Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Чол ва денгиз"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 05:40


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ўн иккинчи боб

Палата узунчоқ бўлиб, ўнг томондаги деворида деразалари ва бурчакда боғлаш хонасига олиб чиқадиган эшиги бор эди. Бир қатор каравотлар жумладан, меники ҳам дераза рўпарасидаги девор бўйлаб жойлаштирилган бўлиб, иккинчи қатор эса девор рўпарасида деразалар тагига жойлаштирилган эди. Чап томонимда ётганимда, менга боғлаш хонасининг эшиги кўриниб турарди. Ичкарироқда яна бир эшик бўлиб, ундан баъзан одамлар кириб туришарди. Биттаяримта ярадор ҳолати разм бўлиб қолса, ҳеч ким унинг ўлаётганини кўрмасин деб, атрофини тўсиқ билан беркитиб олишар, шунда тўсиқ тагидан врачлар ва санитарларнинг оёқ кийимларигина кўриниб турар, баъзан эса охирида шивир-шивир эшитилиб қоларди. Сўнг тўсиқ ортидан руҳоний чиқиб келар, шунда санитарлар яна тўсиқ орқасига ўтиб, у ердан устига бошдан-оёқ кўрпа тортилган мурдани олиб чиқишар ва каравотлар ўртасидаги йўлдан олиб ўтишарди, кимдир тўсиқни йиғиб, олиб чиқиб кетарди.

Шу куни эрталаб палата врачи мендан, эртага жавоб берсак, қувватингиз келадими, деб сўраб қолди. Мен, ҳа, дедим. У ҳолда, деди у, сизни эрталаб барвақт жўнатамиз. Кунлар исиб кетмасдан бурун кўчиб ўтсангиз, ўзингизга яхши бўлади, деди у.

Боғлаш хонасига олиб бориш учун мени каравотдан турғизишганда, деразага қараб, боғдаги янги қабрларни кўриш мумкин эди. Боққа чиқиладиган эшикда бир солдат бут ясаб ўтирар ва уларга боққа кўмилганларнинг номини, унвонини, полкини ёзиб қўярди. У ярадорлар айтган нарсаларни ҳам қилиб берарди, менга у австрис милтиғининг бўш патронидан зажигалка ясаб берди. Врачлар жуда хушмуомала, ғоят тажрибали кўринардилар. Улар мени қўярда-қўймай Миланга юборишмоқчи бўлишди. Бизларни ҳаммамизни тезроқ чиқариб, ичкарига жўнатишга, ҳужум бошлангунча барча каравотларни бўшатишга шошилишмоқда эдилар.

Дала госпиталидан кетиш арафасида кечга томон Ринальди бош врач билан бирга келиб қолди. Улар мени Миланга, янги очилган Америка госпиталига жўнатишаётганини айтишди. Америкадан бир қанча санитар отрядларининг келиши кутилаётган экан, шу госпитал уларга ва италян қўшинидаги бошқа барча америкаликларга хизмат кўрсатиши керак экан. Қизил Хочда улар кўпчилик эди. Қўшма Штатлар Австрияга эмас, Германияга уруш эълон қилган эди.

Италянлар Америка Австрияга ҳам уруш эълон қилади, деб ишонишар, шунинг учун ҳам гарчи Қизил Хоч хизматчиларидан бўлса-да, лекин америкаликларнинг келганига жуда хурсанд бўлишди. Мендан президент Вильсон Австрияга уруш эълон қилармикин, йўқми, деб сўрашди, мен бу яқин кунлар ичида рўй беради, деб жавоб бердим. Мен бизнинг Австрияга қарши қандай даъвомиз борлигини билмасдим, лекин мантиқан ўйлаб қараганда, Германияга уруш эълон қилгач, ўз-ўзидан Австрияга ҳам эълон қилиниши керакка ўхшарди. Мендан, бизнинг Туркияга қарши уруш эълон қилиш-қилмаслигимизни сўрашди. Мен: ҳа, биз, эҳтимол, Туркияга уруш эълон қилсак керак, дедим.

– Болгарияга-чи?

Биз бир қанча қадаҳдан коньяк ичиб қўйгандик ва мен: ҳа, жин урсин, Болгарияга ҳам, Японияга ҳам, дедим. Буниси қандоқ бўлди, дейишди улар, ахир Япония Англиянинг иттифоқчиси-ку. Барибир, бу ифлос инглизларга ишониб бўлмайди, Японларга Гавай ороллари ёқиб қолган, дедим мен.

– Бу Гавай оролларининг ўзи қаерда?

– Тинч океанда. Нега у японларга ёқиб қоларкан? Уларга бу ороллар умуман керак эмас, – дедим мен.

– Буларнинг бари қуруқ гап. Японлар ажойиб бир кичкина халқ, рақсни, енгил винони яхши кўришади. Худди французларга ўхшайди, – деди майор.

– Биз французлардан Ницца ва Савойяни тортиб оламиз. Корсиканиям, Адриатика қирғоқларини ҳам, – деди Ринальди.

– Италияга Римнинг улуғворлиги қайтиб келади, – деди майор.

– Менга Рим ёқмайди, – дедим. – Жуда ҳам иссиқ жой, бургаси кўп. Сизга Рим ёқмайдими?

– Йўқ, мен Римни яхши кўраман. Рим – халқларнинг волидаси. Ҳеч қачон Ромулнинг Тибрни қандай эмганлигини унутолмайман.

– Нима?

– Ҳеч нима. Юринглар, ҳаммамиз Римга борамиз. Бугун кечқурун ҳаммамиз Римга бориб, қайтиб келмаймиз. Рим – ажойиб шаҳар, – деди майор.

– Халқларнинг отаси ва онаси, – дедим мен.

– Roma жинси муаннас-ку, – деди Ринальди. – Кота ота бўлиши мумкин эмас.

– Унда отаси ким? Муқаддас руҳми?

– Шаккоклик қилманг.

– Мен шаккоклик қилаётганим йўқ, мен тушунтириб беришларини сўраяпман.

– Сиз мастсиз, бэби.

– Ким мени ичирди?

– Мен ичирдим, – деди майор. – Мен сизни ичирдим, чунки сизни яхши кўраман, чунки Америка урушга кирди.

– Бошқа чора йўқ, – дедим.

– Сиз эрталаб жўнайсиз, бэби, – деди Ринальди.

– Римга, – дедим мен.

– Йўқ, Миланга, – деди майор, – «Кристаль-Палас»га, «Кова»га, Кампарига, Биффига, Galleriaraга. Сизни Худо ёрлақади.

– «Гран-Италиа»га, – дедим мен, – у ерда мен Жорждан қарз оламан.

– «Ла Скала»га, – деди Ринальди.

– Сиз «Ла Скала»га борасиз.

– Ҳар оқшом, – дедим мен.

– Ҳар оқшом боришга қурбингиз етмайди, – деди майор. – Билетлар жуда қиммат.

– Мен бобомнинг номига ёзилган чекни кўрсатаман, – дедим.

– Қандай чек?

– Бобомнинг чеклари. Ё бобом тўлайди, мени қамашади. Банкда мистер Кэнингхэм буни тўғрилаб беради. Мен бобомнинг чеклари билан яшайман. Наҳотки бобом Италияни халос қилиш учун қурбон бўлаётган ўз фидокор набирасини қамоққа жўнатса?

– Яшасин Америка Гарибальдиси, – деди Ринальди.

– Яшасин боболарнинг чеклари, – дедим мен.

– Шовқин солманглар, – деди майор.

– Биздан шовқин солманглар, деб бир неча бор сўрашди. Сиз эртага ростданам кетасизми, Федерико?

– Сизга айтдим-ку, америка госпиталига кетяпти деб, – деди Ринальди. – Гўзал ҳамширалар олдига. Ҳар ҳолда дала госпиталининг серсоқол касал боқувчилари олдига эмас.

– Ҳа, ҳа, – деди майор, – унинг Америка госпиталига кетаётганини биламан.

– Менга соқоллари халақит бермайди, – дедим мен. – Кимда-ким соқол қўйгиси келар экан, қўяверсин. Нега сиз соқол қўймадингиз, Signor maggiorre? Соқол противогазга сиғмайдими? Сиғади. Противогазга ҳамма нарса сиғади. Бир марта противогазга тупурганман.

– Секинроқ, бэби, деди Ринальди. – Биз ҳаммамиз сизнинг фронтда бўлганлигингизни биламиз. Оҳ, азизим бэби, сиз кетгач, мен қандоқ қиламан?

– Энди кетайлик, – деди майор. – Бу ёғи йиғлоқилик бўладиганга ўхшайди. Қулоқ солинг, сизга ажойиб хушхабарим бор. Инглиз қизингиз. Биласизку? Ҳар куни кечқурун инглиз госпиталига бориб юрадиганингиз-чи? У ҳам Миланга кетяпти. У яна бир ҳамшира билан Америка госпиталига хизмат қилгани кетишяпти. Америкадан ҳали ҳамширалар келмабди. Мен бугун уларнинг riparto3535
  Отряд (итал.).


[Закрыть]
бошлиғи билан гаплашдим. Фронтда аёл хизматчилар кўп экан. Бир қисмини ичкарига жўнатишга қарор қилишибди. Қалай, сизга ёқадими, бэби?

– Ёмонмас.

– А? Катта шаҳарда яшаб, ўз инглизингиз билан шакаргуфторлик қиласиз. Нега мен яраланмадим-а?

– Ҳали улгурасиз, – дедим мен.

– Кетайлик энди, – деди майор. – Биз ичиб, тўполон қилиб, Федерикони безовта қиляпмиз.

– Кетманглар.

– Йўқ, борайлик. Кўришгунча.

– Оқ йўл.

– Хайрли бўлсин.

– Сiао. Ciао. Сiао. Тезроқ қайтиб келинг, бэби.

Ринальди мени ўпди.

– Сиздан лизол ҳиди келяпти. Хайр, бэби.

– Хайр.

– Хайрли бўлсин.

Майор елкамга қоқиб қўйди. Улар оёқ учида юриб чиқиб кетишди. Мен ғирт маст эдим, ухлаб қолибман.

Эртасига эрталаб биз Миланга жўнадик ва роса икки кундан сўнг етиб келдик. Йўл расво эди. Биз Местрега етмасдан эҳтиёт йўлда анча қолиб кетдик, болалар келиб ойнадан қарашарди. Мен бир болани коньякка бориб келишга кўндирдим, лекин у қайтиб келиб, фақат граппа борлигини айтди. Мен граппа бўлсаям олиб кела қол, дедим, у шишани келтиргач, пулнинг майдаси ўзингда қола қолсин, дедим, шундан кейин қўшним икковимиз маст бўлгунча ичиб, Виченцага етгунча ухлаб қолибмиз, шу ерга келганда уйғониб кетдим, кўнглим ағдарилди, полга қайт қилдим. Бунинг аҳамияти қолмаганди, чунки қўшним мендан бурунроқ бир неча бор кўнгли ағдарилган экан. Сўнг, ташналикдан ўлар ҳолатга етдим, Веронага етганда, мен поезд олдида у ёқдан-бу ёққа юриб турган солдатни чақирдим, у сув келтириб берди. Мен бирга ичишган қўшним Жоржеттини уйғотдим, унга сув тутдим. У, бошига қуйиб юборишимни сўради-да, яна ухлаб қолди. Солдат хизмати учун мен берган пулни олмади, менга гўштдор апельсин келтириб берди. Мен апельсинни сўриб, пўстини туфлаб ташлаганча нариги изда турган юк вагон олдида у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган солдатга қараб ётдим, кўп ўтмай поезд силтаниб, йўлга тушди.

ИККИНЧИ КИТОБ
Ўн учинчи боб

Миланга эрта азонда етиб келдик, бизни юк станциясида туширишди. Санитар автомобили мени Америка госпиталига олиб келди. Автомобиль ичида замбилда ётарканман, қайси кўчалардан бораётганлигимизни аниқлай олмадим, лекин замбилни кўтариб туширишганда, мен бозор майдонини ва емакхонанинг очиқ эшигини, ундан ахлат супуриб чиқаётган қизни кўрдим. Кўчага сув сепишмоқда эди, тонг нафаси анқирди. Санитарлар замбилни ерга қўйиб, ичкарига кириб кетишди. Кейин улар эшик қоровул билан қайтиб келишди. Эшик қоровул соқоли оқарган, бош кийимига заррин жияк таққан, лекин уқалари йўқ эди. Замбил лифтга сиғмади ва улар мени замбилдан олиб лифтда кўтарилган маъқулми ёки зинадан замбилда олиб чиққан дурустми, ҳал қилолмай, тортишиб қолишди. Мен баҳсга қулоқ солиб ётардим. Лифтда олиб чиқадиган бўлишди. Мени замбилдан кўтара бошлашди.

– Секинроқ, секинроқ, – дедим мен. – Эҳтиёт бўлинглар.

Кабинанинг ичи тор эди, оёғим букилиб, қаттиқ оғриб кетди.

– Оёғимни тўғрилаб қўйинглар, – дедим.

– Мумкинмас, signor tenente. Жой етишмайди.

Бу гапни айтган одам бир қўли билан мени суяб турарди, унинг бўйнидан қучоқлаб олдим. Ундан саримсоқнинг димоқни ёрадиган ҳиди билан қизил винонинг иси келарди.

– Секинроқ, ҳой, – деди бошқа санитар.

– Нима мен, секин қилмаяпманми?

– Секинроқ деяпман сенга, – деди яна бояги оёғимдан ушлаб турган.

Кабина эшиги ёпилиб, панжара тушганини ва қоровул тўртинчи қаватнинг тугмасини босганлигини кўрдим. Қоровулнинг юзи ташвишли эди. Лифт оҳиста юқорига кўтарила бошлади.

– Оғирми? – сўрадим оғзидан саримсоқ ҳиди анқиётган кишидан.

– Ҳечқиси йўқ, – деди у. Унинг юзи терчиган, ўзи инқиллаб қолганди. Лифт борган сари юқорилаб, ниҳоят тўхтади. Оёғимни ушлаб турган одам эшикни очиб, ташқарига юрди. Биз майдончага чиқдик. Майдончага бир нечта мис тутқичли эшик қараган эди. Оёғимдан тутиб турган одам тугмани босди. Биз эшик нариёғида қўнғироқ жиринглаганини эшитдик. Ҳеч ким жавоб бермади. Сўнг зинадан қоровул кўтарилди.

– Булар қаёқда? – сўрашди санитарлар.

– Билмайман, – деди қоровул. – Улар пастда ухлашяпти.

– Биронтасини чақиринг.

Қоровул қўнғироқ чалди, сўнг тақиллатди, кейин эшикни очиб, ичкарига кирди. У қайтганида орқасида кўзойнакли кексароқ аёл ҳам бор эди. Унинг сочлари тўзғиган, турмаги бузилганди, у шафқат ҳамшираси кийимида эди.

– Мен тушунмайман, – дерди у. – Мен италянчани тушунмайман.

– Мен инглизчани биламан, – дедим мен. – Мени бирон ерга жойлаштириш керак.

– Биронта ҳам палата тайёр эмас. Биз ҳали ярадорлар келади, деб ўйламовдик.

У сочларини тартибга солишга уринар, менга кўзи яхши ўтмайдиган одамларга ўхшаб кўриб-кўрмай қарарди.

– Мени қаерга қўйишсин, кўрсатинг.

– Билмайман, – деди у. – Ҳеч кимни кутмовдик. Сизни қаерга тўғри келса, шу ерга ётқизолмайман.

– Қаерга бўлса ҳам майли, – дедим мен. Кейин қоровулга италянчалаб айтдим: – Бўш хона топинг.

– Ҳаммаси бўш, – деди эшик қоровул. – Сиз бу ерга келган биринчи ярадорсиз. – У бош кийимини қўлига олганча, ўрта ёшлардаги ҳамширага қараб турарди.

– Бало бўлмайдими, бирон жойга ётқизсанглар-чи, мени! – Букилган оёқларимда оғриқ зўраймоқда, суяк-суягимдан ўтиб бормоқда эди. Қоровул сочлари оқарган ҳамшира билан қаергадир ғойиб бўлди, сўнг тез қайтиб келди.

– Орқамдан юринглар, – деди у. Мени узун йўлакдан суяб боришиб, дарпардалари туширилган хонага олиб киришди. Хонадан янги жиҳозлар ҳиди келарди. Девор олдида каравот, бурчакда катта тошойна турарди. Мени каравотга ётқизишди.

– Чойшаб беролмайман, – деди аёл, – ҳаммаси қулфлоғлик.

У билан ади-бади қилиб ўтирмадим.

– Чўнтагимда пул бор, – дедим қоровулга. – Тугмаси қадалган чўнтагимда.

Қоровул пулни олди. Ҳар иккала санитар ўрним олдида шапкаларини ушлаганча туришарди.

– Икковларига ҳам беш лирдан беринг, беш лирни ўзингиз олинг. Қоғозларим бошқа чўнтакда. Уларни ҳамширага олиб беринг.

Санитарлар қўлларини чаккаларига қўйиб раҳмат айтишди.

– Хайр, – дедим мен. – Сизга ҳам катта раҳмат.

Улар яна бир карра қўлларини чаккаларига қўйиб, кетишди.

– Мана, – дедим ҳамширага, – бу менинг варақам ва касаллик тарихим.

Аёл қоғозларни олиб, уларга кўзойнакдан боқди. Қоғозлар учта бўлиб, тахлаб қўйилганди.

– Нима қилишимни ҳам билмайман, – деди у. – Мен италянча ўқишни билмайман. – Мен врач кўрсатмаси бўлмаса ҳеч нарса қилолмайман. – У йиғлаб юборди ва қоғозларни этагининг чўнтагига солди. – Сиз америкаликмисиз? – сўради у кўз ёши аралаш.

– Ҳа. Қоғозларни каравот олдидаги столча устига қўя қолинг.

Хона ғира-шира қоронғи ва салқин эди. Каравотдан жавоннинг катта ойнаси кўзга ташланар, лекин унда нима акс этаётгани кўринмасди. Қоровул каравот оёғида туриб қолди. Унинг ўктам чеҳраси оқкўнгил киши эканидан далолат берарди.

– Кетаверсангиз ҳам бўлади, – дедим унга. – Сиз ҳам, – дедим ҳамширага. – Исмингиз нима?

– Миссис Уокер.

– Бораверинг, миссис Уокер. Мен ухлаб олмоқчиман.

Хонада ёлғиз қолдим. У салқин эди, касалхонанинг ҳиди келмасди. Тўшак қаттиқ ва ётиш учун қулай эди, мен қимир этмай, деярли нафас ҳам олмай, оғриқ қолаётганидан суюниб ётардим. Бир оз ўтгач, чанқадим, бош томонимда қўнғироқ тугмасини топиб, босдим, лекин ҳеч ким келмади. Ухлаб қолдим.

Уйғонгач, атрофга назар солдим. Дераза қанотлари орасидан офтоб нури тушиб турарди. Кўзим катта гардеробга, қуруқ деворлару иккита курсига тушди. Докалари кир бўлиб кетган оёқларим ёғочга ўхшаб чиқиб турарди. Уларни қимирлатмасликка ҳаракат қилардим. Томоғим қуруқшаб кетганди, мен қўнғироқ тугмасини босдим. Эшик очилганини эшитдим ва кечаги эмас, бошқа ҳамширани кўрдим. У менга ёш ва ёқимтойгина бўлиб кўринди.

– Хайрли тонг, – дедим мен.

– Хайрли тонг, – деди у ва каравотга яқин келди. – Доктор чақиролмадик. У Комога кетган экан. Биз бугун одам келтиришларини билмовдик. Сизга нима қилган?

– Яраланганман. Иккала тиззам ва товонларим, бошимга ҳам теккан.

– Исмингиз нима?

– Генри, Фредерик Генри.

– Сизни ҳозир ювинтириб қўяман. Аммо доктор келмагунча ярангизни ечолмаймиз.

– Айтинг-чи, мисс Баркли шу ердами?

– Йўқ. Бизда унақаси йўқ.

– Мени обкелишганда йиғлаган хотин ким эди?

Ҳамшира кулиб юборди:

– У миссис Уокер. У кечаси навбатчилик қилиб ухлаб қолибди. Ҳозир ҳеч ким келмайди, деб ўйлабди.

Гап орасида у уст-бошимни ечиб олди, боғлардан бошқа ҳамма нарсани ечиб бўлгач, мени эпчиллик билан ювинтира бошлади. Ювингач, жуда енгил тортдим. Бошим боғлаб ташланган эди, лекин у бойлоғлиқ жойларнинг четини гир айлантириб ювиб чиқди.

– Қаерда ярадор бўлдингиз?

– Плавадан шимолроқда. Изонцода.

– Қаерда у?

– Горициядан шимолроқда.

Бу номлардан у ҳеч нима тушунмаётганлигини кўриб турардим.

– Қаттиқ оғрияптими?

У оғзимга ҳарорат ўлчагич қўйди.

– Италянлар қўлтиққа қўйишади, – дедим.

– Гаплашманг…

У оғзимдан асбобни олиб, ҳароратни кўрди-да, шу заҳоти силкитиб ташлади.

– Ҳарорат қанча?

– Сиз билмаслигингиз керак.

– Айтинг, қандай?

– Деярли ўртача.

– Ҳеч қачон иссиғим кўтарилган эмас. Ваҳоланки оёғимда эски темир тиқилиб ётибди.

– У нима деганингиз?

– Оёғимда мина парчалари ҳам, занглаган михлар ҳам, каравотнинг симлари ҳам, барча лаш-лушдан бор.

У бошини чайқаб, жилмайди.

– Агар оёғингизда озгина бошқа нарса бўлганида ҳам, яллиғланиб кетиб, иссиғингиз кўтарилган бўларди.

– Мана кўрамиз, – дедим, – операцияда оёғимдан нималар олишаркин.

У хонадан чиқиб, кечаси навбатчилик қилган кекса ҳамшира билан қайтиб келди. Икковлашиб, мени ўрнимдан турғизмасдан, чойшаб тўшаб беришди. Бунақасини биринчи кўришим эди, жуда боплаб бажаришди.

– Госпиталнинг мудири ким?

– Мисс Ван-Кампен.

– Ҳамширалар нечта?

– Фақат икковимиз.

– Бошқа ҳеч ким йўқми?

– Яна келишлари керак.

– Қачон?

– Билмайман. Бемор ҳамма нарсага қизиқавермаслиги керак.

– Мен бемор эмасман, – дедим. – Мен ярадорман. Улар ўринни тўғрилаб бўлишди, энди мен чиннидай тоза чойшабда ётар, устимга ҳам худди шундай бошқаси ёпилган эди. Миссис Уокер чиқиб кетдида, пижама кўтариб, қайтиб келди. Пижамани менга кийдиришди ва мен ўзимни кийинган, жуда озода бўлгандек ҳис қилдим.

– Жудаям эркалаб юбординглар, – дедим мен. Исми мисс Гэйж бўлган ҳамшира кулимсиради. – Мен-га сув беролмайсизларми?

– Марҳамат. Кейин овқатланиш ҳам мумкин.

– Овқат егим келмаяпти. Мумкин бўлса, дарпардаларни кўтариб қўйилса.

Хона ғира-шира эди. Дарпардаси очилгач, у оппоқ офтоб нури билан тўлди, кўзим айвонга, айвон оша томларнинг черепицалари ва мўриларига тушди. Томлар узра қараб парқув булутларни, ложувард осмонни кўрдим.

– Бошқа ҳамширалар қачон келишини билмайсизми?

– Нима қилди? Биз яхши қаролмаяпмизми?

– Жудаям илтифотли экансизлар.

– Балки сизга тиргак керакдир?

– Майли.

Улар мени суяб кўтаришди ва шу ҳолатда бир оз ушлаб туришди, аммо бунинг нафи тегмади. Кейин мен ётган кўйим очиқ эшикдан айвонга термилиб ётдим.

– Доктор қачон келади?

– Қайтиши билан. Биз телефонда Комога қўнғироқ қилдик, етиб келсин деб.

– Бошқа врачлар йўқми?

– У госпиталимизнинг врачи.

Мисс Гэйж сув солинган графин билан стакан олиб келди. Мен уч стакан ичдим, кейин улар кетишди, мен яна аллавақтгача деразага тикилиб ётиб, сўнг ухлаб қолдим. Иккинчи нонуштани едим, нонуштадан сўнг олдимга мудира мисс Ван-Кампен кирди. Мен унга ёқмадим, у ҳам менга ёқмади.

У паканадан келган, ҳар нарсадан шубҳаланаверадиган, ғоятда кибр-ҳаволи аёл экан. У менга бир талай саволлар берди, афтидан, италян қўшинида хизмат қилишни уят санарди.

– Тушликка вино олсам ҳам бўладими? – сўрадим ундан.

– Врач ижозат берсагина.

– У келгунча иложи йўқми?

– Мутлақо.

– Сизнингча, у келиб қолармикин?

– Унга телефонда айтишган.

У кетгач, хонага мисс Гэйж кирди.

– Нега мисс Ван-Кампенга қўпол муомала қилдингиз? – сўради у менинг барча юмушларимни саранжомлаб бўлгач.

– Ундай қилмоқчи эмасдим, бироқ у жуда бурни танқайган хотин экан.

– У сизни ҳар нарса сўрайверади, қўпол, деб айтди.

– Ҳеч-да. Бироқ, рост-да ўзи, врачсиз госпитал ҳам бўлармишми?

– У келиб қолади. Унга, Комога телефон қилдик.

– У ерда нима қилади? Кўлда чўмиладими?

– Йўқ. У ерда касалхонаси бор.

– Нега бўлмаса бошқа врач олишмайди?

– Ж-жим. Жим. Ақлли бола бўлинг, у ҳадемай келиб қолади.

Мен қоровулни чақириб беришни сўрадим, у келган эди, унга италянчалаб вино дўконидан бир шиша чинцано, бир фляга кьянти билан оқшомги газета келтириб беришни сўрадим. У айтганимдан қилиб, шишаларни газетага ўраб олиб келди, газетани очди, илтимос қилган эдим, шишаларнинг оғзини очди-да, каравот остига қўйди. Шундан кейин олдимга ҳеч ким келавермади, мен ўринда ётганча газета ўқишга тушдим, фронт хабарларини, ҳалок бўлган офицерларнинг рўйхатини, улар олган мукофотларни кўриб чиқдим, сўнг қўлимни пастга юбориб, чинцано шишасини топдим-да, муздек таг томонини қорнимга қўйиб, ҳўплайҳўплай ича бошладим, ҳар ҳўпламдан сўнг шишани яна қорнимга қўяр, ҳар сафар қорнимга унинг излари тушиб қолар, ўзим эса шаҳар томлари узра осмоннинг тобора қорайиб боришига термилиб ётардим. Томлар устида қалдирғочлар ва тунги қирғийлар учиб юришарди, мен уларнинг учишига маҳлиё бўлиб, чинцано ичардим. Мисс Гэйж менга стаканда гоголь-моголь олиб келди. У кириши биланоқ, шишани каравот тагига тиқдим.

– Мисс Ван-Кампен бунга озгина херес қўшишни буюрди, – деди у. – Унга қаттиқ гапирманг. Анча ёшга бориб қолган, госпиталга мудирлик қилишнинг ўзи бўлмайди, масъулияти катта. Миссис Уокер жуда қариб қолган, ёрдами тегишидан тегмаси кўпроқ.

– У ажойиб хотин экан, – дедим мен, – менинг номимдан раҳмат деб қўйинг.

– Сизга ҳозир кечлик овқат обкеламан.

– Керакмас, – дедим. – Оч қолганим йўқ.

У патнис келтириб, ўрин олдидаги столчага қўйди, миннатдорчилик билдириб, тотингандай бўлдим. Кейин бутунлай қоронғи тушди, осмонда прожекторларнинг нури изғиб қолди. Мен бирмунча вақт уларни кузатиб турдим, сўнг ухлаб қолибман. Тош қотиб ухлабман, лекин бир марта қўрқувдан қора терга ботиб уйғониб кетдим, кейин ҳозиргина кўрган қўрқинчли тушни қайта кўрмасликнинг пайида бўлиб, яна ухлаб қолдим. Мен яна ҳали тонг отмасдан бурун уйғондим, хўрозларнинг қичқиришларига қулоқ солиб, тонг ёришгунча ухлолмай ётдим. Уйқум келмай ётавериб, ҳолдан тойдим ва саҳар пайти яна уйқуга толдим.

Ўн тўртинчи боб

Кўзимни очсам, хона қуёш нурига тўлган эди. Ўзимни фронтда тургандай ҳис қилдим ва ғоз турмоқчи бўлдим. Оёқларим сирқираб кетди, шунда уларга қараб, кир докаларни кўргач, қаердалигимни эсладим. Мен қўнғироққа бўй чўзиб, тугмасини босдим. Даҳлизда жаранглаган овоз эшитилди ва таги резина пойабзалда аллаким юмшоқ қадам ташлаб ўтди. Бу мисс Гэйж эди; офтобнинг ёрқин нурларида унинг ёши ўтинқирагандай, ўзи ҳам мундайроқдай бўлиб кўринди.

– Хайрли эрта, – деди у. – Яхши ётиб турдингизми?

– Яхши, раҳмат, – дедим. – Сартарош чақиришнинг иложи бўлмасмикин?

– Мен олдингизга кирувдим, сиз қўлингизда манови билан ухлаб ётган экансиз.

У жавонни очиб менга чинцано шишасини кўрсатди. Шиша деярли бўшаб қолганди.

– Мен каравот тагидаги бошқа шишани ҳам у ерга қўйдим, – деди у.

– Нега мендан стакан сўрай қолмадингиз?

– Мен ичишга йўл қўймайсиз, деб қўрқдим.

– Балки бирга ичишган бўлармидим.

– Ана бу зўр гап бўлди.

– Сизга ёлғиз ичиш зиён қилади, – деди у. – Ҳеч қачон бундай қилманг.

– Бошқа қилмайман.

– Сиз айтган мисс Баркли келди, – деди у.

– Ростданми?

– Ҳа. У менга ёқмади.

– Кейин ёқиб қолади. У жуда ҳам ажойиб. – У бошини сарак-сарак қилиб қўйди. – Унинг ажойиблигига шубҳам йўқ. Сиз сал берироқ сурилиб туролмайсизми? Ана, жуда соз. Сизни нонуштагача саранжомсаришта қилиб қўяман. – У мени латта, совун ва илиқ сув билан ювинтира бошлади. – Қўлингизни кўтариб юборинг-чи, – деди у. – Ана, жуда соз.

– Сартарош нонуштагача келиб кетолмасмикин-а?

– Ҳозир қоровулга айтаман. – У чиқиб кетиб, тезда қайтиб келди. – Қоровул чақиргани кетди, – деди у ва латтачасини тосда ҳўллаб олди.

Сартарош қоровул билан кириб келди. Сартарош элликларга борган, шопмўйлов киши эди. Мисс Гэйж ўз ишини тугатиб чиқиб кетди, сартарош чаккаларимга совун суртиб, соқолимни ола бошлади. У ўз ишини намойишкорона суратда, лом-мим демай адо этарди.

– Оғзингизга сув олганмисиз? Янгиликлардан сўйланг, – дедим.

– Қандай янгиликлар?

– Қандай бўлса ҳам барибир. Шаҳарда нима гаплар?

– Уруш вақти, – деди у. – Душманнинг ҳар ерда қулоғи бор.

Мен унга ўгирилиб қарадим.

– Бошингизни қимирлатмай туринг, – деди у ва соқол олишда давом этди. – Мен ҳеч нарса айтмайман.

– Э, сизга нима бўлган ўзи? – сўрадим мен.

– Мен италияликман. Мен душман билан гаплашиб ўтирмайман.

Зўрлаб ўтирмадим. Телбакезикроқ экан, устарасини тезроқ бўйнимдан олса, шунча яхши. Бир сафар уни тузукроқ кўриб олмоқчи бўлдим. – Эҳтиёт бўлинг, – деди у. – Устара ўткир.

Соқолни олиб бўлгач, ҳақини тўлаб, чойчақа деб ярим лира қўшиб узатдим. У пулни қайтарди.

– Мен олмайман. Мен фронтда эмасман. Лекин мен италияликман.

– Йўқолинг кўзимдан!

– Ижозатингиз билан, – деди у ва устараларини газетага ўради. У беш дона мис тангани столчада қолдириб кетди. Қўнғироқ чалдим. Мисс Гэйж кирди.

– Барака топинг, менга қоровулни чақириб беринг.

– Хўп бўлади.

Қоровул келди. У ўзини зўрға кулгидан тутиб турарди.

– Нима, бу сартарош жинни бўлиб қолганми?

– Йўқ, signorino. Англашилмовчилик. Менинг гапимни яхши эшитмай, сизни австрис офицери деб ўйлабди.

– О, худо, – дедим мен.

– Хо-хо-хо, – хахолади эшик қоровул. – Ана ҳангома! «Қимир этсин-чи», дейди, «мен унинг!..» – Эшик қоровул қўли билан бўйнини кесиб кўрсатди. – Хо-хо-хо! – У ўзини кулгидан тўхтатолмасди. – Унга сизнинг австрис эмаслигингизни айтсам денг? Хо-хо-хо!

– Хо-хо-хо, – дедим жаҳлим чиқиб. – Ҳиқилдоғимдан шарт кесиб ташласа тоза ҳангома бўларди, а. Хо-хо-хо.

– Ундаймас, signorino. Йўқ, йўқ. У сизни австрис деб, ўлардай қўрқиб кетибди. Хо-хо-хо!

– Хо-хо-хо, – дедим мен. – Йўқолинг кўзимдан.

У чиқиб кетди, эшик орқасидан ҳамон унинг хахолагани эшитиларди. Мен йўлакда кимнингдир қадам товушларини эшитдим. Эшикка ўгирилиб қарадим. Бу Кэтрин Баркли эди.

У хонага кириб, ўрин олдига келди.

– Салом, азизим! – деди у. Унинг чеҳраси гул-гул очилган, жуда чиройли эди. Мен ҳеч қачон бундай чиройли чеҳрани кўрмаганман, деб ўйладим.

– Салом! – дедим. Уни кўрганим замон, ошиқ бўлиб қолганимни англадим. Менда ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетди. У эшикка қараб қўйиб, ҳеч ким йўқлигини кўрди. Шунда у каравотнинг четига ўтириб, энгашди ва мени ўпди. Мен уни бағримга тортдим ва ўпдим, унинг юраги гупиллаб урмоқда эди.

– Жонгинам, – дедим. – Келганингиз қандоқ яхши бўлди.

– Келиш қийин бўлмади. Қолиш, эҳтимолки, қийинроқ бўлар.

– Сиз қолишингиз керак, – дедим мен. – Сиз ажойибсиз. – Мен девона бўлиб кетдим. – Унинг бу ердалигига ҳамон ишонмасдим, шунинг учун бағримга қаттиқ босиб олган эдим.

– Керакмас, – деди у. – Ҳали соғайиб кетганингиз йўқ.

– Соғман. Кел, олдимга.

– Йўқ. Ҳали мадорга кирмагансиз.

– Шунақа. Мадорим жойида. Ке.

– Сиз мени севасизми?

– Мен сени жуда севаман. Мен девона бўлиб қоламан. Кела қолсанг-чи.

– Юрагим қандай уряпти, эшитяпсизми?

– Юрагингни қўй. Ўзингни хоҳлайман. Ақлдан озяпман.

– Сиз мени ростдан севасизми?

– Бу ҳақда бошқа гапирма. Кела қол. Эшитяпсанми? Ке, Кэтрин.

– Хўп, майли, фақат бир дақиқага.

– Хўп, – дедим. – Эшикни ёп.

– Мумкинмас. Ҳозир мумкинмас.

– Ке. Ҳеч нарса дема. Кела қол.

Кэтрин каравот олдидаги креслода ўтирарди. Йўлакка чиқадиган эшик очиқ эди. Бирмунча ўзимга келдим, умримда жоним бунчалар фароғатда бўлган бошқа бир дамни эслолмайман. У сўради:

– Сени севишимга энди ишонасанми?

– Сен менинг азизамсан, – дедим. – Сен шу ерда қоласан. Сени бошқа ерга юборишмайди. Сени шунчалар яхши кўраманки, телба бўлиб қоляпман.

– Биз жудаям қаттиқ эҳтиёт бўлайлик. Биз бутунлай бошимизни йўқотиб қўйдик. Бундай мумкинмас.

– Кечаси мумкин.

– Биз жудаям қаттиқ эҳтиёт бўлайлик. Бегоналар олдида сен эҳтиёт бўлишинг керак.

– Эҳтиёт бўламан.

– Эҳтиёт бўлишинг шарт. Сен яхшисан. Сен мени яхши кўрасан, а?

– Гапирма бу ҳақда. Бўлмаса сени қўйиб юбормайман.

– Хўп, бошқа гапирмайман. Сен мени қўйиб юборишинг керак. Мен боришим керак, жоним, рост.

– Дарров қайтиб кел.

– Имкони бўлиши билан қайтиб келаман.

– Кўришгунча.

– Кўришгунча, қўзим.

У чиқди. Худо шоҳид, мен уни яхши кўрмоқчи эмасдим. Мен ҳеч кимни севишни истамовдим. Лекин, Худо шоҳид, мен севиб қолдим, мен Милан госпиталида каравотда ётибману, бошимда минг турли хаёл ғувиллайди, ўзимни хурсандликдан кўкларда кўраман, шунда ниҳоят хонага мисс Гэйж киради.

– Доктор келаркан, – деди у. – У Комодан қўнғироқ қилди.

– Қачон бу ерда бўларкан?

– У кечқурун келади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 4 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации