Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Уткир Хошимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН

– Гражданка Шоматова, еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси қаерда эдингиз?

– Мана шу… ўзимизнинг уйда.

– Кечаси биланми?

– Ҳа…

– Эрингиз, мабодо, кечаси ташқарига чиқмадими?

– Йўқ.

– Уйингизга бирон шубҳали одам келмадими?

– Йўқ.

– Ўша ҳодиса рўй берганида сиз қаерда эдингиз?

– Эрталаб сутга чиқдим. Узоқ кутиб қоддим. Сут етмади. Қайтиб келсам…

– Йиғламанг… Йиғидан наф йўқ.

– Келсам… Бу аҳвол. Рустам акамни олиб кетишган экан. Уй тўла одам. Мелисалар…

– Ўйлаб кўринг-чи, гражданка Шоматова, эрингиз билан қасдлашган одамлар бормиди?

– Билмайман…

– «Эримнинг жаҳли ёмон эди», дедингиз. Айтинг-чи, масалан, қанақа пайтда жаҳли ёмонлиги билинарди?

– Қулоғим сизда!

– Рустам ака ноҳақликни кўрсалар, чидаб туролмасдилар.

– Масалан…

– Умуман-да…

– Бизга умумий гап эмас, аниқ далил керак. Айтинг-чи, қўшнилар билан муносабатингиз қандай эди? Хусусан, эрингизнинг?

– Янги одаммиз. Қўни-қўшнилар билан киришчиқишимиз йўқ ҳисоб. Фақат Қурбоной холани танирдик.

– Ким у, Қурбоной хола?

– Бир уйда турамиз, фаррош хотин. Яхши аёл.

– Биронта қўшни билан сан-манга бормаганмисизлар?

– Йўқ.

– Яхшилаб эслаб кўринг?

– Йўқ, дедим-ку!

– Менга қаранг, гражданка Шоматова! Биз ҳақиқатни аниқлашимиз, эрингизнинг қотилларини топишимиз керак. Тушунарлими?

– Қўни-қўшнилар орасида марҳум Шоматов Рустамга қасд қилганлар йўқ, деб тасдиқлайсизми?

– Бўлмаса, манави протоколни эшитинг: Шу йил йигирма иккинчи октябрь куни кеч соат 23 дан 40 минут ўтганида Шоматов Рустам 10-уй, 35-квартирада яшовчи гражданин Васильев Григорий Степановичнинг эшигини тақиллатган. Васильев эшикни очиши билан каратэ усулини қўллаб, уни ерга ағдарган ва бундан кейин жим юрмасанг, сўйиб ташлайман, деб дағдаға қилган. Васильев милицияга шикоят ёзган. Аммо эртасига даъвосидан кечиб аризасини қайтариб олган. Бу ҳангомадан хабарингиз йўқмиди?

– Нега хабарим бўлмасин! Ўз кўзим билан кўрганман! Васильев дедингизми? Ўша кундаги қилиғи учун тошбўрон қилса арзийди! Ишонмасангиз ўзини чақириб сўраб кўринг.

– Бу ёғи сизнинг ишингиз эмас, гражданка Шоматова…

Айтинг-чи, мабодо эрингиз кейинги кунларда Васильев билан тўқнашмаганмиди?

– Йўқ… Менимча, йўқ.

– Марҳум Шоматов кўп ичармиди? – Йўқ, баъзан ичардилар…

«ҲОЗИР КЕЧИРИМ СЎРАЙСАН!»

Рустам билан Шаҳноза ўша куни рўпарадаги уйда тўй бўлаётганидан бехабар эдилар. Домда ит эгасини танимайди. Улар-ку, янги қўшни. Эскилари ҳам бир-бири билан ҳушига келса саломлашади, бўлмаса серрайиб, ўтиб кетаверади. Рости, тўйга чиққилари ҳам йўқ эди. Қурбоной хола қўймади. «Вой, Худо урди-кетди! Кўздек қўшнининг тўйига чиқмасанглар, уят бўлмайдими? Эрта-индин сизлар ҳам фарзанд кўрасизлар. Тўй қиласизлар», деб дашном берди. Тўй ширингина бўдди. Икки уй ўртасидаги майдончага Дастурхон ёзилган. Тўрда келин-куёв… Ортига илиб қўйилган гиламга қўшалоқ никоҳ ҳалқасининг тасвирини солиб, пахта билан «Хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!» деб ёзилган. Ҳаммаёқда гул… Хурсандчилик… Шаҳноза Рустам акаси билан этакроқ томонда – қўшни уй девори тагида ўтиришарди… Шаҳноза ўзларининг тўйи бошқачароқ, файзлироқ бўлганини, ашулачилар янаям шўхроқ қўшиқ айтганини, ёшлар янаям шодонроқ рақсга тушганини эслар, Рустам акасига дам-бадам жилмаййб қараб қўярди. Фақат бир нарсадан кўнгли ғаш эди. Рустам акаси бугун негадир кўп ичяпти…

Навбатдаги қўшиқ тугаб, бир лаҳза жимлик чўкди. Кайвони микрофонни «пуф-пуфлаб», «Энди табрик учун сўз келинимиз Зебохоннинг дугонаси…» – деб гап бошлаган эди, юқорида, худди Шаҳноза билан Рустам акасининг боши устида дераза шарақлаб, ғазабнок ҳайқириқ эшитилди:

– Эй! Шовқин-суронингни тўхтатасанми-йўқми? Тўйхона сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Келиннинг дугонасига тантанавор алпозда сўз бераётган тўйбошининг дами ичига тушиб кетди. Шаҳноза бошини кўтариб қаради-ю, шундоқ тепасида, тўртинчи қаватнинг очиқ деразасидан энгашиб турган майкачан барзангини кўрди.

– Ухлашга қўясанларми-йўқми? – деди барзанги қаҳр билан. Шаҳноза Рустам акаси ўрнидан туриб кетганини, ўша томонга қараб, кўзларида ғазаб тўла ўт ёнаётганини энди кўрди.

– Ўтиринг! – деди билагига ёпишиб.

– Илтимос, ўтиринг, Рустам ака!

Дераза тарақлаб ёпилгани қулоғига чалинди. Рустам жойига ўтирди. Шаҳноза эрининг қўллари асабий қалтираётганини сезиб турарди.

Тўйдан файз кетди. Ҳамма мунғайиб қолган, оппоқ рўмол остидаги келин бошини қуйи солиб ўтирар, эгнига зарбоф тўн, бошига дўппи кийган куёв унинг қулоғига шивирлаб, алланимани тушунтирар эди.

– Вой онангни!…

– Рустам рўпарасида ўтирган ингичка мўйловли йигитга пиёла узатди.

– Қуй! – деди бақириб. – Тўлатиб қуй! Дам олмай сипқарди-да, отилиб даврага чиқди. Торини ғилофга тиқа бошлаган созанданинг оддига югуриб борди.

– Чал! – деди ғайритабиий тантана билан.

– Чал дейман! «Лазги»ни чал! Микрофон яна гумбурлай бошлади. Шаҳноза Рустам акасининг рақс тушишини биринчи кўриши эди. Бутун вужуди ўйнаяпти! Шиддат билан, ғайрат билан…

Давра ёшларга тўлиб кетди. Шаҳноза яна… шуни сездики… Рустам акаси рақс тушаётгани йўқ… нола чекяпти… Аламли, изтиробли нола! Фақат ўзию Шаҳноза тушунадиган нола… Шу пайт кутилмаган ҳодиса рўй берди. Шаҳноза бошига, елкасига ёғилган муздек сувдан сесканиб, ўрнидан сапчиб турди. «Вой!» деб қичқириб юборди. Нима бўлганини тушунолмай аланг-жаланг қараса, атрофида ўтирганлар ҳам ўрнидан туриб кетибди. Биров жиққа сув бўлган сочини силайди, биров баданига ёпишган кўйлагини сийпалайди. Оппоқ дастурхон устида парча-парча сув доғлари ялтираб кўринар, лаганлардаги газаклар ҳам ҳўл эди. Шаҳноза Рустам акасининг адл қомати тўйхона чироғи ёритиб турган нур остидан отилиб чиқиб бораётганини кўрдию жонҳолатда қичқирди:

– Рустам ака! Қайтинг, Рустам ака! Ўша заҳоти эрининг кетидан қоронғиликка шўнғиди. Юраги қинидан чиққудек бўлиб зинадан кўтарилди. Тўртинчи қаватда, зина рўпарасидаги очиқ эшик олдида Рустам акаси майкачан айиқбашара барзанги билан рўпарама-рўпара турар эди.

– Сен сув сепдингми?

– Мен! – деди барзанги хотиржам оҳангда.

– Ярим кеча бўлди. Тўхтат бозорингни! Шундай деб эшикни ёпмоқчи эди, Рустам оёғини тираб қолди.

– Йўқол! – деди айиқбашара таҳдид билан.

– Ҳозир милиция чақираман!

– Чақир!

– Рустам ака, олишманг!

– Шаҳноза эрининг елкасига осилди.

– Нари тур! Чақир ўша милициянгни! Барзанги эшик ортига бир энгашди-ю, қўлида арақми, виноми шишаси пайдо бўлди. Шишани Рустамнинг боши устида кўтарди. Шаҳноза нима бўлганини пайқамай қолди. Бир маҳал қараса барзанги ерда чўзилиб ётибди. Шиша бир четга учиб кетган. Рустам акаси унинг кўкрагига тиззасини ботирганча, бўйнидан бўғяпти. Бир зумда барзангининг оғзидан кўпик кела бошлади.

– Рустам ака! Нима қиляпсиз! Ўлдириб қўясиз!

– Шаҳноза чирқиллаб эрининг елкасидан тортқилашга тушди. Қани кучи етса!

– Рустам ака! Қамаб қўяди! – деди йиғлаб. Рустам ҳушини йиғиб олди чоғи, қўлини бўшатди. Айиқбашара барзанги хириллаб нафас ола бошлади. Ўзини Ўнгламоқчи эди, Рустам оёғи билан елкасидан босди.

– Менга қара! – деди ҳар сўзини таъкидлаб.

– Мен сенинг хуторингга бориб тўй қиляпманми? Барзанги типирчилаб, Рустамнинг оёғини суриб ташлашга уринган эди, Рустам қаттиқроқ босди.

– Гапир! – деди тахдид билан.

– Тўй қаерда бўляпти?

– Барзанги кўзини олайтириб сўкинди.

– Шунақами? – Рустам қўлини тағин бўғзига тақаши билан барзанги ювош тортиб қолди.

– Билиб қўй! – деди Рустам тишлари ғижирлаб.

– Одамлар хоҳлаганча тўй қилади. Хоҳласа эрталабгача карнай чалади. Тушундингми? Шаҳноза шундагина йўлакка одам тўлиб кетганини пайқади. Ҳеч кимдан садо чиқмас, ҳамма у ёғи нима бўлишини қутиб турганга ўхшар эди.

– Кечирим сўра! – деди Рустам таҳдид билан. Барзанги қаддини ростламоқчи бўлганида Рустам елкасидан қаттиқроқ босди.

– Кечирим сўра!

– Кечирасан… – Барзанги хириллаб, юзини ўгирди. Шаҳнозанинг қулоғи остида гуддиракдек қўрқинчли овоз янгради.

– Нега миллатчилик қиласан, ўв?! Йўқ, бу овоз баланд эмас, асабий эмас эди. Жуда осойишта, ишончли ва шунинг учун ҳам хатарли эди. Ким ўзи бу одам? Зинадагилар орасидан арвоҳдек озғин, заҳил юзли чол ажралиб чиқди. Бошида қора шляпа, эгнида қора плаш, оёғида яп-янги ялтироқ туфли.

– Миллатчилик қилма! – деди чол тошбақаникига ўхшаш ингичка бўйнини чўзиб.

– Миллатчилик қилма, бола! Рустам калтакесакни кўриб жиркангандек юзини бурди. Барзанги қаддини ростлаб, майкаиштонининг чангини қоқди.

– Барибир сени қаматаман!

– Қамата қол! – Рустам негадир кулди.

– Эшитиб қўй, – деди таъкидлаб.

– Ҳамманинг олдида айтяпман. Ернинг тагидан бўлсаям топаман-да, сўйиб кетаман!

– Оғзингга қараб гапир, бола! – Бояги «арвоҳ» қўлини пахса қидди.

– Умринг турмада чирийди, аҳмоқ!

ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН

Ғаниев Соат Ғаниевич. Етмиш беш ёшда. Иттифоқ миқёсидаги пенсионер. Миллати – йўқ. Сўққабош. Аввал судланмаган. Қатортол мавзеи, 40-уй, 41– хонадонда истиқомат қилади. 1941 йилдан бери партия аъзоси. Қизил Юлдуз, Жанговар Қизил Байроқ орденлари, олтита медаль нишондори.

– Гражданин Ғаниев! Еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси қаерда эдингиз?

– Биринчидан, ўртоқ терговчи, мен «гражданин Ғаниев» эмас, истеъфодаги полковник, ўртоқ Ғаниевман! Марҳамат қилиб, ўртоқ полковник, деб мурожаат этишингизни сўрайман. Ўртоқ Комиссар, десангиз ҳам розиман. Мени таниганлар «ўртоқ Комиссар», дейишади.

– Биз сизни гувоҳ сифатида повестка билан…

– Повесткангизни пишириб енг! Хоҳласам, генералнинг ўзи билан гаплашиб қўя қоламан!

– Марҳум Шоматовни биринчи бўлиб сиз…

– Ҳа-я, мен кўрганман! Такрор айтаман. Мени сўроққа чақирган бўлсангиз, адашасиз. Шунчаки коллега сифатида маслаҳат сўрасангиз бошқа гап.

– Сиз кўрганингизда Шоматов ўлганмиди?

– Бадани совуб бўлганди. Замонавий экспертизангиз Шоматов қачон ўлганини аниқлай олмадими?

– Саволни мен…

– Йиғиштиринг демагогияни! Сўроқ қилишни билмас экансиз. Умуман, системангиз айниб кетган. Тартиб йўқ. Тартиб бўлса, Шоматовни органга ишга олмас эдинглар. – Кечирасиз, гражданин… ўртоқ Комиссар… Бу гапларни сиз қаёқдан биласиз?

– Мен ҳамма нарсани биламан. Бу соҳада иш бошлаганимда сизнинг отангиз ҳам туғилмаган эди.

– Шоматов милицияда эмас, судда ишлаган. Оддий курьер бўлиб.

– Фарқи йўқ! Милиция ҳам, суд ҳам – орган! Пайти келиб ҳайдаладиган одамни органга ишга олмаслик керак.

– Шоматов ҳайдалган эмас, ўз ихтиёри билан бўшаган.

– Аҳамияти йўқ.

– Айтинг-чи, гражданин… ўртоқ Комиссар… сизнинг тахминингизча, марҳум Шоматов билан рўй берган ҳодисада қайси тахмин ҳақиқатга яқинроқ туради: қотилликми? Бахтсиз ҳодисами ё ўз жонига қасд қилишми?

– Гапни шундан бошлаш керак эди!.. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Менга қолса биронтаси аввал ўлдириб, кейин деразадан ташлаб юборган.

– Экспертизанинг аниқлашича, марҳумга биров пичоқ урмаган. Боши ёрилган, бўйин умуртқалари синган. Марҳум баланд жойдан боши билан тушсагина бўйин умуртқалари шу қадар эзғиланиб кетиши мумкин.

– Демак, Шоматов ўз жонига қасд қилган, демоқчими экспертизангиз?

– Бу – аниқ хулоса эмас.

– Унақа бўлса, марҳамат килиб, битга саволга жавоб берсангиз. Шоматовнинг атрофида ойна синиқлари сочилиб ётган эди. Экспертизангиз ойна бўлаклари тўртинчи қаватдаги, Шоматов квартирасининг деразасидаги ойнага мос келиш-келмаслигини аниқладими, ё шунгаям ақли етмадими?

– Бизни камситяпсиз, ўртоқ Комиссар! Ерда сочилиб ётган ойна синиқлари ўша деразадан тушган. Марҳумнинг билагини ҳам ойна синиғи тилиб юборган.

– Хэх! Бўлмаса айтинг-чи, Шоматов жонига қасд қилиб, ўзини ерга ташлаган бўлса, уйдаги жиҳозларни ким синдирди? Қайси аҳмоқ ўлишидан олдин ойнани синдириб, ўз билагини ўзи кесиб ўтиради? Шунчаки, деразани очиб, ерга сакраб қўя қолмайдими?

– Демак, сиз қотиллик рўй берган деб тасдиқлайсизми?

– Мен ҳеч нима деганим йўқ, коллега. Илинтиришга уринмай қўя қолинг.

– Йўқ, мен бошқа маънода… Яъни… биронтасидан гумонингиз бўлса…

– Гумонми? Гумоним – ҳаммадан! Эшитдингизми? Ҳаммадан! Сизга ҳам шуни маслаҳат бераман! Юз фоиз ҳаммадан, ҳатто ўзининг хотинидан, боласидан гумон қилмайдиган одамдан ҳақиқий чекист чиқмайди! Аввало Шоматовнинг ўзидан гумон қилиш керак!

– Яъни… Қайси маънода?

– Балониям билмайсанлар! Ҳайронман, институтларингда нимани ўргатади сенларга? Ўша боланинг тили бир қарич эди! Тушунарлими?

– Кечирасиз-ку, қандай қилиб марҳумнинг ўзидан…

– Ўртоқ Сталин билан тиш дўхтир ҳангомасини эшитганмисан? Дарвоқе, нечанчи йилда туғилгансан? Тушунарли… Сенлар ўртоқ Сталинни ёмонлаб ўрганиб қолгансан! Агар ўша замон бўлса… Хэх! Бир ойдан бери арзимаган ишни очолмай тимирскиланиб юрибсанлар. Хафа бўлдингми? Хафа бўлсанг ундан нари! Кейинги ишингда фойдаси тегади. Шундай қилиб, ўртоқ Сталиннинг тиши оғриб қолибди… Дўхтир чақирибди. Дўхтир доҳийнинг тишини кавлаштириб даволашга киришибди. Бир кун ўтибди, икки кун ўтибди… Дўхтир нуқул тишнинг тузилиши, неча қатлам бўлиши, иддизи нечта бўлишини айтиб, вайсармиш… Охири доҳий дўхтирдан сўрабди: «Тиш қаттиқми, хил қаттиқми?» – «Ҳазиллашяпсизми, ўртоқ Сталин, – дебди дўхтир.

– Тишнинг эмал қатлами шунақанги қаттиқки, пўлатни кесиб ташлайди. Тил нима? Бир парча юмшоқ мускул-да», – дебди. «Шунақами?» – дебди ўртоқ Сталин.

Ўша куни ўртоқ Берияга буюрибди. «Лаврентий Павлович, – дебди.

– Манави дўхтирнинг тили жуда юмшоқ экан. Эртага мен Сталиннинг тишини даволадим деб вайсаб юради, жавобини беринглар», – дебди. Ярим соатдан кейин дўхтирнинг «жавобини» беришибди. Чаккасидан отишаётганда ҳам дўхтир тўхтовсиз вайсармиш: «Ўртоқ Сталиннинг тишини даволашга улгурмадим-да, номим тарихда қоларди», – дермиш.

– Бу гапни марҳум Шоматовга нима дахли бор?

– Хэх! Боядан бери танбур чертяпман экан-да! Шоматов ҳам тариҳда қолгиси келадиганлардан эди! Қачон қараса масала талашади. Ўзича ҳақиқат ўрнатмоқчи бўлади. Кўрганмиз, бунақаларни!.. Мен ўн беш ёшимдан комиссар бўлганман!

– Ўн беш ёшдан?

– Ҳа, ўн беш ёшдан! Сенлар нима? Амаллаб ўқишга кирасан… Амаллаб битирасан. Биламан, коллега, ҳаммасини биламан! Гапингиз ёлгон деб кўр-чи! Хэх! Чекист – чекист бўлиб туғилиши керак! Вот масала қаерда! Ҳай, майли, Шоматовнинг хотинини тергов қилдингми?

– Албатта!

– Гумони кимданмиш?

– Унисини айтмади-ку, қўшнининг тўйи куни бўлган воқеани гапириб берди.

– Хабарим бор! Менга қолса, айб Шоматовнинг ўзида эди. Айтяпман-ку, бурнини сукмаган жойи йўқ эди бу боланинг! Сен, коллега, Шоматовнинг хотинини сиқувга ол, уқдингми? Нима бало, елкасига қоқиб чиқариб юбордингми?

– Қизиқ одам экансиз. Қамоққа тиқишим керакмиди, сизнингча!

– Бўлмаса-чи! Эзиш керак буларни. Эзиш! Шунақанги бурагинки, дунёни бошига кўтариб дод солсин!

– Айби исботланмаган одамни-я?!.

– Хэх! Шу кетишинг бўлса икки дунёда ҳеч кимнинг айбини бўйнига қўёлмайсан!

– Жудаям унчалик эмас, ўртоқ Комиссар… Бизнинг ҳам усулларимиз кўп…

– Кўрамиз, қаёққача бораркансан ўша усулларинг билан!

ОҚИМГА ҚАРШИ СУЗГАНИМ БЎЛСИН!

Сўтаг-ей! Жўжахўроз-ей! Қўйиб берса мени сўроқ қилмоқчи! Мени-я! Жанговар Қизил Байроқ, Қизил Юддуз орденлари кавалери, кимсан Комиссарни-я! Аввал бурнингни артиб ол, мишиқи! Совет органининг куни шуларга қолдими энди? Қаёққа қараб кетяпмиз ўзи? Хўп замонлар ўтган эканда? Эгнингда чарм пальто. Бошингда шапка. Ёнингда наган. Қайси эшикни тақиллатсанг кўради-ю, тахта бўлади-қолади. «Гражданин фалончи сизми?» – десанг, тили калимага келмайди, унсурнинг!..

Хрушчев дегани чиқиб ўртоқ Сталинга ёпишиб кўрди. Жасадини мавзолейдан чиқариб ташлади! Ўзи нима бўлди! Хор-зор бўлиб ўдди-ку! Ўз кўнгилларида халққа озодлик бердилар. Озодлик эмиш! Ким қўйибди тизгинсиз оломонга озодликни! Кейин бошқаси келди… Қоғозга қарамасдан гапирса, отйни айтолмайди-ю, тағин бу киши маршал эмиш!

«Генералиссимус» деган сўзни айтишга тили келишса, оларди шу юксак унвонниям! Нуқул орден улашиш билан овора! Охири нима бўлди? Ҳаммасида орден. Ҳаммаси порахўр! Амбарцумян – маладес! Каллаварам ўзбекнинг нозик жойидан маҳкам ушлади! Манаман деган обкомлару райкомларни, раислару буғалтирларни ғиппа ёқасидан олди! «Марҳамат қилиб, тўплаган миллионларни чўзиб қўй! Очиғини айт! Кимдан олдингу кимга чўздинг? Қачон? Қанча?» Мана буни ҳақиқий сталинча метод деса бўлади! Отангга раҳмат-э, шоввоз! Қани шунақалардан ўн минги, боринг, ана мингтаси бўлса! Ҳаммаёқда тартиб қарор топарди! Замон айниб кетди, замон! Ҳамма «демократия» деб чинқиради. «Перестройка», дейди! Ошкоралик дейди! Ҳамма озод. Ҳамманинг тили бир қарич! Оғзига келганини вайсайди. Кўрамиз, ҳали нима бўларкин…

Эртага демократия диктатураси бошланади. Ҳаммаси анархияга айланиб кетади. Халқ нима? Пода-ку, мол-ку! Қамчингни қарсиллатсанг-чи! Нима деди анави гўдак терговчи? «Биздаям яхши усуллар бор», эмиш. Биламиз усулингни! Уйига бир чимдим наша ташлаб қўярсан, саратонда бир ҳафта сув ичирмассан. Ёки, аксинча, совуқ хонага олиб кириб, миясидан муздек сув томизарсан. Камерага қамаб, рецидивистларга дўппослатарсан. «Қани, йигитлар, манави сенларга совға, хоҳлаган ишингни қил», деб шипшитиб қўярсан. Шуми? Ҳаммаси алмисоқдан қолган методлар! Мендан сўрамайсанми? Айтиб бермайманми, бир чеккадан! Энг жўнидан энг антиқасигача!

Дўхтирлар нима учун қон олганда тўртинчи бармоқни тешади? Биласанми шуни? Билмайсан! Нега деганда тўртинчи бармоқнинг нерв толалари нозик бўлмайди. Энг ёмон оғрийдигани қайси бармоқ? Биласанми? Билмайсан. Бош бармоқ, нодон. Бош бармоқ! Маҳбуснинг бош бармоғини эшик тирқишига тиқасан-да, секи-ин, ҳафсала билан қисаверасан. Дод демагунча! Кейин қўйиб юборасан. Ундан кейин қайтадан бошлайсан. Майли, тирноғи кўчиб, майдаланиб кетсин! Суяги қисирлаб синаётганини ўзи эшитсин! Шикоят қиладими? Кимга? Ўзига ўзи тан жароҳати етказган, деб протокол тузиб қўясан. Гуноҳи янаям оғирлашади. Тамом!

Буниси энг оддий усул. Йўғ-э, бундан ҳам осони бор. Жўнгина. Маҳбуснинг бирон жойи тирналмайдиям. Прокурорга шикоят ҳам қилолмайди. Қирқ саккизинчи йилда бир адабиётшунос олим қўлга олинган эди. Қиззиғарнинг иккита китоби чиқибди-ю, ўртоқ Сталин ҳақида бир оғиз сўз йўқ. Нуқул Навоий… Нуқул Бобур… Пошшолар. Вазирлар. Бобур деган пошшо ёзганмиш: «Жамолинг ишқида, ёрим, бир ойдирки, бедорман!» Қаранг-а, Ҳиндистонни босиб олган золим пошшонинг гаплари ихтиро эмиш! Пошшойинг-ку, ўлиб кетган! Сен-чи? Профессор деган унвони бор аҳмоқ. Ёлғон-яшиқ шиғирларни мақташинг шартми? Ўтмишни идеаллаштириш эмасми бу! Кўрайлик-чи, ўша Бобур деганингни ёзганлари ростми-ёлғонми? Қани, бурчакка тур! Бир ой эмас, ақалли уч кун ухламай кўр-чи!

Чироқни кўзига тўғрилаб, саволингни бераверасан. Оч қўйиш, сув бермаслик шарт эмас. Сувниям ичади. Мискадаги ювиндиниям вақтида бериб турасан. Фақат ухлатмайсан. Шеригинг билан алмашиб турасан, холос. Бир кеча-кундуз мижжа қоқмай тик оёқда турсин-чи, ҳоли нима кечаркин? Тагидан арра солинган терақдек гуп этиб ағдарилади. Сувга ҳам қарамай қўяди, иблис! Икки кўзи қизариб, милки осилиб кетади. Йиқилдими, бошидан сув қуйиб, уйғотасан-да, тағин сўроқ қилаверасан. Керак бўлса, гугурт чўпидан «тиргович» ясаб, милкига тиқиб қўясан. Икки кечада сулайиб қолади. Яхши! Бизнинг шошадиган жойимиз йўқ. Ҳушингга келтириб, ҳаммасини қайтадан бошлайверамиз. Ўртоқ Ленин топиб айтган: «Интеллигентлар бориб турган вайсақи бўлади». Профессор дегани шу бўлса, хэх! Бўйи бир қарич. Лилипутнинг ўзгинаси. Аммо чидамли экан, унсур! Оёқлари ипдек, пуф десанг учиб кетадиган ҳоли бор-ку, миқ этмайди, эшшак!

Начора, бошқа усулни қўллашга тўғри келди. Иккита каллакесар ётган камерага тиқиб қўйган эди, бир соат ўтмасдан эшикни муштлаб дод солиб қолди-ку! Боласи тушмагурлар-ей! Парашадаги нажасни ейсан деб бошини пақирга тиқишибди. Ўша заҳоти ўз қўли билан ёзиб берди: «Мен профессор фалончи пистончиев Совет жамиятига ичдан зарба беришни режалаштирган яширин ташкилот аъзосиман. Шунинг учун ўтмишни улуғлаганман. Мен Ўзбекистон мустақил бўлишини хохлаганман. Англия разведкасининг агенти бўлганимни тан оламан. Туркияга қочиб ўтиб, ундан Лондонга бормоқчи эдим… Гуноҳимни тўлиқ бўйнимга оламан».

Албатта, баъзи муҳим нуқталарни эслатиб туришга тўғри келди. Қизиғи бу эмас. Қизиғи шундаки, тўрт кун уйқусизликка чидаган одам нажас ейишдан ор қилибдилар. Хэх! Бу киши Ўзбекистон мустақил бўлишини хохлаб қоптилар! Пантуркист! Шпион! Сени деб тўрт кун уйга боролмадим. Кетдинг энди қия бўлиб! Йигирма беш йилга! Музлаб ётган ўрмонда қарағай кессанг, эсҳушингни йиғиб оласан. Ўйлаб туриб тутақиб кетасан-да, чорт возьми! Анави сўтак терговчига қўйиб берса, бир ҳафтада ҳал бўладиган терговни йиллаб чўзади. Тувакка ўгқазмайсанми Шоматовнинг хотинини! Сайрамайдими булбулигўё бўлиб! Тўғри, «горшок» операцияси хотинлардан кўра эркак кишида яхши эффект беради. Лекин бу усулни хотин кишига ҳам бемалол қўлласа бўлаверади. Бунисиям оддий метод. Яқинда қулоғига чалинди: интернационалист жангчилар асирга тушиб қолса, афғонлар ҳам ишлатаётганмиш бу усулни. Ажаб қилади. Яхши жангчи асир тушмайди!

Хуллас, «горшок» операцияси жуда қулай. Сўроқ бераётган жиноятчини қип-яланғоч қилиб ечинтирасан. Ёрдамчиларинг усти берк тувакни олиб киради. Жиноятчини ўшанга ўтқазасан. Ёрдамчиларинг унинг ичидаги каламушга кўз-қулоқ бўлиб турса – бас. Бундан ташқари, тувакни жиноятчининг орқасига шундай ёпиштириш керакки, мояги унинг ичига кирсин. Беш минутдан кейин каламуш нафас ололмай димиқиб қолади. Ташқари чиқиш учун сакрайверади. Ҳар сакраганда моякни тишлайди. Дунёда каламушнинг тишидан ўткир нарса йўқ. Эркак кишининг энг нозик жойи – мояк. Каламуш ҳар тишлаганда жиноятчи ҳайвондек ўкиради. Манаман дегани ҳам ярим соатда ҳушидан кетади. Карасанг, тувак тўла қон… Каламушлар ҳам одам қонини ичишга ўрганиб қоларкан. Бора-бора тувак ичида «зиёфат»ни пойлаб жимгина ётадиган бўлиб қолади… Ана шунақа усуллар бор, коллега! Сен, бола, нимани билардинг! Ҳалиям бўлса қўйиб бер бизларга! Любой жиноятчининг айбини уч кунда бўйнига қўйиб бермасак, туфде!

* * *

… Ҳаво совуқ, осмонда заҳардек аччиқ қор учқунлари эринчоқ кезади. Кўчаларни ойнадек муз босган, машиналар эмаклагудек қўрқа-писа имиллайди. Нафас олсанг, оғзингга совуқ олов кираётгандек бўғзингни ачиштиради. Одамлар тайғоноққа йиқилиб майиб бўлмаслик учун эҳтиётлаб қадам босади. Жуда соз-да! Қадамингни билиб бос! Қанча қўрқсанг шунча яхши! Тартиб бўлади, интизом бўлади…

Комиссарнинг ёнидан қуён телпакли киши шитоб билан ўтиб кетди. Икки қўлини пальтосининг чўнтагига суқиб олган… Қўлтиғида – арча… Ҳовлиқ-а, ҳовлиқ! Битта йиқилсанг, арчанг беш қулоч нарига отилиб кетади. Янги йилни баннисада кутиб оласан. Хотининг байрамга «передача» олиб боради.

…Анави терговчи Комиссарнинг гапига ишонмади. Хэх! Ўн беш ёшимдан комиссарман, деса, ростданми, дейди. Албатта ишонмайди-да! Буларда на касбига меҳр бор, на эътиқод!

… Тепақўрғон катта қишлоқ эди… Чор-атроф боғ-роғлар, узумзорлар… Соат баҳор палласи хирмонтепага чиқиб варрак учирар, бутун қишлоқ кафтда тургандек кўринар, ер-кўк ўриклару шафтолилар гулига кўмилиб кетганга ўхшар эди. Ҳар йили сомоншувоқ қилинавериб қалин тортиб кетган томлар устида қип-қизил лолақизғалдоқлар, мунис чучмомалар очилар, қишлоқ этагида ёйилиб оқаётган Қонқус олисдан жигарранг илондек тўлғанаётгани кўзга ташланарди. Қишлоқ ўртасида мезанали мачит.Обидхон эшоннинг тўрт пахса деворли қўрғони билан Юнусбойнинг тунука томли қадди баланд уйи олдида Соатларнинг кулбаси бостирмадек ғариб кўринарди. Ҳолбуки, Соатнинг дадаси унча-мунча одам эмас, Комиссар Ғаниев эди! Эгнига чарм тужурка, бошига айвонли шапка кийиб, биқинига браунинг тақиб юрар, кўчакўйда дуч келиб қолса, Юнусбой ҳам, қозондек саллали Эшон ҳам икки букилиб таъзим қилишарди.

Шунақа-ку… Соат бир нарсага ҳеч тушунмасди. Ҳайит арафасида, Наврўз байрамида Эшоннинг кўргони олдида отаравалар қаторлашиб кетар, юзлаб одамлар «пири»нинг дуосини олиб қолишга ошиқар эди.

Ҳеч ёдидан чиқмайди. Бир куни Соат браунингини мойлаб ўтирган дадасидан сўради:

– Нега Эшоннинг девори бизникидан баланд? Дадаси кулди.

– Эшон ўзининг қора қилмишларини элдан яшириш учун қўрғонини баланд девор билан ўраб олган, ўғлим! Яқинда ҳаммасига қирон келтирамиз, Эшон ҳам бўлмайди, бой ҳам… Умуман, девор деганнинг ўзи бўлмайди. Бутун дунёда пролетариат ғалаба қозонади.

Соат отасининг гапига яхши тушунмаса ҳам, бир нарсани англади. Яқинда Эшоннинг девори бузилади. Юнусбойнинг тунука томли уйи қўпориб ташланади. Кейин ҳамма тенг бўлади…

Дадаси орзусига етолмади. Куз кунларининг бирида ўлигини аравага ортиб келишди. Тепақўрғонда қиёмат бўлди. Қизил чойхонада катта митинг бўлди. Шаҳардан «катталар» келди. Милтиқ кўтарган салдотлар ҳаммаёқни ўраб олди. «Инқилоб душманларига ўлим!», «Йўқолсин текинхўр бой ва эшонлар!» деган хитоблар янгради.

Соат дадасининг катта одам эканини ўшанда аниқ ҳис этди. Отасини кўмишаётганида салдотлар гумбурлатиб ўқ узди.

Эртаси қама-қама бошланди. Тепақўрғонда бир-биридан ваҳимали мишмишлар тарқалди. «Комиссарни Юнусбойнинг одамлари пичоқлаган экан. Бойни отиб ташлашибди», «Комиссарни ўлдиришга Обидхон эшон фатво берган экан. Эшон совет халқининг душмани экан. Аввал ҳам мачитда «саветский влас – очиздан ўлас», деб каромат қилганини эшитганлар бормиш… Эшонни йигирма беш йилга кесишибди. Уйидан олиб чиқиб кетишаётганида Эшон Қуръонни кўзига суртиб, қасам ичибди. «Каломулло урсин, мен бир бандаи мўъминнинг жонига қасд қилишдан қўрқаман, яратган Тангримнинг ўзи гувоҳ», – деб йиғлабди.

Бир ҳафтада Тепақўрғон ўлат оралагандек ҳувиллаб қолди. Йигирмага яқин одам қамалди.. Мачит бузиб ташланди…

Тўғри, отасини Тепақўрғонда эмас, Бешёғоч яқинида, Сиймонкўприқда пичоқлашган экан…

Нима фарқи бор? Комиссар Ғаниев йигирма беш мингчилардан эди. Демак, уни шу ерлик ички душманлар ўлдирган! Соат бир нарсани тушунмас, тушунишни хоҳлагиси ҳам келмасди: қизиқ, ўша воқеалардан кейин онаси тўсатдан намозхон бўлиб қолди. Жойнамоз устида юзига фотиҳа тортаётиб, баралла тавалло қилади:

– Эй поки парвардигор!.. Яккаю ягона болам ҳаққи, илтижо қиламан. Отасининг гуноҳидан ўт. Маҳшар кунида дўзах азобидан ўзинг халос эт! Эшон ота! Биламан, сизда гуноҳ йўқ. Қаерда бўлсангиз ҳам умр-жонингизга баракот ато этсин! Охири Соат чидолмади. Жойнамоз устида ўтирган онасининг бошига ўдағайлаб борди:

– Ўчиринг-е! Унсурлар дадамни ўлдирсин-да, сиз уларни дуо қилинг?! Онаси илтижоларини айтиб бўлиб, юзига фотиҳа тортди-да, ўрнидан турди.

– Мени онам десанг, – деди қатъият билан, – отангни йўлидан бормайсан! Борсанг, оқ сутимни кўкка совураман. Ўлсам гўримда тик тураман!

Соат бирпас серрайиб турди-да, уйдан чиқиб кетди. Жинни бўлиб қолганми онаси?!

У тенгқур болаларнинг муносабати ўзгариб қолганини аввал пайқамади. Бора-бора тушундики, ўртокдари ундан қўрқар экан! Тўрттаси гаплашиб турган бўлса, Соат яқин бориши билан келишиб олгандек жимиб қолади. Йўқ, гаплашишади у билан. Гаплашади-ю, бегоналиги сезилиб туради. Ғалати ҳолат. Соат ҳам ғурурланади, ҳам кўнгли ўксийди. Ҳеч эсидан чиқмайди. Қиш офтоби чарақлаб турар эди. Аллақанча болалар ёнғоқзор четидаги майдонда қорбўрон ўйнаётган экан. Соат ҳам келиб қўшилди. Кафтида қор зичлаб бир отган эди, бахмал камзул кийган қизалоқ юзини чангаллаган кўйи чирқиллаб қолди. Тўғриси, Соат уни урмоқчи эмасди. Шунчаки, қорни дуч келган томонга отганди. Соат югуриб борди. Қараса, қизалоқ кафти билан юзини беркитиб, қорда чўккалаб ўтирибди. Қизалоқнинг билагидан тортган эди, бир кўзи шишиб кетганини кўрди. – Йиғлама, – деди раҳми келиб.

– Атайлаб қилмадим-ку, жинни! Отинг нима?

– Отимни айтсам нима қилардинг! – деди қизалоқ ҳамон йиғлаб.

– Мениям қаматмоқчимисан?

– Тағин ўкиниб-ўкиниб йиғлашга тушди.

– Ўв, зўравон! Нега урдинг Потмани? Соат қулоғи остида янграган чийилдоқ овозни эшитиб бурилиб қаради. Ёнида ўзидан бешолти ёш кичик Ҳусан чакчайиб турарди.

Соат шундагина тушунди. Булар – Эшоннинг арзанда эгизаклари: Фотима-Ҳусанлар. Индамай бурилиб кетаётган эди, Ҳусан кутилмаганда унинг ёқасига ёпишди.

– Нима ёмонлик қилди сенга? – деди биғиллаб. Соатнинг ғаши келди.

– Ўт-э, эшонвачча! – деди Ҳусаннинг қўлини ёқасидан олиб ташлашга уриниб. Ҳусан чиллакдек қўллари билан маҳкам тирмашиб олган, кўзлари мушукдек ёнарди.

Соат бир мушт солган эди, Ҳусан қорга чалқанча йиқилди. Лаби қонаб, қорга туфлади. Шундагина Соат қийчув тинчиб қолганини, атрофини катта-кичик болалару қизлар ҳалқадек ўраб, ўшшайиб турганини кўрди. Дадил бориб, ҳалқани ёриб ўтди. Қулоғига раста бўлган йигитчаларга хос ғўлдираган овоз кирди: – Менга қара, ўв Комиссар! Агар Ҳусанни яна бир марта урсанг…

Соат ортига бурилиб қаради. Ҳаким тегирмончининг ўғли – ўзи билан тенгдош Тўлаган кўзини олайтириб турибди. Бунинг ҳам отаси сургун бўлган! Тўлаган бояги гапини яна қайтарди: – Бир марта урсанг…

Соат бир зум иккиланиб турди-да, нари кетди.

* * *

Ёзда яна бир юқеа бўлди. Айни саратон эди. Соат Қонқусга чўмилишга борди. Анҳор четида тупроққа беланиб ётган қора-қура болалар орасида тўрт-бешта тенгқурлари ҳам борлигини узоқдан қўрди. Тупроққа дум тушиб ётган болалар бир нималарни гаплашиб қийқириб кулишар, ҳар кулганида завқланиб, товонини уриштириб қўярди. Бир чеккада, ўрик тагида ётган Ҳусанхўжанинг ингичка кулгуси, айниқса, жаранглаб чиқар эди.

Соат яқин келиши билан ҳаммаси жимиб қолди. – Чўмиляпсанларми? – деди Соат бошқа гап тополмай. Болалар орасида кимдир тўнғиллади:

– Қайиш уқалаяпмиз!.. Қийқириқ кулги кўтарилди. Соат Ҳусанхўжанинг айрича завкланиб кулганини эшитди.

– Сув қанақа? – деди бепарво гапиришга уриниб.

– Тушсанг биласан. Соат жахл билан кўйлагини ечиб, ўрик шохига идди-да, Қонқусга калла ташлади. Сув совуқ эди. Шўнғиб чиқиб, оқимга қарши суза бошлади. Ҳов анави мажнунтолга етмагунча қўймайди! Сузишга уста эди. Қизиқ, уввало уринадики, қани ақалли бир қулоч сурилса! Илгари оқимга қарши ҳеч сузмаган экан. Қанақа анҳор ўзи бу лаънати? Юзаси қилт этмайди. Ҳовузга ўхшаб жимирлаб турибди-ю, таги шиддат билан оқади. У олдинга интилади, сув орқага тортади! Оёққўлини тапиллатиб жон-жаҳди билан сузаверади. Етади! Мажнунтолга етмагунча қўймайди. Охири ҳансираб кетди. Бир маҳал қараса, анҳор соҳилида болалар қалдирғочдек тизилиб ўтирибди. Қорни, тиззаси тупроққа беланган.

– Ҳа-а, Комиссар! Қани, бир ғайрат қил-чи, кўрамиз сувга тескари сузиш қакақа бўларкан? Бунинг отини Қонқус деб қўйибди, ўв!

Соат Тўлаганнинг овозини таниди. Шу гапинг учун ҳам сузади, ўлиб қолгунча сузаверади!

Бўлмади… Ҳолдан тойди. Қараса, оқим орқага – ўрамага суриб кетяпти. Қўрқув ичида қирғоққа талпинди. Қамишларни чангаллаб сирпана-сирпана юқори чиқиб олди. Ҳансираб нафас олар, оёқ-қўли титрарди. Соҳилга чиқиши билан болалар бараварига қийқириб кулишди. «Душман! Ҳаммаси душман! Илоннинг боласи – илон, чаённинг боласи – чаён!..»

– Соат дафъатан хаёлига келган гапдан кўнглида алам ва айни пайтда алланечук енгиллик туйди. Офтобнинг бинафшаранг ҳалқачаларидан қамашган кўзларини юмиб, узоқ ётди. Бир маҳал қараса, кўйлаги осиғлиқ ўрик шохида сап-сариқ мевалар ялтираб турибди. Пастда эмас, қир учида. Хаёлига ғалати ўй келди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации