Текст книги "Чол ва денгиз"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
Эрнест Хемингуэй
Чол ва денгиз. Қисса
Алвидо, қурол. Роман
ЧОЛ ВА ДЕНГИЗ
Қисса
Чол қайиқда ёлғиз ўзи Гольфстримда балиқ овларди. Денгизга чиқаётганига мана саксон тўрт кун ҳам тўлди, аммо ҳали биронта балиқ тутганича йўқ. У билан бола қирқ кун бирга бўлди. Ҳадеганда қўли қуруқ қайтавергач, ота-онаси унга энди чолнинг ўтакетган Sаlао, яъни «ўлгудай омади юришмаган одам» эканини айтиб, бундан буён бошқа қайиқда денгизга чиқиш кераклигини қулоғига қуйдилар. Ҳақиқатан ҳам биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ бу қайиқда балиқ деса арзигудай учта балиқ тутиб келишди. Деярли ҳар куни чолнинг денгиздан қуруқ қайтаётганлигини кўриб бола ич-ичидан эзилар эди. У чолнинг ускуналари, чангак, гарпун ва мачтага ўралган елканларини ташиб олишгани қирғоққа келарди. Дағал матодан тўқилган елкан ямалавериб, ола-қуроқ бўлиб кетган, ўроғлиқ ҳолда яксони чиққан полкнинг яловига ўхшарди.
Чол ориқ ва ҳолдан тойган, энсасини чуқур ажинлар тилиб ўтган, бетлари эса қуёш нурининг тропик денгиз юзидан акс этиб чиқишидан пайдо бўладиган беозор тери ракининг жигарранг доғлари билан қопланган эди.
Доғлар чўзилиб гарданигача тушган, йирик балиқларни тортиб олаётганда, чизимчалар ўйиб юборган қўлларида чуқур чандиқ излари кўринарди. Аммо бу излар ичида янгиси йўқ, ҳаммаси ҳам узоқ сувсизликдан қақраб ётган биёбон дарзлари сингари кўҳна эди. Чолда нимаики бор бўлса, бари ҳам эски, фақат денгиз тусини олган мовий, мардона одамларникига хос қувноқ кўзлари бундан мустасно эди.
– Сантьяго, – деди бола боғлоғлиқ қайиқ турган қирғоқдан юқорилаб кетган йўл оша кўтарилишаркан, – энди яна сен билан денгизга чиқишим мумкин. Ҳозир бир оз пул ишлаб қўйдик.
Чол болани балиқ овига ўргатган, шунинг учун ҳам бола уни яхши кўрарди.
– Йўқ, – деди чол, – сен бахти чопган қайиқда ов қиляпсан. Ўшанда қолганинг маъқул.
– Эсингда борми, бир вақтлар роса саксон етти кун денгизга чиқиб, қуп-қуруқ қайтувдинг, кейин иккаламиз кетма-кет уч ҳафта кунига катта-катта балиқ ушлаб келтирганмиз.
– Эсимда, – деди чол, – сен менга ишонмаганингдан кетганинг йўқ, биламан.
– Отам мажбур қилди. Ўзим бўлсам, ҳали кичкинаман, шунинг учун уларнинг айтганини қилишим керак.
– Биламан, – деди чол. – Ўзи ҳам шундай бўлиши керак.
– Отам бўлса, унча ишонқирамайди.
– Ҳа, – деди чол. – Биз эса ишонамиз. Тўғрими?
– Бўлмаса-чи. Истасанг, юр, сени Террасда пиво билан меҳмон қиламан. Кейин асбобларни олиб кетамиз.
– Ҳай, майли, – деди чол. – Балиқчи балиқчини сийламоқчи экан, демак…
Улар Террасга келиб ўтиришди. Кўпгина балиқчилар чолни мазах қилишар, аммо у буни кўнглига оғир олмас эди. Ёши улғайиброқ қолган балиқчилар эса унга қараб хафа бўлиб кетишар, бироқ сир бой бермас ва оқим ҳақида, қармоқни қанча чуқурликка ташлашлари, оби-ҳаво, ниҳоят, денгизда нималар кўришгани тўғрисида беозор гурунглашиб ўтиришарди. Бугун иши ўнгидан келганлар овдан аллақачон қайтишган ва ўлжа марлинларини тозалаб, бир жуфт тахта устига кўндаланг қўйишганча тўртовлашиб уларни балиқ омборига элтиб топширишган эди. Бу ердан балиқларни рефрижераторда Гавана бозорига келтириб сотардилар.
Акула овлаб келган балиқчилар эса, уларни кўрфазнинг нариги қирғоғидаги заводга топширишарди. У ерда акулаларни блокларга осиб қўйиб, жигарларини суғуриб олишар, қанотларини кесиб, терисини шилишгандан сўнг, гўштини тузлашга паррак-паррак қилиб кесишарди.
Шамол шарқдан эсди дегунча, ўзи билан акула корхонасининг қўланса ҳидини олиб келарди; аммо бугун ҳид деярли сезилмас, чунки шамол шимолдан эса бошлаб, кўп ўтмай бутунлай тинган эди. Шунинг учун ҳам Террас серқуёш ва сўлим эди.
– Сантьяго, – деди бола.
– Хўш? – жавоб берди чол. У стаканидаги пивога тикилиб ўтираркан, узоқ ўтган кунларни эсларди.
– Эртага сенга сардин тутиб келтирсам, майлими?
– Овора бўлма. Яхшиси бориб бейсбол ўйна. Ҳали эшкак уришга кучим етади. Роджелио бор – тўр ташлаб туради.
– Йўқ, хўп дея қолгин. Рост, сен билан бирга балиқ овлашим мумкин эмас экан, ул-булингга ёрдамим тегса дейман.
– Ахир, сен мени пиво билан сийлаб юбордингку, – деди чол. – Энди катта йигит бўлиб қолдинг.
– Биринчи марта мени денгизга олиб чиққанингда ёшим нечада эди?
– Бешда. Қайиққа тирик балиқни тортиб олганимда, у сағал бўлмаса ҳамма нарсани чилпарчин қилиб юбораёзган ва сен ҳам базўр жон сақлаб қолган эдинг, эсингдами?
– Эсимда. У қуйруғи билан уриб банкани синдирган, сен бўлсанг, уни тўқмоғинг билан роса дўппослаган эдинг. Мени қайиқнинг майда-чуйдалар ётган бурнига итқитиб юборгансан. Қайиқ зириллаб қалтировди, худди ўтин чопгандай тўқмоғингни тўқ-тўқ овози эшитилиб турувди. Ҳамма ёқни чучмал қон ҳиди босиб кетган эди. Буларнинг бари эсимда.
– Ростдан ҳам буларнинг ҳаммаси эсингдами ёки кейин сенга айтиб берганмидим?
– Мени ўзинг билан денгизга олиб чиққан кунингдан тортиб, ҳаммаси эсимда.
Чол офтобда қизариб кетган, инонувчан ва меҳрибон кўзлари билан унга қаради.
– Агар ўз ўғлим бўлганингда, ҳозир ҳам сени ўйлабнетиб ўтирмай, денгизга олиб чиқардим. Аммо ўз отаонанг бор, боз устига бахти чопган қайиқда ов қиляпсан.
– Кел энди, сенга сардин тутиб келтирай, йўқ демагин. Иннайкейин, тўрт дона хўрак топиб келаман. Қаердан топишни ўзим биламан.
– Менда ҳали бугунгилари шундоқ турибди. Улар-ни тузлик қутига солиб қўйдим.
– Сенга тўртта янгисини тутиб келаман.
– Биттаси ҳам етади, – эътироз билдирди чол.
У, шундай ҳам келажакка на ишончини ва на орзуаъмолини йўқотмаган бўлса-да, ҳозир бу ҳислар унинг қалбида, гўё денгиздан кишининг қулфи-дилини очадиган шаббода эсгандагидек, мустаҳкамлана борарди.
– Иккита, – деди бола.
– Майли, иккита, – таслим бўлди чол. – Мабодо, сен уларни ўғирлаб олмаганмисан?
– Керак бўлса, ўғирлардим ҳам. Аммо уларни сотиб олганман.
– Раҳмат, – деди чол.
Итоаткорлик руҳи қачондан бошлаб ўз қалбида қўним топгани устида бош қотириб ўтирмоқлик учун чол бениҳоя соддадил эди. Аммо у ўзининг итоатгўй бўлиб қолганини ва бу итоатдан у ўз номуси, инсонлик қадр-қимматини йўқотмаганлигини билар эди.
– Агар оқим ўзгармаса, эртага кун яхши бўлади, – деди чол.
– Қаерда ов қилмоқчисан?
– Қирғоқдан узоқроқ жойда. Шамол ўзгарганда қайтаман. Тонг отмасдан чиқаман.
– Шеригимни ҳам узоқроқда ов қилишга кўндириш керак бўлади. Агар қармоғингга жуда катта балиқ илиниб қолса, биз ёрдамлашиб юборамиз.
– Унинг қирғоқдан кўпроқ узоқлашишга тобиноби йўқ.
– Шунақа, – деди бола. – Аммо мен унинг кўзи ўтмайдиган бирон нарсани топишга ҳаракат қиламан. Жуда бўлмаса, чайкалар бор-ку. Ўшанда уни тилла макрель тутамиз деб узоқроққа боришга кўндириш мумкин.
– Наҳотки унинг кўзлари шу қадар ожиз бўлиб қолган бўлса?
– Нимасини айтасан, кўр деса ҳам бўлади.
– Қизиқ. У, ахир, ҳеч вақт тошбақа овламас эди, шекилли. Ўзи шу тошбақа ови ҳаммадан ҳам кўзни ўтмас қилиб қўяди.
– Лекин сен шунча йил тошбақа деб, Москит қирғоғига борсанг ҳам, кўзларинг барибир, жойида-ку.
– Менми? Менинг зувалам ўзи бошқача узилган.
– Агар жуда ҳам каттакон балиқ дуч келиб қолса кучинг етармикин?
– Етса керак, деб ўйлайман. Ҳамма гап – эпчилликда.
– Асбобларни уйга элтиб қўяйлик-а. Кейин мен тўрни олиб, сардин тутишга бораман.
Улар асбобларни қайиқдан туширишди. Чол елкасига мачтани олди, бола эса, жигарранг калава ипдан чамбарчас тўқилган қармоқ чилвирлари солинган яшик, чангак ва дастали гарпунни кўтарди. Қайиқда хўраклар солинган яшик ҳамда йирик балиқларни сув бетига тортиб чиқарилганда, уларни гаранг қилиш учун ишлатиладиган тўқмоқ қолди. Чолнинг асбоб-ускуналарини ўғирлаб кетиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаса керак эди, аммо елкан ва оғир анжомлар тун шабнамидан нам тортиб қолмаслиги учун уларни уйга олиб бориб қўйган маъқул эди. Гарчи чол ўз нарсаларига шу ерлик одамлардан биронтаси ҳам кўз олайтирмаслигига амин бўлса-да, ҳарқалай, чангак ва гарпунини ёмон кўздан ҳолироқ тутишга ҳаракат қиларди.
Улар йўлдан чолнинг кулбасига кўтарилдилар ва ланг очиқ эшикдан ичкарига киришди. Чол мачта ва унга ўралган елканини деворга суяди, бола эса, қўлидаги нарсаларни унинг ёнига қўйди. Мачтанинг узунлиги бу ерда auguo деб аталадиган қирол пальмаларининг япроқларидан қурилган кулбанинг бўйига тенг эди. Кулбада каравот, стол, стул ва қуруқ саҳнга пистакўмир билан оби ёвғон тайёрлаш учун ўйилган ўчоқ бор эди. Унинг текислаб қуритилган толасимон япроқлардан бўлган жигарранг деворларини Тангри қалби ва Santa Maria del Cobreнинг рангдор олеаграфия билан ишланган тасвири безаб турар эди. Булар унга марҳум хотинидан қолган эди. Қачонлардир деворда хотинининг рангдор сурати ҳам осиғлиқ турарди, аммо кейин чол уни бекитиб қўйди, чунки кўзи тушса жуда-жуда эзилиб кетарди. Энди сурат бурчакдаги токчада, тоза кўйлак остида ётарди.
– Кечки овқатга ниманг бор? – сўради бола.
– Бир товоқ сариқ гуруч билан балиқ. Ейсанми?
– Йўқ, мен уйда овқатланаман. Сенга ўт ёқиб берайми?
– Керакмас. Кейинроқ ўзим ёқаман. Балки, гуручни совуқлигича ерман.
– Тўрни олсам майлими?
– Бемалол.
Тўр-пўр деган нарсадан аллақачоноқ ном-нишон қолмаган – уни қай маҳал пуллаб юборишгани боланинг ёдида эди. Шундай бўлса ҳам, ҳар икковлари буни билмаганга солишар ва ўзларини гўё чолда тўр бордай тутишар эди. Мис товоқда сариқ гуруч билан балиқ ҳам йўқ эди, бола буни ҳам биларди.
– Саксон беш – бахт келтирувчи рақам, – деди чол. – Қалай, эртага минг қадоқли балиқ тутишимга кўзинг етадими?
– Мен тўр топиб сардин тутгани бораман. Ҳозирча остонада ўтириб тур, бу ерга офтоб тушиб турибди.
– Майли. Менда кечаги газета бор. Бейсбол ҳақида ўқиб тураман.
Чолда ҳақиқатан ҳам газета бормиди ёки бу ҳам ёлғон гапмиди, бола билмасди. Лекин чол каравот тагидан чини билан ҳам газета олди.
– Менга буни вино дўконида Перико берди, – деб тушунтирди чол.
– Мен сардин тутаману, қайтаман. Ўзимникини ҳам, сеникини ҳам бирга музга қўяман, эрталаб бўлишиб оламиз. Қайтиб келганимда, бейсбол ҳақида гапириб берасан.
– «Янки»нинг ютқазиши мумкин эмас.
– Кливленд «Ҳиндилари» уларни боплаб қўймаса деб қўрқаман.
– Қўрқма, ўғлим. Улуғ Ди Маджиони бир эслагин-а.
– Мен фақат «Ҳиндилар»дангина эмас, Детройт «йўлбарслари»дан ҳам қўрқаман.
– Худо кўрсатмасин, сен ҳали цинцинатилик «Қизилтанлилар»дан ҳам, Чикаго «Оқ пайпоқлари»дан ҳам қўрқиб ўтирарсан.
– Газетани ўқиб тур, мен қайтгач, гапириб берасан.
– Менга қара, саксон беш рақамли лотерея билетини сотиб олсак-чи, нима дейсан? Ахир, эртага саксон бешинчи кун-ку!
– Олсак, олаверамиз-да, – деди бола. – Балки саксон етти рақамлиги яхшидир? Ахир, ўтган гал саксон етти кун бўлган эди-ку.
– Бир нарса икки марта ҳеч қачон қайтарилмайди. Сен саксон беш рақамли билетни топа оласанми?
– Қидириб кўраман.
– Бир дона. Икки доллару эллик центлигидан. Буни қаердан қарз олсак экан?
– Бундан осони йўқ. Мен икки доллару эллик цент-ни хоҳлаган вақтимда қарз олишим мумкин.
– Оламан десам, мен ҳам иложини қилардим-у, бироқ мен қарз олмасликка ҳаракат қиламан. Олдин қарз оласан, кейин садақа сўрайсан.
– Эҳтиёт бўл, қария, тағин шамоллаб қолмагин. Сентябрь эканлигини унутма.
– Сентябрда йирик балиқ кўпаяди. Май ойида балиқ овлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади.
– Хўп, бўлмаса, мен сардинни тўғрилаб келай, – деди бола.
Бола қайтиб келганда, кун ботган, чол эса курсида ўтирганича, уйқуга кетган эди. Бола каравотдан эски солдат кўрпасини олиб, курси суянчиғи аралаш чолнинг елкасини ёпиб қўйди. Бу елкалар чолнинг кексайиб қолганига қарамасдан забардаст, бўйни ҳам, ундан қолишмайдиган даражада бақувват ва ҳозир, чол бошини кўкрагига солинтириб ухлаган тобда, ажинлари ҳам у қадар кўзга ташланмас эди. Унинг кўйлаги ҳам худди елканидай қирқ ямоқ бўлиб кетган, ямоқлар қуёш тафтидан ола-була тусга кирган эди. Аммо чолнинг юзи ҳарқалай анча қаримсиқ бўлиб қолган ва ҳозир кўзлари юмулиб уйқуга кетганда, худди жонсизга ўхшаб кўринарди. Чолнинг тиззасида, учиб кетмасин деб, тирсак билан босиб олинган газета ётарди. У оёқ яланг эди.
Бола уни уйғотиб ўтирмай чиқиб кетди, қайтиб келганда, чол ҳамон уйқуда эди.
– Тур! – уйғотди уни бола ва қўлини чолнинг тиззасига қўйди.
Чол кўзини очди ва бир муддат қаердандир, жуда узоқлардан қайтаётгандай бўлиб турди. Кейин у жилмайди.
– Нима олиб келдинг?
– Егулик келтирдим. Ҳозир овқатланамиз.
– Ҳали унча очиққаним ҳам йўқ.
– Келсанг-чи энди, оч қоринга балиқ овлаб бўлармишми?
– Баъзан шундай ҳам бўлган, – деди чол ўрнидан қўзғаларкан, газетани тахлай туриб, сўнг у кўрпасини йиғиштира бошлади.
– Кўрпани йиғиштирма, – деди бола. – Мен тирик эканман, овқатланмасингдан туриб, сени балиқ овлашга қўймайман.
– Ундай бўлса, дард кўрмагин, умринг узоқ бўлсин, – деди чол. – Қани, нима еймиз.
– Қора ловия билан гуруч, қовурилган банан ва яхна гўшт.
Бола овқатни Террас ресторанидан металл идишда олиб келган эди. У санчқи, пичоқ ва қошиқларни чўнтагига солиб олган, буларнинг ҳар бири алоҳидаалоҳида қоғоз салфеткаларга ўралган эди.
– Шунча нарсани сенга ким берди?
– Ресторан хўжайини, Мартин.
– Унга раҳмат деб қўйиш керак.
– Хотиржам бўл, мен уни рози қилдим, – деди бола.
– Мен унга катта балиқнинг энг сергўшт жойидан бераман, – деди чол. – Ахир, бу унинг бизга қилаётган биринчи ёрдами эмас-ку.
– Йўқ, биринчи эмас.
– Ундай бўлса, бир бўлак гўшт озлик қилади. У бизга кўп яхшилик қилган.
– Бугун-чи, пиво ҳам берди.
– Мен ҳаммадан ҳам консерваланган пивони яхши кўраман.
– Биламан. Лекин бугун у шишада пиво берди. Шишасини қайтариб бераман.
– Хўп, раҳмат сенга, – деди чол, – кел, овқатланайлик.
– Мен сенга қачондан бери овқатланайлик, деяпман, – деди меҳрибонлик билан бола. – Овқат совуб қолмасин деб, идишнинг оғзини очмай, кутиб турибман.
– Ҳай майли, ювиниб олсам бўларди-да.
«Қаерда ҳам ювинардинг?» – ўйлади бола. Бу ердан колонкагача икки квартал бор эди. «Унга совун ва яхши сочиқ олиб бериш зарур, сувнинг ҳам кетини узмаслик керак. Бу тўғрида нега аввал ўйлаб кўрмаган эканман. Унга янги кўйлак, қишки куртка, бирон этикпетик ва яна бир кўрпа ҳам лозим».
– Лаззатли гўшт экан, – мақтади чол.
– Бейсбол ҳақида гапириб бер, – сўради ундан бола.
– Америка лигасида, мен айтганимдек «Янки» ютяпти, – мамнуният билан сўзлай бошлади чол.
– Шундайку-я, лекин бугун уларнинг тозаям титпитини чиқариб юборишди.
– Бу ҳеч гап эмас. Яна улуғ Ди Маджио ўйиннинг пайховасини олган.
– Гуруҳда унинг бир ўзи эмас-да.
– Тўғри-ю. Лекин ҳамон ўйиннинг натижаси унга боғлиқ. Бруклинликлар билан филадельфияликлар ўйнайдиган иккинчи лигада эса ютишга фақат бруклинликларда имконият бор. Дик Сайзлер қандай ўйнаганлигини сен ҳар ҳолда эсласанг керак? Эски паркда бўлган ўйиндаги унинг зарбаларини айтмайсанми? Бай-бай.
– Жуда зўр-э, қурғур! У ҳаммадан узоққа отади.
– Унинг Террасга келгани эсингдами? Мен уни ўзим билан бирга балиқ овига таклиф қилмоқчи бўлдим-у, лекин иймандим. Сенга таклиф қил десам, сен ҳам уялдинг.
– Эсимда. Мен қўрқиб тентаклик қилдим. Ким билади, балки, рози бўлармиди? Ўла-ўлгунча эсдан чиқмайдиган иш бўларди-да.
– Қани энди улуғ Ди Маджиони ўзимиз билан бирга денгизга олиб чиқолсак, а? – деди чол. – Отаси балиқчи бўлган, дейишади. Ким билади, балки унинг ўзи ҳам бир вақтлар бизга ўхшаган камбағал бўлгандир. Айтганимизда келишга ор қилиб ўтирмасдими, балки.
– Улуғ Сайзлернинг отаси ҳеч қачон камбағал бўлган эмас, менинг ёшимда у чинакам гуруҳда ўйнар экан.
– Мен бўлсам сенинг ёшингда елканли кемада юнга бўлиб, Африка қирғоқларига сузиб борганман. Кечқурунлари йўлбарсларнинг қирғоққа чиқишини кўрганман.
– Бир гапириб берувдинг.
– Хўш, биз нима ҳақда гаплашмоқчимиз ўзи – Африка тўғрисидами ёки бейсбол ҳақидами?
– Яхшиси бейсбол ҳақида. Менга буюк Джон Мак Гроу ҳақида гапириб бер.
– У ҳам авваллари бизнинг Террасимизга келиб турарди. Аммо ичиб олса, тамом, унга ҳеч ҳам бас келиб бўлмасди. У фақат бейсболгина эмас, от жинниси ҳам эди. Ҳар доим чўнтагида мусобақа дастурини олиб юрар ва телефон орқали отларнинг номини атаб, уларга пул тикарди.
– У улуғ тренер эди, – деди бола. – Отам, у бутун дунёда энг улуғ тренер бўлган, дейди.
– Уни бошқалардан кўпроқ кўргани учун шундай дейди. Агар Дюроше ҳам биз томонларга ҳар йили келиб турганда, отанг уни ҳам дунёда энг улуғ тренер, деб мақтаган бўларди.
– Сенингча, энг улуғ тренер ким? Люкми ёки Майк Гонсалесми?
– Менимча, улар бир-бирларидан қолишмайди.
– Дунёда энг чапдаст балиқчи эса – сенсан.
– Ундай эмас. Мендан ҳам зўр балиқчиларни кўрганман.
– Que Val11
Қўйсанг-чи.
[Закрыть] – деди бола. – Дунёда яхши балиқчилар кам эмас, жуда ажойиблари ҳам бор. Лекин сенинг олдингга тушадигани йўқ.
– Раҳмат. Сен шундай деб ўйласанг, хурсандман. Менга жудаям катта балиқ тушмайди, деб умид қиламан, акс ҳолда, ишни дўндиролмай қолиб ҳафсалангни пир қилиб қўймасам, деб қўрқаман.
– Ҳақиқатан ҳам аввалги кучинг бўлса, дунёда сен эплолмайдиган балиқ топилмаса керак.
– Балки, илгариги кучим қолмагандир. Лекин менда ғайрат бор, чидамим ҳам етарли.
– Энди сен ётиб ухла, эрталаб тетик бўлиб туришинг керак. Мен бўлсам идишларни олиб бориб бераман.
– Майли. Хайрли кеч. Эрталаб мен сени уйғотаман.
– Сен мен учун нақ қўнғироқ соатнинг ўзисан, – деди бола.
– Мен учун қариликнинг ўзи қўнғироқ соат. Чоллар нега жуда барвақт туришаркин-а? Наҳотки, буни қолган умрларидан бир кунини бўлса ҳам чўзиш ниятида қилишса?
– Билмадим. Фақат шуни биламанки, ёшлар қаттиқ ва кўп ухлашади.
– Бошимдан ўтган, биламан, – деди чол. – Мен сени вақтида уйғотаман.
– Негадир мени анави уйғотганини ёқтирмайман. Худди мен ундан қолишадигандек.
– Тушундим.
– Хайрли кеч, Сантьяго.
Бола кетди. Улар чироқ ёқмасдан овқатланишганидан, чол қоронғида ечиниб ётди. У кийимларига газетани ҳам қўшиб ўраб, ёстиқ ўрнига бошига қўйди. Чол кўрпасига бурканиб, каравотнинг қуруқ пружиналарига ташлаб қўйилган эски газеталар устига чўзилди.
У ётди-ю, ухлаб қолди. Уйқусида ёшлик чоғлари ўтган Африка, унинг узун, олтин қирғоқлари ва кўзни қамаштиргудек оппоқ саёзликлар, юксак қоя ва ҳайбатли қўнғир тоғлар тушига кирди. Энди у яна ҳар кеча уйқусида шу қирғоқларга қўнар, уввос билан отилган тўлқинларнинг шовқинини эшитар ва ерлилар тушган қайиқни тўлқин қирғоққа қандай суриб бораётганини кўриб турарди. Тушида у ҳамон палубадан чиқаётган лос ва смола исини туяр, димоғига эрталабки шамол қирғоқдан олиб келган Африка нафаси уриларди.
Одатда шу бўй димоғига кирди дегунча, чол уйғониб кетар ва кийиниб, болани уйғотгани жўнарди. Аммо бугун ўша қирғоқ ҳиди жуда эрта димоғига урилди ва бу тушида бўлаётганини билгач, денгиздан туртиб чиққан қояларнинг оқ чўққиларини, Канар оролларининг гаван ва кўрфазларини яна бир бор кўриш учун уйқусидан бош кўтаргиси келмади.
Сўнгги пайтларда унинг тушига на тўфонлар, на хотинлар ва на буюк воқеалар, на улкан балиқлар ва на жанжал-суронлар, на куч синаш мусобақалари ва на ўз хотини кирарди. Энди тушида узоқ ўлкалар ва қирғоққа чиқаётган шер болаларинигина кўрарди, холос. Улар худди мушукчалар сингари ғира-шира тун қўйнида ғужғон ўйнашар ва чол болага қанчалик муҳаббат қўйган бўлса, буларни ҳам шунчалик севар эди. Аммо бола ҳеч қачон тушига кирмасди.
Чол уйғониб кетди, очиқ қолган эшикдан ойга назар ташлади ва кийиниб ташқарига чиқди, ёзилди, болани уйғотиш учун йўлдан юқорига қараб кетди. Тонгги салқиндан жунжикди. Аммо бу вақтинча эканини ва тезда қайиққа ўтириб, эшкак эша бошлаши билан исиб кетажагини чол билар эди.
Бола яшайдиган уйнинг эшиги очиқ эди, чол оёқ учида ичкари кирди. Бола олд хонадаги каравотда ухлаб ётар, ойнинг синиқ нурида чол уни таниб ола биларди. У боланинг оёғидан оҳиста ушлади ва у то уйғониб, елкасига ағдарилиб ўзига қарамагунча, кутиб турди. Чол унга имо қилди; бола каравот ёнидаги курсидан чалворини олиб, ўтирганича, кийиб олди.
Чол уйдан чиқди, бола ҳам унга эргашди. У ҳамон чала уйқуда эди ва чол унинг елкасидан қучиб, деди:
– Мени кечир.
– QV ue a! – деди бола. – Биз эркакларнинг қисматимиз шунақа ўзи. Нима ҳам қилиб бўларди.
Улар чолнинг кулбасига тушиб боришди. Бутун йўл бўйлаб, қоронғида, ўз қайиқларининг мачталарини кўтариб олган оёқ яланг кишилар боришарди.
Кулбага келишгач, бола қармоқ калавалари солинган сават, чангак ва гарпунни кўтарди, чол эса мачта ва унга ўралган елканни елкасига ортди.
– Қаҳва ичасанми? – сўради бола.
– Аввал мана буларни қайиққа элтиб қўяйлик, кейин қаҳва ичамиз.
Улар балиқчилар учун жуда эрта очиладиган тамаддихонада консерва банкада қаҳва ичишди.
– Яхши ухлаб турдингми, қария? – сўради бола; унинг иссиқ ўринни саҳару мардон бўлмасдан тарк қилганидан қийналаётгани кўриниб турса ҳам, ҳарқалай, у, боягига қараганда анча тетик тортган эди.
– Жуда яхши, Манолин. Бугун омадимиз келишига ишонаман.
– Мен ҳам, – деди бола. – Энди мен сардинларимизни ва сенинг хўракларингни келтирай. Менинг шеригим майда-чуйдасини ўзи ташийди. Нарсаларига бошқаларнинг қўл уришини ёқтирмайди.
– Сен билан биз бўлсак, ундай эмасмиз. Ёшинг бешларда эканлигидаёқ, сенга у-буни ташитиб ўргатганман.
– Биламан, – деди бола. – Тўхтаб тур, ҳозир қайтаман. Қаҳва ичиб ўтир. Бу ерда бизга қарз беришади.
У маржон рифлари устидан яланг оёқлари билан шилп-шилп одим ташлаб, хўраклар сақланадиган совуқхона томонга кетди.
Чол майдалаб оҳиста қаҳва ҳўплади. Ҳозир қониб қаҳва ичиб олиш кераклиги, чунки шу билан энди уззу-кун туз тотмаслиги чолга аён эди. Овқатланишнинг ўзи аллақачоноқ унинг жонига теккан ва чол ҳеч маҳал денгизга ўзи билан егулик олиб чиқмас эди. Қайиқнинг бурнида сув тўлдирилган шиша сақланар – чолга кечгача шунинг ўзи кифоя эди.
Бола сардинлар ва газетага ўралган хўракларни кўтариб қайтиб келди.
Балиқчилар сўқмоқ бўйлаб майда тошларни шовдирата-шовдирата сув бўйига тушиб келишди. Улар қайиқнинг тагидан кўтариб, сувга силжитишди.
– Ишинг ўнгидан келсин, қария.
– Сеники ҳам.
Чол эшкакларнинг арқондан қилинган ҳалқасини қайиқнинг икки четидаги қозиқларга ўрнатиб, маҳкамлади-да, олдинга энкайиб, қайиқни қоронғида гавандан олиб чиқа бошлади. Бошқа ерлардаги қайиқлар ҳам денгизга қараб йўл олган, ой тепаликлар ортига ўтиб кетганидан, чол уларни кўрмас, аммо эшкакларнинг сувга урилган овозини баралла эшитарди.
Ўқтин-ўқтин қулоққа кишиларнинг гоҳ у қайиқдан, гоҳ бу қайиқдан чиқаётган товуши чалинарди. Аммо аксар қайиқларда сукунат ҳукм сурар ва ўша ёқдан фақат эшкакларнинг чўпиллагани эшитиларди. Кўрфаздан чиққач, қайиқлар турли томонга тарқалиб кетди, қайси балиқчи қаердан балиқ топишга умид боғлаган бўлса, ўша ёққа йўл тутди.
Чол қирғоқдан анча олисга кетишни аввалданоқ ўйлаб қўйган эди; у ернинг анвойи бўйини ортда қолдириб, тўғри салқин тонгги океан қучоғи сари эшкак ура бошлади. Океаннинг балиқчилар «буюк қудуқ» деб аташган еридан ўтиб кета туриб, чол океан қаърида ялтираб турган сув ўсимликларини кўрди. Бу ерда чуқурлик деярли етти юз денгиз саржини22
Сажонь – саржин – 2,13 м га тенг узунлик ўлчови (тарж.).
[Закрыть] миқдорида тиккасига тушиб борар ва бундай оқим океан тубининг ўткир дўнгларига урилиб, айлана ҳосил қилганидан турли-туман балиқлар тўпланишар, хусусан, криветка ва майда балиқларнинг беқиёс тўдалари йиғилиб қоларди, жуда катта чуқурликларда эса, гоҳо кўпдан-кўп каракатицалар ғужғон ўйнашади: улар тунда океан юзига чиқишади ва дайди балиқларга ем бўлишади.
Чол қоронғида тонг яқинлашаётганини сезди, эшкак ураркан, қулоғига титроқ товуш чалинди – учар балиқлар сувдан чиқар ва темирдек қанотлари билан ҳавони кесиб аллақаёқларга ғойиб бўларди. Чол учар балиқларга меҳр қўйган, улар бу ерда, океанда унга энг яхши ҳамроҳ бўлиб қолган эдилар. Чол қушлар ва айниқса, бетиним озиқ ахтариб учган, аммо деярли ҳеч қачон уни тополмайдиган жимит ва нозик денгиз қалдирғочларига ачиниб кетар ва: «Қушлар турмуши, қиронқора ва катта, кучли қушларни ҳисобга олмаганда, бизнинг кун кечиришимизга қараганда ҳам жуда оғир. Океан гоҳида шу қадар бераҳм бўлар экан, нима учун қушларни мана бу денгиз қалдирғочлари сингари нозик ва шикаста қилиб яратганлар. Океан сахий ва гўзал, аммо у гоҳо тўсатдан шундай шафқатсиз бўлиб кетадики, унинг устида озиқ илинжида чарх уриб шўнғиб, ожиз ва мунгли овоз билан бирбирларига жўр бўлиб учган бу қушлар унга нисбатан бениҳоя заиф ва мўрт кўринади», деб ўйларди.
У ҳар доим денгизни, унга муҳаббат қўйган ҳамма кишилар каби хаёлидан испанчасига la mar деб атарди. Айрим пайтларда денгизга меҳр қўйган одамлар, у ҳақда бадҳазм гаплар айтишади, аммо доимо бу гаплар денгиз эмас, гўё аёл устида бораётганга ўхшайди. Акула жигарининг нархи ошган кунларда сотиб олинган моторли қайиқларда юриб, қармоқларига пўкак ўрнига буй33
Б у й – бакен (тарж).
[Закрыть] ишлатадиганлар хилидан бўлган ёшроқ балиқчилар эса денгизни Vel mar деб атайдилар ва унга эр кишига қарагандай қарайдилар. Уларнинг наздида денгиз гўё, ҳудудсиз бир сайҳон, гўё бир рақиб, гоҳида эса, ҳатто бир душман бўлиб кўринади.
Чол бўлса, доимо денгиз дейилганда, гоҳ тенги йўқ саховатлар инъом этиб, гоҳ тумтайиб туриб олувчи хотин кишини кўз ўнгига келтирарди. Агар у енгилтак ёки хунук ишлар қилиб қўйса, нима ҳам қилиб бўларди, табиати ўзи шунақа демоқликдан бошқа иложи йўқ. «Ой хотин кишининг қитиғига тегиб, жўштириб юборгандай, денгизни ҳам жавлон урдиради», деб ўйларди чол.
У кучанмасдан, бир меъёрда эшкак урар, чунки оқим гирдоб ҳосил қилмаган жойлардан ташқари, океан сирти теп-текис, силлиқ эди. Чол ўзи бажариши керак бўлган ишнинг учдан бир қисмини оқимга қўйиб берган ва кун ёришганда, у худди шу маҳалда етишни мўлжаллаган ердан ҳам анча олисга келиб қолганини кўрди.
«Жуда чуқур жойларда бутун бир ҳафта ов қилиб, ҳеч нарса тутганим йўқ, – деб ўйлади чол, – бугун мен бонито ва альбакоре тўдалари қаерда бўлса, ўша ерда бахтимни синаб кўраман. Худодан бўлиб, йирик балиқ учраб қолса-я?»
Ҳали тонг оқармасдан, хўрак қистирилган қармоқларини сувга ташлади ва қайиқни оқимда оҳиста бошқариб борди. Хўраклардан бири қирқ денгиз саржинича чуқурликда эди, бошқаси етмиш беш саржин пастга тушди, учинчи ва тўртинчилари эса юз ва юз йигирма беш саржин чуқурликка чўмди. Хўракларнинг бош қисми пастга осилиб турар, қармоқнинг ўқи хўрак-балиқ ичидан ўтказилиб, мустаҳкам қилиб қўйилган, қармоқнинг ўзи – букламаси ва суйриси янги сардинлар билан қопланган эди. Сардинлар қармоққа иккала кўзидан ўтказилган ва улар пўлат букламада маржондек тизилиб турарди. Йирик балиқ қармоққа яқинлашганда, унинг ҳар бир луқмаси нечоғли тотли ва иштаҳа қўзғайдиган даражада мазали эканлигини сезарди-қўярди.
Чол, бола бериб юборган иккита янги тутилган йиртқич балиқ – тунецни энг узун чилвирларга хўрак қилди, қолган икки чилвирга эса, каттакон зангори макрель билан сариқ умбрицани илди. Булардан аввалги овда фойдаланган бўлса-да, улар ҳали ҳам янгидек турар, ажойиб сардинлар эса, уларни хуштаъм қилар, балиқларнинг нафсини қитиқларди. Йўғонлиги катта қаламдай бўлган ҳар бир чилвир пишиқ, эгилувчан чивиққа тортилган эдики, балиқнинг емга сал бўлса ҳам тегиб ўтишидан чивиқ сувга эгиларди. Бундан ташқари, чилвирлар ҳар бири қирқ саржин узунликда бўлган навбатдаги калава учларига уланган, бу калавалар яна бошқа эҳтиёт шарт калаваларга уланиши мумкин эди. Керак бўлганда, илинган балиқни уч юз саржин узоқликка қўйиб юборилса ҳам бўлаверади.
Энди чол кўк чивиқлар бортга эгилмасмикин деб кузатиб ўтирар ва чилвирнинг сувга тик ҳамда лозим бўлган чуқурликка тушишига эътибор бериб, оҳиста сузарди. Ҳамма ёқ ёришиб кетди, қуёш мана-мана чиқаман дерди.
Қуёш денгиздан билинар-билинмас кўтарилди ва бошқа қайиқлар ҳам чолнинг кўзига ташланди, улар қирғоққа анча яқин бўлиб, бутунлай оқим бағрида сувга паст чўккан ҳолда турар эдилар. Кейин офтоб шуъласи ўткирлашди, сувда унинг ёлқини акс этди, қуёш уфқдан батамом кўтарилганда, денгизнинг сипсиллиқ сирти ёлқин нурларини тўғри кўзга келтириб урди-ю, қаттиқ азоб бера бошлади: чол сувга қарамасдан, эшкак тортишга ҳаракат қилди. У ўз чилвирлари чўзилиб кетган сим-сиёҳ денгиз тубига тикилиб ўтирарди. Унинг чилвирлари сувга бошқа балиқчиларникига қараганда тикроқ тушар ва емишлар ҳар хил чуқурликларнинг тайин бир ўрнида ўз ўлжасини кутарди. Бошқа балиқчилар ўз қармоқларини оқимга бепарво қўйиб беришар, натижада юз саржинга ташладим деб ўйлаган қармоқлари айрим пайтларда олтмиш саржин чуқурликка зўрға етган бўларди.
«Мен қармоқларимни доимо бехато ташлайман, – деб ўйлади чол. – Ўзи ишим ўнгидан келмаяпти. Яна ким билади? Эҳтимол, бахт бугун менга ҳам кулиб боқар. Ҳар куннинг ўз таомили бор. Албатта, кишининг иши юришиб турганига нима етсин. Аммо мен ўз ишимнинг пухта бўлишини маъқул кўраман. Бахт келган чоғда, уни кутиб олмоққа тайёр тураман».
Қуёш кўтарилгандан бери икки соат атрофида вақт ўтди, энди шарқ томонга бемалолроқ қараш мумкин эди. Узоқда ҳозир фақат учтагина қайиқ кўзга ташланарди. Бу ердан қараганда, улар сувдан зўрға кўтарилиб тургандай туюлар, қирғоқдан ҳеч бир узоқлашмаганга ўхшарди.
«Кўзларимни бир умр тонг ёғдуси қамаштириб келади, – деб ўйлади чол. – Аммо улар ҳали ҳам ўткир. Кунботарда қуёшга бемалол қарай оламан, бироқ шунда ҳам кўзим жимирлашиб кетмайди. Қечқурун бўлса, қуёш кучлироқ нур сочади. Аммо эрталаблари у менга азоб беради».
Шу пайт у қаршисида узун қора қанотларини ёзиб, кўкда чарх урган думдор қуш – фрегатни кўрди. Қуш қанотларини йиғиб, ўзини ўқдек сувга урди, кейин яна гир айланиб уча бошлади.
– Ўлжа сезганга ўхшайди, – деди чол ўзига-ўзи. – Бекорга айланмаяпти.
Чол қайиқни қуш кезаётган томонга қараб оҳиста ва бир меъёрда бошқариб борарди. У чилвирлар сувга тиккасига тушиб борсин деб, шошмасдан уларни кузатиб келарди. Шундай бўлса ҳам қайиқ, ҳарқалай оқимдан кўра пича тезроқ борар ва чол ҳамон расамади билан ов қилаётганига қарамасдан хатти-ҳаракатлари қуш кўринганга қадар бўлгандан кўра, бирмунча тезлашган эди.
Фрегат баландроққа кўтарилди ва қанотларини муаллақ ташлаб, яна чир айлана бошлади. Бирдан у шўнғиди ва чол учар балиқнинг сувдан отилиб чиққанини, денгиз сирти бўйлаб жон-жаҳди билан қанот шопириб уча кетганини кўриб қолди.
– Макрель, – деди чол баланд овоз билан. – Йирик тилла макрель.
У эшкакларни сувдан кўтариб қўйди ва қайиқ бурнидаги тахта кат остидан чилвир олди. Чилвир учига ингичка сим билан маҳкамланган майдароқ қармоққа у сардинлардан бирини илди. Чол чилвирни сувга ташлаб, бир учини қайиқнинг қуйруғига бураб ўрнатилган ҳалқага боғлаб қўйди. Кейин у бошқа чилвирга ҳам хўрак ўрнатди-да, калавани ёймасдан катнинг соясига ташлади. Эшкакни қўлга олди ва сув устида энди паст учиб ов қилаётган узун қанот, қора қушни кузатишда давом этди. Қуш қанотларини йиғиб яна сувга шўнғиди. Сўнг учар балиқ ортидан қуваркан, ожиз ва уқувсиз қанот қоқди. Чол сув сал-пал тўзғиётганини кўрди, – тилла макрель ўзидан қочаётган балиқни таъқиб этарди. Балиқ сувга тушадиган онда, худди унинг остида пайдо бўлмоқлик учун, макрель шиддат билан сузиб, балиқ қаршисидан кесиб чиқишга интиларди.
«У ерда жуда катта макрель тўдаси борга ўхшайди, – ўйлади чол. – Улар бир-бирларидан анча нарида сузишади, балиқнинг қочиб қутулиши амри маҳол. Қушнинг бўлса, уни чангалга олишга ҳеч қандай умиди йўқ. Учар балиқ фрегатга ҳаддан ташқари йириклик қилади. У қушни ўзига етказиб бўпти».
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?