Текст книги "ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд"
Автор книги: Тоғай Мурод
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 9 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
У эрталаб ўзини ёмон сезиб, валерьянка ичди. Ёнбошлаб ётганида қоровул телефон қилиб, директор курортдан қайтиб, идорага келганини айтди. У кийиниб, уйидан зўрға чиқди. Сочсиз боши юзларидай қип-қизил, қоп-қора кўзлари чиройли, лаблари гўдакларникидай жуда юпқа, қошлари сийрак директор бир сохта табассум қилди-да, яна аслига қайтди:
– Жа, янгилик кўп-у. Бизнинг ақлимиз етмабди-да шуларга. Буни қаранг-а…
Кутилмаганда директор кўзларининг оқи кўпайиб, қорачиқлари қаёққадир йўқолиб қолгандай бўлди.
– Бу маданият боғи! Бу ерда паррандалар эмас, халқ ҳордиқ чиқариши керак! Тавба, ҳамма дарахтларга уя қўндириб чиқибди-я. Ҳаммаёқ мусича тезаги… Нима бу зоопаркми?..
– Ўртоқ директор, қушлар ҳам халқ…
– Сиз раҳбарми ё каптарбоз октбрятми? Марҳамат, ёзинг ариза. Ақли кириб қолар, болалигини ташлар, деб шунча сабр қилдим, етар…
У директор суриб қўйган қоғозни олди-да, ўз хонасига чиқиб, ариза ёзди. Ариза ёзганида юраги ёмонлашди. Шунда зўр соғиниш билан мусичаларини кўргиси, улар билан мулоқотда бўлгиси келди. Қоровулхонага бориб аланглаб, туриб қолди. Мусичалар йўқ. У стол, шкаф тагларини, дераза пардалари орқасини қаради. Йўқ. Қоровул ҳам йўқ. Директорнинг эшиги олдига келиб энтикиб:
– Мусичаларимни кўрмадингизми? – деди.
– Ана ҳовлида. Ўзларидан кўрсин, ҳайдадим, кетмади… – деди директор бошини кўтармай.
У шошиб ҳовлига чиқди. Чиқиндилар қутисида мусичалар бошлари орқасига қайрилиб ётарди… Унинг юзлари оқариб, лаблари пирпиради. Боши ғувиллаб, бутун фикру хаёллари тумандай хиралашиб, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолди. Энтикиб, чуқур нафас олмоқчи бўлди-ю, аммо нафаси етмади. Юрагини худди бир махлуқ панжалари тирноқларини ботириб чангаллагандай, кейин эса бирдан… ғижимлагандай бўлди. Кўкрагини ушлаб инграб, синиқ овоз билан: а-а-а-а-а-а-а… деди-да, скамейкага ўтириб қолди.
У ўзига келиб, бошида унга термулиб турган қоровул билан директорни кўрди. Директор жилмайди:
– Айёрлик қилманг-е, қўрқитвордингиз. Ариза ёз, деб шунчаки айтдим-да…
У ёруғ оламга қаради… Худди Шишкиннинг расмларини томоша қилаётгандай ҳаётга суқланиб-суқланиб термулди. Шунда, олча шохига қўниб турган мусичага кўзлари тушди. Унинг мусичаларига жуда ўхшаркан. Мусича бир нағмада ку-кулади:
– Ку-ку-ку…
Табассум! Унинг оппоқ юзларида маъюс табассум…
1970 йил.
ЭР-ХОТИН
Йўқ, улар Анҳор бўйида учрашмади. Учрашувда ўзиники қилиб айтиш учун китоблардан шеърлар кўчириб олмади. О, мен сени севаман, сенсиз яшай олмайман қабилидаги мавсумий сўзларни сўзлашмади. Лаблар топишганда қизнинг узун товони ердан сал кўтарилмади. Йўқ, йигит қизни безорилардан қутқариб қолмади…
Яхши шоир Ўролбой кўрпага бурканиб, ишқий шеър битди. Мисраларини фарзандидай ардоқлаб, вояга етказди. Беихтиёр ўзининг биринчи муҳаббатини – синфдоши Холбувини эслади… Қоронғини қучоқлаб, Холбувини бағрига босгандай бўлди. Кўнглига оқшомдай маъюслик чўкди. Тўшакдан имиллаб туриб, тимирскиланиб бориб чироқни ёқди. Биринчи китобини варақлади. Шеърлари кўзига жуда бачкана кўринди. Юзларини бужмайтириб, китобни каравот остига отиб юборди…
Йўқ, шоир аввало ўзининг шоҳ асарини яратиши лозим экан. Ўролбой мана, ўттизга тўлибдики, шоҳ асари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабди. Буюк асари қолиб, иккинчи даражали асарлари билан овора бўлибди…
У зўр пушаймон билан ўзига қайлиқ излади. Топди: оддий тикувчи Барчиной. У Барчиной билан сохта бўлса-да, жилмайиб гаплашиб, шаҳар истироҳат боғига борди. Ярим килодан музқаймоқ ейишди. Ўролбой бўлажак қайлиғининг кўзларига тикилиб… кўнглига доир ҳеч нимани ҳис этмади. “Ҳаётда жуфт бўлиб яшаш керак экан, иложимиз қанча”, деди ичида. Сўнгра, ўз гапини ўзи мақуллаб, бош ирғади. Барчиной эса ҳатто унинг шоирлигига ишонмади: “Поэзия дегани нафосат, жозиба-ку, шоирнинг ўтиришини қаранг…”
Қиз, у мени писанд қилмаяпти, деган хулосага ҳам келди. Шундай бўлса-да, тўйга розилик берди. Чунки унинг ҳам ёшлиги ўтаётган эди…
Тўй ресторанда бўлди.
Ниҳоят, шоҳ асар яратилди! Чақалоқни деразадан кўрсатдилар. Ўролбой илжайиб, ўғлига термулди: Ана буюк асар, ана! “Анна Каренина”! Йўқ, “Хамса”!
У буюк асарига сўнгги нуқтани қўйган адибдай яйраб, керишди.
Ўролбой яхши кунларнинг бирида кечаси узоқ ўтириб шеър ёзиб, кеч ётди. Эртасига тушда уйғонди. Балконга чиқди. Ҳаво жуда соф, сайрбоп… У ўйлаб, Василий Шукшиннинг “Қизил бодрезак” фильмини ҳали кўрмаганини эслади.
– Кийин, кинога борамиз, – деди Барчинойга.
Барчиной янги мода бўлган камзул-шимини кийиб чиқди. Ўролбой қовоғини уюб, уф-ф, дея тиззасига урди:
– Барчиной, мен аёлимни атлас кўйлакда кўришни хоҳлайман!
– Шоирга қолса-ку, кўп нарсаларни хоҳлайди.
– Аёл аёлдай бўп юрса-да.
– Юринг, кечикамиз.
– Бормайсан, ўзим бораман.
– Ажаб бўпти, обормасайиз оборманг.
– Нимага гапни айлантирасан! Мен сенга гапиряпман!
– Вой, жа-а қизиқсиз-а, бир манда борми шунақа кийим? Ҳамма маданиятли хотинлар кийишади-ю…
– Анови атласлар маданиятга ёт матоми? Қайси мамлакатда шунақа мато бор? Сенлар ношукур: пешонангдаги маданиятни кўрмайсанлар…
– Сиз доим шунақасиз. Топган гапингиз – ўзбек атласига бутун жаҳон харидор, Самарқанддаги тарихий бинолар жаҳонда йўқ. Унақа-бунақа…
– Бас қил!
– Ҳо-о, бас қилмасам қўлиздан нима келади…
– Келмайдими, келмайдими?
Ўролбой шиддат билан ирғиб туриб, анграйган Барчинойнинг юзига тарсакилаб юборди.
Барчиной диванга учиб тушди. Юзларини қўллари билан яшириб йиғлади.
Ўролбой унга бирпас анграйиб қараб турди-да, торгина ишхонасига кирди. Стулга ўтирди. Сочларига бармоқларини ботириб, кўзларини юмди.
У аёл зотига биринчи марта қўл кўтарди…
Барчиной ўпкасини босолмай йиғлаб ётди. Ухлаётган ўғли йиғлади. Тоқати тоқ бўлиб, ўрнидан турди. Юзларини ювиб артди. Ойнага қараб, бир сесканди. Чап ёноғи кўкарган эди. У аламидан лабларини буриб яна йиғлади. Ўғлини бағрига олди. Ўғли овуниб, мулойим лаблари билан унинг кўкракларини сўра бошлаб эди… кўнгли ёришди. Кўкарган жойининг оғриғи қолгандай бўлди. Ўғлининг сийрак сочларини силаб, пешонасидан ўпди: “Ўғлим, ўйлаган эдим-а, кўнгилсиз турмуш бўлмайди, деб. Мана, айтганим келди”.
Барчиной деразадан осмонга қараб хаёл суриб ўтирди. Ўғлини ухлатиб ўзи ҳам ётди. Эри бош қўядиган ёстиқни муштлаб-муштлаб қаппайтирди. “Ёлғиз ўзи ётмайди, барибир ёнимга ётиб, овутиш учун бағрига босади, эркалатади…”
У шундай хаёл қила-қила тескари ўгирилиб ухлаб қолди.
Эрталаб турса, ёнида эри йўқ. “Ҳатто ёнимга келиб ётмадиям. Мени кўргиси йўқ. Бўлди, энди бўлди. Кетамиз, ўғлим, кетамиз. Кўнгилсиз турмуш барибир турмуш бўлмайди”, деди.
Ўкинч ҳам алам билан орқасига бурилиб қаради: “Ақалли хонасидан чиқиб, кўнгил учун бир оғиз кетма, демади-я. Қишлоқилигига борди-да… Ҳеч бўлмаса, ўғли билан хайрлашмади-я. Шунчалик жонига теккан эканман, шу кунгача билмабман”.
Эшик қўнғироғи жиринглади.
Барчиной эшикни истар-истамас очди. Остонада Ўролбойнинг қишлоқда яшайдиган тоғаси билан икки нотаниш одам турди.
Барчиной зўрға жилмайиб, меҳмонларни ичкарига таклиф этди.
Ўролбой чиқди. Меҳмонлар ўтирди. Сўрашдилар.
– Эртага қурултой экан, шунга келиб эдик. Бир кўриб кетайлик деб… – деди тоғаси.
– Яхши, яхши, – деди Ўролбой сохта жилмайиб.
– Ҳа-а, ишлар яхшими ўзи, шоир? Шеър планлари қалай бўлаяпти? Шеър планларини ошириб бажараяпсизми? Мана, биз пахта планларини юз эллик процентга бажардик. Биз ҳақимизда ҳам шеър ёзинг энди…
Ўролбойнинг тоғаси дала ишларини гапираётиб, дастурхон тузаётган Барчинойнинг юзидаги кўкариғни кўрди.
– Э, юзга нима бўлди, келин?
Ўролбойнинг юраги “шув” этиб кетди. Ирис қоғозидаги кучукчага тикилиб, бир дақиқа нафас олмай қолди.
Барчиной жилмайиб, кўкариғни силади:
– Ҳозир янги уйларга манавинақа линолиум тўшалади. Бу ўлгур ювса сирғанчиқ бўлиб қолади. Кеча юваётиб денг, сирғаниб кетиб, юзим билан тушсам бўладими…
– Уҳ, чуқ-чуқ, эҳтиёт бўлинг-е, иш адо бўлармиди…
Ўролбой энтикканидан нафаси титраб кетди. Бошини янада эгиб қизарди. Барчиной ҳам қизарди. Тураётиб, меҳмонларни дастурхонга уннади:
– Олинглар, олиб туринглар. Ўролбой ака, чойдан қуйинг.
Ўролбой шундагина ўзига келди. Бўш пиёлаларга чой қуйиб, қани, олинглар, деди.
Меҳмонлар ҳалигидай арзимаган фалокатлардан келиб чиқадиган бахтсизликлар ҳақида эшитган-билганларини гапириб ўтирдилар.
Барчиной овқатни олиб келди. Дастурхонга болгар коньяги билан шампань виносини қўйди.
– Манавиларни қуйинг, Ўролбой ака.
Ўролбой қадаҳларга коньяк қуйди. Тоғаси боши билан Ўролбойни кўрсатиб, Барчинойдан сўради:
– Шоир қалай, келин?
– Яхши, жуда яхшилар.
– Агар сал ёмонлиги бўлса айтаберинг, гапиришиб қўямиз?
– Йўқ, нега энди, яхшилар. У кишини ойимларам мақтайдилар…
Ўролбой ён-верига аланглади. Меҳмонларнинг олишини кутиб ўтирмай, қадаҳдаги коньякни бир кўтариб ичиб қўйди. Барчиной эрига тузланган бодринг узатди. Эри коньякнинг зўрлигидан кўзларини юмиб, бодрингни олди.
Меҳмонлар узоқ ўтириб, уларни қишлоққа таклиф қилиб кетди.
Ўролбой меҳмонларни кузатиб қўйиб, ишхонасига кирди. Йиғма каравотга чалқанча ётди. Қўлларини чалиштириб, боши остига қўйди. Ўтган воқеани шоирона мушоҳадалади… Юзларида табассум ўйнади. Ирғиб туриб, деразадан ташқарига қаради. Икки кафтини бир-бирига завқ билан ишқади. Папирос чекавериб сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайди. Орқасига кескин бурилиб, меҳмонхонага кирди. Барчиной йўқ. Эшик тарафга юрди. Барчиной эшик олдида қовоғини уюб, лабларини чўччайтириб, аравачада ўтирган ўғлини чойшабга ўради.
Ўролбой унинг қўлини ушлади.
– Қўй энди, одам қизиганда нималар қилмайди.
Барчиной унинг юзига қарамай, қўлини силтаб ташлади.
– Барчиной, биласан, шоир халқининг асаби ёмон…
Барчиной индамай, яна эшикка қўл чўзди.
Шунда Ўролбой унинг қўлидан ушлаб, яна ўзига қаратди-да, белидан маҳкам қучоқлаб… ўзи кўкартирган ўша ёноқларидан ўпди. Лабларини Барчинойнинг лабларига узоқ босиб турди.
Барчиной эрининг бўйнига осилиб… йиғлаб юборди. Унинг кўзларидан оқаётган илиқ ёшлар эрининг бўйнига томди…
Оқшом бир-бирига тикилиб, юзма-юз ўтирдилар.
Ўролбой меҳмонлардан қолган коньякдан бир қадаҳ ичди. Барчинойга термулди. Олис термулди… Барчиной кўзларини олиб қочди. Кўзлари учрашиб, бир сонияча тикилиб қолдилар. Ўролбойнинг қалбида аёлига шундай илиқ, маъсум туйғулар кўпириб тошдики… Бу туйғулар ўша синфдошининг кўзлари билан кўзлари учрашганда… Ҳа-ҳа, ўшанда шундай кўпириб тошган эди…
1970 йил.
Юрт қўшиғи
Бадиа
Аёлимиз айтади, уйқунгизда гапириб чиқасиз, дейди.
– Нимани гапириб чиқаман? – сўрайман ундан.
Аёлимиз тайин бир нима деёлмайди. Бир ундай дейди, бир бундай дейди. Чин, мен учун кеча-да бир бўлиб қолди, кундуз-да бир бўлиб қолди. Кўзим илиндими, бўлди, тушимга бир нималар киради. Уйқумда қаерлардадир нималардир қилиб юраман. Тушимми-ўнгимми, билмайман. Кунлар ўнгимда қандай кечса, уйқумда-да шундай кечади. Эл билан кўришиб-сўрашаман, гаплашаман, талашиб-тортишаман, қаҳ-қаҳ уриб куламан. Кейин… йиғлайман! Йиғлабйиғлаб… пахта тераман! Йиғлаб кўзларимни очаман. Теварагимга қарайман. Кўзларимда ёш йўқ бўлади.
Аёлимиз билан болаларимиз пиш-пиш ухлаб ётади.
– Босинқираяпти, ўнг ёнбошига ағдарилиб ётсин, – дейди аёлимиз.
Ўнг ёнбошимга бурилиб ётаман. Бу сафар бир адирдан кетабераман, кетабераман. Адир охири кўринмайди. Олисларга қарайман. Олислар йўқ. Зимзиё. Далаларга қарайман. Далалар-да йўқ. Оёқларим остига қарайман. Ер-да йўқ. Оёғимни мўлжаллаб босиб, ерни излайман. Ерни топаман.
Зулматдан қутулиш учун сойга қараб энаман. Оёғим ерга тегмайди. Зим-зиё ҳавода саланглаб қолади. Зулматда учиб кетаман. Учиб кетабераман, кетабераман. Қаерга тушаман, ўзим-да билмайман. Қўним ер тополмайман. Ана энди ўлдим, дейман. Шунда, пойимда ўркач-ўркач қирлар, улкан-улкан тошлар қора беради. Дарахтлар, сувлар ранг беради. Зўр бериб дарахтлар узра тушайин, дейман. Дарахт шохлари тирнаб ташласа-да майли, омон қоламан, дейман. Қучоқларимни катта очаман. Мисоли сувда сузмишдай, дарахтлар томон талпинаман.
Ўнқир-чўнқир тошларга “гурс” этиб тушаман. Жонҳолатда тўлғанаман. Танам “зирқ-зирқ” этади. Кўзларим очилиб кетади. Бир бошқа бўлиб қоламан. Деразага қарайман. Дераза оқариб келаётган бўлади. Туриб туролмайман, ётиб ётолмайман. Бир таним бу дунёда, бир таним ўзга бир дунёда ётгандай бўлади. Шунда… шунда бир нима шовуллайди. Сел бўлиб сел бўлмайди, мусиқа бўлиб мусиқа бўлмайди.
Бир вақтлар колхозимиз радиоузелчиси Қудратбой уйимиз деворига майдагина радио осиб қўйди. Радио саҳардан ётаргача гапирди, ашула айтди. Аввал-аввал зиғир мойдай ёқди. Кейин-кейин қулоқ-мияни еди. Жонга тегди. Бемаҳал қичқирар хўроз бўлди-қолди. Гапираберади, ашула айтаберади. Номи ашула бўлса бўлди, айтаберади! Эл-юртга ёқадими-йўқми, барибир айтаберади! Болалар овозини пасайтириб қўяман деб, бир-икки марта девордан тушириб юборди. Радио палағда бўлиб қолди. Бор-е, дедим-да, омборхонага отиб юбордим. Шу билан қулоғим тинчиди-қолди.
Ўғлимиз омборхонани титкилабди. Ана шу радиони топибди. Бинойидай созлабди. Деворга осиб қўйибди. Билдим, ана шу радио шовуллаяпти!
Ўй-хаёлларим учди-кетди. “Дик” этиб жойимдан турдим. Апил-тапил кийиндим. Селдай шовуллаш кўнглимни эзиб келаберди. Шундай қайғули шовуллаш, шундай кўнгилни вайрон қилувчи шовуллаш! Қарадим, аёлимиз сигир соғаяпти. Аёлимиз олдига бордим.
– Ай, Ойсулув, бирон катта-патта ўлибдими дейман, эшитаяпсанми? – дедим.
– Каллаи саҳарлаб гапирган гапини…
– Чин-да, қара, бундайин куйни мотамда чалади.
– Кўп гапирмасин, мол сут бермай қўяди.
– Бўлмаса, эси жойида одам каллаи саҳарлаб шундай куй чаладими?
– Радио ҳар саҳарда шундай чалади. Нафасини иссиқ қилсин.
– Қара, кўнгилни ер билан яксон қилади-я…
Армиядалигимда бизни Суздаль деган шаҳарга саёҳатга олиб боришганди. Жуда бир ҳашамдор қасрга олиб киришди. Шунда, мунгли айтиб йиғлаш эшитгандим. Бир тўда аёл димоғида айтиб йиғларди.
Бизни эргаштириб юрган аёл тушунтириб берди. Айтишича, Пётр I деган ўрис подшо Россияда қайта қуриш бошлабди. Унинг Лопухина деган аёли бор экан. Шу аёли ҳадеб подшолик ишига аралашаберибди, аралашаберибди.
Шунда Пётр I сенми ҳали эркаклар ишига аралашадиган, дебди-да, аёлни Суздалдаги ўша монастирга сургун қилибди. Сочларини таг-туги билан қириб ташланглар, дея фармойиш берибди.
Подшо фармойишига биноан, аёлнинг сочларини пакки билан қириб ташлабдилар! Суздаллик аёллар подшо аёли ҳолига ачиниб, айтиб-айтиб йиғлабди. Ўшандан буён монастирга томошага келгувчиларга ана шу айтиб йиғлашни эшиттириб турар эканлар.
Мен ўйлай-ўйлай, ана шу айтиб йиғлашни эсладим. Ҳозир эшитаётганим… ўша айтиб йиғлашга жуда-жуда ўхшаб кетди!
Шовуллаш юракни эзгандан-эзди. Кўнгилга қайғу солди. Кўнгилга таҳлика солди.
– Нимага анқайиб қолди? Борсин, юз-қўлини ювсин. Нима, дунёни энди кўраяптими? Радио ҳар саҳарда чаладиган соз-да.
– Унда, нимага мен эшитмаганман?
– Бу киши қаердан эшитади, тонг ёримай далада бўлса…
Шовуллаш орасидан овоз келди:
…Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё,
Дарёлар бўйида эдик сувга зор…
Энди билдим, ўйлаб-ўйлаб топдим. Бу ўзимизнинг эл-юрт қўшиғимиз бўлди…
Уйқуни ярим ўлик, дейдилар. Одам тонг саҳарда уйқусираб туради. Дунёни энди кўраётгандай бўлади. Дунёга уйқусираб қарайди, босинқираб қарайди, илтижо билан қарайди. Дунёдан нажот истайди. Дунёдан илинж истайди…
Дунё таги оқариб-оқариб кела беради.
Тонг еллари юзларни силайди. Тан-жонни ҳузурлайди. Кўнгилни тўлдиради. Кўзни тўйдиради.
Дунё шундай бир вақтда… тонг дея аталмиш хушрўй бир вақтда… биров қайғули ашула айтиб бошласа нима бўлади? Одам уйқудан уйғонганларига пушаймон бўлади! Кўнгил тундай бирён бўлади! Тонг – тун бўлади!
…Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё,
Дарёлар бўйида эдик сувга зор…
Радио эл-юрт қўшиғини айтаяптими, ё, айтиб йиғлаяптими? Айтиб йиғласа, нима деб йиғлаяпти? Ай, Деҳқонқул, боя олам зим-зиё эди, қоп-қора тун эди, сен ёруғ шуълага зор эдинг, қултум сувга ташна эдинг, хокисор эдинг. Ана, энди тонг бердим, энди сенга сув бердим. Бор, энди мени шарафла-да, энди мени улуғла-да, олти миллион тонна пахта териб бер, дея айтиб йиғлаяптими?
Қайси бир йили Термизга бордим. Бекатда ўғлим билан автобус қараб қолдим. Сомса олиб едим. Шунда бир бурчакдан қўшиқ эшитилди. “Ялт” этиб, қўшиқ эшитилмиш тарафга қарадим. Бир бўзбола магнитофон қўйди. Одамлар лаш-лушини кўтариб, қўшиқ олдига бориб турди.
Сомсани қоғозга ўраб, мен-да қўшиқ олдига бордим. Магнитофон теварагини одам босди. Қўшиқ эшитиб маза қилдим. Аммо сўзларини тушунмадим. Боиси, қўшиқ бир ажнабий тилда бўлди. Ўзимча, ишқкўнгил қўшиғи бўлса кераг-ов, дея ўйладим. Боиси, қўшиқ кўнглимга зиғир мойдек ёқди. Яхшилаб эшитиб олайин дея, сомсамни емай турдим. Бўзбола магнитофонини қўлтиқлаб жўнади. Сомсахонага борди. Магнитофонини деворга суяб қўйди. Ўзи панжарага суяниб, сомса еди. Ўғлимни эргаштириб, бўзбола кетидан бордим. Бўзбола тағин магнитофонини қўлтиқлаб жўнади. Сувхона олдига келди. Магнитофонини сувхона пештахтасига қўйди. Бир қўлини белига тираб сув ичди. Бир менмикан десам, бошқалар-да қўшиқ кетидан эргашиб келди.
Қўшиқ ниҳоялади. Биров бўзболадан: бу қандай қўшиқ, дея сўради.
Бўзбола елка қисди.
– Отини билмайман. Афғонистон гимни, – деди. – Аҳмад Зоҳир айтади.
– Эл-юрт қўшиғи дейсиз-да?
– Шул-шул!
Хаёлимга ўша қўшиқ келди. Қўшиқни деб, бегона бўзбола кетидан эргашиб юрганларимни эсладим.
Гап очилиб қолса… афғон ҳамсояларимизни камситамиз. Қолоқ, дея бурнимизни жийирамиз. Осмондан келиб куламиз! Ана, эл-юрт қўшиғи қандай бўлади!
Тонг саҳарда эл-юрт узра шундай бир қўшиқ таралса… Эл-юрт қўшиғида юртимиз суврати бўлса… элимиз руҳи бўлса… эл-юрт сози бўлса… эл-юрт қўшиғини эшитиб, одам яшаган сайин яшагиси келса… пахта терган сайин тергиси келса…
Эл-юрт қўшиғини эшитиб, ажалга-да борса одам.
1991 йил.
Мақолалар
МЕН-МИ?
– Менми? Мен “Отамдан қолган далалар” деган бир асар дардида юрибман. Эҳтимол роман бўлар, эҳтимол қисса бўлар? Билмадим. Ишқилиб, кўнглимда борини тўкиб соламан. Асар воқеаси шу кунларда кечяпти, одамлари шу кунларда яшаяпти. Асарга синчковлик билан қарасам, бир жойи китобий, яна бир жойи интеллектуал прозага ўхшаб қолибди. Билиб-билмай, Ғарб оҳангларига ўйнаган жойларим ҳам бўлибди, ёлғон-яшиқлардан сюжет яратиб, қойилмақом қилиб, бураб ташлабман. Фақат одамларнинг исми шарифи бизники демаса, қолганлари, билмайман, кимники… Қарасам, оёғим ердан узилгандай бўлибди. Москвада ўқиб келдим, балки шундандир? Эҳтимол! Шу боисдан бир оёғим Тошкентда, бир оёғим Сурхондарёда бўлиб қолди. Кўпни кўрган деҳқонлар даврасида бўлдим, дала кездим. Деҳқоннинг, даланинг ҳидини олдим. Ниҳоят, оёғим яна ерни топди, яна оёғимни ерга қўйдим. Асар кўнгилдаги куйга тушди. Асар янада кўнгил куйига тушсин учун шу эрта кўкламдан бошлаб Сурхондарёга кетаман.
Ажаб ижодкорлар бор-да. Бир ижодкор мени пассивликда айблади. Адиб граждан бўлиши керак, мана, Орол қуриб кетаяпти, дея пичинг қилди. Дарҳақиқат, бу ижодкорнинг тала-тўпи оламни бузади. У – “жасур ватанпарвар”, у – “оташин граждан”, у – тирноғидан сочигача қайта қуриш, ошкоралик, демократия “яловбардор”и. Экран, радио, матбуот, минбарларни ҳеч кимга бермай наъра тортади. Шу “ёниқ” ижодкордан Оролнинг энг чуқур жойи неча метр, дея сўрадим. “Оташин граждан” елкасини қисди, билмади. Сўнг: “Оролнинг жами майдони қанча?” – деб сўрадим. “Жасур ватанпарвар” бош ирғаб, билмайман, деди. “Ўзи, Орол қаерда?” – дея тағин сўрадим. “Табиат муҳофазачиси” шимол тарафга қўл силтаб: “Где-то, Қорақалпоғистонда”, деди. Мен харитани очиб, унга Оролни кўрсатдим. У Оролга тикилиб: “И-я, Оролнинг ярми Қозоғистонга қарар экан-ку!” деди. Қаранг, “табиат куюнчаги” Оролнинг юзига ақалли харитадан бўлсаям бир қараб қўймаган экан! Шу ижодкор Орол ҳақида шеър ёзди. Шеърдаги ҳар бир сатр охирида “Орол” сўзи такрорланади. Мен эринмай, “Орол” сўзининг ўрнига “севгилим” сўзини қўйиб чиқдим. Ҳеч нима ўзгармади!
Энди яна бир табиат куюнчагига эътибор беринг. У канадалик адиб Эрнест Сетон-Томпсон. У табиатни, хусусан, жониворларни асраш ҳақида асар битмоқчи бўлади. Асарга тайёрланиш учун икки юздан зиёд ҳайвонлар расмини чизиб чиқади. Икки мингтача ҳайвонлар, қушлар терисини, патини йиғиб, ўрганади. Кундалик дафтар тутиб, ҳайвонлар, қушлар ҳаётини ёзиб боради. Бу кундалик қалин-қалин ўттиз томга етади! Ниҳоят, шулардан келиб чиқиб, “Жониворлар ҳақида ҳикоялар” деган жахонгашта асарини яратади. Мен шу асарни ўзбекчалаштирдим. Асар йигирма беш босма табоқдан иборат бўлиб, табиат, жониворлар ҳақидадир. Унда отлардан тортиб, мушуклар образигача бор. Асар ҳадемай Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босмадан чиқади.
Жойснинг “Улисс” романи рус тилига тўлиқ таржима қилинаяпти. Москвадалигимда таржимонни топиб, айланиб-ўргилдим, эридим. У қўлёзмани бермади, таржима ҳали битгани йўқ, деди. Менинг ниятим – романни қўлёзмадан пешма-пеш ўзбекчага таржима қилиб, рус тили билан баб-баравар ўзбек тилида ҳам чоп эттирмоқчи эдим. Бўлмади. Яна-тағин кўрамиз…
1988 йил.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?