Читать книгу "Factfulness"
Автор книги: Анна Рослинг Рённлунд
Жанр: Прочая образовательная литература, Наука и Образование
сообщить о неприемлемом содержимом
Салбийлик инстинктини қандай бошқариш мумкин?
Ҳамма ҳаёт оғирлашяпти, деб жар солиб турган бир пайтда ҳаёт яхшиланаётганини англаши учун миямизга қандай ёрдам бера оламиз?
Ёмон ва яхшироқ
Муаммонинг ечими барча нохуш янгиликларни яхшироқ янгиликлар билан мувозанатлашда эмас. Бу шунчаки ўзини-ўзи алдаш, тасалли бериш ва бошқа томонга қараб оғиб кетиш хавфини туғдиради. Бу худди ҳаддан ортиқ шакарни ҳаддан ортиқ туз билан мувозанатга келтиришдек гап. Ҳаёт қизиқарлироқ тус олиши мумкин, аммо соғлом мувозанатга эга бўлмайди.
Менга мос келган ечим – миямда бир вақтнинг ўзида иккита фикрни сақлашга ўрганиш бўлди.
Кимдир ҳаммаси яхшиланяпти, деганини эшитсак, худди улар “хавотир олма, хотиржам бўл” ёки ҳатто “аҳа мият берма” деган гапларни ҳам қўшиб қўймоқда, деб ўйлаймиз. Аммо мен ҳаммаси яхшиланяпти десам, умуман бу каби қўшимча гапларни назарда тутмайман. Албатта, дунёдаги даҳшатли муаммоларга эътибор бермасликни тарғиб қилмайман. Айтмоқчиманки, ҳаммаси ёмон ҳам, яхши ҳам бўлиши мумкин.
Дунёни инкубаторда муддатидан илгари туғилган чақалоқ деб тасаввур қилинг. Чақалоқнинг соғлиғи жуда ёмон. Унинг нафас олиши, юрак уриши ва бошқа муҳим белгилар доимий кузатиб борилади. Шунда аҳвол яхши ёки ёмон тарафга кетаётганини тезда кўриш мумкин. Бир ҳафтадан сўнг гўдакнинг аҳволи анча яхшиланди. Барча асосий кўрсаткичлари яхши, аммо чақалоқ ҳали яна инкубаторда яшаши керак, чунки унинг соғлиғи хавф остида. Чақалоқнинг аҳволи яхшиланаётганини айтиш мантиққа тўғри келадими? Ҳа. Албатта. Ҳозир соғлиғи хавф остида дейиш-чи? Ҳа, шубҳасиз. “Вазият яхшиланмоқда” дегани ҳаммаси яхши, биз энди ҳеч нарсадан хавотирланмай, хотиржам бўлишимиз керак деганими? Йўқ, асло. Вазият ёмон ёки яхши деб, фақат биттасини танласак тўғри бўладими? Асло йўқ. Иккиси ҳам. Вазият ҳам ёмон, ҳам яхшиланмоқда. Бир вақтнинг ўзида яхшироқ ва ёмон.
Дунёнинг ҳозирги ҳолати ҳақида ҳам шудай ўйлашимиз даркор.
Нохуш хабарларга тайёр туринг
Салбийлик инстинктини бошқаришга ёрдам берадиган нарсалардан яна бири шум янгиликларга тайёр туришдир.
ОАВ ва фаоллар эътиборингизни тортиш учун воқеликка ҳиссий тус беришини унутманг. Нохуш ҳодисалар нейтрал ва яхши янгиликлардан кўра таъсирлироқ бўлишини эсда тутинг. Узоқ вақт давом этган ривожланиш чизиғида вақтинчалик кичик чўкишдан осонгина инқироз ҳақида ҳикоя ясаш оддий ечим бўлиши ҳам мумкинлиги ёдингизда бўлсин. Одамларнинг азоб-уқубати ҳақида хабар бериш аввалгидан-да осонроқ бўлган, бир-бирига боғлиқ ва шаффоф дунёда яшаётганимизни унутманг.
Даҳшатли хабар эшитганингизда ўзингизни мана бу савол билан тинчлантиринг: “Агар тенг даражада яхши ўзгариш юз берса, у ҳақда ҳам эшитган бўлармидим? Ҳатто юзлаб улкан ривожланишлар бўлганда ҳам, қулоғимга чалинган бўлармиди? Сувга чўкиб кетмаган болалар ҳақида ҳеч эшитармидим? Шундоқ деразадан ташқарига қараб ё янгиликларда, ёки хайрия ташкилотларининг реклама материалларида болаларнинг чўкиши ёинки силдан ўлиши камайганини кўрармидим?” Ёдингизда бўлсин, ижобий ўзгаришлар жуда кўп бўлиши мумкин, аммо улар сизни излаб келмайди. Ўзингиз уларни топишингиз керак. (Статистикага кўз югуртирсангиз, улар ҳамма ерда эканини кўришингиз мумкин.)
Ушбу эслатма сизга ва фарзандларингизга кунлик янгиликларни кузатганда дистопияга берилмаслик учун асосий ҳимоя қалқонини тақдим қилади.
Тарихга цензура қўйманг
Тарихни идеаллаштириб кўрсатганда ўзимизни ва фарзандларимизни ҳақиқатдан маҳрум қиламиз. Даҳшатли ўтмиш ҳақидаги далиллар жуда қўрқинчли, аммо бебаҳо манбадир. У бизга бугунги бор нарсамизни қадрлашимизга ёрдам беради ва келажак авлодлар ҳам аввалги авлодлар сингари қийинчиликларни енгиб, узоқ давом этадиган тинчлик, фаровонлик томон боришига умид беради ҳамда глобал муаммоларимизга ечим топади.
Мен жамиятга раҳмат айтмоқчиман
65 йил аввал Швециянинг ишчи синфи яшайдиган қишлоғидаги пешоб тўла зовурда нафас олишга қийналган пайтим оиламизда университетда ўқийдиган биринчи одам мен бўлишим хаёлимга ҳам келмаган. Бир кун келиб жаҳон соғлиқни сақлаш соҳасида профессорга айланиб, Давосга сафар қилишим ва у ерда жаҳон экспертларига глобал тенденциялар ҳақидаги асосий маълумотларни шимпанзелардан ҳам камроқ билишлари ҳақида гапиришим тушимга ҳам кирмаган эди.
Мен ўша пайтда асосий глобал тенденциялар ҳақида билмас эдим, албатта. Уларни ўрганишимга тўғри келди. Ўлимнинг турли сабаблари ва улар қандай ўзгараётганини билишнинг ягона йўли ҳар бир ўлим ва унинг сабабини кузатиш ва ёзиб бориш, охирида барини жамлашдир. Бу жуда кўп вақт талаб этади. Бутун дунёда фақат биргина мана шундай маълумотлар базаси мавжуд. Унинг номи “Касалликнинг глобал юки” (Global Burden of Disease). Кўп йиллардан сўнг уни ўрганиб чиқиб, шуни билдимки, зовурга чўкиб ўлишимга бир бахя қолгани кам учрайдиган ҳолат эмас экан. III даражада яшовчи беш ёшга тўлмаган бола учун одатий бахтсиз ҳодиса экан.
Мен фақат қимирлай олмаётганимни англардим. Бувим ёрдамга келди ва мени тортиб олди. Кейин швед жамияти мени яна ҳам юқорига кўтарди.
Ҳаётим давомида шведлар III даражадан IV даражага чиққан. Силнинг давоси топилди ва онамнинг соғлиғи яхшиланди. У жамоат кутубхонасидан олган китобларини менга ўқиб берарди. Китобларни кутубхона бепул берарди. Оиламда мен олти йилдан зиёд таълим олган биринчи одам бўлдим ва университетда ҳам бепул ўқидим. Докторлик даражасини ҳам бепул қўлга қиритдим. Умуман олганда, ҳеч нарса бепул бўлмайди: солиқ тўловчилар ҳисобидан. Кейин 30 ёшимда, икки фарзанднинг отаси бўлганимда менда саратон борлиги аниқланди. Дунёнинг энг зўр соғлиқни сақлаш тизимида бепул даволандим. Тирик қолишим ва муваффақиятларим доим бошқаларга боғлиқ бўлган. Оилам, бепул таълим ва бепул соғлиқни сақлаш тизими туфайли зовурдан Жаҳон иқтисодий форумигача етиб келдим. Буни ёлғиз ўзим уддалай олмас эдим.
Бугун Швеция тўртинчи даражада, 1000 нафар чақалоқдан бор-йўғи учтаси беш ёшга тўлмай ўлади ва ўша ўлимларнинг фақат 1 фоизи чўкиб ўлишга тўғри келади. Панжаралар, болалар боғчалари, қутқарув камзуллари, сузиш машғулотлари ва маҳаллий бассейнларда қутқарувчилар ишлаши пул туради. Болаларнинг чўкиб ўлиши – мамлакат бойигани сари деярли йўқолиб кетган кўплаб даҳшатлардан биридир. Мен ривожланиш деб атайдиган нарса ана шудир. Худди шундай ривожланишлар бугунги кунда бутун дунёда кузатилмоқда. Кўплаб давлатлар Швециядан ҳам тезроқ ўсиб боряпти. Анча тез.
Фактдорлик

Фактдорлик – салбий хабарни эшита туриб, нохуш янгиликлар тезроқ тарқалишини ёдда тутишдир. Вазият яхшиланаётгани ҳақида одатда эшитмаймиз. Бу эса бизда атрофимиздаги олам ҳақида мунтазам равишда ўта салбий таассурот шакллантириб боради. Табиийки, бу бизни стрессга мойил қилади.
Салбийлик инстинктини бошқариш учун нохуш хабарга тайёр туринг.
• Яхшироқ ва ёмон. Ҳолат (масалан, ёмон) ва ўзгариш йўналишини (масалан, яхшироқ) фарқлашни машқ қилинг. Вазият ҳам яхшироқ, ҳам ёмон бўлиши мумкинлигини ўзингизга сингдиринг.
• Яхши хабар – янгилик эмас. Яхши хабарлар деярли эълон қилинмайди. Шунинг учун янгиликлар одатда ёмон бўлади. Нохуш хабарни эшитганингизда ўзингиздан сўранг, “тенг даражада яхши хабар ҳам худди шундай тарқалармиди?”
• Секин-аста яхшиланиш янгилик эмас. Тенденцияда секин-аста ўсиш кузатилса ва ора-орада кичик чўкишлар бўлса, умумий ривожланишдан ҳам кўра чўкишларни сезишингиз эҳтимоли юқори бўлади.
• Янгилик кўп дегани мусибат ҳам кўпайди, дегани эмас. Ёмон янгиликларнинг кўпайиши баъзида дунёнинг ёмонлашуви билан эмас, балки мусибат яхшироқ кузатилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
• Идеаллаштирилган ўтмишдан огоҳ бўлинг. Одамлар кўпинча ўзининг дастлабки ўтмишларини идеаллаштиради, мамлакатлар эса ўз тарихини идеаллаштиради.
УЧИНЧИ БОБ
ТЎҒРИ ЧИЗИҚ ИНСТИНКТИ

Қандай қилиб тирик қолганлар кўплиги одам камайишини англатади, автоҳалокатлар тиш емирилишига нимаси билан боғлиқ ва нега набирам дунё аҳолисига ўхшайди?
Мен кўрган энг қўрқинчли график
Статистика қўрқитиши мумкин. 2014 йил 23 октябрда Стокҳольмдаги “Gapminder” идорасидаги иш столимда ўтирганимда кўзим тушган графикдаги чизиқ мени қўрқувга солди. Ўзи август ойидан бери Ғарбий Африкада тарқалган эбола вирусидан хавотирда эдим. Бошқалар сингари мен ҳам Либерия пойтахти Монровия кўчаларида одамлар ўлаётгани тасвирланган даҳшатли кадрларни кўрардим. Аммо ўлимга сабаб бўлувчи касалликлар тарқагани ҳақида ишим юзасидан тез-тез эшитиб турганим боис буниси ҳам бошқалари каби тез орада назоратга олинади, деб ўйлагандим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқот мақоласидаги график мени қўрқувга солди ва ҳаракат қилишга ундади.
Тадқиқотчилар эбола эпидемияси бошланганидан бери барча тегишли маълумотларни тўплаб, ундан октябрь ойи охиригача кутилаётган кунлик янги ҳолатлар сонини ҳисоблашда фойдаланган эди. Улар илк марта касаллик ҳолати тўғри чизиқ бўйлаб ошмаётганини кўрсатди: 1, 2, 3, 4, 5. Бунинг ўрнига рақамлар мана бундай кўринишда икки бараварга кўпайган эди: 1, 2, 4, 8, 16. Ҳар бир касалланган бемор ўлимидан олдин ўртача яна икки кишига вирус юқтираётган эди. Натижада кунлик ҳолатлар сони ҳар уч ҳафтада икки бараварга кўпаймоқда эди. Графикда ҳар бир бемор икки кишига вирус юқтиришда давом этса, касаллик кўпайиб кетиши кўрсатилган эди. Икки баравар кўпайиш – даҳшат!
Икки баравар кўпайиш эффектини илк бор мактабда ўрганганман. Ҳинд афсонасига кўра, Кришна тангриси шахмат доскасининг биринчи катаги учун бир дона гуруч сўрайди. Иккинчи катак учун иккита, учинчи катак учун тўртта, кейин саккизта ва шу тарзда ҳар сафар донлар икки марта кўпайиб боради. Сўнгги 64-катакка етиб боргунча 18 446 744 073 709 551 615 дона гуруч қарз бўлишади: бу бутун Ҳиндистонни 76 сантиметр қалинликдаги гуруч қатлами билан қоплаш учун етади. Икки баравар кўпаядиган ҳар қандай нарса бошда тахмин қилганимиздан тезроқ ўсади. Шунинг учун Ғарбий Африкадаги вазият аянчли тус олишини билардим. Либерия яқинда тугаган фуқаролар урушидан ҳам даҳшатлироқ ва бутун дунёга тарқаши муқаррар бўлган фалокат хавфи остида турарди. Безгакдан фарқли ўлароқ, эбола барча иқлим шароитида тез тарқалиши ва вирус юқтирганидан хабарсиз йўловчилар организмида учоқларда чегара ва океанлар оша саёҳат қилиши мумкин эди. Унинг самарали давоси йўқ эди.
Одамлар аллақачон кўчаларда ўлишни бошлаганди. Тўққиз ҳафта ичида (уч карра икки баравар кўпайиш учун керакли муддат) вазият саккиз баравар ёмонлашарди. Муаммони ҳал этишдаги ҳар уч ҳафталик кечикиш икки баравар кўп одам вирус билан зарарланиши ва икки баравар кўпроқ ресурс талаб этилишини англатарди. Эболани бир неча ҳафта ичида тўхтатиш зарур эди.
“Gapminder”да биз зудлик билан устувор вазифаларимизни ўзгартирдик ва маълумотлар базасини ўрганиб чиқиб, вазиятнинг долзарблигини тушунтириш учун видеоролик тайёрлашга унадик. 20 октябргача кейинги уч ойга мўлжаллаган ишларимни бекор қилдим ва эпидемия бўйича 20 йиллик изланишларимнинг Қора Африка қишлоқларида нафи тегишига умид қилиб, Либерияга учиб кетдим. У ерда уч ой қолдим ва биринчи марта Мавлуд ҳамда Янги йилни оилам билан нишонламадим.
Бошқалар каби мен ҳам эболанинг кўлами ва долзарблигини жуда кеч англаган эдим. Касаллик ҳолатлари тўғри чизиқ бўйича ўсяпти деб тахмин қилгандим, аслида эса маълумотлар уларнинг икки баравар тез кўпаяётганини кўрсатди. Буни тушунганимда эса ҳаракатга тушдим. Аммо кошки аввалроқ тушунганимда ва ҳаракатни олдинроқ бошлаганимда эди…
“Дунё аҳолиси фақат ўсиб бормоқда” деган мега нотўғри тасаввур
Ҳозирги кунда барқарорлик сўзи мен таклиф қилинган барча конференциялар номида учрайди. Барқарорлик тенгламасидаги энг муҳим рақамлардан бири – аҳоли сонидир. Сайёрамизда қанча аҳоли яшай олиши борасида қандайдир чеклов бўлиши керак. Тўғрими? Шундай қилиб, барқарорликка бағишланган конференцияларда аудиториямни синовдан ўтказа бошлаганимда улар глобал аҳоли ўсиши ҳақида асосий фактларни билади, деб тах мин қилганман. Эҳ, неча марта адашганимни билсангиз эди!
Биз энди учинчи инстинкт – тўғри чизиқ инстинкти – ҳамда учинчи ва охирги мега нотўғри тасаввурга етиб келдик: у ҳам бўлса дунё аҳолиси фақат ўсиб бормоқда, деган нотўғри фикрдир. Илтимос, фақат деган сўзга эътибор беринг. Мен уни атай ажратиб, алоҳида урғу беряпман. Ана шу сўз нотўғри тасаввур.
Дарҳақиқат, дунё аҳолиси ошиб боряпти. Жуда тезлик билан. Кейинги 13 йилда тахминан яна бир миллиардга кўпаямиз. Ҳа, рост. Бу нотўғри тасаввур эмас. Лекин одамлар фақат кўпаймаяпти. “Фақат” деган сўз агар чора кўрилмаса, аҳоли ўсишда давом этаверади, деган маънони билдиради. Бу ўсишни тўхтатиш учун қандайдир кескин чора кўриш кераклигини билдиради. Ана шу нотўғри тасаввур, назаримда, эболани тўхтатиш учун мени ва бутун дунёни эртароқ ҳаракат қилишдан тўхтатиб турган нарса ҳам айнан шу инстинкт билан боғлиқ. Шу инстинкт сабабли биз чизиқ тўғри деб тахмин қиламиз.
Мен камдан-кам ҳолларда ҳайратдан сўз тополмай қоламан. Аммо биринчи марта бундай ҳолга аудиторияга қуйидаги саволни берганимда тушдим. Норвегияда ўқитувчилар конференциясида эдим. (Норвегияликларни ёмонотлиқ қилиш фикридан йироқман, худди шундай ҳол Финляндияда ҳам бўлиши мумкин эди.) Ўша ўқитувчиларнинг аксарияти ижтимоий фанлар машғулотларида глобал демографик кўрсаткичлар ҳақида ҳам маъруза ўқирди. Сўров натижаларини кўриш учун орқамдаги экранга қарадим-у қотиб қолдим. Ҳатто техник носозлик бўлди деб ўйлаганим ҳам ёдимда.
5-савол
Ер юзида 15 ёшгача бўлган болалар 2 миллиард нафарни ташкил қилади. БМТ ҳисобига кўра, 2100 йилга бориб, улар қанчага етади?

Бу саволни беришдан олдин ўқитувчиларга шундай деган эдим: “Ушбу учта чизиқдан бири БМТнинг расмий башоратини кўрсатади. Қолган иккита чизиқни ўзим қўшиб қўйдим”.
Яна шимпанзелар 33 фоиз ҳолатда тўғри чизиқни танлади. Норвегиядаги ўқитувчилар-чи? Бор-йўғи 9 фоиз ўқитувчи тўғри жавоб берди. Ҳайратдан ёқа ушладим. Шундай муҳим одамлар қандай қилиб жавобларни англамай танлаган шимпанзелардан ҳам ёмонроқ натижа кўрсатиши мумкин? Бу аҳволда улар болаларга нимани ўргатади?
Мен техник носозлик бўлди, деб умид қилдим. Аммо ундай эмасди. Оммавий сўровларимизда ҳам худди шундай ёмон натижа қайд этилди. АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Германия, Франция ва Австралияда сўралганларнинг 85 фоизи хато жавоб берди. (Мамлакатлар бўйича тўлиқ кўрсаткичлар иловада келтирилган.)
Жаҳон иқтисодий форумидаги экспертлар-чи, дерсиз? Улар оддий аҳолидан тузукроқ жавоб берди. Деярли шимпанзелар каби яхши натижа кўрсатди. Уларнинг 26 фоизи тўғри жавоб берди.
Ўқитувчилар конференцияси тугагач, бу ҳақда тинчроқ ўйлаб олдим ва билим билан боғлиқ муаммо миқёсини кўра бошладим. Туғилажак болалар сони глобал демографик прогнозларни тайёрлашда энг муҳим рақамдир. Шунинг учун бу бутун барқарорлик бўйича муҳокамаларда марказий масала бўлиб қолади. Агар ушбу рақамни хато ҳисобласак, яна кўплаб бошқа нарсаларни ҳам хато ҳисоблаймиз. Лекин биз синовдан ўтказган олий маълумотли ва нуфузли одамларнинг бирортаси демография мутахассислари қабул қилган қараш бўйича оз бўлса ҳам маълумотга эга эмас. Рақамларни БМТ сайтида онлайн кўриш мумкин, лекин маълумотни бепул олишнинг ўзи уни осонгина билимга айлантириш мумкин дегани эмас. БМТ берган жавоб С вариант: энг пастдаги текис чизиқ. БМТ экспертлари 2100 йилда болалар сони 2 миллиард бўлишини прогноз қилади, худди бугунги каби. Улар ўсиш тўғри чизиқ бўйлаб кетади деб ўйламайди. Бунга ҳали яна қайтаман.
Тўғри чизиқ инстинкти
Бу график ўтган 10000 йилда яшаган дунё аҳолисини кўрсатади. Айнан ўша вақтлар қишлоқ хўжалиги кашф қилинган.

Милоддан аввалги 8000-йилларда одамларнинг умумий сони тахминан 5 миллион кишидан иборат бўлган, улар асосан дунё бўйлаб денгиз қирғоқлари ва дарёлар бўйида яшаган. Инсониятнинг умумий сони ҳозирги Лондон, Бангкок ёки Рио-де-Жанейро каби катта шаҳарлар аҳолисидан оз бўлган.
Бу рақам қарийб 10 минг йил давомида аста ўсиб бориб, охир-оқибат, 1800 йилда 1 миллиардга етди. Кейин эса нимадир юз берди. Атиги 130 йилда яна бир миллиард аҳоли қўшилди. Кейинги 5 миллиард аҳоли бўлса 100 йил ичида пайдо бўлди. Албатта, бундай кескин ўсишни кўрган одамлар хавотирга тушиб қолади, чунки улар сайёрадаги ресурслар чекланганини ҳам билади. Ҳақиқатан ҳам аҳоли сони фақат ошиб бораётгандек кўринади, яна катта суръатда.
Сиз томон учиб келаёган тошга қараб, у сизга уриладими-йўқми, тахмин қилишингиз мумкин. Бунинг учун сизга рақамлар ҳам, графиклар ҳам, жадваллар ҳам керак эмас. Кўзларингиз ва миянгиз траекторияни узайтириб беради ва сиз тош келаётган йўлдан қочасиз. Ушбу автоматик визуал прогнозлаш маҳорати аждодларимизнинг омон қолишига қанчалик ёрдам берганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ва у бизнинг омон қолишимизга ҳам ёрдам беради: машинани бошқараётганда биз доим кейинги бир неча сония ичида бошқа машиналар қаерда бўлишини прогноз қиламиз.
Аммо тўғри чизиқ инстинктимиз замонавий ҳаётда доим ҳам ишончли қўлланма бўлавермайди.
Масалан, чизиқли графикка қараб, тўғри чизиқли тенденция кейин ҳам давом этишини тасаввур қилмаслик иложсиз. Кейинги саҳифада келтирилган демографик графикда одамларнинг инстинктив тасаввурини аниқ кўрсатиш учун штрих чизиқ тортиб қўйдим. Уларнинг хавотирга тушиши турган гап, албатта.

Энди, ижозатингиз билан, сизга яна ҳам танишроқ бўлган бошқа бир мисол келтирай. Кенжа набирам Мино туғилганда 49.5 сантиметр эди. Дастлабки олти ойда у 67.3 сантиметргача ўсди. 17 сантиметрга ўсиш ажойиб натижа. Ажойиб, лекин қўрқинчли ҳам. Унинг ўсиш жадвалига қаранг. Мен чизиқнинг интуитив давомини ҳам қўшиб қўйдим. Даҳшат, тўғрими?

Агар Мино фақат ўсишда давом этса, уч ёшга тўлганида 152 сантиметр бўлади – бир ярим метрли гўдак. Ўн ёшигача унинг бўйи 406 сантиметр бўлади – 4 метр. Кейин-чи? Бу ҳол фақат давом этиши мумкин эмас! Қандайдир чора кўриш керак! Минонинг ота-онаси уйини қайта қуриши ёки қандайдир дори топиши керак!
Тўғри чизиқ интуицияси бу ҳолатда ишламаслиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Нега очиқ-ойдин деяпмиз? Чунки одам танаси қандай ўсишини ҳаммамиз биламиз. Минонинг бўйи бу қадар ўсмаслигини ҳам биламиз. Биз ҳеч қачон 4 метрли одамни учратмаганмиз. Бу тенденция тўғри чизиқ бўйлаб давом этишини тахмин қилишнинг ўзи кулгили. Аммо мавзу нотаниш бўлса, бундай тахмин қанчалар аҳмоқона эканини тасаввур қилиш қийин бўлади.
БМТнинг аҳолишунослари аҳоли сонини ҳисоблаш бўйича бевосита тажрибага эга ва бу уларнинг доимий ишидир. Мана улар кутган чизиқ:

Дунё аҳолиси бугунги кунда 7.6 миллиардни ташкил қилади. Ҳа, чиндан ҳам тез ўсмоқда. Аммо бу ўсиш суръати аллақачон секинлашишни бошлаган ва БМТ экспертлари юқорига кўтарилаётган чизиқ кейинги ўн йилликларда ҳам секинлашишда давом этади, деб ҳисоблайди. Аср охиригача бу эгри чизиқ аҳоли сони 10 ва 12 миллиардга етганда бир текис бўлиб қолади.
Демографик эгри чизиқ шакли
Мазкур демографик эгри чизиқ шаклини тушуниб олиш учун аҳоли қандай ўсишини англаб олишимиз керак.
Нега аҳоли ўсиб бормоқда?
6-савол
БМТ 2100 йилгача дунё аҳолиси яна 4 миллиардга кўпайишини башорат қилмоқда. Бунга асосий сабаб нима?
□ А. Болалар сони кўпаяди (15 ёшгача бўлган).
□ Б. Катталар кўпаяди (15 ёшдан 74 ёшгача бўлган).
□ В. Кексалар кўпаяди (75 ёшдан юқори).
Бу сафар тўғри жавобни дарров айтаман: Б. Экспертлар катталар кўпайгани сабабли аҳоли сони ортади, деб ҳисоблайди. Болалар эмас, кексалар ҳам эмас, айнан катталар кўпаяди. Ҳозир кўрсатган графигимни яна қайта кўрсатаман, фақат бунисида болалар ва катталар алоҳида қилиб ажратилган:

Ушбу бобдаги биринчи саволдан билиб олдикки, болалар сонида ўсиш кузатилмайди. Энди ушбу графикдаги болалар чизиғига диққат қилинг. У бир текис бўлиб кетган жойни кўряпсизми? Бу ўзгариш аллақачон бошланганини-чи? БМТ экспертлари болалар сони ўсишдан тўхтайди, деб прогноз қилмаяпти. Улар бу нарса аллақачон бошланганини маълум қиляпти. Аҳоли сони тезлик билан ўсишини тўхтатиш учун болалар сони ўсишдан тўхташи керак ва бу аллақачон бошланган. Қандай қилиб? Буни ҳар бир одам билиши керак.
Диққат қилинг! Чунки кейинги жадвал китобдаги энг драматик ҳисобланади. Унда ҳаётим давомида содир бўлган, ҳар бир аёлга тўғри келадиган чақалоқлар сони ақл бовар қилмас, дунёда катта ўзгариш ясайдиган даражада камайган.
1948 йил туғилганимда ҳар бир аёл ўртача бешта болани дунёга келтирар эди. 1956 йилдан кейин бу рақам мисли кўрилмаган даражада тушишни бошлади. Охирги 50 йил ичида у шу қадар пасайдики, ҳар бир аёлга ўртача 2.5 тадан бола тўғри келди.

Мазкур драматик ўзгариш мен аввалги бобда тасвирлаган барча яхши ўзгаришлар билан параллел равишда содир бўлди. Қашшоқликдан чиқиб олган миллиардлаб одамлар фарзандлар сонини камайтиришга қарор қилди. Уларга кичик оилавий томорқасида ишлаши учун болаларни кўпайтириш шарт бўлмай қолди. Шунингдек, болалар ўлими сабабли йўқотишларни юмшатиш учун фарзандларни кўпайтиришга ҳам ҳожат қолмади. Аёллар ва эркакларнинг таълим даражаси ортди, энди улар таълим кўрган, қорни тўқ фарзандларни истарди. Болалар сонини камайтириш, шубҳасиз, мақбул йўл эди. Интим муносабатларни камайтирмай туриб, болалар сонини камайтиришга имкон берадиган замонавий контрацептив воситалар шарофати билан бу мақсадга эришиш осонлашди.
Токи одамлар ўта камбағалликка тушиб қолишдан қочар экан, аёллар илм олар экан ҳамда контрацептив воситалар ва жинсий тарбия олиш осонлашар экан, ҳар бир аёлга тўғри келадиган болаларнинг ўртача сони камайишда давом этаверади. Бошқа кескин бурилишлар шарт эмас. Шунчаки ҳозир қилаётган ишларимиз давом этса бас. Бу айнан қандай суръатда бўлишини олдиндан аниқ айтиб бўлмайди. Бу ўзгаришларнинг тезлигига боғлиқ. Лекин ҳар нечук, дунё миқёсида йиллик туғилишлар сони аллақачон ўсишдан тўхтаган. Бу эса аҳоли сони тез ошиб бориш даври тез орада ниҳоясига етишидан дарак беради. Биз болалар сонининг “пик нуқтаси”га яқинлашиб қолдик.
Лекин туғилишлар сони ўсишдан аллақачон тўхтаган бўлса, унда яна 4 миллиард улғайган аҳоли қаердан пайдо бўлади? Космосдан тушадими?
Аҳоли сони нега ўсишдан тўхтайди?
Қуйидаги жадвалда дунё аҳолиси 2015 йил ва ундан кейинги ҳар 15 йилда ёш гуруҳларига қандай бўлиниши келтирилган.

Чапда 2015 йилда яшаётган 7 миллиард аҳолининг ёш гуруҳлари кўрсатилган: 2 миллиард 15 ёшгача бўлган болалар, 2 миллиард 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар, кейин 30 ёшдан 45 ёшгача, 45 ёшдан 60 ёшгача ва 60 ёшдан 75 ёшгача бўлганларнинг ҳар бири 1 миллиарддан иборат.
2030 йилда яна 2 миллиард нафар 15 ёшгача бўлган болалар пайдо бўлади. Қолган ҳамма улғаяди. Яъни бугун 15 ёшгача бўлган болалар 15 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар гуруҳига ўтади. Бугунги 15 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар 2 миллиарддан иборат 30 ёшдан 45 ёшгача бўлганлар гуруҳини ташкил қилади. Бугунги кунда 30 ёшдан 45 ёшгача бўлганлар сони 1 миллиард. Агар туғилишлар сонида ўсиш кузатилмаса ва одамларнинг умри узайиб кетмаса, 30–45 гуруҳидагилар сони яна 1 миллиардга ошади.
Бу янги 1 миллиард нафар ёши катталар янги туғилган болалар ҳисобидан эмас, балки аллақачон туғилган болалар ва ёшлар ҳисобидан юзага келади.
Шу тахлит ўзгариш яна уч авлод давомида такрорланади. 2045 йилда 2 миллиард 30–45 ёшлилар 45–60 ёшлилар гуруҳига киради ва натижада яна 1 миллиард катталар пайдо бўлади. 2060 йилда 2 миллиард 45–60 ёшлилар 60–75 ёшлилар гуруҳига ўтади ва бу гуруҳ вакилларининг сони тағин 1 миллиардга кўпаяди. Лекин шундан сўнг нима бўлишига разм солинг. 2060 йилдан бошлаб ҳар бир авлодда 2 миллиард киши бошқа бир авлоддаги 2 миллиард кишига ўрнини бўшатиб беради. Тезкор ўсиш тўхтайди.
Аҳоли сонидаги катта ўсиш болалар кўпайгани ҳисобига юзага келмаяпти. Ва асосийси, қариялар узоқроқ умр кўраётгани ҳисобига ҳам эмас. Дарҳақиқат, БМТ экспертларининг тахминича, 2100 йилга бориб, дунёда умр кўриш давомийлиги тахминан 11 йилга кўпаяди, бу аҳолининг умумий сонига 1 миллиард кексани қўшади ва натижада умумий сон 11 миллиард атрофида бўлади. Аҳолининг катта миқдорда ўсиши бугунги кунда мавжуд бўлган болалар улғайиши ва диаграммани яна 3 миллиард катталар билан “тўлдириши” туфайли юзага келади. Ушбу “тўлдириш эффекти” уч авлод ишлайди, кейин эса тўхтайди.
Бу аслида БМТ экспертларининг диаграммадаги тўғри чизиқни фақат давом эттирмай ҳисоб-китоб қилиш усулини тушунишингиз учун зарур бўлган ягона нарса ҳисобланади. (Бу изоҳ жуда соддалаштириб юборилган. Кўпчилик 75 ёшга тўлмасдан вафот этади, кўп ота-оналар 30 ёшдан кейин ҳам фарзанд кўради. Лекин шу фактлар ҳисобга олинганда ҳам диаграммада катта фарқ ҳосил қилмайди.)
Табиат билан мувозанат
Аҳоли сони узоқ вақт ошмай турса ва демографик эгри чизиқ бир текис давом этса, демак, ҳар бир авлод янги ота-оналар сони аввалги авлодники билан бир хил бўлади. 1800 йилгача минглаб йиллар давомида демографик чизиқ деярли бир текис бўлган. Инсонлар табиат билан мувозанатда яшаган, деган гапларни эшитганмисиз?
Ҳа, мувозанат бор эди. Лекин келинг, кўзимиздан пушти кўзойнакларни олиб қўяйлик. 1800 йилгача аёллар ўртача олтита фарзанд кўрган. Демак, аҳоли ҳар бир авлодда ошиб бориши керак эди. Лекин ошиш ўрнига нисбатан барқарор бўлиб қолди. Қадимги қабристонлардаги болалар скелети эсингиздами? Ўртача олтита боладан тўрттаси ота-она бўлмай ўлган ва натижада кейинги авлодга ота-она бўлиш учун фақат иккита фарзанд тирик қолган. Мана шунда мувозанат бўлган. Одамлар табиат билан мувозанатда яшагани учун эмас, одамлар табиат билан мувозанатда ўлгани учун. Нақадар шафқатсиз ва фожиали эди бари.
Бугунги кунда инсоният яна мувозанатга эришмоқда. Ота-оналар сони ортиқ ўсмай қўйган. Аммо бу мувозанат эскисидан фарқланади. Янгиси яхши: ота-оналар иккита фарзанд кўради, иккови ҳам тирик қолади. Инсоният тарихида илк бор биз мувозанатда яшамоқдамиз.
1900 йилдаги 1.5 миллиард аҳоли 2000 йилга келиб 6 миллиардга ўсган. Чунки XX асрда инсоният бир мувозанатдан иккинчисига ўтган. Бунда инсоният тарихида ота-она иккитадан ортиқ фарзанд кўрган ва уларнинг бари омон қолиб, ота-она сифатида кейинги ёш гуруҳига ўтган.

Бугунги кунда иккита энг ёш авлоднинг сони бошқа гуруҳдагилардан нега кўпроқлиги мазкур мувозанатсизлик даври билан изоҳланади. “Тўлдиришлар” сабаби ҳам шундадир. Лекин биз янги мувозанатга аллақачон эришиб бўлганмиз: йиллик туғилишлар сони ортиқ ўсмаяпти. Агар ўта камбағаллик даражаси камайса, жинсий тарбия ва контрацептив воситалар тобора оммалашса, дунё аҳолиси сони тез ўсишда давом этади, аммо бу фақат “тўлдиришлар” якунига етгунча чўзилади.
Ия, “улар”нинг болалари ҳали ҳам кўп-ку!
Ушбу жадвалларни саҳнада намойиш қилганимдан кейин ҳам тақдимотдан сўнг одамлар ёнимга келиб, маълумотлар нотўғри эканини айтарди. Сабаби эса “Африка ва Лотин Америкасидаги одамлар ҳали ҳам кўп болали. Боз устига, диндорлар контрацептив воситаларни қўллашни истамайди, улар ҳамон катта оила бўлиб яшайди”.
Малакали журналистлар репортажлари учун ана шундай истисно ҳолатлардаги одамларни танлайди. Баъзан ОАВда ўта диндор одамларни кўриб қоламиз. Улар анъанавий ёки замонавий ҳаёт тарзини танлаганидан қатъи назар, ўзининг жуда катта оиласини иймонининг далили сифатида кўрсатади. Бу каби ҳужжатли фильмлар, ТВ дастурлар ва публицистик мақолалар дин каттароқ оилаларни кўпайтиришига одамларни ишонтиради. Аммо қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар – католик, яҳудий ёки мусулмон бўлса ҳам – бу оилаларнинг бир жиҳати муштарак. Уларнинг бари истисно!
Аслида, дин ва ҳар бир аёлга тўғри келадиган чақалоқлар сони ўртасидаги боғлиқлик яққол кўзга ташланмайди. Китоб давомида оммавий ахборот воситалари қандай қилиб шундай истисно ҳолларни танлаб олишини муҳокама қилиб бораман, 7-бобда эса дин ва катта оилалар ҳақидаги чўпчакни йўққа чиқараман. Ҳозирча кўп болали оилаларда кўп учрайдиган ягона омилга қарайлик: ўта камбағаллик.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!