Электронная библиотека » Пауло Коэльо » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Алиф"


  • Текст добавлен: 19 октября 2023, 17:58


Автор книги: Пауло Коэльо


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

9 288

Транссибирь магистрали – дунёдаги энг узун темирйўллардан бири. У Европа вокзалларидан бошланиб, юзлаб катта-кичик шаҳарларни боғлаб, Россия бўйлаб тўққиз минг икки юз саксон саккиз чақиримга чўзилади. Бу йўл мамлакатнинг етмиш олти фоиз ҳудудини ва еттита вақт чизиқларини кесиб ўтади. Москвадан кечки соат ўн бирда поездга ўтирган вақтимда сафаримизнинг сўнгги нуқтаси Владивостокда янги кун бошланаётган бўлади.

Ўн тўққизинчи аср охирларида ҳам Сибирга саёҳат қилишга унча-мунча одам журъат эта олмасди. Ахир у ерда, Оймякон шаҳрида, ер юзидаги энг паст –72 С даража қайд этилган. Бу ўлкани ташқи дунё билан боғлайдиган асосий транспорт томирлари – дарёларда йилда саккиз ой муз эримайди. Россия империясининг асосий табиий бойликлари Осиё қисмида бўлса-да, узоқ муддат давомида Европа қисмидан узилиб қолган. Шоҳ Александр II сиёсий ва стратегик мақсадларни кўзлаб, темирйўл қуришга қарор қилади. Бу қурилишга бутун Биринчи Жаҳон урушига сарфлангандан ҳам кўра кўпроқ маблағ сарфланган.

1917 йилги инқилобдан кейинги фуқаролар уруши даврида темирйўл атрофида шиддатли жанглар бўлиб ўтган. Тахтдан ағдарилган императорга содиқ қўшинлар, хусусан, Чехославак легиони бронепоездлардан қизил армия ҳужумларини қайтариш ҳамда шарқдан душманга етказиладиган ўқ-дори ва озиқ-овқатни узиб қўйишда фойдаланган. Ўшанда уруш тақдирини кўприкларни портлатиб, поездлар қатновини издан чиқарган партизанлар ҳал қилишган. Оқ гвардиячилар бутун Сибир бўйлаб чекинишади. Кўплари Аляска ва Канадага ўтиб кетишади, кейин бутун дунёга тарқалиб кетишади.

Москва вокзалларида Европадан Тинч океанигача тўрт ўринли купе чиптаси нархи уч юздан олти юз еврогача.

* * *

Саёҳатимдаги илк олган суратим – вокзалдаги поезднинг жўнаш вақти 23:15 эканини кўрсатиб турган жадвал бўлади. Болалигимда узоқ мамлакатларга сафар қилишни орзу қилиб, ўйинчоқ паравозни рельслар бўйлаб юргизган пайтларидаги каби юрагим тобора тез уради.

Ж. билан охирги учрашувимизга эндигина уч ойдан ошган бўлса-да, у аввалги ҳаётда содир бўлганга ўхшайди. Унга берган саволларим қанчалик аҳмоқона бўлганини энди тушуна бораман. Ҳаётнинг маъноси нимада? Нега олға силжий олмаяпман? Руҳий оламга бефарқ бўлишга нима мажбур қилди? Жавоб оддий: шунчаки, мен ҳозирим билан яшамай қўйгандим.

Қани эди, яна болаликка қайтиб қолсанг! Кўзларинг чақнаб, перрондаги тиқилинчни кузатсанг, вокзал овқати ва машина ёғининг ҳидига димоғинг тўлса, вагонларни санасанг, платформага кираётган поезд тормозлари овозига қулоқ тутсанг…

Яшаш – эртадан-кечгача ҳаётнинг моҳияти ҳақида ўйлаб ётиш эмас, балки ҳар лаҳзани онгли равишда яшаб ўтишдир. Албатта, бунинг учун Осиёни кесиб ўтиш ёки Сантьяго зиёратига бориш шарт эмас. Бир австриялик аббатни билардим. У Мелькдаги монастирини ҳеч қачон тарк этмаган бўлса-да, ҳаёт ҳақида мен учратган барча сайёҳлардан ҳам кўпроқ биларди. Бир танишим ухлаётган болаларни кузатиш орқалигина руҳан ақл бовар қилмас чўққиларга кўтарилган. Рафиқам янги сурат устида иш бошларкан транс ҳолатига тушиб, қўриқчи фариштаси билан гаплашади.

Бироқ мен дарвиш бўлиб туғилганман. Ҳатто ҳеч ерга кетгим келмаганда ҳам, Ватан соғинчи мени тилка-пора қилганда ҳам, сафарларга чорловчи илҳом мени чулғаб олиши учун биринчи қадамни қўйишимнинг ўзи етарли. Ярослав вокзалидаги бешинчи рақамли платформани қидира туриб тушунаманки, бир жойда ўтириб мақсадимга ҳеч қачон эриша олмайман. Мен ўз қалбим билан саҳроларда ёки тоғларда, бегона шаҳар ёки йўлда бўлган кезлардагина тиллаша оламан.

Мен ўтирадиган вагон энг охиргиси, уни бутун йўл давомида бошқа поездларга улаб-ажратиб боришади. Платформанинг мен турган томонидан локомотив кўринмайди. Поезд худди улкан пўлат илонга ўхшаб кўринади. Йўловчилар – мўғуллар, татарлар, рус ва хитойликлар – ўзларининг катта жомадонларига ўтирган ёки тик турган ҳолда, мен каби, вагон эшиклари очилишини сабр билан кутишмоқда. Вақти-вақти билан баъзилари ёнимга келиб гаплашишга ҳаракат қилишади. Аммо мен суҳбатдан ўзимни олиб қочаман. Шу вақтда шу жойдалигимдан бошқа нарсани ўйлагим келмайди. Фақатгина поездда жўнашга эмас, тақдирнинг янги чақирувига ҳам тайёр эканимни ҳис қиламан.

* * *

Завқли болаликка қайтиш онлари беш дақиқага чўзилди, холос. Аммо ҳар бир деталь, ҳар бир товуш ва ҳар бир ҳидни ўзимга сингдиришга улгурдим. Уларни ёдда сақлаб қола олмайман. Аммо бу муҳиммас: вақт – у ёқдан-бу ёққа айлантиравериш мумкин бўлган магнитофон тасмаси эмас.

«Қайтганингда нимани гапириб бериш ҳақида ўйлама. Вақт – шу ер ва шу лаҳза».

Ҳамроҳларим ёнига бораман. Уларда ҳам шундай ҳаяжонни кўраман. Мени Яо исмли таржимонимиз билан таништиришади. Унинг ота-онаси фуқаролар урушида Хитойдан Бразилияга қочишган экан. Яо Японияда ўқиган ва нафақага чиққунга қадар Москва университетида тилшуносликдан сабоқ берган экан. Кўринишидан етмишларга борган, бўйи баланд ва гуруҳимиздаги костюм кийиб бўйинбоғ таққан ягона киши эди.

– Исмим «жуда узоқ» деган маънони англатади, – дейди у илиқ табассум билан.

– Меники эса «кичкина тош», – табассум қиламан жавобан. Ростини айтганда, кеча оқшомдан бери лабимдан табассум аримай қолган. Кечалари эса келгуси саргузаштларни ўйлаб ухлай олмайман. Бундай кайфият менда анчадан буён бўлмаганди.

Ҳар ерда ҳозиру нозир Ҳилол бизнинг вагон олдида турибди. Менинг ҳисобимча, у кетадиган вагон бизникидан анча узоқда. Унинг бу ердалиги мени умуман ҳайрон қолдирмайди. Қизга ҳаводан ўпич юбораман ва у кулиб қўяди. Йўл давомида у билан суҳбатларимиз қизиқарли бўлишига ишончим комил.

Номаълум денгизларга сузиб кетишга тайёр турган сайёҳ сингари бирор тафсилотни ҳам назардан четда қолдирмаслик учун атрофни кузатаман. Таржимон мени безовта қилишга журъат қилмайди, бироқ сезиб турибманки, нимадир режадагидек эмас, ноширларим нимадандир безовта.

Таржимондан нима бўлаётганини сўрайман. У менинг россиялик агентим ҳалиям келмаётганлигини тушунтиради. Тадбиркор дўстим билан бўлган кечаги суҳбат элас-элас ёдимга тушади. Умуман, нима фарқи бор? Келмаган бўлса, келмагандир. Бу – унинг иши.

Ноширимдан бир нима сўраган Ҳилол кескин оҳангда жавоб олса-да, хотиржамлигини сақлаб туради. Мен у билан учраша олмаслигимни айтганимда ҳам у ўзини шундай осойишта тутганди. Бу ердалигининг ўзи менга тобора ёқиб бормоқда. Унинг қатъияти ва дадиллиги менда ижобий таассурот уйғотмоқда. Бу орада аёллар қизғин баҳсга киришиб кетадилар.

Мен яна таржимондан нима бўлаётганини сўрайман. У муҳаррир аёл Ҳилолдан ўз вагонига жўнашни сўраганини тушунтиради. “Бекор уриниш”, ўйлайман ўзимча: бу қиз фақат ўзи керак деб билган нарсанигина қиляпти. Мен бирор сўзни тушунмай туриб, қиёфа ва ишоралар тилини ўқиётганимдан роҳатланаман. Вақтини топиб, юзимда табассум билан улар олдига келаман.

– Азизларим, саёҳатни салбий кайфиятда бошламаслик керак. Ҳеч қайсимиз аввал чиқмаган бундай сафар олдидан ҳаммамиз хурсандмиз ва шу билан бирга ҳаяжондамиз.

– Лекин у хоҳлаяптики…

– Қўяверинг, майли, қола қолсин. Кейинроқ ўз вагонига кетиши мумкин.

Муҳаррир аёл нари кетади.

Эшиклар платформада акс садо бериб, баланд овоз чиқариб очилади ва йўловчилар ўз жойларини эгаллай бошлашади. Бу эшикларга интилган одамлар ким ўзи? Шунча одамни сафарга нима чорлади экан? Севгисига етишми, қариндошларини йўқлашми, бойлик орзусими, зафар ёки мағлубиятми, кашфиётми, саргузаштми, қочишми ёки қувлашми? Поездимиз мана шу имкониятлар билан тўлади.

Ҳилол ёрқин рангдаги сумкаси ва скрипка қутисини кўтариб биз билан вагонга кирмоқчи бўлиб турибди. Муҳаррир аёл гўё уларнинг даҳанаки жанги натижасидан хурсанддек табассум қилади. Аммо унинг қасос олиш учун биринчи имкониятдан фойдаланишини сезиб турибман. Қасос бизни душманларимиз билан тенглаштириб қўйишини, кечириш эса саховатимиз ва ақлимизнинг улардан устунлиги белгиси эканини тушунтиришнинг ҳожати бормикин? Қасос ҳисси тибет монахлари ва саҳродаги зоҳидлардан ташқари барчамизда бор. Негаки бу инсон боласига хос хислатдир. Шунинг учун бу борада ўзимизни айблайвермаслигимиз керак.

* * *

Вагонимизда тўртта купе, ювиниш хоналари, тахминимча, сафаримизнинг кўп қисмини ўтказадиган меҳмонхонага ўхшаш хоналар ва ошхона бор экан.

Мен ўз купемга кираман: икки кишилик каравот, шкаф, дераза томонда стол ва стул, ювиниш хонасининг эшиги. Бу ерда худди шундай хонага олиб кирадиган яна бир эшик бор экан. Афтидан, икки купега битта ювиниш хонаси, шекилли.

Фаҳмимча, бу купеда россиялик агентим кетиши керак эди. Умуман, нима фарқи бор?

Қўнғироқ чалинади ва поезд аста ўрнидан силжийди. Ҳаммамиз умримизда илк ва сўнгги бор кўраётган одамлар билан хайрлашгани меҳмонхонадаги дераза олдига келамиз. Поезд тезлаша боради, ойна ортида чироқлар липиллайди ва платформа ҳам кўринмай кетади. Ҳамманинг хотиржамлиги мени ҳайратда қолдиради. Ҳеч кимнинг гапиргиси келмайди, олдиндаги саргузаштларни ҳамма ўзича тасаввур қилади ва аминманки, ҳар биримиз на ортда қолаётганларимиз ва на олдинда бизни нималар кутаётгани тўғрисида ўйлаймиз.

Тун қоронғуси чўкканда биз стол атрофига ўтирамиз. Саватча тўла меваларимиз бўлса-да, Москвада овқатланганимиз сабабли унга эътибор қаратмаймиз. Фақатгина шишадаги ароқ барчамизда завқ уйғотади ва уни дарров оча қоламиз. Биз ичиб ўтириб сафаримиздан ташқари ҳамма нарса ҳақида гаплашамиз. Чунки саёҳат ҳозирга тегишли ва ўтмиш бўлиб улгурмади. Иккинчи қадаҳдан сўнг бу сафардан нималарни кутаётганлигимиз ҳақида фикрлаша бошлаймиз. Учинчисидан кейин эса стол атрофида жуда самимий ва қувноқ муҳит юзага келади. Бир-биримизни минг йилдан бери танийдигандекмиз гўё.

Таржимоннинг айтишича, унинг ҳаёти мазмунини уч нарса ташкил этаркан: адабиёт, саёҳат ва жанг санъатлари. Ёшлигимда мен ҳам айкидо билан бироз шуғулланганман. Яо йўлда вақтни сал бўлса ҳам қисқартириш учун бирор кун бирга шуғулланишни таклиф қилади. Вагон йўлаклари торлик қилмаса, албатта.

Ҳилол уни вагонимизга киришини истамаган муҳаррир аёл билан суҳбатлашмоқда. Кўринишидан иккиси ҳам ораларидаги совуқликни йўққа чиқаришга уринишмоқда. Аммо сезиб турибман: бу тор вагонда улардаги келишмовчилик тез орада яна кучаяди. Бу бугун содир бўлмайди, деб умид қиламан.

Таржимон менинг фикрларимни ўқиётган кўринади. Қолган ароқни ҳаммага қуйиб, айкидода низоларни қандай ҳал этилиши тўғрисида гап очади.

– Аслида буни якка кураш тури, деб ҳам бўлмайди. Биз аввало руҳимизни тинчлантиришимиз ва ҳар қандай ёмонликлардан халос бўлиб, ҳаммасини келтириб чиқараётган манба билан умумлашишга уринамиз. Агар кўп вақтингизни бошқа одам билан нима яхши-ю, нима ёмонлигини аниқлашга сарфласангиз, ўз қалбингизни унутиб қўясиз ва натижада ўзгаларни айблашга сарфлаган қувватингиз сизнинг мағлубиятингизга сабаб бўлади.

Етмиш ёшли қариянинг гапларига ҳеч ким қизиқиш билдирмайди. Ароқ юзага келтирган хурсандчилик ўрнини тушкун кайфият эгаллайди. Мен ташқарига чиқаман. Қайтиб келиб қарасам, стол атрофида ҳеч ким қолмабди. Ҳилолдан бўлак, албатта.

– Қани ҳамма? – сўрайман.

– Ҳаммалари одоб юзасидан сизнинг туришингизни кутишди ва шундан кейингина ухлашга кетишди.

– Бизнинг ҳам шундай қилиш вақтимиз бўлди, менимча.

– Иккинчи купе… бўш, шекилли…

Бир қўлимга унинг сумкаси ва скрипка қутисини олиб, иккинчи қўлимда унинг тирсагидан тутаман ва эшикка йўналтираман.

– Тақдирни синаманг. Хайрли тун.

Ҳилол бир қараб қўяди ва индамай ўгирилиб, чайқала-чайқала нариги вагонга ўтиш эшиги томон кетади.

Ўз хонамга қайтганимда жуда чарчаганимни ҳис қиламан. Компьютерни столга қўяман, яқинларим, табаррукларим суратларини – уларни доим ўзим билан олиб юраман – каравот атрофига жойлаштираман ва тиш ювиш учун ювиниш хонасига ўтаман. Вагоннинг тебраниши баробарида стакандаги сув ҳам бирдек чайқалиб турганда ишимни якунлаш анча қийинчилик туғдиради.

Тунги кийимимни кияман, битта тамаки чекаман, чироқни ўчираман, кўзимни юмаман ва поезднинг тебранишини беланчак бўлаётгани, бу оқшом фаришталар келиб мени аллалашини тасаввур қиламан. Бироқ…

ҲИЛОЛНИНГ КЎЗЛАРИ

Тонг отганда ўрнимдан тураман ва кийиниб, меҳмонхонага чиқаман. Ҳамма йиғилган, Ҳилол ҳам шу ерда.

– Менинг бу ерда бўлишимга қарши эмаслигингиз тўғрисида хат ёзиб беринг, – талаб қилади Ҳилол сўрашиш ўрнига. – Бу ерга етишим учун қанча уринганимни билсангиз эди… Ҳамма вагонлардаги қўриқчилар фақат бир шарт билан мени ўтказишларини айтишди…

Унинг гапларига эътибор қилмасликни маъқул кўраман ва қолганлар билан саломлашиб, улардан қандай ухлаганларини сўрайман.

– Жуда ёмон, – бирваракайига жавоб беради ҳамма.

Демак, фақат мен эмас эканман.

– Мен бўлсам мазза қилиб ухладим, – соддадиллик билан дейди Ҳилол, – ҳамроҳларимнинг ўқрайиб қарашларига парво қилмай. – Менинг вагоним ўртадалиги учун деярли силкитмас экан. Сизникида эса туриб бўлмайди.

Ноширим бирон қўпол гап айтиб юборишдан ўзини аранг тияди. Унинг хотини жаҳли чиққанини яшириш учун тамаки олиб деразага ўгирилиб олади. Муҳаррир аёл ғолибона кўринишда ўтирарди. У бир сўз айтмаса ҳам, юзида “Ахир огоҳлантиргандим-а бу қизни қўймайлик, деб” деган маъно зоҳир эди.

– Мен ҳар куни бирон фикрни қоғозга ёзиб, ойнага ёпиштириб қўяман, – дейди Яо. Кўринишидан у ҳам яхши ухлаганга ўхшайди.

Хитойлик туриб ойна олдига келади ва унга қоғозча ёпиштириб қўяди. Унда “Агар камалакни кўрмоқчи бўлсанг, ёмғирни ҳам севишинг керак” деган ёзув бор эди.

Бу оптимистик фикр ҳеч кимни илҳомлантирмайди. Ҳамроҳларимнинг хаёлидан кечаётган “Худойим-ей, наҳотки бу ҳолат тўққиз минг чақиримгача давом этса”, деган ўйларни пайқаш учун телепат бўлиш шарт эмас.

– Сизга телефонимдаги бир расмни кўрсатмоқчи эдим, – дейди Ҳилол. – Агар мусиқа тинглашни хоҳласангиз, менда скрипка бор.

Мусиқа шундоқ ҳам ошхонадаги радиодан янграб турибди. Вагонда танглик кучайиб бормоқда ва исталган пайт портлаш юз бериши мумкин. Унда менинг қўлимдан ҳеч нима келмайди.

– Биласизми, келинг, аввал тинчгина нонушта қилиб олайлик. Хоҳласангиз, сиз ҳам бирга қилинг. Кейин мен озроқ ухлаб олишим керак. Шундан сўнг суратингизни кўраман.

Гапимни момақалдироқ гумбурлашига ўхшаш қаттиқ овоз бўлиб қўяди. Ёнимиздан қарама-қарши томонга бошқа поезд елдек учиб ўтмоқда. Тунда ҳам шундай бўлганди. Бу ҳол кўп такрорланганидан тебраниб бораётган вагон қулай беланчак бўлиш ўрнига кўпроқ коктейл шейкерини эслатарди. Жисмоний беҳузурлик туфайли бу одамлар олдида ўзимни айбдор сезаман. Ахир бу ишга уларни мен тортдим. Бирдан кўтарилиб, кейин кескин пастга шўнғиб бошни айлантириб юборадиган аттракционни ҳамма нега “рус тоғлари” деб аташини энди тушуна бошлаяпман.

Ҳилол ва таржимон бир неча бор суҳбат ташкил қилишга уринишади. Аммо на ношир ва унинг хотини, на муҳаррир аёл ва на бу сафарни ўйлаб топган ёзувчининг ўзи буни қўллаб-қувватлайдилар. Нонушта сукутда ўтади. Дераза ортидаги манзарани ранг-баранг дейиш қийин: кичик қишлоқчалар, ўрмон, яна қишлоқча ва яна ўрмон.

– Екатеринбург ҳали узоқми? – сўрайди ношир Яодан.

– Тун ярмида етиб борамиз.

Ҳамма енгил нафас олади. Балки бу тажрибани тўхтатиб, ортга қайтиш керакдир? Тоғнинг баландлигини билиш учун унга тирмашишнинг ҳожати бўлмаганидек, Транссибирь магистралини босиб ўтганингни кейинчалик гапириб юришинг учун Владивостоккача боришинг шарт эмас.

– Майли, бориб бироз мизғиб олишга ҳаракат қиламан, – деб ўрнимдан тураман. Ҳилол ортимдан эргашади.

– Хат-чи? Телефонимдаги расм-чи?

Хат? Э-ҳа, унга вагонга кириш учун рухсат ёзиб бериш керак эди. Бир нима деб улгурмасимдан Яо тезда русчада ёзилган қандайдир матнни олиб келиб менга имзо учун узатади. Ҳамма йўловчилар, жумладан, мен ҳам уни ғажиб ташлашга тайёр бўламиз.

– Илтимос, аниқлик киритсангиз: кунда фақат бир марта.

Яо керакли ўзгартиришлар киритиб, қўриқчилар томон кетади.

– Расм-чи?

Тезроқ ўрнимга етиб олиш учун ҳар нарсага тайёр турибман. Аммо ҳамроҳларимнинг янада ғазабланишини ҳам умуман истамайман. Ҳилолдан вагон охирига мен билан боришни сўрайман. Эшикни очиб, тор тамбурга ўтамиз. Ғилдиракларнинг тарақлашига вагон уланган ернинг ғичирлашлари қўшилиб чидаб бўлмас шовқин солади.

Ҳилол қуёш чиқаётган пайтда олинган расмни кўрсатади: мовий осмонда узун булут.

– Мана, кўряпсизми?

Ҳа, кўряпман. Оддий булут.

– У ортимиздан келяпти.

Демак, бизни булут кузатиб келмоқда, бунинг устига у тўла тарқаб кетишга улгурган. Мен тезроқ гапни тугатиш умидида унинг гапини тасдиқлаб бош ирғайман.

– Сиз ҳақсиз. Сиз билан буни кейинроқ муҳокама қиламиз. Энди эса ўз хонангизга борсангиз.

– Боролмайман. Ахир сиз кунда фақат бир марта келишга рухсат бердингиз-ку.

Афтидан, чарчоқ ақлимни хиралаштириб, маҳлуқни қўзғаб қўйган кўринаман. Ҳамонки у кунда бир маҳал келиши мумкин экан, бундан келиб чиқадики, у эртадан кечгача шу ерда бўлади. Нима ҳам дердим, бу хатони тўғрилаш керак.

– Менга қаранг, мен ҳам бу поездда худди сиз каби меҳмонман. Мен жон деб сиз билан кўпроқ бўлардим. Ахир сиз жуда ғайратлисиз ва “йўқ” деган сўзни қабул қилмайсиз. Аммо гап шундаки…

Унинг кўзлари. Зангори. Умуман пардозсиз.

– Гап шундаки…

Тинкам қурийди. Бир кун уйқусизлик одамни ланж ва ҳимоясиз бўлиб қолиши учун етарли. Ҳозир айнан шундай ҳолатдаман. Тамбурнинг кўриниши қоронғилашиб, ранглар чаплаша бошлайди. Овозлар пасаяди ва узоқлаша боради. Ақлим хиралашиб, кимлигим ва қаердалигимни унута бошлайман. Ҳилолдан гапимга кириб, вагонига қайтишини сўраётганимни аниқ билиб тураман. Аммо айтаётган сўзларимни бунга умуман дахли бўлмайди.

Муқаддас жойдаги нурга термуламан. Бу нур тўлқинлари қалбимни аксарият ҳолларда ёнма-ён бўлмайдиган муҳаббат ва фароғатга тўлдириб, мени чулғаб олади. Ўзимни четдан кўраман ва яна кўкка хартумини чўзган африка филларини, саҳродаги туяларни, югуриб кетаётган кўппакни, Буонес-Айресдаги барнинг доимий мижозларини, мўйқалам тутиб атиргул чизаётган аёл қўлини, Швейцариядаги қорли чўққини, ғалати мадҳияларини куйлаётган монахларни, Сантьяго-де-Компостела черкови остонасидаги зиёратчини, саҳар туриб жангга ҳозирланаётган аскарларни, сурувини ҳайдаётган чўпонни, уммондаги балиқларни, ўрмонларни ва шаҳарларни – бутун оламни, улкан ва ёрқин, кичик ва осуда дунёни кўраман.

Бу – Алиф, замон ва макон, бутун борлиқни ўз ичига олган нуқта. Унда оламни, унинг энг пинҳон жойларини, замонга сингган назмни ва фазода муаллақ қолган сўзларни кўраман. Бу кўзлар биз мавжудлигини ҳам билмасак-да мавжуд бўлган, жисман эмас, балки руҳан англашимизни кутаётган нарсалар ҳақида сўзлайди. Овоз чиқариб айтилмаган, бироқ тўлиқ тушунарли бўлган мулоҳазаларни эшитаман. Бир вақтнинг ўзида ҳам кўкларга кўтарувчи, ҳам тубанликка тортувчи туйғуларни ҳис этаман.

Лаҳзанинг бир улушичалик пайтга очилган эшиклар қаршисида тураман ва унинг ортида нималар яширинганини кўришга улгураман: хазина ва тузоқлар, юрилмаган йўллар ва ақл бовар қилмас саёҳатлар.

– Нега менга бундай қараяпсан? Нега кўзларингда буларнинг ҳаммасини кўряпман?

Буни мен эмас, балки қаршимдаги аёл гапиради. Кўзларимиз қалбимиз кўзгусига айланди, нафақат бизнинг, балки заминдаги шу дақиқада дарбадар кезиб юрган, севаётган, туғилаётган, ўлаётган, азобланаётган ва ширин хаёллар сураётган барча одамлар қалбининг кўзгусига айланди.

– Бу мен эмас… Бу шунчаки…

Гапириб улгурмайман, чунки эшиклар яна очилади. Мен ҳақиқат ва ёлғонни, маъбуда ҳайкалидаги диний рақсларни, тўлқинланган денгиздаги денгизчиларни, соҳилда шу денгизга термулган мушфиқ ва беташвиш севишганларни кўраман. Ҳилолнинг кўзларида эшиклар очилишда давом этаверади, ниҳоят у ерда ўзимни кўраман ва менга бир-биримизни жуда-жуда қадимдан билгандек туюлади.

– Нима бўлди сизга? – сўрайди у.

– Алиф…

Бу кўзларга, очиқ эшикларга кўзёш тўлқинлари бостириб келмоқда. Кимдир кўз ёшларни қалб қони деб атаганди. Бунинг тўғрилигини мана энди тушундим. Чунки мен ўтмишга олиб борадиган туннелга қадам босдим. Бу ерда у Тангри томонидан инсонларга юборилган дуолар ичидаги энг муқаддас дуони тинмай ўқиётгандек қўлларини илтижога қовуштирганча мени кутяпти. Ҳа, у ўша ерда, қаршимда тиз чўкканча лабларида табассум билан муҳаббат ҳамма нарсани енга олишини такрорлаб турибди. Мен кийимимга, пат сиқиб турган қўлларимга қараяпман…

– Етар! – қичқираман.

Ҳилол кўзларини юмади.

Биз яна Сибирдан Тинч океани томон кетаётган поезд вагонига қайтамиз. Ўзимни олдингидан-да ҳолсиз сезаман. Нима содир бўлгани менга аён бўлса ҳам, ҳозир буни тушунтириб бера олмайман.

Ҳилол мени қучоқлаб олади. Мен ҳам уни бағримга босиб, сочларини силайман.

– Мен билардим, – дейди қиз. – Аввал ҳам учрашганимизни билардим. Мен бу ҳаётда ҳам, албатта, учрашишимиз кераклигини илк бор сизнинг суратингизни кўрганимдаёқ тушунганман. Дўстларим мени ақлдан озганимни ва минглаб одамлар бошқа минглаб одамлар ҳақида худди шундай дейишини айтишганди. Мен ҳатто уларнинг гапига ишона бошлагандим, аммо ҳаёт… Сени тақдирнинг ўзи менга рўпара қилди. Ахир мени излаб келдинг, шундайми?

Мен аста ўзимга кела бошлайман. Ҳилол нима ҳақида гапираётганини тушуниб турибман: кўп асрлар аввал мен ҳозиргина унинг кўзларида очилган эшиклардан бирига кирганман. Ҳилол ҳам у ерда бор эди. Фақат унинг бир ўзи эмас. Эҳтиёткорлик билан унинг нималарни кўргани билан қизиқиб кўраман.

– Ҳаммасини. Лекин буни ҳеч қачон тушунтириб бера олмасам керак. Аммо ўша онда, кўзларимни юмганимда ўзимни шундай яхши ва хотиржам ҳис қилдимки, худди… уйдагидек.

Ҳилол нима ҳақда гапираётганини билмайди. Ҳозирча билмайди. Мен эса биламан. Унинг сумкасини оламан-да вагонга қайтаман.

– Ҳозир гаплашишга ҳам, ўйлашга ҳам мадорим йўқ. Ҳозирча шу ерда ўтира туринг, бир нима мутолаа қилинг, фақат мен бироз дам олиб, ўзимга келиб олишим учун мени холи қўйинг. Агар ўз вагонингизга қайтармоқчи бўлишса, уларга шу ерда қолишингизни мен сўраганимни айтинг.

Ҳилол итоаткорлик билан ортимдан эргашади. Купега киришим билан кийимни ҳам ечиб ўтирмай ўзимни каравотга ташлайман ва ўша замони чуқур уйқуга кетаман.

Кимдир эшигимни тақиллатади.

– Ўн дақиқада етиб келамиз.

Кўзимни очсам, қоронғи тушибди. Тун ҳам ярмидан оғибди. Мен кун бўйи ухлабман ва энди ухлай олмасам керак.

– Вагонни поезддан узишади ва бу ерда у икки кун туради. Шунинг учун фақат энг керакли нарсаларингизни олинг, – давом этади мени уйғотган овоз.

Пардани очаман. Олдинда вокзал чироқлари йилтиллайди, поезд секинлаша боради. Биз ростдан ҳам станцияга яқинлашмоқдамиз. Ювиниб, нарсаларимни тезда йиғиштираман. Аста-секин эрталаб содир бўлганлар хотирамга кела бошлайди.

Купедан чиқиб, ҳамма йўлакда турганини кўраман. Ҳилол эса ҳамон уни қолдирган жойимда ўтирарди. Ҳар сафар мени кўрганда табассум қиладиган қиз бу сафар ундай қилмайди ва қоғоз узатади:

– Яо рухсат берди менга.

Яо қулоғимга шивирлайди:

– “Дао Дэ Цзин”ни ўқиганмисиз?

– Албатта, ўқиганман. Мен тенгиларнинг деярли ҳаммаси ўқиган.

– Унда “Қувват сарфлаб ҳеч қачон қаримайсан” деган иборанинг маъноси билан ҳам таниш бўлсангиз керак.

У билинар-билинмас қиз томонга ишора қилади. Унинг фикри менга одобсизлик бўлиб туюлади.

– Мабодо шаъма қилаётганингиз…

– Ҳеч нарсага шаъма қилаётганим йўқ. Агар мени нотўғри тушунган бўлсангиз, бу фақат шунинг учунки, сизнинг тушунчаларингиз ўзингиздан келиб чиқади. Бордию тушунмаган бўлсангиз, мен Лао-Цзининг сўзларини назарда тутгандим: ҳиссиётларингни олам билан баҳам кўр ва тақдирланасан. Англашимча, сизга ёрдам бериши мумкин бўлган кимса айнан шу қиз.

Наҳотки Ҳилол унга ҳаммасини айтиб берган бўлса? Ёки у бизни тасодифан тамбурда кўриб қолдимикин? Наҳотки Яо ўшанда нима бўлганини тушунган бўлса?

– Сиз руҳий олам мавжудлигига, замон ва макон фақат ҳозирги вақтда бўладиган ўзга олам борлигига ишонасизми? – сўрайман мен.

Тормоз овозлари эшитилади. Яо бош ирғайди. У жавоб беришдан олдин сўзларни бирма-бир тарозидан ўтказаётганини сезиб тураман.

– Мен умумий қабул қилинган тушунчадаги Худога ишонмайман. Бироқ сиз тасаввур ҳам қилмаган кўп нарсаларга ишонаман. Эртага оқшомда бўш вақтингиз топилиб қолса, суҳбатлашиб сайр қилардик.

Поезд тўхтайди. Ҳилол ниҳоят ўрнидан туриб олдимизга келади. Яо табассум билан уни самимий қучоқлайди. Биз курткаларимизни кийиб роппа-роса тунги бирдан тўрт дақиқа ўтганда Екатеринбург ерларига қадам босамиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации