Текст книги "40 ёш даврида: аёллар ва эркакларда климакс"
Автор книги: Шамил Алмазбеков
Жанр: Медицина, Наука и Образование
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 3 страниц)
Шамил Алмазбеков
40 ёш даврида: аёллар ва эркакларда климакс.Тиббий рисола
СЎЗ БОШИ
Мени бу қисқа ва аёллар учун жудаям керакли бўлган китобчамдан олдин “Ҳаёт жавҳари” деб номланган рисолам китобхонларга тақдим этилди.
Аслида, бу китобча “Ҳаёт жавҳари”нинг давомидир. Афсуски, баъзи сабаблар билан улгуролмай қолдим. “Ҳаёт жавҳари” ўқувчиларимизнинг қўлига етиб, унинг мазмунидан хабардор бўлгач, у ҳақда китобхонлар ижобий фикр билдиришди, яъни китобни яхши қабул қилишди. Шунинг учун кеч бўлса ҳам аёллар ва ўз навбатида кўпчилик китобхонларимиз учун энг муҳим бўлган бу китобчани ёзишга қарор қилдим.
Мазкур мўъжазгина китобча жудаям қисқа, оддий халқ тилида ёзилди. Шу билан бирга ёлғиз аёллар учун эмас, эркаклар учун ҳам керакли маълумотлар билан бойитилди. Бу китобни ўқиб чиққан аёл ва эркаклар оз бўлса ҳам унинг мазмунидан хабардор бўлиб, ўзларининг ҳаётидаги энг муҳим саналган оилага, турмушга муносиб ҳиссасини қўшади, деган умиддаман.
Сизлардан илтимос, китобчани ёлғиз аёллар эмас, эркаклар ҳам ўқисинлар. Энг яхшиси, эр-аёл иттифоқлик ва бир-бирига меҳр билан ўқиб, турмуш амалиётида қўлласа, бу уларга ҳаётлари давомида асқотса, ўзимни жудаям бахтли инсон деб ҳисоблар эдим.
Муаллиф
АЁЛЛАРДАГИ КЛИМАКС
40 ёш! Умуман, бу ёшни инсон учун даврий алмашиниш ёши десак, хато бўлмайди. Бу ёшда инсон нафақат улғаяди, балки организмда ички ва ташқи физиологик ўзгаришлар рўй беради: бўй ўсишининг тўхташи, органларнинг нозиклашиши, организмда қариш жараёнининг дастлабки кўринишларининг юзага чиқиши, соч оқариши, айниқса, асаб тизимининг кескин ўзгариши яққол кузатилади. 40 ёшдан кейинги ўзгаришлар, жумладан, асаб тўғрисида гапириш мавзуни ўзўзидан климакс сўзи билан боғлайди. Климакс – асли грек тилидан олинган бўлиб, зина, деган маънони билдиради. Зина эса ўз ўрнида пастга тушиш ёки тепага чиқишни англатади.
Климакс – аёл ҳаётининг бир даври бўлиб, уларнинг фарзанд кўриш палласидан кексаликка ўтиши фаолиятининг аста-секин пасайиши ва “ўчиши” билан ифодаланади, бу жинсий гормонлар (эстерогенлар) ҳосил бўлишининг тобора камайиб бориши асносида ой кўришнинг тўхташида намоён бўлади.
Аслида, климакс касаллик эмас, ҳар бир аёл киши бу даврни табиий равишда бошидан ўтказади. Даврий ўтиш аёлларда турли ёшда, турли кўринишда ўтиши мумкин, аммо ҳеч бир аёл бундан мустасно қолмайди. Демак, мавзу анча жиддий ва барча билиши лозим. Чунки, 40 ёшли аёл нафақат оиламиз, балки жамиятимизнинг энг ардоқли ва фаол аъзосидир.
Демак, климакс ҳақида. Баъзи аёллар бу даврда ҳеч қандай қийналмайдилар, ҳатто ўзлари билмасликлари ҳам мумкин. Баъзи аёллар қийналадилар, ва у ҳатто оғир касаллик белгиларини ҳам бериши мумкин. Шунинг учун климаксни тиббиёт тилида кўп тармоқли касаллик деб атасак ҳам бўлади. Айтиш мумкинки, ҳар бир аёл икки даврни бошидан ўтказади: Оналикка кириш даври ҳамда она бўлишдан қолиш даври.
Қиз бола туғилгандан кейин балоғат даврига етганда Яратгандан ато қилинган тинч ётган оналик системаси, яъни ички органлар безлари ва нерв системаси ҳаракатга келиб, уйғона бошлайди. Тахминан 9-15 ёш даврида қиз бола биринчи ҳайз кўради. Мана шу кундан бошлаб қиз болани келажакда она бўлиш ички тайёргарлиги бошланади. Бу даврни балоғат даври деб атаймиз.
Қадди-қоматнинг ўзгариши бош мия нерв системасига таъсир кўрсатиб, унда ҳам ўзгариш содир бўлиб, она бўлишга тайёрлайди. Демак, қиз бола фақат танада эмас, нерв системасида – характерида ҳамма жиҳатдан ҳар хил белгиларни бера бошлайди. Мана бу даврда ҳар бир она ўз қизига қаттиқ эътибор бериши керак. Ақлли оналар дарҳол буни сезади, чунки шу онанинг бошидан кўп йиллар олдин бу ҳолат кечган. Баъзи бепарво оналар бу физиологик даврга эътибор бермай, қизига қарата баъзи нотўғри ҳаракатларда бўлиши мумкин. Масалан, оналик даврига кирган бу қизда нерв системасининг ўзгариши натижасида мулойим, ёқимли қиз характерида олдин кузатилмаган асабийлашиш, жиддийлашиш, қўполлик, ўринсиз гапириш, гапга кирмаслик, уйқусизлик ёки уйқучанлик, ҳатто бош оғриши, киндигининг пасти оғриши каби аломатлар ҳам кўриниши мумкин. Буни тушунмаган она ёки бошқа оила аъзолари балоғатга етган қизга нисбатан салбий қараб, кутилмаган ҳодисалар юз бериши мумкин. Шунинг учун она қизи билан дўстона суҳбат ўтказиб, унга руҳий тарбия бериши лозим.
Баъзи қизларда балоғатга етиш даврида ички жинсий безларнинг кучли ишлаши натижасида ёки жинсий фаолиятга мойиллик бўлиб, бош мия нерв системасининг қўзғалиб кетиши натижасида балоғатга етган қиз болада жинсий талаб пайдо бўлади. Ақлан тўлиқ бўлмаган бу талаб, эс-ҳушини йиғиб олмаган қиз бола ҳаётида бурилиш ясайди, алданиб ўз шаънига ҳам, оила шаънига ҳам доғ туширадиган ишларни қилиб қўйиши мумкин.
Шунинг учун ҳурматли оила аъзолари, хусусан, она бу даврда қиз болага жудаям диққат қилиб, унинг юриштуришидан хабардор бўлиб туриши керак.
Балоғатга етган эркак болаларда ҳам худди шунақа ҳолат кузатилиши мумкин. Уларнинг ҳам жинсий безлари секрецияси ва жинсий муносабат, бош мия системаси ортиқча ишлаб кетиб ҳам эс-ҳушини йиғиб олмаган ўсмир бола ёмон ишларни қилиб, ҳатто жиноий ишларга ҳам қўл уриши мумкин.
Шунинг учун сиз ота-оналар, хусусан, ота назоратни кучайтириб, уларнинг юриш-туришларига эътибор бериб кузатиб юринг. Узоқ йиллик тажрибамда мен оила шаънига доғ туширадиган ёмон ҳодиса ва воқеаларни кўп учратдим. Буларнинг кўпчилиги оиласи бузилиб кетган, тирик етим болалардир. Шунинг учун сиз, азиз ота-оналар, оиланинг муқаддаслигини унутманглар. Ҳеч қачон оила тинчлигига путур етказманглар, оилангизни бузманглар, болаларни тирик етим қилиб, уларни уволига қолманглар.
Балоғатга етган қизнинг она бўлиш даврига мослашиши (адаптация)дан кейин бу балоғатга етиш белгилари секин-секин ўчиб, ўз жойига келади. Қиз аввалги ҳолатига қайтиб, олдингидек хушмуомала бўла бошлайди.
Қиз бола турмушга чиқиб, она бўлгач, тахминан 40 ёшдан ўтгандан кейин худди балоғат давридагидек, даврий ўзгариш бошланади. Жинсий гормонлар ўз вазифасини адо қилиб, пастлашиб бориб хизматини тўхтатади.
Демак, фарзанд кўриши учун ҳар ойда келадиган ҳайз бўлиши шарт, климакс даврида эса ҳайз тўхтайди. Шунинг учун фарзанд кўриш даври тугайди. Фарзанд кўриш даври тугаш жараёни худди балоғат ёшига етиш даври каби ниҳоятда кўп касаллик белгиларини бериши мумкин.
Нерв системаси кучли ўзгаришга юз тутиб аёлнинг характери кескин ўзгариб кетади. Мулойим, хушмуомала аёл кутилмаганда қўполлашиб атрофдагиларга, оиласига ўринсиз гапириб, кўнглини қолдириб ранжитиши мумкин. Жаҳли сабаб, оиласига нисбатан, хусусан, турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, уларнинг норозилигини келтириб чиқариши мумкин.
Оила аъзолари бу ўткинчи даврни тушунмасдан онадаги ўзгаришларни нотўғри баҳолаб, унга нисбатан нотўғри муомалада бўлиб, уни қаттиқ ранжитиб, оила можаросига олиб келиши аниқ. Баъзи аёлларда климакс даври шундай кучли ўтадики, худди юрак хуружи каби белгиларни кўрсатиши мумкин. Ҳатто текширувчи шифокор ҳам белгилар таъсирида адашиб, юрак хуружи ташхисини қўйиши мумкин. Бемор фақат кардиолог шифокорга кўригига келибгина, белгилар юракка эмас, асабга, янаям тўғрироғи, ўтиш даврининг аломати эканлигини билади. Шифокорки янглишар экан, оила аъзоларининг ташхисида янглишлик бўлиши табиий. Аммо ёшга нисбатан ўзгаришлар табиий ва физиологик ҳолатлиги ҳисобга олиниб, ҳар қандай оила вакиллари аёлни тўғри тушуниши, бу даврдан ўтишида ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан зарар кўрмаслигига имкон беришлари лозим.
Мен узоқ йиллик шифокорлик тажрибамда шундай касалларга рўбарў бўлдимки, оғир аҳволдаги климакс аёл нақ ўткир асабий касалликни бошидан кечиради. Масалан, ақлини йўқотиб, бақириб, ҳақоратли гапларни гапириб, уй жиҳозларини синдирган, уйдан қочиб кетишга уринган ва ҳ.к. Мана шу каби ҳолларда тез ёрдам шифокорлари келиб, аёлни асаб касалликлари шифохонасига жўнатишади. Тўлиқ текшириш натижасида аён бўладики, аёлда асаб касаллиги йўқ, фақат климакснинг бош мияга берган ўтиш давридаги физиологик бузилиши аниқланади.
Яна бир кўринишики, климакс баъзи аёлларда ҳеч қандай белги бермайди. Кўп йиллардан буён давом қилган ой кўриш, яъни оналик вазифаси билан видолашиш ҳеч қандай белгисиз тинч йўл билан ўтиб кетади, ҳатто баъзи аёллар ўзининг бу ҳолатини, яъни климаксни сезмай қолиши ҳам мумкин. Савол туғилади: нима учун баъзи аёлларда ҳар хил кучли, ҳатто ачинарли касаллик аломатлари кўринади?
Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, қиз бола балоғатга етган вақтида, яъни унинг организмида она бўлиш жараёни бошланиб, бола организми бу янги она бўлиш организмига мослашиш давридаги ҳар хил ўзгаришлар бўлгани каби оналик даври билан хайрлашиш вақтида аёлнинг бутун организмида катта ўзгариш бўлади. Тахминан 13 ёшда балоғатга етиб, 40 ёшгача организмида ҳукм сурган оналик жараёни тамом бўлишини, яъни у давр билан хайрлашишни организм хоҳламайди.
Худди кекса одамларни ҳаёт билан видолашгиси келмагандек, аёлнинг кўп йил ҳукм сурган гўзал оналик даври билан ҳам видолашгиси келмайди. Шунинг учун баъзи аёлларда унинг организмида ҳар тарафлама, асосан, ички безлар системаси бош мияда қаттиқ кураш бошланиб, юқорида айтган касаллик белгиларини бериши мумкин. Бу физиологик ўткинчи жараён аёлни қийнайди, аммо климакс касали билан ҳеч ким ҳаётдан видолашган эмас. Бир давр келганда, ёнган олов сўнганидек, оналик системаси билан видолашиб, организм бошқа бир даврга, яъни олтин кузи – кексаликка мослашиб кетади ва аёл киши ўзининг ҳар доимгидек ҳаётий тарзига тушади. Бу ерда энг муҳим ўткинчи даврнинг кўрсатган белгиларига сабр-тоқат билан бардош бериб, шифокорларнинг маслаҳати ва муолажаларини олиб туриши керак.
БУ АСЛИДА – АЁЛЛИК ШАРОФАТИ
Мен сиз азиз аёлларга ўзимнинг узоқ йиллик шифокорлик тажрибамдан келиб чиқиб, яна бир муҳим гапни айтгим келади.
Ҳайз қони аслида аёллардаги саломатликнинг белгиси, оналикнинг дараги, авлодлар кўпригидек масъулиятдир. Бу ҳолатни аёллик шарофати, дея баҳолаб, қиз болага бу давр олдидан – ўсмирлик чоғидаёқ тушунчалар бериб, айни чоғда талаб этиладиган тозалик ва тиббий қоидалардан бохабар қилиш лозим.
Аёллар орасида “ҳаром қон” дея таърифланадиган ушбу ҳайз қони аслида оналикка лойиқлик белгиси саналади. Ҳақиқатан ҳам, ҳайз ҳар ойда бир маротаба соғлом аёлда кечадиган жараёндир. Амалиётда бу келажакда бўладиган чақалоқнинг озуқасидир. Эркак ва аёлнинг муҳим уруғлари бир-бири билан топишиб жуфтлашгандан кейин секин келиб бачадонга ўтиради.
То киндик томири бола йўлдошига туташгунча, бу бўлажак чақалоқ ана шу ҳайз қони билан таъминланади.
Уруғлар бир-бири билан топишмаган ҳолатда бачадон бу қондан ўзини тозалайди. Бир неча кун ҳайз келиши давом этади. Мана буни ҳайз қони деб атаймиз.
Ҳар бир аёл ҳайз даврида тозалик қоидаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда тўлиқ тамом бўлишини кутиш керак. Ой кўрган аёлларда ой кўриш бошланишидан то тамом бўлгунича – тўлиқ поклангунча жинсий муносабатда бўлиши тақиқланади. Агар бу вақтда эр-хотин ўзаро қовушса, ҳар хил касаллик оқибатларини келтириб чиқаради. Шуни яхши билиш ва эътибор қилиш керакки, ҳайз кўриш даврида бутун жинсий аъзолар қон томирлари кенгайиб, сиртдан келган микробга йўл очилади ва имконият туғилади. Нафақат аёл, балки унинг турмуш ўртоғи ҳам бундан хабардор бўлиши лозим.
Ҳайз кўриш даврида ички гормонлар ўзгаради, бадан покланади. Шунинг билан бир қаторда аёлнинг нерв системасида ўзгариш содир бўлади. Аёлнинг феъли бузилиб, худди климакс давридагидек енгил белгиларни бериши мумкин. Шунинг учун ҳайз даврида ҳам хусусий тозаликдан ташқари нерв системасига эътибор бериши шарт. Ҳайз келиши шу даврдаги аёлларда ҳар ойда бир маротаба келадиган физиологик табиий бир ҳолатдир. Минг афсуски, кўп аёлларимиз ҳайзим келди, деб айтишдан номус қилиб, «менинг касалим келди» ёки «касаллигим келиб қолди», деб айтади, буни яширади, ҳатто ўзининг турмуш ўртоғига ҳам айрим аёлларимиз номус қилиб айтмайди. Ҳатто ҳайз кўришни баъзи бир аёллар, «мен ифлосланиб қолдим», – деб айтади. Бу аёлнинг назарида, ҳайзнинг келиши ифлос бир нарса ёки номус қиладиган яширин ҳолат деб билади. Бу жудаям нотўғри фикр юритишдир. Бу жараён Яратгандан ҳар бир она бўлиш даврига кирган балоғат ёшини қарши олган қизларга, аёлларга берилган бир иноятдир. Айтиш мумкин бўлса, бу аслида – аёллик шарофатидир.
Ҳар бир ойда ҳайз кўришнинг шарофати билан аёл ҳомиладор бўлиб фарзанд кўради, уни ўстиради ва фарзандларининг роҳатини кўриб, Аллоҳ томонидан она деган энг олий мукофотга сазовор бўлади. Агар ҳайз кўрмаса ёки ҳайз кўришдан умрбод маҳрум бўлса, бу шарафли мукофотдан ҳам маҳрум бўлган ҳисобланади.
Очиғини айтганда, ҳар бир аёл учун хурсандчилик ва роҳат бахш этилгандир. Тиббиёт фанининг тасдиқлашича, ҳар бир аёлнинг ҳайз кўриши баданда бўлган ортиқча қоннинг ва ёмон иллатларнинг чиқиб кетиб, шу қон ҳисобига организмга туртки бўлиб, аёлнинг саломатлигига ва унинг касалликларига қарши туриш фаолиятига ўз ҳиссасини қўшади.
Бу жараённи кўп аёллар тушунади. Ҳайзни тўхтаб қолиши булар учун фожиа ҳисобланиб, руҳий жиҳатдан азобланади. Мана шу аёллар шифокорга бориб, неча ойдир ҳайз қонининг келмай қолганидан безовталаниб, шикоят қилиб ёрдам сўрайди. Демак, бу аёлни оналик даври билан видолашишни, кексалик даврига ўтишни хоҳламайдиган аёлнинг тимсолидир, деб айтса бўлади. Бизга бундай аёллар кўп мурожаат қилади. Афсуски, Яратган томонидан берилган оналик уруғи тамом бўлиб, ҳайз даври билан видолашган бўлса, яна ҳайзни келтириш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Бундай аёлларга тегишли муолажалар қилиб, яхши, тўлиқ тушунтириб руҳий жиҳатдан тарбия бериш керак. Мен сизларга шуни тавсия қилар эдимки, ҳар бир аёл келадиган ҳайзни бир касаллик ёки ифлос иш деб қарамасдан, ҳеч номус қилмасдан ўзининг турмуш ўртоғига айтиши лозим. Турмуш ўртоғи ҳам тўғри тушуниб, ўз аёлини ёмон хаёлларга бормасдан, жирканмасдан уни тозаланиш жараёнига тўлиқ имконият яратиб бериб, уни ҳурмат қилиб, аёлига нисбатан ҳеч қандай салбий муносабатда бўлмаслиги керак. Яна қайта айтаман, ҳайз бошланишидан то тўлиқ поклангунича яқинлик қилиш мутлақо мумкин эмас. Ҳайз кўрган аёллар ўзини эҳтиёт қилиб, тозалик ва гигиенага риоя қилишлари жудаям муҳимдир. Бундан ташқари ҳайз тамом бўлгунича жудаям оғир ишларни қилмаслиги лозимдир. Асабига тегадиган ёмон ишлардан ўзини тия олиши керак.
Шу ўринда қиз бола ҳақида гап кетганда ушбуларни таъкидламоқчи эдимки, қиз бола ўсиб маълум бир ёшга, тахминан 15 ёшдан ўтиб кетса, ҳайз кўрмаса, албатта, шифокорга мурожаат қилиб, бунинг сабабини аниқлаш керак. Гап аёллар ҳақида кетганида ҳайзнинг тўхтаб қолиши касаллик туфайли бўлиши мумкин ёки Яратгандан берилган уруғнинг тамом бўлганлигидан ҳам бўлиши мумкин. Буни ҳам шифокорга кўрсатиб, аниқлатиш керак. Қиз бола ўсиб маълум бир ёшга киргунича, бундан уялмасдан аёллар шифокорига кўрсатиб, маълум текширувлардан ўтиши, зарур бўлса даво чораларини қўллаш керак.
КЛИМАКСНИНГ ТУРЛАРИ
Тажрибада климакснинг уч хил турини учратиш мумкин:
1. Эрта бошланган климакс.
2. Ўз вақтида бўлган климакс.
3. Кечиккан климакс.
1. Эрта бошланган климакс. Тахминан климакс аёл 40 ёшга етмасдан 30 ёшдан ўтгандан кейин, ҳайз қони тўхтаб климакс бошланади. Эрта климакснинг сабаби ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, климакс даврига етмасдан олдин ёш аёл ҳар хил аёллар жинсий аъзолари касалликлари, тўғрироғи, шу аъзолар билан боғлиқ жарроҳликни бошидан ўтказган бўлиши мумкин.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, бачадони, тухумдонлари ёки унинг трубалари олиб ташланган бўлса ёш аёл ҳайз кўришдан тўхташи табиий.
Яратган томонидан берилган барча неъматларнинг ҳисоби бор. Аёлга берилган оналик неъмати – уруғ чиқариш муддатидан олдин тамом бўлиши эрта бошланган климаксни келтириб чиқариши мумкин. Демак, уруғ тамом бўлгандан кейин ҳайз тўхтайди. Ички органлардаги аёлнинг жинсий уруғларини бошқарадиган гормонларнинг тез тамом бўлиши ҳайз қонининг тўхташига сабаб бўлади.
Эрта климакснинг яна бир сабаби – нерв системасининг қаттиқ зарбага учраши ёки аёл бош мия касаллигига дучор бўлиш натижасида нерв системасининг, хусусан, вегетатив нерв системасининг тенглиги бузилиб, эрта климакснинг келиб чиқишига сабабчи бўлиши ҳам мумкин.
Ўз вақтида бўлган климакс. Ўз вақтида, яъни тахминан 40 ёшдан 50 ёшгача бўлган климакс, бу ўз вақтида ўтган климакс дейилади. Бу пайтдаги руҳий ўзгаришлар шифокорлар кўриги ва тавсияси билан рисоладагидек кечиши мумкин.
Кечиккан климакс. Бунда ой кўриши чўзилиб, 50 ёшдан ўтгандан кейин ҳам давом этиши мумкин. Баъзиларда климакс ўз вақтида тамом бўлиб, кўп йиллардан кейин, ҳатто 60-70 ёшда ҳам худди климаксга ўхшаш белгилар пайдо бўлади. Бу кейинги климакс ёки патологик климакс деб аталади. Кейин бошланган климаксни баъзи олимлар климакс касали деб юритади. У қаттиқ асабийлашувдан ва бошқа сабаблардан келиб чиқиши мумкин. Баъзи аёллар 50 ёшдан ўтиб климаксни бошлайди. Агар ой кўриши то шу ёшгача нормал бўлса, демак, Яратган бу аёлга фарзанд кўриш уруғини кўпроқ берган ҳисобланади. Шунинг учун 50-60 ёшга кириб, соғлом фарзанд кўрган аёллар ҳам учрайди.
Одатда, ой кўриш тўхтагандан кейин климакс белгилари ҳам секин-секин ўчиши керак. Баъзи аёлларда уруғ тамом бўлиб, ой кўриш тугагандан кейин ҳам йиллаб климакс белгилари давом этаверади. Мана буни кечиккан климакс ёки патологик климакс деб атаса ҳам бўлади.
Энди шундай ҳолатлар ҳам учрайди: ой кўриш, климакс белгилари ўз вақтида тамом бўлиб, бир неча йил ўтгандан кейин жудаям кекса (60-70) ёшда худди олдинги климаксга ўхшаган, ҳатто ундан ҳам ёмонроқ климакс белгилари шу аёлда кўриниши мумкин.
Мана буни патологик ёки ҳаддан ортиқ климакс деб атаса бўлади. Бу, албатта, климакс вақтида ўз кучини кўрсатиб, сўнган бош мия нерв системасининг қайта қўзғалиб кетганлигидан дарак беради.
КЛИМАКСНИНГ БЕЛГИЛАРИ
Климакснинг асосий симптоми аёл киши бир совиб, бир исийди. Миясига иссиқ уради. Баъзилар қизиб кетаяпман деб ҳароратини ўлчайди, аммо кўп аёлларда тана ҳарорати бўлмайди. Бу фақат нерв системасининг кўрсатган кароматидир.
Яна бир асосий симптоми – климакс даврида аёлнинг характери ўзгаради. Жудаям сезувчан бўлиб қолади, ўринсиз гумонсирайди, ҳамма ишга аралашаверади ва йўқ нарсадан уруш-жанжал чиқариши мумкин.
Кўп аёллар асаб системасининг бузилиши натижасида хаёлчан бўлиб қолади. Миясига ҳар хил хаёллар келаверади, бунинг натижасида ўз-ўзидан кулиш, арзимаган ҳодисаларга йиғлаш, бошқалардан аразлаш белгилари юз бериши мумкин. Кўп аёлларда уйқу бузилади, уйқусизлик ҳукм суради. Ёмон тушлар кўради. Тушида кўрган ҳар хил ишларни ўйлайвериб, охирига етолмай, миясини чарчатади. Баъзилар тушида марҳумларни кўриб, хаёлида бу дунё билан видолашишдан қўрқиб, азоб чекади. Бир сўз билан айтганда, климакснинг белгилари жудаям кўп, шунинг учун аёл бу даврда хилма-хил бўлиб, жудаям қийналади.
Кўп аёллар жаҳли тез чиқадиган бўлади. Атрофдаги муҳитга жудаям сезувчан бўлиб, оилада ёки жамиятда бўладиган оддий воқеаларга таъсирчан бўлиб, одамлар билан айтишиш, ҳатто ўринсиз хафа бўлиб, жанжал чиқариши ҳам мумкин.
Арзимас ҳодисаларга йиғлайди ёки керак эмас жойда кулади. Кўп аёлларда бош миясига ҳар хил хаёллар келиши ҳолатлари кузатилади. Уни ўйлайвериб асабининг ёмонлашувига сабабчи бўлиши аниқ.
Баъзи бир аёлларнинг уйқуси бузилади, кечалари ухламасдан ўринсиз хаёллар бошида ҳукм суриб, уни асабий жиҳатдан толиқтириб қўяди.
Баъзи аёллар кўп туш кўриб, ёмон тушларни, ҳатто марҳумларни ва кўнглига гумон қилган ҳодисаларни тушида кўриб, қаттиқ васвасага тушиши мумкин.
Климакс ёлғиз аёллар жинсий эндокрин системасининг бузилишини кўрсатиш сиртида бошқа ички секреция безларига ҳам таъсир қилиб, уларнинг белгиларини ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Масалан, буқоқ, эндокрин-алмашув касалликлари (семириш, қалқонсимон без фаолиятининг ўзгариши, қандли диабет, кўкрак безларининг дисгормонал ғовлаши) ва ҳоказо.
Хулоса қилиб айтганда, климакс аёлда жудаям кўп ҳар хил касаллик белгиларини берадиган жараён бўлса ҳам, амалиётда климакс даврида организмда патологик жараён кўринмайди. Қанчалик узоқ вақт давом этмасин, энг сўнггида бутун белгилари тамом бўлиб, климакс ўтказаётган аёл олдинги ҳолига қайтади. Бу худди невроз касалига ўхшаганлиги учун кўп олимлар климаксни невроз касаллигининг бир тури деб аташади, лекин климакс аёл ўз вақтида кўрикдан ўтмасдан даволанмай юраверса, организмида мавжуд бўлган эски патологик ўчоқлар ёки янгидан ички органларда патологик касалликлар пайдо бўлиши мумкин. Бу патологик процессни климакснинг оқибати деб бўлмайди. Бу фақат климакс даврида пайдо бўлган касалликдир. Уларни климакс келтириб чиқариши мумкин, аммо яна бир маротаба такрорлаймиз, климакс ўтиб кетадиган жараёндир.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.