Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Келин бўлиш сирлари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 19:20


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 8 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

РАҲИМА ШОМАНСУРОВА
КЕЛИН БЎЛИШ СИРЛАРИКелинлик остонасида турган қизлар билан суҳбатлар

ТИЛЛО ОСТОНА ОРЗУСИ
(Муқаддима ўрнида)

Эртага эшигида сурнай хонишини кутаётган қиз борки, тилло остонани орзу қилади. Ойдин бахтли, олтин тахтли бўлишни ким ҳам истамайди, дейсиз?

Ҳар бир фан бошламасида шу фанга кириш бўлади. Келинг, биз биринчи учрашувимизда айтиладиганларни келинлик ҳақидаги сабоқ-суҳбатларимизга кириш деб белгилайлик.

Келинлик китобини ҳар бир келин ўзи ёзади деб айтишади. Тўғримикин?

Тўғридир.

Лекин эътироф этиш ҳам керакки, аёллар умрининг ана шу нозик фаслига – келинликка оид кўп китоблар ёзилган, ёзилаяпти ва яна кўп ёзилишига шубҳа йўқ. Ҳаёт – бу ҳаёт ахир. Унинг энг кичкина манзаралари ҳам катта-катта китобларга туганмас мавзу бўлиб келган. Бироқ уларнинг ҳеч бирининг «алиф»идан «ё»сигача алоҳида олганда бир келиннинг ҳаётига бобма-боб тўғри келади, деб бўлмайди. У ери бўлмаса, бу ерида энг ақлли китоблар ҳам панд бериб қолади. У ҳолда бундай китоблардан нима фойда, дерсиз.

Уларни ёзишдан, кўпчилигингиз қўлингизга етказишга уринишдан мақсад сизни – келинлик остонасида турган қизларни, сал сезгир, мулоҳазали бўлишга чақириш холос.

Ҳар гал балоғатга етган қизлар билан учрашувларга юрагим титрабгина бораман. Ҳар гал ёшлигимда бўлиб ўтган шундай ҳайратли ва ҳаяжонли учрашувлар кўз ўнгимга келаверади.

«Саодат» журналида янги иш бошлаган кезларим журнал атрофида замондош донишманд аёлларнинг кўплиги мени ёқимли ҳайратга соларди. Адиба ва шоира, олима-ю фозила, актриса-ю бастакор аёллар тез-тез йиғилишиб туришар, дилдан суҳбатларга бош муҳарриримиз Зулфияхоним биз – ёшларни ҳам чорлардилар. Музаяна Алавия, Саида Зуннунова, Маҳбуба Раҳим қизи, Саодат Шамсиева каби адиба ва журналистлар, Мукаррама Турғунбоева каби санъаткорлар, Раҳима Аминова, Ҳалима Муҳитдинова, Зоҳида Жамолова, Асолат Қодирова каби олималар, Ёдгор Насриддинова, Қамара Маҳкамова каби жамоат арбобларининг давраси кўз ўнгимда, овозлари, сўзлари қулоғимда турибди.

Ишдан, адабиётдан, санъату маданиятдан кўчиб суҳбатимиз кўпинча турмуш, қизлар-келинлар-аёллар, ҳаёт, унинг пасту баланд сўқмоқлари, ёрқин ва хира руҳияти, турфа қарашлар устида турғун бўлиб қоларди. Биз ёш эдик, уларнинг ҳар бир сўзини жон қулоғимиз билан эшитардик. Кўп кўрганлари, кўп куйганлари учунми, уларнинг ҳар гапида кишининг кўнглини тозартадиган, умидли яшашга ўргатадиган ҳикмат, маънавий юксаклик доимо бўртиб турарди. Кишининг томирини тўлғизадиган суҳбатлар бўларди. Ҳар бирлари ўз соҳаларининг баркамол кишилари бўлганлари ҳолда, сўзда, санъатда, илмда кўп юртларни лол қолдирганлари ҳолда, улар ўзимизнинг оддий қиз-аёлларимизни ҳаётнинг, турмушнинг маънавий устуни деб билишар, ўзбек аёлининг қиёси йўқлигини тан олишар, элнинг кўрки бўлган қизлар тарбиясига катта аҳамият беришарди.

Устозларнинг охирати обод бўлсин!

Ажабо, дунё бир айланиб, энди ўзимиз ўша ёшларга етибмиз. Умрнинг муайян, лекин катта қисми орқада қолганидан кейин киши ҳаётнинг қадри ва маъносига ета бошларкан. Қанчалик аччиқ бўлмасин бу – ҳақиқат. Яна бир нарсани англаб тургандекман: катта ёшдагилар ёшларнинг руҳи бемаврид ёки бемаҳал синмасин учун ҳам, уларнинг ёшлигидаёқ ҳаётга, унинг пасту баландига тўғри қарашларини ўрганиб олишларини истайдилар. Ҳаётга тўғри қараган одам умри давомида мураккабликларга дуч келса ҳам, уларни енгиб ўтиши осон бўлади.

Оддийгина «Кишининг бахти ўз қўлида» деган иборани олинг. Жуда кўп эшитгансиз бу иборани. Катталар ўгитига қулоқ солсангиз, инсон ўз бахти учун курашни ўзи билан курашишдан бошлаши кераклигини англайсиз. Ҳа-ҳа, киши ўзини муттасил тарбиялаб бориши, ўзида бахтли бўла билиш малакасини, бахтиёрлик истеъдодини ривожлантириши кераклигини англайсиз! Кейинни кўзлаб ўзингиздаги ғазаб, жаҳолатни вақтида тизгинлай билиш, атрофингиздагиларни бахтсиз қилмасликка уриниш ҳам – шу малака, шу истеъдоднинг қирралари. Буларни айниқса ёшлигимиздан ўзимизга сингдириб олишимиз керак.

Гарчи келинлик ҳақидаги сабоқ-суҳбатларини олиб бориш «қарилик гаштини сураётган», умримнинг катта қисми ортда қолган даврга тўғри келган бўлса-да, сизлар билан суҳбатга юрагим титрабгина киришдим. Сизнинг қулоғингизга бугун ва кейин қуймоқчи бўлган гапларнинг ҳаммаси меникимикин? Айтилаётган гапларнинг аксарияти юқорида айтганимдек, катталардан жон қулоғим билан эшитганларим, бир умр кўнглим мулкига айланиб, Олам ва Одамга қарашларимни, инсон бахти ҳақидаги тушунчамни белгилаган ҳикмат-насиҳатлар бўлса ажаб эрмас.

Буни бирга-бирга муҳокама ва мулоҳаза этамиз. Биргаликда остонаси тиллодан уйингиз томон одимлаймиз.

Ҳаёт кечириш – тайёр рецепт билан бирон таом пишириш эмас, албатта. Хойнаҳой, ҳозир хаёлингиздан «Аниқ битта рецепт билан ўн киши тайёрлаган ўнта пишириқ ҳам ўн хил чиқади-ку!» фикри ўтгандир-а? Тўғри фикрлаяпсиз. Чунки ҳар кимнинг қўли, кўзи, онги, меҳри, руҳияти ҳар хил бўлади!

Янги бошлаётганимиз келинлик ҳақидаги сабоқлар ҳам сизнинг янги ҳаётингизни аниқ кўрсатиб беради, демоқчи эмасмиз. Сиз уларни ўқинг, мушоҳада қилинг. Излаганингиз – тўғри йўлни эса юрагингиз, онгингиз кўрсатади.

Яратгувчи ҳар бир инсонни бир-бирига ўхшамайдиган қилиб яратгани каби, қизлар ҳам келинлик, оила, аёллик, оналик ролини фақат ўзларига атаб яратилган, пешоналарига битилган сценарийга кўра ўйнайдилар.

Оилада янги тушган келинларга дастлаб кичик-кичик роллар ажратилади. Уларга аввал оила, рўзғор юритишнинг умумий саҳна кўринишларида иштирок этиш ўргатилади. Моҳир артистлар кичкина ролни ҳам маҳорат билан ўйнаб, етакчи роллар даражасига кўтарганларидек, чиндан ўз бахтини топиб, шу уйда «туб қўйиб, палак отиш»ни истаган келинлар ўзларига ажратилган шу кичкина ролларни очиқкўнгиллик, дил равшанлиги, энг асосийси – самимият ва яхши мақсадни кўзлаб ўйнайдилар ва шу оиланинг тенг аъзоси даражасига кўтарила оладилар. Бундайларнинг оддий остонаси ҳам тилло бўлиб туйилади.

Келинлик даврини фақат ясан-тусан давридир деб билганлар бундан мустасно, албатта.

Аслини олганда келинлик – оиланинг энг кичик роли. Бу ролга айрим қизларимиз кўп эътибор беришмайди ҳам. Ҳолбуки, умрнинг ҳеч бир дамига беэътибор бўлинмаганидек, келинлик даврини ҳам умрнинг бундан кейинги катта қисмининг пойдевори деб билиш керак. Пойдеворга жуда катта аҳамият берилиши зарурлигини ҳозир айтиб ўтиришнинг мавриди эмас, албатта. Лекин сиз эртага остонасидан қадам қўйиб ўтадиган оилада келин, аёлнинг ўрни буюклигини эътироф этмай иложимиз йўқ.

…Бу воқеага кўп йиллар бўлди. Аммо шу воқеа томиримизга киритган илиқлик ва тиниқлик ҳали ҳам руҳимизга қувват бериб туради.

Катта келинимизни тушираётганимизда, яхши ниятлар билан чарм муқовали катта дафтарнинг биринчи саҳифасига «ОИЛАНОМА» деб ёздириб, янги келинга совға қилар эканмиз:

– Бугундан эътиборан шу дафтар оилангизнинг энг ёруғ кунлари хотираси ёзиб қўйиладиган кундалик вазифасини ўтасин! Илоҳим ёруғ кунларингиз кўп бўлсин! – деб истак билдирдик.

Келин боламиз шу дафтарни уйларидагиларга ҳам кўрсатган эканлар, дадалари – қудамиз, таниқли олим, қизларига бироз насиҳат қилиб, сўнг дафтар саҳифасига бир ривоят битиб берибдилар:

«Тангри таоло Одам Ато ва Момо Ҳавони яратиб, уларга фазилат улашаётганда Одам Атога куч-қудрат, уддабуронлик, тадбиркорлик, шафқатлилик бериб, Момо Ҳавога биргина калит берган экан. Шунда Момо Ҳаво дилида исён кўтарилибди:

– Нега Одамга кўп фазилат берилди-ю менга фақат биргина калит!?

– Одамни сизга қўриқчи, сиз суянадиган тоғ қилиб яратдик! – деган жавоб бўлибди. – Одам сизга ризқ келтириб бергувчи, сизни ҳимоя қилгувчи қалқондир. Сиз эса унинг топганини баракотли қилиб, унинг кўнглини олиб, шу калит билан бахт, осойишталик, файзу баракотли хонадон эшигини очиб ўтирасиз. Файзу барака сочилмасин учун қулфини қўлда маҳкам тутасиз…

Демак, бугунги учрашувимизда ва кейинги суҳбатларимизда айнан қизларнинг, келин – аёлларнинг оиладаги ўрни хусусида сўзлашамиз.

Бизнингча, балоғатга етган қизнинг, эртага келин–хотин–онахонадон соҳибаси бўладиган қизнинг энг етакчи фазилати мулоҳазакорлик бўлиши керак. Инсон учун фикр юритиш – кўзгуга қараш билан баробар – унда ақли бор киши ўзининг яхши ва ёмон томонларини кўриши мумкин. Ақлини ишлатган инсон ўз тақдирининг ёмон томонга бурилиб кетишидан асраб қола олади, оддий остонасини тиллога айлантиради.

Келинлик остонасида турганлар, айниқса, «Оила нима?», «Эр ким?» саволини ўзларига кўп беришлари, ота-оналарнинг қадри, жигарларнинг ўрни, оилада ўзларининг ўрни ва ўзлиги ҳақида кўп мулоҳаза юритишлари керак. Мулоҳазакорлик билан улар ўзларида қайтарилиши мумкин бўлган «Нега Одамга шунча нарса, менга эса фақат калит?!» каби Момо Ҳаво исёнининг олдини олиб қоладилар. Остоналарининг тилло зарини кўчирмайдилар.

Шуни эсдан чиқармангки, айниқса келинлик даврида исёнкорлик кўнглингизга тез-тез меҳмон бўлиб, унда тез илдиз отадиган туйғуларнинг бирига айланиб қолади. Унинг оқибатида ўзингизга тикмоқчи бўлган кўйлагингизни қўшнига, бошқаларга қараб бича бошлайсиз. Бировнинг кийими бошқага тўғри келмаслигини унутасиз. Бунга йўл қўйдингизми, кейин келадигани маълум:

– Нега фалончида бор, менда йўқ?

– Нега фалончининг эри топармон, меники эса рўзғорини аранг эплайди?

– Нега фалончи туни билан дискотекада ялло қилиб юради, мен эса кечасию кундузи иш билан бандман?

Ва ҳоказо… Ва ҳоказо…

Оқибат, аввало, икки оила бошида пайдо бўлган бу можаро географияси тобора кенгая боради. Аввал бу можаро яқин қариндошлар ўртасида муҳокама этилса, кейин маҳаллага чиқади… Кўпинча эслик-ҳушлик қизлар бу саволларни дилларига асло яқинлаштирмайдилар, тилларига эса чиқармайдилар.

Келинлик ҳақидаги сабоқ-суҳбатларда шунга йўл қўймасликнинг айрим қирралари ҳақида суҳбатлашамиз. Келинлик остонасидан ўтаётган қизлар, яъни сизлар ўз иродангиз, ўз ақлингиз, ўз муҳаббатингизга ишонсангиз, фикрингиз тиниқ бўлса – бўлди. Демак сиз ҳам бахтингизни маҳкам ушлай оласиз.

Илоҳо, шундай бўлсин! Сабоқ-суҳбатлар сўнгида келинлик остонасида турган қизларимизни дуо қилинг, деб илтимос қилишганди. Шунга кўра:


Тилак: Илоҳо, қалбингиз меҳрли, кўзингиз нурли, ниятларингиз хайрли бўлиб, чин уйим деб босган янги уйингиз остонаси тиллодан бўлсин!

ҚИЗ БОЛА – ЭЛНИНГ КЎРКИ

«Қиз бола – элнинг кўрки» деган гапни сиз ҳам, албатта, кўп эшитгансиз. Балки маъносига етишга ҳам кўп урингандирсиз.

Қадим-қадимдан шарқ оилаларида қизлар тарбиясига алоҳида аҳамият бериб келинади.

Қадим-қадимдан қизлар ҳам қизлик – аёллик – оналик даврларида ўз зиммаларига уй тутишдек қутлуғ иш юклатилганини англаб, ёшликданоқ эплик бўлиш тадоригини кўриб келадилар. Болаликда қўғирчоқ ўйнаганингиз, унинг юз-қўлини ювиб, сочларини тараганингиз, яъни уни ораста бўлишига интилиб, жажжи идишчаларда вақтида унга таом беришга уринганингиз, ойингизга ҳар ишда қарашишга ҳаракат қилиб атрофларида гилдиллаб юрганингиз – шу тадорик ибтидоси. «Хола-хола», «Меҳмон-меҳмон» ўйинлари эсингиздами? Аслида бу сизнинг дастурхон безаш, меҳмон кутиш, муомала, мулозаматни ўрганиш йўлидаги биринчи сабоқларингиз эмасмиди? Йиллар ўтгани сайин бу сабоқлар тобора жиддийроқ тус олиб, тобора мураккаблашиб борди-а.

Ҳозир «Қандай курслар ёки тўгаракларга боргансиз?» деб сўрасак, ҳар бирингиз бундай курсларнинг камида уч-тўрт хилини тилга олишингиз турган гап.

Мактабнинг бошланғич қисмини тугатишингиз билан ойингиз сизни бичиш-тикиш, тўқиш, каштачилик тўгаракларига олиб борганлар. Бармоқларингиз «игна ушлашни билиши», қўлингиз сал «келиб қолиши» биланоқ, сизни яна «Буларни ҳам ўрганиб ол!» дея пазандачилик, ҳар хил пишириқлар курсларида ўқитишган. Тўғрими? Ҳа, баракалла. Илоҳим, ҳамма билганларингиз ўзингизга бир умр қувват бўлсин, обрўйингизга файз ва барака олиб келсин.

Ҳозирги энг «моднûй» курслар – оила иқтисодиёти, назокат сири, рўзғор юритиш, дизайн, ҳатто бошланғич тиббиёт сабоқлари, соч турмаклаш ва маникюр-педикюр каби курсларидан ҳам қуруқ қолмагансиз. Ойингиз сизнинг ўрганган-билганларингизни юзага олиб чиқадиган, ўзингизнинг кимлигингизни кўрсатадиган давр – келинлик остонасида турганингизни билганлар. Эрта-индин, яъни «бошингизга тушганда» буларнинг ҳаммаси сизга асқотади.

Ўрганиш учун киши ёшининг аҳамияти йўқлигини унутманг. Кўпроқ билишга интилсангиз бас. Бундай интилиши бор киши билмаганини ўрганишга вақт ҳам, имкон ҳам, албатта, топади. Янги оилангиздагилар ҳам сизнинг билишга интилишингиздан севинишади, сизга рағбат беришади. Чунки улар ҳам сизнинг «элнинг кўрки» бўлиб юришингизни исташади. Ўзи лобар, тили дилбар, назокатли, уйига меҳмон келса, минг турлук ноз-неъмат билан, жонини фидо қилиб кутиб оладиган келинни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Келинининг келажак турмушида, болалари тарбиясида асқотади деб, турли курслар қидириб юрадиган қайноналар ҳам кўп. Бўлажак қайнонангиз шундай қилсалар, у кишига парвона бўлинг, энг яқин кишингиз деб билинг.

Балки орангизда «Буларнинг ҳаммасини билиш менга зарурми?» деб ўйлайдиганлар ҳам топилиб қолар. Бадавлат жойга тушдим, хонадонимда уч-тўрт хизматкор бор деб, ўзингизни асосий вазифа – уй тутишдан четга олсангиз келажагингиз ҳам, бахтингиз ҳам қил устида деяверинг.

Тўйгача бўлган уч-тўрт ойлик учрашувлар фасли ва тўй кунлари кўтаринки руҳиятини катта ёшдаги аёллар «поэзия» даври деб атайдилар. Тўйдан кейин эса айтишларича «проза» бошланармиш.

Бу ўхшатиш нечоғли тўғрилигини билмадим-у аммо айрим насрий асарларни қўлдан қўймай ўқиладиган даражада зўр ёзилишига ишончим комил бўлгани учун ҳам, тўйдан кейинги ҳаётимизни қандай ўтказиш – кўнгилни кўкларга кўтарадиган шаклдами ёки бир хил ва зерикарли шаклдами – бу жуда кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ деб ўйлайман. Ҳаётимизнинг чиройли ёки хунук кечиши, борингки бахтли ёки бахтсиз бўлишимиз ҳам кўп жиҳатдан бизнинг қанча кўп билишимизга, уқувимизга, эплилигимизга, ҳаётдан нима излаб, нималарга интилаётганимизга боғлиқ.

«Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё» деб бежиз айтишмаган.

Яхши уй бекаси бўлиш, яхши уй тутиш қутлуғ вазифа. Шуни уддаласангиз, билингки сиз жамиятнинг олди кишисиз.

«Мен бир оила келиниман холос, менинг жамиятга қандай алоқам бор?» деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Чуқурроқ ўйлаб кўринг-чи.

Бугун ақлли, эсли-ҳушли қиз деган ном олиб, эртага лобар келин, дилбар аёл, меҳрибон она «мартаба»сига эришсангиз, билингки сиз баркамол жамият учун курашаётганларнинг энг пешқадамисиз. Бугун озода бўлиб, саранжом ва саришта бўлиб, соғлигингизга қараб юрсангиз – эртага сиз келажакнинг соғлом авлодини таъминлагувчи кишисиз.

Яхши фарзандларни тарбиялаш, жамиятга олижаноб кишиларни етказиб бериш ҳам аслида келинлик фаслидан бошланади.

Келажакда эрингиз топармон бўлиши, оғзингиздан чиққанини муҳайё қилиши мумкиндир. Аммо унинг муҳайё қилганини билиб-билиб ишлатмасангиз, юзага олиб чиқмасангиз, ёнига қўшмасангиз, эртага кексалар айтмоқчи «Ётиб еганга – тоғ ҳам чидамас»лигига ўзингиз ҳам амин бўласиз. Эрининг топганига файзу баракани уйдаги аёли бағишлайди. «Қилич тутган саркардадан, игна ушлаган аёл афзал!» деб бекорга айтилмаган.

Пул топиб, уйига ризқ-рўз йиғиб келиш илинжида юрган эркаклар ёнларида энг садоқатли, ақлли, идрокли, заковатли, фаросатли, иродали, жасоратли, меҳрли, ҳалол, покиза ва шунга ўхшаш кўп-кўп фазилатларга эга бўлган аёлнинг доимий ҳамроҳ бўлишини орзу қилишлари табиий. Аёлларни оиланинг устуни, яхшиликка илҳомлантирувчи деб қарайдиган бўлсак, «Эрни эр қилиш», уй тутишни уддалаш, атрофдагиларга нур таратиб туриш учун ҳам юқорида санаб ўтилган фазилатлар сизга ортиқ даражада керак. Илм ва одоб тенги йўқ хазина деб элимиз бекор урғу бермаган. Оиласида ақлли, фаросатли, ҳалол, покизалик билан донг таратган аёлнинг бойлиги ортиши билан бирга, қадру қиммати ҳам ортиб боради. Бу фазилатлар ёшликда «Элнинг кўрки» сифатини олишга муваффақ бўлган, илм ўрганган, тарбия кўрган, яхши ниятли, фидойи аёлларга юқади. Камини бундай аёллар умр бўйи яна ўқиб-ўрганиш билан тўлдириб бораверадилар, ҳеч қачон тинмайдилар. Бундайларнинг чиройи тобора очилиб, файз кириб, кўзлари нурли бўла боргани каби, қадамлари етган ер гулзорга айланиб бораверади.

Суҳбат охирида илтимосингизга кўра, яхши одамлардан эшитганим бир


Тилак: Борган ерингизда ҳар бирингиз ҳам бахтли, тожу тахтли бўлинг! Тебратганингиз бешик, кўрганингиз бир эшик бўлсин! Бир оиланинг беназир бекаси, кўпнинг тўрга ўтар ўктам эркаси бўлинг!

ТАНГРИНИНГ ТАҚДИРИДАН ҚОЧИБ БЎЛМАС

Ота-онангиз уйида «меҳмон»лик муддатингиз тугаб бораётганини ҳар куни юрагингиз уюшибгина сезаяпсиз. Тўғрими? Йигирманчи, айримларингиз йигирма биринчи, йигирма иккинчи баҳорингизда «Пешонангизга битилганини», яъни «Тақдир кишингизни» танлаб бўлдингиз. У кишини аввал отаонангиз танлашди. Кейин ҳар томонлама мулоҳазаларини сизга етказишди. Ойингиз, опангиз, келинойингиз билан қилинган суҳбатлар эсингиздами? Улар куёвнинг оиласи, ота-онаси, ака ва укаси, уйи-жойи ҳақида, куёвнинг ўзлари пайқаган айрим фазилатлари ҳақида гапириб беришди. Аммо ҳеч бирлари «Фақат шу йигитга турмушга чиқасан, вассалом!» деб туриб олишгани йўқ. Тўғрими? Ўзингизга ҳавола қилишди. Агар билсангиз, бу ҳам миллатимиз ички маданиятининг бир кўриниши. Бизда қизларни жуда ҳурмат қилишади, уларнинг эркини ҳимоя қилишади.

Бир қарорга келгунингизча неча-неча тунларни юлдуз санаб ўтказдингиз.

Келажагингизни лоақал тасаввурда ҳам кўра олмаяпсиз-а? Ўйлаяпсиз… Ўйлаяпсиз… Ўйламай иложи борми? Чунки турмушни сиз қиласиз. Чунки сиз яшайсиз кўплашиб танланган куёв билан…

Кўп нарса энди сизнинг ҳаётга нечоғли тайёрлигингизга, феълингизга, одобингизга, олган тарбиянгизга, уқувингизга, иродангизга, оила тутиш сирларини эгаллашга нечоғли уринганлигингизга ва сиз билан суҳбатлашувчиларга нечоғли ишонишингизга, уларга ҳурматингизга боғлиқ.

 
Заргар қилган занжирни узиб бўлмас ёр-ёр,
Аллоҳ битган тақдирни бузиб бўлмас ёр-ёр…
 

Тўйингиз оқшомида жаранглайдиган бу сўзлар сизга бир умр қувват бўлсин, қизларжон!

 
Эй, Навоий, қочмоқ ўлмас,
                                Тенгрининг тақдиридан…
 

Буюк Навоий айтмоқчи «Тангрининг тақдиридан қочиб бўлмас»лиги руҳингизга мадад берсин, она қизларим!

Ана шу мадад ва қувватни яхши ҳис қилиш учун бугун яхшилаб ўйланг. Тўйдан сўнг кўп нарсага кўз юмишга тўғри келгани сабабли ҳам, тўйдан олдин ҳамма нарсага кўзни катта очиб қараш керак, деган гапни сизлар ҳам кўп марта эшитган бўлсангиз керак. Янги уйингиздаги ҳаётингизнинг ҳар сонияси ана шу ўйлаганингиз оқибати қабул қилган қарорингиз амалига имтиҳондир. Қарорида муқим бўлган одам амалда ҳам муқимдир.

Иродали, мулоҳазали келин сифатини олиш учун ҳар қадамингизни ўйлаб босишингизга тўғри келади. Шунинг учун ҳар сўз, ҳар иш, ҳар фикрингизни изҳор этишдан аввал яхшилаб ўйлаб олиш керак. Кейин эса ҳар сўз, ҳар иш, ҳар фикрингизда муқим бўлинг. Фикрингизни тез-тез ўзгартираверманг. Хато қилганингизни англаган бўлсангиз, яхшиси секингина қайнона ойингизга айтиб кўринг. Яхши оналар ўз уйларидаги сирни кўчага олиб чиқмаслик чорасини кўрадилар. Сизнинг уларга бўлган ишончингиз уларни сизга сирдош қилади.

Ким нима деса, ўшанга оғиб кетаверманг. Чунки тил бошқаларники, фикр бошқаларники, турмуш савдоси эса – сизнинг бошингизда. Ҳар нарса ҳақида ўз қарашингиз бўлгани яхши, албатта. Аммо бу қарашни бўлар-бўлмасга «кўз-кўз» қилаверманг.

Ҳаммага сир айтаверманг. Ёшларнинг катталарга ақл ўргатавериши ҳам хунук кўринади.

Янги уйингиздагиларга (энди бу сизнинг чин уйингиз), энг аввало, қайнона-қайнотангиз, қайин акаукалар, опа-сингилларга ишонинг.

Аввало ўз жуфтингиз олдида, ўз оилангизда қадр топсангизгина бошқалар олдида ҳам қадр топишингизни унутманг. «Элга суюкли бўлиш учун, аввало эрга суюкли бўлиш керак», деган гапни дилингиздан чиқарманг.

Айрим вақтлар бу уй аъзолари ва эрингизнинг кўнглини олиш, уларга хуш ёқадиган ишни қилиш учун ўз кўнглингизни, ўз раъйингизни вақтинча унутишга, қарашларингиздан бироз чекинишга тўғри келади. Бундан келадиган ютуқ – бахтибекамликдир. Вақтида бир гапдан қола билган аёллар ўз уйларининг маликасига айланганларига мисоллар жуда кўп. Юк кўтарган ютади, деб бежиз айтишмаган.

Ҳа, она қизларим, Тангрининг тақдиридан осонликча кечиб бўлмайди. «Эрдан кечмоқлик – жондан кечмоқлик» лигини унутманг.

Момоларимизнинг айтишларича, ҳар бир аёлнинг бошида уч ўлим бўлармиш. Бири унинг табиий ўлими, яъни вақти қазоси келиб, ажали етгандаги ўлими экан. Иккинчисига аёл ўз ихтиёри билан бир неча бор рўбарў келармиш. Тўлғоқ дардларини, маълумки, аёллар бир неча бор бошларидан кечирадилар. Ҳар гал, ўхшатиш жоиз бўлса, ажал билан юзма-юз турадилар. Чақалоқнинг ингаси аслида аёл матонатига мадҳиядир дегувчилар ҳақ. Эрдан ажраш номуси шу даража кучли эканки, уни аёлнинг учинчи ўлими билан тенглаштирадилар.

Қадим-қадимдан халқимизда «Бир оғирга – бир енгил», «Бир яхшига – бир ёмон» деган гаплар бор. Дунёда нечта одам бўлса, шунча феъл-атвор бўлади. Кишиларнинг ҳамиша мижози бир-бирига тўғри келиши қийин. Биров «пов-в» этиб ёнса, бировнинг кўзида битта учқун ёқиш қиёматдан қийин дейишади.

Одамга феъл, мижоз, «оғирлик» ва «енгиллик» туғма берилгани билан улар доимий ва ўзгармас экан, деб ўйлаш нотўғри. Одам – тирик жон ахир! Унинг ёши улғайиши, оила ва иш шароити, таълимтарбия таъсири натижасида инсон руҳиятида ҳам турфа ўзгаришлар рўй беради. Демоқчимизки, эрхотин-нинг юлдузи бир-бирига мос келмаган, турли характердаги ва турли мижоздаги одамлар бўлишига қарамай, ният яхши бўлса, мақсад тўғри бўлса, юлдузларни бир-бирига мослаб, муросаи-мадора қилиб келишиб, суюшиб, муносабатни мослаб бориш керак.

Одамий яшаш, одамий ният қилиш, шу ниятларнинг амалга ошишида одамий ҳаракат қилиш керак деганимизда, инсоннинг ўз ҳиссий ва ақлий туйғуларни бошқаришга қодирлиги, зарур ерда бу туйғуларга муайян йўналиш бера билишга қодирлигини назарда тутяпмиз. Баркамол кишиларнинг бунга қодирлигига фозил кишилар қадимдан урғу бериб келишган. Қизлар, келинлар, оналар ҳақида гап кетганида, кўпинча уларга оиланинг маънавий муҳитини яратувчилар, бу муҳитни яхшилик ва умидлилик пардасида сақлаб турувчилар деб баҳо берилишини унутмасангиз бўлгани. Бизнинг ўзлигимизни ифода этувчи асосий фазилатларимиз – келишувчанлик, кечирувчанлик, фидойилигимиздир.

Аёл зоти табиатан моҳир руҳшунос қилиб яратилган. Аёллар ўз ҳиссий ва ақлий туйғуларини бошқара олишга, юраккиналарига керакли йўналиш бера олишга қодирдирлар. Бежиз бизга «Сув келса – симириб, тош келса – кемириб кетишади» деб нисбат берилмаган.

Юлдуз юлдузга чап бўлиб турган вақтларда момоларимиз ҳамиша оила масъулияти юкини кўпроқ аёллар уҳдасига ортадилар. «Ақл билан иш қилинг! Бир гапдан қолинг!» деб ўргатадилар. Ақл ва виждон жиловини қўлида маҳкам тутган аёл ҳам, эр ҳам асосий мақсадни аниқ белгилаб олиши мумкин бўлади. Бирга турмуш қуриб, бирга яшашдан мақсад – оилани муқаддас билиб, болалар боши узра ёғду сочиб турган Қуёш – отани, Ой – онани асраб қолиш бўлса, демак, аввало икки томон, қолаверса асосан аёллар кўпроқ, юлдузни юлдузга мослаштиришга уринишлари, келишишга ҳаракат қилишлари лозим. Инсон ўз жуфти-ҳалолининг юлдузини кўзлаб, юлдузларни бир-бирига мослаб юришга интилиши билан ҳам табиатнинг бошқа мавжудотларидан фарқ қилишини доим эсда тутинг. Шунга эришилгандагина «Тангрининг тақдиридан қочиб», «Аллоҳ битган тақдирни бузиб» бўлмайди.

Қизлар доим ёрқин муҳаббатга ташна бўладилар. Энг ёрқин, энг садоқатли муҳаббат бирдан келиши кам учрайдиган ҳолат. Бундай муҳаббат умрини чақмоқ умри билан қиёс қилишади. Бир-биридан яхшилик излаб, бир-бирининг яхшилигини ошириб, йиллар давомида бир-бирининг кўнглини овлаш эвазига эришилган муҳаббатнинг умри узун, меваси шириндир.


Тилак: Аллоҳ ҳар бирингизнинг пешонангизни кўҳлик қилиб, ёрқин тақдирни мангуга битган бўлсин. Танлаган кишингиз сизга меҳр-муҳаббатли бўлиб, юлдузингиз ҳамиша бир-бирингизга иссиқ кўринсин! Бахт юлдузингиз ҳамиша чарақлаб турсин!


Страницы книги >> 1 2 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации