Текст книги "Чол ва денгиз"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
Икки кунгача постларни айланиб юрдим. Уйга қайтганимда вақт алламаҳал бўлиб қолганди, мисс Баркли билан фақат эртаси кунигина учрашолдим. У боғда кўринмади, шунинг учун ҳам мен госпиталнинг идорасида ўтириб, қачон пастга тушаркин деб, кутдим. Идора жойлашган хонанинг девори бўйлаб рангдор ёғоч постаментларда жуда кўп мармар бюстлар турарди. Идора олдидаги пешайвон ҳам бюстларга тўла эди. Мармар ҳайкалчаларнинг умумий хусусиятларига кўра улар гўё бир одамга ишлангандай кўринарди. Мен ҳайкал кўрсам, юрагим сиқилади; бронзадан ишланган бўлса ҳарнов-а, лекин мармар бюстлар доимо мозористонни эслатади. Айтгандай, битта чиройли қабристон бор – Пиза шаҳрида. Бўлмағур мармар ҳайкаллар ҳаммадан ҳам Генуяда кўп. Бу вилланинг собиқ хўжайини қандайдир немис бойларидан экан, бюстларга унинг хийлагина пули кетгандир. Қизиқ, буларни ким ишлагану, уларга қанча ҳақ тўланган. Мен булар насаб шажарасига тегишли одамларми ёки бошқа бир кишиларми эканлигини аниқлашга уриндим; лекин уларнинг ҳаммасининг кўриниши қадимий бир хил тусда эди. Уларга қараб туриб, ҳеч нарса англаб бўлмасди.
Мен стулда кепкамни ушлаб ўтирган эдим. Биз ҳатто Горицияда ҳам пўлат каскалар кийиб юришимиз керак эди, лекин аҳолиси ҳали эвакуация қилинмаган шаҳарда каска кийиб юриш ўнғайсиз ва фаросатсиз одамнинг қалбаки безагидай бўлиб кўринарди. Мен ўзимникини постларга борганимда кийиб юрардим, бундан ташқари менинг инглиз противогазим ҳам бўлиб, у пайтда буни противогаз ниқоби, деб юритишарди. Биз энди-энди ола бошлаган эдик. Улар чиндан ҳам ниқобга ўхшашиб кетарди. Врачлар ва санитар қисмларнинг офицерларидан тортиб, ҳаммамиз автомат пистолет тақиб юришимиз зарур эди. Мен стул суянчиғига суянсам, пистолет ғашимни келтириб турарди. Пистолетсиз юрган одам қамоққа олиниши керак эди. Ринальди пистолет ўрнига ғилофни ҳожатхона қоғози билан тўлдириб юрарди. Мен ўзимникини ростакам тақиб юрар, то ундан отишга тўғри келгунча, ўзимни худди қуроллангандай ҳис қилардим. Бу «астра» тизимидаги 7,65 калибрлик, тепкиси босилганда, калта стволи дириллаб турганидан азбаройи отиб нишонга тегизиб бўлмайдиган тўппонча эди. Отишни машқ қилганларимда мен нишондан пастроқни мўлжалга олардимда, ярамас стволнинг қалтиллашини тўхтатишга уринардим, ниҳоят, мен йигирма қадамдан туриб, нишонга сал яқин урадиган бўлдим, шунда ёнда пистолет кўтариб юриш умуман бўлмағур бир нарса эканлигини англадим ва мен унга бутунлай эътибор бермай қўйдим, энди унинг орқамда лопиллаб туриши билан ишим йўқ эди, фақат инглизлар ёки америкаликлар билан учрашиб қолинган кезларда бир оз ўнғайсизланар эдим, холос. Мана ҳозир бўлса, мен курсида ўтирар, навбатчи идора хизматчиси эса контора орқасидан менга ўқрайиб қараб қўяр, мен эсам мисс Баркли қачон чиқаркин деб, мармар полни, мармар ҳайкалларни ва деворларга ишланган суратларни томоша қилиб ўтирардим. Девордаги суратлар дид билан ишланганди. Бундай суратлар бўёқлари ёрилиб, кўчиб туша бошлаганда, айниқса, чиройлироқ бўлиб кўринади.
Мен Кэтрин Баркли пешайвонга кирганини кўриб, ўрнимдан турдим. Қаршимда юриб келаётганда унчалик бўйдор бўлиб кўринмади, лекин ғоят дилбар эди.
– Хайрли оқшом, мистер Генри, – деди у.
– Хайрли оқшом, – дедим мен. Контора ортидаги идора хизматчиси қулоғини динг қилиб турарди.
– Шу ерда ўтирамизми ё боққа чиқамизми?
– Юринг чиқайлик. Боғ салқинроқ.
Мен унинг изидан эшикка юрдим, идора хизматчиси кўзи билан таъқиб этиб турарди. Қумтош ётқизилган йўлкадан кетаётганимизда, қиз сўради:
– Қаерларда қолиб кетдингиз?
– Постларни текшириб чиқдим.
– Лоақал икки энли хат ёзиб, айтиб қўйсангиз бўлмасмиди?
– Йўқ, – дедим мен. – Ўнг келмади. Мен шу куниёқ қайтаман девдим.
– Бари бир менга бир оғиз айтиб қўйиш керак эди, жоним.
Биз хиёбондан бурилиб, дарахтлар остидаги йўлкадан юрдик. Мен унинг қўлидан тутдим-да, тўхтаб уни ўпдим.
– Бирон ерга борсак бўлмайдими?
– Йўқ, – деди у. – Биз фақат сайр қилишимиз мумкин. Сиз жуда узоқ йўқ бўлиб кетдингиз.
– Бугун учинчи кун. Лекин мана, келдим-ку.
У менга қаради.
– Сиз мени яхши кўрасиз-а?
– Ҳа.
– Ростдан ҳам ахир сиз мени яхши кўраман, деган эдингиз, а?
– Ҳа, – ёлғонладим мен. – Мен сизни севаман.
Мен унга бундай деб айтмагандим.
– Мени Кэтрин деб чақирасиз-а?
– Кэтрин.
Биз яна озроқ юриб, яна дарахт тагида тўхтадик.
– Бундай денг-чи: кечаси мен Кэтрин олдига қайтдим.
– Кечаси мен Кэтрин олдига қайтдим.
– Жоним, сиз ахир қайтиб келдингиз, тўғрими?
– Ҳа.
– Сизни шундай севаманки, мен шундай ёмон аҳволга тушдимки… Энди бошқа кетмайсиз-а?
– Йўқ. Мен ҳар доим қайтиб келаман.
– Сизни шунчалар севаман. Қўлингизни мана бу ерга қўйинг.
– У доим шу ерда турибди.
Мен уни ўзимга қаратиб олдим, ўпганимда юзи менга кўриниб турарди, кўзларини юмуб олганди. Унинг юмуқ кўзларидан ўпдим. Мен унинг табиатида бир оз девонасорлик бордир, деб ўйладим. Аммо бари бир эмасми? Мен бунинг оқибати қандай бўлишини ўйлаб ўтирмасдим. Бу ҳар куни кечқурун офицерлар харобатхонасига боришдан кўра маъқулроқ эди, у ерда ойимтиллалар бўйнингизга осилиб олишади-да, кўнгиллари сизда эканлигини кўрсатиш учун. Бошқа офицерлар билан юқорига чиқиб-тушиб туришаркан, сизнинг шапкангизни олдини орқага қилиб кийиб олишади. Мен Кэтрин Барклини яхши кўрмаганимни, яхши кўриб қолиш ниятим ҳам йўқлигини билардим. Бу худди ёлғондакам қимордай гап, фақат бунда қарта ўрнини гап босарди. Ўша ўйинда ўзингни худди кулгилик учун ёки бошқа бирон нарсага ўйнаётгандай қилиб кўрсатасан. Бунда ҳам шундай. Ўйин нима бадалига ўйналаётгани ҳақида бир оғиз ҳам гап бўлмади. Лекин менга бари бир эди.
– Қаёққа борсак экан, – дедим мен. Бошқа эркаклар каби мен ҳам узоқ тик оёқда туриб ишқибозлик қилишни ёқтирмасдим.
– Ҳеч қайга, – деди у. У хаёлидаги оламдан ерга қайтди.
– Шу ерда бирпас ўтирайлик.
Биз япасқи тош ўриндиққа ўтирдик, мен Кэтрин Барклининг қўлини тутдим. У ўзини қучоғимдан олиб қочди.
– Сиз жудаям чарчадингизми?
– Йўқ.
У ерга, майсаларга қараб турарди.
– Сиз билан номаъқул ўйин бошлаб қўйдим.
– Қанақа ўйин?
– Ўзингизни гўлликка солманг.
– Бу хаёлимда ҳам йўқ.
– Сиз ажойибсиз, – деди у, – шунинг учун сиз иложи борича яхшироқ ўйнашга уриняпсиз. Лекин бу ўйин чиндан ҳам жуда ярамас ўйин.
– Сиз доимо бировнинг фикрини ўқийсизми?
– Доим эмас. Лекин сиз нима ўйлашингизни биламан. Сиз ўзингизни мени яхши кўргандай қилиб кўрсатишингизнинг ҳожати йўқ. Бугунга шунчаси етиб ортади. Энди нима ҳақда гаплашмоқчи эдингиз?
– Лекин мен сизни ростданам севаман.
– Қўйинг, бекордан-бекорга бир-биримизни алдаб нима қиламиз. Сиз ўз ролингизни ғоят дўндириб адо қилдингиз, мана энди ҳаммаси ўз ўрнига тушди. Мен ахир унчалар девона эмасман. Баъзан-баъзан хаёлим опқочади, лекин узоққа эмас.
Мен унинг қўлини қисдим.
– Кэтрин, азизим…
– Қандай кулгили эшитиляпти-я: «Кэтрин». Сиз буни доимо бир хил айтмайсиз. Лекин сиз жуда ажойибсиз. Сиз жуда оқ кўнгилсиз, жуда.
– Руҳоний ҳам шундай дейди.
– Ҳа, сиз оқ кўнгилсиз. Сиз олдимга келиб турасиз-а?
– Албатта.
– Менга севаман деб айтишингизнинг ҳожати йўқ. Бу ҳозирча тамом бўлди. – У ўрнидан туриб, менга қўлини узатди. – Хайрли тун.
Уни ўпгим келди.
– Йўқ, – деди у. – Қаттиқ чарчадим.
– Бари бир мени ўпиб қўйинг, – дедим.
– Қаттиқ чарчадим, жоним.
– Ўпиб қўйинг мени.
– Жуда ҳам керакми?
– Жуда.
Биз ўпишдик, лекин у тўсатдан юлқиниб чиқди.
– Қўйинг. Хайрли тун, жоним.
Биз эшиккача бордик ва мен унинг остона ҳатлаб пешайвондан юриб бораётганини кўриб турдим. Унинг ҳаракатларини кузатиб завқланардим. У даҳлизга ўтиб кўздан йўқолди. Мен уйга кетдим. Жуда дим кеча эди, юқорида, тоғларда ҳамон тўплар отилмоқдайди. Сан-Габриеле томонда ёлқинлар кўринарди.
«Вилла-Росса» олдида тўхтадим. Деразалар тўсиб қўйилган, лекин ичкаридан ҳали шовқин эшитилиб турарди. Кимдир ашула айтарди. Ётоққа кўтарилдим. Ечиниб турганимда, Ринальди кириб келди.
– Э-ҳа, – деди у. – Иш чатоққа ўхшайди-ку. Бэби нохуш кўринади.
– Қаерда эдингиз?
– «Вилла-Росса»да. Юракка малҳам-да, бу, бэби. Биз хор бўлиб ашула айтдик. Ўзингиз қаёқда эдингиз?
– Инглизларнинг олдига борувдим.
– Худога шукрки, мен инглизлардан қутулганман.
Еттинчи бобЭртасига тоғдаги биринчи постдан қайта туриб, мен машинани imsstemento2424
Кўчириш пункти (итал.).
[Закрыть] олдида тўхтатдим, бу ерда ярадор ва касаллар ҳужжатларига кўра жойларга тарқатилар ва ҳужжатга қайси госпиталга юборилгани ҳақида ёзиб қўйиларди. Мен машинани ўзим ҳайдаб борган эдим, рулдан тушиб ўтирмадим, ҳужжатларни шофёр кўрсатгани олиб кетди. Кун иссиқ эди, осмон артиб қўйилгандай тиниқ ва кўм-кўк, йўл эса тупроғи ўйнаган, оппоқ эди. Мен «фиат»нинг баланд ўриндиғида ўйсиз ҳолда ўтирардим. Ёнимда йўлдан полк ўтиб борарди, мен сафлар қандай қадам ташлаётганига қараб турардим. Одамлар ҳолдан тойган, терга пишган эдилар. Баъзи бировлар пўлат қалпоқлар кийиб олишган, лекин кўпчилик уларни халталарига осиб олганди. Қалпоқлар кўпларнинг бошига катта бўлиб, деярли қулоқларини ҳам бостириб тушганди. Офицерларнинг ҳаммаси қалпоқ кийган, лекин уларники бошларида ўрнашиб турарди. Бу Базиликат бригадасининг бир қисми эди. Мен уларни оқ-қизил йўл-йўл петлицаларидан танидим. Полк аллақачон ўтиб бўлганига қарамасдан, йўлдан ҳамон орқада қолганлар ўтиб боришарди, булар ўз бўлинмалари билан баробар боришга қурблари етмай қолганлар эди. Уларнинг ҳаммалари абгор, ҳаммаларини тер ва чанг босганди. Баъзи бирлари бутунлай касалга ўхшардилар. Орқада қолганларнинг охиргиси ўтиб кетгач, йўлда яна бир солдат кўринди. У оқсоқланиб борарди. У тўхтаб, йўл чеккасига ўтирди. Мен машинадан тушиб, унинг олдига бордим.
– Нима қилди?
У менга қараб қўйиб, ўрнидан турди.
– Бўлди, кетдим.
– Нима қилди ўзи?
– Уруш-да, падарига…
– Оёғиммас. Чуррам тушган.
– Нега бўлмаса яёв кетяпсиз? – сўрадим мен. – Нега госпиталга ётмадингиз?
– Қўйишмайди. Лейтенант, сен белбоғингни атай ечиб ташлагансан, дейди.
– Менга кўрсатинг.
– Кўтарилиб чиққан.
– Қайси томондан?
– Мана бу ерда.
Мен унинг қорнини ушлаб кўрдим.
– Йўталинг, – дедим мен.
– Яна баттар бўлмасин дейман. Ҳозирнинг ўзида эрталабгисидан икки марта катта бўлиб кетди.
– Машинага ўтиринг, – дедим мен. – Менинг ярадорларимнинг қоғозлари тайёр бўлгач, сизни ўзим санитар қисмингизга элтиб қўяман.
– У жўрттага қилдинг, дейди.
– Улар бунга тирғилишолмайди, – дедим мен. – Бу жароҳат эмас. Аввал ҳам шундай бўлгансиз-ку, тўғрими?
– Лекин мен боғични йўқотиб қўйдим.
– Сизни госпиталга ётқизишади.
– Сиз билан қолсам бўлмайдими, а tenente?
– Йўқ, менда сизнинг ҳужжатингиз йўқ.
Эшикда биз олиб бораётган ярадорларнинг ҳужжатларини кўтарган шофёр кўринди.
– Тўрттасини бир юз бешинчига. Иккитасини бир юз ўттиз иккинчига, – деди у. – Булар нариги қирғоқдаги госпиталлар эди.
– Рулга ўтиринг, – дедим мен.
Мен чурраси тушган солдат ёнимизга чиқиб олишига ёрдам бердим.
– Сиз инглизча сўзлай оласизми?
– Ҳа.
– Бу лаънати уруш ҳақида нима дейсиз?
– Расво нарса.
– Расво деб секинроқ айтасизми, жин урсин. Расво бўлмасинми яна.
– Сиз Штатларда бўлганмисиз?
– Бўлганман. Питтсбургда. Мен сизни америкалик бўлса керак, деб ўйловдим.
– Наҳотки италянчани бузиб гапираётган бўлсам?
– Сизни кўришим билан америкалик, деб ўйладим.
– Яна бир америкалик, – деди шофёр чурраси тушган солдатга қараб италянчалаб.
– Менга қаранг, лейтенант. Сиз мени албатта полк-ка элтиб ташлашингиз керакми?
– Ҳа.
– Гап шундаки, бош врач чуррам тушганлигини билади. Мен яна жангга кирмаслик учун касалим зўрайсин, деб боғичимни йўқотган эдим.
– Тушундим.
– Балки сиз мени бошқа бирон жойга олиб бориб қўярсиз?
– Биз фронтга яқин бўлганимизда, сизни биринчи тез ёрдам пунктига топширган бўлардим. Лекин бу ерда, фронт орқасида ҳужжатсиз юриш мумкин эмас.
– Мен қайтиб борсам, мени операция қилиб, сўнг доим жангга ташлашади.
– Мен ўйланиб қолдим.
– Сиз доим олдинги сафда бўлишни истармидингиз?
– Йўқ.
– О, лаънати! – деди у. – Қандоқ ярамас нарса бу уруш.
– Қулоқ солинг, – дедим мен. – Машинадан тушиб, йиқилинг-да, бошингизни мўматалоқ қилинг, мен орқага қайтишда сизни оламан-да, госпиталга элтиб ташлайман. Машинани тўхтатиб юборинг-чи, Алдо.
Биз йўл чеккасига ўтиб, тўхтадик. Мен унга тушишга ёрдамлашиб юбордим.
– Мени мана шу ерда топасиз, лейтенант, – деди у.
– Хайр бўлмаса, – дедим мен. Биз йўлимизга кетдик ва бир чақиримча юргач полкни қувиб ўтдик. Сўнг қорлар эриб, бўтана бўлиб қолган, кўприкнинг тагидан шитоб билан оқаётган дарёдан ўтиб, водийни кесиб ўтган йўлдан госпиталларгача бордик ва ярадорларни топширдик. Қайтишда рулга ўзим ўтирдим ва питтсбурглик солдат кутиб ўтирган жойга қичаб ҳайдадим. Биз янада ҳолдан тойган, ҳаракати янада сусайиб кетган полк олдидан ўтиб кетдик; кейин орқада қолганларга дуч келдик. Сўнг йўл ўртасида санитар аравасини кўрдик. Иккита санитар чурраси тушган солдатни кўтаришаётган эди. Уни қидириб келишганди. Мени кўриб, у бошини чайқади. Унинг каскаси тушиб кетган, пешанаси қонга беланган эди. Бурнининг усти шилиниб тушган, мўматалоқ бўлиб ётган яраларига тупроқ ёпишганди. Сочлари ҳам чангга беланганди.
– Қаранг, қандақа шиш-а, лейтенант, – қичқирди у. – Аммо нима ҳам қилиб бўларди. Мени олиб кетгани келишибди.
Мен виллага қайтиб келганимда, соат беш бўлган эди, мен машиналарни ювадиган ерда душга тушгани бордим. Кейин ётоқда – очиқ дераза олдида ёлғиз кўйлак-шимда ўтириб, рапорт тузиб чиқдим. Ҳужум эрта ўтиб индинга бошланадиган бўлиб, мен ўз машиналарим билан Плавага боришим керак эди. Мен Штатларга аллавақтлардан бери хат ёзмасдим, мен ёзмаса бўлмаслигини билардим, лекин бу ишни шунча замонлардан бери орқага суриб келганимдан, энди деярли мутлақо ёзиб бўлмасди. Ёзадиган нарсанинг ўзи йўқ. Мен Zona di Gurerra2525
Ҳарбий зона (итал.).
[Закрыть] деган бир қанча хабарномалар юбордим, матндан «соғ-саломат юрибман» деган сўзлардан бошқа ҳаммасини ўчириб чиқдим. Шундай қилса, тезроқ боради. Америкадагиларга бунақанги ғалати ва сирли хабарномалар жуда ҳам ёқиб тушади, албатта. Уруш бу зонада ғалати ва сирли эди, лекин австрисларга қарши олиб борилган бошқа урушлар ичида бу энг пухта ўйланган ва ёвузроқ бўлиб туюларди менга. Австрия армияси Наполеоннинг ва умуман ўзини Наполеон деб ҳис қилувчи ҳар қандай кишининг ғалаба қозониши учун яратилганди. Бизнинг ҳам Наполеонимиз бўлганда ёмон бўлмасди, лекин бизда фақат семиз ва боқи беғам Le Generale Cadorna билан дутор бўйин, эчки соқол одамча Vittorio-Emmanuele бор эди, холос. Ўнг соҳилдаги қўшинларга герцог Аоста бошлиқ эди. Ҳар нечук, улуғ саркарда даъвоси учун у ҳаддан ташқари хушрўй эди, лекин ташқи кўринишдан у чинакам эркакларга ўхшарди. Кўплар унинг қирол бўлишини истарди. Унинг қирол бўладиган савлати бор эди. У қиролнинг амакиси бўлиб, учинчи армияга қўмондонлик қиларди. Биз иккинчи армияда эдик. Учинчи армияда бир қанча инглиз батареялари бор эди. Миланда мен шу батареяларда хизмат қилган иккита тўпчи билан танишгандим. Улар жуда ҳам одамшаванда йигитлар экан, ўша куни вақтихушлик билан ўтди. Улар давангирдай-давангирдай йигит бўлишларига қарамай, кўп нарсаларда тортинчоқлик қилар, айни замонда тортинган нарсаларини ёқтирар ҳам эдилар. Аслида инглиз армиясида хизмат қилсам бўларкан. Унда ҳаммаси жўнгина ўтарди. Бироқ тирик қолишим даргумон эди. Санитар қисмларда эса ундай эмас. Тўғри, инглиз санитар машиналарининг шофёрлари ҳам ҳалок бўлишарди. Лекин мен ҳалок бўлмаслигимни билардим. Бу урушда эмас. Унинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. У менга кинодаги урушдан фарқсиздай туюларди. Шунга қарамасдан мен чин юракдан унинг тезроқ тугашини истардим. Балки, шу бу йилнинг ёзида тамом бўлар. Балки, австрисларни савалашар. Олдинги урушларда уларни ҳар доим савалашган. Бу урушнинг нимаси бор ўзи? Ҳамманинг оғзида французларнинг ҳоли-қудрати кетиб қолди, деган гап. Ринальди, француз солдат-лари бош кўтаришибди, қўшинлар Парижга қараб юраётган эмиш, деб айтувди. Мен ундан кейин нима бўлди, деб сўрасам, «уларни тўхтатишган-да», деб жавоб берди. Мен уруш бўлмасаю, Австрияни бир кўриб келсам, деб юрардим. Мен Шварцвальдга боришни истардим. Гарцни кўргим келарди. Айтмоқчи, Гарцнинг ўзи қаерда? Уруш ҳозир Карпат тоғларида кетаётган эди. У ёқларга боргим йўқ эди. Гарчи борилса, албатта, ёмон бўлмасди. Уруш бўлмаганда мен Испанияга боришим мумкин эди. Қуёш ботиб бормоқда, салқин тушиб келмоқда эди. Кечки овқатдан сўнг Кэтрин Барклининг олдига бораман. Мен, қани энди у ҳозир ёнимда бўлсайди, дердим. Мен у билан бирга Миланга боришни истардим. У билан «Кова»да овқатланиб олсанг-да, кейин кечки дим ҳавода Виа-Манцони бўйлаб кетсанг, кўприкдан ўтиб, канал ёқалаб бурилсанг-да, Кэтрин Баркли билан отелга кирсанг. Эҳтимол, у ҳам кирган бўлармиди. Эҳтимолки, у мени Соммда ўлдирилган офицер деб тасаввур қилармиди, унда биз катта эшикдан ичкарига кириб борган бўлардик, швейцар шапкасини олиб кутиб олган, мен калитни олиш учун борган, қиз эса мени лифт олдида кутиб турган бўларди, кейин биз лифт ичига кириб, лифт ҳам ҳар қаватда оҳиста жиринглаб, юқорига кўтарилган ва ниҳоят, бизнинг қаватга ҳам чиқарди, лифтчи бола эшикни очади, шунда у чиқади, мен чиқаман, биз даҳлиздан юриб борамиз, мен калит билан эшикни очаман, ичкарига кирамиз ва мен телефон қулоғини кўтариб, бир шиша муз тўла кумуш пақирчага солинган капри бьянка келтиришларини сўрайман, сал ўтмай коридордан челакчадаги музнинг ширқиллаши эшитила бошлайди, кейин бола эшикни тақиллатади, мен эшикнинг олдига қўйиб кета қолинг, дейман. Чунки биз эгнимиздаги бор нарсани ечиб ташлаган бўламиз, чунки кун жудаям иссиқ, деразалар ланг очилган, қалдирғочлар уйларнинг томлари узра учиб юришган бўлади, кейин қоронғи туша бошлайди, дераза олдига келсангиз, уйларнинг ва дарахтларнинг тепасида энди кўршапалаклар учиб юрганини кўрасиз, шунда биз капри ичамиз, эшик берк, хона иссиқ, чойшаб ва тундан бўлак ҳамма нарса унутилади ва биз Миланнинг шу оташин кечасида ўзимизни муҳаббатнинг оғушига батамом топширамиз. Ҳаммаси мана шундоқ бўлиши керак. Мен тезгина овқатланиб олиб, Кэтрин Барклининг олдига бораман.
Овқат устида ғовур-ғувур гап кўп бўлади, мен вино ичдим, чунки агар бугун кечқурун озгина ичмасам, ошна-оғайнигарчиликдан чиқиб қолардим, мен яна кашиш билан архиепископ Айрленд ҳақида суҳбатлашиб ўтирдим. Гап анчайин ҳурмат-эътиборга лойиқ бўлган бир одамнинг тақдиридаги адолатсизлик, унга нисбатан қилинаётган ноҳақликлар ҳақида кетди, бу ноҳақликларга мен ҳам америкалик сифатида қисман сабабчи эканман, мен айбим нимадан иборат эканлигини билмасам ҳам ўзимни гўё ростданам айби бордай қилиб кўрсатардим. Бу ишнинг бутун моҳиятига тўла етмасдан туриб, у менга шунчалар тушунтириб кетдики, охирида йўқ ҳеч нарса билмайман, хабарим йўқ, деб туриш одобдан бўлмай қоладиганга ўхшайди. Менга унинг номи жуда ҳам чиройли туюлди, бунинг устига у миннесоталик эди, шунинг учун оти ҳам чиндан ажойиб жаранглар эди: Айрленд Миннесотий, Айрленд Висконсиний, Айрленд Мичигоний. Йўқ, гап бундамас. Масала бундан кўра чуқурроқ. Ҳа, отахон. Тўғри, отахон. Эҳтимол, отахон. Йўқ, отахон. Балки, эҳтимол, шундай бўлса бордир, отахон. Булар сизга кўпроқ маълум, отахон. Кашиш яхши одам эди, лекин одамни зериктириб юборарди. Офицерлар бўлмағур одамлар эди, уларга қараб одамнинг эсноғи келарди. Қирол яхши, лекин зерикарли эди. Вино ёмон, лекин зерикарли эмасди. У тишларимизнинг сирини кўчириб, танглайимизга ёпиштириб қўймоқда эди.
– Шундай қилиб, ўша кашишни қамаб қўйишибди, – дерди Рокка, – чунки унинг ёнидан уч процент-ли қоғозлардан чиқибди. Бу Франциядаги гап, албатта. Бу ерда уни ҳеч қачон қамаб-памаб ўтиришмасди. У бўлса, беш фоизли қоғозлардан мутлақо бехабарман, дебди. Булар ҳаммаси Безье шаҳрида бўлган гаплар. Мен ўшанда у ерда эдим, бу тўғрида газеталардан ўқиб қолиб, қамоққа бордим ва мени кашишнинг олдига киритишларини сўрадим. Қоғозларни у ўғирлаб олгани тайин эди.
– Ғирт ёлғон гаплар, – деди Ринальди.
– Сизга шундоқ туюлгандир, – деди Рокка. – Лекин мен буни ўзимизнинг кашишга айтяпман. Бу жуда ибратли воқеа. У руҳоний бўлгани учун бунинг маъносини тузукроқ чақади.
Руҳоний жилмайди: – Давом этинг, – деди у. – Қулоғим сизда.
– Албатта, қоғозларнинг бир қисмини барибир топишолмаган, бироқ уч фоизлиларнинг бари руҳонийнинг ёнида экан, яна, қанақалиги аниқ эсимда йўғу, аллақандай маҳаллий заёмларнинг облигациялари ҳам чиққан. Шундай қилиб, мен турмага бордим, – энг қизиғи ҳам шу ерда, – у турган камеранинг олдига келиб, худди тавба қилаётгандай бўлиб: «Менга оқ фотиҳа беринг, падари бузрукворим, зотан сиз гуноҳкор бандасиз», дедим.
Ҳамма хахолаб кулиб юборди.
– У нима деди? – сўради кашиш.
Рокка унга эътибор қилмасдан менга ҳазилининг маъносини тушунтира кетди: – Ана энди тушундингизми маънисига? – агар уни тўғри тушунилса, афтидан, жуда ўткир ҳазилга ўхшайди. Менга яна вино қуйишди ва мен душга туширилган инглиз солдати ҳақидаги латифани айтиб бердим. Кейин майор ўн бир чехословак билан бир венгер капрали ҳақидагисини айтди. Яна винодан ичиб, мен бир тийин топган улоқчи ҳақидаги латифани бошладим. Майор, кечалари ухлолмай чиқадиган герцогиня ҳақида ғалати бир италян латифаси бор, деди. Шунда кашиш ўрнидан туриб чиқиб кетди ва мен Марселга эрталаб соат бешда мистрал эсиб турган пайтда келган коммивояжер ҳақидаги латифани айтиб бердим. Майор, эшитишимга қараганда, сиз ичиб маст бўлмас экансиз, деди. Мен, ундаймас, дедим. У, мен тўғрисини айтяпман, Бахус гувоҳ, мен буни текшириб кўраман, деди. Фақат Бахус эмас, дедим. Бахус эмас. Ҳа, Бахус, деди у. Мен Басси Флиппо Винченца билан ким кўп ичарга ўйнашим керак экан. Басси, бу адолатдан эмас, чунки мен ҳозирнинг ўзида ундан икки ҳисса кўп ичиб қўйдим, деди. Мен, бу ғирт ёлғон, Бахусми, Бахусмасми, Филиппо Винченца Бассими ёки Басси Филиппо Винченцами, ҳали оғзига бир томчи ичкилик олгани йўқ, умуман олганда, унинг номи нима ўзи? У, сизни нима деб чақиришади – Энрико Федерико дебми, ёки Федерико Энрико дебми? – деб сўради. Мен, йўқолсин Бахус, ким кучли бўлса, ўша ютади, дедим ва майор бизга бошламасига бир кружкадан қизил вино берди. Кружканинг ярмини ичиб, қолганини ичгим келмай қолди. Қаёққа кетаётганим эсимга тушди.
– Басси ютди, – дедим мен. – У бақувватроқ. Мен боришим керак.
– Тўғри, бориши керак, – деди Ринальди. – Учрашувга боради. Мен биламан-ку.
– Мен боришим керак.
– Келаси сафаргача, – деди Басси. – Келаси сафаргача куч йиғиб келинг.
У елкамга қоқиб қўйди. Стол устида шамлар ёниб турарди. Ҳамма офицерларнинг кайфлари жойида эди.
– Хайрли тун, жаноблар, – дедим мен.
Ринальди мен билан бирга чиқди. Биз ҳовлига кираверишдаги эшик олдида тўхтадик, у деди:
– Сиз у ерга ичиб бормаганингиз тузук эди.
– Маст эмасман, Ринин. Чин сўзим.
– Жуда бўлмаса қаҳва донидан чайнаб юборинг.
– Бекор гап.
– Ҳозир сизга келтириб бераман, бэби. Шу ерда айланиб туринг. – У бир ҳовуч қовурилган қаҳва донидан кўтариб келди. – Чайнаб юборинг, бэби, Худо сизни ёрлақасин.
– Бахус, – дедим мен.
– Сизни кузатиб қўяман.
– Ҳожати йўқ. Маст эмасман.
Икковлон шаҳар бўйлаб кетдик, мен қаҳва донини чайнаб бордим. Инглизларнинг боғ уйига элтадиган хиёбон олдида Ринальди менга хайрли тун тилаб қолди.
– Хайрли тун, – дедим мен. – Юринг, ўзингиз ҳам. У бош чайқади.
– Йўқ, – деди у. – Мен бош оғриғи ишларга тобим йўқ.
– Қаҳва учун раҳмат.
– Арзимайди, бэби. Арзимайди.
Хиёбондан юриб кетдим. Икки чеккадаги сарв оғочларининг гавдаси яққол кўзга ташланарди. Мен орқамга ўгирилдим-да, Ринальди изимдан қараб турганини кўрдим, унга қўл силкиб, хайрлашдим.
Мен боғ уй қабулхонасида Кэтрин Барклини кутиб ўтирардим. Кимдир пешайвонга кирди. Ўрнимдан турдим, бироқ бу Кэтрин эмасди. Кирган мисс Фергюсон эди.
– Хэлло, – деди у. – Кэтрин бугун, афсуски, сиз билан кўришолмас экан. Мендан шуни айтиб қўйишни сўради.
– Афсус. Ҳойнаҳой бетоб эмасми?
– Сал тоби қочиб турибди.
– Унинг кўнглини сўраб қўйинг.
– Хўп.
– Балки эртага эрталаб келаймикан?
– Келинг.
– Катта раҳмат, – дедим мен. – Тунингиз хайрли бўлсин.
Қабулхонадан чиқдим, бирдан олам бўм-бўш бўлиб қолди, юрагим сиқилди. Мен Кэтрин билан учрашувга менсимай, назар-писанд қилмай қарадим, кўп ичиб қўйдим, сал бўлмаса келиш эсимдан чиқай деди, энди эса уни кўролмаганимдан сўнг юрагимга қил сиғмасди, дунёда ўзимни ёлғиз, ташландиқ сездим.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?