Текст книги "АСРОРНОМА"
Автор книги: Шайх Фаридуддин Аттор
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 9 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
425 Сен, эй зар, юзга солгувчи сариқлик,
Кумуш, солгувчисен кўзларга оқлик.
Қизил юзликки андоқ йўл ародир,
Ўшал оқу сариқ унга қародир.
Ажаб сардорки, бунёди дин эрди,
Дили асрорга етган, роҳбин эрди.
Гўдаклик ёшидин бўлгунча то пир
Басе дунёйи дунга айтди такбир.
Бу дунё оташу арслон эди ул,
Бу дунёдин тамом тўйгон эди ул.
430 Кезиб дунёни шер янглиғ талабгор,
Қорин тўйдирмади умрида бир бор.
Ва излаб топгани ул фақру фоқа41,
Жаҳонни айламишди уч талоқа.
Аё, сен, шу таассуб ичра қолган,
Гуноҳдин номаи аъмоли тўлган.
Чу нодонлик ила кўнглинг аро макр,
Ишу зикринг Али бирлан Абубакр.
Гаҳи бул биттаси кўнглингга маъқул,
Гаҳи ул биттаси наздингда маъзул.
435 Бу эрмиш яхшироқ ё ул, сенга не?
Эшикда ҳалқасен, занжир, сенга не?
Кечар умринг шу ҳасратда, аё, айт,
Қачон этгайсен Оллоҳга ибодат?
Ҳавони қўй, Худо йўлига ўтгил,
Худойинг сўрса унда, бизни тутгил.
Билармен, эрта халқ урганда ҳалқа42,
Бўлурлар битта етмиш икки фирқа.
Билиб яхши, ёмонлар унда ўзни,
Бурурлар яхшилик сорига юзни.
440 Худоё, нафсимиз зеру забар қил,
Думоғдин худнамоликни бадар қил.
Кўнгилларни ўзингга машғул айла,
Таассуб излаганни маъзул айла…
Тўртинчи мақола
Ало, эй жону дилга дарду дору,
Сен ул нурсенки, еру кўкда ёғду.
Музайян дарчаларнинг олдида сен
Муборак новдаларда ўлтирарсен.
Магар тан ичра бир нури чироқсен,
Яқинсен унчаким, лекин йироқсен.
445 Чироқ эрмиш танинг, тарк айлагил сен,
Самовий нурга ўзни бойлагил сен.
Қўй ул Мағрибу Машриқ, не эмиш ул?
Ўраб тегрангни андоқ чулғамиш нур.
Ало, эй булбули гўёйи асрор,
Жавоҳир сандиғин оч, айла ошкор.
Исодек сўз аро ширин забон бўл,
Садафни синдириб, гавҳарфишон бўл.
Овозим бор дея кўп бўлма мафтун,
Қамишлар ҳам, ипаклар ҳам чекар ун.
450 Чу булбул сенданам сайроқи қушдир,
Ва сармастлик аро овози хушдир.
Эшитгаймен, дея мақтанмагил, тин,
Қуён тинглай олур бир тош йироқдин.
Кўрармен дема, чумчуқ кам эмас, кўп,
Йигирма фарсанг олисдин кўрар хўп.
Сезармен, деб дам урма, ўзни ўксит,
Ки сичқон ҳам узоқлардин олур ҳид.
Хаёл бирлан ўзингни устун этма,
Ки ҳудҳуд ҳам солур тунга ваҳима.
455 Улардин ортиғу афзалмидирсен?
Улардин покиза, акмалмидирсен?
Ало, эй қатраким, юксакка учган,
Қадам дарёсидин бир томчи ичган.
Ўшал дарёданам юксакка учгил,
Учар бўлсанг, камолга етганинг шул.
Агар дарёданам боло43 бўлурсен,
Садафда лўълийи лоло44 бўлурсен.
Сафарга чиқмаган гавҳар бўлолмас,
Бўлур кул, оташу ахтар бўлолмас.
460 Сафар қил топгали ул аслу унсур,
Сафарсиз қатралар бўлгайму ҳеч дур?
Чу ёмғир қатралар сув эрди аввал,
Кейин денгизга тушди, бўлди гавҳар.
Агар денгиз аро пинҳон эрур ул,
Вале йўл узра чун рахшон эрур ул.
Гуҳарким этса тарк денгизни зинҳор,
Лаган ичра бўлур сўнгра намудор.
Сафарга чиқди тут япроғи, хуллас,
Етиб манзилга, бўлди шоҳи, атлас.
465 Сафар этмоққа гар анжом бўлурди,
Фалакка бир нафас ором бўлурди.
Сафарнинг гар шу қадри бўлмас эрди,
Янги ой кўкда бадрий бўлмас эрди.
Ало, эй яхши дўстим, бўлмагил кам,
Таъбинг чор чўбини тарк айла бир дам.
Учиб, сен ҳам жаҳони ломакон бўл,
Учаркан, безамину безамон бўл.
Ки унда юз йилинг бир дам эмишдир,
Улар нисбатда тенг, ҳамдам эмишдир.
470 Кечар ул юз йилинг бир дам мисоли,
Чу истиқболу мозийдан-да холи.
Ва унда ҳол эмишдир ҳар замони,
Ўшал ҳол ичра маъни, осмоний.
Туганмас унда асло давру даврон
Ва бўлмас инқилоби чархи гардон.
У ерда кўзга нурдир осмонлар
Ва бўлмас чун, чунон узра чунонлар.45
На нуқсон бўлгай унда, на камоле,
На мозию на мустақбал, на ҳоле.
475 Йироқдир Ҳазратинг икки жаҳондин,
Йироқдир ул замондин ҳам макондин.
Бўлур бир лаҳзада Маҳдий ва Одам,
Бул андин ортиқ эрмас, ул эмас кам.
Агар ер ҳолига топсанг бадални,
Кўрарсен бир абад бирлан азални.
Не бўлмас унда буткул, неча бўлмас,
Азал бирлан абад бўлгуси пайваст.
Ул икки битта бунда, бошқа сон йўқ,
Муҳаққақдирки, ҳеч шубҳа гумон йўқ.
480 Ало, эй мўҳрабозу ҳуққапардоз46,
Ниқоб оч маънидин, этгил сарафроз.
Чўзиб қўл, чобуку чапдастлик айла,
Шароб қуйгил-да, ич, бадмастлик айла.
Арит ойинайи жонингни хок-ла,
Бўшатгил ҳуққани, кўнгилни покла.
Замона ташвишига кўп ботибсен,
Уйингда ўз-ўзинг маҳбус этибсен.
Очиб пардангни, кўрсатсанг жамолни,
Ёқарсен етти афлок, кекса чолни.
485 Ўзинг ганжи ниҳонсен, кутма ортиқ,
Замоннинг тўрт биқиқ деворидин чиқ.
Шу тилсим, банди асрорингни синдир,
Шу даҳлиз ичра сен борингни синдир.
Ўзинг ганжсен, вале кон ичра маҳбус,
Ўзинг жонсен, вале тан ичра маҳбус.
Жаҳон зиндони жонинг этмасин банд,
Бу дунёдин кўнгилни уз тамоман.
Палидлик, гушналик бирлан адосен,
Вале билгаймусен, кимдин жудосен?
490 Узрлисен, агар огоҳлигинг йўқ,
Ва ҳар не бунда истарсен, дағи йўқ.
Агарда топмасанг Ҳақни, ажабмас,
Топилмас сенга риндлар нони ҳам, бас.
Аё ҳикматсевар қуш, бу замонда
Не истарсен бу янглиғ ошиёнда?
Қанот ёз, маънилар осмонига уч,
Фалакнинг етти юксак қопқасин қуч.
Ошиб ўт тўрту тўққиздин баҳарҳол,
Кечиб ўздин, Худойингга назар сол.
495 Нечун сен дев ила ҳамхонадирсен,
Бўлиб девона, чун ҳайронадирсен?
Биларсен, кетмагинг ғоятда маъқул
Ва лекин кетамгингни истамас ул.
Не ҳожат сенга жойи макру талбис,
Кечиб дунёданам, тарк айла Иблис.
Билиб қўй, мулки иблисдир бу дунё,
Саройи макру талбисдир бу дунё.
Бериб иблисга мулкин, кечгил ондин,
Кўзинг осмонга тик, кечгил жаҳондин.
500 Сенинг жойингда ул иблисга не кор?
Унинг жойини ҳам тарк айла зинҳор.
Қўйиб гулханни, гулшанга етарсен,
Ҳамон гулханлигин инкор этарсен.
Оёқ бос аввало қудсий жаҳонга,
Кейин қўйгил қадам унсий жаҳонга.
Яшил шоҳи либосда ўлтирурсен,
Ўзингсен жумлаву лек бехабарсен.
Кечаркан сўнгра неча пардаву дом,
Неча бирларга пешвосен шу айём.
505 Кўриб қаршингда хуршиди жаҳонни,
Кўрарсен сўнгра ул дарёйи жонни.
Ўзингга пешводирсен, нигоҳ қил,
Кейин ул азму жазми боргоҳ қил.
Ўзингни билганингда Ҳақни билдинг,
Амин бўлким, етиб манзилга келдинг.
Магар борлиқ ҳижоб эрди кўзингга,
Ўшал ҳолат даме хуш эрди сенга.
Сени қўймас эди бормоққа борлиқ,
Чу Ҳақ эшигида тургайсен ортиқ.
510 Бўлур қаршингда пайдо ўзга парда,
Келур бир ўзга ҳолат ҳам ўшанда.
Хабар топдингми, бас, бир ўзга лаззат
Тушар кўнгилга, қучгай жонни албат.
Урар парвона ўзни ўтга ҳар дам,
Дегай: шу борлиғимдин мен қутилсам…
Ўшал борлиқ ҳижобин ташлаган он
Бўлур мастлик унинг дардига дармон.
Йиқилгай гоҳ ўшанда, гоҳи тургай,
Гаҳи бежон, гаҳи жон бирла бўлгай.
515 Гаҳи лаззат аро, гоҳи фанода,
Гаҳи фурқат аро, гоҳи бақода.
Дегаймен сенга шу сўзимни, сарбоз,
Гаҳи ғамлар чекиб, гоҳ айлабон ноз.
Қадамнинг ҳад ила ҳамдамлиги йўқ,
Анга ҳамдам эмас, маҳрамлиги йўқ.
Сен эрсанг офтобсен сояга ғарқ,
Эрурсен доянинг қўйнида ҳар вақт.
Бу шиддат олами ичра чопарсен,
У ҳолат оламида не топарсен?
520 Аё саҳро қуши, кел, тарки дом эт,
Етиб ул боғи жаннатга, хиром эт.
Сиру асрор бўлиб кўнгилда борлиқ,
Етишсин сенга ишқдин баҳрамандлиғ.
Юзингни бур ўшал девордин охир,
Мунаввар айла дил асрордин охир.
Агар Ҳақ йўлига ҳар дам юрарсен,
Жаҳонда заррае борким, кўрарсен.
Бу йўлда зарраким бўлгуси пайдо,
Уни нур айлагай анвори даргоҳ.
525 У зарра бўлгуси чун офтобе,
Кўрингай сўнг ҳижоб ичра ҳижобе.
Очилгай сўнгра асрор ичра асрор,
Узун бир йўл, кўринмас сўнги зинҳор.
Киши на ўнги, пешонига етмиш,
Биров на сўнги, поёнига етмиш.
Демиш бир пок тийнат, покбоз ким,
Аё, мен айладим қирқ йил намозим.
Борур ҳар зарра дўст қошига охир,
Вале наздингда шу олам қародир.
530 Ёпиб парда, берибдир муҳлатин то,
Аҳилдин ноаҳил бўлгуси пайдо.
Аҳил эрсанг, ўзингни зарра этгил,
Анингдек йўлга туш, даргоҳга етгил…
Чу аввалдин назар йўқ эрди сенга,
У боисдин сафар йўқ эрди сенга.
Бугун ул нури аввал раҳбарингдир,
Нечун танбаллик этгайсен, тушунтир.
Ҳузури Ҳақ муяссар эрса сенга,
Етар кўнглингга нури лаҳза-лаҳза.
535 Олар бўлса назарни сендин ул ёр,
Тиларсен, топмайин тиллога зуннор.
Агар равшан эса ойинайи дил,
Очилгай сенга неча сийнайи дил.
Очар бўлса эшикни маҳбуб ул дам,
Эшикка пардасин тутмас фалак ҳам.
Сенга икки жаҳон амр этди, эй мард,
Билиб, бунга амал этмоқлигинг шарт.
Ибодат бирла илминг ўтру бўлсин,
Дилинг икки жаҳонга кўзгу бўлсин…
Бешинчи мақола
540 Дило, бир дам қўйиб тур обу гилни47,
Чақир ишқ бонги бирлан аҳли дилни.
Ёқиб ишқ нури бирлан жонни, ўртан,
Муҳаббат дарсини жонондин ўрган.
Не эрмиш дарди ишқи зор, дегайсен,
Чу булбул безабон асрор дегайсен.
Довуддек оят айт саргашталарга,
Забури ишқ ўқи ошуфталарга.
Ҳадиси ишқни айт ишқ аҳлига бот,
Дилу жонларни ишқ созига ўйнат.
545 Муҳаббат оташида уд бўлиб ён,
Куюк бир шам каби ўтларга чулғон.
Хирад жомига қуйгил ишқ шаробин,
Ки андин қатра-қатра жонга томсин.
Хирадким маст бўлибдир, бермагил соф48,
Тирикликдин, дегилким, урмасин лоф.
Чу ишқ келди, хирад кўзига мил чек,
Ўзингга ишқ навоси бирла нил49 чек.
Хирад сув эрса, ишқ оташдир албат,
Сув эрса, борми оташга зарурат?
550 Хираднинг билгани икки жаҳондир,
Вале ишқ билгани жонони жондир.
Хирад – мисли тузоқ қайдида чумчуқ,
Валекин ишқ – унинг олдида Симурғ.
Хирад – дебочайи девони роз ул,
Вале ишқ – дурри шоҳбайти ниёз ул.
Хирад – нақди саройи коинотдир,
Вале ишқ – жонга иксири ҳаётдир.
Хирад – зоҳирнамое ҳар ҳоле,
Ва лекин ишқ – санги лоуболе50.
555 Хирад дил эшиги олдида тургай,
Вале ишқ унданам олдинда юргай.
Хирадга хирқайи таклиф эрур тўн,
Вале ишқ эгнида ташриф эрур тўн.
Хирад сўз сўйламоққа сўз сўрар, бас,
Вале ишқ оҳи жонафрўз сўрар, бас.
Хирад жонпарвару жонсоз эмишдир,
Вале ишқ – оташи жонбоз эмишдир.
Хирад – ёш бир бола, ишқ – устакордир,
Тафовут бул арода бешумордир.
560 Агарчи иккидирлар ишқу кўнгил,
Бири ул ойина эрса, бири бул.
Ва лекин ўртада бир пардаким, бас,
Шу боис ҳеч бири бепарда эрмас.
Этар акс сувда суврат бекудурат,
Вале бир нарсадир сув бирла суврат.
Кўнгилдин ишққача олисмас унча,
Масофа бул арода худди қилча.
Жаҳони ишқ эрур дарёйи тубсиз,
Ўраб, чулғайди ул ошиқни ипсиз.
565 Чу босса лашкари ишқ ногаҳондин,
Ақлга қолмагай йўл ҳеч томондин.
Қочар ул тирқираб, остонада гар
Кўраркан ишқни, томдин ўзни ташлар.
Кишиким, ишқ деган дарёдадир ул,
Биларму, не буюк савдодадир ул?
Ки ошиқ бошида ҳар дам қуюндир,
Сен ўйлайсенки, ишқ – эрмак, ўйиндир.
Ажиб жавҳар эмиш ул олами ишқ,
Қачон буткул аён эрмиш ғами ишқ?
570 Ақл қолгайму бул икки жаҳонда,
Фақат икки замон қолгайдир унда.
Жаҳоннинг миршабу султонидир ишқ,
Ки ердин кўккача – айвонидир ишқ.
Ярашмас ишққа ҳаргиз нотавонлиғ,
Ярашгайдир камолу кордонлиғ.
Магар ишқдир жаҳоннинг покбози,
Ки ҳар андуҳида нози, ниёзи.
Жаҳонким хуни ишққа ғарқа бўлмиш,
Ўралмиш ишқ жаҳонга, ҳалқа бўлмиш.
575 Заҳарларга қоришмиш жоми андин,
Тахир тортмиш басе ошоми андин.
Дилига ўқ қадалган оҳудир ул,
Югургай, тўрт оёғи лойда буткул.
На фарёд айламоққа бор мажоли,
На ул жононни ёд этмакка ҳоли.
Агар васлингдин ул топса нишоне,
Қочар ҳижронни кўзлаб ҳар замоне.
Чидолмас гар етишса васли жонон,
Не бўлғай шабнам ул қўзғолса тўфон?
580 Чу денгиз олдида қатра не эрмиш?
Ва офтоб ўнгида зарра не эрмиш?
Басе жонларга яғмо солдилар, ҳай,
Ва бизнинг жонимизни олдилар, ҳай.
Ки парда остида сув бўлди жонлар,
Қоришди хун ила тупроққа танлар.
Басе жонлар сари йўл тутдилар сўнг,
Бу йўлда тарки даврон этдилар сўнг.
Жаҳондек ганжни жоҳга қилдилар жо,
Жаҳондек тоғни хасга жойлаб, илло.
585 Замину осмонни очдилар, бас,
Ва жонлар борки, эҳсон сочдилар, бас.
Замину осмонни махсус айлаб,
Жаҳонни жовидону мадрус51 айлаб.
Очиб тандин кўнгилга йўл баногоҳ,
Кўнгилдин – жонга, андин – сўйи даргоҳ.
Асосин қўйдилар бор нарсаларнинг,
Кейин исмин аён айлаб уларнинг.
Шулардин биттасини сайладилар,
Уни ишқ деб мукаррам айладилар.
590 Сенинг наздингда ишқ осон кўрингай,
Агарчи сенга ул чандон кўрингай.
Иложи ишқ ашку сабр эмишдир,
Гул эрса тоза, боис абр эмишдир.
Чу сабру ашк ила ошиқ топар жон,
Булутдин ям-яшилдир боғу бўстон.
Агар кўрмас эса ошиқ жудолик,
Анга қайдин эди бу мубталолик?
Агар маъшуқ муяссар бўлса осон,
Қаёқда эрди шавқи васли жонон?
595 Агар ишқ ичра йўқса интизорлик,
Бўлурму эрди дилда беқарорлик?
Гар эрса интизорлик ҳамдами дил,
Анга роҳат эрур ул, маҳрами дил.
Анга икки жаҳон шодлигидин ҳам
Азиздир ёри маҳрам кўйида ғам.
Ўшал икки жаҳон хуршидидир ишқ,
На хуршид, ҳазрати жовидидир ишқ.
Камоли ишққа маҳрам бўлмасайди,
Ики оламда зарра бўлмас эрди.
600 Бераркан ҳикматидин Ҳақ таалли,
Келар ҳар нарсанинг кўрки, камоли.
Наботу маъдану ҳайвону афлок
Бари ел бирла сувдир, оташу хок.
Бари ишқ ичрадирлар, билмасанг, бил,
Ҳама вақту ҳама ою ҳама йил.
Камоли ишқи ҳайвон – нафсу шаҳват,
Камоли ишқи инсон – жоҳу қувват.
Камоли чарх – урмоқ чарху даврон,
Камоли тўрт гуҳар ул тўртта аркон.
605 Камоли ақтаъ52 не, кўргил бу дамни,
Кесик қўл бирла қўйгайдир қадамни.
Камоли зарра – айтмоқ зикру тасбиҳ,
Уни ориф эшитгай этса тасриҳ53.
Камоли орифон – йўқликда ҳастлик54,
Камоли ошиқон – йўқликда мастлик.
Камоли анбиё – ул жойда жой йўқ,
Ки Ҳақдин ўзгага унда раво йўқ.
Камоли қудс келур ишқ қурбатидин,
Камоли ишқ эса ишқ рутбатидин55.
610 Чу аввалдин то охир печ дар печ56,
Камоли гар йўқ эрса, ҳечдир ул, ҳеч.
Камоли бўлмаса гар, не билурлар?
Боқиб безавқу шавқ, ҳайрон қолурлар.
Талаб эрмиш камолни изламак то,
Дили доно бу сирдин баски огоҳ.
Ки бошдин то оёқ бу битта занжир,
Бирини бошқасига сен яқин бил.
Ўшал занжир учин тутмиш Худованд,
Назар сол, қанча ҳалқа, қанча пайванд.
615 Баланддин пастгача занжир не миқдор,
Ажаб қудрат, ажаб сунъи жаҳондор.
Баланддан пастгача моҳирдир, илло,
Чиқолмас бағридин бир кимса асло.
Ҳама хоҳиш, ирода унда ҳар гал,
Сабаб йўқдирки, келгай ундан аввал.
Худованди карим ҳар ишни билгай,
Сенга гар яхшилик йўқ, яхши қилгай.
Ҳама офоқ иши ишқ ичра чоп-чоп,
Бу водийда камоли ишқни излаб.
620 Кўнгилда бўлмаса гар ишқ шавқи,
Қаёқдин ҳам етишгай сенга завқи?
Фалак шу ишқ аро ўқ ёғдирар, тир,
Ажаб девона ул, бўйнида занжир.
Малойик кўкка занжирбастадирлар,
Вале шу ҳолда ҳам кўкка инарлар.
Етишса ҳазрати Ҳақдин хитобе,
Тушар кўкларга андин инқилобе.
Агарда етмаса Ҳақдин хитоб ул,
Фалак бўлмасди, бўлмас инқилоб ул.
625 Аё, сўфий, кийиб устингга хирқа,
Анга парвонадирсен ҳар дақиқа.
Кузат бу ҳолатинг, эй ишққа пайваст,
Ки то рўзи қиёмат бўйласен, бас.
Камоли ишқ сенга шойиста ҳолдир,
Бу бандингдин қутулмоғинг маҳолдир.
Бу мушкул боғу бандни биз ечармиз,
У даргоҳингга сўнг излаб етармиз.
Отиб шу хирқани, ўздин бориб чун,
Узукка айланармиз чарх уриб чун.
630 Кейин баҳрингда чун ғаввос бўлурмиз,
Сен унда омию биз хос бўлурмиз.
Ва унда бори фавқ57 сори чопармиз,
Гаҳи бир завқу шавқ сори чопармиз.
Бўлиб дарёда ғаввосликка машғул,
Севинчдин гоҳи раққосликка машғул.
Юриб андоқки кўнгил хушлагаймиз,
Илондек дамба-дам пўст ташлагаймиз.
Агар кўнглингни хушҳол этса уқбо,
Тафаккур қил, не эрмиш сенга дунё?
635 Ки аввалда эдинг дунёда қандоқ?
Чу охирда бўлурсен баски мундоқ.
Гаҳи сувсен, гаҳи қонсен, гаҳи сут,
Кеча мурғак, бугун бир кекса, беқут.
Гаҳи султони дин, гаҳ марди хуммор,
Гаҳи мурдори май, гаҳ пири асрор.
Неча минг пардада дунё кўрарсен,
Неча минг суврату маъно кўрарсен.
Бу водий ичраким, ишқ унга номдир,
Саросар пардадир дунё, тамомдир.
640 Киши билгайму, не сирри жаҳон бул?
Не сир эрмишки, нури ақлу жон бул.
Аё, оч дил кўзингни унга рўй-рост,
Ки ҳар бир зарра сенга сўйлагай роз.
Ҳама зарроти оламда шу аҳвол,
Кўрарлар ҳар нафасда шу равиш, ҳол.
Шу ҳолдир ҳаммада, шу айланишдир,
Назар сол, сенда ҳам шундоқ равишдир.
Аё, сен бехабар, ишқ не нафасдир,
Сенинг наздингда ул эрмак, ҳавасдир.
645 Не бордир сенда дўстинг наздида нақд,
Ки етсин унга дўст наздида равнақ?
Сўра андин, ажиб дарёга эврил,
Ажиб дарёйи нопайдога эврил.
Дилингни ишқ-ла айла соҳиб асрор,
Туби, қаърида гавҳар, мавжи анвор.
Ўшал денгизда маънолар очарсен,
Йўлингда дурру гавҳарлар сочарсен.
Мунаввар денгизинг йўлга нисор эт,
Йўлингга қўнмасин гард, беғубор эт.
650 Нисор этсанг анга жонингни, ул дам
Нисор бўлгуси сенга икки олам…
Бир чол вазир Низомулмулкнинг бошидан
тилло сочгани
Низомулмулк қошига келди бир пир,
Тутиб халта, деди: тиллога тўлдир…
Деди вазир анга: бу халта тўлмас,
Мисоли бўридир ул, берса, тўймас…
Буюрди сўнгра ул: зар келтиринглар,
Шу чолнинг халтасини тўлдиринглар.
Ҳамон сандиқчани шай этдилар, ўнг,
Очиб, бир неча олтин олдилар сўнг.
655 Ва лекин халтага ул бўлмади юқ,
Сезилмас эрди олтин бормидир, йўқ.
Ҳовучлаб солдилар ўн бора тилло,
Ютарди халта, лек тўлмасди асло.
Ниҳоят халта ул тиллога тўлди,
Қиёслаб боқди сўфий, рози бўлди.
Боқиб олтинга бир ҳолатга тушди,
Яқин келди вазирга, кўнгли жўшди.
Кўтарди халтасин ногоҳ яшинвор,
Вазирнинг бошидин тўкди баякбор.
660 Чекармен, деди, андоқ рўзгор мен,
Бошингга борим этмакка нисор мен.
Сенга бермоққа нарсам йўқ, не мушкул,
Берармен сенга сендин олганим ул.
Сени деб зарга мен қўлни очармен,
Олармен сендану сенга сочармен…
Азизим, бўйла бир нақд сенда ҳам йўқ,
Нисор эт ўзни шоҳга, кутма ортиқ.
Сўра Ҳақдин азиз жонингга маъни,
Олиб, сўнг ўзига сочгайсен они.
665 Не давлатдирки бул йўқсил, гадога,
Азиз жонини тикса подшога.
Манам ишқ ичра саргардон эрурмен,
Ҳушимдин айрилиб, ҳайрон эрурмен.
Ярим уйқу, ярим уйғоқда ҳолим,
Тилармен жонга шу ҳолда камолим.
Тополмас эрсам унда ҳосилимни,
Танимдин ажратиб отгил дилимни.
Агар ул йўқса, менга завқи жон йўқ,
Не эрмиш завқи жон, балки жаҳон йўқ.
670 Кишиким ишқи йўқ, ул одам эрмас,
Ки унга бўйла бир дам ҳамдам эрмас.
Агар аслида ул дам бўлмас эрди,
Шу одам бирла олам бўлмас эрди.
Ўшал дам бўйлаким ишқ берди жонга,
Тириклик нашъаси етди жаҳонга…
Бале, Аттор, чу асрор очганинг дам
Сенга гавҳар сочиш бўлди мусаллам.
Бу асрор кўйида сен юрма ортиқ,
Йўлинг олис, минарга маркабинг йўқ…
Олтинчи мақола
675 Кўзинг бор эрса, боқ, кўз ташлагил тик,
Бу дунё ўйлаким дарёда кўпик.
Бу дунёни хаёл деб ўйлагил, бас,
Гумон этма, хаёлдин ортиқ эрмас.
Магар девона ё ошуфтадурсен,
Хаёлга ғарқ бўлиб, оғуштадурсен.
Хаёл бирлан дамо-дам ўйнашурсен,
Гўдаксен, ўйлаким қоп ичрадурсен,
Пари кўргай бола ойинада, сир,
Хаёлсиз ҳам киши пастдир, баланддир.
680 Эшит Арш авжидин энди бу асрор,
Ки йўқ, эй хожа, дор остида дайёр58.
Неча ҳарфларни кўрдинг, ҳеч эди ул,
Вале сенга ўроғлиқ эрди буткул.
Ўшал ҳарфким, ўранмай келди, силлиқ,
Алиф эрди, алифда ҳеч вақо йўқ.
Чу сен абжад ўқирсен неча бир гал,
Алиф келгай ўшал абжадда аввал.
Алиф аввалда ҳечдир, охири ло59,
Чўзилгай то зазағ60 бу сиру савдо.
685 Ўқи абжадни сен юз бора яксар,
Қолурсен “ҳеч”у “ло” ичра муқаррар.
Агар сен эр эрсанг, бас, кутма бир дам,
Етишди сенга рахшу61 кори Рустам…
Бир азизнинг айтганлари
Дедиким бир азиз, соҳиб диёнат,
Ки Ҳақдин то етишди бу омонат.
Замину осмон кўрқувга тушди,
Боқиб, залворли юкдин ранги ўчди.
Кўтармоққа уни сен журъат этдинг,
Вале мен қўрқамен, жонингга етдинг.
690 Омонат элтмоғинг бўлса бу янглиғ,
Уни эшшак кўтаргай сендин ортиқ.
Билурсен сирни бошдин ажрасанг, бас,
Йўқ эрса, бир мушуксен, ўзга эрмас.
Уйқуда Ҳалложни кўришгани
Кўришди уйқуда Ҳалложни бир пайт,
Кесик бош эрди қўлда, жому шарбат.
Ва андин сўрдилар: айтгил, не ҳолинг?
Не эрмиш жоминг ул, нўши зилолинг?
Деди Ҳаллож: ўшал султони некном,
Кесик бошларга бергай бўйла бир жом.
695 Бу жомдин баски шарбат айлагай нўш,
Кишиким, айламиш бошин фаромуш.
Тикиб исмига жисминг, беғубор эт,
Кейин жонингни ҳам унга нисор эт.
Ўшал жисмингни эт исм ичра пинҳон,
Алиф бўлган каби жисм ичра пинҳон.
Чу жисминг кетса, жонни эт мусаффо,
Кейин жондин кечиб, бўлгил мусаммо.
Ажаб дарёки бул, оламни олмиш,
Анинг мавжи дили одамни олмиш.
700 Бу дарё тўлқини тингаймидир ҳеч?
Кўнгилда жўшқини сўнгаймидир ҳеч?
Керакдир, бўлмасин шу жон ила тан,
Улар гар бўлсалар, мен бўлмагайман.
Мену сенда бу янглиғ оғу бор, ҳай,
Тариқдек зарраси тоғни қўпоргай…
Подшо бировдан савол сўргани
Суриб от йўлда бир подшо борарди,
Биров йўл узра мамнун ўлтирарди.
Ўшанга юзланиб шоҳ сўрди бир пайт:
Магар истармидинг мен бўлмоғинг, айт?
705 Деди: қўй бу саволни, сўрмагил сен,
Ки сендин сўрмагум мен бўлмоғинг мен.
Агарда менлигинг йўқ бўлса, ул дам
Ҳамоно бўлмагайдир жону тан ҳам.
Агар жону танинг равшан бўлур зуд,
Танинг жон унда, жонинг тан бўлур зуд.
Танинг ойинадир, лек тийрадир тан,
Вале ойинага юз-жони равшан.
Уни қаршингда гар пок тутсалар, пок,
Бири ел бўлгуси унда, бири хок.
710 Чу эрта баъзи юзлар юз қаро ул,
Эмаслар баъзилардек нур аро ул.
Сенинг олдингда бўлгай ойина юз,
У битта, қай тарафга бурмагил юз.
Киши сўзлайди, бас, одамни ҳар гал,
Мисолким, ҳашри тан оламдин афзал.
Сенинг ҳашрингни энди равшан айтай,
Эшитгил, менлигинг энди мен айтай.
Ҳама жисминг агарчи бори маъно,
Қолур бу ерда ул чун узви дунё.
715 Вале жисминг очаркан банди жонинг,
Бўлур жон бунда жисми нотавонинг.
Ўшал жисминг бўлур буткул мунаввар,
Кеч андин зуҳду тоатсиз эсанг гар.
Бўлур маънийи ботин жумла зоҳир,
Билошак шул эрур табл-ал-сароир.62
Муҳаммад жони тан эрди, тани жон,
Чиқиб меърож, тану жон эрди ул он.
Десанг гар, тан кўрибмен жумла хок ул,
Тани хокий бўлурму жони пок ул?
720 Жавобим шул: қабрга сен назар сол,
Ўзингмасму ўшал гўр ичра алҳол?
Сенинг наздингда гар ул ғишту тупроқ,
Вале аслида равза, гулшану боғ.
Кишиким равзани билгай шу хок деб,
Нечун билмайди танни жони пок деб?
Макон пойингда, бошингда замонинг,
Қачон билгайсен ул тан бирла жонинг?
Биров ҳазрати Алидан савол сўргани
Алидан сўрди бир марди дилафрўз,
Ки жаннат ичра борму кеча-кундуз?
725 Деди: кундуз каби кун бўлмас унда,
Қоронғу кечадек тун бўлмас унда.
Қуёш йўқ, қаҳратон қиш унда бўлмас,
Қоронғу йўқки, ойдинлик-да бўлмас.
Жисмларким, бу ёқда сайр этар кўз,
У ёқда нур таратгай, оламафрўз.
Кўрарсен бунда кўзгу ортини то,
У ёқда олди, орти ҳам мусаффо.
Умир бунда, Умар унда чироқдир,
Қаро эрмас Билол ҳам унда оқдир.
730 Ва унда ул Абубакру Умарни
Кўрарсен, бунда кўргандек қамарни.
Биҳиштда олмани ёрсанг мабодо,
Кўзинг ўнгида ҳур бўлгуси пайдо.
Не тонгдир, гар танинг буткул бўлиб нур,
Ҳама зарроти олам бўлсалар ҳур.
Танинг ойдек туташ нур бўлса, ёғду,
Унинг ҳар зарраси ҳур бўлмагайму?
Дема, ул лаҳзаким девор ёрилгай,
Биҳишту дўзахим андин кўрингай…
735 Намозда еса гар ангури жаннат63,
Кўринмасми анга ул ҳури жаннат?
Дема, ул жаннату дўзахки андоқ,
Турарлар менга кафшимдин яқинроқ.
Биҳиштдир сенга ул қавли Паямбар,
Анга мансуб ҳимоят бирла минбар.
Ки Жибрилбин64 назар ҳам унда эрди,
Биҳишти ҳам унинг ер узра эрди.
Таҳорат бунда, нур бўлгуси унда,
Тош эрса бунда, ҳур бўлгуси унда.
740 Сен, эй, кўргувчи ерни лаҳза-лаҳза,
Замин наздингда ёлғиз гўру равза65.
Кўрарсен, кўзларинг кўргувчидир гар,
Қабрда ҳам намоз айлар Паямбар.
Сенга сув шу заминда хуш дурур ул,
Парига сув эмас, оташ эрур ул.
Нечук мен шарҳи жисму жон дегаймен,
Шу жисму жонни чун яксон66 дегаймен?
Аёлким бунда кекса, нотавондир,
У ёққа борса ул, қиздир, жувондир.
745 У ёққа элтмагай дардини инсон,
Таҳаммулдир унинг дардига дармон.
Кишиким бунда эрдир алп мисоли,
Қиёматгоҳда бўлгай бир чумоли.
Авон67 ул ёқда кўппакдек урар дам,
Бўлур сувратда тенг ит бирла Балъам68.
Бўлиб шу жисму жонинг ойина чун,
Этар арз ҳикматин икки тарафдин.
Бу ёқдин боқсанг, ул жисминг кўрингай,
У ёқдин – жон ила исминг кўрингай.
750 Азизим, не билурсен шу баданни,
Ажаб тилсим деб англа жону танни.
Биҳиштким сен ила зийнат топар, бас,
Амал гар этмасанг, зийнат тополмас.
Бир пири устоднинг айтганлари
Чунон нақл айламиш бир пири устод,
Ки жаннатким адамдин бўлди бунёд.
Ажаб бир боғу бўстондир, аломат,
Келурлар ул сари аҳли саломат.
Агар дунёда ҳур бўлсайди пайдо,
Булўрди жумла беҳуш токи уқбо.
766 Қани ул тобу тоқат, борми сенда,
Кўролсанг ҳури руҳафзони бунда?
Ажаб қувватки ул жонингда, қутлуғ,
Ки эрта бўлгуси юз карра ортиқ.
Сен, эй шул даҳр аро афтода инсон,
Тиларсен, юрсанг ул жаннатда сайрон.
Агар жон бунда, уқбода таҳури69,
Дилинг гар бунда, жаннат ичра нури.
Эшик, девори жаннатнинг ҳаётдир,
Замину осмони ул нажотдир.
760 Оғочи сидқу ихлосдирки, тақво,
Бутоқда меваси – асрору маъно.
Дарахти тойиба бўй отгай унда,
Оёғу қўлларинг сўз қотгай унда.
Дема, бунда насибанг бори бахтдир,
Не эксанг яхшилик, унда дарахтдир.
На хешу ақрабо қолгай, на ансоб,
Бўлурлар иш-амаллар сенга асҳоб.
Басо эрларки, ул ибн-ас-салотдир,
Басо хотунки, ул ухт-аз-закотдир70.
765 Кўнгилга келмагай ҳеч нарса ул дам
Ва жонга бу жаҳондин бир нишон ҳам.
Тўлиқдир бу жаҳон ҳурлар била чун,
Турарлар ун чиқазмай барча сокин.
Эшик, деворларинг ҳурга макондир
Ва лекин барчаси кўздин ниҳондир.
Замину осмон ғуж-ғуж фаришта
Ва лекин сенда кўз йўқдир кўришга.
Вужудингдин кечиб, тарк айлаган дам
Кўрарсен не эмиш ул икки олам.
770 Бўлур ҳар нарса маъноси сенга фош,
Уларни бир йўла билсай эдинг кош…
Ҳаёти айшу ишрат – кўрганинг бул,
Ҳаёти таййиба – эшитганинг ул.
Ҳаёт, эй дўст, сенинг жонингдадир, бас,
Ҳар икки сендадир, ҳеч айру эрмас.
Азалдин бўйла бўлди эътиборинг,
Йўқинг бор эрдию йўқ эрди боринг.
Ҳаётинг бор эрди ул дамда ҳам шул,
Кўр энди, не эмиш икки ҳаёт ул.
775 Сенга ушбу ҳаётингдин хабар йўқ,
Кейингни ул ҳаётдин ҳам асар йўқ.
Улардин бўйлаким маҳрум эрурсен,
Ҳаёти зарра не, қайдин билурсен?
Кечар Яздон гуноҳинг, келса уқбо,
Кўринмас фалсафа ичра бу маъно.
Бўлак бир жоми май эрмиш бу асрор,
Етолмас фалсафий бу сирга зинҳор.
Кўнгил кўзи била кўргай муҳаққиқ71,
Кўрар икки жаҳонни ул мувофиқ.
780 Кўрарким, жумла олам банда эрмиш,
Ва борлиқ боис ул банд ичра эрмиш.
Етар барбод уларга эртами, кеч,
Бўлурлар жумла барбод, қолмагай ҳеч.
Киши кўргай буни, топгай сафо ул,
Бўлур лойиқи нури Мустафо ул.
Ва лекин бўлмагай поку мужаррад,
Агар ул топмаса нури Муҳаммад.
Муҳаммад йўлини тутгилки, хоксен,
Бу икки олам ичра поку поксен.
785 У қавли фалсафийдин сен йироқ бўл,
Ақлга банда бўлсанг, хор этар ул.
Ақлдин сувратин чизсанг, у асрор
Габр бўлгай-да, бойлар белга зуннор.
Ақл ортар неча ҳолатга боғлиқ,
Чуқурда ваҳму қўрқув бўлгай ортиқ.
Чу зийраклик сенинг жонингда бўлгай,
Не эрса кўза ичра, ул қуйилгай.
Дедик ҳар неки бизда эътиқод ул,
Агарчи сен билан бўлмас зиёд ул.
У кампир муштида мазҳаб эди, бас,
Ва ул мазҳабга эрди айтгани мос.
790 Басе билди ва мендек юрди ожиз,
Ки чиндан эрди ул дини ажоиз72.
Ва ул ҳикматки кампир этди иқрор,
Сенинг йўлингда бўлди баски инкор.
Менинг бир иллатим йўқдир, дегайсен,
Вале келганда иллатсиз эмассен…
Биров Боязид Бистомийдан савол сўргани
Савол сўрди чунин бир кимсайи хом:
Аё султони барҳақ, пири Бистом.
795 Нечун ул, не сабаб олам чуниндир,
Нечун бир осмону бир заминдир?
Нечун жавлон уриб, жунбушдадир ул?
Нечун сокин турар, хомушдадир бул?
Нечун ул етти афлок чарх урар чун,
Бу олам не эрур, остину устун?
Жавобин айтди ул султони мутлақ,
Ки, эй тингла, жавобим бўйла ал-ҳақ.
Боқиб оламга сен бундоқ деюрсен,
Сабабки, ҳеч вақони кўрмаюрсен.
800 Биз асли кулл десак, иллат демасмиз,
Ва ул жузъдан-да иллат изламасмиз.
Эмишди фалсафий иллатга ўтру,
Чу дини Мустафодин тушди айру.
На бир ишкал эрур динда, на иллат,
Итоатдир тамом бу дину миллат.
Аё, шу ақлимизнинг манзили мўл,
Юрар бир кўз-ла лекин фалсафий йўл.
У ҳар неким демиш, бори хатодир,
Сўраб кўр, кўнглида не муддаодир?
805 Нечун шу даҳр аро қурқувдадир ул?
Киши қўрқмас, агар осудадир ул.
Азизим, жону тан сиррин эшитдинг,
Бу сўзнинг шарбати таъмини тотдинг.
Мунаввар айласин жонингни асрор,
Йўқ эрса, жону тан бўлгай гирифтор.
Эрурлар ҳамдаму ёр иккиси ҳам,
Ки бўлгай сўнг гирифтор иккиси ҳам.
Не эрмиш жону тан, мендин уни сўр,
Фалаж бирлан эшакни йўл аро кўр…
Бир фалаж ва бир эшшак ҳикояти
810 Йўл узра икки йўлдош эрдилар оч,
Фалаж қашшоқ, эшак эрди яланғоч.
Фалажнинг йўқ эди юрмоққа ҳоли,
Эшакнинг ҳам туганмишди мажоли.
Фалаж ўзни эшакка ортмиш эрди,
Эшак йўл узра турмиш, қотмиш эрди.
Иковлон тун аро бир гал босиб йўл,
Баногоҳ ўғриликка урдилар қўл.
Ва лекин ўғрилик ул бўлди ошкор,
Жазога бўлдилар бирдек гирифтор.
815 Фалажнинг ўйдилар кўзи қароғин,
Уриб, синдирдилар эшшак оёғин.
Иковлон чун келиб бундоқ арога,
Иковлон қолдилар бирдек балога.
Азоб етмиш эди жонларга бирдек,
Ситам етмиш эди танларга бирдек.
Тану жон ичра пинҳон бир азобди,
Азоб ичра улар ҳоли харобди…
Вале ушшоқ азоби ўзгадир, бас,
Не эрмиш ул азоб, кўп кимса билмас.
820 Азоби жонга боис ул жамолдир,
Ки тоқат айламак бунга маҳолдир.
Агар фоний бўлолса, ул етишгай,
Фано ичра бақо бирлан туташгай.
Мисолин сўйламишди пири асҳоб:
Суву соҳил аро не тоқату тоб?
Мисол бўлгай яна парвона оташ,
Урар парвона ўзни ўтга яккаш.
Десангким, гар етишсин санга ҳам нур,
Яқин бор унгаю ўздин йироқ бўл.
825 Ўшал нур тушса гар, дунё йиқилгай,
Сочилгай тоғу тош, Мусо йиқилгай.
Гўдакни илк сафар ғаввоси доно
Солар дарёга юз бир ташвиқот-ла.
Ки то дарёга ул ҳам одат этсин,
Не эрмиш сув ўшал, фаҳмига етсин…
Жамолин ошкор этди Юсуф чун,
Мисрни чулғади нур, этди гулгун.
Аёллар кўрдилар, бас, бўлдилар лол,
Чекиб тиғ, кесдилар қўлларни алҳол.
830 Уларким эрдилар беҳушу дилсўз,
Чу қирқ кун кечди, ҳеч ким тотмади туз.
Зулайҳо ҳам кўнгилни унга берди,
Юсуф дийдорининг муштоқи эрди…
Қара, парвона ҳам шу завқни тотгай,
Ўзини ҳар сафар оташга отгай.
Кўрар ул, нур таралгайдир чироқдин,
Чироққа талпиниб келгай йироқдин.
Ўзига зарра парво айламас ул,
Қанотин куйдирар, оҳ айламас ул.
835 Ёнаркан, шу ёнишдин шоду ҳуррам,
Ўшал оташда кўргай ул тутун ҳам.
Бу дунё ичра, камдир ёки ортиқ,
Ўшал парвона янглиғ борми ошиқ?
Чунонким чулғамиш шавқи билан дўст,
Ки тушмас ёдига на мағзу на пўст.
Қанот силкиб келар маъшуқ кўйига,
Ки андин ўзгаси келмас ўйига…
Худоё, шу сўзимга завқ бағишла,
Менга парвона янглиғ шавқ бағишла.
840 Сенинг дарёйи шавқингдин этай нўш,
Ўшал дарёга ўхшаб сўнг урай жўш.
Келибман шавқ аро шул олами хок,
Кетармен шавқ аро ул олами пок.
Сенинг шавқинг била ётгум кафанда,
Урармен сўнг қиёмат ичра ханда.
Агар ҳар зарра жисмим гўш бўлгай,
Сенинг номингдин ул мадҳуш бўлгай.
Агар ҳар тола мўйимда забон ул,
Сенинг номингни сўйлар ҳар замон ул.
845 Агар ҳар битта узвим бўлса бир кўз,
Сени кўргай, сени сўргайди ёлғиз.
Чу мендин қолса зарра эртами-кеч,
Сени истайди яккаш, ўзгани ҳеч…
Бир мурид пири устодидан савол сўргани
Жаҳонни тарк этиб пир кетмиш эрди,
Муриди ул азизни тушда кўрди.
Аё пирим, деди, не кечди ҳолинг,
Келиб бошингга, сўрганда саволинг?
Деди: ул иккига73 ташлаб кўзимни,
Худойи ҳаққа топширдим ўзимни.
850 Дедилар: хуш дурур бу уйқу – хобинг,
Худойинг ким сенинг, айтгил жавобинг?
Сухангўйи жаҳонга ҳеч бобдин
Эшик очилмади ҳаргиз жавобдин.
Дедим: меҳнат-машаққат ичра ҳар дам
Кечиб жондин, Худодин кечмадим мен.
Боринг ўқдек, Жаноби Ҳаққа айтинг,
Буни бир мўйсафид айтмоқдадир денг.
Ки сенда шунчалар илму амал бор,
Яна ҳар нуқтада юз мингта асрор.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?