Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Чол ва денгиз"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 05:40


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ўн бешинчи боб

Кечга довур ҳеч нима рўй бермади. Доктор ювошгина ориққина одам экан, худди уруш уни издан чиқарганга ўхшаб кўринади. У назокатли, инжа бир жирканиш билан сонимдан бир нечта майда пўлат парчаларини чиқариб олди. У оёғимнинг айрим жойларини оғриқсизлантириб ўзининг тили билан айтганда, «музлатиб» қўйди, натижада тиғ ёки наштар урилган маҳалда қотиб, ёғоч бўлиб қолган жойдан пастроққа тегмагунча, оғриқ сезилмасди. Жонсизланган баданнинг чегарасини аниқ билса бўларди, кўп ўтмай докторнинг назокатидан асар ҳам қолмади ва у яхшиси, рентген қилдириш керак, пайпаслаб билиб бўлмаяпти, деди.

Рентген кабинети ospedale magglore3434
  Бош госпиталь (итал.).


[Закрыть]
да бўлиб, рентген қилувчи доктор сершовқин, чаққон ва қувноқ одам экан. Даволанувчини елкасидан тутиб турганларидан, у танасидаги барча каттароқ чет жисмларни бемалол кўриб турарди. Тасвирларни кейин юборишар экан. Доктор ўзининг қўйиндафтарчасига исмим, полким ва яна хотира учун бирор нарса ёзиб беришимни сўради. У барча чет нарсаларни ярамас, жирканч, расво деб эълон қилди. Австрислар бетамиз болалар. Қанча одам ўлдирдим? Мен биронта ҳам одам ўлдирмовдим, лекин унга хуш ёқадиган бирон гап айтиш ниятида, мен ўлдирган австрисларнинг сон-саноғи йўқ, дедим. Мен билан бирга мисс Гэйж борган эди, доктор унинг белидан қучоқлади-да, сиз Клеопатрадан ҳам гўзалроқсиз, деди. Тушунарлими? Клеопатра, собиқ Миср маликаси. Ҳа, у Клеопатрадан гўзалроқ. Санитар машина билан яна госпиталимизга олиб келиб қўйди, бир оз муддатдан сўнг, у замбилдан олиб замбилга солиша-солиша, ниҳоят, тепага, ўз ўрнимга олиб чиқишди. Тушликдан сўнг тасвирлар келди; доктор, тушдан сўнг тасвирлар тайёр бўлади, девди, сўзининг устидан чиқибди. Кэтрин Баркли менга уларни кўрсатди. Тасвирлар қизил хатжилдга жойланганди, Кэтрин уларни хатжилддан олди, икковимиз ёруққа солиб кўришдик.

– Бу ўнг оёқ, – деди у ва тасвирни яна жойига солиб қўйди. – Манови чап оёқ.

– Уларни бирон ерга қўйиб, – дедим мен, – ўзинг ёнимга кел.

– Мумкинмас, – деди у. – Мен фақат бир дақиқага тасвирларни кўрсатгани келдим.

У кетди ва мен ёлғиз қолдим. Кун исиб кетди, тўшакда ётиш жонимга тегди. Мен қоровулдан газеталар олиб келишни сўрадим.

Уни кутиб ётсам, хонага учта врач кириб келди. Мен, тажрибаси кам врачлар бир-бирлари билан маслаҳатлашиш, ёрдам сўрашга мойил бўлишларини анчадан бери билардим. Кўричагингизни тузукроқ қилиб кесиб ололмайдиган врач сизни бошқасига, томоқдаги безни эплаб ололмайдиганга жўнатади. Бу учала врач ҳам шундайлардан эди.

– Мана бизнинг ёш беморимиз, – деди ҳаракатлари назокатли госпитал врачи.

– Салом, – деди баланд бўйли, соқол қўйган ориқ врач. Қўлида қизил хатжилддаги рентген суратларини ушлаб турган учинчи врач ҳеч нарса демади.

– Боғларини ечамизми? – саволомиз деди соқолли врач.

– Албатта. Марҳамат, ҳамшира, боғларини ечинг, – деди госпитал врачи.

Мисс Гэйж боғларни ечди. Мен оёқларимга қарадим. Дала госпиталида ётганимда, улар моғорлаган қиймага ўхшовди. Энди улар қотиб эт боғлаган, оқарган эди, болдирим юмшаб, салқиб қолганди, аммо яралар иримаган эди.

– Топ-тоза, – деди госпиталь врачи. – Жуда ҳам тоза ва яхши.

– Ҳм, – деди соқолли врач. Учинчи врач госпиталь врачининг елкаси оша қаради.

– Марҳамат, тиззангизни букинг, – деди соқолли врач.

– Буколмайман.

– Бўғинларининг ишлашини кўрамизми? – саволомуз деди соқолли врач. Унинг енгида учта юлдузчадан ташқари ҳошия ҳам бор эди. Бу унинг тиббиёт хизмати капитани эканлигини кўрсатарди.

– Шубҳасиз, – деди госпиталь врачи.

Икковлари ўнг оёғимдан оҳиста ушлаб, бука бошладилар.

– Оғрияпти, – дедим.

– Шундай, шундай. Яна бир оз, доктор.

– Етар. Бошқа букилмайди, – дедим.

– Чала ишлаяпти, – деди соқолли врач. У қаддини кўтарди. – Тасвирларини яна бир кўришга рухсат этинг, доктор. – Учинчи врач суратлардан бирини узатди. – Йўқ. Марҳамат. Чап оёғиникини.

– Бу чап оёқ, доктор.

– Ҳа, тўғри. Мен бошқа томондан қарабман. – У тасвирни қайтариб берди. Бошқа тасвирга у бир неча дақиқа тикилиб қолди. – Кўряпсизми, доктор? – У ёруғда аниқ кўриниб турган чет жисмлардан бирини кўрсатди. Улар тасвирга яна бир неча дақиқа қараб туришди.

– Мен фақат бир нарса дейишим мумкин, – деди капитан унвонидаги соқолли врач. – Бу вақт масаласи. Уч ой ёки, эҳтимол, олти ойдан кейин.

– Шубҳасиз, ахир синовиал суюқлик йиғилиши керак-ку, яна.

– Шубҳасиз. Бу вақт масаласи. Мен тизза косасини очишни темир парчанинг атрофи қотмагунча бўйнимга олмаган бўлардим.

– Фикрингизга тўла қўшиламан, доктор.

– Нега ярим йил? – сўрадим мен.

– Ярим йил осколканинг атрофи қотиши учун кетади, ўшанда тиззангизни бемалол очиб кўриш мумкин.

– Мен бунга ишонмайман, – дедим.

– Оёғингизнинг омон қолишини хоҳлайсизми, йигит?

– Йўқ, – дедим.

– Нима?

– Уни кесиб ташлашларини истайман, – дедим, – токи қармоқ қилишга яраса бўлгани.

– Нима демоқчисиз? Қармоғингиз нимаси?

– У ҳазиллашяпти, – деди госпиталь врачи ва елкамга назокат билан қоқиб қўйди. – У оёғини сақлаб қолишни истайди. Бу жуда мардона йигит. У жасорат кўрсатгани учун кумуш медалга тавсия этилган.

– Юракдан табриклайман, – деди капитан унвонидаги врач. – У қўлимни қисди. – Мен бундай тиззани очишда таваккалчилик қилиб ўтирмаслик учун ярим йил зарур, деб айтоламан, холос. Турган гап, сиз бошқача фикрда бўлишингиз мумкин.

– Кўпдан-кўп ташаккур, – дедим. – Сизнинг фикрингиз мен учун ғоят қимматли.

Капитан унвонидаги врач соатига қаради.

– Кетадиган вақтимиз бўлди, – деди у. – Сизга яхши тилакларимни билдираман.

– Сизга ҳам шундай, катта раҳмат, – дедим.

Мен учинчи врачнинг қўлини қисдим: «Capitano Varini – tеnentе Еnru» – ва учовлари чиқиб кетишди.

– Мисс Гэйж, – деб чақирдим. У кириб келди. – Госпитал врачини яна бир дақиқага чақириб беринг.

У бош кийимини қўлида кўтариб кирди ва каравот олдида тўхтади.

– Мени кўрмоқчи эдингизми?

– Ҳа. Мен операцияни ярим йил кутолмайман. Ё Худо, доктор, ҳеч ярим йил тўшакда ётиб кўрганмисиз?

– Сиз ҳар доим ётавермайсиз. Аввал яраларингизни офтобга солишингиз керак. Кейин қўлтиқтаёқда юра бошлайсиз.

– Ярим йил, иннайкейин операциями?

– Энг бехатар йўл шу. Чет жисмлар атрофи қотиб, яна синовиал суюқлик йиғишини кутиш керак. Ўшанда тиззангизни бехавотир очиш мумкин.

– Узоқ ётишим кераклигига ўзингиз ишонасизми?

– Энг бехавотир йўл.

– Капитан унвонидаги врач ким бўлади?

– Миланнинг энг яхши жарроҳларидан.

– Ахир, у капитан унвонида, тўғрими?

– Ҳа, лекин у жуда яхши жарроҳ.

– Мен оёғимни аллақандай бир капитан титкилашини истамайман. Агар қўлидан бирон иш келганда, у майор бўларди. Мен капитаннинг нималигини биламан, доктор.

– У жуда яхши жарроҳ ва мен ким бўлишидан қатъи назар бошқа одамларники билан эмас, у кишининг фикри билан кўпроқ ҳисоблашаман.

– Оёғимни бошқа жарроҳга кўрсатиш мумкинми?

– Шубҳасиз, агар шуни истасангиз. Лекин мен шахсан доктор Варелланинг айтганини қилган бўлардим.

– Сиз менга бошқа жарроҳ чақиролмайсизми?

– Мен Валентинини чақираман.

– Ким у?

– A Ospedal maggioredga ишлайди, жарроҳ.

– Майли. Сиздан жуда миннатдор бўламан. Тушунинг, доктор, мен ярим йил тўшакда ётолмайман.

– Тўшакда ётавермайсиз. Аввал қуёш нурини қабул қиласиз. Кейин енгил машқлар қила бошлайсиз, сўнг осколканинг атрофи битгач, операция қиламиз.

– Лекин мен ярим йил кутолмайман.

Доктор қўлидаги бош кийимини назокат билан сийпаб қўйди-да, табассум қилди:

– Фронтга тез қайтмасангиз, ичингиз илимайдими?

– Илимаса нима бўпти?

– Қандоқ ажойиб! – деди у. – Олижаноб йигит. – У энгашди-да, назокат билан пешонамдан ўпиб қўйди. – Валентинига одам юбораман. Ҳаяжонланиб, ташвишланиб ўтирманг. Ақлли бўлинг.

– Вино ичасизми, доктор? – таклиф қилдим мен.

– Йўқ, раҳмат. Мен ичмайман.

– Бир стакан ҳамми. – Мен стакан келтирсин деб, қоровулга қўнғироқ қилдим.

– Йўқ, йўқ, раҳмат, мени кутиб туришибди.

– Кўришгунча, – дедим.

– Кўришгунча.


Икки соатдан сўнг хонага доктор Валентини кирди. У жуда шошиб турган экан, мўйловларининг учи тепага қайрилган эди. Унинг унвони майор бўлиб, юзи офтобда пишган, хандон-хушон одам эди.

– Қаерда орттирдингиз буларни? – деди у. – Қани суратларни кўрсатинг-чи. Хўш. Хўш. Буни қаранга, отдай бақувват экансиз. Анов ёқимтойгина қиз ким эди? Севгилингизми? Шундайдир, деб ўйловдим. Шу уруш ёмон бўлди-да! Бу ер оғрияптими? Азамат экансиз. Тузатамиз, кўрмагандай бўлиб кетасиз. Бу ер оғрияптими? Оғримасинмиям. Бу докторлар оғритишга кўп уста бўлишади-да. Шу пайтгача сизни нима билан даволашди? Бу қиз италянча сўзлашоладими? Ўргатиш керак. Дилбар қиз экан. Мен унга дарс беришга рози бўлардим. Ўзим шу госпиталга ётаман. Йўқ, яхшиси, мен кўзи ёриган маҳалларда текинга доялик қиламан. Нима деётганимни тушунадими? У сизга ажойиб ўғилча туғиб беради. Ўзига ўхшаш оқпар бўлади. Шундай, яхши. Шундай, аъло. Дилбар қиз. Сўраб кўринг-чи, мен билан кечки овқатни бирга қилмасмикин. Йўқ, уни сиздан тортиб олишни истамайман. Раҳмат. Катта раҳмат сизга, мисс. Ана бўлди. Ана гапим ҳам тугади. – У менинг елкамга қоқиб қўйди. – Ўралмаса ҳам бўлади.

– Бирор стакан вино ичасизми, доктор Валентини?

– Виноми. Албатта-да… Ўн стакан. Қаерга қўйгансиз?

– Жавонда. Мисс Баркли шишани олиб беради.

– Сизнинг соғлигингизга. Сизнинг соғлигингизга, мисс. Дилбар қиз. Мен сизга бундан яхшироқ вино олиб келаман. – У мўйловини артди.

– Сизнингча операцияни қачон қилса бўлади?

– Эртага эрталаб. Олдинроқ иложи йўқ. Ошқозонни тозалаш керак. Сиз ойдиндай бўп туринг. Мен пастдаги кампирга кириб айтаман. Кўришгунча. Эртага кўришамиз. Мен сизга бундан тузукроқ вино олиб келаман. Жуда яхши ўрнашибсиз. Кўришгунча, эртагача. Тўйиб ухланг. Мен барвақт келаман.

У остонадан менга қўлини силкиб қўйди, мўйловлари диккайиб, жигардек юзи кулимсиради. Унинг енгида ярим доира ҳошия ичида битта юлдузча тасвири бор эди, чунки унинг унвони майор эди.

Ўн олтинчи боб

Ўша кеча шаҳар томлари узра чўккан тун кўриниб турган айвоннинг очиқ эшигидан, хонага намозшом қуш учиб кирди. Хона ичи қоп-қоронғи эди, фақат шаҳарнинг тунги осмони айвон эшигидан хонага нимтатир ёруғ сепмоқда эди; кўршапалак қўрқмасдан хонада худди очиқ ҳавода учгандек, чарх ура бошлади. Биз унга тикилиб ётардик, у эса афтидан бизни кўрмасди, чунки биз овоз чиқармасдик. У учиб кетгач, биз прожектор нурини кўрдик, нурнинг толаси осмон бўйлаб қандай кезганига қараб турдик, сўнг у йўқ бўлди ва зимистон чўкди. Ярим кеча эди, шамол турди ва биз қўшни томдаги зенит тўпи олдидаги тўпчиларнинг овозларини эшитдик. Салқин тушган эди, улар плашларини кийиб олишмоқдайди. Мен кечаси бирдан биров кириб қолмасмикин деб, хавотирландим, бироқ Кэтрин, ҳамма ухлаб ётибди, деди. Бир маҳал ухлаб қолибмиз, кўзимни очганимда, ёнимда Кэтрин йўқ эди, лекин йўлакдан унинг қадам товушларини эшитдим, эшик очилиб, ўзи кириб келди ва тўшак олдига келиб, ҳаммаси жойида, пастдагилар ухлаб ётишибди, деди. У мисс Ван-Кампеннинг эшиги олдига бориб қулоқ солиб, унинг ухлаб ётганини эшитибди. У қотирилган нон олиб келган экан, уни вермут билан ҳўплаб едик. Қаттиқ очиққан эканмиз, бироқ у эрталаб буларнинг барини тозалаш керак бўлади, деди. Каллаи саҳарда, кун ғирашира ёришиб келаётганда мен яна уйғониб кетдим ва у яна хонада йўқлигини кўрдим. У келди, ял-ял ёниб, очилиб келди, мен оғзимга ҳарорат найчасини қўйиб ётдим, у ёнимда – тўшакда ўтирди, бу бора-да офтоб чиқди ва димоғимизга томлардан шабнам бўйи урилди, сўнг қўшни томдаги тўпчилар қайнатган қаҳва иси келди.

– Қани энди ҳозир сайр қилсанг, – деди Кэтрин. – Кресло бўлганида сени олиб чиққан бўлардим.

– Креслога қандай қилиб ўтирардим?

– Бир амаллаб.

– Шаҳар боғига тушиб, очиқ ҳавода нонушта қилсанг. – Мен очиқ қолдирилган эшикка қарадим.

– Йўқ, биз ҳозир бошқа иш билан шуғулланишимиз керак, – деди у. – Сени дўстинг доктор Валентини келишига ҳозирлаб қўйиш керак.

– Ажойиб доктор, тўғрими?

– У менга сенга ёққанчалик ёққани йўқ. Аммо у яхши врач бўлса керак.

– Бу ёққа кел, Кэтрин. Эшитяпсанми? – дедим.

– Мумкинмас. Кечаси бирам яхши бўлдики!

– Бу кечасигаям навбатчиликни олсанг бўлармикин?

– Ҳа, эҳтимол, ўзим навбатчилик қиларман. Фақат ўзинг мени хоҳламай қоласан.

– Хоҳлайман.

– Хоҳламайсан. Сени ҳали ҳеч операция қилишмаган. Сен кайфиятинг қандай бўлишини ўзинг билмайсан.

– Биламан. Яхши бўлади.

– Кўнглинг беҳузур бўлади, мен кўзингга кўринмай қоламан.

– Ундай бўлса ҳозир олдимга кела қол.

– Йўқ, – деди у. – Мен ҳароратинг қандай ўзгариб турганини чизиб қўйишим керак, жоним, сени тайёрлашим керак.

– Бундан чиқди мени севмас экансан-да.

– Вой тентаг-эй! – У мени ўпиб қўйди. – Мана, чизиб ҳам бўлдим. Ҳарорат ҳамма вақт ўртача бўлган. Сенинг ҳароратинг шунақа ажойиб.

– Сен бутунлай ажойибсан.

– Йўқ, йўқ. Мана сенинг ҳароратинг ажойиб. Мен сенинг ҳароратинг билан ўлгудай фахрланаман.

– Ҳамма болаларимизнинг ҳарорати жуда ажойиб бўлса керак деб ўйлайман.

– Болаларимизнинг ҳарорати жуда бўлмағур бўлмаса, деб қўрқаман.

– Валентинига мени тайёрлаш учун нима қилиш керак?

– Арзимаган иш, фақат унчалик ёқимлимас.

– Сени овора қиладиган бўлдим-да.

– Сираям. Мен бошқа бирон одам сенга тегишини истамайман. Мен тентакман. Сенга биров тегадиган бўлса жоним ҳалқумимга келади.

– Фергюсон бўлсаям-а?

– Айниқса, Фергюсон ва Гэйж, ва яна ану?

– Уокерми?

– Ўша-ўша. Бу ерда ҳамшира кўп. Агар яна ярадорлар келса, бизни бошқа ерга ўтказишади. Ҳозир тўртта ҳамшира бор.

– Ярадорлар яна келишса ажабмас. Тўртта ҳамшира камлик қилади. Госпитал катта.

– Ишқилиб, келишсин-да. Мени бу ердан бошқа ёққа ўтказишса, нима қиламан? Яна ярадорлар келмаса, шундай бўлиши турган гап.

– Унда мен ҳам кетаман.

– Қўй, ундай дема. Сен ҳали ҳеч ерга кетолмайсан. Лекин тезроқ соғайиб кет, жоним, ана ўшанда сен билан бирон ёққа кетамиз.

– Кейин-чи?

– Кейин уруш ҳам тугаб қолар. Абадий уруш қилиб ўтиришмас, ахир?

– Тузалиб кетаман, – дедим мен. – Валентини мени тузатади.

– Тузатмай кўрсин-чи, шундоқ мўйловлари бўла туриб-а? Биласанми, фақат сенга эфир беришганда, ўзинг билан мени эмас, бошқа нарсаларни ўйлагин, хўпми? Наркоз вақтида одам ҳар нима деб алаҳсирайди.

– Хўп, нимани ўйлайин, бўлмаса?

– Нимани истасанг, шуни. Нимани ўйласанг ўйлагину, фақат ўзинг билан мени хаёлингга келтирма. Қариндошларингни эсла ёки бошқа бирон қизни хотирла.

– Йўқ.

– Бўлмаса, дуо ўқи. Бошқаларда яхши таассурот қолдиради.

– Балки мен алаҳлаб ўтирмайман.

– Балки. Ҳамма ҳам алаҳлайвермайди.

– Мен ҳам шу жумладан.

– Мақтанма, жоним. Мақтанма, хўпми? Ўзинг шундай яхшисанки, сенга мақтанчоқликнинг кераги йўқ.

– Бир оғиз миқ этмайман.

– Яна мақтаняпсан, жоним. Сенга бу сираям ярашмабди. Фақат, сенга чуқурроқ нафас олинг, деб айтишгандан кейин дуо ўқигин, ёки шеър ўқи, ё бошқа бирон нарсани. Ўшанда ҳаммаси жуда яхши бўлади, мен сен билан фахрланиб юраман. Мен шундоғам сен билан фахрланаман. Ҳозир ҳароратинг жудаям яхши, худди ёш болалардай мириқиб ухлайсан ва ёстиқни қучоқлаб олиб, уни мен деб ўйлайсан. Балки мен эмас, бошқадир, а? Биронта италян нозанинидир?

– Йўқ, сен.

– Албатта, мен бўламан-да. Мен сени жудаям яхши кўраман, кўрасан, Валентини оёғингни яхшилаб тузатиб қўяди. Яхшиямки, у даволаётганда мен иштирок этмайман.

– Сен тунда навбатчилик қиласанми?

– Ҳа. Лекин сенга барибир бўлади.

– Кўрамиз.

– Ана энди бўлди, жоним. Онадан туғилгандек топ-тоза бўлдинг. Энди менга айтиб бер-чи: умринг бўйи нечта аёлни яхши кўргансан?

– Яхши кўрмаганман.

– Мени ҳамми?

– Сени яхши кўраман.

– Яна нечтани?

– Бошқа ҳеч кимни.

– Нечтасини – нима десамикин? Нечтасини кўргансан?

– Ҳеч кимни?

– Ёлғон.

– Ҳа.

– Шундай бўлгани тузук. Сен менга ҳеч қачон тўғрисини айтма. Менга шуниси тузук. Чиройли аёллармиди улар?

– Мен ҳеч ким билан бўлмаганман.

– Тўғри. Жудаям ёқимли эдими улар?

– Сира хабарим йўқ.

– Сен фақат ўзимникисан. Рост, ҳеч қачон бошқа ҳеч кимники бўлмагансан. Лекин бўлган тақдирингда ҳам менга барибир. Мен улардан қўрқмайман. Фақат менга улар ҳақида сира оғиз очма. Аёл киши эркак кишига шама қилиб гапирганда, биласанми, қандай бўлади?

– Билмайман.

– Рост, сен билмайсан. Аёл киши унга севаман деб айтадими? Айт менга. Мен билишни истайман.

– Айтади. Агар эркак буни хоҳласа.

– Эркак киши ҳам уни севаман, дейдими? Айт. Мен буни билишим керак.

– Истаса, айтади.

– Бироқ сен ҳеч қачон айтмагансан? Тўғрими?

– Йўқ.

– Йўқ, ростми? Ростини айт менга.

– Йўқ, – алдадим мен.

– Сен демагансан, – деди у. – Мен буни билардим, сен демагансан. Сен жуда яхшисан, мен сени жуда, жуда яхши кўраман.

Офтоб тиккада, томлар узра турар ва мен ибодатхонанинг юксак найзаларида қуёш тиғи ўйнаётганини кўриб ётардим. Мен онадан янги туғилгандай озода эдим. Врачнинг келишини кутмоқда эдим.

– Шундай дегин? – деди Кэтрин. – Аёл киши у нимани истаса, шуни гапираверадими?

– Ҳар доим эмас.

– Мен эса доим гапираман. Мен доимо сен нимани истасанг, шуни гапираман, нимани қил десанг, шуни қиламан, кейин сен бошқа аёлларга қарамайсан, тўғрими? – У менга шодон чеҳра билан боқди. – Мен сенинг деганингни қиламан, сенинг истаганингни адо этаман, ўшанда, ҳаммаси ажойиб бўлади, тўғрими?

– Ҳа.

– Мана энди сен операцияга тайёр бўлдинг. Хўп энди, нима қилай, яна нима хоҳлайсан.

– Бери кел.

– Хўп. Келдим.

– Сен менинг энг, энг, энг гўзал севгилимсан, – дедим.

– Ана кўрдингми, – деди у. – Мен нима десанг, шуни қиляпман.

– Сен менинг оқила фариштамсан.

– Мен эса ҳали сенинг кўнглингни тузукроқ ололганим йўқ.

– Доносан.

– Сен нимани истасанг, мен ҳам шуни истайман. Мен энди йўқман. Мен сенинг хоҳишингдаман.

– Жоним.

– Кўнглинг тўлдими? Ростдан, кўнглинг тўлдими? Сен бошқа аёлларни энди истамайсан, а?

– Йўқ.

– Кўрдингми, кўнглинг тўлди. Мен сен нима десанг шуни қиламан.

Ўн еттинчи боб

Операциядан сўнг уйғонганимда ўзимни гўё тубсиз бўшлиқ ичра йўқ бўлиб кетаётгандай сездим. Йўқолиб кетаётган каби бўлади-ю, лекин аслида йўқолмайсан. Фақат бўғзингдан ғиппа бўғилгандай бўласан. Бу ўлимга ўхшамайди, газ билан бўғилганга ўхшайди, туйғуларинг ўлади, бу ҳолат ўтгач, ҳамма нарса барибир бўлиб қолади, худди қаттиқ маст бўлгандай сезасан ўзингни, кўнглинг ағдарилганда ҳам, фақат аччиқ зардоб тушади, лекин барибир аҳволинг енгил тортмайди. Тўшакнинг оёқ томонида қум тўлатилган қопларни кўрдим. Оёғимдаги гипсни қоплар билан бостириб қўйишганди. Салдан сўнг мисс Aэйжга кўзим тушди, у сўради.

– Хўш, қалай?

– Дуруст, – дедим мен.

– Тиззангизни шундай бопладики, ақл бовар қилмайди.

– Қанча давом этди?

– Икки ярим соат.

– У-бу деб валдирадимми?

– Йўқ, йўқ, ҳеч нарса. Гапирманг. Жим ётинг.

Кўнглим айнаб турарди, Кэтрин ҳақ бўлиб чиқди. Тунда ким навбатчилик қилиши менга барибир бўлиб қолди.

Госпиталга мендан бошқа яна уч киши келибди. Қизил Хочнинг ходими – безгак бўлиб қолган жоржиялик ориқ йигит, сариқ касал ва безгак билан оғриган нью-йорклик кўринишидан ориқ, ўзи ажойиб бир йигит ва австрия снарядининг портловчи қисмидан темир қалпоғини эсдалик учун бураб олмоқчи бўлиб, портлаб кетган лакаловгина бир йигит. Австрислар тоғда портлатиш учун махсус ишлаган бу мураккаб шрапнельфугас снаряднинг кучи икки баравар зўр бўлиб, портлаганда узоқ жойларгача етиб борарди.

Кэтрин Баркли тунлари истаганча навбатчилик қилишга доимо рози бўлганидан у ҳамма ҳамшираларга жуда ёқиб қолганди. Безгаклар кўп безовта қилишмасди, снаряднинг қалпоғини бураган эса, биз билан дўстлашиб қолганидан, тунлари жуда зарур бўлиб қолгандагина қўнғироқ қилиб чақирар, ишдан бўшаган заҳоти Кэтрин олдимга кирар, мен билан бўларди. Мен уни қаттиқ севардим, у ҳам мени севарди. Кундуз кунлари мен уйқуга ётардим, уйғонган чоғларимизда эса, бир-биримизга мактублар ёзишиб, Фергюсондан бериб юборардик. Фергюсон жуда ажойиб қиз эди. Унинг бир акаси эллик иккинчи дивизия-да, иккинчиси Месопотамияда хизмат қилишар, ўзи Кэтрин Барклига жуда боғланиб, унга суяниб қолганди. Фергюсон ҳақида билганларим шу.

– Тўйимизга келасизми, Фержи? – сўрадим бир куни ундан.

– Сизларнинг тўйларингиз бўлмайди.

– Тўй қиламиз.

– Йўқ, уйланмайсиз.

– Нега?

– Тўйгача уришиб қоласизлар.

– Биз ҳеч қачон уришиб қолмаймиз.

– Улгурасизлар ҳали.

– Биз ҳеч қачон уришиб қолмаймиз.

– Бўлмаса, ўласиз. Ё уришиб қоласиз, ё ўласиз. Доим шундай бўлади. Ҳеч ким уйланмайди.

Мен унга қўлимни чўздим.

– Тегманг менга, – деди у. – Мен йиғламайман. Балки ҳаммаси жойида бўлар. Фақат эҳтиёт бўлинг, унга бирон кори ҳол бўлиб юрмасин. Агар сиз туфайли унга бирон нарса бўлса, мен сизни ўлдираман.

– Унга ҳеч нарса бўлмайди.

– Сизга айтдим-қўйдим. Шояд ишингиз яхши бўлиб кетса. Ҳозир жуда тотувсизлар.

– Жуда ҳам.

– Шундай бўлсин, жанжал қилманглар, уни кўз қорачиғидек асранг.

– Яхши.

– Кўзингизга қаранг. Мен унинг қўлида урушнинг чақалоғи билан қолишини истамайман.

– Жуда ажойиб қизсиз-да, Фержи.

– Ажойиб-пажойиби йўқ. Ялтоқлик қилманг менга. Оёғингиз тузукми?

– Зўр.

– Бошингиз-чи? – У бармоқларини бошим устига теккизиб кўрди. Оёқ увишганда қўл тегизсангиз, шундақа бўлади.

– Бошим ҳеч оғриган эмас.

– Бундай шиш билан бир умр калтафаҳм бўлиб ўтиш мумкин. Ҳеч оғримайдими?

– Сира.

– Бахтингиз бор экан. Хат ёзиб бўлдингизми? Мен пастга кетаяпман.

– Мана, олинг, – дедим мен.

– Сиз вақтинча бўлса ҳам ундан тунги навбатчиликка чиқмасликни сўранг. Жуда чарчаб қоляпти.

– Яхши, мен унга айтаман.

– Кечаси мен навбатчилик қилай десам, у қўймаяпти. Бошқалар навбати ўтганга суюнади. Унга бир оз дам берсангиз бўларди.

– Хўп.

– Мисс Ван-Кампен сизни доимо пешингача ухлаб ётади, деб гапиряпти.

– Шундоқ бўлар деб ўйловдим.

– Агар бир неча кеча навбатчилик қилишдан олиб қолсангиз соз бўларди.

– Ўзим ҳам шуни хоҳлайман.

– Ўзингизга қолса, сира хоҳламайсиз. Лекин сиз уни кўндирсангиз, сизга ҳурматим янада ошган бўларди.

– Уни кўндираман.

– Ишонгим келмайди.

У хатни олиб чиқиб кетди. Мен қўнғироқ чалдим, сал ўтмай мисс Гэйж кириб келди.

– Нима бўлди?

– Шундай, сиз билан гаплашиб ўтирмоқчи эдим. Сизнингча қалай, мисс Баркли тунги навбатчиликдан бир оз дам олсамикин, а? У жуда ҳорғин кўринади. Нега у тунлари бунча кўп навбатчилик қилади?

Мисс Гэйж менга тикилиб қаради.

– Мен сизнинг дўстингизман, – деди у. – Мен билан бундай гаплашманг.

– Нима демоқчисиз?

– Ўзингизни жинниликка солманг. Шунга чақирган эдингизми?

– Мен билан вермут ичсангиз.

– Хўп. Лекин кейин дарров кетаман. – У жавондан шиша олиб, столчага стакан қўйди.

– Сиз стаканда ичинг, – дедим мен. – Мен шишанинг ўзидан ичаман.

– Соғ бўлинг! – деди мисс Гэйж.

– Ван-Кампен мени эрталаблари узоқ ухлаб ётади, деб айтдими?

– Сал ғингшиб қўйди-да. У сизни «бизнинг мумтоз беморимиз», деб атайди.

– Оббо қурмағур-эй!

– У баджаҳл эмас, – деди мисс Гэйж. – Қариб қолган, ғалати қилиқлари бор, холос. У сизни кўрган заҳоти ёқтирмай қолибди.

– Гапингиз рост.

– Менга эса сиз ёқасиз. Мен сизнинг дўстингизман. Эсингизда бўлсин.

– Сиз топилмайдиган қизсиз.

– Қўйинг. Сиз учун топилмайдиган қиз ким эканлигини яхши биламан. Оёғингиз қалай?

– Яхши.

– Мен совуқ минерал сув олиб келиб, оёғингизга қуяман. Гипсланган жойингиз қичишаётгандир. Бугун кун иссиқ.

– Жуда антиқасиз-да.

– Қаттиқ қичишяптими?

– Йўқ. Ҳаммаси жойида.

– Қум қопларни тўғрилаб қўйиш керак, – энгашди. – Мен дўстингизман.

– Биламан буни.

– Йўқ, билмайсиз. Лекин бир кун бориб биласиз.

Кэтрин Баркли уч кеча навбатчилик қилмади, кейин у яна келди. Худди ҳар икковимиз ҳам узоқ сафарга кетиб, энди кўришгандай бўлдик.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 4 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации