Текст книги "Чол ва денгиз"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
Мен дам олиб қайтганимда, биз ҳамон ўша-ўша шаҳарда турардик. Теварак-атрофда тўплар анча кўпайиб қолганди, илк баҳор кирганди. Далалар кўмкўк майса билан қопланган, узум новдалари найча-куртак отганди; йўл ёқасидаги дарахтлар япроқчалар чиқарган, денгиз томондан шабада эсиб қолганди. Мен шаҳарни, тепаликни, тепаликдаги қалъани, улардан ҳам нарида тоғларни, ён бағирлари олачалпоқ кўкарган қўнғир тоғларни кўрдим. Шаҳар ичида тўплар олдингидан кўпроқ эди, бир қанча янги госпиталлар очилган, кўчаларда инглизлар, аҳён-аҳёнда инглиз хотинлар ҳам учраб қоларди; тўп отишмасидан яна бирмунча уйлар вайрон бўлганди. Кун илиқ эди, кўклам ҳиди эсарди, мен деворга қуёш нури тушиб турган, офтобда исиган қатор дарахтзор кўчадан ўтиб бордим ва биз ҳамон ўша ўзимизнинг уйда турганлигимизни, шунча вақт ўтса-да, ҳамма нарса қандай бўлса шундай қолганлигини кўрдим. Эшик очиқ эди, девор олдидаги «эшик»да ўзини офтобга солиб бир солдат ўтирибди, санитар машина уйнинг биқинидаги эшикда махтал турарди, эшикдан ичкарига қадам қўйишим билан димоғимга нам ғишт билан касалхона ҳиди урилди. Фақат ҳозир баҳор кирган, бошқа ҳамма нарса ўз эски ҳолича қолганди. Мен катта уйнинг эшигидан қараб, стол ёнида майор ўтирганини, дераза очилиб, уй ичига офтоб тушиб турганини кўрдим. У мени кўрмасди, мен эса аввал унга кўринишимни ҳам ёки олдин юқорига чиқиб, ювиниб-тараниб олишимни ҳам билмасдим. Мен аввал юқорига чиқа қолай деб ўйладим.
Мен лейтенант Ринальди билан турадиган уй ҳовлига қараган эди. Дераза ланг очиб юборилган, менинг каравотимга кўрпа тўшаб қўйилган, юмуш-яроқларим эса деворда осиғлиқ турарди, газга қарши кийиладиган мослама узунчоқ тунука ғилофда, пўлат қалпоқ ўша илгакда илиғлигича қолганди. Каравотнинг оёқ томонида сандиқчам, сандиқча устида эса йилтиратиб мойлаб қўйилган қишлик этигим турарди. Менинг саккиз қиррали, стволи тим қора ва қулай, қўндоғи қорамтир ёнғоқдан чиройли ишланган австрис милтиғим иккита каравотнинг ўртасига осиб қўйилганди. Мен унинг нишонга олувчи телескопини сандиқчага беркитиб қўйганимни эсладим. Ринальди, лейтенант, иккинчи каравотда ухлаб ётарди. Менинг қадам товушимни эшитиб, у ёстиқдан бошини кўтарди.
– Ciao1818
Италянча салом.
[Закрыть] – деди у. – Қалай, яхши ўйнаб келдингизми?
– Зўр.
Қўл олишиб кўришдик, кейин у мени бўйнимдан қучоқлаб, ўпди.
– Уф! – дедим мен.
– Кирлаб кетибсиз, – деди у, – ювиниб олинг. Қаерларга бордингиз, нималар қилдингиз? Бир бошдан айтиб беринг.
– Бормаган жойим қолмади. Милан, Флоренция, Рим, Неаполь, Вилла-Сан-Жованни, Мессина, Таормина…
– Нақ темир йўл маълумотномасининг ўзи-я. Қизиқ саргузаштлар ҳам бўлдими?
– Бўлди.
– Қайда?
– Milano, Florenze, Koma, Napoli…
– Бўлди-е. Энг зўри қайси бирида бўлди?
– Миланда.
– Чунки биринчи учратганингиз шу-да. Уни қаерда учратдингиз? «Кова»дами? Қаёққа бординглар? Қандай бўлди? Оқизмай-томизмай айтинг. Ухладингларми?
– Ҳа.
– Ол-а. Ҳозир бу ерда ҳам онаси ўпмаган ойимтиллалар бор. Попукдеккина, фронтни шу ерга келиб кўриб турган қизлар.
– Қўйинг-е?
– Ишонмайсизми? Бугун борайлик, ўзингиз кўрасиз. Шаҳарда бўлса олмадеккина, ёш инглиз қизлар ҳам бор. Мен ҳозир мисс Барклига ошиқ бўлиб юрибман. Сизни таништириб қўяман. Мен, эҳтимол, мисс Барклига уйлансам керак.
– Мен ювиниб, майорга кўриниш беришим керак. Нима, иш йўқми дейман?
– Сиз кетгандан бери бошимиз совуқ урганлардан, сариққа чалинганлардан, сўзак бўлганлар, атай ўзини майиб қилганлар, ўпкаси шамоллаганлар, ҳар турли чакмазакка йўлиққанлардан чиқмай қолди. Унда-мунда битта-яримтани қоядан тош учиб йиқитмаса. Бир нечта росмана ярадорлар бор. Келаси ҳафтадан яна уруш бошланади. Яъни, демоқчиманки, бошланиб қолса ажабмас. Шунақа миш-мишлар бор. Нима дейсиз, мисс Барклига уйланаверсаммикин, албатта, уруш тугагач?
– Шубҳа бўлиши мумкинмас, – дедим мен тосга сув тўлдирарканман.
– Кечқурун менга оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб берасиз, – деди Ринальди. – Ҳозир мен мисс Барклининг ҳузурига чарақлаб чиройли бўлиб бориш учун ухлаб олишим керак.
Мен френч ва кўйлагимни ечиб, тосдаги муздек сувга ювиндим. Сочиқ билан артинарканман, атрофга разм солиб чиқдим, деразага, ўринда кўзларини юмиб ётган Ринальдига қарадим. У Амалфида туғилган, мен билан тенгдош, келишган йигит эди. Жарроҳ эди, касбига меҳр қўйганди, икковимиз қалин дўст тутингандик. Менинг қараб турганимни сезиб, у кўзини очди.
– Пулингиз борми?
– Бор.
– Менга эллик лир бериб туринг.
Мен қўлимни артиб, деворда илиғлик турган френчимнинг ён чўнтагидан ҳамённи чиқардим. Ринальди пулни олиб, буклади-да, ўрнидан қўзғалмай шимининг чўнтагига солди. У кулимсираб қўйди.
– Мисс Баркли мени давлатманд одам экан деб ўйлашини хоҳлайман. Сиз менинг меҳрибон, садоқатли дўстим, молиявий ҳомийимсиз.
– Олиб қочдингиз-ку, – дедим мен.
Кечқурун офицерлар ошхонасида мен кашиш билан ёнма-ён ўтирдим, у кутилмаганда, Абруццага бормаганим учун, мендан қаттиқ хафа бўлиб қолди. У мен тўғримда отасига ёзиб юборган, боришимга ҳозирлик кўриб қўйишган экан. Ўзим ҳам бормаганимдан қаттиқ пушаймон эдим, нега бормаганим ўзимга ҳам қоронғи эди. Мен боришга қатъий аҳд қилганим, лекин бир нарса кетидан бошқаси чиқиб, ўралашиб қолганимни тушунтиришга уриндим, у ҳам охирида менинг чиндан ҳам бораман, деб отланганимга ишонгандай бўлиб, кўнгли бирмунча таскин топди. Мен жуда кўп вино ичдим, ундан кейин қаҳва ичдим, кайфим тарақ, одам қандай қилиб ўзи кўнглига ту-гиб қўйган ишни кўнгилдагидай қила олмай қолишини гапирдим; ҳақиқатан ҳеч омадинг келмайди.
Бошқалар ғовур-ғувур қилиб, талашиб-тортишиш билан овора экан, биз у билан ундан-бундан сўзлашиб ўтирдик. Мен Абруццага бормоқчи эдим. Лекин мен йўллари худди темирдай қаттиқ, қатқалоқ, совуғи қуруқ ва аччиқ, қори қуруқ ва майда, қуёнлар қорда из қолдириб кетадиган, деҳқонлари қалпоқларини қўлга олиб, сизни «дон» деб атайдиган, ов бароридан келадиган ерларга боролмадим. Шундоқ жойларга бормадиму, тутунга тўлган қаҳвахоналар, тунлари уй ичи кўз ўнгингда чир айланадиган, айланишини тўхтатиш учун кўзни деворга қадаб туриш керак бўладиган ерларга бордим; бундай учиб қолинган кечаларда, дунёда шундан бошқа ҳеч нарса йўқ деб биласан, уйғонишинг ҳам жуда ғалати бўлади, ёнингда ким борлигини ҳам билмайсан ва ғира-шира қоронғида дунё кўзингга рўё бўлиб кўринади, рўё ичра ўткир ҳаяжонлари бордай туюладики, шу кечанинг ўзидаёқ ўйлабнетиб ўтирмай барини яна бошдан бошлагинг келади, шундан бошқа ҳеч нарса йўқ дейсан, ҳеч нарса йўқ, йўқ, буни ўйлаб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Шунда дафъатан чуқур ўйларга толасан, сўнг уйқу элтади, баъзан эрталаб уйғонганингда, кечаги нарсалар бугун йўқолган бўлади ва ҳаммаси юракда сирқироқ оғриқ уйғотади, барчаси аниқ, равшан бўлади, баъзан палатада тортишиб қоласан. Гоҳо ҳарқалай ўзингни яхши ҳис қиласан, меҳрибонинг, қадрдонинг бордай, нонуштанг ва тушлигинг тайёрдай кўринади. Баъзан ҳаммаси кўнгилга уриб кетади, тезроқ кўчага чиқа қолсам дейсан, аммо эртаси куни яна шу такрорланади, кечанг ҳам шундай ўтади. Мен кечалар ҳақида, кечаси билан кундузнинг фарқи ҳақида, нима учун кечаси яхшироғу, кундуз куни фақат совуқ ва ҳамма нарса равшан эканлиги ҳақида айтиб бермоқчи бўлдим, аммо уддалай олмадим, ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Буни бошингиздан кечирган бўлсангиз, биласиз. У бундай аҳволга тушмаган экан, мен чиндан ҳам Абруццага бормоқчи бўлиб, нега боролмай қолганлигимни тушунди ва биз яна дўстлашиб кетдик. Биз бир-биримизга жуда ўхшардик, шунга қарамасдан бутунлай бошқа-бошқа олам эдик. У доимо мен билмаган нарсани билар, билганларини эса унутиб ҳам юбораверар эди. Лекин мен бу нарсани ўшанда эмас, анча кейин англадим. Ошхонада узоқ ўтириб қолдик. Ҳамма егулигини еб бўлган, энди тортишиб ўтирардилар. Биз кашиш билан жимиб қолдик, шунда капитан қичқирди:
– Руҳоний зерикиб қолди. Руҳоний ойимтиллалар бўлмаса ўтиролмайди.
– Зерикканим йўқ, – деди кашиш.
– Руҳоний зерикяпти. Руҳоний урушда австрислар ютиб чиқишига тарафдор, – деди капитан. Бошқалар унинг оғзига қарашди. Руҳоний бошини чайқаб қўйди.
– Йўқ, – деди у.
– Руҳоний ҳужум қилишимизни истамайди. Ҳужум қилишимизни истамайсиз, а, тўғрими?
– Йўқ, уруш бўлгандан кейин, менимча, ҳужум қилишимиз керакка ўхшайди.
– Ҳужум қилишимиз керак. Ҳужум қиламиз.
Руҳоний бош ирғади.
– Уни тинч қўйинг, – деди майор. – У аломат йигит.
– Ҳар ҳолда бу ерда икки қўлини бурнига тиқиб ўлтиришдан бошқа чораси йўқ, – деди капитан.
Ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, тарқалдик.
Тўртинчи бобЭрталаб мени қўшни боғдаги батарея уйғотиб юборди. Деразадан қуёш чарақлаб тушиб турарди, ўрнимдан турдим. Деразадан ташқарига кўз югуртирдим. Йўлкалардаги майда шағал ҳўл, ўт-ўланларни шудринг босганди. Батарея икки маротаба ўқ узди. Ҳар ўқ узилганда ҳаво зириллаб кетар, дераза ойналари зинғиллаб, пиджагимнинг этаклари лап-лап кўтарилиб, тушарди. Тўпларнинг ўзи кўринмасди, лекин, афтидан, снарядлар бизнинг устимиздан учиб ўтарди. Биқинингда батарея жойлашган бўлса, тинчингдан, роҳатингдан айриласан, ишқилиб, энг катта ва оғир тўплар эмас экан-ку, деб ўзингга тасалли ҳам бериб қўясан. Деразадан қараб туриб, йўлга чиқиб бораётган юк машинасининг шовқинини эшитдим. Кийиниб пастга тушдим-да, ошхонада қаҳва ичиб, сўнг гаражга ўтдим.
Узун тим тагида ўнта машина қатор тизилиб турарди. Булар олди тўмтоқ, кузовлари баҳайбат, оч рангга бўялган, мебель ташийдиган фургонларга ўхшаш санитар машиналар эди. Ҳовлида мана шундай машиналардан бирининг ёнида механиклар ўралашишарди. Яна учта машина тоғлардаги тез ёрдам пунктларида эди.
– Анов батареяга ҳам снаряд отишяптими? – деб сўрадим механикларнинг биридан.
– Йўқ, signor tenente1919
Жаноб лейтенант.
[Закрыть]. Уни тепалик тўсиб турибди.
– Ишлар кетяптими?
– Бир нави. Манави машина бутунлай ишдан чиққан, қолганлари ҳаммаси яроқли. – У ишини қўйиб жилмайди. – Сиз дам олиб қайтдингизми?
– Ҳа.
У қўлини тўр кўйлагига артиб, илжайди.
– Димоғни чоғ қилгандирсиз?
Унинг шериклари ҳам илжайишди.
– Шундайроқ, – дедим мен. – У машинага нима бўлибди?
– Ҳеч нарсага ярамайди. Соғ жойи йўқ. Ҳали у, ҳали бу.
– Ҳозир қаери бузилган?
– Поршень ҳалқаларини алмаштириш керак.
Мен уларни мотори очилган, қисмлари олиниб зиначага териб қўйилганидан талон-торожга учрагандай ўксик кўринган машина олдида қолдириб, ўзим тимга ўтиб, барча машиналарни бирма-бир қараб чиқдим. Улар бир нави, артиб, тозалаб қўйилганди, баъзилари ҳозиргина ювилган, бошқа бирларини билинарбилинмас чанг босган эди. Мен тошлар қириб, ёриб юбормаганмикан деб, ҳамма ғилдиракларни диққат билан кўздан кечирдим. Ҳаммаси жойидадек эди. Кўринишдан мен бу ерда ҳаммасини назорат қилиб тураманми, йўқми, фарқсизга ўхшарди. Мен, машиналарнинг қандай аҳволда бўлиши, у ёки бу қисмларни топиб келтириш, тоғлардаги тез ёрдам пунктларидан касал ва ярадорларни кечиктирмай кўчириш, уларни тарқатиш пунктига келтириш ва ҳужжатларда кўрсатилган госпиталларга жойлаштириш кўп жиҳатлардан менга боғлиқ, деб кеккайиб юрарканман. Лекин, афтидан, менинг бу ерда бор-йўқлигимнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди.
– Керакли қисмларни олишда қийналмадингларми? – сўрадим катта механикдан.
– Йўқ.
– Ёнилғи омбори ҳозир қаерда?
– Ўша, ўз жойида.
– Жуда соз, – дедим мен ва уйга қайтиб офицерлар ошхонасида яна бир стакан қаҳва ичдим. Қаҳва оч бинафша рангли, қуюлган сут қўшилганидан ширин эди. Ташқарида кўкламнинг эрталабки аломат ҳавоси эди. Кун иссиқ бўлишидан дарак бергандай димоққа енгил ҳовур урилди. Шу куни мен тоғлардаги постларни айланиб, уйга кеч кирганда қайтдим.
Мен йўқлигимда ишлар бирмунча ўнгланиб кетгандай кўринарди. Қулоғимга тезда ҳужумга ўтсак ажабмас, деган гаплар чалинди. Биз хизмат кўрсатадиган дивизия дарёнинг юқори томонларида ҳужум қилиши белгиланган эди, шунинг учун майор менга постлар ҳужум пайтига тайёр турсин, деб тайинлади. Ҳужум қилувчи қисмлар даранинг юқорироғида дарёдан кечиб, тоғ этаклари бўйлаб ёйилиши керак эди. Машиналар турадиган постлар иложи борича дарёга яқин бўлиши, панада жойлашиши шарт эди. Жойларни, албатта, пиёда қисмлар кўрсатиши керак бўлиб, режани эса биз ишлаб чиқишимиз кўзда тутиларди. Бу биз ҳам ҳарбий фаолият олиб бораётганимизни кўрсатувчи хўжа кўрсинга қилинадиган тадбирлардан эди.
Ҳамма ёғим чанг-чунг, лойга ботиб қайтдим, ювиниб олиш учун хонамга кўтарилдим. Ринальди Хюгонинг инглиз тили грамматикасини қўлида тутиб, каравотда ўтирган экан. У бошдан-оёқ кийинган – оёғида қора туфли, сочи ялтирар эди.
– Тасанно, – деди у мени кўриб. – Сиз мен билан бирга мисс Барклининг олдига меҳмонга борасиз.
– Йўқ.
– Ҳа. Сиз борасиз, чунки мен буни сиздан ўтиняпман, яна бир гап, унга ёқишга ҳаракат қилинг.
– Ҳай, майли. Сал одамбашара бўлиб олай унда.
– Ювининг-да, шундоқ бораверинг.
Мен ювиндим, сочимни тарадим, йўлга отландик.
– Шошманг, – деди Ринальди, – озгина ичиб олсакмикин дейман, – у сандиқчасини очиб, ичидан шиша олди.
– Фақат стрега ичмаймиз, – дедим мен.
– Йўқ. Граппа.
– Майли.
У икки стаканга қуйди ва биз кўрсаткич бармоқларимизни чиқариб, уриштирдик. Граппа жуда ҳам ўткир эди.
– Яна биттаданми?
– Майли, – дедим мен. Граппанинг иккинчи стаканини ҳам ичиб олдик. Ринальди шишани олиб қўйди, биз пастга тушдик. Шаҳардан кета туриб исиб кетдик, лекин қуёш ботиб бормоқда эди, ўзимизни енгил ҳис қилардик. Инглиз госпитали уруш арафасида аллақандай бир немис қурган каттакон виллада жойлашганди. Мисс Баркли боғда экан. Унинг ёнида яна битта ҳамшира бор эди. Биз дарахтлар орқасидан уларнинг оқ кийимларини кўрдигу, тўғри олдиларига боравердик. Ринальди ҳарбийча салом берди. Мен ҳам шундай қилдим, лекин ўзимни босиқроқ тутдим.
– Салом, – деди мисс Баркли. – Сиз, италиялик эмассиз, шекилли?
– Ҳа.
Ринальди бошқа ҳамшира билан гаплашаётган эди. Улар ҳиҳилашди.
– Италия армиясида хизмат қилиш – ғалати-я.
– Буни армия демаса ҳам бўлади. Бу санитар отряди, холос.
– Барибир ғалати туюлади. Нега бундай қилдингиз?
– Билмадим, – дедим мен. – Сўз билан англатиб бўлмайдиган нарсалар бор.
– Ростдан-а? Менга бўлса, бунақа нарсалар йўқ, деб ўргатишган.
– Хўп қилишган экан.
– Албатта шу йўсинда гаплашишимиз керакми?
– Йўқ, – дедим мен.
– Худога шукр.
– Қўлингиздаги қанақа асо? – сўрадим мен.
Мисс Баркли санамарастадай қиз эди. Унинг эгнидаги мен ҳамшира кийими деб ўйлаган нарса оқ кўйлак бўлиб чиқди, сочлари оқ сарғишдан келган, бадани қизғимтир, тилла ранг, кўзлари ним кўк тус. У менга жуда ҳам чиройли бўлиб кўринди. Унинг қўлида ўйинчоқ таёқчага ўхшаш ингичка ротанг асо бор эди.
– Бу – бир офицерники, у ўтган йили ҳалок бўлди.
– Кечиринг…
– У жуда ҳам ажойиб эди. Мен унга турмушга чиқадиган эдим, уни Соммда ўлдиришди.
– Тоза қирғин-барот бўлган унда.
– Сиз у ерда бўлганмисиз?
– Йўқ.
– Менга айтиб беришганди, – деди у. – Бу ерда уруш унчалик эмас, дейишади. Менга шу таёқчани жўнатишди. Онаси юборибди. Таёқчани бошқа нарсалари билан бирга қайтаришган экан.
– Унашганларингизга анча бўлганмиди?
– Саккиз йил. Бирга катта бўлгандик.
– Нега унга олдинроқ тегмадингиз?
– Ўзим ҳам билмайман, – деди у. – Аҳмоқлик. Унга олдинроқ тегсам бўлаверарди. Лекин мен унга жавр қиламанми, деб қўрқдим.
– Тушундим.
– Сиз ҳеч севганмисиз?
– Йўқ, – дедим мен.
Биз «эшак»ка ўтирдик ва мен унга қарадим.
– Сочингиз чиройли экан, – дедим мен.
– Сизга ёқдими?
– Жуда.
– У ўлганда кесиб ташламоқчи бўлувдим.
– Қўйинг-э.
– Унинг хотирасига шундай қилмоқчийдим. Мен бундай нарсаларга аҳамият бермасдим; агар у истаса, мен ундан ҳеч нарсамни аямасдим. Агар сал фаҳмига етсайдим, у истаган нарсасига эриша оларди. Мен унга турмушга чиққан бўлардим ёки турмушга чиқмай ҳам кўнглини олардим. Энди мен буларнинг барини тушунаман. Лекин ўшанда у урушга кетадиган эди, мен эса ҳеч нарсани тушунмасдим, фаросатим етмасди.
Мен индамай қулоқ солиб турдим.
– Мен у пайтда умуман ҳеч нарсага тушунмасдим. Мен шундай қилсам, унга ёмон бўлади, деб ўйлардим. Мен у бунга бардош бериб кетолмайди дердим. Кейин уни ўлдиришди, энди ҳаммаси тамом бўлди.
– Ким билсин.
– Ҳа, ҳа, – деди у. – Энди ҳаммаси тугади.
Биз бошқа ҳамшира билан гаплашаётган Ринальдига қарадик.
– Унинг оти нима?
– Фергюсон. Эллен Фергюсон. Сизнинг дўстингиз, врач, шундайми?
– Ҳа. У жуда ҳам яхши врач.
– Қандай яхши. Фронт яқинида яхши врачлар камдан-кам учрайди. Бу фронт яқини-ку ахир, шундай эмасми?
– Албатта.
– Аҳмоқона фронт, – деди у. – Лекин бу ер жуда чиройли экан. Нима, ҳужум бўлармишми?
– Ҳа.
– Роса ишимиз кўпаяркан-да. Ҳозир ҳеч қандай иш йўқ.
– Сиз анчадан бери ҳамшира бўлиб ишлайсизми?
– Ўн бешинчи йилнинг охиридан бери. У кетиши биланоқ мен ҳам кетдим. У мен ишлайдиган госпиталга тушади, деб ўйлайманми тентак бўлмасам. Қилич зарбидан ярадор бўлиб, боши дока билан ўралган бўлади, деб юрибман. Ёки елкасини ўқ тешиб ўтади, дебман. Шунга ўхшаш романтик хаёлларда юрардим.
– Энг романтик фронт шу ерда, – дедим мен.
– Ҳа, – деди у. – Одамлар уруш Францияда қандоқ бўлишини тасаввур ҳам қилолмайдилар. Агар тасаввур қилганларида, бу узоқ давом этмаган бўларди. У қилич зарбидан яралангани йўқ. У парча-парча бўлиб кетди.
Мен индамадим.
– Сиз бу узоқ давом этади, деб ўйлайсизми?
– Йўқ.
– Охири нима бўлади?
– Бирон ерда чирт узилади-кетади.
– Биз узиламиз. Биз Францияда узиламиз. Соммдагига ўхшаш қилғиликни қилиб қўйиб ҳам узилмай бўладими?
– Бу ерда узилмайди, – дедим мен.
– Наҳотки?
– Ҳа. Бултур ёз ишлар ёмон бўлмади.
– Узилиши мумкин, – деди у. – Ҳамма ёқда узилиши мумкин.
– Немисларда ҳам.
– Йўқ, – деди у. – Ундоқ эмас.
Биз Ринальди билан миссис Фергюсоннинг олдига бордик.
– Сиз Италияни севасизми? – деб сўрарди мисс Фергюсондан Ринальди инглизчалаб.
– Тузук, ёмон эмас.
– Тушунмадим. – Ринальди бошини чайқаб қўйди.
– Abbastanza bene2020
Ёмон эмас (итал.).
[Закрыть], – тилмочлик қилдим мен. У бошини чайқади.
– Бу яхши эмас. Сиз Англияни севасизми?
– Унчамас. Биласизми, мен шотландияликман.
Ринальди менга савол назари билан қаради.
– У шотландиялик, шунинг учун Англиядан кўпроқ Шотландияни севади, – дедим мен италянчалаб.
– Аммо Шотландия – ахир Англия-ку.
– Мен унинг сўзларини мисс Фергюсонга таржима қилиб бердим.
– Pasencore2121
Бўлганича йўқ (франц.).
[Закрыть], – деди мисс Фергюсон.
– Бўлганича йўқ?
– Ва ҳеч қачон бўлмайди. Биз инглизларни ёқтирмаймиз.
– Инглизларни ёмон кўрасиз? Мисс Барклини ёмон кўрасизми?
– Э, бу бутунлай бошқа гап. Бундай яланғоч тушу-ниш ярамайди.
Бир оз ўтгач, биз хайрлашдик. Йўл-йўлакай Ринальди деди:
– Сиз мисс Барклига мендан кўра кўпроқ ёқиб қолдингиз. Бу кундай равшан. Лекин анов шотландиялик қиз ҳам ёқимтойгина экан.
– Жуда ҳам, – дедим мен. – Мен унга тузукроқ қарамаган эканман. У сизга ёқдими?
– Йўқ, – деди Ринальди.
Бешинчи бобЭртаси куни мен яна мисс Барклининг олдига бордим. Боғда у кўринмади, шунинг учун мен санитар машиналар келиб-кетиб турган вилла ёнидаги эшикка яқинлашдим. Ичкарига кириб, госпиталнинг катта ҳамширасини кўриб қолдим. У менга, мисс Баркли навбатчилик қиляпти, деди.
– Уруш, биласиз-ку.
Мен, биламан, дедим.
– Сиз италян армиясида хизмат қилиб юрган ўша америкаликмисиз? – деб сўради у.
– Ҳа, мэм.
– Нега ундай қилдингиз? Нега ўзимизга ўтмадингиз?
– Ўзим ҳам билмайман, – дедим мен. – Энди сизларга ўтсам бўлармикин?
– Энди ўтиб бўлмас дейман. Айтинг-чи, нега италян армиясига кирдингиз?
– Мен Италияда яшаганман, – дедим мен, – мен италянча гаплашаман.
– О! – деди у. – Мен италянчани ўрганяпман. Жуда чиройли тил.
– Уни икки ҳафтада ўрганиб олса бўлади, дейишади.
– Йўғ-э, мен икки ҳафтада ўрганолмасман. Мен бир неча ойлардан бери шуғулланаман. Агар уни кўрмоқчи бўлсангиз, соат еттидан кейин кела қолинг. Унгача ишини топшириб бўлади. Лекин ўзингиз билан қаланғи-қасанғи италянларни судраб юрманг.
– Тили чиройли бўлишига қарамасдан-а?
– Ҳа. Ҳатто чиройли мундирларига ҳам қарамасдан…
– Кўришгунча, – дедим мен.
– Arivederci, tenente2222
Кўришгунча, лейтенант (итал.).
[Закрыть].
– Arivederci. – Мен ҳарбийча қўл силкиб, чиқиб кетдим. Чет элликларга италянчасига ҳарбий салом бериб, одам ўзини ғоят ўнғайсиз сезади. Италянча ҳарбий салом четга чиқаришга мўлжалланмаган экан, шекилли.
Кун иссиқ эди. Мен эрталаб Плава томондаги кўприк олди истеҳкомига бориб келдим. Ҳужум шу ердан бошланиши керак эди. Ўтган йили нариги қирғоқдан деярли юриб бўлмасди, чунки довондан понтон кўприккача ёлғиз биргина йўл бўлиб, у ҳам бир чақирим масофада пулемётлар ва тўплардан ўққа тутилиб турарди. Бундан ташқари ҳужумни таъминлаб берувчи барча транспорт воситалари учун торлик қилганидан, австрислар бизнинг тоза абжағимизни чиқаришлари мумкин эди. Аммо италянлар дарёдан ўтиб, қирғоқ бўйлаб иккала томонига шунчалик силжиб боришган эдики, энди улар дарёнинг Австрияга тегишли қирғоғида бир ярим чақиримча майдонни эгаллаб олишганди. Улар қўлга киритган энг катта устунлик шу эди, австрислар эса энди уларнинг бу ерда мустаҳкамланиб олишларига йўл қўймасликлари керак эди. Ўйлайманки, иккала томон ҳам ўзаро дилозорлик қилишдан тийилгандай, дарёнинг қуйи томонидаги бошқа бир кўприк олди истеҳкоми эса ҳамон австристлар қўлида эди. Австрия хандақлари қуйироқда – тоғнинг этагида, италянлар турган жойдан бир неча қадам нарида эди. Аввал қирғоқда шаҳарча бор эди, лекин ундан ном-нишон қолмади. Булардан нарироқда темир йўл станциясининг вайроналари ҳамда очиқ ялангликда бўлганлигидан тузатиб-нетиб бўлмайдиган бузилган кўприк бор эди.
Мен тор йўлдан дарёга томон тушиб бордим-да, машинани тепалик этагидаги тез ёрдам пунктида қолдириб, тоғ пана қилиб турган понтон кўприкдан ўтдим ва вайрон бўлган шаҳар ўрнида ҳамда тоғ ёнбағрида жойлашган хандақларни айланиб чиқдим. Ҳамма блиндажларга кириб олган эди. Мен артиллериядан ўт очиб ёрдам сўрашга ёки алоқа узилиб қолганлигини маълум қилишга тайёрлаб қўйилган ракеталарни кўрдим. Ҳамма ёқ жимжит, ҳамма ёқ ифлос, кун эса иссиқ эди. Мен сим тўсиқлардан австрия позицияларига қарадим. Жон асари кўринмасди. Мен таниш капитан билан блиндажлардан бирида ичдим-да, кўприкдан ўтиб орқага қайтдим.
Тоғнинг бели оша янги кенг йўл буралиб-буралиб кўприккача бориб тушарди. Мана шу йўл битиши биланоқ ҳужум бошланиши керак эди. У ўрмон ичидан буралиб ўтарди. Режа қуйидагича эди: олдинги қаторга ҳамма нарсалар янги йўлдан олиб келинади; қолган бўш юк машиналари, аравалар, ярадорларни ташувчи санитар машиналари, хуллас, орқага кетадиган барча транспорт эски тор йўлдан қайтиши керак эди. Тез ёрдам пункти Австрия томонидаги тепалик тагида жойлашган бўлиб, ярадорларни замбилларда понтон кўприк орқали олиб ўтиларди. Ҳужум пайтида ҳам шу тартибни сақлаш кўзда тутилмоқда эди. Назаримда, йўлнинг охирги қисмидан бир чақиримдан ошиқроқ масофа қиялик тугаган жойдан бошлаб австрияликлар артиллерияси томонидан ўққа тутилиши мумкин эди. Бунинг оқибати жуда хунук бўларди. Лекин мен йўлнинг мана шу сўнгги хатарли қисмидан ўтилгач, ярадорларни понтон кўприкдан бу томонга олиб ўтилгунча машиналарни қўйиб тургани пана жой топдим. Мен янги йўлдан юрмоқчи ҳам бўлдим-у, лекин ҳали у тугалланмаган эди. Йўл кенг бўлиб, тархи ва кўриниши яхши ҳисобга олинган, ўрмон билан қопланган тоғ ён бағрининг очиқ жойларида унинг қайрилиб кетган жойлари жуда ҳам чиройли кўринарди. Тормозлари кучли бўлган машиналар пастга қийналмай тушишади, бундан ташқари ҳар ҳолда ахир улар пастга бўш кетишади-ку. Мен тор йўл билан орқага қайтдим.
Икки карабинер машинани тўхтатишди. Йўлнинг олд томонида снаряд портлади, биз тўхтаб турган вақт ичида яна учтаси портлади. Булар 77 миллиметрли снарядлар бўлиб, улар учиб бораётганда шувиллаб ҳуштак чалиб ўтар, кейин бирдан қисқа портлаш эшитилар, аланга кўтарилиб, йўл кўкимтир дуд билан қопланарди. Карабинерлар йўлга тушишга ишора қилишди. Снаряд портлаган жойларга яқинлашганда, мен ўйиқ чуқурчаларни айланиб ўтдим, димоғимга порт-ловчи модданинг иси ва онтариб ташланган тупроқ, шағал ва кукун бўлиб кетган чақмоқтошнинг ҳиди урилди. Мен Горицияга, ўзимизнинг виллага қайтиб келдим ва боя айтганимдай, мисс Барклининг олдига жўнадим, у эса навбатчилик қилаётган экан.
Тушлик овқатни апил-тапил еб бўлиб, яна тўғри инглиз госпитали жойлашган виллага қараб кетдим. Вилла жуда ҳам катта ва кўркам эди, унинг олдида гўзал дарахтлар ўсиб турарди. Мисс Баркли боғдаги ўриндиқда ўтирган экан. Ёнида мисс Фергюсон бор эди. Улар мени қувониб қарши олишди, кўп ўтмай мисс Фергюсон узр айтиб, ўрнидан турди.
– Сизларни ёлғиз қолдираман, – деди у. – Мен ортиқчага ўхшайман.
– Кетманг, Эллен, – деди мисс Баркли.
– Йўқ, энди кета қолай. Мен хат ёзишим керак эди.
– Хайрли тун, – дедим мен.
– Хайрли тун, мистер Генри.
– Цензорга озор берадиган гапларни ёзиб ўтирманг яна.
– Хотиржам бўлинг. Мен фақат қандай чиройли ерда турганлигимиз, италянларнинг ҳаммаси нечоғлик ботир эканликлари ҳақидагина ёзаман.
– Шундоқ ёзишда давом этинг, орден олмасангиз, мен кафил.
– Хурсанд бўлардим. Хайрли тун, Кэтрин.
– Мен тезда олдингизга бораман, – деди мисс Баркли.
Мисс Фергюсон қоронғиликка сингиб кетди.
– Яхши қиз экан, – дедим мен.
– О, албатта. Жуда ҳам яхши. У ҳамшира.
– Нима, сиз ҳамширамасмимиз?
– О, йўқ, мен VAD2323
Voluntary Aid Department (ингл.) – ҳаракатдаги армияга хизмат кўрсатувчи аёлларнинг кўнгилли корпуси.
[Закрыть] ларданман. Биз тиним билмай ишлаганимиз-ишлаган, лекин бизга ишонишмайди.
– Нега энди?
– Иш йўғида ишонишмайди, иш кўпайса, ишонишади.
– Нима фарқи бор?
– Ҳамшира доктордай одам. Узоқ ўқиш керак. VAD лар эса қисқа муддатли курсларни тамомлаб чиқадилар.
– Тушундим.
– Италянлар аёлларни фронтга бунчалар яқинлаштиришга қаршилар. Шу сабабдан биз алоҳида тартибга бўйсунамиз. Биз ҳеч қаёққа чиқмаймиз.
– Лекин мен келиб турсам бўладими?
– Ҳа, албатта. Бу ер монастир эмас.
– Қўйинг, урушни ўйламайлик.
– Бу осон эмас. Бундай жойда урушни ўйламасдан туриш қийин.
– Барибир, унутайлик.
– Яхши.
Биз қоронғида бир-биримизга қараб турардик. У менга жуда ҳам чиройли бўлиб кўринди ва мен унинг қўлидан ушладим. У қўлини тортиб олмади ва мен интилиб, унинг белидан қучдим.
– Керакмас, – деди у. Мен қўйиб юбормадим.
– Нимага?
– Керакмас.
– Керак, – дедим мен. – Шундай яхши.
Мен қоронғиликда уни ўпай деб энгашдим, шунда юзимга қамчи тегиб, куйдириб ўтгандай бўлди. У юзимга қаттиқ урганди. Қўли кўзим аралаш қаншаримга тушди. Кўзим ачишиб, ёшланди.
– Мени кечиринг, – деди у.
– Ўзимни бир қадар устунликка эга бўлгандай сездим. Сиз тўғри қилдингиз.
– Йўқ, сиз мени, илтимос, кечиринг, – деди у. – Дам олиш куни кечқурун ҳамшира офицер билан шундай қилиб ўтирса-я, деб хафа бўлиб кетдим. Қаттиқ тегади, деб ўйламовдим. Оғрияптими?
У қоронғида менга қараб турарди. Мен аччиқланган бўлсам ҳам, лекин шахмат ўйинидагидек, ҳаммасини аниқ олдиндан кўриб турганимдан ўзимгаўзим ишонардим.
– Сиз жуда ҳам тўғри қилдингиз, – дедим мен. – Сиздан сираям хафа эмасман.
– Бечора!
– Биласизми, мен жуда ҳам бемаъни турмуш кечиряпман. Ҳатто инглизча гаплашишга ҳам имконият йўқ. Бунинг устига сиз жудаям чиройлисиз.
Мен унга тикилиб турардим.
– Нимага буларни гапириб ўтирибсиз. Мен ахир кечирим сўрадим-ку. Биз ярашдик.
– Ҳа, – дедим. – Биз урушни ҳам унутдик.
У кулиб юборди. Унинг кулгисини биринчи марта эшитиб турибман. Кўзимни унинг юзидан узмасдим.
– Сиз яхшисиз, – деди у.
– Ундаймас.
– Ҳа. Сиз меҳрибонсиз. Истасангиз, сизни ўзим ўпиб қўяман?
Мен унинг кўзларига тикилиб, яна белидан қучдимда, ўпдим. Мен уни қаттиқ ўпиб, азот бағримга тортдим; лабларини очишга ҳаракат қилдим; у лабларини қаттиқ қимтиб олганди. Мен ҳамон аччиқдан тушмагандим, уни бағримга куч билан тортганимда, у тўсиндан титраб кетди. Мен уни қўйиб юбормай, маҳкам қисиб турардим, унинг юраги қандай ураётганини эшитдим, шунда унинг лаблари очилди ва бошини қўлимга ташлади, у елкамга бош қўйиб йиғлаб юборди.
– Жоним! – деди. – Сиз мени ҳеч қачон хафа қилмайсиз, тўғрими?
«Нима деяпти ўзи», деб ўйладим. Мен унинг сочларини силаб, елкасига қоқиб қўйдим. У йиғларди.
– Хафа қилмайсиз-а? – у кўзларини менга кўтарди. – Чунки бизнинг ҳаётимиз жуда ҳам ғалати бўлади.
Сал ўтгач, мен уни вилланинг эшигигача кузатдим, у кириб кетди, мен уйга жўнадим. Уйга келиб, юқорига кўтарилдим. Ринальди ўринда ётган экан. У менга қаради.
– Шундай қилиб, мисс Баркли билан ишларингиз олға жиляптими?
– Биз у билан дўстмиз.
– Сиз ҳозир овдаги итга ўхшайсиз.
Тушунмадим.
– Кимга?
У тушунтирди.
– Ўзингиз, – дедим мен, – итга ўхшаб, худди…
– Тўхтанг, – деди у. – Сал бўлмаса бир-биримизни хўп ҳақорат қиладиганга ўхшаймиз. – У кулиб юборди.
– Хайрли тун, – дедим.
– Хайрли тун, ишратпараст.
Мен ёстиқ билан унинг шамини уриб туширдимда, қоронғида ўринга ётдим. Ринальди шамни олиб ёқди ва ўқишда давом этди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?