Текст книги "Сенга ишонаман"
Автор книги: Ворис Йўлчиев
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 10 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
– Пул қутуртирдими сени, ярамас, – дея оғзидан тупук сачратди иккинчиси.
Ҳамид бу йигитларни энди таниди. Уларнинг биттаси Жамол, иккинчиси Жовид – Сабинанинг акалари эди.
– Болалар, бу нимаси? – уларни тинчитишга уринди Ҳамид. – Келинглар, одамга ўхшаб гаплашайлик.
– Сен… сен одаммисан? – унинг юзаги шапалоқ туширди Жамол.
– Синглимнинг номуси учун қонинг билан жавоб берасан, – дея унинг гарданига мушт туширди Жовид.
Хонага югуриб кирган Малак хола, Гулноз ва яна икки-учта қариндошлар уларни тинчитишга чандон уринмасин, ака-укалар тобора ғазаб отига минишарди. Бир зумда ҳамма ёқ остин-устин бўлиб кетди. Идиш-товоқлар ер билан битта бўлди. Ҳатто шифтга осилган қимматбаҳо қандил ҳам чил-чил синди. Кутилмаганда Жовид чўнтагидан тугмали пичоқ чиқариб, Ҳамиднинг қорнига суқди. Бундай ҳолатни ҳеч ким кутмаганди. Кўзлари ола-кула бўлиб кетган Ҳамид қип-қизил қонга бўялган кўйлаги устидан қорнини чангаллаганча букчайиб қолди:
– Единг-ку, аблаҳ!
Бутун хонани Малак хола ва Гулнознинг ваҳимали чинқириғи тутди.
ЕТТИНЧИ БОБ
Қундуз яна машҳур шоирнинг байтларини такрорлади:
Тўғри ёзмоқ учун бор экан имкон,
Айтинг, нечун керак беҳуда ёлғон?
Қизиқ, тахминан минг йил муқаддам буюк Низомий айтган фикрлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Ёлғон ўзи нимадан пайдо бўлади? Энг аввало қўрқувдан. Қўрқув қабул қилиниши лозим бўлган қарорларни ортга суришга ундайди… Бу ҳолатни тасвирий санъатда қандай ифодаласа бўларкин?
– Шу қадаҳни куёвболанинг соғлиғига оламиз.
Қундуз тўқиштирилган қадаҳни битта кўтаришда бўшатди. Кейин эса газак учун ғарчиллатиб шўрбодринг тишлади. Даврадошлари билан иккинчи шишани ҳам бўшатишганди. Қундуз ичишни ташлашга ҳарчанд уринмасин, уддасидан чиқолмасди. Бир ёқда буйракнинг мазаси йўқ.
Келганига бир ярим соатча бўп қолди. Кираверишда бир-икки синфдошини кўрди. Эски маҳалладошларига кўзи тушмади. Ёнида ўтирганларни эса танимасди. Келин-куёвдан ҳалигача дарак йўқ.
Ниҳоят, Ҳамид ҳам уйланадиган бўлди. Мактаб даврида ҳамма синфдошлари биттадан қизни севишарди. Фақат Ҳамид бировга қарамасди. Тентак бола қайсидир беҳаё фильмдаги қизни ёқтириб қолган, худди шунга ўхшаш қизни қидирарди. Онаси топган қизни олишга охири кўнибди-да? Балки бу қиз орзусидаги жононга ўхшаб кетар?
Қундуз қовурилган товуқ оёғини ғажиб хаёлга чўмди: «Севги нима ўзи? Бизни жарлик томонга бошловчи карахтлик эмасмикин? Аслида ўзимиз севганларни эмас, бизни севганларни авайлаб асрашимиз, лоақал уларни асрашни Яратгандан сўрашимиз керак эмасми?»
– Азиз меҳмонлар, тўй бекор қилинади!
Дафъатан Қундузнинг хаёллари пардек тўзғиб кетди. Хато эшитмадиммикин, дея атрофга аланглади. Йўқ, ҳаммаси рост шекилли… Ҳамма ўрнидан туриб эшик тарафга йўл олмоқда эди. Қанақасига? Нега тўй бекор бўларкан? Ҳар қанча уринмасин, Қундуз ҳеч кимдан асосли гап ололмади. Тинчликмикин? Бирор кори-ҳол юз бермадимикин? Ё кимдир… вафот этдимикин? Худо асрасин!
Дарҳол қўл телефонидан Ҳамидга қўнғироқ қилди. Рақам ўчирилган эди. Уй телефони эса банд. Ҳамидларнинг янги уйини билмасди. Нима қилади энди? Уйга кетади-да…
Тоза Пир Масжиди ёнидан ўнгга бурилиб, эски жин кўчалар бўйлаб кета бошлади. Ниҳоят, ижара уйига етиб келди. Ранги униққан эски эшикни қоққанида ичкаридан ўғли Ойбекнинг «ким» деган ингичка овози эшитилди. «Ким бўларди, мен!» – деди тўнғиллаб.
Эшик очилиши билан ўғли ва қизини енгилгина қучиб қўйди. Ойбек саккиз, қизи Ризвон эса олти ёшда эди. Хона қоқ ўртасидан парда билан иккига ажратилган эди. Парданинг нарёғи ётоқ вазифасини ўтарди. Ҳатто каравотлари ҳам йўқ, ерда ётишарди. Парданинг бу тарафи эса ҳам ошхона, ҳам даҳлиз, ҳам меҳмонхона ҳисобланарди. Ўнг томонда қўлювгичнинг остида қозон-товоқ, чойнак-пиёлалар терилган, ёнида газ плитаси жойлашганди. Ўртада иккита ғичирлоқ стол ва тўртта стул, девор ёнида эски диван қўйилган, қарама-қарши томонда эса кичик экранли оқ-қора телевизор… Бутун оиланинг жиҳозоти ана шунлардан иборат эди.
– Бунча тез қайтдингиз? – сўради аёл хомуш кайфиятда стулга ўрнашган эридан.
– Тўй бўлмади, – сигарет тутатди. Қундуз. – Бир ярим соат келин-куёвни кутиб ўтирдик. Едик, ичдик. Бир пайт тўйхонанинг эгаси «тарқалинглар, тўй қолдирилди», деди. Кейин келавердик.
– Нега? Тинчликми?
Хотинининг хавотир ва қизиқиш билан берган саволига Қундуз елка қисиш билан кифояланди. Одатига кўра Ҳулкар ҳам ижикилаб ўтирмади.
Гугурт қутисидек ошиёнда яшасалар-да, Ҳулкар ҳамма нарсани тоза-озода тутар, ўртадаги парда эски бўлса-да, топ-тоза, аммо ранг-қути, нақшлари ўчиб кетганди.
– Уй эгаси бугун келиб тўполон қилди, – деди Ҳулкар ерга қараб. – Ойнинг охиригача қарзимизни тўламасак, ҳамма нарсамизни кўчага чиқариб ташларкан.
Қундуз асабий стол муштлади.
– Мен нима қилай ахир? Йўқ пулни қаердан оламан? Раёсат муаллим пулни бериши билан ҳаммасини тўлайман, дедим-ку? Тинч яшагани қўясанларми-йўқми?
– Мен сизга нима дедим? – пиқиллаб йиғлашга тушиб кетди Ҳулкар. – Уй эгаси келганини айтдим, холос.
– Уй эгаси бекорни бештасини айтибди, эшитдингми?
– Сиз уйда бўлмасангиз, келиб бизни бошимизни оғритади, мен нима қилай? Болалар ҳам хавотирга тушиб қолишган. «Ойи бизни қувиб юборишса, кўчада яшаймизми?» деб қон қилиб юборишди.
– Энди келса, эшикни очма, ана, бориб эрим билан гаплаш, де, тамом. Тушундинг? – Қундуз сигарет қолдиғини кулдонда босиб, янгисини ёндирди. Бу пайтда Ойбек «Ўзинг бўя» китобидаги ҳайвонлар суратини бўяр, синглиси томоша қиларди.
– Хотин деган, эри уйга кириши билан дастурхон ёзарди, чой дамларди.
Ҳулкар туриб газ плитасини ёндирди.
– Тўйда едик, ичдик, дедингиз-ку. Шунга…
Қундуз яна янги суратлари устида бош қотира бошлади.
Ким тикан экса гар, тикан теради,
Ким нажот берса гар, нажот кўради.
Бу ҳикматни суратда қандай акс эттирса бўларкин? Қандай қаҳрамонларни чизиш керак бу ерда?
Қундуз хаёлчанлик ила Низомийнинг «Ҳикматлар» китобини варақлашга тушди. Шу пайт Ҳулкар стол устига бир чойнак чой келтириб қўйди. У пиёлага чой сузиб, ҳўпларкан, яна Низомийнинг сирли оламига шўнғиб кетганди. Китобни ўқигани сари янги-янги маъноларни кашф этар, кўз ўнгида янада гўзал ва рангин манзаралар юз очарди.
– Сизларни эртага Жалилободга, қишлоққа юбораман, – деди бироз вақт ўтгач, китобдан бош кўтариб. Болалар «урра» дея чапак чалиб юборишди.
– Ишдан… менга рухсат беришмайди, – ер остидан эрига мўлтиради Ҳулкар.
– Бош врачингга ўзим айтаман.
– Пулимиз ҳам йўқ-ку? – эрининг қаршисидан жой олди Ҳулкар. – Уйга қуруқ бориб бўлмаса. Ота-она, қариндош-уруғ, айниқса, болалар қўлимизга қарайди.
– Пулим йўқ, – навбатдаги сигаретни ўт олдирди Қундуз. – Умуман пул тушмаяпти. Сенларни машинага солиб юбораман. Акангга айт, ўзи чиқиб кутиб олсин, йўл ҳақини ҳам ўзи тўласин. Акангга «уйдан шошиб чиқдим, пул эсдан чиқибди», дерсан.
– Йўқ, дадаси, боролмайман, уятдан ерга кираман-ку? Ахир қачонгача…
– Нима қачонгача? – хотинига еб қўйгудек ўқрайди Қундуз.
– Бу сиқилишлар, йўқчилик, камбағаллик… – аёл яна йиғлашга тушди
– Ёқмаса, ана, эшик очиқ! – Қундуз эшик тарафга имо қилди. – Бор, бойроғини, чўнтаги бақувватроғини топ. Биламан, мени кўргани кўзинг йўқ. Омадсизман! Камбағалман. Уйим йўқ. Сизларни яхши едириб ичирмаяпман, тўғрими?
Болалар титраб-қақшаб оталарига тикилишди.
– Бўпти, дадаси, қўйинг, асабийлашманг, – дарҳол паст тушди аёл.
– Сен бутун ҳаётимни барбод қилдинг! Сен истеъдодни, маърифатни, зиёни қадрига етмайдиган, чаласавод, молпараст хотинсан. Сенга фақат пул керак, пул!!!
Қундуз зарда билан эшикни ёпиб, кўчага чиқди. Ташқарига қоронғи тушганди. Кўчанинг нариги бетидаги дўкон қаршисида беш-тўрт бекорчи тизилиб ўтирарди. Улар билан саломлашиб дўконга кирди. Сотувчи у билан кўришаркан, кафтларини ишқалади.
– Ҳа, рассом, кел, бугун ўнг кафтим қичиб турибди. Қарзингни тўлайсан, шекилли.
Қундуз музлаткичда турган пива шишаларига ютиниб қаради.
– Узоғи бир ҳафтада қайтараман. Биласан, қўлимда даҳшат ишлар турибди. Ҳомий ҳам аниқ. Раёсат муаллим деб эшитганмисан?
– Ўртоқ, – унинг гапини шарт кесди сотувчи. – Раёсатми, Сиёсатми, ишқилиб шу одамнинг отини бир ойдан бери тилингдан қўймайсан. Лекин менга нима фойда?
– Ўлай агар, ҳаммасини тўлайман, – деди Қундуз пиводан кўзини узмай. – Ҳали чет элда кўргазмаларим ўтказилади, мистер Алиакбарли деб мени ўтқазишга жой тополмай қолишади. Банкларда ҳисоб рақамларим очилади. Сенинг дўконингни ҳам анча таъмирлаш керакка ўхшайди. Сал кенгайтириш керак. Бир тарафида кийим-кечак…
– Насияни ўғрига чиқарган, ўртоқ, – деди сотувчи. – Менинг эллик етти манатимни санаб бер, бошқаси билан ишим йўқ. Менам молларни фирмалардан насияга оламан. Пулини беришим керак.
– Тўлайман, дедим-ку, – тамшанди Қундуз. – Анави пивангдан иккитагина бер. Олтмиш манат қарз бўламан шунда…
Сотувчи аввал рад этмоқчи эди, аммо мўлтираб турганини кўриб, ачиниб кетди. Икки шиша пивони унинг қўлига тутқазди.
– Қара, лекин, беш куннинг ичида қарзингни тўламасанг, мендан хафа бўлма. Эркакчиликка тўғри келмайди бу.
Қундуз қайта-қайта раҳмат айтиб, шишаларни қўлтиғига қистирди. Шишаларнинг бирини дераза панжарасига тираб очди-да, ютоқиб ича бошлади.
«Ҳаёт бунчалар бешафқат бўлмаса!» – ўйлади у сал нафси ором олгач, бўшаган шишани ўтлоққа ирғитаркан.
Наҳотки шунча интилишлари, умидлари, орзу ва мақсадлар хазонга юз тутса? Наҳотки, шунчалар истеъдодсиз бўлса? Бу дунёдан худди чувалчанг сингари бемақсад, изсиз ўтиб кетаверса? Йўқ, ҳали енгилмайди. Ҳали умид шуълалари сўнгани йўқ. Интилади. Изланади. Лекин енгилмайди.
Қундуз иккинчи шишани ҳам бир кўтаришда бўшатди. Кейин йўлак четида ўтирганча сигарет тутатди.
САККИЗИНЧИ БОБ
Аввал нур бор эди. Кейин унинг ўрнини зулмат эгаллади. Кейин зулмат ўз ўрнини нурга бўшатди. Гоҳида зулмат ичида туриб нур қидирасан, гоҳ эса нур ичидан зулмат. Биринчи ҳолат некбинлигингдан, эртанги кундан умидинг сўнмаганидан далолат. Иккинчи ҳолат эса сенинг маънан ҳалокатга учраганингдан дарак беради.
…Ҳамид кўзларини очди. Оппоқ деворли палатада ҳеч ким йўқ эди. Қорнига пичоқ санчилганидан то ҳозирга қадар орадан қанча вақт ўтганини ўзи ҳам билмасди. Бу вақт кесимида у ўзини нариги дунёда ҳис этганди. Тирик қолганига айни дамда ўзи ҳам ҳайратда эди.
Демак, у тирик. Ичини қандайдир қувонч ҳисси чулғаганини ҳис этди. Атрофга боқди. Деразадан ичкарига қуёш нурлари таралар, шамол ойнадан кўриниб турган қайрағоч япроқларини силкитарди.
Тумбочка устида бир дунё дори-дармон терилганди. Ҳамид юрак ютиб, дока билан боғланган ярасига қаради. Бўйни, қўл-оёқларини қимирлатиб кўрди. Ҳаммаси ишлаяпти. Енгил нафас олди. У ҳозир ўзини қайта туғилгандек ҳис этарди. Беихтиёр кўзи қонга тўлган ака-укалар билан бўлиб ўтган жанжал кўз ўнгида жонланди. Демак, энди ишни бу икки «итвачча»ни жазолашдан бошлайди. Лекин уларни қандай қилиб тавбасига таянтирса бўларкин? Фикрлари яна чалғиб кетди.
Кўз олдига Амина келди. Худди тўй кунидагидек узун, енгсиз, қора бахмал кўйлакда унинг тепасига сузиб келди.
– Уйғондингизми?
Йўқ, бу Амина эмасди. Ҳамшира бўлса керак. Яна ортига бурилиб, бироздан сўнг онасини, синглиси ва Иқболни бошлаб кирди. Кўришиш жараёни шу қадар таъсирли эдики, ҳатто ҳамширанинг ҳам кўзлари ёшланиб кетди. Асосийси, Ҳамид ўз қадрдонлари даврасида ўзи соғинган бир самимийликни, меҳрни туйди. Онаси Малак хола энди бўлиб ўтган воқеаларга тамомила бошқа тарафдан ёндашар, Жамол билан Жовидни ер муштлаб қарғарди. Гулноз ҳам қариндошларининг бу кутилмаган ваҳшийликларидан даҳшатга тушганини айтарди.
Иқбол эса ҳодиса билан боғлиқ жиноят иши очилгани, тергов бошлангани, ака-укалар қамоққа олинганини айтди.
Ҳамид бу даҳшатли ҳодисадан сўнг яқинлари унинг тарафини ола бошлаганларидан хурсанд эди.
– Балки бу ҳам бир синовдир, болам, – деди Малак хола кўзларини артиб. – Ҳаммаси сенга боғлиқ экан. Агар «даъвом йўқ» десанг, уларнинг айби ҳам бироз енгиллашаркан. Минг қилса ҳам ўзимизникилар, бегона эмас-ку? Балки улар билан ярашиб, Сабинага уйланарсан?
– Ўзимизники бўла туриб, бегона қилмаган ишни қилди-ку, – гапни илиб кетди Гулноз. – Дарров пичоққа ёпишмасдан одамга ўхшаб гаплашишса бўларди-ку? Акамни сал бўлмаса ўлдириб қўйишарди, ойи?! Улар ким бўптики, биз яна уларга ялинсак?
Ҳамид ич-ичидан хурсанд эди. Ҳаммаси у ўйлагандек юз бераётганди. Навбатдаги қадамни босиши лозим.
…Фақат бу одим учун тўрт кун кутишга тўғри келди. Бу орада у терговчи билан гаплашиб, ҳаммасини оқизмай-томизмай айтаркан, айбдорларнинг узоқ муддат озодликдан маҳрум этилишига ишонч ҳосил қилди. Таниш-билишлари келиб, Ҳамидни бу йўлдан қайтариб, даъво қилмасликка, тўйни қолдирмасликка ундашди.
Ҳамид фақат дўсти Қундузнинг маслаҳатига маъқул кўрди.
– Баъзан инсоннинг хатолари ҳам кутилмаганда омад эшигини очиши мумкин.
Жароҳат у қадар чуқур бўлмагани учун тўрт кун деганда Ҳамидни шифохонадан чиқаришди.
Ниҳоят, эҳтирослар сўниб, излар босилгандан кейин Ҳамид Аминага уйланиш фикридан воз кечмаганини билдирди. У энди онасини кўндира олишига амин эди. Мақсади йўлида у синглиси Гулнозни ҳам ишга солди.
– Синглим, ўзинг биласан, ҳозир пул ҳамма нарсани ҳал этиши мумкин. Бу қанақаси бўлдики, анави такасалтанг ака-ука пулни пулга уриб юрган мендек бир одамга пичоқ уришса? Улар ҳатто қўлимга сув қуйишга ҳам ярамайди-ку, тўғрими? Ўзларининг қишлоқича тушунчалари билан бизга қўшни бўлишмоқчи эди. Мана, асл башаралари кўринди-қолди. Ўзинг биласан, уйланаман деб ўлиб турганим йўқ эди. Розилик берганимнинг ўзи катта гап. Мен уйлансам, фақат Аминага уйланаман, вассалом.
– Ака, уларнинг оиласини биласиз-ку, – дастлаб эътироз билдиришга уринди Амина. – У қизнинг онаси билан опаси…
– Гулноз, бу ҳақда гаплашганмиз, – унинг гапини шарт кесди Ҳамид. – Мен унинг онаси ёки опасини оламан деганим йўқ. Бу уйга келин бўлиб келсин, онасининг ёнига йўлатмайман. Улар билан борди-келдини йиғиштиради. Мен ҳали анави зўравон ака-укаларга кўрсатиб қўяман. Бир тўй қилайки, овозаси етти иқлимга кетсин. Анавилар аламидан куйиб ўлсин.
Ҳамид бу муддат ичида Иқболни ҳам йўриғига солишга улгурди. Асли жануб тарафдан бўлган Иқбол анча қизиққон йигит эди. Ҳаётнинг ёзилмаган қонунлари асосида яшашга мойил эди. У йигит киши учун номусни ҳар нарсадан устун қўярди. Бироқ, Ҳамиднинг ҳам гапида жон бор: бу қизнинг нопоклигини исбот этадиган бирорта далил йўқ. Ахир енгилтак бўлганида, Ҳамиднинг бир оғиз гапи билан учрашувга чиқар, унинг қимматбаҳо ҳадясидан юз ўгирмаган бўларди.
Ниҳоят, кутилган кун етиб келди. 5 сентябрь куни Ҳамид синглиси ва дўстининг мададига таяниб, якуний фикрини ойисига билдирди. Малак хола ўғлининг тутган еридан кесишини яхши биларди. Онаизорга қолса, ҳалиям келин томон билан ярашиб, Сабинани тўйсиз, дабдабасиз бўлса ҳам уйга олиб келиш.
Бироқ, Ҳамид оёқ тираб туриб олди:
– Олсам, ўша қизни оламан. Бўлмаса, лаш-лушимни йиғиштириб, Екатеринбургга жўнайман. Кейин бу ерда менинг қорамни ҳам кўрмайсизлар!
Онанинг ҳар қанча кўз ёшлари беҳуда кетаётган эди. Гулноз билан Иқбол ҳам Ҳамиднинг ёнини олишди. Нима қилиб бўлса ҳам, Ҳамидни бошқасига уйлантириб, душмандан шу тариқа ўч олиш лозимлигини айтишди. Аминанинг гуноҳсиз, беайб қиз эканини зўр бериб таъкидлашди. Ахири Малак хола аччиқланиб, ўз ётоғига кириб кетди ва эшикни ичкаридан қулфлаб олди.
Ҳамид кечки овқатдан сўнг дарҳол кийим-кечакларини йиғиштириб, йўл ҳозирлигини бошлади.
– Қаёққа борасиз, ака, – унинг жомадонига ёпишди Гулноз. – Ахир энди оёққа турдингиз. Сизга парвариш керак. Бегона шаҳарда ким сизнинг ҳолингиздан хабар олади.
Ҳамид эса қўл телефонидан аэропортга қўнғироқ қилди:
– Алло, Екатеринбургга иккта чипта борми? Ҳа, бугун кечқурунги рейсга.
– Ойи, айтсангиз-чи акамга! Бу аҳволда қандай кетади Россияга!
– Майли, – деди она кўз ёшларини тиёлмай. – Ўша Суғронинг қизи жигарингдан шунчалик урган экан, ол. Лекин элга шарманда бўлиб, тўй-дабдаба қилмайсан. Қолгани билан ишим йўқ.
Гулноз билан Иқбол хурсандликдан чапак чалиб юборди. Ҳамид ҳам кулимсираб, эндигина елкасига олган костюмини қозиққа илди.
* * *
Эртаси куни Гулноз холаси билан Аминаларникига совчи бўлиб боришди. Гулноз ўзларидан анча паст деб билган бу хонадон аҳли қизларини қўш қўллаб беришади, деб ўйлаб янглишганди.
– Мен нима дердим, – маъсумлик билан елка қисди Суғро хола. – Ана отаси, нима десалар шу. Кейин, ҳали Амина ёш бола бўлса. Опаси Нарминани узутмагунча, уни эрга беролмаймиз.
Ғазабини босишга аранг куч топган Гулноз уйга қуруқ қўл билан қайтди. Иқбол ҳам Ҳамид ҳам бундай бўлишини кутишмагани учун шошиб қолишди. Малак хола эса ич-ичидан хурсанд эди.
– Яна ким билсин, – енгил хўрсинди Гулноз. – Биласиз-ку, қизи борнинг нози бор. Бирор жойда биринчи боришда розилик берилмайди. Ичларидан ўлиб туришсаям.
Эртаси куни Гулноз яна Суғро холанинг уйига телефон қилиб, бормоқчи эканликларини айтди.
Бироқ, бу гал ҳам умидбахш жавоб олинмади.
– Ҳамиддек йигитни куёв қилишни ҳамма она истайди. Аммо, қизим ҳали гўдак-ку? Ҳали оқ-қорани ҳам яхши билмайди. Мактабдан бошқа жойга чиқиб кўргани йўқ. Ҳали ҳаёти тажрибаси ҳам йўқ. Кейин Ҳамиднинг тўй ҳангомасидан анча қўрқиб ҳам қолдик. Эртага келин томоннинг одамлари бизнинг ҳам уйимизга бостириб келишса нима бўлади? Ҳамид қизимни ёқтириб қолганини биламан. Ҳаммасидан хабарим бор. Кейин Ҳамиддан ҳам анча ҳайиқиб қолдик. Бирданига айниб қоладиган одати бор экан. Ахир тўй куни келиндан юз ўгирган йигитдан яна нимани кутиш мумкин?
Бу суҳбат Ҳамидни ҳам асабийлаштирди. Анча пайт нима қиларини билмай, тишларини ғижирлатиб, лабларини кемириб ўтирди. Ҳар қалай, бу ердаги ишларини битириб олмагунча Екатеринбургга қайтмайди. Бу ерда анча қолиб кетадиган бўлса, бирорта машина сотиб олиши керак. Ўзининг «Лэнд Краузер»и Россияда қолган. Уни олиб келишнинг эса иложи йўқ.
Шу сабаб шаҳардаги автосалонларни кезиб чиқиб, беш йиллик кредит билан «BMW Х5» сотиб олишга қарор қилди. Кредит шартномасини эса поччаси Муҳаммаднинг номига расмийлаштирди.
Иқболнинг эса сабр-тоқати тугаб борарди.
– Ўртоқ, ишимиз нима бўлади? Айни мавсум пайти бу ерда сандирақлаб юрибмиз. Қачон қайтамиз ишга?
Ҳамид фақат «бироз чида», «эрта», «индин» деб кетишни ортга суриб келарди. Ниҳоят 15 сентябрь куни «Х5»га ўтириб, Амина ўқийдиган мактабга йўл олди. Дарвоза олдида тўхтаб, унинг чиқишини кута бошлади. Амина ўн биринчи синфда ўқирди. Қиз эса ҳадеганда кўринавермади. Мана, ниҳоят охирги дарсдан чиқиш қўнғироғи чалинди.
Шу пайт негадир Екатеринбургда Иринани қўлга олиш учун ўйлаб топган томошаси эсига тушди. Ўшанда Иринанинг роса оғзи очилиб қолганди. Бироқ, «Қашқирлар макони»даги бир қаҳрамон айтганидек, «бу ер Боку, бу ерда одамлар бошқача қуроллардан фойдаланишади».
Аминанинг онаси совчиларни қуруқ қўл билан қайтариши Ҳамиднинг иззат-нафсига қаттиқ ботганди. Ахир бу гап маҳаллага тарқалса, Ҳамид кулгига қолмайдими? Балки аллақачон ҳаммага ёйиб бўлишгандир? Ўйнашга ишониб эрсиз қолган хотиннинг аҳволига тушиб қолмадими?
Енгилишга ўрганмаган Ҳамид бу оилага ҳам ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйишга аҳд қилганди…
Мана, Амина уч қизнинг иҳотасида чиқиб келяпти. Калтагина мактаб формасида у янада гўзал, беғубор кўринарди. Қизлар нималарнидир гапириб, кулиб келишарди. Бирдан Аминанинг кўзи машинасига суянганча сигарет тутатаётган Ҳамидга тушди. Юзидаги табассум ҳам бир зумда тарқаб кетди. Қизлардан бири Аминадаги ўзгаришни пайқаб, унга нимадир деди. Кейин учала дугона баравар Ҳамид тарафга қарашди. Афтидан бой хонадондан совчи келаётганини дугоналарига олдинроқ айтиб қўйганди.
– Оҳҳо, роса келишган йигит эканми? – деди дугоналардан бири.
– Иномаркаси ҳам ҳали «масло» бўлса керак? – қўшиб қўйди иккинчи қиз.
– О, омадинг чопибди-ку, дугонажон, отни қамчила, – бу учинчи дугонанинг гапи эди.
Амина қизлардан бироз кутиб туришни сўраб, Ҳамид тарафга одимлади. Уялинқираб салом берди. Ҳамиднинг тилига кимдир тушов солиб қўйгандек эди. Наҳот, не-не малаксиймоларни йўриғига юрғизиб, шу кичкина қиз олдида шунчалик ҳаяжонга тушса?
– Сизни… пичоқлаб кетишганини эшитиб, қаттиқ қайғурдим. Тузалиб қолдингизми? – сўради ўта нозик, нафис овозда. Афсусдаман, ҳаммаси мени деб бўлди.
Ҳамид машинага ишора қилди:
– Ўтир, обориб қўяман.
– Йўқ, раҳмат, – деди Амина ва қизларга ишора қилди, – дугоналарим кутиб қолишди. – Айтганча, зўр машина олибсиз. Гап йўқ.
Ҳамид орқа эшикни очиб, имо қилди:
– Одамлар қараб турибди, мени шарманда қилма. Ўтира қол.
– Йўқ, кетаверинг, мен… дугоналарим билан бораман, – Амина орқасига тисарилди.
Ҳамид беихтиёр вужудидаги бояги ҳаяжон ўрнини чексиз ғазаб эгаллаганини ҳис этди. Қайси куч, қандай журъат билан қизнинг нозик билагидан тортиб, оқа ўриндиққа итариб юборганини сезмай қолди.
– Сени деб шунча азоб чекканим етар, энди овозингни чиқарма.
– Бу нима қилганингиз, мен кетишим керак. Ойим ўлдирадилар.
Ҳамид унинг гапига қулоқ ҳам солмади. Машинани айланиб ўтиб, олд ўриндиққа жойлашди. Машина енгил силтаниб қўзғалди ва кўз очиб-юмгунча, кўчадаги оқимга қўшилиб кетди.
Қизлар турган ерида қотиб қолганди. Кейин улардан бири дарҳол эс-ҳушини тўплаб, сумкасидан телефон олди-да, рақам тера бошлади.
– Суғро холага хабар бермасак бўлмайди. Россиялик йигит Аминани ўғирлаб кетди, деймиз.
* * *
Орқа ўриндиқда кетаётган Амина устма-уст Ҳамидга савол ёғдирарди.
– Мени қаерга олиб кетяпсиз? Уйимиз бу тарафда эмас. Қаерга кетяпмиз? Сиздан сўраяпман, нега жавоб бермайсиз? Илтимос, тўхтатинг, тушиб қоламан… Телефонимнинг ҳам пули тугаган…
Ҳамид хўмрайганча, ойнадан қизга қараб қўяр, аммо индамасдан йўлида давом этарди. Фақат, машина Биноқади кўчасига бурилган пайти қиз йигитнинг мақсадини англади шекилли, бақириб юборди.
– Мени дачангизга опкетяпсиз, шекилли! Мен бу йўлни биламан. Холамнинг дачалари ҳам шу тарафда. – Ҳамид яна индамади. – Сизнинг ҳам дала ҳовлингиз шу тарафда. Сабинани ҳам ўша ерда кўргансиз. – Ҳамид яна жим борарди. – Тўхтатинг, акажон, илтимос, мени тушириб юборинг, – зорланди Амина.
Ҳамид машинани тор, нефть ҳиди анқиб турган кўчага бураркан, қизнинг саросимали юзларига мамнун кўз ташлади. У қизни қўлга киритганига шубҳа қилмасди. Қани, энди ҳам ота-онаси бермай кўрсин-чи?
– Илтимос қиламан. Қўрқиб кетяпман, мени тушириб юборинг. Қизлар аллақачон онамга айтишгандир. Ўзингизга ҳам қийин бўлади.
Тепаликдан ўтишлари билан қаршиларида кўмкўк денгиз намоён бўлди. Машина денгиз соҳили бўйлаб, ўнг томондаги дала-ҳовлиларини бирма-бир ортда қолдириб борарди. Ниҳоят, олчаранг дарвозали ҳовли ёнида тўхтадилар. Ҳамид ортига бурилиб, қизга жиддий қиёфада таҳдид қилди:
– Тушиб қочмоқчи бўлсанг, ўлдираман.
Кейин тушиб дарвозани очди ва машинани ичкарига олди. Ҳовлининг кенг саҳнида бир текисда атиргуллар экилган, тўрт томон эса икки қаватли қизил ғиштин иморат билан ўралганди. Гулзорнинг қоқ ўртасида мармар ҳовуз ва балиқ боши шаклидаги фаввора тикланган эди. Ҳамид дарвозахонадаги кичкина тугмачани босиши билан фаввора ишга тушиб кетди. Худди раққоса сингари рақс тушиб отилаётган сувни кўриб, Аминанинг борлиғини қамраган қўрқув ҳам тарқаб кетди. Ҳовузда ранг-баранг балиқлар сузиб юришарди. Амина аввал гулларни ҳидлаб кўрди, кейин балиқларни томоша қилишга тушди.
Ҳамид ҳам қизнинг болаларча ҳайратини кўриб, завқланди. Шу чоқ уларнинг кўзлари туташди. Ҳар иккисини айириб турган бояги таҳлика ва бегоналик ҳисси бир зумда ғойиб бўлганди.
– Виллангиз даҳшат экан. Умримда бунақасини кўрмагандим.
Ҳамид кулимсираб, қизнинг юзларидан аста чимчилаб қўйди. Кейин бориб дарвозани қулфлади ва балиқларни қўли билан тутишга уринаётган Аминанинг ортидан келиб уни аста қучоқлади. Қиз аввал қаршилик кўрсатмоқчи бўлди, аммо фойдасизлигини билдими, тинчиб қолди.
– Юр, тепага чиқамиз, хоналарни кўрсатаман. Тепадан манзара шунақа ажойиб кўринадики, қойил қоласан.
Амина кулимсираб унга эргашди. Ҳамид қизнинг қўлидан тутиб, айланма зинапоялардан юқорига олиб чиқди. Кейин залнинг денгизга қараган деразасини очди. Ичкарига саррин денгиз ҳавоси оқиб кирди. Амина кўм-кўк денгиз, ёйсимон соҳил ва дала ҳовлиларнинг бир-биридан ҳашаматли томларини кўриб қичқириб юборди.
– Во-ой, денгизнинг чиройлилигини! Бу ер шаҳарнинг энг гўзал жойи бўлса керак-а?
– Сен нима деб ўйловдинг?
– Худди кинолардаги ранчонинг ўзи-ку? Лойиҳасини ўзингиз чизганмисиз?
Ҳамид қизнинг маъсум кўзларига бир зум тикилиб турди-ю, қизнинг нозик вужудини даст кўтариб, йиғма каравотга ирғитди. Кейин эса ютоқиб, қизни ўпишга тушди. Амина юзини, лабларини олиб қочишга чандон уринмасин, норғул йигитнинг кучи олдида ожиз эди.
…Ҳамид ўрнидан туриб, сочларини бармоқлари билан текислади.
– Ёмон одам экансиз, – деди Амина лабларини чўччайтириб. – Энди лабларим шишиб кетса, уйдагиларга нима дейман.... Бўлди, Ҳамид ака, энди қайтайлик, уйдагилар роса хавотир олшаётгандир?
Ҳамид кучли қўллари билан қизнинг иягидан тутиб ўзига қаратди.
– Сен… Худога ишонасанми?
Қизнинг кўзлари катта-катта очилди.
– Албатта…
– Унда, Худо ҳаққи онт ич… Бирортаси билан юрасанми?
– Нима? – қизнинг кўзлари пирпиради. – Нима деганингиз бу?
– Йигитинг борми? Бирортасини севганмисан?
Қизнинг маъсум кўзлари қатъият билан чарақлади. Кейин қўрқа-писа бош чайқади.
– Йў-ўқ, ким билан юраман? Ўзи неччига кирдимки, йигитлар билан юрсам… Биринчи марта сиз… ҳозиргина ўпдингиз…
Ҳамид қизнинг иягини маҳкамроқ қисди.
– Қасам ич, Худо урсин, бирортаси билан юрмаганман, де!
Амина йиғлаб юборди.
– Рост, ўлай агар, – деди кўзлари жиққа ёшга тўлиб. – Худо ҳаққи, юрганим йўқ… Аҳ, оғритяпсиз, қўйворинг жағимни!
Ҳамид яна уни бағрига босиб, юз-кўзларида ўпа кетди.
– Амина, жоним, менинг ҳамма нарсам бор. Уйим-жойим. Машинам, мол-давлатим… Сен менинг жуфти ҳалолим, болаларимнинг онаси бўлишингни истайман.
Яна қизни оҳиста кўтариб, каравот сари юрди. Энди Амина боягидек саркашлик қилмас, бутун инон-ихтиёрини Ҳамидга топширганди…
Саррин шаббода эсарди. Қизнинг кўзлари бахтдан масрур чарақлар, йигитнинг қалин, қора сочларини инжа бармоқлари ила тарамоққа ошиқарди.
– Кўзларимга ишонмайман, – дея эҳтиросли пичирлади. – Рост, хаёлимга ҳам келтирмагандим. Кутилмаган бахт!
* * *
Орадан бир соатлар ўтиб, ҳар иккиси кенг хонадаги диванга ястанганча, ясси экранли телевизор каналларини алмаштириб ўтиришарди. Хона энг қимматбаҳо мебеллар, антиқа чиннилар, сунъий гуллар билан безалганди. Оёқ остида мовий тусли қалин турк гиламлари тўшалганди.
Ҳамид қизнинг хушбўй шампунь ҳиди уфуриб турган, нам сочларидан ўпди.
– Сени жонимдан ортиқ кўраман, Аминам!
– Нега бунақа қилдингиз? – дафъатан хавотир билан йигитнинг юзларига термилди қиз. – Мени опқочиб келиш шартмиди?
– Ойинг бермаймиз, деб тургандан кейин… яна нима қилишим керак эди?
Шу пайт телефон жиринглади. Яқин орадаги ресторандан қўнғироқ қилишаётганди. Боя Ҳамид ювингани киришдан олдин тушликка буюртма берганди.
– Алло, келдингларми? Йўқ, кўк дарвозамас, яна озроқ юрсанг, қизил давроза келади. Ўша бизники. Ҳозир эшикни очаман.
Бир зум ўтмай, оппоқ кийинган икки официант йигит оппоқ қутиларда буюртирилган таомларни олиб киришди. Емакхонада стол усти бир нафасда турфа егуликларга тўлиб-тошди. Аминанинг кўзлари яшнаб кетганди.
Ҳали мезбоннинг такаллуфини ҳам кутмай, Амина ҳар хил салатларни татиб кўраётганидан Ҳамиднинг кулгиси қистади.
– Нафас олиб егин, тиқилиб қолмасин, – деди ҳазиллашиб. – Шуларнинг ҳаммаси сен учун.
– Айбга буюрмайсиз, султоним, – деди қиз кўзларини сузиб. – Жориянгиз эрталабдан бери туз тотгани йўқ. Итдек оч.
Ҳамид кулиб юборди. Қизнинг очиқкўнгиллиги, қандай бўлса шундай кўринаётганидан қониқиш ҳосил қилди. Ҳозир бошқа қиз бўлганида оёқда зўрға турган бўлса-да, ўзини тўқдек кўрсатиб, ерга қараб ўтирган бўларди. Уйдаги антиқа ашёларни ҳам имкон қадар сиполик ва босиқлик билан кузатишар, ҳисларини ошкор этиб қўймаган бўлишарди. Амина эса баайни очиқ китоб эди. Унинг ҳаяжони ҳам, ҳайрати ҳам, муҳаббати ҳам юз-кўзларидан аён кўриниб турарди.
– Ичасанми? – Ҳамид столнинг ўртасида турган қимматбаҳо «Фабер» виносини қўлига олди. – Шампаннинг ўзи, фақат энг зўри.
– Ҳм… – Амина кўзларини сузди. – «Шампанский» бўлса, майли. Тўйларда, ўтиришларда, оилавий зиёфатларда бир-икки татиб кўрганман.
Ҳамидга шунинг ўзи етарли эди. Қадаҳларни тўлдириб, бирини Аминага узатди.
– Азизам, бугун 15 сентябрь. Сен билан бахтли бир оиланинг пойдеворин қўйяпмиз. Бу кунни, бу бахтли лаҳзаларни ҳеч қачон унутмайман.
– Мен ҳам… – Амина ширин кулимсираб, қадаҳни бўшатди. – Вой-ву… аччиқроқ эканми?..
Ҳамид чўнтагидан тўппончасини чиқарди. Кейин эса айвонга чиқиб, осмонга қарата уч марта ўқ узди11
Озарбойжонда шундай удум бор. Биринчи никоҳ кечасидан кейин куёв осмонга уч марта ўқ узади. Бу келиннинг иффатли эканини билдиради – тарж.
[Закрыть]. Кейин хонага қайтиб, Аминани яна бағрига босди.
– Мени… ташлаб кетмайсиз-а? – хиёл ҳадик билан юзларини Ҳамиднинг кенг яғринидан олиб, унинг масрур кўзларига тикилди. – Мени ҳар доим севасиз-а? Менга ишонасиз-а?
– Бугун қанчалар бахтиёр эканимни тасаввур ҳам қилолмайсан, – Аминанинг сочларидан ўпди Ҳамид. – Очиғи, ойинг, опанг ҳақидаги баъзи гаплар сўзлар қулоғимга чалинган. Аммо, мен сенинг тонгги шабнамдек покиза ва гулдек тоза эканингга бир кўришдаёқ ишонганман. Сенга ҳар доим ишонаман, жоним!
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?