Электронная библиотека » Шамил Алмазбеков » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 10:20


Автор книги: Шамил Алмазбеков


Жанр: Медицина, Наука и Образование


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 3 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ЯНА БИР МУҲИМ МАВЗУ – ИЧ ҚОТИШИ ВА ИЧ КЕТИШИ ХУСУСИДА

Ҳар бир соғлом одам кунига бир маротаба бўшаниши керак. Одатда бўшаниш вақтида қаттиқ қийналиш, кучаниш ёки жуда суюқ бўлиб, бирдан чиқиб кетиш ҳолатлари кўринмаслиги керак.

Баъзан икки кунда бир маротаба ёки бир кунда икки маротаба қийналмасдан бўшанса, бу ҳолат касаллик ҳисобланмайди. Агар икки кундан ошиб кетса, жуда қаттиқ бўлиб, кучаниб қийналса, бу халқ тилида “қабзият” (запор) деб аталади.

Аксинча, бир кунда иккинчи кундагидан кўпроқ ва суюқ ҳолда бўшанса, буни биз халқ тилида “ич кетиши”, яъни “панос” касаллиги деб атаймиз. Касалликнинг сабабини билиш учун энг аввал овқат ҳазм қилиш аъзоларининг анатомия, физологияси (қурилиши) ни билишимиз шарт.

Инсоннинг оғзидан бошлаб қизилўнгач, ошқозон, жигар, ингичка ичак, йўғон ичак, қайрилган ичакдан то таҳорат чиқиш жойигача бўлган аъзоларни овқат ҳазм қилиш системаси деб атаймиз.

Одам овқатни оғзига солиб, чайнаб, луқма шаклига келтиргандан кейин, уни ютади. Луқма қизилўнгачдан ўтиб, ошқозонга тушади. Ошқозон халтасимон аъзо бўлиб, унинг икки ўтиш жойи бор:

1. Юқори ўтиш жойи қизилўнгач билан ошқозоннинг юқори қисмида жойлашган, бу юқори оғиз сфинктор деб аталади.

2. Иккинчи ўтиш жойи ошқозон билан ўн икки бармоқ ичак чегарасида жойлашган бўлиб, бу иккинчи захира, яъни иккинчи оғиз (сфинктор) деб аталади, бу иккинчи сфинктор одатда ёпиқ ҳолатда туради.

Биз овқатни оғзимизга солиб, уни чайнаб луқма қилгандан кейин ютамиз. Луқма қизилўнгач орқали қориннинг ёпиқ турган захирасига – сфинкторга яқинлашганда автоматик тарзда очилади.



Луқма кетма-кет ошқозонга тушади. Бу луқмаларни ошқозондан чиқадиган овқат ҳазм қилиш безлари томонидан чиқарилган суюқлик (ички секреция) ёрдамида қоринга кирган овқатни парчалаб, ишловдан ўтказиб, ўн икки бармоқли ичакка ўтказишга тайёрлайди.

Ошқозон безлари томонидан ишлаб чиқариладиган суюқлик ошқозон кислотаси деб аталиб, бу кислота ёрдамида луқма микроблардан тозаланиб, шунингдек, овқатни ҳазм қилишга ҳам ёрдам беради.

Луқма тайёр бўлгандан кейин ошқоз бўлак-бўлак қилиб, секин-секин ўн икки бармоқли ичакка ўтиш вақтида, иккинчи захира сфинктор автоматик тарзда очилади. Луқмани қабул қилгандан кейин дарҳол ёпилади. Луқма ўн икки бармоқли ичакка тушганидан кейин, ўн икки бармоқли ичак томонидан ишлаб чиқарилган ва ошқозон ости бези томонидан ишлаб чиқарилган суюқликлар ёрдамида яна ишлов берилиб, баданга сингишга тайёрланади. Бу жойда шуни билишимиз керакки, жигар томонидан ишлаб чиқиб, ўт халтасига йиғилган ўт ҳам ўн икки бармоқли ичакка тушиб, луқманинг ишловланишида, хусусан, ёғ моддаларининг парчаланишида муҳим рол ўйнайди.

Ўн икки бармоқли ичакда тайёрланган луқма ичакларнинг ҳаракати ёрдамида кичик ичакка ўтиб, секинсекин озиқ моддаларни қонга ўтказади. Озиқ моддаси тамом бўлган қолдиқ луқма йўғон ичакка ўтиб, яна баданга сингишини давом қилиши мумкин. Йўғон ичакда луқма қолдиқлари сувсизлантирилиб, бир хил қаттиқликда шаклланиб, сиртга чиқишга тайёрланади. Луқманинг кичик ичакдан ҳам, йўғон ичакдан ҳам ўтиш жараёнида қолдиқ моддалар чирийди ва нохуш ҳид пайдо қилади.

Шунинг учун сиртга чиқадиган таҳоратдан, албатта, нохуш ҳид чиқади. Мабодо, биз юқорида айтиб ўтган ҳолатларнинг ҳаракат секрецияси (ишлаб чиқадиган суюқлиги) бузилса, касаллик келиб чиқади. Буларнинг биринчиси ич қотиши – қабзият (запор) дейилади. Одамлар орасида бу касаллик кўп учрайди.

Хусусан, ёши катта одамлар, ҳомиладор аёллар, овқатни танлаб ейдиган, кўпроқ тез ҳазм бўладиган оқ нон, печенье, шакар каби маҳсулотлар билан овқатланиб, кўкатлар, сабзавотлар, меваларни кам ейдиган одамларда кўп учрайди. Бу қабзиятнинг сабаби жуда кўп, биз ҳозир сизга жуда муҳимларини айтиб ўтамиз.

1. Ошқозон яллиғланиши (гастрит) касаллиги туфайли келиб чиқадиган қабзиятлар.

Гастрит 2 хил бўлади:

1. Кислотаси баланд гастрит.

2. Кислотаси паст гастрит.

Кислотаси баланд гастритда доимо жиғилдон қайнайди, қоринда баъзан ачишган ёқимсиз сезги пайдо бўлади. Биз юқорида айтиб ўтгандек, қориннинг юқорисида ҳам, остида ҳам автоматик тарзда очилиб, ёпиладиган икки сфинктор мавжуд.

Агар қориннинг кислотаси баланд бўлса, қориндан ўн икки бармоққа ўтказадиган иккинчи сфинкторнинг очилиши қийинлашади. Шунинг учун қоринга тушган луқма унда кўп туриб қолиши натижасида парчаланиш кўпроқ кузатилади. Демак, ўн икки бармоқли ичакдан ўтган луқма кўп парчаланиб кетиши натижасида ичакдан ахлатнинг сиртга чиқиши, учинчи сфинктор орқали чиқиш вақти чўзилади, ҳам қолдиқ сувсизланиб кетади. Мана буни ошқозон кислотасининг кўплигидан келиб чиқадиган қабзият деб атаймиз.

Бу қабзиятни йўқотиш учун ошқозон касаллигини даволаб, кислота чиқишини камайтириш керак. Ошқозон кислотасини камайтирадиган жуда кўп дорилар мавжуд.

Баъзи одамлар шифокорларнинг маслаҳатисиз хамир сода ичишади. Амалиётда сода кислотани камайтиради, касал кекиради, енгиллик бўлади. Аммо бу яхши эмас, чунки касал бунга ўрганиб қолади, кейинчалик ҳам доимо кекириб юради. Бу албатта, озгина бўлса-да ёқимсиз ҳолатдир. Албатта, бу касалликка учраган одамлар шифокорга учраб даволаниши керак.

2. Ичак касалликлари биз юқорида айтиб ўтгандек, ошқозондан ўтган луқма ўн икки бармоқ ичакда яна парчаланиб, баданга сингишга тайёрланади. Бу парчаланишда ўт халтадан тушадиган ўт суюқлиги ошқозон ости безининг, ўн икки бармоқли ичакдаги ҳазм қилиш суюқлигининг роли жуда катта. Луқма бу суюқликлар ёрдамида парчаланиб, кичик ичакка узатилади. Кичик ичакда озуқа симирилиб, қолдиқ секин-секин йўғон ичакка узатилади. Йўғон ичакдан, асосан, луқмадаги сув симирилиб, суюқ ахлатни қуюқлаштиради ва секин-секин бир шаклга киргизиб, учинчи сфинктордан чиқишга тайёрлайди. Ахлат тўғри ичакка йиғилиб тайёр бўлганда, бош мияга хабар келади ва ундан кейин одам ихтиёрий равишда бовул қилиб ични бўшатади. Меъёридаги соғлом одамда ахлат суюқ ёки жудаям қаттиқ бўлмаслиги керак.

Агар жудаям ич қотиб кетган бўлса, касал қийналса, бу ҳолат қабзиятнинг бир турига киради. Бундай касалларни, албатта, даволаш керак, чунки бу ҳолат такрорланаверса, бавосил (геморой) деган касалликнинг келиб чиқиш хавфи ортади. Бу жойда жудаям бир муҳим гапни айтиб ўтишни лозим топдим. Ўн икки бармоқли ичакка тушган луқма тахминан бир кун ичида охирги ичакка етиб келгунча, ичакларнинг меъёрдаги ҳаракати жуда муҳим аҳамиятга эга. Ичакларнинг ҳаракатини биз сезмаймиз, бу одамлар ихтиёрида эмас, у автоматик тарзда, беихтиёр бошқарилади.

Биз тановул қиладиган ҳамма овқатлар баданга сингадиган озиқ-овқатлардан ташқари баданга сингмайдиган кличатка – қаттиқ моддалар ҳам мавжуд. Мана шу моддалар ичак деворини қитиқлайди ва унга таъсир қилиб, ҳаракатини тезлаштиради. Шунинг учун ичак секин-секин меъёрда ҳаракатланиб, ахлатни охирги ичакка узатади. Мана шу қаттиқ моддалар, кўкатлар, мева ва сабзавотларда бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, доимий равишда тез ҳазм бўладиган енгил овқатлар билан овқатланувчиларда ичакни қитиқлайдиган қолдиқ, ташландиқларни жудаям кам бўлиши натижасида ичак кам қитиқланиб ҳаракати суст бўлади ва қабзиятни келтириб чиқаради. Бу касалликнинг давоси сифатида шуни тавсия этмоқчи эдимки, албатта, биз юқорида айтиб ўтган ўсимлик ва мева-сабзавотларни истеъмол қилиб туриш керак. Агар касалда ўт қопининг яллиғланиши мавжуд бўлса, ич қотиши, яъни қабзият кўп учрайди. Бунинг сабаби шуки, шамоллаган ёки букланиб қолган ўт қопидан ўз вақтида керакли миқдорда ўт суюқлигини ичакка тушиши бузилади. Чунки ўт ичакнинг ҳаракатида, ахлатнинг ичида маълум миқдорда ўт қопидан тушадиган ўт суюқлиги бўлиши шарт. Мабодо ўт қайта касалга учраб, ўз вақтида ўтнинг ичакка тушиши бир маромда бўлмаса, ичакнинг ҳаракати камаяди. Ўт суюқлиги, хусусан, ёғ моддаларини парчалашда жуда муҳим рол ўйнайди ва ахлатга сариқ ёки қорамтир ранг беради.

Бу ич қотишини даволаш учун, энг аввало, ўт қопи касаллигини даволаш керак. Касал шифокор маслаҳати билан ўт чиқарувчи дориларни истеъмол қилиши лозим.

3. Шунингдек, ич қотиши, яъни қабзият семиз, кам ҳаракатчан, уйқучан одамларда кўп учрайди.

Одам танаси икки омил билан гавдаланади. Улар:

1. Мускул системаси. Одам баданида катта-кичик, узун-қисқа жуда кўп мускуллар мавжуд бўлиб, суякдан-суякка, бўғиндан-бўғинга ёпиштирилган ҳолда ҳамма ташқи ҳаракатларни бажаради. Мускул системаси инсоният учун жуда муҳимдир. Қанча кўп ҳаракатланса шунча тараққий қилади. Тўлқинланади, кучаяди ва инсонга гўзал қомат беради. Шунинг учун спорт билан шуғулланган одамлар қадди қоматига қарасангиз, ҳар бир мускул дона-дона бўлиб кўриниб туради.

2. Ёғ системаси. Унинг инсон учун ҳеч қандай фойдаси йўқ, одам танасидаги ортиқча ёғ моддаси унинг саломатлиги учун зиёндир. Ёғ қатлами фақат тери остидан бошқа баданнинг хоҳлаган жойига ўтириб, инсонга ёғли тана шаклини беради. Агар қоринда бўлса, қоринни катта қилиб кўрсатади. Ичакларни орасига ўрнашиб олиб, унинг ҳаракатини бузади, алал оқибат қабзиятни келтириб чиқаради.

Мускуллар орасига ўрнашган ёғ қатлами уларни қисиб қўйиб, ҳаракатланишига ҳам халал беради. Шунинг учун ёғ босган баданни семизлик касалига учраган деб атаймиз. Ёғ туфайли пайдо бўлган қабзиятни даволаш учун семизликка қарши кураш қилиб, хусусан, қорин спорти билан шуғулланиб, ичакдаги ёғларни ҳайдаш керак. Шунинг билан ич қотиши енгил кечади. Қабзиятнинг яна бир сабаби соғлом одам ҳар куни бир маротаба бир вақтда бовул қилади.

Маълум сабаблар билан ўз вақтида бовул қилмай (ахлат чиқмай) ичакда сақланиб турса, ахлатнинг суюқлигини ичак тамоман симириб олиб, қолдиқни қаттиқ ҳолатга олиб келиб қўяди. Шунинг билан касал бир неча кун бовул қилмай қийналади. Бу турни одатланган қабзият деб атаймиз. Яна бир сабаби невроз касалида – нерв системаси тенглигининг бузилиши натижасида ичаклар ҳаракатини сусайтириб, қабзиятни келтириб чиқаради ёки ич ўтиши ҳам кузатилиши мумкин. Бу қабзиятни даволаш учун энг аввало, неврозни даволаш керак.

Ич қотишнинг салбий томонлари:

1. Сурункали қабзият бавосил (геморой) касаллигини келтириб чиқаради.

2. Ҳаммага маълум: ташқарига чиқадиган қолдиқ жудаям ёқимсиз ҳидга эга. Агар бу қолдиқ ўз вақтида чиқиб кетмай, ичакларда тураверса, сув билан бирга шу ёқимсиз ҳид баданга ҳам сингиб, қон системасига ўтади. Организм бу ёқимсиз ҳидни кўпроқ тер билан чиқаришга ҳаракат қилади. Ўз-ўзидан маълумки, сурункали ич қотиш касалига дучор бўлган касалларнинг баданидан ёмон ҳид чиқиб туриши мумкин. Шунинг учун қабзиятни даволаш баданнинг тозалиги учун, инсоннинг ҳидланмаслиги учун жудаям зарур. Менинг кўп йиллик тажрибамдан шу маълумки, сурункали ич қотиши билан касалланганларда сурункали ичак яллиғланиши содир бўлиб, баъзан яра ҳам пайдо бўлади ва бу яра қонаши мумкин. Йиринглаши ва ҳар хил сурункали ўсимталарни келтириб чиқариш эҳтимоли кўпроқ. Яна бир бор айтаман: ич қотиши касалига беэътибор қараб бўлмайди, уни ўз вақтида даволатиш ва бунда, албатта, шифокорга мурожаат этиш керак.

ИЧ ҚОТИШ КАСАЛЛИГИНИ ДАВОЛАШ ХУСУСИДА

Юқорида айтиб ўтганимиздек, қабзиятнинг келиб чиқиш сабаби ўз вақтида даволанса, бу хасталикдан батамом қутулса бўлади. Кўп одамлар ўзлари ич бўшатадиган дориларни ичиш орқали қабзиятни даволамоқчи бўладилар. Бунинг салбий томони шуки, организм, овқат ҳазм қилиш системаси, хусусан, ичаклар ич бўшатиш дориларига ўрганиб қолиб, касалдан шу дориларни қайта-қайта талаб қилаверади. Касал одам уни ичишга мажбур бўлади. Бу тиббиёт тилида ўрганган қабзият деб аталади. Бу, албатта, яхши эмас. Энг яхши метод – ичак системасининг ўз-ўзидан ҳаракатланишини қўлга киритиш керак.

Игна билан даволаш энг яхши методдир. Баданда ичак ҳаракатини бошқарадиган нуқталар мавжуд, ана шу нуқталарга игна урсангиз, ичаклар ўз-ўзидан ҳаракатланишга бошлайди. Қабзият билан кураш қиладиган, танани ҳаракатга келтирадиган махсус массаж ҳам мавжуд. Буларни қўллаш ҳам яхши натижа беради. Яна бир бор такрорлайман: ҳар бир одам ичакларни ҳаракатлантирадиган озиқ-овқатлар билан таъминланиши керак.

Кўпчиликдан “ичингиз қотадими” деб сўрасам, “қотади, лекин буни мен ўзим овқат билан бошқараман, қотишига йўл қўймайман”, – деб айтади.

Ёши катта одамлар бу ҳақда билмаса, шифокорлардан маслаҳат олиб, еган овқати орқали ичаклар ҳаракатини кузатиб туриш керак.

ИЧ ЎТИШИ ҲАҚИДА ИККИ ОҒИЗ ГАПИРИБ ЎТМОҚЧИМАН

Юқорида ич қотиши ҳақидаги баҳсимизда уни келтириб чиқарадиган сабабларни кўриб чиқдик, бу ҳолатларнинг акси кузатилса, сўзсиз ич ўтишини келтириб чиқаради.

Масалан, ҳаддан ташқари мева-сабзавотларни кўп тановул қилсангиз, у ичакни кучли тирнаб, ичак ҳаракатини кучайтиради ва ич ўтишини келтириб чиқаради.

Ич ўтишида муҳим бир нарсани айтиб ўтаман: еган овқатингиз ичида кучли микроб мавжуд бўлса, ошқозонга тушгандан кейин, ошқозон кислотаси уни тўлиқ йўқотишга кучи етмаса, сиртдан келган микроб тезликда авж олиб заҳар чиқаради. Буни тиббиёт тилида овқат билан заҳарланиш (пещевой отравление) деб атаймиз. Бу касалликда қорин қаттиқ ҳаракатланиб, ҳам юқоридаги, ҳам пастдаги сфинкторни очиб ташлаб, заҳарланган овқатдан қутулиш чорасини кўради. Қориннинг қаттиқ қисқариши натижасида заҳарланган овқат қизилўнгач орқали сиртга чиқарилади, буни қайд қилиш деб атаймиз. Ёки ичак орқали ҳайдалиб, ичак ҳаракатини жудаям тезлатиб, энг охирги ичак орқали суюқ ҳолда ташқарига чиқарилади.

Буни “ич ўтиши” (панос) деб атаймиз. Бунинг давоси, албатта, беморга тез ёрдам кўрсатиш керак. Масалан, беморга тез ёрдам сифатида ошқозонни ювиш ёки ичакларни тозалаш мумкин. Кучли микробларни ўлдирувчи дориларни бериш ҳам яхши самара беради. Чунки бу хатарли, хусусан, болалар учун жудаям ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Сурункали ич ўтишида кўпроқ қорин ичак системасининг яллиғланиши ёки овқат ҳазм қилиш суюқлигининг камайиши сабабчи бўлади. Бунда, албатта, шифокорларга мурожаат қилиб, аниқлаб даволатиш талаб этилади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации