Электронная библиотека » Сирожиддин Саййид » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "АСАРЛАР (I жилд)"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:16


Автор книги: Сирожиддин Саййид


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ТАВАЛЛО
 
Жудолик дардидан қалбимда яра,
Худойим, сен энди онамни асра.
 
 
Отамнинг ўрни бўш. Қарзим – ҳасратим,
Худойим, онамни энди асрагин.
 
 
Юзларига қара – бунчалар сўлғин,
Худойим, ўлимнинг йўлини тўсгин.
 
 
Кўпдир нарсалардек нокерак каслар,
Худойим, энг аввал онамни асра.
 
 
У интиқ. Қайдадир интиқ келини,
Худойим, тўсиб қўй ғамнинг йўлини.
 
 
Бир қушга уч юз йил хўп умр бердинг,
Онамнинг кўзига тола нур бергин.
 
1985
МЕҲМОН
 
Унинг дийдорига кўпдан зор эдим,
Келди, аён этди йўғу боримни.
Уч кун. Мен ўзимга ўқидим ҳукм,
Уч кун жим кузатди рўзгоримни.
 
 
Унга керак эмас шону мартабам,
Унга юпанч бермас мен топган ноним.
Бу – менман, бу – ҳаёт, касбу корим бу,
Нега индамайсиз, меҳмоним?
 
 
Булар бу дунёнинг одамларидир,
Меҳрдан гапирса – кўнгли бузилган.
Менинг қўлларим кўп улоқиб кетди,
Улар аллақачон Сиздан узилган.
 
 
Уч кунми, тўрт кундан кейин кетаман,
Мен бир меҳмон, дейсиз, дилда хавотир.
Англайман: берилган тириклик менга
Сизнинг қадрингизга етган бўлсам – раводир.
 
 
Муҳими ҳеч кимни ўкситмадим мен,
Кўксимда беармон улғайди армон.
Заминнинг сернеъмат дастурхонида
Она, Сиз меҳмонсиз,
Мен ҳам бир меҳмон.
 
 
Бошимда чайқалар мезбон дарахтлар,
Мезбон дарёларим куйманар шодмон.
Соҳиллар абадий қолаверади.
Она, биз меҳмон.
 
 
Тоғлар чоллардайин чордона қурган,
Жайрон жилғалардай қувончлар равон.
Боғлар кўз-кўз қилар ҳосилларини,
Она, биз меҳмон.
 
 
Меҳмондир ўртада ўртанган ғамлар,
Умр севинчларга яна тўлгуси.
Фарзанд кутаётган гулдай келинчак –
Ҳаёт кулгуси.
 
 
Мангу ўтаверар булутлар, мангу,
Булутлар ўхшайди хайру ёдларга.
Менинг уйим қани?
Чорак умрим кечди аэропортларда!
 
 
Ёлғон ҳашам кўрса ўнғайсизланиб,
Уч пуллик совғамга дилдан суюнган,
Она, билиндими меҳмонлигингиз?
Она, куйинманг!
 
 
Иссиқ нонлардайин тонглар бор ҳали,
Толедан суюнчи тутгайдир тақдир.
Шукрким, олов бор тандирингизда,
Шукрким, мақбара эмас у тандир.
 
1985
ДУНЁ ТОПИЛАДИ…

Л. Ш. Эркин таржима


 
Биродар, қўлда жом, кўзда ёш надир?
Савдолар ичинда ёлғиз бош надир?
Насиҳат нимадир? Баҳс-талош надир?
Фано дарвозаси абад ёпилмайди,
Дунё топилади, одам топилмайди.
 
 
Биродар, ошиқлик рўёдир, ўтгай,
Бу тошқин туйғулар дарёдир, ўтгай,
Гоҳ кўнгил берганинг хатодир, ўтгай.
Умид ғунчалари доим очилмайди,
Дунё топилади, одам топилмайди.
 
 
Биродар, тонгу шом, бу лайлу наҳор,
Тақлид ва такрордир, тақлид ва такрор.
Фақат баҳор янги, баҳор бетакрор,
Хуш онлар топилмас, дам топилмайди,
Дунё топилади, одам топилмайди.
 
 
Биродар, умрни фарзона этгил,
Неки дардмандликдир дармона этгил,
Неки армонликдир тарона этгил,
Ҳар дил ҳам шеър бўлиб нур сочолмайди,
Дунё топилади, одам топилмайди.
 
 
Биродар, дунёдан нечун шикоят?
Нечун бу туганмас, маҳзун ҳикоят?
Тирикликнинг ўзи буюк иноят.
Шудир ўтганларнинг энг комил байти:
Дунё топилади, одам топилмайди.
 
1985
ОЛМАОТАДА ЁЗГАНИМ

Ўлжас оғага


 
Кўзларимдан шаҳарларни
       сидириб ташлар
Саҳролар, даштлар.
Қозоғистон дейман,
Руҳимнинг ястанган кенгликларида
Милён комбайнлар
       бирдан иш бошлар.
 
 
Эгнимдан,
       енгимдан тўкилади дон,
Кифтимдан,
       кафтимдан қуйилар ғалла.
Тақирлар қиқирлар,
“Зил”лар. Манзиллар.
Дала. Дала.
       Ҳаммаёқ – дала!
Истасанг шамол бўл.
       Истасанг – дарахт
Бўлиб мангуликка беармон тикил.
Бу ерда
       тунларнинг бағри кенг, қара,
Ҳар из азиз сенга,
Ҳар юлдуз – сингил…
 
1985
ХОРАЗМГА БОРАМАН

Омон Матжонга


 
Менинг идрокимда шаҳарлар номи,
Мен кўрмаган эллар, наҳрлар номи.
Чашмалар – тоғларнинг фаришталари
Тортқилар оромим ришталарини.
 
 
Лондон нима менга? Чикаго нима?
Нимадир Парижнинг оқбилаклари?
Менинг юрагимга яқинроқ эрур
Жайҳун соҳиллари, ўт, балиқлари.
 
 
Демак: Хоразмга боргум. Хоразм –
Тарих сўзидан ҳам балки қадимроқ.
Мен унга қанчалар яқин бормайин,
У мендан йироқдир. У мендан йироқ.
 
 
Мактаб партасида ўйлаган эдим
Бундан ўн йил аввал, ўн йиллар аввал:
Мен ҳам жаҳонгашта бўлгайман бир кун,
Аввал Хоразмга қилгайман сафар.
 
 
Хоразм – мозийнинг ҳозир орази,
Хоразм – болалик аразим.
Йилларки сен томон талпинади дил,
Сенга етганим йўқ ҳали, Хоразм!
 
 
Сенга етганим йўқ. Гоҳ тонг, гоҳ оқшом
Сен чорлайверасан такрор ва такрор.
Комил Отаниёзнинг сози тинганда
Менинг ҳам кўнглимдан узилгандир тор.
 
 
Паҳлавон Маҳмудни энди танидим,
Сенга етганим йўқ, тарих билади.
Хоразм, мен сенга етмоғим учун
Бутун абадият камлик қилади!
 
1985
АХБОРОТ ҚИРОЛИ

Устоз журналист Абдулла Пўлатовга


 
Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?
Асаб чақинлардай чақнаганида,
Юзида ҳодисот чинқирганида,
Унинг қаршисида ҳеч турганмисиз?
 
 
Кўзларида унинг замон айланади,
Армон айланади. Жаҳон айланади.
Қаранг: ўз қўлида ўзи нурайди,
Кўксини чангаллаб, телефонлардан
Ҳаво сўрагандай –
Янгилик сўрайди, хабар сўрайди.
 
 
Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?
Ғафур Ғулом,
Шайхзодани шеър ўқишга кўндирган у.
Мақтанчоқ мухбирлар довдираган чоғда,
Абдулла Қаҳҳордан сўз ундирган у.
 
 
Менинг тушларимга киради унинг
Кўзлари доим қўш кассета бўлиб.
Бу одам умрини тарқатиб борар
Ҳар куни, ҳар туни газета бўлиб.
 
 
“Тошкент оқшоми”нинг ҳар бир сонида
Бешми, ўн дил зарби жой олган унинг.
Шул сабаб уйғоқдир балки бу ҳаёт,
Шул сабаб зарби зўр балки бу куннинг.
 
 
Қаранг, у қийналар, чекар асабий,
Рўзғорини ўйлаб кўнглин ғашлайди.
Ва яна дзотга ташланган каби
Ёзув столига кўксин ташлайди.
 
 
Янгилик йўқ дейди, аҳвол сўрасам,
Вақт ҳам йўқ дейди, саломатликка.
Бир зум алоқани узинг дунёдан,
Қаҳҳордан гапиринг, Абдулла ака!
 
 
Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?
Кўксини чангаллаб, гезариб лаби,
Уйига боради қоронғу тунда,
Гўё ғижимланган газета каби!
 
1985
ОЯР ВАЦИЕТИСГА КЕЧИККАН МАКТУБ
 
Мен сесканиб кетдим,
       Тўсатдан
Таъзияни кўриб газетадаги.
Ояр! Ояр! Ояр!
       Кечикди
Менинг ўзбекона қасидаларим!
Хушхабарлар каби елиб югурган,
Кунларнинг бағрини
       ногоҳ доғ кўрдим.
Олис кенгликларда на шаҳар,
       на баҳр –
Милтираб турган бир шамчироғ кўрдим.
“Тошкент оқшоми”да босмоқчи эдик…
Энди сен йўқдирсан.
       Вақт қўл қўяр.
Шеърларинг столда ҳангу манг қолди.
Газет ҳам кечикди.
Кечиргил, Ояр!
Гарчи тақдир бизни минг кўйга солиб,
Охир-оқибатда билдирмай суяр.
Суюнганинг чоғда нима бўлди сенга,
Ояр?!
Бу ҳаёт сарбаланд қолсин деб абад,
Шоирлар йиқилар юраги доғли.
Шунда ҳам ўртаниб, ўтиниб ўйлар:
“Ватаним, ишқилиб жон-танинг соғми?”
…Сиз беёд қолганда ўқинг Оярни,
Кўнгилга эрк бергай бир мушфиқ кадар.
Менинг минорларим увиллаб борар
Термиздан то Болтиққа қадар.
 
1985
«Газеталар бўронида кетяпман…»
 
Газеталар бўронида кетяпман,
       кетяпман.
Метродайин бу дунёнинг
       қоқ бағридан ўтяпман, ўтяпман.
Ҳаётимда янгиликлар,
       ҳодисалар, воқеалар,
Ракетадай учқурдиру,
       бомба янглиғ оғирдир бу дақиқалар.
Дақиқалар!
Менинг асл фаслларим
       сароб бўлди,
             хароб бўлди.
Она нега йиғлаяпсиз, нима бўлди?
Тегрангизда кузатувлар,
       айрилиқлар,
             йўқотишлар…
Орзуларим ўтмишимдан
       менга қараб ўқ отишар,
             ўқ отишар.
Олисдаги ул мактабда энди менинг дарсим йўқ.
Кўз очаман:
       Газета бор. Дўстларим йўқ.
             Асрим йўқ.
Дарёлардай ортга боқмай,
       дарёлардай тўлғониб
Асфальтларнинг чинқириғи
       поёни йўқ манзилларга
             олиб кетар дунёни.
 
1985
«Йигирма етти йил…»
 
Йигирма етти йил!
       Йигирма етти тоғ
Ортимда тизилди.
       Мен доғ қолдимми, соғ?
 
 
Бу эшик – Тириклик.
       Бу бешик – Ҳаёт.
Йигирма етти йил –
       Севгими ё сабот?
 
 
Озода қушларим
       Қаерга учди? Кўр,
Чайқалибон қолди
       Йигирма етти кўл.
 
 
Ярми лойқаланган,
       Ярми – нофармон,
Еттиси осмондир,
       Еттиси – армон.
 
 
Худди шундайин
       Асрим ҳам илҳақ –
Ярми қарғиш бўлса,
       Ярмиси тилак.
 
 
Сизлар-чи, сизлар,
       Мақсадлари мижғов,
Мол-мулк қуллари,
       Виждон қани, виждон?!.
 
1985
УЙҚУДА АЙТГАН ШЕЪРИМ
 
Энг аввал шу ёруғ жаҳонимни бер,
Сўнг ёруғ жаҳонда армонимни бер.
 
 
Токи дардларимдан ободлиғ кўрсин,
Бедардлардан бемор замонимни бер.
 
 
Осмон юлдузлари тийра ўлмишлар,
Кўзлар чарақлаган осмонимни бер.
 
 
Барча яхшиларим юз бурмиш мендан,
Яхшилар ичра энг ёмонимни бер.
 
 
Маҳзун кузга ўхшар сўлғин чеҳралар,
Баҳоррўй, лаблари хандонимни бер.
 
 
Ғафлатга ёр этма, туғён буюргил,
Оромимни олгин, бўронимни бер.
 
1985
ТУШ
 
Мен унга ёлбордим:
Майли, ўтга сол,
Мангу равон айла кўздан ёшимни.
Не ёмонлик бўлса раво кўргин-у,
Олиб кетма лекин менинг тошимни.
 
 
Майли, насиб этсин борим, бисотим,
Истасанг қиличдан ўтказ бошимни.
У тош менга тутош, у тош – юртдошдир,
Олиб кетма менинг тошимни.
 
 
Ҳиссиз башарада қаттол масхара.
Кулди.
Фалакларда қорайди қуёш.
Тошнинг тим юзида ёшми йилт этди –
Асир янглиғ кетди азиз тош.
 
 
Уфқлар чайқалди.
Хирқираб чопдим.
Калималар келмай тошдай тилимга.
…Мен заррача ачинмас эдим
Бошим омон қолганлигига.
 
1985
«Яшинлар ёритган эй олис уйим…»
 
Яшинлар ёритган эй олис уйим,
Шунча йиллар куйиб,
Қанча қисмат кечиб,
Қанча ўю фироқ,
Ҳикмат кўрмадим мен сендан буюкроқ!
 
1985
ТУРМУШ
 
Дазмоллар босасан шому саҳарлар,
Нафис кўйлаклар ҳам бир ажиб баёт.
Ишондим: йўлларим равон бўлгуси,
Билдим: ғижимланмас энди бу ҳаёт.
 
1985
МЕН ЙЎҚОТГАН ДОСТОН

Укам Фурқатга


 
Болаларга достон ёзиш осон эмас.
Болаларга ёқмаса у достон эмас.
Мен ўйладим.
             Кўп ўйладим.
       Хўп ўйладим.
Булут бўлиб учиб кетди кўп ўйларим,
Варақларим учиб кетди булут бўлиб,
Сабоқларим учиб кетди булут бўлиб,
Пахтазорга чиқиб кетди дафтарларим –
Қаердасиз,
       соғиндим-ку, каптарларим!
Дарсларимни топширдим мен этакларда,
Баҳоларим қолиб кетди эгатларда.
Ў, пахтазор!
       Кундалигим ҳали сендадир,
Саводимнинг таржимаи ҳоли сендадир.
Кеч кузгача
       доскаларда қолиб кетган сентябр,
Сентябр,
       сентябр, сен гапир!
Адабиёт дарслигида эса буюклар
Бир-бирига айтар эди ғазал, туюқлар.
Ҳали бола Алишерни эритиб лутфи,
Бахш этарди ўн икки минг мисрасин Лутфий.
Ўн икки минг эгатларда мени ахтариб
Қолиб кетди ёзилмаган мурғак байтларим.
«Гулхан»миди,
       «Учқун»миди у пайт қўлимда,
Унда сурат:
Пионерлар гул тутарди Ғафур Ғуломга.
Ғафур Ғулом!
Мен мактабим билан кўз бўлиб кутдим,
Янграмаган қўнғироқдай сўз бўлиб кутдим.
Қани энди бу интиқлик бир зум ариса…
Ғафур Ғулом эмас, келди колхоз раиси.
Мактабимиз пештоқида қўл чўзиб кескин
«Ўқиш, ўқиш… яна ўқиш» деб қолди Ленин.
Автобуслар олиб кетди бизни чўлларга,
Шоирларим, учратмадим сизни чўлларда.
Гўё кимдир самолардан бизни ташлади –
Болаларга тўлди бирдан Сурхон даштлари.
Пахта!
       Пахта!
       Бутун фикру хаёллар пахта,
Лабимизда қотиб қолган саволлар пахта.
Муаллимлар пахта дерди,
       Шофёрлар пахта,
Пахта дерди йўллардаги шиорлар, пахта.
Пахта!
Пахта! Бу сўз гўё жангга дегандай,
Уйғонмасак, кимдир бизни енгадигандай –
Янграр эди, уйқумиздан юлқиб саҳарлар,
Далаларга ёйилардик кичик аскарлар.
Шунда эди келажак ҳам,
       ёзмиш ҳам шунда,
Тақдир деб сўнг бир умрга нолиш ҳам шунда,
Диёримнинг даҳолари, чемпионлари,
Зукко, оқил арбоблари,
       билимдонлари,
Шунда эди худолари она тилимнинг,
Шунда эди паноҳлари куйган элимнинг.
Эҳ, қанчаси қолиб кетди пахтазорларда!
Хазон бўлди, сўлиб кетди пахтазорларда.
 
 
Ўзбекистон болалари!
       Кетмон,
             этиклар,
Этаклар! Этаклар! Этаклар!
Имтиҳонда жовдирайди келиб бош кентда –
Ўзбекистон болалари кетар Тошкентдан!
Ўзбекистон болалари дилдан оғриниб
Поездларда сўкиб борар «Пахтакор»ини,
Ҳеч бўлмаса шулар учун ғайратга тўлгин.
Ў, «Пахтакор»,
бир боргина чемпион бўлгин!
 
 
Булар кимдир – ажнабий рақс,
ажнабий куйлар? –
Ўзбекистон болалари эмасдир булар!
Ўзбекистон боласига бўлса басдир Шерали,
Ўқариқда варанглатиб теради-ю, теради.
Сиз-чи, қайси тувакларда
       бўй чўздингиз, хонимлар?
Уйидаги мушугини ҳатто «жоним-жоним»лаб,
Фироғ билан пардозлайсиз
       бетини журнолларни,
Биласизми саратонда сўлаётган
Гуландом, Гулнорларни?..
…Мен у достонимни йўқотдим бекор.
Улуғбеклар қани?
       Қани Ойбеклар?
Йилларнинг устидан ҳатладим-да мен,
Қайтиб кириб бордим мактабимга мен.
Бу нима?
       Қарайди парталар ҳайрон,
Деворларда хариталар ҳайрон.
Чуғурлашиб келиб дарсин ёзсалар,
Деган каби болаларни кутар доскалар.
Ажабланган каби мен бегонадан,
Сукут мўралайди синфхоналардан.
Мактаб стадионида чимзор қурибди,
Бир бузоқ шаталоқ отиб юрибди.
Болалар!
       Болалар қани?
             Болалар!
Бизлар бу ерда деб турди далалар.
Менинг Фурқатларим мўлтирар эди,
Қўллари чаноқда
       қалтирар эди.
Бири кир чопонда,
       Бирида – нимча.
Булар таъқиб қилар мени то ўлгунимча!
Паст-баланд бўйлари қатору қатор,
Булар бор,
       демакким Ўзбекистон бор.
 
 
Бирмас, минг кунингга шулар ярайди,
Қара, булар мендан билим сўрайди –
Ўшал достонимнинг кўзлари бўлиб,
Далаларда қолиб кетган сўзлари бўлиб.
 
1985
ШУКУҲ
 
Қай бир ошиқ дилдан эпкин елдими:
“Онажон, билмадим, Наврўз келдими?”
 
 
Ёруғ ниятларнинг амалими бу?
Ёки тирикликнинг самарими бу?
 
 
Кўзимга кўз суртар малоҳат тенгсиз,
Онажон, бу олам бунчалар чексиз!
 
 
Тилагим гул бўлар қаерлардадир,
Юрагим бу кунлар сайрлардадир.
 
 
Неки армон бордир, неки орзу бор,
Умидлар дунёсин неки арзи бор –
 
 
Бари якдил бўлиб туюлар менга,
Ажиб тақдир бўлиб туюлар менга.
 
1985
«Қора кўзли Гулпари…»
 
Қора кўзли Гулпари,
Шунчалар суюкмисан?
Холанг сени эркалар,
Қизмисан, кийикмисан?
 
 
Ерга боқсанг ер – қуёш,
Қирга боқсанг қир – ойли.
Сен холангдан гўзалу
Холанг сендан чиройли.
 
 
Бир савдо бор, мен уни
Дилга ҳавола қилай.
Кўчангдаги толингга
Мен бориб нола қилай.
 
 
Қизғиш бўлар осмонлар,
Қизил – асли қиз ранги.
Кўчангдаги толдан ҳам
Холанг сени қизғанди.
 
 
Дардларимни ўйноқлаб
Ариқчалар куй қилар.
Қора кўзли Гулпари,
Холанг сени тўй қилар.
 
 
Нурга тўлар уйлару
Баланд-баланд айвонлар.
Мен севги деб кетгайман,
Юрагимда ҳижронлар.
 
1985
БИРИНЧИ КИТОБГА ЁЗУВ
 
Сени уч минг одам ўқийди,
Кимнингдир умиди кўкаролдими?
Қувонганлар майли.
Бирор шикаста,
Озурда кўнгилни кўтаролдингми?
 
 
Менинг юрагимнинг уч минг парчаси,
Шаҳру кентлар бўйлаб тарқалиб кетган.
Сени мен ёзмадим.
Сени дилимда
Шу тупроқ, шу осмон,
шу эл дарж этган.
 
 
Уларнинг қисмати – менинг қисматим,
Бир ён замондошлар лофлар тўқийди.
Бир ён, менинг учун энг муҳим бир ён
Ўқийди, ўқийди, китоб ўқийди!
 
 
…Сенга уч минг жуфт кўз тикилган,
Бировнинг қалбига нур беролдингми?
Севинганлар майли.
             Дардли дилларга
Етиб боролдингми?
       Етиб боролдингми?..
 
1985
ТАНҚИДЧИ МАҚОЛАСИГА ЛУҚМА
 
Мақолада ҳамма нарса бор –
Ғаразу худбинлик,
       аммо ҳаёт йўқ.
Ақл бор, калла бор, ҳатто назокат –
Ҳаммаси бор, фақат Адабиёт йўқ!
 
1985
«Бу дунёнинг йўллари кўп…»
 
Бу дунёнинг йўллари кўп,
       йўллари узоқ,
Бу йўлларда йўловчилар
       дунё ўрганар.
Бу йўлларда лекин
       баъзан ташланар кўзга
Мақсад қолиб,
       эшагини қувиб юрганлар.
 
1985
КЕРАК БЎЛМАГАНДА
 
Сени қай боғлардан изладим, севги,
Қай бир қисматларда қолдим мен нолиб?
Керак бўлмаганда нечун бу ҳашам?
Керак бўлмаганда нечун бу толе?
 
 
Керак бўлмаганда келган бу умид,
Музларга ташланган беҳуд ёнишлар,
Нимага?
Йилларни кўргилким, энди
Тоғлардай бир жойда тўхтаб қолмишлар.
 
 
Бир пайтлар мум тишлаб юрган бу устоз
Керак бўлмаганда нега қўллайди?
Керак бўлган пайтда кетган жўралар
Керак бўлмаганда энди ўйлайди.
 
 
Керак бўлган пайтда қуриган дарё
Керак бўлмаганда тошибди, қаранг.
Одамлар дунёни тугатиб бўлди,
Дунё деб турибди мана бу гаранг.
 
 
“Керак”, “нокерак”нинг ўзи керакми?
Дўстим, қаламингни қитирлатавер.
Менимча ҳеч кимга керак бўлмайди
Керак бўлмаганда ёзилган бу шеър.
 
1986
БИРОВНИНГ УЙИ
 
Бу – бировнинг уйи.
Эшик – бегона,
Тирқишдан мўралар бегона хона.
Кўзгулар юзини қопламиш ғубор,
Уларда акс этмиш чанг босган рўзғор.
Гўёки бир тийра турмушнинг изи –
Қаро бўлиб турмиш қозоннинг юзи.
Идишлар ғам чекиб тизилгандайин,
Худдики бир ҳаёт бузилгандайин.
Бир ёнда аламнок, гунг пиёлалар,
Гўё ичи тўла мунг пиёлалар.
Бунда бир сукунат ухлар – бегона,
Шиппакларни кийма – улар бегона!
Кўзида йилларнинг қувонч, алами,
Девордан боқади бировнинг ғами…
Кўринмас бир илон гўё ўрмалар,
Жунжикиб тургандай тахмон, кўрпалар.
…Ўша тун кетдим мен – дилда ҳасратим,
Бировнинг уйидай гўё қисматим.
Гўё кўксимда ҳам бир уй бор абгор –
Тиниқ кўзгуларин қопламиш ғубор.
Гарчи кўнглим билан ҳамхонадайман –
Ўзим ҳам ўзимга бегонадайман.
Жисмимни ўртайди дарду ҳижроним –
Бировнинг уйида тургандай жоним.
Кечган умрим гўё шубҳа-гумондай,
Ўзим ўз уйимга бехонумондай.
Кимнинг ўй-фикри бу?
Кимнинг ранг-рўйи?
Бу – бировнинг уйи!
Бировнинг уйи!
Бировнинг соғинчи эзди кўп ёмон,
Дўстим, бу фоже бир ўзимга аён…
 
1985, 1998
«Бехабар, бехабар, ўтади кунлар…»
 
Бехабар, бехабар, ўтади кунлар,
Бехабар юлдузлар. Бехабар тунлар.
Мендан сўрамайин менинг кўнглимдан
Бехабар, бехабар жой олур унлар.
Мен сендан бехабар, сендан бехабар.
 
 
Дунёга қарайман: Бирор садо йўқ,
Бирор дўст топилмас. Бирор фидо йўқ.
Сен қаерлардасан, қаерлардасан?
Бирор нидо йўқдир, бирор видо йўқ.
Мен сендан бехабар, сендан бехабар.
 
 
Таманнолар қани? Қўшиқлар қани?
Борлиқни тўлдирган қўш ишқлар қани?
Кўкда кезиб юрган ой ҳам бехабар,
Ерни тирик тутган ошиқлар қани?
Мен сендан бехабар, сендан бехабар.
 
 
Дунёнинг йўллари узилиб ётар,
Аср ҳам юлдуздай чақнар-да, битар.
Мен бехабар қолсам сендан, бир умр
Кўнглим бу дунёдан бузилиб ўтар.
Мен сендан бехабар, сендан бехабар.
 
1986
«Қайрағоч. Сўри…»
 
Қайрағоч. Сўри.
Бир пиёла чой.
Оппоқ булут каби
Ўлтирибди чол.
 
 
Пешин. Кун дим. Жим.
Кўринмас ҳеч ким.
Бир пиёла чой,
Оппоқ булут – чол.
 
 
Ердан, деворлардан,
Сўридан ногоҳ
Сояларни бўйродек
Йиғиб олар чошгоҳ.
 
 
Шом тушар. Тақдир.
Бунга йўқ тадбир.
Бир пиёла чой,
Кўнгли хуфтон чол.
 
1986
ДУМАЛОҚ ШЕЪР
(Болаларга)
 
Думалайди думалоқ одам,
Думалайди, тиним билмайди.
Юзи қайси, калласи қайси,
Қорни қайси – ҳеч ким билмайди.
 
 
Бир думалаб овқатга келар,
Телевизор кўрар думалоқ.
Унинг биққи биқинларида
Ёстиқлари турар юмалоқ.
 
 
Бутун умр шундай ўтар у,
Думалайди чиқмасдан саси.
Бутун умр билмайди ҳеч ким
Қорни қайси, калласи қайси…
 
1986
БУ ОДАМ
(Болаларга)
 
Бу одамга бир қаранг:
Ухлаганида ҳар бор,
Бурун катакларида
Тириллар қўш трактор.
 
 
Бечора тракторлар,
Бир жойдан ҳеч жилмайди.
Бу одам уйғонганда,
Тракторлар жимийди.
 
 
Бу одам уйғонганда
Яқин келиб, инилар,
Бошига қулоқ солинг:
Ғувиллайди чивинлар.
 
 
Уйғониб не қиларди?
Бу ёғини айтмайман.
Яхшиси мен озгина
Велосипед ҳайдайман.
 
1986
БИЗ ОВҚАТЛАНАМИЗ
(Болаларга)
 
Одамзод нима ейди?
Сут, қаймоғу сабзавот.
Тухумдан тортиб қўю
Отгача ер одамзод.
Кўкатни-ку қўймайди,
Тап ўзини ташлайди.
Еб тугатар бир зумда
Яйловларни, даштларни.
Подаларни ейди у,
Оғзин очиб суюнар.
Тўғри унинг қорнига
Кириб келар сурувлар.
Товуқлар, ўрдакларни,
Беданаю қирғовул,
Ғоз, каклик – барчасини
У қилади тановул.
Париж қозонларида
Қоврилар қурбақалар.
Одамзод шуни ҳам ер,
Ҳаттоки шўрва қилар.
Денгиз-денгиз балиқни
Ҳазм қилиб юрар шод.
Миллион йил овқатланиб
Ҳеч тўймайди одамзод!
Мамонтларни еди у
Ва яна овқат дейди.
Бундай иштаҳа билан
Бир кун дунёни ейди.
Ўв, болалар!
Майли, Сиз
Ташлаб кўз қирингизни,
Овқатингизни енгу,
Еманг бир-бирингизни.
 
1986
ОДАМ – ЛАТИФА
 
Ҳаёт – мушкул масала,
Тангенс, котангенси бор.
Бунинг эса ҳар куни
Иши шу: “Янгиси бор.”
 
 
Кунлар автомобилдай
Ҳафталарни ҳайдайди.
Шундай буюк дунёда
Бу латифа айтади.
 
 
Хотини ҳам “латифа”
Қўйган унинг отини.
Кечалари йиғлайди
Латифанинг хотини.
 
 
Сиз юракни чангаллаб,
Қолган пайтда асабий,
Думалаб келиб дарров
Бу латифа айтади.
 
 
Бир кун жим чўзиласиз,
Кўз очмасдан, абадий.
Шунда ҳам бошингизда
Бу латифа айтади.
 
1986
«Тескарига оққан дарёлар қайтди…»
 
Тескарига оққан дарёлар қайтди,
Тоғларда йўқолган садолар қайтди.
Мени излаб кетган нидолар қайтди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
 
 
Сомонлар янчилмай қолган куз пайти
Адирлар заъфарон алвидо айтди.
Мени олиб кетган подалар қайтди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
 
 
Бу кўча, бу ҳовли, бу уй, бу тандир
Бир кун сесканади, сассиз сиқтайдир:
Ўн йил ғойиб бўлган олапар қайтди!
Болалик қайтмади. Қайтмади.
 
 
Қолдириб кетдимми уни даштларга?
Ёки топширдимми шиддат, шаштларга?
Бўзлаб чорласам-да битиб хатларга,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
 
 
Қалдирғочлар қайтди. Тойлар от бўлди.
Юртнинг тоғу тоши менга ёд бўлди,
“Уҳ” деганим менинг хотирот бўлди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
 
 
Йилларни ағдарар бу кун сўроғим,
Қайдадир ул менинг эрка сўқмоғим?
Дилга жо бўлди бор яқин-йироғим,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
 
1986
ИСТИРОҲАТ
 
Одам дам олмоқда.
Бутун умрини
Меҳнату заҳматга харжлаган одам.
Ўз ташвишларию сизнинг ташвишларни
Тортавериб чарчаган одам
Дам олмоқда.
Қўллари ёйиқ,
Асаблари ёйиқ, ўйлари ёйиқ.
Дарё шифо унга, соҳилнинг
Юмшоқ-юмшоқ қумлари – сочиқ.
Одам дам олмоқда.
Умр бўйи
Ўз бурчини бажарган одам.
Муборакдан қайинларга
у газ еткизган.
Ғаразгўйлар, газеталардан,
Оилавий аразлардан, аризалардан,
Мансабпараст газандалардан,
Яна қанча “тарзан”лардан
чарчаган одам
Дам олмоқда.
Қуёш, нурларинг –
Жонбахш игналаринг санчгин
баданларига.
Булутлар, у билан сиз сувга тушинг,
Чойшабдай тўшалинг қадамларига.
Дунёнинг жамийки неъматларидан
У фақат меҳнатни танлаган.
Бугун дам олмоқда.
Мавжлар, сиз унинг
Оёқ кафтларини яланг, аллаланг.
 
1986
ВАҚТ
 
Воқеалар чинқиради.
Юрак урар дукур, дукур.
Қайларгадир сени излаб
Бахтинг кетди,
Югур! Югур!
 
 
Дақиқалар югуради.
Кунларингдан сен юз ўгир.
Йилинг кетди! Дилинг кетди!
Етиб олгин, югур! Югур!
 
 
Асфальт йўллар югуради,
Боғлар елади гурр-гурр.
Сен ўзингдан ўзиб кетдинг,
Қайга кетдинг?
Югур! Югур!
 
 
Бу не тошқин – сен онангга
Бир энлик хат битолмайсан?
Ҳамма нарса югуради –
Етолмайсан! Етолмайсан!
 
 
Кимдир сенга кўнгил берган,
Кимдир сендан ўксиган.
Сен-чи, кетдинг тўппа-тўғри
Ҳодисотнинг кўксидан.
 
 
Югуради симларда нур,
Уйлар борар югуриб.
Югурмасанг, бу Вақт сени
Бир кун ташлар тупуриб!
 
 
Чорлаб, порлаб чопар Ҳаёт,
Бекатларида ундов.
Инсоният югурмоқда,
Югурар бутун дунё.
 
1986

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации