Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Уткир Хошимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Ҳусанхўжа! Ҳусанхўжа!

– Нима? – деган ингичка овоз келди.

– Ўрик олиб туш. Ҳов, юқори шохдан. Тез бўл!

– Йиқилиб тушаман-да.

– Йиқилмайсан. Ҳусанхўжа узун иштонини шалоплатиб яқин келди.

– Кесак отақолай?

– Майли, – деди Соат лоқайдлик билан.

Ўрик баландда эди. Ҳусанхўжа мўлжаллаб нуқул кесак отар, кесаги тепа шохга етмас эди. Терлаб кетди. Бошқа болалар индамай томоша қилиб ётибди. Охири, битта кесак ўрикли шохга тегди. Учта ўрик тўпиллаб тупроққа тушди. Ҳусанхўжа югургилаб олиб келди.

– Манг, Соат ака!

– Ювмайсанми, аҳмоқ!

– Соат кўзини ола-кула қилди.

– Тупроққа қўшиб емайман-ку! Ҳусанхўжа анҳор соҳилига қорни билан ётиб, ўрикни чайиб келди.

– Манг, ака!

– Ёрилибди-ку, эшшак! Менга бутуни керак!

– Соат Ўрикларни анҳорга улоқтирди.

– Чиқ шохга! – деди ўдағайлаб.

– Бутунидан узиб туш! Ҳусанхўжа бирпас анграйиб турди-да, алам билан чийиллади: – Эй, бор! Мен сенинг малайингманми?

– Нима?

– Соат сапчиб ўрнидан турди.

– Нима дединг? – тарсакилаб юборган эди, Ҳусанхўжа ағдарилиб тушди.

Шунда… кутилмаган ҳодиса рўй берди. Овози дўриллаб қолган тенгдошлари қуюндек ёпирилиб келди. Тўрттаси баравар ёпишди. Бири қўлтиғидан олди, бири оёғидан… Сувга улоқтириб юборишди. Соат Қонқуснинг қоқ ўртасига шалоплаб тушди. Худди қурбақадек. Соҳилга сузай деса, рақиблари тизилиб турибди: ҳаммаси завқланиб кулади. Ҳусанхўжа тупроқ чангитиб маймундек ирғишлайди. Нариги қирғоқ – тик. Анҳор четида ўсган маймунжонлар, найзасини қайраб турган наъматаклар сувга эгилиб ётибди. Соат тағин оқимга қарши сузишга тушди. Мажнунтолга етса, нариги бетга чиқиб олади… Бора-бора қўлларидан мадор кетганини, оёқлари увишиб қолганини сезди. Оғзига сув кириб ўқчий бошлади. Қонқус билан ҳазиллашиб бўлмаслигини, ўз йўлига оқиб ётган сувга тескари сузиш яхши эмаслигини идрок этди. Аммо бошқа чораси йўқ эди. Сув яна озгина оқизиб борса бас. Қонқус кескин бурилади-да, ўрамага тортиб кетади. Бир лаҳза тин олди. Шунда соҳилдаги болалар ҳам жимиб қолганини ҳис қилди. Қулоғига Ҳусанхўжанинг чинқироқ овози кирди:

– Тўлаган ака! Чўкиб кетади, шох синдириш қерак, Тўлаган ака!

Соат бутун кучини тўплаб тағин оқимга қарши сузди. Бироқ энди мадори қуриб битган, қўллари ожиз шалоплар эди. Дафъатан тумшуғи тагида турган шохга кўзи тушди.

– Соат! – деди соҳилда ўрик шохининг бир учидан тутиб турган Тўлаган.

– Ушла! Чўкиб кетасан, жинни! Соат ҳолдан тойган қўлларини ожиз типирлатаркан, қирғоқ томонга нафрат билан қаради.

– Йўқол! – деди нафаси қайтиб.

– Менга сенинг ёрдаминг керак эмас!

Бурилиб, нариги соҳил томон сузди… Ниҳоят, наъматак шохига чанг содди. Кафтига тикан кирганини ҳам, оғриқни ҳам сезмади. Энтикиб-энтикиб нафас ростлади. Наъматаклар чангалзори оралаб тик соҳилга чиққунча тиканлар аъзойи баданини қонатиб ташлади. Қараса, болалар нариги қирғоқда қаторлашиб турибди.

– Эшитиб қўйларинг! – деди Соат алам аралаш ғазаб билан. – Мен Комиссар бўламан! Албатта бўламан! Ҳаммангни отаман! Битта-биттадан отаман!

ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН

Васильев Григорий Степанович. Йигирма саккиз ёшда. Макарон заводининг ишчиси. Миллати – рус. Сўққабош. Аввал судланмаган. Қатортол мавзеи, 10-уй, 35– хонадонда истиқомат қилади. Партиясиз.

– Тошкентга қачон кўчиб келгансиз?

– Бултур. Май ойида.

– Қаердан?

– Смоленскдан.

– Бир ўзингиз яшайсизми?

– Бўлмаса ким билан туришим керак?

– Саволга жавоб беринг!

– Бир ўзим.

– Нима мақсадда келгансиз?

– Нима мақсадда бўларди. Яшаш, ишлаш учун. Камёб мутахассис сифатида таклиф қилишган.

– Заводда нима иш қиласиз?

– Автопогрузчик ҳайдайман. Умуман, мени Алгоритм заводига таклиф этишган. Яқинда ўша ёққа ўтаман.

– Программаловчи инженермисиз?

– У нима деганингиз? – Касбингизни сўраяпман?

– Айтдим-ку, автопогрузчик ҳайдайман.

– Шу камёб касбми?

– Демак, камёб экан-да.

– Смоленскда нима иш қилардингиз?

– Заводда ишлардим.

– Оилангиз бормиди?

– Бор эди.

– Ким билан турардингиз?

– Хотиним, қайнонам, мен…

– Яна?

– Ҳа-а, гап бу ёқда денг?!

– Яна ким?

– Лариса шикоят ёзибдими? Овора бўлади! Қизи аввалги эридан бўлган. Мендан алимент олишга ҳаққи йўқ.

– Хотинингиз билан расман ажрашмаган экансиз-ку.

– Тўғри, ажрашган эмасмиз, аммо у билан турмайман. Ажрашишга тайёрман.

– Йигирма иккинчи октябрдан йигирма учинчи октябрга Ўтар кечаси нима воқеа бўлганди?

– Эсимда йўқ.

– Эслатишим мумкин. Ўша оқшом тўй бўлган. Домнинг пастида.

– Э, уми? Шунга мени айбдор санаяпсизми?

– Саволга жавоб беринг! Нима бўлувди?

– Тинчлик бермаса нима қилай? Ярим кечагача ғат-ғут! Қулоқни қоматга келтиради. Қийқиради, ёввойига ўхшаб! – Кейин-чи?

– Нима, «Кейин?»… – Сиз нима қилдингиз?

– Уч-тўрт марта огоҳлантирдим. Кейин, деразани очиб, сув сепдим. Сал боши совусин, дедим.

– Қилган ишингиз жиноят эканини биласизми?

– Нега жиноят бўларкан? Рабочий класс дам олиши керакми ахир? Горисполкомнинг қарори бор. Соат 23 дан кейин шовқин-сурон солиш мумкин эмас.

– Горисполкомнинг тўй қилинмасин, деган қарори йўқ. Нега одамларнинг бошидан сув сепасиз?

– Хўп, ана, ҳазиллашдим, деб ҳисоблай қолинг. Нега мени тергов қиласиз-да, уйимга бостириб кирган безорига индамайсиз? Тепиб, оёғимни синдирай деди. Оз бўлса, бўғиб ўлдириб қўярди. Бу ҳақда милицияга хабар берганман. Суриштириб кўришингиз мумкин.

– Бўлмаса нега аризангизни қайтариб олдингиз? Нима учун экспертизага бормадингиз?

– Клавдия Сергеевна айтди. «Бекор қиляпсан шу ишни, ундан кўра тўйда меҳмон бўлсанг, ҳеч ким сени ҳайдамасди», деди. – Ким у Клавдия Сергеевна?

– Пенсионер. Биринчи қаватда туради. Тошкентга уруш пайтида келган экан.

– Шунинг учун қайтиб олдингизми аризангизни?

– Шу… – Ўша куни ўзингиз қанча ичгандингиз?

– Менми? Туҳмат! Нега ичарканман?

– Эшигингизни тақиллатган гражданин Шоматовнинг бошига арақ шишаси билан урмоқчи бўлгансизми ахир?

– Гражданин терговчи, миллатчилик қиляпсиз. Устингиздан арз қиламан!

– Марҳамат! Бу – сизнинг ҳуқуқингиз. Ўша куни ғирт маст бўлгансиз. Эртасига милицияга ариза олиб борганингизда ҳам кайфингиз тарқамаган. Экспертизага боришдан қочгансиз. Кечқурун даъвойингиздан воз кечиш тўғрисида бошқа ариза ёзиб келгансиз.

– Тўғри, ёзиб келганман. Нима бўпти шу билан? Ҳаққим бор.

– Гражданин Шоматовни ҳозир кўрсангиз, танийсизми? – Мени аҳмоқ деб ўйлаяпсиз шекилли, гражданин терговчи? Уни ўлдириб кетишганини мендан яхши биласиз.

– Нега энди айнан «ўлдириб кетишган» деяпсиз? Ўлдириб кетишганини сиз қаёқдан биласиз?

– Қўшни домда бировни ўлдириб кетади-ю, қулоққа чалинмайдими?

– Еттинчидан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси қаерда эдингиз?

– Ҳ-ҳ-ҳа! Бу ишни менга ёпиштирмоқчимисиз? Овора бўласиз, гражданин терговчи! Худди ўша кеча мен жонажон милиция паноҳида эди! Ҳушёрхонада! Туман ҳушёрхонасига телефон қилсангиз, ҳамма справкани оласиз.

«ЁВВОЙИЛАР»

Руснинг ажойиб мақоли бор: «Бахтинг чопмас эди-ку, бахтсизлик жонингга ора кирди-да». Ўша куни яхшиям ҳушёрхонага тушгани. Бўлмаса тинч қўймасди булар!

Гриша байрам куни боши ғум бўлиб уйғонди. Кеча анчагина «олган» эди. Пастга тушса, нариги подъездда яшайдиган дўстлари турган экан. Лёва билан Миша. Эсида йўқ, қайси биридан яхши таклиф чиқди: «Юринглар, аччиқ лағмон еймиз. Эски шаҳарнинг лағмони зўр бўлади. Анавиндан ҳам топилади». Чорсуми-Морсуми, деган жойга боришди. Лёва бу ердаги жинкўчаларни яхши биларкан. Исқиртгина ҳовлига киришди. Дастурхон ўрнига газета ёзилган, қўполдан-қўпол стол ёнига келиб ўтиришди. Овқат чиндан ҳам мазали экан. Аччиққина. «Русская водка»дан ҳам топилди. Қимматроқ экан-ку, чидаса бўлади.

Жинкўчаларни айланиб бозорга тушишди. Тарвуз егилари келди. Тўн устидан белбоғ боғлаган сийрак соқолли чолнинг тарвузига харидор бўлишди.

– Уч сўм бераман, бобой! – деди Лёва каттакон тарвузни танлаб.

– Тарозига қўй, болам, – деди чол русчани чайнаб гапириб.

– Килоси етмиш тийин.

– Етмиш тийин?

– Лёва ажабланди.

– Калланг ишлайдими, бобой! Уялмайсанми? Чол индамасдан тарвузни Лёванинг қўлидан олди-да, тарозига қўйди.

– Ўн икки кило, – деди оғзидаги кўкимтир нарсани туфлаб.

– Саккиз сум қирқтийин… Майли, саккиз сўм берақол.

– Гапини қара, Гриша! – деди Лёва аччиқланиб.

– Битта тарвузни саккиз сўм дейди, спекулянт! Разм солиб қараса, тарвузлар тоғдек уйилиб ётибди. Ҳар биттасини саккиз сўмдан сотса, миллионер бўлиб кетмайдими бу?

– Эй бобой! – деди Гриша энсаси қотиб.

– Спекуляция учун статья бор. Биласан-а?

– Мен испикулон эмасман! – деди чол тағин русчани расво қилиб.

– Сам, сам экканман! Сладкий арбуз… Хохламасанг, ана, бошқа жойдан олавер. Эҳтимол, шу билан гапсўз тугаса – олам гулистон эди. Боядан бери нарирокда турган бошяланг, плаш кийган йигитча кутилмаганда савдога аралашди.

– Бу оқсоқол спекулянт эмас, – деди қандайдир асабий оҳангда. – Меҳнат қилганидан кейин сотади-да молини! Яхшироқ қара, спекулянтга ўхшайдими шу одам? Аллақандай бир талабанинг гапга қўшилиши Гришанинг ғашини келтирди.

– Қулоқ сол, – деди ғижиниб.

– Нега мени сенлайсан? Талаба пинагини бузмади.

– Бўлмаса, нега сен отанг тенги одамни сенлайсан?! Сенинг юртингда тарвузнинг бир тишлами саккиз сўм. Ўқиганман ўша ёқларда! Ҳаммасини биламан. Боядан бери индамай турган Миша гапга энди қўшилди:

– Жуда ақлли бўп кетибсанми? Бултур тарвузнинг килоси йигирма тийин эди!

– Униси бултур эди, – деди талаба.

– Бу йил бошқача. Ўша томондан келадиган тракторнинг запчасти ўн баравар ошди. Нима қилсин деҳқон! Гришанинг қони қайнаб кетди.

– Нари тур… Сендақа «академикни!» Бир тепган эди, тарвуз паққа ёрилиб, шимининг почасига қип-қизил шарбат сачради. Бирпасда ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди.

– Қоч! – деди Лёва.

– Ўлдиради булар!

Чуриллаган ҳуштак товуши ҳавони титратди. Қомати нимаси биландир тарвузга ўхшаб кетадиган милиционер пайдо бўлди. Камида ўн беш сутка нақд эди-ку, эртасига Гриша дежур йигитга ялиниб-ёлбориб, «бир жойга» телефон қилишга рухсат олди. Яхшиям Дима ишда экан. Аввалига қалаштириб сўкди. «Сен махлуқ қачон ичишни ташлайсан», деб бақирди. «Шу ниятда Тошкентга олиб келганмидим?»

деди. Барибир, горисполком – горисполком-да! Кечга томон учовидан тилхат олиб, қўйиб юборишди. Худди ўша куни ҳушёрхонага тушгани хўп иш бўлган экан-да. Бўлмаса, терговчи «ҳўл иш»ни шилқ этиб бўйнига илмоқчи эди. Тўй куни сув сепганини гапиради! Тўғри, сепди. Сенларнинг шовқин-суронингга кўзим учиб турибдими! Пулинг кўп-да сенларни! Миллионерлар! Заводда эртадан кечгача ҳўкиздек ишлаб, уч юз сўм маош олиб кўр-чи, минг кишини тўплаб тўй қила олармикансан.

Буларнинг тўйи ғалати бўларкан. Бир кун олдиндан домнинг тагида кечаси билан ғовурғувир. Шовир-шувир… Терак шохига мингинчи лампочка осилган. Бирови гўшт чопяпти. Бирови сабзи тозалаяпти. Яна биттаси кетмон билан ер ковлаб етибди. Нарироқца қозон! Шунақанги каттаки, борш пиширсанг, бутун бошли полкка етади. Кечаси билан димоғига аллақандай нотаниш ҳидлар кириб, мижжа қоқмай чиқди.

Энди кўзи илинган экан, аллақандай даҳшатли товушдан уйғониб кетди. Ғарт-ғурт! Зум ўтмай, Африка қабилаларининг там-тамига ўхшаган товуш ҳам қўшилди. Нуқул банғиллайди! Гриша юраги гупиллаб, дераза олдига борди. Очиб қараса, чироқлар машъал. Устига оппоқ дастурхон ёзилган узун-узун столлар қўйилган. Шундоқ дераза тагида биттаси икки қулоч келадиган мис трубани ғартиллатяпти. Дўппи кийган тағин бири думалоқ патнисга ўхшаган барабанни боши устида кўтарганча қарсиллатиб уриб ётибди. Кечаги қозон ўрнатилган чуқур атрофида уч киши. Повар бўлса керак, биттаси оқ халат кийиб олибди. Ёнидаги пастак столда чинни лаганлар тахлаб қўйилган. Оқ халатлиси қозон устидаги лаганларни олган эди, осмонга қуюқ буғ кўтарилди. Қозон тўла сап-сариқ палов кўринди. Оқ халатлиси катта-катта гўштларни узун бандли лапатка учига илиб, ёнидаги тоғорага ташлай бошлади. Ҳали дераза шарақлаб очилганида кўзи тушган эканми, Қозон тепасида турганлардан биттаси қўл силкиб, шанғиллади:

– Тушавер, сосед! Палов тайёр!

Саҳар-мардонлаб кўзи учиб турибди-да, паловингга!

Гриша бошини секин ичкари тортди. Уйқусизликдан ачишган кўзларини ишқалаб, энди ваннахонага кирмоқчи эди, пастдан машинанинг кучаниб гуриллагани эшитилди. Кўнглида қизиқиш уйғониб, деразага қайтиб келди. Қараса, кўча четида бир эмас, иккита ЛАЗ турибди. Автобусларнинг эшиги вошиллаб очилди-да, узун тўн кийган, бошига салла ўраганлар туша бошлади. Мункиллаб қолган, ҳасса таянган чоллар, айниқса, кўп… Ораларида Будённий қиличидан бир амаллаб жон сақлаб қолгани қанчайкин?

Дастурхон бирпасда ноз-неъматларга тўлиб кетибди. Олма-анорлар. Каҳрабодек узумлар… Столда ўтиришини томоша қилсанг буларнинг! Худо ҳаққи, қошиқ ушлашни билмайди! Ошни қўлда ейди. Қўлда! Чоллар-ку, майли, бошқалар-чи? Бошларида шляпа, бўйниларида галстук, ошни қўли билан ейдилар. Эрталабдан бир лаган паловни уриб қорни ёрилиб кетмагани! Ош еб бўлиб, юзига фотиҳаям тортади. Нақ кинонинг ўзи. Худо ҳаққи: декорация керакмас!

… Куни бўйи Гришанинг боши гаранг бўлиб юрди. Тушлик овқат ҳам татимади. Кечқурун ҳориб-чарчаб уйига келса, яна ўша шовқин! Ҳой инсон! Эрталаб-ку, уйқуни ҳаром қилишга қилдинг! Мис карнайинг билан тамтамингни чалиб, бутун квартални уйғотдинг! Паловингни ейишга – единг! Бўлди-да, энди! Бу азоб ҳам бормиди ҳали?

Кун ботмасидан ҳаммаси қайтадан бошланди. Столлар безатилган. У ёқда коньяк, бу ёқда арақ. Шампань… Ичкиликка карши кураш деган қонун йўқ экан-да буларга! Гастрономга кирсанг бир шиша арақ учун икки соат очередь турасан. Булар бўлса, қаторлаштириб ташлабди. Яна бошланди. Ғарт-ғурт. Айниқса, бир асбоби бор экан. Вой-вой овозининг хунуклиги! Ғийт-ғийт қилади. Худди йиғлаётган хотиндек. Асабни пармалаб юборади. Бир маҳал қий-чув бўлиб қолди. Ялтир-юлтир кўйлак кийган хотинлар, қорақура, иркит болалар кўча томон югургилади. Шунчаси қаёқдан пайдо бўлди? «Местннйлар» кам эди-ку бу уйда?

Маҳалласи кўчиб келдими, нима бало? Ҳа-а! Келинни олиб келишибди. Бир эмас, бешта енгил машина. Иккита автобус! Қаранг, «Чайка»ям бор! Миллионер бўлмаса, «Чайка»ни қаердан олади булар! Ана, куёв йигит кутиб олдилар келинни. Бошидан танга сочишдими-ей! Комедия! Куёвнинг бошида салла, эгнида ялтироқчопон (Камида икки минг турар?). Келин оқ либосда. Бошида фата. Ҳақиқий комедия! Бири – Европа, бири – Осиё. Нима қиляпти анави кампир? Олов ёқяптими? Бир нарсани тутатиб юборди-ку! Бошланди яна! Ғийт-ғийт. Данғир-дунғир. Қийқириқни қаранг, қийқириқни!

Гриша деразани ёпдиямки, қулоғи тинчиса қани? Холодильникда «Чашма» бор эди шекилли? Чорт! Қурибди буям, янгисини очишга тўғри келади. Ўл-а, консерва ҳам тамом бўлган экан-ку. Майли, тузланган бодринг ҳам тешиб чиқмайди! Кечаси деярли ухламагани учунми, бир зумда боши ғувиллаб кетди. Иккинчи қадахдан кейин пастдан келаётган шовқинсурон баттар асабини қақшата бошлади. Микрофони бунча баланд! Бўлмади. Гриша деразани шаҳд билан очиб қаради. Келин-куёв тўрда ўтирибди. Орқа томонида гилам. Ёнбошида артистлар. Ашулани ванг қўйяпти. Ўртада йигирма-ўттиз чоғлиси ўйин тушяпти. Нуқул сакрайди…

Гриша шовқин-сурон босилишини кутиб турди. Ашула тугаши билан овози борича ҳайқирди:

– Эй! Тинчлик борми-йўқми? Ярим кеча бўляпти. Эрталаб одамлар ишга боради.

Тўйхонага жимлик чўкди. Ўн-ўн бештаси баравар бошини кўтариб, дераза томонга қаради. Рақс тушаётганлар пилдирпис бўлиб, жой-жойига тарқала бошлади. «Қўрқмас экансан-а!» деб ўйлади Гриша мамнун бўлиб. Қани, айт гапинг бўлса, дегандек очиқ дераза олдида пойлаб турди. Шунда, худди дераза тагида ўтирган бир йигит шошилмай ўрнидан турди-да, давра ўртасига чиқди. Бошяланг, гавдали. Худди кинодаги ҳиндулар саркардасига ўхшайди. Тепага – Гришанинг деразасига бир зум қараб турди-да, ҳокимона овозда бир нима деб қичқирди. Артистлар аллақандай шўх куй чала бошлади. Бояги «ҳинду» ёввойилардек сакраб ўйинга туша кетди. Қийқириқ, қарсак авжига чикди. Бир зумда давра тўлиб кетди. Музика боягидан баттар гумбурлашга тушди.

– Шунақами! – деди Гриша таҳдид билан. – Кўрамиз ҳали! Ҳушингни жойига келтириб қўймасам, юрган эканман! Муздеккина душ олсанг ўзингга келасан ҳамманг!

Қадаҳни тўлатиб ичди. Ғарчиллатиб бодринг чайнаркан, хаёлига аламли ўй келди. Мен заводда саккиз соат ҳўкиздек ишлаб, бодринг ғажиб ўтирай-да, сен – текинхўрлар, шашлик еб, коньякни урларинг!

Югуриб ваннахонага кирди. Пақирга лиммо-лим сув тўлатди. Дераза олдига бориб, пастга энгашди-да, сепиб юборди. Яхши-и! Девор яқинида ўтирган беш-ўнтаси қий-чув солганча сапчиб ўрнидан туриб кетди. Хах-ха-а!!! Қанақа бўларкан! Овозинг ўчмас экан-а!

Зум ўтмай эшик жиринглади. Э-ҳа, тепишга тушди-ку! Бутилка қайерда эди, бўшаган бутилка? Қани, бир гаплашиб қўяйлик-чи! «Менинг уйим – менинг қалъам!», «Остонамдан қадам босиб кўр-чи? Ҳа, сенмисан, ҳиндулар сардори?»

– Қани, туёғингни шиқиллат-чи! – деди Гриша тишини ғижирлатиб.

– Ҳозир милиция чақираман! Парво қилмайди, сурбет! Шунақами? Мана бўлмаса! Каратэчи, шекилли, сволочь, оёқни синдирдинг, аблаҳ! Қўйвор! Бир маҳал ҳушига келиб қараса, ёш аёл «ҳинду»нинг билагидан тортқилаб, алланималар деб чирқиллаяпти. Йўлак тўла одам.

– Хўп, узр сўрайман, – деди Гриша нафаси бўғзига тиқилиб. Хайрият, битта одамбашараси ҳам бор экан. «Ҳинду»га дашном берди.

– Миллатчилик қилма! – деди. Нихоят, ҳаммаси даф бўлди.

– Адабингни бериб қўймасам, – деди Гриша аламдан титраб. Анчадан кейин эшик яна жиринглади. Яқин боришга юраги дов бермай индамай ўтираверди. Эшик эса тўхтовсиз жиринг-лар эди.

– Нима керак сенга? – деди ўтирган жойидан. Ўша томондан журъатсиз овоз кедди:

– Ташвиш қилманг, қўшни… Мен Аҳмадалиевман. Учинчи квартирада турадиган.

– Ҳеч кимни танимайман! – деди Гриша.

– Гапингиз бўлса, эртага келинг.

– Қўрқманг! – деди эшик ортидаги одам.

– Сизга ёмонлигим йўқ. Узр, бир минутли маслаҳат бор эди.

Гриша иккиланиброқ ўрнидан турди. Ёмон тепибди, аблаҳ! Чўлоқланиб эшик томон юраркан, хаёлига интиқомли ўй келди. Бўйним ҳам кўкариб кетгандир? Яхши! Эрталаб, албатта, милицияга бораман.

Эшик олдига келганида иккиланиб қолди. Оқсоқланганча ошхонага кирди-да, газ плита тагида ётган болтани қўлига олди. «Ғинг деса чопиб ташлайман!»

Эҳтиёткорлик билан калитни буради. Остонада бошига дўппи, эгнига кўк тўн кийган қария турар эди. Қўлида қаппайган целлофан халта. Қизиқ, Гришанинг қўлидаги болтага қайрилиб ҳам қарамади.

– Хўш? – деди Гриша «гапни чўзма!» деган маънода.

– Гап бундай, қўшни…

– Қария вазминлик билан муқаддимани узоқдан бошлади.

– Мен Ахмадалиевман. Бугунги тўйнинг эгаси. Ўғлимни уйлантирдим. Гриша зинада биронтаси турмаганмикин, деган хавотирда ярим очиқ эшиқдан бўйнини чўзиб, пастга қаради. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, истеҳзоли жилмайди.

– Табриклайман!

– Тўйхонага тушиб табрикласангиз ҳам бўларди, – деди қария соф рус тилида.

– Уч кун аввал тўйга айтиб чиқсам, йўқ экансиз.

– Мақсад?

– Бошимда битта-ю битта ўғлим бор.

– Қария гапни яна бурди.

– Ўқитувчиман. Рус мактабида ўзбек тилидан дарс бераман. Гришанинг хаёлидан истеҳзоли ўй кечди: «Сенинг тилингга кўзим учиб турувди!» Дафъатан кайфи бутунлай тарқалиб кетганини ҳис этди.

– Шу боланинг тўйини ўтказай, деб йигирма беш йил йиғиб-тердим.

– Қисқароқ! – деди Гриша жеркиб.

– Яхши…

– Қария негадир хўрсинди.

– Ёмон иш қилдингиз, қўшни. Мен болаларни интернационализм руҳида тарбиялашга умримни бағишладим. Сиз бўлсангиз…

Гришанинг тоқати тоқ бўла бошлади.

– Мен сизнинг ўқувчингиз эмасман! – деди эзмачурук қариянинг гапини кесиб. Қария хафа бўлмади.

– Сиз – янги одамсиз, – деди вазминлик билан.

– Мақсад! – деди Гриша таҳдид билан.

– Мақсад шуки, халқнинг миллий удумларини ҳақорат қилманг!

– Қария қўлидаги целофан қопчасини узатди.

– Бу – сизнинг насибангиз! Гриша эсканкираб қолди.

– Пора, денг! – деди ҳушини тўплаб.

– Нима, мени сотиб олмоқчимисиз? Қария алланечук осойишта кулди.

– Ўзбеқда қўшни ҳақи деган гап бор. Сиз тўйда қатнашмадингиз. Гришанинг иккиланиб турганини кўриб, қопчиқни остонага қўйди.

– Хоҳласангиз, олинг, хохламасангиз, ташлаб юборинг,– деди-да, секин-секин юриб, зиналардан тушиб кетди.

– Мени сотиб ололмайсан! – деди Гриша қўлини пахса қилиб. Эшикни қарсиллатиб ёпиб, диванга бориб ётди. «Дима тўғри айтган экан, – деб ўйлади ижирғаниб.

– Биз – жанг қилгани боряпмиз. Ўзбекистон – иккинчи Афғонистон! Ҳаммаёқни порахўрлар эгаллаб олган! Қаранг-а, итдек савалашади-да, кетидан пора бериб, оғзини мойламоқчи бўлади! Топибсан аҳмоқни! Милицияга бунисини ҳам ёзаман!» У ёққа ағдарилди, бу ёққа ағдарилди. Қани уйқу келса! Хаёлан дунёнинг у бурчидан кириб, бу бурчидан чиқци. Кўзини юмган эди, шовуллаб турган ўрмонзорга бориб қолгандек бўлди.

* * *

Болалик субҳидамга ўхшайди. Тонгдек тиниқ, эртакдек гўзал.Ҳамма нарса сеҳрли эди. Ёз палласи чўмиладиган турнанинг кўзидек кўллар ҳам. Ўрмонда қўзиқорин териб юришганида тўсатдан гумбурлаб қоладиган момақалдироқлару азамат эманлар япроғини шатирлатиб қуйиб берадиган жалалар ҳам… Худо қарғаган бу юртларда ойлаб бир томчи ёмғирга зор бўласан. У ёқларда эса ёз бўйи ёмғир ёғади. Шовв этади-ю, бир зумда оламни яшнатиб юборади. Кетидан қуёш чарақлаб чиқади. Емғир томчилари марвариддек ялтираб турган ям-яшил ўрмонларда югургинг, ўмбалоқ ошиб яйрагинг келади. Куз ёмғири эса бошқача бўлади. Худди шу паллада, октябрнинг ўрталаридан бошлаб ўрмон четида жойлашган Берёзовка хутори мунғайиб қолади. Йўлларнинг аталаси чиқиб кетади. На машина юради, на бричка. Хутор бутун дунёдан ажралгандек, жунжиккан кўйи рўпарасидаги зах босган ўрмонга хавотир аралаш маъюс термулади. Кечалари хаталар деразасида хира милтиллаган нур тун зулматига ҳадиксираб мўралайди. Итингни кўчага чиқаришни раво кўрмайдиган ҳаво деб шуни айтадилар. Берёзовканинг итлари ҳам бунақа матални эшитгандек ин-инига кириб кетади. Ҳар бир хатадан моғор исига аралаш тузланган карам ҳиди анқиб турганга ўхшайди. Одамлар тезроқ қор ёғишини, олам тезроқ ёришиб кетишини Худодан илтижо қилади. Ниҳоят, қор ёғади. Аввал ёмғир аралаш яккам-дуккам учқунлаб туради-да, тўсатдан заптига олади. Олам оппоқ нурга беланади. Қор остида ўйчан мудроққа кетган ўрмон сирли ва жозибали кўринади. Ҳақиқий рус қиши бошланади. Совуқ ва жозибали рус қиши!

Нари-бериси билан бир кеча-кундузда харилардан қурилган хаталарнинг ярми белигача қор остида қолади. Яхшиям, қор бошланишидан олдин теварагига зичлаб похол босилгани. Бўлмаса ичигача муз уриб кетади. Албатта, совуқ заптига олган кезлари баъзи ноқулайликлар ҳам пайдо бўлади. Шундоқ ётоқхонанинг ўзига олиб кирилган мегажин «ҳурқ-ҳурқ» қилиб, кечаси билан уйқу бермайди. Печ устида ётсанг, ачимсиқ ҳид димоғингни ёради. Зиёни йўқ: ўрганиб кетади одам. Ўрмонда бир соат чанғи учсанг, муздек, мусаффо ҳаво ўпкангдаги бор ғуборни суғуриб олади.

Акаси чанғи учишга уста эди. Ҳар сафар Дима ўрмонга отланса, Гриша ҳам албатта кетидан эргашарди. Чанғи остида қор ғирчиллайди. Ҳаво очиқ кунлари қуёш кўзни қамаштириб чарақлайди. Ер оппоқ, совуқ. Осмон зангори, ундан ҳам совуқ. Гўё шишадан ясалгану чанғи таёғи бехосдан тегиб кетса, синиб қоладигандек… Бошига оқ телпак кийган қарағайлар устидан дув этиб қор тўкилдими, билингки, жонсарак олмахон шохдан шохга сакради. Ҳали Рождествога анча бор. Бироқ хаталардан гармоннинг шодон товуши, мастона қийқириқлар эшитилади.

Колхоз-ку, бўларича бўлган. Номига хўжалик. Хуторнинг ярми ҳувиллаб қолган. Ёшлар «бахт излаб» ўзини шаҳарга урган. Эркаклар йўқ ҳисоби. Борлариям кўзини ишқалаб уйғонадию қишлоқ марказидаги дўконга йўл олади. Ҳаммаси келишиб олгандек, саҳармардондан дўкон олдига тўпланишади. Қишин-ёзин шу! Соқоллар ўсган, асабий… Тушдан кейин келадиган «борматуха»га очирид кутишади. Нарироқдаги харракнинг қорини сидириб ташлайдилар-да, тизилиб ўтириб, домино ўйнашга тушадилар. Ютқазганни «така» қилиб харрак тагидан ўтказадилар. («Вақтни ўлдириш» керакми ахир?) На раис инсофга келтиради, на милиция йўлга солади. (Аслида ҳаммаси – улфат, ҳаммаси – ҳамшиша!) Тушдан кейин маст-аласт қўшиқлар яна авжига чиқади. Орачора муштлашувлар ҳам бўлиб туради. Лекин бугун муштлашганлар эртага эрталаб апоқ-чапоқ бўлиб кетаверади. Бағри кенг одамлар-да! Гришанинг онаси тадбирли аёл эди. Бошқаларнинг карами муштдек бўлгунча, буларники чойнакдек бўлиб «қайнаб кетади». «Бабье лето» бошланмасидан туриб, уларнинг хатаси ёнида тоғдек пичан уюми пайдо бўлади. Қишлик ўтинни ҳаммадан аввал ғамлаб қўйишади. Гришанинг эсида. Бир йили ярмаркага бориб, сигир сотиб олишди. Янги туғилган бузоғи билан. – Эшитиб қўйинглар! – деди онаси ака-укага. – Мана шу сигир оғир кунларда сенга асқотади… Яйлов тўла ўт бўлса. Қишлоқда яшаб туриб, мол боқмаслик – гуноҳ-ку! Сигирни етаклаб ўтиб кетишаётганида дўкон олдида домино қарсиллатиб ўтирган мужиклардан бири гап отди: – Табриклайман, Марья, сигир олибсан-да! Индамай кетаверишди. Бошқаси хириллаб кулди. – Қаранглар, мужиклар! Марья сигирли бўпти! Ҳар куни қаймоқ билан сийларкан-да бизни! Сигир етаклаб кетаётган онаси таққа тўхтади. – Қаймоқни нима кераги бор сенга! Борматуха ичиб ётавер! – Мужиклар «томоқни ҳўллаб олишга» улгурган шекилли, қийқириқ кулги эшитилди. – Сигиринг ўзингга буюрсин!

– Қаймоғингга кўзимиз учиб тургани йўқ!

– Заҳарсан-да, Марья, заҳарсан! Чақиб-чақиб эрингни ўлдирдинг!

Дима йигитча бўлиб қолганди. Ўша томонга ғазаб билан чақчайиб қараган эди, онаси юпатди:

– Парво қилма, ўғлим! Булар – тамом бўлган одамлар.

Соқол-мўйлови тиканак бўлиб кетган тағин бир мужик муросаомуз насиҳат қилди:

– Яхшиямас, Марья Сергеевна, яхшиямас! Ёш авлодни хусусий мулкчилик руҳида тарбиялаяпсан.

Онаси, ранги қув ўчиб, тағин тўхтади. Етовда келаётган сигир тумшуғи билан унинг елкасига урилгудек бўлиб пишқирди.

– Сен ҳам одам бўддинг-у! – деди онаси алам билан. Яна нимадир демоқчи бўлди-ю, шаштидан қайтди.

Сигирнинг арқонидан тортди. – Юринглар, болаларим, парво қилманглар буларга…

Онаси тўғри айтган экан. Сигирни қўйиб юборасан. Ўзи ўтлаб келаверади. Хатадан бир қадам чиқсанг, белинг баравар ўт! Хоҳласанг даладан пичан ўр, хоҳласанг ўрмондан! Бир эмас ўнта сигирга етади!

– Бунақанги ишёқмасларни Худо урмаганига ҳайронман! – деди онаси бир куни куюниб.

– Колхозга-ку беш тийинлик нафи йўқ. Ақалли ўзининг томорқасини эпласа-чи! Йў-ў-ўқ!

Буларга тайёри керак! Биров нақдлаб қўйса-да, булар молдек бўкиб, еб ётаверса!

Онаси колхоз фермасида ишлар, ниҳоятда ўқимишли хотин эди. Узоқ қиш кечалари ажойиб шеърлар ўқирди. Пушкиндан, Лермонтовдан… Блокдан… Гришанинг эсидан чиқмайди.

Ташқарида бўрон увиллар, пастак деразани қор учқунлари аёвсиз савалар, онаси эса шеър ўқир эди. Гриша акаси билан печ устида ётишарди.

– Дима, Гриша! – деди онаси бир маҳал қўлидаги китобни ёпиб. – Иккаланг ҳам катта бўлиб қолдинг. Кўриб турибсанлар: ҳамма қишлоқдан қочяпти. Одамларнинг ердан меҳри совиди. Ҳеч кимнинг ишлагиси келмайди… Сенлар ишлашинг керак. Ишламасанг – очингдан ўласан! Шаҳарга борасанми, ундан наригами, ҳеч ерда текин нон йўқ. Қулоқларингга илиб олларинг. Одам бўламан десанг, ичкиликка яқин йўлама!

Дима-ку, йўлини топиб кетди. Шаҳарга бориб, ўқишга кирди. (Аълочи эди ўзиям.) Гриша колхозда бричка ҳайдай бошлади. Пичан ташийди. Чўчқахона гўнгини тозалайди. «Кормовой» лавлаги олиб келади… Бора-бора ўзи ҳам қишлоқ марказидаги дўкон олдида навбат кутадиган, мужиклар билан домино ўйнайдиган одат чиқарди.

…Бир куни яна гандираклаб келган эди, онаси саржин ўтин билан ҳолдан тойгунча савалади.

Эртасига эрталаб ўзи йиғлай-йиғлай Гришанинг дабдала бўлиб кетган юзини силаб илтижо қилди:

– Бу юришингда хароб бўласан! Ҳозироқ шаҳарга жўна! Димага учраш. Ялингинёлборгин… Агар… – деди кўзларида ғазабли учқун сачраб. – Қайтиб келсанг, уриб, оёғингни синдираман!

Начора! Жўнади поездга ўтириб. Акаси ўқишни битириб, горком комсомолда ишлар эди. Ёрдам берди. Ёрдами шу бўлдики, заводга ишга жойлаб қўйди. Завод ётоқхонасидан ҳужра ҳам топиб беришди.

Лариса билан шу баҳона танишдилар. Лариса кранчи бўлиб ишларкан. Уч ой ўқиб ўзи ҳам автопогрузчик ҳайдашни ўрганди. Гриша Ларисани бир кўришдаёқ севиб қолган, эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, Ларисани кўрса, нуқул кўзини олиб қочар, тилига бирон жўяли гап келмас эди. Лариса ҳаммасини сезиб юрган экан. Саккизинчи март куни ўтириш бўлди.

Завод клубида танца ташкил этилди. Уни Ларисанинг ўзи рақсга таклиф қилди.

– Тентак! – деди танца тушишаётганда. – Мен сендан тўққиз ёш каттаман. Қизим бор.

Нима қиласан, ўзингни қийнаб!

Гриша яхшигина ичиб олгани учунми, кўнгли бузилиб кетдими, тўсатдан йиғлаб юборди.

– Сендан бошқаси керакмас! Ўзимни ўлдираман, – деди ҳиқиллаб.

Ўзини ўлдиришга ҳожат қолмади. Тўйни Ларисаларнинг Уйида ўтказишди. Саккиз киши йиғилди. Ларисанинг онаси – Нина Ивановна, тўртта дугонаси, куёв томондан – Дима… Тўй рисоладагидек ўтди. Меҳмонлар тўйиб ичди. Аввал арақ. Кейин самогон… Тузланган карам, мариновка қилинган Қўзиқорин билан газак қилишди. Нина Ивановна пазанда экан. Духовкада бутун бошли ғоз пишириб келди. Оғзингда эриб кетади! Меҳмонлар ёшларга бахт тилашди.

«Горько, горько!» деб қийқиришди…

…Турмуши яхши эди. Саккиз яшар Светочка ҳам ундан бегонасирамади. Тўғри, «ота», деб эмас, «Григорий Степанович», деб чақирарди. Нима қипти? «Дада», деди нима-ю, исми шарифини айтиб чақирди нима?

Ҳамма ғалва Нина Ивановнадан чиқди. Балки, Гриша аввалига эътибор бермагандир. Аммо кейинчалик қайнонасини ўйласа, нуқул елинлари осилган сигир кўз ўнгига келадиган бўлиб қолди. Қайнонаси уйда олди ярим очиқ халат кийиб юрар, лорсиллаган кўкракларини кўз-кўз қилгандек лапанг-лаб қадам босар, қалин, ёғли лаблари ҳамиша истеҳзоли қийшайиб турарди.

Овози ярим кечалари Березовкадан уч чақирим нарида жойлашган станциядаги тепловоз гудоги сингари гулдираб чиқарди.

– Оёғингни артсанг-чи, оёғингни – дерди Гриша эшикдан кириб келиши билан. —

Манави нарсанинг оти – латта бўлади, куёв! Бу сенинг хуторинг эмас, буқага ўхшаб кириб кетаверадиган! Артдингми! Хайрият! Энди йўлакка чиққин-да,' шапкангнинг қорини қоқ!

Елканг-чи, елканг! Эрталаб эриб тушган сувни ким тозалайди, қишлоқи!.. Уни қара, тағин кириб келяпти бу, молга ўхшаб! Оёғингни арт, дедим-ку!..

Овқат устида Гришадан янги иллат топарди:

– Қўлингдаги нарсанинг оти нима дейилади, биласанми? Вой, Худойим-эй, неча марта тушунтириш керак бунга, а? Вилка деган матоҳ чап қўлда тутилади, қишлоқи! Қайси гўрдан кавлаб чиқардинг бу плебейни, Лариса!

…Бир куни эрталаб Гриша ошхонага кирса, музлатгич устида хўқача тўла сут турибди. Қишлоқда ўрганган одатига амал қилиб, силкитиб кўрди. Ичига қурвақа ташлаб қўйилган бўлса, тумшуғини чиқаради. (Қишлоқда сут айнимасин деб ичига қурвақа солиб қўйишарди.) Йўқ, қурвақа кўринмади.

Тағин силкитиб кўрди. Сут кўпириб, қаймоғи юзига тепди. Гриша бир кўтаришда хўқачани яримлатди. Сутнинг таъми ғалати эканини шунда билди. Хўқачани жойига қўйиб, лабини кафти билан артиб турганининг устига лапанглаб қайнонаси кириб келди. Гришани биринчи марта кўраётгандек, кўзларини ола-кула қилиб бирпас қараб турдида, тепловоз гудогидек чинқирди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации