Текст книги "Чол ва денгиз"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 25 страниц)
Ўша ёз биз учун соз келди. Менга ўриндан туришга ижозат берганларидан сўнг, биз боққа сайрга бора бошладик. Мен аравани, оҳиста одимлаб бораётган отни, олдинда кучернинг елкасини ва бўялган цилиндрини, ёнгинамда ўтирган Кэтрин Барклини эслайман. Агар қўлларимиз бир-бирига туташса ёки унинг қўл учлари менинг қўлимга тегиб кетса ҳам, бундан юрагимиз гупиллаб уриб кетарди. Кейинроқ, мен қўлтиқтаёқда юрадиган бўлгач, биз Биффи ёки «Гран-Италиа»га овқатлангани борадиган, ташқари томондан, Galleria дан стол танлаб ўтирадиган бўлдик. Официантлар кириб-чиқишар, ўткинчи йўловчилар ўтиб боришар, дастурхонлар тўшалган столларда абажурли шамдонлар турарди, бизга айниқса «Гран-Италиа» ёқиб қолди, бу ернинг метрдотели Жорж бизга доим стол олиб қўярди. У ажойиб метрдотель эди, биз ўткинчиларга, хуфтон қоронғиси қоплаб келаётган Galleriaга, бир-бировимизнинг дийдоримизга термилиб ўтирар эканмиз, у емак-ичмакка нарса танларди. Биз муз солинган челакчада келтирилган оқ капри мусалласидан ичардик; шуниси ҳам борки, биз фрез, барбер ва ширин оқ винолардан кўпини татиб кўрдик. Уруш туфайли ресторанда винолар бўйича махсус официант йўқ эди, шунинг учун мен фрез виносига ўхшаш виноларни сўраганимда, Жорж хижолат чекиб қисиниб қўярди.
– Таъмидан қулупнай мазаси келадиган винолар ишлаб чиқарадиган мамлакатдан нима кутиш мумкин, – деди у.
– Нимаси ёмон? – сўради Кэтрин. – Менга ҳатто ёқади.
– Сизга ёқса татиб кўринг, леди, – деди Жорж. – Фақат tеnentе учун бир шиша марго қўшиб келтиришга ижозат этинг.
– Мен ҳам татиб кўрай девдим, Жорж.
– Сэр, унчалик ичадиган эмас. Унда ҳатто қулупнайнинг ҳам мазаси йўқ.
– Мабодо яхши бўлса-чи? – деди Кэтрин. – Роса-ям зўр иш бўларди-да.
– Мен ҳозир уни келтираман, – деди Жорж, – ледининг кўнгли тўлгач, уни олиб кетаман.
Жуда мазаси йўқ вино экан. Жорж ҳақ эди, унда ҳатто қулупнайнинг таъми ҳам йўқ эди. Биз яна кап-рига ўтдик. Бир марта пулим етмай қолди, ўшанда Жорж менга юз лир қарз бериб турди.
– Ҳечқиси йўқ, tеnentе, – деди у. – Ҳаммада ҳам бўлади бунақа ҳол. Бошимдан ўтказганман. Агар сизга ёки ледига пул керак бўлиб қолса, менда доим топилади.
Овқатлангач, биз Galleria ёнидан бошқа ресторанлар ва деразаларига темир шторлар туширилган магазинларни ёқалаб бориб сандвичлар сотиладиган дўконча олдида тўхтардик; гўштли ва момақаймоқ солинган ҳамда кўрсаткич бармоқдек катталикдаги қип-қизил булкачаларга қўйилган майда балиқли сандвичлар сотиб олардик. Уларни кечаси очқаб қолсак ердик. Кейин биз ибодатхона қаршисидаги Galleria га кираверишда очиқ аравага ўтирардик-да, госпиталга қайтардик. Қоровул госпитал эшигига чиқиб, менга аравадан тушгани ёрдамлашарди. Мен кучерга чойчақа бериб, кейин лифтда юқорига кўтарилардик. Кэтрин ҳамширалар турадиган қаватда қолар, мен юқори кўтарилиб, қўлтиқтаёқда хонамга бориб олар эдим; баъзида мен ечиниб, ўринга ётардим, баъзида эса айвонда оёғимни стулга қўйиб ўтириб, томлар узра қалдирғочлар учишини томоша қилар, Кэтринни кутардим. У юқорига чиққанда худди узоқ сафардан қайтиб келгандай бўлар ва йўлакда қўлтиқтаёқда у билан бирга юриб, тосларини кўтаришиб борар, ё эшикда кутиб турар, ё ярадор дўстларимиздан бўлса, ичкарига бирга кирардим. У ҳамма ишларидан бўшагач, менинг хонамга кириб айвонда ўтирардик. Кейин мен жойимга ётардим, кейин ҳамма уйқуга кетгач, ҳеч ким чақирмаслигига ишонч ҳосил қилгач, у олдимга келар эди. Мен унинг сочларини тўзғитишни севардим, у эса каравотда қимир этмай ўтирар, баъзан шартта эгилиб, мени ўпар эди, мен соч тўғнағичларини олиб, рўйжа устига қўяр, гарданидаги сочлари ўрами базўр илиниб турар ва мен унинг қимир этмай ўтиришига тикилиб, охирги тўғнағичларни ҳам олардим, шунда унинг сочлари бутунлай ёйилиб кетарди ва у бошини қуйи эгар, сочлар икковимизни ҳам кўмиб, биз худди чодир ёхуд шалола тагида ётгандай бўлардик.
Унинг сочлари шу қадар чиройли эдики, мен баъзан очиқ эшикдан тушаётган шуълада у сочларини ўраётганига термилиб ётардим, сочлари ҳатто тунда ҳам жилоланиб кўринарди, одатда сув тонг олдида шундай жилоли кўринади. Унинг юзи ҳам, вужуди ҳам ажойиб, бадани бениҳоя силлиқ, майин эди. Биз ёнмаён ётиб, мен бармоқларимнинг учи билан унинг ёноқлари, манглайи, кўзларининг ости, даҳани, бўйинларини силар ва «худди рояль клавишларига ўхшайди» дердим – ўшанда у менинг энгагимни бармоқлари билан сийпаб: «Рояль клавишларига жилвир юргизгандай», деб айтарди.
– Нима, ботяптими?
– Йўғ-эй, жоним. Бир ҳазиллашай дедим-да.
Тунлари кунимиз туғарди, бир-биримизга салга тегиб кетадиган бўлсак ҳам, ўзимизни бундан етти осмонда юргандай ҳис қилардик. Биз ўзимизни каттакичик ҳамма нарсада бахтиёр сезардик, бир-биримизга дилдорликлар қилардик, бирга бўлмаган чоғларимизда эса, бир-биримизнинг фикримизни ўқишга ҳаракат қилардик. Баъзан ўқигандай ҳам бўлардик, лекин бу эҳтимол, икковимиз ҳам бир нарсани ўйлаганимиз учун шундай туюлгандир.
Биз бир-биримизга, Кэтрин госпиталга кириб келган кундан эр-хотин бўлганмиз, деб айтардик-да, тўйимиз ўтган ўша кундан ойларни санаб чиқардик. Мен чиндан ҳам эр-хотин бўлиб яшашимизни истардим, лекин Кэтрин бундай қиладиган бўлсак, мен кетишимга тўғри келади, у-бу ҳужжатлар, расмиятчиликларни тўғрилаш пайтида эса, кетимизга одам тушиб, бизни ажратиб юборишади, дерди. Ҳамма борди-келдини италян никоҳ қонунлари бўйича ўтказиш керак бўлар, расмиятчиликларни битириш жуда мушкул кўчарди. Мен, биз ростданам эр-хотин бўлишимизни хоҳлардим, чунки мени бола ташвишга солмоқдайди, буни ўйламай илож йўқ эди, лекин биз ўзимизча эр-хотин бўлганмиз, деб юрар ва унчалик қайғурмасдик, бошқа бир томондан менга уйланмаганлигимиз яна маъқулга ҳам ўхшаб кўринарди. Эсимда, бир марта кечаси шу ҳақда гаплашиб қолдик ва Кэтрин деди:
– Лекин, жоним, унда мен ҳозироқ бу ердан кетишим керак бўлади.
– Балки кетишингнинг ҳожати йўқдир.
– Кетишим керак бўлади. Мени уйга қайтариб юборишади ва биз уруш тугагунча кўришмаймиз.
– Мен таътил олиб келаман.
– Таътил ичида Шотландияга ҳам бориб, ҳам келиб бўлмайди. Ундан кейин сенинг олдингдан кетмайман. Ҳозир бизга шу уйланишнинг нима кераги бор? Шундоғам эр-хотиндаймиз. Бундан ортиқ яна қандай эр-хотинчилик бўлиши мумкин.
– Мен фақат сени деб шундай бўлсин деяпман.
– «Мен» деган гап йўқ. Мен – сенман. Мени ажратиб қарама.
– Мен қизлар доим эрга тегишни исташади, деб ўйлабман.
– Жоним, мен турмушга чиққанман. Сенга турмушга чиққанман. Нима, сенга хотинлик қилолмаётибманми?
– Сен ажойиб хотинсан.
– Биласанми, жоним, мен бир марта эрга чиқишни кутиб кўрганман.
– Қўй, гапирма ўшани.
– Биласанми, мен фақат сени севаман. Мени қачонлардир кимдир севгани сенга барибир эмасми?
– Барибир эмас.
– Ахир, у ҳалок бўлди, сен эса ҳаммасига эга бўлдинг, яна нима керак?
– Майли-ку, лекин менга у ҳақда гапирма.
– Бечорагинам! Мана мен бўлсам, сен ҳаётингда кўп хотинларга дуч келганлигингни биламан. Биламану, лекин бу билан ишим йўқ.
– Бекитиқча бўлса ҳам никоҳ ўқитиб олсак бўлмасмикин? Менга бирон нарса бўлиб қолиши бор, бўйингда бўлиши бор.
– Фақат черков ҳамда граждан никоҳи бор. Биз шундоғам бекитиқча уйланиб бўлганмиз. Агар мен художўй бўлганимда, бу гапларга жуда қаттиқ эътибор берган бўлардим. Лекин мен художўй эмасман.
– Сен менга авлиё Антонийни бердинг.
– Сени балолардан сақласин, дедим. Уни менга ҳам беришган эди.
– Демак, ҳамма ёқдан кўнглим тинч, дегин?
– Йўқ, бизни бир-биримиздан жудо қилишлари мумкин, деб қўрқаман. Сен менинг саждагоҳимсан. Дунёда сендан бошқа ҳеч кимим йўқ.
– Хўп, хўп. Сен рози бўлишинг биланоқ мен сенга уйланаман.
– Сен гўё зиммангда менинг номусимни сақлаш вазифаси тургани учун шундай деётганга ўхшайсан, жоним. Лекин мен ўзим номусли хотинман. Одамга ғурур ва бахт берадиган нарса нега энди уятли бўлар экан. Мана сен бахтли эмасмисан?
– Сен мендан бошқага кетиб қолмайсанми?
– Йўқ, жоним. Мен ҳеч қачон сени ташлаб кетмайман. Менга бизнинг бошимизга кўп фалокатлар тушадигандай бўлиб туюлаверади. Қўй, майли, буни ўйлаб ўтирмайлик.
– Мен қўрқаётганим йўқ. Лекин мен сени шу қадар яхши кўраманки, сен бўлсанг мендан олдин ҳам бировни яхши кўргансан.
– Ундан кейин-чи?
– У ҳалок бўлди.
– Шундай бўлмаганда мен сени учратмаган бўлардим. Мени бевафо деб ўйлама, жоним. Менинг анчамунча камчиликларим бор, лекин мен вафодор хотинман. Ҳали кўрарсан, менинг вафодорлигим жонингга ҳам тегиб кетади.
– Мен ҳадемай фронтга жўнашим керак.
– Ҳозир биргамиз-ку, буни ўйламайлик. Биласанми, жоним, мен бахтлиман, иккимиз бирга бўлсак, қандай яхши. Мен не замонлардан бери бундай бахтни туймагандим. Сен билан учрашган пайтимизда жинни бўлишимга оз қолган, талмовсираб юрган эдим. Балки ростакам жинни бўлгандирман. Ким билсин. Лекин мана энди биз бахтлимиз, биз бир-биримизни севамиз. Кел, шу бахтимизни йўқотмайлик. Ахир, сен бахтлисан, тўғрими? Балки сенга менинг бирон ерим ёқинқирамас? Айт-чи, сенга яхши бўлиши учун яна нима қилишим керак? Истайсанми, сочларимни ёйиб юбораман? Истайсанми?
– Ҳа, ке ёнимга ёт.
– Хўп. Фақат олдин касалларни кўриб келай.
Ўн тўққизинчи бобЁз шундай ўтди. У кунлар кўп ҳам эсимда йўқ, фақат ҳаво жуда иссиқ бўлгани-ю газеталарнинг ғалаба хабарлари билан тўлганлиги ёдимда қолган. Менинг мучам жуда соғлом эди, жароҳатларим тез бита бошлади. Қўлтиқтаёқ билан икки-уч кун юрмасимданоқ, кераги бўлмай қолди ва мен ҳасса тутиб юра бошладим. Ўшанда мен Ospedale maggiore га қатнаб, тиззамни эгиб-букишни машқ қила бошладим. Ҳаракат терапияси, ойна қутига, бинафша нурларига оёқни солиш, уқалаш, ванна қабул қилиш кабиларни бажара бошладим. Мен у ерга пешиндан кейин борардим. Қайтишда қаҳвахонага кириб, вино ичиб газета ўқирдим. Шаҳар айланиб юрмасдим, қаҳвахонадан тўғри госпиталга қайтгим келаверарди. Кэтринни кўрсам бўлди эди. Вақт тезроқ ўта қолса дердим. Кўпинча эрталаблари ухлаб ётардим, тушдан кейин баъзиларда отчопарга борар, кейин машқ қилгани жўнардим. Баъзан мен инглиз-америка клубига кириб, дераза олдига қўйилган чуқур чарм креслога ўтириб, журнал ўқир эдим. Мен қўлтиқтаёқни ташлаганимдан сўнг бизга икковлашиб кўчага чиқишга ижозат бермай қўйдилар, чунки кўринишдан ёрдамга муҳтож бўлмаган бемор билан ҳамширанинг кўчада бирга юриши одоб доирасига сиғмасди. Шу сабабдан биз кундуз кунлар кам кўришар эдик. Баъзан ёнимизда Фергюсон ҳам бўлган кезларда биргаликда шаҳарнинг бирон ерида овқатланардик. Бизни Кэтрин билан дўст деб билишарди, мисс Ван-Кампен ҳам шундай деб қарар, чунки госпиталда унга Кэтрин кўп ёрдам берар эди. У Кэтринни жуда яхши оиладан чиққан деб ҳисобларди, худди шу нарса унинг бизга ён босишига сабаб бўлди. Мисс Ван-Кампен кишининг насл-насабига кўп аҳамият берар, ўзи ҳам юқори табақага мансуб эди. Бундан ташқари госпиталда юмуш ғоят кўп бўлиб, унинг боши ишдан чиқмас эди. Ёз жуда иссиқ эди, менинг эса Миланда танишларим кўп эди, лекин мен шом тушиши билан госпиталга қайтишга шошилардим. Фронт Карсога яқинлашиб қолганди, нариги қирғоқда Плава қаршисидаги Кук ишғол қилинганди. Ҳозир Баинзицца ёйлатоғида ҳужум борарди. Ғарбий фронтда ишлар айтарли яхши эмасди. Уруш жуда чўзилиб кетгандай эди. Биз ҳам урушга энди киргандик, лекин мен етарлича қўшин жўнатиш ва уларни жангга ҳозирлаш учун камида бир йил керак бўлади, деб ўйлардим. Келаси йилдан кўп ёмон ҳодисаларни, эҳтимол, кўп яхши гапларни кутиш мумкин эди. Италян қўшинлари катта талафотлар бермоқда эди. Иш шундай давом этадиган бўлса, оқибати нима бўлади, ҳеч ақлга сиғмасди. Ҳатто бутун Баинзиццани ва Монте-Сан-Габриелени ишғол қилишган тақдирда ҳам ундан нарида австрислар қўлида яна кўп тоғлар бор эди. Мен уларни кўрганман. Нарида ҳаммаси юксак тоғлар. Карсода олға силжидик, лекин пастроқда денгиз бўйлари ҳаммаси балчиқ, ботқоқлик ерлар. Наполеон австрисларни водийда тор-мор қилган бўларди. У ҳеч қачон улар билан тоғларда урушиб ўлтирмасди. Уларни пастга тушишларига қўйиб берган бўларди-да, сўнг Веронада тор-мор қиларди. Бироқ ғарбий фронтда ҳали ҳеч ким ҳеч кимни тор-мор қилганича йўқ. Балким, ҳозирги урушлар ғалаба билан тугайдиган урушлар эмасдир. Бал-ким, улар умуман ҳеч қачон тамом бўлмас. Балким, бу янги Юз йиллик урушдир. Мен газетани жойига қўйиб клубдан чиқдим. Мен зинапоялардан оҳиста тушиб, Виа-Манцони бўйлаб кетдим. «Грандотель» олдида экипажда тушиб келишаётган Мейерс ва унинг рафиқасини кўрдим. Улар отчопардан келишаётган экан. Мейерснинг хотини кўкракдор, йилтироқ қора ипакка ўранган эди. Эри эса қари ва пакана эди, мўйловлари оқарган, оёғининг таги ясси бўлганидан юрганда таёқ билан юрарди.
– Қалай? Тузукмисиз? – Хотин менга қўлини узатди.
– Салом! – деди Мейерс.
– Қалай бўлди отчопар?
– Зўр. Жуда зўр. Мен уч марта ютдим.
– Сиз-чи? – сўрадим Мейерсдан.
– Ёмонмас. Мен бир марта ютдим.
– Мен унинг ишлари қандайлигини сира билолмайман, – деди миссис Мейерс. – У менга ҳеч айтмайди.
– Менинг ишларни яхши, – деди Мейерс. У дўстона сўзлашга ҳаракат қиларди. – Сиз ҳам бир отчопарга борсангиз-чи. – У гапираётганда сизга қараб гапирмаётганга ўхшар ёки сизни бошқа одам ўрнида кўраётгандай туюларди.
– Албатта, бораман, – дедим мен.
– Мен госпиталга сизни кўргани келаман, – деди миссис Мейерс. – Қобил йигитларга атаб қўйган нарсаларим бор. Сизлар ҳаммаларингиз менинг қобилгина болаларимсиз.
– Сиз келсангиз ҳаммаларининг бошлари осмонга етади.
– Шундай яхши болаларки. Сиз ҳам, Сиз ҳам менинг болаларимдансиз.
– Мен энди боришим керак, – дедим мен.
– Мендан ҳамма ёқимтой болаларимга салом деб қўйинг. Мен уларга кўп мазали нарсалар олиб бораман. Ажойиб марсала билан печенье олиб қўйибман.
– Хайр, – дедим мен. – Борсангиз ҳамма жуда хурсанд бўлади.
– Хайр, – деди Мейерс. – Galleria га келинг. Менинг столимни биласиз. Биз бу ерда ҳар куни бўламиз.
Мен йўлимга кетдим. Мен Кэтринга «Кова»дан бирон нарса олмоқчийдим. «Кова»га кириб бир қути шоколад танладим ва сотувчи уни ўраб бўлгунча бар олдига бордим. У ерда иккита инглиз ва бир қанча учувчилар ўтиришарди. Мен ҳеч ким билан гаплашмай мартини ичдим-да, пулини тўлаб қандолатчидан шоколадни олиб, госпиталга қараб кетдим. «Ла Скала»га олиб борадиган кўчада чоғроқ бир бар олдида танишларим – вице-консул, қўшиқ айтишни ўрганишаётган икки ёш йигитни ва италян армиясида хизмат қилувчи сан-францисколик италян Этторе Мореттини кўрдим. Мен улар билан ичишгани ичкарига кирдим. Қўшиқчи йигитлардан бирининг номи Ральф Симмонс бўлиб, Энрико дель Кредо тахаллуси билан қўшиқ айтарди. Мен унинг қандай ашула айтишини билмайман, лекин у доим улуғ ҳодисаларнинг остонасида юрган бўларди. У семиздан келган, оғиз-бурни атрофларидаги териси шамоллаган одамники каби қипиқланиб юрарди. У Пьяченцада чиқиш қилиб ҳозиргина қайтиб келиб турган экан. У «Тоска»да ашула айтибди, зўр бўлибди.
– Айтгандай, сиз ҳали мен қандай айтишимни сира эшитмагансиз-ку, – деди у.
– Бу ерда қачон айтасиз?
– Кузда «Ла Скала»да чиқаман.
– Гаров ўйнайман, унга роса стул отишади, – деди Этторе. – Сиз Моденда унга стул отганларини эшитганмисиз?
– Миш-мишлар.
– Унга стул улоқтиришган, – деди Этторе. – Ўзим кўрганман. Ўзим олтита стул отганман.
– Сиз бемаза макаронхўрсиз.
– У италянчани жуда расво қилиб талаффуз қилади, – деди Этторе. – Қаерга саҳнага чиқмасин, ҳамма ерда стул отишади.
– Бутун Шимолий Италияда Пьяченцадагидан ҳам ёмонроқ театр йўқ, – деди бошқа ашулачи. – Гапимга ишонинг, энг расво театр. – Бу ашулачининг номи Эдгар Саундерс бўлиб, Эдуардо Жованни лақаби билан қўшиқ айтарди.
– У ерда бўлмаганимни қаранг, сизга стул отишганини томоша қилган бўлардим, – деди Этторе. – Италянча ашула айтишни билмайсиз-ку сиз.
– Жинни, – деди Эдгар Саундерс. – Шу стулдан бошқа ҳеч вақони билмайди у.
– Сиз ашула айтаётганингизда тингловчилар стул отишдан бошқа нарсани билмайдилар-да, – деди Этторе. – Кейин сиз Америкага қайтиб, «Ла Скала»да топган шуҳратингизни сўзлаб юрасиз. Ваҳоланки «Ла Скала»да сиз оғзингизни очмасингизданоқ ҳайдаб юборишади.
– Мен «Ла Скала»да айтаман, – деди Симмонс. – Октябрда эса «Тоска»да айтаман.
– Боришга тўғри келади, Мак, – деди Этторе вицеконсулга. – Уларга ҳимоячилар керак бўлиб қолади.
– Эҳтимол, Америка армияси унгача ёрдамга етиб келиб қолар, – деди вице-консул. – Яна бир стакан қуяйми, Симмонс? Саундерс, қуяйми?
– Қуйинг, – деди Саундерс.
– Кумуш медаль олармишсиз, деб эшитдим, – деди менга Этторе. – Қайси хизматларингиз учун беришяпти?
– Билмадим. Умуман, ҳали оламанми, йўқми, билмайман.
– Оласиз. Эҳ, «Кова»даги қизларнинг ҳоли нима кечади унда! Улар бир ўзингиз икки юз нафар австрисни ўлдириб, бутун бир хандақни қўлга туширгансиз, деб юришади. Ўлай агар, мен ўз нишонларимни ҳалол қилиб олганман.
– Сизда нечта улардан, Этторе? – сўради вице-консул.
– Ҳаммасидан бор, – деди Симмонс, – билмайсизми, уруш уни деб давом эттириляпти-да.
– Мен икки марта бронза ва уч марта кумуш медалга тақдим қилинганман, – деди Этторе. – Лекин фақат бир марта олганман.
– Бошқалари нима бўлди? – сўради Симмонс.
– Операция муваффақиятли чиқмади, – деди Этторе. – Агар операция муваффақиятсиз чиқса, медаль беришмайди.
– Неча марта яралангансиз, Этторе?
– Уч марта оғир яраланганман. Яраланганим учун учта белгим бор. Мана. – У енгини юқорига кўтарди. Унинг енгининг елкасидан пастроқда қора матога учта кумуш чизиқ чизилганди.
– Сизда ҳам биттаси бор-ку, – деди менга Этторе. – Ўлай агар, белгингиз бўлса сира ёмон бўлмайди. Мен уларни медалдан маъқулроқ кўраман. Ўлай агар, шунақадан учта бўлса, ошиғингиз олчи. Биттасини олиш учун госпиталда уч ой ётишингиз керак.
– Қаердан яралангансиз, Этторе? – сўради вице-консул.
Этторе енгини шимарди.
– Бу ердан. – У узун силлиқ қизил чандиқни кўрсатди. – Кейин оёғимнинг мана бу еридан. Обмотканинг тагида бўлгани учун ҳозир кўрсатолмайман. Товонимдан ҳам яраланганман. Оёғимдаги бир парча эт жонсиз бўлиб қолган, ёмон ҳид чиқади. Ҳар куни эрталаб ундан осколкалар олиб ташлайман, лекин сассиғи аримайди.
– Нимадан яраланувдингиз? – сўради Симмонс.
– Қўл гранатасидан. Картошка майдалайдиган нарсага ўхшайди. Оёғимнинг бир томонини учириб кетса бўладими. Сиз бунақа нарсани биларсиз? – У менга ўгирилди.
– Албатта.
– Отган ярамасни ўз кўзим билан кўрдим, – деди Этторе. – Гурс этиб ерга қуладим. Куним битди, деб ўйлаган эдим. Гранатасидан ўргилдим, сира нафи йўқ. Ярамасни милтиқдан отиб ташладим. Мен офицерлигимни билиб қолишмасин деб, доим ўзим билан милтиқ олиб юраман.
– Туси қанақа эди унинг? – сўради Симмоне.
– Бор-йўғи битта гранатаси бор экан аблаҳнинг. – деди Этторе. – Билмадим нима сабабдан отдийкин? Ростакам урушни татимаган, шекилли. Қачон граната отаркинман, деб кутиб юрган-ов ҳойнаҳой. Аблаҳни ер тишлатдим.
– Уни отганингизда ранги ўзгариб кетдими? – сўради Симмонс.
– Қаёқдан билай? – деди Этторе. – Мен унинг қорнига қараб отдим. Калласини пойлай десам теккизолмайманми, деб қўрқдим.
– Анчадан бери офицермисиз, Этторе? – сўрадим мен.
– Икки йил бўлди. Яқинда капитан бўламан. Сиз лейтенант бўлганингизга кўп бўлдими?
– Учинчи йили.
– Сиз капитан бўлолмайсиз, чунки сиз италян тилини яхши билмайсиз, – деди Этторе. – Гапиришни биласиз-ку, аммо ёзиш ва ўқишни билмайсиз. Капитан бўлиш учун маълумот керак. Нега сиз америка армиясига ўтмайсиз?
– Балки ўтарман.
– Мен ўтган бўлардим. Америка капитани қанча олади, Мак?
– Аниқ билмайман. Икки юз эллик долларгача, шекилли.
– Уҳ-ҳў! Икки юз эллик долларга нималар қилмайсан. Тезроқ америка армиясига ўтсангиз бўларкан, Фред. Мени ҳам жойлаштириб қўярмидингиз.
– Жоним билан.
– Мен ротага италянчасига қўмондонлик қилоламан. Инглизчани дарров ўрганиб олган бўлардим.
– Сиз генерал бўласиз, – деди Симмонс.
– Йўқ, генерал бўлишга илмим етмайди. Генерал минг турли нарсаларни билиши керак. Бизга ўхшаган азаматлар урушни менсимайдилар. Сиз эса капрал бўлишга ҳам ярамаган бўлардингиз.
– Худога шукрки, бунинг менга кераги йўқ, – деди Симмонс.
– Керак ҳам бўлиб қолар. Сиздақа такасалтангларни чақириб ҳам қолишар… Эҳ, жин урсин, икковларинг менинг ротамга тушишларингни хоҳлардим. Макниям. Мен сизни ўзимга югурдак қилиб олардим, Мак.
– Жуда ажойиб йигитсиз-да, Этторе, – деди Мак. – Лекин сиз уришқоқ экансиз.
– Мен уруш тугамасдан полковник бўламан, – деди Этторе.
– Агар илгарироқ ўлдириб қўйишмаса.
– Ўлдиришмайди. – У бош ва кўрсаткич бармоқлари билан ёқасидаги юлдузчаларига тегиб қўйди. – Кўрдингизми нима қилганимни? Урушда кимдаким ўлим ҳақида гапирса, юлдузчаларни ушлаб қўйиш керак.
– Юр, кетдик, Сим, – деди Саундерс ўрнидан тураркан.
– Кетдик.
– Хайр, – дедим мен. – Мен ҳам кетишим керак. – Бардаги соат ўн бешта кам олтини кўрсатиб турарди. – Ctao, Этторе.
– Сtао, Фред, – деди Этторе. – Кумуш медаль олишингиз соз бўлибди-да.
– Оламанми, билмайман.
– Олишингиз керак, Фред. Мен олишингизни аниқ эшитдим.
– Хўп, хайр, – дедим. – Бошни эҳтиёт қилинг, Этторе.
– Ташвиш чекманг. Мен ичмайман ва санғиб юрмайман. Ишратпараст ва хотинбоз эмасман. Мен нима ёмон, нима яхши – ажрата оламан.
– Хайр, – дедим. – Сизни капитан қилиб кўтаришларидан хурсандман.
– Мен кўтаришларини кутиб ўтирмайман. Мен жанговар хизматларим учун капитан бўламан. Биласиз-ку ўзингиз. Икки қилич, уч юлдуз, тепасида тож бор. Ўша менман.
– Хайрли бўлсин.
– Хайрли бўлсин. Сиз қачон фронтга қайтасиз?
– Озгина қолди.
– Хўп, кўришиб қолармиз.
– Хайр.
– Хайр. Касал бўлманг.
Мен тор кўчадан кетдим, бу ердан ҳовли орқали тўғри госпиталга чиқиш мумкин эди. Этторе йигирма учга кирган эди. У Сан-Францискода амакисининг қўлида ўсиб, Туринга қариндошлариникига энди дам олгани келганида уруш бошланиб қолганди. Амакисининг қўлида унинг бир опаси ҳам тарбияланаётган бўлиб, шу бу йил ўқитувчилар коллежини битириши керак эди. У одамни энсасини қотирадиган қуруқ қаҳрамонлардан эди. Кэтрин уни жуда ёмон кўрарди.
– Бизнинг ҳам қаҳрамонларимиз бор, – дерди у, – лекин улар, жоним, жуда камтарин одамлар.
– У менга халақит бермайди.
– Шуни айт. Лекин жудаям шуҳратпараст, унинг афтига қарасам, зерикиб кетаман, зерикиб, зерикиб…
– Сен буни мени хафа бўлмасин деб айтяпсан.
– Мен ҳам у билан гаплашиб зерикиб кетаман. Кераги йўқ. Унинг фронтда қандайлигини тасаввур қилиш мумкин, у ерда ўз хизматини ўтайди, лекин бунақа болаларни ёқтирмайман.
– Унга эътибор берма.
– Яна бояги гапингни айтяпсан. Мен уни ёмон кўрмасликка ҳаракат қиламан, лекин барибир, Худо ҳаққи, у жуда, жуда ёқимсиз бола.
– У бугун капитан бўламан, деб айтди.
– Жуда соз! – деди Кэтрин. – Ўзида йўқ хурсанддир жуда.
– Сен истармидинг менинг унвоним юқорироқ бўлишини?
– Йўқ, жоним. Мен фақат бизни яхши ресторанларга киритишларига имкон берадиган унвонинг бўлишини истайман.
– Бунинг учун менинг ҳозирги унвоним етарли.
– Сенинг унвонинг энг яхши унвон. Мен сенинг унвонинг шундан юқори бўлишини истамайман. Сен шуҳратпараст эмаслигингдан шу даражада хурсандманки, жоним. Сен шуҳратпараст бўлганингда ҳам сени дердим, аммо эринг шуҳратпараст бўлмаса, бирам тинч бўласанки.
Биз айвонда жимгина гаплашиб ўтирардик. Ой чиқадиган вақт бўлган, бироқ шаҳар узра туман тушганидан, у ҳали чиқмаганди, кўп ўтмай ёмғир томчилай бошлади, биз ичкарига кирдик. Туман ёмғирга айланди. Сал вақтдан сўнг жала қуйди, жала томга шарқираб урилишига қулоқ солиб ўтирдик. Ўрнимдан туриб, айвон эшигидан ёмғир ичкарига урмаётганмикин, деб қарадим, йўқ, ёмғир ичкарига урмабди, эшикни очиқ қолдирдим.
– Яна кимни кўрдинг? – сўради Кэтрин.
– Мистер ва миссис Мейерсларни.
– Жуда ғалати эр-хотин улар.
– Ўз юртида қамоқда ўтириб чиққан дейишади. Озодликни кўриб ўлсин деб, чақиришибди.
– Ўшандан бери Миланда бахтли ҳаёт кечирармишми?
– Билмадим, бахтлимикан…
– Қамоқдан кейин ҳар ҳолда бахтлироқ бўлса керак-да.
– Хотини бу ерга совға-саломлар олиб келмоқчи.
– У жуда ажойиб совғалар олиб келади. Сен ҳам унинг, албатта, жонажон болаларидан бўлсанг керак?
– Бўлмасам-чи?
– Ҳаммаларингиз унинг жонажон болаларисиз, – деди Кэтрин. – У айниқса ёқимтой болаларни яхши кўради. Ёмғирни қара.
– Қаттиқ ёғяпти.
– Сен мени ҳар доим яхши кўрасан, а?
– Ҳа.
– Ёмғир ёғаверсинми?
– Ёғаверсин.
– Қандай яхши. Мен бўлсам, ёмғирдан қўрқаман.
– Нега?
Кўзимни уйқу торта бошлади. Ташқарида ёмғир тобора кучаярди.
– Мен ёмғирни яхши кўраман.
– Мен ёмғирда сайр этишни яхши кўраман. Лекин муҳаббат учун бу яхшилик келтирмайди.
– Мен сени бир умр севаман.
– Мен сени севаман, ёмғирда ҳам, қорда ҳам, дўлда ҳам ва… яна нима бор?
– Билмадим. Нимагадир уйқум келяпти.
– Ухла, жоним, мен эса ҳеч қачон сени севишдан зерикмайман.
– Сен ростдан ҳам ёмғирдан қўрқасанми?
– Сен бор бўлсанг қўрқмайман.
– Нега қўрқасан?
– Билмайман.
– Айт.
– Мажбур қилма.
– Айт.
– Йўқ.
– Айт.
– Хўп, майли. Мен ёмғирдан шунинг учун қўрқаманки, баъзан ажал мени ёмғир ёғиб турганда оладигандай бўлади.
– Нима деяпсан!
– Гоҳо сен… ўладигандай туюласан.
– Бунинг энди ҳақиқатга яқинроқ.
– Ҳеч ундаймас, жоним. Мен сени балолардан сақлай оламан. Ҳа, бу қўлимдан келади. Лекин ўз-ўзингга ҳеч нима билан ёрдам беролмайсан.
– Қўй, ундай гапирма. Мен бугун шотландча телба довдирашларни эшитадиган аҳволда эмасман. Айрилиқ эса остонада турибди.
– Мен шотланд қизи ва телба бўлсам нима қилай, ахир. Лекин майли, бошқа гапирмайман. Девоналик булар ҳаммаси.
– Ҳа, ҳаммаси девоналик.
– Ҳаммаси девоналик. Фақат девоналик. Мен ёмғирдан қўрқмайман. Мен ёмғирдан қўрқмайман. Ё Раббим, ё Раббим, қўрқмасликнинг иложи бўлсайди.
У йиғлади. Мен уни овутдим ва у йиғидан тўхтади. Бироқ ёмғир ҳамон ёғарди.