Текст книги "Алиф"
Автор книги: Пауло Коэльо
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
ХИТОЙ БАМБУКИ
Париждан Лондонга, китоб ярмаркасига бориш – мен учун катта хурсандчилик.
Ҳар сафар Англияда бўлганимда 1977 йилни, Бразилияда овоз ёзиш студиясидаги ишимни ташлаб, фақат адабиёт ортидан пул топишга қарор қилганимни эслайман. Бассет-роуддан уй ижарага олиб, дўстлар орттирдим, вампирологияни ўргандим, шаҳарни кездим, севдим, кинотеатрларда қўйиладиган барча киноларни кўрдим ва бир йил ўтмасдан бир сатр ҳам ёзмай яна Риога қайтдим.
Бу гал Лондонда уч кун бўламан, холос. Олдинда мени дастхат-сессиялар, ҳинд ва ливан ресторанлари, меҳмонхона лоббиларида китоблар, ёзувчилар ва китоб дўконлари ҳақидаги суҳбатлар кутмоқда. Йил охиригача Сен-Мартенга қайтмоқчи эмасман. Самолёт мени Лондондан одамлари ўз она тилимда гаплашадиган, оқшомлари асал шарбати ичиладиган ва кун бўйи деразадан дунёдаги энг чиройли манзара – Копкабана пляжини томоша қилса бўладиган Рио-де-Жанейрога олиб кетади.
* * *
Сўнгги бекатга яқинлашганимизда вагонга бир даста атиргул кўтарган йигит кириб келади ва атрофга аланглайди. “Қизиқ, – ўйлайман мен, – “Евростар”да гул сотишганини ҳеч кўрмагандим”.
– Менга йигирмата кўнгилли одам керак, – эълон қилади йигит. – Улардан ҳар бири биттадан атиргулни севган қизимга совға қилиши керак. У бекатда мени кутяпти. Унинг қўлини сўрамоқчиман.
Кўнгиллилар ҳам топила қолди. Мен ҳам улар қаторида эдим-у, охирида менинг номзодимни рад қилишди. Шундай бўлса-да, вокзалда уларга эргашишга қарор қилдим. Йигит платформада кутаётган қизни кўрсатади ва йўловчилар бирма-бир келиб, қизга атиргул совға қилади. Йигит севги изҳор қилади, ҳамма қарсак чалади ва қиз уялганидан қизаради. Ниҳоят улар бўса алмашиб, бир-бирларининг елкаларидан қучиб йўлларига равона бўладилар.
– Шунча йиллик хизматим давомида бу – вокзалимиздаги энг романтик воқеа, – дейди поезд хизматчиларидан бири.
* * *
Дастхат-сессия деярли беш соатдан бери давом этаётганига қарамай китобхонлар билан учрашув мени янада қувватлантирмоқда. Қандай қилиб шунча ойни тушкунликда ўтказдим экан? Модомики, руҳий камолотимда ўтиб бўлмайдигандек кўринган ғовга дуч келган эканман, эҳтимол, озгина сабрли бўлишим керакдир? Атрофдагиларнинг камдан-камларигина бошдан ўтказиши ва кўриши мумкин бўлганларни мен кўрдим, бошдан кечириб бўлдим.
Лондонга жўнаш олдидан Барбазан-Дебадаги кичик ибодатхонага кириб ўтгандим. У ерда Яратгандан марҳаматини дариғ тутмасликни ва ўз-ўзимга олиб борувчи белгиларни фарқлай олишда мадад сўрадим. Мен ўз яқинларимда, улар эса менда яшашларини биламан. Улар билан биргаликда Ҳаёт Китобини битамиз. Бизнинг ҳар учрашувимиз тақдир томонидан белгилаб қўйилган. Биз бўлсак бу дунёда ниманидир ўзгартириш илинжида бир-биримиздан ажралгимиз келмайди. Ҳар бир киши сўз ёки тимсол билан ўз ҳиссасини қўшади ва булар жамланиб, маъно касб этади. Чунки бир кишининг бахти – ҳамманинг хурсандчилиги.
Биз доим ўзимизга ўша бир хил саволларни бераверамиз. Нима учун бу ердалигимиз юракларимизга аён ва буни қабул қилиш учун доим ҳам етарли даражада мўмин бўла олмаймиз. Ҳа, ўз қалби билан гаплашиш осонмас. Эҳтимол, бунинг кераги ҳам йўқдир. Шунчаки унга ишонишимиз, тақдир белгилари билан ҳисоблашишимиз ва бизга берилган умрни яшашимиз керак. Эртами-кеч биз бир бутун умумийликнинг ўзи нималигини англай олмасак ҳам, ўзимиз унинг бир қисми эканимизни тушуниб етамиз. Айтишларича, одам ўлаётган лаҳзада бу дунёда мавжудлигининг асл моҳиятини тушунади. Ана шу лаҳзадан жаннат ёки дўзах яралади.
Дўзах – ўлиминг олдидан ортга назар солиб, ҳаёт мўъжизаларидан баҳра олиш имконини қўлдан чиқарганингни тушуниш. Жаннат эса “Хатоларга йўл қўйган бўлсам-да, қўрқоқ бўлмадим. Ўтган умримдан розиман”, – дея олишингдир.
Нима бўлганда ҳам, руҳий изланишларимда олдинга силжий олмаяпман, деб ўзимни қайта-қайта қийнаб, дўзахни яқинлатишнинг ҳожати йўқ. Ҳаракатдан тўхтамаётганимнинг ўзи кифоя. Ҳатто яхши амаллари бўлмаганлар ҳам афв этилган. Улар ҳаётликларида дунё гўзаллиги ва уйғунлигидан бемалол баҳра олишлари мумкин бўлгани ҳолда ўзларини бахтсиз сезишгани уларнинг жазоси бўлган. Боши ҳам, охири ҳам бўлмаган йўлдан бориш учун ҳаммамиз озодмиз ва афв этилганмиз.
* * *
Ўзим билан китоб олмаган эдим. Рус ноширларим билан белгиланган кечки овқатгача меҳмонхона хоналарида бўладиган одатдаги журналлардан бирини варақлаб ўтириб, хитой бамбуки ҳақидаги қизиқ мақолага дуч келдим. Маълум бўлишича, ерга уруғ қадалгандан сўнг, униб чиққан поя беш йилгача ўсмай тураверади. Бу муддатда ривожланиш ер остида давом этиб, бутун қувват илдизларнинг мустаҳкамланишига қаратилади. У ерда мураккаб тизим шаклланиб, илдизлар тобора чуқурлашиш билан бирга кенгайиб ҳам боради. Бешинчи йилнинг охирларига бориб бамбук бирдан кўкка интилади ва йигирма беш метргача етади.
Зерикдим. Журнални четга қўйиб, одамларни кузатиш учун пастга, лоббига тушаман.
* * *
Кутиш асносида қаҳва ичаман. Моника, агентим ва яқин дўстим, мен билан у ёқ-бу ёқдан чақчақлашиб ўтирибди. У турли мамлакатлардаги ноширлар билан ўтказган тинимсиз музокаралар, инглиз ноширлари билан телефон орқали муҳокамалар ва бўлиб ўтган дастхат-сессиялардан кейин оёқда базўр турарди.
Моника билан ишлай бошлаган пайтларимиз у эндигина йигирмага кирганди. У менинг ашаддий мухлисларимдан бўлиб, китобларим бошқа тилларга ўгирилишига ва Бразилиядан ташқарида ҳам катта шуҳрат қозонишига қатъий ишонарди. Шунинг учун Рио-де-Жанейро университети кимё машинасозлиги факультетини ташлади ва йигити билан Испанияга кўчиб келиб, европалик ноширлар эшигини тақиллатишга, уларга бирма-бир хат ёзиб, уларнинг эътиборини менинг ёзувларимга қаратишга киришиб кетди.
Бу уринишлардан бирон наф чиқавермагач, мен Каталониядаги у яшайдиган кичик шаҳарчага келдим ва унга бу бефойда ишдан воз кечиб, ўз ҳаёти ва келажаги билан шуғулланишга кўндириши учун қаҳвахонага таклиф қилдим. У қатъий рад этди ва муваффақиятсизлик билан Бразилияга қайтмаслигини билдирди. Мен унга бу мағлубият эмаслигини тушунтиришга уриндим. Ахир у ўзини йўқотиб қўймади (реклама буклетларини тарқатди, ресторан хизматчиси бўлиб ишлади) ва бегона юртда яшаб қолишдек қимматли тажриба орттирди. Аммо Моника ўз фикрида қатъий туриб олди. У ердан ҳаётини барбод қилаётганига ишонган ва қайсарлигини енга олмаганимдан хафа ҳолда қайтдим. Бироқ орадан ярим йил ўтиб, ҳолат бутунлай ўзгарди. Яна ярим йилдан сўнг у ўзига уй сотиб олишга етарли даражада пул топарди.
Моника имконсиз нарсага ишонди ва ҳар қайсимиз, ҳатто мен ҳам, ютқазишимиз аниқ бўлган курашда у енгиб чиқди. Жангчилик санъати ҳам ирода ва жасорат бир нарса эмаслигини тушунишдан иборат. Жасорат ўзига қўрқув ва хушомадгўйликни чорлайди, ирода эса сабр ва матонат дегани. Чинакам кучли эркак ва аёллар кўпинча ёлғиз бўлишади. Чунки улар совуққон кўринадилар. Кўпчилик Моникани совуққон деб ўйлайди, аммо бу янглиш фикр. Унинг юрагидаги оташ ҳали ҳам биз кўп йиллар аввал Каталониядаги қаҳвахонада ўтирган пайтларимиздаги каби ёрқин. Кўп нарсаларга эришганига қарамай унинг қалби иштиёққа тўла.
Моникага Ж. билан бўлган суҳбатимизни айтиб бермоқчи бўлиб турган эдим, лоббида болгариялик икки ношир кўринди. Бунинг ҳайрон бўладиган жойи йўқ: ярмарка қатнашувчиларининг кўпчилиги шу меҳмонхонада тўхташган.
Улардан бири савол билан мурожаат қилади:
– Бизнинг юртимизга қачон бормоқчисиз?
– Агар сафарни ташкиллаштира олсангиз, келаси ҳафтада. Биргина шартим – дастхат-сессиядан сўнг зиёфат ҳам ўтказилса.
Аёллар каловланишади.
Хитой бамбуки!
Моника менга даҳшат билан қарайди:
– Биз жадвални кўриб чиқишимиз…
– Софияга келаси ҳафтада учиб боришга тайёрман, – гапини бўламан ва португалчада қўшиб қўяман: – Кейин сенга ҳаммасини тушунтириб бераман.
Моника қарайдики, мен ҳазиллашмаяпман. Ношир аёллар эса ҳали ҳам иккиланишмоқда. Улар муносиб қабул уюштиришга улгуришлари учун ташрифни бироз кечиктиришни сўрашади.
– Келаси ҳафтада, – туриб оламан мен. – Акс ҳолда ташрифни ноаниқ муддатга кечиктиришга тўғри келади.
Гапларимнинг мутлақо жиддийлигини улар энди тушунишади ва Моника билан музокарага киришишади. Шу пайт олдимизга испан ноширим келади. Суҳбат вақтинча тўхтатилади, ҳамма бир-бири билан танишади ва испаниялик ноширдан ҳам ўша савол янграйди:
– Испанияга яна қаъъъъъъъъъъъчон ташриф буюрмоқчисиз?
– Болгариядан кейин тўғри сизлар томонга бораман.
– Аниқроғи?
– Тахминан икки ҳафталардан сўнг. Дастхат-сессияларни Сантьяго-де-Компостелада ва яна бирини Басклар Мамлакатида ўтказишимиз мумкин. Сессиялардан сўнг китобхонларни ҳам таклиф қилса бўладиган зиёфат уюштирилади.
Болгариялик аёлларнинг нигоҳларида яна ишончсизлик зоҳирланади, Моника эса табассум қилади.
«Масъулиятни бўйинга олишга қўрқманг!» – деган эди Ж.
Лобби одамлар билан тўлади. Барча катта кўргазмаларнинг қатнашчилари, у китоб ярмаркаси бўладими ёки оғир саноат дастгоҳлари кўргазмасими, одатда битта меҳмонхонага жойлашади ва энг муҳим учрашувлар меҳмонхона барлари, лобби ёки бугунги каби кечки овқатларда бўлиб ўтади. Мен ҳар бир ношир билан саломлашаман ва “Бизнинг юртга ҳам борасизми?” деб мурожаат қилганларга розилик билдираман. Моника мени четга тортиб, “Нималар бўляпти ўзи, жин урсин?” деб сўрашига имкон бермаслик учун уларнинг ҳар бири билан иложи борича кўпроқ суҳбатлашишга интиламан. Унинг келишилаётган ташрифларни кундалигига қайд қилиб боришдан ўзга чораси қолмайди.
Яқин вақтларда нечта мамлакатга боришим кераклигини билиш учун араб ноширим билан суҳбатни бўламан.
– Менга қара, мени аҳмоқона ҳолатга тушириб қўйяпсан, – безовталик билан шипшитади Моника португалчада.
– Хўш, нечта экан?
– Беш ҳафтада олтита мамлакат. Умуман, бу ярмаркалар ноширлар учун ўтказилмоқда, ёзувчилар учун эмас. Ҳамма таклифни қабул қилишинг шартмас. Ахир мен…
Моника гапини тугатмай олдимизга португалиялик ношир келади ва бизнинг суҳбатимиз узилади. Салом-аликдан сўнг ундан сўрайман:
– Мабодо мени Португалияга таклиф қилмоқчи эмасмисиз?
У Моника билан суҳбатимиз қулоғига тасодифан чалиниб қолганини тан олади.
– Ростдан ҳам. Гимараиш ва Фатимда дастхат-сессиялар ташкил қилинса ажойиб иш бўларди.
– Агар охирги лаҳзада фикрингиз ўзгариб қолмаса…
– Фикрим ўзгармайди. Ваъда бераман.
Биз муддатларни келишиб оламиз ва Моника кундалигига ёзиб қўяди: Португалия, яна беш кун. Ниҳоят, рус ноширлар кўриниш беради. Моника енгил нафас олади ва мени тезроқ ресторанга судрайди.
Такси кутаётганимизда мени четга тортади.
– Ақлдан оздингми?
– Ҳа, бунга анча йил бўлган. Сен хитой бамбуки ҳақида эшитганмисан? У беш йилгача кичиккина поя бўйича тураверади. Бу муддатда унинг фақат илдизлари ўсади. Вақти келганда эса бирданига тезлик билан кўкка бўй чўзади ва йигирма беш метрга етади.
– Хўш, хитой бамбуки ва сенинг ақлга сиғмайдиган хатти-ҳаракатинг ўртасида қандай алоқа бор экан?
– Кейинроқ сенга бир ой аввал Ж. билан бўлган суҳбатимизни гапириб бераман. Бамбукка келсак, бир нарсани айтишим мумкин: менда ҳам худди шундай бўлганди. Мен бор кучим ва вақтимни сарфлаб, меҳр ва фидойилик билан ўз устимда ишладим. Аммо бундан ҳеч нарса чиқмади. Узоқ йиллар давомида шундай бўлиб келди.
– Ҳеч нарса чиқмади деганинг нимаси? Ким бўлганингни унутдингми?
Такси келади. Россиялик ношир Моникага эшикни очиб беради.
– Мен руҳий ҳаёт ҳақида гапиряпман. Фикримча, мен ана шу бамбук поясидекман ва мана энди менинг бешинчи йилим келди. Ўсиш пайти келди. Сен “Ақлдан оздингми?” деб сўрадинг, мен жавобан ҳазил қилдим. Тўғрисини айтганда, ростдан ҳам ақлдан озгандим. Ҳатто шунча йил орттирилган билимларнинг бирортаси ҳам қалбимда илдиз отмаганига ишона бошлаган эдим.
