Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (1 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 38 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ҳануз армондаман…

Орадан йиллар ўтяпти. Одамзод ҳар қандай айрилиқ, ҳар қандай ҳижронга чидайди. Кунлар ўтгани билан хотиралар хира тортмай, аксинча, тиниқлашиб, юракни қон қақшатиб бир ўксик уйғотади. Суянган тоғингиз, ишонган одамингиз, доно маслаҳатгўйингизнинг бу дунёни ташлаб кетганига ишонгингиз келмайди. Сўнгги суҳбатлар қулоқ остида қайта-қайта жаранглаб, сўнгги дийдор кўришувлар ва ниҳоят, энг охирги учрашув кўз олдингиздан кетмас экан…

Ҳануз армондаман…

Мирзакалон Исмоилий… Бу одамнинг истарали сиймоси, кулиб турувчи кўзлари уни кўрган, билганлар хотирасидан ҳали ўчмади. Бу одамнинг номи адабиётга кўнгил қўйганлар тилидан тушганича йўқ. Мирзакалон Исмоилий менга ҳам тоға, ҳам устоз эдилар. Шу сабабли мен учун улуғ бир зотга айланган одамнинг бу дунёдан кетганига ишонгим келмайди.

Маъзур тутинг, хотиралар қопқасини очмоқдан мақсадим бўлак эди. Муддао ҳасрат эшигини очиш эмас, балки умрини фақат эзгуликка бағишлаган одам ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш. Халқимиз Мирзакалон Исмоилийнинг ёзган асарларинигина билади. У муҳтарам зотнинг шахсий ҳаёти, асарларининг дунёга келиш тарихи кўпчилик учун сир. Шу сирни ошкор қилиш вақти етди, деб ўйлайман.

Ҳануз армондаман…

Ҳушсиз эдилар, лекин қаерларидир қаттиқ оғриётганини заиф инграшлари ошкор этиб турарди. Кафтимни пешоналарига қўйдим. Сал ором олгандай бўлдилар. “Бошлари оғриётган экан”, деб ўйладим. Қўлим толса ҳам узоқ ўтирдим. Ҳикматхон катта бувим билан Азизахон янгамиз “Сиз кетаверинг, эрталаб аянгизни олиб келарсиз”, дедилар.

Эрталаб келиш нияти билан кетган эдим…

Уйимга кеч соат ўн бирдан кейин қайтдим. Остона ҳатлашим биланоқ бўғзимга йиғи келди. Аҳли аёлим буни сезиб “ўтдиларми?” деб сўради хавотир билан. “Йўқ” деган маънода бош чайқадим. Аммо бу савол йиғи йўлидаги тўсиқни олиб ташлади. Аҳли аёлим мени юпатишни ҳам, бирон нима деб кўнглимга далда беришни ҳам билмай иккиланиб тураверди. Дадажоним билан аяжоним ухлаб қолишганди.

– Оғирлашиб қолдилар, қайтиб бормасам бўлмай-ди, – дедим.

– Аямни уйғотайми?

– Йўқ. Тоғамнинг азобланиб ётганларини кўрсалар юраклари кўтара олмаслиги мумкин…

Бу ҳам оғриқли армон бўлиб қолди. Акаларининг оғир хаста эканликларини яширмаслигим керак эди. Тирикликларида олиб боришим керак эди… “Тоғангни кўряпсанми, яхшимилар?” деб сўраганларида “Яхши юрибдилар”, дердим. Алдамаслигим керак экан…

Аямни уйғотиб юбормаслик учун автомашинанинг моторини ўт олдирмай, кўчага итариб чиқардик. Дархонга йўл олдим. Беш қаватли уй олдида тоғамнинг набиралари Равшанни кўрдим. Юрагим “жиз” этиб кетди: кечикибман! Бу уйдан чиқиб, қайтиб келгунимча узоғи билан қирқ дақиқа ўтгандир. Кейин ўйласам, уйимга кириб бораётганимда бўғзимга йиғи келиши бежиз эмас экан. Ўша онда жон таслим қилган эканлар.

Уйга кирдим… Гўё ширин уйқуга кетганлар. Танани жон тарк этган бўлса-да, юзларидан нур ёғилиб турарди. Қамоқ асорати беиз кетмаган, юз-қўлларига оқ доғлар тошган эди. Тиб аҳли қанча уринмасин, бу хасталик чорасини топмади. Тоғамнинг тўй-ҳашам, турли анжуманлардан ўзларини тортишларига ҳам шу доғлар сабабчи эди. Бу доғлар гўё қамоқхонанинг тамғаси бўлиб қолган эди. Жон чиқиши билан бу доғлар ҳам йўқолибди…

Мен шу онга қадар ўзимни қариндошлар орасида ёш йигит фаҳмлаб, маслаҳат бериш ҳуқуқига ҳали етишмаганман, деб ҳисоблардим. Чунки, ёшлари мендан анча улуғ яқин қариндошларимиз кўп эди.

Йиғи-сиғи сал босилгач, дафн маросимини ўтказиш маслаҳати бошланди.

– Қайси театрга қўйилади? – деган саволга “марҳумнинг жасади Ҳамза театрига ё Муқимий номидаги театр биносига қўйилиши керак, Навоий театри биносига қўйилса яна ҳам яхши”, деган таклиф айтилди. Муҳокамага қўшилмай, индамай ўтирган эдим, савол назари билан менга қарашди, кейин:

– Ҳукумат катталарига хабар қилиш керак, – дейишди.

– Эрталабга қадар раҳбарларга хабар беролмаймиз. Уларни топиб айтгунимизча, шундай ётадиларми? Умуман, хафа бўлманглар-у, бирон жойга қўйишга мен қаршиман. Мусулмонларда бунақа одат йўқ. Агар тоғам коммунист бўлганларида бошқа гап эди. Маййитни томошага қўйиш яхши эмас, ювиб, кафанлангандан кейин бировнинг назари тушмаслиги керак, – дедим.

Қариндошлар, айниқса тоғамнинг оилалари мусулмонларга хос одатларни яхши билишмасди. Шу боис, гапимни тасдиқлашни ҳам, инкор этишни ҳам билмай бир-бирларига қараб қолишди.

– Унда Чиғатойдаги коммунистлар мозорига қўйилмайдиларми? – деб сўрашди.

– Тоғам ўзларини қаматган, хорлаганлар билан ёнма-ён ётишлари керакми? – дедим ғашланиб. Мен бундай демаслигим керак эди. Хиёнаткорларни тоғам кечирган эканлар, мен таъна қилишга ҳақли эмасдим. Бу гап мотам туфайли эзилган юракда бехос туғилиб, ихтиёрсиз равишда юзага чиққан эди.

Чиғатой қабристонига қўймаслик ҳақидаги гапимни ўйлаб туришганда хаёлим бирдан ёришиб кетди. Тоғам томонидан бир мартагина айтилган, кейин унутиб юборганим васиятни эсладим! Беш йил муқаддам тоғамнинг катта ўғиллари Фаррух ака бедаво касалликка чалиниб, аввал икки оёқлари кесилган, сўнг вафот этган эдилар. Тоғам бу куни бошқа шифохонада даволанаётган эдилар. Врачлар жанозага келишга ижозат беришмади. Даволаниб чиққанларидан кейин тоғамни “Минор” қабристонига олиб бордим. Йиғладилар. Дуо қилдилар… Сўнг қабр атрофига кўз югуртириб, ниманидир чамаладилар:

– Яхши жойга қўйибсизлар. Қарагин, ёнида яна икки кишилик жой бор экан… – дедилар.

Бу гапнинг ўзига хос васият эканини айрилиқ кечаси англадим-да, қариндошларга айтиб, яна илова қилдим:

– Опоқдадам ҳам, Ойзуҳра опам, Фаррух акамлар ҳам ўша қабристондалар… бирга ётишни истаганлар… Бу истакни ўзгартириш мумкинмас…

Масала ўз-ўзидан ҳал бўлди. Айримлар марҳум билан хайрлашиш учун жасадни бирон театр биносига қўйиш фикридан воз кечмай, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларига қўнғироқ қила бошладилар. Лекин барча қўнғироқлар жавобсиз қолди. Шу кечанинг ўзида жамланган қариндошлар дафн маросимига тегишли нимаики масала бўлса негадир менга мурожаат қила бошладилар. Шу кеча ўзимни анча улғайиб қолган ҳис қилдим.

Ўша йили (1986) комфирқа раҳбарияти диний урф-одатларга қарши курашни авж олдирган эди. Коммунистнинг ўзи ёки бирон яқини вафот этса жаноза ўқитилмас, айрим довюраклари яширинча ўқитиб қўйишарди. Мозорларда Қуръон тиловат қилинмасин, деб ҳатто ўриндиқларни суғуртириб ташлашганди. Ана шундай шароитда атоқли адибнинг қандай равишда дафн этилиши масаласини ҳал этиш осон эмасди. Эрталаб, раҳбарлар уйғонишгач, каттами ё кичикми ғавғо уйғониши мумкинлигини ўйлаб, маййитни кечасиёқ ювиб, кафанлаб қўйиш керак, деган тўхтамга келиб ҳаракатни бошладик.

Ёзувчилар уюшмаси партия ташкилотининг раҳбари хабар олгани келганда тўпланган жамоа “коммунистчасига дафн этиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас”, деган кайфиятда эди. Хайрият, ортиқча гап-сўз чиқмади. “Бодомзор” масжидининг имоми жанозани “Минор” қабристонида ўқийдиган бўлди. Тобут қабристон ҳовлисига қўйилгач, ёши катта ёзувчилар, тоғамнинг тенгдошлари “Мотам митинги қиламиз”, дейишди. Имом буни эшитиб гарангсиб қолди. Бу таклифга монелик қилса балога қолишини билиб, жамоадан нажот кутгандек жавдирай бошлади.

– Митинг шарт эмас, ҳозир жаноза ўқилади, бошланг тақсир, – дедим. Камина коммунист бўлмаганим сабабли шундай дейишга журъат қилдим шекилли.

Тоғам менга кўп насиҳатлар қилардилар, кўп гапларини қулоққа олардим. Лекин икки насиҳатларини бажаришни истамадим. Биринчиси – “Диссертация ёқлаб ол, қариганингда асқотади”, дердилар. Олимларнинг маошлари кўпроқлигини назарда тутиб, илмга даъват қилардилар. Мен илмдан кўра ижодни маъқул кўрардим, диссертация ёзишдан кўра, унинг атрофидаги кераксиз ҳаракатлар, ташвишлар, югур-югурларга тоқатим йўқ эди. Шу ишга куч сарфламай тўғри қилганман, деб ҳисоблайман. Иккинчиси – “Партияга ўт”, деб қистайверардилар. “Партиясиз бўлсанг юқори мансабларга эриша олмайсан”, дердилар. Навбатдаги даъватдан кейин: “Сиз уруш пайтида партияга ўтган экансиз, қамалиб чиққанларнинг кўпчилиги аъзоликка қайта тикландилар. Сиз нима учун тикланмадингиз?” – деб сўрадим. Саволим тоғамга ёқмади. Қошларини чимириб: “Мени қамоққа тиққан партияга яна аъзо бўлишни истамадим”, десам кўнглинг жойига тушадими?” – дедилар. Мен кулимсирадим. “Нега тиржайяпсан?” – дедилар, кескин оҳангда. “Жавобни ўзингиз айтдингиз: тоғамни қаматган партияга аъзо бўлишни истамайман”, дедим. “Бу баҳонанг ўтмайди, – дедилар энди юмшоқроқ оҳангда, – менинг тақдирим бошқа, сеники бошқа”. “Унда бошқа баҳонам бор, – дедим ҳазил оҳангида. – Партияга аъзолик бадали тўлашни ёқтирмайман”. “Бу баҳонанг ўринли”, дедилар жилмайиб. Шундан сўнг бу мавзуда гап бўлмади. Тоғамнинг гапларига кирмаганим учун ҳозирга қадар ўзимдан ўзим хурсанд бўлиб қўяман.

Ким билади, агар мен ҳам урф-одатларни бўғаётган партияга аъзо бўлганимда тоғамни ёғоч қутига солдириб кўмдирармидим… Астағфируллоҳ!

Имом жанозага сафланишни буюрганда жамоа бирдан иккига бўлинди. Бир гуруҳ худди адашган сел оқими сингари тобутдан узоқлашди. Бир гуруҳ жанозага сафланди…

Бу тасодифий ҳол эмасди. Бу ҳаёт ҳақиқатининг амалдаги кўриниши эди. Кундалик тирикчилик ташвиши билан банд бўлган одамлар худди бир оқимда юраётгандай бўладилар. Аслида эса ундай эмас… Қиёматда шундай ажралиш бўлишини нечун унутиб яшаймиз?

Мармартош юзлари бунчалар силлиқ,
Жонсиз бу тош чиройли бунча?
Ғамли гулларини нечун битмишдир.

Вафотларидан икки йил кейин, инсоф ва адолат юзасидан қаралса, саксон йиллик тўйлари тантана билан нишонланиши керак эди. Лекин Ёзувчилар уюшмаси бу қутлуғ санани унутгандай юраверди. Марказқўм раҳбариятига мурожаат қилингандан кейин, уларнинг кўрсатмаси билан юбилей маросими, енгил-елпи бўлса-да, ўтказилгандай бўлди. Ўша пайтда Марказқўмда ғоявий масалалар билан шуғулланган раҳбар узоқ йиллар Москвада яшаган эди. “Ёзувчиларни билармикин ё йўқми?” деган шубҳа билан Мирзакалон Исмоилий туғилган кунига саксон йил тўлгани айтилганда унинг кўзлари чарақлаб кетди.

– Мен бу устозни жуда яхши биламан. Москвада юриб ўзбек тилини унутиб юбормаслик учун “Фарғона тонг отгунча” романини қайта-қайта ўқирдим.

У кишининг айтганлари биз учун катта баҳо бўлди.

Булоқбошиликларнинг ташаббуси билан тўқсон йиллик тўйлари она қишлоқларида ўтказилди. Юз йилликлари Миллий университетда нишонланди. Булоқбошининг ҳокими маънавиятсиз бир йигит экан, галга сола-сола юбилейни ўтқизмади. Бу орада порахўрлиги очилиб қолиб, кетадиган жойига кетди.

Мирзакалон Исмоилийнинг номини элга машҳур қилган асар – “Фарғона тонг отгунча” романи. Адибнинг мўлжалича, асар уч китобдан иборат – трилогия бўлиши керак эди. Романнинг икки китоби ёзилди. Учинчиси қоғозга кўчмади. Ёзувчига “Роман қандай ёзилди, учинчи китоб қачон битади?” деган саволлар жавобсиз қоларди. Радиода ишлаб юрган давримда, бир куни “Одамлар романнинг ёзилиш тарихи билан қизиқишяпти”, деганимда, тоғам маъюсгина жилмайиб: “Қандай жавоб бераман, китобни қамоқдалигимда ёзганимни айтганим биланэълон қила олишмайди-ку?” – дедилар.

Ҳа, “Фарғона тонг отгунча” романининг биринчи китоби қамоқхонада ёзилган. Эллигинчи йилнинг сўнгги кунида адиб одатдагидай хизматга кетди. Навоий номидаги театрда янги асар тақдимоти бўлаётган эди. Уни фойега чақиртирдилар-да, ордерни кўрсатиб, қамоққа олинганларини билдирдилар. Қора машинага ўтқизиб, уйларига олиб келдилар. Оилалари билан хайрлашиш учун эмас, тинтув қилиш учун! Қор босган ҳовлида дадасининг нотаниш одамлар билан келаётганини кўрган Ойзуҳра уларни азиз меҳмон деб ўйлаб, “келинглар, келинглар” деб шодлик билан пешвоз чиқди. “О-о, қизгинам, сен бу разил кимсаларнинг нима ниятда келганини билсанг эдинг”, деган аламли ўй ота хаёлини ёритиб ўтди-ю, чорасизликдан лабини тишлади.

Янги йил кечаси қайғу ва айрилиқ кечасига айланди. Шу бўйи уйига тўрт йилу тўрт ойдан сўнг қайтиб келди. Қайтди-ю, азиз фарзандлари орасида суюкли қизи Ойзуҳрани кўрмади… Ёзувчи тўрт йилу тўрт ой озодлик илинжида, ҳақиқатнинг, адолатнинг қарор топиши умидида яшади. Урушнинг бошидан охиригача ўлим билан юзма-юз турган одам бир неча малъуннинг туҳмати билан Қарағанда конларидаги азобли меҳнатга чидаб яшади.

Мен соқовман, сен эса гунг
Дардимни айтаман сенга.
Сен эса… “тинглайсан” мириқиб.

…Қарағанданинг қаҳратон қиш чилласи. Бир ҳафтаки, қор бўрони кўз очирмайди. Совуқ йигирма-ўттиз даражадан тушмайди. Туфланган туфук муз парчасига айланиб, ердаги қор қатламини ўйиб ичкарига кириб кетади. Турадиган масканлари – ёғоч барак, иш жойлари –шахта ораси беш-олти чақиримли йўл. Айниқса ишдан қайтар чоғида таналаридан дармон кетиб, оёқлари каловланиб, юролмай қоладилар. Кўпинча бақувватроқ ҳамроҳлари икки қўлтиқларидан суяб аранг баракка олиб келишарди. Ўшандай кунларнинг бирида ёши улуғроқ маҳкум: “Мирза, бу кетишда ё бедаво дардга йўлиқасан ёки нобуд бўлиб кетасан. Лагерга янги раҳбар келибди. Ўқимишли, зиёли одам дейишяпти. Ахир сен журналист-ёзувчисан. Русчага, ёзув-чизувга устасан, котибликка ярайсан. Ҳузурига кир, аҳволингни тушунтир. Илтимос қил. Лагерда сенбоп бирор иш топиб берар”, деб маслаҳат берди. Бу маслаҳат маъқул келиб, раҳбар ҳузурига кирдилар. Чиндан ҳам кўринишидан зиёлинамо ёш йигит экан. Яқин олиб, дардларини айтдилар. У арзни охиригача тингламай, бирдан авзойи ўзгарди, қаҳри қўзғади, кўзлари чақчайди. Отаси тенги одамни сенсираб бақира кетди:

– Ҳали журналистман, дегин, боз устига ёзувчиман, дегин!? Қани ўша ёзадиган қаламинг, менга бер-чи!

Чўнтакларидан қаламни олиб узатдилар. У қаламни олиб шарт синдирди-да, хона бурчагидаги саватчага отди. Кейин ёрдамчисини чақирди. Барак билан ҳожатхонани тозалашни топширди. Бу унинг марҳамати эмас, балки ёзувчини ҳожатхона тозалашга юбориб, камситмоқчи ва унинг хорланганини кўриб қувонмоқчи эди…

 
Танглик келди,
шундай келдики,
мурдалар ҳам турди гўридан –
машъум зулмат парчаларидай
изғиб қолди қонхўр бўрилар.
Очлик ўрган дала-тузларда,
офат чаққан маконларда ҳам
қайғу-ғамнинг мудҳиш галаси
пайдо бўлар эди дафъатан.
Кунлар –
қонли ярадай очиқ.
Тунлар –
ойдин харобазорлар,
жасадларга тўла тонгларни
зирқиратар фарёди борлар
 
(Шавкат Раҳмондан).

Ёзувчи дастлаб 1936 йилда совет тузумига қарши ҳаракатлари учун қамалган эди. Унда ҳам ўз дўстлари томонидан иғво уюштирилган эди. Аянчли воқеанинг тафсилоти бундай бўлган:

Билим юртини тугатгач, ўқишни давом эттириш учун Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетига кирдилар, айни замонда Юсуф Тоҳирийнинг таклифи билан у илмий мудирлик қилиб турган Ўзбек ишчилар факультетида она тилидан дарс ўқитиб юрган кезлари эди. Ўттизинчи йилнинг илк баҳор кунларидан бирида кечкидаги дарсни бериб турганларида Фозил деган ўртоқлари келиб, хилватга чақирди-да, колхозлаштириш муносабати билан қулоқлар кўтарган тўполонни пеш қилиб, жим туриш мумкин эмаслигини, бу зўрликка қарши курашиш кераклигини айтди. Мирзакалон ундан қандай курашишни сўраган эди, Фозил уюшиш, ташкилот тузиш лозимлигини билдирди. Мирзакалон дўстидан гумонсирамаган бўлса-да, бу каби фитналар тез-тез учраб тургани сабабли дарҳол розилик бера қолмади. “Ўйлаб кўраман”, деган баҳона билан бу таклифни рад этди.

Фозил кетди. Лекин бутунлай кетмади. Орадан бир неча кун ўтгач, факультетга келиб, “уюшайлик!” деб, Мирзакалонни яна қистади. Мирзакалоннинг “Қандай бўларкин?” деб иккиланганини кўриб “Биз ёлғиз эмасмиз!” деди. Мирзакалон яна кимлар борлигини сўраганида Абзал билан тил бириктириб қўйганини, керак бўлса, бошлаб келажагини айтди. Мирзакалон бу сафар ҳам рўйхуш бермаганидан кейин, Фозил учинчи марта энди Абзал билан келди ва икковлашиб унинг розилигини олдилар.

Фозил, Абзал, Қурбон – тўртовлон бўлиб шаҳар боғида тўпланишиб, уюшиш ҳақида шу ерда қатъий қарорга келдилар. Ташкилий мажлисни хотин-халаж бўлмагани учун Мирзакалоннинг уйида ўтказадиган бўлдилар. Тўрт кундан сўнг уч ўртоқ Мирзакалонникига келиб, ташкилий мажлисни бошлаб юбордилар. Мажлис раислигини Абзал, котибликни Фозил зиммаларига олдилар. Мажлис кун тартиби катта эмасди: ташкилотнинг номи; ташкилотнинг мақсад ва мароми; ташкилотнинг олдида турган энг яқин вазифалари; ташкилий масалалар.

Ташкилотнинг номи устида узоқ тортишув бўлмаган эди. Совет Конституциясида “СССР ўз ихтиёрлари билан уюшган миллий республикалар иттифоқи” дейилган модда бўлгани учун, “ўз ихтиёри билан чиқиши ҳам мумкин”, деган қарор билан ташкилот номини “Асосий Қонун Дўстлари”, қисқаси – “АҚД” деб қўйишга қарор қилинди. Ташкилотнинг мақсад ва мароми эса Ўзбекистонни СССРдан ажратиб, унинг тупроғида демократик давлат қуришни ўз ичига олди. Ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига миллатпарвар ёшу қарини бу кураш йўлига тортиш, маориф ва маданият идораларига ўз одамларини кўпроқ жойлаштириш орқали мактаблар ва маданий муассасаларда ўз ғояларини кенгроқ ёйиш, варақалар нашр этиш, бирон чет эл капиталист давлати билан алоқа боғлаб, ундан моддий ва маънавий ёрдам олиш киритилган эди.

Янги аъзолар масаласига ўтилганда Фозил дабдурустдан “Биринчи галда Чўлпон ва Юсуф Тоҳирийларни жалб этиш керак”, деб қолди. Кейин бу таклифини изоҳлади:

– Чўлпон барчаларимизнинг маънавий отамиз. Ташкилотни у бошқарса, халқ унга эргашади. Юсуф Тоҳирий ҳанузгача хотинини паранжи остида тутади. Сингилларини руҳоний отаси таъсиридан қутқариш чорасини кўрмайди. Демак, эътиқоди мустаҳкам, миллатпарвар одам. Бизга шундай одамлар жуда керак. Бу икки кишини тортишни Мирзакалонга топширайлик. Чунки у Чўлпонга котиблик қилган, мақсадимизни тўғри тушунтира олади. Юсуф Тоҳирий билан эса бирга ишлайди.

Бу таклифни эшитиб, Мирзакалон ўйланиб қолди.

– Гапим ёқмадими? – деди Фозил.

– Ёқишга ёқди. Агар ташкилотимизни устоз бошқарсалар нур аъло нур бўларди-я! Лекин Юсуф Тоҳирийни тортиш… Кўнмасалар керак. Чунки, хотинларини паранжида сақласалар ҳам, сиёсатга аралашадиган тоифадан эмаслар. Тоҳирий – маърифатпарвар одам, сиёсатчи эмас.

Чўлпонни ташкилотга тортиш ғоят муҳим ва шарафли вазифа экани яна таъкидлангач, Мирзакалон бу таклифни рад этолмади. Кейинги мажлисга қадар вазифани бажаришга ҳаракат қилажагини билдирди. Лекин улар билан бу ҳақда суҳбатлашишга улгурмади, кейинги мажлис ҳам бўлмади. Бу фитнани ўйлаб топиб, амалга ошираётганларни каттароқ раҳбарлар шоширишди шекилли.

Икки кундан сўнг Фозил шошилиб келиб Чўлпоннинг Тошкентда эканини, Ғози Олимнинг уйида меҳмон бўлиб турганини айтиб, бирга боришга қистади. Чўлпон Фозилни танимас, нотаниш йигит иштирокида сиёсий масалада суҳбатлашиши ҳам гумон эди. Мирзакалон буни айтса ҳам Фозил “Мен четроқда тура тураман”, деб ёпишиб олди. Бордилар. Аммо Чўлпон йўқ экан.

Эртасига, аниқ эсида – йигирма учинчи сентябрь куни Мирзакалон уйида дарс тайёрлаб ўтирган эди. Фозил яна йўқлаб келди. Қават-қават газетага ўралган тўппонча – оқ “наган”ни кўрсатиб:

– Беркитиб қўяйлик, ишимизга ярайди, – деди.

– Нега бу ерга олиб келдингиз, ўзингизникига беркитсангиз бўлмасмиди? – деди Мирзакалон норози қиёфада.

– Сизники хилват, шу ерга яширсак яхши бўлади. Сиз қўрқманг, бу тўппонча бузуқ, биров сизга даъво қилолмайди. Вақти келганда тузаттириб ишга соламиз, – деди Фозил.

Мирзакалон унга ишонди. “Дўстим менга хиёнат қилиши мумкин”, деган гумон уйғонмади. “Наган”ни ўтинхонага яширдилар. Фозил зарур ишлари борлигини баҳона қилиб, шошилганича чиқиб кетди. Орадан уч соат ўтмай, НКВД – Ички ишлар халқ комиссарлиги – “орган ходимлари” кириб келишди. Биринчи берган саволлари қурол ҳақида бўлди. “Қуролларни ўзинг топиб берасанми ё бизларни қидиришга мажбур қиласанми?” дейишгач, Фозилнинг шошилиб чиқиб кетиши сабабини англади. Ўзини оқлашга уриниш нодонлик эканини ҳам фаҳмлади. “Ҳамонки, мен дўст деб юрган одам хиёнаткор экан, уни ҳимоя қилишимдан манфаат йўқ”, деган қарорга келиб, аввал ўтинхонадаги “наган”ни олиб берди. Ажабки, Фозил “наган”ни бузуқ деб ишонтиргани билан, тўппонча ишга яроқли, мойлаб, тозаланган, жанговар ҳолатда эди.

Сулув келинчак каби тотли эди
нафс кўрсатган наҳс.
Бағрига чорлар энди тотсиз аланга.

Сўроқ жараёни бир йилга яқин давом этди. Изтиробли кунларнинг чеки йўқдай туюлганди. Қамоқ исканжасида кўп қийналди. “АҚД” юзасидан бўлган тергов тамом бўлиб “Иш”и “тройка” деб номланувчи уч кишилик ёпиқ суд ҳайъатига юборилганда, Мирзакалонни “Тошкент ДПЗси” деб аталувчи қамоқхонага иккинчи марта чиқариб қўйдилар. У умумий камерага жойланган эди. Борган кунининг эртасига камера эшигида Сиддиқ Ходиевга дуч келиб қолди. Саломлашиш ўрнига у Мирзакалонга:

– Мен қачон сизларнинг ташкилотингизга аъзо эдим?– деди нафрат билан. Мирзакалон, ҳақиқатан ҳам, унинг “АҚД”га аъзолигини билмас эди. Елкаларини учириб:

– Қайдам? – деди ва бу туҳмат билан бошқалар ҳам қамалганини англади.

Мирзакалон ҳали қамоқда ўтирганидаёқ озодликка чиққанида Фозил билан қандай кўришишини, унга нималар дейишини кўп ўйларди. Ҳар ҳолда Фозил осмонга учиб чиқиб кетмагандир. “Тоғ тоғ билан учрашмайди, аммо одам одам билан учрашади”, дейишганидек, қамоқда ўлиб кетмаса хиёнаткор дўсти билан учрашиши тайин. Хўш, учрашган онида уни урсинми, тепсинми ё хумордан чиққунича сўксинми? Ўйлай-ўйлай бу режаларнинг барчаси пуч эканига ишонч ҳосил қилди. Энг тўғри йўл – индамаслик. Агар у сотқин одамийлик либосидан тўлиқ чиқиб кетмаган бўлса, виждони қийналади. Хиёнаткор учун энг одил жазо шу! Ўч олиш режасидан кечган Мирзакалоннинг хаёлини “Фозил менинг қамоқдан чиқиб келишимни, менга рўпара бўлишини ҳеч ўйлармикин?” деган муаммо ҳам банд қилиб турарди. Ҳаётда бевафолик кўп, хиёнат кўп, адолатсизлик ҳам кўп. Бевафо, хиёнаткор, зулмкорлар ёмонликларини онгли равишда қиладилар. Айримлари фош бўлган тақдирларида ўзларини оқловчи баҳоналарни ҳам тайёр қилиб қўядилар. Баъзилари эса бу ҳақда ўйламайдилар ҳам, ўзларини оқлаш чораларини изламайдилар ҳам. Мирзакалонни қизиқтирган нарса: Фозил қай тоифага кираркин? Шунча йил дўст бўлиб юриб, унинг феъли-атворини кузатмагани, юрагидаги қорани сезмагани учун у фақат ўзини айбларди.

Қамоқдан кейинги учрашув кутилмаганда юз берди. Шаҳарнинг марказий кўчаси гавжум эди. Мирзакалон Давлат нашриётига бораётган эди. Ҳашаматли дўкон ёнидан ўтаётганда Фозилга қўққисдан дуч келди. Фозил хотини Сорахонни Европа маданияти таомилига кўра, қўлтиқлаб олган эди. Мирзакалон у билан кўришмаслик учун ўзини бошқа ёққа бурмоқчи бўлди, лекин вақт кўчган эди. Юзма-юз келиб, кўришишга мажбур бўлди. Фозил оп-оқариб кетди. Юрагининг қаттиқ ўйнашидан Мирзакалоннинг ранги ҳам ўзгарди. Бир неча дамгача нафаси бўғзига тиқилиб, айтарга сўз тополмай қолди. Ажабо, нега бундай бўлди? Бунинг сабабини ўзи ҳам билмайди. Фозил хотинини жўнатиб юбориб, Мирзакалон билан бир муддат қолди. Унинг топган гапи шу бўлди:

– Ҳар бир коммунист шундай қилиши керак, иложим йўқ эди.

Бу гапдан Мирзакалоннинг ғаши келиб, уни сўз билан чимчиб, юлиб олмоқчи бўлди:

– Ўлдириб қўйиб, “Кечирасиз, мен сизни ўлдириб қўйдим”, қабилидами?

– Нега? Мен сизни тўғри йўлга солдим, – деди Фозил Мирзакалонни қалтироқ босганини кўриб. Унинг бу сўзларини Мирзакалон риёкор кишининг тилёғламалиги сифатида қабул қилди-да, истеҳзо аралаш ништарлаб деди:

– Тўғри йўлга – қамоқ орқали!..

Ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ эди. Фозил ярашиш учун қўл узатди. Мирзакалон жавобсиз қолдирмади. Хайрлашиш пайтида Фозил қаттиқроқ, у эса секинроқ қўл сиқишдилар.

Эртасига эрталаб Фозил Мирзакалоннинг уйига кириб келди. “Ҳозир камхаржсиз, шуни ишлатиб туринг”, деб пул узатди. Мирзакалон қатъий рад этгач, пулни каравот устига ташлаб, чиқиб кетди. Ҳовлига чиқа туриб ўтинхона тарафга қараб олди. Бу Мирзакалонга ғалати туюлди. “Қилган ишини эслаб, пушаймон бўлди шекилли”, деб ўйлади. У ўзини гуноҳкор деб сезиб, гуноҳини шу пул билан ювмоқчимиди ёки “Адашганингда сени тўғри йўлга солиб юборган эдим, қийналганингда ҳам мушкулингни осон қилиш дўстлик бурчим”, демоқчи эдими – Мирзакалон бу ҳақиқатнинг тагига ета олмади.

* * *

Биринчи қамалишда маърифатпарвар олим Водуд Маҳмуд билан бир камерада ўтиришган экан. Домла Водуд елкаларига тушаётган айбловни айта туриб: “Ахир ўзим тожик бўлсам, мен қандайин ўзбек миллатчиси бўлдим?” деб ажабланар эканлар. Тожик олими билан ўзбекнинг ёш ёзувчиси то умрларининг охиригача дўст бўлиб қолдилар.

1976 йил эди шекилли, “Гулистон” журналида Бўлим муҳаррири лавозимида ишлардим. Устозимиз Асқад Мухтор хоналарига чақирдилар. Бир киши ўтирган экан, таништирдилар: “Фозил ака яқинда Макка сафаридан келибдилар, хотиралар ёзибдилар, ўқиб кўриб нашрга тайёрланг”, дедилар. Ҳаж ибодатини бажариб келган бу киши ўша пайтда кўзимга авлиёдай бўлиб кўринди. Чунки у дамларда ҳожилар ҳозиргидай кўп эмасди, битта ё иккита эди. Бу киши “совет ҳожиларини врач сифатида” кузатиб борган эканлар. Мақолани ўша куниёқ ўқиб, у одамдан нафратлана бошладим. Чунки мақолада Ҳаж зиёратининг улуғлиги ҳақида гап йўқ, аксинча, Саудияда яшовчи ўзбекларнинг аянчли ҳаёти ҳақида уйдирмалар бор эди. Мақола мантиқсиз эди. Ёзилишича, у Маккада ўзбек сартарош билан танишибди. Ўн уч ўғилнинг отаси бўлмиш бу ғоят “қашшоқ бечора”нинг уйида ўн бешта енгил автомобиль бор экан. Мантиқсизликни кўрдингизми? “Қашшоқ” одамнинг уйида ўн бешта енгил автомобиль бор экан! Бир неча юз оила истиқомат қиладиган бизнинг маҳаллада ўшанча машина йўқ эди.

“Ёлғонҳожи”нинг уйига қўнғироқ қилиб, мақоласи бўш ёзилганини айтдим. “Нега бўш ёзиларкан, уни Мирзакалон Исмоилий таҳрир қилиб берган”, деганда ажабландим. Эртасига тоғамникига бориб, мақоладан сўз очган эдим, кулимсирадилар.

– Кўриб берганим рост. У менинг дўстим ҳисобидаги бир одам. Таҳрир қилиб бермагунимча уйимга келавериб ҳоли-жонимга қўймади. Қайтариб тўғри қилибсан. Ёзганлари, русча айтилганда, қип-қизил абсурд!

Яқинда Бодомзордаги масжидга бора туриб, бир кўчанинг номи диққатимни тортди. Не ажабки, ўша иғвони уюштирган “дўст”нинг номи шу кўчага қўйилибди. У фосиқнинг исмини аниқ ёзмаганимнинг сабаби – тоғам у киши то оламдан ўтгунича ҳам дўстлик занжирини узмаган эдилар. Мен мақоласини ўқиган пайтимда унинг хоинлигидан бехабар эдим. Ўн беш йилдан сўнг қамоқ ҳужжатларидаги ҳақиқатни ўқигач, лолу ҳайрон қолдим.

Ўтмиш, хусусан Сталин замонидаги зулм учун ким айбдор? Бугунги авлодни айблаш мумкинми? Масалан: “Сенинг отанг фалончининг устидан ёзган”, деб. Албатта йўқ. Бироқ у дамларни унутмаслик керак. Чунки зулм дарахти ҳеч бир замонда, ҳеч бир жамиятда қуримайди. Қуёшнинг ҳаракатига қараб соя ташлайдиган жой ўзгариб тураверади. Қайси бир авлоднинг эртами кечми яна шу сояга дуч келиши эҳтимоли бор. Ҳозир бирор идора раҳбарига ёки ундан каттароғига бошқа ходимни ёмонлайдиган, иғво балчиғини чаплаб роҳатланадиганлар йўқми? Ана ўшаларнинг шу хизмати зулм дарахтини суғоради ва қуриб қолишига йўл қўймайди.

Мирзакалон Исмоилийнинг миллатпарварлиги қамалмасларидан анча илгари бошланган эди.

Булоқбошидаги ота уйидан Ўшдаги етимхонага етиб келгач, уни дарҳол чўмилтирдилар, эгнига тоза кўйлак, оёқларига умрида кўрмагани – чиройли ботинка бердилар. У энди ўгай онанинг бураш ва қарғишларидан, баджаҳл ва хасис отанинг бир туртиб бир бурда нон беришларидан қутилиб, деразалари катта, ёруғ, иссиқ ва тоза уйда, ўзи каби кичкина ва бахтиёр болалар қаторида, яйраб-яшнаб, янгича ҳаёт кечира бошлади. Ўқиш-ёзишни шу ерда, етимхонада ўрганди. У вақт шаҳарда Совет ҳокимияти мавжуд бўлса-да, ҳали у ёш, кучсиз эди. Теварак-атрофда шўролар “босмачи” деб ном берган қуролли тўдалар кўп эди. Оқ подшоҳ замонида кечалари уйларга бостириб кириб талончилик қиладиган ўғрилар “босмачи” аталарди. Уларнинг кимлиги, қандай бўлганини тасаввур этмоқ учун “Шум бола” кинофильмини эсласангиз кифоя. 1917 йил тўнтаришларидан кейин, айниқса Қўқон мухторияти дашноқи арманилар томонидан аёвсиз бостирилгач, миллатпарварлар қўлларига қурол олиб тоғу тошларга чиқиб кетдилар ва Ватан озодлиги учун қуролли курашларини бошладилар. Бу ҳаракат ҳарбийлар тилида “Партизанлар уруши” деб аталса-да, ўша даврдаги большевиклар миллатпарварларга “босмачи” деб таҳқирли ном бердилар. Бу камситувчи ном узоқ йиллар давомида, то Мустақиллик кунларимизга қадарли тарихчиларнинг асарларида ҳақиқат каби зикр этиларди. Советлар Афғонистонни истило этганларида Ватан озодлиги учун жангга кирган афғонларни “душман” деб атай бошлаганлари хўп мантиқсизлик эди! Аслида душман истилочи Советлар эди-ку?!

Миллат озодлиги учун жон фидо қилган ўғлонларни “босмачи” деб аташ нақадар адолатсиз эканини Мирзакалон Исмоилий етимхонада эканларидаёқ англаб етганлар.

…Бир куни етимхонага ажиб меҳмонлар кириб келишди. Уларнинг сардорини эл орасида “Амиралмуслимин Муҳаммад Амин Бек” (“Мадаминбек” деб ҳам аташган) деб ардоқлашарди. Бу одам қаерга борса осойишталик қарор топар, чиқиб кетгач, бесаранжомлик, талон-торож бошланарди. Унинг Ўшга кеча оқшом кириб келгани ҳақидаги хабардан шўролар етимхонасининг тарбиячиларидан тортиб, болаларгача эшитишган эди. Шу боис унинг кириб келиши, айниқса тарбиячиларга, тасодифий ҳол бўлмади. Бу кишининг аввал ҳам келганини Мирзакалон кейинроқ ўртоқларидан эшитиб билди. Ўша куни эса… Кўчада оқ отидан тушиб, етимхона ҳовлисига кириб келган, эгнига ҳарбийча кийим кийган хушрўй кишига ажабланиб қаради. Кейин унинг ёнидаги кишини таниди: Холхўжа! Дадасининг улфати. Кўрди-ю, чўчиб тушди. Холхўжа ҳам Мирзакалонни кўрди, таниди, аммо “Нима учун сен бу ерда юрибсан?” демади. Тарбиячилар болаларни бир сафга тиздилар. Мирзакалондан аввалроқ бу ерга келган болалардан бир нечаси тарбиячилари ўргатган, шўроларни мақтовчи шеърларни ёдлаб бердилар. Амиралмуслимин норози қиёфада қошларини чимирса ҳам, индамай эшитди. Болалардан иккитаси туркча ашула айтишганда ҳам ундан садо чиқмади. Мирзакалон унинг бу ҳолатини ўша онда англамаган эди. Буни анча кейин тушуниб етди. Ўшанда амиралмуслимин болаларга қараб туриб:

– Жонимиз фидо бўлсин, сизларга! – деди. Кейин насиҳат қилди: – Бу кунлар ўтиб кетади. Сизлар ҳеч нарсага қарамай ўқинглар. Фақат ўқинглар. Миллатимиз қаддини биз қилич билан кўтара олмаймиз. Сизлар илм билан кўтаришинглар керак. Тарихни ўқинг-да, ибрат олинг: кучли давлатларни илмсизлик барбод этган. Илмсизлик бизнинг миллатимиз қаддини эгиб қўйган. Бир соатлик илм ўрганиш бир кечалик нафл ибодатидан, бир кунлик дарс уч ойлик нафл рўзасидан афзаллигини Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар. Илм олаётган талаба учун ҳамма нарса – ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам гуноҳини сўраб, истиғфор айтади. Бу дунёдаги илмдан бошқаси – саватдаги сувнинг ўзи эканини шу ерда англаб етинг. Кимки ҳаёти шамини илм нури билан ёқа олса, ҳаёти асрлар бўйи сўнмайди. Бизнинг боболаримиз шундай бўлишган…

(Муҳтарам мухлисларимиз “Чорраҳада қолган одамлар” (кейин “Девона” деб ўзгартирилган) асарини ўқиган бўлсалар, мазкур манзара таниш туюлар. Бу воқеани 1975 йилда тоғамдан эшитиб, сўнг асарга киритган эдим.)

Шу каби насиҳатларни айтгач, етимхонага атаб олиб келинган емакларни қолдириб чиқиб кетдилар. Етимхона советларга қарашли эди. Бу ҳол одатга кириб қолган эканми, муаллимлар кутилмаган меҳмонларнинг ташрифидан ташвишга тушишмади. Етимларга билим бериш билан бирга турк ашулаларини ўргатишар, туркча буйруқлар бериб ҳарбийлашган машқларни қилдиришарди. Мирзакалоннинг дастлаб ўрганган ашулалари “Санжоғимиз”, “Чаноққалъа” каби турк қўшиқлари эди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации