Текст книги "Ҳаёт қайиғи (1 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 38 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]
Етимхонага Тулу афанди билан Шаҳидий афанди деган икки зот тез-тез келиб турар эди. Буларнинг биринчиси ўшлик миллатпарварлардан бўлса, иккинчиси асир тушган турк зобити эди. Шаҳидий афанди муаллимлар, тарбиячилар ва катта ёшли болалар билан Туркия ҳақида, турк аскарларининг довюраклиги ҳақида гапира туриб, “сизлар ҳам “турк жужуқларисиз”, деб қўярди. Афандиларнинг суҳбатларини эшитганида кўп нарсаларни тушунмас эди. “Санжоғимиз”да нима учун Туркия байроғини шарафлаётганини ҳам англамасди. Бир куни тарбиячисидан “Чаноққалъа”нинг маъносини сўраганида “Туркиянинг Чаноққалъа деган жойида катта уруш бўлган, дунёнинг барча мамлакатларидан борган ёшлар кофирларга қарши урушишган. Икки юз мингдан ошиқ ёш йигит шаҳид бўлган. Тулу афанди билан Шаҳидий афандилар ўша жангларнинг шарафли қаҳрамонларидан саналади”, деб тушунтирган эди. Советларнинг қўли баланд келгач, Шаҳидий афанди Туркияга қайтиб кетди, Тулу афанди эса Мунаввар қори ва унинг сафдошлари қаторида қамоққа олиниб, отиб ташланди.
Мирзакалон етимхонада икки йил тарбияланди, хат-саводи чиқди, оқу қарога озми-кўпми тушунадиган бўлди. Кейинчалик таниқли адабиётшунос олим ва драматург бўлиб танилган Иззат Султонов билан шу ерда танишди. “Фарғона тонг отгунча”нинг биринчи китобини нашрга тайёрлашда Иззат Султоннинг хизматлари бўлган. Китобга шу олим муҳаррир эди.
1922 йили Тошкентга, Ўлка ўзбек эрлар билим юртига ўқишга юборишди… Бу ерда олти йил ўқидилар. Бу йиллар натижа эътибори билан ҳаётларида нурли излар қолдирди. Теваракларида Абдулла Авлоний, Қайюм Рамазон, Собир Қодирий, Носир Саидий, Олим қори Усмонов каби миллатпарварлар бор эдилар…
Большевиклар томонидан “миллатчи унсур” деб айбланган бу зотлар миллатнинг уйғониши учун кўп хизматлар қилган эдилар. Айниқса, Абдулла Авлоний… Тошкент жадидларининг пешқадамларидан. Жадидлар миллат жаҳолатидан йиғлар эдилар. Миллатнинг хорлигини фақат ва фақат илмсизлик балосида деб билардилар. Жадидлар миллат дардларини кўз ёшлари билан ёзган дамларида Мирзакалон ҳали туғилмаган эди. Шоирнинг довруғини етимхонада эшитган, унинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари ёрдамида савод чиқарган эди. Тошкентга келиб, билим юртида бу зотдан таҳсил олишини эшитганда нақадар қувонган эди! Мулойим табиатли, чўққисоқол, юзидан нур ёғилиб турувчи бу муаллимни ҳамма яхши кўрарди. Айниқса нафис адабиётга меҳри баланд бўлган Мирзакалон унинг дарсларини орзиқиб кутарди. Ўша йиллари шеъриятда “футуризм” номи билан туғилган янги оқимга тушунмай савол сўраганида “Бу оқим Италияда туғилиб, Оврупо томонларда довдирай-совдирай, сўнг биз томонларга адашиб келиб қолган. Олтойнинг шеърларини ўқисангиз, бас, ўша ижод футуризм самараси”, деди. Мирзакалон “Тирр…тиррр… келаётир… трактор…” деб зинапоя усулда ёзилган шеърларни ўқиган, бироқ, маъносига, айниқса, шоирнинг мақсадига тушунмаган эди. Яна бир дарсда бу хусусда сўраганда устоз унинг қўлига китоб бериб, “ўқинг”, деди. Мирзакалон ўқиди, ажабланиб, кўзларини пирпиратганича устозига қараб тураверди.
– Яна тушунмадингизми? – деди устоз мийиғида кулиб.
– Устоз, сиз менга шеър эмас, китобнинг мундарижасини ўқитдингиз-ку?
– Ҳа, балли, футурист шоирларнинг шеърлари худди шунга ўхшаш, сарлавҳаси бор-у, маъноси йўқ. Сарлавҳасига қараб маъносини ўзингиз топиб олишингиз керак. Ҳазрат Навоийдек шоирлари бор миллат учун бу шеър усули шармандали бир ҳолдир…
Ўз вақтида Тошкентда биринчи театрни очган, Туркистон мухтор жумҳуриятининг элчиси сифатида Афғонистон амири Омонуллохон билан учрашган ва музокара юритган, “қизил профессор” деган ном билан шарафланган, сўнг советларнинг найрангли сиёсатини англаб, четга чиққан Абдулла Авлоний Сталиннинг ажал тиғи қўзғалмасидан илгари хасталикка чалиниб, вафот этганди. Агар ўттиз еттинчи йилда тирик бўлганида биринчилардан бўлиб бу тиғга рўбарў бўлиши аниқ эди.
Миллатпарварларнинг илҳомчиси ва уларнинг содиқ жарчиси Чўлпон, Боту, Фитрат, Абдулла Қодирий, Шокир Сулаймон, Элбек ва бошқаларнинг китоблари ҳамиша қўлларда, тилларда эди. Уларда талқин этилган фикрларнинг асл маъноларига ва замирида кўзланган мақсадларга тушуниб, қалбида оташин ҳислар уйғонарди.
Йигирма саккизинчи йил билим юртини битириб, ўз таъбирлари билан айтилганда, “мустақил ҳаёт оғушига отилди”лар.
Республикада ўзбек ёзувини араб алифбесидан лотин алифбесига кўчириш тайёргарлиги бормоқда эди. Шу муносабат билан Маориф халқ комиссарлиги Самарқандда лотинлаштириш инструкторлари тайёрлайдиган уч ойлик курс очди. Комиссарлик бўлажак адибни ана шу курсга юборди. Самарқанднинг Қўшҳовузида жойлашган ушбу курсда уч ой ўқиб, уни йигирма саккизинчи йилнинг куз ойларидан бирида битириб чиқдилар. Ғози Олим Юнусов, Фитрат, Қаюм Рамазон каби миллатпарварларнинг суҳбатидан шу ерда баҳраманд бўлдилар. Ғози Олим Юнусов Шайбонийхон тарихидан, Фитратнинг эса Бедил, Ҳусайн Бойқаро каби шоирлар ижоди ҳақидаги ҳикоялари адабиёт гулшани остонасида турган ёш ижодкорда бениҳоя таассурот уйғотди.
Самарқандда эканликларида болалар учун ёзилган кичик-кичик русча китобларни Ўзбек давлат нашриётидан олиб, таржима қила бошлади. Бир куни Наим Саидий: “Чўлпон кўчирувчи ахтариб юрибди, хоҳласангиз учранг”, деди. Ўша вақт ўзбек адабиётининг ерида юрмай, кўкида учаётган Чўлпонни кўриш, унинг хизматини қилиш – ёш Мирзакалонга катта мартаба эди. Дарҳол рози бўлиб, ўша куниёқ Чўлпоннинг уйига борди. Чўлпон ҳам Қўшҳовузда, Мирзакалон ўқиган курс биқингинасида турар экан. Чўлпон хушнудлик билан қабул қилди, “эл қатори” ҳақ тўлаяжагини айтиб, бир тутам қўлёзмасини кўчиришга берди. Бу қўлёзма араблар ҳаётидан олиб ёзилган “Расулий” номли романнинг ўзбекча таржимаси эди.
Бу асарнинг қўлёзмаси 1992 йилда тоғамнинг дўстлари ёзувчи Мумтоз Муҳамедовнинг уйи томида сақланувчи қоғозлар орасидан топилди ва “Мағоралар султони” номи билан “Шарқ юлдузи” журналида нашр этилди. Асарда муаллиф номи кўрсатилмагани учун “Бу таржима эмас, Чўлпоннинг ўзи ёзган асар бўлиши керак. Чўлпон воқеани араб оламига кўчирмаганида ва “таржима” демаганида асар нашр этилмас эди”, деган фикр-мулоҳазалар айтилди. Асар тоғамнинг қўллари билан кўчирилганини ўшанда билмаган эдим. Орадан йиллар ўтиб, қамалишга доир архив ҳужжатлари билан танишаётган пайтимда аниқладим.
Мирзакалон ёшлигига қарамай, улуғ адибга руҳан яқин бўлгани учун оддий нусха кўчирувчи эмас, ул зотнинг адабий котиби бўлиб қолди. Энди улар тез-тез учрашар, ишга оид, ишдан ташқари хорижда юз бераётган воқеалар ҳақида ҳам гаплашар эдилар. Чўлпон янги ёзган шеърларини баъзан ўқиб туриб, йиғлаб юборар эди. Мирзакалон авваллари бу йиғиларнинг сабабига тушунмай юрса ҳам, кейинчалик бу кўз ёшларининг асл маъносини фаҳм қиладиган бўлди. Кўчирувчилик вазифаси кун сайин қариб борди. Чўлпон ҳам ёш йигит билан анча эркин гаплашадиган бўлди. Кунлардан бир кун Чўлпон одатдагича йиғлаб туриб, унга шу сўзларни айтганди (тоғам бу сўзларни унутмай, орадан кўп йиллар ўтиб оқ қоғозга туширганлар):
“Миллат хароб бўлди! Унинг энг муқаддас нарсалари: ҳурлиги, шаъни-шарафи қўлдан кетди! Ҳар қадамда юрагимиз қуш ҳадиги билан уради. Энди бизнинг вазифамиз, келажак авлоднинг вазифаси – миллатни шармандаларча қулликдан, ҳақорат ва хўрликдан қутқазиш бўлиши керак!”
Ўшанда Чўлпон бу вазифани ўзи қандай бажараётганини, бошқалар қандай бажариши кераклигини айтмади. Мирзакалон ҳам сўраш даражасига кўтарилган етук “авлодлар”дан эмас эди…
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайди оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?..
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка.
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?
Ҳам дардли, ҳам оловли бу сатрларни Ўшдаги етимхонадан Тошкентга отланаётган пайтлари ўқиб, дарров ёдлаб олган эди. Билим юртида ўқишни бошлаган кезлари бу асарга раддия сифатида шоир Ғайратийнинг “Тузалган ўлкага” деган шеъри газетада босилганини билди. Яна катта ёшли талабаларнинг ўзаро суҳбатларидан билдики, Чўлпон бир мажлисдан кейин Ғайратийга дуч келганида дебдики: “Ҳозир сенга ўхшаган комсомолларнинг замони куляпти. Кейинроқ бориб шарманда бўлишдан қўрққин”…
Тоғам Чўлпон номини қалблари тўрида сақлаганлар. “Чўлпон – ёруғ юлдуз, шеърият осмонида ҳамиша чарақлаб турадиган қуёш! – деб ёзганлар хотира дафтарларида. – Чўлпон, Навоий, Фузулий, Фирдавсий, Низомий каби ўлмас, абадий ҳаёт шоирлар ичида бизга яна ҳам яқин, биз учун яна ҳам ширин, қадрдон, жонажон шоирдир! Чунки у бизнинг қуллик кунларимизни буюк ҳасрат, зўр фарёд билан ҳар дам ёдимизга солиб турган, озодлик йўлида азиз жонини аямай курашга чорловчи созини қўймаган улуғ инсондир!”
Тоғам биринчи қамалганларида устозлари ҳаёт эди. Боши узра туҳмат булутлари қуюқлаша бошлаган бўлса-да, ўзини дадил тутарди. Унинг шу матонати ёш Мирзакалонга биринчи жазодан эсон-омон қутилиб чиқишида далда берган эди.
“Шайтон йўлдан оздирди”,
дейишдилар
шайтонни эгарлаб миниб олганлар
Ўрмонда болта пайдо бўлиб дарахтларни кеса бошлабди. Ўрмон аҳли унга чора тополмай донишманд Эман ҳузурига борибдилар.
– Болта деганларинг нимадан ишланган? – деб сўрабди Эман воқеадан огоҳ бўлгач.
– Болта деганимиз темирдан ишланган, – деб жавоб қилишибди.
– Дастаси-чи, дастаси ҳам темирми? – деб сўрабди Эман.
– Йўқ, дастаси темир эмас, ёғочдан.
– Эҳ, аттанг, дастаси ўзимиздан экан, энди болтани тўхтатишнинг ҳеч қандай иложи йўқ, – деган экан донишманд Эман.
Бу ривоятни бекорга эсламадим. Иккинчи қамалишда ҳам “дўст”ларнинг хизмати бўлган. Ҳозир репрессиялар ҳақида сўз кетса, Сталин айбланади. Чиндан ҳам шундайми?
Тўғри ва соф одамлар дарров дўст бўлиб оладилар ва бу дўстлик узоққа чўзилади. Фитначи одамлар дарров дўстлаша олмайдилар, муносабатлари тез ва осон бузилади. Яхши ва олижаноб одамлар бир соатлик кўришиш ва бир кунлик танишиш муддатида одамнинг кўнглини овлайдилар. Аммо кўпдан бери танишиш ва дўст бўлиш орзусида юрган ичи қора одамлардан марҳамат ва лутф кўзлаб бўлмайди. Улар қўрқув ва ғараз туфайли дўст бўлишни истайдилар.
Албатта, бу ҳикматни рад этмаймиз. Аммо ҳаётда бунинг аксига кўпроқ дуч келамизким, каминанингэътирози ҳам айнан шунда. Тўғри ва соф одамлар, олимлар, агар дўстлашсалар, уларнинг биродарликлари арзимаган нарсага бузилмайди. Тўғри ва соф одамларни, олимларни биз “зукко, доно” каби сифатлар билан улуғлаймиз. Демак, улар яхшини ёмондан тез ажрата олиш қобилиятига эгалар. Бироқ янги танишларини яхши одам эканини билиб турсалар ҳам, у билан дўстлашишга шошилмайдилар. Нега? Эҳтиёткорликни бу қадар ошириб юборишлари ўринлими? Ёки атрофларидаги фитначиларнинг сўзларига қулоқ тутадиларми? Ахир фитначилар билан дўст бўлган кимса энг яхши одамлар ҳақида ҳам ёмон фикрда бўлади, вақт ўтганидан сўнг эса кўзлари мошдай очилади-ю, аммо пушаймон ейишдан ўзга чораси қолмайди. Ариқ ва сой суви денгизга қуйилгунга қадар ширин бўлади. Қардошлик ва дўстлик муҳаббати разил одамлар орага тушгунга қадар мустаҳкам бўлади. Афсусли ери шундаки, разиллар айнан яхшилар орасига тушади. Яхшилар бир-бирларини англаб етгунларича разиллар бирлашиб оладилар. Ҳаётда кузатамизки, яхшилик мақсадидаги дўстликка мустаҳкам пойдевор қўйилгунига қадар разиллар ўз биродарликлари саройини қуриб бўладилар. Тўғри, уларнинг бу саройлари мустаҳкам эмас, тез орада бузилиб кетади. Бироқ бузилгунига қадар яхши дўстлик иморати пойдеворини ҳам яксон қилишга улгуради. Кўрамизки, айрим иқтидорли олимлар, баъзи қобилиятли шоирлар бир-бирлари билан тез дўстлаша олмайдилар. “Гадонинг душмани гадо бўладир”, дейилганидек, бу доноларнинг ўзаро дўстлашувларига эҳтимол вужудларига эгалик қилаётган ҳасад ўти йўл қўймас? Разил ва хоин одамлар улардаги айнан шу хасталикдан фойдаланишар? Разил ва хоин одамларнинг дўстлиги илонни тарбия қилишдек бир нарса. Илон эгаси уни қанчалик яхши парвариш этса ҳам, пайт келганда бир кун ўз эгасининг ёруғ кунини қоронғи кечага айлантиради, ўз вафосизлигини намоён этади. Тонг шабадаси ҳам дўстликка ўхшайди. Агар у гулзор томондан эсса – хушбўй бўлади. Нажосат бор ердан эсса – бадбўй бўлади. Тарихда бунга мисоллар оз эмас. Сталин замонидаги репрессияларда жон берганлар, азоб чекканлар дўстлик либосидаги айнан шундай разилликнинг қурбони бўлган эдилар. Донолар бир-бирларини ҳимоя қила олмадилар, демак, улар чин дўстлик мақомига ета олмаган эканлар. Алдамчи дўстликнинг фожиаси шунда.
Бугун “Ҳаммасига Сталин айбдор”, деб ҳукм ўқиш осон. Лекин Сталин “Ўткан кунлар”ни ўқиганмикин? Ёки “Бузилган ўлкага”дан хабари бўлганмикин? Абдулла Қодирий ёки Чўлпоннинг отилишидан у манфаатдор эдими?
Ёки: “Фалончининг айбномасига Пистончи имзо чеккан, қотил шу!” деб хулоса чиқариб қўйиш ҳам қийин эмас. Баъзан шундай шошқалоқ фикрнинг гувоҳи ҳам бўляпмиз. Шунга ўхшаш айбловлар айтилганда мен айсбергни – шимолий уммоннинг гердайган муз ҳокимини кўз олдимга келтираман. Айсбергнинг озгина қисмигина сув юзасида кўринади. Кемаларни парчаловчи асосий қисми кўзга кўринмайди – сув остида бўлади. Советлар даврининг қирғинлари ҳақида фикр юритганда ҳам шу нарса унутилмаса дуруст бўларди. Фалончининг айбномасига Пистончи имзо чекмаганида ўша Фалончи омон қолармиди? Йўқ. Айбномага мамнуният билан имзо чекиб берувчи иккинчи Пистончи топиларди, албатта. Иккинчиси бўлмаса, учинчиси ёки тўртинчиси топиларди. Дунёда ҲАСАД деган нарса бор экан, бундайин пистончиларга муҳтож бўлинмайди. Тарихдан аёнким, ҳукмронлар айнан ана шундай ҳасадчилар хизматидан беминнат фойдаланганлар. Мен савдо ходимлари ёки ҳунармандлар орасида ҳасадчилар борлигидан ажабланмайман. Лекин халққа адаб беришга масъул зиёлилар орасида ҳасад мавжудлигига чидашим қийин. Шарафли ҳадисда “Олимнинг бузилиши – оламнинг бузилиши”, деб бекорга огоҳлантирилмаган. Зиёли ҳасадгўй бўлса – дунёдаги энг эси паст махлуқдан ҳам тубанроқ бўлади. Ҳасадгўй зиёли (балки ёзувчидир?) ўзидан истеъдодлироқ ҳамкасбига тош отади, уни йўқотишга тиришади, бу билан ўзига шон-шуҳрат йўлини очишга тиришади. Хўш, кейин нима бўлади? Шу билан шуҳрати ортадими? Йўқ, халқ унинг ўзини эртами-кечми супуриб ташлайди. Буни тарихнинг кейинги ярим асри исботлаб берди.
Энди ўтмиш фожиаларини яна қайтармаслик учун айбни фақат Сталиндан эмас, ўзимиздан, одамлар орасидан қидирайлик. Шу билан бирга қатъий, узил-кесил ҳукм чиқаришга шошилмайлик. Бир одамнинг номини тиклаб, бошқасини ахлатга қориштирмайлик. Шошқалоқлик билан нотўғри хулоса чиқариб қўйсак, келажак авлод бизларни кечирмайди.
Биз қоралаётган одам нима учун ёлғон гувоҳлик берган ёки ёлғон айбномага имзо чеккан?
1. Хусуматдан. У ҳолда унинг номи абадул-абад қора билан ёзилиши керак.
2. Қўрқоқликдан. Кўзига ўз жони, бола-чақаси кўринган. Бу ҳам лаънатга лойиқ. Лекин ўзида истеъдод чўғи бўлиб, адабиётга хизмат қила олган бўлса, унинг асарларидан воз кечмайлик.
3. Биз қоралаётган одам коммунист мутаассиблигига берилиб, айбланувчини чиндан “халқ душмани” деб билса, орадан фурсат ўтиб, кўз олдидаги мутаассиблик қора пардаси йиртилиб, ҳақиқат нурини кўргач, тавба қилган бўлса, уни қисман кечириш мумкин. Беайб – парвардигор. Шайтон йўлига кириб топилган гуноҳ бўйинга олиниб, астойдил тавба қилинса, Аллоҳ ҳам кечиради, дейдилар. Лекин… ҳақиқатга ета олмай, ўша мутаассиблиги билан ўтиб кетган одамлар-чи? Бунга биз бир нима дея олмаймиз. Дийдор қиёматга қолган бўлса не ажаб?
“Одамлар бир-бирларини бўри каби ғажийдилар”, деган гапни эшитиб турамиз ва ажабланамизким, бўри бир-бирин ғажимайдир…
Бўри галаси
Очликдан изғийди изғирин қишда.
Умид билан қарайди бири бирига:
“Бирон ўлжага тушмасми кўзинг?
Ўлжа олсак, баҳам кўрармиз…”
Гала-гала юрибди бани Одам ҳам.
Изғирин қишда – иссиқ либосда,
иссиқ гўшаларда давралар бордир.
Бир-бирига қарарлар хавотир билан:
“Ўлжани юлиб кетар ким,
шу дўстиммикан?”
Ташвиши оздир тўрт оёқлининг:
оч қолса – изғийди,
увлаши нолиш эмас,
галасига тириклигин билдириб қўядир.
Юради – изғийди, югуради – ов илинжида.
Топса, ейди галаси билан,
Топмаса – чидайди очликка,
галасига қилмай хиёнат,
очлик қиличидан ўлим топади.
Ўлим у учун фожиа эмас.
Тўрт оёқда юриб яшаса-да,
Ортидан ҳеч нима қолмайди – ачинадиган.
Ўлим фожиадир бани Одамга.
Икки оёқда юрса-да ёруғ дунёда,
ёмон топмайди.
Бойлиги сиғиб қолар
(Валлоҳи аълам!)
Тўртта пўлат сандиғ-у,
ўн бешта қопга?!
Аммо…
сиғмайди ташвишлари
ўн саккиз минг олам бағрига.
Топиш – бир ташвиш,
юзларча жонларни норизо этиб.
Асраш – бир ташвиш,
аланга оташида жонни куйдириб.
Сарфлаш – юз минг ташвиш.
гўёким жонни жабборга бериш.
Тийинни сарф этган чоқда
юрагида бир жажжи томир узилар…
Худо унга рўпара қилди
қоя каби ғазнани.
“Бахт”ни учириб юбориш хавфи,
қўрқув азоби ғажир уни.
Унга тикилгувчи оч кўзлар, ана!
Бири жаҳд ила отилмоқда ўлжага.
Панжаси ғазнага етгани ҳамон,
Бир тилла тиш кекирдакка ботар беомон.
Ғазнани қучоқлаган тирсакни
кумуш тиш узар.
Унинг тўпиғидан олар бошқаси…
Тишлари ювилган,
топ-тоза киборлар
четроқда ўлжани кутадир.
Ҳов нарида, оёқлари қорга ботган
оч-арвоҳ бўрилар
тизилиб турадир,
Онгсиз бошларида ҳайронлик мавжуд.
Кеча ғазнани кўриб эдилар,
Ҳидлай-ҳидлай кетгандилар нарига.
Қорин оғриғи силласин қуритган қари бўри
Ҳожатини раво қилган эди ғазна пойида.
Ўшани талашяпти икки оёқликлар,
деб ўйлади онгсиз бўри.
Кун ёниб адо бўлди,
Зимистон дунёни ютиб юборди.
Ғазнахўрлар сингиб кетди тун бағрига.
Узоқдан бўрининг увлаши келар.
Қопқон азобидан увларми ё нодонлигидан –
ўзи ҳам билмас.
Пастда…
Ғазна қопқонига тушганлар талаш-талаш,
аммо увламаслар ҳеч.
Оёқлари остида минг-минг қопқонлар
кўриб турарлар бунда йўқ сир
…ва тушарлар бир-бир.
Тун ноласи тинди:
бўри увламас,
оёғини ғажиб ташлаб қутулди.
Тутқун ўлимидан кўра,
уч оёқда юрмоқ эркини танлади.
Пастдагилар ғажимаслар оёқларини,
Силаб-силаб ўтирарлар қопқонларини.
Кўнгил қўйгандирлар қопқонларига,
Севиб қолгандирлар қопқонларини.
Худони танимайди,
Танимайди, демак, севмайди.
Қопқонни танийди
ва… севади,
худди келинчакни севганлар каби.
Тоғам ўзларини қаматишга сабабчи бўлган одамлар ҳақида ҳеч гапирмаган эдилар. Фақат бир марта хасталик пайтларида, йўқлаб кирган шоир қўшнилари чиқиб кетгач, “Бу жуда бечора одам-да”, дедилар. “Нимаси бечора?” деб сўрадим. “Бечоралиги – қўрқоқлигидан, – дедилар тоғам, – қўрқоқ бўлгани учун ҳам қамалганимда рўпарамга ўтириб олиб, кўзларини мўлтиллатиб ёлғон гувоҳлик берган”. Эшитганим шу. Ўша шоир ўртоқлари тоғам билан то Берлинга қадар бирга жанг майдонларини кечиб боришган. Мени ажаблантирган нарса – тоғам қамоқдан чиққанларидан кейин ҳам ўша шоир ва бошқа ёлғончи гувоҳлар билан дўстликларини давом эттирганлар. Аразлаб, юзкўрмас бўлиб кетмаганлар. Исломдаги одамнинг кечиримли бўлиши фазилатини мен шунда кўрганман.
Битта суякни талашаётган икки итнинг мақсадини тушуниш мумкин. Лекин емоқ-ичмоғи, киймоғи етарли, ҳатто мўл бўлган одамлар хиёнат кўчасида жавлон уриб, бир-бирларига зулм қилишса, уларнинг мақсадларини тушуна олмайман.
Тоғам хоинлик ҳолатини тушунмовчилик сифатида қабул қилганларми ё ўртада узрхоҳлик бўлганми – бу менга номаълум, ҳар ҳолда уларни қадрдон дўст қаторидан чиқармаганлар. Мен ҳам уларни тоғамнинг қадрдон дўстлари деб билардим. Ўша даврда бўлган асосий гапларни, туҳматлар баёнини қамоқхона ҳужжатларидан ўқиб билганман. Айрим айбловларни ўқиб, ҳайрон қоласан киши. Шулардан бири “Ундирком” аталмиш “сиёсий ташкилот” тафсилоти билан сиз ҳам танишинг-а:
Мирзакалон Исмоилий Берлиндан қайтгач, “Қизил Ўзбекистон”да ишлаган. Кундузи уйга бориб дам олиш, овқатланишга кўпинча фурсат бўлмасди. Бошқалар учун иш вақти тугаганда масъул котибнинг босмахонага доир вазифалари бошланиб, газета саҳифаларидан қўрғошинли қуйма қолип олингунга қадар озгина бўш вақти бўларди. Шу вақтдан фойдаланиб, таҳририят ходимлари самоворхонада ташкил этган ошхўрликка бориб турарди. Асли паловхўрлар тоифасидан бўлгани учун Мелиевнинг гапи билан бу тўпга қўшила қолган эди. Уларнинг давраси Риқси Соҳибоев, Ҳолбек Ёдгоров, Баҳром Раҳмонов, Абдулла Олимжоновдан иборат эди. Раҳмат Файзий, Акмал Пўлат, Аҳмад Исмоилов оралаб қатнашишарди. Адҳам Раҳматов билан Хотам Икромовлар товоқ атрофидаги ўринларини сира бўш қўймас эдилар. Салоҳ Ҳасанов бошчилигидаги ходимларнинг ўз давраси бор эди. Бу ошхўрликларда ким қандай мақола ёзгани, газетада қандай яхши ё саёз мақола босилгани, бугун ким қандай мақола топшириши лозимлиги, босилган шеър, фельетон ёки ҳикоянинг сифат ва фазилати ҳақида сўзлашиш билан бирга аскиялар, ҳазил латифалар ҳам айтилиб туриларди. Сиёсат билан боғлиқ жиддий гапни биронталари тилга олмас эдилар. Бу ошхўрликлар масъул редактор Шароф Рашидовнинг қулоғига етиб бориб, “Чойхонадаги ўтиришларни битириб, керак бўлса, уй-уйларингизда маданий равишда гурунг қилинглар”, деб тайинлади.
Шундай қилиб, чойхонадаги санқишларга барҳам берилди-да, ҳар ўн беш кунда бир марта тўпланиш шарти билан навбатма-навбат бир-бирлариникига борадиган бўлдилар. Бу ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатдан “гап”нинг ўзи эди. Урушдан соғ-саломат қайтиб келгани ва масъул котиб амалида бўлгани учун биринчи зиёфатни Мирзакалоннинг зиммасига қўйдилар. У қабул қилди. Кимларни чақириш масаласини эса рўйхат тузиш билан ҳал этдилар. Гап ташувчи, чақимчиларни даврага қўшмадилар. Ҳар соҳада ҳамиша бўлганидек, Худо бу идорани ҳам чақимчилардан қисмаган эди. Шулардан бири ҳақида ўзларича латифа тўқиган ҳам эдилар. Редакцияни “гуллатиб” юрган чақимчи шу қадар уйдирмачи, ёлғончи ҳам эканки, агар у бир кун биров устидан редакторга кириб иғво қилолмаса, яъни баҳона тополмаса, ўзининг устидан иғво қилиб бўлса-да, шу кунги иғвогарлик нормасини бажариб олар экан. Шу одамга “Ленин учқуни” газетаси редакторлигини таклиф этибдилар. У “Қачонгача “Қизил Ўзбекистон”да масъул секретарликка орзуманд бўлиб юраман, кичкинароқ бўлса ҳам ҳар ҳолда “редактор” деган номи бор”, деб аввал розилик берибди. Кейин ўйлаб қараса, чақимчилик қилиш учун газетада ўзидан катта одам бўлмас экан. Ана шундай қилиб, азбаройи чақимчиликдан ажраб қолмаслик учун, редакторликдан воз кечибди!
Хуллас, саралаб-саралаб, улфат давраси туздилар. Навбатма-навбат зиёфат давом этаверди. Бу ўтиришларга уй эгаси таҳририят ходимларидан ташқари ўзи хоҳлаган кишиларни ҳам чақирарди. Шу туфайли бу улфат маданият аҳлининг ширин даврасига айлана борди. Шоҳида Мағзумова ва Олим Хўжаев каби артистлар, академик-шоир Ғафур Ғулом, шоир Ҳамид Ғулом, ёзувчи Саид Аҳмад иштирок этган давралар ғоят қизир эди. Саид Аҳмаднинг ичакузди ҳикоялари, рақсга тушиб кетиши давра чиройини янада очарди. Бу ўтиришларда советга қарши гап айтиш учун фурсат ҳам йўқ эди. “Ундирком” деган гап эса учинчи ё тўртинчи зиёфатдан кейин чиқди. Мирзакалон, ундан кейин Баҳром Раҳмонов, Акмал Пўлат ҳеч кимга ялинтирмай, қистаттирмай, белгили кунда зиёфатларни қилиб бердилар. Навбат Абдулла Олимжоновга келганда у “пулим йўқ” деб туриб олди. Ана шундан кейин бу номард улфатдан зиёфатни ундиришга тўғри келди. Бунинг учун ортиқча заҳмат чекиш шарт бўлмади. Мирзакалон қанча пул кераклигини сўраган эди, у “минг сўм”, деди. Мирзакалон Гальдонининг “Икки бойга бир малай” пьесасини Ҳамза театрига таржима қилиб бергани учун олган қалам ҳақининг бир қисмини сақлаб қўйган эди. Шарт туриб, пўлат сандиқдан минг сўм чиқариб берди. Ана шунда Абдулла Олимжонов кулиб юбориб, ҳазиллашди:
– Оббо Мирза ака-ей! Қўймадингиз, ахири ундирдингиз-а! Ундирком, ундирком! – деди.
Ўша ондан бошлаб Мирзакалоннинг даврадаги лақаби “ундирком” бўлиб қолган эди.
Кўп ўтмай, бу ҳазил “бир юмалаб” сиёсий маъно касб этди-ю, “Совет Иттифоқига қарши иш олиб борувчи сиёсий ташкилот”га, Мирзакалон эса бу комитет раҳбарига айланди. Тинтув пайтида уйидан чиққан Вали Қаййумхоннинг сурати бу даъвони исботлайдиган ягона далил эди. “Ундирком” ҳақидаги гапни терговчи тилидан дастлаб эшитганда Мирзакалон кулимсираб қўйиб, русчалаб тушинтирмоқчи бўлганида терговчи унинг изоҳини эшитишни ҳам истамади. Аксинча, “АҚД” билан “Ундирком”ни сиёсий занжир билан боғлашга зўр бериб уринди.
Туш кўрибман, даҳшатли бир туш.Иблис ёлворармиш Яратганига:“Инсоннинг макридан асрагин мени!”
Баъзи туҳматларни “тасодифий тилдан учган”, дейиш асло мумкин эмасди. Терговчига янги-янги айбловлар керак эди, “гувоҳ” деб аталмиш туҳматчилар эса тирноқ остидан кир қидиришдан чарчамаганлар. Тоғам “фашист” билан немис халқини фарқлар эдилар. Немис тарихини, хусусан, адабиёти ва санъатини қадрлардилар. Шунинг учун ҳам Германиядан қайтишда ўтмишдаги буюк композиторларнинг асарлари ижро этилган пластинкалардан олиб келганлар. Бу пластинкалар иттифоқо йўқолди. Ким олгани эса қамоқхонадаги тергов пайтида маълум бўлиб қолди.
Хоинлар қидириб топган айблардан яна бири: “Мирзакалон Берлинда эканимизда қочиб кетган “эс-эс”чи фашистларнинг хотини билан “дон олишарди”, деган “сиёсий айб” эди. Қамоқхона ҳужжатларида ёзувчи бу даъвони кескин рад этиб, “Мен бориб юрадиган хотин оддий немис ишчисининг қизи эди”, деб ёзади. Мен бу раддияни ўқиб, “Ўша пайтда ўйнашлар ҳам синфий бўлган экан-да”, деб қўйган эдим. Лекин бу айблов биз ўйлагандек маиший эмас, сиёсий томони кучлироқ эди. Урушдан аввал ҳам, ҳатто уруш йиллари ҳам Туркистон озодлиги орзусида яшаган ёшлар меҳр қўйган бир инсон бор эди: Вали Қаййумхон номининг ўзиёқ бундай ёшларда умид уйғотарди. Вали Қаййумхоннинг хориждаги яқин сафдошлари Булоқбоши ва Абдулла Тўлаган четга ўтиб кетишларидан аввал тоғам билан яқин дўст бўлганлар. Бу ҳолат хавфсизлик идораси назаридан четда қолган дейсизми?
Урушдан кейин Берлин шаҳридаги ресторанлардан бирида ўтиришганда немис аёли яқинлашиб: “Қаерликсиз?” деб сўрайди. “Тошкентликмиз”, деб жавоб қилишади. “Туркистонликмисиз? Менинг эрим ҳам туркистонлик эди”, дейди немис аёли. Кейин сумкачасидан бир сурат олиб кўрсатади. Урушдан аввалги журналист дўстлари Абдулла Тўлаганни таниб ажабланишади. Маълум бўлишича, Абдулла Тўлаган Туркистон комитети нашр этган газетага “Абдул Завқий” тахаллуси билан муҳаррирлик қилган экан. Исмини “Рут” деб таништирган хоним ўзбекистонликларни меҳмонга таклиф қилади. Бу учрашув тасодифий эдими ёки махсус хизмат ходимлари томонидан уюштирилганмиди, буниси номаълум. Ҳар ҳолда аёлнинг биринчи бўлиб яқинлашгани, гапга тутгани ажабланарли. Хуллас, бирон бир ҳолатдан хавотирланмаган Мирзакалон Исмоилий ва унинг дўстлари Рутнинг уйига боришади. Суратларни томоша қилишади. Вали Қаййумхон ва Абдулла Тўлаган тушган суратни Мирзакалон Исмоилий сўраб оладилар. Бу иш хатарли бўлса ҳам ташлаб юбормайдилар. Тошкентга ола қайтадилар. Қамоққа олинган кунлари ўтказилган тинтув вақтида бу сурат ҳам чиқади. “Ёт-унсур, миллатчи, ашаддий душман”лар билан яқинлигига шундай далил турганда ошхўрликдаги “ундирком” нима деган гап экан?!
Чақармикин илон илонни?Буниси мавҳумдир бизга. Аммо…Дўстни дўст чақмоғи аниқ
“Фарғона тонг отгунча” романи навбатдаги қайта нашрга тайёрланаётган кунларда тоғам мендан: “Асқар Қосимов деган йигитни танийсанми?” деб сўраб қолдилар. Асқар билан яқин дўст эканимни айтганимдан кейин қувониб: “Ажойиб йигит экан, Чўлпонни ёддан билар экан!” деб хитоб қилдилар. Ўша кунлари романнинг муҳаррирлиги топширилгани учун Асқар асарни синчиклаб ўқиб чиқибди-да, тоғамга Чўлпон услубида ёзилганини айтибди. У пайтларда мен “Кеча ва кундуз”ни ўқимаган эдим. Асқар лотин ҳарфларидаги нашрни қаердандир топиб ўқиган экан. Шеърларини ҳам ёд олган экан. Асқарнинг руҳиятида ҳам, шеърларида ҳам Чўлпон нафаси сезилиб турарди. Шу туфайли ҳам тоғам уни ёқтириб қолган эдилар (Асқар Қосимнинг қиёфаси “Шайтанат”да берилган, бу ҳақда кейинроқ яна гапираман).
* * *
Романнинг қамоқхонада ёзилгани рост. Қўлёзмаларини, мактубларини мен кўз қорачиғидай сақладим. Юз йилликлари нишонланган куни набиралари Козимхонга бердим. Сақланган мактублардан бири қўқонлик китобхон Носиржон Поччабоевга ёзилган. Унда асар тарихига доир сатрлар мавжудлиги учун танишиб чиқсак зарар қилмас:
“Ассалому алайкум, ҳурматли Носиржон ака!
Кейинги вақтларда Сизни тез-тез эслар, катта ғамхўрлик билан ёзиб турган мактубларингиз узилиб қолганидан хавотирланар эдим. Худога шукр, саломат экансиз, биз ғарибларни эслаб, хат орқали йўқлаш илтифотида бўлибсиз. Бунинг учун минг-минг раҳмат!
Носиржон ака, “Фарғона тонг отгунча” романимнинг иккинчи китоби Сизга кўп манзур бўлганини ҳаяжон билан ёзиб, ундаги мактублар, шеърлар, айрим сўзлар, умуман, китобда мавжуд яхши-ёмон гаплар ўзим ўйлаб топган гапларми ё архивлардан, эски манбалардан йиғиштириб олинган термаларми, деб сўрабсиз. Нима дейин? Инсон қалби бамисоли денгиз – таги-туги йўқ бир нарса бўлар экан. Кўрган-билганларимиз, эшитган-ўқиганларимиз қанчалик катта, қанчалик ҳаяжонли ё аянчли бўлмасин, қалб денгизи ўзига сиғдирар, асрар, бетиним мавжи билан бизни тўлқинлантириб турар экан! Биз эсак керагида бу бемисл денгиз тубидан фикрат дурларини терар, шу дурлар туфайли ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам қувонтириш, ҳаяжонлантириш, ўйлантириш бахтига муяссар бўлар эканмиз. Шундоғ, Носиржон ака, агар ҳазрати Навоийдан ва бошқа донои замонлардан қиртишлаган баъзи шеърлар, ҳикматли такбирлар ҳисобга олинмаса, китобнинг бошидан охиригача ҳамма шеър, мактуб, ҳикматли гап – ҳаммаси камина қулингизнинг ғариб қаламига мансуб ожиз фикрлардир.
О, Носиржон ака-я, китобнинг ёзилиш тарихини сўрабсиз! Буни мендан эмас, китобдаги кўзёшларидан сўранг эди! Сиз “Китобни ўқиб туриб ҳўнграб йиғлаб юбордим”, дейсиз. Неажаб, ерга қандай уруғ ташласангиз, ҳосили шундай бўлади. Носиржон ака, мен бу китобни ёза туриб қанчалар йиғлаганман, қанчалар қон ютганман!.. Билсангиз, пешанамда темир панжара, тепамда ўлимтик чироғнинг ўлиб бўлган қора нури, остимда зах, совуқ бетон, эшигида отнинг калласидек қулф!.. Қўйинг, бошқа тафсилларнинг қораси ўчсин! Бу шунчаки бир китоб эмас, йўқ, шахсга сажда даврининг қора кунларида минг азоб, минг тўлғоқ билан туғилган бир ғариб хилқат. Ҳа, хилқат!.. Бу менинг йиғлай-йиғлай топган болам!
Носиржон ака, мактубимнинг охири кўзёшига айланмай туриб гапни тамом қилай, кечиринг мени. Энди мактубингизнинг иккинчи қисмига ўтайлик. У масала (учинчи китоб назарда тутиляпти.Т.М.) очиқлигича турибди. Ёш бўлса олтмиш саккизга етиб қолди. Худо саломат қилса, ҳадемай етмиш-да! У ёғи бир гап бўлар…”
Мазкур мактубдаги ифода гўзаллигига эътибор қилайлик. Адиб матбуот учун ёзаётгани йўқ, оддий ишчига қалбини очяпти. Носир ака 24 июнда йўллаган хатида “Сизнинг менга йўллаган жавоб мактубингизни олмадим. Чунки мен иккинчи қаватда истиқомат қиламан. Почта қутиси эса пастда, биринчи қават деворига михланган. Ҳар куни 15-16 бола худди шу ерда тўпланиб ўтиради. Шундай шўх ва ёмон болалар кўпки, келган хат ва газеталарни ўз вақтида ололмаймиз. Яқинда почтачи хотин мени кўриб: “Сизга Тошкентдан хат келган эди, бир ёзувчидан. Конвертдаги адрес машинкада ёзилган эди, шу хатни олдингизми?” деб сўради. Мен сизнинг у хатингизни олмаган эдим”. Ёзувчи бу ҳолдан ғашланмасдан “Хатим қўлингизга тегмагани ҳақидаги мактубингизни олиб, ўзимда қолган нусхасидан бошқатдан кўчириб юбордим. Буниси тегар, а?” деб 30июнь куни жўнатганлар.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?