Текст книги "Чол ва денгиз"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 17 (всего у книги 25 страниц)
Мен бориб эшикдан ташқарига мўраладим. Ёмғир тинган, лекин қуюқ туман тушганди.
– Балки менинг хонамда бирпас гаплашиб ўтирармиз? – дедим кашишга.
– Фақат мен кўп ўтиролмайман, боришим керак.
– Барибир, юринг.
Зинадан кўтарилиб менинг хонамга чиқдик. Мен Ринальдининг ўрнига чўзилдим. Кашиш вестовой менга ҳозирлаб қўйган каравотга ўтирди. Хона ичи қоронғи эди.
– Умуман, ўзингиз тузукмисиз? – сўради у. – Яхши. Бугун чарчадим, шекилли.
– Мана ҳеч иш қилмаган бўлсам ҳам, мен ҳам чарчагандайман.
– Урушда нима гаплар?
– Уруш энди тез орада тугаб қолар. Билмайман-у, лекин менга шундай туюлади.
– Нега унда?
– Сиз майоримизнинг ўзгариб кетганлигини кўрдингизми? Индамас бўлиб қолган, ҳозир кўпчилик шунақа.
– Мен ўзим ҳам шунақаман, – дедим.
– Ёзда оғир бўлди, – деди кашиш. У ўзига ишонч билан гапирарди, унда аввал бунақа ишонч йўқ эди. – Нималар бўлганлигини ҳатто хаёлингизга ҳам келтиролмайсиз. Фақат у ерда ўзи бўлган одамгина бунинг қандайлигини тасаввур қилиши мумкин. Ёзда кўпчилик урушнинг нималигини билди. Буни тушунишни истамаган офицерлар ҳам энди тушунишди.
– Энди нима бўлади? – дедим кўрпани кафтим билан сийпалай туриб.
– Билмадим. Лекин, менимча, бу узоққа чўзилмайди.
– Нима бўлади?
– Урушмай қўйишади.
– Ким?
– Уларам, буларам.
– Умид қиламиз, – дедим.
– Сиз бунга ишонмайсизми?
– Мен ҳар иккала томон бирдан урушмай қўйишига ишонмайман.
– Ҳа, албатта. Унда жудаям зўр бўларди-я. Лекин мен одамлар нималарни бошдан кечираётганларини кўриб, энди бундай давом этмаса керак, деб юрибман.
– Ёзги урушда ким ютди?
– Ҳеч ким.
– Австрислар ютишди, – дедим. – Улар италянларга Сан-Габриелени беришмади. Улар ютиб чиқишди. Улар урушни бас қилишмайди.
– Агар уларнинг ҳам кайфияти бизникига ўхшаган бўлса, бас қилишлари ҳам мумкин. Уларнинг ҳам бўладигани бўлган.
– Урушда ютиб юрган томон сира урушишдан воз кечмайди.
– Мени жуда довдиратиб қўйдингиз.
– Мен ўйлаб юрган гапларимни айтяпман.
– Демак, сиз бу шундай давом этади, ҳеч нарса ўзгармайди деб ўйлайсизми?
– Билмадим. Лекин австрислар ҳамон ютиб чиқишган экан, улар бас қилишмайди деб ўйлайман. Мағлубиятлар бизни насроний қилади.
– Лекин австрислар бусиз ҳам насроний-ку, тўғри, боснияликлардан ташқари.
– Мен насронийлик дини ҳақида гапираётганим йўқ, Мен насронийлик руҳи ҳақида гапираяпман.
У жимиб қолди.
– Биз енгилгач, нафасимиз ичимизга тушиб кетди. Агар Гефсиман боғида Петр Исони қутқариб олганда, ким билади, кейин Исо қандай зот бўларди?
– Ишонмайман, – дедим.
– Сизнинг гапларингиз мени эсанкиратиб қўйди, – деди яна у. – Мен бир гап бўлишига ишонаман ва Худодан шуни ёлвориб сўрайман. Мен яқинлашиб келаётган нарсаларни сезиб турибман.
– Сиз айтган нарсалар юз ҳам берар, – дедим. – Лекин фақат бизда юз беради. Агар уларнинг ҳам кайфиятлари бизникидек бўлса, унда бошқа гап. Лекин улар бизни калтаклашди. Уларнинг кайфияти бошқачароқ.
– Кўп солдатлар бир хилда фикр қилишади. Улар-да бунақа кайфият анчадан бери бор. Гап калтак ейишда эмас.
– Улар бошданоқ калтакланган эдилар. Уларни ишлаб турган ерларидан тортиб олиб солдат форма-сини кийгизганларидаёқ таёқ еган эдилар. Мана шунинг учун ҳам деҳқон доно-да – агар бошданоқ енгилмаса, у бунчалар доно бўлмасди. Қани, унга ҳокимиятни бериб кўринг-чи, ўшанда кўрасиз унинг чинакам донолигини.
У жавоб бермади. У ўйланиб қолганди.
– Менинг ҳам ҳозир ичимга чироқ ёқса, ёримайди, – дедим, – шунинг учун ҳам мен бундай нарсалар ҳақида ўйламасликка тиришаман. Мен буларни ўйлаб юрмайман, лекин гап очилиши билан шу нарсалар хаёлимдан кечади.
– Мен бўлсам бир нарса бўлади-ёв, деб ишониб юрибман.
– Нима, мағлубиятга ишонибмидингиз?
– Йўқ. Бошқа каттароқ нарса рўй беради, деб юргандим.
– Каттароқ ҳеч вақо йўқ. Ғалаба демасангиз агар. Лекин ғалаба бундан ҳам баттар бўлиши мумкин.
– Мен узоқ вақт ғалабага ишониб юрувдим.
– Мен ҳам.
– Энди билмай қолдим.
– Бир нарса албатта бўлади – ё ғалаба ва ё мағлубият.
– Ғалаба бўлишига мен энди ишонмайман.
– Мен ҳам ишонмайман. Мен мағлубиятга ҳам ишонмайман. Гарчи мағлубият ёмон бўлмасди.
– Унда нимага ишонасиз?
– Уйқуга, – дедим. У ўрнидан турди.
– Шунча вақтингизни олганим учун маъзур тутинг мени. Лекин сиз билан суҳбатлашишни яхши кўраман.
– Мен ҳам сиз билан гаплашганимдан хурсандман. Уйқу ҳақида мен шунчаки ҳазиллашдим.
Мен ўрнимдан турдим ва биз қўл олишиб хайрлашдик.
– Мен ҳозир уч юз еттида тунаяпман, – деди у.
– Мен эртага эрталабдан постга кетаман.
– Қайтиб келганингизда кўришамиз.
– Ўшанда яна гаплашиб ўтирармиз. – Мен уни эшиккача кузатиб қўйдим.
– Пастга тушманг, – деди у. – Яна кўришганимиздан хурсандман. Лекин сиз қайтиб келганингиздан унчалар хурсанд бўлмасангиз керак. – У қўлини елкамга ташлади.
– Ҳаммаси жойида, – дедим. – Хайрли тун.
– Хайрли тун.
– Сiао, – дедим. Ўлгудай уйқум келганди.
Йигирма еттинчи бобМен Ринальди келганда уйғондим, лекин у оғиз очмади ва мен яна ухлаб қолдим. Тонг қоронғисида туриб кийиниб жўнаб кетдим. Мен уйдан чиқаётганимда Ринальди уйғонмади.
Мен илгари Баинзиццани кўрмаган эдим. Ўзим ярадор бўлган қирғоқдан ҳамда баҳорда австрислар қўлида бўлган тоғ ёнбағридан борарканман, булар менга ғалати туюларди. Бу ердан янги тиккасига кетган йўл ўтказилган бўлиб, ундан кўп юк машиналари ўтиб борарди. Юқорироқда қиялик янада нишаброқ бўлиб борар, мен шу ердан туманда ўрмон ва тик тепаларни кўрдим. Ўрмон жуда тез ишғол қилинганидан уни қирқиб улгуришмаганди. Яна ҳам нарироқда йўл тепалардан ялангликка чиқиб, кафтдек кўриниб қолганидан унинг тепаси ва атрофини бардилар билан чайла қилиб ўралган эди. Йўл хароб қилинган қишлоққача борарди. Позициялар шу ердан бошланарди. Қаёққа қараманг, тўплар. Уйлар ярим бузилганди, лекин ҳамма ёқ саранжом-саришта, ҳамма ёққа кўрсаткич тахтачалар осиб қўйилганди. Биз Жинони қидириб топдик, у бизни қаҳва билан меҳмон қилди, кейин мен у билан бирга ташқарига чиқдим, керакли одамларни кўрдик, постларни айландик. Инглиз машиналари нарида, Равнада ишлаяпти, деди Жино. У жуда инглизларга қойил қолибди. Онда-сонда отишмалар бўлиб туради, деди у, лекин ярадорлар кам экан. Ёғингарчилик бошлангандан кейин касаллар кўпаяр экан. Австрислар ҳужумга ўтармиш, деган миш-мишлар бор. Лекин унинг бунга ишончи комил эмас экан. Биз ҳужумга ўтамиз, деган узунқулоқ гаплар ҳам йўқ эмас, лекин ҳеч қандай ёрдамдан дарак йўқ, шундай экан, бу гапларнинг ҳам таги пуч. Овқат масаласи чатоқроқ экан, Горицияда бир маза қилиб овқатланаман, деди. У кеча нима овқат еганимизга қизиқди. Мен кечаги овқатни айтиб бердим. Қойил, деди у. Айниқса, долче3636
Ширинлик (итал.).
[Закрыть] уни қаттиқ таъсирлантирди. Мен тафсилотига берилиб ўтирмай, долче беришди десам, унинг тасаввурида бу тамомила топилмас бир нарсалар каби жонланди, шекилли.
Мени қаерга юборишар экан, билмайсизми, деди. Мен хабарим йўқ, дедим, лекин машиналарнинг бир қисми Капореттода эканлигини айтдим. У ерга жон деб бораман, деди. Жуда ҳам яхши шаҳарча, деди, айниқса, уни ўраб турган баланд тоғлар чиройли. У азаматгина йигит экан, ҳамма уни яхши кўраркан. Чинакам жаҳаннам Сан-Габриеледа бўлибди, кейин оқибати аянчли бўлган Лом ортидаги шиддатли жангдан кейин нақ дўзахнинг ўзи бўлибди. Бутун Тернова тизмасидаги ўрмонларда, бизнинг ортимизда ва юқоримизда – ҳамма ёқни австрисларнинг тўплари босиб кетибди. Кечалари йўл улардан қаттиқ ўққа тутилар экан. Уларда бир батарея денгиз замбараклари ҳам бор экан, жуда мияни еб юборди, деди у. Уларни снарядларининг пастлаб учганидан билиш мумкин. Тўп отилган заҳоти чийиллаш бошланади. Кўпинча иккита тўпни кетма-кет отишади, снарядлар ёрилганда сўлақмондай-сўлақмондай парчалари атрофга сочилар экан. У менга қирра бўлиб кетган билакдай осколка парча-сини кўрсатди. Метали баббитга ўхшарди.
– Булар унчалар кўп талафот етказишмайди, – деди Жино, – лекин мен улардан қўрқаман. Овозидан худди сенинг устингга келаётгандай бўлади. Аввал зарбасини эшитасан, кейин ҳуштак овози чиқади, кейин портлайди. Яраланмаганинг билан барибир қўрқиб ўлиб бўласан.
У бизнинг қаршимизда кроат ва мадёрларнинг полклари турибди, деди. Қўшинларимиз ҳамон ҳужум тартиботида турган экан. Агар австрислар ҳужум қилиб қолсалар, чекингани жой йўқ. Ёйлотоғдан сал пастда пастқам тоғлар бор, ўша ерларда зўр ҳимоя позициялари қуриш мумкин эди, лекин бу ҳеч кимнинг эсига келмайди. Айтмоқчи, Баинзицца менда қандай таассурот қолдирди?
Мен бу ер адирга ўхшаган бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Мен бу ерни бунчалар ўр-тоғ ерлар деб билмагандим.
– Алто пиано3737
Ясси тоғлар (итал).
[Закрыть], – деди Жино, – лекин пиано3838
Ясси текислик (итал).
[Закрыть] эмас.
Биз у яшайдиган уйнинг ертўласига тушдик. Мен агар тизма тепаларнинг усти япасқи бўлиб, бир оз ўнқир-чўнқирликлари ҳам бўлса, бундай ерни ҳимоя қилиш паст тоғлар тизмасини ушлаб туришга қараганда осон бўлади, дедим. Тоғларда ҳужумга ўтиш текис ерда ҳужум қилишдан осонроқ эмас, деб уқтира бошладим.
– Қандай тоғ эканлигига қараб, – деди у. – Сан Габриелени олинг.
– Ҳа, – дедим. – Тепаси ясси бўлган жойларда қийин бўлди. Лекин тепасигача анча осонлик билан борилганди.
– Унчалар осон бўлмади, – деди у.
– Тўғри, – дедим. – Лекин бу бошқачароқ ҳодиса, чунки бу ер тоғ эмас, қалъага ўхшайди. Австрислар уни кўп йиллар мустаҳкамлашган.
Мен ҳаракатдаги ҳарбий операцияларда тоғ тизмаларини фронт чизиғи сифатида ушлаб туриш тактик жиҳатидан тўғри эмас, чунки тоғларни айланиб ўтиш осон, демоқчи эдим. Бунда қўшинлар ғоятда ҳаракатчан бўлишлари керак, тоғларда эса қўшинлар ҳаракатчанликдан маҳрум бўладилар. Бундан ташқари тепадан пастга отилганда доимо ўқ мўлжалдан ўтиб кетади. Қанотдаги қисмлар орқага чекинганларида ҳам, қўшинларнинг асосий, кучли қисми энг баланд тизмаларда қолади. Мен тоғлардаги урушларга унчалар ишонмайман. Мен бу ҳақда кўп ўйлаганман, дедим. Биз бир тоққа, улар эса бошқасига ўтириб оладилар. Ҳақиқий жанг қилиш учун эса, ҳар икки томон пастга тушишга мажбур.
– Чегара тоғлардан ўтгандан кейин шундан бошқа чора йўқ-да, – деди у.
Мен ҳали буни ўйлаб кўрмаган эканман, дедим ва биз кулишдик. Лекин, дедим мен, илгарилари доимо австрисларни Верон қалъаларининг тўрт бурчагида уришган. Уларни пастга олиб тушишарди-да, сўнг боплаб уришарди.
– Шундай, – деди Жино. – Лекин французлар шундай қилган эдилар. Бошқа мамлакат ерларида жанг қилаётганингда стратегик масалаларни ҳал қилиш осонроқ бўлади.
– Шундай, – рози бўлдим мен. – Ўз ватанингда туриб буларни илмий суратда ечиш қийин.
– Руслар Наполеонни тузоққа тушириш учун шундай қилишган.
– Шундайку-я, лекин русларнинг ерлари кўп-да. Италияда Наполеонни тузоққа тушираман деб, чекиниб кўринг-чи, ўша заҳоти ўзингизни Бриндизида кўрасиз.
– Жуда ҳам расво шаҳар-да, – деди. – Сиз у ерда сира бўлганмисиз?
– Йўл-йўлакай бир кўрган эдим.
– Мен ватанпарварман, – деди Жино. – Лекин Бриндизи ёки Тарантони сира жиним ёқтирмайди.
– Баинзиццани-чи, уни яхши кўрасизми? – сўрадим мен.
– Бу муборак ер, – деди у. – Лекин мен у кўпроқ картошка етиштириб беришини истардим. Биласизми, бу ерга келганимизда биз австрислар эккан картошка далаларини кўрдик.
– Нима, бу ерда озиқ-овқатнинг шунақа мазаси йўқми? – сўрадим мен.
– Мен бирон марта ҳам тўйиб овқат еганим йўқ, эҳтимол, иштаҳам яхши бўлганидан шундай туюлгандир, лекин шунда ҳам оч қолган пайтимиз бўлмади. Офицерларнинг овқатлари яхши эмас. Олдинги позицияларда анча дуруст овқат беришади, лекин таъминловчи қисмларни ёмон боқишади. Қаердадир, нимадир халақит бермоқда. Озиқ-овқатнинг ўзи етарли бўлса керак.
– Олиб сотарлар четга сотиб юборишади.
– Олдинги позициялардаги батальонларга нима керак бўлса, беришади, орқароқда турган қисмлар эса анча қийналишмоқда. Ҳозирча австрисларнинг ҳамма картошкаларини еб бўлдик, атроф дарахтзорлардаги барча каштанлар ҳам еб бўлинди. Дурустроқ боқишса бўлмасмикин. Бу ерда ҳамманинг иштаҳаси карнай. Мен озиқ-овқатнинг етарли эканлигига ишонаман. Солдатга овқат етишмаганидан ёмони йўқ. Бу одамнинг фикрига қандай таъсир этишини биласизми?
– Ҳа, – дедим. – Бу ғалабага олиб бормайди, лекин мағлубиятга олиб бориши мумкин.
– Мағлубият ҳақида гапиришмаймиз. Бу ҳақдаги гаплар шусиз ҳам етиб ортади. Бу йил ёзида рўй берган нарсалар изсиз қолиб кетмас, ахир.
Мен индамадим. Мени «муборак», «шавкатли», «қурбон» деган сўзлар ва «рўй берган»га ўхшаш иборалар ғалати, ўнғайсиз аҳволга солади. Биз уларни баъзан ёмғирда туриб эшитганмиз, эшитганда ҳам шундай масофадан туриб эшитганмизки, бизгача фақат айрим сўзларгина етиб келган, биз уларни плакатларда ўқиганмиз, бу плакатлар шунга ўхшаш бошқа плакатлар устига ёпиштирилаётганда ўқиганмиз. Лекин мен муқаддас ҳеч нарсани кўрганим йўқ. Шавкатли деб ҳисобланган нарсалар шавкатли эмасди. Қурбонлар ҳам Чикаго қушхоналарини эслатар, фарқи, гўштни бу ерда тупроққа кўмишарди. Одам эшитса қони қайнайдиган сўзлар кўпайиб борарди, бора-бора фақат жойларнинг номларигина бир нарса англатадиган бўлиб қолди. Баъзи бир рақамлар ва баъзи бир саналар ҳам ўз қимматларини сақлаб қолдилар, шуларни ва жойларнинг номларини бемалол ўз маъносида тилга олса бўларди. «Шуҳрат», «жасорат», «шавкат» ёки «муқаддас» сингари мавҳум сўзлар қишлоқларнинг аниқ номлари, йўлларнинг сон белгилари, дарёларнинг атамалари, полкларнинг рақамлари, кунларнинг олдида шармсиз сўзлар каби туюларди. Жино патриот эди, шунинг учун унинг айрим гаплари орамизга ғов соларди, лекин ўзи тузук йигитга ўхшар ва мен унинг патриотизмини тушунардим. У патриотизм билан биргаликда туғилган. У Горицияга жўнаш учун Педуцци билан машинага ўтирди.
Куни билан бўрон бўлиб турди. Шамол ёмғир сели-ни олиб келар, ҳамма ёқ кўлмак ва балчиқ эди. Бузилган деворларнинг сувоғи кулранг ва намиққан эди. Кечки пайт ёмғир тинди, иккинчи постда туриб мен ёмғир савалаган яланғоч кузги далани, адирларда кезиб юрган булутларни, йўлдаги устидан сув оқиб турган сомон чайлаларни кўрдим. Офтоб ботмасдан бурун бир кўринди ва тоғ тизмалари ортидаги яланғоч ўрмонга ёғду сепалади. Шу тизмадаги ўрмонга жуда кўп австрис тўплари жойлашган эди, лекин улардан баъзиларигина ўт очмоқда эдилар. Мен баногоҳ, фронт яқинида жойлашган бузилиб кетган ферма устида шрапнель снарядининг бир парча тутуни пайдо бўлишига қараб турардим, паға дуд ўртасида сарғимтир оқ ёлқини бор. Олдин ёлқин кўринар, сўнг қарсиллаган овоз чиқар, кейин дуднинг думалоғи шамолда чўзилар ва сийраклашиб кетарди. Вайроналар ичида ва пост турган уй олдидаги йўлнинг ҳамма ёғида шрапнель ўқлари сочилиб ётар, лекин ҳозир постни ўққа тутаётганлари йўқ эди. Биз икки машинага юк ортиб, устига чайла қурилган йўлдан кетдик, чайлаларнинг ёруғларидан ботаётган офтобнинг сўнгги нурлари тушиб турарди. Биз очиқ йўлга чиққанимизда қуёш ботган эди. Биз очиқ йўлдан кетдик, бурилишдан ўтиб, йўлнинг яна хашак чайлалар билан беркитилган қисмига кирганимизда, ёмғир бошлаб берди.
Кечаси шамол кучайди, тонгги соат учда жала уриб турган бир пайтда отишма бошланди ва кроатлар тор далалари ва ўрмонзорларидан тўғри бизнинг устимизга бостириб кела бошладилар. Улар ёмғирда, қоронғилик ичида жанг қилишар, кейин қўрқиб кетганларидан довюраклик билан душман устига ташланган иккинчи қатор хандақлардаги солдатларнинг қарши ҳужуми туфайли улоқтириб ташландилар. Снарядлар ёрилар, ёмғирда ракеталар учиб чиқар, бутун фронт бўйлаб пулемёт ва милтиқ отишмалари давом этарди. Улар ҳужумга бошқа журъат қилмадилар, теваракка жимлик чўкди, баъзан ёмғир ва шамол узоқ шимолдан тўп овозларини олиб келарди.
Постга яраланганлар кела бошлади: бировларни замбарларда келтиришар, бошқа бирлари ўзлари юриб келишар, учинчи бирларини майдондан қайтаётган ўртоқлари олиб келаётган эдилар. Улар шилти-шалаббо бўлиб кетишган, қўрқувдан ўзларини билмасдилар. Биз иккита машинани постнинг ертўласида ётган ярадорлар билан тўлдирдик, мен иккинчи машинанинг эшигини ёпиб, илгагини маҳкамлаганимда, юзимга қор зарралари урилди. Ёмғир аралаш оғир қор ёғарди.
Тонг отганда бўрон ҳамон давом этар, лекин қор тўхтаганди. Қор ҳўл ерда эрир, энди яна ёмғир ёғарди. Тонгда бизга яна ҳужум қилишди, лекин бирон натижа чиқаришолмади. Биз яна ҳужум бўлишини куни билан кутдик, лекин кун ботгунга қадар ҳамма ёқ сукунат ичида турди. Отишма жанубдан, австрисларнинг артиллерияси йиғилган ўрмон билан қопланган узун тоғ тизмаси томондан бошланди. Биз ҳам отишма бўлиб қолар деб кутган эдик, лекин кутганимизча чиқмади. Қоронғи қуюқлашиб борарди. Бизнинг тўпларимиз қишлоқнинг нариги томонидаги далада турарди, улардан отилган снарядларнинг ҳуштаги кишига тасалли берарди.
Жанубдаги ҳужум муваффақиятсиз чиққанини эшитдик. Ўша кечаси ҳужум бошқа қайтарилмади, лекин биз шимолда фронт ёриб ўтилганлигини билиб қолдик. Тунда бизга чекинишга тайёргарлик кўриш ҳақида хабар қилишди. Менга буни капитан айтди. У бригада штабидан маълумот олибди. Кўп ўтмай, у телефонда гаплашиб келди-да, ҳаммаси ёлғон экан, деди. Штабга Баинзиццани нима бўлганда ҳам қўлда ушлаб туриш ҳақида буйруқ берилибди. Мен фронтни ёриб ўтишгани ҳақида сўрадим. У штабда австрислар йигирма еттинчи армия корпусининг фронтини Капоретто томонда ёриб ўтганларини айтишди, деди. Шимолда кеча куни билан шиддатли жанглар бўлибди.
– Агар ярамаслар уларни ўтказиб юборишса, тамом бўламиз, – деди у.
– Немислар ҳужум қилишаётибди, – деди врачлардан бири. «Немис» сўзи юракка қўрқинч соларди. Биз сира ҳам немисларга дуч келишни истамасдик.
– У ерда ўн бешта немис дивизияси бор, – деди врач. – Улар ёриб ўтишган. Биз қуршовда қоламиз.
– Бригада штабида биз шу позицияларни ушлаб туришимиз кераклигини айтишяпти. Ўпирилиш унчалар катта эмас экан, биз энди тоғлар оша Монте-Мажоредан бошлаб фронт чизиғини ушлаб турар эканмиз.
– Улар бу маълумотларни қаердан олишибди?
– Дивизия штабидан.
– Чекиниш ҳақида ҳам дивизия штабидан хабар қилишганмиди?
– Дивизия штабидан.
– Чекинишга ҳозирлик кўриш ҳақида ҳам дивизия штабидан хабар беришганди.
– Бизнинг бошлиғимиз – армия штаби, – дедим мен. – Лекин бу ерда мени бошлиғим сиз бўласиз. Агар менга бор деб буюрсангиз, бораман. Лекин буйруқ қандай, аниқ билсангиз.
– Буйруқ шуки, биз шу ерда қолишимиз керак. Сиз ярадорларни тарқатиш пунктига етказиб берсангиз бўлгани.
– Баъзан тарқатиш пунктларидан ҳам дала госпиталларига ярадорларни олиб келамиз, – деди. – Айтинг-чи, – мен ҳеч қачон чекинишда бўлмаганман, агар чекиниш бошланса, ҳамма ярадорларни қай тартибда кўчиришади?
– Ҳаммани кўчиришмабди. Имкон борича олиб, қолганларини қолдириб кетишади.
– Мен машиналаримда нима олиб кетаман?
– Госпиталь асбобларини.
– Тушунарли, – дедим.
Эртасига кечаси чекиниш бошланди. Немислар ва австрислар шимолда фронтни ёриб ўтганлари ва тор дараларидан Чивидале ҳамда Удинага томон келаётганлари маълум бўлди. Ёмғир ёғар, тартиб билан нохуш ва жимгина чекинардик. Кечаси тиқилинч йўллардан секин юриб борар эканмиз, ёмғирда чекинаётган қўшинларни, от, хачир қўшилган араваларни, тўпларни, юк машиналарини кўриб борардик, буларнинг бари фронтдан кетмоқдайди. Олға борилаётган тартиб қандай бўлса, чекинилганда ҳам тартиб деярли ўшандай эди.
Ўша кечаси биз ёйлотоғда бузилмай қолган госпиталларга ярадорларни кўчиришга кўмаклашдик, ярадорларни Плавага олиб бордик, эртасига эса куни билан қуйиб турган ёмғирда Плаванинг ўзидаги госпиталларни ва тарқатиш пунктларини кўчиришга ёрдамлашдик. Ёмғир тинимсиз челакдан қуйгандай ёғиб турар ва Баинзицца армияси октябрнинг ёмғири остида тоғлардан тушиб келар ва шу йил баҳорда улуғ ғалабаларга эришилган ердан дарёни кечиб ўтишарди. Эртасига кун ўрталарида биз Горицияга етиб бордик. Ёмғир тинган, шаҳар деярли бўм-бўш эди. Кўчадан ўтиб кета туриб биз солдат исловатхонасидаги қизларни юк машиналарга чиқараётганларини кўрдик. Қизлар еттита бўлиб, ҳаммалари шляпа ва пальто кийган, қўлларида кичкина жомадончалари бор эди. Қизлардан иккитаси кўз ёши қилишарди. Учинчиси бизга табассум қилди, тилини чиқариб, у ёқдан-бу ёққа айлантирди. Унинг лаблари дўрдоқ, кўзлари қоп-қора эди.
Мен машинани тўхтатиб, пастга тушдим-да, бека билан гаплашдим. Офицерлар уйидаги қизлар азонда жўнатилган экан. Қаёққа кетяпсизлар, деб сўрадим. Копельянога, деди бека. Юк машинаси ўрнидан қўзғалди. Лаблари дўрдайган қиз бизга яна тилини кўрсатди. Бекач қўлини силкиди. Иккала қиз эса ҳамон йиғлашарди. Бошқалари шаҳарни томоша қилиб боришарди. Мен яна машинага ўтирдим.
– Қани энди шулар билан кетсанг, – деди Бонелло. – Роса маза қилардик-да!
– Шошманг, ҳамма маза ҳали олдинда, – дедим.
– Роса сарсон бўладиган бўлдик.
– Мен ҳам шундай демоқчиман, – дедим. Биз виллага олиб борадиган хиёбонга чиқдик.
– Бу дўндиқчалар жойлашиб олиб ишга тушиб кетадиган жойда бўлиб қолсанг қанийди.
– Сиз улар бора солиб дарров ишга тушиб кетадилар деб ўйлайсизми?
– Тушганда қандоқ! Иккинчи армияда ким уларнинг бекачини билмайди.
Биз виллага етиб келгандик.
– Уни роҳиба она деб чақиришади, – деди Бонелло. – Ойимчалар янги экан, лекин бекачни ҳамма танийди. Уларни чекинмасдан сал бурунроқ келтиришган, шекилли.
– Энди жонларини аямай тер тўкишади.
– Мен ҳам тер тўкишади деяпман-да. Мут бўлса-ю, улар билан кўнгил очишсанг. Жуда одамни шилиб олишади-да. Давлат нуқул бизни алдагани-алдаган.
– Машинани олиб боринг, механик кўриб қўйсин, – дедим. – Мойини алмаштиринг, дифференциални текширинг. Ёқилғи қуйинг, кейин бирпас мизғиб олсангиз бўлади.
– Хўп бўлади.
Вилла бўм-бўш эди. Ринальди госпиталь билан бирга жўнабди. Майор штаб машинасида тиббиёт ходимларини олиб кетибди. Деразада менга хат ёзиб қолдирилган экан, унда эшик олдига қўйилган асбобларни ортиб, Порденонега бориш буюрилганди. Механиклар кетиб бўлишибди. Мен гаражга қайтдим. Виллага бориб келгунимча қолган икки машина ҳам етиб келибди, шофёрлар ҳовлида туришган экан. Яна ёмғир имирсилай бошлади.
– Шунчалар уйқу босяптики, Плавадан келаётганимизда уч марта кўзим уйқуга кетиб қолибди, – деди Пиани. – Нима қиладиган бўлдик, tenente?
– Мойни алмаштирамиз, мойлаймиз, ёқилғи қуямиз, бориб бизга қолдирган юкни ортамиз.
– Кейин йўлга тушамизми?
– Йўқ, икки-уч соат мизғиб оламиз.
– Жин урсин, ухлаш маза-да, – деди Бонелло. – Бўлмаса, мен рулда ухлаб қолган бўлардим.
– Машинангиз қалай, Аймо? – сўрадим.
– Жойида.
– Менга кўн пальтони беринг, сизга ёрдамлашаман.
– Ҳожати йўқ, tenente, – деди Аймо. – Иши унча кўп эмас. Сиз ўзингизнинг нарсаларингизни йиғиштираверинг.
– Нарсаларим ҳаммаси йиғиштирилган, – дедим. – Мен улар қолдирган нарсаларни бу ёққа олиб чиқай-чи. Тузатиб бўлишингиз билан машиналарни олиб боринг.
Улар машиналарни вилланинг катта дарвозаси олдига олиб келишди ва биз уларга госпиталнинг асбобускуналарини ортдик. Кўп ўтмай ишни битирдик. Автомобиллар икки ёнига дарахт экилган хиёбонда қатор тизилишди. Ёмғир тинмай уриб турарди. Биз уйга кирдик.
– Ошхонада ўт ёқиб, кийимларингизни қуритиб олинг, – дедим.
– Падарига лаънат, ҳўл бўлсам нима қилибди, – деди Пиани. – Уйқум келяпти.
– Мен майорнинг каравотига ётаман, – деди Бонелло. – Чол қандай тушлар кўрганийкин, бир билай-чи.
– Менга қаерда ётсам ҳам барибир, – деди Пиани.
– Мана бу ерда иккита каравот бор, – дедим эшикни очиб.
– Мен бу хонага сира ҳам кирмаганман, – деди Бонелло.
– Бу қари қурбақанинг хонаси эди, – деди Пиани.
– Икковингиз шу ерда ётинг, – дедим. – Ўзим уйғотаман.
– Агар сиз ҳам ухлаб қолсангиз, tеnentе, бизни австрислар уйғотишади, – деди Бонелло.
– Ухлаб қолмайман, – дедим. – Аймо қани?
– Ошхонага кетди.
– Ётиб ухланглар, – дедим.
– Мен ётаман, – деди Пиани. – Мен куни билан ўтириб ухлаб келдим. Манглайим кўзимга тушиб кетай деяпти.
– Этигингни еч, – деди Бонелло. – Бу қурбақанинг каравоти.
– Тупурдим қурбақангга!
Пиани ифлос этиклари билан каравотга чўзилди, Қўлларини бошининг тагига қўйди. Мен ошхонага кетдим. Аймо плитага олов ёқиб, устига котелокда сув қуйибди.
– Бир озгина спагетти қилиш керак, – деди у. – Уйқудан турганимизда қорин очади.
– Сиз ухламайсизми, Бартоломео?
– Унчалик уйқум келмаяпти. Сув қайнаши билан кетаман. Олов ўзи ўчиб қолади.
– Сиз яхшиси ухлаб олинг, – дедим. – Пишлоқ билан консерва есак ҳам бўлаверади.
– Шундай қилсак, яхши бўлади, – деди у. – Бир ликопча иссиқ овқат анов анархистларга қувват бўлади. Сиз ётиб ухлайверинг.
– Майорнинг хонасида ўрин бор.
– У ерда ўзингиз ётаверинг.
– Йўқ, мен ўзимнинг эски хонамга бораман. Озгина ичасизми, Бартоломео?
– Йўлга тушаётганимизда, tеnentе. Ҳозир ичгим йўқ.
– Агар уч соатдан кейин сиз уйғонсангиз-у, мен ухлаб ётган бўлсам, уйғотиб қўярсиз, хўпми?
– Менинг соатим йўқ.
– Майорнинг хонасида девор соат бор.
– Хўп.
Мен ошхона ва вестибюлдан ўтиб, мармар зинадан Ринальди билан турадиган хонамизга чиқдим. Ёмғир ёғиб турарди. Мен деразадан ташқарига қарадим. Босиб келаётган қоронғиликда, дарахтлар тагида қатор турган уч машинани кўрдим. Дарахтлардан сув оқиб тушмоқда эди. Ҳаво совуқ бўлганидан оқиб тушаётган томчилар новдаларда туриб қоларди. Мен Ринальдининг ўринга ётдим-у, шу заҳоти уйқуга кетдим.
Йўлга тушмасдан бурун ошхонада тамадди қилиб олдик. Аймо пиёз солиб спагетти қилган экан, гўшт консерваларнинг устига солиб берди. Биз столга ўтириб вилла ертўласида қолдирилган винолардан икки шишасини ичдик. Бутунлай қоронғи тушган, ёмғир эса ҳамон ёғиб турарди. Пиани столда ҳамон кўзлари тўла уйқу ўтирарди.
– Менга ҳужум қилгандан кўра чекинган кўпроқ ёқади, – деди Бонелло. – Чекинаётибмиз-у, барбера ичаётибмиз.
– Ҳозир ичяпмиз-да. Эртага ёмғирнинг сувини ичамиз, – деди Аймо.
– Эртага биз Удинада бўламиз. Шампан ичамиз.
– Ҳамма такасалтанглар ўша ерда яшайди. Кўзингни оч Пиани! Эртага Удинада шампан ичамиз.
– Мен ухлаётганим йўқ, – деди Пиани. У ўз ликопчасига спагетти билан гўшт солди. – Томат бўлгандами, а, Барто?
– Қидириб ҳеч қаердан топмадим, – деди Аймо.
– Эртага Удинада шампан ичамиз, – деди Бонелло. У стаканини тиниқ қизил барбера билан тўлдирди.
– Удинага боргунча п… қимиз бошимизга чиқмасайди, – деди Пиани.
– Яна солиб берайми, tеnentе? – сўради Аймо.
– Раҳмат, бўлдим. Менга шишани узатиб юборинг, Бартоломео.
– Менда ўзимиз билан олиб кетиш учун киши бошига бир шишадан бор, – деди Аймо.
– Сиз ҳеч ухламадингизми?
– Кўп ухлашни ёмон кўраман. Озроқ ухладим.
– Эртага биз қиролларнинг тўшагига ётамиз, – деди Бонелло. Унинг кайфи анча чоғ эди.
– Эртага эҳтимол биз п… қимизнинг устида ётишга мажбур бўлармиз, – деди Пиани.
– Мен қиролича билан ётаман, – деди Бонелло. У ҳазилим қандай таъсир қилди экан деб менга қаради.
– Сен п… қ билан ухлайсан, – деди Пиани уйқули товуш билан.
– Бу давлатга хиёнат, tenente, – деди Бонелло. – Давлатнинг хиёнати, тўғрими?
– Овозингизни ўчиринг, – дедим. – Ичингизга жиндак кириб, дарров ўзингизни билмай қолдингиз.
Ёмғир тобора кучаярди. Мен соатга қарадим. Соат тўққиз ярим бўлганди.
– Йўлга тушайлик, – дедим ва ўрнимдан турдим.
– Сиз ким билан борасиз, tenentе? – сўради Бонелло.
– Аймо билан. Кейин сиз. Кейин Пиани. Кормонс йўлидан борамиз.
– Мен ухлаб қоламанми, деб қўрқиб турибман, – деди Пиани.
– Яхши. Мен сиз билан бораман. Кейин Бонелло. Кейин Аймо.
– Шуниси тузук, – деди Пиани. – Бўлмаса, кўзларим бир-бирига ёпишиб кетяпти.
– Машинани мен ҳайдайман, сиз бир оз мизғиб оласиз.
– Йўқ. Уйғотиб қўядиган одам бўлгандан кейин кўнглим тўқ, ўзим ҳайдайвераман.
– Сизни мен уйғотаман. Чироқни ўчиринг, Барто.
– Қўяверинг, ёнаверсин, – деди Бонелло. – Бошқа бу ерда турмаймиз-ку.
– Менинг хонамда сандиқчам бор, – дедим. – Сиз уни олиб чиқишга ёрдамлашиб юборинг, Пиани.
– Ҳозир олиб келамиз, – деди Пиани. – Юр, Аль-до.
У Бонелло билан бирга чиқиб кетди. Менга уларнинг зинадан чиқиб бораётганлари эшитилиб турди.
– Яхши шаҳар эди, – деди Бартоломео Аймо. У ўзининг сафар халтасига икки шиша вино билан ярим бўлак пишлоқ солди. – Бунақа шаҳарни бошқа қидириб ҳам тополмаймиз. Қаерга чекиняпмиз, tеnentе?
– Тальяментонинг нарёғига дейишяпти. Госпиталь билан штаб Порденонеда бўларкан.
– Порденонедан шу ер яхши эди.
– Мен Порденонеда бўлмаганман, – дедим. – Йўлйўлакай бир кўрганман.
– Мазаси йўқ шаҳарча, – деди Аймо.