Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Уткир Хошимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Лари-и-и-и-са-а-а!

Ярим яланғоч хотини югуриб ошхонага кирди.

– Манавини қара! – деди Нина Ивановна семиз бармоғини Гришага бигиз қилиб. – Манавининг жинни бўп қопти. Крахмал ичиб қўйди. Чойшабни крахмаллайман деб ивитиб қўювдим!

Гриша ваннахонага югурди. Вараклаб қуса бошлади. Энкайиб турган жойида Лариса гарданига хўқача билан туширди. Қолган-қутган крахмал Гришанинг юз-кўзига сачради.

– Ҳайвон! – деди Лариса бақириб.

– Қачон одам бўласан, чўчқа.

…Ўша куни ойнинг иккинчи числоси – маош куни эди. Гриша заводдаги улфатлари билан тўйибгина ичди. Ғирашира эсида. Ёмғир еғиб турганди. Тўғриси, йулда бир-икки йиқиддиям.

Нима қипти, йигитчилик-да.

Эшикни, одатдагидек, қайнонаси очди.

– Лариса! – деди қулоқни қоматга келтириб. – Бу еққа қара! Томоша қил манавининг аҳволини!

Дилида тўпланиб етган алам Гришанинг миясига урди-ю, қайнонасининг боши устида мушт кўтарди.

– Ўлдираман! – деди қутуриб. – Ҳаммангни ўлдираман! Қий-чув, бақириқ-чинқириқ авжига чиқди. Бир томондан қайнонаси, бир томондан Лариса юмдалаб ташлашди.

Гриша болари уясини кавлаб қўйиб, арига таланган айиқдек лапанглаб қочди.

– Милиция! – Қайнонасининг ўкириги емғирли ҳавони титратди. – Милиция! Ўлдирмоқчи! Ёрдам беринглар! …Гриша жонҳолатда югуриб кетди. Узоқ югурди. Аллақандай арча панасига яшириниб, чўнқайиб ўтириб қолди. Ҳамон емғир еғар, оеғидан зах ўтиб кетган, паралон курткасининг ёқасидан сизиб кираетган совуқ томчилар гарданини музлатиб юбораетганини ҳис этиб турарди… Лой ерга енбошлаб, кўзини юмди. Атроф сокин, қоронғи… Олисда кўчадан ўтиб бораетган машиналарнинг бўғиқ гувиллаши эшитилиб турарди. Негадир хаёлига онаси келди. Икки йилдан бери хабар олмагани, ҳатто хат езмагани эсига тушиб, йиғлагиси келди… Ғира-ширада уйғонди. Бирпас гарангсиб турди-да, тушунди. Заводга бориб бўлмайди. Лариса милйция чақиради. Горком комсомолга – акасининг олдига боради. Бошқа илож йўқ. Ҳар қалай, Диманинг қўли узун! Тўғри, ўзидан ҳам ўтди.

Дима сўкади… Майли, урса ҳам майли. Бошқа чора йўқ. Пастдаги милиционердан-ку, ялинибелбориб ўтди. Учинчи қават, тўқсон биринчи хонани тақиллатган эди, садо чиқмади. Этттик тепасидаги езувни қайта ўқиди. «Васильев Д.С.» Тут-Қичдан ушлаб тортиб кўрди. Эшик қулф эди. – Ким керак сизга, ўртоқ! Паркет полда қарс-қурс қадам товуши эшитилди. Гриша енбошига бурилди. Пошнаси бир қарич туфли кийган хушрўйгина қиз ипдек қошини чимириб рўпарасида турарди. – Ким керак сизга? – деди қиз расмий оҳангда. – Дмитрий Степанович, – деди Гриша ғўлдираб. Қиз унинг лой босган курткасига, тимдаланган юзига шубҳали қараб қўйди. – Нима иш билан келдингиз? – Шахсий иш билан! – деди Гриша ижирғаниб. – Қаерга келганингизни биласизми? – Қиз ипдек қошини зардали чимирди. – Бу ер горком комсомол бўлади, ўртоқ! Бу ерда шахсий ишлар кўрилмайди.

– Мен Диманинг укасиман! – Гриша қўлини пахса қилди. – Акам билан гаплашишга ҳаққим борми?

Қиз тағин унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди.

– Дмитрий Степанович секретариатдалар, – деди юз ифодаси ўзгармай. – Укаси бўлсангиз, уйига боринг!

– Буниси – менинг ишим!

Қиз бирпас ўйланиб турди-да, раҳми келди шекилли, йул кўрсатди.

– Йўлак бошида холл бор. Ўша ерда ўтириб туринг. Гриша қиз имо қилган томон йўл олди.

Холлда журнал столи, стол енида иккита курси бор экан. Ўтирди… Минг лаънат! Папироси ҳам қолмабди. Гарангсиб, атрофни томоша қила бошлади. Деворда авлодлар босиб ўтган шонли йўлни ифодаловчи плакатлар. Ундан пастда ҳар хил эълонлар… Йирик-йирик босма ҳарфлар билан езилган эълон алоҳида ажралиб турарди. Гриша беихтиёр ўрнидан турди. Яқин бориб ўқиди: «Ўзбекистон ССРда вужудга келган танг аҳволни тузатиш учун раҳбар лавозимларга ишга бориш ниятида бўлганлар 98-хонага мурожаат қилиши мумкин. Қалб даъвати билан борганларга барча шароит яратиб берилади».

Ҳеч балога тушунмади. Қайтиб келиб жойига ўтирди. Ҳар эснаганда кўзидан мўлдирмўлдир ёш оқиб, пинакка кетди.

Бир маҳал гангур-гунгур овозлар, қадам товушларидан уйғонди. Йўлакка одам тўлиб кетган, ҳаммаси зина томон сурилар эди. Зипиллаб борса, тўқсон биринчи хона эшиги ғира очиқ турибди.

– Мумкинми? – деди мўралаб.

Дима сигарет тутатиб, аллақандай қоғозларни титкилаб ўтирган экан.

– Нима гап? – деди зарда билан.

Укасини кўриб дафъатан танимадими ё танимаганга оддими, қайта сўради:

– Нима гап?

– Ҳеч гап йўқ, – деди Гриша сунъий илжайиб. – Мен уйдан кетдим…

Дима сигаретини чуқур-чуқур сўриб, кулдонга улоқтирди.

– Табриклайман!

– Яшолмайман! – деди Гриша йиғламсираб. – Туролмайман ўша уйда! Жонимга тегди хотиним ҳам, қайнонам ҳам. Мана бундай жонимга тегди.

– Хўш? – Дима унга ўқрайиб қаради. – Мендан нима хоҳлайсан?

– Кетаман! Туролмайман бу шаҳарда!

– Қаёққа?

– Билмайман! – Гриша ростини айтди. – Билмайман! Аммо яшолмайман бу ерда! Ўзимни ўлдираман! Машина тагига ташлайман. Осаман. Заҳар ичаман!

– Истерика қилма хотинга ўхшаб! – Дима қайтадан сигарет олди. – Гапимни диққат билан эшит. Сен ёш бола эмассан. Бундан бу ёғи елкамда ортмокдаб юролмайман…

– Бир зум ўйланиб турди-да, қўшиб қўйди: – Эртадан бу ерда йўқман. Оилам билан кўчиб кетяпман.

Гриша қулоқларига ишонмади. «Алдаяпти. Баҳона қиляпти!»

– Қаёққа? – деди талмовсираб.

– Ўзбекистонга! – Дима гугурт чақди. – Нима фарқи бор сенга!

– Олиб кет! – Гриша астойдил ялиниб илтижо қилди. – Олиб кет мениям! Ваъда бераман! Бошқа қилмайман. Одам бўламан!

Дима шошилмай ўрнидан турди, секин-секин юриб тепасига келди.

– Аҳмоқ! – деди нафрат билан. – Мен ўйнагани кетаётганим йўқ! Биласанми, Ўзбекистон – ҳозир иккинчи Афгонистонга айланган! Кураш кетяпти! Ҳақиқий жанг! Ҳаммаёқ порахўрлар. Ҳаммаёқ қўшиб ёзувчилар! Босмачилар! Тушундингми?

– Майли! – Гриша ростмана йиғлаб юборди. – Бу ерда тургандан кўра босмачилар қўлида ўлганим яхши!

– Қўлингдан нима келади, аблаҳ! – Дима қичқириб юбор-ди. – Ўзбекистонни сақлаб қолиш учун раҳбар кадрлар керак, тушундингми! Принципиал одамлар. Сен кимсан ўзи?

– Дима! – деди Гриша бурнини тортиб. – Вокзалда юк ортсам ҳам майли. Обкет, Дима, обкет! Бўлмаса, ўзимни ўлдираман! Барибир ўлдираман!

…Поездда икки суткадан ортиқ юришган бўлса, илондек заҳар янгаси Гриша билан бир оғиз гаплашмади. Акаси ҳам хомуш эди. Гриша бегона юртда ўзларини нималар кутаётганини тасаввур қиларди. Ака-укани ёввойи тоғлар орасига юборишади. Ҳар бир қоя орқасида биттадан босмачи милтиқ ўқталиб туради… Гриша ўзи ўлса ўладики, акасини ҳимоя қилади. Сўнгги томчи қони қолгунча. Заҳар-заққум янгаси билиб қўйсин: Гриша акаси қилган яхшиликларни унутадиганлар-дан эмас!

Тошкент вокзалига келиб тушишса, ҳаммаёқ осойишта. Одамларнинг чеҳраси очиқ… Биронта «босмачи» рўпарасидан чиқиб, «Сен кимсан, нега келдинг?» – демади…

Диманинг бахти бор экан. Олис қишлоққа юборишмади. Қоқ марказда – Тошкентнинг ўзида қолди. Тағин горисполкомга зампред қилиб «сайлашди». Қаранг, Гришани ҳам «камёбмутахассис» сифатида дарров ишга олишди. Уй бериш-ди…

Гриша аввалига эҳтиёт бўлиб юрди. Кейин ўзини тамом эркин ҳис этди. Кўча кезадиган, бозор айланадиган бўлди. Смоленск билан солиштирганда бу ер ҳақиқий жаннат эканини тушунди: «Тошкент – нон шаҳри», деганлари рост экан! Ҳар қадамда нон! Ҳар қадамда мевачева! Магазинларда узун «дум»ли навбат йўқ…

Бора-бора ўзини хўжайиндек ҳис эта бошлади. Смоленскда бир кило узум – йигирма беш сўм. Бу ерда икки сўм! У ёқда қовуннинг килоси – ўн сўм. Бу ерда – эллик тийин. Нега шунақа? Ўйлай-ўйлай бир ҳақиқатга тушуниб етди: бу юртнинг одамлари қаллоб. Чайқовчилар мевасини Смоленскка обориб ўн бараварига пуллайди! Ана сизга текин даромад!

…Бугун ўғлини уйлантирган анави чол ўқитувчиман, деди-ми? Ўқитувчи эмиш! Оддий педагог бунақа тўй қилолмайди. Демак, бу ҳам қаллоб! Қаранг, пора бермоқчи бўлди-я!

…У стол устидаги соатга қараб қўйди. Иккидан ошибди.

Эриниб ўрнидан турди. «Ухлаш керак». Чироқни ўчираётганида хаёлига ғалати фикр келди: «Нимайкин, анави қопчиқдаги? Нима қипти очиб кўрса, биров бир нима дермиди? Яхшиси, милицияга олиб боради. Ашёвий далил сифатида».

Иккиланиб бориб, эшикни очди. Йўлак нимқоронғи, ҳеч зот кўринмас, қопчиқ остонада қийшайиб ётарди. Гриша ўғирлик қилаётган одамдек олазарак бўлиб, қопчиқни юлқиб олди-да, шоша-пиша эшикни ёпди. Қопчиқни очса, ичида бир шиша «Столичний» арақ, пишган гўшт бўлаклари, тўртта нон, беш-олтита олма-анор чиқди.

– Яхши! – деди у ўзига-ўзи пичирлаб. – Арағингни ичаман. Анорингни ейман… Кейин милицияга шикоят ёзаман. Менга пора таклиф қилди, дейман!

…Гриша шикоят аризасини ёзиб бўлганида тонг отиб қолган, мияси ғум эди. Аризани ич чўнтагига солиб, зинадан тушаётганда чайқалиб кетди.

«Минг лаънат! – деб ўйлади ўзини сўкиб. – Арақни охиригача ичиш шартмиди?»

Пастга тушса, аксига олиб йўлак рўпарасидаги харракда Клава хола ўтирган экан. Гриша уни ёқтирмас эди. Ўлгудек эзма кампир!

– Салом, Клавдия Сергеевна! – деди қаддини ғоз тутишга уриниб.

Клава хола энсаси қотиб, юзини ўгирди.

– Кеча қанақа «қаҳрамонлик» кўрсатганингни биласанми? – деди қаҳр билан.

– Нима қипман?!

– Аҳмоқ! – Клава хола олмадек мушти билан харракни урди. – Нима ҳаққинг бор бировнинг тўйини бузишга!

– Мен? Мен бузибманми! – Гриша астсйдил ҳайратланди. – Анавининг ўзи урди-ку мени! Милицияга шикоят қиламан! – Бурилиб кетаётган эди, лаънати оёғи панд берди. Мункиб тушди.

– Борақол, – деди Клава хола ачитиб. – Кўрамиз, қўлингдан нима келаркин? Одамларга ўхшаб тўйда меҳмон бўлиб ўгирсанг, ўлармидинг? Қирқ беш йилдан бери шулар орасида яшайман, аҳмоқ! Бунақа бағри кенг халқ йўқ дунёда. Мен биламан-ку!

– Э-э! – Гриша асабий қўл силтади. – Насиҳатингизни неварангизга қилинг!

…Милицияда хайрихоҳлик билан қарши олишди. Протокол тўлдира туриб мулойимлик билан таклиф этишди:

– Экспертизага боришга тўғри келади, гражданин Васильев! Оёғингизни, бўйнингизни текшириб кўриш керак.

Гриша ўрнидан туриб кетди.

– Кечирасиз! – деди саросимага тушиб. – Мен ишга боришим керак…

«ҚУЛОҒИНГНИ ДИНГ ҚИЛГИН-У, ТИЛИНГНИ ТИЙ!»

Комиссар сут бидонни кўтариб пастга тушганда тонг отмаган, ҳаво совуқ эди. Бақатераклар шохи қорнинг оғир юки остида эгилиб, шу туришда музлаб қолгандек. Бир-икки кун эрувгарчилик бўлиб, тўсатдан яна совуқ тушди. Шунинг учун шекилли, том чеккасида узунузун сумалаклар таҳлидли осилиб етибди. Комиссар икки букланганча йўлканинг қорини кураётган Қурбонойни узоқдан кўрди. Қор қотиб қолгани учун курак ҳар текканида ғашни келтириб қартиллайди. Эгнига қалин пахталик чопон кийган, бошига жун рўмол ўраган Қурбоной кучана-кучана қорни йўлка четидаги ариққа суриб туширишга уринади.

Шу ҳам одамман, деб яшаб юрибди-да! Саҳармардонлаб кўча супуради. Қишда қор курайди. Беш вакт энкайиб намоз ўқийди. Бошига кулфат тушса, курашиш, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ўрнига Худога солдим, дейди-да, бўзрайиб тураверади. Начора, ота-бобосидан қолган мерос… Эшонлар эшак бўлади, дегани шу бўлса керак-да!

Яна қор бошлади шекилли! Тошкентта Россия қиши кўчиб келдими, нима бало… Москва атрофларида ҳам қор кўп бўлади. Бир ҳафсала қилса, ҳафталаб ёғади. Қирқ биринчи йил декабрида шундай бўлганди. Совуқ! Гапирган гапинг оғзингдан муз бўлиб тушаётгандек… Фашист Москва остонасига келиб қолган, қочоқлар, ваҳимачилар кўпайган… СМЕРШ-чилар жасорат кўрсатмаса, ким билсин, нима бўларди бу еғи! СМЕРШнинг оддий лейтенантини кўрса, унча-мунча полковникнинг қути ўчиб кетарди… Ҳеч эсидан чиқмайди. Қор уриб турибди. Бутун полкни сафга тизишди. Окопни ташлаб қочган иккитасини тутиб келишган экан. Ўша ернинг ўзида дала трибунали бўлди.

Бир маҳал капитан Захаров чақириб қолди:

– Лейтенант Ғаниев. Анави биттаси осиёликларданга ўхшайди. Билмайман, ўзбекми, тожикми… Биттаям гапига тушуниб бўлмаяпти. Ўзинг тиллаш.

Ўрмон четидаги яйдоқ майдонда саф тортган аскарлар рўпарасида иккитаси безрайиб турар эди. Иккаласи ҳам бошяланг, шинели ечиб олинган, яланг оёқлари қорда гўштдек қизариб кетган… Соат шаҳдам қадам ташлаб бориб берироқда тўхтади.

– Кимсан? – деб сўради қора сочлигидан. – Қаердан келгансан?

Қочоқ ўзбекча сўз эшитиб, жонланди.

– Ўзбекман, ака! – деди йиғламсираб. – Менда гуноҳ йўқ. Тепамда Худо турибди.

Гуноҳим йўқ, жон ака!

– Саволга жавоб бер. Нега жанговар постингни ташлаб қочдинг, хоин?!

– Мен хоин эмасман… – Қочоқ шундай деди-ю, бир зум Соатнинг юзига тикилиб туриб, шодон хитоб қидди: – Соат ака! Мени танимадингизми, Соат ака? Мен-ку, бу мен! Ҳусанман, Ҳусан! Тепақўрғондан… Яратганга минг қатла шукр! Худо етказди сизни, Соат ака! – У ҳўнграб йиғлаб юборди…– Тушунтиринг буларга, менда гуноҳ йўқ! – Илтижо билан икки қўлини осмонга чўзди. – Илое дуне тургунча туринг, жон ака! Ота-буваларимнинг арвоҳи қўлласин! – Ялангоеқ қор кечиб яқин кела бошлади.

– Нари тур, эшонвачча! – деди Соат нафрат билан. – Нега қочдинг? Нега қуролингни ташладинг?

– Қурол? Қанақа қурол? – Ҳусан иркит қўли билан кўз ёшларини артди. – Ёғоч милтиқ берганди. Устимга танк бостириб келди. Қўрқиб кетдим.

– Нима деб алжираяпти, Ғаниев?

Соат ярқ этиб қаради-ю, капитаннинг шубҳа билан чақчайиб турган кўзига кўзи тушди.

Юраги музлаб кетгандек бўлди. Особист учун Ватан хоинини ҳимоя қилишга уринди, деган битта тамғанинг ўзи кифоя!

– Орқамизда Москва турганини унутдингми, илонвачча!– деди Соат ғазаб билан. – Шахсан ўртоқ Сталиннинг ўзи Кремлдан жилмай ўтирибди-ю, сенинг жонинг ширинлик қилиб қолдими! – Шундай деб пистолетини чиқарди.

– Отманг, жон ака! – Ҳусан тиз чўкди. Қорда тошбақадек судралиб кедди-да, оёғини қучоқлади. – Тавба қилдим. Жон ака, тавба қилдим! Ака-а-а!

Соат унинг бошини мўлжаллаб ўқ узди. Ҳусан чаккасидан тепки егандек ёнбоши билан қорга ағанади. Оғзи ланг очиқ қолган, ҳамон «ака-а-а!» деб чинқираётганга ўхшарди.

– Ўртоқ капитан! – деди Соат қаддини ростлаб. – Халқ душманининг ўғли экан. Отаси эшон экан. Сибирга сургун қилинган. Жанг қилишни хоҳламай, атайлаб қочибди. Ўзи тан олди.

…Ўз қўли билан биринчи марта одам ўлдиргани учунми, Ҳусан анчагача Соатнинг кўз ўнгидан кетмай қодди. Нуқул «ака-а-а» деб дод солаётганга ўхшайди. Баъзан кечалари «акаа-а» деган чинқироқ овоздан уйғониб кетади…

Ҳар нарсанинг бошланиши қийин бўларкан. Кейин-кейин Ўрганиб кетди.

…Иши оғир эди. Урушда жасорат билан қўрқоқлик, фидойилик билан хоинлик кўпинча ёнма-ён юради. Фронтни бунақа маразлардан тозаламасанг, ёмон ярага ўхшаб, маддалаб кетади…

Ўзбекча хат ўқийдиганлар йўқ ҳисоб эди. Соат кечалари Ухламай хат титкилаб чиқар, ўзбек аскарларининг гапига зимдан қулоқ солиб юрарди. Ўзбеклар уни кўрса, ўз жигаргўшасини топиб олгандек, яйраб кетади. Оғзига келганини қайтармай вайсайди. Соатнинг вазифаси хоин ва қўрқоқларни фош этиш… Факт эса етарли…

– Хэх! Жанг қилиш ёқмай қолдими? Хотинингни соғиндингми!.. Ҳа-а, гап бу ёқда дегин!

Немиснинг кучи кўп эканми? Яхши-и-и! Қани, марш «штрафной»га! Немиснинг кучини яқиндан кўрасан. Олдинга юрсанг, фашист отади, орқага чекинсанг, ўзимизникилар. Керак бўлса, ижтимоий келиб чиқишингни ҳам текшириб кўрамиз. Битта сен ўлганинг билан аскар камайиб қолармиди! Хотининг бир кун йиғлайди. Икки кун йиғлайди. Чўлоқми, маймоқми, топиб олади ўзига муносибини!

Эҳ-ҳе! Беш йил урушда юриб нималарни кўрмади бу бош!

…Яна бир воқеа ҳеч эсидан чиқмайди. Айтсанг биров ишонмайди. Битгаси немис билан картошка кавлаганини вайсаб юрганмиш, деган сигнал кедци. Борса, сийрак мўйловли қозоқ.

Элликлардан ошган. Соат секин гапга содди:

– Немис билан картошка қазидингми?

Соддагина солдат экан. Устига-устак атрофида кўпдан бери на қозоқча, на ўзбекча гаплашадиган одам бўлмагани учунми, севиниб кетди.

– Ўй-бай! —деди офицер билан гаплашаётгани ҳам эсидан чиқиб. – Немис-де, одам эканғўй!

– Қара-я! Немис одам эканми, қани бир бошдан айтиб бер-чи!

…Солдат ҳаммасини гапириб берди. Олдинги линияга бир ҳафтача кухня келмабди. Нейтрал зонада картошка полизи бор экан. Кечаси Бондаренко иккаласини картошка кавлаб келишга юборишибди. Қуюқ туман экан. Картошка қазишаётганда ўн қадамча нарида немисча шивиршивирни эшитиб қолишибди. Немислар ҳам оч қолиб, иккитасини картошка кавлашга юборган экан. Бондаренко энди отмоқчи бўлганида немислардан биттаси «не штрлай, не штрлай», дебди.

Русчани унча-мунча биларкан. Буни қарангки, гапдан-гап чиқиб, гурунглашиб қолишибди.

Русчани биладиган бояги немис уруш жонига текканини, уйини, учта боласини соғинганини айтибди. Қозоқ ҳам саккизта боласи борлигини, колхозда «молши» бўлиб ишлашини айтибди.

Бондаренко онасини соғиниб кетганини гапирибди. Кейин улар у ёққа – булар бу ёққа кетаверишибди.

– Улар-де кетди. Биз-де кетдиқ! Жахси немис экан, шорт возми! – деди қозоқ илжайиб.

– Қачон қочиб ўтадиган бўлдинг немис томонга? Солдат сийрак киприкларини пирпиратди.

– Не дейсин?

– Қачон қочмоқчисан, аблаҳ?

– Мен қошмаймин, жўлдас нашайник! Соат сапчиб ўрнидан турди.

– Бондаренкони ҳибсга олинглар. Тез! Буниси ёш бўлса ҳам қув экан. Командирнинг буйруғини бажариб, икки пақир музлаган картошка кавлаб келдик, ҳеч қанақа немисни кўрганимиз йўқ, бу бобой туш кўряпти, деб туриб олди.

– Ротадан яна неча кишини қочишга кўндирдиларинг? Қачон асирга тушмоқчисанлар? – деди Соат қистовга олиб.

Бондаренко «Ўламан саттор немисни кўрганимиз йўқ», дейди. Содда қозоқ бўлса нуқул бир гапни такрорлайди:

– Биз-де атпадиқ, немис-де атпади. Атпаса жағсиғўй!.. Соат батальонни сафга тиздирди.

Трибунал ҳукмини ўқиб эшиттирди: «Аскарларни фашист томонга қочиб ўтишга даъват қилгани учун…»

…Урушда орттирган тажрибаси кейин ҳам қўл келди. Кўп марта қўл келди… Баъзилар орган деганда нуқул жазо берувчи ташкилотни тушунади. Унақа эмас! Орган жамиятни ётунсурлардан ҳимоя қилади. Шундай экан, унинг қўлигина эмас, «қулоғи» ҳам яхши ишлаши шарт. Ҳар қандай ташкилотда, ҳатто ямоқчининг дўконида ҳам «қулоқ» бўлса зиён қилмайди.

Тўғри-да! Вақти-вақти билан «тозалаш» ўтказиб турмаса эплаб бўладими бу турфа жамиятни!

Урушдан кейинги «тозалаш» ҳам бежиз қилингани йўқ. Айниқса, олифта интеллигентлар ҳаддидан ошиб кетди. Газета-журналларда совет жамиятини масхара қиладиган нарсалар пайдо бўла бошлади. Мактаб ўқитувчисидан тортиб олимгача – ҳаммаси «доно!» Ҳаммаси – «даҳо!» Хэх!

* * *

Аниқ эсида бор. Қирқ олтинчи йил эди. Тошкентда Навоий театри қурилаётган кезлар… Тепақўрғондаги етти йиллик мактабдан сигнал тушди. Математика ўқитувчиси Ҳакимов катта танаффусда оғзидан бол томиб японларни мақтабди. Эмишки, Ҳакимов Пиёнбозорга олма сотгани борган. Қараса, қурилиш кетаётган жойда, симтўсиқ ортида оёғига ёғоч кавуш кийган япон асири мўлтираб турганмиш. Ҳакимов гўё асирга раҳми келган. Тўрт-бешта олмани симтўсиқдан узатган. Гўё асир рус тилини билармиш. «Мен сизнинг молингизни текинга ололмайман, сиз уни етиштириш учун меҳнат қилгансиз», деган. Қоровулхонада турган соқчи кўриб қолиб, японни ҳайдаб юборган. Ҳакимовнинг айтишича, гўё япон жилмайиб таъзим қилган. «Раҳмат сизга, яхши одам экансиз», деган. Ҳакимов оғиз кўпиртириб, японни улуғлаган. «Бунақанги маданиятли одамни биринчи кўришим, ҳамма халқ орасида ҳам яхшилар бўларкан-да!» деган.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации