Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Чол ва денгиз"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 05:40


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Саккизинчи боб

Эртасига биз дарёнинг юқори томонида кечаси ҳужум бўлади, деб эшитдик, биз у ерга тўрт машина билан боришимиз керак экан. Ҳеч кимдан тайинли бир гап чиқмас, лекин ҳамма ўзининг ҳарбий билимини намойиш қилиб, донолик қиларди. Мен биринчи машинада ўтирган эдим. Инглиз госпиталининг олдидан ўтиб кетаётганимизда машинани тўхтатишни буюрдим. Бошқа машиналар ҳам тўхташди. Мен машинадан тушиб, бошқа шофёрларга агар биз етиб олмасак, Кормон йўлининг кесишган жойида кутиб туришни айтдим. Мен хиёбондан шоша-пиша ўтиб, қабулхонага кирдим-да, мисс Барклини чақиришларини сўрадим.

– У навбатчилик қиляпти.

– Уни бир дақиқага кўра оламанми?

Санитарни билиб келгани юборишди, у қиз билан бирга қайтиб келди.

– Соғ-саломатлигингизни билгани кирувдим. Сиз-ни навбатчиликда дейишди ва мен чақириб беришларини сўрадим.

– Соғлиғим дуруст, – деди у. – Кеча иссиқдан бир оз лоҳас бўлдим, шекилли.

– Мен кетишим керак.

– Бир дақиқага сиз билан чиқаман.

– Ўзингиз тузукмисиз, ҳеч қаерингиз оғримаяптими? – сўрадим мен ташқарига чиққанимиздан сўнг.

– Тузукман, жоним. Сиз бугун келасизми?

– Йўқ. Мен ҳозир кетяпман – бугун Плавада масхарабозлик бўлади.

– Масхарабозлик?

– Шунга яқин.

– Ўзингиз қачон қайтасиз?

– Эртага.

У ниманидир ечиб, бўйнидан олди. Менинг қўлимга берди.

– Бу авлиё Антоний, – деди у. – Эртага кечқурун келинг, хўпми?

– Сиз католикмисиз?

– Йўқ. Лекин айтишларига кўра авлиё Антоний бало-қазолардан сақлармиш…

– Сизни деб уни эҳтиёт қиламан. Хайр энди.

– Йўқ, – деди у. – Хайр эмас.

– Хўп.

– Ақлли бўлинг-да, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Йўқ, бу ерда ўпишиш мумкин эмас. Керакмас.

– Хўп.

Мен орқамга қараб, унинг зинада турганини кўрдим. У менга қўл силкиб қўйди, мен унга ғойибона ўпич тақдим қилдим. У яна қўлини силкиди, кейин хиёбон тугади, мен машинага ўтирдим, йўлга тушдик. Авлиё Антоний оқ металлдан ишланган кичкина медалонга жойланган эди. Мен медалонни очиб, қўлимга қоқдим.

– Авлиё Антонийми? – сўради шофёр.

– Ҳа.

– Менда ҳам бор. – У ўнг қўлини рулдан олиб, тугмачасини ечиб, кўйлаги ичидан мендагига ўхшаш медалон чиқарди. – Кўрдингизми?

Мен авлиё Антонийни яна медалон ичига жойлаб, ингичка тилла занжирини йиғдим-да, ҳаммасини ён чўнтагимга солиб қўйдим.

– Сиз уни бўйнингизга осмайсизми?

– Йўқ.

– Яхшиси осиш керак. Бўлмаса нима ҳожати бор?

– Яхши, – дедим. Тилла занжирчани ёздим-да, бўйнимга осиб, занжирини қулфлаб қўйдим. Авлиё ҳарбий френчим устида туриб қолди, мен ёқамни очиб, кўйлагимнинг ёқасини бўшатдим-да, авлиё Антонийни ичимга солиб қўйдим. Машинада ўтирарканман, кўкрагимга унинг металл ғилофи суйкалиб борарди. Кўп ўтмай у эсимдан чиқди. Яраланганимдан сўнг уни қайтиб кўрмадим. Кимдир уни боғлаш пунктида ечиб олган бўлса, ажабмас.

Кўприкдан ўтгач, биз машинани тезроқ ҳайдадик ва кўп ўтмай олдинда бошқа машиналар кўтараётган чангни кўрдик. Бурилишдан ўтганимиздан сўнг учала машина ҳам кўринди; улар қўнғиздай бўлиб кўринмоқда эди, чанг ғилдираклар остидан кўтарилиб, дарахтлар ортига сингарди. Биз уларга етиб олдик, қувиб ўтиб, тоққа томон кетган бошқа йўлга бурилдик. Агар олдинги машинада кетаётган бўлсанг колоннада юриш ёмон нарса эмас, шунинг учун мен ўрнашиброқ ўтириб олиб, атрофни томоша қила бошладим. Биз дарё томондан тоғ этаги билан кетмоқда эдик, йўл юқорилагач, шимол томонда баланд қорли чўққилар кўринди. Орқамга назар ташлаб, қолган учта машинанинг баландликка қандай чиқиб келишини кузатдим, машиналар чанг-тўзон ичида элас-элас кўзга чалинарди. Биз юк ортилган хачирлар карвонини қувиб ўтдик, хачирларнинг ёнида қизил феска кийган ҳайдовчилар боришарди. Булар берсальерлар эди.

Хачирлар карвонидан кейин йўлимизда ҳеч нарса учрамади ва биз адирма-адир ошиб, сўнг узун тоғ ёнбағри бўйлаб дарё этагига тушдик. Бу ерда йўл бўйига дарахтлар экилган экан, ўнг ёқдаги қатор дарахтлар орқасида мен саёз, тиниқ, шошқин дарёни кўрдим. Дарёнинг суви пасайиб, тошлар ва қумлар оралаб арна-арна бўлиб оқарди, баъзан эса таги тошлоқ ўзанидан тонг шафағидай ёйилиб кетарди. Қирғоққа чиқаверишда чўнқир ўрларни кўрдим, уларга тўлиб турган сув осмон каби мовий эди. Дарё узра ёйсимон ғишт кўприкчалар ташланганди, уларга томон йўлдан тармоқ отиб сўқмоқлар тушиб борарди. Мен яна жанубий девори ёқалаб нокзорлар қад кўтарган деҳқонларнинг ғиштин иморатларини ва далалардаги пастактош тўсиқларни кўрдим. Йўл анча вақтгача водий бўйлаб борди, кейин биз бурилдик-да, яна тоққа кўтарила бошладик. Йўл юқорига тик кўтарилиб чиқар, каштанзор ичидан илон изи бўлиб ўтиб, ниҳоят, тоғ тизмалари ёқалаб кетарди. Дарахтлар сийрак жойлардан водий кўриниб турарди, ҳув олисда, пастда икки армияни ажратиб, қуёшда ярқираб илангбиланг дарё оқарди. Биз адирларнинг нақ белидан тушган янги ҳарбий тош йўлдан кетдик, шимолда икки тоғ тизмаси чўзилиб ётарди, тоғлар асрий қорликларгача арча билан қопланганидан тўқ кўкимтир бўлиб қоронғиликда чулғаниб кўринар, қорли чўққилар эса қуёш нурида ярқираб оппоқ бўлиб ётарди. Кейин яна юқорилаганимизда, мен учинчи тоғ тизмасини, худди бўр сингари оппоқ юксак қорли тоғларни, тоғларнинг ғаройиб ажинларини кўрдим, булардан ҳам нарида яна тоғлар юксалиб борар, лекин уларни кўраётганингни ҳам, кўрмаётганингни ҳам билиб бўлмасди. Буларнинг бари Австрия тоғлари эди, бизда бундай тоғлар йўқ. Олдинда йўл ўнг томонга доира ясаб ўтганди, мен дарахтлар орасидан йўл пастга қараб қанчалар тик тушганини кўрдим. Бу йўлдан қўшинлар, юк машиналари, тоғ тўпларини ортган хачирлар ўтиб борарди, биз шу йўлнинг нақ чеккасидан пастга тушиб борарканмиз, ҳув қуйида, олисда оқаётган дарё, унинг ёнидан ўтган темир йўл излари, темир йўл кўпригини кўрдим, дарёнинг нариги ёғида, тоғ ёнбағрида биз ишғол қилишимиз керак бўлган шаҳарчанинг вайрон бўлган уйлари кўринарди.

Биз пастга тушиб, дарё қирғоғи ёқалаб солинган катта йўлга чиққанимизда қоронғи чўка бошлаган эди.

Тўққизинчи боб

Йўл одамлар ва транспортга тиқилиб кетганди; йўлнинг иккала бети бўйлаб чипта ва похолдан қилинган бўйралар чўзилиб кетган, ҳатто йўлнинг тепаси ҳам бўйралар билан қопланганидан, у худди циркнинг йўлкасига ёки ёввойиларнинг қишлоғига ўхшарди. Шу чайлага ўхшаган йўлдан имиллаб ўтиб, ниҳоят тоза, текис сайҳонликка чиқдик, аввал бунда темир йўл бекати бўлган эди. Йўлнинг бу томони қирғоқ бўйи кўтармасини кесиб тушган эди. Бутун йўл давомида кўтармада пана жойлар қилинган бўлиб, уларга пиёдалар жойлашганди. Кун ботиб борарди, мен кўтарма оша қараб, дарёнинг нариги юзидаги тоғларда қорайиб кўринган Австриянинг кузатув аэростатларини кўрдим. Биз машиналарни ғишт заводининг харобалари панасига қўйдик. Ғишт куйдириладиган ўчоқлар ва бир қанча чуқур ўраларда ярадорлар учун пунктлар қилинганди. Врачлар ичида менинг учта танишим бор эди. Бош врач менга жанг бошланиши билан бизнинг машиналар ярадорларни олиб, қирғоқ бўйлаб пана йўлдан бориб, кейин юқорига, довонга томон юради, довонда ҳамширалар пости бор, бу ерда ярадорларни бошқа машиналар кутиб туради. Йўл тўсилиб қолмаса бўлгани, деди у. Бошқа йўл йўқ эди. Йўл австрисларга кўриниб тургани учун уни кўздан яшириш чоралари кўрилганди. Бу ерда – ғишт заводида қирғоқ кўтармаси бизни милтиқ ва пулемётларнинг ўқидан сақлаб турарди. Дарёнинг у бетидан бу томонга фақат битта бузилай деб қолган кўприк бор эди. Тўплар отишмаси бошлангач, яна битта кўприк солинади, қўшиннинг бир қисми эса дарё қайрилишидаги кечувдан ўтади. Бош врач бўйи пастаккина, шоп мўйлов киши эди. У майор унвонида бўлиб, Ливия урушида қатнашган, икки марта яраланган эди. У, агар ҳаммаси кўнгилдагидек ўтса, мени мукофотга тавсия этажагини айтди. Мен, ҳаммаси жойида бўлади, дедим ва унга меҳрибончилиги учун раҳмат айтдим. Мен шофёрларни жойлаштирадиган каттароқ блиндаж борйўқлигини сўрадим, у бир солдатни чақириб, менга жой кўрсатишни тайинлади. Солдат билан сал юрмасимиздан шинамгина блиндаж устидан чиқдик. Шофёрлар ундан мамнун бўлишди, уларни шу ерда қолдирдим. Бош врач мени ва яна икки офицерни ичкиликка таклиф қилди. Биз ром ичдик ва мен ўзимни дўстлар ўртасида ўтиргандай сездим. Қош қорая бошлади. Мен, ҳужум қачон бошланади, деб сўрадим, бутунлай қоронғи тушганда, деб жавоб беришди. Мен шофёрлар олдига қайтдим. Улар блиндажда гаплашиб ўтиришарди, мен киришим биланоқ жим бўлиб қолишди. Мен уларга бир қутидан «Македония» сигаретаси бердим, бу сигарета бўш жойланган бўлиб, чекишдан олдин учини бураб қўйиш керак эди. Маньера зажигалкасини ёқиб, ҳаммага чекиб олгани тутди. Зажигалкаси «фиат»нинг радиаторига ўхшатиб ишланган экан. Мен уларга бор билган гапларимни айтиб бердим.

– Бу ёққа келаётганимизда йўлда пост йўқ эдику? – деди Пассини.

– Биз бурилган жойнинг орқасида қолиб кетган эди.

– Бу йўлда тоза онамизни кўрамиз ҳали, – деди Маньера.

– Австрислар кунимизни кўрсатишади, фалонига фалон уларни.

– Бўлмаса-чи.

– Овқат-повқат ҳам бўладими, лейтенант? Бошланиб қолса, бош қашигани вақт бўлмайди.

– Ҳозир билиб келаман, – дедим мен.

– Шу ерда ўтирайликми ё ташқарига чиқиш ҳам мумкинми?

– Ўтира турганларингиз маъқул.

Мен бош врач олдига бордим, у сайёр ошхона ҳозир етиб келажагини, шофёрлар овқатни олиб кетишлари мумкинлигини айтди. Идишлари бўлмаса, идиш бераман, деди. Мен идишлари бўлса керак, дедим. Мен изимга қайтиб, шофёрларга овқат келтиришлари билан хабар беришимни айтдим. Маньера, отишма бошланмасдан бурун олиб келишса соз бўларди, деди. Мен кетгунимча улар миқ этишмади. Уларнинг тўртовлари ҳам механик бўлиб, урушни кўрарга кўзлари йўқ эди.

Мен атрофда нималар бўлаётганини кўргани бордим, сўнг блиндажга, шофёрлар олдига қайтдим. Ҳаммамиз ерга ўтириб, деворга суянганча сигарет тутатдик. Ғира-шира қоронғи тушди. Блиндажнинг саҳни қуруқ ва илиқ эди, мен деворга суяниб, ҳордиқ чиқардим.

– Жангга ким боради?

– Берсальерлар.

– Берсальерларнинг ўзими?

– Шундайга ўхшайди.

– Росмана жанг қилиш учун бу ердаги одамлар камлик қилади.

– Чамаси бу шунчаки йўлига бир жанг бўлади, чинакам уруш бошқа ерда бўлади.

– Ҳужумга борадиган солдатлар буни билишадими?

– Билишмаса керак.

– Албатта, билишмайди, – деди Маньера. – Билишса, жангга кириб ўтиришармиди.

– Шундай ҳам киришардики, – деди Пассини. – Берсальерлар аҳмоқ.

– Улар мард солдатлар, интизомга риоя қилишади, – дедим мен.

– Бақувват йигитлар, ҳаммаси ҳам яғриндор. Лекин барибир, ҳаммаси аҳмоқ болалар.

– Мана гренадерлар зўр, – деди Маньера.

Бу ҳазил эди. Тўртовлари хахолаб кулишди.

– Улар жангдан бош тортишганда сиз бормидингиз, tenente, кейин ҳар ўн кишидан биттасини отишувди, эсингиздами?

– Йўқ.

– Шундай бўлган эди. Уларни қатор қилиб турғизишди-да, ўнинчи бўлиб турган одамни ажратиб отаверишди. Карабинерлар уларни отиб ташлашди.

– Карабинерлар, – деди Пассини ва ерга тупурди. – Гренадерларни қаранг-а: бўйлари икки метрдан ошиғу, бормаймиз деб туришса-я.

– Агар ҳамма баравар бош тортганда эди, уруш тугаган бўларди, – деди Маньера.

– Бе, гренадерлар буни хаёлга ҳам келтиришмаган. Қўрқишган, холос. Офицерларнинг бари асилзодалардан эди-да.

– Баъзи бир офицерлар бир ўзлари жангга киришди.

– Сержант иккита офицерни бош тортганликлари учун отиб ташлади.

– Баъзи оддий солдатлар ҳам жангга киришувди.

– Буларни отишга ўнинчи одам ажратиладиган сафга киритишмаган.

– У ерда менинг ҳамшаҳаримни отиб ташлашди, – деди Пассини. – Баланд бўйли, келишган йигит эди, қуйиб қўйган гренадер дейсиз. Римдан бери келмасди. Ёнидан ойимчалар аримасди. Доим карабинерлар билан бирга юрарди. – У кулди. – Энди бўлса уйининг эшигига милтиқ кўтарган соқчи қўйиб қўйишибди, ҳеч ким унинг онаси, отаси, опа-сингилларини бориб кўриши мумкин эмас, отасини бўлса, барча фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилишди, ҳатто сайловда ҳам қатнашолмайди. Қонун ҳам энди уларни ҳимоя қилмайди. Истаган одам келиб, кўнгли тусаган нарсасини олиб кета олади.

– Оиласининг боши мана шундай маломатга қолишидан қўрқмаганда, ҳеч ким жангга кириб ўтирмасди.

– Албатта-да. Альп ўқчилари эса жангга киришаверган бўларди. Виктор-Эммануилнинг полки ҳам. Берсальерлар ҳам.

– Берсальерлар ҳам думини кўрсатган пайтлар бўлган. Ҳозир буни эслагилари келмайди.

– Сиз бекор бизни валақлашимизга йўл қўйяпсиз, tenente. Evviva l’esercito!2626
  Яшасин армия! (итал.).


[Закрыть]
– истеҳзоли қўшиб қўйди Пассини.

– Мен бундай гапларни эшитганман, – дедим мен. – Бироқ ҳамонки сиз рулда ўтириб, ўз ишингизни бажараётган экансиз…

– …ва бошқа офицерлар эшитмайдиган қилиб секин гаплашаётган экансиз, – деб тугатди Маньера.

– Урушни охирига етказиш керак деб ҳисоблайман, – дедим мен. – Бир томон жангдан воз кечгани билан уруш тамом бўлиб қолмайди. Урушмай қўйсак, ҳолимиз бундан бешбаттар бўлади.

– Бундан бешбаттар бўлмайди, – деди одоб билан Пассини. – Урушдан бешбаттарроқ нарса йўқ.

– Мағлубият бешбаттар.

– Ундаймасдир, – деди Пассини ҳамон ҳурмат сақлаб. – Мағлубият нима ўзи? Хўш, уйга қайтамиз.

– Душман орқангиздан боради. Уйингизни олади. Опа-сингилларингизни олади.

– Унчаликмасдир, – деди Пассини. – Ўлибди-да, ҳар кимнинг ортидан борса. Ҳар ким ўз хонадонини ҳимоя қилсин. Опа-сингилларини эшикка чиқармасин.

– Сизни осишади. Сизни қўлга олиб, яна уруш қилгани жўнатишади. Санитар транспортига эмас, пиёдалар сафига.

– Ўлдими, ҳаммани осишса.

– Бегона давлат ўзи учун урушишга мажбур қилолмайди, – деди Маньера. – Биринчи жангнинг ўзидаёқ ҳамма қочиб кетади.

– Чехларга ўхшаб.

– Сиз мағлуб бўлиш нималигини ҳали яхши билмайсиз, шунинг учун ҳам бу сизга унчалик ёмон эмасга ўхшаб туюлади.

– Теnеntе, – деди Пассини, – сиз бизга гапираверишга изн бергандай бўлдингиз. Мана, эшитинг бўлмаса. Урушдан кўра даҳшатлироқ нарса йўқ. Биз санитар бўлимларда ўтириб уруш қанчалар даҳшатли нарса эканлигини тушуниб етмаймиз. Бунинг даҳшатини фаҳмлаб улгурганлар эса, унга қаршилик қилишга улгуролмайдилар, чунки ақлдан озадилар. Ҳеч қачон ҳеч нарсани тушунмайдиган одамлар бўлади. Ўз офицерларидан қўрқадиган одамлар бор. Мана шундайлар билан урушни давом эттиришади.

– Мен уруш даҳшатли нарса эканлигини биламан, лекин биз уни охирига етказишимиз керак.

– Охири йўқ. Урушнинг охири бўлмайди.

– Йўқ, охири бўлади.

Пассини бошини чайқади.

– Урушни ғалабалар билан ютиб бўлмайди. Хўш, борингки Сан-Габрнелени олдик. Хўш, Карсо, Монфальконе ва Триестни олдик. Кейин-чи? Бугун анови узоқ тоғларни кўрдингизми? Хўш, сиз ўшаларнинг барини биз ололамиз дейсизми? Агар австрислар урушмай қўйса бошқа гап. Бир томон урушни бас қилиши керак. Нега биз қилишимиз мумкин эмас? Агар улар Италиягача боришса, ҳориб-чарчаб, орқага қайтиб кетишади. Уларнинг ўз юртлари бор. Шундоқ экан, ҳайронман, уруш қилмаса, куни ўтмайдими буларнинг.

– Гапни қотирар экансиз.

– Ўйлаяпмиз. Ўқияпмиз. Деҳқон эмасмиз. Биз механиклармиз. Бироқ деҳқонлар ҳам урушга ишонадиган аҳмоқлардан эмас. Бу уруш ҳамманинг жонига теккан.

– Мамлакатни калтафаҳм, ҳеч нимани тушунмайдиган синф бошқармоқда. Шунинг учун ҳам биз урушиб юрибмиз.

– Улар урушдан яна давлат орттирмоқдалар.

– Кўплари ҳатто бойий олмаяпти, – деди Пассини. – Шунчалар бефаросат улар, қўлларидан бошқа иш келмагани учун шундай қилишмоқда. Тентакликдан.

– Бўлди, бас, – деди Маньера. – Тилимизга жуда эрк бериб юбордик, tеnеntе ҳам хафа бўлиши мумкин.

– Гапимиз унга ёқяпти, – деди Пассини. – Биз уни ўз томонимизга тортамиз.

– Лекин ҳозирчалик етади, – деди Маньера.

– Нима бўлди энди, овқат беришармикан, tеnеntе? – сўради Гавуцци.

– Ҳозир билиб келаман, – дедим мен. Гордини ўрнидан туриб, мен билан чиқди.

– Балки, бирон нарса қилиш керакдир, tеnеntе? Сизга ёрдам беролмайманми? – У тўртовлари ичида энг ювош, индамас одам эди.

– Истасангиз, мен билан юринг, – дедим мен, – нима гаплигини билиб келамиз.

Қоронғи тушиб қолганди, прожекторларнинг узун тиллари тоғлар узра кезарди. Бизнинг фронтда юк машиналарига ўрнатилган каттакон прожекторлар бор эди, гоҳо тунда фронт чизиғи яқинидан ўтилганда, йўлдан чеккада турган мана шундай юк машинасини, прожекторни бошқараётган офицерни, қўрқиб ўтакаси ёрилган гуруҳни кўриш мумкин эди. Биз завод ҳовлисидан ўтиб асосий боғлаш пунктига келдик. Кираверишда тепага шох-шаббалардан чоғроқ чайла ясаб қўйилган эди, тунги шамол қуёшда қуриган баргларни шитирлатарди. Ичкари ёруғ эди. Бош врач яшикда ўтириб телефонда гаплашмоқда. Врачлардан бири менга ҳужум бир соатга кечиктирилганини айтди. У мени коньяк ичишга таклиф қилди. Мен узунчоқ столларни, ёруғда ялтиллаб турган асбобларни, тослар ва пробкалари маҳкамланган шиша идишларни кўздан кечирдим. Гордини орқамда турган эди. Бош врач телефондан бўшади.

– Ҳозир бошланади, – деди у. – Кечиктирмайдиган бўлишибди.

Мен ташқарига қарадим, қоронғи эди, австрис прожекторларининг нурлари бизнинг ортимиздаги тоғларда изғирди. Бир сония жимлик чўкди, сўнг орқамизда турган барча тўп-замбараклардан ўт очилди.

– Савойя, – деди бош врач.

– Овқат қани? – сўрадим мен. У эшитмади. Мен қайтардим.

– Ҳали обкелишгани йўқ.

Катта снаряд учиб ўтиб завод ҳовлисида портлади. Яна биттаси ёрилди, портлаш шовқинида ғишт парчалари ва майда-чуйда нарсалар пастга ёмғирдай ёғилгани эшитилди.

– Еб олишга бирон нарса топиладими?

– Бир озгина pasta asiutta2727
  Макарон овқат (итал.).


[Закрыть]
бор, – деди бош врач.

– Ейдиган бўлса беринг.

Бош врач санитарга нимадир деб айтди, у уйнинг ичкари томонига кириб кетди-да, у ердан совиб қолган макарон овқат солинган металл идиш кўтариб чиқди. Мен уни Гординига бердим.

– Пишлоқ йўқмикан?

Бош врач санитарга тўнғиллаб бир нима деди, у яна ичкарига шўнғиб, чорак доира оқ пишлоқ олиб чиқди.

– Раҳмат, – дедим мен.

– Ҳозир ташқарига чиқмай қўя қолинглар. Ташқарида эшик олдига ниманидир қўйишди. Уни олиб келган санитарлардан бири ичкарига қаради.

– Олиб киринг бу ёққа, – деди бош врач. – Қани, нима бўлди? Нима, ўзимиз чиқиб бу ерга олиб кирайликми, а?

Санитарлар ярадорни қўлтиғи ва оёғидан кўтариб ичкарига олиб киришди.

– Енгини кесинглар, – деди бош врач.

У қўлида бир парча дока ҳамда пинцет ушлаб турган эди. Бошқа икки врач шинелларини ечишди.

– Боринглар, – деди бош врач санитарларга.

– Юринг, tenente, – деди Гордини.

– Ўт очиш тўхтамагунча чиқмасанглар бўларди, – деди бизга қарамасдан бош врач.

– Одамлар очқашган, – дедим мен.

– Хўп, ўзларинг биласизлар.

Заводнинг ҳовлисига чиқа солиб, чопа кетдик. Шундоқ қирғоқда снаряд портлади. Бошқасининг учиб келаётганлигини ёнимизда ёрилмагунча пайқамай қолдик.

Икковимиз ҳам ўзимизни ерга отдик ва тўполонқасирға ичида осколкаларнинг чийиллашини, ғиштларни шатирлаб тушишини эшитдик. Гордини оёққа қалқиб блиндаж томон чопиб кетди. Мен сарғиш чангга беланган пишлоқни кўтариб унинг орқасидан чопдим. Блиндажда учала шофёр ҳамон чекиб ўтиришарди.

– Мана сизга, ватанпарварлар, – дедим мен.

– Машиналар қалай? – сўради Маньера.

– Жойида, – дедим мен.

– Қўрқдингизми, tеnеntе?

– Шундан бўлди, – дедим.

Мен пичоғимни чиқариб, очдим-да, тиғини артиб, пишлоқнинг уст қаватини қириб ташладим. Гавуцци менга макарон солинган тоғорани узатди.

– Сиз бошлаб беринг.

– Йўқ, – дедим мен. – Ерга қўйинг. Биргалашиб еймиз.

– Санчқимиз йўқ.

– Йўқ бўлса бўлар, – дедим инглизчалаб.

Мен пишлоқни бўлак-бўлак қилиб кесиб макароннинг устига ташлаб қўйдим.

– Олинглар, – дедим. Улар яқинроқ сурилишиб, кутиб туришди. Мен макаронга қўлимни тиқиб кўтардим. Қўлимга елимга ўхшаб илашиб чиқди.

– Юқорироқ кўтаринг.

Мен қўлимни елкамга довур кўтарганимдагина макарон тоғорадан узилди. Мен уни оғзимга солдим, кейинги учини лабим билан ушлаб, ичимга тортдимда, чайнай бошладим, кейин бир бўлак пишлоқ олиб, оғзимга солдим, орқасидан вино ҳўпладим. Винодан занг ҳиди келарди. Мен флягани Пассинига бердим.

– Расво, – дедим мен. – Флягада узоқ туриб қолибди. Мен уни машинада ёнимда олиб юрувдим…

Тўртовлари ҳам тоғорага энгашганча, макаронларни сўриб ейишарди. Мен яна оғзимни тўлдириб олдимда, пишлоқдан тишлаб, вино ҳўпладим. Ташқарида нимадир гупиллаб қулади, ер зириллаб кетди.

– Тўрт юз йигирма миллиметрли ёки миномёт, – деди Гавуцци.

– Тоғларда бундай калибрли тўплар бўлмайди, – дедим.

– Уларда Шкода замбараклари бор. Мен снаряднинг чўнқирини кўрдим.

– У уч юз беш миллиметрлиги.

Овқатни давом эттирдик. Йўтал овози эшитилди, паровоз юриб кетгандай вишиллаган товуш чиқди, кейин ерни ларзага солиб портлаш бўлди.

– Блиндаж юзагина экан, – деди Пассини.

– Ана мановиси энди миномёт.

– Рост.

Мен пишлоқдан бир луқма тишлаб, вино ичдим. Шовқин-сурон ичида қулоғимга йўтал овози чалинди, кейин чух-чух-чух-чух, деган овоз эшитилди, сўнг худди домна эшиги очилган каби нимадир ярақлаб кетди, кейин аввал оппоқ, сўнг борган сари қизил тусга кириб, қип-қизил, қип-қизил қуюндай бўлиб ғувиллаш, гумбурлаш садоси келди. Мен нафас олиб кўрай десам, нафас ололмадим, назаримда ўзлигимдан чиқиб, қуюн ичра учиб кетаётгандай, учиб кетаётгандай, учиб кетаётгандай эдим. Бир зумда борлиғим пардай учиб, йўқ бўлиб кетди дедим, ўликдай бўлдим, ўлганингдан кейин ҳеч гап бўлмайди деганлар хато қиладилар, деб ўйладим. Кейин ҳавода суза бошладим, бироқ олдинга эмас, нуқул орқага кетиб қолардим. Сўлиш олдим, шунда мен ўзлигимга қайтганлигимни англадим. Ер титилиб кетганди, шундоқ бошимнинг олдида мажақланган ёғоч тўсин ётарди. Бошим қалтираб турарди, шунда кимнингдир йиғлаётганини эшитдим. Кейин аллаким гўё қичқиргандай бўлди. Мен қимирлай десам, қимир этолмадим. Мен дарёнинг нариги томонида, бутун дарё бўйлаб милтиқ ва пулемётларнинг отишмасини эшитдим. Бир нарса қаттиқ шалоплади ва мен ёритувчи снарядларнинг осмонга учганини кўрдим, улар ёрилиб, ҳамма ёқ сутдай ёриб кетди, ракеталар учди, миналар портлади, мен буларни бир зум ичида кўрдим. Кейин нақ ёнгинамда кимдир: «Mamma mia! O, mamma mia!»2828
  Онажон! (итал.).


[Закрыть]
– деди. Мен ўзимни ҳар томонга уриб, ниҳоят, оёғимни бўшатдим, иккинчи томонга ағдарилиб, инграган кишини пайпаслаб кўрдим. Бу Пассини экан, қўлим тегиши ҳамоноқ у чинқириб юборди. У оёғини мен томонга узатган ҳолда ётарди, ўқтин-ўқтин лип этиб тушган ёруғда унинг тиззадан юқориси мажақланган оёқлари кўринарди. Бир оёғи чўрт узилган эди, иккинчиси эса пайларига ва шимининг увадаларига илиниб турар, дамбадам гўё ўзидан-ўзи лиқир-лиқир қилиб қўярди. У ўз қўлини тишлаб туриб, инграрди: «O, mamma mia, mama mia!» – Кейин: «Dto te Salve, Maria Dio Te Salve Maria»2929
  Худо паноҳ бўлсин, Марям! (итал.).


[Закрыть]

– Ё Исо, тезроқ жонимни ол! Христос, жонимни ол, Мamma mia, mama mia. Ё бокира биби Марям, жонимни ол. Чидолмайман. Чидолмайман. Чидолмайман. Ё Исо, ё биби Марям, чидай олмайман. О-о-о-о! Сўнг: «Мmamma mia, mama mia!» деб хирқиради. Сўнг қўлини тишлаганча жим бўлиб қолди, илиниб турган оёғи эса ҳамон қимирлаб турарди.

– Portaferti! – деб қичқирдим ҳовучимни оғзимга қилиб. – Portaferti!3030
  Замбил (итал.).


[Закрыть]
– Мен Пассинига ёрдам берай деб, уриниб, ўрнимдан жилолмадим. Мен яна ҳаракат қилиб кўрдим, бу сафар оёғим бир оз сурилгандай бўлди. Энди мен тирсагим билан сурила олардим. Пассини жим эди. Унинг ёнига ўтириб, френчимнинг тугмаларини ечдим-да, кўйлагимнинг баридан йиртиб олишга уриндим. Ҳадеганда йиртилавермади, шунда кўйлак четини тишим билан йиртдим. Шунда мен унинг обмоткаси бор эди-ю, деб эсладим. Мен жун пайпоқ кийган эдим, лекин Пассини обмотка ўраб юрарди. Ҳамма шофёрлар шундай қилишарди. Бироқ Пассинининг бир оёғи қолганди. Мен обмотканинг учини топиб, бўшатаётганимда, унинг оёғини боғлаб ўтиришга ҳожат қолмаганлигини, Пассини ўлганлигини кўрдим. Мен ўзимга ишонмай яна қарадим, у чиндан ҳам ўлган эди. Бошқа уч кишига нима бўлганлигини аниқлаш лозим эди. Туриб ўтирдим, шунда миямда худди қўғирчоқнинг кўзи қимирлагандек, бир нарса чайқалиб кетди, кўзимдан ўт чиқди, деб ўйладим. Оёқларим иссиқ ва ҳўл бўлиб қолди, оёқ кийимимнинг ичи ҳам иссиқ ва ҳўл бўлди. Мен ярадор бўлганимни пайқадим, энгашиб, қўлимни тиззамга қўйдим. Тиззам йўқ эди. Қўлим билан пастроқни пайпасладим, тиззам шу ерда эди, айланиб кетганди. Мен қўлимни кўйлагимга артдим, аллақаёқдан яна оппоқ ёруғ қуйилиб кела бошлади, шунда оёғимга қарадим, этим жимирлаб кетди. «Худоё, – дедим, – омон-эсон бу ердан қутқар!» Лекин мен яна уч киши ҳам бўлиши кераклигини билардим. Шофёрлар тўрт киши эди. Пассини ўлди. Уч киши қолади. Аллаким қўлтиғимдан олди, яна кимдир оёғимдан кўтара бошлади.

– Яна уч киши бор эди, – дедим мен. – Биттаси ўлди.

– Мен Маньераман. Биз замбилга боргандик, топмадик. Тузукмисиз, tenente?

– Гордини билан Гавуцци қани?

– Гордини пунктда, ярасини боғлашяпти. Гавуцци оёғингиздан кўтариб турибди. Бўйнимдан ушлаб олинг, tеnеntе. Оғир яраландингизми?

– Оёғимдан. Гординига нима бўлди?

– Арзимаган гап. Мина тушибди. Миномёт снаряди.

– Пассини ҳалок бўлди.

– Ҳа, ҳалок бўлди.

– Ёнгинамизда снаряд портлаб, икковлари ҳам ўзларини ерга отишди, мен йиқилиб тушдим.

– Кечиринг, tеnеntе, – деди Маньера. – Бўйнимдан ушлаб олинг.

– Сиз мени яна ташлаб юборасиз.

– Қўрқиб кетдик.

– Сизлар яраланмадингларми?

– Икковимиз ҳам яраландик, лекин енгил.

– Гордини машина ҳайдай оладими?

– Қийин-ов.

Пунктга боргунча улар мени яна бир марта ташлаб юборишди.

– Аблаҳлар! – дедим.

– Кечиринг, tеnеntе, – деди Маньера. – Бошқа қилмаймиз.

Боғлаш пунктида қоронғи ерда анча ярадорлар ётишарди. Замбил кўтарган санитарлар кириб-чиқиб туришарди. Улар ўтиб кета туриб, дарпардани кўтарганларида, менга ичкаридаги ёруғ кўринарди. Ўликлар бир чеккага қўйилганди. Врачлар енг шимариб ишлашар, қассобга ўхшаб қонга беланишган эди. Зам-бил етишмасди. Баъзи ярадорлар инграшар, лекин кўпчилик жим ётмоқда эди.

Шамол кираверишда эшик соябони устига ташланган шохлардаги япроқларни шитирлатар, совуқ тун ёпирилмоқда эди. Санитарлар тинимсиз келиб туришар, замбилларни ерга қўйиб бўшатишарди-да, яна кетишарди. Пунктга келишимиз биланоқ Маньера фельдшерни бошлаб келди, у оёғимни боғлаб қўйди. Ярангиз тупроқ билан тўлиб кетгандан кам қон йўқотибсиз, деди у менга. Имкон бўлиши билан мени операцияга ётқизишаркан. У пункт биносига кириб кетди. Гордини машина ҳайдолмайди, деди Маньера. Унинг елкаси мажақланган, боши ёрилган. Яра қизиғида оғриғи унча билинмай, ҳозир елкаси оғриқдан қотиб қолибди. Ҳозир анов ғишт деворлардан бирида ўтирибди. Маньера ва Гавуцци ўз машиналарига ярадорларни ортиб жўнашди. Уларга яралари озор бермаётган эди. Иккитадан санитари бор учта инглиз машинаси келди. Менинг олдимга инглиз шофёрларидан бири келди, уни жуда мазаси қочиб қолган, ранги оқариб кетган Гордини бошлаб келди. Шофёр менга томон энгашди:

– Оғир яраландингизми? – сўради у. – Бу баланд бўйли, пўлат кўзойнак таққан киши эди.

– Иккала оёғимдан.

– Хавфли эмасдир, а. Сигарета чекасизми?

– Раҳмат.

– Иккита шофёрдан айрилибсиз, деб эшитдим?

– Ҳа. Биттаси ўлди, иккинчиси – сизни бошлаб келган одам.

– Расво бўлибди. Ёки уларнинг машиналарини биз олиб турайликми?

– Худди шуни сиздан сўрамоқчийдим.

– Бизда улар бузилиб-нетмайди, кейин қайтариб берамиз. Сиз икки юз олтинчидансиз-ку, а?

– Ҳа.

– Ажойиб ерга жойлашгансизлар. Сизни шаҳарда кўрганман. Менга сизни америкалик деб айтишди.

– Шундоқ.

– Мен инглизман.

– Наҳотки?

– Ҳа, инглиз. Сиз италян деб ўйладингизми? Бизнинг бир отрядимизда италянлар ҳам бор.

– Агар машиналаримизни олсангиз жуда соз бўларди, – дедим мен.

– Уларни сизга бузмай-нетмай, қандай бўлса шундай топширамиз. – У қаддини кўтарди. – Шофёрингиз сиз билан келишиб олишимни жуда илтимос қилди. – У Гординининг елкасига уриб қўйди. Гордини сесканиб тушиб, жилмайди. Инглиз италян тилида чала-чулпа сўзлай кетди:

– Бўлди, ҳаммаси жойида. Бошлиғинг tеnеntе билан келишдик. Сизнинг иккала машинангизни оламиз. Энди ташвиш чекмасанг ҳам бўлади. – У сўзини бўлди. – Сизларни бу ердан олиб кетишнинг ҳам йўлини топиш керак. Ҳозир врачлар билан гаплашаман. Кетаётганда сизларни ҳам олиб кетамиз.

У ярадорлар орасидан оҳиста ўтиб, эшикка томон борди. Мен эшикка тутилган кўрпа кўтарилганини, ичкаридаги ёруғни, унинг ичкарига кирганини кўрдим.

– У сизни шундоқ қолдирмайди, tеnеntе, – деди Гордини.

– Ўзингиз қалайсиз, Франко?

– Дуруст.

У ёнимга ўтирди. Шу пайт эшикнинг ёпинғичи кўтарилиб, у ердан иккита санитар билан баланд бўйли инглиз чиқишди. Олдимга келишди.

– Мана америкалик, tеnеntе, – деди у италянчалаб.

– Мен кутиб туришим мумкин, – дедим мен. – Бу ерда мендан кўра оғирроқ ярадорлар бор. Аҳволим унчалик ёмонмас.

– Бўлди, бўлди, – деди у, – ўзингизни қаҳрамон қилиб кўрсатмай қўя қолинг. – Кейин италянчалаб деди: – Секин кўтаринглар, айниқса оёғини. Қаттиқ оғрияпти. Бу президент Вильсоннинг қонуний ўғли.

Улар мени кўтаришиб, пункт ичига олиб киришди. Ҳамма столларда жарроҳлар ишламоқда эди. Кичкина бош врач бизга жаҳл билан ўгирилиб қаради. У мени таниди ва қўлидаги асбобларини силкиб қўйди.

– Ga va bien?3131
  Қалай, дурустми? (франц.).


[Закрыть]

– Ga va.3232
  Дуруст (франц.).


[Закрыть]

– Уни мен олиб келдим, – деди баланд бўйли инглиз италянчалаб. – Америка элчисининг ёлғиз ўғли. Қўлингиз бўшагунча шу ерда ёта турсин. Кейин мен биринчи қатновдаёқ уни олиб келаман. – У мен томонга эгилди. – Мен ҳужжатларингизни тўғрилашга бораман, шунда иш тезроқ кўчади. – У эшикдан энгашиб чиқиб кетди. Бош врач қисқичларни бўшатиб, тосга ташлади. Мен унинг ҳаракатларини кузатиб ётардим. Энди у боғлай бошлади. Кейин санитарлар ярадорни столдан олишди.

– Америкалик tеnentени менга беринглар, – деди врачлардан бири.

Мени кўтариб столга олдилар. Стол қаттиқ ва сирғанчиқ эди. Ҳаво турли-туман ўткир ҳидларга тўла эди, дориларнинг ачимсиқ ҳиди, чучук қон иси келарди. Шимимни ечиб олишди, врач қўли ишдан бўшамай, айни чоқда фельдшер-ассистентга ёздира кетди:

– Чап ва ўнг сони, чап ва ўнг тиззаси, ўнг товонининг юза қисми яраланган ва шилинган. Ўнг тиззаси ва товонининг яраси чуқур. Бошида йиртма яралар бор (у зонд қўйиб кўрди: «Оғрияптими?» – «О-о-о, ярамас! Ҳа!»), бош суяги дарз кетган бўлиши эҳтимол. Жанговар вазиятда яраланган. Шундай десак, жуда бўлмаганда сизни жўрттага ўзини майиб қилган, деб дала судига беришмайди-ку, – деди у. – Бир қултум коньяк ичасизми? Қандай қилиб бу аҳволга тушдингиз? Ўзингизни ўлдирмоқчи бўлдингизми ё? Менга кўкшолга қарши дорини беринг-да, карточкасида иккала оёғини белгилаб қўйинг. Хўп, раҳмат. Ҳозир мен сал тозалаб юваман-да, боғлаб қўяман. Қонингиз тез қотар экан.

Ассистент қоғоздан бошини кўтариб, сўради:

– Нимадан яраланган?

Врач:

– Нима қилиб яраландингиз?

Мен кўзимни юмиб ётарканман, дедим:

– Мина тегди.

Ярамни азоб бериб ковлаётган врач теримни кеса туриб деди:

– Ростданми?

Индамай туриб беришга уриниб, тиғ баданимни тилганда қорнимда қалтироқ турганини сезганча, дедим:

– Ростдан, шекилли.

Врач қизиқарли бир нарса топди, шекилли, деди:

– Душман миналарининг парчаси. Хоҳласангиз, мен зонд қўйиб бу томонни ҳам текшираман, лекин бунинг кераги йўқ. Энди мен бу ерга дори суркаб қўяман ва… Нима, куйдиряптими? Буниси ҳолва. Ҳамма ҳунарини кейин кўрсатади. Ҳали оғриқ бошлангани йўқ. Унга коньяк беринг. Лат еганда оғриқ ўлгандай бўлади. Аммо барибир қўрқинчли ҳеч нима йўқ. Заҳарланиш рўй бермаса бўлгани, ҳозир бу ҳам кам учрайди. Бошингиз қалай?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 4 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации