Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (1 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 38 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Тайсала ибн Миёсдан “Дўзахдан қўрқиб жаннатга киришни хоҳлайсанми?” деб сўрадилар. “Албатта хоҳлайман”, дедилар Тайсала. “Ота-онанг тирикми?” – деб сўрадилар. “Отам вафот этганлар, аммо онам борлар”, дедилар Тайсала. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар дедиларки: “Катта гуноҳлардан ўзингни сақлаганингдан кейин онангга қаттиқ гапирмасанг, унинг об-овқатини бериб турсанг, албатта жаннатга кирасан”, – дедилар.

Ривоят қиладиларким, бир киши Ҳажга бормоқчи бўлди. Аммо кекса онасини ёлғиз ташлаб кетишга кўзи қиймади. “Устозга бораман, нима десалар шу”, деб ҳазрати шайх Абу Ҳозими Маданий ҳузурларига келди. Шайх ҳазратлари ухлаётган эдилар. Уйғониб дедиларки: “Ушбу дам тушимда Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) кўрдим. Дедиларки: “Ҳажга кетмоқдан кўра она ҳаққини сақламоқ сенга яхшироқдир”. Сен онангнинг ризосини истаки, Аллоҳнинг ризоси шундадир”. “Насойим ул-муҳаббат”да гўзал бир ҳикмат бор:

Хожа Абдуллоҳ Ансорий дебдурким, Исмоил Даббос дедиким, ҳаж ниятида сафарга чиқиб, Шерозга етишдим. Бир масжидга кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўтириб, ҳирқасига ямоқ соларди. Салом қилдим ва ўтирдим. Мендан сўради:

– Не ниятинг бор?

Дедим:

– Ҳаж ниятим бор.

Деди:

– Онанг борми?

Дедим:

– Бор!

Деди:

– Қайтиб, онангнинг хизматига бор!

Бу сўз менга хуш келмас эди. Деди:

– Нега тўлғонасан? Мен бошяланг, оёқяланг, ёлғиз ва озуқасиз эллик марта ҳаж қилганман. Барчасининг савобини сенга бердим. Сен онанг қўнгли шодлигини менга бер!

Онасини бир эмас, юз марта Ҳажга олиб бориб, бошқа пайт кўнглини ранжитувчилар шу ҳикматлар мағзини чақиб кўрсалар ёмон бўлмас. Онасини ранжитган бир қизга қараб Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат сени қорнида тарбия этган ким? Ўлим жари ёқасига келиб, сени туққан ким? Сени икки йил эмизган ким? Сени балоғатга етказиб узатган ким? Шу онанг! Агар шу онангни рози қилмасанг, жаннат сенга ҳаром!..”

Ҳа! Кўрнамак фарзанд бегонадан ёмон. У жиноятчидир, чунки онага нисбатан эътиборсиз бўлишга фарзанднинг ҳаққи йўқ!

Она муҳаббатидан муқаддасроқ ва беғаразроқ ҳеч нарса йўқ; ҳар қандай меҳр-муҳаббат, ҳар қандай эҳтирос унга нисбатан ё ожиз ё ғаразлидир. Киши болаликдан она кўзларига боқиб, улардаги ташвиш ва ҳаловатни, тинчлик ва ҳаяжонни кўришга ўрганмаган экан, бир умрга ахлоқий жиҳатдан ногирон бўлиб қолади.

Қабристондаги тошларга “Онажон, Худо раҳмат қилсин!” каби ёзувларни ўқиш мумкин. Марҳумаларга атаб қимматбаҳо тошлар қўйишади. Баъзи танишлар келиб “Онамга тош қўймоқчиман, чиройли сўзлар ёзиб беринг”, дейишади. “Ажаб! Наҳот ўзининг қалбида онасига аталган чиройли сўзлар йўқ бўлса?” деб ўйлайман. Онанинг ўлимидан сўнг қанчалик чиройли сўзлар тўқимасин, бу сўзларни энг қимматбаҳо мармар тошга тилла билан ёздирмасин, тириклигида бир бурда қотган нон билан йўқлаши ўрнини боса олмайди.

Ҳар йили баҳор қувончи Оналар байрами севинчидин бошланади. 8 март арафасида деярли барча ишхоналарда дастурхон тузалиб, тантана қилинади. Ёқимли гаплар кўпроқ гапирилади, табриклар янграйди. Байрамни ҳар ким ҳар хил кутади. Байрам ҳақидаги тасаввури ҳам турлича. Мен бундай байрамларни инсонийлик бурчни яна бир карра эслатиб турувчи кун сифатида қадрлайман. Бугун иш жамоаларида ҳамкасб аёлларни табриклагач, оналарни табриклаш ҳам зарурлигини унутмаймизми? Баъзиларимизнинг оналаримиз бошқа шаҳарда яшайдилар. Бориб табриклашга имконимиз бўлмаса, бир ҳафта олдин табрик хати жўнатдикми ё танишларимиз орқали ҳеч бўлмаса битта рўмолчани совға қилиб юбордикми? Бу кунни байрам деймиз. Шу байрамда марҳум оналарни, опа ёки сингилларни эслаймизми? Она қабрига борамизми?

Булар ҳақида ҳам ўйлаб туришимиз керак.

Биз – ўзбекларнинг яхши одатларидан бири – таниш билан сўрашганда албатта “ота-онанг яхши юришибдими?” деб сўрашади. “Ҳа”, деб жавоб берилса, “Ота-онанг омон экан, сен дунёдаги энг бахтиёр, энг бой одамсан”, деб дуо қилишади.

 
Майса қайта кўклар, йўллар қайта ўрлар,
Дарахт қайта гуллар кўклам кўк пайти.
Биргина одамлар, пешонаси шўрлар
Кетганча кетади, келмайди қайтиб.
Атрофда осойиш, сокиндир тўрт ёнинг,
Сен шошил, онангнинг оёқларин ўп.
Сочлари оқариб жим ўтирган онанг
Қайтмас йўлда кетиб бормоқда шип-шип…
Сени ўпаётиб, устинг ёпаётиб
Ширин таъмлар тотиб онанг кетмоқда.
Тунда тошдан қаттиқ боши ёстиғига
Болишига ботиб онанг кетмоқда.
Огоҳ бўл! Қачонки биз ундан толамиз,
У қушдай беозор учиб кетар жон.
Учарки, учганин сезмай қоламиз.
Қувиб етолмаймиз кейин ҳеч қачон…
 
(Ҳалима Худойбердиевадан)

Фарзанд ўз бахтини, ўз бойлигини асраши учун ўз бурчини тўла адо этиши шарт. Ҳар кун, ҳар соат, ҳар нафасда бу бурчига содиқ бўлмоғи зарур!

Баъзилар оналарини кечира олмасликларини айтадилар. Тоғаларимнинг катта бувимга нисбатан таъналарини айтдим. Радиода ишлаганимда рус таҳририятида Самохвалова деган аёл ишларди. Исми Елена, лекин ҳамма уни “Лола” деб атарди. Айтишларича, ёшлигида Ғафур Ғуломнинг эътиборини тортиб, “Лола” исми жисмига монанд топилган бу гўзал хоним энг маҳоратли радио мухбир саналарди. Касбда аълочи бўлгани билан одобда ғоят қолоқ эди. Бир куни сигаретни тутата туриб онаси Киевдаги “Қариялар уйида” эканини айтди. Бу аёл ҳар йили ёзда опаси билан Қримга дам олгани борарди. Поччаси нозик идораларга яхши хизмат қилувчи ижодкорлардан бўлгани учун ёзувчиларнинг денгиз бўйидаги ижод уйига боришарди. Навбатдаги шундай сафарга отланаётганида мен “Йўл-йўлакай онангизни ҳам зиёрат қиласизми?” деб сўрадим. “Йўқ, – деди у бамайлихотир, – онамни кўрмаганимга анча йил бўлди, хат ҳам ёзмайман. Очиғини айтсам, тирикми ё ўлганми аниқ билмайман”. Бу гапдан ҳайратга тушдим. Эркак бўлганида сўкиб юборишим тайин эди. “Сен Лола эмас, шумғия экансан!” дегим келди. Ғазабланганимни фаҳмлаган Самохвалова “Сен онамга ачинма, у шундай азобга лойиқ аёл. У опам иккимизни етимхонага топшириб, ўзи урушга кетган”, деди. Маълум бўлишича, эри жангда ҳалок бўлганини билган аёл икки қизини етимхонага бериб, ўзи қасос олиш мақсадида урушга кетган экан. Урушдан кейин қизларини етимхонадан олиб бирга яшаган, лекин бағритош қизлар уч йиллик умрининг етимхонада ўтгани учун онани кечиришмас экан. Бу ҳар қандай лаънатга лойиқ ҳолат эди. Онаси “Қариялар уйи”да жон беришдан олдин уларни қарғаганми ё йўқми, билмайман. Лекин бу аҳмоқ хотинни Худо урганига кўпчилик гувоҳ бўлди. Аввало зурриёт қолдирмади, изсиз кетди. Ёлғиз яшар эди, ўлганини қўшнилари ҳам билмай қолишибди…

Бу воқеаларни эслашимдан сабаб: ҳозирги доруломон кунларда ҳам болаларни етимхонага берадилар. Етимхонанинг эндиги номи – “Меҳрибонлик уйи”. Номи ўзгарди, шароитлари ҳам яхши. Лекин етимнинг номини ўзгартириб бўлмайди. Унинг қалб жароҳати ҳам ўзгаришсиз қолаверади. “Меҳрибонлик уйи”даги тўкин дастурхон, чиройли кийимлар… бу қалб жароҳатига малҳам бўла олмайди. Она меҳри ўрнини ҳеч нима босолмайди. Оналар гўдакларини чап кўкракларига – юракларига босиб кўтарадилар. Она юрагиниинг тафти гўдак қалбига эҳтимол шу тарзда кўчар. Оталар эса ўнг кўкракларига босадилар, бу ҳам ажиб ҳол! Ачинарлиси эса, “Меҳрибонлик уйлари”даги болалар ғирт етим эмаслар. Ота-оналари бор. “Ғирт етим” дейилгувчи болаларни оналари туғиб ташлаб кетган. Вақти-соати келиб, у оналар ҳам, бу оналар ҳам афсус дўллари остида азоб чекмасмикинлар?

 
Тарк этамиз кимни доимо,
Оғушида бир зум қолмаймиз.
Кимни олис ҳижронда ҳатто,
Соғинмаймиз ёдга олмаймиз?
О, бу она, сенсан, онажон.
 

Меҳрибонлик уйларида болалар ота-она меҳрига ташна бўлиб яшайдилар. Бир етим бола “Адам билан ойим келмайдилар, бобожоним келиб турадилар”, дейди. Ота-онаси тирик бўла туриб етим қолган бу боланинг ўкинч тўла юрагида яна қанчалар нафрат бор экан! Унинг ота-онаси эҳтимол ажрашиб кетгандир, сўнг ҳар бири бошқа оила қургандир. Бошқа оиладан фарзандлари бордир. Юракнинг бир парчаси бўлган болани етимхонага ташлаб қўйиб хотиржам яшовчиларни одам дейишга тил бормайди. Булар-ку майли, наҳот ўша етимларнинг амакилари ёки тоғалари, аммалари ёки холалари бўлмаса?! Жиянларини бағирларига олиб, ўз фарзандлари қаторида вояга етказиш савобидан нечун улар бебаҳралар?

Яқинда Самарқанддаги “Меҳрибонлик уйи”га бораётганимизда мухбир синглимиз: “Қадимда “Меҳрибонлик уйи” нима деб аталган?” деб сўради. Жавобим қисқа бўлди: “Бизда илгари етимхоналар йўқ эди. Бизда иймон эгалари кўпроқ эди…”

Фарзандларининг бемеҳрлигидан шикоят қилувчилар ҳам бор. Шулардан бири: “Мен отам ўлганида йиғламадим, онам ўлганида йиғламадим, ич-ичимдан эзилдим. Энди шу ёшга кириб, болаларимдан меҳр кўрмай йиғлаяпман”, деди.

Мен у кишининг ёшлигини, кейинги ҳаётини ҳам билардим. Уйлангач, алоҳида уй қилиб чиқиб кетган, ота-онасидан ойда бир хабар оларди, бўлмаса йўқ. Баҳонаси: “Илмий ишлар билан бандман!” Балки ота-онаси билан видолашаётганда йиғлаганида – ҳозир ўз қадрига йиғламасмиди… Ота-онанинг ўлимидан сўнг ука-сингиллари билан ҳам узоқлашди…

Отани хорлади, онани солди қайғуга,
юз ўгирди қариндошдан ҳам.
Тамумга сафари муборак бўлсин.

Фарзандларидан нолийдиган одамлар оз эмас. Отанинг фарзанддан нолишига ҳаққи борми? Йўқ. Боғбон шафтоли данагини экиб ниҳол ундирса, сўнг бошқа нав шафтолининг новдасини олиб келиб, пайванд қилса, сўнг парваришласа-ю, у дарахт ширин эмас, аччиқ ёки нордон мева тугса. Бунга дарахт айбли бўладими ёки ўша мевами? Боғбон қандай данак эккан эди, аниқ билармиди? Қандай новда улади, сувдан вақтида хабар олиб турдими, кераксиз новдачаларни кесиб қўйдими, дарахт барглари офтоб нуридан етарли баҳра олдими?

Фарзанд отанинг пушти камаридан дунёга келган бўлса, уни отанинг ўзи тарбия қилгани ҳолда яна нолиса? Илмий жиҳатдан, ирсият қонунлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ота-онанинг феъли, табиати фарзандига ўтади. Меҳрибон одамдан бемеҳр бола туғилмайди. Тўғри, кейинчалик атроф-муҳит бола онгига, хулқига таъсир қилади. Лекин ота-она ана шу таъсирни ҳам бошқаришлари шарт. Агар ота бўлмиш ўзининг ота-онасига, ака-укалари, опа-сингилларига меҳрибон бўлса, ширинсўз бўлса, уларнинг қадрига етса ва буни боласи кўриб, билиб турса бу фарзандга ортиқча гапнинг ҳожати йўқ.

Биз фарзандимиздан нолишдан олдин “Ўзимиз фарзанд бўлиб ота-онамизга қандай ҳунарлар кўрсатган эдик?” деб ўйлаб кўрайлик. Балки ота-онамизга қилган қилиғимиз энди фарзандимиз воситаси билан ўзимизга қайтаётгандир? Балки орадан йиллар ўтиб ҳаёт кўзгусида ўзимизни ўзимиз кўраётгандирмиз?

Франциядаги бир аянчли воқеани сизлар ҳам эшитгандирсиз?

Бир аёл вафот этган укаси учун қабр қаздиргани мозорга келиб, хилхонасига қараса, гўр устида ўғлининг номи ёзилган. Суриштириб билса, ўғли бир йил олдин вафот этиб, шаҳар ҳокимияти шу ерга кўмдирган экан. “Нега ўғлимнинг ўлими ҳақида менга хабар бермадиларинг?” деб ҳокимиятга даъво қилибди. Қаранг, бир йил мобайнида ўғил битта шаҳарда яшовчи онасини бирон марта йўқламаган, ҳеч бўлмаса телефонда ҳол-аҳвол сўрамаган. Она эса “Ўғлим нега жимиб қолди, тинчмикин ишқилиб?” деб ташвишланмаган. Бундай бемеҳрлик у жамият учун янгилик эмас. Одамлари бунақа воқеага дуч келишганда ҳайратланишмайди, ғазабланишмайди. Албер Камю деган ёзувчининг “Бегона” деган асарига Нобель мукофоти берилган эди. Ҳажми унча катта бўлмаган бу асарга оламга сиғдириб бўлмайдиган бугунги дунё муаммоси сингдирилган эди. “Қариялар уйи”да яшовчи аёл ўлгач, бошқа шаҳарда турувчи ўғлига хабар берадилар. Дафн маросими “Қариялар уйи” ҳисобидан. Раҳбари ўғилдан “Онангизни қайси қабристонга қўямиз?” деса у “Менга барибир”, дейди. Асар қаҳрамони ҳатто ўзининг онаси ўлимига ҳам бефарқ, севги ҳам унинг қалбини юмшата олмайди, хуллас у ҳар қандай меҳр-мурувватдан бегона, руҳсиз бир тана. Асар қаҳрамони оддий бир йигит эмас, балки бугунги Европанинг рамзий тимсоли. Меҳрсизлик оламининг аянчли манзарасини акс эттиргани учун ҳам бу асар мукофотга сазовор бўлган эди.

Франциядаги воқеа таъсирида юрганимда қўлимга бир шеър тушди. Самарқандлик ижодкор Тўра Муроднинг “Онам мени кутади” деган шеърини ўқиб кўзимга ёш келди. Бир нусхасини олдим. Малака ошириш ўқишига келган олти юз милиция ходими билан бўлган учрашувда адабиёт ҳақидаги суҳбатдан кейин шу шеърни ўқиб бердим. Йиғлаб юбормаслик учун бир неча марта чой ҳўплашимга тўғри келди. Ўқиб бўлиб қарасам, офицерларнинг кўпи йиғлаб ўтирибди. Бошқа жойлардаги кейинги учрашувларда ҳам бу манзара такрорланди. Аяжонимни эслаш баҳонасида оналар ҳақидаги фикрларни баён қилаётиб бу шеър ёдимга тушди ва уни сиз –азизларга илиндим. Агар онангиз акангиз ёки укангиз билан яшаётган бўлса-ю, сиз ҳар куни зиёрат қилсангиз ҳам кетадиган пайтингизда “Энди қачон келасан?” деб сўрайди, тўғрими? Кеча оқшомда зиёрат қилиб, бугун чошгоҳда телефонда ҳол сўрасангиз ҳам “Болам, қачон келасан?” деб сўрайди. “Кеча бордим-ку, онажон” , десангиз, “Бугун ҳам келгин, ҳар куни келгин, болажоним, хўпми…” деб зорланади. Шеър ана шундай суҳбатлардан биридан таъсирланиб ёзилган:

 
Энди шоҳи, атлас киймайди онам,
Энди кимхоб, адрас киймайди онам,
Энди зар олиб бер, демайди онам,
Энди онам фақат мени кутади.
Катта шаҳарларга борай демайди,
Париж, Лондон, Римни кўрай демайди.
Япон боғларида юрай демайди,
Энди онам фақат мени кутади.
Сархил таомларга ҳуши йўқ энди,
Тандир кабобларга тиши йўқ энди.
Зиёфатлар билан иши йўқ энди,
Энди онам фақат мени кутади.
Ёқмас тўй-ҳашамлар шовқин-сурони,
Ёқмас неваралар тўс-тўполони.
Сўрамайди кунни, обу ҳавони
Энди онам фақат мени кутади.
У-бу олиб кел, деб ҳеч сўрамайди,
Олган нарсамга ҳам бир қарамайди.
Дер: “Кеп турсанг онанг бил, қаримайди”,
Энди онам фақат мени кутади.
“Болам, бўйингни бир кўрсам бас”, дейди.
“Суҳбатлашиб ўтир, кел, бир пас”, дейди.
“Менга бошқа нарса керакмас”, дейди,
Энди онам фақат мени кутади.
Бормаган бир куним ўн кунга ўтар,
Мен борар йўлларнинг бошида кутар.
Мени кўрса дилдан ғамлари кетар.
Энди онам фақат мени кутади.
Дейди: “Болам, бугун айт, келасанми?
Агар келсанг, ётиб ҳам қоласанми?
Жуда соғинганман, сен биласанми?”
Энди онам фақат мени кутади.
Энди шоҳи, атлас киймайди онам,
Энди кимхоб, адрас киймайди онам.
Тиллолар олиб бер, демайди онам,
Энди онам фақат мени кутади.
Мен-чи?
Кошки, ҳар куни бора олсайдим…
 

Азизларим, эсласангиз, халқимизда “Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада”, деган мақол бор. Бу шунчаки бир ҳикматли гап эмас, балки бемеҳр, лоқайд фарзанд тош юрагининг манзарасидир. Агар айни чоғда бу шеърни ўқиганингизда юрагингиз бир қалқиб тушган бўлса, уни ёд олинг, фарзандларингиз ҳам ёд олсин, унутмасин…

Юқорида оталари ёки оналарини кечирмаган тошбағирлар ҳақида бекорга сўз очмадим. “Тоҳир Малик қарибди, чалғиб, мавзудан четга чиқди”, деган хаёлга борманг. Аяжонимнинг ҳаётларида шундай аянчли воқеалар юз берганки, бу борадаги машаққатларни ҳам сабр, ҳам кечиримлилик билан енгганлар. Тошбағирликдан узоқ бўлганлар. Онадан ёш етим қолиб, она меҳрига зор бўлиб ўсган бўлсалар-да, қалбларида ўзгалар учун меҳр денгизи ҳамиша лиммо-лим бўлиб турарди.

Қойил қолмоқ керак юракка,
муштдеккина бўлса-да ўзи,
кўтаради қоядек дардни.

Болаликларида она меҳрига зор бўлганлари етмагандай ота зулмидан ҳам кўп азият чекканлар. Исмоилхўжа опоқдадамиз жуда сержаҳл бўлган эканлар. Жаҳл келганда болани ҳам, хотинни ҳам аямас эканлар.

“Мусулмонлар тўртта хотин олиши мумкин”, деган маънодаги оятдан баъзилар тўла фойдаланишга уринади. Ҳозир ҳам пулдорлар битта хотинга қаноат қилмай, иккита, имкони бўлса учта хотинга уйланиб олади. Оятни тўғри англаш лозим. Тўртта хотин олишга ижозатдан мақсад маишат эмас, нафс учун уйланилмайди, балки етимларга яхши қараш учун бевага уйланиш назарда тутилган. Оят нозил бўлган замонни эслайлик. Уйланишга ижозат берилгани ҳолда “адолат қилинглар”, дейилади. Банданинг ожизлигини билган Аллоҳ “Барибир адолат қила олмайсизлар”, деб огоҳлантиради. Тўғри-да, катта хотинини алдаб, кичиги билан маишат қилишда қандай адолат бўлиши мумкин?

Ояти каримадаги адолат қилишга эътиборни тортилиши бежиз эмас. Хўп, бугунги кунда қўшхотинлилар қандай адолат қилишади? Камина “Ўткан кунлар” романи ҳақида фикр билдириб, Отабек чин мусулмон йигит эди, иккинчи марта уйланиш ҳақида сўз чиққанда Кумушга маълум қилиб, ижозат олган, мусулмонлик бурчига риоя қилмаса, улардан яширинча Зайнабга уйланиб олаверарди, деб ёзганимга айрим биродарларимиз эътироз билдириб дедиларки: “Иккинчи хотинга уйланиш учун биринчисидан рухсат олиш шарт эмас”. Дуруст, биринчи хотиннинг рухсати шарт бўлмаса, унга маълум қилиш лозимми ё йўқми? “Маълум қилгани дуруст”. Хўп, унда талаб қилинаётган адолат нима бўлади? Бугунги хотинларнинг кўпчилиги кундоши борлигини билмайди. Никоҳ яширинча ўқилади. Эр иккинчи хотини билан яширинча яшайди. Фақат хотинидан эмас, қариндошларидан ҳам сир тутади. Иккинчи хотини висолида маст бўлиш учун биринчисига “узоқ сафарга кетяпман”, деганга ўхшаш баҳона қилади. Яъни, ёлғон гапиради. Бу ҳаракатда қандай адолат бўлиши мумкин? Адолат деганда кечанинг биринчи ярмида биринчи хотин билан, иккинчи ярмида иккинчи хотин билан бўлишгина назарда тутилмайди. Адолатнинг қамрови кенг. Шунинг учун ҳам адолат қила олмасангиз биттаси билан кифояланинг, деб буюрилади. Икки ёки ундан кўп хотин олишнинг шарти шу – адолат ва инсофдир. Қўшхотинли эр шу ояти карима ҳукми ва виждони ҳукми ила фарз бўлган адолатни хотинлари ўртасида ўрнатишига мажбур. Яъни, еб-ичиш, кийим-кечак, уй-жой, эркак мажбуриятида ҳам бир хил муносабатда бўлиши шарт. Илгарилари қизиқ одатлар бўлган экан. Масалан, адолатга риоя этиш учун хотинлардан бири кундошига пул бериб, унинг навбатини сотиб оларкан. Ёки эрнинг ўзи бир хотинига ҳадя бериш билан рози қилиб, иккинчи хотинига бораркан. Аммо ўша даврлардаги Ислом фақиҳлари буни маъқул кўрмай, пулни ва ҳадяни ўз эгаларига қайтаришни лозим билганлар. Адолатнинг бажарилиши вожиб экан, эр бўйнида у абадий қолади.

Набий акрам (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: “Агарда эрнинг икки хотини бўлса ва уларнинг олдиларида адолат қилмаса, Қиёматда танаси яримта бўлғай” .

Бу латифани эшитганмисиз: адолатли кишининг икки хотини бор экан. Шу даражада адолатли эканки, кечани ҳам тенг иккига бўларкан. Шундай бўлибдики, иккала хотини бир кунда, бир соатда, бир дақиқада вафот этибди. Бизда тобутни деразадан олиб чиқиш одати бор. У кишининг уйида битта дераза мавжуд экан. Адолат юзасидан икки тобутни баробар олиб чиқиш учун уйдан яна бир дераза очдирибди. Барча маросимлар тугагач, адолатидан ўзи ҳам мамнун бўлиб уйқуга кетибди. Тушида катта хотинини кўрибди: ғоят хафа эмиш.

– Нега ранжийсан, ҳамиша адолатли бўлдим-ку? – дебди эр.

– Охирида адолатли иш қилмадингиз, сиз барибир кичик хотинингизни кўпроқ севардингиз!

– Бунга асосинг борми?

– Бор, кичик хотинингизнинг тобутини янги деразадан олиб чиқдингиз…

Энди йигирманчи асрнинг дастлабки йилларига кўчайлик. Ҳозир эр хотинни талоқ қилгани билан расмий жиҳатдан ажралиши қийин, кўп ҳафталар, ойлар, ҳатто йиллар талаб этилади. У замонда эса “талоқсан”, дейиш билан оила бузилаверган. Айтишларича, Исмоилхўжа опоқдадамиз ўн тўрт марта уйланган эканлар. Охиргилари Ҳикматхон катта бувимизни биламиз. Опоқдадамизнинг хотинга муносабатларида адолат бўлганига ишониш қийин. Хотинни аёвсиз урар эканлар. “Сизни ҳам урганмилар?” деб сўрадим бир куни Ҳикматхон катта бувимдан. “Бир куни урган эдилар, менам қараб турмадим, бетларини юлиб ташлаган эдим, шундан кейин урмадилар”. (Ҳикматхон катта бувимиз тўнғич фарзандлари – Умиджон тоғамни туққанларида 18 ёшда, Исмоилхўжа опоқдадамиз 68 ёшда бўлганлар). Ҳикматхон катта бувимиз туққан икки тоғам ҳам дадаларига тортган эдилар. Янгаларимизни кўп урардилар. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Ўша воқеани эсласам, ҳозир ҳам юрагим безиллайди. Бизникида дадажоним аяжонимни ҳатто сўкмасдилар, бақирмасдилар. Шундай шароитда улғаяётган боланинг бечора бир аёлнинг калтакланиши, тепкиланишини кўргандаги аҳволини тасаввур қилинг-а! Азизахон, Фотимахон янгаларим бизникига ҳар келишганда аяжонимга ҳасрат қилардилар. Қайноналарига нолишмаган, чунки эрларининг оналарига бўйсунмасликларини билишарди. Гўдакликларида кўп бемеҳрликларга гувоҳ бўлга аяжоним укаларига қаттиқ танбеҳ берардилар. Улар “Хўп, опа, бундан кейин қўл кўтармайман”, деб ваъда қилишарди-ю, жаҳллари қўзиган пайтда бу ваъдаларини унутишарди. Бир куни Тўйтепага борганимизда аяжоним Фотимахон янгамизнинг бетлари кўкарганини кўриб: “Яна уряптими у ярамас”, деб аччиқланганларида янгамиз маъюсгина жилмайиб: “Қўяверинг, опоқ ойи, укангизга индаманг, уриб турмасалар, семириб кетаман”, деган эдилар.

Тоғаларимга қараб туриб, опоқдадамизнинг нечоғли аёвсиз бўлганларини тасаввур этаман. Опоқдадамнинг Булоқбошидаги қўшнилари “товуқ мижоз одам”, дер эканлар. Бунинг маъноси шуки, товуқ жўжаларини қаноти остида авайлаб асрайди, кейин эса чўқиб-чўқиб нари ҳайдайди. Опоқдадамнинг шу феъллари туфайли фарзандлари уйдан қочиб кетиб, жон сақлаган эканлар. Аввал катта ўғил – Маҳмудхон тоғамиз Ўшга, холалариникига қочиб бориб, фуқаролар урушининг қурбони бўлган эканлар. Кейин Мирзакалон тоғам, сўнг аяжоним ота уйидан қочиб кетганлар.

Катта опоқдадамиз бемеҳр бўлмагандирлар, деб ўйлайман. Ўша оғир шароитларда Ҳажга бориб келган одам Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бўлгандир, деб фикр қиламан. Бой бўлганлари учун ҳам бир неча марта уйланганлари табиийдир. Биз иккитасини биламиз. Катта хотинлари Ачахон ойимдан икки ўғил, уч қиз кўрганлар: Исмоилхўжа, Зокирхўжа, Тўпахон, Иномпошша, Тожихон. Иккинчи хотинларидан: Садафхон, Маҳбубахон, Эшонхон, Саидалихон, Пўлатхон.

Катта бувимиз Ачахон ойим гавдалик, сочлари узун ва қалин гўзал аёл бўлган эканлар. Аяжонимнинг, Дамира опамнинг сочлари ҳам шундай эди, қарийб тўпиққа тушарди. Аяжонимнинг қирқкокил билан тушган суратлари ўттизинчи йилларда Москва журналларида ҳам берилган эди. Катта опоқдадамизнинг эса жуссалари кичикроқ бўлган экан. Мирзакалон ва Алихон тоғам, менинг акаларим ўша опоқдадамизга тортганлар. Умиджон тоғам баланд бўйли, бақувват бўлганлар. Урушдан кейин Берлинда ўтқизиладиган тадбирлардаги фахрий қоровулда хизмат қилиш учун бақувват аскарларни саралаб олишганда Умиджон тоғамни ҳам танлашган экан. Бу бўлинмада хизмат қилувчи аскар сержант мартабасида, “Шуҳрат” ордени (“Орден Славы” уч даражадаги бу орден билан тақдирланганлар Қаҳрамон саналишган) соҳиби бўлиши, энг муҳими бўйдор ва кучли бўлишлари шарт экан. Фахрий қоровулда туришганида Англия раҳбари Черчил тоғамнинг рўпараларида тўхтаб “Осиёлик!” деб қўйган экан. Бўй жиҳатдан камина шу тоғамга,демак, Ачахон ойимга тортганман. Исмоилхўжа опоқдадамиз ҳам гавда жиҳатдан оналарига тортган эканлар.

Жуссалари кичикроқ, ўзлари кўримсизроқ бўлган Муҳаммадали хўжа ҳожи опоқдадамизни, кичикликларида бетлари куйган эканми, баъзилар “Куйик ҳожи”, деб ҳам аташган экан. Ўшда, Андижонда дўкон ва ерлари бўлган бой одам фарзанд тарбияси билан шуғулланмагандирки, ўғли оилага, хусусан, фарзандлар тақдирига бефарқ қараган. “Шум бола” кинофильмини эсланг-а? Боғидаги ишлар ўлда-жўлда, ўзи эса Каласда кичик хотини билан айшу ишратда. Бойлар бу борада бир-бирларига ўхшаганлар, деб ўйлайман.

Опоқдадамни ўйлаганимда болаларига меҳрсиз бўлган бу одам қалбида санъат ишқи қанақасига жой олган экан, деб ажабланаман. Исмоилхўжа опоқдадамиз дутор чалишда Андижону Ўш томонларда донг таратган, Октябрь тўнтаришига қадар Холхўжа жўрабоши бўлган улфатнинг булбули саналган эканлар. Холхўжа шўроларга қарши қўлга қурол олиб, тоғларга чиқиб кетгандан кейин ҳам опоқдадамни йўқлатиб турган экан. “Чорраҳада қолган одамлар” (“Девона”) романидаги Норхўжани тасвирлашда Холхўжа ҳақидаги хотиралардан фойдаланганман. Холхўжа 1920 йил баҳорида Шермуҳаммад (халқда “Кўршермат” номи билан машҳур) билан тоғ ошиб Қашғарга ўтиб кетиш чоғида қор кўчкиси остида қолиб ҳалок бўлган, дейишади. Аяжонимнинг айтишларича, у опоқдадамни ҳам кетишга даъват этган, лекин опоқдадам “Деҳқон одамга четда нима бор, менинг ризқим шу ерларда”, деб унамаган эканлар. Турли улфатларнинг зиёфатларига чорлайвериши жонларига теккач, кунлардан бир кун ғазабланиб, дуторни тошга уриб синдирган, шундан сўнг қўлларига соз олмаган эканлар. Ўзлари создан юз ўгирсалар-да, бу санъат Мирзакалон тоғам ва аяжонимга ўтган. Аяжонимнинг дутор чалганларини кўп эшитганман. Уйимизда эски дутор бўларди. Етмишинчи йилларнинг охирларида уйимизда меҳмон бўлган машҳур созанданинг ўғли бу созни кўриб ишқи тушиб қолди. “Пардалари сал сурилибди, тузаттириб келаман”, деб олганича ров кетди. Аяжоним бу дуторни эслаб кўп ачинардилар. Янги дутор сотиб олиш қийин эмасди. Лекин у фақат соз эмас, бой хотира ҳам эди. У одамга буни кўп марта эслатсам-да, дуторни қайтармади. Дутор чалиш дадажоним ва аяжонимдан Ботир акамга ўтган. Мен ҳам ўрганишни бошлаганман-у аммо қунт етишмаган.

Аяжоним тоғам билан Тошкентга келиб, қиз-жувонлар билим юртидаги ўқишни битирганлар, муаллима бўлиб ишлаганлар, кейин ЎзГУ (ҳозирги СамДУ)нинг биология факультетига ўқишга кирганлар. Тўнғич фарзандга ҳомиладор бўлиб “академотпуск” аталмиш бир йиллик таътилга чиқиб, бу таътил умрбод давом этди.

Ўттизинчи йилларда советлар ўзига тўқ деҳқонларга қарши зулмларини бошладилар. Бу ҳаракат халқда “қулоқ қилиш”, деб номланди. Аслида бу русча “раскулачивание” – сўзидан олинган (кулак – мушт, раскулачивание – муштни очиш). Ўрта ҳол деҳқонлар “муштумзўр” деб сифатланиб, “совет ҳокимиятининг душмани”, деб кўрилиб, оилалари билан узоқ юртларга сургун қилинганлар. “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади”, деганларидек, битта сигири бор меҳнаткаш деҳқон ҳам сургун рўйхатига тиркалаверган. Бу офат Исмоилхўжа ва Зокирхўжа оиласига ҳам ёпишган чоғида тоғам опоқдадамни Тошкентга кўчириб келганлар. Зокирхўжа амакимизнинг оилалари эса Украинага сургун қилинган. Уруш пайтида ҳам ўша ерда қолишган. Сталин сиёсатининг яна бир аҳмоқлиги шунда эдики, вақтинча истило этилган жойларда қолган аҳоли ҳам душман саналарди. Бир пайтлар “қулоқ” бўлганларнинг фашистлар истило этган жойда қолиши большевик сиёсатига кўра, гуноҳ устига гуноҳ эди. Бу борада уларнинг фашистлардан фарқи кам эди. Ҳатто баттарроқ зулмкор эдилар. Немислар урушдан кейин асирларни қайтаришга эришиб, уларни қучоқ очиб кутиб олганлар. Советлар эса урушда фашистларга асир тушганларни “хоин” ҳисоблаб, Сибир қамоқхоналарига ҳайдаганлар.

Ўзбекистондан Украинага “қулоқ қилинганлар”га Сталин ўлимидан кейин юртга қайтиш ижозати берилди. Шунда ҳам барча ўзининг қишлоғига қайта олмади. Зокирхўжа амакимизнинг қизлари Душанбе яқинидаги қишлоқларда яшадилар.

Исмоилхўжа опоқдадамиз фарзандлари тақдирига бегоналик қилиб эдилар. Бошқа оилалари бор эди. Лекин шунга қарамасдан тоғам билан аяжонимнинг ота олдидаги фарзандлик бурчлари сўнмаган эди.

Шайхлар дебдиларким: “Волидука – роббука”, яъни отанг – парвардигорингдир. Дейилмиш бу маънодан ширк кўрилмаслиги, аксинча, “тарбиячи Тангрига итоат этганинг каби отага ҳам итоатда тургин”, дейилмиш маънони уқмоқ жоиз. Тангрининг инсон тарбиясига оид амрини болага энг аввало ота-она етказади. Бу ўринда “роббука” – тарбиячи эканига ишора ҳамда масъулият юки ҳам англашилса дуруст бўлар. Халқда “Ҳаким ота” номи билан машҳур зотлардан Ҳаким Сулаймон “ота – қодири қаййум, она – розиқи марсум”, деган эканлар. Яъни ота Аллоҳнинг абадий қудрат эгаси сифатига, она эса Аллоҳнинг барча жонзотга ризқ берувчи сифатига ўхшатиляпти.

Иброҳим Ҳалилуллоҳнинг оталари бут йўнувчи уста Озар эди. Иброҳим алайҳиссалом оталарини бутпарастликдан қайтариш учун насиҳат қилган вақтларида нидо келдиким, таъзим ва мулойимлиқ билан насиҳат қилғил. Тоғам билан аяжоним бу ҳикматларни билганмилар ё билмаганмилар, менга номаълум. Лекин ҳаётлари шу ҳикматга асосан кечганини аниқ биламан. Исмоилхўжа опоқдадамнинг Булоқбошидаги ерлари мусодара этилганида ёшлари етмиш олтида бўлган экан. Шундан сўнг йигирма йилдан зиёдроқ вақт давомида тоғамникида яшадилар. Шу ердан Минор қабристонига кузатилганлар. Ёшлари юздан ошган йили бетобланиб шифохонага ётганлар. Вафот этадиган кунлари аяжоним борган эканлар. Пишириб борган таомларини еб, сув сўраган эканлар. Сўнг қўлларини баланд кўтариб, дуо қилган эканлар.

Яралмиш ҳар бир нарсанинг ҳимоя қобиғи мавжуд. Буни тухум пўстлоғига ўхшатиш мумкин. Одам танасига қарасак, ҳар бир аъзо ўзига хос равишда ҳимояланган. Масалан, юрак, жигар, ўпка…нинг ҳимоя пардаларидан ташқари қовурға ҳам мавжудким, у ташқи зарбалардан асрайди. Суякни қопловчи эт ва терини ҳам ҳимоя воситаси деб атасак, тиббиёт ходимлари бизни хатоликда айблашмас. Санаганларимиз – жисмоний ҳимоя воситаларидир. Хўш, руҳий ҳимоя воситаси борми? Бор! Бу – дуо! Банда дуо қилмаса, бандалик лаззати унга татимайди. Одамни турли бало, офат, фалокатлардан, энг муҳими – ёмон назарлардан дуо иҳота этади. Бу дуо иҳотаси қатма-қат бўлиб, энг қалини, бардошлиси – ота-она дуосидир. Жисмоний иҳота воситаларини одамга Аллоҳ ато этган. Руҳий ҳимоя воситасини эса ҳар бир одам ўз яхшиликлари туфайли барпо этади. Ким ўзгаларга яхшилик қилиб хайрли дуолар олибди, унинг иҳота қўрғони мустаҳкамдир. Ким ўзгаларга ёмонлик истаб дуойи бад (ёмон дуо, яъни – қарғиш) олибди, руҳий иҳоталарни барбод қилибди. Қарғиш – руҳий ҳимоя воситаларини парчалаб ташловчи ғоят кучли қуролдир. Бундан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Қарғиш бу воситани бир зарбада буза олмаслиги ҳам мумкин. Бироқ у айёр ғаним каби пайт пойлайди. Одамни қамал ҳолатига келтириб, уни таъқиб этади. Орадан йиллар ўтиши, одам бировга қилган ёмонлигини унутиши ҳам мумкин. Аммо дилда туғилиб, тилга кўчган қарғиш ўз вазифасини унутмайди. Ташқи зарба туфайли эзилган ёки синган қовурғани даволаш чоралари мавжуд. Бироқ юракдан отилиб чиққан қарғиш зарбасига даво йўқми? Бор. Бу – тавба. Банда кимнинг кўнглини оғритган бўлса, ундан узр сўрамоғи шарт. Аллоҳ шундагина унинг гуноҳини кечиради. “Қарғиш урди” деган иборани “У тавба қилмади, Аллоҳ гуноҳларини кечирмади”, деган тарзда талқин қилсак ҳам бўлади.

Опоқдадам вафот этган йили тоғамни “халқ душмани” деган туҳмат билан 31 декабрь куни қамоққа олишган. “Шайтанат”да Асадбекнинг отасини 31 декабрь куни қамоққа олишларида ўша кунга ишора бор. Кўпчиликка маълумки, улуғимиз Абдулла Қодирий ҳам 31 декабрь куни (1937 йил) қамоққа олинганлар…

* * *

Аждодларим ҳақидаги суҳбатнинг шу нуқтасида тоғам ҳақидаги сўзларни бошлайман. 2008 йили Мирзакалон Исмоилий туғилган кунга 100 йил тўлиши муносабати билан “Озод инсон ҳақида қўшиқ” деб номланган ҳужжатли қиссани нашр эттириб эдим. Мазкур асар ёзувчининг қамоқда терговчи учун ёзиб берган “Иқрорнома”си асосида ёзилганди. Эҳтимол, бу сатрларни ўқиётган азизлардан айримлари мазкур китоб билан танишгандирлар. Ҳозирги баёним ўша китобнинг мухтасар кўринишидай туюлса-да, унда янги маълумотлар ҳам анчагина.

Эркинлик ва озодлик ҳақида гап кетганда икки саволни ўртага қўйиб аниқлаштириб олиш керак:

Эркинлик – нимадан?

Эркинлик – ким учун?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации