Текст книги "Қўрқма"
Автор книги: Жавлон Жовлиев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Бақириб юбораман: “Мен картошкадан нафратланаман, картошкахўр талабалардан ҳам, ўлаётган чақалоқлардан ҳам, ҳожатхоналардан ҳам, боласини телефонга сотаётган оналардан ҳам…” Хонадошларим кулиб юборади… Мен эса тебранаман… Улар мойли қўллари билан пешонамни ушлаб кўришади…
Сувараклар ўрмалайди ичимга. Уларни ўлдиргим келади. Аммо тушларнинг давомига қизиқаман.
“Ғафлат ғафлатни етаклаб келади”, дерлар!
Мен уйқуда бахтиёрроқман.
Талабаларим ортидан от соламан: “Тўхтанг, дўстлар!”
Самарқанд чўккан, Бухоро уйқуда.
Талабалар кўринмаяптими?
Орол… ҳа, Орол денгизига учаман!
Қирғоқлари бўйлаб кетишяпти улар. Хабар берар денгиздан айрилган денгизчи қушлар. Қани, эй шавкатли денгиз шамоли, нега тарк этдинг бизни?..
Хонадошларим кулади, қотиб-қотиб, ётиб-ётиб. Кейин Қоравой ишшайганча шундай дейди: “Ваннага кираман, денгиз бўлади ҳаммаёқ!”
Сўнг улар барча нарсадан зериккандек масхаралашдан ҳам чарчайдилар тез. Ва ҳаммаси ўз мақсади томон одимлайди. Телефон, қиз ва муздай сув.
Сув қани, қани? Наҳот шунча сувни ер ютган бўлса?
Орол, ким бағринг ёрган бўлса, ўзим жазолайман, ернинг ёриғини мен ямайман, фақат менга талабаларимни топиб бер, сенга сувни қайтараман!
Орол суви тошади.
Оролни қаранглар, балиқларнинг катталигини… Сув қайтибди, сулувлар!
Уф-ф, тезроқ келса эди эрига тўймаган аёл!
Устимдан совуқ сув сепишади, ёғли қўллари билан шапатилайдилар, уйғонмайман. Қайт қиламан очлик ва жирканч муҳитдан.
Сув бетида ёғ расм чизади. Орол пайдо бўлади кўзларимда, ёғли қўллар ясаган орол!
Денгизнинг муздек сувида чўмиламан. Наҳот шундай катта бойликдан маҳрум бўлганмиз…
Чўзиламан сувга.
Оғзимни тузга тўлдираман, сўнг жавоҳирларни йўқотиб қўйишдан қўрққан сайёҳдек ютаман ютоқиб. Денгизга ташлайман бор ҳасратимни. Тошлар отаман ўзим ета олмаган тубига, сўнг балиқларни чақираман.
– Оролни қайтаринглар, балиқлар…
Сўзим ўзимга акс-садо бўлиб қайтади: “Оролни қайтаринглар, наҳанглар!”
Тўхтамайди акс-садо.
Қумга йиқиламан.
Денгиз чайқалиб, оёқларимни ювади. Нега шўр бунча, сассиқ… ёқимсиз ҳовур, худди нафрат этганидан Орол бобо оёқларимга пешоб ағдараётгандай.
Мен тўлқинлардан етмиш талабани дараклайман.
Жим.
Саҳрога айланади сўзларим.
Сўкаман. Орол тўлғанади ҳақоратимдан.
Денгиз нимага керак тўлқин ҳовурини унутган халққа.
– Наҳот, шунча одам ташлаб кетган бу юртни, сен ҳам тарк этсанг? Денгиз дегани одам эмас-ку, туғилган жойида тошмайдими у?
– Юзингга тупуриш учун қолишим мумкин.
– Қури, кет, бўлак саволим йўқ, Орол бобо!
– Қачон қайтишимни сўрамайсанми?
– Биз ўзликка қайтсак, сен ҳам қайтасан. Аммо йўлни сира кўрмайман.
То Ой чиққунча шу ерда қоламан, йўл қидираман ўзликка.
Денгиз тўлғанади… Шунда уларни кўраман, ана ойдинлар.
Ортидан чопаман. Ҳой, барака топкурлар, тўхтанглар!
Улар Оролга қараб бақиради, Оролга қараб бир-бирига аҳднома ўқийди:
– Дунё билсин туркистонлик талабалар ҳам ҳеч кимдан қолишмаслигини, фикрли, ихтирочи, улар ҳам илмсевар эканлигин англасин!
– Биз шундай ўқийликки, тимсолимизда енгиб бўлмас миллат иродаси, шижоати, кураш ва зеҳнияти аниқ-тиниқ кўриниб турсин. Биз шундай ўқийликки, эртага ортимиздан минглаб болалар бошини тик кўтариб ўқиш учун Олмонияга келсин ва Туркистон ихтиролари дунёни тутсин! Биз шундай ўқийликки, бир кун келиб Ватанимиз Оврўпа мамлакатлари билан бўйлашсин, одамларимиз оврўпаликлар каби фаровон ва озод яшасин! Биз шундай ўқийликки, Аллоҳ биздан рози бўлсин! Биз шундай ўқийликки, юз йиллардан сўнг эмас, бугун миллатим тараққий этсин, бугун ҳурликка етсин, бугун инсонларнинг қорни тўйсин, бугун дунё танисин! Биз шундай ўқийликки, дунёни бизнинг маърифат ўзгартирсин!”
Бу гаплардан Орол тошади ва уларни ўзи билан олиб кетади.
Кўринмай кетди тўлқинлар ортидаги тўлқинлар.
– Мени ҳам ютиб кет, Орол! – дейман ҳайқириб.
– Ҳазар қиламан сенлардан. Ўлигингни ҳам кўрмай, деб чўкиб боряпман ўзимга ўзим.
Шу сўзни айтади-ю, бирдан Орол қурий бошлайди.
Талабалар ортидан чўкиб боради ўзига ўзи. Балғамлар сузади, Орол тонади ўз она тузидан.
Талабаларимни қайтар!
Орол эса кўзимга тупуради – қум сочади.
Шу ерда йиқиламан.
Орол эмас, биз қуриб борамиз.
Тўнғич амаким телефон қилиб уйғотиб юборади, ғойиб бўлади қуриган Орол.
– Бобонг сенга ташлаб кетган қўйларни ҳалолладик. Жигари қуртлаб кетган экан, сўйиб олдим. Пулини келсанг, қўлингга бераман, жиян…
– Йўқ, пулни эмас, ўша қуртлаган жигарларни бир челакка солиб жўнатинг.
– Нима, менга ишонмаяпсанми? Дарё бўйидаги ажриқлар қуртлаган экан, қўйлар ундан ебди, ҳаром билиб кучукка ташладим.
– Итга раҳмингиз келмадими?
– Ўчир овозингни. Нимага гарангсирайсан? Ҳали ҳам ухлаб ётибсанми? Бу туришда қачон катта одам бўласан. Туманга ҳоким бўлиб келишинг керак. Мен ҳам орқаларингдан керилай!
– Мени ҳам кучукка ташланг, ака…
– Ичганмисан?..
– Туш кўраётгандим, бузиб юбордингиз. Балки, Оролни кўндирган бўлардим.
– Нимага?
– Қайтишга!
– Тушингда қайтади. Эсингни йиғ, энди бобонг ташлаб кетган қўйларинг ҳам йўқ… ишла… нон топ!
– Орол талабаларни ютиб кетди. Мени олмади бағрига.
– Уйлан, жиян, мана шу пулга. Хотинни хоҳлаган пайт бағрингга тортишинг мумкин.
– Сиздан бошқа ҳамма эрлар шундай қилади.
– Ўчир овозингни, бетарбия!
– Пулларни жўнатинг, тўнғичим.
– Ишлатиб қўясан…
– Йўқ, уйланаман…
– Кимга…
– Лолага.
– Қассобнинг қизигами? Берлинда ўқир эди-ку, сенга тегармикан?
– Хуржунга солиб олиб келаман…
– Жонинг бор, жиян! Амакингга ўхшайсан-да.
– Қанийди сизга ўхшасам-у, етмиш йил тинч яшаб, эшакқуртларга ем қилсам қўй билан семиртирган қорнимни.
– Тўғри гапир, шеърга солмай. Қорнимга бир сен эмас ҳавас қилган, савлат-а, занғар. Қорним сабаб пойтахтга борсам, ҳеч ким тўхтатмайди. Ориқ одамни бирдан қишлоқи, ҳуқуқсиз, берўйхат юрган деб қамаб қўяди миршаблар. Ориқ одамнинг ориқ қўйдай нархи ер. Ҳа, шаҳарда қўйнинг пулини еб битирмай, кел, тўй қиласан!
– Ҳа, хотин оламан… Пулни жўнатинг.
– Хўп. Бобонг сенга қолдирган. Нима қилсанг, ўзинг биласан, мен сенга маслаҳат бердим.
– Етмишта қуртлаган жигарни еб ўлиб қолманг, амаки…
Амаким каловланиб қолади. Қўйларни ўзлаштиргани аниқ. Аммо шу тўрт оёқли аҳмоқлар учун жигаринг билан гаплашаётган он телефонда бақиришинг, туфлашинг – аҳмоқлик.
Мен учун ҳали ўз жигарларим омон, қуриб битмади.
Берлинга бориб-келишга етмиш қўйнинг пули етади.
Орол талабаларни текинга нариги қирғоққа ўтказиб қўйди, мени истамади. Ҳечқиси йўқ. Қуриган кўксида бир ориқ пашша каби учиб ўтаман.
*
Лолани тинглаяпманми ё Берлинни, билмайман. Иккови уйғун бир куйга айланади.
Олам ҳаракатдан тинган, фақат биз ва куй!
Мен Берлиндаман.
“Қандай яхши севаман!” деб пичирлаб айтсанг ҳам эшитади энди севгилинг!
Гўёки мастман, куламан, куламан, ўйнайман… Лола эса мени кўриб ҳайрон боқади, Берлин эса жиддий…
Ғалати, танимаган, ҳеч қачон кўрмаган одамининг қучоғига тушиб қолгандек питирлайди. Худди мен уни биринчи марта деворга тақаб титратгандай, илк бора ўпаётгандай.
Табассум муҳаббат билан зўр газак бўлади.
Дунёни поклайди.
Дунёни безайди.
Дунёнинг камини беркитади муҳаббат.
Аллоҳ яхшиямки сени яратган, бўлмаса бир зиқна ва худбин бой каби муҳаббатсиз кўмилиб кетардим. Эшакқуртларга танамни созлаб. Ер мени уларга шундай текинга исроф этарди.
Сочларини силайман, тарайман, киприклар орасига беркинган кўзларни излайман, ўпаман.
Киприклар қаршилик қилади, юзимга қадалади, қалбимни супуради, Берлинни тозалаймиз тоза изҳорлар билан, ўпичлар билан!
Титраймиз, титрайди киприклар, худди титраётган Берлин каби.
Момом, бобом ёдимга келади, сўнг узуқ-юлуқ, қисқартирилган бахтиёр онларим…
Бахтни кўпдан бери эсламагандим. Муҳаббат ойнаси тиниқ, бирига боқсанг, минг биттасига нури тушади.
Лола келишим тушига ҳам кирмаганини айтди.
– Тушларинг ҳамон совет қонунларига бўйсунар экан. Чет элга чиқиш мумкин эмас, ҳатто хаёлан ҳам.
– Ростдан, тушларим чегарамдан чиқмайди.
– Қойил, тушларингда ҳеч мен билан ўпишдингми?
– Эй, қўйсанг-чи!..
– Ишонмайман, мен эса неча бор сен билан тонг оттирганман. Ҳар бир давлатга визасиз кира оламан. Берлинга, билмадим, нечанчи бор тушда келишим. Мингдан ҳам кўп чиқар…
– Йўғ-е, – деди ишвали кулганча ўнг кўзини нозли қисиб.
– Ҳа, мен бу ерга сен учун, тушларим ва ўша етмишта талаба учун келганман. Уларни қидириб топишим ва ичимдаги ўйлардан қутулишим керак. Лаънатдан ҳам…
– Ҳали ҳам шуларни ўйлаб юрибсанми?
– Бир асрдан бери.
– Ҳеч тузалмайсан!
– Туғма. Даво йўқ. Балки, Берлинда чора бордир тушларга ҳам. Кел, аввал сени ва Берлинни кўпроқ тинглашни истайман.
– Берлинни қандай эшитиш мумкин?
– Нима? Сен эшитмадингми ҳали? Ишонмайман, қулоқларинг гарангмасми? Мен кар қизга уйланмаяпманми?
– Йўқ! Лекин қандай қилиб Берлинни тинглаш мумкин, шовқинни айтмаётгандирсан? У бирам жонимга тегиб кетган.
– Одамлар ташвишлари ва яқинларининг гапинигина эшитади. Ҳар куни тупроғини босиб ўтадиган шаҳар эса зорланганча қолаверади. Мен бирор тарихий шаҳарни шунчаки айлана олмайман. Тинглашни истайман. Шаҳарнинг ҳасрати мўл… қулоқ ёпиб бўлмайди. Ер шивирлайди, осмон гумбурлайди, минг йиллик тупроқ ўзини босмиш излар оғриғидай сўзлайди. Қулоқ тут, оч қулоқларингни. Ана, ана… тўплар гумбурлаши, суворий отларнинг аччиқ кишнаши, ўқлар, милтиқлар, рус танклари ва кўз ёшлар… Тинглаяпсанми?
– Йў-ў-ўқ, – эркаланиб бошқа мавзуга ўтишимни кутади Лола.
– Ерга қулоқ бос… Қара, қандай халқ излари. Миллатчи эмас-ку бари немислар, тўғрими? Бу советлар ваҳимаси, биз тарафларга кўп сачраган. Ерга қулоқ тут, уялма! Мен одамларга қилиқларим ёқиш ё ёқмаслик ҳақида ўйламайман. Чунки бу менинг ҳисларим ифодаси. Ҳар бир шаҳарнинг ўз афсонаси, минг йиллар давомида тингланаётган куйи борлиги ва буни эшитган миллионлар сафига сен ҳам қўшилишинг қандай бахт. Мен бирор одамга қилган ишларим ҳақида ҳисоб бермаганман. Хижолат ҳам бўлмаганман. Бугун ҳам сендан сира тортинмайман. Сакрайман, бошимни эгаман, тинглайман, куламан, бақириб хахолайман. Эшитяпсанми?
– Йўқ!
– Берлин ҳайқиряпти…
– Йўқ…
– Берлин йиғлаяпти…
– Йўқ.
– Берлин куляпти… Эшитдингми?
– Ҳа…
– Жоним менинг.
Бизда ранглар иссиқ, бизда тафтлар оловли.
Қуёшимиз каби, одамлар каби, туйғулар ҳам, муҳаббат ҳам серҳаяжон ва ёруғ… Бизда анъаналар ўтли. Ҳатто яшашни, фикрларни бошқаради урф-одатлар.
Дин ҳам, дунё ҳам, қонунлар ҳам эмас, анъаналар устунлик қилиб кетган.
Иссиқ анъаналар ҳукмрон иссиқ мамлакатда.
Берлин анъаналарини билишни истайман. Қулоқ осаман, бақироқ чол ўз неварасини сўкади уят сўз билан беписанд, сўнг эркалайди меҳри жўшиб. Бобомни эслатади. Дунёдаги барча қариялар, ҳатто бирорта ҳам фарзанд кўрмаганлари ҳам, ёнидан невараси билан юрган қарияга ҳавас билан боқса керак. Мен улар нигоҳида умид ва афсуснинг сўлғин рангларини кўрдим.
Юзини уч хил: қизил, сариқ ва яшил рангга бўяб олган йигит ўз футбол жамоасини қаттиқ севишини айтиб берарди. Футболчиларнинг лоақал бирортаси уни танимаслиги, оч мухлисликдан бирор манфаат топмаслиги аниқ. Аммо миллионлаб чин ишқибозлар орасида борлигидан бахтиёрлик туя олади. Қизлар, пиво ва мотопойгалар эмас, айнан ўша футболчилар муҳим унинг ҳаётида. Ўз севгисини ҳам ўйинга қурбон қилишга тайёр. Иккиланмай, ўйланмай, унинг учун муҳаббат футболсиз тўрли қафасдир.
Кўчаларда турли тилларда қўшиқлар янграйди.
Ёзувлар ва унинг ортидаги одамларнинг шанғиллаши, реклама баннерларнинг турли шевадаги лаҳжалари қулоққа урилади.
Қуйилаётган куйга бир улуш бўласан.
Азон товуши маcжидга, қўнғироқлар эса черковга чорлаб турибди.
Тиловат янграйди. Жимлик излайди юрагинг!
Биз худди болаликдаги каби тинмай санғидик. Яйрадик, шодландик… Фақат бу ер бизнинг қизғиш тупроқ эмас, Берлин.
Ёнимдаги қиз эса ўша ҳуркак, қалин ўсма қўйган қишлоқи эмас, мағрур хилқат.
Аммо менга Берлинда талабалар етишмасди.
Cоғиндим.
Германия мени уларга янада яқинлаштирган, аммо уларга дуч келмаётганимдан ичим куйиб-ёнарди.
*
– Ҳозир шу ерда ағанаб тушасан! – деди Лола.
Аҳмоқона илжайдим. Ёш боладай қўлини бўшатгим келмасди. Лола мени институт меҳмонхонасига жойлаштирганди. У талабалар ётоқхонаси билан ёнма-ён экан.
– Тўйиб ухлаб ол!
– Мен ухлаб бўлганман. Яшашни истайман. Талабаларни излаб топсам эди. Кейин сен билан бахтли…
– Нега бунча куласан-а?
– Ярашмаяптими?
– Ҳа.
– Аввал ҳам шундай эдим.
– Бола эдинг. Тўғри келарди, энди улғайгансан…
– Нима?
– Кўп куласан.
– Ҳаддан ташқари. Ҳаётга кулги етмагани учундир, балки… Дунёда одамлар азобга кўпроқ маҳкум этилганидандир, тўғриси, билмайман. Кўз ёшим Орол денгизи каби қуриган. Кулгилар туйғуларимни изҳор қилиш учун исроф этилади доим! Лекин ҳозирги ҳисларим бари чин, юракдан, йиғи аралашмаган, ишон, бир қошиқ ҳам қўшмадим. Сени севдим ва барчасини шунга алмашдим. Энди уйғоқ яшашни истайман. Кўзларим ҳеч қачон юмилмаса, юммасам. Аммо уч кунга бормай ситилдим, титилдим. Қара, инсон нақадар ожиз, уйқунинг ўрнини босадиган бирор дори кашф этишмаган. Иддаолари эса бу коинотга торлик қилади.
У индамай қўлини кафтларим орасидан оҳиста тортиб олади. Сўнг нозик бармоқларини силкийди, енгил, овозсиз хайрлашади.
Кетди!
Ёлғиз қолдим.
Негадир шу онда талабалар ёдимга тушди ва Ватанга хоинлик қилаётган одамнинг кўзига нохос онаси мўлтираб кўрингандай сесканиб кетдим.
Ётоқхона мудираси пайдо бўлди. Кўзларидан бахтсизликка ботгани сезилиб турарди. Аммо ўзини жаҳлдор кўрсатишга уста. Бундай аёллар бизда жуда кўп! Унга кулдим, у дарғазаб бўлди. Қоидаларни қайта-қайта тушунтирди. “Хўп” десам ҳам, менга шубҳали кўз билан қарашда давом этди. Сўнг чидай олмай ортимдан нималарнидир жавради. Шундай дағал гапирардики, қамоқхонага тушгандек бўлдим. Унга яна табассум қилдим. У қовоғини солди, мен эса кулдим.
Хонага кирдиму, эшикни қулфладим. Бека кириб, яна ваъз ўқишидан хавфсирадим.
Оёқларим янги туғилган қўзичоқникидай бир жойда турмас, титрарди. Кўзларим киртайган, қўлларим кўтарилмайди – мадор йўқ.
Бир амаллаб ювиниш хонасига кирдиму, муздай сувга чўмилдим. Сувнинг баданимдаги томчиларини томоша қилиб, аввал Лола, сўнг Орол денгизи ёдимга келди. Орол каби йўқликка сингиб кетган йигитларни топа олармиканман?
Ҳамхоналарим устидан қуйилаётган сув каби хаёлимга оқиб киради.
Қоравой ҳамон оқариш учун чўмилаётган бўлса керак.
Телефончи эса ўйиннинг иккинчи босқичига ўтган, банд.
Қизтака яна гуноҳ қиляпти эри ўлган бир аёл билан.
Биз кўп ухлаб, тиниқиб, кучга тўлиб, уйқудан турамиз, албатта, яна ухлаш учун!
Сув шариллайди. Танамда сочилаётган саноқсиз томчилар тозалайди вужудни. Лекин жўмракдан отилаётган ҳар бир зарра менга уларни эслатарди. Шу онда сира кечириб бўлмайдиган, тушуниш мумкин бўлмаган даражада қўрқоқ ва ожиз эканлигимни англайман. Бу менга дунёдаги энг катта гуноҳдек туюлади. Қўрқоқлик кечириб бўлмайдиган жирканч иш.
Сувдан тоза бўламан сувни булғаб.
Мен ўзимни уйсиз, ўтмишсиз ва келажаксиз қолган қария сингари ҳис қиламан. Фақат ўлим ҳақида ўйлайдиган, қон босими кундан-кунга дорилар билан босилмай бораётган, дунё янгилангани, ўзи эса ёлғон сиёсатга қул бўлганини анча кеч сезган иймонсиз одам сингари…
Мен чўмилмаяпманми, булғаняпманми… ўзимни фош этяпманми… сезмайман… Қўлидан бир иш келмайдиган одам каби ғарибман.
Инсонийликдан мутлақ кечишим ҳақида қасамёд қилишим қолгандек гўё.
Чўмилмаяпман, кирланяпман… ўзимнинг ахлатим оқаётган ариқдан қониб ичяпман. Жигарим қуришига хизмат қилиб…
Орол денгизининг қайтишини бутун умр кутган балиқчи чолнинг сўнгги нигоҳидай ачинарли ҳаммаси. У кўзлари очиқ ҳолда, қуриган ариққа тушиб тамшаниб ўлгани аниқ.
Қизчалар мактабга кетишяпти.
Юзларига келиб урилаётган тузлар бир озгина вақт олдин денгиз остидаги жавоҳирлардан бўлганини билишмайди ҳам…
Тузлардан ёшланган кўзлар оғриғига ҳар тонг дон излашга кўниккан қушлар каби кўнган.
Туз билан туғишган, тузга кўмилади ва бир куни туз бўлиб ўз овулининг эшигига учиб боради.
Мен қизчалар билан ўйнаб, қумларга кавушим ботиб, мактабга бораман. Улар каби учаётган тузлардан “Она тили” дарслигимни юзимга босиб, ўзимни асрайман. Кўзларимни ёпиб оламан… Аммо томчилар тўхтамайди, қизчалар йиғлайди… мен эса куламан.
Уларнинг гўзаллигини тузлар денгизи зўрлик билан тортиб олади.
Юзига ажинлар тўлади, аммо Орол тўлмайди.
Берлин ётоқхонасида бошимдан сув эмас, қум тушаётгандай баданим жимирлаб кетади. Қиқирлаб куламан… Оролдаги “Кемалар қабристони”га қараб ўтирган бир кам юз ёшли чол хаёлимга келади… Мен ундан талабаларни кўрган ё кўрмаганини сўрайман… У қорайиб, буришиб ётган, чивинлар чақиб қирмизи яра босган танасини арчиб қашиганча мен излаётган одамлар Орол каби қуриганини айтади… Куламан… у эса қисиқ кўзларини олис-олисларга қадаб дейди.
– Эй шўртумшуқ, сенга Орол кўринмаяптими?
– Йўқ, – дейман.
Чол эса қиқирлаб кулганча менга бақиради. Кулганда ажинлари юзида шундай йиғиладики, қўрқиб кетаман, ундан кўра йиғлагани анча дуруст эди.
– Кўр! Баринг бир гўр, ўлимликни ҳам тутиб кела олмайсан.
Узоқ қарайман, ҳеч нима сезилмайди. Фақат одамлар қумларга қармоқ ташлаб тургандай. Қизлар китобларини бошларига қўндирганча мактабга шошилмоқда…
Сувдан чиқиб, артинмай ётаман. Ўрним нам бўлади, сочимдаги томчилар кўзларимни тўлдиради, аммо Орол тўлмайди, талабалар қайтмайди, ҳеч нима ўнгланмайди…
Секин қуриган Орол ва меҳр-муҳаббат каби чойшабларим ҳам илий бошлайди. Аммо сира ухлагим келмади.
Анча вақт оёқларимни уқалаб, ҳар тарафга ағнаб ётдим. Сўнг киприкларим беихтиёр кишанланди, кўзларим юмилди. Аммо қулоқларим очиқ, бурга отишни мақсад қилган овчи каби сергак эди. Қандайдир бир овоз мени ухлатмасди, аммо нималигини билмасдим. Пича ўтгачгина пайқадим – сувнинг шариллаши. Очиқ қолибди. Эрталабгача оқиб ётадими? Туришим керак. Кўзларимга кучим етмайди, мадор йўқ. Қани, ўринга ётишинг билан қулоғинг пардалари ҳам театр зарпардалари каби ёпилса… Эшитгинг келмаган онларда ҳеч нимани илғамасанг, тингламасанг… Дунё бақирса ҳам, олам чорласа ҳам турмасанг, худди минглаб Ватандошларинг каби мудрасанг, ҳаракат қилсанг…
Турдим. Шунда қаршимда бир одам турганини пайқадим. Қотиб қолдик иккимиз ҳам.
Ким у?
Сўнг кулиб юбордим, кулавердим, бақириб-бақириб…
Мен кўрдим, кўряпман уларни, Ўзингга шукурлар бўлсин, эй Худо.
Ҳа, қаршимда ХХ асрнинг 20-йилларида Берлинда ўқиган талабаларнинг сардори, биринчи ўзбек агрономи Абдуваҳоб Муродийнинг шахсан ўзи турарди.
Тирик ва тик!
*
Бобомни кўпчилик тарихни бўрттиришда айбларди.
Унинг катта ўқувчилари бугун элликдан ошган, беиш, ғийбат қилишдан бошқага ярамайдиган махлуқларга айланишган. Улар кўзларини булғаётган пашшани қувониб ҳайдаркан: “Тарихни эртакка буриб ўқитарди бобонг”, – дерди мазах қилиб.
“Агар бобом эшитса, шалварингни тагини қизартириб қўяди, худди ўша пайтдагидай”, – деб сўкинаман.
– Жон деб қайтган бўлардим. Бобонг ҳақиқатан кўп ургич эди, қўрқардик. Лекин тарихни эртак сингари айтиб берган, калла йўқ эди.
Улар тарихни қайдан билсин, тарих – ўтган вақтлар эмас, келажак эмас, ҳозирнинг ўзи… Тарих – биз, сен, мен ва шу сиёсат. Мана бу боғлар, бийдай чўллардаги сирлар ва мана бугун яшаётган ҳаётимиз. Қора, оқ, сариқ қўйларимиз… Аммо улар буни билишмайди. Тарих булар учун ўтмиш, келажак эса қабрдир.
Замон олов эди, текканни куйдиради.
Бобом эртакка улаб, Темур ҳаётидан бошлаб юборган: “Юртга келган саккиз каллали аждаҳога фақат Темур бас келибди. У ишчилар синфидан чиққан, чўпоннинг ёлғиз боласи эди. Темур йигирма етти оламни озод айлади. Оврўпани ҳам одам қилди. Кунларнинг бирида душманлари Боязид иниси билан орани бузибди. Икки турк душман бўлибди. Ака-ука уришгани – туркнинг ўлгани.
Оқибати ёмон, жуда ёмон бўлибди. Қон-қариндошлар бир-бирини ўлдирибдилар. Шундан бери Анқаранинг олмалари уятдан қизариб эгилиб пишармиш, Самарқандда қуёш ҳар тун тўмрайиб ботармиш. Лекин болаларим, бу шоҳ Темур эмас, у муштумзўр бўлган-ку!”
Туркистон тарихига Темурсиз қараш коптоксиз футбол ўйнашдек гап.
Бобом шунинг учун эртакчи бўлган, виждонини сотмаган.
Ўзгача гап қилиб бўлармиди, ахир советлар Темурни фақат қотиллигини намойиш этишарди.
Бобом тарихни менга ҳам шундай тушунтирган. Унинг ҳар бир айтганида ўтмиш бугунга кўчарди. Эртакнинг изини қишлоқдан, тумандан, Темурдан қидирардим. Бобом учун Бастилия нечанчи йил ва қайси санада қулагани эмас, французларга бу нима берганлиги муҳим эди. Биз шу ҳақда гурунглашардик.
“Иккита дев тўқнашди. Бири “Мен олий ирқман”, – деди. Иккинчиси ҳам ичида шундай деб ўйларди. Натижада яна уруш бошланди. Оддий халқ қирилди. Тфу, олий ирқларингга, хотинчалишлар!
Тарих бу отанг! У ўлган бўлса ҳам, тарих ўлмайди!
Тарих одамларда яшайди”.
Бир неча йилдан буён немис аёли менга хат ёзармиш. Жавоб хатларим эса унга етиб бормас экан.
Ғалати томони, хатнинг сўнгида қолдирган йиллар. Мактублар бундан саксон-саксон беш йил олдин ёзилган. Мен унинг ҳамон тириклигига ишонаман.
Излаб топишга уринаман.
Кимгадир ўхшатган бўлиши мумкин-ку.
Мени ўша талабалардан бири деб ўйлаётгани аниқ…
Хатлари соғинч ва хавотирга тўла…
Севилган талабага ҳасадинг келади.
Мактуб.
“Қай кун қайтишингни аниқ билмай, ҳар тонг йўл пойлаймиз. Берлин халқаро вокзалига чиқиб сени қаршилаш ҳақида соатлаб қизинг билан бош қотирамиз, орзулар қиламиз.
Қизалоқ бирам зеҳнлики, сен ҳақингда юракни эзадиган ортиқча савол бермайди ҳам!
У ҳозирнинг ўзида Шопеннинг77
Фредерик Франсуа Шопен (1810 – 1849) – дунёга машҳур польяк композитори. Унинг юксак истеъдод, нозик дид ва теранлик билан яратган мусиқий асарлари дунё санъатининг нодир намуналаридан ҳисобланади. У ўзининг қисқа умрида пианист-виртиуз, педагоглик фаолияти билан ҳам шуғулланган. Польша миллий мусиқа санъатининг мактабини яратган.
[Закрыть] бир нечта увертюраларини ўрганиб олди. Устози ҳам бунинг истеъдодидан ҳайратда. Келишингга Шубертдан88
Франс Петр Шуберт (1797, Лихтентал – 1828, Вена) – австриялик машҳур композитор. Мусиқий романтизмнинг илк намояндаларидан бири сифатида довруғ қозонган. Қўшиқ, симфония ва фортепиано миниатюраларининг янги романтик турини яратган. Мусиқий асарлари содда ва халқчиллиги, оҳангдорлик ва лиризмга бойлиги билан ажралиб туради. Шуберт романс жанрига алоҳида аҳамият берган, Гёте, Шиллер, Гейне шеърларига мусиқалар ишлаган.
[Закрыть] ҳам бир нималар тайёрлаб қўйибди. Менга чалиб бермади, кутилмаган совға бўларкан.
Аммо вужудимни борган сари ваҳималар қуршаб олмоқда. Газеталар мамлакатингиз ҳақида турли гап-сўзларни эълон қилмоқда.
Хавотирдаман, ҳаётим, жоним, азизим!
Қайтишингга йўл қўйиб берганим – бу менинг кечириб бўлмас хатом.
Қай йўл билан бўлса-да, оёқ-қўлларингга ёпишиб, йиқилиб-ёлвориб сени олиб қолишим керак эди. Худо кўрсатмасин, мабодо сенга бирор кор-ҳол бўлса, буни ўйлашга ҳам қўрқаман, ўзимни асло кечирмайман.
Қизим, ёлғизгинам бўлмаганда аллақачон бир балога йўлиқардим. Боламнинг келажаги ҳақидаги ўйлар ва қайтиб келишингга бўлган умид мени тик ушлаб турибди, холос.
Манзилимиз ҳамон ўша, келишингдан бир ой олдин хабар бер, телеграмма жўнатсанг бўлади-ку, ширин қизимиз билан бирга кутиб олгани чиқамиз. Ахир, биз буни кўпдан бери режа қиляпмиз.
Сенга жўнатаётган сурат ҳақида. Қизимнинг қўлларини тутган жаноб Томас Брукхаузен, пианиночи устози.
Суратга чиройли тушишган-а?
Азизанг А. С.
1937 йил. Берлин”.
Тўсатдан бу хатларни Лола ўқиб қолса, жуда кулгили ҳолга тушиб қолардим. Мени соғиниб ўлаётган бир аёл борлиги, қўлида мусиқага меҳр қўйган қизалоғим тарбия топаётганини эшитиб, даҳшатда қолган бўларди бечора.
Лола тарихга қўйлардан бироз кўпроқ, бобомдан эса камроқ қизиқади.
Урушга кетган ўн саккиз ёшли ўғлидан хат кутаётган она.
Менинг етмишта ўғлим бор. Улар Олмонияга урушганимас, ўқиш учун кетган.
Урушга борганлар қаҳрамон бўлди, ўқишга борганлар эса “халқ душмани”.
“Уруш йиллари қотган нонга зор бўлдик, – дерди уруш кўриб-кўрмаган, саксонга кириб-кирмаган чоллар. – Брежневни тавоф қилсам арзийди, нонни текин қилди, баччағар. “Коммунизимга қачон етамиз-ов?!” – деб ётардик, занғар, ўша пайт ўтиб кетган экан… билмаган эканмиз!”
Чолнинг оғзидаги қуйма тиши ерга тушади. Бир-икки пуфлаб яна оғзига солади. Милклари орасига кириб қолган қумлар унга яна ўша йилларнинг қаттиқ нонини эслатиб азоб беради.
У шу оғриқлар билан кўмилади, ҳеч ким қуйма тишларини сўнгги бор тозаламайди.
“Урушга борганимда бунчалик азобланмаган бўлардим!”
“Йўқ, сен одам ўлдириш учун эмас, уларни асрамоқ учун туғилгансан!”
“Мен ўзимни асрай олмаяпман, бошқаларни айтасан!”
“Сен келажакка йўл кўрсатдинг. Сен – тарихсан!”
“Аммо онамни тириклайин ёқдим, у адо бўлди!”
Жим қоламан. Она меҳрини ўлчаш менга қолмаган.
Усиз катта бўлдим. Аммо етмишта онани танийман. Кўрганман, кулганман улар ҳасратидан. Болаларини тирик олиб келишга сўз берганман тушларимда. Албатта, гапимнинг устидан чиқишим керак. Бўлмаса, мен ҳам лаънатларга ботиб кетаман.
Хонадош телефонини ерга отди.
Енгилгани учун минг тўққиз юз ўн еттинчи марта. Сўнг бошини деворга урди, ёрди, топган фойдаси уйқучи қўшниларни безовта қилгани бўлди.
Қоравой эса ваннада. Бир кунда тўққиз соат чўмилишга ўтди. Эрталаб, қоқ тушда ва ярим тунда уч соатдан ювинади, баданига мойлар суркайди. Бу кетишда у терисини пичоқ билан ўзи шилиб олади.
Қизтака ўзининг ночор ва оч қолганлигини айтиб, насияга келиб кетиши учун фоҳишага ялинади.
Мудрайман, ухлайман турмаслик ва яна қайта уйғонмаслик учун.
“Неча марта айтай, мана аудио, хоҳлаганингча, қайта-қайта эшитавер, жўра. Алаҳсираб, нималар деб чиққанингни ёзиб олдим. Жиннимисан, нима бало? Шунчалар бўладими? Тезроқ докторга кўрин! Радиога ўхшаб тинмай гапириб чиқдинг. Тергов, талаба, миллат… Қаердаги алмисоқдан қолган гапларни валдирадинг! Касалинг бизга юқмаса бўлди, ишқилиб”.
Қизтака мендан пул умидвор, аммо қўйларимнинг жигари қуриб ўлган, сариқ чақам қолмади. У гаплари бефойда кетаётганини билиб жаҳли чиқади, тепади ерни, сўнг менинг орқамдан ўкиради: “Тур, ҳой, мен сенга айтяпман. Нега бунча ётасан, касалинг бизга юқмайдими? Қизлар чақирса, учиб кетасан-а? Бизга гапиргинг ҳам келмайди!”
Кўзларимни очмай куламан. Ажабланиб, нари кетади. Қани юқса, даҳшатли вирус каби тез. Одамлар ҳеч бўлмаса, тушларида ўзини ва тарихини билиб оларди.
Телефоним бақиради. Катта амаким ҳам бақира кетади, ичган. Ҳатто тўрт юз километрдан оғзи ҳидлангани билиниб туради: “Эй, менга қара, нима бўляпти сенга, қанча пул керак, мана мен бераман, қўй санғишни! Ундан кўра қўй-қўзилар ҳақида шеър ёзиб юр анави шоирваччаларга ўхшаб! Биз ҳам тинч юрардик. Ёки бозордан бирор дўкон оч. Тирикчилик қил, ҳамма бозорда-ю ҳозир… Ё тезроқ ҳоким бўл. Китобингни ким ўқийди, одамларнинг қорни тўймаяпти-ку, жиян. Биров ҳозир тарих ўқийдими?”
Амакимнинг овозини ўчираман.
Телефонни отаман.
Оҳ, уйқу уйқуни севади.
Момом келиб оғзимга қип-қизил қалампир солади, бутунлигича ютиб юбораман. Жуда аччиқ, ловуллайди оғзим. Аммо кўпроқ момом ёнимда қолсин деб, чидайман… бутун танам титилиб кетгунича.
Мен энг ёмон кўрадиган кўзойнакли отинойи пайдо бўлади. Қайси каналга қараманг ўзлари, насиҳат қилгани-қилган. Қочаман, аммо ортимдан қолмайди. Отинойи шалваримдан тортади. Куламан: “Уят-эй, сизга, отинойи!” Анордай қизаради. Аммо ҳар доим ҳам қизарган одамни уялган деб бўлмайди. Ҳирсдан ҳам, нафс, қўрқув ва хоинликдан ҳам юзи лоларанг бўлиши мумкин.
Насиҳат ўқиди ётқизиб. Унинг иссиқ нондай қизариб, шишиб турган юзларида дунёнинг харитасини кўраман. Машҳур отинойи худди ёш боладай мени эркалай кетади. Бошида барчаси меҳр эди, сўнг ҳирс билан ташланди.
Ҳар куни телевизорда одобнома ўқиётган хотин билан… бироз хижолат тортаман. Қилиқларини қаранг. Аммо барибир насиҳат қилади. Гапларини эшитмаслик учун ҳар нарсага тайёрман, ҳатто ҳаддан ташқари қизилланган лабларини лабларим билан тўсишга ҳам. Фақат ундан ортиғини эмас.
У насиҳат ўқимоқчи… Мен эса куламан. У ўзини таҳқирланган каби сезиб, жиддийлашади. Кейин кўзларини ғалати ўйнатганча рўмолини ўраб нари кетади. Эртага у яна бутун миллатга насиҳатга тўла қучоғини очади, менга очгандек!
Қоравой ҳамон чўмилади.
Қизтака кўзойнакли отинойининг рақамини излайди: “Кечирасиз, рақамини беринг”. Кўзларидан ташналиги билиниб турибди меҳр-муҳаббатга!
Телефончи телефонини ўпади, силайди, пешонасига қўйганча бир дақиқагина ухлайди, сўнг яна ўйин ва интернет денгизига шўнғийди.
Қобирғаларим шақиллайди.
Очман. Аммо барига уйқу чора.
У менга талабаларни чақириб беради.
*
Ётоқхонадаман, Берлинда.
Умрида биринчи марта дунёдаги мавжуд товушларни эшитаётган боладек ҳаприқаман. Туш ё ўнгим – англамайман. Қаршимда бутун умр интилганим Олмониядаги туркистонлик талабаларнинг сардори Абдуваҳоб Муродий турарди.
Ҳар доимгидай фақат жилмайишим мумкин.
Сўнг у ҳам табассум қилди.
Мен яна кулдим.
Биз бир муддат шундай турдик.
– Ассалому алайкум! Кечирасиз, хонангизга берухсат кириб, безовта қилдим. Эшикни очиқ қолдирган экансиз!
– Йўқ, қулфлагандим. Қанча кутдим… – ё тавба бошқа сўзга тилим айланмай тош қотдим. Танам музлаб кетди. Қўрқардим.
– Нима бўлди сизга? Рангингиз оқариб кетди. Мен миллатдошингиз, Тошкентда туғилганман, сизнинг Берлинга келганингизни эшитдим-у, суҳбат қуриш орзуси билан бир ғариб ўлароқ ёндим. Қай йўл билан келдингиз, Туркия биланми ё Ўрусия орқалими? Кемага чиқдингизми?
– Самолётда. Суратлардагидан кўра ёшроқ экансиз. Ўлмаганингизни билардим. Аммо ҳеч ким ишонмаган, ҳатто ўзим ҳам.
Ўша нигоҳлар, ўша кўзлар, қалин қошлар, кенг пешона, аниқ ўзи.
Қаршимда 1919 йили Афғонистон, Туркия орқали Германияга илк бор келиб ўқишни бошлаган ва кейинчалик бу ерда таҳсил олган талабаларнинг сардори, биринчи ўзбек агрономи бўлган Абдуваҳоб Муродий турарди. Янглишишим мумкин эмас, ўзи. Унинг суратини неча ойлаб ёнимда олиб юрганман. Муродийнинг тергов ҳужжатлари ўзбек халқининг улуғ маърифатпарвар фарзанди Мунавварқори Абдурашидхоновнинг айблов жилдидан топилган. Унинг ичида ўзи араб ёзувида ёзган таржимаи ҳоли ҳам бор.
1930 йили ўз қўллари билан эски ўзбек ёзувида (атайлаб кўпчилик тушунмаслиги учун шу ёзувдан фойдаланган бўлиши керак. Аслида, рус ва немис тилларини мукаммал биларди) ўзи ҳақидаги маълумотномани тўлдиради.
– Кечирасиз, сиз ўша пайт жуда пухталик қилгансиз.
– Қачон?
– 1929 йилда, илк терговга чақиришганда.
– Ўйлантириб қўйдингиз, ҳозир 1924 йил!
– Ҳа, адаштирдим. Минг бора узр! Йиллар кетма-кетлигини чалкаштираман, ҳаётим ёлғон-яшиқ ва ҳақиқатни қориштирган мисол.
Нималар деяпман, ахир улар талаба! Ҳозир Германияда терговга бало борми?
Улар ҳали кўриб улгурмаган ажални.
– Германияда ўқиган ўзбек ёшларининг сардорисиз, тўғрими?
– Сардор эмас, шунчаки, улардан олдин келган бир ўзбек бўлиб йўл кўрсатиб тураман, холос.
– Етмиш талабани сиз кутиб олгансиз? Ўқишга жойлаштиргансиз қўлларидан етаклаб. Ҳеч нарсани билишмаган.
– Нимага экан? Маълум бир таълим босқичини тугатиб келишган. Мен кўмак бердим, холос. Бу менинг бурчим эди! Неча йилларки, Туркистондан юраги уйғоқ ёшлар келишига интизор яшадим. Кўп ўйлардим.
– ХХ аср бошида Оврўпа қандай жадаллаяпти-ю, биз қандай орқалаётганимиз ҳақидами? Чекасизми?
– Йўқ.
– Йўғ-ей? Мен ҳам чекмайман. Ҳеч қачон чекиш ҳақида ўйламаганман. Ундан кўра бир банка қатиқ ичганим яхши, шакар қўшиб. Тўғрими? Қатиқни соғиндингизми?
– Ҳа, албатта!
– Маориф чиндан зўрми?
– Ҳайратланарли даражада.
– Болалар лол қолишгандир. Чиндан муштоқ кутдингиз-а уларни?
– Бўлмасам-чи? Миллат эртаси учун келишларини истадим. Чунки бир ўзим қолоқлик ва мутелик томон оғиб кетаётган халқ оқимини тўсолмайман, маърифат томон бура олмайман. Бунинг учун минглаб билимли, илғор фикрлайдиган, оқимга қарши тура оладиган мард ёшлар керак эди.
– Жуда баландпарвоз гаплар. Баъзи ташкилотчи ёшларимиз ҳозир телевидениеда шундай нутқ ирод қилишга уста. Аммо бу сўзларни ким тилга олишига боғлиқ, шунга қараб мазмун беради. Уларники тилда, сизники эса етмиш икки томирингиздан сизиб чиқаётганига ишонаман. Бир мактубингиз менда бор. 1922 йили “Германиядан хат” номи остида “Қизил байроқ” газетасининг, адашмасам, 29 июль сонида босилган. Сиз “Кўмак” ташкилоти тузилганлиги билан барчани табриклаб, Германияга талаба юборилишига умид қилгансиз.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?