Текст книги "Тушда кечган умрлар"
Автор книги: Уткир Хошимов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
ҲАМКАСБЛАР СУҲБАТИДАН
– Хў-ўш, коллега, ишлар қалай?
– Саломатмисиз, ўртоқ Комиссар? Марҳамат!
– Васильевнинг сўроғидан бирон наф чиқдими?
– Васильевнинг юз фоиз алибиси бор, ўртоқ Комиссар. Жиноят содир бўлган куни у ҳушёрхонада ётган.
– Ҳм… Хўш? Хотини-чи? Шоматовнинг хотини нима дейди?
– Нима дерди? Ўша гап. Эрталаб сутга чиққан. Қайтиб келиб, рўй берган ҳодисани кўрган.
Чиндан ҳам ўша куни оператив группа етиб борганида Шоматова уйида эди.
– Уйида дегин? Хэх! Кечаси қаерда тунаган экан ойимча?
– Гувохлик беришича, туни билан уйида бўлган.
– Хотин кишининг макри қирқ эшакка юк бўлади! Эрталаб сутга чиққан эмиш! Ўша куни сутга чиқмаган! Чиқса, мен кўрардим, мен!
– Аниқми шу гап?
– Мен ноаниқ гапирмайман, коллега! Бундан ташқари… Суриштириб кўрдингми? Шоматов уйни қандай қилиб олди экан?
– Ўртоқ Комиссар… Ўлган одамни маломат қилиш…
– Мен учун ўлик-тирикнинг аҳамияти йўқ. Сенга ҳам шуни маслаҳат бераман.
– Шоматов Афғонистонда жанг қилган. Навбатсиз уй олитттга. ҳаққи бор!
– Жанг қилганмиш! Эътиборингиз учун, ўртоқ терговчи, горисполкомнинг уй тақсимоти комиссиясида камина ҳам борлар! Бир мажлисда бу боланинг ўзини тутишини кўриб, аниқ хулосага келганман. Уй нари турсин, молхонани ҳам раво кўриб бўлмасди унга…
– Ўртоқ Комиссар, Шоматов ҳалол жанг қилган. Контузия бўлган, жароҳатланган.
«Жасорати учун» медали бор…
– Жасорат эмиш! Кўрганмиз бунақаларни! Ҳозирги особистларга ҳайрон қоласан киши!
Бир-биридан ландовур! Бўпти… Муваффақият тилайман! Маслаҳатим шуки, Шоматовани қаттиқроқ сиқувга ол. Ҳа, айтганча, Қурбоной деган хотин бор. Тўлаганова Қурбоной.
Фаррош… Кирмаган эшиги йўқ. Ҳақиқий наводчица! Ўшаниям… бир обработка қилиш керак.
РУСТАМНИНГ БИРИНЧИ КУНДАЛИГИДАН
…Кундалик езиш – қизларнинг иши. Қизларда бунақа «касал», шоирлар айтмоқчи, «шудринг томчисидек мусаффо қалбига илк муҳаббат чўғи тушгач» пайдо бўлади. Ўз хаелида муҳаббат деб аталмиш қасрни бунед этади. Хаёлий Малика хаёлий Шаҳзодасига айтолмаган гапларини қоғозга туширади… Ёзаверади… Ёзаверади… Бир куни кўз ешларидан суйкалиб кетган дафтарни сирдош дугонасига ўқиб беради. Икковлари бир хонага кириб олиб, тонготар пичир-пичир қилишади…
Шуям машғулот бўлди-ю! Тажаннинг қум барханларида Устингдан қора комбинезон, ичингдан ўн саккиз килоли ўқ ўтмас нимча кийиб югуришнинг ўзи бўладими? Фақат бир нарсани орзу қиласан: тўйиб сув ичсанг-да, етиб ухласанг… Қоғоз қоралашни ким қўйибди сенга, солдат!
Шунақа-ку, барибир езишим керак. Эрта-индин Афғонистонга «ташлашлари» аниқ. Худо насиб этиб, уйга омон эсон қайтсам, эсдалик бўлиб қолади. Бир нарсани аниқ биламан.
Дафтарни ҳеч ким кўрмайди. Ҳеч ким! Ойим ҳам, дадамнинг вақти йўқ, акам ҳам… Шаҳноза ҳам. Умуман, ҳеч ким! Мен уни ҳеч кимга кўрсатмайман! Нима кераги бор?!
Май ойининг йигирма учинчи куни
Военкомат дегани қассобхонадек гап. Қайси молни қачон сўяди, қандоқ сўяди – қассобнинг иши. Дўхтирлари ҳам баайни мол дўхтири!
Болаларни трусичан қилиб қўяди-да, худди молнинг қанча тош босишини чамалагандек, тортиб кўради. Кейин бўйингни ўлчайди. Бошингни, белингни, оёғингни… Турнақатор турасан.
Бир томонда дўхтирлар. Бир томонда ярим яланғоч «призивник»лар. Энди сенлар одам эмас, ҳамманг бир хилда «призивник»сан. Қулоқсолиб турсанг, антиқа саволжавобларни эшитасан…
– Шикоятинг борми?
– Бор. Бошим оғрийди. Кечалари ухламай чиқаман, дўхтир!
– Менинг бошим ерилиб кетай деяпти! Ўт! Яроқли!
– Сен нима дейсан?
– Жигарим касал. Сариқ бўлганман…
– Қачон?
– Уч йил аввал.
– Мен яқинда гепатит бўлиб, госпиталдан чиқдим. Яроқли!
Следуюший!
– Бир касалим бору… айтишга уялиб турибман, дўхтир…
– Гапиравер! Бу ер сенга хотинлар монастири эмас.
– Шу… кечаси… тагимни ҳўллаб чиқадиган одатим бор. Болалигимдан бери шу… Ҳеч тузалмаяпти.
– Зарари йўқ! Мен кун ора «каттасини» қилиб чиқаман. Ўт! Яроқли! Сен-чи! Сен нима дейсан?
– Тутқаноғим бор, дўхтир. Рост айтяпман. Ишонмасангиз, госпиталга ётқизиб текшириб кўринг.
– Шуям касал бўпти-ю! Мен кеча жиннихонадан қочиб чиқдим. Следуюший!
…Қараб туриб ҳам кулгинг келади, ҳам йиғлагинг. Буларгаям осонмас. Ҳамма жойда план бор. Пахта плани, пилла плани, газлама плани… Военкоматники—одам плани! Бажариш керакми ахир? Европа томонларда хотинлар кам туғадиган бўлиб қолган. Бундан чиқди, Ватан ҳимоячиларининг ўрнини ўрта Осиёлик болалар билан тўлдириш керак! План – қонун дегани!
Бажармай кўрсин-чи?
– Шикоятинг борми?
– Йўқ!
Дўхтир қалин гардишли кўзойнаги устидан менга олайиб қаради.
– Ҳеч касал бўлмаганмисан?
– Йўқ!
– Маладес! Спорт билан шуғулланасанми?
– Ҳа!
– Қайси тури билан?
– Каратэ. Сариқ белбоғим бор.
– Маладес. Ўт!
Каталақдек хонага кирдим. Бояги «беморлар» тағин сўроққа тутилди.
– Ҳунаринг борми?
– Йўқ.
– Ўқийсанми?
– Ҳа!
– Нечанчи курсдасан?
– Биринчи.
– Сен-чи?
– Иккинчи.
– Имтиҳонларингни топширганмисан?
– Йўқ, ўртоқ капитан. Битта қарзим бор.
– Меники иккита. Навбат менга келди.
– Ҳунаринг борми?
– Шўпирман. Курсни битирганман.
– Ўқийсанми?
– Ўқийман.
– Нечанчи курс?
– Биринчи.
– Имтиҳонларни топширганмисан?
– Топширганман.
Ранги заҳил капитан ҳужжатларим солинган папканинг тепасига қизил қалам билан йўғон қилиб «А – 20» деб ёзди.
Индамай турган эдим, тушунтирди:
– Боравер, бир ҳафтада повуска оласан.
– Айтинг-чи, – дедим кўнглим ғаш тортиб. – Мен қаерга боришим мумкин?
– ТуркВО ихтиёрига.
– Қанақа қисмга? Тахминан қаерга?
– Билмайман! – Капитан пашша қўригандек қўлини силкитди. – Следуюший!
Юрагим шиғ этди. Демак – Афғонистонга жўнатади. Ташқарига чиқсам, бояги – мендан олдин навбатга турган талабалар гурунглашиб, сигарет тутатяпти.
– Бир эмас, учта имтиҳондан қарзим бор, деб қўя қолмадинг-да, Роберт! Бу – салдофонлар билиб ўтирибдими!
Индамай нари кетдим. Нуқул ўзимни сўкаман. «Аҳмоқ! Мақтанчоқ эшак! Каратэга бало бормиди! Ҳайдовчилик гувоҳноманг борлигини айтиб нима қиласан? Ақалли битта зачётдан қарзим бор, десанг-қу, кузги чақириққача тинч қўярди!»
Заҳил капитан «А – 20» деб ёздими? ТуркВО ихтиёрига ўтасан, дедими? Тамом!
Авваллари болаларни Ленинградга борасан, Литвага юборамиз, деб лақиллатган-да, шаппа босиб, Афғонга олиб кетган. Капитаннинг гапидан кўриниб турибдики, энди алдамай қўйишибди. «Афғонистон», демади-ку, ақлинг бўлса, тушуниб олавер, қабилида гапирди. «Бир ҳафтада повуска оласан», дедими? Бундан чиқди…
Соатга қарасам, тўртдан ошибди. Шаҳноза уйига келган бўлиши керак. Метродан қўнғироқ қилдим. Телефондан одатдагидек ингичка, эрка овоз эшитилди.
– Алё-ё-ё! Ким бу-у-у?
Овозидан танидим: Шаҳнозанинг синглиси. Опасини чақириб бергунча одамни қон қилиб юборади.
– Илтимос, Шаҳнозани чақиринг.
– Ким ўзи бу-у?
Авваллари қизалоқнинг эркалигига кулиб қўя қолардим. Бу гал ғашим келди. Ҳали Пскентга ҳам бориб келишим керак.
– Чақир Шаҳнозани! – дедим зарда билан.
Бахтимга Шаҳноза яқинроқ жойда экан шекилли, телефон қулоғидан «Бер бу ёққа, жинни!» деган товуш эшитилди.
– Шаҳноза, – дедим иложи борича вазминлик билан. – Бир соатдан кейин кўришсак…
«Ўзимиз-нинг» жойда.
– Тинчликми? – Шаҳнозанинг овозида хавотир бор эди.
– Тинчлик! – дедим кулиб. – Жудаям кўргим келяпти сизни. …Шаҳноза атлас кўйлак кийиб, сочини бежирим турмаклаб олибди. Анҳор бўйида, наъматак тагидаги харрақда ўтирибмиз. Нариги соҳилда калта иштони жиққа ҳўл қорақура болалар қий-чув солиб чўмиляпти. Бошимиз устида ярим-ёрти гулини тўккан наъматак шохлари эгилиб турибди…
Тиканлари хали қотмаган. Юзингга, бўйнингга урилса, оғритмайди… фақат қитиқлайди… Эртаиндин беозор бу тиканлар найзадек қайрилиб, ҳар биттаси ўққа айланиши мумкин… Қизиқ, ўқ тегса қандай аҳволга тушаркин одам?..
– Нима гап? – деди Шаҳноза кўзимга термулиб. Мунча чиройли бу кўзлар! Мунча ақлли!
Мунча жозибали бу қайрилма киприклар! Ҳозир… Капалак қанотидек бир-икки силкинади-ю… айнан юракнинг ўзини сўраб турган кўзлардан ёш оқади…
– Ҳеч гап йўқ… – дедим илжайиб. – Шунчаки, сизни соғиндим. Кўргим келди. Ёмонми шу?
Шаҳноза анойи экан-да! Кафтлари билан юзимдан беозор тутиб, ўзига қаратди.
– Ростини айтинг…
– Нимани?
– Рустам ака? – Шаҳноза кўзимга узоқ, синчков тикилди. – Ёлғон гапиришни эплолмайсиз. Айтинг, нима бўлди?
– Чақиришди… – дедим хушчақчақ гапиришга уриниб… – Бир ҳафтада кетсак керак.
Шаҳноза кафтини бўшатди.
– Қаёққа? – деди аламроқ ўйчанлик билан.
Ярқ этиб қарасам, елкасини харрак суянчиғига ташлаганча номаълум нуқгага, осмонга термилиб ўтирибди. Чеҳраси шу қадар хомуш, шу қадар аянчли эдики, қўрқиб кетдим.
– Билмайман, – дедим ростини айтиб. – Билмайман… Ҳар қалай, чет элга бўлса керак.
Германиями, Мўғулистонми…
Шаҳноза қилт этмай ўтирар, ўзи ёнимда-ку, хаёллари узоқ-узоқларда кезаётганини ҳис этиб турардим.
– Қўй энди, Шаҳноз… – дедим умримда биринчи бор сенсираб. – Кўрасан, ҳаммаси яхши бўлади.
Анчадан кейин осойишта бурилиб қаради.
– Алдаманг! – деди овози титраб. – Алдаманг, Рустам ака! Афғонистонга юборади. —Тўсатдан ўкраб йиғлаганча бўйнимдан қучоқлаб олди. – Ўзингиз хоҳлагансиз! Ўзингиз айтгансиз! – деди чинқириб. – Аҳмоқсиз! Аҳмоқ! Мени Ўйламадингизми?
– Жиннимисан? – дедим ҳансираб. – Рустам ака! Нега унақа қиласиз, Рустам ака!
Кўз еши оқиб турган юзларидан, еш таъми анқиетган лабларидан ўпарканман, титрар эдим.
Бирин-кетин епирилиб келган аламли, аевсиз саволлар юрагимни ғижимлар, дод деб юборгим келарди. «Сен аҳмоқ, сен галварс, нега қадрига етмадинг шундай қизни! Эслаб кўр!
Бирон марта, ақалли бирон марта айтдингми? «Сени яхши кўраман, сенсиз менга у дунёю бу дунё қоронғи,» дедингми? Сенинг нимангни севади бу қиз?»
– Шаҳноза… – дедим ялиниб. – Қўй энди, Шаҳноз! Худо урсин! Рост айтяпман. Ҳали қаёққа боришимиз маълум эмас.
У эса ҳамон йиғлар, бўйнимдан, юз-кўзимдан, лабимдан тўхтовсиз ўпар эди. Вужудим таранг тортилиб кетган. Худо ҳаққи, бунақа паллада шайтон эркак кишини ҳар кўйга солиши мумкинлигини ҳис этиб турардим.
– Шаҳноз, – дедим энтикиб, – Шаҳноз… Илтимос. Жон Шаҳноз…
– Мен сизни кутаман, Рустам ака! Кутаман… – У илкис қучоғимдан чиқиб ёш тўла кўзлари билан илтижо қилди:
– Э, Худо! Бизга раҳминг келсин. Караминг кенглиги рост бўлса, шафқат қил бизга!
Тўсатдан жимиб қолди-да, менга ўгирилди.
– Агар… – деди пичирлаб. – Агар… сизга бир нима бўлса… – Кўз ёши аралаш жилмайди.
Эркаланиб елкамга бошини ташлади. – Мен Худога ишонаман, – деди хўрсиниб. – Кўнглим сезиб турибди. Сиз соғ-саломат қайтиб келасиз. – Бирпас ўйлаб турди-да, қўшиб қўйди: – Рустам ака… Мен… кутаман. Келинг, бир нарсани келишиб оламиз. У ёқдан қайтган кунингиз мана шу ерда, худди шу ерда учрашамиз. Хўп?
Май ойининг охирлари
Энг совуқ жой – Оймакон, энг иссиқ нуқта – Кушка, дейишади. Билмадим! Менга қолса – энг иссиқ жой – Тажан! Ҳаммаёқ саҳро. Қумбарханлари… Кавушдек жағини осилтирган кўйи сўлак оқизиб юрган туяларни, рўпарангдан чиқиб қолса, икки лунжини шишириб одамни қўрқитиш учун вишиллаб қўядиган – «саҳро тимсоҳлари» – эчкиэмарларни ҳисобга қўшмасанг, тирик жонзод йўқ ҳисоби! Шунақаям Худо қарғаган жой бўладими? Хаёлингда яккаш бир ўй чарх уради: «Сув!» «Сув!» Қани энди, Тошкентда кўча четида шовиллаб оқиб турган жўмракка шундоқ лабингни боссангда, тўйгунча, ерилиб кетгунча ичсанг! Ёки Пскентдаги сойнинг ажриқлар қоплаб етган соҳилига етиб олсангу, юзкўзингни сувга ботириб, ичаверсанг… Ичаверсанг…
Эрталаб томоғинг қақраб, кўзларинг ачишиб уйғонасан. Сув эмас, аллақандай тахир сарғиш нарса ичасан. Темур ака тушунтирди: бу ернинг сувини ичиб бўлмас экан. Аскарлар орасида сариқ касали тарқалганмиш. Шунинг учун сувга янтоқ қўшиб қайнатиб бераркан. Флягангдаги сув кун чиқмасдан қизиб кетади. Бурама қопқоғига бир қултум қуйиб ичсанг-томоғингни ачиштириб, баттар чанқатади. Кечқурун ётаётиб, тағин хаёлингда ўша гап чарх уради: «Сув! Бир қултум, ақалли бир қултум муздеккина сув бўлса-чи!»
Июнь ойининг бошлари
Туш кўрдим. Олма тагидаги сўрида ўтирган эмишман. Сўри остидан шарқираб сув оқаётганмиш. Ҳовучлаб ичаверибман-ичаверибман. Чанқоғим ҳеч босилмасмиш. Бир маҳал ойим коса олиб чиқибди. «Вой болам-ей! Ҳалиям ёш болага ўхшайсан-а! Косада ича қолмайсанми», дебди. Косани ботирсам, сув қумга айланиб қолибди.
Июнь ойининг ўрталари
Қумлар орасида «Душман шаҳарчаси» бор. Бўлажак «душман объекти» тахминан шунақа. Пахса деворли пастак уйларга «ҳужум» қиламиз. «Душман» бизни «ўққа тутади». Биз бостириб борамиз. Ҳаммаси ҳарбий тактикага мувофиқ қилинади. Разведгруппа… Сапёрлар. Зирҳли қисмлар: Т-62 танклари, БТРлар, кейин пиёдалар…
Мактабда ўқиб юрганимда дадамнинг «Нива»сини ҳайдаб, права олганим яхши бўлган экан. Танкчиликка ўқитяпти. Темур аканинг айтишига қараганда, «у ёқда», айниқса, сапёрларга қийин бўлармиш. Темир қутида ўлиги келаётганларнинг кўпчилиги – сапёрлар эмиш.
Июнь ойининг охирлари
Замполит тағин мажлис қилди. Социализм душманлари Афғонистондаги Савр инқилобини бўғиб ташлашга жон-жаҳди билан уринаётганини, ўзининг интернационал бурчини адо этаётган совет жангчилари порлоқ ғалабаларга эришаётганини айтди. Афғонистон биз билан тарихда биринчи бўлиб дўстлик битимини тузган қардош мамлакат эканлигини, эрта-индин биз ҳам Афғон тупроғига кириб Ватан олдидаги йигитлик бурчимизни адо этажагимизни тушунтирди.
Июнь ойининг охирлари
Бир йўла иккита хат олдим. Биттаси – акамдан, биттаси – Шаҳноздан.
Акам дадамнинг, ойимнинг, келинойим, жиянларимнинг номидан қизғин дуойи саломлар йўллабди. «Мабодо у ёққа олиб кетишса Мўғулистонга тушдик, деб ёзавер, бўлмаса ойимлар Рустам борган шаҳарнинг адресини нега ёзмайди, деб шубҳаланадилар», дебди. Акамнинг гапи жўяли. Конвертга барибир «полевая почта» деб ёзилади-ку!
Шаҳнозанинг узундан-узоқ хатида қайта-қайта такрорланган бир илтижо бор эди:
«Ўзингизни асранг! Мен сизни кутаман.. Соғинибсоғиниб кутаман!»
Июль ойининг бошлари
Экипажимиз тўрт киши. Мен – командир. Темур ака механик ҳайдовчи. Саша – отувчи.
Хайриддин – ўқловчи.
Машқ пайти танкнинг ичи дўзахдек ёниб кетади. Люкни очсанг, қум тўзони ёпирилиб киради. Тўрт-бешта снаряд отмасингдан танк ичи порох исига, тутунга тўлиб бўғиб ташлаётгандек бўлади.
Биров йўталади, биров хириллайди… Фақат Темур ака бепарво.
– Қўявер, ука! – дейди нуқул қўл силтаб. – Ҳали «у ёқда» шунақанги тутунларни кўрасанки…
Темур аканинг ёши ҳаммамиздан катта – бақувват, чайир йигит. Бир гал ечинганида кўрсам, кўкрагига нина билан ўйиб бургутнинг расми солинган экан. Чап билагида «Темур» деган кўкимтир ёзув.
– Нима бало, гражданкада рассом бўлганмисиз? – десам кулди.
– Ҳар бало бўлганман, ука! Сўрама!
Хайриддин – Темур аканинг акси – гавдаси муштдеккина. Қизларникига ўхшаган чиройли кўзлари ўйчан боқади. Айтишига қараганда Форишда турадиган онасидан бўлак ҳеч кими йўқ экан. Педагогика билим юртини битирган заҳоти армияга олибдилар. Хайриддин – художўй бола. Пайқашимча, намоз ўқигиси келади-ю, атрофидагиларга кулги бўлишдан истиҳола қилади. «Бандасининг боши – оллонинг тоши, – дейди чоллардек салмоклаб.
– Худо хоҳласа юртимиз-га омон-эсон қайтамиз, жўра… Кўнглим сезиб турибди».
«Ёғочнинг бўшини қурт ейди», деганлари рост экан. Танк экипажида энг «қора касб» – ўқловчи ҳисобланади. Хайриддин ўрисчани яхши билмагани, ювошлиги учун ўқловчи бўлиб қолган. Бироқ ўз юмушини сидқидилдан бажаради. Баъзан муштдек жасади билан ҳар бири салкам қирқ килоли снарядларни кучаниб ташишини кўриб, раҳмим келади. Ёрдам берай, десам ийманиб рад этади… «Қўйинг, жўра, сиз – командирсиз…»
Июль ойининг ўрталари
Шаҳноза иккаламиз анҳор лабида, ўзимизнинг наъматак тагида ўтирган эмишмиз. Сув ичгим келармиш… «Шаҳноза, сув бергин, сув!» – десам, ҳовучида сув олиб узатармиш-у, оғзимга олиб келиши билан ҳовучи орасидан тўкилиб кетармиш… Чўчиб уйғондим. Томоғимда ўт ёнаётганга ўхшарди.
Август ойининг охирлари
Темур ака ғалати гап айтди:
– Ғирт аҳмоқ экансан, Рустам! Масалан, мен эртага ўлиб кетсам, ачинадиган одамим йўқ.
Етимхонада ўсганман. Мен-ку, майли! Афғонистонда пишириб қўйибдими сенга! Ана! Қанча соддатларнинг оталари ўртага тушиб, боласини бошқа қисмга ўтказяпти. Бири «касал» бўляпти, бири бошқа баҳона топяпти… Отанг раис бўлса, депутат бўлса, йўлини қилолмайдими?
Офицерда нафс йўқ деб ўйлайсанми?
Ўйлаб карасам, Темур ака рост айтяпти. Қанча болалар бошқа қисмга ўтиб кетди… Шунақаку, Афғонистонга боришимиз мумкинлигини фақат акамга айтганман. Башарти бу гапни акамдан эшитган тақдирда ҳам дадам бу ишга бош қўшмайди. Одатини биламан-ку!
Сентябрь ойининг ўрталари
Хайриддин қизиқ гап айтди:
– Эрта-индин «у ёққа» кетамиз.
– Қаёқдан биласиз? – десам, маъюс кулимсиради.
– Туш кўрдим, жўра… Кетяпган эмишман, йўлнинг охири кўринмасмиш.
29 сентябрь
«ИЛ-76» самолети бунчалик катта бўлишини билмаган эканман. Қанор қопга туршак босгандек тиқдилар. Биров тик турибди, биров тўрвасининг устида ўтирибди. Самолетнинг темир «қорнида» чўккалаб ўтирган Хайриддин бир нималарни пичирлаяпти. Овози эшитилмайди-ю, лаби қимирлаётганини кўриб турибман. Моторнинг гувиллаши қулоқни қоматга келтиради.
Негадир ҳаммаеқ совиб кетди. Юрагимнинг туб-тубида қўрқув пайдо бўлди. «Худо, ўзинг паноҳингда асра!» дедим унсиз илтижо қилиб. Бир маҳал аллаким елкамга туртгандек бўлди. Темур ака! Ёнимда турган экан. Эътибор бермабман. Кулиб нимадир деган эди, эшитмадим.
Қулоғимга эгилиб бақирди:
– Қўрқма! Бир бошга бир ўлим!
Анчадан кейин самолет пасая бошлади. Қулоқларим шанғиллаб кетди. Ўша заҳоти дум томонда ғалати шувиллаган овоз эшитилди. Самолет ортидан муттасил мушак отилиб чиқа бошлади. Қутимиз ўчиб, ҳаммамиз аланг-жаланг бўлиб қолдик. Хайрият, самолет ҳамон учиб борар эди. Кейин тушундик: қўниш олдидан учувчилар самолетдан ракета чиқарар экан. Мақсад – душман «Стингер»ини чалғитиш: «Стингер» учиб боратуриб «иссиқ объект» томонга буриларкан. Агар самолетдан ракета отилса «Стингер» моторга эмас, ўша ракеталарга бориб уриларкан. Худога шукр, омон-эсон қўндик.
Ерга қадам босишим билан Хайриддин огоҳлантирди:
– «Бисмилло» денг, жўра! Бу тупроқда аждодларимиз етибди. Айтганини ихлос билан адо этдим.
Бунақанги қаттиқ шамолни энди кўришим. Қўйиб берсанг, думалатиб кетади. Ҳаммаеқ чангтўзон. Аэродромда самолетлар, вертолетлар қаторлашиб кетган. Худди панапанада душманлар яшириниб олгандек, автоматини айнан менга ўқталиб тургандек, бошимни ичимга тортдим.
Қарасам, бошқа болалар ҳам билаги билан шамолдан кўзини тўсганча олазарак аланглаб боряпти.
«Урал» машиналарига ўтқазишди. Карвон тизилиб йўлга тушди. Ипдек чўзилиб кетган иланг-биланг йўл гоҳ юқорига ўрмалайди, гоҳ пастга шўнғийди. Ҳамон шамол гувиллайди. Бир томон яланғоч тоғлар, бир томон – чўл.
– Қаранг жўра, қаранг.
Ёнимда ўтирган Хайриддин елкамга туртди.
Урушнинг изи қанақа бўлишини биринчи бор кўрдим. Шундоқ йўл четида мажақланган «КамАЗ»лар, портлаб, ениб кетган бензавоз қолдиғи, танк занжири, дабдаласи чиққан, енбошлаб қолган БТРлар етибди. Ҳов пастда, жарлик орасида вертолет бўлаклари кўзга ташланади. Парраклари ғайритабиий қийшайиб кетган…
Қисмимиз Фарах шаҳрига яқин жойда экан. Манзара деярли ўша-ўша. Бир томон – қизғиш қояли тоғлар, бир томон қумли саҳро. Пастда лойқаланиб оқаетган илонизи сой кўринади… Кечаси ўқ товушидан уйғониб кетдим. Пастда, чамаси сой томонда вақти-вақти билан автомат тариллаб қўяр эди. Совуқ… Ухлашга қўрқдим.
Октябрь ойининг бошлари
Казармаларимиз ғалати: девори фанердан ясалган. Икки қават фанер орасига қумми, нима бало солинган. Эллик қадамча нарида офицерлар учун қурилган модул. Бу бино ҳам казармадан фарқ қилмайди… Аскар болаларга разм солиб, бир нарсани англадим. Ҳаммасининг ранги заъфарон. Ҳаммаси бадқовоқ… Қисмда бемалол, ясан-тусан қилиб юрган аелларни кўриб, кўнглимда таскин уйғонгандек бўлди. Бундан чикди, душманнинг ҳужум қилиш хатари йўқ.
Октябрь ойининг ўнинчи куни
Темур ака «Охотничий» сигарет чекиб ўтирибди. Бир ўзи эмас. Уч киши. Булар биз билан келган «чижик»ларми, аввалдан хизмат қилаётган «қария»ларми, ажратолмадим: ҳаммамиз аралаш-қуралаш бўлиб кетганмиз. Учов бир сигаретни галма-гал чекяпти.
– Тортасанми? – деди Темур ака негадир илжайиб.
– Мен сигарет чеккан эмасман, – деган эдим, яна кулди.
– Сигарет эмас бу, чарс!
Эртаси куни
Дунёда энг қудратли, энг енгилмас, энг иноқ… шонли Армия ҳақида телевизорда ҳафтада бир кўрсатув бўлишини биласиз. Менга қолса ўша томошада «дедовшина» қанақа бўлишини кўрсатган бўлардим. Янги келган «чурик»ларни хўрлашни, миллатчилик қилиб дўппослашларни… Мен-ку, ўзимни ҳимоя Қилиш қўлимдан келади. «Қариялар» Хайриддинни хўрлай бошлашди. Гоҳхалажой тозалатади. Гоҳ«бичок» теришга мажбур қилади. Темур ака биринчи кунларданоқ «қариялар» билан тил топишиб олгани яхши бўлган экан. Кечқурун
Хайриддинга зуғум қилаётганлардан иккитасини чақириб олди-да, «тушунтирди»:
– Эшитиб қўй, земляк! Мен «блатной»ларданман. Биринчи жангдаёқ отиб ташлайман!
Иккалангниям!
Октябрь ойининг йигирманчи куни
Олисда юрган одамга юртидан келган ҳар бир хат – битта байрам! Шаҳнозадан хат олдим.
Суратингизни юборинг, соғиндим, дебди.
Эртаси куни
– Ҳалиям бўлса, чарс тортишни ўрган! – деди Темур ака. – Ажойиб нарса-да, лаънати!
– Қўйинг, ака, – деди Хайриддин ялиниб. – Ўргатманг шунга.
Чарс дегани – наша экан. Қисм атрофида ўралашган жулдурвоқи афғон болалар чарс олиб
келиб, алюмин қошиққами, керосин ёки дудама мушакками алишиб кетаркан.
Экипажимиз деярли ўзгармади. Хайриддин – ўқловчи, Саша – отувчи… фақат Темур ака
резведкачилар батальонига тушиб қолди.
Комбатга илтимос қилдим.
– Ўртоқ капитан, экипажимизда механик ҳайдовчи Жўраев Темур бор эди, – деб гап бошлаган эдим, офицер жеркиб берди:
– Бас қилинсин!
– Парво қилма! – деди Темур ака юпатиб. – Менга барибир. Кейин ўйласам, капитан тўғри қилган экан. Экипажимизда жанг кўрган бирон киши бўлиши керак-ку, ахир!
Октябрь ойининг охири
Бугун илк бор ўлим шарпасини сездим. Постга келганимизга бир ҳафта бўлди. Танкимизни
катта йўл муюлишидаги окопга жойлаштириб олганмиз. Атрофимизда қоялар сўппайиб турибди. Нарироқда снарядлар омбори. Юз йигирма снаряд тахлаб қўйилган. Танкнинг ўзида қирқта снаряд. Гардез томон кетаётган «ип»ни қўриқлашимиз, хавфли муюлишдан омон-эсон ўтказиб юборишимиз керак. Вазифамиз – рўпарадаги қоялар орасидан снаряд отилиб қолса, объект координатларини аниқлаб, ўт очиш.
Танк люкидан бошимни чиқариб қараб турибман. Ёмғир ёғяпти. Олисда, иланг-биланг йўлда «ип» кўринди. (Карвонни «ип» дейишади.) Бирпасдан кейин рўпарадаги тоғдан гумбурлаган товуш эшитилди. Ғира-шира кўринаётган қоя ортида тутун бурқсиди. Осмонда ғалати товуш эшитилди: машина сувдан ўтаётганида, ғилдирак қандай вошилласа, ўшанга ўхшаган овоз. Ракета снаряди карвон яқинига тушиб портлади. Чаманда, карвонга шикаст етказмади.
Люкни ёпишим билан шлемофондан командирнинг буйруғи эшитилди:
– Размах етмиш олти! Координат, – деди тушунтириб. – Иш бошла! Бешта снаряд.
Бу бешта снаряд от, деган маънони билдирарди.
– Бешта снаряддан ўт оч! – дедим бақириб.
Танк силкиниб, ҳаммаёқни порох ҳиди тутиб кетди. Тримпликсдан қараб турибман. Бояги жойда тағин тутун бурқсиди. Атрофимизда кетма-кет снарядлар портлаб, қоятошлар ағдарила бошлади. Танк зирҳига осколкаларми, тошларми чарсиллаб урилаётганини ҳис этиб турардим.
Улар худди бошимга ёғилаётганга ўхшар, терлаб кетгандим.
– Яна бешта снаряддан ўт оч!
«У ёқ» томонда ҳам тошлар ўпириляпти. Снаряд тушган жойда тутун аралаш олов осмонга сапчияпти. «Карвон» шиддат билан гувиллаган кўйи муюлишдан ўтиб, пастга шўнғиётганини тримпликсдан кўриб турибман. Шу ердан ўтиб олса бас, тоғ панасига яшириниб хатарсиз жойга чиқади.
Механик Викторнинг ҳаяжонли хитоби эшитилди:
– Командир! Омборга ракета тушди!
Люкни очиш ниятида қўл чўзган эдим, Виктор сўкиб берди:
– Эсингжойидами, командир! Снайпер Бур билан пойлаб турган бўлса пешонангдан дарча очиб қўяди.
Ёнбош томонда гумбурлаган портлаш эшитилди. Танк титраб кетди. Шу заҳоти хаёлимдан ваҳимали ўй лип этиб ўтди. «Тамом! Омборда бир юз йигирмата снаряд бор. Ҳозир портлайди-да, танкни ҳам, тўртталамизни ҳам мақда-мақда қилиб ташлайди». Беихтиёр комбинезон киссасидаги автомат гильзасини пайпаслаб қўйдим. Ҳамма бажариши шарт бўлган қоида бор: ўқ ўтмас нимча кийиш. Исми шарифи, шахсий қуролининг рақами ёзилган қоғозни гильзага тиқиб, бирон жойига яшириб қўйиш. Мабодо парчаланиб кетсанг ё куйиб кулга айлансанг ҳамгильза барибир ёнмайди. Отингни билиб, уйингга жасадингни юборишади. Бу гаплар хаёлимдан бир сонияда кечди.
Гумбурлаш тағин такрорланди. Шлемофон рациясидан взвод командирининг товуши эшитидди:
– Размах! Тирикмисан?
– Тирикман, ўртоқ командир!
– Нега ишламаяпсан? Буйруқни беихтиёр такрорладим:
– Яна бешта снаряддан ўт оч!.. Ўртоқ командир, омборга ракета тушди. Снарядлар портлаяпти.
– Қўрқма! – деди командир тасалли бериб. – Ҳаммаси бирдан портламайди. Охирги снаряд ёрилгунча кутасан. Танкдан чиқиш тақиқланади.
Карвон ўтиб бўлган, душман ҳам ўт очишдан тўхтаган, аммо биз ёнбошимизда портлаётган снарядларнинг гумбурлаши, танкнинг титраб-қақшашини кутиб ўтиришга мажбур эдик. Танк ичи порох ҳидига тўлиб, қизиб кетган, Хайриддин бўғилиб йўталар эди. Снарядлар эса шошилмай, битта-битта портлашда давом этарди.
– Қанча қолдийкин, Виктор? – дедим ички алоқада.
– Ким билади дейсан? – Виктор чарс чекди шекилли, димоғимга ўткир ҳид урилди.
Шлемофонда командирнинг овози эшитидди:
– шошма, Размах етмиш олти! Кутиб тур…
… Ярим кунча кутдик. Сўнгги снаряд портлаб бўлганидан кейин ҳам йигирма дақиқалар пойлаб турдик.
Командирнинг буйруғи билан люкни очмоқчи эдим, кучим етмади. Елкамни титраб кўтарсам, қандайдир оғир юк нари сурилгандек бўлди. Люк қопқоғини харсанг босиб қолган экан. Юзимга муздек ҳаво, ёмғир урилди. Қарасам, снаряд омборининг ўрни ҳовузга айланиб қолибди. Замбаракнинг мис гильзалари бетартиб сочилиб, тутаб ётибди. Танкимиз тошлар уюми орасига кўмилиб кетибди.
Ноябрь ойининг боши
Хосиятсиз туш кўрдим. Отам ҳовлидаги сўрида ётганмиш. Тагида кўрпача ҳам йўқ, қуруқ тахта устида ётибди. Дада, кўрпача солиб берай, десам, индамайди. Нуқул йиғлайди. Дадамнинг йиғлашини ҳеч кўрган эмасдим. Қўрқиб кетибман. Ёнига югуриб борсам, дадам ғойиб бўлиб қопти.
Ярим кун хомуш бўлиб юрдим. Охири Хайриддинга дардимни ёрдим.
– Қизиқмисиз, жўра! – деди Хайриддин кулимсираб. – Кўз ёши ёруғлик бўлади. Ниятни яхши қилинг, жўра! Яхши ниятгаям, ёмон ниятгаям фаришта омин дейди.
– Айтганингиз келсин, – дедим елкасидан қучиб. Ажойиб йигит-да Хайриддин! Кўзлари шунақа самимийки, ичида ғубор йўқлиги шундоқ кўриниб туради. Танк ўқлаш эмас, бошланғич синф болаларини ўқитиш ярашади Хайриддинга!
Ноябрь ойининг ўрталари
«Губба»га тушишимга бир баҳя қолди. Худо ярлақаб қисмга келган эдим. Онда-сонда постдан қисмга келибкетишга рухсат бўлади. (Ўшанда ҳам «карвон»га қўшилишга ижозат тегса.) Постдагиларга почта, сигарет, лезвие, совун дегандек майда-чуйдаларни олиб келиш сенинг зиммангга тушади. Менга хат йўқ экан. Руҳим тушди. Шаҳнозадан-ку, ҳафтада хат келиб турибди. Қизиқ, уйдагилар нега ёзмайди? Тинчликмикан? Гарангсиб, магазинга кирдим.
Магазин тушгача офицерларга, пешиндан кейин солдатларга хизмат қилади. Инсоф билан айтганда, дўконда одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса бор: Югославия сигаретидан тортиб, япон магнито-фонларигача, ялтироқ «сим» рўмолдан тортиб, шода-шода дурларгача…
Солдатлар ўзига теккан маош – «чек»ларга нима харид қиларди? Сигарет, зажигалка…
Хайриддин қуюлтирилган сут сўраган эди (нима қилсин, чўчқа консерваси емайди, нуқул сутга ружу қўйган). Саша билан Виктор сигарет сўрашган… Дўкон эшигидан киришим билан лабини беармон бўяган, совуқ бўлса ҳам кўксини ярим яланғоч очиб, бўйнидаги шода-шода дурни намойишкорона ялтиратиб турган сотувчи бобиллаб берди:
– Магазин ёпиқ, чиқ!
– Ҳозир очилди-ку, – деган эдим, негадир жахди чиқиб кетди.
– Переучёт деб ёзиб қўйибди-ку, галварс! – деди бакириб. – Рус тилини биласанми ўзи?
– Генераллардек қаддини ғоз тутиб буюрди. – Кругом марш!
– Эй, баба! – дедим ғазабдан титраб. – Сен ким бўпсанки, менга буйруқ берасан!
Кимдир билагимдан тутди.
– Юр, танкист, юр!
Жаҳл билан бурилиб қарасам, ёнимда бушлат кийган танкчи йигит турибди. Ўрис йигит.
Танимадим-ку, ҳар қалай ўзимизнинг батальондан бўлиши керак.
– Юр, земляк, юр, – деб ташқари судради.
Беш-ўн қадам юришимиз билан рўпарадан келаетган майорга кўзим тушди. Ўлганимнинг кунидан честь бердим. Шилтиллатиб қор босганча нари кетдик.
– Эсинг жойидами, земляк! – деди танкчи овозини пасайтириб. – Олиша. кўрма бу хотинлар билан. Эрига бир оғиз, «ҳақорат қилди», деб шипшиб қўйса, нақ трибуналга тушасан, тентак!
– Кимнинг хотини у? – дедим ҳамон ғижиниб.
– Қаеқдан билай! – танкчи елкасини қисди. – Биронта каттароқ офицернинг «прокат»га олган хотини-да! Бу ерда ҳамма катталарнинг «вақтинча» хотини бор: сотувчи, кир ювувчи, санитарка… Нотаниш ҳамкасбим ғалати илжайиб Қўйди. – Тўғри-да! Ўлсинми, булар ҳам. – У елкамга дўстона қоқди. – Сен жангга кириб, ўлмай чиқсанг Ватан номидан раҳмат эшитасан, катта офицернинг «прокат»га олган хотини бўлса, Ватан олдидаги «хизматлари» учун орден олади! Билдингми! Ниманидир англагандек бўлдим. Янги келган кунларим кечалари офицерлар модули томонидан қулоғимга бот-бот кириб турган гармонь товуши, хотинларнинг қийқириғи, кулгиси эсимга тушди. – Эҳ, танкист, танкист! – деди ҳамкасбим аламнок илжайиб. – Содда экансан. Солдат уйига тирик қайтса дипломатига бир пачка сақич солиб кетади. Ўшандаям таможняда олиб қўймаса! Офицер таътилга борса, чамадонларини самолетга чиқаргунча терлаб кетасан. Қаеқдан олади шунча нарсани? – Нотаниш танкчи овозини янаям пасайтирди: – Афғондан! Тушундингми? Афғондан. Анграйиб қолганимни кўриб, тағин елкамга қоқди: – Уруш ўз йўлига, ҳает ўз йўлига! Бизда нима кўп: дизтоплива, керосин, КамАЗ ғилдираклари, алюмин қошиқлар… Афғонда нима кўп: радиотехника, япон соатлари, наркотик, латта-путта… Қарабсанки, савдо авжида. Воситачилар ҳам топилади, таржимонлар ҳам. Бир айтдим-қўйдим, танкист! Офицерни сен десанг ҳам, «прокат»га олган хотинини сиз дегин!
Ўша кеча
Ғалати туш кўрдим. Тўйимиз бўлаетганмиш. Ёнимда Шаҳноза ўтирганмиш. Эгнида атлас кўйлак, бўйнида шода-шода дур. Негадир лабини қизил бўеққа қуюқ чаплаб олганмиш. Тўйга нуқул солдатлар, офицерлар келганмиш. Тағин ҳаммаси бегона одамлар. Муттасил гармонь ғийқиллармиш. Шаҳнозани бағримга тортсам, қаршилик қилмасмиш… Негадир ёмғир ёғаётган эмиш. Қарасам, ёнимда ҳеч ким йўқмиш. Бир ўзим қолибман. Ёлғиз ўзим. Вужудим титраб уйғондим. Совуқ эди. Анчагача қаердалигимни билмай карахт бўлиб етдим. Охири, постдаги «уйчамиз»ни танидим. Печка ўчиб қопти. Саша, Виктор, Хайриддин уйқуни уряпти…
Ноябрнинг охири
Бугун мен учун байрам бўлди. Бир йўла учта хат олдим. Акам уй ичилар тинчлигини, дадамдан асло хавотир олмаслигимни тайинлабди. Шаҳноза бўлса, ғалати гап айтибди:
«Суратингиз жуда чиройли чиқибди… Пскентда Дилянинг холаси бор экан. Янги йил арафасида бориб келамиз, деб қўймаяпти. Майлими борсам?»
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?