Текст книги "Бахт етказиш: Миллиард долларлик интернет дўкон тарихи"
Автор книги: Тони Шей
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Дастлабки ойларда покерни қизиқарли, шу билан бирга, қийин машғулот, деб ҳисобладим. Чунки мен уни китобдан ва ўйин жараёнида тажриба тўплаш орқали ўрганаётган эдим. Кейин яхши бизнес стратегиялари ва яхши покер стратегиялари ўртасидаги ўхшашликни сеза бошладим. Айниқса, қисқа муддатли фикрлаш (масалан, индивидуал тикувда ютиш ёки ютқазишга эътибор қаратиш) билан узоқ муддатли фикрлашни (масалан, тўғри стратегия танланганига ишонч ҳосил қилиш) ажратиб олиш жуда ўхшаб кетарди.
Покер ва бизнес ўртасидаги кўплаб ўхшашликларни тушуниб етдим. Шунинг учун покер ўйнаб ўрганганларимни бизнесга татбиқ қилса бўладиганларидан рўйхат туза бошладим:
Бозор имкониятларини аниқлаш
Ўйин ўтказиладиган доскани танлаш сиз қабул қиладиган энг муҳим қарордир.
Агар доскангизда ғалаба қозониш қийин кечаётганини сезиб қолсангиз, уни ўзгартиришингиз керак.
Агар рақиблар кўпайиб кетса (баъзилари ақлсиз ёки тажрибасиз), ҳаттоки сиз улар ичида энг зўри бўлсангиз ҳам, ўйинда ютиб чиқишингиз жуда қийин кечади.
Маркетинг ва брендлаш
Кучли пайтингизда ўзингизни заиф, заиф пайтингизда эса кучли кўрсатинг. Қачон чалғитиш кераклигини ҳис қилинг.
«Бренд» ингиз жуда муҳим.
Одамлар сиз ҳақингизда айтаётган ҳикояларни ўзингиз шакллантиринг.
Молиявий жиҳатлар
Содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон ҳолатга ҳам доимо тайёр туринг.
Энг кўп қўлларни ютган одам якунда энг кўп ютиб олган бўлиб чиқмаслиги мумкин.
Бирорта қўлни ҳам ютқазмаган одам якунда энг кўп пулни ютиб олган бўлиб чиқмаслиги мумкин.
Кутилаётган ижобий натижа учун курашинг, риск даражаси энг ози учун эмас.
Ҳисобингиздаги пул ўйин ва таваккал учун етарли даражада эканига ишонч ҳосил қилинг.
Ютқазишга рози бўладиган миқдордаги пулнигина тикинг.
Покер узоқ давом этадиган ўйин эканлигини унутманг. Сиз бир қўлни ёки бир роундни ютқазишингиз мумкин, аммо пировард натижа муҳимроқ
Стратегия
Гарчи бошқалар кўп пул ютаётганини кўрсангиз ҳам, ўзингиз тушунмайдиган ўйинларга қўшилманг.
Ютқазиш кўпга тушмайдиган ўйинларни билиб олинг.
Ғирромлик қилманг. Ғирромлар пировардида барибир ютқазади.
Тамойилларингизда қатъий туринг.
Ўйин динамикаси ўзгариши билан сиз ҳам ўз ўйин услубингизни ўзгартириб боришингиз зарур. Мослашувчан бўлинг.
Сабрли бўлинг ва узоқни ўйлаб фикр юритинг.
Одатда бардошли ва диққатини жамлай оладиган ўйинчилар ютади.
Фарқлироқ бўлинг. Бошқалар нима қилса, сиз тескарисини қилинг.
Умид яхши режа эмас.
Ўйин давомида «оғишманг». Танаффус қилиш, атрофни айланиб келиш ёки тун давомида ўйинни тарк этиш сиз учун жуда қимматга тушади.
До и мий ўрганиш
Китоб ўқинг ва тажрибали одамлардан ўрганинг.
Амалда бажариб ўрганинг. Назария яхши, лекин амалиётнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди.
Атрофингизга истеъдодлиларни жамлаб ўрганинг.
Биргина қўлни ютишингиз яхши ўйнаётганингизни ва ортиқ ўрганишга ҳожат йўқлигини англатмайди. Шунчаки омадингиз келиб қолган бўлиши мумкин.
Маслаҳат сўрашдан қўрқманг.
Маданият
Сиз ўйинни севишингиз лозим. Яхши ўйинчи бўлиш учун у билан яшашингиз ва у билан ухлашингиз зарур.
Кеккайиб кетманг. Ўзингизни юлдуздек тутманг. Сиздан кўра яхшироқ ўйнайдиган одам доим топилади.
Дилкаш бўлинг ва дўстлар орттиринг. Бу ҳам бир кичик жамоа.
Ўрганганларингизни бошқаларга ҳам ўргатинг.
Ўйинни бошлаганда ўйиндан ташқарига ҳам эътибор қаратинг. Балки, янги дўстлар ёки янги бизнес ҳамкорлар билан учрашиб қоларсиз. Нима бўлиши мумкинлигини олдиндан билолмайсиз.
Завқланинг. Мақсадингиз фақат пул ишлаш бўлмаса, ўйин сиз учун анча ёқимлироқ кечади.
Узоқ муддатли энг яхши стратегияга бор эътиборимни қаратишни унутмасликдан ташқари, покердан ўрганган энг катта бизнес дарсим ўйинда энг муҳим қарорни қабул қила олиш бўлди. Ҳозир ўйласам ҳаммаси очиқ-ойдиндек кўринади, аммо ўшанда буни тушуниб етишим учун менга олти ой вақт керак бўлди.
Покер ўйнашни бошлаганимдан сўнг энг яхши стратегияни ўрганиш учун кўп вақт сарфладим. Бу йўлда менга покер ҳақидаги китобларни ўқиш ва уларни амалда синаб кўриш ёрдам берди. Менинг «эврика» дақиқам эса покерни бошламасимдан аввал ўйин бошланганини англаганимда бўлди.
Казинодаги покер хонасида, одатда, доскаларни танлаш имконияти бўлади. Ҳар бир доскада ўзига хос ўйинчилар, турли миқдорда тикилган пуллар, турли хил ўйин динамикаси бўлади. Ўйин динамикаси ўйинчиларнинг келиб-кетишига, уларнинг хурсанд, хафа ёки чарчаганига ҳамоҳанг ўзгараверади.
Қайси доскани танлаш мен қабул қила оладиган энг муҳим қарор эканлигини ўргандим. Қарор қайси пайтда доскани ўзгартириш кераклигини билишни ҳам тақозо қилар эди. Бир китобда айтилишича, тажрибали ўйинчи маблағи оз тўққизта бошқа ўйинчи билан бир доскада ўтирганидан кўра маблағи кўп, аммо чарчаган ва қобилиятсизроқ тўққиз ўйинчи билан ўтирганда ўн баробар кўпроқ пул юта олади.
Бизнесда тадбиркор ёки Бош ижрочи директор учун энг муҳим қарорлардан бири фаолият турини танлашдир. Агар бизнес нотўғри танланган ёки бозори кичик бўлса, унинг қанчалик тўкис бошқарилиши аҳамиятга эга эмас.
Тасаввур қилинг, сиз етти бармоқли қўлқоплар ишлаб чиқариш бўйича энг катта компания эгасисиз. Сиз етти бармоқли қўлқоплар учун энг зўр танловларни, энг зўр сервисларни ва энг қулай нархларни таклиф этасиз – шунга қарамай сиз сотаётган маҳсулот учун бозор етарлича катта бўлмаса, узоққа бормайсиз.
Ёки агар сиз ўз соҳасининг қиролларига, мисол учун «Wal-Mart» га қарши у ўйнаётган ўйинни ўйнасангиз (масалан, бир хил маҳсулотларни пастроқ нархларда сотиш), сиз тез орада бу бизнесдан сиқиб чиқариласиз.
Покер хонасида қайси доскада ўтиришимни танлай олардим, холос. Бизнесда эса аввалдан мавжуд бўлган доскада ўтиришга мажбур эмаслигимни тушуниб етдим. Шахсий доскамни белгилашим ёки ўйнаётганда ўзимга қулай доскани яратишим мумкин эди. (Ёки покердагига ўхшаб ҳар доим доскани ўзгартира олардим.)
Ҳар қандай бизнес учун эришиладиган мақсад нечоғли катта бўлмасин, ундан ҳам улканроқ мақсадлар борлигини тушуниб етдим. Мана шу улкан мақсадлар ўйин доскасини каттартира оларди. «Southwest Airlines» авиакомпанияси иш бошлаганда аввалдан мавжуд мижозлар билангина чекланиб қолмади (бошқа компанияларнинг ҳаммаси шундай қилганди). Аксинча, улар халқаро автобуслар ёки поездларда саёҳат қиладиганларни ҳам қамраб олиши мумкин бўлган хизматларни таклиф қилишди ва ўз бизнесларини шулар атрофига қуришди. Бошқа авиакомпаниялар кенг фойдаланаётган «радиал маршрут» моделини қўллаш ўрнига улар қисқа парвозлар учун арзон нархлар таклиф қилишди. Мижозлар ҳам катта харажатларсиз рейсларни ўзгартириши мумкин бўлди. Шунингдек, улар самолётларининг қўниш ва учиб кетиш орасидаги вақтни имкон қадар қисқартиришди. Улар муваффақиятга эришди, чунки аксарият авиакомпаниялар ўйнаётган доскада эмас, бошқа доскада ўйнашга қарор қилишган эди.
* * *
Бир неча ой давомида покер ҳақида кўп нарса ўргандим, аммо якунда Калифорниядаги қартахоналарда ўйнашдан зерика бошладим. У ерга доим бир хил ўйинчилар тўпланар эди, ўйинчиларнинг кўпчилиги бутун кунни покер ўйнаб ўтказарди. Чунки улар қиладиган бошқа иш йўқ эди ёки шу ой учун ижара ҳақларини ютиб олишга ҳаракат қилишарди. Бир неча ой вақтимни ўрганишга ва ўйин математикасини амалиётда қўллашга сарфлаганимдан сўнг покер ўйнаш мен учун осон бўлиб, тобора рангсизлашиб бораётгандай туйила бошлади.
Шундай қилиб, дам олиш кунларида Лас-Вегасга бориб туришни одат қилдим ва у ерда ўйнаш менга жуда қизиқ туйилди. У ерда турли одамларни учратдим. Уларнинг асосий қисми Лас-Вегасда яшамас ва кўпчилиги шахсий ва омадли бизнесига эга эди. Покер улар учун ҳар замонда ўйналадиган эрмак эди.
Калифорния қартахоналарида ўйнашни бутунлай тўхтатдим. Кейинчалик ҳам покер ўйнасам-да, у ортиқ менинг бор диққат-эътиборимни тортмай қўйди. Мен жаҳон миқёсидаги ўйинчи бўлишдан йироқ эдим, бироқ ўйинни етарлича ўргандим. Шундай қилиб мен машғулотни ўзгартиришга тайёр эдим. Мен учун кейинги покер ўйинларидан мақсад пул ютиш ёки покер ўйнаш қобилиятимни ривожлантириш ва тажриба тўплаш бўлмай қолди. Покер ўйнашдан мақсад дўстлар билан вақтичоғлик қилиш, қизиқ одамлар билан танишиш ва дўстона алоқалар ўрнатиш эди.
Шуни тушуниб етдимки, покерми, бизнесми, умуман, нима билан шуғуллансам, ўшанга муккамдан кетиб қолишим жуда осон экан. Оқибатда доскани ўзгартириш имкони борлигини унутиб қўйишим осон бўлиб қолди. Психологик жиҳатдан қаралганда, барча инерцияларни енгиб ўтиш жуда қийин. Тезкор ва онгли тарзда ҳаракат қилинмаса, инерция доим ғалаба қозонади.
Ҳаётимдан аслида нима кутаётганим ҳақида қайтадан ўйлаб кўришга ўзимни мажбурлай бошладим. Нимага эришмоқчилигим, нима қилишни хоҳлашим ва балки бошқа доскага ўтишим кераклиги ҳақида ўйлаб кўрдим. Покердаги тажрибамдан келиб чиқсам, доскани ўзгартириш ҳеч қачон кеч бўлмаслигини билар эдим.
Покернинг асосий элементларини ўрганганимда шуни тушуниб етдимки, казиноларда ўйнаш учун сарфлаган вақтим туфайли ҳеч нимага эришмаётган эдим. Қониқарлироқ бошқа нарса билан шуғулланишга муҳтожлигимни ва мен ортиқ ўзим учун муносиб ўйинни ўйнамаётганимни англадим. Ёзнинг иссиқ ҳароратини покер ўйини билан ҳис қилганимдан сўнг мен учун янгисига ўтиш вақти келди, деб ўйладим.
Доскани ўзгартириш вақти келган эди.
Иккиланиш
Мен бундан кейин нима қилишимни аниқлаб олишга уриндим ва бу борада кўп иккиландим. Инвестиция ва трейдингга қизиқиб кўрдим. Фонд бозорида ўзимга нотаниш компанияларга сармоя киритдим ва оқибатда катта зарар кўрдим. Шахсан ўзим кичик бир эпизодда иштирок этган «Булутлар узра Мавлуд байрами» номли фильмга пул тикишга қарор қилдим ва оқибатда жуда кўп йўқотдим.
Улар менга қимматга тушган дарслар эди. Аммо мен ўзим тушунмайдиган соҳаларга, бошқарувига аралашолмайдиган ёки таъсирим йўқ бўлган компанияларга, ўзим билмайдиган ёки ишонмайдиган одамларга сармоя бериш катта хатолигини билиб олдим.
Вақт ўтиб, нима учун ҳар нарсага пул тикиб ётганимни ўйлаб қолдим. Мақсадим нима эди? Кўпроқ пул ишлашми? «Microsoft» дан кетаётганимда аллақачон каттагина пулдан воз кечганим сабабли бу ҳолат ҳеч бир мантиққа тўғри келмас эди.
Мен қилаётган трейдинг ва инвестициялардан умуман қониқмаётганимни тушуниб етдим. Қимор ўйнаётганга ўхшардим, аммо барча имкониятлар менга қарши эди, чунки ўзим тушунмайдиган нарсаларга пул тикаётган эдим. Охир-оқибат фонд бозоридаги барча маблағларимни қайтариб олишга ва бунинг ўрнига маънилироқ бирор нарса билан шуғулланишга қарор қилдим.
«Zappos» дагилар билан бир ё икки ҳафтада учрашиб, маслаҳат бериб турардим (кўпинча техникага оид). «Zappos» дагилар жуда камчиликни ташкил этишига қарамай, улар шу кичкина жамоа учун яхши натижаларга эришаётган эдилар.
Альфред билан мен «Zappos» ни «Sequoia Capital» да ишловчи Майкл Морицга таништирдик ва дастлабки мажлисни ўтказишда унга ёрдам бердик. Биз хурсанд эдик. «Zappos» жамоаси қилаётган ишини иштиёқ билан бажарар ва у юқори суръатда ривожланаётган эди. Альфред иккимиз «Sequoia Capital» га «Zappos» ҳақида электрон ёзишмаларимизда гапирган эдик. Биз «Zappos» ишчиларига бу мажлис оддий йиғилишлардан кўра анчагина расмийроқ бўлади, деб айтдик. «Sequoia Capital» компанияси «LinkExchange» га киритган инвестицияси орқали ўз маблағини 3 миллион доллардан 50 миллионга, яъни ўн етти ой давомида ўз пулларини ўн етти баробар кўпайтириб олган. Бу компаниянинг Альфред ва менга ишончи баланд эдики, улардан «Zappos» га атиги бир неча миллион доллар инвестиция киритишини сўраш бизга жуда оздек туйилаётган эди.
Кейинги воқеалар
(Фред ҳикоя қилади)
Ёқимсиз аҳвол эди. Календарь 10 декабрни кўрсатар ва ўн бешинчи санагача биз жуда кўп маблағ жалб қилишимиз кераклигини билардик. Молиялаш учун бор-йўғи беш кун вақтимиз қолганди, акс ҳолда, «Zappos» бизнесдан чиқиб кетиши мумкин эди.
«Zappos» ни компания сифатида танитиш ва кўпроқ пойабзал брендлари билан шартномага эришиш мақсадида Нью-Йоркдаги ҳар пойабзал кўргазмасида иштирок этдим. «Zappos» нинг яшаб қолиши ҳақида Никнинг қўнғироғини кутиш билан биргаликда компанияни оёққа турғазиш учун биз қўлимиздан келганини қилаётган эдик.
У менга янгиликни етказган пайтда ресторанда тушлик қилаётгандим. «Sequoia Capital» инвестиция киритмасликка қарор қилганди. Қўнғироққа жавоб бериш учун ташқарига чиқдим ва қайтиб столга ўтирганимда официант тўсатдан тиззамга сув тўкиб юборди. Кулишга ҳаракат қилдим. Бало келса, қўш-қўш келаркан.
Калифорнияга қайтганимдан сўнг Ник иккимиз турли сармоядорлар билан маблағ киритиш борасида гаплашиб кўрдик, аммо уларнинг ҳеч бири инвестиция киритишни хоҳламади. 15 декабрь тушдан сўнг компаниядаги 12 кишининг ҳаммаси тўпланди ва бунақа пайтда кўпчилик биргаликда табиий равишда бажарадиган ишни қилдик – ичимлик учун «Chevy’s» дўконига отландик.
Боримизни бериб ҳаракат қилганимизни ва бажарганларимиз яхши уриниш эканлигини ҳаммамиз ҳис қилиб турардик. Омадимиз келмади. Бир неча қадаҳдан сўнг, соат тўртлар атрофида офисга қайтдик ва столларимизни йиғиштира бошладик.
«Sequoia Capital» «Zappos» учун инвестиция киритишга қизиқмаётгани ҳақида эшитганимиздан сўнг Альфред ва мен бироз ажабландик. Нима бўлди экан ёки нимадир нотўғри қилиндими, деб «Sequoia Capital» билан боғландик. Уларнинг айтишича, компания бир неча ой муқаддам ташкил этилганлигига ва жамоанинг қанчалик кичиклигига қарамай, унинг эришган натижалари кўзга кўринарли бўлган, аммо бу жараён кичик бизнесдан у ёғига ўтишига «Sequoia Capital» ишонмаётган экан. Улар компанияда янада кўпроқ ўсиш ва ривожланишни кўрмоқчи эди ва бизга бир неча ойдан сўнг яна қайта алоқага чиқишни таклиф қилишди.
«Venture Frogs» билан биргаликда тузган режамизга кўра, бизнинг ҳақиқий мақсадимиз ҳар бир компанияга оз-оздан инвестиция киритиш ва сўнг уларни «Sequoia Capital» каби йирикроқ сармоядор компанияларга ўтказиб юбориш эди. Шундай қилиб, «Zappos» билан бироз мушкул вазиятга тушиб қолдик. Биз «Venture Frogs» даги маблағдан «Zappos» га қўшимча инвестиция киритишимизга ёки унинг баҳридан ўтишимизга тўғри келарди.
Бизнинг дастлабки инвестицион стратегия ва фалсафамизга биноан, «Zappos» ни бизнесдан чиқариб юбориш мақсадга мувофиқ эди: Интернет компанияларига қуйидагиларни эътиборга олиб инвестиция киритиш мумкин: Компанияларнинг ҳар учинчиси катта фойда келтириши мумкин, компанияларнинг ҳар учинчиси фойда ҳам, зарар ҳам кўрмаслиги мумкин, компанияларнинг ҳар учинчиси бизнесдан чиқиб кетиши мумкин. «Zappos» охирги тоифага мос тушарди.
– «Zappos» ни нима қиламиз? – деб сўради Альфред. – Бугун қарор қабул қилишимиз керак. «Zappos» ҳисобида бир неча кунгагина етадиган пул қолган. «Sequoia Capital» ҳам энг камида бир неча ой ўтмагунча маблағ киритиш ҳақида ўйлаётгани йўқ. Улар «Zappos» нинг янада ривожланишини кутишяпти.
– Агар ривожланиш бўлса, улар аниқ маблағ киритадими? – сўрадим мен.
– Аниқ эмас, – Альфред жавоб берди. – Лекин, фикримча, эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бу катта таваккалчилик. Биз «Zappos» га «Sequoia Capital» билан кейинги мажлисгача бир неча ой давомида жон сақлаб қолиши учун пул ажратишимиз мумкин. Аммо агар яна «Sequoia Capital» инвестиция киритишни хоҳламаса, биз ўшанда ҳам худди ҳозирги ҳолатимизга тушиб қоламиз. Фарқи шундаки, ўша пайтда бизнинг ҳисобимизда ҳам катта эҳтимол билан кўп маблағ қолмайди.
Қийин вазият эди. Агар биз «Zappos» га яна маблағ киритишга қарор қилсак, кейин бошқа бир компанияга ҳеч қандай инвестиция кирита олмай қолардик.
– Ҳақиқатда катта таваккалчилик. Бир саватга жуда кўп тухумни жойлашга ўхшайди, – дедим мен. – Аммо у ердаги йигитларни ёқтираман. Шижоаткор ва талабчан йигитлар, шунингдек, улар бу ишни қисқа муддатда бойиб кетиш учун қилаётганга ўхшашмайди. Улар ростдан ҳам узоқ давр учун нимадир қуришга интилишмоқда.
– Яхши. Агар сен «Zappos» га кўпроқ пул тикишимизни хоҳласанг, инвестициямиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўпроқ вақтимизни улар билан биргаликда ўтказишимиз зарур, – Альфред нафасини ростлади. – Уларни инкубаторга кўчиб ўтишга кўндиришимиз лозим.
Альфред иккимиз фондимиз учун инвестицион стратегиянинг бир қисми сифатида «Venture Frogs» инкубаторини ташкил этишга қарор қилгандик. У ерда биз интернет компанияларини офис хизматлари, жой билан таъминлаб беришимиз мумкин бўлар эди. Бу бизга инкубаторда қайси компания бўлмасин, уларга кўз-қулоқ бўлиб туришимизга имкон берарди.
Бу ҳақида биз яшаётган бино эгаси билан гаплашдик, чунки у ерда ижара учун ҳали жуда кўп бўш жой бор эди. Альфред ва мен қолган жойларни ҳам ўз назоратимизга олишга қарор қилдик. Бизнинг режамиз у жойнинг бир қисмини инкубатор учун офисга ва бир қисмини ресторанга айлантириш эди. Шундай қилиб, бизга ҳам, қарамоғимиздаги компанияларга ҳам бинони тарк этишга зарурат қолмасди. Узоқроқ ва қаттиқроқ меҳнат қилиш имкониятига эга бўлардик.
Инкубатор майдонида ҳали ҳам қурилиш кетаётганлиги ягона муаммо эди.
– Ҳа, ўйлашимча, бу яхши ғоя. Бироқ инкубаторнинг тайёр бўлишига энг камида бир неча ой муддат керак, – дедим мен. – Кейинги бир неча ой жуда қийин кечади. Шу муддат ичида компания ёки оёққа туради, ёки бутунлай йўқ бўлади.
– Хўп, нима қилишни хоҳлайсан? – сўради Альфред.
Олдимизда турган барча вариантлар ҳақида ўйлаб кўрдим.
– Ҳафта сўнгида туғилган куним, икки ҳафтадан сўнг янги йил байрами. Уларни янги йил байрамидан сўнг юқоридаги хонамга кўчирсак қандай бўларкaн?! Пастки қаватдаги инкубатор тайёр бўлгунича хонамни офисга айлантириб туришимиз мумкин.
– Яхши фикр.
Телефон қўнғироғи
(Фред ҳикоя қилади)
Оқшом маҳали нарсаларимизни йиғиштираётганимизда кутилмаган қўнғироқ бўлди. Бу Тони эди. У бир неча шартлар билан кейинги уч-тўрт ойга етадиган маблағ беришга қарор қилибди: «Сан-Францискодаги офисимга кўчиб ўтишингиз керак ва мен компаниянинг кундалик ишларига кўпроқ аралашмоқчиман».
Биз шу вақтга қадар Тонига ҳафталик савдо ҳисоботларини юбориб турардик ва унинг офисга келганини Альфред билан бир мартагина кўргандик. Биз ўз ишларимиз билан жуда банд эдик. Аммо унинг қўнғироғидан сўнг аниқ бўлдикки, у «Zappos» да имконият бор деб ўйлаётган эди.
Қарор қабул қилиш қийин кечмади.
Биз нарсаларимизни йиғиштирдик ва Эмеривиллдан унинг офисига кўчиб ўтдик. Тони йил давомида тўрт ойлик пулни биттада бериши мумкин эди. Тўрт ойликнинг сўнгига келибгина ишга эга бўлишни тасаввур қилинг, айниқса, бу ҳақида ҳеч нарса билмасангиз. У бу компания маблағ киритишга арзийди, деб қарор қилганида биз учун энг сўнгги кун келган эди. Хайриятки, у шунга қарор қилди. Шундай қилиб, биз тўрт ойда ривожланишга эришиш учун астойдил тер тўкиб меҳнат қилишда давом этдик. Мақсадга эришиш йўлида қаттиқроқ ишлашимиз керак эди, кейинги тўрт ойлик «кислород» га эришишни кута бошладик.
Бутун йил давомида эришганларимиз бор-йўғи шу бўлди. Биз жон сақлаб қолдик.
«Red Bull» га муносабатим
(Тони ҳикоя қилади)
Ҳаётимнинг турли даврларида турли хил дўстлар орттирганман. Баъзи дўстларим билан барларда вақтичоғлик қилиб роҳатланаман. Баъзи дўстларим билан фильмлар томоша қилишни ёқтираман. Баъзи дўстларим билан ишлашни хушлайман. Баъзи дўстларим билан гапларни қайси предлоглар билан тугатмаслик кераклигини муҳокама қилиб маза қиламан.
Ҳаётимда энг узоқ муддат давом этиб келаётган муносабат «Red Bull» билан бўлган муносабатим ҳисобланади. Яқиндагина ўн йиллик юбилейимизни биргаликда нишонладик. Биз дастлаб Сан-Францискодаги тунги клубда танишганмиз (умумий дўстимиз бизларни таништирганди) ва бутун тунни рақсга тушиб, мароқли ўтказгандик. Вақтлар ўтиб, тунги клубдаги вазиятдан ташқари ҳам биргаликда ўтказган машғулотларимиз тобора ортиб ва тобора турфа хиллашиб борди. Ўйлашимча, «Red Bull» ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиши сабаби унинг турли хусусиятларга эгалиги ва деярли ҳар бир вазиятга мослашувчанлиги эди.
Қаерга борсам ҳам, қандай машғулот билан шуғуллансам ҳам (барларда ичимлик ичиш, фильм томоша қилиш, офисда ишлаш ва тоққа чиқиш), «Red Bull» менинг вафодор ҳамроҳим бўлиб келади. Очиғи, ҳозир ҳам нима учун «Red Bull» га бўлган муносабатимни ёзаётганимни тушунишга қийналаётган дўстларим қаршисида ўтириб ҳам «Red Bull» дан ҳўплаб қўйяпман.
Кун охирига келиб, тахмин қилишимча, ҳаётимизнинг кўплаб жабҳаларида бирга бўладиган ва доимо бизни қўллаб-қувватлайдиган яхши ҳамроҳ топиш жуда қийин. Агарда сиз нонушта ёки тушлик қилаётганингизда шериклик қиладиган, офисда тушликдан олдинги очликдан қутқарадиган, марафоннинг охирги милларида ёрдам берадиган ва алкоголь билан ёки алкоголсиз роҳатланадиган ҳамроҳ топа олсангиз, бу ҳаётингиздаги ноёб ҳодиса эканлигини унутманг.
Мен учун бу сақлаб қолиниши жуда муҳим бўлган муносабатдир.
Боғлиқлик
Туғилган куним яқинлашаётганди ва мен бу кунни ҳаётим давомида нишонлаган барча туғилган кунлардан фарқли ўтказишни хоҳлар эдим. Бунинг учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қилишга қарор қилдим.
Бир неча ой муқаддам юқори мактабдаги баъзи дўстларим билан қайтадан йиғила бошлаган эдик. Худди коллеж даврларига ўхшаб, ўн беш кишидан иборат гуруҳимиз тикланди ва биз биргаликда ҳафтасига бир неча марта вақтичоғлик қилардик. Бошланишида бу йиғилишлар ҳеч қандай мақсадсиз ва олдиндан режаланмаган ҳолда кечарди. Бу йиғилишлар шунчаки кўпчилигимизнинг аллақачон битта бинода яшаётганимиз сабабли юзага келганди, шунинг учун кутилмаган йиғилишлар борган сари одат тусига кириб борарди.
Баъзан биз кимнингдир яшаш жойида вақт ўтказар, баъзан эса биргаликда тунги клуб ёки дискотекаларга борардик. Аста-секинлик билан сафимиз кенгая бошлади ва бизнинг биномиз фақатгина дўстларимиз учун эмас, балки дўстларимизнинг дўстлари учун ҳам базмлар марказига айланди. Биз беихтиёр ўзимизнинг кичик жамиятимизни яратдик ва уни ривожлантирдик. Энг одатий йиғиладиган жойимиз менинг уйим эди.
Гуруҳимиз катталашиб боргани сари янги дўстлар орттириш ва яқиндагина ташкил этилган жамоамиздаги муносабатларни яқинлаштириш ўзаро иноқликни ва келажагимизга ишончни таъминлаётганлигини тушуниб етдим. Орамиздаги ўзаро боғлиқлик бизни хурсанд қилаётганди ва коллеж пайтларидан буён биз буни жуда соғингандик. Кўпчилик қатори биз ҳам коллежни битиргач, бир-биримизни йўқотгандик ва тасодифан қайта топишиб қолмагунимизгача ўша дамларни соғинганимизни англаб етмагандик.
Одамлари ҳақиқатда бир-бирига боғланган ва бир-бирининг соғлиғи ҳақида қайғурадиган жамоадан узоқлашмайман, дея ўзимга сўз бердим. Мен учун ўзаро боғлиқлик (муносабатларимнинг сони ва қанчалик даражада чуқурлиги) кўтаринкилик берувчи муҳим жиҳат эди ва мен жамоамиздан жуда миннатдор эдим. Яқинлашиб келаётган туғилган кунимда ўтказиладиган кечанинг асл мақсади менинг эътибор марказида бўлишим эмас эди. Туғилган куним шунчаки баҳона эди. Ойлар давомида режалаган байрам кечаси менинг жамоамизга совғам эди.
«LinkExchange» ни сотганимдан сўнг «тажрибалар моддий нарсалардан кўра анча муҳимроқ» деган қараш билан яшаб келаётгандим. Кўпчилик у ерни тарк этганимдан кейин антиқа ва қимматбаҳо машина сотиб олади деб ўйлагандир, эҳтимол, аммо мен «Acura Integra» билан кифояланган эдим.
Мен биномизнинг еттинчи қаватида жойлашган 130 квадрат метр майдонга эга квартирада яшардим ва бир неча ой аввал саккизинчи қаватдаги 325 квадрат метрлик ҳашаматли квартира сотувга қўйилгани ҳақида хабар топдим. У 810-рақамли бўлим эди.
Кўчишга хоҳишим йўқ эди, лекин 810-квартиранинг ҳолатини кўришим биланоқ уни сотиб олишим кераклигини тушундим. Шундагина бу квартира жамиятимизнинг янги йиғилиш майдонига айлана оларди. У ерда битта кичкина ётоқхона ва 278 квадрат метрлик очиқ майдон бор эди. Бу квартира базм кечалари уюштириш учун жуда соз жой эди.
810-квартирани сотиб олдим ва буни кўпроқ мулкка эга бўлиш истагида ёки фойда келтирадиган мол-мулк инвестицияси сифатида қилмадим. Мен уни кечаларимиз ва йиғинларимизни шу ерда ташкиллаштириш мақсадида сотиб олдим. Квартирага эгалик қилиш кўпроқ тажрибага эришиш имконини берар эди.
Пул таклиф қилишда икки харидорни ютиб чиқиб, 810-квартирани харид қилганимдан сўнг уни ўзим хоҳлаган кўринишга олиб келиш устида ишлай бошладим. Коллеж даврида хонадошларим билан «Дўстлар» деб номланган машҳур телекўрсатувни томоша қилиш ҳар ҳафталик одатимиз эди. Мен кўрсатувдаги қаҳрамонларнинг «Central Perk» номли қаҳвахонада тўпланиб, вақт ўтказиши ва бошқа одамлар билан танишишини эсладим. «810» ҳам жамиятимиз учун «Central Perk» нинг бошқача шахсий вариантига айланишини хоҳлардим. Шунингдек, уни шунчаки «810» деб аташ ўрнига яхшироқ ном ўйлаб топишимиз керак эди.
Дўстлар билан шампан ичиш учун якшанба кунлари «810»да тўпланишни ўйладим. «810»ни клуб, бар ёки дискотекадан сўнг тўпланадиган жой сифатида тасаввур қилдим. «810»нинг биринчи расмий кечаси 1999 йил 11 декабрь шанба куни бўлиши керак эди. Ярим тунда мен 26 ёшни тўлдирардим. Менинг туғилган куним «810»нинг очилиш маросими учун мукаммал баҳона эди.
Етарли миқдорда «Red Bull» йиғиб қўйдим.
* * *
Туғилган куним базмига тайёргарлик кўришга ҳафталар кетди. Туғилган кунимгача бўлган ойларда жамоамиз бир неча дискотекаларга борди. Ўша йили биринчи марта дискотекада иштирок этганимни яхши эслайман. Ўшанда дискотека нима эканлигини ҳам билмасдим. Билганим шуки, улар жуда кўп техно ва хаус мусиқа қўйишади. Дискотекаларда қўйиладиган мусиқалар билан бир хил турдаги мусиқалар чалинадиган тунги клубларга ҳам аввал борганман. Ўша пайтларда мусиқаларни асабга тегадиган деб ҳисоблаганим ва нима сабабдан барча клубларда бир хил мусиқалар қўйилиши ҳақида тушунмаганимни эслайман. Мусиқаларда ҳеч қандай сўз бўлмасди, улар узлуксиз ва бир текисда қайта-қайта такрорланиб турувчи ритмлардек туйиларди. Мен электроник мусиқаларнинг оҳангига тушунмасдим.
Шу сафар ҳам ўша турдаги мусиқалар қўйилишини билиб, дискотекага боришдан унчалик хурсанд бўлмадим, аммо жамоамизнинг ҳар бир аъзоси боришни истагани учун мен ҳам қатнашишга қарор қилдим.
Қаерда жойлашгани ҳам номаълум бўлиб туйилган катта ва бўм-бўш омборга машинада етиб бордик. Омбор ташқарисида юзлаб машиналар турганди ва ташқарида кутиб турганимизда электроник техно мусиқанинг такрорланувчи ва даҳшатли овози эшитилиб турарди. Бу ерда қанча вақт турарканмиз, дея ўйладим, чунки мен ўзим танийдиган ва радиода эшитган мусиқаларим қўйиладиган жойларни афзал кўрардим. Йигирма дақиқа навбатда турганимиздан сўнг, ахийри, бурчакдан ўтиб, омбор ичига йўл олдик.
Кейинги юз берган ҳодисалар қарашларимни бутунлай ўзгартириб юборди.
* * *
Улкан яшил лазер нурлари ўнта футбол майдонига тенг келадиган омбор бўйлаб кезиб юрарди. Туман чиқарувчи қурилмалар худди тушдагидек афсонавий муҳитни яратишга ёрдам берар ва барча одамлар DJга юзларини ўгириб, мусиқа оҳангига мос равишда бир хил ҳаракат қилар эди. Ҳамма ерга «Red Bull» идишлари сочилган ва ультрабинафша қора нурлар деворлар, шифтларда аксланар, гўёки улар бошқа сайёрадан кўчиб келган ўсимликларга ўхшарди.
Аммо ҳаммаси шунчаки безаклар, қора нурлар, туман чиқарувчи қурилмалар, лазерлар ёки омборнинг улканлиги туфайлигина эмасди. Ўша жойдаги ва ўша лаҳзадаги умуман кутилмаган нимадир бутун вужудимни чулғаб олганди. Мен у нарса нима эканлигини ёки нима учун ўзимни бундай ҳис қилаётганимни аниқ билмас эдим.
Мен кўникиб қолган тунги клублар ва ушбу саҳна орасидаги фарқларни аниқлашга уриниб кўрдим. Ҳа, безаклар ва лазерлар ажойиб ва бу омбор одамлар рақс тушадиган мен кўрган жойларнинг энг каттаси эди. Лекин бу нарсаларнинг иккови ҳам нима сабабдан менинг ҳайратдан оғиз очиб қолишимни изоҳлай олмасди. Гуруҳдаги энг ақлли бўлиб танилган ва мантиқий фикрлай оладиган одам сифатида мен ўзимда юз берган ўзгаришлардан ажабландим – илоҳий тарафдан бўлмаса-да, борлиқ билан чуқур уйғунлик ҳиссини туйдим.
Бу ерда ҳеч ким бир-бирини баҳолаб ўтирмасди ва атрофга назар солиб шуни кўрдимки, ҳар бир одам қандай бўлса шундайлигича мусиқа садолари остида рақсга тушар эди.
Мен тунги клубларда кўрган рақслардан бу ердаги рақслар анча фарқли эди. Бу ерда рақсга тушиш кераклиги учунгина рақсга тушишмасди, тунги клубларда эса қайсидир маънода ўзини кўз-кўз қилиш авж олганди. Тунги клубларда одамлар, одатда, бир-бири билан рақс тушади. Бу ерда деярли ҳар бир одам бир тарафга қараб олгандай туйиларди. Ҳамма DJ тарафга юзланган эди. DJ ҳам ўз навбатида бор энергиясини оломонга йўналтираётган эди. Ҳар бир одам DJга сиғинаётгандек туйиларди.
Бутун хона минглаб одамларнинг бирлашган жамоси бўлиб яхлитлашган ва DJ бу гуруҳнинг сардори эди. Одамлар мусиқага рақсга тушаётгандай туйилмасди, мусиқанинг ўзи одамлар ичидан сузиб ўтаётганди. Узлуксиз ва қўшиқсиз электроник оҳанглар оммани синхрон ҳаракатга келтирган юрак уриши эди. Бу жараёнда индивидуал руҳнинг мавжудлиги йўқолиб, унинг ўрнига ягона гуруҳ руҳи пайдо бўлгандек туйиларди, гўёки бир гала қушлар бирлашиб, ягона яхлит тизим сифатида парвоз қилгандек. Омбордаги барча одамларнинг мақсади бир эди. Ҳаммамиз ягона эҳтиросларга ҳисса қўшардик.
Ўша пайтларда буни билмасдим, аммо ўн йил ўтгач, бахтга эришиш борасида ўтказилган илмий тажрибалардан билиб олдимки, бошқа одамлар билан синхроник тарзда жисмоний ҳаракат қилиш ва ўзингиздан каттароқ нарсанинг бир қисмига айланиш (шунингдек, бир лаҳза ўзликни унутиш) кучлироқ бахтиёрлик ҳиссини уйғотади. Дискотекадаги ҳолат ҳам одамлар минглаб йиллар давомида ҳис қилиб келган туйғунинг замонавий кўриниши эди.
Ўша лаҳзада ҳаммасини ҳис қилдим. Бутун борлиғим билан ҳис қилдим. Бирдан техно мусиқанинг моҳиятини ҳам тушуниб етдим. Мен уни радиода эшитадиган мусиқаларим билан шунчаки бир хил тарзда эшита олмас эдим. Мен унинг вужудимдан оқиб ўтаётганини бутун шуурим билан ҳис қилишим керак эди, ўша лаҳзагача буни ҳеч ҳам ҳис қилмагандим. Кимдир менга техно мусиқанинг моҳиятини кўрсатгандек бўлди ва ҳеч бир сўз уни менга тушунтиришда ёрдам бера олмасди. Уни ўзим тушуниб етишим керак эди.
Ўша лаҳзада мен бунга эришдим. Ҳаммасини ҳис қилдим. Бошқа оламга кўчиб ўтдим.
Ниҳоят, шунча йил ўтиб, мусиқанинг нима эканлигини тушуниб етдим.
Узоқни кўриш
Жамоамиз билан бу каби дискотекаларга боришни давом эттирдик. Баъзилари жуда катта ва минглаб одамлар бўлар эди. Баъзилари эса фақатгина эллик киши билан ўтувчи кичкина дискотекалар эди. Дискотека муҳити ва маданияти ҳақида кўп нарсаларни ўргандим. PLUR10 аббревиатурасининг «Тинчлик, Севги, Бирдамлик, Ҳурмат» деган маънони билдиришини билиб олдим ва бу одамларнинг дискотекаларда ҳам, ҳаётда ҳам ўзларини шундай тутиши кераклигини англатарди.
Дискотекаларда бегона одамлар билан гаплашиш бу жой маданиятининг бир қисми ҳисобланарди. Бар ёки тунги клублардаги йигитларнинг қизларни илинтиришга уринишларидан фарқли ўлароқ, дискотекадаги одамлар ҳеч қандай пинҳоний мақсадларсиз бир-бирлари билан танишишга қизиқардилар.
PLUR ғоясини ва дискотека маданиятини бошқа жойларда ҳам қўллай бошладим. Одамларнинг қандай кўринишда эканлигидан ва келиб чиқишидан қатъи назар, уларга очиқ муносабатда бўлиш менинг шиорим эди. Қаерда бўлса ҳам, ким билан бўлса ҳам, янги муносабат ўрнатиш қўшимча имкониятлар манбаи эди. Умуман олганда, ҳаммамиз инсонмиз, шундай экан, бизнес, сиёсат ва ижтимоий мавқе билан бошқариладиган дунёда буни кўздан қочириш ҳеч гап эмас. Дискотека жамияти дунёни яхшироқ маконга айлантириш имконияти борлиги ва одамлар бир-бирларидаги инсонийликни қадрлаши кераклигини эслатиб турарди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?