Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Чол ва денгиз"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 05:40


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Йигирманчи боб

Бир куни тушдан кейин биз отчопарга кетдик. Биз билан бирга Фергюсон, анов дистанцион граната портлаганда кўзидан яраланган Кроуэлл Рожерс боришди. Қизлар кийингунча биз Рожерснинг хонасида спорт варақасида сўнгги улоқлар ва ғолиб чиқиши кутилганларнинг номлари айтилган ҳисоботларни кўриб ўтирдик. Кроуэллнинг бутун юзи бинтлаб ташланган, унинг улоқ билан иши йўқ, бироқ спорт варақасини қўймай ўқиб борар ва қиладиган иши бўлмаганидан, барча отларни кузатиб борарди. Ҳамма отлар расво отлар, дерди у, лекин бу ерда яхшилари йўқ. Қари Мейерс уни яхши кўрар ва унга маслаҳатлар бериб турарди. Мейерс отларга пул тикиб доимо ютиб юрар, лекин маслаҳат беришга ҳуши йўқ эди, чунки бошқалар ютса, унинг оладиган ютуғи камаярди. Улоқларда алдамқалдам ишлар кўп бўларди. Бутун дунё ипподромларидан қувилган от ўргатувчилар Италияга келиб ўрнашган эдилар. Мейерснинг маслаҳатлари ҳар доим ҳам фойдали бўларди, лекин мен сўрашни ўзимга эп билмасдим, чунки у баъзан жавоб бермас, жавоб берганда эса, истар-истамай бераётгани кўриниб турар, лекин қандайдир сабабларга кўра бизга айтиб туришга ўзини бурчли деб сезар ва Кроуэллга бошқаларга қараганда рўйхушлик билан йўл кўрсатарди. Кроуэллнинг кўзлари зарарланган, бири деярли кўрмай қолган. Мейерснинг ҳам кўзларининг мазаси қочган, шу сабабдан у Кроуэллни яхши кўрарди. Мейерс қайси отга пул тикканини ҳеч қачон хотинига айтмас, шунинг учун хотини бир ютса, бир ютқизар, кўпроқ ютқизар, жуда сергап хотин эди.

Тўртовлон очиқ экипажга тушиб, Сан-Сирога қараб йўл олдик. Ҳаво жуда яхши, биз дарахтзорлар ичида, кейин трамвай йўлидан ўтиб бориб, ниҳоят шаҳар ташқарисига чиқдик, чангли йўллар бошланди. Йўлнинг ҳар иккала томони темир панжаралар билан тўсилган қаровсиз чорбоғлар, виллалар билан ўралган, йўл четида ариқлар оқиб ётар, томорқаларда етиштирилган сабзавотларни чанг босган эди. Олисда – водийда деҳқонларнинг уйлари, ферма атрофларидаги кўм-кўк далалар, каналлар кўринарди, шимол томонда эса тоғлар қад кўтарганди. Ипподромга борадиган йўлда экипажлар кўп эди, дарвозада турган контролёр ҳарбий формада бўлганлигимиз учун бизни билет-сиз ўтказиб юборди. Биз экипаждан тушиб, рўйхат сотиб олдик-да, айланани кесиб ўтиб, текис қаттиқ йўлкадан юриб томошабинлар турадиган ерга бордик. Трибуналар ёғочдан ишланиб, эскириб кетган, трибуналардан қуйида кассалар жойлашган, яна бошқа қатор кассалар отхоналарнинг олдида эди, тўсиқ олдида бир тўда солдатлар туришарди. Одам хийла бор эди. Катта трибуна ортидаги дарахтлар тагида чавандозлар отларни совутишмоқда. Биз танишларимизни кўриб қолдик ва Ферюсон билан Кэтринга курси топиб бердик-да, отларни томоша қила бошладик.

Чавандозлар отларни етаклаб совутишмоқда эди. Отлар каллаларини энгаштириб олганди. Улар ичида бири қорамтир кўк тусда товланар, Кроуэлл, ўлай агар, уни бўяб қўйишибди, деб хуноб бўларди. Биз тузукроқ қараб унинг гапи ҳақиқатга яқин деб топдик. Бу отни эгарлашга буйруқ бўлмасдан сал илгарироқ бир дақиқагина олиб чиқишган эди. Чавандознинг енгидаги рақам бўйича рўйхатга қараб уни топдик. Унда қора ахта, лақаби Япалоқ деб ёзилган эди. Бир марта ҳам минг ливрдан ошириб соврин олмаган отларнинг чиқиши кутиларди. Кэтрин отнинг туси жўрттага ўзгартиб қўйилганлигига амин эди. Фергюсон бунга унчалик ишонмасди. Мен ҳам отнинг тусига ишонмасдим. Ҳаммамиз шу отга қўямиз дедик ва юз лир тикдик. Ҳисоб варақасида бу отга пул қўйганлар ўттиз беш карра қилиб оладилар дейилган эди. Кроуэлл чипта олгани кетди, биз эса чавандозлар дарахтлар тагида яна бир айланиб чиқишганларини томоша қилиб турдик. Кейин улар отнинг бошини оҳиста қўйиб, улоқ бошланадиган ерга кетишди.

Биз улоқни томоша қилиш учун трибунага кўтарилдик. У пайтларда Сан-Сирода резина тасмалар йўқ эди. Шунинг учун улоқбоши отларнинг ҳаммасини бир сафга тизиб, отлар узоқдан жуда кичкина бўлиб кўринишарди, сўнг узун қамчинини қарсиллатиб, чопишга рухсат берди. Отлар ёнгинамиздан ўтиб кетишди. Қора от ҳаммадан олдинда борар, бурилишда эса барча отлардан қаттиқ ўзиб кетди. Мен улар орқа йўлдан қандай бораётганларини дурбиндан кўриб турар, чавандоз отнинг бошини бор кучи билан тортишга ҳаракат қилар, лекин от зўр куч билан суриб борар, улар бурилишдан олдинги йўлкага чиққанларида қора от бошқалардан анча олдинга ўтиб кетганди. У маррага етгандан кейин ҳам анчагача чопиб борди.

– Қандай яхши-я, – деди Кэтрин. – Биз уч минг лирдан ошиқроқ оладиган бўлдик. Жудаям зўр от экан.

– Умид қиламанки, – деди Кроуэлл, – отнинг бўёғи пулни олгунимизча тушиб кетмас.

– Йўқ, ростдан ҳам зўр от, – деди Кэтрин. – Қизиқ, мистер Мейерс унга тикдимикин?

– Ютдингизми? – қичқирдим мен Мейсерга. У бош силкиди.

– Мен эса ютмадим, – деди миссис Мейерс. – Сизчи, болалар, қайсига қўювдингизлар?

– Япалоққа.

– Ростданми? Унга ўттиз беш баравар беришади.

– Бизга унинг туси ёқиб қолди.

– Менга эса ёқмади. Жуда хароб бўлиб кўринган эди. Унга қўйиб овора бўлманг дейишувди.

– Кўп беришмайди, – деди Мейерс.

– Ўттиз беш деб кўрсатишган, – дедим.

– Кўп беришмайди, – деди Мейерс. – Уни охирги дақиқаларда ўйинга туширишди.

– Ким?

– Кемптон ўз йигитлари билан. Мана кўрасиз. Икки баравар беришса ҳам хўп гап.

– Нима, биз уч минг лир олмас эканмизми? – деди Кэтрин. – Шу улоқлари менга ёқмайди. Ғирт алдамчилик.

– Биз икки юз лир оламиз.

– Шуям пулми. Кимга керак. Мен уч минг оламиз деб ўйлабман.

– Ғирт муттаҳамлик, расвогарчилик, – деди Фергюсон.

– Тўғри, шу алдамчилик бўлмаганда биз унга тикмаган бўлардик, – деди Кэтрин. – Лекин уч минг лир оламиз деб роса суюниб юрибман.

– Юринглар, пастга тушиб бирон нарса ичамиз, кейин қанча беришларини биламиз, – деди Кроуэлл.

Биз пастга – ғолибларнинг номлари ёзиладиган лавҳа олдига тушдик. Шу пайт ютуқ берилишига қўнғироқ чалинди ва Япалоқнинг қаршисига «ўн саккиз эллик» кўрсаткичини илиб қўйишди. Бу ютуқ икки баравардан ҳам кам дегани эди.

Биз катта трибуна тагидаги барга тушиб, бир стакандан содали виски ичдик. Бу ерда икки италян танишимиз ва вице-консул Мак Адамсни учратиб қолдик. Улар ҳам биз билан юқорига кўтарилишди. Италянлар ўзларини жуда сертакаллуф тутар эдилар. Мак Адамс Кэтрин билан гаплашиб ўтирди, биз эса пул тикиш учун пастга тушиб кетдик. Кассалардан бирининг олдида мистер Мейерс турарди.

– Сўранг-чи, қайсинга қўяркан, – дедим Кроуэллга.

– Қайсинга қўясиз, мистер Мейерс? – сўради Кроуэлл.

Мейерс ўзининг рўйхатини олди-да, қалам билан бешинчи рақамни кўрсатди.

– Биз ҳам ўшанга қўйсак, қарши эмасмисиз? – сўради Кроуэлл.

– Бемалол, бемалол. Фақат хотинимга мени айтди деманглар.

– Келинг, бирон нарса ичайлик, – дедим.

– Йўқ, раҳмат. Мен сира ичмайман.

Биз бешинчи рақамга бир марта юз лир, кейин икки юз лир қўйдик ва яна бир стакандан содали виски ичдик. Менинг жуда кайфиятим кўтарилди, биз яна иккита италян танишимизга дуч келдик ва уларнинг ҳар бири билан ҳам ичишдик-да, юқорига қайтиб чиқдик. Бу италянлар ҳам жуда сертакаллуф йигитлар бўлиб, боягилардан қолишмас эканлар. Уларнинг сермулозаматлиги дастидан ҳеч ким ўз ўрнида тинч ўтиролмас эди. Мен Кэтринга чипталарни бердим.

– Қайси от?

– Билмадим. Мистер Мейерс айтганига қўйдик.

– Сиз ҳатто унинг номини ҳам билмайсизми?

– Йўқ. Рўйхатдан кўриш мумкин. Бешинчи рақамли, шекилли.

– Бировга чиппа-чин ишонишингизни-чи, – деди Кэтрин.

Бешинчи рақамли от ютди, лекин ютуқ ниҳоятда оз эди.

Мистер Мейерснинг жаҳли чиқди.

– Йигирма лир олиш учун икки юз лир тикиш керак, – деди у. – Ўн лирга ўн икки лир. Овора бўлганга арзимайди. Хотиним йигирма лир ютди.

– Мен ҳам сизлар билан пастга тушаман, – деди Кэтрин. Италянларнинг ҳаммаси ўринларидан туришди. Биз пастга тушиб бордик.

– Бу ер сенга ёқадими? – сўради Кэтрин.

– Яхши. Ёмонмас.

– Одам зерикмас экан бу ерда, – деди у. – Лекин биласанми, жоним, ҳамма ёқни таниш босиб кетса ҳам бошим оғрийди.

– Танишлар унчалик кўп эмас-ку.

– Тўғри. Лекин ану Мейерслар, ану хотини ва қизлари билан чиққан банкда ишлайдиган…

– У менинг чекларимга ҳақ тўлайди.

– У тўламаса, бошқаси тўларди. Ану тўртта италян ҳам бирам бош оғриғики…

– Кейинги чопишни шу ерда қолиб кўрсак ҳам бўлади.

– Қандай яхши. Биласанми, жоним, ўзимиз ҳечам билмайдиган отга қўяйлик, мистер Мейерс қўймаганига қўяйлик.

– Бўпти.

Биз «Кўзларнинг нури» деган отга тикдик ва у бешта отнинг ичида тўртинчи бўлиб келди. Биз панжарага суяниб, олдимиздан учиб ўтиб бораётган отларни томоша қилардик, олисда тоғлар ва дарахтлар, далалар ортида Милан кўринарди.

– Мен ўзимизни бу ерда покиза бўлгандай ҳис қиляпман, – деди Кэтрин.

Кўпириб кетган отлар қайтиб дарвозадан кириб келишарди. Чавандозлар дарахт тагида тушишдан олдин уларни тинчлантиришарди.

– Ке, бирон нарса ичайлик. Фақат шу ернинг ўзида отларни томоша қилиб ичамиз.

– Ҳозир олиб келаман, – дедим.

– Бола олиб келади, – деди Кэтрин. У қўлини кўтарган эди, ахтахоналар ёнидаги «Бутхона» барининг хизматчиси югуриб келди. Биз темирдан ясалган доира столга ўтирдик.

– Ўзимиз қолсак, яхши, тўғрими?

– Ҳа, – дедим.

– Ану одамларнинг олдида ўзимни шунчалар ёлғиз сездимки.

– Бу ер соз экан, – дедим.

– Ҳа. Яхши ипподром экан.

– Ёмонмас.

– Сенинг роҳатингни бузаётган бўлсам, айтгин, жоним. Истаган заҳотинг тепага қайтиб чиқамиз.

– Йўқ, – дедим. – Шу ерда қолиб ичамиз. Кейин стиплчезедаги ровга бориб сувни томоша қиламиз.

– Менга шундай меҳрибонсанки, – деди у.

Бир қанча муддат икковимиз ёлғиз қолиб бирга бўлганимиздан сўнг, бошқаларни кўрганда яна қувондик.

Кун жуда яхши ўтди.

Йигирма биринчи боб

Сентябрда кечалари совуқ туша бошлади, кейин кунлар ҳам совиди, паркдаги дарахтларнинг барглари сарғая бошлади, шунда биз ёз ўтганлигини англадик.

Фронтда аҳвол жуда ёмон эди, Сан-Габриеле ҳамон ишғол қилинмаганди. Баинзицца ёйлотоғида жанглар тўхтаганди, ой ўрталарига бориб жанглар Сан-Габриеледа ҳам тўхтади. Уни барибир қўлга киритолмадилар. Этторе фронтга жўнади. Отларни Римга олиб кетишди ва отчопарда улоқлар барҳам топди. Кроуэлл ҳам Римга кетди, бу ердан у Америкага жўнатилиши керак эди. Шаҳарда икки марта урушга қарши ғалаёнлар бўлди. Туринда хийла тўполонлар бўлиб ўтибди. Бир инглиз майори менга клубда италянлар Баинзицца ёйлотоғи ва Сан-Габриеледа бир юз эллик минг одам талафот бердилар, деб айтди.

– Булардан ташқари италянлар Карсода яна қирқ минг одам йўқотишди, – деди у. Ичишдик ва унинг тили ечилди.

– Бу йил бошқа уруш бўлмайди – деди у, – италянлар ўзлари ҳазм қилолмайдиган луқмани ютиб қўйдилар. Фландриядаги ҳужумнинг миси чиқди, – деди у. – Агар бундан кейин ҳам шу куздагидек одамларни аямайдиган бўлишса, унда иттифоқдошларнинг тезда нафаси чиқмай қолади. Ҳаммамизнинг тинкамиз қуриди. Ҳамма гап буни тан олмасликда. Қайси мамлакат ўзининг тинкаси қуриганлигини ҳаммадан кейин англаса, ўша мамлакат урушда ютиб чиқади.

Яна ичдик.

– Сиз штабдан эмасмисиз?

– Йўқ.

У эса – штабдан. Ҳаммаси беҳуда. Биз икковлон клубнинг катта чарм диванида ястаниб ўтирардик. Унинг этиги хирароқ теридан тикилган, ялагандай қилиб артилганди. Жуда пўрим этик эди.

– Ҳаммаси беҳуда, – деди у. Ҳамманинг фикри ёди дивизиялар ва уларни тўлдиришда бўлиб қолган. Дивизия сўраб бир-бирларини ғажиб ташлагудай бўлишади, қўлларига теккан куниёқ уни гўрга тиқиб келишади. Ҳамманинг тинкаси қуриди. Ғалаба нуқул немисларники бўлиб кетмоқда. Ана уларни, падарига лаънат, солдат деса бўлади! Қадимги хуннлар – чинакам солдатлар. Лекин уларнинг ҳам тинкаси қуриди. Ҳаммамизнинг тинкамиз қуриди.

Мен русларни сўрадим. Уларнинг ҳам тинкаси қуриди, деди у. Уларнинг тинкаси қуриганлигини мен ўзим тезда кўрар эканман.

– Австрисларнинг ҳам тинкаси қуриди. Агар улар хуннларнинг бир неча дивизияларини қўлга киритишга муяссар бўлсалар, унда урушни бир амаллаб эплаштириб оладилар.

– Шу кузакда ҳужумга ўтармикинмиз?

– Албатта-да. Италянларнинг тинкаси қуриди. Уларнинг тинкаси қуриганлигини ҳамма билади. Қари хунн Трентинодан ўтиб, Виченцада темир йўлни кесиб ташлайди-ю, италянлар тутдай тўкилади қолади.

– Австрислар ўн олтинчи йилда шундай қилмоқчи бўлган эдилар, – дедим мен.

– Немислар йўқ эди унда.

– Тўғри, – дедим.

– Лекин улар бундай қилишмас-ов, – деди у. – Бу жуда осон. Улар мураккаброқ бир нарсани ўйлаб топишади-ю, шу билан тамом, тинка-мадорлари қурийди.

– Мен кетишим керак, – дедим. – Госпиталга боришим керак.

– Хайр, – деди у. Кейин қувноқлик билан қўшиб қўйди: – Ишингиз ўнгидан келсин. – Унинг муҳокамаларидаги тушкунлик табиатидаги қувноқликка сира уйғун эмасди.

Сартарошхонага кириб соқолимни олдирдим, кейин госпиталга кетдим. Бу пайтга келиб оёғим анча дуруст бўлиб қолган, шунисига ҳам шукр қилмоқда эдим. Уч кун бурун мени қайта кўрикдан ўтказишди. Ospedale maggiore да даволанишим тугаёзган, батамом тузалишим учун битта-яримта дори-дармон олишимгина қолган эди. Шунинг учун тор кўчадан оқсоқланмасдан юриб боришга ҳаракат қилардим. Айвонча тагида бир чол қоғоз суратлар қирқарди. Иккита қиз унинг олдида туришар, чол бошини ён томонга энкайтириб, қизларга қарай-қарай чаққонлик билан қайчида қоғоз қирқиб борарди. Қизлар ҳиҳилашарди. У силуэтларни оқ қоғозга қўйиб қизларга елимлаб беришдан олдин менга кўрсатди.

– Қалай, дурустми? – деди у. – Қалай, сизга ҳам ишлаб берайми, tenente?

Қизлар ўз шаклларини томоша қила-қила кулишганча кетишди. Иккалалари ҳам ёқимтойгина эдилар. Улардан бири госпитал қаршисидаги емакхонада ишларди.

– Майли, – дедим.

– Шапкангизни олиб қўйсангиз.

– Йўқ, шапка билан.

– Унча яхши чиқмайди, – деди чол. – Шошмангчи, – унинг юзи ёришди, – айтганингиздай, бу ҳатто пўримроқ чиқаркан.

У қайчи билан қора қоғозни қирқа кетди, кейин қоғозни иккига ажратиб, ҳар иккала шаклни картон-га елимлаб ёпиштирди-да, менга узатди.

– Қанча беришим керак?

– Керакмас, керакмас, – қўлини силтади у. – Мен сизга шундоғ қилиб бердим.

– Марҳамат, – мен чўнтагимдан танга олдим. – Қўлимни қайтарманг.

– Йўқ. Мен уларни кўнгил ҳушига ишладим. Севган қизингизга тортиқ қилинг.

– Раҳмат. Хайр.

– Кўришгунча.

Госпиталга қайтдим. Идорада менга хатлар бор экан, биттаси расмий ва яна бир қанча хатлар. Мен-га соғлигимни яхшилаш учун уч ҳафталик таътил берилибди, ундан кейин фронтга қайтишим керак экан. Мен хатни яна бир карра диққат билан ўқиб чиқдим. Ҳа, худди ўзим айтганимдай. Таътил даволанишим тугайдиган кундан, 4 октябрдан бошланаркан. Уч ҳафтаси йигирма бир кун. Бу 25 октябрь дегани. Мен яна бир оз айланиб келаман деб, госпиталдан бир қанча уй наридаги ресторанга овқатланиш, хатларни кўриш ва «Корьере делла сера»ни ўқиш учун йўл олдим. Хатларнинг бири бобомдан эди, унда оилавий янгиликлар ёзилган, ватанпарварлик йўсинида бир қанча маслаҳатлар берилган, икки юз долларлик чек ва бир қанча газета қирқимлари юборилган эди. Кейин яна бир зерикарли хат кашишимиздан, бошқаси шўх улфатлар ичига тушиб қолган француз ҳаво кучларида хизмат қилувчи таниш учувчидан, у ўз шўхликлари ҳақида ҳикоя қилибди, яна бири Ринальдидан эди; у ҳали Миланда узоқ ўтирасизми, қандай янгиликлар бор, деб сўрабди. Рўйхат юбориб, шу рўйхатдаги граммофон пластинкаларини келтиришимни илтимос қилибди. Мен овқат билан бир шиша кьянти буюрдим, кейин коньякли қаҳва ичдим, газетани ўқиб чиқдим, ҳамма хатларни чўнтагимга солдим, газетани стол устида чой пули билан қўшиб қолдирдим-да, чиқиб кетдим. Госпиталда, ўз хонамда формамни ечиб, халат ва пижама кийдим, айвон эшигидаги пардаларни тушириб, ўрнимга ёнбошлаб ётдим-да, Бостон газеталарини ўқишга киришдим. Буларни ўз йигитларига миссис Мейерс келтирганди. «Чикаго-Уайт-Сокс» гуруҳи Америка лигасининг совринини олибди, Миллий лигада эса «Нью-Йорк-Жайэнтс» гуруҳи олдинда экан. Бейб Рут ҳозир Бостонда ўйнамоқда экан. Газеталар зерикарли, янгиликлар хира ва тор, фронтдан олинган хабарлар эскирган эди. Америка янгиликларидан бўлса фақат ўқув лагерида бўлмаганим учун севиндим. Спорт хабарларидан ташқари бошқа ҳеч нарсани ўқий олмадим, ўқиганларимни ҳам қиладиган иш бўлмагани учунгина ўқидим. Бирдан кўп газета ўқисанг, унчалик қизиқмай ўқийсан. Газеталар янги эмасди, шундай бўлса-да, мен уларни ўқир эдим. Агар Америка чинакам урушга кирса, спорт союзлари беркилармикин, деб ўйладим. Беркилмаса керак. Уруш авжида бўлишига қарамай, Миланда ҳамон улоқ чопишлар бўлиб турарди. Францияда эса энди улоқлар чопилмас эди. Бизнинг Япалоғимизни ўша ердан келтиришган. Кэтриннинг навбатчилиги фақат тўққиздан бошланарди. У навбатчиликка келганида, унинг қадам товушларини эшитдим, бир марта очиқ эшикдан ўзини ҳам кўрдим. У бир қанча палаталарни айланиб чиқди-да, ниҳоят, олдимга кирди.

– Бугун кеч келдим, жоним, – деди у. – Иш кўп. Хўш, ўзинг қалайсан?

Мен унга газеталарни, таътилни гапириб бердим.

– Мунча яхши, – деди у. – Қаерга бормоқчисан?

– Ҳеч ёққа. Шу ерда қолсам, дейман.

– Бўлмаган гап. Сен бир яхши жойни танлагин, мен ҳам сен билан бораман.

– Борасанми, қандай қилиб?

– Билмадим. Амаллармиз.

– Шакарим.

– Унчаликмас. Шундан бошқа чора қолмагандан кейин ҳаммасини қиласан.

– Нима деганинг бу?

– Ҳеч нима. Мен фақат ўтиб бўлмайдиган бўлиб кўринган тўсиқлар энди ҳеч нарсага арзимаслигини билдим.

– Менимча, буни эплаш қийин бўлади.

– Сира ҳам жоним. Нари борса, ҳаммасини ташлаб кетаман. Лекин бунчаликка бормас дейман.

– Қаёққа борамиз?

– Барибир. Қаерга хоҳласанг. Фақат танишлар йўқ жойни танла.

– Ростдан ҳам қаерга боришимиз сенга барибирми?

– Ҳа. Кетсак бўлгани.

У нимадандир безовта ва ташвишли кўринарди.

– Нима бўлди, Кэтрин?

– Ҳеч нима. Ҳеч нима бўлгани йўқ.

– Тўғримас.

– Тўғри. Ҳеч нарса бўлгани йўқ.

– Ундай эмас, биламан. Айт, жоним. Менга айтмасанг кимга айтасан.

– Ҳеч нарса бўлмади.

– Айт.

– Истамайман. Кўнглингни оғритиши ёки ташвишга солиши мумкин.

– Қўйсанг-чи.

– Ростми? Бу мени ранжитмайди, лекин сени ранжитиши мумкин.

– Сени ранжитмаган нарса нега мени ранжитар экан.

– Айтгим келмаяпти.

– Айт.

– Шартми?

– Ҳа.

– Менинг фарзандим бўлади, жоним. Уч ойча бўлиб қолди. Лекин сен ранжимайсан, тўғрими? Керакмас. Ранжима.

– Ранжимайман.

– Ростданам ранжимайсанми?

– Албатта.

– Мен нималар қилмадим. Ҳаммасини қилиб кўрдим, лекин сира нафи бўлмади.

– Мен сира хафа бўлганим йўқ.

– Шундай бўлиб тургандан кейин мен ҳам хафа бўлиб ўтирмадим, жоним. Сен ҳам хафа бўлиб дилингни хира қилиб юрма.

– Менга сен саломат бўлсанг, бас.

– Мени ўйлайверма. Ҳамма туғади. Бошқаларда ҳамма вақт бола туғилади. Ҳеч бунинг ажабланадиган жойи йўқ.

– Малагим.

– Эркалаб юбординг. Лекин сен бу ҳақда ҳадеб ўйлайверма, жоним. Мен сенга ташвиш орттирмасликка ҳаракат қиламан. Биламан, ҳозир сени ташвишга қўйдим. Лекин мен шу кунгача ҳеч нарсани билдирмадим, тўғрими? Сен хаёлингга ҳам келтирмаган эдинг-ку?

– Йўқ.

– Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Сен ҳеч қачон ташвиш тортмаслигинг керак. Кўриб турибман ранжиганингни. Бас қил. Ҳозироқ бас қил. Балки бирон нарса ичарсан, жоним? Биламан, озгина ичсанг, кўнглинг очилади.

– Йўқ. Мен шундоқ ҳам хурсандман, шакарим.

– Эркалаб юбординг. Мен ҳаммасини тўғрилайман, биз бирга бўламиз, фақат сен қаерга боришимизни аниқласанг бўлди. Октябрь яхши ой. Биз вақтимизни жуда ҳам ажойиб қилиб ўтказамиз, жоним, сен фронтга кетганингда эса, ҳар куни хат ёзаман.

– Ўзинг қаерда бўласан?

– Мен ҳали билмайман. Лекин энг яхши жойда бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳаммаси яхши бўлади.

Биз жим бўлиб қолдик, гапдан тўхтадик. Кэтрин тўшакда ўтирар, мен ундан кўзимни узмас, лекин бир-биримизга тегмасдик. Хонага чет киши кириб қолганда ҳамма сергак тортиб, ўзи билан ўзи бўлиб қолгандай, биз ҳам ҳозир ўз хаёлимиз билан банд эдик. У қўлини чўзиб менинг қўлимга қўйди.

– Сен хафамасмисан, жоним, айт?

– Йўқ.

– Ўзингни худди тузоққа тушгандай ҳис қилмаяпсанми?

– Эҳтимол, бир оз шундайдир, лекин бу сен туфайли эмас.

– Мен ҳам шундай деб ўйлаяпман. Қўй, шунақа гапларни гапирма. Мен умуман тузоққа демоқчиман.

– Физиология доимо тузоқ.

У қимир этгани, қўлини тортиб олгани ҳам йўқ, лекин назаримда бир зумда мендан йироқлашиб кетгандай бўлди.

– Хунук сўз. Нега доимо, дейсан.

– Кечир.

– Ҳечқиси йўқ. Лекин биласанми, менинг биринчи марта бўйимда бўлиши, биринчи марта бировни севишим. Мен сен хоҳлагандай бўлишга тиришдим, сен бўлсанг, томдан тараша тушгандай қилиб «доимо» деб ўтирибсан.

– Тилимни кесиб ташласам рози бўласанми? – дедим.

– Жоним! – У узоқлардан яна ёнимга қайтди. – Эътибор берма. – Биз яна бирга эдик, орамиздан гина-кудурат кўтарилди. – Ахир, икковимиз бир одаммиз, шунинг учун майда-чуйда нарсаларга ижикилашиб ўтирсак яхши бўлмайди.

– Кераги ҳам йўқ.

– Бунақа гаплар бўлиб туради. Одамлар бир-бирларини севишади-да, майда-чуйда гаплар билан бирбирларининг таъбларини хира қилишади, жанжаллашишади, кейин тўсатдан бошқа-бошқа одам бўлиб қолишади.

– Биз ҳеч қачон уришмаймиз.

– Кераги ҳам йўқ. Дунёдаги ҳамма бошқа одамлар олдида биз бир одаммиз. Агар бизга бирон нарса бўлса, биз тамом бўламиз, улар бизни тутиб олишади.

– Уларнинг қўллари етмайди бизга, – дедим. – Чунки сен жуда мардсан. Мардлар эса балолардан йироқ бўладилар.

– Барибир мардлар ҳам ўладилар.

– Фақат бир марта.

– Шундаймикин? Ким айтган буни?

– Қўрқоқ минг марта, мард бир марта ўлади, дебми?

– Ҳа-да. Ким айтган буни?

– Билмадим.

– Ўзи қўрқоқ бўлган, шекилли, – деди у. – У қўрқоқларни яхши биларкан, лекин мардларни сира тушунмас экан. Мард агар ақлли бўлса, икки минг марта ўлиши мумкин. Фақат буни чўзилиб гапириб ўтирмайди.

– Билмадим. Марднинг юрагини кўриб бўлмайди.

– Ҳа. У шуниси билан кучли.

– Сен жуда доно экансан.

– Сен ҳақсан, жоним. Бу гапинг тўғри.

– Сен ўзинг мардсан.

– Йўқ, – деди у. – Лекин мен мард бўлишни истардим.

– Мен эса, мард эмасман, – дедим. – Мен ўз қадримни биламан. Буни билишга вақтим етарли бўлган эди. Мен бир мавсумда йигирма иккини урадиган ва шундан бошқага қодир эмаслигини билган бейсболчига ўхшайман.

– «Мавсумда йигирма иккини урадиган», деганинг нимаси? Катта гапга ўхшайди.

– Катта гап эмас. Бу бейсбол гуруҳида ўртамиёна ҳужумчи дегани.

– Барибир ҳужумчи экан-ку, – масхара қилди у мени.

– Биз бир-биримизга гап бермайдиган одамларга ўхшаймиз, – дедим. – Лекин сен мардсан.

– Йўқ. Аммо бир кун келиб мард бўлиш умидим бор.

– Икковимиз ҳам мардмиз, – дедим. – Мен ичганимда жуда ҳам мард бўлиб кетаман.

– Биз ажойиб одамлармиз, – деди Кэтрин. У шкафдан коньяк билан стакан олди. – Ич, жоним, – деди у. – Бу сенга ахлоқинг яхши бўлгани учун.

– Ичгим келмаяпти.

– Ич, ич.

– Ҳай, майли. – Мен стаканга озроқ коньяк қуйиб ичдим.

– Шуниси ҳам борки, – деди у. – Коньяк қаҳрамонлар ичимлиги эканлигини мен биламан. Лекин кўп ичмаган маъқул.

– Урушдан кейин биз қаерда яшаймиз?

– Ажабмас ибодатхонада яшасак, – деди у. – Мен соддалик қилиб уч йилдан бери уруш Исо туғилган кунда тугайди, деб юрибман. Лекин энди мен уруш ўғлимиз лейтенант бўлганда тугайди деб турибман.

– Балки у генерал бўлар.

– Агар бу юз йиллик уруш бўлса, генерал бўлишга ҳам улгуради.

– Озгина ичмайсанми?

– Йўқ. Сен коньяк ичсанг, доим кайфиятинг кўтарилади, менинг бўлса, бошим айланади.

– Сен сира коньяк ичмаганмисан?

– Йўқ, жоним. Мен жуда қолоқ хотинман.

Мен шишага қўл чўзиб, ўзимга яна коньяк қуйдим.

– Бориб ватандошларингдан хабар олиб келай, – деди Кэтрин. – Унгача балки газета ўқиб турарсан?

– Бормасанг бўлмайдими?

– Ҳозир бўлмаса, кейинроқ.

– Унда ҳозир.

– Унда тез қайтаман.

– Мен газеталарни ўқиб тураман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 4 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации