Электронная библиотека » Джордж Оруэлл » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Молхона"


  • Текст добавлен: 11 июля 2023, 23:40


Автор книги: Джордж Оруэлл


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 7 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Сут ҳақида ўйлаш керак эмас, ўртоқлар! – челакларни ҳайвонлардан тўсиб, ўдағайлади Наполеон. – Сут ҳақида ғамхўрлик бизнинг зиммамизда. Ҳосил – бугун асосий иш шу. Ўртоқ Сноуболл сизларни бошлаб боради. Мен бир неча дақиқадан сўнг, орқаларингдан етиб бораман. Олға, ўртоқлар! Йиғим-терим кутиб турмайди.

Ҳайвонлар далаларга отландилар, йиғим-теримга киришдилар, кечқурун уйга қайтгач билиндики, сут гумдон бўлган.

III БОБ

Оҳ, улар йиғим-теримда қанчалар тер тўкдилар! Уларнинг заҳматлари зое кетмади, ҳосил улар кутганидан ҳам кўп эди.

Гоҳида иш кўплаб қийинчиликлар туғдирар эди: техника ҳайвонлар учун эмас, одамларга мўлжаллаб ясалган эди. Асосий тўсиқ шунда эдики, жониворларнинг ҳеч бири орқа оёқларида тик турганча ишлай олмасди. Бироқ чўчқалар бу тўсиқни четлаб ўтишнинг иложини топишди. Отларга келсак, улар даладаги ҳар бир ўнқир-чўнқирни билардилар, ўримни ва йиғим-теримни Жонс ва унинг бадмаст батракларидан яхшироқ тушунардилар. Чўчқаларнинг ўзлари амалда ҳеч бир иш қилмасдилар, уларнинг вазифаси ташкиллаштириш ва бошқариш эди. Табиийки, бу раҳбарий мавқе уларнинг юксак чўчқалик тафаккури билан таъминланган эди. Тулпорлар – Боксёр ва Кловер ўрим машинаси ёки механик хаскашларга қўшилган эдилар (албатта, бу мустақиллик, эркинлик даврида жиловда бўлиш, қамчин билан бошқариш ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди, мажбурий меҳнат тақиқланганди) ва саранжом-саришталик билан барча далаларни ўриб олдилар. Уларнинг ортидан бирор чўчқа юрар ва чинқириқ воситасида раҳбарлик қиларди: «Олдинга, ўртоқ!» Ёки «Ортга бос, биродар!» Ҳамма жон-жаҳди билан ишларди, ҳосилни йиғиб, ўриб борарди. Ҳатто товуқлар ва ўрдаклар ҳам у ён-бу ёнга ҳаракатланар, тумшукларида дон таширдилар. Алал-оқибат, ҳосил одатда мистер Жонс ўриб оладиганидан икки кун олдин йиғиштирилди. Бундан ташқари, бу қадар кўп ҳосилни молхона ҳали кўрмаган эди. Чунки ҳеч бир дон йўқолмади, товуқлар ва ўрдаклар ўткир нигоҳлари билан ҳар бир хасни териб олишди. Йиғим-терим даврида ҳеч бир жонивор бир ютумдан ортиқ донни ютиб юборишга жазм қилолмади.

Ёз бўйи барча ишлар соат механизмидай аниқ бажарилди. Ҳайвонободнинг жонивор аҳолиси шу пайтгача бу қадар роҳат қилиб ишлаш мумкинлигини билмаган эканлар. Хирмон юксалаётганини ҳар кўрганда, улар хаддан зиёд роҳатланар эдилар, чунки бу уларнинг ўзлари етиштирган ва ўзларининг таомланиши учун йиғиштирган озуқалари эди. Энди бу озуқани шафқатсиз одамзод тортиб ололмас эди. Текинхўр ва фойдасиз одамзод ҳукмронлигидан озод бўлгач, бошқа ҳеч ким уларнинг йиққан заҳираларига дахл қила олмасди. Албатта, ҳордиқ пайтлари кўп нарсаларни ўйлашга тўғри келди. Етарли тажрибаларга эга бўлмаганликлари сабаб улар муайян қийинчиликларга дуч келаётган эдилар. Масалан, улар донли экинларни йиғиштиришда эски замондагидай донни эзғилашар ва ўз нафаслари орқали дчорисидан ажратиш учун совуришарди. Чўчқаларнинг тафаккури ва Боксёрнинг қудратли мускуллари бу ишда қўл келарди. Тулпор Боксёр ҳаммани ҳайратга солди. У Жонс замонасида ҳам кўп ишларди. Энди, озодликдан сўнг эса, янада оғир ишларни қилар, уч ҳайвоннинг ишини бажараётган эди. Шундай кунлар бўлардики, молхонадаги барча ишлар унинг баҳайбат билакларига тушарди. У тонгдан кечгача, чарчоқни билмай ишларди ва ҳамиша энг оғир ишларни бажарар эди. Хўрозлардан бири билан уни ҳаммадан олдин уйғотишга келишиб қўйган эди, иш куни бошланишидан олдин аллақачон зарур жойда анча керакли ишни бажариб қўйган бўларди. Ҳар қандай оғирлик, муаммо билан юзма-юз келаркан, у фақат бир нарсани мудом ўзига айтар эди: «Мен янада кўп ишлашим керак». Бу унинг шахсий шиори эди.

Қолганлар ҳам бутун вужудлари билан ишга берилишган эди. Шундай қилиб, ҳатто товуқлар ва ўрдаклар ҳам хирмонга беш пуд буғдойни дона-доналаб ташидилар. Талон-торожликлар, меъёр борасидаги можаролар, жанжал ва низолар, рашк, яъни эски пайтда одатий бўлган барча нарса – ҳаммаси йўқ бўлди. Ҳеч ким, деярли ҳеч ким шикоят қилмади. Тўғри, Моллига эрталаб барвақт туриш ёқмасди, агар унинг шудгоридан тош чиқиб қолса, ишни ташлаб кетвориши мумкин эди. Мушукнинг хулқ-атвори ҳам анчайин ғалати эди. Тезда маълум бўлдики, ортга суриб бўлмайдиган бирор зарур юмуш чиқса, мушукни топиб бўлмай қоларди. У соатлаб йўқолиб қолар, аммо тушлик пайтида ва ишлар тугагач, кечки овқат пайти ҳеч нарса бўлмагандай ҳозир бўларди. Бироқ барча эътирозларга шунақа ишонарли баҳоналар топарди ва дилни ўртаб, миёвлардики, унга, унинг эзгу ниятларига ишонмасликнинг иложи йўқ эди. Кекса эшак Бенжамин, қўзғалон замонидан бери гўёки ҳеч ўзгармагандай эди. У ҳеч қачон бирор ишга ўзича уринмаган ва буюрилган бирор ишдан қочмаган эди. Аммо нима иш қилган бўлса, ҳаммаси худди мистер Жонс замонасиники каби сокин қайсарлик руҳига қоришган эди. Бенжамин исён ва у келтирган мустақиллик ҳақида гапирмасликни афзал кўрарди. Ундан мистер Жонсни ҳайдашганидан сўнг ҳаёт қанчалар яхшиланди, деб сўрашганида, у фақат минғирлаб қўярди: «Эшаклар узоқ яшайди. Сизларнинг ҳеч бирингиз ҳали ўлган эшакни кўрганингиз йўқ», қолганларнинг бу сирли жавобдан қониқишдан бошқа чоралари йўқ эди.

Якшанбада ҳамма дам оларди. Нонушта одатдаги кунлардан бир соатга кеч бўларди, кейин ҳамма ҳар ҳафта албатта ўтказиладиган тантанага шошиларди. Энг аввало тантанали тарзда байроқ кўтарилади. Сноуболл кичик омборда Жонс хонимнинг яшил дастурхонини топди ва унга туёқ ҳамда шох расмини чизди. Ҳар якшанба бу дастурхон-байроқ молхона боғида ерга қадалган тик ёғочга ўрнатиларди. Яшил ранг, тушунтирди Сноуболл, Англиянинг далалари рамзидир, туёқ ва шох бўлғуси Ҳайвонлар Республикасини англатади, ҳайвонлар давлати бутун дунёда одамзод инсонлар насли тугатилгандан кейин барпо этилади. Бутун дунё ҳайвонлари, бирлашингиз! Байроқ кўтарилгандан сўнг, ҳамма катта омборда Ассамблея деб аталадиган умумий кенгашни ўтказиш учун йиғиларди. Бу ерда келгуси ҳафтада қилинадиган ишлар режалаштириларди, турли ечимлар олдинга сурилар ва муҳокама қилинарди. Қоида тариқасида чўчқалар таклиф киритишарди. Қолган ҳамма қандай овоз бериш лозимлигини билар, аммо уларнинг миясига ҳеч қачон ўз таклифлари билан чиқиш фикри келмас эди. Сноуболл ва Наполеон мунозараларда фаол қатнашар эди. Бироқ шу нарсани сезишдики, улар ҳеч қачон бир битимга кела олмас эдилар: уларнинг биттаси нимани таклиф қилмасин, иккинчиси ҳамиша бунга қарши чиқарди. Ҳатто ҳамма нарса буткул тушунарли бўлган ва якдил муросага эришилган пайтда ҳам. Масалан, боғ орқасида кичикроқ майсазорни ишни эрта тугатган ҳайвонлар учун дам олиш жойи қилиб қолдиришга қарор қилинганда ҳамда ҳайвонларнинг ҳар бир тоифаси учун нафақа ёшини белгилаш чегаралари ҳақида жўшқин баҳслар юзага келарди. Ассамблея ҳар доим ҳайвонободликларнинг мадҳияси бўлган «Англия жониворлари» ни куйлаш билан якунланарди. Шундан сўнг ҳамма дам оларди.

Аввал абзаллар сақланган бинони чўчқалар ўзларининг штабхоналарига айлантиришди. Бу ерда улар молхонада топилган китоблар ёрдамида темирчилик, дурадгорлик ва бошқа ҳунарларни ўрганишарди. Сноуболл, бундан ташқари, ҳайвонлар қўмитаси деб аталадиган ташкилотларни тузиш билан шуғулланарди. Бу иш билан шуғулланиш унга чарчоқ билмас бир қувват бахш этарди. У товуқлар учун тухум ишлаб чиқариш Қўмитасини, сигирлар учун тоза думғозалар Лигасини, ёввойи ўртоқлар учун иккиламчи таълим Қўмитасини (унинг мақсади каламушлар ва қуёнларни қўлга ўргатиш эди), ёш қўйлар орасида тоза жун етиштириш Ҳаракатини, Ёш чўчқалар Иттифоқини ва бошқа кўплаб қўмиталарни ташкил этди. Ўқиш ва ёзиш курсларини айтмасак ҳам бўлади. Одатда барча бу тахлит лойиҳалар омадсизликка учрар эди. Масалан, ёввойиларни қўлга ўргатиш лойиҳаси дарҳол барбод бўлди. Барча ёввойи жониворлар барибир ўзларини ёввойиларча тутар, агар уларга атайин бағрикенглик билан ёндошилаётганини сезиб қолсалар, бу муносабатдан имкон қадар ўз манфаатлари учун фойдаланишга тушардилар. Мушук иккиламчи таълим қўмитасига кирди ва бир неча кун мобайнида катта фаоллик намоён қилди. Шу тариқа, уни бир куни томда ўтирган ва ундан бироз масофа сақлаб турган чумчуқлар билан суҳбатлашаётган ҳолда кўришди. Мушук чумчуқларга ҳамма ҳайвонлар биродарлар экани ва энди истаган чумчуқ унинг олдига келиб, тирноқли панжаларида ўтириши мумкинлигини сўзларди. Бироқ, чумчуқлар унинг бехосдан еб қўйишидан ҳайиқиб, олисроқ туришда давом этардилар.

Шунга қарамасдан, саводсизликни тугатиш курслари самарали давом этар, катта ютуқларга эришганди. Кузга келиб, барча ҳайвонлар у ёки бу даражада саводли бўлдилар.

Чўчқаларга келганда, улар эркин ўқиб, ёза олар эдилар. Кучуклар ўқишдан яхши натижа кўрсатдилар, бироқ уларни ҳайвонизмнинг етти арконидан бошқа нарса қизиқтирмасди. Эчки Мюриэл итлардан кўра яхши ўқий олар ва гоҳида кечқурунлари бошқаларга ахлат тўдасидан чиққан газета парчаларини ўқиб берарди. Бенжамин ҳам чўчқалар сингари ўқий олар, аммо қобилиятини ҳеч қачон намойиш қилмасди. Менга маълум бўлишича, дерди у, бизнинг асримизда ўқишга арзийдиган нарса ёзилгани йўқ. Кловер алифбони ўзлаштирди, аммо ҳарфлардан сўз ҳосил қилиш санъатини эгаллай олмади. Боксёр бор-йўғи Г ҳарфигача борди, холос. У ўзининг баҳайбат туёқлари билан тупроқ чангида А, Б, В, Г ҳарфларини чизар, қулоқларини сиқиб, вақт-вақти билан ёлини силкитиб, кейинги келадиган ҳарфни эслаб қолишга уринарди. Гоҳида у навбатдаги тўрт ҳарфни қатъий ўзлаштириб олар, аммо, одатда, олдинги тўрт ҳарфни эсдан чиқариб юборган бўларди. Охир-оқибат, у дастлабки тўрт ҳарф билан қаноатланишга қарор қилди ва бу ҳарфларни ҳар куни бир-икки марта ёзадиган бўлди. Бу унга хотирасини тозалашда ёрдам берди. Ўзининг исмини ташкил қилган тўртта ҳарфни ўзлаштирган Молли бошқа ҳарфларни ўрганишни рад этди. У ўз исмини шохчалар билан ясар, бир жуфт гул билан безатар ва ўз асарига шавқ билан термулганча, унинг атрофида айланиб юрарди.

Молхонанинг бошқа жониворлари А ҳарфидан нарига ўта олмадилар. Бундан ташқари, қўйлар, ўрдаклар ва товуқлар сингари энг ақлсиз ҳайвонлар ҳатто ҳайвонизмнинг етти арконини ҳам ёдлай олмасликлари аён бўлди. Узоқ мунозаралардан сўнг, Сноуболл еттита тамойил битта ҳикматга жамланиши мумкинлигини эълон қилди, у шундай жаранглар эди: «Тўрт оёқ – аъло, икки оёқ – расво». Ҳайвонизмнинг асосий тамойили, деди у, шу фикрда жамланган. Уни чуқур ўзлаштирган ҳайвон инсоннинг таъсиридан холос бўлган ҳисобланади. Бир қараганда, бу тамойил қушларни истисно қиларди, чунки уларнинг ҳам оёқлари иккита эди, аммо Сноуболл бунинг унақа эмаслигини исботлади.

– Қушларнинг қанотлари, ўртоқлар, – деди у, – бу ҳаракат аъзоси эмас, ҳаракатланиш аъзосидир. Демак, уларни оёқлар деб ҳисоблаш мумкин. Инсоннинг ўзига хос белгиси – унинг қўлларидир, бу қўл ёрдамида у ўзининг барча ёвузликларини амалга оширади.

Қушлар Сноуболлнинг узундан-узоқ баландпарвоз гапларини барибир тушунганлари йўқ, бироқ унинг шарҳлари маъносини англадилар, барча саводда қолоқ ҳайвонлар янги афоризмни тиришқоқлик билан ёдлашга киришдилар. Катта-катта ҳарфлар билан катта омборнинг орқа деворидаги еттита тамойилнинг тепасига янада катта ҳарфлар билан «Тўрт оёқ – аъло, икки оёқ – расво» деб ёзиб қўйишди. Ниҳоят, уни ўзлаштирган қўйлар янги ҳикматни олқишлаб қарши олдилар ва кўпинча, яйловда юрганда, ҳаммалари жўровоз бўлиб баърай бошладилар: «Тўрт оёқ – аъло, икки оёқ – расво! Тўрт оёқ – аъло, икки оёқ – расво!» Улар соатлаб, чарчоқ нималигини билмай, буни давом эттиришлари мумкин эди.

Наполеон Сноуболлнинг қўмиталарига ҳеч қанақа қизиқиш билдирмади. Унинг айтишича, кексалик томон яқинлашган авлод учун ўсиб келаётган ёш авлодни ўқитиш ҳар қандай бошқа ишдан муҳимдир. У ўз нуқтаи назарини айнан ҳосил йиғим-терими тугаб, Жесси ва Блюбелл тўлғоқда тўққизта кучукча туққан пайтда айтди. Улар эмизишдан чиққан куниёқ, Наполеон энди уларнинг таълим олишларига шахсан ўзи жавобгар эканини айтиб, кучукчаларни онасидан олиб қўйди. У кучук болаларини чордоққа жойлаштирди, бу ерга фақат чўчқаларнинг штабхонасидан зина орқали чиқиш мумкин эди. Кучукчаларни бошқалардан шу қадар қаттиқ иҳоталашдики, молхонанинг бошқа яшовчилари тез орада кучукчаларнинг мавжудлигини эсидан ҳам чиқариб юборди.

Сутнинг ғойиб бўлганлиги ҳақидаги сирли воқеа ҳам тез орада ойдинлашди. Чўчқалар ҳар куни уни ўз овқатларига аралаштирар эдилар. Эртачи олмалар ҳам қизара бошлади. Энди ҳар гал шамол эсганда, олмалар тўкилиб, боғдаги майсалар устини безай бошлашди. Ҳамманинг бу олмалардан ейишга ҳаққи борлиги қоидаси қарор топган эди. Аммо бир куни ўрнатилган тартиб ўзгартирилди: ҳамма олмалар йиғиштирилиб, чўчқалар учун ажратилган бинога олиб келиниши шарт қилинди. Кимдир норозилик билдирмоқчи бўлди, аммо бу натижа бермади. Бу ишда ҳатто иккита фикри доимо қарама-қарши бўлган чўчқалар: Наполеон ва Сноуболл ҳам ажиб якдиллик намоён қилдилар. Бошқаларга вазиятни тушунтириш мажбурияти Қичқироққа юкланди.

– Ўртоқлар! – Қичқирди у. – Умид қиламанки, сизлар бизни, чўчқаларни, майда худбинлик туфайли бу қарорни қабул қилган, деб ўйламасангиз керак. Аслида бизларнинг аксариятимиз сут ва олмаларни умуман ёмон кўрамиз. Мен ўзим уларга қарагим ҳам йўқ. Биз улардан фақат бир мақсадда, – сизларнинг соғлиқларингизни асраш учун фойдаланамиз. Олмалар ва сутда (ўртоқлар, бу илм-фан томонидан исботланган) чўчқаларнинг ҳаётини сақлаш ва кайфиятини яхшилаш учун зарур бўлган унсурлар мавжуд. Биз, чўчқалар, – интеллектуал меҳнат соҳаси ходимларимиз. Молхонамизнинг фаровонлиги ва ишларни ташкил этиш вазифаси мутлоқ бизнинг зиммамизга юклангандир. Биз кеча ва кундуз сизларнинг фаровонлигингиз ҳақида тинимсиз ғамхўрлик қиламиз. Биз фақат сиз учун сут ичамиз ва бу олмаларни еймиз. Биз, чўчқалар ўз мажбуриятларимизни бажара олмай қолсак, оқибатда нима бўлишини тасаввур қила оласизми? Жонс қайтиб келади! Ҳа, яна Жонснинг ҳукмронлиги бошланади! Мен ишонаманки, ўртоқлар, – думини ликиллатиб, у ёндан-бу ёнга жилпанглаётган Қичқироқнинг овозида деярли ўкириб, йиғлашга ўхшаш оҳанг эшитилди, – шубҳасиз, Жонснинг қайтишини истаётган бирор ҳайвон йўқ!

Барча жониворлар бир нарсада, шубҳасиз, якдил эдилар, бу айнан Қичқироқ айтаётган нарса эди: уларнинг ҳеч бири Жонснинг қайтишини истамас эди. Вазият уларнинг қаршисида шу тариқа кўндаланг турганида, улар эътироз билдириш учун сўз топа олмай қолдилар. Жонснинг қайтишидан қўрққан ҳайвонлар чўчқаларнинг соғлиғини сақлашга – олма ва сутни уларга беришга қарор қилдилар. Чўчқаларнинг соғлиғи учун қайғуриш зарурлиги жуда ҳам яққол аён бўлди. Бошқа мулоҳазаларсиз ҳамма сут ва ерга тўкилган олмаларни (етилган олмаларнинг ҳам аксариятини) чўчқалар учун асраб қўйишга розилик билдирди.

IV БОБ

Ёзнинг охирига келиб, Ҳайвонободда юз берган воқеалар ҳақидаги хабарлар бутун ўлкага тарқалди. Ҳар куни Сноуболл ва Наполеон кабутарларни турли томонга учиришар, улар қўшни молхоналарда яшовчи ҳайвонларга ўзларининг қўзғолонлари тарихини ҳикоя қилиб беришлари ва уларга «Англия жониворлари» мадҳиясини ўргатишлари лозим эди.

Мистер Жонс эса деярли барча вақтини Уиллингтондаги «Қизил йўлбарс» пивохонасида ўтказар ва уни тинглашга рози бўлган ҳар бир одамга бошига тушган даҳшатли адолатсизлик, уни мулкидан айирган қандайдир ношукур ҳайвонлар тўдаси ҳақида нола қиларди. Қолган молхоналарнинг эгалари, умуман олганда, унга хайрихоҳлик билдирар, аммо ёрдам беришга шошилмас эдилар. Уларнинг ҳар бири ич-ичидан мистер Жонснинг бошига тушган кулфатнинг бир чети уларга ҳам тегмасмикин, деган хавотирда эди. Чархи фалакнинг жафоси шу эдики, Ҳайвонободга худуди чегарадош икки молхонанинг эгалари ҳамиша мистер Жонс билан ёмон муносабатда эдилар. Уларнинг бири Фоксвуд деб аталадиган, каттакон, путурдан кетган, ўт-алаф босган эски молхона эди, унинг яйловлари ҳам қуриб битаёзган, чегара тўсиқлари ҳам ағанаган молхона эди. Унинг эгаси мистер Пилкингтон анқов бир фермер бўлиб, бутун вақтининг ҳаммасини мавсумига қараб ё тулки овида, ё балиқ овида қармоғига тикилиб ўтказарди. Пинчфилд деб аталадиган иккинчи молхона кичикроқ бўлса-да, яхши аҳволда эди. У қўпол ва жаҳлдор мистер Фредерикка тегишли эди. У доим қандайдир суд низолари билан машғул бўлар, бир чақа учун қариндошининг ҳам бўғзидан оладиган одам сифатида танилган эди. Бу иккалови бир-бирларини шу қадар ёмон кўрар эдиларки, ҳатто ўз манфаатлари ҳимояси учун ҳам бир битимга кела олмасдилар.

Шунга қарамасдан, уларнинг иккаласи ҳам Ҳайвонободдаги исён ҳақидаги хабардан саросимага тушган эди ва ўз қарамоғида бўлган жониворлар бу хабарни ўзлари учун дастуриламал сифатида қабул қилмасайди, деган хавотирда эдилар. Дастлаб улар молхонани мустақил бошқарадиган жониворлар ғояси устидан масхара қилишга қарор қилдилар. Икки ҳафтадан кейин ҳаммаси вайрон бўлади, дейишди улар. Уларнинг фикрича, «Қўрғонча» молхонасидаги (улар молхонани эски номи билан аташни афзал кўришарди, янги “Ҳайвонобод” номини эшитишни ҳам истамас эдилар) ҳайвонлар тез кунда бир-бири билан уруша бошлайди, очликдан адо бўлишини айтмаса ҳам бўлади. Бироқ, вақт ўтиб борар экан, мустақилликка эришган жониворлар ўлишдан йироқ экани аён бўлди, Фредерик ва Пилкингтон гап оҳанжамасини бошқа ёққа бурдилар ва «Ҳайвонобод» да шафқатсиз бошқарув усули мавжудлиги ҳақида гапира бошладилар. Уларнинг айтишича, у ерда ҳайвонхўрлик авжига чиққан, ҳайвонлар бир-бирларини қиздирилган темир найзалар билан қийноққа солмоқдалар ва барча байталларни жамоавийлаштириб, ҳамма ҳайвонлар учун умумийга айлантирганлар. Табиат қонунларига қарши боришнинг товони шудир, қўшиб қўйишди Фредерик ва Пилкингтон.

Шунга қарамасдан, бу бичиб-тўқилган тахминларга нисбатан умумий ишонч йўқ эди. Одамларни ҳайдаб, ҳайвонлар мазза қилиб яшаётгани ҳақидаги миш-мишлар мажҳул тарзда тарқалишда давом этар, ўлкадаги бошқа молхоналарда ҳам ҳайвонлар уйғона бошлаган, хавотирли бир тўлғонишда эди. Доимо итоатда бўлган ҳўкизлар тўсатдан ёввойилашдилар, қўйлар ёғоч тўсинларни бузар ва яйловларни топтаб ташлашар эди, сигирлар сут соғаётганда челакларни ағдаришарди, тулпорлар тўсиқлар олдида сакрашдан бош тортиб турар ва чавандозни ирғитишарди. Бундан ташқари, «Англия жониворлари» мадҳиясининг оҳанги ва ҳатто сўзлари бир ерларда тарқала бошлаганди. Унинг машҳурлиги мислсиз тезликда ўсиб борарди. Бу қўшиқни эшитган одамлар ғазабланар, аммо мадҳиянинг шунчаки кулгили эканини таъкидлашарди. Ишониш қийин, дейишарди улар, бунақа расво қўшиқни ҳатто ҳайвонлар ҳам айтмаслиги керак. Агар бирор ҳайвонни гимнни маъраб турганида кўриб қолсалар, қамчин билан савалардилар. Барибир мадҳия жониворлар орасида жаранглашда давом этарди. Сайроқи қораялоқ қушлари тўсинларга қўнганча бу қўшиқни чирқиллашар, кабутарлар қайрағоч шохларида гангир-гунгурлашишарди; бу оҳанг темирчиларнинг сандонидан ҳам, черковларнинг қўнғироқларидан ҳам таралаётгандай эди. Бу оҳангни эшитган одамлар ички титроққа тушардилар, чунки бу истиқболдаги қасос оҳанги эканини яхши билардилар.

Октябрь ойининг бошида, барча донли экинлар ўрилган ва ғарам қилинган, бир қисми совурилиб, дондан ажратилган пайтда, айғоқчи кабутарлар тўдаси ҳавода бир кўриниш бериб, ёввойи бир ҳаяжон билан Ҳайвонободга қўнишди. Уларнинг хабарига кўра, Жонс ўз одамлари ва бир тўда Фоксвудлик ва Пинчфилдлик кўнгиллилар билан дарвозалардан ўтишган ва молхонага яқинлашиб келишмоқда. Уларнинг барчаси таёқлар билан қуролланган, фақат олдиндаги Жонс қўлларига тўппонча ушлаб олган. Уларнинг молхонани тортиб олишга уринишларига шубҳа йўқ эди.

Бу ҳамла анчадан бери кутилар, унга барча тайёргарликлар аввалдан кўрилиб қўйилган эди. Сноуболл фермада топилган эски китобдан Цезарнинг галларга қарши юриши ҳақида ўқиганди ва молхона мудофаасини ташкил этиб қўйганди. Буйруқлар чақмоқ тезлигида берилди ва бир-икки дақиқа ичида ҳамма ўз жойини эгаллади.

Одамлар иншоотларга яқинлашишлари билан, Сноуболл биринчи зарбани берди. Барча ўттиз бешта кабутарлар ҳужумчиларнинг бош устида чарх урардилар ва уларнинг кўзи тушадиган кўриш майдонини тўсиб қўярдилар, одамлар уларни ҳайдаш билан оввора бўлиб турганда, девор ортида пусиб турган ғозлар олдинга чиқишди ва ҳамлакорларнинг думбаларини шафқатсиз чўқилай бошлашди. Бироқ бу одамларнинг сафига парокандалик солиш учун қилинган чалғитиш усули эди ва одамлар ғозларни осонгина таёқлар билан ҳайдаб юбордилар. Шунда Сноуболл ҳужумнинг иккинчи сафини жангга ташлади. Мюриэл, Бенжамин ва Сноуболл қўмондонлигидаги барча қўчқорлар олдинга интилишди ва ҳамлакорларни ўраб олишди, Бенжамин одамларни туёғи билан тепиш учун атрофда айланиб турган бир пайтда, ғанимни туртиб, шохлаб ташлашди. Барибир темир найзалар ва тақаланган бошмоқлари бўлган одамларга кучлари етмасди. Тўсатдан Сноуболл чинқириб юборди, бу ортга чекинишга ишора эди, ҳамма ҳайвонлар ҳовлига қайтиб кирдилар.

Ҳамлакорлар ичида қувонч саслари эшитилди. Уларнинг назарида, ҳайвонлар қоча бошладилар ва одамлар уларни тартибсиз таъқиб этишга тушдилар. Сноуболл айнан шуни кутиб турарди. Ҳамлакорлар ҳовлига кирган заҳоти, Сноуболл ҳужумга буйруқ берди ва молхона ортидаги буталар ичида пистирмада турган учта от, учта сигир ва чўчқалар тўсатдан душманнинг ортидан зарба бердилар. Сноуболлнинг ўзи Жонсга томон отилди. Уни кўрган Жонс тўппончасини шартта ўгириб, ўқ узди. Ўқ Сноуболлнинг елкасига тегиб ўтди, унинг баданида қонли из қолдириб, рўпарада турган қўйни ҳалок қилди. Бир лаҳза ҳам тўхтамасдан, Сноуболл ўзининг бутун оғирлиги билан Жонсни оёғидан чалиб ағдарди. Тўппончасини тушириб қўйган Жонс гўнг уюмига йиқилди. Энг ваҳшатли томошани Боксёр кўрсатди, у қутурган тулпор каби икки оёғини кўтариб, тақаланган туёқлари билан тепди. Унинг биринчи зарбаси Фоксвуддан келган отбоқарнинг калласига тегди ва у нафас олмай, ахлатга қулади. Буни кўрган бошқалар найзаларини ташлаб, қочишга тушдилар. Бор-йўғи бир неча лаҳза ичида саросимага тушган одамлар ҳовлида бетартиб тентирай бошлашди. Ҳайвонлар уларни шохлашар, босишар, юлишар ва туртишарди. Барча жониворлар, ҳар бири ўзича, бу қасос байрамида иштирок этарди. Ҳатто мушук ҳам бехосдан томдан бир молбоқарнинг елкасига сакради ва унинг ёқаси ичига тирноқли панжаларини тиқди, молбоқар ҳайвондай ёввойи овозда инграб юборди. Чиқиш йўли очиқ турганини кўрган одамлар тўдалашиб ташқарига отилдилар ва катта йўл томон шошилдилар. Ҳамлаларидан беш дақиқа ҳам ўтмай – одамлар шармандаларча уларни молхонага олиб келган йўл билан қочиб борардилар. Уларнинг ортидан товонларини чўқилаганча ғозлар тўдаси қувиб борарди.

Бир одамдан ташқари, ҳамма қувиб юборилди. Ҳовлининг олис томонида Боксёр юзи ерга қапишган отбоқарни тепага ўгириш учун эҳтиёткорлик билан туртаётганди. У эса қимирламасди.

– У ўлиб қолибди, – Боксёр қайғу билан гапирарди. – Мен буни истамаган эдим. Мен ўзимнинг темир тақаларим ҳақида унутган эканман. Мен буни истамаганимга ким ҳам ишонарди?

– Ўртоқлар, бўшашманглар, – бақирди ярасидан ҳали қон сизиб турган Сноуболл. – Уруш уруш-да. Одамзоднинг энг яхшиси ўлган одамдир.

– Мен ҳеч қачон ҳеч кимни, ҳатто одамни ҳам жонидан жудо қилмоқчи эмасдим, – Боксёр кўзлари тўла ёш билан такрорлади.

– Молли қаёқда? – кимдир эслаб қолди.

Молли ростдан ҳам ғойиб бўлганди. Бир дақиқадан сўнг молхонада шовқин кўтарилди: одамлар уни қандайдир йўл билан ногирон қилган ёки асирга олган бўлишлари мумкин, деган хавотирлар пайдо бўлди. Охир-оқибат, Молли ўзининг отхонадаги катагига беркинган ҳолда топилди. У қулоғигача сомонга кўмилган ҳолда пусиб ётарди. Молли қурол ишга туширилган заҳоти жанг майдонидан гум бўлганди. Уни кўргандан кейин, ҳамма ҳайвонлар ҳовлига шошиб чиқишганида, ўзини ҳушсиз ўликка солиб ётган отбоқар аллақачон ғойиб бўлганди.

Ана шундагина ҳамма ҳайвонлар ёввойи жунбушга келишди; ҳар бири бошқалардан баланд овозда қичқиришга уринганча, жангдаги ўз қаҳрамонликлари ҳақида сўзлашни бошлади. Буларнинг бари ғалаба муносабати билан байрамга айланди. Дарҳол байроқ юқорига кўтарилди, «Англия жониворлари» кўп марта айтилди, ҳалок бўлган қўзичоқ тантанали дафн этилди. Унинг қабрига дўлана бутаси экилди. Янги қабр устида Сноуболл қисқача нутқ ирод қилди. Барча ҳайвонларни зарур бўлса, молхона учун, “Ҳайвонобод” учун ўз жонларини фидо қилишга даъват этди.

Бир овоздан «Ҳайвон – биринчи даражали қаҳрамон» ҳарбий мукофотини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, бу мукофот Сноуболл ва Боксёрга берилди. У жездан ясалган бўлиб (аслида бу жез тақалар абзалхонада аввалдан сочилиб ётганди) авваллари уларни ҳайвонларга бозор кунлари ва байрамларда тақиб қўйишарди. Бундан ташқари, «Ҳайвон – иккинчи даражали қаҳрамон» ҳарбий мукофоти ҳам таъсис этилиб, у билан ҳалок бўлган қўзичоқни ўлимидан сўнг тақдирлашди.

Бу тўқнашувни нима деб аташ борасида кўп тортишувлар бўлди. Ниҳоят уни сигирхона олдидаги жанг деб аташга қарор қилинди, чунки пистирма айнан ўша ерда турганди. Мистер Жонснинг тушиб қолган тўппончаси лойқа ичида ётганди. Молхонада патронлар заҳираси ҳам борлиги маълум эди. Энди тўппонча байроқ илинадиган устун остига артиллерия тариқасида қўйиладиган бўлди. Ундан йилига икки марта – 12 октябрда, сигирхона олдидаги жангнинг йиллигида ва сигирхона жангини хотирлаш учун қуёш тикка келган кунда тантанали ўқ отишга қарор қилинди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации