Электронная библиотека » Пауло Коэльо » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 19:40


Автор книги: Пауло Коэльо


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Сантяго яна китобга кўз тикди, аммо сўзлар бўйсунмади – у фикру ёдини жамлай олмасди. Қария билан суҳбатдан сўнг ҳали ўзига келмаган, ҳаяжонда эди, чунки қария ҳақиқатни айтганлигини ҳис қилиб турарди. Йигитча маккабодроқчинингараваси ёнига борди ва бодроқсотиб олди, бирхаёли сотувчига қария у ҳақда нима деганини айтсамми деб ўйлади-ю, «барибир фойдаси йўқ», деб фикридан қайтди.

«Баъзан ҳаммасини ўз ҳолича қолдирган маъқул», – деб ўйлади у. Айтсанг тамом, қизиларавачасига кўникиб қолган сотувчи шу ишимни ташласаммикан, деб уч кеча-ю учкундуз ухламай чиқади. «Шу азобдан уни халос қилиб қўя қолай».

Сантяго хаёлларга ғарқ бўлиб, боши оққан томонга қараб йўл олди, бир пайт ўзига келиб қараса бандаргоҳда, мўъжазгина деразаси бор кичкина уйчанинг ёнида турибди. Бу ерда Африкага борадиган кемаларга чипта сотилар экан. Дарвоқе, Миср деганлари Африкада-ку.

– Нима хизмат? – деб сўради чипта сотувчи.

– Балки эртага сизлардан чипта сотиб оларман, – деб жавоб қилди Сантяго ва нари кетди.

Бор-йўғи битта қўйни сотсанг, олам гулистон – ўзингни Африкадаман деб ҳисоблайвер. Бу фикр уни довдиратиб қўйди. Паттачи эса ёрдамчисига ҳасрат қилди:

– Хаёлпарастлардан яна биттаси. Чўнтакда ҳемири йўқ, яна саёҳатга чиқмоқчилар.

Чиптахона деразаси ёнида тураркан, Сантягонинг ёдига қўйлари тушиб кетди ва бирданига уларнинг ёнига қайтиш истаги вужудини қамраб олди. У роппа-роса икки йил давомида чўпонлик санъатини мукаммал эгаллади – энди жун Қирқишда ҳам, қўзилатишда ҳам, қўйларни бўрилардан ҳимоя қилишда ҳам унинг олдига тушадигани йўқ эди. Андалусия яйловларини беш бармоғидай билар, ҳар бир қўйнинг баҳосини эса кўзини юмиб айтиб бера оларди.

Суруви кутиб турган қўтонга қайтаркан, Сантяго энг узоқ йўлни танлади. Бу шаҳарнинг ҳам ўз қасри борэди, йигитча қияликдан кўтарилиб қалъа деворига чиқиб, бироз ўтиришга аҳд қилди. Бу ердан Африка кўриниб турарди. Аллазамонлар худди ана шу Африкадан маврлар сузиб келишиб, қарийб бутун Испанияни забтэтишганини кимдир унгаҳикоя қилиб берганди. Сантягонинг маврларни кўрарга кўзи йўқ эди: лўлиларни ҳам ўшалар олиб келган бўлса керак.

Қалъадеворидан яқиндагина улар қария билан суҳбат қурган бозормайдони кафтдагидек кўриниб турарди.

«Уни менга дуч қилган лаҳзаларга лаънатлар бўлсин», –деб хаёлан қарғанди йигитча. Ахир, бор-йўғи лўли кампир тушни таъбирласа кифоя эди. Қизиқ, на лўли, на қария унинг касби чўпонлигига эътибор ҳам қилишмади. Кўриниб турибди, булар ҳеч кими йўқ, дунёдаги ҳамма нарсадан ҳафсаласи пирбўлган одамлар, шунинг учун ҳам чўпонлар қўйларига бутун қалблари билан боғланиб қолишини тушунмайдилар. Сантяго ҳар битта қўйининг қанақалигини миридан сиригача айтиб бера оларди: мана буниси – қисир, униси эса икки ойдан сўнг қўзилайди, анавилари – энг ялқовлари. Агар лўлининг гапига лаққа тушиб, кетишга қарор қилса борми, улар Сантягони қўмсашлари ва бу қўрқинчли дунёда йўқолиб қолгандайҳолга тушишлари аниқ.

