Текст книги "АСРОРНОМА"
Автор книги: Шайх Фаридуддин Аттор
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 9 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
Шайх Фаридуддин Аттор
АСРОРНОМА
Форсийдан
Ўзбекистон халқ шоири
Жамол Камол
таржимаси
Тошкент
“Meriyus”
2011
Ушбу таржима “Асрорнома”нинг филология фанлари доктори Саид Содиқ Гавҳарин томонидан тайёрланиб, 1999 йилда чоп этилган Теҳрон нашри асосида амалга оширилди.
Масъул муҳаррир:
Асрор САМАД
“Асрорнома” – Шайх Фаридуддин Атторнинг машҳур асарларидан бири. Унинг ўзи яшаган дунё ва жамият ҳақида юрак қони билан битилган дил сўзи, жон қичқириғи…
Мир Алишер Навоий олти ёшида “Қуш тили”ни ўқиб, қандай аҳволга тушган бўлса, Мавлоно Жалолиддин Румий ўн икки ёшида “Асрорнома”ни ўқиб, айни шу ҳолатни бошидан кечирган ва умр бўйи бу китобга бўлган муҳаббати уни тарк этмаган.
“Асрорнома” инсонни Ҳақ ва ҳақиқатга ундайди, унинг комиллик шарафини улуғлайди.
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм
Биринчи мақола
Ўшалким жонга иймонликни берди,
Хирадга ул худодонликни берди.
Ки андин мулки олам номвардир,
Замину осмон зеру забардир.
Келиб икки жаҳон, бас, бўлди андин,
Фалак юксак, замин паст бўлди андин.
Фалак унга рукуъ этгай ҳамиша,
Замин унга сужуд этгай ҳамиша.
5 Кўпик, қондин яратди одамийни
Ва кофу нун ила аршу заминни*.
Тутунни гунбази хазро этибдир,
Хашакни наргиси раъно этибдир.
У боис пашша ниши зулфиқордир*,
У боис анкабут ҳам пардадордир.
У хокдин маънийи одам яратмиш,
Нафасдин Ийсийи Марям яратмиш.
У қондин мушк, қамишдин шаккар ҳосил
Қилиб, тошлардин этмиш гавҳар ҳосил.
10 Чунон аввалки, пешони кўринмас,
Чунон охирки, поёни кўринмас.
Чунон зоҳирки, ботин унда зоҳир,
Чунон ботинки, андин зуҳр этар нур.
На ҳаргиз кибриёсига бидоят,
На мулкига саранжому ниҳоят.
Худованди каримдир ул бу янглиғ,
Уни ҳар неки билсам, андин ортиқ.
Кўриш бирлан билишни берди улким,
Уни ким билмишу кўрмиш уни ким?
15 Ки зоти куннасидин бир нишон йўқ,
Уни ҳар неки дерсан, ул чунон йўқ.
Агарчи жонимиз йўл олса, илло,
Унинг асрорига етгайму асло?
Йироқмен сирри жонимдин, нетармен,
Худонинг зотига қандоқ етармен?
Яратди жонни андоқ Соҳиби кулл,
Ва лекин сирри жон не, айтмади ул.
Тириксен жон ила, жон танда пинҳон,
Ва лекин билмагайсен не эмиш жон.
20 Бу не санъат ниҳону ошкора,
Ки йўқдир лол қолишдин ўзга чора.
Ёриб мен қилни қирқ, лекин ажаб бул,
Шу хомушликдин ўзга топмадим йўл*.
Унинг зотига етмоғинг-ку душвор,
Жамоли санъатига лек назар сол*.
Агар сен рост табъсен, чўзма сўзни,
Бу тўрт девор ичидин қутқар ўзни.
Сенга муҳтож эмас Парвардигоринг,
Чўзилгай тобакай бу кирдикоринг?
25 Агар сув эрса аслинг, сувни бойла,
Олов ургил, унинг таркини айла.
Агар тупроқдир аслинг, жойига тўк,
Унинг остонасига, пойига тўк.
Агар ел бўлса аслинг, додин этгил,
Уни тупроққа қор, бедодин этгил.
Агар оташдир аслинг, унга сув ур,
Ўшал оташ аро ёлқинга сув ур.
Табиат сенда ростдир, бериё бўл,
Қўйиб таъбингни, бир марди Худо бўл.
30 Ҳар икки олам ичра битта қилмиш,
Ўшал тўрт устунинг сенга не эрмиш?
Ўқиб бир, истабон бир, изла бирни,
Кўриб бир, англабон бир, сўзла бирни.
Бари бир жумладир охир ва аввал,
Вале кўргувчида кўз тийра, аҳвал.
Назар сол, зарра-зарра барча бирдай,
Анга тасбиҳ ўқиб, елгай, югургай.
Бу не лутфу иноятдирки, корсоз,
Магар ҳар зарра бирлан сўйлашур роз.
35 Бу не исму бу не маъни, ҳама сен,
Яна дерманки, эй сен, эй ҳама сен.
Жаҳонда бормикин бир мўйким ул,
Ки сенга тутмасин юз бору буткул?
Сенга юз тутмасайдик, эй мукаррам,
Битарди, бўлмас эрди битта қил ҳам.
Агар сендин етишмас эрса ёрлик,
Топарму эрди зарра пойдорлик?
Ҳама сен бирла боқий, сен ниҳонсен,
Ўзинг жон ичраю айру жаҳонсен.
40 Ҳама жонлар сенга ҳайронадирлар,
Ҳама жон ичра жодирсен муқаррар.
Йўлингда охиру поён кўринмас,
Ўзинг жон ичрадирсен, жон кўринмас.
Жаҳонни тўлдириб, ғойиб жаҳонда,
Ҳама ғарқ сенга, сен йўқсан маконда.
Ниҳону ошкордирсен ҳамиша,
Қарору беқарордирсен ҳамиша.
Сенинг хомушлигинг гўёлигингдин,
Сенинг пинҳонлигинг пайдолигингдин.
45 Ҳама маънию шаклинг исм эмишдир,
Ўзинг ганжу жаҳон тилсим эмишдир.
Ажаб нуру шукуҳдир нури ул зот,
Ки ҳар бир заррада чақнайди заррот.
Сени ҳар заррага ҳамроҳ кўрармен,
Қаён боқмай, сени, Оллоҳ, кўрармен.1
Туташдир битта йўлга ҳазратинг ул,
Ҳама олам ўзингсан, қудратинг ул.
Сенга ҳайрон бир эрмас, неча юз ҳам,
Ики олам адойингдир, ўзинг ҳам.
50 Вужудлар бори зилли ҳазратингдан,
Ҳама осор кучингдан, санъатингдан.
Жаҳони ақлу жонлар сенга ҳайрон,
Сен эрсанг парда ичра, бору пинҳон.
Жаҳонни тўлдириб, йўқдир нишонинг,
Ақл кўргай, агар йўқдир аёнинг.
Аёни ақлу пинҳони хаёли,
Тааллиллоҳ, ажаб нури талли…
Чу сендин ўзга йўқ, ҳар дам ўзингсен,
Агар бор бўлса бир, ул ҳам ўзингсен.
55 Демиш бир яхши чун таъриф этиб зот,
Ки “Аттавҳид-исқотул изофот”2.
Нечун ваҳдатга пайванд излайин мен?
Дедим-ку, матлубу толиб ўзингсен.
Тўқиркан тавҳидинг дебосин3 ул дам,
Тилармен кўксиму жонимни тилсам.
Чиқар мингларча қалблар тарк этиб хок,
Нидо этсанг улар сорига, эй пок.
Жаҳонга неча халқлар келди, кетди,
Ҳама яхши, ёмон тупроққа ётди.
60 Ва лекин бўлмади бир кимса огоҳ,
Жаҳондин ўтдилар ғафлатга ҳамроҳ.
Гумонда кечдилар ул барча андоқ,
Насиба бехабарлик бўлди бундоқ.
Бирор жон билмади: жон не эмишдир?
Бирор тан билмади: тан не эмишдир?
Қулоқ сир уқмади гар тинглади мўл,
Хабардор бўлмади кўз, кўрса ҳам ул.
Нечун гўё эрур тил, билмагай, бас,
Нечун қувватлидир тан, доғи билмас.
65 На огоҳлик шу эврилмиш фалакдин,
На инсу жинсу шайтону малакдин.
Йиқилди барча ўтганлар шу кўйдин,
Етишди ўзгалар чун ўзга сўйдин.
На келгувчи бу сирга бўлди ошно,
На кетгувчи бу йўлдин эрди огоҳ.
Йўқолди бўйлаким ипнинг учи бот,
Ки излаб топмагай бир кимса, ҳайҳот.
Очолмас бу эшикни кимса бир дам,
Уролмас унга бармоғин учин ҳам.
70 Бўйин эгмак керакдир, бўйла фармон,
Сабр бирлан сукутдир бизга дармон.
Юрак борми, бу чун саҳройи тилсим,
Кечаркан ваҳмидин оҳ урмаган ким?
Сукутдин ўзга қисмат, фолимиз йўқ,
Гаҳи бир оҳ чекарга ҳолимиз йўқ.
Олиб бир қатра Одамдин, таратди,
Ўшал бир қатрадин халқни яратди.
Этиб ул қатра узра мунча фикрат,
Ҳама лол қолди, саргардони фитрат.
75 Ақллар қолди ҳайрон, билмади сир,
Ҳама ул қатрага ғарқ бўлди охир.
Чу ожизлик била деймизки, эй пок,
Ўзингсен орифу маъруф, билимнок.
Ики оламки гуфтор ичра қолмиш,
Ҳама тахмину тусмол ичра қолмиш.
Ҳама дерларки, биз изловчилармиз,
Унинг кўйида юрган йўлчилармиз.
80 Ажойиб улки, келди қатра бир сув,
Жавоҳирлар тўла денгиз эди у.
Ажаброқ улки, келди заррайи хок,
Анга қўл чўзди ул хуршиди афлок.
Магарким пашшадин ҳам каммисен, ҳай,
Ичарсен икки оламда нетиб май?
Юракни қон қилиб, ҳай, нетмадинг сен?
Вале бир бор тафаккур этмадинг сен.
Бу савдодин кеч энди, урма дамни,
Ўзингдин ташқари қўйма қадамни.
85 Бўлиб ожизлигингдин ғарқи ҳайрат,
Оқизгил кўзларингдин ашки ҳасрат.
Ки Ҳақдин ўзга Ҳақ йўқ, англа, эй дўст,
Не қилгай бир ҳовуч тупроқ – паю пўст?
Худо поку муназзаҳ, сен эсанг хок,
Не нисбат ичрадирлар хок ила пок?
Жаҳонда бир чумоли топса барҳам,
Жаҳон ортиқ эмас ё бўлмагай кам.
Урарлар бу эшикка мунчаким бош,
Эшикка не писанд, тош унда бардош.
90 Уриб эшикка бошин, бас, ютиб хун,
Очолмай, оқибат кўк кийди гардун.
Худойимга Худодек ёру дўст йўқ,
Муносибликда андин ўзга кас йўқ.
Агарда сўрсалар сендин, не дейсан?
Йўқотмай, бунда сен не излагайсен?
Топилгай аввалин ул, гар тополсанг,
Шитоб айлаб қидирсанг, излайолсанг.
Бу ҳайрат бирла учди не фиғонлар,
Бу ҳасрат бирла чиқди қанча жонлар.
95 Чекарлар аҳли содиқ бўйлаким хун,
Биров билгайму лек Ҳақ сирридир чун?
Назар сол, неча минг йилларки Иблис,
Иши тоат эди, тасбиҳ ва тақдис4.
Ҳама тоатлари беҳуда кетди,
Чу истиғно этиб, шул ерга етди.
Дили андуҳ бўлиб, меҳнатга қолди,
Тани макруҳ бўлиб, лаънатга қолди…
Чу истиғонойи Ҳақни ёд этармиз,
Бу водий ичра биз фарёд этармиз.
100 Жигарлар қон бўлур ул ёдимиздин,
Ул истиғно сабаб фарёдимиздин.
Гар истиғно билан фармон етишгай,
Умидлар соврилиб, армон етишгай.
Чун эрта ул баланд, айвони олий,
Қошида бонг урилгай, лоязолий5.
Жаҳонда борми бир журъатли, дилсўз,
Ки очгай сохта бу нақдинадин сўз?
Худойимнинг ишидир бениёзлик,
Сенинг коринг ўйиндир, ҳийлабозлик.
105 Тиларсен чун адо айлаб намозинг,
Муқаррар хушнуд этсанг биниёзинг…
Намозинг – тўшайи роҳи6 дароздир,
Вале андин Худойинг бениёздир.
Жавонмардо, яқин англа батаҳқиқ,
Келур таклиф ила жонингга тавфиқ.
Ўшал тавфиқ Худодан етмаса гар,
Жаҳонда бир киши бўлмас муяссар.
Бу не рутбатки7, унга бору буткул
Балиқдин ойгача борлиқ – қаро қил.
110 Бу не қудратки, чун қудрат намоён,
Ки бир қил ичра юз санъат намоён.
Бу не иззатки, андоқ бениёз ул,
Ки бунда ақлу жонларга ўйиндир.
Бу не ҳашматки, гар ул жонга киргай,
Юриб, ҳар зарра юз тўфонга киргай.
Бу не сабқатки8, жумла аввалият,
Чу бўлмас унда мавжуди маъият.
Бу не ваҳдатки, сиғмас унга қил ҳам,
Ва ҳар қил ичра бир олам жамулжам.
115 Бу не нисбатки, келса субҳи айём,
Тутар илкида ул ҳам дона, ҳам дом.
Бу не раҳматки, зарра етса, Иблис
Тутар ўзни жаҳонда мисли Идрис.
Бу не ғайратки, гар оламга тушгай,
Ики оламга ўт бир дамда тушгай.
Бу не ҳайбатки, зарра етса, хуршид
Қутилгай соялар остида жовид.
Бу не ҳужжатки, рўзи этса они,
Бировнинг етмагай сенга зиёни.
120 Бу не ҳурматки, кимса истабон ул,
Боролмас ул тарафга, топмагай йўл.
Бу не мулкатки, вожиб бўлди, лобид,
На бир нуқсон етишгай, на тазоюд9.
Бу не қудратки, хоҳиш этса бир дам,
Замин мум бўлгуси, қолмас фалак ҳам.
Бу не шарбатки, қонга бўктириб нон,
Тановул этсалар, таскин топар жон.
Бу не оятки, тушса жон нигоҳи,
Кўрингай сенга хуршиди илоҳий.
125 Бу не фурсатки, оҳлар урганинг дам,
Ёнар ул оташингдин мулки олам.
Бу не шафқатки, андоқ жовидонлик,
Берибдир оналарга меҳрибонлик.
Бу не муҳлатки, фурсат етса, ҳангом,
Шу олам қасдига қил ҳам бўлур дом.
Бу не диққатки, нақд айлаб самарни,
Тутарлар сочидин насли башарни.
Бу не неъматки, мунисдир, мулойим,
Ўқирлар шаънига шукрона доим.
130 Бу не шиддатки, ҳужжат берсалар, бас,
Сукут ҳам бўлмагай, сўз ҳам дейилмас.
Бу не рухсатки, андин йўқса рағбат,
Киши этгайму оҳ чекмоққа журъат?
Бу не фурқатки, қанча елди кўплар,
Ва лекин бўлмади кўрмоқ муяссар.
Бу не роҳатки, қудсий, аҳли олий
Сурарлар нозланиб завқи тажаллий.
Бу не лаззатки, аҳли пок ҳар гал
Ичарлар сипқориб жоми муаттар.
135 Ҳама бечорадирмиз ҳорғину зор,
Шу мискин ҳолимизга бир назар сол.
Кириб гўр ичра, боз бешикда қолдик,
У дунёда яна бир бор туғилдик.
Қабр бешик бўлур бизларга бешак,
Кафанлар бўлгуси танларга йўргак.
Кириб сўнг икки занжий, девпайкар,
Қабр-гавҳораимизни тебратурлар.
Уларнинг шиддати, ваҳми ила биз
Гўдакдек қўрқув ичра титрагаймиз.
140 На бизга она бунда, меҳрибоне,
Ўгирмиш юзни биздин ул жаҳоне.
На бир бегона бор, на ошно ул,
Гўдакмиз, олдимизда кўп қийин йўл.
Гўдакмиз, кўрмаганмиз бўйла дунё,
Бу қўрқувларга ҳам биз қайда ошно?
Ўтиб соат қабрда, қошимизда,
У занжийлар турарлар бошимизда.
Сўрарлар, бас: “Ман раббук ва ма дин?”10
Ўзинг этгил, Худоё, бизга талқин.
145 Ўзинг ўстирдинг айлаб бизни эъзоз,
Бу занжийлар қўлига бермагил боз.
Ўзинг сўз бермасанг, тил, бизга бийрон,
Ўзинг гар этмасанг мушкулни осон.
Қолур дард то абад биз бирла ҳамроҳ,
Не кечгай ҳолимиз унда, Худоё?
Худовандо, ҳама саргаштадирмиз,
Мусибатлар аро оғуштадирмиз.
Алам, ташвишдадирмиз эртаю кеч,
Ҳама бошдин-оёқ ҳеч ичрамиз ҳеч.
150 Не бўлгай, ўртаниб афгоримиздин,
Дилинг бир лаҳза ёнса зоримиздин?
Ва лекин сенда кўнгил йўқ бу янглиғ,
Сенинг измингда диллар ҳам шу тахлит.
Худовандо, басе бечорадирмен,
Шу фикрат бирла кўкси порадирмен.
Танимда гарчи йўқдир бир нишонинг,
Вале жонимдадир ёди ниҳонинг.
Сенга пайвастадир шу ақлу жоним,
Шу боис гавҳарафшондир забоним.
155 Ўзинг мустағнийи филжумла олам11,
Тугатдим сўзни, бас, валлоҳи аълам…
Иккинчи мақола
Ҳазрати Расули акрам саллаллоҳу алайҳи вассалам васфида
Қани таъриф ўшал кўргувчи зотга,
Муносиб мадҳ садри коинотга?
Чу титрар ҳайбатидин бул дуогўй,
Тилим бўлгайму деб лойиқ саногўй?12
Унинг зотига осмон сўйлади наът,
Ки тиллар қолди лол, сўзга не ҳожат?
Худо мадҳ этди зотин, ҳай, на хушдир,
Унинг номи Худо номига эшдир.
160 Муҳаммад содиқ ал-қавли аминдир,
Жаҳонга раҳмати лил-оламиндир13.
Муҳаммад– нури Оллоҳдин нишон ул,
Баҳодирликда тенгсиз паҳлавон ул.
Муҳаммад – зийнати ҳар икки олам,
Низоми дину дунё, фахри одам.
Шаклда – гавҳари дуржи нубувват,
Аслда – ахтари буржи футувват.
Руқумомузи сирри лоязолий,
Жаҳонафрузи иқлими маолий14.
165 Не эрмиш рози подшоҳий, билувчи,
Недир сирри илоҳий, сўйлагувчи.
Жаҳон – боргоҳида фарроши хушдир,
Фалак – масжидида бир хирқапўшдир.
Ҳамон одамки ул обу гил эрди,
Жаҳоннинг шоҳига жону дил эрди.
Эди Одамда ул нури вужуди,
Малак айлармиди йўқса сужудин?
Омонат эрди нур, оламга етди,
Кейин Одамдин Абдуллоҳга ўтди.
170 Бу нурни олдилар неча паёмбар,
Неча бошларга қўнди мисли гавҳар.
Кечиб манзил, яна кетди йироқ ул,
Чу бўлди пухтадан ҳам пухтароқ ул.
Етиб охирга ул пардохта15 келди,
Бир оз кеч келди, лекин пухта келди.
Ваҳийдин айри эрди гарчи қирқ йил,
Ваҳий келтирди охир унга Жибрил.
Малоик пешвоси етди унга,
Натижа не эмиш, арз этди унга.
175 Нидо чекди унинг бошида бир тур,
Деди: меҳтар, тилингни сўзга келтур.
Мунаввар ул дилинг дарйёи дин қил,
Макони амри Раббул оламин қил.
Чу ғайб мусиқасин сенсан сипоси16,
Шу тўққиз парданинг пардашуноси.
Ўзинг соҳиби асрорсен баралла,
Худойинг номи бирлан бошла иқра17.
Бошингда доимо ою қуёш туй,
Тўнингни ечгил энди, бошқа тўн кий.
180 Ўзинг шоҳсен, ҳама офоқ хайлинг,
Ўзинг аслу шу олам сен туфайлинг.
Чақиргил Ҳаққа, халқнинг раҳбари бўл,
Паноҳдир сенга, Ҳақ пайғамбари бўл…
Ваҳий деб унга Ҳақ пайғом юборди,
Ки охир жумла Қуръон бўлди ёди.
Тилидин учди даъватлар жаранги,
Шариат янги, ислом бўлди янги.
Жаҳонийларга дурри маъни тақди,
Ва ҳар бир сўзнинг ул мағзини чақди.
185 Йўқолди неча бир бидъат ўшандин,
Ёришди гавҳари давлат ўшандин.
Етишди нуридин чун талъату тоб,
Дурахшон бўлди кўкда ою офтоб.
У келди кокили мушкинни ёза,
Бошига қўндириб тожи мурассаъ.
Ки сочи атри осмонларга етди,
Юзи нури бутун оламни тутди.
У мушкдин еру кўк бўлди муаттар,
У нурдин икки олам чун мунаввар.
190 Ажаб хуршиди руҳи дилситони,
Ёпинчиқдир қуёшга тайласони18.
Ажабдир икки гесуйи сиёҳи,
Ки ҳар торида юз бир жон паноҳи.
Етарди унга Ҳақдин нур дамо-дам,
Намоз чоғида жаннатдин узум ҳам.
Узумким айлар эрди ул тановул,
Таралгай эрди андин нур бўлиб ул.
Агарчи жони Ҳақдин пурнур эрди,
Вале кофир туфайли ранжур эрди.
195 Тиши сингай эди гоҳида тошдин,
Оёғи ҳам шишиб тоат, талошдин.
Босаркан гоҳи ғам, айларди бардош,
Гаҳи бойлаб юрарди қорнига тош.
У боис келди дунё бирла уқбо,
У боис осмон юксалди зебо.
Бу йўлда қанча жонлар чекдилар ранж,
Магар ранж чекмайин келгаймидир ганж?
Амин эрди, муфассир эрди гарчанд,
Тузатди, раъйини ўзгартди баъзан.
200 Чу айлантирди илкида узукни,
Етишди Жабраил, деди тузукни19.
Ки, эй саййид, узукдин сен йироқ тур,
Узук бирлан ишингда бўлмагай нур.
Узукдек шу фалак илкингга инди,
Узук бирлан нечун машғулсен энди?
Нигини Ҳақда эрмиш гар дилинг у,
Сулаймоннинг узугин этма орзу.
Не эрмиш гар унинг нақшида номдир,
Агар олтиндан эрса, ул ҳаромдир.
205 Узукмас, сен ўгир тасбиҳни ҳар он,
Бугун тасбиҳ ўгиргай марди майдон.
Сенга ой бўлди ангишвона, тақдинг,
Замоннинг кўзига бармоқни тиқдинг.
Сенинг ҳар бармоғингда юз ҳунар, сен
Нечун кўнгил узукка бойлагайсен?
Ўра бармоққа ипни, айла бандлиғ,
Ки то ёдингга тушгай дардмандлиғ.
Беролмас ҳеч итоби кибриё тоб,
Агар бармоқни урсанг сувга, офтоб.
210 Чу биздин қилча ҳам айрилма, илло,
Агар қил бўлса ҳам ул, кечма асло.
Қўлинг бармоқлари гар ишлар эрса,
Чиқаргил қонли енгингдин шу лаҳза.
Букиб бармоқларинг эт сарҳисобинг,
Ки осон кечгай ул рўзи ҳисобинг.
Этармен сенга такрор эртаю кеч,
Ки сендин ўзга кимса мен учун ҳеч.
Сенга жангу жадалда этдим имдод,
Чу сен шогирдсену мен сенга устод.
215 Кўнгилдин илми ал-Қуръонни туйдинг,
Ва лавҳа узра бармоғингни қўйдинг.
У Макка жангида қучдинг зафар чин,
Ишорат бўлди чун бармоғимиздин.
Сабаб сен бўлдингу юз очди ҳиммат,
Қалам аҳлига етди қадру иззат.
Бу иззатдин басе ҳайратдадир жон,
Хирад ҳам ул туфайли лолу ҳайрон.
Сени деб икки оламни саросар
Бағишлар битта бармоғингга маҳшар.
220 Ажаб бесоясен, қаршингда хуршид,
Сўриб бармоғин ул айлайди уммид.
Сени деб ул фалакда тикди чодир
Ва сен бирлан муродин этди ҳосил.
Хизрнинг чашмаси кафтингдадир чин,
Хизр суйин оқиз бармоқларингдин.
Қадам Арш узра қўй, андин баланд бўл,
Ки сендин Аршгача бир чинчалоқ йўл.
Агар ўтсайди Жибрил олға бир дам,
Қанотин куйдирар эрди, танин ҳам.
225 Нурингдин жумла қудсийлар ёзиб пар,
Сени бармоқ-ла имлаб кўрсатурлар.
Рисолатни, аё, ким сенча этмиш,
Қўлингда ўнта бармоқ тенгму эрмиш?
Агар олдингда ҳалво бўлса шул он,
Узун бармоқ-ла олмоқ анча осон.
Бориб, Сиддиқ томирига қўлинг қўй,
Унинг қалби тўла нур эрканин туй.
Умарга айт, ғазабнок тикка турсин,
Ва Иблис кўзига бармоқ ботирсин.
230 Суянчиқ бўлсин, айт, Қуръонга Усмон,
Суриб бармоқ, варақлаб турсин ҳар он.
Алига айт, намоз пайтида буткул,
Узукни айласин фармонпазир ул.
Бор энди, бутпарастларга зуғум қил,
Узукка жойла дунёсин, ҳукм қил.
Деса ким, мўъжиза кўрсат шу жойга,
Ишорат айла бармоғинг-ла ойга.
Садоқат бирла динни муҳатарм эт,
Фалакка қўл узат, ойни қалам эт.
235 Ғаним бармоқ ғажир, бошида кўлка,
Сенинг бармоғинг этмиш ойни тилка.
Агар бармоқки динга бурмаса юз,
Китоб бирлан уни сен йўлга юргиз.
Ювиқсиздир жаҳон, андин не ҳосил,
Узатма қўлни, заҳролуд бузоқ ул20.
Солинтирма қўлингни ергаким, ҳай,
Динингга эҳтиром унда йўқолгай21.
Қироат айлама кофирга Қуръон,
Қулоғин беркитар бармоқ-ла ҳар он.
240 Қулоққа бармоғин қўйганда ҳар кез,
Қулоғига Билолнинг кирмагай сўз22.
Агар тош урсалар оғзингга, ул дам
Лабингга бармоғинг бос, урмагил дам.
Ўшал тош бирла, келгайдир замони,
Уларга тору танг этгунг жаҳонни.
Ажаб зийнат, ажаб қурбат, ажаб қадр,
Ажаб соҳиб, ажаб содиқ, ажаб садр.
Ажаб хусравнишони олами пок,
Ажаб султони дорилмулки афлок.
245 Ажаб арши мажид остона сенга,
Ажаб ул етти гардун хона сенга.
Ажаб фозил, набийлар пешвоси,
Ажаб йўқсил, ҳамиша Ҳақ гадоси.
Ажаб лашкаркашингдир баҳри Қулзум,
Ажаб посбон эрур томингда анжум.
Ажаб ошуфтайи асрори Яздон,
Сенга ошуфтадир ер бирла осмон.
Ажаб, анжум фалакда, сўру сўрма,
Этарлар кўзга тупроғингни сурма.
250 Ўшал айёми маҳшар асли одам
Туғинг остида бўлгайлар жамулжам.
Исо ҳам ул азиз онингда бўлгай,
Мусо Ҳорун ила ёнингда бўлгай.
Амири собиқин Идриси аъзам
Ҳарамга сен сабаб бўлгуси маҳрам.
Сенинг номингни этмиш меҳри жон Ҳақ,
Ки дўзах ичра жаннат бўлгуси нақд.
Йўлингда, боқки, Исмоил нигорон,
Ҳамиша шай эрур бўлмоққа қурбон.
255 Сенга оҳанг тузиб Довуди жонсўз,
Ўқийди ишқ Забурин кеча-кундуз.
Сулаймон гарчи еллар узра шоҳдир,
Ва лекин лашкарингда бир сипоҳдир.
Масиҳ чиқмишди кўкка игна бирлан,
Сенинг номинг шарафлар жону дилдан.
Набийлар барча аҳли мажлисингдир,
Фақат Ҳақ раҳнамойинг, мунисингдир.
Ҳижоб Одамга буғдой эрди зотан,
На буғдой, на биҳишт этмас сени банд.
260 Ҳижоб Мусога бўлмиш эрди наълайн23,
Сен эрсанг кечдинг ул кафшинг-ла кавнайн24.
Ҳижоб Ийсога игна бўлди мунча,
Сенга ҳар бир мақом ичра дарича.
Ўзингсен анбиёга дурри равшан,
Ва жумла авлиёга боғи гулшан.
Ўзингсен чор ёрлар кўз қароғи,
Ва меърож тунининг машъал чироғи…
Меърож
Йироқдин бир кеча Жабрили масрур
Буроқ келтирди, ул чақмоқ эди, нур.
265 Деди: бу мулки зиндондин гузар қил,
Юриб, ул мулки олийга сафар қил.
Ки жумла анбиёйи мурсалинлар
Тилаб васлинг, йўлингда ўлтирурлар.
Йўлингга кўз тикарлар термулиб то,
Сени кўрмакка, эй хуршиди даргоҳ.
Турарлар жумла ҳурлар ҳам ёйиб сеп,
Улардин кимга тушгайдир кўзинг деб.
Малоик ичра тушмиш бонгу ғулғул,
Дебон, ул биз томон сургайми дулдул?
270 Ҳама юлдузки, кўкда оламафруз,
Чарақлар то сабоҳ сенга тикиб кўз.
Сенга Яздон насиба айламиш нур,
Ки мунча кўрмамиш жаннат аро ҳур.
Тур энди, бунда ҳозирдир Буроқинг,
Уни минмоққа бордир иштиёқинг.
Қадам қўй олами қудсийга шул дам,
У қопқа ҳалқасин ургил дамо-дам.
Шу жонинг бўлди ул Ҳақ бирла ҳамроз,
Ки эт розингни сен Ҳақ бирла пардоз…
275 Қафас ичра нечук булбул урар пар,
Шу янглиғ тушди қўрқувга Паямбар.
Яшинворий Буроқ тарк айлади хок,
Эшитди хутба андин аввал афлок.
Мударрис бўлди барча махласинга,
Ҳақиқат дарсин айтди мурсалинга.
Жаҳоний анбиёлар кўрдилар иш,
Зиёда эрди нур Ҳазратда, тобиш.
Уларнинг нурлари, бас, бўлди нобуд,
Не деймиз, оташ ичра бор эди дуд.
280 Магар бир лаҳзада ер таркин этди,
Учиб, юксак фазо қаърига етди.
Бориб, хулд узра ул қўйди қадамни,
Кейин Арш узра қўндирди аламни25.
Тушиб фируза гардунга хурушлар,
“Тарриқу!”26 деб уриб бонг сабзапўшлар27.
Шу тахлит юксалиб, излаб улув у,
Малоик қичқириб ҳар дам: тарриқу!..
Қолиб ой пастда, тубанда қолиб фарш,
Учиб ердин самога то чақинваш.
285 Биҳишт унга ўзин ораста айлаб,
Осиб гул пардалар, маснадни шайлаб.
Ҳаяжонга тушиб ул Арши аъзам,
Келур, деб садри бадри икки олам.
Амиру саййиди содот келур деб,
Сипоҳсолори мавжудот келур деб…
Шу янглиғ пардайи нилийдан ўтди,
Кейин ул пардайи ғайбийга етди.
Йўқ эрди йўлини тўсгувчи нарса,
Йўқ эрди йўлини кесгувчи кимса.
290 Сира ён-верига этмай назар ул,
Рафиқи бирла айларди сафар ул.
Агарчи боғ аро минглаб ҳур эрди,
У боқмас, чунки муштоқи нур эрди.
Ўшал нур ярқираб чун, кўзни олди,
Руҳул қудс тўхтади, бас, ортда қолди.
Кўринди кўзга равшан нури даргоҳ,
Руҳул қудс чекди шунда оташин оҳ.
Дедиким, эй саййид, борсам яқинроқ,
Қанотим куйдирар нур мисли чақмоқ…
295 Расулуллоҳ деди: қаршингдадир Раб,
Паямбарлар турарлар бунда титраб.
Яқинлашмоқчи бўлсанг, бас, омон йўқ,
Ёнарсен бору буткул, ҳеч гумон йўқ.
Бу йўлда неча минглар куйдилар то,
Сени ҳам ёндирар, эй пайки даргоҳ.
Унутгай ўзни бунда аҳли содиқ,
Сенинг ғам чекмоғинг бунда не лойиқ?
Яқинроқ борсанг Ҳазратга, муқаррар
Ёнарсен марди даргоҳ бўлсангам гар.
300 Сен, эй Руҳул амин, шу ерда тургил,
Ўкинма, ранжима, амри Илоҳ бул.
Менга шогирд эрурсен, бўлма нолон,
Сўра, айтай надир эҳсону иймон…
Юриб сўнг ошди неча бир довон ул,
Деди: сен шунда қол, эшикда, Жибрил.
Сенга бул парда ортига ўтиш йўқ,
Ҳарам саҳнига одимлаб етиш йўқ.
Чу мен Ҳақ нурига парвонаман, зор,
Сен эрсанг ул товуспарга гирифтор.
305 Паноҳ Ҳақдин сўра, гар танти эрсан,
Сўзингни бошдин айт, пардин не дерсан?
Тумонат жонки, пурасрори ҳикмат,
Фидодирлар тилаб дарёйи исмат…
Чу Руҳулқудсдин кетди йироқлаб,
Ва ҳар не учради, ўтди йироқлаб.
Дамо-дам юксалиб, андоқ кетолди,
Зуҳал тубанда, бир ботқоқда қолди.
Шу янглиғ ул яқинлаб борди Ҳаққа,
Йироқда қолди Жибрил, кўп йироқда.
310 Агарчи ерни тутмишди қаноти,
Яна осмонга етмишди қаноти.
Шу суврат бирла чун олисда эрди,
Назар ташлаб Расул,чумчуқми, дерди.
Торайди охири йўл, журъат айлаб,
У Раббул иззага борди яқинлаб.
Не дердик, ҳолати қандоқ эмишди,
Вужудин ул тамом тарк айламишди.
Ва қурбатдин дилида мавжи асрор,
Ва даҳшатдин тили унсиз қолиб, лол.
315 Ва гулбаргдек ҳаёда эрди жони,
Яна ваҳму хаёлда эрди жони.
Қўйиб ҳис-туйғуни, жондин-да кечди,
Бўлиб бехуд, Худога кўзни тикди.
Кўзи тўймас эди, чун термулиб зор,
Тикиб кўз, дил била айларди дийдор.
Чу даргоҳдин у хилватгоҳга кирди,
Баробар нури Раббоний-да инди.
Шу аснода Муҳаммад бўлди бекор,
Муҳаммаддин Муҳаммад бўлди безор.
320 Чу Ҳақ кўрдики, ул ургай пару бол,
Неча дилдорлик айлаб, сўрди аҳвол.
Бир оз ҳушга келиб, ул боқди тикка,
Тили келди салом бирлан аликка.
Нидо етди анга: кечгил ўзингдин,
Баён эт бизга ул айтар сўзингдин.
Баён эт орзуйинг бизга, не эрди?
Не боис тарки ҳуш этдинг, не бўлди?
Ёқиб бутларни, этдинг шиддатингни,
Шафоат айла энди умматингни.
325 Етимлик бўйла эрмиш, не ажабдир,
Ки халқи икки оламга шафеъ ул.
Фақирлик бўйла бўлгайдир давоман,
Олур чун аршу фаршни ул тамоман.
Етимдирсен ва ё дарвеш, қаландар,
Ўзингсен бизга энг аълову афзал.
Не бок эрмиш, фақирлик фахр эмишдир,
Фақирликни киши фахрим, демишдир.
Сен, эй дур, гар етимдирсен, не ғамдир,
Ки дурнинг яхшиси дуррул ятимдир…
330 Ўзига келди охир, топди комин,
Эшитди жон ила Ҳақнинг саломин.
Ва оҳ чекди ҳамон, ул оҳи дарди
Ибоди солиҳиннинг зори эрди.
Карамни кўрки, чун этди қадаҳ нўш,
Чу этмай халқи мискинни фаромуш.
Нидо келдики, эй маъсуми мутлақ,
Сўрашга ҳақлисен, сўр, етказур Ҳақ.
Не истарсен, сўра, бергаймиз албат,
Ки сендин илтижо, биздин ижобат.
335 Бу сўзким айтди Раббий, дилга кирди,
Паямбар ўзни ўнглаб, тилга кирди.
Деди: эй Ҳақ, гуноҳкор умматим бор,
Карам айлаб анга, фазлингни эт ёр.
Чекарлар оҳу зор, етгил уларга,
Жамолинг ошкор этгил уларга.
Умиди васлинг этгайлар, вафо қил,
Уларга ҳожатин бергил, раво қил.
Шу олам бир ҳовуч тупроқдир, эй пок,
Умидин елга берма, ёнмасин хок.
340 Бўлурму мулкати дарё мушавваш,
Ўшал дарёга қумлар бўлса уйқаш?
Камайгайму бу баҳри беканора,
Сомончўп сори гар этса назора?
Етишса раҳматинг маҳшарда, эй Ҳақ,
Бу дарё мавжидин сероб бўлур халқ…
Деди шу сўзни, юрди булбули қудс,
Азиз жони эди буткул гули қудс.
Тамомий анбиёнинг атри, мушки
Етишмиш унга, буткул чулғамишди.
345 Суриб отини келмиш эрди барча,
Рикобида югурмиш эрди барча.
Ёзиб пар барча қаррубий28 тилакдош.
Унинг йўлига қўймиш эрдилар бош.
Кутарди бўйлаким қудсийлар они,
Етарму бизга деб атри маоний.
Биларсанмики, хоки пойи ул садр
Худованд олдида топмиш нечук қадр?
У тупроққа қасамёд айлади Ҳақ,
Туғилган шаҳрини ёд айлади Ҳақ.29
350 Аё садри жаҳон, Атторга чўз қўл,
Шафоат айла унга, соябон бўл.
Менам асҳоби ғорга ит эрурмен,
Тирикмен то шу даргоҳ хокидирмен.
Кўзим ёши била жисмимни ювдим,
Оёғинг остида тупроққа кирдим.
Чекармен равзаи пок деб алам, доғ,
Сочармен ҳар замон бошимга тупроқ.
Ўшал майдон аро тўпдек учармен,
У чавгон зарбидин қандоқ қочармен?
355 Ёқиб оҳим ила банди жаҳонни,
Муаттар айлагум хокинг-ла жонни.
Менинг уч ҳожатим бор даргоҳингдан,
Тилаб уч ҳожатим, сендин сўрармен.
Ки бул дарвеш қачонким жонни бергай,
Боқиб ул равзаи покингни кўргай…
Яна улким, кўриб шеъру ғазални,
Менга шоир дебон солма назарни…
Шу жоним бўлса бир кун тандин озод,
Уни шафқат ила сен айлагил ёд…
360 Дило, Ҳақ йўлида жонни фидо қил,
Юзинг даргоҳи Ҳаққа ошно қил.
Дини покин тутиб, дунёни кўргил,
Тутиб фитрокини уқбога юргил.30
Мисол айтай, эшитгил, ўйла зинҳор,
Бировнинг олдида бир жом асал бор.
Агарда бир бола ташлаб назар у,
Деса, ушбу асал остида оғу.
Ҳамоно қўл чекар кимса асалдин,
Ўзини эҳтиёт айлар заҳардин…
365 Сени неча паямбар этди огоҳ,
Бўлур деб йўлда кўп заҳмат, муаммо.
Сенга ул анбиё уйғон деди, сен
Гўдакларга дединг, эргашмагаймен…
Худоё, нури дин ҳамроҳимиз қил,
Муҳаммадни шафоатхоҳимиз қил.
Нигоҳин бизга йўлдош айла токим,
Ва биздин хушнуд айла жони покин.
Анга Ҳақдин кирому эҳтиромлар.
Анинг асҳобига сидқу саломлар.
370 Хусусан чор ёр ул, пок гавҳар,
Абубакру Умар, Усмону Ҳайдар.
Набий айтмишки, асҳобим нужумдир31,
Ҳидоят топгуси эргашса кимдир…
Учинчи мақола
Амирул мўминин Абу Бакр Сиддиқ
розийаллоҳу анҳу васфида
Биринчи қудвайи32 дорулхалофа,
Жаҳони сидқу насли Буқаҳофа.
Асоси дини Ҳақ, бунёди таҳқиқ,
Мудом ҳамроҳи шоҳи шаръ, Сиддиқ.
Садоқат кўкида хуршиди анвар,
Чароғи авлиё, сиддиқ, Абубакр.
375 Шариатга биринчи бўлди ёр ул,
Рафиқи Мустафою ёри ғор ул.33
Шариатнинг шаробин қайнатиб, бас,
Кейин сипқорди тоза, бўлди сармаст.
Биринчи ичди ул ҳикматли жомни,
Паямбар илкидин илкин таомни.
Имоматда Набийга бўлди чун эш,
Келарда бой, кетарда эрди дарвеш34.
Эшитди жон ила Ҳақдин нидо ул,
Қизи ва молини этди фидо ул.
380 Бисотин тикди Ҳаққа, зар ила сим,
Яна не эрди бори, этди таслим.
Ана зийраклигу чин покбозлик,
Ўйин этмасди Сиддиқ, боз-бозлик.
Мухолифгўй, боқиб унга, таниб ол,
Нечук қудрат, нечук қилу нечук қол.
Набий дастлабки кундин то қиёмат
Унинг шаънига этмишди каромат.
Набийга бўлди ҳар дам ёру ғамхўр,
Шаҳарда, ғорда ҳамроҳ, тоғда ҳам жўр.
385 Паямбарнинг биринчи хоси эрди,
Ҳамиша ҳамдами, ҳамрози эрди.
У бирлан сўнгра маскан тутди ул хок,
Ажаб пиру муридким, чусту чолок…
Амирул мўминин Умар розийаллоҳу
анҳу васфида
Сипеҳри дин эди, хуршиди Хаттоб,
Чароғи боғи жаннат, шамъи асҳоб.
Дегил офтоби равшан, демагил шам,
Тавоф айлар уни парвоналар ҳам.
Сочарди нурини, шамъи дин эрди,
Чароғон шуъласи жаннатдин эрди.
390 Агар ул қутби дини Ҳақ эмасди,
Камоли динга ҳам равнақ эмасди.
Чу аввал бош кесишга айлади қасд,
Кейин Ҳақ олдида бош эгди ул, бас.
У сўндирмоқ бўлиб шамъи Худони,
Эшитди, тикди сўнг “Тоҳо”га жонни.35
Очилди жон кўзию кўрди асрор,
Йўқолди шубҳаю Ҳақ бўлди ошкор.
Шариатга тараққийни у берди,
Ўзи ул қирқта эрнинг36 бири эрди.
395 Расул айтмишки, мендин ўзга бир зот
Набий бўлса, Умар бўлгайди албат.
Худованди жаҳондин – нури жони,
Ўшал нурдин яна – нутқи забони.
Юракка сидқи Ҳақни тўпламишди,
Шу йўлда заҳри қотил ҳўпламишди.
Синов айлаб, заҳарни тотди шунда,
Ки юз тарёку форуқ эрди унда.
Камайди зулм унинг давронида, ҳай,
Чу Қулзум баҳрида бир қатра ёшдай.
Жаҳон адли била осуда бўлди,
Ситам азми била нобуда бўлди.
400 Ажамни то қиёмат олди яксар,
Қуриб бир мингу олтмиш олти минбар…
Амирул мўминин Усмон розийаллоҳу
анҳу васфида
Амири аҳли дин, устоди Қуръон,
Амирул мўминин Усмони Аффон.
Амини хожайи кавнайн эди ул,
Куёв, яъники зиннурайн37 эди ул.
Агар ҳилму ҳаё эрса мусаввар,
Бўлурди бўйла нур бирлан мунаввар.
405 Ҳаё иймон эрур ё жузви иймон,
Баҳарҳол ундадир, ул нури Усмон.
Нигини ҳалқайи ҳилму ҳаё ул,
Сирожи нуру тожи асҳиё ул.
Чу девони илоҳий тартиб этди,
Унинг нури бутун оламни тутди.
Ҳама ул мажлиси меҳмонидирмиз,
Ҳама ошуфтайи девонидирмиз.
Умрни сарфи Қуръон айлабон ул,
Ўзини Ҳаққа қурбон этди охир.
410 Кишиким бўйла Қуръон деб ютар хун,
Тонг эрмас, ўзни Қуръон деб этар хун.
Насиб этмишди унга сибғатуллоҳ38,
Ки қони сибғатуллоҳ бўлди ногоҳ.
Ўшалким тўкди қонин, этди кирдор,
Раво эрди анинг қилмишига дор.
Улар дунёйи дун деб этди кийнни,
Аламга қордилар мардони динни.
Бири Қуръон ўқиркан, этдилар биғ39,
Намоз пайти бирига урдилар тиғ.
415 Бирига таклиф айлаб оғули ош,
Бирини Карбалода кесдилар бош.40
Худонинг хоҳиши шу бўлди, эй дўст,
Ки ғамлар бўлди бизга бекаму кўст.
Амирул мўминин Али
каррамаллоҳу важҳаҳу васфида
Савори дин, қариндоши Паямбар,
Чароғи шаръу марди ҳавзи кавсар.
Тани Рустам эди, тулпори дулдул,
Дили – ғаввоси дарёйи таваккул.
Аликим, афзали айём ул эрди,
Аликим, ҳужжатул ислом ул эрди.
420 Нидо солди жаҳонга, бир нишондин
Очиб юз бир нишон икки жаҳондин.
Чунин этгай намозин аҳли роз ул,
Ки бўлгай то намозинг ҳам намоз ул.
Намозда бўйла бўлди нури Ҳақ, жон,
Оёғидин олишди тиру пайкон.
Намози бўйла танланмиш эди то,
Дер эрди дамба-дам: алҳамдулиллоҳ.
Сахий эрди, саховатпеша мунча,
Кўзига ганжи олам бир тариқча.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?