Текст книги "Чол ва денгиз"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
Макрель скелетини денгизга улоқтиргач, сувда доиралар пайдо бўладими, йўқми деб, қараб турди, аммо секин-секин чўкиб бораётган балиқ ашқол-дашқолининг ялтироқ изидан бошқа ҳеч вақо кўринмади. Чол ўгирилиб олди, ҳар иккала учар балиқни макрель бўлаклари орасига қўйди ва пичоқни ғилофига солиб, яна қайта қайиқ бурнига томон оҳиста ўтиб олди. Унинг елкаси чилвир залворидан эгилган, ўнг қўли билан эса балиқни тутиб борарди.
Жойига қайтиб келгач, макрель бўлакларини тахталар устига терди, буларнинг қаторига учар балиқларни қўйди. Шундан кейин чилвирни елкасининг ҳали лат емаган жойига суриб олди ва яна оғирликни планширга таянган чап қўлига ўтказди. Борт оша энгашиб, учар балиқни денгизда чайиб олди. Бу орада қўли остида сувнинг қандай оқаётганига ҳам эътибор берди. У макрель пўстини шилганида, ялтираб қолган қўли атрофида сувнинг доира ясаб ўтишига маҳлиё бўлиб турди. Ҳозир у аввалгидан секинроқ оқарди. Чол кафтининг четини қайиқ зийига ишқаб туриб, қуйруқ тарафга оҳиста сузиб кетаётган фосфор зарраларини кўрди.
– У ё толди, ё нафас ростлаяпти, – деди чол. – Тезроқ овқатланиб, озгина ухлаб олиш керак.
У гўшт бўлакларидан бирининг ярмини ва юлдузлар ёруғида тозалаб қўйилган учар балиқлардан бирини еб олди. Овқатланар экан, чол тун ҳавоси борган сари совуқлашаётганини сеза бошлади.
– Агар қовуриб ейилса борми, макрелдан кўра лаззатлироқ нарса йўқ, – деди у. – Аммо хомлигида нақадар бемаза бу. Денгизга баний тузсиз ва лимонсиз чиқмаганим бўлсин.
«Менда калла деган нарса бўлганда, – деб ўйлади у, – кун бўйи қайиқ бурнига сув қуйиб, селгитиб турмасмидим, – кеч кирганда, қўлимда тузим бўларди. Айтмоқчи, макрелни кун ботиш олдидангина тутган эдим-а. Шундай бўлса ҳам мен жуда кўп нарсаларни назардан қочириб қўйибман. Қаранг-а, бутун бир бўлакни чайнаб бўлибман-ку, аммо кўнглимни айнитаётгани йўқ».
Шарқ томонда осмон бети булутларга бурканмоқда эди ва таниш юлдузлар бирин-сирин ўча бошлади. У гўё булутлар дарасига кириб бораётгандай кўринар эди. Шамол тинди.
– Уч ёки тўрт кундан кейин ҳаво айнийди, – деди у. – Аммо бу ҳали на бугун бўлади, на эртага. Балиқ ўзини осойишта тутаётган экан, мизғиб ол, қария.
У чилвирни ўнг қўлига олди ва бор гавдаси билан бортга ёнбошлаган ҳолда, қўлини думғазаси билан босиб тушди. Кейин елкасидаги чилвирни сал қуйироққа силжитди ва уни чап қўли билан ушлаб олди.
«Бармоқларим бўшашиб кетмагунча, ўнг қўлим чилвирни қўйиб юбормайди. Мабодо уйқуда бармоқлар чилвирни қўйиб юборса, унинг денгизга қараб силжишини чап қўлим сезади-да, мени уйғотади. Албатта ўнг қўлга осон бўлмайди. Аммо у қийинчиликка бардош беравериб, ўрганиб қолган. Жуда бўлмаганда йигирма дақиқа ёки ярим соат ухлаб олсам, шу ҳам катта гап».
У бортга ёнбошлади, балиқнинг оғирлигини ўнг қўлига ўтказди ва ухлаб қолди.
Бу сафар тушига арслонлар эмас, саккиз ёки ўн милга чўзилиб кетган денгиз чўчқаларининг ҳудудсиз тўдалари кириб чиқди. Ҳозир ҳирс фаслига кирганларидан, улар ҳавога баланд сакрашар, кейин ўзлари чиқиб келган сув ўйиғига шўнғишар эди.
Кейин тушида кўрса қишлоқда ўз каравотида ётибди. Кулбасида шимолдан эсган шамол ғувиллар эмиш. Чол жуда совқотибди. Бошига ёстиқ ўрнига қўйган ўнг қўли бўлса, увушиб қолибди.
Ва ниҳоят, унинг тушига чўзиқ зардобранг соҳил кирди ва ғира-ширада бу ерга чиққан биринчи арслонни кўрди, унинг кетидан бошқалари ҳам чиқиб келарди. Чол лангар ташлаб турган кеманинг бортига иягини тираб қарармиш, қирғоқдан эсган кечки шамол уни елпиб ўтармиш, ўзи бошқа арслонлар пайдо бўлмасмикин деб кутаётганмиш ва бахтиёр эмиш.
Ой бўлса аллақачон чиққан, у эса ҳамон уйқудан бош кўтармас, ухлар, балиқ бўлса қайиқни булутлар дараси томон сокин судраб борарди.
У силтовдан уйғониб кетди, ўнг қўли мушт бўлиб юзига келиб урилди, чилвир қўлни қиздиргандан қиздириб, шитоб билан денгизга кетиб борарди. Чап қўли ҳеч нарсани ҳис қилмаганидан, у чилвирни ўнг қўли билан тўхтатишга уринди, аммо чилвир аллақандай кучли бир суръат билан денгизга кетиб борарди. Ниҳоят чап қўл ҳам чилвирни сеза бошлади, чол чилвирга елкаси билан тиркалди, энди чилвир орқаси билан балиқнинг бутун оғирлигини ўзига олган чап қўлини жизиллатиб ўта бошлади. Чол эҳтиёт калаваларга ўгирилиб қаради ва уларнинг жуда тез бўшалаётганини кўрди. Шу он балиқ океан сиртини ўпириб, отилиб чиқди ва яна денгизга залвор билан тушиб кетди. Кейин бу яна такрорланди, ундан сўнг яна ва яна. Чилвирнинг денгизга тўхтовсиз кетиб боришига қарамай, қайиқ олға босарди, чол чилвирни бор кучи билан тортишга ҳаракат қилар, гоҳ бир зумгина бўш қўйиб берар, гоҳ яна узилиб кетадими деб қўрқа-қўрқа ўзига тортарди. Унинг ўзи ҳам қайиқ бурнига ёпиштириб ташланган эди. Юзи бир бўлак макрель гўштига тиркалганча ётар, чолнинг қимирлашга имкони йўқ эди.
«Бизга худди мана шу нарса керак эди, – деб ўйлади у. – Энди маҳкам бўл… Чилвирни қандай суғуриб кетишни кўрсатиб қўяман унга! Ҳа, кўрсатиб қўяман ҳали!»
Унга балиқнинг ирғиб чиқишлари кўринмас эди. У океан бағрининг шов-шув сурон билан қўпорилганию, балиқ қайтиб сувга тушаётганда, қулоқни батанг қилиб шалоплаганини эшитарди, холос. Бортдан ошиб бораётган чилвир қўлни аёвсиз тилиб ўтар, аммо чол шундай бўлишини аввалдан билар ва кафти ё панжалари яраланмасин учун чилвир йўлига қўлининг қадоқли ерини тўғрилашга ҳаракат қиларди.
«Бола ёнимда бўлганда, – деб ўйлади чол, – чилвирни ҳўллаб берган бўларди. Эҳ, бола ёнимда бўлганда-я! Қанийди, у шу ерда бўлса! Қанийди!»
Чилвир кетгандан кетиб борар, кетгандан кетиб борар, аммо боягига қараганда суръати сусайинқираб қолган ва чол балиқни чилвирнинг ҳар тутамини машаққат билан юлиб олишга мажбур қиларди. У бошини кўтариб юзини парчинланиб кетган макрель гўштидан четга олишга муваффақ бўлди. У аввал тиззасига турди, сўнг оҳиста оёққа босди. Чол чилвирни ҳамон бўшатиб турар, лекин борган сари ўлармонлик билан оз-оздан бўшатарди. У калава ўрамлари туриши керак бўлаги жойга сурилди-да, оёғи билан пайпаслаб ҳали ўрамда чилвирнинг кўплигига қаноат ҳосил қилди. Сувга эса, шунчалик кўп чилвир кетган эдики, ҳали балиқ шунинг ўзини эплаб улгурса ҳам хўп гап эди.
«Мана энди, – деб ўйлади у. – Балиқ ўн маротабадан ҳам кўп ирғишлаб чиқиб пуфакларини ҳаво билан тўлдирди. Энди унинг борса келмасга қочиб қутулиши ва у ерда ўлиб кетиши мумкин эмас. У тезда доира ясаб, чир айлана бошлайди, ана ўшанда қўлқўлга тегмай ишлашга тўғри келади. Қизиқ, нима сабабдан у бунчалик безовта бўлдийкин? Очлик жонидан ўтдими ёки қоронғида бирон нарса ҳуркитдими? Балки у тўсиндан даҳшатга тушгандир. Аммо бу вазмин ва кучли балиқ эди-ку. У менга жуда дов ва ўзига амин бўлиб кўринган эди. Тавба!»
– Менга қара, чол, яхшиси қўрқиб-пўрқиб ўтиришни бир ёққа йиғиштириб қўй-да, кўпроқ ўз кучингга ишон, – деди у. – Сен уни қўлингда ушлаб турган бўлсанг ҳам, бир қаричгина чилвирни ўзингга тортиб ололмайсан. Аммо у тезда айлана бошлайди.
Чол энди чилвирни чап қўли ва елкалари билан тўхтатиб турарди; юзидан макрель гўштининг парчаларини ювиб ташлаш учун эгилиб ўнг қўлида сув олди. У кўнгли беҳузур бўлиб, қайт қилишдан, натижада, мадорсизланиб қолишдан қўрқарди. Юзини ювиб бўлгач, чол субҳи содиқ уйғониб келаётган кўкка термилганча, ўнг қўлини бортдан ошириб, шўр сувда тутиб турди. «Ҳозир у айтарли оғишмай, тўғри шарққа қараб сузяпти, – деб ўйлади у. – Бу унинг чарчаб қолиб, оқим бўйлаб бораётганини кўрсатади. Унга ҳали замон доира қилишга тўғри келиб қолади. Ўлиб-тириладиган пайт ана ўшанда бошланади».
Қўлини шўр сувда бир неча муддат тутиб тургач, чол уни кўздан кечирди.
– Унчаям хавфли эмас экан, – деди у. – Оғриқ бўлса эр киши учун бир гапи, холос.
Чол чилвирни қўлининг янги қирқилиб кетган ерларига текизиб юбормасликка ҳаракат қилиб, авайлабгина ушлади ва чап қўлини ҳам иккинчи бортдан ошириб сувга солиш учун гавдасини қулай ўрнаштириб олди.
– Ўлгудай тирик нотавон бўла туриб ҳам, ҳар ҳолда, ўзингни ёмон тутганинг йўқ, – деди у чап қўлига. – Аммо мени чув тушириб қўяй деган пайтинг ҳам бўлди.
«Нимага ҳам мен тоғни урса талқон қиладиган икки забардаст қўл билан туғилмадим? – деб ўйларди у. – Балки чап қўлимнинг мана шу кўйга тушишига ўзим айбдордирман? Уни аччиқ-чучукка бардош беришга ўз вақтида ўргатиш керак эди. Аммо бандаси бўлмаса, Худойимнинг ўзи кўриб тургандир, бу нарсаларни унинг ўзи ҳам ўрганиб олса бўларди. Ростини айтганда, бугун кечаси у менга ёмон хизмат қилмади; борйўғи бир марта томир тортишди, холос. Лекин, мабодо, бу яна қайтариладиган бўлса, яхшиси чилвир уни чўрт қирқиб кета қолсин!»
Шуни ўйлагандан сўнг, чол боши айланиб кетаётганлигини сезиб қолди. Аслида яна бир бўлак макрель гўштини еб олиш керак эди-я. «Йўқ, ея олмайман, – деди у ўзига. – Кўнгил озиб, беҳол бўлгандан кўра, бош айланиб тургани маъқул. Бундан ташқари, юзи мижиғлаган гўштни оғзимга сололмайман. Бу гўштни то бузилмагунча, ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўяман. Барибир ҳозир у-бу татиб олишнинг вақти ўтди. Каллаварам чол! – деб койинди у. – Ахир, қолган бир учар балиқни ейишинг мумкин-ку».
– Мана, у мени е деб, тозалаб қўйилганча ётибди, – чол уни чап қўлига олди-да, суякларигача қўймай мижиб, пақ-паққос еб битирди.
«У бошқа ҳар қандай балиққа қараганда ҳам тўқ тутади, – деб ўйлади у. – Ҳарқалай унда менга керакли бўлган нарса бор… Мана энди қўлимдан нима келса шуни қилиб бўлдим. Қани, у айланаверсинчи, беллашиб кўрамиз ҳали».
У денгизга чиққандан бери қуёш мана учинчи марта бош кўтариб чиқяпти, худди шуни кутиб тургандай балиқ ҳам доира чизишни бошлаб юборди.
Чилвирнинг денгизга қандай қияликда тушиб боришига қараб балиқ айланаётибдими ёки йўқми, чол билолмасди. Билишнинг ҳали фурсати ҳам етмаган эди. У чилвирнинг пича бўшашганлигини сезди, холос ва ўнг қўли билан уни оҳиста ўзига торта бошлади. Чилвир бояги-бояги яна қаттиқ тортилди, аммо ол, ана энди узилиб кетади деб турганда, у тўсиндан бўшашиб қолди. Шунда чол энкайиб елкаларини эзиб турган чилвирдан бўшатди ва шошмасдан, мароми билан уни ўзига тортмоққа киришди.
У бутун эркини қўлларига бериб ишларди. Ёшлик куч-қувватини йўқотган оёқлари билан елкалари уларга кўмак бериб турарди.
– У жуда ҳам олислаб айланяпти, аммо нима бўлса ҳам ишқилиб айланяпти-ку.
Тўсатдан чилвир силжишдан тўхтаб қолди. Аммо чол чилвирни то ундан қуёшда товланиб порлаган сув кукунлари сачраб чиқмагунча ўзига тортаверди. Кейин чилвир орқага тортилиб кета бошлади. Чол чўккалаб олганча, хушламайгина, аста-секин яна сим-сиё сувга бўшатмоққа кирди.
– Энди балиқ ўз доирасининг энг олис қисмини ўтаяпти, – деди у.
«Уни иложи борича қаттиқ ушлаш керак. Таранг тортилган чилвир доирани ҳар сафар торайтираверади. Эҳтимол, бирор соатдан кейин у кўриниб ҳам қолар. Мен уни аввал ўз кучимга ишонтиришим керак, кейин тушовлаб оламан».
Бироқ икки соат ўтибди ҳамки, балиқ ҳамон қайиқ атрофида имиллаб айлангани айланган эди. Чол қора терга ботган, чарчаганидан бурни ерга теккудай бўлган эди. Тўғри, балиқ айланаётган доира анчайин қисқариб қолган, бундан ташқари, чилвирнинг сувга тушиб боришидан балиқнинг борган сари юқорига кўтарилиб келаётганлиги кўриниб турарди.
Бир соатдан бери чолнинг кўз ўнги қоронғилашиб борар, сел бўлиб оққан тер кўзини ҳам, кўзи устидаги жароҳатни ҳам, ва яна манглайидаги бошқа бир ярани ҳам ачиштиргандан ачиштирарди. Кўз ўнгининг қоронғилашиб бораётгани уни қўрқитмас эди. Чилвирни шунчалик зўриқиш билан тортаётгани олдида бу унчалик ҳайрон қоларли иш эмасди. Лекин икки сафар унга жисми гўё сочилиб кетаётгандай бўлиб туюлди, бу эса уни ҳазилакам ташвишга солмай қўймади.
«Наҳотки, мен повилғонилик қилиб қўйсам ва Худо бехабар бир балиқ деб ўлиб кетсам? – ўз-ўзига савол берарди у. – Келиб-келиб, ҳозир – ҳамма нарса кўнгилдагидай бўлаётган маҳалда-я. Ё Раббий, ўзинг менга чидам бер! Мен юз бор, «ё падар» билан яна юз бор «Биби Марям»ни ўқиганим бўлсин. Фақат ҳозир эмас. Ҳозир ўқий олмайман».
«Ҳозирча уларни гўё ўқигандай бўла қолай, – деб ўйлади у. – Кейинроқ ўқиб қўяман».
Шу дам у икки қўллаб ушлаб тургани чилвирга зарб тушаётгани, ҳамда силтаниш рўй берганини сезиб қолди. Силтов жуда ҳам кескин ва бениҳоя кучли эди.
«У қармоқ уланган симга қилич тумшуғи билан уряпти, – деб ўйлади чол. – Худди ўзи. Унинг шундай қилиши ҳам керак эди. Бироқ бу уни сакраб чиқишга мажбур қилиб қўйиши мумкин, мен бўлсам унинг ҳозир айлана тургани маъқул деб билардим. Боя унга ҳаво олиш учун юзага сакраб чиқиш керак бўлган эди, аммо энди ҳар бир янги сакраш қармоқ илиниб турган жойни кенгайтириб қўйиши, оқибат натижада балиқ қўлдан чиқиши мумкин».
– Балиқ, сакрамагин, – илтимос қиларди у. – Ўтинаман, сакрама!
Балиқ қайта-қайта симга зарб урар ва ҳар гал чол бош чайқаб, чилвир бўшатар эди.
«Мен унга қуюшқондан ташқари азоб бермаслигим керак, – деб ўйларди у. – Менинг дардим – ўзимда. Уни енгиб ўтишим мумкин. Аммо балиқ оғриқдан эсини йўқотиб қўйиши ҳеч гапмас».
Бирмунча муддатдан сўнг балиқ симга уришдан тўхтади ва яна оҳиста айлана бошлади. Чол мароми билан чилвирни ўзига тортиб йиғиштирарди. Аммо у яна ўзини лоҳас сеза бошлади. Чол денгиз сувидан ҳовучлаб олиб бошидан қуйди. Кейин яна бир оз сув олиб бошига қуйгач, энсасини уқалаб қўйди.
– Шукрки, ҳартугул томир тортишмаяпти, – деди у. – Балиқ тезда юзага чиқади, мен бўлсам ҳали туриб бераман. Сен туриб беришинг керак, чол. Чидамим етмайди деб, ҳатто хаёлингга ҳам келтира кўрма.
У тиззалаб ўтириб олди ва омонатгина бўлса ҳам чилвирни яна елкасига олди. «Балиқ айланиб тургунча, мен нафас ростлаб оламан, кейин ўрнимдан тураман-да, у яқинлаб келиши билан чилвирни ўзимга торта бошлайман».
Чол қайиқ бурнида туриб кўпроқ дам олгиси, чилвирни ўз ҳолига ташлаб, ортиқча бир айланиб чиқиш учун балиққа йўл қўйиб бергиси келарди. Аммо тортиш маромидан балиқнинг бурилиб, яна қайиқ томонга қайтаётганлиги маълум бўлган замон чол ўрнидан турди ва қўлга иложи борича кўпроқ чилвир киритай деб, гавдасини дам у томонга, дам бу томонга ўгирганча қулочлаб чилвир торта бошлади.
«Шундай чарчабманки, умрим бино бўлиб бунақанги аҳволга тушмаганман, – деб ўйлади чол, – мана шамол ҳам кучайиб боряпти. Нафсиламрга балиқни уйга олиб бораётганимда, бу шамол асқатади. Ҳа, жуда, жуда асқатади бу шамол».
– У янгидан айлана бошлаши билан мен дам оламан, – деди у. – Ўзимни ҳам боягидан кўра анча яхши ҳис қиляпман. Ўлдим деганда, яна икки-уч айланишдан кейин балиқ меники бўлади-қўяди.
Унинг похол шляпаси энсасига сурилиб тушган эди. Балиқ олдинга қараб яна судраб кета бошлаши билан чол бутунлай ҳолдан тойиб, ўзини қайиқ бурнига ташлади.
«Мана энди сен чигилингни ёз, балиқ, – деб ўйлади у. – Сен орқага қайтдинг дегунча, мен ишимни бошлайман».
Денгиз бўйлаб йирик долға сирпана бошлади. Аммо сувни очиқ ҳавонинг йўлдоши бўлган хайрли шамол ҳайдаб келмоқда эди. У чолнинг уйга етиб олишида ҳали ҳам мадор, ҳам мадад бўлади.
– Қайиқни жануб ва ғарбга томон бошқариб бораман, – деди у. – Вассалом. Денгизда ҳам адашиб бўлармишми? Оролимиз-ку, кичкина эмас, чўзилгандан чўзилиб кетган.
Чол балиқни учинчи айланиш вақтида кўрди.
Назари аввало қайиғи остидан бош-кети кўринмай чўзилиб ўтган тимқора сояга тушди. Ўз кўзларининг кўрганига ўзи ишонмай қолди.
– Йўқ, – деди у. – Унинг бунақанги ботмондахсар бўлиши мутлақо мумкин эмас.
Аммо балиқ чиндан ҳам улкан эди. Учинчи айланиш охирлаб қолганида, у қайиқдан ўттиз ярдча нарида юзага сузиб чиқди. Унинг қуйруғи денгиздан қанчалик кўтарилиб чиққанини чол ўз кўзлари билан кўрди. У энг катта ўроқдан ҳам каттароқ бўлиб, қорамтир-мовий сув бетидан нимсафсар тусга киргандек кўринарди. Балиқ яна бошқатдан шўнғиб кетди, аммо бу гал у қадар чуқур тушмади. Унинг бутун алп сиёсат гавдасини чирмаб олган бинафшаранг тасмалари чолга яққол кўриниб турарди. Балиқнинг умуртқа қаноти шалпайиб тушган, жуда ҳам улкан кўкрак сузғичлари бўлса кенг ёйилган эди.
Балиқ айланар экан, чол унинг кўзларини, шу кўзлар атрофида сузиб юрган икки кулранг елим балиқни кўрди. Ўқтин-ўқтин улар балиқнинг баданига зулукдек ёпишар, кейин жон ҳолатда ура қочишарди. Гоҳида эса йирик балиқнинг соясида ўйноқлаб сузишарди. Елим балиқлардан ҳар бирининг бўйи уч футдан ошиқроқ келар эди. Улар сузаётганларида худди илон балиққа ўхшаб, бор бўйлари билан биланглаб кетишарди.
Чолнинг юзидан энди фақат қуёш тафтидангина эмас, азбаройи зўриққанликдан ҳам тер реза-реза бўлиб оқарди. Кўринишдан жуда сокин ва бамайлихотир доира ясаётган балиқнинг ҳар янги айланишида чол борган сари кўпроқ чилвир йиғиб олар, яна икки айланишдан кейин балиқ кўксига гарпун уришига энди у амин бўлиб қолган эди.
«Аммо мен уни бундан ҳам яқинроқ олиб келишим керак, ҳа, яқинроқ, – деб ўйларди у. – Мўлжалга ҳам бошини олмасдан, нақ юрагига уриш керак».
«Ўзингни бос, бардам бўл, чол», – деди у ўзига-ўзи.
Кейинги айланиш вақтида балиқнинг сирти сув юзасида кўринди, аммо у ҳали ҳам қайиқдан анча нарида сузиб борарди. Балиқ яна бир марта айланиб чиқди, бироқ сув бетига боягидан кўра сезиларлироқ чиқиб қолган бўлса-да, ҳамон ўша-ўша қайиқдан анча олисда эди. Чол чилвирни яна бир оз тортқилаб олганида, ҳозир балиқни нақ бортнинг ёнгинасига келтириб қўйган бўлишини биларди.
У гарпунни аллақачон шай қилиб қўйган эди; ингичка трос ўрами кажава саватда ётар, унинг бир учи қайиқ бурнидаги илгакка маҳкамланган эди.
Беқиёс вазмин ва сулув бўлган бу балиқ доирасини ясаб, улкан қуйруғини билинар-билинмас қимирлатиб яқинлашиб келарди. Чол уни қайиққа мумкин қадар яқинроқ олиб келиш учун куйиб-пишиб чилвир тортарди. Бир муддат балиқ ёнбошига ағдарилиб қолди. Кейин у ўзини ростлаб олди ва янгидан айланишга ўтди.
– Мен уни ўрнидан жилдирдим, – деди чол. – Нима бўлганда ҳам мен уни ағдарилишга мажбур қилдим.
Унинг яна боши айланиб кетди, шунга қарамасдан чилвирни ўлиб-тирилиб тортишдан тўхтамади. «Ахир, бўлса-бўлмаса, уни ёнига тўнтариб қўйиш қўлимдан келади-ку, – деб ўйлади у. – Ажаб эмас, уни бу сафар чалқанчасига ағдариб олсам. Торт хоо-о, торт! – Ўз қўлларига буюрди у. – Қани, ҳа-ҳа, оёқлар, бардам-бардам! Калла, бўла қол, анқайма! Иш кўрсат! Ахир, сен ҳеч қачон мени ерга қаратмагансан-ку. Бу сафар мен уни чархпалак қилиб ташлайман!»
Ҳали балиқ қайиққа яқин келиб улгурмасданоқ, у бор кучини йиғиб, ўлар-тириларига қарамай торта бошлади. Бироқ балиқ ёнбошига ағдарилди, холос. Кейин яна ўзини ўнглаб олди-ю, олислаб кетди.
– Менга қарагин, балиқ! – деди чол унга. – Сен барибир ўласан. – Шундай бўлгач, мени ҳам ўзингга қўшмозор қилишдан бир маъно борми?
«Бунақада икки қўлимни бурнимга тиқиб қолаверишим ҳам ҳеч гап эмас», – кўнглидан ўтказди у. Оғзи шундай ҳам қақраб кетган эдики, ҳатто лабини лабига қовуштиришга мажоли етмас, сув солинган шишани чўзилиб олиш учун эса мадори йўқ эди. «Бу гал мен энди уни қайиққа судраб келтирмасам бўлмайди, – деб ўйлади у. – Кунинг битиб қолганга ўхшайди, чол». «Йўқ, – деб чўрт кесди у ўзини, – битиб қолгани йўқ. Умринг ҳали юз йилларга етади, чол».
Кейинги айланиш пайтида чол сал бўлмаса балиқни қўлга киритай деди-ю, бироқ у яна ўзини ростлаб олиб, оҳиста узоқлаб кетди.
«Мени хароб қиляпсан, балиқ, – ўйларди чол. – Бу, албатта, сенинг ишинг. Умрим бино бўлиб ҳали бирон мартаба сенчалик улкан, сенчалик сулув, осуда ва олижаноб махлуқни кўрмаганман. Майли, истасанг мени ўлдир. Ким-кимни ҳалок қилади – энди менга барибир».
«Яна миянг айнияпти, қария! Ўзинг биласан-ку, бошинг равшан бўлиши шарт. Эсингни йиғиб ол. Уқубатни инсонларча… ё бўлмаса, худди мана бу балиқчалик енгиб ўтишга ҳаракат қил», – деб хаёлан қўшиб қўйди у.
Сўнг ўз-ўзига:
– Қани, бўл-чи, каллани ишлат, – деди. Овози шундай ожиз чиқдики, уни ҳатто ўзи базўр эшитди. – Ишлат, деяпман сенга.
Яна икки айланиш давомида ҳам ҳеч нарса ўзгармади.
«Нима қилсам бўларкин? – ўйлаб ўйига етолмасди чол. Ҳар гал балиқ олислай бошлаши билан унга гўё ўзи ҳушдан кетаётгандай бўлиб туюларди. – Нима қилиш керак? Яна бир уриниб кўраман».
У яна бир уриниб кўриб, ҳушдан ажралаётганини сезди. Аммо шундай бўлса ҳам балиқни чалқанча ағдаришга муваффақ бўлди. Кейин балиқ қайтадан ўзини ростлаб олди ва баҳайбат думини ҳавода биланглата-биланглата йироқлаб кетди.
Қўллари жонсиздай бўлиб қолгани ва кўз олди хиралашиб, туман босганига қарамай чол: «Яна бир уриниб кўраман», – деб аҳд қилди.
Шундай қилди ҳам, бироқ балиқ яна чап бериб кетди. «Э, ҳали шундайми? – деб ўйлади у. Ўйладию, ўзини музлаб кетаётгандек ҳис қилди. – Мен яна бир уриниб кўраман».
У ўзининг бутун азоб-уқубати, қолган-қутган кучқуввати ва аллақачонлардан буён йўқолиб кетган ғурур, ориятини бир ерга тўпладию, уларни балиқ чекаётган абгорликлар билан яккама-якка олишувга ташлади. Шунда балиқ ёнбошига ағдарилиб тушди ва шу кўйича оҳиста, қайиқ қопламасига қилич тумшуғи билан тегай-тегай деб сузиб ўта бошлади; узун дегандан узун, энли дегандан энли, кумушдайин товланган, бинафшаранг тасмалардан камар боғлаган, боши ҳў атта, кети ҳў батта бўлиб туюлган бу балиқ сал бўлмаса қайиқ ёнидан қилпиллаб ўтиб кетай деди.
Чол чилвирни ташлаб, уни оёғи билан босиб олди, гарпунни қурби етганча баланд кўтариб, шу онда йиққан бор кучи билан балиқнинг денгиз сиртидан одам кўкрагича кўтарилиб турган тўш қанотларининг худди орқасига урди. У темирнинг юмшоқ гўштга қандай кириб бораётганини туйди ва бутун оғирлигини гарпунга солиб, уни борган сари чуқур суқа борди.
Шунда балиқ ўлим билан ҳамнишин бўлиб қолганига қарамай ҳаракатга кирди, гўё ўзининг тенги йўқ бўй-басти, бор гўзаллиги ва қудратини намойиш қилгандай денгиздан баланд кўтарилиб чиқди. Гўё у чол билан қайиқ устида муаллақ осилиб қолди. Кейин у чол ва чолнинг бутун қайиғига кўлоб-кўлоб сув ёғдириб денгизга гумбурлаб тушди.
Чолни беҳоллик ва беҳузурлик ўз комига олди, кўзлари деярли ҳеч нарсани илғамай қўйди. Бироқ гарпун арқонини бўш қўйиб, уни тилимланиб кетган қўлларида оҳиста тутамлай бошлади. Кўзлари яна равшан тортганда эса, у балиқнинг кумушранг қорнини осмонга қаратиб тўнтарилиб ётганини кўрди. Орқасидан гарпун дастаси қиялаб чиқиб турар, денгиз теграси эса унинг қора қонига бўялган эди. Бошда гўё бутун бир чақирим келадиган мовий сувни ғиж-ғиж балиқлар тўдаси қоплаб юборгандай қора доғ босди. Кейин бу доғ ёйилиб кетди ва паға-паға булутга ўхшаб қолди. Кумушсимон балиқ тўлқинларда оҳиста тебраниб турарди.
Чол то кўзи яна тиниб кетмагунча, балиқдан кўз узмай турди. Сўнгра у гарпун арқонини битенгга устма-уст икки марта ўраб боғлади ва қўллари билан икки чаккасини ушлаб мункайди.
«Нима бало бўла қолди-я, бу бошимга ўзи? – деди у юзини қуйруқ қопламасига босаркан. – Мен кексайиб қолган одамман. Қаттиқ чарчадим. Аммо мен нима бўлганда ҳам мана бу балиқни ўлдирдим. У менга туғишган биродаримдан ҳам ортиқроқ. Энди бўлса майда-чуйда ишни бир ёқлик қилишгина қолди.
Ҳозир балиқни қайиққа қантариб олишим учун арқонни тахт тутиб, уни сиртмоқ-сиртмоқ қилиб қўйишим керак. Мабодо биз икковлашиб балиқни қайиққа ортсаг-у, уни сувга лиқ тўлдириб қўйсаг-у, борингки, кейин челаклаб бўшатсаг-у, барибир, қайиқ бунақанги юкка дош беролмайди. Мен нима лозим бўлса ҳаммасини таппа-тахт қилиб қўйишим керак. Кейин балиқни бортга тортиб келтиришиму, чандиб ташлашим, елканни кўтариб, куч-кўрон билан жуфтакни ростлашим керак бўлади».
Чол арқонни балиқ жабраси ва жағларидан ўтказиб, бошини қуйруққа тирбанд қилиш мақсадида уни бортга тортиб келтира бошлади.
«Уни кўргим келяпти, – деб ўйлади у, – ўз қўлларим билан ушлагим, қандай балиқ эканлигини бир билиб қўйгим келяпти. Ахир у – менинг бойлигим. Лекин, фақат шунинг ўзи учунгина уни ушлаб кўргим келаётгани йўқ. Мен аллақачон, ҳў ўшанда, гарпунни сопига довур урганимда, унинг юрагига қўл текизиб кўргандай бўлдим, – деб ўйларди у. – Ҳай, майли, энди уни яқинроқ олиб кел, бойла, думига сиртмоқ ташла, қайиққа ёпишиб турсин десанг, танасини ҳам сиртмоқлаб ол».
– Қани, қария, ҳаракатингни қил, – деди у ўзига ва бир қултум сув ютинди. – Энди жанг тамом бўлди, аммо ҳали майда-чуйда иш бошдан ошиб ётибди.
Чол аввал зилол осмонга, кейин улкан балиққа назар солди. Айрича диққат билан қуёшга қаради. «Ҳозир кун пешиндан сал оғибди. Пассат бўлса, авжига миняпти. Шу тобда чилвирни улаб-чатиб қўяй десам, бундан наф йўқ. Буни бола билан уйда дўндириб қўямиз».
– Қани, бери кел-чи, балиқ!
Аммо балиқ бери келишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмас, тўлқинлар оғушида сокин чайқалар эди. Чолнинг ўзига қайиқни унга томон олиб боришга тўғри келди.
Чол унга шундоқ ёнма-ён келиб, балиқнинг боши қайиқ қуйруғига учма-уч келганда, яна бир карра унинг азим ҳайбатидан донг қолди. Кейин гарпун арқонини битенгдан ечиб олиб, уни балиқ жабраларидан ўтказди, бир учини жағидан тортиб чиқарди, балиқнинг қилич тумшуғига айлантириб ўради, кейин арқонни яна жабралардан ўтказди, яна балиқ тумшуғига ўради ва устма-уст битенгга чандиб ташлади. Қолган арқонни кесиб олиб, балиқ думини сиртмоқлаш учун қуйруққа ўтди. Балиқнинг туси заррин бинафша рангдан соф кумуш рангга ўтди, тасмалари бўлса, худди қуйруғи каби синиқ сафсар тусини олди. Бу тасмалар эркак кишининг керилган қўлларидан энлироқ эди, балиқнинг кўзлари эса, худди перископ ойнаклари сингари лўқ бўлиб қолган, айни чоғда салб чопқинлари вақтидаги авлиёларнинг қиёфасини эслатиб турарди.
– Мен уни бундан бошқача қилиб ўлдиролмас эдим, – деди чол.
У сув ичиб, ўзини анча тетик ҳис қилди. Энди у ўзининг бундан кейин ҳушдан кетмаслигини биларди, мияси ҳам равшан тортган эди. «Бу балиқ ярим тонна келса келадики, кам эмас, – деб ўйлади у. – Балки, ундан ҳам кўпроқдир». Агар бунақанги байталмоннинг учдан икки қисми гўшт бўлса, ҳар фунти ўттиз цент-дан турганда, қўлга қанча пул кираркин?
– Қалам-қоғоз бўлмаса, ҳисобига етиб ҳам бўлмайди буни, – деди чол. – Ҳисобини чиқариш учун бош тиниқ бўлиши керак. Аммо, фаҳмимча, улуғ Ди Маджио бугун мен билан фахрланса арзийди. Тўғри, менда суяк қадоғи бўлган эмас. Лекин қўлларим ва елкам бебилиска оғриди-е. Дарвоқе, суяк қадоғининг ўзи нима? Эҳтимол, у бизда ҳам бўлса бордир, фақат борлигини хаёлимизга келтирмасак керак, холос.
Чол балиқни қайиқ бурни, қуйруғи ва ўриндиқларига боғлаб қўйди. Балиқ шунчалик ҳам азим эдики, чолга гўё у қайиғини йирик кеманинг бортига тиркаб қўйгандай туюлар эди. Чилвирдан бир бўлак кесиб олди-да, балиқнинг оғзи очилиб қолиб, сузишни қийинлаштирмасин учун унинг пастки жағини тиғига кўтариб боғлаб қўйди. Кейин у мачтани ўрнатди, таёқдан гафель ўрнида фойдаланди, шкотни тортиб қўйди. Олақуроқ елкан ғўппайди, қайиқ олға жилди, чол қуйруққа ярим ёнбошлаб, жануби-ғарбга сузиб кетди.
Жануби-ғарб томонни аниқлаш учун чолга компаснинг кераги йўқ эди. Бунинг учун унга пассатнинг қайга эсаётгани-ю, елканнинг қай тарафдан шамолга тўлаётганини билиш кифоя эди. «Ҳарқалай қармоқни сувга ташлаб қўйсам ёмон бўлмасди – ёлғондакам хўракка балиқ-малиқ илиниб қолармиди дейман, бўлмаса очдан ўламан-ку». Аммо у ёлғондакам хўракни ахтариб тополмади, сардинлар эса ҳидланиб қолибди. Шунда у сариқ сув ўсимликлари ёнидан сузиб ўта туриб, улардан бир тутамини чангак билан илиб олиб, силкитди. Қайиққа майда қисқичбақалар тўкилиб тушди. Деярли бир дюжинадан ошиқроқ бўлган бу махлуқлар худди бургалар сингари дикирлаб сакрашар, ўрмалашарди. Чол уларнинг бошини икки бармоғи орасига олиб узиб ташлади ва ҳеч нарсасини қўймай обдан чайнаб еб юборди. Қисқичбақалар ниҳояти майда эди. Аммо чол уларнинг кишини жуда ҳам тўқ тутиши, бунинг устига беҳад лаззатли эканлигидан хабардор эди.
Чол уларни батамом еб битиргандан сўнг, шишада қолган озгинагина сувнинг чорак қисмини ичди.
Бортига зил-замбил балиқ тиркалганига қарамай, қайиқ расамади билан борар, чол румпелни тирсаги билан тутганча, уни бошқарар эди. Балиқ унга муттасил кўриниб турар, ўз қўлларига кўзи тушиб қолса ёки елкаси қайиқ четига тегиб кетган ҳамон – буларнинг бари тушида эмас ўнгида содир бўлганини бутун вужуди билан ҳис қилар эди. Ҳув бир пайт, ҳамма нарса ҳал бўлишга келиб қўққисдан мазаси қочиб қолганда, буларнинг бари чолга роппа-роса туш каби кўриниб кетган эди. Нимасини айтасиз, ундан кейин ҳам балиқ сувдан чиқиб қайта тушиб кетиш олдидан ҳавода муаллақ осилиб қолганда, унга буларнинг ҳаммасида қандайдир антиқа бир ғаройибот бордек туюлди ва чол ўз кўзларига ишонмай қолди. Тўғри, у пайтда кўзлари ҳам нафсиламрга яхши илғамай қолган эди, энди бўлса улар яна равшан тортди.
Мана энди балиқнинг ҳақиқатан ҳам мавжудлиги, қўллари ва елкаларидаги оғриқнинг ҳам тушида бўлмаётганлиги унга аён. «Қўлларимнинг яраси тез битиб кетади, – деб ўйлади у. – Яралар ифлосланиб зўрайиб кетмасин деб, озмунча қон оқиздимми, шўргина сув бўлса, ҳойнаҳой уларга малҳам бўлади. Кўрфазнинг қорамтир суви – дунёда тенги йўқ даво. Фақат хаёлим чалғиб кетмаса бўлгани! Қўллар ўз вазифасини адо этиб бўлди, қайиқ ҳам жойида кетяпти. Балиқнинг оғзи бекик, қуйруғи бўлса тиғдек тик, ўзимиз ҳам ёнма-ён худди биродарлардек сузиб боряпмиз». Унинг боши яна бир оз гангиб кетди. «Ким кимни уйга элтаяпти ўзи – мен уними ё у меними? Агар мен уни шатакка олиб бораётган бўлганимда, бошқа гап эди. Ёинки, у ўзининг турган-битган савлатини бой бериб, қайиқ ичида ётганда эди, бунда ҳам ҳамма нарса бошқача, очиқ-ойдин бўла қоларди. Аммо биз ёнма-ён, бир-биримизга занжирбанд бўлиб сузиб кетяпмиз. Бор-э, менга нима, мени етаклаб кетаётган бўлса кетавермайдими. Унга шу маъқул бўлса, биз рози. Нафсиламрга, мен устомонлик ишлатибгина ундан устун чиқдим; баҳарҳол, у менга ҳеч қандай ёмонлик кўзлагани йўқ».
Улар сузгандан сузиб боришар, чол ўқтин-ўқтин қўлини денгиз сувига чайқаб олар, каловланиб қолмасликка ҳаракат қилиб борарди. Тўп-тўп булутлар баландда имиллар, улардан ҳам юксакда укпар булутлар сузишар эди; чол, шамол туни билан эсиб чиқишини биларди. У ҳақиқатан ҳам, балиқни тушида эмас, ўнгида кўриб турганига амин бўлиш учун, дам-бадам унга қараб қўярди. Биринчи акула уни қувиб етгунча, бир соат чамаси вақт ўтди.
Акула уни тасодифан қувиб етгани йўқ. Балиқ қонининг қорамтир булутлари аввал қуюқлашиб, кейин сув бўйлаб бутун бир чақирим чуқурликка ёйилиб кетиши биланоқ, у денгиз қаъридан бош кўтариб, ҳеч бир ҳадик билмасдан, ойнадай мовий денгиз сиртини шитоб билан тилиб, ёруғ дунёга сузиб чиққан эди. Кейин яна ортига қайтди, яна қон ҳидини туйди ва ниҳоят балиқ ҳам қайиқ қолдирган издан кетма-кет таъқиб эта бошлади.
Гоҳида у изни йўқотиб қўярди. Бироқ, ёхуд яна изга тушиб олар, ёинки билинар-билинмас анқиб турган ис димоғига уриларди-да, янгидан тинимсиз таъқиб эта бошларди. Бу – денгизнинг энг учқур балиғи қанчалик тез суза билса, шунчалик тез суза олиш учун дунёга келган, мако жинсидан бўлган жуда ҳам йирик акула эди. Унинг коми дейилмаса, бутун сумбати билан мана мен деб турар эди. Усти худди қилич балиқники каби мовий, қорни кумушранг, сирти силлиқ ва чиройли, ҳозир маҳкам қисиб олинган жаҳаннам дарвозасидай жағларини ҳисобга олмаганда, турган-битгани қилич балиққа ўхшарди. У чўққайиб чиққан тепа қаноти билан сувни енгил ёриб, денгиз юзидан тез сузиб келарди. Оғзининг маҳкам юмуб олинган қўш табақа лаблари ортида саккиз қатор бўлиб ўроқ тишлари тизилиб кетар эди. Улар кўпчилик акулаларнинг аксар қиррадор тишларига ўхшамас, балки йиртқич човути сингари қайрилган одам бармоқларини эслатарди. Узунлиги ҳам чолнинг бармоқларидан қолишмас, зийлари бўлса устарадай ўткир эди. Акула жамики денгиз балиқларини жиғилдонига уриш учун яратилган, бундан ҳатто бошқа ҳеч қандай душмандан тап тортмайдиган, бениҳоя эпчил, кучли ҳамда яхши муҳофаза қилинган балиқлар ҳам ҳоли эмас эди. Шу тобда у ўлжанинг яқинлигини сезиб, шошилар, шу сабабдан ҳам мовий тепа қаноти сувни шиддат билан тиликлаб борарди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?