Текст книги "Келин бўлиш сирлари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 8 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
СИЗНИНГ ОСТОНАНГИЗ
Йиғлома қиз, йиғломаё тўй сеники,
Остонаси тиллодано уй сеники…
(Халқ термаларидан)
Сизлар билан остона ҳақида сўзлашишни хаёлимдан ўтказганимдан бери, хотирамга бир вақтлар бувимдан эшитган бир ривоят келаверди.
Қадим замонларда бир мусофир йигит бир кўҳна кентда ов қилиб, ўтин териб тирикчилик қилар экан. Кунларнинг бирида у уйланибди. Кўп вақт ўтарўтмас, унинг уйланганини эшитган отаси ҳол-аҳволидан хабар олиш учун бошқа узоқ кентдан туя миниб келибди. Сўраб-суриштириб ўғлининг уйини топиб, дарвозасини қоқибди.
Эшикни очган аёл мўйсафидга салом берибди. Аёл қайнотасини ҳали кўрмаган бўлгани учун, келган кишини танимабди. Ўғлининг уйда йўқлигини эшитган ота уйга кирмабди. Шу ерда турибоқ ҳол-аҳвол сўрабди:
– Рўзғорингиз бутми, ҳаётингиз яхшими, болам?
– Аҳволимиз анча ночор. Рўзғорда ҳеч нарса йўқ. Овқат қилай десам, гўшт ҳам йўқ…
– Майли, уй эгасига салом денг.
– Ким келди деб айтай?
– Кимлигимни ўзи билиб олади. Овдан қайтганида, унга: «Бир мўйсафид келди, ўғлим остонасини алмаштирсин!» деб тайинлаб кетди, десангиз бўлгани.
Мўйсафид шундай деб йўлга равона бўлибди. Аёл эса ҳеч нарсани тушунмаганича остонасига тикилганича қолаверибди.
Эри қайтгач, хотини унга бўлган воқеани ва чол тайинлаб кетган гапни айтибди.
– Остонанинг нимасини алмаштирамиз, бинойи турибди-ку,– дебди ҳайратини яширмай.
Йигит ўйланиб қолибди. Эртаси куни у хотинининг жавобини бериб, кўп ўтмай, бошқа аёлга уйланибди.
Орадан анча вақт ўтибди. Ўша мўйсафид бир куни яна шу эшикни тақиллатибди.
Аммо бу гал эшикни бошқа аёл очибди.
– Ассалому алайкум! – дебди у тавозе билан чолга.
Чол алик олгач, аёл мулойим дебди:
– Уйга марҳамат қилинг, отахон! Узоқ йўл босиб келаётган экансиз. Тезда ҳожам ҳам қайтиб қоладилар.
Чол мамнуният билан мўйловини силаб қўйибди, аммо бу келини ҳам уни ҳали таниб улгурмагани учун эркаги йўқ уйга кирмабди.
– Тирикчилигингиз қандай ўтаяпти, қизим? – сўрабди чол.
– Аллоҳга шукрлар бўлсин, Ўзи берган ризқимизни териб юрибмиз. Юрт қаторимиз, – дебди келин.
Аёл тезда уйга кириб, косани тўлдириб сув олиб чиқиб, мўйсафиднинг чанқоғини қондирибди, махси-кавушларини артиб қўйибди. Эри келганида албатта келиб меҳмон бўлишини тайинлабди.
– Йўлингиз анча олисга ўхшайди, отахон, – деб, сочиққа нон ўраб қўлига берибди.
Чол уни узоқ дуо қилибди.
– Кимлигингизни, қайси қавмдан эканлигингизни айтинг, отахон. Ҳализамон ҳожам келиб қоладилар. Фалончи ота келдилар, сиз йўқ бўлганингиз учун уйга кирмадилар. Дуо қилдилар, деб айтаман.
– Барака топ, қизим. Эринг келганида айт, остонасини маҳкам ушласин. Шу гапни айтсанг, кимлигимни ўзи билиб олади! – дебди чол ва йўлга равона бўлибди.
Ов қилиб, йўлакай ўтин териб келган эрини аёл очиқ чеҳра билан кутиб олибди. Йигит чангини қоқиб, қўлини ювгач, олдига чой билан бир бурда нон қўйибди. Сўнгра унинг ёнига ўтириб, кундузи бир мўйсафид эшикларини қоқиб келганини, аммо уйда эркак киши йўқлигини билиб, ичкари кирмаганини сўзлаб берибди. Аёл бу нуроний чолга раҳми келганини, уйдаги нонни – икковининг насибасини бериб юборганини ҳам узр билан айтибди.
Қўлидаги қотган нонини сувга ботирар экан, йигит сўрабди:
– Мўйсафид кимлигини, қайси қавмдан эканини айтмадиларми?
Шунда аёл чолнинг тайинлаб кетган ғалати гапини айтибди:
– «Эрингизга айтинг, остонасини энди топибди, уни маҳкам ушласин!» деб тайинладилар. Шу гапни айтсам, сиз у кишининг кимлигини билар эмишсиз… У кишини танийсизми?
– Эшигимизга келган мўйсафид – отам эканлар! Сенинг муомалангдан у киши жуда мамнун бўлибдилар. «Остонасини энди топибди, уни маҳкам ушласин!» дейишлари билан, оиламни мустаҳкамлашни буюрибдилар, – тушунтирибди йигит.
Бу ривоятни эслаганимнинг боиси, шу ерда учраган остона сўзининг ҳаётда неча хил маънода келишига, келинг, биргаликда аҳамият берайлик.
Остона – оила… Остона – уй… Остона – аёл, қиз, хотин… Остона – оиланинг маънавий муҳити, ахлоқ даражасини кўрсатувчи кўзгу… Остона – эрта-индин сизларга бериладиган рамзий баҳо…
Чунки халқимизда «Келинлик уйга тезда қулф тушмайди» деган гап бор. Келинлик уйдан вақт-бевақт меҳмон аримайди. Буни келинлар жуда яхши билишади. Барвақт туриб эшикни очиб, ҳовлини супириб-сидириб, ҳамма ёқни озода тутишади. Кексаларнинг гапига қараганда, барвақт туриб очилган эшикдан қут-барака кириб келармиш. Озода остонадан ўтганларнинг дуолари вожиб бўлармиш.
Оилани кўпинча бир кичик мамлакатга ўхшатишади. Бу бежиз эмас. Аёл кишининг вазифаси шу кичик мамлакатнинг ичини бошқариш. Бу сўзларни эшитганда, демак, аёл кишининг вазифаси уйни озода тутиш, овқат пишириш, болага қараш эканда, дегувчилар бўлади, албатта. Тўғри, бу уларнинг бирламчи вазифаси. Аммо юқоридаги ривоятдан кўриниб турибдики, аёл – шу кичик мамлакатнинг ташқари билан муносабатининг ҳам рамзи, юзи экан.
Овчининг биринчи аёли ўзи ҳали таниб улгурмаган, эндигина кўриб турган кишиси – қайнотасига сирини олдирди, рўзғорида ҳеч нарса йўқлигидан зорланиб ҳам улгурди. Шу билан остонасининг – турмушининг омонатлигини ошкор этди. Эътибор беринг, иккинчи аёли ҳам айнан шундай шароитда турмуш кечиради. Аммо берилган саволга «Худога шукр, эл қатори насибамизни териб юрибмиз!» деб жавоб берди. Яна ночорлигини мутлақ ошкор қилмайдиган ҳаракатни қилди – уйидаги бор нонини «Йўлда ерсиз!» деб олиб чиқиб берди. Эвазига дуо олди. Эрининг ови бароридан келганини шу мўйсафид кишининг дуоси туфайли деб қабул қилди, суюнди. Шундай суюнч кайфиятда эрини кутиб олди. Ўзининг ҳам, эрининг ҳам кайфияти кўтарилди. Шундан кўриниб турибдики, келиннинг ял-ял ёниб юришигина эмас, яшнаб, ўзидан нур таратиб юришида гап кўп экан.
Диққат қилган бўлсангиз, уйда ойингизнинг йиғтер, ишга бориб келишдан ташқари яна кўп вазифалари бор. Улар ўз болалари ўртасидаги муносабатнинг яхши бўлиши учун астойдил ҳаракат қиладилар. Ҳар бирингизнинг иш-ўқишингиздан бохабарлар. Кўпинча сизнинг ҳар бирингизга тегишли, адангиз ишига тегишли жуда яхши маслаҳатлар берадилар. Баъзида ойингизнинг жуда кўп нарсаларни билишларидан, ҳар соҳада билимдонликларидан ўзингиз ҳам завқланасиз. Қўни-қўшни, қариндошуруғ билан муроса қилишларини кузатганмисиз? Нақ дипломат бўлиб кетадилар-а! Чунки улар ўз «мамлакатлари»– оилалари ҳақида заррача бўлса ҳам ёмон фикр туғилишини истамайдилар. Бунга йўл қўймайдилар ҳам. Бу сизларга ўрнак бўлсин!
Келин бўлиб тушаётган ерингизда ҳам остонасини муқаддас биладиган шундай аёл – қайнонангиз бор. Сидқидилдан уларга эргашсангиз, сизни соҳибалик йўлидан аста авайлаб олиб ўтадилар, остонангизни асрашга ўргатадилар.
Яхши ният, яхши ҳаракат, меҳр-муҳаббат билангина тўйингизда айтилган «Ёр-ёр»да ваъда қилинган тилло остоналик уйга эришасиз.
Тилак: Илоҳим, остонангиз ҳамиша покиза, ҳамиша мустаҳкам бўлсин! Илоҳим қулфи дилингиз очиқ бўлсин! Остонангиз сизни шу хонадон аъзолари-ю меҳмонларига ҳамиша меҳрли, марҳаматли кўрсатсин! Остонангиздан ўтганларнинг яхши ниятлари вожиб бўлиб, сизга «рисоладагидек келин» мақомини олиш ва бахтибекам бўлиш насиб этсин! Буларнинг оқибати ўлароқ, шу кичик мамлакатингизнинг чин маликаси бўлиб юринг!
СИЗНИНГ ТАШРИФНОМАНГИЗ
Ҳозир кўпчилик ёнида ташрифнома (визитка) олиб юришни урф қилган. Сизларда ҳам бордир. Унинг кўп қулайликлари борлиги шубҳасиз.
Аммо ёнингиздаги шу жажжи ташрифномангизни узатгунингизга қадар қаршингизда турган кишида сиз ҳақингизда муайян фикр уйғотадиган бошқа «ташрифнома»лар ҳам бўлади. Аксарият ҳолларда биринчи таассурот тўғри бўлиб чиқади ҳам.
Бу – сизнинг сувратингиз, яъни ташқи кўринишингиз. Суврат ташрифномаси билан дастлаб кишилар қалбига бамайлихотир кириб борасиз. Баъзида қаршингиздаги эндигина танишган кишининг сизни негадир хушламаётганини сезасиз, улар учун номигагина муомала кишисига айланасиз… Баъзида эса сувратингиз, яъни ташқи кўринишингиз, кийинишингиз ёрдамида ҳамсуҳбатингизда ишонч уйғотасиз, шу қалбда узоқ қоласиз. Шунинг учун ҳам кишининг кўзига биринчи ташланадиган нарсалар жуда муҳим ҳисобланади. Шунингдек, сизнинг очиқ кўнглингиз ва самимиятингиз рамзи бўлган ним табассум ҳам жуда муҳим.
«Кутиб олиш – сувратга, кузатиш – сийратга қараб» деган гап бор. Инсоннинг суврати ҳам, сийрати ҳам гўзал бўлиши керак, деган гапни ҳам кўп эшитгансиз. Аммо уларнинг иккаласини уйғун, яхлит гармонияда олиб юриш нақадар қийинлигини сиз ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз!
Балки суҳбатимиз мавзуси сизга жуда эски туюлар. Балки минг марта эшитганингизни қайтараётгандирмиз… Панд бериб қўяётганлар бўлмагандаку, суҳбатимиз мавзуси ҳам ўзга бўларди. На илож, такрор-такрор ўтилган дарс эсда кўпроқ қолишини яхши биласиз. Қолаверса, ҳаётнинг ҳар сонияси сабоқ, имтиҳонлардан иборат…
Бу воқеани бировдан эшитганим йўқ. Ўз кўзим билан куни кеча бекатда кўрдим. Ва билмадим, нечанчи бор ёшларимизнинг суврати-ю сийрати ҳақидаги, яширмай айтишим керак, оғир ўйлар яна дилимни ўртади. Шу сабабли уни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман…
– Кийими яланғочнинг фикри яланғоч, юзи беҳаё, оғзи шармсиз! Ҳозирги қизларимизнинг суврати гўзал кўрингани билан сийрати ана шунақа – мажруҳ!
Буни дегувчи киши ойнага қараб ўтирар, чамаси ички алғов-далғов фикрларига якун ясади шекилли.
Автобусга чиққанимда орқадаги ўриндиқда уч қиз атрофларида улардан бошқа ҳеч ким йўқдек, автобусни бошларига кўтаргудек бўлиб, баралла чақчақлашиб келишарди. Олдинги ўриндиқларда ўтирган аёллар ва мўйсафид киши баъзан ўгирилиб, баъзан эса ҳайдовчи тепасидаги кўзгудан қизларга норизо қараб қўйишар, қизлар буни пайқашса ҳам парво қилишмасди. Бирининг мини юбкаси ўтирганида яна ҳам юқори кўтарилган, беўхшов керилган оёқлари орасидан яланғоч сонигина эмас, ич кийимлари ҳам бемалол кўриниб турарди. Иккинчисининг икки ёни баланд қийилган кўйлагининг олд этаги тиззалари орасига тушиб оппоқ сони очилиб қолганди. Учинчиси ҳартугул шим кийган экан. Бироқ у ҳам оёқларини бесўнақай чалиштириб, олдинги ўриндиқнинг суянчиғини ҳайдовчи радиосидан таралаётган мусиқа оҳангига мос тап-тап тепиб ўтирирди.
Қизлар сўнгги бекатда ҳам тушишмади. Уларнинг хатти-ҳаракатига ҳайдовчининг тоқати тугади шекилли, автобус силжиганда тепасидаги кўзгу орқали уларга мурожаат қилди:
– Қизлар, қаерда тушасизлар?
– Оқтепада! – жавоб берди уларнинг бири чимирилиб.
– Ҳозир ўтдик-ку Оқтепадан! Нега туша қолмадинглар? Маҳалла ичини айланиб, охирига бориб қайтгунча қанча вақтингиз бекор кетади!
– Йўлкирангни олгандан кейин нима ишинг бор? Олдингга қараб кетавермайсанми? – Буни дегувчи ёни кесиқли кўйлак кийган қиз эди. У оёғини ликиллатиб, чеҳрасини тунд қилиб, ойнага қараб айтди бу гапни. Лекин ҳамма бемалол эшитди.
Ҳайдовчининг ижирғангани кўриниб турарди-ю, индамади. Ундан кейин қизларнинг бири томонидан айтилган куракда турмайдиган сўзни ҳам эшитмаганга олди. Қизларнинг отаси тенги бу одам ичидаги зардобини тупугига жамлаб кўчага қараб тупурди…
– Э, болам, тўхтат мошинангни! Тушириб юбор бу юзсизларни! – Бу мўйсафид кишининг сўзлари эди. – Ёшларни кўрганда дилинг яйрагувчи эди, булар бўлса автобуснинг ҳам ҳавосини бузади-я! Падарилаънатилар…
– Ҳозир тушамиз, бобой! Кейин сизга ўхшаган эзмалардан тўрт соат дарс эшитамиз…
– Хайф сенларга дарс! – кекса киши титраб кетди.
Автобус Оқтепага яқинлашганда қизлар ўринларидан туриб, худди кийимларини намойиш қилаётган маникенлар каби саллоланиб юриб, олд эшикка яқинлашишди.
– Фақат бизни уришасизми? Мана бу хотинлар ҳам биз билан баробар катайса қилиб юришибди. Йўл ҳақини двойной олинг улардан ҳам! – деди уларнинг бири ҳайдовчига олдинда ўтирган аёлларни кўрсатиб.
Ерга қараб жим келаётган аёлларнинг бири тилга кирди:
– Сизни келин қилмоқчи эдим… Кеча уйингизга совчиликка бориб, онангиз билан танишдим. Бугун ўғлимдан қаерда ўқишингизни билиб, кўчада, ўқишда қандай экансиз, ўғлим янглишмаяптими, деб ортингиздан кузатиб келаётган эдим…
– Вой, Зебош, шунақа эскишаҳаровский простой хотинларга келин бўласанми? – Узун, аммо икки ёни баланд қирқилган кўйлак кийган қиз, аёл мурожаат этган қизнинг елкасига бир туртиб хахолаб куларди.
Автобус тўхташи билан қизлар сакраб тушиб кетишди.
– Зебош, қайнанашкангга «бай-бай» де! – ҳамон куларди бояги қиз.
– Бир пас жимгин! – шим кийган қиз аёлнинг гапидан тош қотган эди.
– Вой, опаей, сизни худо асради! Ҳозирги қизлар жуда ўзгариб кетган… Шуларнинг бири уйингизга келин бўлиб қолса борми? Зебо эмас, Офат-а, Офат!
Иккинчи аёл секин гапираётган бўлса-да унинг сўзларини ҳам ҳамма эшитиб турарди.
Қизларнинг иккитаси автобусдан тушгач, билим юрти томон кулишиб, жадал юриб кетишди. Фақат ҳалиги, аёл мурожаат қилган қизгина автобусдан тушган ерига михлангандек, дугоналари кетидан юришини ҳам, автобусга чиқиб аёлларга бир нима дейишини ҳам билмай тик қотиб қолган эди. У кўзини ердан узмасди. Айни пайтда дугоналари унинг қолиб кетганини пайқашмади ҳам.
Ана шу жимжитликда мўйсафиднинг ранжиган сўзлари яққол эшитилди:
– Кийими яланғочнинг фикри яланғоч, юзи беҳаё, оғзи шармсиз. Ҳозирги кўп қизларимизнинг суврати гўзалдек кўрингани билан сийрати мана шунақа – мажруҳ!
Орага оғир сукунат чўкди.
Одатда, автобус охирги бекатда узоқ туради. Ниҳоят у силжиди. Автобус бурилаётганида аёл секин орқага қаради. Қиз ҳамон жойида қотиб турарди…
У ҳали жуда ниҳол эди… Унинг жойида қотиб қолгани, ниҳоллиги дилимга умид бериб, беихтиёр унинг олдига қайтиб, қулоғига аста шивирлагим келди. Уни сиз ҳам эшитинг:
Оҳ, қизгинам-а! Мана ҳаётдаги биринчи зарбани ҳам олдингиз… Илоҳим бу охиргиси бўлсин. Бу асосан ўзингизга боғлиқ.
Сиз ҳозир шундай ёшдасизки, ҳамма нарсага тез бериласиз. Ҳозир кийимингиз туфайли жуда оғир гапни эшитдингиз. Эҳтимол, бу кийимни сиз кўркўрона дугоналарингизга эргашиб кийгандирсиз. Шунинг учун берилган баҳо ҳам умумий бўлди. Ҳозир шундай ёшдасизки, кўзгу қаршисида узоқ-узоқ туриб қоласиз. Хонада ҳеч ким бўлмаган пайтларда унга умидвор тикилиб, гоҳ ўнгга буриласиз, гоҳ чапга… Қани энди кўзгуга жон кирса-ю ўз тили билан сизга баҳо бериб деса: «Нақадар гўзалсан! Нақадар чиройлисан!» Буни кўзгудан эшитмасангиз ҳам, кўча-кўйда ортингиздан қараб қолганларини сезасиз. Бу гапни ҳеч ким тили билан айтмаган бўлса ҳам, кўзларидаги чўғни сезиб турасиз. Бу сизга қувват беради, одимингиз шўхроқ, кулгингиз жилғалар оҳангини олади. Кишилар ичида шоиртабиати кўп бўлади. Шулар тилидан бирдамас-бирда бу сифатни очиқ-ошкор эшитганингизда ҳам ҳавойиланиб кетманг.
Яратган чиройда кам қилмаган айрим тенгдошларингизнинг ўринли-ўринсиз ўз ҳуснини кўз-кўз қилиши, боягидака ҳаёсиз кийиниб, ахлоқини ҳам шунга мослашга ҳаракат қилиши, ўзингиз шоҳиди бўлгандек, атрофдаги кишиларнинг ғашини келтиради. Шундай қилсам гўзал ва замонавий кўринаман, деб гул юзингизни ерга қаратадиган иш қилманг. Ҳар бир аёл-қиз ўзича чиройлилигига, лекин ҳар бир аёл-қиз боридан кўра чиройлироқ кўринишга уринишига ўзингиз ҳам кўп ўтмай ишонч ҳосил қиласиз. Қизларни кўпинча гулга қиёс қилишади. Ҳар бир гулнинг эса ўз таровати бўлишини унутманг, қизим.
Лекин сиз ҳамон кўзгу олдидан кетмаяпсиз. Бунинг боиси балки кийган кийимингизнинг ўзингизга ярашган ёки ярашмаганини билмоқчидирсиз? Энди катта қиз бўлиб қолдингиз. Кўзгуга тикилишдан мақсад фақат қадду қомат, қошу кўз, қўлу оёқни кўриш эмаслигини сиз энди яхши биласиз. Кийинишда ҳам ўз жозибангиз, ўз йўлингиз, ўз усулингизни кашф қиладиган даврга келганингизни ҳис қилаяпсиз. Кийинишда ҳам «йўл», «услуб» бўлиши сизни бироз чўчитаяптими?
Оддийроқ қилиб айта қолайлик. Қайси кийимларда ўзингизни эркин ҳис қилаяпсиз? Қайси либосларингизда юрганингизда, юқорида айтганимиздек, орқангиздан сездириб-сездирмай яхши, яъни кексалар меҳр билан, бояги аёлларга ўхшаганлар келин қилиш ҳаваси билан, йигитлар мафтункор, тенгдошларингиз ҳам ўрганиш, ҳам ҳавас билан қараб қолишаётганини сезаяпсиз? Кийимларингизга ҳамма вақт ҳам маъқул қарашаётганини сезаётган бўлсангиз улар буюрсин! Ўйнаб-ўйнаб кияверинг! Демак, сиз ўз «йўл» ва «услуб»ингизни топиб олибсиз ёки тўғри йўлдасиз.
Айрим қизларга ўхшаб, бошламасида билиб-билмай мода кетидан кўр-кўрона қувиб кетиш яхшимас. Мода осмондан тушмайди. Модага эргашилмайди, негаки мода ҳар даврнинг ички зарурий талабига кўра кашф қилинади. Баъзи пайтлар эски киноларни кўрганда ёки бувингизнинг ёшликдаги суратларини кўздан кечираётганда бувингизнинг моданинг олдида бўлганларига ҳавасингиз келгандир? Бу ҳам моданинг осмондан тушмаганига далил. Яна бир нарсага диққат қилинг: модага кўр-кўрона эргашиш анча давлатманд аёлларни ҳам хонавайрон қилиши мумкин, лекин ўша аёлнинг заррача бўлса ҳам ўзлигини намоён этмайди. Ҳа, ҳайрон бўлманг, кийим ҳам кишининг ички дунёсини ошкор қиладиган энг аниқ восита ҳисобланади. Ўзингиз бугун автобусда бунинг шоҳиди бўлдингиз. Дугоналарингизнинг ярим яланғоч кийингани боис, ўзларига эрк беришлари осон бўлди. Масала тақдирингизга бориб тақалгач, сиз мана, қотиб турибсиз. Демак, ичингизда балки, хатога йўл қўйганингиздан пушаймондирсиз. Балки «замонавий» бўлиш асло ярим яланғоч кийиниш эмаслигини айнан бугун тушунгандирсиз. Илоҳим шундай бўлсин.
Сизнинг ёшингиздагилар кўпинча яна бир хатога йўл қўядилар. Улар кийим олаётганларида унинг ўзларига ярашиш-ярашмаслигига эмас, қайси машҳур фирманинг маҳсули эканига қараб олишади. Яна шу фирманинг ёрлиғи буюмнинг энг кўринадиган жойида бўлиши керак! Кийимнинг қулайлиги, унинг қайси ерларга ва қачон кийилиши ҳақида мутлақо ўйламайдилар. Ҳолбуки, сиз кийимда ўзингизни қулай сезаётган бўлсангиз, у сизга ярашиб турган бўлса ва уни ўрнида кийган бўлсангизгина бошқалардан фарқланиб турасиз. Бу – сиз! Сизнинг жозибангиз, сизнинг услубингиз. Сизни ҳеч ким билан адаштирмайдилар, «ҳамма қаторида» йўқолиб ҳам кетмайсиз.
Ўз кийиниш услубингизни танлаб олгунча, ўз қадду қоматингиз, бўйингиз, танангиз аъзоларининг тузилиши билан ҳисоблашишга тўғри келади. Ҳеч ким сизнинг гавдангиз тузилишини, айрим аъзоларингизнинг ўзига хослигини ўзингизчалик яхши билмайди. Ўзига хослиги деб айтаяпмиз, зинҳор уларни нуқсон деб тушунманг ва хоҳ пинҳон, хоҳ ошкор бундан изтироб чекманг. Кийим харид қилаётганда, кийим тиктираётганда шуларни инобатга олсангиз чевар уларнинг чорасини топади. Ишонинг, шунда сиздан кўҳлик қиз бўлмайди.
Бошқалардан қолмасликка интилишингиз вақтинчалик, албатта. Айниқса кийиниш масаласида ўзингизга талабчан бўлишга тўғри келади. Чунки сиз оилада битта эмассиз. Ота-онангизнинг ҳам сизнинг «ҳаммадан қолмаслик» талабингизни бажо қилишга имкони борми-йўқми, буни ҳам инобатга олишингиз керак. Ҳамма айтганларингизни бажо қилмаётганларининг бошқа сабаблари ҳам йўқ эмасдир. Сувратга берилиб, сийратингиз оқсамаслигини исташаётган бўлишлиги ҳам мумкин.
Ҳозир сиз шундай ёшдасиз-ки, ота-онангиз сизнинг ясан-тусанга чексиз ружу қилишингиздан, кийинишга ортиқча берилиб кетишингиздан, бу нарса оқибатда бугунгидек ҳолатларга олиб келиб, кейинги ҳаётингизга ўз изнини киритиши мумкинлигидан ҳам қўрқишар. Четдагиларга «замонавий» кўриниш учун мода ва ясан-тусанга берилиш ёмон оқибатларга олиб келишини улар яхши билишадида. Уларнинг асосий мақсади – қизларининг эслиҳушли бўлиб етилишини кўриш. Эсли-ҳушлиликнинг биринчи аломати ўз тоифадошларидан ажралмаслик, имкони етган кийимга қаноатланиш, озода ва покиза юриш, кийимларнинг келишимли ва такаллуфсизини танлай билишдир.
Қолаверса, сиз ҳозир шундай ёшдасизки, унда модалар ҳақида эмас, кўпроқ онангизнинг гапига кириб, аксарият ўзингизни ораста тутиш, соч ва баданингизни озода сақлаш ҳақида ўйлашингиз тўғрироқ бўлади. Чунки кишининг ўз услубига эришуви сиз ўйлаганчалик тез рўёбга чиқмайди, бир-икки кийим билан киши ўзини намоён эта олмайди. Бунинг учун ҳам йиллар керак, ўқиш, ўрганиш, изланиш керак. Киши аввало ўзига нисбатан талабчан бўлиши керак. Сизнинг ёшингизда биров айтган нуқсон ва камчиликлар кўнглингизга оғир ботади. Яхшиси, бу нуқсон ва камчиликларни ўзингиз кўра билганингиз, ўзингиз, ўз иродангиз билан тузатганингиз маъқул.
Ўзингизга хос жозиба, услубларга келсак, улар балоғатнинг иккинчи босқичида албатта келади. Ёшингиз йигирма бешларга яқинлашганда сизни на кўринишда, на кийинишда ҳеч ким билан алмаштириб ҳам, адаштириб ҳам бўлмайди. Сиз – фақат сиз бўлиб қоласиз. Бугун мисол келтирилганга ўхшаш ҳолатлар сиз билан асло рўй бермайди. Сиз бундай воқеаларнинг синглингиз ёки қайинсинглингизда содир бўлишининг ҳам олдини оладиган ажойиб келин бўласиз. Мен бунга ишонаман.
Тилак: Суврат ва сийратингиз ҳамиша гўзал ва уйғун бўлсин! Сиз келин бўлиб тушаётган хонадондагиларнинг сизни келин қилиб танлаётгандаги туйғулари сизга нисбатан меҳр-муҳаббат, ишонч ва сизга суяниш туйғуларига ўсиб, қалбларини бир умрга илитиб турсин!
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?