Текст книги "40 ёш даврида: аёллар ва эркакларда климакс"
Автор книги: Шамил Алмазбеков
Жанр: Медицина, Наука и Образование
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 3 страниц)
ШИФОКОРГА ҚАЧОН МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?
«Касални даволагандан кўра, уни олдини олган яхши», деган гап бор. Шунинг учун 40 ёшга яқинлашган ҳар бир аёл киши климаксни кутиб ўтирмасдан шифокорга мурожаат қилиб ёки климакс хусусидаги маълумотларни ўқиб, унинг олдини олса жудаям яхши бўлар эди.
Климаксни олдини олишнинг 2 йўли бор:
1. Баданни чиниқтириб тайёргарлик кўриш керак, бу хусусда юқорида айтиб ўтдик. Яна бир бор такрорлайман: уялмасдан, номус қилмасдан жисмоний ҳаракат, спорт билан шуғулланиш керак. Бунинг энг яхши усули кўп ҳаракат қилишдир.
Спорт кийимини кийиб олиб спорт залларида, паркларда ёки дам олиш масканларида, кўчаларда спорт билан шуғулланиб юрган аёлларни кўрсам ҳавасим келади.
Семизликка, қоринни катта бўлишига йўл қўймаслик керак.
2. Нерв системаси томонидан тайёргарлик қилиш керак. Ҳар бир аёл киши шу ёшида климакс ҳусусидаги маълумотларга эга бўлиши жудаям зарурдир.
Климакснинг физиологик ўткинчи бир давр эканлигига мустаҳкам ишонч ҳосил қилиб олиш керак. Шундагина бу аёлда мустаҳкам ирода пайдо бўлиб, келажакда келадиган климакс аломатларини сабр билан, хотиржам ўтказишга асос бўлади.
Климакс бошлангандан кейин шифокорга мурожаат қилиб, унинг маслаҳатини олиш жудаям яхши. Шифокор маслаҳати билан керакли муолажалар ва керакли доридармонларни қўллаш керак.
Климаксни даволайдиган Климактрин, Климаксан деган кўп дорилар мавжуд. Аммо шифокор тавсиясисиз, уни дорихоналардан сотиб олиб, бетартиб ичиб бўлмайди. Менга жуда кўп аёллар мурожаат қилишади. Мен уларни руҳий жиҳатдан тинчлантириб, ўзимнинг услубим бўйича, яъни игло терапия билан жудаям муваффақиятли даволайман. Баъзиларга ҳеч қандай дори-дармоннинг кераги бўлмайди.
КЛИМАКС АСОРАТЛАРИ
Шу ўринда энг муҳим бир жиҳатни айтишни лозим деб топдим. Баъзи аёлларда ҳеч қачон умри давомида бўлмаган қизғаниш, яъни рашк қилиш пайдо бўлиб, кўп йиллар яхши яшаб келган садоқатли турмуш ўртоғига нисбатан ишончсизлик билдириб, эрининг асабига қаттиқ зарба бериши кузатилади. Агар эр климакс ҳақида қандайдир маълумотга эга бўлса, аёлида кечаётган жараённи тўғри тушуниб, сабр билан бу ўткинчи даврни ҳеч қандай кўнгилсизликсиз ўтказиши мумкин.
Мабодо эр жаҳлдор одам бўлиб, аёлини тушунмаса, оилада катта жанжал чиқиши аниқ. Менинг кўп йиллик тажрибам шуни кўрсатадики, оила турмуши икки даврда дарз кетиб, жанжаллар оқибатида ҳатто никоҳ бузилиб кетиши мумкин. Бунинг биринчиси – келин янги тушгандан кейин шу ёт оилага, иккинчи бир муҳитга ўз вақтида ўрганиб, мослаша олмай, қайнона ва оиладаги бошқа аъзолари тушунмай, янги келинга шу оиланинг ҳаётий тарзига мослашиш учун фурсат бермаслиги натижасида қайнона билан келин ўртасида, ҳатто келин билан куёв ўртасида оғир қарама-қаршилик пайдо бўлиб, ёмон ҳодисаларнинг юз бериши натижасида келинни ҳайдаш ёки келин аразлаб кетиши, ҳатто турмуш бузилиб, ажралиб кетиши ҳолатлари ҳам кузатилади.
Иккинчи ҳолат – ёши бир жойга етиб келин-куёвли, набирали бўлган вақтда, биз юқорида айтиб ўтган климакс неврозининг таъсири билан эр-хотин орасида ниҳоятда мураккаб ҳодисалар юз беради. Баъзи аёлларда эри билан бўладиган жинсий муносабат ўзгариб, аёл эрини хоҳламай қолиши мумкин. Баъзи аёлларда, аксинча, эрига бўлган талаб ошиб кетиб, кексаликка қадам қўйган эрини шошириб қўйиши ёки эрини ўзидан бездириши ҳам кузатилади.
Климакс наврозига учраган бу аёл кўп гапирадиган бўлиб, эрига нисбатан жинсий томондан қониқмасдан, ҳақоратли гапларни айтиши мумкин. Бу гап эрининг ғурурига қаттиқ таъсир қилиб, унинг миясида хотинини қизғаниш белгиси пайдо бўлиб, унга ишонмаслик оқибатида аёлига нисбатан қаттиққўл бўлиб, қизғаниб, ғайри ҳаракатда бўлиши кузатилади.
Мен тажрибамда шундай бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Ашаддий рашкка учраган икки эр-хотин бирга ётганда, бирини этагини бириси қаттиқ тутиб ухлар экан. Бу ёшдаги оила можаросига учраб, никоҳ бузилишига етган кекса эр-хотин биз юқорида айтиб ўтган биринчи даврдаги ёш келин-куёвдек бу кекса эр-хотин бир-биридан тез ажралиб кетолмайди. Чунки бу оилада келинкуёв, ҳатто набиралар бор. Қуда-анда, эл-юрт, маҳаллакуйдан номус қилиб, ҳеч кимга дардини айтолмасдан ички жиҳатдан эр-хотинлик риштаси узилган бўлса ҳам, улар орасидаги оила “яшайверади”. Аммо бир уйда яшаса ҳам, сир бой бермай юраверади. Ёки эри уйни ташлаб чиқиб кетиб, бошқача турмуш йўлларини излаб қолиши мумкин. Худди шундай, кекса аёл ҳам уйдан чиқиб кетиб, қиз-ўғилларини уйига бориб яшаши кузатилади.
Шунинг учун климакс касалига беэътибор қараб бўлмайди. Ҳар бир оила бу жиҳатдан етарли маълумотга эга бўлса, сабр-тоқат билан бир-бирига имкон бериб, ҳар қандай масалани ёпиқ эшик ичида гаплашиб, ҳал қилиб олса ёмон ҳолатларнинг олдини олади.
Ўткинчи давр ўтиб кетгандан кейин худди бир туш кўргандек ҳаммаси ўз изига тушиб, яна мустаҳкам оила бўлиб, меҳрибон ота-она бўлиб ёки нуроний бува-буви бўлиб дунёнинг роҳатини кўриб яшайдилар.
КЛИМАКС ОРТИДАГИ КАСАЛЛИКЛАР
Ички безлар системасининг ўзгариши натижасида мастапатия, яъни кўкрак бези яллиғланиши ёки қаттиқлашишини кўриш мумкин.
Баъзи аёлларда миома, яъни бачадон ичида ўсма пайдо бўлиши мумкин. Бундай касаллик аломатлари касалликнинг нерв системасига қаттиқ таъсир қилиб, невроз аломатларини яна-да кучайтириб юборади. Бундай касалликка чалинган аёллар жуда қаттиқ қўрқиб, касалликни ҳатто саратон, яъни рак деб ўйлаб, ўлим ваҳимасига тушиб қолади.
Бу касаллик кўп аёлларда учрайди, фақатгина бир шарти – ўз вақтида шифокор гинеколог ва маммолог, яъни аёллар кўкрак бези билан шуғулланувчи шифокорларга мурожаат қилиб, текширишдан ўтиш керак ва улар айтган тавсияга амал қилишлари мақсадга мувофиқ. Агар шифокор жарроҳлик йўлини тавсия қилса, албатта, рози бўлиб, бу дарддан халос бўлинг.
Яна бир бор айтаман, ўз вақтида биринчи пайдо бўлган зиёнсиз ўсма даволанмаса, ўсма тинч ётмайди, балки ёмон оқибатларга олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Жарроҳликдан кейин аёлнинг саломатлиги ва жинсий фаолиятига ҳеч қандай ножўя таъсири бўлмайди. Олдингидек соғлиғингиз тикланиб, узоқ умр кўриб, соғ-саломат бўлиб юришингиз аниқ.
Фаолиятим давомида бундай касалликка чалинганларнинг кўплаб мурожаатини эшитдим. Бошланғич даври зиёнсиз ҳолатдаги миома ва мастапатияни муваффақият билан даволаб, тўлиқ саломатлигини тиклаши мумкин. Албатта, бу гинеколог шифокор ва маммолог билан маслаҳатлашиб муолажа қилинса, янаям яхши натижа беради.
КЛИМАКСНИ ДАВОЛАШ
Руҳий муолажа
Климаксни даволашнинг энг муҳим йўли зерикмасдан, сабр билан руҳий тарбия қилиш керак. Қуйида келтириладиган тавсияларимиз кўп йиллик тажриба ва кузатувларга асосланган.
Ҳар бир шифокор, аввало, климакс давридаги инсонларга климакс касаллик эмас, вақтинчалик бир физиологик ўзгариш эканлигини тушунтириши керак. Унинг кечиши қанчалик изтиробли ва қийин бўлмасин, охири фожеага олиб келмайди, яъни ўзимнинг шифокорлик тажрибамдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, айнан климакс сабаб ҳеч бир инсон бу дунёни тарк этмаган. Тан олиш керак, климакснинг белгилари жуда кўп, ҳар хил, баъзи инсонларда жуда оғир ўтиши аниқ. Шу сабабдан қаттиқ қўрқув бўлади.
Даволаш жараёнида шифокордан талаб этиладигани ҳам айнан шу: шифокорнинг психотерапияси даволанувчига шундай таъсир қилсинки, касалнинг қўрқуви барҳам топсин. Касал шифокорга чин дилидан тўлиқ ишонсин.
Шифокор тавсияси
Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб шуни аниқ айтаманки, игнатерапия ҳам бу касалликни даволашда аъло даражадаги усулдир.
Спорт билан шуғулланиш ёки сафар қилиш ҳам яхши ёрдам беради.
Климакс давридаги инсонлар ваҳима орасида қолиши мумкин ва бу инсон жуда кўп муолажа талаб қилади. Жуда зарур бўлмаса, ички органларда катта патологик ўзгариш бўлмаса, касални ётқизиб кетма-кет осма уколлар улаб муолажалар буюришнинг ҳожати йўқ.
Аёлни даволаганда, албатта, унинг турмуш ўртоғини чақириб, суҳбат ўтказиб, бу ўткинчи касални тез ва асоратсиз ўтиб кетишида турмуш ўртоғининг ёки оила аъзоларининг роли жуда катта эканлигини тушунтириб, уларга касални ўтиб кетишига сабр-тоқатли бўлишларини тушунтириш керак. Бу давр етиб келмасидан олдин эр ва хотин бу ҳақда етарли маълумотга эга бўлса – мавжуд белгилар натижасида климакс аниқланиб, бу давр ҳеч қандай кўнгилсизликка сабаб бўлмайди.
Бу даврда аёл жисмоний ҳаракат билан шуғулланиши жуда қийин, аммо мен шуни кузатдимки, ҳеч қандай климакс белгилари берилмаган она жисмоний меҳнатни кучайтириб спорт билан шуғулланса, мақсадга мувофиқ бўлиб, келгусида келадиган климаксни енгил ўтишига асос бўлар эди.
Тоза ҳаво нафақат касал учун, балки ҳар қандай инсон психологияси учун зарур, шу сабабли, айниқса, бу даврда аёлларни тоза ва тинч ҳаволи табиат бағрида бўлиши айни муддаодир.
Яқин масофали жойларга бориш вақтида яёв юришга одатланинг.
Тана вазни меъёрда бўлиши лозим, хусусан, қоринга ёғ тўпланиши инсон саломатлигига ёш ўтган сари оғирлик қилади. Шуниси аниқки, озғин одамларда климакс енгил ўтиб кетади.
Климакс даври жараёнида баъзи аёллар семириб кетади. Бу, одатда, климакс даврини оғирлаштириши мумкин. Шунинг учун азиз аёллар, вазнингиз ошиб кетишига йўл қўйманг. Бунинг учун парҳез қилиш керак. Демак, ёғли, гўштли, тузли овқатларни камроқ енг. Кўпроқ кўкатлар, сутли маҳсулотлар, меваларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
Спорт кийимларини кийиб эрта тонгда истироҳат боғларда югурган аёлларни кўриб ҳавасингиз келади. Агарда юқорида айтилганларни бажарсангиз, қадди-қоматингиз чиройли бўлиб, сочларингизни оқаришини олдини олиб, юзингизга ажинлар эрта соя солмайди.
Климакс бошланишини сезган заҳотингиз, унинг белгилари кучайиб сизни азоблашдан аввал – ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиб, керакли тавсияларни олсангиз, янаям яхшироқ бўлар эди.
Унутмаслик лозим: ҳар бир аёл киши бу кўприкдан ўтиши аниқ.
Ҳамма инсонларга шуни тавсия қиламанки, ҳар бир оилада климакс хусусида маълумот берувчи ўқув материаллари бўлиши шарт.
ЭРКАКЛАР… 40 ЁШДАН КЕЙИН
Эркакларда ҳам кам учраса-да, климакс даври бўлади. Эркакларнинг ички жинсий безлари аёллардан фарқ қилади. Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, аёллар жинсий безининг фаолияти тўхташи муносабати билан оғир ёки енгил билинар-билинмас белгилар шаклида климакс даври ўтиб кетади. Демак, бу аёл бундан кейин ҳеч қачон фарзанд кўрмайди. Эркакларда эса бошқача, аёл жинсида бир ойда бир маротаба уруғ чиқса, эркакларда тўхтовсиз чиқиб туради. Юз ёшдан ошиб кетган мўйсафид отахонларни ёш хотин олиб фарзанд кўрганини гувоҳи бўлганмиз. Шуни аниқ айтаманки, дунёдаги ҳамма нарсанинг сон саноғи бор. Шу нуқтаи назардан эркаклар ҳам уруғининг ҳам ҳисоби бор. Яратган кимгадир кўпроқ, кимгадир озроқ уруғ (сперма) ато қилади. Кимки уруғини исроф қилмасдан кам ишлатиб сақласа, унда оталик уруғининг умри узоқ бўлади. Юз ёшдан ошиб фарзанд кўрган эркаклар айнан шунинг мисолидир. Аксинча, ёш вақтида кўп жинсий алоқада бўлиб, уруғни кўп тўкиб ишлатса, бундай ҳолатда эркакларнинг жинсий уруғи эрта тугаб қолиши мумкин. Уруғ тугади ёки камайди дегани – унинг жинсий фаолияти камайди ёки тугади деган гап билан баробар. Бундай ҳолатда аёллар климакс неврозини бошидан ўтказгандек, эркаклар ҳам худди шундай ўтказиши мумкин.
Менинг узоқ йиллик тажрибам шуни кўрсатадики, эркакларда, аёллар каби кучли климакс белгилари жудаям кам кўринади. Эркакларда бўладиган климакс белгиларининг асоси жинсий фаолият билан боғлиқ бўлиб, ҳаракатининг сусайиши, баъзан эса йўқолиши натижасида эркакнинг нерв системасига таъсир кўрсатиб, организм фаолиятининг тенглиги бузилади. Эркаклар климаксининг ташқи белгилари қуйидагиларда кўринади:
1. Климакс эркак тушкунликка учрайди. Худди аёлларга ўхшаш бир қизиб, бир совиб, кўп асабийлашиб, кўп ўйлайдиган бўлиб қолади.
2. Ўй-хаёлида жинсий фаолиятни ўз ўрнига келтириш ҳукм суриб, кўпроқ яширин ҳолда жинсий фаолиятини кучайтирадиган дори-дармон излаб қолади.
3. Худди аёлларда бўлгани каби рашк қилиш, гумон қилиш ҳолатига тушиб қолиб, рафиқасини ўринсиз гумонлар билан унинг асабига тегиши мумкин ва бу фаолият узоқ давом этиб, бегуноҳ аёлнинг сабр косаси тўлиб, оилавий жанжаллар пайдо бўлади. Энг ёмони – “Туфлининг изи кетади, ёмон гапнинг изи кетмайди” деган нақлга ўхшаш ўртадаги ҳақорат ёмон гаплар эр-хотин ўртасига совуқчилик солиб, турмуши бузилиши даражасига етиши мумкин.
Шунинг учун эркаклар ҳам худди аёлларга ўхшаб ҳеч номус қилмасдан шифокорларга мурожаат қилса, албатта, шифокор берган тавсиялар асосида яхши натижага эришиб, бу ҳолат ижобий йўл билан ҳал бўлиб, оиланинг сарсон-саргардон бўлишнинг олдини олиши мумкин.
Мен узоқ йиллик иш фаолиятимда бундай касалларни жуда кўп кўрдим. Энг ачинарлиси шундаки, номус қилиб, шифокорга мурожаат қилмай, вақтни ўтказиб, яъни эрхотин никоҳини бузиб, фарзандларни тирик етим қилиб кетганлари ҳам йўқ эмас, ҳатто бир оиладаги эр-хотин иккаласи ҳам климакс даврида невроз касалига учраб, ширин турмушини бузиб, бировга гапиришдан номус қилиб, азоб-уқубат ичида яшаб ўтганини ҳам кўрдим.
ЭРКАКЛАРДАГИ КЛИМАКСНИ ДАВОЛАШ
Даволаш сабаблари жудаям кўп. Баъзи эркакларга Аллоҳ томонидан уруғ ато қилинмайди. Шунинг учун 16 ёшгача ўсмир йигитда йигитлик ўзгаришлари кўринмаса, албатта, шифокорга мурожаат қилиб, сабабини аниқлатиш керак.
Маълум бир сабаблари билан уруғ безининг фаолияти вақтинчалик ишламай турган бўлиши мумкин, бундай пайтда керакли муолажалар қилиб, даволаш керак. Бу вақтда кеч бўлса ҳам ҳаммаси ўз изига тушиб кетади. Сизларга яна бир муҳим нарсани айтмоқчиман. Эр ва хотиннинг уруғи жинсий органга тўкилгандан кейин, бир-бири билан қовушиб бачадон ичига ўрнашади. Бу ҳақиқат муқаддас Қуръонда ҳам айтиб ўтилган. Аллоҳ бутун оламдаги мавжудотларни жуфт қилиб яратган. Майли жонли, майли жонсиз, ҳаттоки биз билиб, билмайдиган элементлар ҳам жуфти билан яратилган. Шу қаторда инсон ҳам жуфт қилиб яратилган. Шунинг учун инсонларнинг балоғат даврига етганда бир-бири билан жуфтлашиши ҳаёт қонунидир. Шунинг учун балоғат ёшига етганда инсонлар ўз-ўзидан жуфтлашиш учун бир-бирига интилади ва жуфтлашади. Шундан кейин оила бунёд бўлади ва инсонларнинг иккинчи ҳаёти бошланади. Кўпаяди, ўзидан зурриёт колдиради ва бу дунёнинг роҳат ва машаққатларини биргаликда баҳам кўриб, то умрининг охиригача бир-бирига елкадош бўлиб яшайди. Шунинг учун оила муқаддасдир!
Жуфтлашиш ёки зурриёт қолдириш ёлғиз инсонларга эмас, бутун жону жонзотларга берилган Аллоҳнинг улуғ нематидир. Тушунганлар бу неъматнинг қадрини билишади. Буни ардоқлайди, дарз етказмайди ва унинг роҳатини кўради, шукроналар қилади. Инсон ҳаётида икки жаннат ва икки дўзах мавжуддир. Унинг биринчиси нариги дунёга борганда, Аллоҳнинг ҳукми билан инсонларга берилса, иккинчиси бу дунёда мавжуд бўлиб, у инсонларнинг ўзининг қўлидадир. Шунинг учун иноқлик билан бир-бирини тушуниб, ҳаётдаги қийинчиликларини сабр-тоқат қилиб, биргаликда енгиб, ҳалол яшаб, кўпайган тинч оила бу дунёдаги жаннатнинг ўзгинасидир. Бу оила жаннатини қадрини билиб, шукроналар қилиб, роҳатини кўради. Аксинча эса, оилага дарз келтириб эр-хотин бир-бирига хиёнат қилиб, ҳаёт қийинчиликларига сабрсизлик билан қараб, уни енголмасдан уруш-жанжал чиқариб, Яратган берган роҳатни қайғу-ҳасратга айлантириб, ҳатто оила можароси туфайли муқаддас оилани бузиб, азиз фарзандларни тирик етим қилиб, оилани вайрон қилиб, бу дунёнинг жаннатини дўзахга айлантирганлар ҳам йуқ эмас. Мен шуни айтиб ўтишим жуда зарурки, оилага дарз келтирилган, жаннатни қадрини билмай, дўзахга айлантирган эр-хотинлар, фарзандлари ва бошқа оила аъзоларини энг даҳшатли қийнайдиган омил унинг саломатлигидадир.
Оила можароси ичида яшаётган инсонларни ҳеч қачон яхши кайфияти ва саломатлиги бўлмайди. Бу можарони бировга айтишга номус қилган, оила аъзолари, хотини кўзёш тўкиб, қайғу-ҳасрат ичида яшаб, руҳий жиҳатдан қийналиб, саломатлигини йўқотади. Эри эса оила можаросига бардош беролмасдан бунинг аламини ароқ ва айшу ишрат билан енгмоқчи бўлади. Лекин инсон учун энг зарар, ҳаром бўлган ароқ бу инсоннинг аламини вақтинчалик босган бўлса ҳам, секин-секин унинг организмини еб, натижада ич-ичидан саломатлигига зарар етказаётганини ўзи ҳам сезмай қолиши мумкин.
Оила бузилгач, яъни эр-хотин ажрашиб кетгандан кейин, яна қайта турмушга чиқиб ёки яна қайта уйланганлари, бахтли бўлиб кетганларини жуда кам кўрдим.
Оқ илон, оппоқ илон,
Ойдинда ётганинг қани?
Сен мени ёмон дединг,
Яхшини топганинг қани?
Бу шеърий мисра ажралиб кетиб минг пушаймонлар қилган, азоб-уқубат ичида яшаганларнинг ҳаётидан олингандир.
Сабрсизлик билан жаҳл қилиб ажрашиб кетган ота-оналар бир давр ўтгандан кейин олдинги оиласини, ҳам тирик етим қилган болаларини соғиниб, пароканда бўлиб, дардини ичига ютиб азоб чекканлар қанча.
Азиз ота-оналар, оила қурувчи ёшлар «ўлимдан бошқасига чора бор», деган пурмаъно нақлни унутманглар.
Турмушда пайдо бўлган ҳар қандай муаммони сабртоқат билан ёпиқ эшик ичида дўстона, ҳам бир-бирига муҳаббат билан ҳал қилиш мумкин. Бир-бирингизга нисбатан кечиримли бўлинглар, агар фарзандларингиз бўлса, ўз роҳатингизни ўйламасдан, Яратган томонидан сизларга тақдим этилган ширин фарзандларингизни тақдирини ўйланглар, уларни тирик етим қилманглар.
Бир-бирингиздан ажрашиб кетиб дарду ҳасрат ичида яшаб, кейин пушаймон бўлманглар.
ИФОРХОН ОНА ХУСУСИДА РИВОЯТ
Ифорхоннинг асл исми Измпошо бўлиб, унинг танасидан доимо табиий-хушбўй ҳид таралиб турганлиги учун одамлар Измпошони Ифорхон деб аташган.
Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир инсоннинг танасида тер ва ёғ чиқарадиган система мавжуд. Шунинг учун одамлар керак вақтда тер чиқариб, баданнинг ичидаги ортиқча сув ва туз моддаларини чиқариб тана ҳароратини ва сув тенглигини тежаб туради. Масалан, юқори ҳароратда бўлган касалликлар дори-дармон ёрдамида ёки организмни ўзининг кучи билан кўп миқдорда тер чиқариб, тана ҳароратини туширишга ёрдам беради. Тана ҳарорати бўлмаган ҳолатда ҳам, соғлом одамлар ҳам сиртқи муҳитга мослашиш учун тер чиқариб туради.
Бу тернинг яна бир фойдаси сиртқи баданни намлаб, организмни юмшатади. Терлашдан бошқа тери қатламларидаги ёғ безлари маълум миқдорда ёғ чиқариб терининг юмшоқлигини ва уни ялтираб туришини таъминлаб туради.
Тер ва ёғ чиқаришнинг салбий томони ҳам бор, хусусан, танадаги қатлам жойлар, қўлтиқ ости ва бошқа жойларда ёғ билан тер маълум миқдорда ёқимсиз ҳид чиқариб туради. Шунинг учун баъзи одамларнинг қўлтиқ ости терлаб, атрофдаги одамларга ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин. Терлаш тўғрисида кейинроқ яна батафсил тўхталиб ўтамиз.
Манбаларда келтирилишича, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг танасидан доимо хушбўй ҳид таралиб турганлигини бизнинг улуғ алломаларимиз ҳадисларда тасдиқлаб, айтиб ўтишган. Иккинчи одам , яъни аёл зотининг тимсоли эса – Ифорхондир.
Ифорхоннинг қадди-қомати келишган, ақлли, фаросатли, шарму хаёли ва танасидан доимо хуш-ифор таралиб турганлиги, ҳусни-жамоли ҳаддан ташқари чиройлилиги тавсифи ёлғиз ўз мамлакатида эмас, ўша вақтдаги ипак йўли орқали дунёнинг кўп жойларига тарқалган.
Ифорхон таърифини эшитган шу даврдаги Манжу империясининг хони Жанлун ғойибона Ифорхонга ошиқ бўлиб, уни ўз кўзи билан кўришни орзу қилиб, ниҳоятда кўп сонли қўшин тайёрлаб, Ифорхон яшаб турган мамлакатига жўнатишга қарор қилади. У шундай буйруқ берадики, кўп қирғин қилиб мамлакатни босиб олинглар, аммо Ифорхонни тирик тутиб, асирга тушириб мени ёнимга олиб келасизлар, дейди. Босқинчилар хон амрини бажариш учун оммавий қирғин урушини олиб бориб, аёвсиз босқинчилик ишларини қилади. Ифорхон ўз турмуш ўртоғи билан бирга отланиб, босқинчиларга қарши жанг олиб боради. Бу кўп сонли босқинчиларга бардош беролмасдан, кўп кишилар ўлиб кетади. Шу қаторда Ифорхоннинг турмуш ўртоғи Яҳёхўжа ҳам қаҳрамонларча жанг қилиб шаҳид кетади. Эридан ва кўпгина ватандошларидан айрилган Ифорхон эркакча либос кийиб олиб, таслим бўлмасдан, мардонавор урушни давом эттиради.
Босқинчиларнинг асосий мақсади Ифорхонни ўлдириш эмас, уларнинг мақсади аёлни тирик тутиб, хон ҳузурига олиб бориш бўлганлиги учун ҳар хил айёрликларни қўллайди. Ерлик хоинлар ёрдамида Ифорхонни алдаб тириклайин асирга туширишади ва темир қафасга солиб, ойлаб йўл юриб хон ўрдасига олиб кетадилар. Асирга тушган Ифорхонни кўрган хон ўзининг эшитганларидан ҳам ортиқ пари пайкаллигини кўриб, астойдил унга ошиқ бўлади. Дарҳол ювибтараб, кийинтириб хон ўрдасига олиб боришга буйруқ беради. Ифорхонни тезроқ ўзига хотин қилиб олиш учун шошади. Хон асирига тушган бу аёл жон-жон деб менга тан маҳрам бўлади, деб ўйлайди. Амалиётда эса аксинча, хон ўйлаганининг тескариси бўлиб чиқади. Биринчи куннинг ўзидаёқ хоннинг хотин қилиб олиш ниятини қатъий рад қилиб, «ҳеч қачон шаҳид кетган эримга, ватанимга, халқимга хиёнат қилмайман» деб қаттиқ қаршилик қилади. Аммо бу ёвуз хон Ифорхонга ошиқу беқарор бўлганлиги учун қора ниятидан кечолмайди ва Ифорхонни ўзининг хотини қилиб олиш йўлларини излашга бошлайди. Майли, қанча вақт ўтса ҳам Ифорхонни юмшатиб, унинг розилигини олиб, ўзига хотин қилиб оламан деб қатъий қарор қилади. Шунинг учун майли қанча вақт ўтса ўтсин, кутаман, охири мақсадимга етаман, деган ўй билан Ифорхон учун, унинг розилигини қозониш учун кўп ишлар қила бошлайди. Ифорхонни кўнглини кўтариб, унинг қалбидан жой олиш учун ватандош қариндош-уруғларини ва юртдошларини кўчириб олиб келиб, шу вақтдаги Манжу хонлигининг пойтахти бўлган ҳозирги Пекин шаҳрида уйғурлар учун кичкина шаҳарча қуриб беради. Уларнинг еб-ичишини таъминлаб, ҳамма шароитни яратиб беради. Уйғурлар ислом динига итоат қилганлиги учун мачит ҳам қуриб беради. Ҳатто уйғур шаклида қашқар ҳаммомини ҳам қуриб беради.
Ифорхон бу шаҳарга бориб юртдошлари билан аралашиб кетишидан чўчиган хон Ифорхон турадиган ўрдани ёнига баланд минора қуриб, Ифорхонга юртдошларини, қариндошларини соғинганда минорага чиқиб уларни кўриб туришини тавсия қилади. Ифорхон суҳбат қилиб зерикмаслиги учун уйғур канизаклар билан таъминлайди. Хоннинг бу ҳаракатлари Ифорхонни юмшата олмайди. Аёл хонни яқинига йўлатмайди, чиройини очмайди, унга нафрат билан қарашни давом эттираверади. Аёл хон сабр билан Ифорхонни юмшатиб, охири бир кун ўзининг қора ниятига етиш учун кутишга аҳд қилади.
Ақлли, фаросатли, ватанига, эрига содиқ бўлган Ифорхон ҳам сабр билан кутиб, бир кун бўлмаса бир кун золим ўрдасидан озод бўлиб, ўз ватанига қайтиб босқинчиларга қарши кураш қилиш орзуси билан яшайверади. Хон Ифорхонга ўз мақсадига етиш учун нималар қилмайди. Ялинган, ёлворган, ҳамма яхшиликларни қилган, ҳатто баъзан сабр косаси тўлган хон Ифорхоннинг ҳужрасига бостириб кириб, босқинчилик йўли билан Ифорхоннинг номусига тегиб мақсадига етмоқчи бўлади.
Лекин от устида эркак кийимини кийиб жанг қилиб чиниққан, баҳодир уйғур қизига кучи етмайди. Бу ҳолатни ўз кўзи билан кўриб, уни назорат қилиб юрган хоннинг онаси ўғлига кўп маротаба ҳар хил йўллар билан насиҳат қилиб, «ўғлим, бу сенга ҳеч қачон хотин бўлмайди, бу ёввойи одамларнинг авлоди, бунинг чиройига маҳлиё бўлма, уни ўлдир ёки юртига қайтариб юбор», – деб қилган насиҳатлари ҳам хонга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бир куни ўғлини овга кетганидан фойдаланиб, хоннинг онаси Ифорхонни ёнига чорлайди ва қаттиқ гапиради.
– Эй, ростини айт менга, мақсадинг нима, яхшиликча менга келин, хонга хотин бўласанми? – деб сўрайди.
– Ҳеч қачон, – деб жавоб беради Ифорхон.
Хон онаси ғазабланиб, ўғлидан ажралиб қолишидан чўчиб, «унда мен сени ўлдираман», – дейди.
Ифорхон очиқ чеҳра кулги аралаш, «мен аллақачон ўлиб бўлганман», – дейди.
Хоннинг онаси: «ўлган бўлсанг нима учун тирик юрибсан», – деб ғазаб билан бақиради.
– Биз мусулмон авлодимиз, ўзимизни ўзимиз ҳеч қачон ўлдирмаймиз, бундан ташқари сабр билан фурсат кутдим, бир кун бўлмаса бир кун ўз ватанимга қайтиб, халқим билан биргаликда сен босқинчиларга қарши кураш қилмоқчи эдим ва сизлардан халқимнинг, марҳум эримнинг ўчини олмоқчи эдим. Мени ўлдир, ажалим етганга ўхшайди, ўлимимга тайёрман, – деб жавоб беради.
Ғазабга минган хоннинг онаси олдиндан тайёрлаб қўйилган канизакларни ишга солиб, уни бўғиб ўлдирадилар.
Шунинг билан дунёда тенги йўқ гўзал, ақли заковатли, сабрли, ватанига, халқига турмуш ўртоғига садоқатли, танасидан доимо хушбўй ҳид таралиб турадиган, жасурлик акс этган миллий қаҳрамон уйғур қизи Ифора ваҳшийларча ўлдирилиб, бу дунёни тарк этади. Аммо Ифорхоннинг донғи, кўрсатган жасорати унутилгани йўқ. Кўп аср ўтгач бу қисса кўп мамлакатларда шов-шувларга сабаб бўлиб, ҳар ким ҳар хил билганларини ёзиб қолдирган ва ёзмоқда. Китобимизда кўрсатилган Ифорхоннинг сувратини Италиялик рассом Рембрант тахминан 1662 йилда, хон ўрдасига келиб қўлда чизган. Ҳозир ҳам кўп давлатларнинг музейида Ифорхоннинг расми сақланаётганлиги бор гап. Хитойнинг собиқ бош вазири ХХ асрнинг 20-йилларида Англияга расмий ташрифда бўлиб, 1904 йилда Англияликлар, Бежиндан ёки Пекиндан ўлжа қилиб олиб кетилган чизма расмини беришини талаб қилган, аммо шу вақтдаги Англия бош вазири Эдин бу талабни рад этиб, Ифорхонни сувратини қайтариб бермаган. Ифорхонни неча йил умр кўрганлиги ҳақида эса аниқ маълумот йўқ.
Атоқли Хитой тарихчиси Ваняченнинг, Пекиндаги хон ўрдасидаги тарихий манбаларга асосланиб ёзишича, Ифорхон 1760 йил 4-февралда асирга олиниб, хон саройига олиб келинган деб ёзилади. Ифорхоннинг қанча умр кўрганлиги тўғрисида ҳам ҳар хил фикрлар учрайди. Кўплаб тарихчиларнинг айтишича, Ифорхон 45-47 ёшларида вафот этган.
Ҳурматли азиз аёллар, бизнинг асил мавзуимиз климакс даври ҳақидалиги ўзингизга маълум. Шу мавзуимизда бир аёл жинсини балоғатга етиб, то «олтин куз» даврга ўтган жараёнини тушунтириб ўтган эдик. Бу жараёнда аёлларнинг организмида ички без системасида, хусусан, нерв системасида қанчалик кўп ўзгаришлар бўлиши ўзингизга маълум.
Дунёда тенги йўқ гўзал Ифорхонни «ёшлик даври» ҳам, «олтин куз» даври ҳам хон ўрдасида ўтди. Золим хон ўзининг ёвуз нафсини қондириш учун Ифорхонга нималар қилмади, дейсиз?! Яхшиликлар, шу билан бирга ёмонликлар ҳам қилди: ялинди, зўрлик қилди. Ифорхоннинг ёшлик орзу ҳавасидан фойдаланмоқчи ҳам бўлди.
Бизга юқоридан маълумки, Ифорхон ўзининг мустаҳкам иродаси билан ватанига, халқига, эрига бўлган ҳақиқий муҳаббати билан буларнинг ҳаммасини енгди. То ўлгунича ўзининг шарму ҳаёсини сақлаб, бошини эгмади. Ўйлаб кўрайлик, қадди қоматли, жўшқин, кучли бу аёлда нафс йўқмиди?
Балким Ифорхон ҳам биз юқорида тасвирлаб ўтган климакс белгилари билан жабру жафо чекмади, деб ким айта олади? Шунинг учун биз шундай хулоса қиламизки, мустаҳкам иродаси билан ватанига, халқига, турмуш ўртоғига бўлган ҳақиқий муҳаббати олдида ҳеч қандай қийинчилик буни енга олмайди.
Ёзганларимиздан келиб чиқиб, биз дунёда тенги йўқ гўзал уйғур қизининг, халқига, эрига садоқатли Ифорхонни том маънода аёл зотининг ҳақиқий тимсолидир деб аташга хақлимиз.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.