Электронная библиотека » Жавлон Жовлиев » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Қўрқма"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Жавлон Жовлиев


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Бўлмаса-чи?

– Сендан қўланса ҳид анқияпти.

– Итлар талашди-да.

– Агар ваъдалашганим бўлмаганида сенга жон деб уйланган бўлардим.

– Аҳмоқ, сендақаларни кўп кўрганман. Уйланиб нима қиласан, кел, ман ёнингдаман-ку, жиннивой, – у менинг сочларимни силай бошлади.

– Гапимни охиригача эшит! Қизинг етим бўлиб ўсмаслиги учун шундай қилардим. Лекин ваъда берганман Лолага. Унга қасам ичганман, ҳозир Берлинда. Лекин сенга бир чиройли орзу ўргатаман. У сени ўлимдан ва бахтсизликка тўла ботиб кетишдан асраб қолади.

– Ўргат! – дея яна дераза олдига борди.

– Сени ҳеч қандай шартларсиз шу қизалоқ учунгина хотин қиладиган ёки бир кун танангни пулга сотгани борганингда чиндан севиб қоладиган мард эр чиқишини орзу қил. Фоҳишалигингни билиб ҳам, кўнгил қўядиганлар борлигига ишон. Ахир, хоин эмассан-ку Ватанга, демак, гуноҳинг кечирилади. Сен фақат танангга хоинлик қилгансан.

– Мен доим шуни ўйлайман!

– Ўша одам сени тозалаши ё сен уни ҳам булғашинг мумкин. Менинг эса севгилим бор. Яқинда Берлинга кетаман.

– Мен эса қабрга. Яқинда қон топширдим. Жигарим ўтабди вазифасини ҳаддан ортиқ.

– Қизингни менга ташлаб кет, ўтинаман.

– Уни эркаклар йўқ жойга отаман.

– Ундай қилма, ўтинаман.

Тиз чўкаман пойида, қўлларидан ўпаман. Бақириб-чақириб ўз боласига омонлик сўрайман.

Шунда барча уйғониб кетади. Улар менинг яланғоч фоҳиша олдида тиз чўкиб турганимни кўриб, кула бошлашади. “Зиқна, пулга қизғаниб тиз чўкяпти!” – деб кулади Қизтака.

Фоҳиша-да уларга қўшилиб кулади.

Ҳаммаси юзимга туфлайди.

Мен ундан ҳамон қизчани асраб қолишини сўрайман.

“Сен онасан, ҳеч қачон ундай қилмайсан, уни ахлат челакка улоқтирма!”

“Мен фоҳишаман. Ўлимни ҳаммадан кўпроқ ўйлайман. Гуноҳимни қизим билан юваман!”

“Савобингни кўмма, уни омонат қолдир дунёга. Кир ва гуноҳларга ботган оламингдан қутқаргувчи шу, нажотинг шу!”

“Йўқотинглар бу латтани, сизлар эса ухлаб олган бўлсанглар, қани, қўтирваччалар, бирин-бирин киринглар, тишлаш ва ишнинг ўртасида қочиб қолиш йўқ!”

*

Берлин.

Ниҳоят, Лола ёнимда.

Юриши, кулиши, кўзи, бурни, ориқ қўллари… ўзи… ҳа… ўзи ўзгармабди, кўнгли?..

– Салом!

– Салом!

Бир муддат унинг овози қулоқларим остида жаранглаб, бошқа товушларни ўтказмай, англатмай қўйди.

Лола тикилади, мен эса негадир маънисиз жилмаяман…

У чуқурроқ тикилади… Мен эса бақраяман.

– Нимага кулади бу одам?

Кулги мияда истакланади, оғиздан чиқади, лаблардан йўл топади.

Бу лаҳзада лабларни беркитмоқ, ҳа, жуфтламоқ шарт!

Соғинч ва ғазабдан қақраган, азобу аламдан тилинган, хатою кулфатларда тишланган лабларимни майин, ширин, иссиқ лабларига босдим.

Унинг ҳозиргина ойнакка қарамай, инглиз лаббўёғи сурилган, атиргулдай майин, шафтоли гулидай силлиқ, асалдек тотли лаблари менга боғланади, дунёмга айланади ва бу дунё лаҳзада қолган барча нарсаларни унуттиради.

Кулгини ҳам, саволларни ҳам, жавобларни ҳам, изоҳларни, тарихни ҳам, бугунни ҳам, эртани ҳам йўқ қилиб юборади.

Дунёда фақат Лола ва унинг лаблари, шафтоли гулидай силлиқ ва ширин бир олам қолади, холос…

Берлин бизни кутиб туради.

Лабларимиз борлиқни унуттиради, дунёни тан олмайди.

Биз Берлинни унутамиз, Берлин бизни эмас!

*

Тарихчи чолнинг кўзлари дўзах. Қараган одам даҳшатга тушади.

Мен тегишганим сайин қийшанглаган танаси баттар тўлғаниб, юзи қурбақанинг бақбақасидай лак-лак ўйнайди, даҳанидаги шолғомдай чандиқ қонагандай қизарди.

– Менга қара, комсомол, тфу, камолотчи… Одам деган сал ўзини билиб юриши керак. Шарманда қилма! Тарих ҳақидаги қарашларинг ғирт аҳмоқона… Тарих тушлар билан яратилмайди… Сенга устоз сифатида буни эслатиб қўйишни ўз бурчим деб биламан! Ахир, биз байналмилал халқмиз! Менга бундай саволлар берма! Замон нозик эди, шундай тарихни ёздик, бўлди, қолгани билан сенинг ишинг бўлмасин!

– Раҳмат, кечиринг минг бор, вақт ажратиб мен учун оғиз жуфтлаганингиз қолди, камина энг паст сортдаги талабаман. Лекин фикрларим сизни қизартирди. Шунга ҳайронман, сиз айтгандай аҳмоқ эмас эканман-да, мен ҳам академик, сизнинг даражангизга чиқиб қолибман-да? – ундан қандайдир зах босган омборхонанинг ҳиди анқирди. Бироз нари қочаман. У эса мендан қўрқяпти деб, баттар тутақиб керилади.

– Ўв-в, нима деганинг бу? Қаерга қараб фол очяпсан? Саксон йиллигимга атаб ким табрик ёзганини билганингда эди тикка туриб иштонингни ҳўллаб қўярдинг, чала комсомол!

– Нимага барра гўшт турганида, мурданинг фалсафасини чайнашим керак?

– Эй, кимсан сен менинг китобларимдан хато излаётган?

– Китобларингизни аллақачон қашшоқлар ҳожатхонасига ташлаш керак эди. Ёқиш керак эди совуқ кунларда қақшаб ўтирган қоровуллар ҳеч ўйланмай. Ёки истеъмолга яроқсиз таомдек, билмай еб қўйган одамни заҳарламасдан ташлаш керак этни дайди итларга. Ёки етимларга хайрия қилишимиз керак институт номидан. Ҳарна шу орқали меҳр кўрмаган бечораларнинг кети тоза бўларди ёлғон ёзилган китобларингиздан! Ҳа-ҳа, бир қошиқ айбдан мосуво бўлардингиз. Билсангиз, тарих ва ҳақиқат ҳамма нарсадан устун туради! Қурбақадан ҳам, тошбақадан ҳам… Жамиятда булар жуда кўп… Қурбақа, тошбақа ва эшакқуртлар. Кулганимга эътибор берманг, бу касаллик. Сиз тарихчисиз, рус босқинини мақтаб ёзган китобларингизни ўзингиз ёқа олмадингиз, энди қўлингизни чопиб ташласангиз ҳам, барибир бефойда. Тан олинг, йўқ-йўқ, мард одам тан олади. Ҳақиқатан, қўрқоқларгина жазавага тушади! Мен қўрқоқ мамлакатнинг чекланган фуқароси бўлишни истамайман, исқирт чол! Китобларингни тарихда қолдиришдан кўра, орқангни ўйла, ёзиқларингга кетингни арт. Ҳаммаёқ сасиб кетди, автобусда сен билан бирга ўтириб қолган талабага раҳминг келсин.

– Ўв бола, қизил гапларингни байрам кунлари телевизорингда айтасан! Кеча тухумдан чиқиб, бугун менга ақл ўргатяпсанми? Сенга ўхшаганларни ҳали ҳам бир чўқишда қочираман. Суф, сендай Ватанпарварга… Тарихни биз ёзиб қўйдик, энди ўзгартираман деганнинг энасини кўрсатаман… Эслаб қол, энангни кўрасан. Ундан кўра сен энг қадимги тарих билан шуғуллан… Сенга шу тузук… Гапларим ёдингда бўлсин! Менинг китобларимга тегинма, тумшуғингни уриб синдираман! Бу мен ёзган тарих, менинг ишим, менинг кафанлигим!

– Юзингизга тупурсам, бундай бахтга эришган талабаларнинг нечанчиси бўламан?

– Майли, тупур, бетарбия! Гўримга тупур истаганингча, аммо тарих мен ёзгандай қолсин!

– Кулгимни қистатма! Ҳатто Фиръавн ҳам сенчалик ўтмишга бунча кўп пора тутмаган. Ибодатингни қил ва вақтида ўл. Гўрков танишим бор. Юмшоқ жойдан кавлашади.

– Мен кўп яшайман, ҳали-бери ўлмайман. Тошбақалардай!

– Қарғадек де, ҳеч бўлмаса! Барибир эшакқуртлардан қочиб қутула олмайсан. Уч аср яшасанг ҳам, эшакқуртлар бир куни патларингни ҳар ёққа сочиб, миллатинг тарихини сотиб семирган ичакларинг ичида копток ўйнашади!

– Йўқ бўл, ўлдим, йўқол!

Кетдим!

Ўша кеча иситмалаб чиқдим. Яна юрагим санчди. Гўё танам огоҳлантирди – ортиқ уришма. Бу кетишда саксонга кирган мунофиқ сени кўмади.

Тонгда кўзим кетибди, туш кўрдим.

Бир одам чиқиб қулоқларим остида бақиряпти. Аммо сўзларини тушунмайман, қўлидаги қалин қоғозга ёзган сўзларнигина пичирлаб ўқийман: “Сурбетсан!”, “Хоинсан!”, “Лўттибозсан!” “Буюк Туркистонни талаб единг, тўймадинг. Хоин ўзбеклар-да чиқиб ноғорангга ўйнади, ўз уйига ўт қўйди, элини эзиб келган рус монархистларини алқадилар, аммо халқ қирилмади, ўзлигини йўқотмади. Мана, бугун Туркистон болалари Олмонияда, бир ўрис қатори, бир немис, бир поляк қатори ўтирибди, керак бўлса, ундан ортиқ тафаккур билан ўқияпти. Аммо яна сен иғво тўқимоқдасан. Наҳот бир пайтлар Петровский Оврўпага ўқиши учун бирорта талаба тополмай қолганини эсларингга олмайсан-у, “Сартлар Оврўпада нима қиладилар?” деган истеҳзолар билан матбуотда чиқасан, бошимизни букмоқчи, шаънимизни тўкмоқчи бўласан, қичқирасан беҳуда. Наҳот, хўрлаб тўймайсан?!

Ўв қорни катта жаноблар, бизни Оврўпа маданиятига муносиб кўрмаган эдингиз, бизни ким деб ўйлаган эдингиз? Айтинг, бизни ким деб ўйлаган эдингиз? Оврўпага биз муносиб эмасми?”

Талабалар ҳайратда қотишади…

Улар камситишлардан қўрқмайди, бир куни келиб қабрларга бориб тупурмаса бўлди авлодлар.

Чопонлар ечилди, турмаклар ҳам. Гўзал ва барно қизлар ҳам ўзгаришди Берлинга келиб. Мен улар билан тез-тез суҳбатлашиб турардим… Гоҳида эса қизлар гапимни эшитмас, ҳали ҳам тинмай кимларнингдир сўроқларига жавоб берарди. Мен уларнинг елкасидан босиб: “Ул замон ўтди, бўлди, тинчлан”, – дердим, йўқ, фойдаси бўлмасди… улар ёнишарди, қўрқарди ҳар соат чиқ-чиқидан ва енгил олинган нафасдан.

Талаба қиз йиғлайди:

“Германияда ўқиш учун розилик берганим – ягона айбим. Эмизикли болам ҳаққи, ҳар доим виждоним поклигини сақлаганман, қалбимда заррача ғайирлик бўлмаган, онт ичаман. Мен доим инқилоб тарафдори, соф совет қизи бўлганман. Яна нима дей, нима истайсиз?

Савол беринг, жазо беринг, ҳаммасига тайёрман, чақалоғим оч, эмиши керак. У ҳали жудаям ёш ва нимжон. Илтимос, менга уни кўрсатинг! Келаётганимда йўталиб қолганди, ҳозир қақшаётгандир бечора!

Ўқимай мен ўлай! Агар шу хатом бўлмаганида, бошимга бунчалик азоблар тушмаган ва тақдирим бошқача, бахтли кўчага бурилармиди? Адолатсизлик ва туҳматлар ичида қолиб кетаман, деб ўйламагандим!

Хоразм партия Марказий Қўмитаси бюросининг қарори билан Туркистондан Германияга кетаётган ёшлар қаторига қўшилдим. 1922 йилдан 1924 йилнинг бошларигача Берлинда бўлдим, кейин эса Дармштадтга кетдим. Шунинг учун Берлиндаги талабаларнинг сиёсий ҳаракатларига аралашмаганман. Ёлғон гапирсам, Худо урсин!

Айбсизлигимни қанча такрорлашим мумкин сизларга, шунчалар ҳам бағритош бўласизларми, сизларни ҳам она туққандир, ит туғмагандир!”

Қиз бақиради, ҳақоратлайди, сўнг оч қолган боласи ёдига келиб, яна ёлворишга тушади:

“Илтимос, боламни беринг! Биз фақат илм олиш билан банд эдик, барчамизнинг ниятимиз Оврўпанинг фан ютуқларини ўзлаштириб, юртимизга қайтиш, билганларимизни оддий одамлар яхши яшаши учун сарфлаш эди. Яна айтаман, бизни фақат юртдошлик ҳисси ва ўқиш бирлаштирарди!

Мақсад ва режалар ҳақидами? Кетаётганимизда бизнинг олдимизга қўйилган ягона вазифа “Европа илм-фанини қувиб етиш ва ундан ўтиб кетиш” эди. Бу мақсаддан бошқа нарсани билмайман! Ҳатто тасаввур ҳам қилиб кўрмаганман, туну кун ўқиганмиз! Оврўпалик сабоқдошларга етиб олиш учун ғайрат кўрсатмасак бўлмасди. Китоб титиб, тўрт соатдан нари ухлаганимиз йўқ!

Сиз менга тиқиштираётган сиёсий ҳаракатлардан хабарим йўқ. Мени қандайдир “Озод Туркистон” аксилинқилобий-жосуслик ҳаракатига аъзо бўлиб, Германияга агентлик қилгансиз, деб айблаяпсиз. Мен ҳеч қандай ташкилотга қўшилмаганман ва бундай уюшмалар борлигини шу ерга келиб, сиздан эшитиб турибман. Эмизикли қизим бор! Ҳозир бечора чирқиллаб қон йиғлаётгандир, илтимос, мени озод қилинг, ҳеч бўлмаса, боламга одам юборинг, эмизиб берай, ўтинаман сиздан, эмизай…”

Гўдакка ўзим бориб сут тутгим келади. Аммо у онасини қўмсайди… чирқирайди… Чақалоқ дунёни уйғотмоқчи бўлади, аммо бутун Хоразм Ичан қалъа ичида қолган, Дишан қалъага мўраламайди.

*

Хонадошларим овқат қилишга ҳам эринади. Тўйиш ҳам ёқмайди, оч қолиш ҳам, умуман ҳеч нима маъқул эмас ҳаётда!

Бир ҳафта бурун ош қилгандик. Ҳали ҳам музлаткичда турган экан. Қовурилган гуруч егандек ғичирлатиб ўтирдик тонггача музлаган сарғиш паловни. Ном қўйдик унга бекорчиликдан – музпалов. Бу тугаса, яна ош дамлаймиз ва яна… ҳафталаб қорин тўқ, қора қозон дам олади.

Музҳаётга – музпалов!

Қоравой эса навбатдаги уч соатлик чўмилишга кириб кетган.

– Рангим менинг азобим бўлди, оқаришим керак, жўра! Шунинг учун ўқишга киргандим. Бўлмаяпти, ювинишни кўпайтирмасам, ўзимни институт кираверишига осаман.

Чўмилиш хонаси аллақачон кўз ёш тўкарди, девор шифтлари, тўзиб қорайган сочиқлар, устига ўрисча ёзилган атир совуннинг жимжимадор қоғоз қутиси. Эскиркиб чириган, уч-тўрт жойидан ямалган жойлари бўртиб яранинг ўрни каби қолган қувурлар, тепадан сув томиб кўчган оҳак бўлаклари, ислиқиси чиққан шолча, ҳамон сув тутиб турган бурунги челак – бари кўз ёши тўкарди уч соатлик чўмилишдан сўнг.

Инсон тушларининг сценарийсини ким ёзса ҳам, ўта чаласавод ва фабула қоидаларини атайлаб бузади.

Ҳаётим фабуласи ҳам тўзиган.

Мудрайман.

Олмонияга шошади хаёллар.

Оқ рояль олдида бир гўзал қиз. У жуда чиройли, аммо куйни расво қиляпти. Хаёли ўзида эмас, соғинчи Тошкентгача чўзилган. Унинг ўзбек талабасидан қизалоғи бор. Жонидан ортиқ севади ҳар иккисини. Клавишдаги нозик бармоқлар титраб соатлаб жим қолади рояль, мен унга ҳавас-ла термиламан. Хушбўй ифор келади. У шунда тўсатдан ўрнидан туриб, деразага ташланган пардаларни сидиради бир томонга ва уч оёқли чех столига ўтириб ёза бошлайди:

“Жоним, омонмисан… Кўп соғиндим, жуда кўп азоб тортяпман, ҳаётимдан тартиб ва мазмун йўқолган, соғлигим ҳам дуруст эмас.

Севаман, севаман, севаман…

Сенга бу гал изҳору аламлар битилган нома эмас, бир сурат ҳам жўнатаман. Қизингнинг сурати. Катта бўлиб қолди. Вақти келиб, уни Берлиндаги энг яхши мусиқа мактабига бераман. Биласан-ку, болалигимда мусиқачи бўлишни орзу қилардим. Сенга ҳам бирор нима чалиб берганманми ёки йўқ? Ёмон чаламан, шунда ҳам дадам мени мақтайди. Сендан уялган кўринаман. Энди қизимни зўр мусиқачи қилмоқчиман, амалга ошмаган орзуларимни унда кўришни истайман.

Мени нега бунча қийнайсан?!

Айрилиқ юрагимни тимдалаб ташлади.

Сенсизлик оғир, жуда оғирлик қиляпти менга…

Хастаман, биласан, аммо сен ўйламайсан?! Бир йил ўтмай, ёнингда бўламан, Берлинга қайтаман, дегандинг, шунча вақт ўтди, келмадинг, келмаяпсан? Қўрқяпман, жуда қўрқяпман!

Энди бутунлай кўриша олмасак нима бўлади? Худо сақласин! Ўйлашга ҳам қўрқаман!

Берлинда алғов-далғов хабарлар урчиб кетди. Янги ҳокимият пайдо бўлди, бошраҳнамо – фюрернинг нима қилишини, қандай ниятда эканлигини ҳали ҳеч ким билмайди. “Германияга катта бахт олиб келаман”, – деб ваъда беряпти. Кўп ҳам сиёсий найрангларни тушунмаганим учун бу борада ақли ноқисман. Кўчага кам чиқяпман, ҳар хил хабарларни газета, радиодан эшитаман, ошкор этилмайдиган сирларни эса отам ишдан қайтганда айтиб беради. Ҳар замонда сенинг юртдошларинг, туркистонлик талабаларни кўриб тураман. Улар кўзидаги аввалги қувонч, умид нурлари сўнгандай, ўрнини ваҳима, таҳлика ва қўрқув тутгандай туюлди менга. Сабабини айтишмайди. Тахмин қиламан. Ҳа, яна яҳудий кампирдан эшитдим, бир юртдошинг уйида ижарага турган экан, исмини эслолмадим. Ўша хотин: “Ҳар тарафда советларнинг хавфли айғоқчилари, қотиллари изғиб юрганидан туркистонликлар кетиб қолишяпти”, – деди. Шуни эшитишим билан сендан хавотирга тушиб қолдим. Сени қўйиб юборганимга минг пушаймон бўламан, ўзимни қарғайман! Бир томондан, бу ерда авж олган миллатчилик ҳаракатлари, иккинчи томондан, юртингдаги қатағонлар барчанинг қалбига хавотир ва қўрқув солиши табиий. Таҳликали даврга тўғри келди бизнинг кунларимиз, азизим! Турли сиёсату ҳукуматларнинг манфаатлари деб, яна ер юзида қанча одам қурбон бўлиши керак, нечта дарё оқиши керак инсон қони билан, оҳ асабларим тамом бўлди! Сен тезроқ кел, ҳеч ким билан зиддиятга борма, бир йўлини қилу Берлинга жўна, оиланг олдига!

Қара, қизинг ҳам катта бўлиб қолди, у ўзининг қора қош отасини сўрагани-сўраган. Иккимиз ҳам сенинг йўлингга интизормиз, азизим!

Бу ердаги вазиятдан хавотирланма, биз қонуний эр-хотинмиз, отам бизни ҳар қандай балолардан ҳимоя қилишга қодир инсон – ҳукумат одами.

Тезроқ қайт, ичган онтингни унутма!

Сени жонидан ортиқ кўрувчи қизинг ва севгилинг!

Ҳа, айтганча, қизалоқ сенинг исмингни тўғри талаффуз қилишни ўрганди.

1934 йил. Берлин.”

Хушбўй ифор таралади аёлдан, сўнг у ёзган ҳижрон хатидан.

Куламан, қаттиқ куламан… Немис қиз йиғлайди. Шунда отаси келиб қолади. Эшик олдида қизига сездирмай уни кузатади. Боласига ичи ачийди. Сўнг чидай олмай қизини бағрига босади.

– Самарқандга кетгим келяпти, ота!

У ҳеч нима демайди, сўнг қизи яна узоқ йиғлайди.

Ота уни бақувват қўллари билан бағрига босиб тураверади. Худди ҳозир қанот чиқарадию, Самарқандга учиб кетадигандай.


Самарқанд, сенга интилганлар минг…

Аммо етганлар кимлар? Ўша нафси бузуқ ҳиндни улоқтирган ахлатга ўзим ҳам калла отишим керак.

Мен шунга муносибман.


Самарқандга мактуб!

“Сизнинг газетага берган мақолангиздан руҳланиб, биз ҳам миллат болаларининг ўқиши учун бир улуш қўшишга шайланиб, орзуланиб турибмиз. Зеро, Туркистон йигит-қизларининг Оврўпага таълим учун кетаётгани биз учун катта бахт. Халқ учун нурли кунларга ваъдасидир! Шу мақсадда сизга маълум қиламизки, биз Шерматбой Нуруллоҳбой ўғли, Жовлибой Олимбек ўғли билан бирга Каттаариқ бўйларидаги ерларига кўклам нима қадалган бўлса, барчасининг ҳосилини “Кўмак” ташкилоти учун аташни ихтиёр этдик.

Шул сабабдан ташкилотнинг Самарқанддаги вакилларини ҳисоб-китоб қилиш учун чақирамиз. Насиб қилса, талабаларга бундан кейин ҳам катта-катта туҳфаларимиз бор! Иншааллоҳ, дуолар қабул бўлсин. Эл болаларига Худо ёр бўлсин! Яхши кунлар ваъдаси бўлсин!”

Пичирлаб такрорлайман сўзларни: “Талабаларга мадад беринг!”

“Мен улар учун гадойликка чиқдим, сиз уйдан чиқинг, сандиқни очинг!”

Сув шариллайди, телефон тинмайди, кимдир ўлгандек сасийди, ҳатто неча ойлаб очилмаган деразалар қимирлайди.

Қоравойга дейман:

– Бутун дунё суви сени оқартириш учун бизнинг хонага оқмоқда.

– Ваннани буғлантириб юбординг, демоқчимисан?

– Қанийди фақат шундай бўлса. Дунёни бўғяпсан!

– Мен оппоқ бўлишим керак, жўралар. Жонга тегди қоралик, бирорта ҳам кийим ярашмайди. Шаҳарда ўқигандан кейин ўзгариш ҳам керак-да!

– Сен баҳорида совуқ урган ниҳол баргига ўхшайсан. Совуқ юзингни қора қилган. Минг ювганинг билан барибир мева бермайдиган оғочсан.

– Фалсафани қўй, жўра, менга мева нима керак. Қизларга ёқсам бўлди.


Қизлар. Бугун уларни чорлаб турувчи ҳамхонамиз – Қизтака ўқиш пулини тўлай олмади. Ҳайдалишини кутиб ётибди. Агар бир йил давомида фоҳишага сарф этилган пулни ўқишга тўлаганида… Аммо биз нафсни ҳеч хафа қилмаймиз, бизга бачканалик, гуноҳлар, фоҳишалар ва улардан қолган исқирт доғлар керак.

Бундан ташқари, фоҳишалар ҳам боласини боқиши керак-ку!

Ҳар йили мамлакатда минглаб талабалар ўқиш пулини тўлай олмагани учун институтлардан ҳайдалади.

Ҳар йили яна ўн минглаб талабалар фақатгина отасининг пуллари бўлгани учунгина ўқишга киради ва диплом олади.

Ҳар йили юз минглаб оталар боласини ўқитиш учун қулликка рози бўлади.

Ҳар йили яна шунча оталар боласи учун пора олади, давлат сирларидан кўра ҳозир азизроқ бўлган бойлигини талон-торож қилади.

Ҳар йили минглаб ўқитувчилар бир тийинга қиммат илмий ишларини ёқлайди ва шу илмни талабаларга пуллайди.

Ҳар йили қанчадан-қанча қизлар фақат ўқиш пули учун ўзини сотади.

Ҳар йили минглаб оналар боласини ўқитиш учун ўз жигарини даволатишдан воз кечади.

Ҳар йили неча ёш ўқишга пул топиш учун Ватандан чиқиб кетади.

Ҳар йили… ҳар йили шу аҳвол янги бўлади. Яшаради, тозаланади ва такрорланади.

Қиз зориллайди:

– Она, нега касалхонага боришга кўнмаяпсиз?

– Кет ўқишингга дедим сенга.

– Ёниб кетсин шу ўқиш. Менга сиз керак, ўлиб қолсангиз, қандай чидайман!

– Менга сенинг дипломинг керак. Яхши жойга келин бўлиб тушасан.

– Ўлсангиз ундан ҳам кўп пул кетади.

– Ўлмайман ҳам, даволанмайман ҳам, сен тугатгунча чидаб бераман.

– Она, жигарингиз қуриб боряпти… Она…


Курсдошим талаба-мардикор. Унинг онаси ҳам касал, жигари қуриб бораётганмиш.

Тарихни билмайди-ю, девор шувашни, гулқоғоз ёпиштиришни эплайди. Аммо диплом керак касал онаси учун.

– Бир кун келиб катта одам бўлишим керак. Бўлмаса, энам чеккан азоблар бекор кетади. Онам мана бу лаънати ўқишни деб ўляпти.

– Сен шунинг учун ҳам кўп нарсани ўрганишинг керакмасми?

– Шундай, аммо менга пул керак. Қишлоқдаги ягона докторнинг пластик картасига ҳар ой миллион сўм ташлайман. Онам даволанади. У текин, давлатдан деб ўйлайди, давлат қаерда беради, аслида бари шу мардикорчиликдан.

– Онанг ўқишинг учун ўляпти.

– Мен эса онам учун ўляпман! Минг лаънат бу институтга!

Ҳар йили минглаб талабалар ўқишни тугатади.

Аммо уларнинг кўксини ёриб кўрсангиз, фақат ичак бордай, узун ичак… “Ейман, ейман, ейман”, деб қўлни тирнаб тишлайдиган каттакон ичак ва тишлар!

*

Чўлпон хаёлни нақадар тиниқ тасвирлаган: “Хаёл. Хаёл. Ёлғиз хаёл гўзалдир, Ҳақиқатнинг кўзларидан кўрқаман”. Нақадар қўрқинчли ҳақиқатнинг кўзларига қарамоқ! Германияда фақат миллат, келажак учун ўқиган ёшларнинг аянчли тақдири наҳот жон куйдиришга арзимайди?!

– Қўйсанг-чи эски-туски гапларингни? Макарон қайнатинглар, музпаловдан безор бўлдим, – дейди ўқишдан ҳайдалаётган ҳамхонам.

Телефончи турмайди, телефонга тикилганча тошдек қотиб қолгандек туюлади. Фақат овқат пишса ва қизлар келса, қимирлайди танаси, холос. Шунда яшаётган мавжудотлигини пайқаймиз.

Қоравой чўмилади, чўмилади, ҳатто сувнинг кўнгли айниб кетади ундан.

Бузилади уни кўриб соч қуриткич. Уни кўриб жирканади хонамизга билмай кириб қолган тоза ҳаво.


Туркистон талабалари-чи?

“Биз улуғ давлат қурамиз!”

“Биз улуғ давлат қурамиз!”

Шу ният уларни бирлаштирди ва бошига етди, кафанлик орзу бўлди.


– Мен ҳали шундай катта одам бўлай! – дейди ўқишдан ҳайдалаётган Қизтака. – Ҳамманг бугун устимдан кулганингга минг пушаймон бўласан.

– Қачон кулдик?

– Ичингда хурсандсан, Қоравой… Сен эса доим кулгансан.

– Мен йиғлашни билмайман. Бўлмаса, кўз ёшимга тўларди хона.

– Йўқ, мен ҳали шундай катта одам бўлай, ҳаммангни қақшатаман. Мени ҳайдаётган деканнинг қизини…

Туркистон талабалари тунлари пичирлардилар: “Ё Аллоҳ, миллат учун ўқишни насиб айла, ўзга ниятни ўлдир, ҳаром эт бизга!”


Билмасмидинг сенинг гапга мойил оналаринг ҳар маҳал ҳам бундай фарзандларни туғавермаслигини? Бир сенга замон келган, Худо берганди!

Фарзандларингни асраб қололмадинг! Фоҳиша ўз боласини ҳирсдан асраб қолмаганидай.

Сен ҳам уларнинг отилишини томоша қиласанми, жим, пиёладаги қора соянгни пуфлаб?


“Бирма-бир отамиз барини, халойиқ! Илоҳим, бундан кейин хотинларинг эркак эмас, бир туюр қўрқув туғсин, муҳаббатларингдан бино бўлсин фақат ширин жон хунасалар!!!”

Шунда бир девсифат йигит отилиб чиқади майдонга. Унга тиш ва милтиқ қайрайди қизил нозирлар: “Ҳа, сен қаҳрамонлик қилмоқчимисан?..” “Йўғ-а, битта элнинг бахшиси қочиб кетаётган экан, шуни ушлаб келдим, типирчилашини қаранг!” – дея оёқлари остида ётган миллат шоирини тепкилайди қўрқувдан.

“Қаҳрамонингни ўзинг от. Пешонасидан ва авратидан!”

“Отавераман, менга нима фарқи бор!”

Халқ эса “томоша кўрар жим!”55
  Шоир Шукур Қурбоннинг бир сатри.


[Закрыть]

“Кунларингни қарит хоинлик билан! Ўлсанг, ўзга ерда ҳам бир кетмон тупроқ топилади!”

“Жирканаман барингдан, йўқол!”


Излай-излай, ўша талабаларнинг бир авлодини топдим.

Қариган, аммо ҳамон қўрқарди тузумдан, ҳибсдан ва ўзидан.

Телефон қилдим. Тутаб кетди. У аллақачон юз килограмм қуртлаган гўштга айланганди.

– Мен сизни бир йил қидирдим. Ниҳоят топганимда сўзларимни тингламаяпсиз!

– Мендан нима истайсан, тинч қўясанми ёки… “02” га телефон қилайми?

– Отангиз ҳақида гаплашмоқчи эдим. Илтимос, кўп вақтингизни олмайман.

– Отам учун тортган азобларим етиб ортади. Қолгани ортиқча. Бечора акам ва опам ўлиб кетишди терговларга қатнаб. Энди менинг бошимни оласанларми? Саксонга чиқдим, шундоғам ўламан, тинч қўйинглар! Қамаб нимага эришасан мени?

– Кечирасиз, сизга ёмонлигим йўқ. Мен махсус хизматданмас, йигирманчи йилларда Германияда ўқиган туркистонлик талабаларга оид саволларим бор эди? Отангиз ҳам улар сафида бўлган-ку… Жон момо, гаплашинг, сиз ҳам ўлиб қолсангиз, билганингиз тупроққа сингиб кетади. Эшакқуртлар эса тингламайди, этингизни кавшайди, холос.

– Ҳамманг бир гўрсан, аввал ҳам аллақандай Шойим дегани пайдо бўлганди: “Отанг билан қамоқда бирга ётганман”, деб уйимизга кириб олди. Содда онам марҳумнинг ҳурмати деб навниҳол опамни унга қўшди. Бир хонани уларга бўшатиб бердик. Билсак, отам аллақачон отилиб кетган, унинг ўзи эса жосус экан. Опамни ҳомиладор қилди-ю “Мен давлат одами, ғинг десанглар қириб юбораман”, деб кетди-қолди. Сенинг ҳам мақсадинг аниқ, мени алдайсан-у, совет турмасига юборасан. Зўрлайсан, бардош бера олмайман. А-а, овозинг чиқмай қолди, тилингни ютдингми, топдим-а дардингни?! Отамни тинч қўй, аллақачон отилиб кетди бечора, қандай ўктам йигит бўлган! Германияда ўқигани бошига етди. Энди менга телефон қилма! Эшитдингми, юрагимни ёрма. Сталинга аллақачон тавба қилганмиз.

– Ахир, ҳозир мустақилмиз. Ҳеч кимдан қўрқманг!

– Ишонмайман, бари ёлғон ваъдалар!

– Эсингиз жойидами ўзи, бирор-бир набирангизга беринг телефонни!

– Мустақиллигинг билан ишим йўқ. Мени тинч қўй, юрагим чатоқ. Сенларни биламан, совет турмасига тиқмоқчисан…

– “Отангиз тирик”, – десам ҳам ишонмайсиз-а?

– Ана, кўрдингми? Ўзингни фош қилдинг…

– Ҳа, фош қилдим… Отангиз тирик ҳали ҳам…

– Қандай қилиб, мен саксонга кирдим-ку, у… алдама, номард!

– Ўлигини кўрганмисиз?

– Йўқ!

– Нега бўлмаса ишонмайсиз тириклигига, ҳеч бўлмаса умид қилмайсиз. Ҳатто мен, ғирт бегона бўлсам ҳам, ишонаман тириклигига! Сиз отангиздан қўрқасиз.

– Чунки у “халқ душмани”. Ит кунлари тушди бошимизга. Менинг ундай отам йўқ.

– Ана, масала шунда. Кўзларига қарашга ботина олмайсиз. Мабодо отангиз тирик келганда ҳам эшикдан кирмасидан ўзингиз биринчи бўлиб бошига темир чойнак билан уриб ўлдирасиз. Чунки сиз қўрқувсиз ваҳимага ҳомиладор. Гапим йўқ сизга. Отангиз эмас, сиз аллақачон отилган бир мурдасиз.

– Ўлим тилама менга, ҳали қўрқув ичра кўп умр яшайман…

*

Ўзига ачина бошлаган одам қўллари толиққани учун сувга чўкаётган одамга ўхшайди.

Мен ўзимни унутишни истадим.

Тушлар – кучларимга айланди.

Мен ухладим – туш кўришга, талабалар билан дийдорлашиш учун ётдим.

Қўлимдан ортиқ бир иш келмаслиги нақадар даҳшат.

Базм бошланди.

Мен бир умр кўришни истаган миллат шоири Чўлпон келди у ерга.

У тасаввуримдагидан кўра бахтиёрроқ кўринарди, гўё ҳеч қачон Ватан учун отилишини хаёлига келтирмагандек.

Замонасидан илгарилаб кетган инсон.

Айни базм қизиганда кириб келди ва барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Чўлпон ортиқча гапирмади, шеър ҳам ўқимади, минбарга чиқиб, Германияда ўқиётган туркистонлик талаба Абдуваҳоб Муродийнинг ўзига ёзган хатини ўқиб берди.

Талаба тирикликни таъминлашга маблағи қолмай қийналаётгани, агар юртдошлари ёрдам бермаса, ўқишни давом эттириши мушкул эканлигини билдирганди. Чўлпон барчага таъсир эта оларди. У мактубни ўқиб бўлгач, даврада бир тўлқин пайдо бўлди.

Кўмак тўлқини эди бу!

Чўлпон элни бир ёқадан бош чиқаришга даъват этиб “Ватаннинг бир боласи илм оламан, деб турса-ю, пул сабабли ўқишни ташлаб кетса, бизнинг туркий миллатимизга, шаънимизга уят, шармандали ҳол эмасми?!” – дея барчани ёрдам беришга чақирди. Шу ернинг ўзида тошкентлик гап-гаштакчилар ҳар ой маошларининг йигирма беш фоизини четда ўқиётган талабалар маишатлари учун ажратишга ваъда берди. “Агар сариқ чақаси ёнимизда қолса, болаларимизга ҳаром бўлсин!” – деди азаматлар. Бундан ташқари, шу пайтгача эшик ёнида жим турган калта соқол бир киши (мен унинг кимлигини аниқлай олмадим) ҳамёнидаги бор пулни талабалар учун бағишлади. Ҳатто уйга кетиш учун бир-икки чақа олиб қолишга ҳам кўнмади. Шунда ҳамма унинг миллатпарварлигига таҳсин айтди. Аммо мен йиғилаётган пулларга улуш қўшолмадим. Киссамни кавладим, бир сўм ҳам чиқмади. Шармандалик!

Яна бир актёр менинг аҳволим каби мулзам тортди. Чунки бир ҳафта бурун театр труппаси Марғилон сафаридан қайтиб келаётганда босқинчиларга дуч келган, уларга барча ақчаларини олдирган экан. Кейинги ҳафта алоҳида томоша кўрсатаркан, унда бой ота ўзининг ноқобил ўғли томонидан ўлдириларкан. Шу томошадан тушган пулнинг ҳаммасини талабаларга бағишлашга ваъда берди. Ўша куни чўнтак кавлаёлмаганимга жуда уятли бўлдим. “Ақчаси йўқнинг сўзи йўқ”, деганларидай тортиниб бир чеккада гап қўшмай турабердим, шунинг учун кўпнинг юзини яхши кўролмадим. Шундан сўнг Чўлпон бир адабиёт кечаси ҳам ўтказди, унинг мухлислари кўплигидан чипталарнинг барчаси сотилиб кетди.

Тушган маблағларнинг барчаси Германияга Москва орқали жўнатилиши айтилди. Бунинг ҳисоботи матбуотда ҳам бериларкан.

Кечаси билан саргузаштлар ичра кезасан, тонгда эса бошинг ғовлагандай гарангсийсан, ҳеч кимни кўргинг келмайди, бирор-бир овоз ёқмайди. Ҳамма сенга душмандек, худди ҳаммаси сени машъум 1937 йил томон бошлаб кетаётгандай.


Уйқунинг кўпи уйқуни чақиради.

Биз қанча кўп ухласак, яна шунча ухлаймиз!

Агар ўзимиз уйғонмасак, кўзларимизни ўзимиз очишни истамасак, биров қовоқларимизни узоқ ушлаб тура олмайди. Худди кўп овқат еганинг сайин ошқозонинг ҳам кенгайиб боргани каби уйқу оламинг ҳам каттариб бораверади. Сен мудроқлик билан дунёни эгаллайсан!

Қорин ғамида картошка қовураётган ва бу гал сўраганидан юз минг кам пул жўнатган ота-онасини сўкаётган телефон жиннисини тутиб ургим келади. Аммо уйқудан қизғанаман. Жирканаман туришдан, хонада фоҳишанинг ўлик боласи ириб ётгандай нафас олгим келмайди.

Кимдир мени ҳам бу дунёга картошкадек қовуриш учун туширгандай!

Уйқуга кетасан, турасан, яна ухлайсан ва яна кўзларинг очилади.

Бу сафар ёғ ва картошка жанги оч қорнингни ғижимлайди, бир он ожиз тананг силкинади, аммо барибир уйқу сенда ғолиб, мудроқлик қонингда музаффар.

Оврўпача кийинган ўзбек боласи сенга Олмониядаги мактабларни мақтайди. Сўзлари равон, нигоҳида куч бор.

Картошка ҳиди ва она қурсоғига тушмаган болалар инграши ҳам йўқолади, қорин ҳам оғримайди, олдингда Берлин мактаблари кўринади. Ёруғ ва иштиёққа тўла дарсхона.

Йигитча тинмай жаврайди, сен уни мазали таом егандай ҳузурланиб тинглайсан: “Олмонияда мукаммал режага бўйсунган мактаблар бор. Ҳар бир мактаб – бир дунё, янги олам. Ҳар бир ўқитувчи – ихтирочи. Болаларда ихтиро қилишга хоҳиш зўр. Оҳ, бу жуда ҳавас қиларли ҳолат! Шундай бўлар экан, Олмония гулламай, мудраб ётган Туркистон гулласинми! Биздаги бойқуш уясининг ҳолига келиб қолган мактабларда одамлар болаликдан ўлим учун тайёргарлик кўради. Бу дунё учун эмас, фақат у дунё учун илм йиғади. Натижада, обод еримиз ўзгаларга тортиқ бўлди, ўзимиз эса хароб бўлдик, хору зор бўлдик. Илмдан, маърифатдан қайтдик, жаҳолат томон қочдик!”

Кимдир мени туртади: “Картошка пишди, турсанг-чи…”

“Қоч, йўқол!”

“Ҳозир тугайди, тур!”

“Индама, жойида очдан ўлсин!”

“Бир мен эмас, барчамиз шу ерда ўламиз!”

“Ўзингдан кўр, очдан-оч қолавер!”

“Олмонияда шундай мактаблар борки, мен сизга…”

“Яна бошлади, энди соатлаб вайсайди, туғма жинни бу…”

“Қараманглар, енглар, бугун бир ёши каттароқ аёлни чақирганман, уни тўйдириш учун ўзимиз тўйиб олишимиз керак!”

Мен куламан… Уларни итараман, ҳайдайман. Қорним оч, аммо тушимнинг давомини кўргим келади. Яна уйқу уйқуни бошлаб киради. Бу гал оқ халат кийган бир талаба ҳовлиққанча келиб ёқамдан олади: “Уч ярим миллион бола ўқиш ёшида бўла туриб, мактаб йўқ. Оддий касал бўлса, тузалишга хоҳиш йўқ, имкони йўқ. Ҳозирги оғир кунимизда туғилган болаларимизнинг 30-40 фоизи гўдаклигидаёқ ўлиб кетяпти66
  1920-йилларда Туркистонда туғилган чақалоқлар ҳисоби бўйича.


[Закрыть]
. Наҳот, булар сизни ўйлантирмаса, азобга солмаса, виждон қийноғига ташламаса? Халқингиз бу ҳолда бўлиб, сиз қандай ишрат билан тонгни оттирмоқдасиз? Қайси виждон билан болаларингизга боқмоқдасиз, қандай тупроққа кирмоқчисиз? Ахир, ҳозир ХХ асрнинг илк чораги, бу кетишда юз йилдан кейин қай ҳолга тушамиз?”


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации