли яшайдилар, ҳаётдаги барча орзумақсадларига етадилар.

– Менда энди оғир иш йўқ!

– Унда, енгилини беринг! – деди у. – Рафиқамга барча сўзларингизни баён этдим.

– У қандай фикр билдирди?

– Ҳақиқатни айтибдилар, деди.

– Сен ўзинг нима дейсан?

– Менга ҳамма фикрларингиз ёққанди. Сизга жуда ишга киргим келганди. Лекин, яна бошқа вариантларни ҳам кўрмоқчи бўлгандим. Нотўғри қарор чиқарибман.

Йигит алдамаётганди. Унинг қалбидаги учқунлар мени ишонтирди.

– Яхши, эртага саккизга етиб кел. Менга реклама бўйича ҳам одам керак. Билмасанг, ўргатаман. Маош ва шартлар ўша-ўша. Маҳсулотлар сотилиши ҳажмини кўпайтирсанг, оладиган пулинг ҳам кўпаяди. Келишдикми?

Унинг оғзи қулоғига етди.

– Раҳмат! – деди у. – Жон-дилим билан ишлайман.

Йигит қувонч билан орқасига ўгирилдида, шахдам қадамлар билан юриб кетди.

Мен хонамга қайтиб кирдим. Жойимга ўтириб олиб, мушоҳада қилдим. Инсон қалби шундай ойнаки, унда барча яширин ниятлар яққол намоён бўлади. Фақат унга бехато қарашни билиш керак. Менда қалблардаги учқунларни кўра олиш ва ўчира олишдек хусусият бор. Уни қайдан олганимни сизга айта олмайман. Узр.

ЮРАК-БАҒРИ БУТУН

Тинмай шиддатли ёмқир ёқарди. Шамол ўз кучини намойиш ўилиб, ёмқир томчиларини юзимга, эгнимга, шимларимга уриб, ҳамма ёқимни шилта-шалаббо этарди. Совуў ҳаво баданимга ўтиб, теримни жунжиктирарди. Аммо, мен бунга писанд ўилмай олқа ўадам ташлайверардим. Мен билардим, ҳозирги пайт бундай юриш руҳиятим учун зарур. Манзилга етиб олсам бўлди – мени иссиў уй, чой ва хотиржамлик кутмоўда. Ҳамда, энг асосийси, у ерда юрагимга, унинг яраларга малҳам бўла оладиган бир кимса бор. У – менинг бахтим! У – менинг парчаланган юрак-бақримни бутун ўилган ва яна бутун ўилади. Ушбу сайёра менга ёқмади. Бу ерда қандайдир бир нохушлик содир бўладигандек туюларди.

Қаёқдан ҳам рози бўлдим, бу коинот сафарига. Ўзи, бу ерга оёғим унчалик тортмаганди. Лекин бир дунё пул топасан, қолган умрингга у бемалол етади, ишламасдан ялло қилиб юрасан, деб менинг бошимни айлантиришди. Ҳақиқатдан ҳам атрофимда бундай, яъни бир мартагина номаълум сайёрани тадқиқ этишда қатнашиб, эсон-омон уйига қайтиб келаётган ва мўмайгина пул ишлаб олаётган кимсалар бор эди. Баъзан уларга ҳавасим ҳам, ҳасадим ҳам келарди. Қанийди, мени ҳам шундай ишларга чақиришса, деб орзу қилиб юрардим. Яхши ният – ярим мол ёки фикрлар – моддийлашади, деганларидек, орзуимдаги таклифни олгандим. Ва иккиланиб, иккиланиб сафарга чиққандим.

Мен ўсимликлардан фармацевтикада фойдаланиш бўйича етук, ёш мутахассислардан эдим. Хизмат сафарим ҳам шу йўналишда бўлди.

Инсон учун янги, ўрганилмаган бу сайёрада нафас олиш учун яроқли тоза ҳаво бор экан. Онгли жонзотлари йўқ бу заминнинг наботот дунёси, табиийки, менга ҳам, шерикларимга ҳам – номаълум. Қайси дарахт, қайси ўсимлик безиён, қайсиларидан хавф кутиш мумкин, ҳеч ким билмасди.

Эшитгандимки, ўтган йили номаълум сайёрада юрган бир наботот тадқиқотчисини дарахтдек келадиган бир ўсимлик новдалари ва барглари билан маҳкам бағрига тортибди. Унинг чангалидан бечора олимни бир соат уриниб ҳам қутқара олишмабди. У ўзига яқинлашган ҳар бир кимсани ушлаб олишга уринаверар экан. Охири, икки тадқиқотчи кемага қайтиб бориб, кучли, ҳар қандай жисмни бўлак-бўлак қилиб ташлайдиган лазер нурли автомат-милтиқни олиб келишибди ва эҳтиёткорлик билан унинг поясини кесиб ташлашибди. Заминдан ажралган тажовузкор ўсимлик шу ҳолатда ҳам чангалини бўшатмас эмиш. Лекин, бошқаларни ушлаб олиш хусусияти йўқолибди. Шунинг учун унга қўрқмай яқинлашиб, ҳар бир тажовузкор новдани кесиб-кесиб, бечорани озодликка чиқаришибди. Олим икки кун ҳеч кимга оғиз очиб гапиролмабди. Оёққўлларидаги титроқ фақат эртасига босилибди. Шундан сўнг у, умуман коинот сафарига чиқмасликка қасам ичибди.

Мен шеригим Махсум Назар билан лазер тўппонча ва ўткир Чуст пичоғидан ташқари, узун махсус таёқ билан қуролланиб олгандик. Бирор ғалати ўсимлик кўрсак, унга аввал таёқни яқинлаштирардик, ўсимлик ҳеч қандай жавоб бермаса, унинг олдига чўчимай борардик ва баргларидан, бошқа қисмларидан намуналар олардик. Уларни кемада тадқиқ қилиб, фармацевтикада ишлатса бўладими-йўқми, деб хулоса ёзардик.

Ягона мақсадимиз – Ер юзида янги пайдо бўлган касалликка дори топиш эди. Кейинги уч-тўрт йилда Африка қитъасида вужудга келган «Умуртқа поғонасининг бўшашиши» вируси бутун дунёга кенг тарқала бошлаётганди.

Ушбу касалликка даво топган кимсага ёки гуруҳга «Умумжаҳон Фармацевтика қўмитаси» Нобель мукофотини беришга ваъда қилганди. Бутун дунё олимлари жонжаҳдлари билан айтилган вирусни йўқ қила оладиган дори топишга уринардилар, лекин ҳамон натижа йўқ эди.

Вирус юққан кимсалар ўз гавдаларини кўтара олмай умуртқалари қайрилиб, синиб кетиб, ўлиб ҳам қолардилар. Шунинг учун касалликнинг симптомлари сезилдими, бемор дарҳол тўшакка ётиб олиши ва турмаслиги лозим эди. Бу офат Африканинг чорак аҳолисини нариги дунёга жўнатганди. Америка қитъаси мамлакатлари ҳам ундан талофат кўришни бошлашгандан сўнг, дарҳол ўз ҳаво ва денгиз портларини африкаликлар учун ёпиб қўйдилар. Европа ҳам шундай қилди. Осиёда жуда катта миқёсга кўтарилиб, етакчи ўринга чиқиб олган Ўзбекистон улардан аввал бу ишни амалга оширганди.

Коинот тадқиқоти соҳасида етакчи ўринларда бораётган ўзбек олимлари ниҳоят ушбу эзгу ишга қўл уришга қарор қилдилар ва бунинг учун керак бўладиган дорини фақат ўзга сайёрадан излаш керак, деган хулосага келдилар.

Мана, кўриб турибсизки, мен ушбу мақсадда уюштирилган учинчи экспедиция аъзосига айландим. Бундан аввалги икки уриниш муваффақиятсиз чиққанди ва навбатдаги коинот сафарига катта умид боғланаётганди.

Сайёра юзасига қадам қўйишдан олдин фазовий кема бошлиғи тадқиқотчиларни икки кишилик гуруҳларга бўлиб чиқди. Барча ўзига ажратилган майдонда фаолият юритиши лозим эди. Мен, юқорида айтганимдек, Махсум Назар исмли мутахассис билан шерик қилиндим.

Навбатдаги ўсимликдан намуна олганимиздан сўнг Махсум Назар менга деди:

– Комил Пўлат, бугунга етар энди. Ўн беш хил намуна бир кечада тадқиқ қилишга етади.

– Майли, – дедим мен. – Фақат, ҳув анави, кўзимга балодек кўринаётган одам бўйидан ҳам баланд ўсимликдан ҳам намуна олайлик.

– Нега у сенга балодек туюляпти?

– Инсонда қандайдир бир яширин сезги ҳисси бор. Керак пайтда у юзага чиқади ва танани фалокатдан асрайди! – донолик қилдим мен. – Уни, барибир, бугун бўлмаса эртага текширишимиз лозим. Кел, шу ёқимсиз ишни бугун бажариб, эртага енгил бўлиб юрайлик!

– Бўпти! Сендаги хавотирлик менга ҳам юқди. Эҳтиёт бўлиб яқинлашамиз.

Кутганимдек, бу ўсимлик оддий эмас, антиқа қиррали экан. У таёғимизни ўз новдаларидаги тиконли учлар билан ушлаб олишга ҳаракат қилди. Махсум Назар уни базўр тортиб олди. Сўнг менга саволомуз боқди.

– Фалокатдан нари бўлиш учун поясини қирқамиз! – дедим мен.

– Қандай қилиб яқинлашасан унга? Ахир қучоқлаб олса, чангалидан қутулиб бўбсан!

– Нима, сен Чуст пичоғини ишлатмоқчимисан? Лазер нурли тўппонча бизга нима учун берилган?

– Йиртқич ҳайвонлар учраб қолса, уларни ўлдириш учун-да!

– Йиртқич ўсимлик учраб қолса-чи? – дедим кулиб.

Махсум Назар бу саволи билан ўтган йилдаги воқеадан бехабар эканлигини кўрсатди. Ваҳоланки, ҳар қандай мутахассис-фазогир ҳамма экстремал воқеаларни билиши ва уларни таҳлил қилиб улгурган бўлиши керак эди. Ҳозир унга дарс бериш пайти эмасди, шунинг учун дарҳол амалий ишга ўтдим.

Лазер тўппончамни чиқариб ўсимликнинг поясини мўлжалга олдим ва тепкини босдим. Ўсимлик заминдан айрилиб, ёнига ағдарилди.

– Ана бўлди, у ўлди! – ҳайқирди Махсум Назар ва тезгина у томон юра бошлади.

– Тўхта! – қичқирдим мен. – Унинг ўлганўлмаганлигини текшириш керак олдин!

Аммо, у бу пайтда ўсимликнинг ёнига келиб бўлганди. Қулаган йиртқич ўсимлик ёнига яқинлашаётган инсонга новдаларини узатиб, уни маҳкам ушлаб олди ва нишларини танасига суқиб, шеригимнинг қонини сўра бошлади. Махсум Назар қаттиқ ингради.

– Комил Пўлат!.. Ёрдам бер…

Мен нима қилиш кераклигини билмасдим. Қандай тадбир қўллаш лозим? Ўсимлик дарҳол ўлмабди. Қуласа ҳам йиртқичлигини қўймаяпти. У Ер юзидаги айрим одамларга ўхшар экан. Бундайлар тириклигида барчага ёмонлик қилиб, уларнинг қонларини сўриб яшайдилар-да, ўлганларидан кейин ҳам бошқа қандайдир воситаларда ёмонликлари давом этаверади.

Яқинлашсам, ўзим ҳам асирга ва мажбурий донорга айланаман. Пайсалласам, ўсимлик Махсум Назарнинг қонини сўришни тўхтатмайди ва у ўлиб қолиши мумкин. Шеригимни қандай қутқарай?!

Мен, биринчи навбатда, рацияда кема бошлиғига хабар бердим. Ёрдам ва маслаҳат сўрадим. У бирон жўяли фикр билдирмади ва тезда икки қутқарувчини юборишини маълум қилди.

Хўш, улар қачон келадилар? Махсум Назар қонсизланиб, бу дунёни тарк этгандами? Бунга ким айбдор бўлади? Хулосаларда, эҳтиётсизлик туфайли ҳалок бўлди, оиласига фалон миқдорда компенсация пули тўлансин, деб ёзилса-да, менинг виждоним онгимни дўппослайверади.

«Ётиб қолгунча, отиб қол!» – деган доно халқимиз.

Онгим яшин тезлигида ишлай бошлади. Менда ҳозир учта қурол бор: лазер тўппонча, Чуст пичоғи ва узун махсус таёқ. Пичоқ – бу шароитда кераксиз матоҳ. Шунинг учун узун махсус калтакни ва лазер тўппончани ишлатиш зарур.

Мен ағанаган ўсимликка бехавотир масофада яқинлашдим. Махсус таёғимни новдаларига теккиздим. Улар дарҳол чимралдилар ва таёғим исканжага тушди. Энди биргина йўл – лазер тўппончани ишлатиш қолганди. Қуролимни чиқардимда, таёғимни қамраган новдаларни аниқ мўлжалга олиб отдим. Новдалар узилдилар.

«Яхши!» деб таёғимни тортиб олдим. Энди шеригимни чимраб олган новдаларни мўлжалга олишим керак.

– Махсум Назар! Қимирламай тур! Нур сенга тегиб кетмасин!

У шундоқ ҳам бемажол эди, µатто, сўзлай олмасди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Мен таваккал қилишга мажбур эдим. Акс ҳолда, шеригим ўлади.

Мен Махсум Назарни қамраган энг йўғон новданинг асосини мўлжалга олдимда, тепкини босдим.

Армияда хизмат қилганимда, бизнинг ротани илк бор синов отиш майдонига олиб боришгани эсимга тушди. Ўшанда қўлимга ўтган асрларда яратилган «Калашников» автоматини тутқазиб, турли силуетларни якка-якка ўқлар билан отишни буюришганди. Биринчи тепкилардаёқ нишонга аниқ отгандим. Ҳарбий бошлиқ ўшанда менга ҳайрат билан боқиб, «Баракалла!» деганди.

Бу гал ҳам мўлжалга аниқ отдим. Новда чўрт узилди. «Баракалла, Комил Пўлат!» дедим ўзимга-ўзим. Сўнг яна бир новдани мўлжалга олиб отдим.

Тўрт бақувват новда узилгандан сўнг Махсум Назарга сал жон кирди. У қимирлай бошлади.

– Қимирлама! – қичқирдим унга.

– Бошқа отма! Мени ўлдириб қўясан! – базўр гапирарди.

– Қимирламасанг, ўлмайсан.

– Йўқ, йўқ! Отма… – ингради у.

Унга сўз тушунтириб бўлмасди. Яна икки новдани узсам, уни йиртқич ўсимлик чангалидан қутқариш осон кечарди. У эса…

– Сўтак! Жим бўл! – жаҳлим чиқиб, қаттиқ қичқирдим мен. – Бунча калтафаҳмсан!

Ниҳоят, у қимирлашни бас қилди. Фурсатдан фойдаланиб, навбатдаги икки новдани уздим. Ва Махсум Назар қўлларини ишлатиб, камарида осилиб турган Чуст пичоғини қинидан суғурди-да, бошқа майда қонхўр шохчаларни шахд билан кесиб ташлади. Оёқларини ҳам бўшатиб менга важоҳат билан ўшқирди.

– Сен – аблаҳ экансан! Сал қолса мени отиб ташлардинг! Сенга нима ёмонлик қилгандим?!

У бемалол ҳаракатлана олмасди. Лекин, тили яхши ишлаётганди. Менга яна алламбалолар деди. Ҳаммаси шахсимга қаратилган салбий гаплар эди. Унинг аъзойи бадани кўкариб кетганди. Терисининг очиқ жойларида суқилган ўсимлик нишларининг излари, уларда қотаётган қон томчилари яққол кўриниб турарди. Шеригимга ачиндим. Яна уч дақиқа кечиксам, у кўп қон йўқотиб, аниқ ҳалок бўларди. Дарҳол мўъжаз дори-дармон қутимни очиб, бинт ва лейкопластир олдим-да, унинг уст кийимни ечиб, барча яраларига йод суртиб, боғлаб қўйдим. У эса тинмай нолир, ота-боболаримнинг гўрига ғишт қаларди.

Мен нима ғамдаман-у, у қандай қайғуда! Ажаб… Лекин, ундан хафа бўлмадим, чунки у ҳозиргина экстремал ҳолатдан чиққанди. Эс-ҳуши нормал ҳолатда эмасди. Бир-икки соатда тинчланиб, айтган гапларига афсус қилса керак.

Ярим соатларда икки қутқарувчи етиб келди. Улар Махсум Назарни дарҳол сайёраюрар машиналарига ўтказиб, қолган тиббий ёрдамни бериш учун кемага олиб кетишди.

Мен, ниҳоят, тажовузкорлигини йўқотган ўсимлик поясидан, новдаларидан ва баргларидан намуналар олдим. Уни суратга туширдим. Сўнг ўтириб тин ола бошладим. Ўз ишимдан хурсанд эдим. Шеригимни фалокатдан қутқардим. Муқаррар ўлимдан олиб қолдим. Бунда менга табиат инъом этган мерганлигим асқатди. Мерганликни армияда ўрганмаганимда нима бўларди?..

Экстремал ҳолларда ҳаяжонланиш ва тез ҳаракат қилиш инсоннинг анча кучини олади. Шунинг учун асабларимни жойига туширгачгина, оҳиста кема томон йўлга тушдим.

Кемада мени «Хизмат вазифаси пайтида кўрсатган топқирлиги ва шеригини нақ ўлимдан қутқариб қолганлиги учун ташаккурнома» эмас, аксинча, кутилмаган туҳматона саволлар кутиб турган экан.

Фазовий кема бошлиғи мени ўз хизмат бўлмасига чаўирди. Кириб кўрсатилган курсига ўтирганимдан сўнг юзимга нафрат ифодаланган нигоҳини қаратди.

– Хўш, Комил Пўлат, менга рўй-рост айтинг-чи, сиз нега билатуриб, шеригингизни йиртқич ўсимлик бағрига итариб юбордингиз?!

Ҳайратдан тилим калимага келмай қолди. Лом-мим деёлмадим.

– Нега индамайсиз? – яна сўради кема бошлиғи.

Амаллаб икки ибора айта олдим.

– Хизматга туҳматми?

– Ҳали биз туҳматчи ҳам бўлиб қолдикми? Махсум Назарни сўтак, калтафаҳм деб сўкканингиз ҳам ёлғонми?

– Буниси рост. Йиртқич ўсимликни новдаларини лазер нурида кесмоқчи бўлган пайтимда тек турмади, шунда кескинроқ гапиришимга тўғри келди.

– Қутқариш баҳонасида уни ўлдирмоқчи бўлганингизни ҳам инкор этасизми?

– Бу ҳам ғирт туҳмат! Аксинча, мен уни нақ ўлимдан қутқариб қолдим.

– Махсум Назар сизнинг хатти-ҳаракатларингиздан шикоят қилиб, арзнома ёзган. Мен уни кўриб чиқдим. Сиз арзномада баён этилган айбларни инкор қиляпсиз. Асл воқеа қандай бўлганлигини тиклаш менинг вазифамга кирмайди. Уни фақат Махсус тафтиш қўмитасигина аниқлашга ҳақли. Қўмита эса Ерда. Шунинг учун қайтганимизга қадар мен сизни ҳар қандай вазифадан озод қиламан. Шу пайтдан бошлаб кемани тарк этишга ҳаққингиз йўқ. Ўз бўлмангиздан фақат менинг рухсатим билангина чиқа оласиз. Тушунарлими?

– Махсум Назарнинг аҳволи қанақа? У кўп қон йўқотганди.

– Тиббий ходимларимиз ёрдам беришди. Плазма қуйишди. Анча ўзига келди. Ва арзнома битди. Ҳозир тинчлантирувчи дори ичиб, ухлаяпти.

– Биз иккимиз ўн бешта ўсимликдан намуна олгандик. Кейин ўзим ҳам охирги ўша қонхўр ўсимликдан намуна олдим. Уларни тадқиқ қилишимга рухсат берасизми?

Кема бошлиғи бошини қашлади. Менга тикилиб туриб, жавоб берди.

– Йўқ, Комил Пўлат. Намуналарни бошқа тадқиқотчиларга беринг. Улар текширишади. Сиз эса ўз бўлмангизда ҳеч қаёққа чиқмай ўтиринг. Боринг, суҳбатимиз тугади.

Икки ҳафта ўтгач, фазовий кемамиз ватанимизнинг «Зарафшон» космопортига қўнди. Мени Махсус Тафтиш қўмитаси аъзолари кутиб туришган экан, дарҳол машинага ўтўазиб, идораларига олиб кетишди.

Афсуски, менинг Махсум Назарга қарши далилим йўқ эди. Ҳамиша ёқилган ҳолатда турадиган диктофоним ҳам ўша куни ишдан чиққани учун ёнимда йўқ эди. Бошиданоқ менга ола қараган тафтишчи йигит сўзларимга ишонмади. У ҳар қандай инсонни қора рангга бўяб қўйишга уста экан. Бунинг устига, ўўмита раисининг севимли шогирди ҳисобланаркан. У мени тўлиқ айбдор деб хулоса чиқарди. Натижада, мен бир умрга коинот билан боғлиқ ишларидан четлатилдим. Хизмат ҳақимни ҳам беришмади.

Шундай қилиб, Махсум Назар ва Махсус тафтиш қўмитаси менинг юрак-бағримни парчалашди.

Ҳаётда одамларга яхшилик қилишнинг оқибати, ўз вазифасига сидқидилдан ёндашишнинг жавоби бундай бўлишини асло кутмагандим. Устозларим, доимо яхшиликка яхшилик қайтади, деб ўқитишганди. Афсус.

Устига-устак, ўша йиртқич ва қонхўр ўсимликдан ажратиб олинган модда «Умуртқа поғонасининг бўшашиши» касаллигига даво бўлиб чиқди. Жаҳон аҳли енгил тин олди. Биз тадқиқ қилган сайёрага «Нажоткор» номи берилди. Нобель мукофоти эса, тантанали маросимда, ўша, мен нақ ўлимдан қутқариб қолган Махсум Назарга топширилди. Унинг номи ва расмлари бутун дунё матбуотини тўлдириб ташлади. У ёвуз шеригининг яширин ва манфур ниятларини енгиб ўтиб, оламшумул қаҳрамонлик қилиб, йиртқич ўсимлик бағридан усталик билан Чуст пичоғини ишлатиб, қутулиб кетганини ҳикоя қилавериб чарчамасди.

Ушбу мукофот аслида меники эди. Лекин бунга даъвогарлик қилиб, ғавғо кўтариб, асло фойда топмасдим. Бу иш аксинча, ўзимга янада кўпроў муаммо келтирарди. Шунинг учун миқ этмадим.

Ҳар қандай одам бундай пайтда тушкунликка тушиб кетади. Менда ҳам шундай бўлди. Лекин кўп мушоҳадалар қилиб, фалсафий китоблар ўқиб, руҳимни кўтардим. Узоқ тарихимизда яшаган тасаввуф аҳли ҳаёти ва уларнинг ўгитлари билан танишиб, аниқ билдимки, Борлиқ бир кунмас бир кун барча ишларни ўзининг жой-жойига қўювчидир. Бошқа соҳага ўтиб, фаолият юрита бошладим. Лекин, юрак-бағрим бутун эмасди. Қалбимни сотўинлиў олдидаги ожизлигим ўқтин-ўқтин тирнаб турарди.

Аммо, Борлиқ мени овутишни истадими, қалбимга бошқача ўт ташлади. Бу ўт аста-секин алангага айланди. Мен севиб қолгандим. У – бутун коинотдаги ягона нафис, солиҳа ва гўзал қиз эди. Энди, мен қандайдир пасткаш, аблаҳ ва ношукур кимсаларни ўйламай қўйдим. Кўз олдимда фақат у турарди. Ухласам – тушимга кирарди, уйғонсам – сўзлари қулоғим остида жаранглайверарди, тасаввуримдан унинг жамоли кетмасди. Фақат шу ажиб хилқат билан мулоқот қилишни истардим. Кунда-кунора рўй берадиган учрашувларимиз менга кам эди. Шунинг учун ундан менга турмушга чиқишини сўрадим.

Нафис, солиҳа ва гўзал қиз рози бўлди.

Борлиқ менга Нобель мукофоти ўрнига, ундан миллион марта юксакроқ мукофотни берди. Энди менинг юрак-бағрим бутун эди. Кўнглим қайтадан яна нурга, орзу-умидларга тўлди. Янги-янги режаларни туза бошладим.

Инсоннинг ҳаёти ҳеч қачон текис, равон кечмайди. Ушбу ўонунга мувофиқ, тўсатдан мени Махсус тафтиш қўмитасига чақириб қолишди. Айтилган кунда ва соатда кечикмай боришим шарт эмиш.

Хаёлимга нималар келмади. У ярамас тафтишчилар мендан яна нималарни исташаяпти? Эндигина тинч ва бахтли ҳаёт кечиришни бошлагандим-а!

Кўрсатилган вақтда, ўўмита биносига кираверишда мени кутиб олган хос ходим, тўғри раис хонасига бошлаб кирди.

Раис мени жилмайиб қарши олди. Атрофига муовинларию бўлим бошлиқларини ҳам йиғиб олган экан. Мени важоҳат билан сўроқ қилган, туҳматлар ёғдирган, мени айбдор деб хулоса чиқарган тафтишчи йигит ҳам шу ерда турарди. Кўзларимга қаролмади.

Раис томоқ қирди-да, тик турган ҳолда менга юзланиб гап бошлади.

– Ҳурматли Комил Пўлат! Мен Махсус тафтиш қўмитаси номидан ишимизда рўй берган хатолик учун узр сўрайман! Қаҳрамонликни Махсум Назар эмас, сиз қилган экансиз. Биз унинг ёлғон айбларга тўла аризасига нотўғри муносабатда бўлган эканмиз. Узримизни қабул қилинг.

Мен ҳанг-манг бўлиб қолдим. Аввал туҳматдан тилим лол бўлиб қолган бўлса, бу гал ҳақиқат юзага чиққанидан эсанкираб қолдим.

– Қандай аниқлай олдингиз? – дея олдим холос.

Раис атрофдаги лаганбардорларига бир-бир қараб олди-да, жавоб берди.

– Маълумки, суриштирув чоғида, сиз иш пайтида ёқилган ҳолатда туриши лозим бўлган диктофонингизни бузилиб қолганлигини айтиб, уни бизга топширмаган экансиз. Тафтишчимиз ҳам, ўз навбатида, бундай диктофонни Махсум Назардан сўрамаган. Бу хатоимизни ишларимизни назорат қилиб турадиган юқори идора кўрсатиб берди. Дарҳол ўша диктофонни топдик. Унда барча ҳақиқат ёзилган экан. Тафтишчимизга ушбу камчилиги учун µайфсан эълон қилдик. Бор гап шу!

Мен индамадим. Нима ҳам дердим. «Ҳамманг давлат маблағини, анави йиртқич, инсон қонини ичувчи ўсимликдек, сўриб ётибсанлар! Ундан кўра гўнг титканларинг яхши эмасми, кекса товуқлар!» деб ҳайқиргим келди. Аммо, бундан асло фойда йўқ эди. Менинг ҳаётимни ларзага келтириб, ағдар-тўнтар қилган, бутун жаҳонга мени қора қилиб кўрсатган тафтишчи бор-йўғи ҳайфсан олибди. Ва у яна ўз «иш»ларини давом этдиради.

Раис сўзида давом этди.

– Сизга коинотда ғоятда мушкул вазифаларни бажарганингиз, жонбозлик кўрсатганингиз учун коинот сафари олдидан ваъда қилинган ҳақ тўлиқ берилади. Бундан ташқари, Нобель мукофоти қўмитаси билан гаплашдик ва махсус хат юбордик. Улар Махсум Назарга берилган мукофотни бекор қилишади ва уни тез орада сизга топширишади. Табриклаймиз!

Мен яна индамадим. «Ўз мукофотимни олиб бўлганман!» ўйладим мен.

– Эртага сиз Ўзбекистон Марказий ТВ сида интервью беришингиз керак. У бутун дунёга трансляция қилинади. Тайёр туринг! – деди яна раис ва атрофдагиларга юзланди. – Комил Пўлатни бир олқишлаб қўяйлик!

Хонада гулдурос қарсаклар янгради. Қаердандир пайдо бўлган котиба аёл қўлимга чиройли гулдаста тутқизди.

– Энди менга рухсатми? – сўрадим мен.

– Ҳа! Эртага, албатта, шу ердаги гапларни жаҳон аҳлига баён қиласиз деган умиддамиз!

Раис хос ходимга буюрди.

– Қаҳрамонимизни кузатиб қўйинг ва менинг ҳайдовчимга айтинг, уйгача олиб бориб қўйсин!

Ташқарига чиққач, хос ходимга ўзим якка-ёлғиз кетишни истаётганлигимни айтдим. Сўнг гулдастани четда турган ахлат қутисига ташладим-да, ҳаво бузилганига қарамай, пиёда уйимга йўл олдим. Раиснинг ахбороти негадир мени қувонтирмади. Аксинча, юрак-бағримни қайта парчалади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации