Текст книги "Алиф"
Автор книги: Пауло Коэльо
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
ИПАТЬЕВ УЙИ
Ҳар жойда ҳозиру нозир Ҳилол қаёққадир йўқолиб қолди. Меҳмонхона лоббисида уни учратаман, деб ўйлагандим, аммо у ерда ҳам кўринмади. Бир кун олдин деярли кун бўйи ухлаганимга қарамай, “қаттиқ ерда”ги биринчи кеча бемалол ухлай олдим. Яога қўнғироқ қиламан ва биз шаҳар бўйлаб сайрга отланамиз. Менга ҳозир энг кераги айнан шу: иложи борича кўпроқ пиёда юриш, тоза ҳаводан нафас олиш, аввал ҳеч қачон келмаган шаҳарни томоша қилиш ва шу лаҳзада у меники деган ўйдан роҳатланиш.
Йўл юрарканмиз, Яо ўзи билган маълумотларни мен билан ўртоқлашади: Екатеринбург катталиги жиҳатдан Россиядаги учинчи шаҳар, унинг атрофлари фойдали қазилмаларга бой ва шу каби гаплар. Аммо булар мени унчалик қизиқтирмайди. Ниҳоят, биз улкан провослав собори ёнида тўхтаймиз.
– Бу – Қон устидаги ибодатхона. У Николай Ипатьев уйи ўрнида қурилган. Юринг, кирамиз.
Кўча анча совуқлиги учун рози бўла қоламан. Ичкарида мўъжазгина музей жойлашган, экспонатларга русча ёзувлар илинган.
Яо менга савол назари билан қарайди.
– Ҳеч нима сезмаяпсизми?
Умуман олганда ҳеч нарса сезмадим. Ҳамроҳим бундан хафа бўлгандек кўринади.
– Демак, ўзга оламларга ишонадиган ва ҳозирги лаҳзани мангулик деб биладиган сиздек одамда бу ер ҳеч қандай ҳиссиёт уйғотмаяпти.
Унга айнан шунинг учун Россияда эканимни, Ж. билан бўлган суҳбатимизни, руҳий оламим билан келиша олмаётганларим ҳақида гапириб ўтирмайман. Чунки энди ундай эмас. Лондонни тарк этганимдан буён бошқа одамга айландим. Ўз оламим ва руҳим томон йўлга чиққаним учун қалбим қувончга тўлиб, ўзим хотиржам сезаман. Бир сонияда кўз олдимдан тамбурда Ҳилол билан кўрганларимиз ўта бошлайди. Аммо тезда бемаврид келган хотиралардан ўзимни чалғитишга уринаман.
– Ҳозир ҳеч нима сезмаётганим менинг умуман ҳис қиладиган ҳолатда эмаслигимни билдирмайди. Эҳтимол, диққатим бошқа нарсаларга қаратилгандир. Сиз билан қурилганига унча узоқ бўлмаган ибодатхонада турибмиз. Хўш, бу ерда нималар содир бўлган?
– Россия империяси сўнгги кунларини айнан шу уйда ўтказган. 1918 йилнинг ўн олтинчидан ўн еттинчи июлга ўтар кечаси бу деворлар орасида охирги рус шоҳи Николай Иккинчи бутун оиласи, доктори ва уч хизматкори билан отиб ташланган. Биринчи бўлиб шоҳни ўлдиришди. Боши ва кўкрагига бир неча ўқ қадашди. Охирида эса маликалар – Анастасия, Татьяна, Ольга ва Мариялар ҳалок бўладилар. Уларни милтиқ найзалари билан ўлдиришади. Айтишларича, уларнинг арвоҳлари ҳануз шу ерларда қимматбаҳо тақинчоқларини излаб, изғиб юрармиш. Борис Ельцин Екатеринбургда раҳбар бўлган пайтда Ипатьев уйи унинг буйруғи билан бузиб ташланганди. Бироқ кейинроқ у президент бўлгач, ҳалок бўлганлар руҳи ором топиши ва Россия аввалги қудратини тиклаши учун бу ерда ибодатхона қуришни буюрди.
– Нега мени бу ерга олиб келдингиз?
Илк учрашган кунимиздан бери илк бор Яо хижолат тортгандек кўринади.
– Чунки кеча Худога ишонишимни сўрадингиз. Ишонардим, дунёдаги энг қадрлаганим – рафиқамни тортиб олмагунича. Мен ундан аввалроқ бу дунёни тарк этаман, деб ўйлашга кўниккандим, аммо бунинг акси бўлиб чиқди. Биринчи бор учрашган кунимиз кучли ёмғир қуяётганди ва у ёмғир тинишини меникида, чой устида бирга кутиш таклифимни қатъий рад этганди. Мен ўша пайтдаёқ тушунгандимки, биз – осмондаги қаерда бошланиб, қаерда тугашини айтиб бўлмайдиган булутмиз. Бир йил ўтиб тўйимиз бўлди. Фарзандларимиз туғилишди. Биз Худога сиғинардик ва оила ришталарини муқаддас билардик… Аммо кунларнинг бирида кучли шамол турди ва булутлар тарқалиб кетди.
Яо гапини тугатишини сабр билан кутаман.
– Бу адолатсизлик. Адолатсизлик. Балки бу нотўғри эшитилар, бироқ мен учун бирга ўлганимиз, биргалашиб нариги дунёга ўтганимиз афзал эди. Шоҳ ва унинг оиласи каби.
Таржимоним кўнглидаги ҳамма гапни айтмаганини ҳис қиламан. У менинг жавобимни кутяпти. Лекин мен ҳамон сукут сақлайман. Шу онда ҳалок бўлганларнинг руҳи ростдан ҳам бизни қуршаб олаётгандай туюлади.
– Сизни ўша қиз билан тамбурда, бир-бирингизга қараб турганингизни кўрганимда, рафиқам ёдимга тушди. Эсимда: рафиқам билан гап бошлашдан олдин бир он нигоҳларимиз тўқнашарди. Бу нигоҳларда бир-биримизга гўё “биз яна биргамиз” дегандек бўлардик. Шунинг учун сизни бу ерга бошлаб келишга қарор қилдим. Мен ўзга дунёни кўра олишингизни билмоқчи эдим ва рафиқам ҳозир қаердалигини сўрамоқчи эдим.
Демак, Яо чиндан ҳам Ҳилол иккимизни тамбурда, бизга Алиф намоён бўлган лаҳзада кўрган.
Атрофга сўнгги бор назар ташлайман ва бу жойни кўрсатгани учун таржимонга миннатдорчилик билдириб, сайрни давом эттиришни таклиф қиламан.
– Уни азобламанг. Ҳар сафар у сизга қараганда менга бир-бирингизни қадимдан танийдигандек туюласиз.
Бу тўғрида ҳатто ўйлашимнинг ҳожати йўқлигини мен аниқ биламан.
– Поездда оқшомни бирга ўтказишни сўрагандингиз. Таклифингиз ҳалиям кучидами? Буларнинг ҳаммаси ҳақида сал кейинроқ гаплашиб олишимиз мумкин. Агар сиз бирор марта бўлса ҳам рафиқам ухлаётганини қанчалик завқланиб томоша қилишимни кўрганингизда эди, ўттиз йил нега бирга яшаганимизни кўзларимдан ўқиб олардингиз.
* * *
Пиёда сайр қилишнинг танага ҳам, руҳиятга ҳам фойдаси катта. Ниҳоят, мен барча белгиларни, барча ёндош оламларни ва учратиш мумкин бўлган барча мўъжизаларни ўз ичига олган ҳозирги лаҳзага бутун диққатимни қарата оламан. Ҳақиқатан ҳам вақт – йўқ нарса. Яо шоҳ оиласи қатағонини кеча бўлгандай қилиб гапириши ёки ўзининг қалб яраларини бир неча дақиқа аввал орттиргандай кўрсатиши мумкин. Бироқ Москва вокзали платформасини мен худди олис ўтмишдек эслайман.
Биз паркдаги ўриндиқда ёнимиздан ўтаётган одамларга қараб ўтирамиз. Болали аёллар, қаёққадир шошаётган эркаклар, гуруҳ-гуруҳ ёшлар. Йигитлар радиони бор овозига қўйиб тинглашмоқда, қаршиларида эса қизлар бир нималарни қизғин баҳслашадилар. Ёши ўтганлар баҳор бўлганига қарамай узун қишки пальто кийишган. Яо иккита хот-дог олиб ёнимга қайтади.
– Китоб ёзиш қийинми? – сўрайди у.
– Йўқ. Чет тилларини ўрганиш-чи?
– Бу ҳам қийинмас. Фақат эътибор ва диққат керак.
– Билмадим, мен умр бўйи шу фазилатларни эгаллашга уриндим, аммо ёшликда ўрганганларимдан бўлак ҳеч нарса била олмадим.
– Мен бўлсам ҳеч қачон ёзишга уриниб кўрмаганман. Чунки болалигимдан китоб ёзиш учун жуда кўп машқ қилиш керак, зерикарли китобларни ўқиш керак ва ақлли одамлар билан кўп суҳбатлашиш керак, деб уқтиришган. Ақлли одамларга тоқат қилолмайман.
Охирги сўзлари менга қаратилганми, йўқми, тушунолмайман. Жавоб бериш ўрнига қўлимдаги хот-догдан оғзимни тўлдириб тишлайман. Хаёлларим Ҳилол ва Алифга қайтади. Содир бўлган ҳолат қизни чўчитиб юборган бўлса-чи? Саёҳатни тўхтатиб уйида қолишга қарор қилган бўлса-я.
– Китоб ёзиш учун нима керак? – сўрайди Яо.
– Севиш керак. Сиз рафиқангизни қандай севган бўлсангиз, тўғрироғи, қандай севсангиз, худди шундай севги керак.
– Холосми?
– Паркка бир назар ташланг. Бу ерда ҳар турдаги қиссаларнинг бир қанчасини топиш мумкин. Уларнинг кўплари бир неча марталаб ёзилган бўлса ҳам, яна қайта ёзилса арзийдиган ҳикоялардир. Ёзувчи, қўшиқчи, боғбон, таржимон – ҳаммамиз – яшаб турган давримизнинг кўзгуларимиз. Барчамиз қилаётган ишимизга ўз муҳаббатимизни қўшамиз. Менинг ҳолатимда кўп мутолаа қилиш муҳимлиги табиий. Лекин бор эътиборини академик нашрлар ёки ёзувчилик курсларига қаратган ҳар қандай одам энг асосий сабоқ – сўзлар – қоғозга кўчирилган ҳаёт эканлигини билолмай қолади. Сизга қиссалар керак бўлса, уни ўзгалардан қидиринг.
– Университетимиздаги адабиёт курслари менга доим ғалатироқ туюлган. Қандайдир…
– … сунъийми, – гапини якунлаб қўяман. – Ҳеч ким севишни дарсликдан ўрганмаган ва шу каби маъруза тинглаб ёзувчи бўлмаган. Ёзишни ёзувчидан эмас, балки сизникига ўхшамаган меҳнат билан банд одамлардан ўрганиш лозим. Чунки ёзувчилик одамлар қувонч ва илҳом билан киришадиган бошқа фаолиятдан умуман фарқ қилмайди.
– Николай Иккинчининг сўнгги кунлари ҳақида ёза олармидингиз?
– Ростини айтганда бу мени қизиқтириши мумкин бўлган мавзу эмас. Баҳслашмайман, воқеа ҳаяжонли. Лекин ёзиш мен учун аввало ўзимда янги бир нарса кашф этиш демакдир. Рухсат берсангиз, бир маслаҳат айтсам: ўзгалар фикридан чўчиманг. Таваккал қилинг-да, кўнглингиз истаган ишни қилинг. Хато қилиш – ҳаммамизга хос. Сиз эса бундан қўрқмайдиган одамларни қидиринг. Бундайларнинг фаолияти аксарият ҳолатларда тан олинмаса-да, айнан шу одамлар бир қанча хатолардан сўнг шундай бир нарса яратадиларки, натижада ўзларининг ҳам, замондошларининг ҳам ҳаётини ўзгартириб юборишади. Бинобарин, оламни ҳам ўзгартиришади.
– Ҳилол кабими?
– Ҳа, Ҳилол каби. Аммо шуни айтишим керакки, мен ҳам рафиқамни сиз ўзингизникини қадрлагандан кам қадрламайман. Мен авлиё эмасман ва бунақа мақсадим ҳам йўқ. Биз у билан сизнинг ташбеҳингиздек самодаги икки булутмиз ва айни вақтда бу булутлар битта бўлиб қовушган. Биз икки муз бўлаги эдик. Қуёш музларни эритди ва энди улар бир ирмоққа айланганлар.
– Барибир тамбурда бир-бирингизга қанчалик термулганларингни кўрганимда…
Мен жавоб бермайман ва у ҳам, ниҳоят, жим бўлади.
Йигитлар ва қизлар ҳамон масофа сақлаб, бир-бирларига қарамасликка уринишаётган бўлса-да, икки томоннинг ҳам бошқасига табиий қизиқиши борлиги кўриниб турибди. Уларга қараб, кексаларнинг ёшлик даврлари ёдига тушади. Оналар фарзандларига, бўлажак рассомларига, миллионерларига, президентларига табассум билан қарашади. Тирик ҳаётнинг яққол кўриниши.
– Мен кўп мамлакатларда яшаганман, – дейди Яо. – Қанча оғир дамларни бошдан кечирдим, кўп адолатсизлик кўрдим, менга ишонганларнинг ҳафсаласини пир қилишимга тўғри келган. Энди бўлса буларнинг бари аҳамиятсиздек гўё. Лекин хотирада қўшиқлар, воқеалар ва қувонч онлари қолади. Рафиқам вафот этганига йигирма йил бўлган бўлса-да, бу кечагина содир бўлгандек. У ҳозир ҳам шу ерда, мана шу ўриндиқда, бизнинг бирга ўтказган бахтли онларимизни эслаб ўтирибди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам у шу ерда. Ўзим ҳам керакли сўзларни топа олганимда Яони бунга ишонтиришга тайёр эдим.
Сезгиларим сўнгги нуқтасигача тезлашган. Алиф намоён бўлган ва Ж. нималар ҳақида гапирганини англаган пайтимда ҳам худди шундай бўлганди. Бу билан нима қилишни ҳозирча билмайман. Бироқ ҳеч бўлмаганда ўзимга бу тўғрида ҳисоб беряпман-ку.
– Бирон ҳикоянгиз бўлса, уни, албатта, ёзиш керак. Ҳеч бўлмаса ўз яқинларингиз учун. Фарзандлардан нечта?
– Икки қиз ва икки ўғил. Аммо болаларимни ҳикоялар қизиқтирмайди. Бунинг устига улар буни неча марталаб эшитишган. Транссибирь магистрали бўйлаб саёҳатингиз ҳақида китоб ёзасизми?
– Йўқ.
Хоҳлаган тақдиримда ҳам Алифни тасвирлаш учун қаердан сўз топай?
АЛИФ
Ҳар жойда ҳозиру нозир Ҳилолдан ҳали-ҳамон дарак йўқ. Кечки овқат пайти мен дастхат-сессия ажойиб ўтганлигини таъкидлаб, китобхонлар билан учрашувдан кейинги рус мусиқаси ва рақслари учун сафар ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман. Шундан кейингина бирор ким Ҳилолга ресторан манзилини етказмадими, деб қизиқаман.
Ҳамма таажжуб билан менга қараб қолади. Албатта, ҳеч ким унга хабар қилмаган. Ҳаммалари мени ундан тезроқ қутулишни хоҳлайди, деб ўйлашарди ва унинг дастхат-сессияда кўринмагани ҳаммамизнинг омадимиз деб билишади.
– Кечки овқатга суқилиш учун яна бир скрипка концерти қўйиб беради, – дейди истеҳзо билан муҳаррир аёл.
Яо столнинг нариги томонида ўтирибди. Мен аслида нима ҳақида ўйлаётганимни у билади. Ҳилол шу ерда бўлганда эди. Фақат нима учун? Яна Алифни кўриш ва ортида нохуш хотиралардан бўлак ҳеч нима бўлмаган эшикларга кириш учунми? Бу эшикларнинг қаерга олиб бориши тўғрисида тасаввурга эгаман. Уларнинг остонасидан тўрт марта ўтган бўлсам-да, ўзимга керакли жавобни топа олмаганман. Бундай узоқ сафарга мен бунинг учун чиқмаганман.
Кечки овқат ниҳоясига яқинлашади. Таваккалига танланган икки китобхон мен билан суратга тушишади.
– Истасангиз, сизга шаҳарни кўрсатардик, – дейишади китобхонлар.
Албатта, хоҳлайман.
– Фақат бугунга бошқа режаларимиз бор эди, – дейди Яо.
Ҳар доим менинг ёнимда бўлишни даъво қилаётган Ҳилолга қаратилган ноширларимнинг норозилиги энди Яога қаратилади. Ташкилотчилар уни ёллашганди-ю, энди бўлса унинг мен билан бошқа режалари бор эмиш.
– Пауло чарчади, – дейди ноширим. – Унинг учун оғир кун бўлди.
– Аммо у умуман чарчагани йўқ. Китобхонларининг унга бўлган муҳаббати билан учрашгандан кейин унинг қуввати тошиб кетяпти.
Ноширлар бекорга сергакланмаган эканлар. Ёшига қарамай Яо “менинг оламим”да юқори мансабга даъво қилмоқда ва буни ошкора тутмоқда. Бу севимли аёлидан ажралган одамнинг қайғусига шерикман ва бир куни уни юпатиш учун керакли сўзларни топа оламан, деб умид қиламан. Фақат бир нарсадан қўрқаманки, у “яхшигина китоб ёзиш мумкин бўлган ажойиб ҳикоя” тайёрлаб қўйган. Бундай гапларни ўз яқинларидан ажралган кишилардан ҳисобсиз марталаб эшитганман.
Сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмасликка қарор қиламан:
– Ҳозир биз Яо билан меҳмонхонага жўнаймиз. Кейин эса бироз ёлғиз қолмоқчи эдим.
Сафаримиз бошидан бери бу менинг ёлғиз ўтказган илк кечам бўлади.
* * *
Кўча анчагина совуқ, муз шамол эсарди. Биз одам кўп бўлган хиёбондан бормоқдамиз. Йўлда учратганларимизнинг ҳаммаси худди биз каби тезроқ иссиққа кириб олишга шошади. Дўконлар ёпилмоқда, неон чироқлар ўчмоқда ва қаҳвахоналар стуллари стол устига тўнтарилган. Вагонда ўтказилган бир ярим суткадан сўнг, яна олдинда бир неча минг чақиримлик йўл турганини ҳисобга олиб, ҳар бир пиёда сайр қилиш имкониятидан фойдаланишим зарур.
Яо ичимлик растасидан апельсин шарбати сотиб олади. Бирор нима ичгим келмаётган бўлса ҳам, шундай совуқда С витамини зарар қилмас, деб ўйлайман.
– Идишни ушланг.
Унинг режаси менга қоронғу. Аммо буйруқларини итоаткорлик билан бажараман. Йўлимиз марказга олиб боради. Кетаётган кўчамиз эса Екатеринбургнинг бош кўчаси бўлса керак. Бироз юриб кинотеатр олдида тўхтаймиз.
– Жуда соз. Бу капюшонда сизни ҳеч ким танимайди. Келинг, тиланчиликни шу ерда бошлаймиз.
– Тиланчилик? Менга қаранг, мен бунақа ишни умуман қилмаганман. Қолаверса, бу ишингиз ростдан ҳам муҳтож бўлганларга нисбатан ҳақорат.
– Аммо сиз ростдан ҳам муҳтожсиз. Ипатьев уйида шундай дамлар бўлдики, сиз умуман бошқа жойда бўлдингиз ва жуда олисда, ўтмишга асир бўлгандек туюлдингиз. Эришганларингизга маҳкам ёпишиб олиб, ундан ажралишни асло истамасдингиз. Мен сиз билан бирга қиздан ҳам хавотирдаман. Агар ҳақиқатан ҳам ўзгармоқчи бўлсангиз, тиланчилик сизга янада покланиш ва кўпроқ очиқ бўлишга ёрдам беради.
Қиздан ўзим ҳам хавотирдаман. Яо нима ҳақида гапираётганини яхши тушуниб турибман ва унга мени ушбу сафарга отлантирган бир қанча сабаблардан бири, ўтмишга қайтиш, илдизларимда яширинганларни топиш эканини айтаман.
Ҳатто унга хитой бамбуки ҳақида ҳам айтиб бермоқчи бўламан, бироқ сўнгги дамда фикримдан қайтаман.
– Менимча, вақт оралиғида мен эмас, сиз адашиб қолгансиз. Сиз рафиқангизни йўқотганингизга кўника олмайсиз, уни қўйиб юбора олмайсиз. Шунинг учун ҳам у доим ёнингизда Арши Аълога интилиб, ором топиш ўрнига сизни юпатиб юрибди. Ҳеч ким ҳеч кимни йўқотмайди. Биз ҳаммамиз Олам қалбининг зарраларимиз. Бу олам мавжуд бўлиши ва куни келиб, биз яна учрашишимиз учун доимий ўсишимиз ва ривожланишимиз зарур.
Яо бироз ўйлаб дейди:
– Бу жавоб тўлиқ эмас.
– Ҳа, тўлиқ эмас, – тасдиқлайман. – Вақти келганда сизга ҳаммасини тушунтириб бераман. Энди эса меҳмонхонага қайтсак.
Яо қўлидаги шарбат идишини узатганча ўтган-кетгандан тилана бошлайди. Аниқки, унга қўшилишимни кутяпти.
– Япониядаги Дзен буддавий монахлари менга такухатцу ҳақида айтиб беришганди. Бундай иш эҳсонлар ҳисобига кун кўрадиган монастир учун садақа йиғишдан ташқари муридни қаноатга ўргатади. Бундан яна бир мақсад – монах яшайдиган шаҳарни поклаш. Дзен фалсафасига кўра, садақа сўровчи ҳам, уни берувчи ҳам ва садақанинг ўзи ҳам мувозанатни ушлаб турадиган муҳим ҳалқалардир. Эҳсон сўровчи ҳам, эҳсон қилувчи ҳам сўраганини олади.
Мен шунчалик таъсирланаманки, бирор нима дейишга тилим лол. Мендаги ўзгаришни кўрган Яо ортиқча гапириб юбордим, деб ўйлаб, қўлидаги шарбат идишини чўнтагига солади.
– Йўқ, – дейман мен. – Бу ростдан ҳам жуда яхши фикр.
Кейинги ўн дақиқани йўлнинг икки тарафида, совқотмаслик учун дам бир оёқда, дам иккинчисида туриб, ўтганларга шарбат идишчасини тутиш билан ўтказамиз. Мен аввалига бироз ҳадиксираб, жим тураман. Бироқ тез орада қатъиятим ортиб, ростакам тилана бошлайман: адашган мусофирга ёрдам қилинг.
Бир қанча чинакам сахий ва саховатпеша инсонларни биламан. Улар яқинларига бажонидил ёрдам қўлини чўзадилар ва бирон мадад ёки маслаҳат сўрашганда чин дилдан қувонадилар. Билъакс, чин юракдан ва муҳаббат билан қилинган инъомларни самимият билан қабул қила оладиганларни эса учратмадим. Одамлар бировдан ёрдам олиб, ўзларини камситилган ҳис қиладилар. Улар: “Бизга ёрдам таклиф қилишаётган бўлса, бунга ўзи эриша олмайди, дейишарканда”, “Бугун у менга ёрдам берса, эртага қарзимни фоизи билан қайтаришни талаб қилади” ёки ундан ҳам ёмони “Мен бундай меҳрибончиликка арзимайман”, деб ўйлашади.
Ким эканимни эслашим керакли хулоса чиқаришим учун ўн дақиқа кифоя қилди. Кўчанинг нариги томонига, Яонинг ёнига ўтганимда идишимда ўн бир долларга тенг пул йиғилибди. Яода ҳам тахминан шунча. У нима дейишидан қатъи назар ўтмишга қайтиш менга ёқди. Ўзим билан анчадан буён содир бўлмаган ҳодисаларни бошдан ўтказдим. Бу ишдан сўнг фақат шаҳаргина эмас, балки ўзим ҳам покландим.
– Пулларни нима қиламиз? – сўрайман мен.
Хитойликнинг қаршимда ўзгача қиёфада гавдаланиши биринчи марта эмас. Бир нималарни у билади, бошқаларини эса мен. Биз бемалол билганларимизни ўртоқлашишда давом этишимиз мумкин.
– Назарий жиҳатдан пуллар бизники. Чунки уларни бизга беришди. Лекин ўйлашимча, бу пулларни алоҳида сақлаб, бирон бир муҳим деб топган нарсамизга сарфласак яхши бўлади.
Бу фикр менга маъқул келади ва тангаларни чап ҳамёнимга жойлайман. Меҳмонхонага тетик қадамлар билан кетамиз. Чунки совуқда ўтказилган вақт давомида кечки овқатда тўплаган калорияларимизнинг барчасини сарфлаб юборгандик.
* * *
Меҳмонхона лоббисида ҳар жойда ҳозиру нозир Ҳилолни кўрамиз. У билан жуда гўзал аёл ва бўйинбоғ таққан жаноб ҳам бор эди.
– Салом, – кўришаман Ҳилол билан. – Мен бўлсам саёҳатни тўхтатдингиз, деб юрибман. Нима бўлганда ҳам сафарнинг биринчи босқичида сизнинг ҳам иштирок этганингиз мен учун ёқимли бўлди. Булар ота-онангизми?
Жанобда ўзгариш кўринмайди, аёл бўлса кулиб юборади.
– Шундай қизим бўлишини хоҳлардим. Бу қиз – катта истеъдод соҳибаси. Аммо ўз устида деярли ишламай қўйди. Дунё буюк мусиқачини йўқотмоқда.
Ҳилол ҳеч нарсани эшитмагандай менга таъна билан қарайди.
– Салом! Поездда бўлиб ўтганлардан сўнг айта олдиган гапингиз фақат шуми?
Аёл менга ҳайратланиб, шу билан бирга ваҳима билан қарайди. Унинг хаёлидан ўтказаётганларини ўқиб олиш қийин эмас: поездда ўртангизда нималар бўлди экан? Сиз бу қизнинг отаси тенгисиз-ку?
Яо одоб билан ўз хонасига кетишга рухсат сўрайди. Бўйинбоғли жаноб ҳамон бирон оғиз гапирмади. Афтидан, у инглизчани тушунмаса керак.
– Билишимча, поездда ҳеч нарса содир бўлгани йўқ. Ҳарқалай, гапиришга арзийдиган бирон нима содир бўлмади. Сиз нима дейишимни кутгандингиз? Сизнинг ўрнингиз билинганиними? Агар шунақа бўлса, айтишим мумкинки, кун бўйи сиздан хавотир олдим.
Аёл гапларимни бўйинбоғли жанобга таржима қилади ва учовлон табассум қилишади. Мен айнан айтмоқчи бўлганимни айтдим, қиз эса эшитмоқчи бўлганини эшитди: у ҳақида ўйладим.
Яодан бироз шу ерда қолишни сўрайман. Кўринишидан суҳбатимиз чўзиладиганга ўхшайди. Биз курсиларга ўтириб, чой буюрамиз. Маълум бўлишича, бўйинбоғли жаноб шу ердаги консерватория директори, гўзал аёл эса у ерда скрипкадан сабоқ бераркан.
– Менимча, Ҳилол ўз истеъдодини ҳавога совурмоқда, – дейди аёл хўрсиниб. Мен доим шунақа деганман ва ҳозир ҳам қайтараман, бу қиз ўзига шунчалик ишонмайдики, унга ҳамиша одамлар унинг санъатини қадрламайдигандек, унинг мусиқалари ҳеч кимга ёқмайдигандек туюлади. Аммо бу нотўғри.
Ҳилол ўзига ишонмайди? Шахсан мен бундай журъатли кимсани ҳали учратмаганман.
– Барча нозик қалб эгалари каби, – осойишта нигоҳ билан менга қарайди аёл, – баъзи пайтлар у… нима десам экан, беқарор бўлиб қолади
– Беқарор? – аччиқланади Ҳилол. – Жинни деб қўя қолинг.
Аёл хайрихоҳлик билан унга қарайди ва жавоб кутиб менга юзланади. Мен индамайман.
– Менимча, унга сиз ёрдам бера оласиз. Билишимча, Москвада унинг мусиқасини эшитгансиз ва қандай тасаввур уйғотишини кўргансиз. Унинг қанчалик истеъдодли эканини тушунган бўлсангиз керак. Ахир москваликлар мусиқа бобида талабчан тингловчи саналади. Ҳилол интизомли ва бошқалардан анча кўп шуғулланади. У Россиянинг катта оркестрларида ҳам қатнашган. Ҳатто улар билан чет элга гастролга ҳам борган. Бироқ сўнгги пайтлари нимадир бўлди ва у ривожланишдан тўхтади-қолди.
Биз ҳаммамиз каби бу аёл ҳам Ҳилолга қайғураётгани ва унга ёрдам бермоқчилигига ишонишга тайёрман. Бироқ “сўнгги пайтлари нимадир бўлди ва у ривожланишдан тўхтади-қолди”, деган сўзлари мени бироз ноқулай аҳволга солади. Ахир айнан шу сабабдан бу ерларда юрибман-ку.
Бўйинбоғли жаноб суҳбатда иштирок этмайди. Афтидан, у ёш скрипкачи қиз ва дилбар кўзли аёлга руҳан далда бўлиш учун келган бўлса керак. Яо бепарво чой ҳўплайди.
– Мен нима қила олишим мумкин?
– Биласиз, Ҳилол энди ёш бола эмас. Шундай бўлса ҳам, ота-онаси ундан хавотирда. Унинг репитицияларни ташлаб, қандайдир сароб ортидан кетишига йўл қўймаслигимиз керак.
Аёл нотўғри гапириб юборганини сезиб, тўхтаб қолади.
– Айтмоқчиманки, унинг Тинч океанига боришига аслида қаршилигим йўқ. Бироқ фақат ҳозир, концертга тайёргарликнинг энг қизиган палласида эмас.
Мен бош ирғайман. Нима дейишимдан қатъи назар, Ҳилол ўз билганини қилади. Унинг устозларини бу ерга етаклаб келишдан мақсади, улар ёрдамида мени синаш, сафарни давом эттиришини хоҳлашимни аниқлашдан иборат.
– Келганингиз учун сиздан жуда миннатдорман. Қизга бўлган жонкуярлигингиз ва санъатга садоқатингизни қадрлайман, – дейман ўрнимдан кўтарилиб. – Аммо гап шундаки, бу саёҳатга Ҳилолни мен таклиф қилганим йўқ. Унга чиптани ҳам мен бермадим. Тўғрисини айтсам, уни ҳали яхши танимайман ҳам.
Ҳилолнинг кўзлари “Ёлғончи!” дея қичқиради. Мен эса давом этаман:
– Агар у эртага биз билан Новосибирскка жўнашга қарор қилса, унга буни тақиқлай олмайман. Унинг уйда қолиши тарафдори бўлган тақдиримда ҳам. Мабодо уни қолишга кўндира олсангиз, аксарият ҳамроҳларимнинг бундан бошлари кўкка етарди.
Яо ва Ҳилол баланд овозда кулиб юборишади.
Гўзал аёл миннатдорчилик билдириб, бир-биримизни тушунганлигимизга умид қилишини билдиради ва Ҳилол билан унинг келажаги ҳақида жиддий гаплашиб қўйишга ваъда беради. Биз хайрлашамиз. Бўйинбоғли жаноб қўл узатади. Унинг табассумидан бир нарсани тушуниб қоламан: қизнинг мен билан кетишидан у фақат хурсанд бўлади. У оркестрга ҳам бошоғриқ бўлиб улгурган, шекилли.
Яо ажойиб оқшом учун раҳмат айтиб ўз хонасига равона бўлади. Ҳилол ўрнидан жилмайди.
– Мен ухлайман, – дейман унга. – Суҳбатимизни эшитдингиз. Бир нарсани тушунмадим, консерваторияга нима учун бордингиз? Устозларингиздан рухсат сўраш учунми ёки биз билан саёҳат қилаётганингизни шерикларингизга мақтаниш учунми?
– Мен ҳақиқатан ҳам мавжудманми-йўқми, шуни аниқлаб олишим керак эди. Вагондаги ҳодисадан кейин ҳаммасидан шубҳаланиб қолдим. Бу нима эди?
Уни тушуниб турибман. Илк бор Алиф менга 1982 йилда Дахаудаги концлагерда намоён бўлганди. Бир неча кунгача туман ичида юргандек бўлганман. Агар хаёлларимни тартибга солишда ёрдам берган рафиқам бўлмаганда эди, нималар бўлганини тушуна олмай қолишим мумкин эди.
– Бу қандай бўлди? – сўрайман ундан.
– Юрагим жуда тез урди ва бу дунёни тарк этгандай бўлдим. Ҳозир жоним узилади, деб ваҳимага тушдим. Атрофдаги ҳамма нарса шунақа ғалати кўриндики, қўлимдан тутмаганингизда, ўрнимдан қимирлай олмасдим. Қандайдир муҳим нарсаларни кўраётганимни ҳис қилиб турдим. Аммо ҳеч нимани тушунмасдим.
“Бунга кўникинг” дегим келади.
– Бу – Алиф, – дейман.
– Ҳа, ўша пайтда авваллари умуман дуч келмаган, абадийдек туюлган транс ҳолатида бўлсам ҳам бу сўзни айтганингизни эшитдим.
Ўша дақиқани эслашнинг ўзиёқ қизнинг кўзларида қўрқув уйғотади. Ана энди қарор қабул қилиш керак.
– Ҳалиям сафарни давом эттирмоқчимисиз?
– Албатта. Ҳатто аввалгидан ҳам кучлироқ. Қўрқув ҳамиша мени олға ундаган. Элчихонадаги ҳикоям ёдингиздами?..
Официантлар кўринмай қолгани учун Ҳилолдан қаҳва буюришни сўрайман. Кеч бўлган, барда ҳеч ким қолмаган ва бармен ҳам зал чироқларини ўчиришга шошаётгани кўриниб турибди. Бармен билан қисқа баҳсдан сўнг Ҳилол икки турк қаҳваси билан қайтади. Аксар бразилияликлар каби мен учун ҳам тунда қаҳва ичиш қийин эмас; уйқумнинг келиши умуман бошқа нарсаларга боғлиқ.
– Кўриб турганингиздек, Алиф ҳеч бир таърифга сиғмайди. Бироқ сеҳргарлик анъанасида унинг иккита изоҳи мавжуд. Баъзиларнинг фикрича, бу коинотдаги нуқталарни, ўтмиш ва ҳозирни, катта ва кичикни ўз ичига олган нуқта. Одатда бу ҳолат поездда биз билан бўлгани каби тасодифан рўй беради. Бунинг учун Алиф мавжуд бўлган маълум жойда бўлиш керак. Бу кичик Алиф деб аталади.
– Айтмоқчисизки, вагонга чиқиб ўша жойда турган ҳар ким ҳам биз ҳис қилганларни ҳис қила олади.
– Гапимни охиригача эшитсангиз, ҳаммасини тушуниб оласиз. Ҳа, ҳис қилади. Фақат биз сезганларни эмас, бошқа нарсани. Сиз, албатта, кўплаб ўтириш ва зиёфатларда бўлгансиз ва у ердагиларнинг ҳар қайсиси ўша хонанинг маълум бир жойида ўзини қулай ва хотиржам сезишини ҳам биласиз. Алифда ҳам худди шундай: Илоҳий қувватни ҳамма ўзича сезади. Агар жойингизни тўғри танласангиз, бу қувват сизга ўзингизга ишонишга ва атрофда бўлаётганлардан тўлароқ баҳра олишга ёрдам беради. Агар тамбурда яна кимдир ўша нуқтадан ўтган бўлса, унга гўё борлиқнинг бутун синоати очилгандек ғалати туйғу пайдо бўларди. Борди-ю, ўша одам туйғуларини тартибга солишга уринмаса, тез орда улар тарқалиб кетади.
– Дунёда бундай нуқталар кўпми?
– Билмадим, балки миллионлаб бордир.
– Иккинчи изоҳ-чи?
– Келинг, биринчисини якунлаб олайлик. Мисолимдаги зиёфат бу бир образ, холос. Кичик Алиф доим кутилмаганда намоён бўлади. Кўчада кетаётганингизда ёки қаердадир ўтирганингизда қаршингизда бирдан коинот юз очади. Илк лаҳзада албатта йиғлагингиз келади. Қўрқув ёки қувончдан эмас. Илҳомланишдан. Яна ҳатто ўзингизга ҳам тушунтира олмайдиган нарсаларни тушунганингиз учун.
Олдимизга бармен келиб русчада бир нималар дейди ва менга чек узатади. Ҳилол кетишимиз кераклигини айтади ва биз эшик томон йўналамиз.
Ҳакам ҳуштаги жамоани қутқаради.
– Хўш, иккинчи изоҳ қанақа?
Афтидан, ўйин тугамаган кўринади: қўшимча вақт белгиланибди.
– Катта Алиф икки ёки ундан ортиқ бир-бирига руҳан яқин бўлган одамлар кичик Алиф нуқтасига тушиб қолганда содир бўлади. Турли қувватлар бир-бирини тўлдиради ва бундан занжир реакцияси ҳосил бўлади. Ана шунда бу икки қувват…
Давом этайми, йўқми, иккиланаман. Бироқ бошқа чорам йўқ. Гапни эса Ҳилол илиб кетади:
– Бу икки қувват батарейканинг мусбат ва манфий қутблари каби, улар уланганда чироқ нур таратади. Қарама-қарши қувватлар битта ёруғлик оқимига бирлашади. Бу – бир-бирини тортиб турувчи сайёралар, узоқ айрилиқдан сўнг учрашган севишганлар. Катта Алиф ҳам кутилмаганда намоён бўлади, қачонки тақдир томонидан бир вазифа юклатилган икки одам замон ва макондаги маълум нуқтада учрашганда.
Ҳаммаси шундай, бироқ Ҳилол ҳаммасини тўғри тушунганига ишонч ҳосил қилишим керак.
– Маълум нуқтада дегани нима? – сўрайман ундан.
– Бу одамлар бир умр ёнма-ён яшашлари ёки бирга ишлашлари, ёхуд ҳаётларида бир мартагина учрашишлари мумкин. Агар улар учрашувларининг сабабчиси бўлган ҳодиса содир бўладиган ўша нуқтадан ўта олишмаса, умрбод ажралиб кетишлари ҳам мумкин. Улар нима содир бўлганини ва нега учрашишганини тушунолмай ажралиб кетишади. Бироқ Яратган пешонасига битган бўлса, қалбида муҳаббат оташи учқун олганлар қачондир яна топишишади.
– Фақат муҳаббат эмас, булар руҳан бир-бирига яқин инсонлар ҳам бўлиши мумкин. Мен билан устозим каби…
– … аввалги ҳаётда, – яна илиб кетади Ҳилол. – Агар икковлон, дейлик, сиз мисол келтиргандек, ўтиришда учрашиб қолишса ва уларга кичик Алиф намоён бўлса, ўша лаҳзада бир-бирларини севиб қолишади. Бир кўришда муҳаббат деганлари шу бўлади.
Бу мавзуни кенгайтиришга қарор қиламан.
– Лекин аслида бу бир кўришда муҳаббат эмас, чунки бу ҳиссиёт ўтмишда бўлиб ўтган бир қанча нарсаларга боғлиқ. Бу ҳар қандай учрашув эркак ва аёл ўртасида муҳаббат уйғотади, дегани эмас. Одатда бу ҳолат аввалги ҳаётларда изҳор этилмай қолган туйғулар туфайли юзага келади ва буни адоғига етказиш учун қайта туғилиш талаб этилади. Биз аслиятда мавжуд бўлмаган нарсаларни кўрамиз.
– Сизни севаман.
– Мен умуман бошқа нарсаларни гапиряпман. Бу ҳаётимда менга керак бўлган аёлни учратиб бўлганман. Уни топишдан олдин уч марта уйланишимга тўғри келган ва энди асло уни ташлаб кетмайман. Биз у билан кўп асрлар аввал қовушганмиз ва яна кўп асрлар бирга бўламиз.
Аммо Ҳилол гапларимни эшитишни истамайди. Москвада бўлгани каби лабларимда оний бўса қолдириб, совуқ Екатеринбург тунига сингиб кетади.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?