Олдимизга болгариялик ношир аёллар келишган лаҳзада мен Ж. ни ёнимда тургандек ҳис қилдим ва шу онда унинг нима демоқчи бўлганини тушундим (аммо ички сезги менга аввалроқ – зерикишдан боғдорчилик ҳақидаги журнални варақлаб ўтирганимда келганди). Узлатга чекиниш менга ўй-хаёлларимни тартибга солишда ёрдам берди. Аммо бунинг иккинчи томони ҳам бор – юракни эзадиган ёлғизлик. Менинг оламим кам сонли дўстлар ҳамда электрон почтадаги ёзишмалар билан чекланарди ва умримнинг қолган қисми фақат ўзимга тегишли, деб ўйлардим. Бундай ҳаёт тарзида ўзгалар билан мулоқот қилиш оқибатида юзага келадиган муаммоларга ўрин қолмайди.
Наҳотки менинг излаганим мана шу: чақирувларга ўрин бўлмаган ҳаёт. Бошқалардан ўзни олиб қочиб, Худони топиш мумкинми?
Кўпчилик шундай йўл танлайди. Бир сафар Непалда одамлардан буткул узилган ҳолда йигирма йилни ғорда ўтказган монах аёл билан ҳазиломуз суҳбат қургандим. Унинг бу билан нимага эришганини билишга қизиқдим. “Руҳий лаззат”, деб жавоб берганди. “Лаззат олишнинг бошқа қулайроқ йўллари ҳам бор”, дегандим ўшанда кулиб.
Бу менинг йўлим эмаслиги тайин; унга ҳеч қачон қадам қўймаган бўлардим. Бутун умримни руҳий лаззатга, боғимдаги эманни томоша қилиб Яратганнинг марҳаматини кутиб ўтиришга сарфлай олмайман. Ж.га бу аён. У мени ўз-ўзимни топиш учун борадиган йўлим харитасини ўзга инсонлар кўзидан қидириб топишим учун сафарга йўллаган.
Рус ноширлардан узр сўраб, Моникада гапим борлигини тушунтираман ва португалчада гап бошлайман:
– Бир одам қоқилиб, чуқур ўрага тушиб кетибди. Ўра олдидан руҳоний ўтибди. Чуқурдаги одам ундан ёрдам сўрабди. Руҳоний уни дуо қилиб, ўтиб кетаверибди. Бир муддат ўтгач доктор ўтибди. Жабрдийданинг илтижосига жавобан бир қараб қўйиб, унга дори ёзиб берибди ва яқин орадаги дорихонадан сотиб олишни буюрибди. Ниҳоят яна бир нотаниш кўринибди. Асир ёрдам сўрабди ва нотаниш унинг ёнига сакраб тушибди. “Нима қилиб қўйдинг! Энди иккимиз ҳам бу ердан чиқа олмаймиз!” Нотаниш эса: “Мен шу яқин орада яшайман ва бу ердан қандай чиқишни биламан”, – деб жавоб берибди.
– Хўш, бу нимани билдиради? – сўрайди Моника.
– Менга ҳам шунақа нотаниш кераклигини. Менинг илдизларим етарлича ўсди. Энди кўкка бўй чўзиш учун бошқаларнинг ёрдами керак. Нафақат сенинг, Ж. нинг ёки рафиқамнинг, балки ҳали мен учратмаганларнинг ҳам. Бунга ишончим комил. Мана нима учун дастхат-сессиялардан сўнг зиёфат уюштиришни сўраяпман.
– Доим бир нималар бошлаб юрасан! – дейди Моника норози оҳангда.
– Шунинг учун ҳам севасан-да мени, – табассум қиламан жавобан.
* * *
Ресторанда турли мавзуларда гаплашамиз, муваффақиятимизни нишонлаймиз ва ҳамкорлигимизни муҳокама қиламиз. Китобга оид гаплар фақат Мониканинг ваколатига киргани боис суҳбатнинг кўп қисмида жим ўтираман. Яна ўша савол янграйдиган вақт ҳам етади:
– Пауло Россияга қачон бормоқчи?
Моника менинг жадвалим бирдан тиғиз кўриниш олгани ва кейинги ҳафтадан ҳар куним соатларигача режалаштириб қўйилганини тушунтиради. Мен гапини бўламан:
– Биласизми, мен анчадан бери бир нарсани орзу қилардим. Буни амалга оширишга икки марта уриндим, аммо ҳеч нарса чиқмади. Агар ёрдам беришга рози бўлсангиз, Россияга борардим.
– Қанақа орзу экан?
– Поездда бутун Россиядан юриб ўтиб Тинч океани соҳилларигача етиб бориш. Йўлдаги шаҳарларда тўхтаб дастхат-сессияларни ўтказишимиз мумкин бўларди. Бу билан Москвагача етиб боришга имкони йўқ китобхонларни хурсанд қилган бўлардик.
Қувончдан ноширнинг кўзлари чақнайди. У ҳозиргина тўққизта вақт чизиғи ўтган улкан мамлакатда китобларни оммалаштириш қийинчиликлари тўғрисида гапирган эди.
– Қандай романтик орзу! Худди хитой бамбуки руҳида, – кулади Моника. – Ва амалга ошиши қийин. Сенга яхши маълумки, мен ҳамроҳлик қила олмайман. Мен уйда, ўғлимнинг ёнида бўлишим керак.
Ноширим завққа тўлган. Оқшом давомидаги бешинчи қаҳвани буюраркан, у барча ташвишни бўйнига олишига, менинг Россиядаги агентим ҳамма ишни саранжомлашига, Мониканинг ташвишланишига ҳожат йўқлигига ва ҳаммаси зўр бўлишига ишонтиришга уринади.
Шундай қилиб, учрашувларни ташкиллаштиришга масъул бўлганларни ҳам хурсанд қилиб, ҳам бошларига иш орттириб, кундалигимни икки ойлик дарбадарлик билан тўлдирдим. Агентим ва содиқ дугонамнинг завқли, эҳтиромли нигоҳини сезаман. Ўша пайтда устозим айтган ва мен тушунмаган бўлсам-да, ниҳоят масъулиятни зиммамга олганимни ёнимда бўлмаса ҳам билиб турганини ҳис қиламан. Кўча совуқ бўлганига қарамай меҳмонхонага пиёда қайтаман. Энди ортга йўл йўқлигини тушуниб, ҳаяжон ва қувонч ҳис қиламан.
Ўзим шуни истагандим. Ғалабага ишонсанг, ғолиб чиқасан. Чунки ғалаба ҳам сенга ишонади. Инсон ҳаёти озгина телбаликларсиз тўлиқ бўлмасди. Ж. айтганидек, мен ўз оламимни топишим керак. Дунёда нима содир бўлаётганини билсам, қалбимда нима содир бўлаётганини тушунаман.
* * *
Меҳмонхонада рафиқам менга бир неча бор қўнғироқ қилгани ва имкон бўлиши билан унга боғланишимни сўраганини хабар қилишади. Кўнглимда хавотир уйғонади: мен сафардалигимда у камдан-кам қўнғироқ қиларди. Тезда унинг рақамини тераман. Чақирувлар орасидаги вақт мангуликдек туюлиб кетади.
Ниҳоят у жавоб беради.
– Вероника жиддий автоҳалокатга учрабди, лекин хавотир олма, ҳозир анча яхши, – дейди ҳаяжон билан.
Вероника билан гаплашмоқчилигимни айтаман. Бироқ рафиқам бунинг иложи йўқлигини, у ҳали касалхонадалигини айтади.
– Башоратчи эсингдами? – сўрайди у.
Албатта, эсимда. Ахир у менга ҳам башорат айтганди. Суҳбатни якунлашим билан Мониканинг рақамини териб, рўйхатида Туркия бор-йўқлигини сўрайман.
– Кимларнинг таклифини қабул қилганинг ҳам эсингда йўқми?
Ҳа, эсимда йўқ. Бу саёҳатларни белгилаётганда мен ғалати эйфория[2]2
Эйфория – ҳақиқий аҳволга мос келмаган ҳолда кайфиятнинг кўтаринки бўлиши, ўзидан-ўзи хурсанд бўлаверишлик.
[Закрыть] ҳолатида эдим.
– Зиммангдаги мажбуриятларинг ҳали ёдингда деб умид қиламан. Хоҳласанг, ҳаммасини ўнглашга ҳали вақт бор.
Унга ўйлаганларимни жон деб амалга оширишимни, бироқ ҳозир гап бунда эмаслигини тушунтираман. Башоратчи ва унинг Вероника борасидаги башоратлари ҳақида гапиришга энди жуда кеч. Моникадан рўйхатимизда Туркия бор-йўқлигини қайта сўрайман.
– Йўқ, – жавоб беради Моника. – Туркиялик ноширлар бошқа меҳмонхонада тўхташган. Акс ҳолда…
Мириқиб куламиз.
Энди бемалол ухласам бўлаверади.
МУСОФИР УЧУН ЧИРОҚ
Деярли икки ойлик саёҳатлар ортда қолди. Менга ҳаёт қувончи қайтди. Лекин тунлари уйғонганимда ўз-ўзимдан: “Уйга қайтганимда ҳам шу қувончни ҳис этармиканман?” деб сўрайвераман. Хитой бамбукини ўстириш учун тўғри чора кўряпманми? Ҳозиргача еттита мамлакатда бўлиб улгурдим. У ерда китобхонларим билан учрашдим. Бундан ўзимдаги тушкунликни бироз унутиб, қалбим қувончга тўлди. Аммо нимадир ҳали ўз оламимни забт этмаганимни билдириб турибди. Бу саёҳатларим аввалгиларидан унчалик ҳам фарқ қилмайди.
Олдинда фақат Россия сафари турибди. Кейин-чи? Зиммамга янги мажбуриятларни олиб, ҳаракатни давом эттиришим керакми ёки бироз тин олиб, олинган натижаларни таҳлил қилишга уриниб кўришим керакми?
Ҳозирча менда жавоб йўқ. Билганим бир нарса: йўлчи юлдузга интилиб яшалмаган умр – бекор ўтказилган умр. Мен билан бундай бўлишига йўл қўя олмайман. Зарур бўлса, саёҳатларимни йил охиригача давом эттиришга ҳам тайёрман.
Ҳозир Тунисда, шу номдаги мамлакат пойтахтидаман. Китобхонлар билан учрашув ҳадемай бошланади. Худога шукурки, зал тўлибди. Икки маҳаллий зиёли мени йиғилганларга таништириш учун тайёргарлик кўрмоқда. Улардан бири кириш сўзининг матнини кўрсатди. Нутқ қисқагина, ошиб борса икки дақиқалик. Бошқасининг китобларим тўғрисидаги нутқи анчагина экан – камида ярим соатлик.
Координатор узун нутқ эгасига учрашув бир соатга ҳам бормаслигини, унинг нутқини тўлиқ ўқиш учун вақт етмаслигини хушмуомалалик билан тушунтиради. Нутқ муаллифига осон бўлмаганини тушуниб, унга ачинаман. Аммо координатор ҳақ: мен ўз китобхонларим билан бевосита мулоқот қилиш учун бу ердаман. Қисқа баҳсдан сўнг муаллиф тадбиримизда иштирок этмаслигини маълум қилиб кетиб қолди.
Учрашув бошланди. Саломлар ва ташаккурлардан кейин йиғилганларга бу ерга бирор нарсани тушунтириш учун келмаганимни ва учрашувимизни монолог эмас, балки жонли мулоқот тарзида олиб бормоқчилигимни айтдим.
Бир аёл китобларимда ёзган белгилар ҳақида сўрайди. Улар қанақа бўлади? Унга ҳар бир шахс учун алоҳида белгилар борлигини, умримиз давомида оғир синовлардан ўтиб, хатолар қилиб, Яратган бизни ўзи белгилаган йўлга йўналтираётганини англаб етганимизча белгиларни ажратишни, танишни ўрганиб боришимизни тушунтираман. Яна бир китобхоннинг тахминича, мени Тунисга ҳам белгилар олиб келган. Тафсилотларга тўхталиб ўтирмай, шундайлигини тан ола қоламан.
Суҳбат давом этади, вақт ўтиб боради ва хотима ясаш фурсати етади. Мен таваккалига олти юз иштирокчи орасидан ўрта ёшлардаги мўйловли одамни танлайман ва сўнгги саволни беришни сўрайман.
– Менинг саволим йўқ, – дейди у. – Мен фақат бир ном айтмоқчиман.
У айтган ном – Барбазан-Деба. Бу ҳозир мендан минглаб чақирим олисдаги ибодатхона. Бу ерга содир бўлган мўъжизага шукрона сифатида санамча эҳсон қилгандим ва айнан шу ерда сафарга жўнаш олдидан Яратгандан мадад сўрагандим.
Унга нима жавоб қилишни билмайман. Саҳнада мен билан ўтирганлардан бири ўша пайтдаги ҳолатимни шундай тасвирлаганди:
Худди ер айланмай қолган ва вақт ҳам тўхтагандай эди. Ақл бовар қилмас ҳолат юзага келди: нотаниш китобхон ўша ибодатхона номини айтганда мен сиз ва рафиқангиз кўзларига қалққан ёшларни кўрдим.
Сиз бирдан тилдан қолдингиз ва юзингизни табассум тарк этди. Кўзларингиз ёшга тўлди. Киприкларингиз учидаги ёш томчилари сўроқсиз пайдо бўлгани учун узр сўраётгандек қалтираб турарди.
Ҳатто менинг ҳам нафасим бўғилди. Кўзларим билан хотиним ва қизимни қидиришга тушдим; ҳар доим ҳаяжонли дақиқаларда шундай қиламан. Улар залда эдилар ва ҳамма каби улар ҳам нигоҳлари билан сизга хайрихоҳлик ва далда бўлишга уринишарди.
Мен ичимда Кристинадан ёрдам сўрадим, нималар содир бўлаётганини англашга, бу сукунатни қандай бузишга уринардим. Ва кўрдимки, у ҳам сиз билан бирга сассиз йиғламоқда, сизлар бир-бирингиздан узоқда ўтирган эсангиз-да, кўзёшларингиз бир-бирига қўшилиб кетгандай, гўёки иккингиз бир симфониянинг икки нотасидек эдингиз.
Бир неча лаҳзага ҳамма нарса: зулм ҳам, томошабинлар ҳам мавжудликдан тўхтади. Сиз рафиқангиз билан ҳеч биримиз ортингиздан бора олмайдиган жойга руҳан кўчдингиз. Биз билан сукут ва кўзёш орқали юзага чиққан ҳаёт қувончигина қолди.
Сўзлар – қоғозга кўчган кўзёшлар. Кўзёшлар – айтилмайдиган сўзлар. Уларсиз қувонч ўз зиёсини йўқотган, қайғу эса туганмас бўларди. Шунинг учун ҳам кўзёшларингиз учун раҳмат.
Эҳтимол, белгилар ҳақида савол берган аёлга бу ҳам қаерда бўлишим керак бўлса, керакли вақтда ва керакли жойдалигимни билдирувчи белги эканини ҳамда мени бу ерга келишга нима ундаганини ўзим ҳам тушунмай қолганимни айтишим керакмиди.
Шундай бўлса-да, тахминимча, бунга ҳожат йўқ эди. Шундоқ ҳам ҳаммасини тушуниб олгандир.
* * *
Рафиқам билан қўл ушлашиб Тунис бозорларини кезиб юрибмиз. Бу ер бир даврлар қудратли Рим империясига таҳдид солган Карфаген харобаларидан бор-йўғи ўн беш чақирим нарида жойлашган. Биз буюк Карфаген қўмондони Ганнибал ҳақида гаплашамиз. Рим ва Карфагенни бир неча юз чақирим сувлик ажратиб тургани учун римликлар жангни денгизда бўлишини кутмоқда эдилар. Аммо Ганнибал улкан қўшини билан чўлни кесиб ўтиб, Гибралтар бўғозидан, Испания ва Галлиядан ҳамда жанговар филлари билан Альп тоғларидан ошиб ўтиб римликларга шимолдан ҳужум қилди ва тарихдаги энг шонли ғалабалардан бирига эришди.
Ганнибал йўлига ғов бўлганларнинг барчасини ер тишлатди. Бироқ кутилмаганда, ҳеч кимга маълум бўлмаган сабабга кўра Римга бир қадам қолганда тўхтаб қолди ва шу билан Мангу шаҳарни забт этиш унга насиб этмади. Айнан шу қатъиятсизлик туфайли йиллар ўтиб Карфаген римликлар томонидан ер юзидан супуриб ташланди.
– Ганнибал тўхтади ва ютқазди, – мулоҳаза қиламан овоз чиқариб. – Демак, қийинчиликларга қарамай фақат олға интилиш керак. Тинимсиз сафарларга кўникиб боряпман.
Рафиқам ўз-ўзимга гапираётганимни тушунади ва ўзини эшитмагандай тутади. Маҳаллий қаҳвахонада бизни Самил, мен китобхонлар билан учрашувдан сўнг таваккалига танлаб, зиёфатга таклиф қилганларимдан бири, кутиб ўтирибди. Бизга одатда ҳамма сайёҳларга кўрсатиладиган обидаларни эмас, балки шаҳарнинг ҳақиқий ҳаётини кўрсатишини сўрайман.
Самил бизни чиройли иморат ёнига бошлаб боради. Маълум бўлишича, бу ерда 1574 йилда биродаркушлик содир бўлган экан. Қотил ва қурбоннинг отаси бу ерга шу иморатни солиб, унда ҳалок бўлган ўғли хотирасига мактаб ташкил қилибди. Унинг ҳикоясига жавобан бунинг натижасида қотил ўғил ҳам унутилмаслигини айтаман.
– Унчалик эмас, – дейди Самил. – Бизда жиноятнинг олдини ола билмаган киши ҳам шу жиноятга теппа-тенг шерик ҳисобланади. Қотиллик содир бўлганда, қотилга қурол сотган ҳам Парвардигор олдида бирдек гуноҳкор бўлади. Ота ўз айбини енгиллатишининг ягона йўли – фожиани одамларга фойдаси тегадиган нарсага айлантириш эди.
Бирдан ҳамма нарса йўқолади: уй, кўча, шаҳар ва Африка ҳам. Мен гўё улкан сакраш қилиб, зах ертўлага олиб борадиган қоронғи туннелда пайдо бўламан. Бу уйда қон тўкилишидан икки юз йил олдинга, ўзимнинг аввалги ҳаётларимдан бирига қайтаман. Менга тикилиб турган Ж. қаршисида турибман. Унинг нигоҳи кескин эди.
Лаҳза ўтмай яна ўз ҳолатимга қайтаман. Туниснинг сершовқин кўчасида, рафиқам ва Самил ёнида турибман. Бу нима бўлди? Нега Хитой бамбукининг илдизлари унинг новдасига оғу узатмоқда? У ҳаёт ортда қолди ва унинг гуноҳлари ювиб бўлинган.
“Сиз бир марта қўрқоқлик қилдингиз, мен эса кўп марталаб виждон амрига бўйсунмадим. Ҳозир бўлса шу кашфиёт туфайли озодман” деган эди Ж. Сен-Мартенда. У ҳеч қачон менинг ўтмишга қайтишга уринишларимни маъқулламас, бунга ёрдам берадиган машқлар бажариш ва китоблар ўқишга қатъий қаршилик қиларди.
– Қурбоннинг отаси қасос олишга уринмади, барибир бу муносиб жазо бўла олмасди. Бунинг ўрнига донолик ва билим тарқатишга аҳд қилди. Унинг мактаби икки юз йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритди.
Бошқа замонга кўчганимга қарамай биронта ҳам сўзни ўтказиб юбормадим.
– Айнан шундай.
– Нима шундай? – сўрайди рафиқам.
– Мен йўлдаман. Англашни бошлаяпман. Буларнинг барчасида мазмун бор.
Мени қувонч қамраб олади. Ҳамроҳимиз эса бироз хижолат чекади.
– Ислом дини реинкарнация ҳақида нима дейди? – сўрайман ундан.
Самил ўйланиб қолади.
Ундан шуни билиб беришни илтимос қиламан. Самил телефонини олиб танишларига бирма-бир қўнғироқ қила бошлайди. Биз рафиқам билан қаҳвахонага кириб, аччиқ қаҳва буюрамиз. Иккимиз ҳам чарчадик. Бизни денгиз маҳсулотларидан тайёрланган кечки овқат кутиб турибди. Ҳозир ортиқча бирон нарса еб қўймаслик учун ўзимизни тийишимиз керак.
– Менда ҳозир дежавю[3]3
Киши бирон-бир ҳолатда аввал ҳам бўлгандек туюладиган, аммо қачон ва қаерда эканини эслай олмайдиган руҳий ҳолат.
[Закрыть] содир бўлди.
– Бу ҳаммада вақти-вақти билан бўлиб туради. Буни ҳис қилиш учун сеҳргар бўлиш шартмас, – ҳазиллашади Кристина.
Самил қаергадир йўқолиб кетди.
– Анави уйни томоша қилаётганимизда мен бир сонияга ўтмишга кўчдим. Бу ҳол Самил фақат жиноятчи эмас, балки унга шу жиноятни содир қилиш учун шароит яратиб берганларнинг барчаси айбдор бўлишини айтаётган пайтда содир бўлди. 1982 йилда Ж. билан энди танишган пайтларимиз унинг отасига қандайдир боғлиқлигим борлигини айтганди. Ўшандан бери бу мавзуга умуман қайтмади ва бу ҳақда унутиб юбордим. Аммо бир неча лаҳза олдин унинг отасини кўрдим. Энди эса унинг нимани назарда тутганини тушуняпман.
– Ўша менга гапириб берган ҳаётингдами?..
– Ҳа. Испан инквизицияси даврларида.
– Буларнинг ўтиб кетганига анча бўлган. Қандайдир қадимий воқеани деб ўзингни қийнашнинг нима кераги бор?
– Мен қийналмаяпман. Яраларинг битиши учун ўзингда журъат топиб уларни кўздан кечиришинг керак. Мен ўзимни кечиришни ва хатоларимни тўғрилашни ўргандим. Тушуняпсанми, бу саёҳат улкан бошқотирмага ўхшайди ва мен эндигина уни қисмларга ажрата олдим; муҳаббат, нафрат, қурбон, кечириш, қувонч ва қайғу. Мана, нима учун биз бу ердамиз. Ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Мен ўз оламимни топганимча йўқ. Чунки ҳали ҳаммасини тушунмайман. Аммо бу содир бўлгач, ҳақиқат мени озод этади.
* * *
Самил қўлида китоб билан қайтди. Ёнимизга ўтириб, арабчада бир нималарни ғудраниб, саҳифаларни аста оча бошлайди.
– Мен шулардан хабари бўлган танишларнинг учтаси билан гаплашдим, – дейди ниҳоят. – Улардан иккитасининг ишонтиришича, биз ўлганимиздан сўнг тўғри жаннатга тушарканмиз. Учинчиси эса Қуръоннинг айрим оятларига мурожаат қилишни маслаҳат берди.
– Мана биринчиси: «Ва ҳолбуки жонсиз эдингиз У сизга жон берди, сўнгра жонингизни олади ва яна тирилтиради ва сизлар Унга қайтажаксизлар»[4]4
Қуръондан (Бақара сураси, 28-оят).
[Закрыть]. Ўзимни яхши таржимон дея олмайман, лекин маъноси айнан шундай.
Самил китобни ҳафсала билан варақлайди ва кейинги оятни ўқийди.
– «Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз»[5]5
Қуръондан (Бақара сураси, 154-оят).
[Закрыть].
– Мана у!
– Бу ерда бошқа оятлар ҳам бор. Аммо ростини айтганда, бу мавзуларда гаплашиш менга бироз ноқулай. Келинг, яхшиси, сизга Тунисни кўрсата қолай.
– Ўқиганларингизнинг ўзи етарли. Инсонлар кетмайди, биз доим шу ерда бўламиз, ўтмиш ва келажак оралиғида. Умуман, Инжилда ҳам шунга ўхшаш сўзлар бор. Бир жойида Исо алайҳиссалом Яҳё алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: «У (Чўқинтирувчи) – келиши керак бўлган Илёсдир»[6]6
Инжилдан (Матто баён қилган Муқаддас Хушхабар, 17:10)
[Закрыть]. Агар яхшилаб эслаб кўрилса, бу мавзуга оид яна цитаталарни топса бўлади, – дейман.
Самил шаҳар пайдо бўлиши ҳақидаги афсонани бошлаб юборади ва тушунаманки, ўрнимиздан кўтарилиб, обидаларни томоша қилишда давом этиш пайти келди.
* * *
Эски шаҳарнинг деворлари устида чироқ бор экан. Самилнинг айтишича, араблар кўп ишлатадиган “чироқнинг ёруғи фақат ажнабий (мусофир)га тушади” деган матали шу ердан келиб чиққан.
Нима ҳам дердим, матал айни ҳаётий. Самил орзуси – ёзувчи бўлиш ва ўз ватанида уни тан олишлари учун курашмоқда. Ватанида эса мени, бразилиялик ёзувчини тан олишади.
Бизда ҳам шунга ўхшаш мақол борлиги эсимга тушади: “Ҳеч ким ўз юртида пайғамбар эмас”. Одатда узоқдан келган нарсаларни қадрлаймиз ва атрофимиздаги гўзалликка кўп ҳам эътибор қаратавермаймиз.
– Шундай бўлса-да, вақти-вақти билан, – давом этаман мен, – ўзинг учун мусофир бўлиб туриш керак.
Суҳбатимизга умуман эътибор бермаётгандай турган рафиқам бир пайт менга ўгирилиб:
– Буни қандай тушунтиришни билмайман-у, аммо бу чироқда сенга алоқадор нимадир борга ўхшайди. Тушунишим билан айнан нималигини сенга айтаман.
* * *
Бироз дам олиб, дўстлар билан кечки овқатни тановул қилгач яна шаҳар бўйлаб сайрга отланамиз. Фақат бу сафар Кристина кун бўйи ҳис қилганларини тушунтиришни бошлайди:
– Сен сафарда юрганинг билан уйдан чиқа олмаяпсан. Биз бирга эканмиз, шундай давом этаверади. Чунки ёнингда сени яхши биладиган одам бор ва бу хотиржамлик туйғусини сингдириб боради. Энди сафарингни ёлғиз давом эттиришинг керак. Эҳтимол, чидаб бўлмасдек кўринган ёлғизлик сени қийнар, аммо бу туйғу бошқалар билан яқинроқ мулоқот қила бошлаганингда асталик билан йўқолиб боради.
Бироз тин олгач, у давом этади:
– Қаердадир ўқигандим, юз минг дарахтли ўрмонда бир хил япроқ учрамас экан. Икки киши бир Йўлдан боришса-да, уларнинг манзиллари алоҳида. Умумий қарашларимизга мослашишга уриниб, бирга бўлишда давом этар эканмиз, ҳеч қайсимиз муваффақиятга эриша олмаймиз. Шундай экан, сен билан хайрлашаман. Германияда учрашамиз, футбол бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи ўйинида.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?