Шамол қўзғалди. Сантяго бу шамолни яхши биларди – одамлар уни «левантин шамоли» деб аташар, чунки маврлар кемалари елканларига худди ана шу шамол куч-қудрат билан уфуриб, уларни Ўрта Ер денгизи шарқидаги Левантдан олиб келган эди. Йигитча илгари Тариф шаҳрида бўлмаган ва Африка қирғоқлари бу қадар яқинлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Хатарли қўшничилик – маврлар яна ёпирилиб келиб қолиши мумкин. «Ўзимни икки пора қилиб қўйларим ва хазинага бағишлолмайман-ку ахир», – деб ўйлади Сантяго. Кўникиб қолган ҳаёт бир томон, оҳанрабодай ўзига тортаётган хазина бир томон – танлаш керак. Ҳа, яна мовутчининг қизи ҳам бор-ку, лекин қўйлар муҳимроқ, чунки уларнинг тақдири Сантягога боғлиқ, қиз эса Сантягосиз ҳам яшай олади. Дарвоқе, қиз уни эслай олармикан? Мабодо у икки кундан сўнг қизнинг ҳузурига боролмай қолса ҳам қиз буни сезмаслигига Сантягонинг ишончи комил эди. Чунки ўтаётган барча кунлар қизга икки томчи сувдай бир хил туюларди, агар кунлар бир-бирига ўхшаса одамлар ҳар куни қуёш чиққанидан бошлаб, ўз ҳаётларида юз берадиган гўзал ҳодисаларни илғамай қўядилар.

«Мен отамни ҳам, онамни ҳам, қишлоғимдаги қасрни ҳам ташлаб келдим, – деб ўйлади у. – Улар айрилиқда яшашга кўникдилар, мен ҳам кўникдим. Демак, менинг йўқлигимга қўйлар ҳам кўникса керак».

У баландликдан бозормайдонига яна кўз ташлади. Маккабодроқ савдоси авжида эди, у қария билан суҳбат қурган ўриндиқда энди ошиқ-маъшуқлар ўпишаётган эди.

«Сотувчи…» – деб ўйлади Сантяго, аммо фикрини якунлашга улгурмади – «левантин шамоли»нинг янги бир шиддатли тўлқини юзига урилди.

Бу шамолнинг хизмати нафақат босқинчи маврлар кемалари елканларини тўлдириб уфуриш бўлган, у юракларга қутқу солгувчи саҳро ҳидларини ҳам, чодра ёпинган аёллар бўйларини ҳам, номаълум хазиналар излаб, олтин ва саргузаштлар излаб йўлга чиққан саргашталарнинг орзу-умидлари ва тўккан терлари ҳидини ҳам, ўша мафтункор эҳромлар ҳидини ҳам кўринмас қанотлари қатида олиб келарди. Йигитчанинг бу ҳур ва эркин шамолга ҳасади келди ва унга менгзай олиши мумкинлигини ҳис қилди. Ўзидан бошқа ҳеч ким унинг йўлига тўғаноқ бўлаётгани йўқ. Қўйлари, мовутчининг қизи, Андалусия яйловлари – буларнинг барчаси ўз Йўлига қадам-бақадам яқинлашишдир.

Эртаси куни тушга яқин олтита қўйни олдига солиб, бозор майдонига келди.

– Ғалати иш бўлди, – деди у қарияга. – Менинг дўстим сурувимдаги ҳамма қўйларни индамай сотиб олди ва бир умр чўпон бўлишни орзу қилардим, деб айтди. Хайрли аломат.

– Доим шундай бўлади, – жавоб қилди қария. – Бунинг номи Хайрли Ибтидо. Масалан, сен умрингда биринчи бор қўлингга қарта ушлаганингда ҳам албатта ютган бўлардинг, менимча. Омад – бошловчиларга келади.

– Нега бундай бўлади?

– Чунки ўз тақдиринг йўлидан боришингни ҳаётнинг ўзи хоҳлайди ва ғолиблик нашидаси ила сенинг иштаҳангни қўзғайди.

Сўнгра қария қўйларни кўздан кечира бошлади ва биттаси оқсоқланаётганини сезди. Йигитча бунинг аҳамиятийўқлигини, қолаверса,сурувдагиэнгақлли қўй эканлигини ва энгкўп жун беришини тушунтирди.

– Хўш, хазинани қаердан излаш керак энди?

– Мисрдан, эҳромлар ёнидан.

Сантяго эсанкираб қолди. Лўли кампир ҳам худди шугапни айтган,лекин эвазига ҳечнарсаолмаган эди.

– Худо бу дунёдаги ҳар бир банданинг йўлини аломатлар билан белгилаб қўйган, хазинага йўлни ўша аломатлар орқали топиб борасан. Аломатларнинг фақат сен учун ёзилганларини ўқий олмоғинг даркор.

Сантяго жавоб қилишга улгурмади, у билан қария ўртасида капалак чарх уриб айлана бошлади. У ёшлигида бобосидан капалаклар омад келтириши ҳақида эшитган эди. Қора чигиртка, калтакесак ва беданинг тўрт парракли япроғи ҳам омад элчилари экан.

– Худди шундай, – деди қария Сантягонинг хаёлларига жавоб тарзида. – Бобонг ҳақ. Сен йўлдан адашиб кетмаслигинг учун яратилган аломатлар – ана шулар.

Шундай деб қария яктагининг ёқасини сермаб, кўксини очди, ҳайратда қолган Сантяго кеча ярқираб кўзини олган нарсани эслади. Қариянинг қимматбаҳо тошлар билан безатилган, қуйма олтиндан қилинган нишонни бўйнига тақиб юриши бежиз эмас. У ҳақиқатан ҳам шоҳ бўлса керак, қароқчилар ҳужум қилмаслиги учун кийимини ўзгартириб юрибди чоғи.

Қария олтин нишондаги оқ ва қора тошни кўчириб олиб, Сантягога узатди:

– Мана, ол. Бу тошларУрим ва Туммим дейилади. Оқ тош – «ҳа» дегани, қора тош – «йўқ» деган маънони билдиради. Аломатларни англашда иккилансанг, улар сенга ёрдам беради. Сўрасанг бас – жавоб беришади. Умуман олганда, – давом этди қария, – ўзинг қарор қабул қилишга ҳаракат қил. Энди хазина эҳромлар ёнида эканлигини биласан,олтита қўйингни эса сенинг қарор қабул қилишингга ёрдам берганим учун оламан.

Йигитча тошларни қопчиғига солди. Бундан буёғига таваккални Худога қилиб, фақат ўзи қарор қабул қилади.

– Ёдингда сақла – Оламда ҳамма нарса бир бутун. Ёдингда сақла – аломатлар гапиради. Ёдингда сақла – энг асосийси, сен ўз Тақдиринг йўлидан охиригача боришинг лозим. Энди эса сенга қисқагина бир ривоятни айтиб бераман:

Бир савдогар бахтнинг сир-асрорини билиб келиш учун ўғлини энг улуғ донишманднинг ҳузурига юборибди. Йигитча қирқ кеча-ю қирқ кундуз саҳрода юрибди, ниҳоят бир тоғнинг тепасидаги олиймақом қасрни кўрибди. У қидириб юрган Донишманд ўша ерда яшар экан.

Йигитча кутилмаган манзарага дуч келибди, қаср узлатга чекинган тақводорнинг кимсасиз даргоҳига ўхшамас, одамларга тўла экан: савдогарлар ўз молларини мақтаб, у ёқдан-бу ёққа зир югуришар, бурчакбурчакларда тўда-тўда одамлар гаплашиб туришар, машшоқлар созидан майин куйлар таралар, меҳмонхона ўртасидаэса энгтанқис ноз-неъматларгатўла дастурхон тузалган экан.

Донишманд меҳмонлари билан шошилмасдан салом-аликқилиб юрган экан. Йигитча навбати келишини икки соатча кутибди.

Ниҳоят, Донишманд йигитчанинг не мақсадда келганини эшитибди, аммо бахтнинг сир-асроридан воқифқилишга ҳозир фурсати йўқлигини айтибди. Йигитча қасрни айланиб, сайр қилиб чиқишни ва икки соатлардан сўнг шу меҳмонхонага қайтиб келишни таклиф қилибди.

«Сенга яна бир илтимосим бор, – дебди у йигитчага икки томчи ёғ томизилган чойқошиқни узатиб. – Бу қошиқчани ўзинг билан олиб юр, фақат эҳтиётбўл, ёғи тўкилмасин».

Йигитча қошиқдан кўз узмай икки соат давомида қасрнинг зиналаридан чиқибди, тушибди, ниҳоят Донишманднинг ёнига қайтиб келибди.

«Хўш, – дебди у, – емакхонадаги эроний гиламлар сенга ёқдими, моҳир боғбонлар ўнлаб йиллар давомида парвариш қилган боғдаги дарахтлар ва гуллар маъқулми? Менинг кутубхонамдаги қадимий қўлёзмалар, терига битилган китоблар-чи?»

Уялиб қолган йигитча бу ажойиботларнинг ҳеч бирини кўролмаганини, бутун эътибори ишониб топширилган икки томчи ёғда бўлганини тан олибди.

«Орқангга қайт ва менинг уйимдаги барча мўъжизаларни кўздан кечир, – дебди Донишманд. – Одамнинг қаерда ва қандай яшаётганини билмай туриб, унга ишониш мумкин эмас».

Йигитча қўлида чойқошиқ билан яна даҳлизлар ва хоналар бўйлаб қаср сайрига йўл олибди. Бу сафар у ўзини эркин тутиб, хоналарни безаб турган осори-атиқаларни,санъатасарларинитомошақилибди. Боғларга ва қасрни ўраб турган тоғларга маҳлиё бўлибди, гулларнинг гўзаллигига, суратлар ва ҳайкалларнинг моҳирона жойлаштирилганига қойил қолибди. Донишманднинг ёнига қайтиб, кўрганларини батафсил сўзлаб берибди.

– «Хўш, энди айт-чи, мен тўкмасдан қайтариб олиб кел, деб илтимос қилганим – икки томчи ёғ қани?» – деб сўрабди Донишманд.

Йигитча қараса, қўлидаги қошиқда ёғдан асар ҳам қолмабди.

«Сенга берадиган битта-ю битта маслаҳатим худди ана шуэди, – дебди йигитчага донолар доноси. – Бахтнинг бутун сиру асрори – дунёнинг мўъжизалари ва гўзаллигини бус-бутун кўриш, ва кўрар экансан, чой қошиқдаги икки томчи ёғни ҳеч қачон унутиб қўймасликда».

Сантяго ривоятни эшитиб, узоқ жим қолди. Қария унга нима демоқчи эканлигини англаб етди. Чўпон дунё кезишни яхши кўради, лекин ҳеч қачонўз қўйларини унутиб қўймайди.

Шоҳ Маликсиддиқ Сантягога диққат билан тикилиб турди-да, қўлларини бирлаштириб, унинг боши узра ҳавода сирли бир шаклда айлантирди. Сўнгра қўйларни олдига солиб, ўз йўлига равона бўлди.

Аллазамонлар маврлар қуриб кетган қадимий қалъа мўъжазгина Тариф шаҳрига салобат бахш этиб турарди. Агар минорага чиқиб назар ташланса, маккабодроқ сотувчининг кўчма дўкони жойлашган майдон кафтда тургандек намоён бўлади, ҳатто уфқдан Африка соҳиллари ҳам элас-элас кўзга ташланади. Ўша куни Салим шоҳи Маликсиддиқ юзини кунчиқар шамолига тутганча, қалъа девори устида ўтирарди. Қўйлар эса тақдирларида бирваракайига юз берган шунча ўзгаришлардан безовталаниб, янги хўжайинидан узоқроқда тўдалашиб туришар, уларни ҳар доимгидек бир нарса – емиш қизиқтирарди.

Сафарга шай турган кичкина кемага тикиларкан, Маликсиддиқ бу йигитчани энди ҳеч қачон қайта кўрмаслиги ҳақида ўйларди, Иброҳим билан ҳам худди шундай бўлган эди. Ўндан бирини бериб кетгач, уни қайта учратмади.

Умрбоқийларда орзу-ҳавас бўлмаслиги керак, чунки уларнинг бу фоний дунёда ўз йўллари йўқ. Шунга қарамай, Маликсиддиқ Сантяго исмли бу йигитчага омад ёр бўлишига қалбининг туб-тубидан, пинҳона хайрихоҳ эди.

«Афсуски, у ҳозироқ менинг номимни ҳам унутиб юборди, – деб ўйлади у. – Исмимни яна бир бор эслатиш керак эди. У мени – номаълум қарияни «Салим шоҳи, Маликсиддиқ», деб хотирлаши лозим.

У кўзларини осмонга тикди ва бироз хижолат бўлиб пичирлади:

– Эй, Тангрим, биламан, Сенинг наздингда буларнинг бари ўткинчи, беҳуда. Лекин баъзан бу қартайган шоҳнинг ҳам ўзидан ғурурлангиси келиб қолади.

«Сирли жой экан бу Африка», – деб хаёлидан ўтказди Сантяго.

У кичкина тамаддихонада ўтирарди – бундай ошхоналар ушбу шаҳарнинг тор кўчаларида ҳар қадамда учрарди. Бир неча одам катта чилимни қўлма-қўл қилиб навбат билан чекишарди. Бу пайтгача у жуда кўп нарсаларни кўришга улгурди: қўл ушлашиб юрадиган эркакларни ҳам, юзлари ёпилган аёлларни ҳам, баланд мезанага чиқиб, бор овози билан азон айтадиган сўфиларни ҳам, уларнинг овози чиқиши билан атрофдаги одамларнинг тиз чўкканини ва пешоналарини ерга қадашганини ҳам.

«Мусулмонлар ўлкаси. Уларнинг урф-одатлари», – дерди у ўз-ўзига. У болалигида қишлоғидаги черковда Муқаддас Ёқуб сувратини кўрган эди – маврлар устидан ғалаба қозонган ғолиб қўлида қилич, оқ отнинг устида эди, унинг қаршисида эса юзтубан тушган, дарғазаб қиёфали, ҳозир Сантяго билан тамаддихонада ўтирганларга жуда ўхшаб кетадиган одамлар тасвирланган эди. Йигитчанинг жуда кайфияти тушиб кетди – у ўзини дунёда якка-ёлғиз қолгандай ҳис қиларди.

Бунингустига, сафаргажўнаш талотўпида бир нарсани умуман назардан қочирган экан, бу эса хазинага йўлни узоқ вақтлар боғлаб қўйиши мумкин эди. Бу мамлакатда ҳамма араб тилида гапирарди.

Тамаддихона хўжайини унинг ёнига келди ва Сантяго қўшни устолдагилар ичаётган нарсадан олиб келишини имо-ишора билан тушунтирди. У эса аччиқ дамланган чой бўлиб чиқди. Йигитчага бундан кўра шароб маъқулроқ эди.

Тўғрисини айтганда, майда-чуйдалар унчалик аҳамиятга эга эмас – асосийси, хазина ва унга қандай етиб бориш ҳақида ўйлаш лозим эди. Қўйларни сотиб мўмайгина пул қилди, мана чўнтагида турибди. Пул – пул-да, сеҳрли кучини кўрсатишга ҳам улгурди – пул бўлса одамга ёлғизлик ҳам унча билинмайди. Тез орада, бор-йўғи бир неча кундан сўнг у эҳромлар ёнида бўлади. Соф олтиндан қуйилган лавҳ осиб олган оқсоқол бир тўда қўй деб, уни лақиллатмагандир.

У йигитчага аломатлар ҳақида гапирганди ва Сантяго ҳам бўғозни кечиб ўтаркан, фақат шуларни ўйларди. Гап нима ҳақдалигини у англарди: Андалусияни кезиб юрганда, ер ва осмондаги аломатлар нималардан огоҳ этишини йигитча ўрганиб олган эди. Қушқаердадирпусиб ётганилондан хабар беради; буталар эса яқин орада булоқ ёки дарё борлигини билдириб туради. Буларнинг ҳаммасига уни қўйлари ўргатган.

«Агар ҳаммасига Худо раҳнамолик қилаётган бўлса, у менинг ҳам адашишимга йўл қўймайди», – деб ўйлади Сантяго ва бироз тинчланди. Ҳатто чой ҳам аввалгидай аччиқ туюлмади.

– Сен кимсан, оғайни? – ногаҳон испанча савол янгради.

Сантяго бирданига енгил тортди: у аломатлар ҳақида ўйлаётган эди, мана, аломат ҳам билдирилди. Мурожаат қилувчи оврўпоча кийинган, қарийб ўзининг тенгдоши экан. Фақат терисининг ранги унинг шу ерлик эканлигини билдириб турарди.

– Испанчани сен қаердан биласан? – сўради Сантяго.

– Бу ердагиларнинг деярли ҳаммаси билади. Испания икки соатлик йўл.

– Ўтир, сени меҳмон қилмоқчиман. Ўзингга ҳам, менга ҳам шароб буюр. Чой менга ёқмайди.

– Бу мамлакатда шароб ичмайдилар, – жавоб берди у. – Дин тақиқлайди.

Сўнгра Сантяго унга эҳромларга етиб бориши лозимлигини маълум қилди. Хазина ҳақида ҳам лақиллаб қўйишига сал қолди, лекин вақтида тилини тишлади: ким билади, ёрдамлашгани учун ҳақ сифатида хазинанинг бир қисмини талаб қилса-чи, у қариянинг сўзларини эслади: ўзингга тегишли бўлмаган нарсани ваъда бермаслик керак.

– Мени эҳромларгача олиб бороласанми? Ҳақингни тўлар эдим.

– Сен уларнинг қаерда эканлигини ҳеч бўлмаса тасаввур қилоласанми ўзи?

Сантяго тамаддихона хўжайини уларга яқинроқ келганини ва суҳбатларига диққат билан қулоқ тутаётганлигини сезиб қолди.

Унинг олдида гапиргиси келмади, лекин тезда топила қолган бу йўлбошчини қўлдан чиқариб юборишдан чўчирди.

– Бутун бошли Саҳрои Кабирни кесиб ўтишинг керак, – деди йўлбошловчи. – Бунинг учун эса пул керак бўлади. Пулинг борми ўзи?

Сантягони бу савол ҳайрон қолдирди. Лекин у қариянинг сўзларини эслади: «Агар сен бирор нарсани чин дилдан хоҳласанг, ниятинг амалга ошиши учун бутун Олам мададкор бўлади». Сўнгра чўнтагидан пулларини олиб, арабга кўрсатди.Тамаддихонахўжайини янада яқинроқ келиб, уларга бақрайиб туриб олди, сўнгра ҳалиги йигитга арабчалаб бир неча сўз айтди. Сантягога хўжайиннинг недандир жаҳли чиқаётгандай туюлди.

– Кетдик бу ердан, – деди ҳалиги йигит. – У бизнинг бу ерда ўтиришимизни хоҳламаяпти.

Сантяго хурсанд бўлиб ўрнидан турди ва чойнинг ҳақинитўламоқчи бўлди,лекин хўжайин унинг қўлига маҳкам ёпишиб, нималарнидир гапира бошлади. Сантягонингунинг қўлидан халос бўлишга кучи етарди, аммо у ўзга мамлакатда эди ва бундай ҳолларда ўзини қандай тутиш кераклигини билмасди. Бахтига янги таниши хўжайинни итариб юборди ва Сантягони тамаддихонадан кўчага етаклаб чиқди.

– У сенинг пулларингни тортиб олмоқчи эди. Танжер Африкадаги бошқа шаҳарларга ўхшамайди. Бу ер бандаргоҳ, бандаргоҳ эса фирибгарлар макони дегани.

Бу йигитга ишонса бўлади. Шундай қалтис пайтда ёрдам берди. Сантяго яна чўнтагидан пулларини олди ва қайта санади.

– Эртагаёқ эҳромлар томон жўнашимиз мумкин, – деди араб. – Лекин, аввал иккита туя сотиб олишимиз керак.

У ҳамённи Сантягонинг қўлидан олди.

Улар Танжернинг ҳар хил нарсалар билан савдо қилувчи дўкон-у пештахталар тиқилиб ётган тор кўчалари билан илгарилаб, бозор майдонидан чиқиб қолишди, бозор кўп минг кишилик издиҳом билан тўлган эди – одамлар сотишар, олишар, савдолашар, жанжаллашар эдилар. Кўкат-у мевалар ханжарлар билан, гиламлар турли хил чилимлар билан аралашқуралаш ёйиб ташланган. Сантяго пулларининг ҳаммасини олиб қўйган йўлдошидан кўзини узмасди. Пулни қайтиб олмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин беҳурматлик бўлмасин, деб андиша қилди. Бу мамлакатнинг одоб қоидалари ва урф-одатлари унга номаълум эди. «Ҳечқиси йўқ, – деб ўйлади у, – уни диққат билан кузатиб бораяпман-ку, шунинг ўзи етарли, ундан устун эканлигимни билдиради».

Ногаҳон турли-туман буюмлар уюми ичидаги бир қиличга кўзи тушиб қолди, бундай гўзалқилични ҳали умрида кўрмаган эди: қини кумушдан, дастаси қимматбаҳо тошлар билан безалган ва сирланган. Сантяго Мисрдан қайтиб келгач, албатта шунақасидан битта сотиб олишга қарор қилди.

– Сўра-чи, мана шу қанча тураркан, – деди у ўгирилмасдан ўз йўлдошига. Шу лаҳза у қиличга қарайман, деб икки дақиқага чалғиганини англади. Юраги шувэтиб кетди.У орқага қарашга қўрқарди, чунки кўз ўнгида қандай манзаранамоён бўлишинисезиб турарди. Яна бир неча лаҳза қиличдан нигоҳини узмай турди. Сўнгра журъатини жамлади ва орқага ўгирилди.

Атрофда бозор қайнаб-тошар, одамлар у ёқдан-бу ёққа зир югурар ва овозлари борича бақирар, ёнғоқлар, мис идишлар-у кўкатлар аралаш-қуралаш ёйилиб ётар, қўлтиқлашган эркаклар ва чодра ёпинган аёлларўтар, чоратрофни номаълум таомларнинг ҳиди тутган – фақат унинг бояги ҳамроҳи ҳавога сингиб кетгандек эди.

Сантяго даставвал издиҳомда бир-биримизни йўқотиб қўйдик, деб ўзини ишонтирди ва жойидан қимирламай туришга қарор қилди – балки у қайтиб келиб қолар, бирмунча фурсат ўтди: баланд минорага бир одам чиқди ва бор овози билан нимадир, деб қичқирди – шу заҳотиёқ ҳамма тиз чўкди, пешоналарини ерга қадашди ва улар ҳам куйлай бошлашди. Сўнгра, худди тиришқоқ чумолилардай бирданига буюмларини йиғиштиришди, дўкон ва пештахталарини ёпишди. Бозор бўм-бўш бўлиб қолди.

Ва қуёш ҳам осмонни тарк эта бошлади; Сантяго қуёшни узоқ кузатди – майдонни қуршаб турган оқ уйларнинг томлари ортига беркингунича ундан кўз узмади. Сантяго эслади: бугун қуёш ётоғидан бош кўтараётганда, у ҳали бошқа қитъада эди, чўпон эди; олтмишта қўйнинг эгаси эди, мовутчининг қизи билан учрашувни кутаётган эди. Ҳали тонгдаёқ қўйларини яйловга олиб киргач, унга нималар содир бўлиши олдиндан маълум эди.

Энди эса, худди шу куннинг оқшомида у бошқа мамлакатда – бегона юртдаги бегона одам, ҳатто бу ерликларнингтилини ҳам билмайди. У энди чўпон ҳам эмас, у бор нарсасидан мосуво бўлди – аввало пулларидан,демак, энди ҳаммасини қайтадан бошлаш учун ортига ҳам қайтолмайди.

«Бу кўргуликларнинг барчаси қуёшчиқиб ботгунича рўй берди-я», – деб ўйлади йигитча. Ўз ҳолига ачиниб кетди ваҳаёти кутилмагандабу қадар ўзгариб кетганидан қаттиқ қайғурди.

Йиғлай деса, уят бўлади. У ҳатто ўз қўйларининг ёнида ҳам йиғлашдан уяларди. Лекин нима қилсин, бозор майдони аллақачон бўшаган, у эса ёп-ёлғиз ва ватанидан ҳам олисда.

Сантяго йиғлаб юборди. Наҳотки, бор-йўғи ўз тушига ишонадиганларга Худо шунчалик бешафқат бўлса!

«Мен ўзқўйларимни боқаётганда бахтли эдим ва атрофимга ҳам бахт таратардим. Мен ҳузурларига борсам, одамлар қувонарди ва азиз меҳмонларидай қабул қилишарди.

Энди эса мен ғамзада ва бахтсизман. Ва энди нима қилишимни ҳам билмайман. Битта одам мени алдагани учун, энди ҳаммага шубҳа билан қарайман, ёвуз ва бадгумон кимса бўламан. Кимки хазинани топса, мен улардан нафратланаман, чунки бу менга насиб қилмади. Мен ўзимдаги арзимас нарсага ёпишиб оламан, чунки бутун дунёни англамоқучун энди ожиз ва нотавонман».

У бирор бир егулик – ҳеч бўлмаса ёғ билан бир бурда нон қолмаганмикин, деб қопчиғини очди – лекин ундан қалин китоби, камзули ва қария берган иккита тош чиқди.

Буларни кўриб Сантяго беқиёс бир енгиллик туйди. Ахир, қария совға қилган бу иккита қимматбаҳо тош эвазига олтита қўйини берган эди. Уларни сотса, олам – гулистон: чипта харид қилади-да, ортига қайтади.

«Лекин бу сафар эсимни йўқотмайман», – ўйларди у, – қопчиғидан тошларини олиб чўнтагига яшираркан. Бу ахир бандаргоҳ шаҳар, бандаргоҳ эса – ўзини тунаб кетган йигит айтгандай – фирибгарлар макони.

Тамаддихона хўжайини нега бу қадар қизишганини Сантяго мана энди англади – у ҳалиги шерикка ишонмаслик кераклигини йигитчага тушунтириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилган экан.

«Мен бошқалар қандай бўлса, худди шундайман: орзуларимни ҳақиқат ўрнида қабул қиламан ва дунёни ҳам ўзи қандай бўлса шундайлигича эмас, мен қандай кўришни хоҳласам шундай кўраман».

У яна тошларни кўздан кечира бошлади. Уларни авайлабгина силади – ушлаб кўрса, иссиққина эди. Мана бу – ҳозирча ўзида бўлган ҳақиқий хазина, уларга тегинсанг, бас, руҳингенгил тортади. Тошлар Сантягога қарияни эслатди. Унинг юрагидаяна қариянинг сўзлари акс-садо берди: «Агар сен бирор нарсани чин дилдан хоҳласанг, ниятинг амалга ошиши учун бутун Олам мададкор бўлади».

Бунинг ҳақиқат эканлигини Сантягонинг тушунгиси келарди. У чўнтагида бирор чақаси ҳам йўқ, бозор майдонининг ўртасида лол қотган ва қўйларини қаерда тунатиш ҳақида ўйлашнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Лекин қимматбаҳотошлару яқинда шоҳ билан учрашганини қатъият билан исботлаб турарди, қария унинг ҳаёти ҳақидаги ҳамма нарсани биларди: ҳатто отасининг милтиғини сўрамасдан олганини ҳам, ҳаётидаги биринчи аёлҳақида ҳам…

«Тошлар сенга аломатлар маъносини уқолмай қолганингда ёрдам беради. Булар – Урим ва Туммим дейилади», – эслади йигитча.

Сантяго уларни яна чўнтагидан чиқарди, тўрвасига солди ва синаб кўрмоқчи бўлди. Қария, саволларни аниқ беришкерак, тошларўзи истаётган нарсани аниқ биладиганларгагина ёрдам беради, деган эди. У, қариянинг оқ фотиҳаси ҳалиям ўзига ҳамроҳми эканлигини сўради ва қўлини қопчиғидан чиқарди.

– Ҳа, – деб жавоб берди тош.

– Мен хазинани топаманми? – сўради Сантяго.

У қўлини яна қопчиғига тиқди ва тошларни аралаштириб жавобни олиб кўрмоқчи эди, иккала тош ҳам тешикдан тушиб кетди. У эса негадир қопчиғининг тешигини олдинроқ сезмаган ҳам экан. Сантяго ердан тошларни териб олиш учун эгилган ҳам эдики, калласига бир янги фикр келиб қолди: «Аломатларни англашга ва уларга эргашишга ўрган» –деганди қария. Аломат! Сантяго кулиб юборди. Сўнгра ердан тошларни олиб, қопчиғига солди. У тешикни ямашни хаёлига ҳам келтирмади – агар тошлар хоҳласа истаган вақтда ташқарига чиқиб кетиши мумкин. У, шундай нарсалар борки, ўз тақдирингдан қочишга уринмаслик учун улар ҳақда яхшиси сўрамаган маъқулроқ эканлигини тушунди.

«Ахир, мен қарорни ўзим қабул қиламан деб қарияга сўз бергандим-ку» – деди у ўз-ўзига.

Лекин тошлар, қария ҳамон у билан бирга эканлигидан хабар бердилар ва бу Сантягонинг ишончини янада мустаҳкамлади. У бўм-бўш майдонни яна бир бор кўздан кечирди, лекин энди аввалгидай умидсизликбилан эмас. Умуман, унинг қаршисидаги дунё ҳам бегона эмасди – шунчаки янги дунё эди.

Ахир, унинг азалий истаги шу эди-ку – янги дунёларни англаш. Мабодо унинг тақдирида эҳромларгача бориш битилмаган бўлса ҳам, хоҳлаган бир чўпондан кўра кўпроқ нарсани кўришга эришди.

«Бор-йўғи икки соатлик йўлдан сўнг бутунлай бошқа олам борлигини билишганда эди», – деб ўйлади у.

Янги дунё унинг қаршисида бозорнинг ўлик майдони қиёфасида ястаниб ётарди. Лекин у бу майдон ҳаёт билан қайнаганини ҳамкўришга улгурди ва буни ҳеч қачон унутмайди. У қилични ҳам эслади: албатта, икки дақиқалик маҳлиёликка жуда қиммат ҳақ тўлади, лекинбунақа қилични илгари кўрмаган эди. Сантяго дафъатан англади – дунёга фирибгарнинг бахтсиз қурбони ва ёвуз одамнинг кўзи билан ҳам, хазиналар ва саргузаштларнинг жасуризловчиси кўзи билан ҳам қарай олиши мумкин экан.

– Мен – хазиналар ва саргузаштларнинг жасур изловчисиман, – дея ғўлдиради у уйқуга чўмар экан.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации