Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"
Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 14 страниц)
Ишқи Юсуф жумла оламга ҳаром…
ҲИКОЯТ
ЯЪҚУБНИНГ ЎҒЛИГА МУҲАББАТИ
Баски Яъқуб бўлди Юсуфдин жудо,
Бебасар бўлди, фироқ ичра адо87.
Кўздин оқди қонли ёши, тинмади,
Ҳар замон айтар сўзи Юсуф эди.
1050 Келди Жаброил, деди Ҳақ амрини:
Тилга олсанг қайта Юсуф исмини,
Маҳв этгаймиз азиз жонингни, ҳай,
Анбиёлар ичра номинг бўлмагай.
Эгди Яъқуб бошини, дам урмади,
Юсуф исмин тилга у келтирмади.
Қўйди тилдин, чунки бор эрди ваҳим,
Лекин ул жон ичра эрди мустақим.
Бир кеча туш кўрди Яъқуб ўғлини,
Қўлни чўзди, чорламоқ бўлди уни.
1055 Эслади лек амри Ҳақни шул шамон,
Ҳушни жамлаб, ўзни тийди ул ҳамон.
Тоқати тоқ бўлди аммо, чун адо,
Ногаҳон оқ чекди ўтлиғ, дардли оҳ…
Уйқудин уйғонди, турди ўрнидан,
Жабраил юзланди амри Ҳақ билан.
Гарчи сен Юсуфни тилга олмадинг,
Не эди ул хўрсиниб, оҳ урганинг?
Оҳ уриб, кўнгилда зикр этдинг уни,
Бас, ҳақиқат улки, буздинг тавбани.
1060 Айтмиш эрдик, исмидин дам урма деб,
Топшир Оллоҳга уни, қайғурма деб.
Ишқбозлик, боқ, не ғавғо келтирур,
Ақлу ҳуш бошига савдо келтирур.
ҚУШЛАРНИНГ УЗР СЎРАШГАНИ
Бошқа қушлар ҳам келиб чун галма-гал,
Бўйлаким бир узру маъзур айтдилар.
Ҳар бири андоқ жаҳолатманд эди,
Айтди ул даҳлизни, тўрни айтмади.
Сўйласам, бир-бир баён этсам ани,
Гап чўзилгай, баски маъзур тут мени.
1065 Улки ул узру баҳона айлагай,
Бас, нетиб боргай-да, анқо овлагай?
Жондин истарса, бўлур анқога ёр,
Кимки кечгай жонидин мардонавор.
Ошиёни ичра ўттиз дони йўқ,
Симурғ изларму? Бунинг имкони йўқ.
Битта дон излашга етмас ҳафсала,
Қайда юзлашмоққа куч Симурғ ила?
Бир қадаҳ май бирла битгай суҳбатинг,
Қайда ул майпаҳлавон-ла ишратинг?
1070 Заррага йўқ сенда зарра сабру тоб,
Қайда сенга васли ганжи офтоб?
Ғарқ бўлурсен қатрайи шабнамда хор,
Бас, нетиб денгиз тиларсен беканор?
Борни йўқ дерсан магарким, ёзни қиш,
Ҳар ювиқсизнинг иши эрмас бу иш…
УЧИНЧИ МАҚОЛА
ҚУШЛАРНИНГ ҲУДҲУДДАН САВОЛ
СЎРАШГАНИ
Жумла қушлар кўрдилар не эрди ҳол,
Сўрдилар ул барча Ҳудҳуддин савол.
Эйки бизга раҳбари устоз ўзинг,
Балки сарварликда ҳам мумтоз ўзинг,
1075 Биз ҳама бундоқ заифу нотавон,
Қўл-қанотсиз, бир ҳовуч пар, хаста жон.
Не замон етгаймиз ул Симурғга чун,
Биттамиз етсак-да басдир биз учун.
Сўйла бизга не эрур нисбатда ул,
Кўр киши асрорни қандоқ излаюр?
Бизда мавжуд эрса гар нисбат анга,
Кўнглимизда қўзғалур рағбат анга.
Ул Сулаймон, биз чумоли, майдамиз,
Сол назар, ул қайдаю биз қайдамиз?
1080 Чун қудуқ банди чумолига тўсиқ,
Биз баланд Симурғга етгаймиз нечук?
Келмагай биз бенаволардин бу иш,
Бўлмагай шоҳлик гадолик бирла эш.
ҲУДҲУДНИНГ ҚУШЛАРГА ЖАВОБ
БЕРГАНИ
Айтди Ҳудҳуд: эй қуруқ, афтодалар,
Ул бузуқ дилларга ишқдин не самар?
Эй гадолар, бесамарлик энди бас,
Ишқ ила кўнгли бузуқлик мос эмас.
Ишқ аро ким кўз очиб, топди сурур,
Ул оёғин ўйнатиб, жонбоз эрур.
1085 Билки, ул Симурғ очиб юздин ниқоб,
Ўзни гар этса аён чун офтоб,
Соялар бўлгай бари тупроққа жо,
Сояйи Симурғ қолур майдон аро.
Соясин оламга ул этгач нисор,
Неча қуш ҳар дам бўлурлар ошкор.
Жумла қушлар сувратин ҳам сарбасар
Сояйи Симурғ бил, эй бехабар.
Сен шуни бил аввало, шу билганинг
Ул буюк ҳазратга юзни бурганинг.
1090 Сўнгра огоҳ бўлгани этгил талош,
Баски бўлдинг, айлама бу сирни фош.
Кимки Ул бўлди, чу мустағрақ эрур,
Хошааллоҳ, унга ҳамдам Ҳақ эрур.
Шунга етсанг, гар эмассен ҳақ мудом,
Лек бўлурсен Ҳаққа мустағрақ мудом.
Марди мустағрақ ҳулулий бўлмағай,
Бул сухан қавли Фузулий бўлмагай.
Сояйи кимсен, шуни билдингми бот,
Гар ўликсен, гар тирик, топдинг нажот.
1095 Бўлмасайди гар Симурғ ошкор,
Даҳр аро қайдин бўлурди соявор?
Боз агар Симурғ бўлсайди ниҳон,
Соясин кўрмасди ҳар гиз бул жаҳон.
Ҳар неким солгай кўланка бунда ул,
Аввало бўлгай ҳувайдо унда ул.
Йўқса гар Симурғни кўргувчи кўзинг,
Кўзгудек равшан дилинг йўқ, юлдузинг.
Кимсада кўз йўкки, кўрса ул нигор,
Ки жамоли олди бул сабру қарор.
1100 Ҳуснига ишқ бойламак мушкул эрур,
Айламиш лутфу камолин кўзгу ул.
Кўзгу кўнгилдир, кўнгилга сол назар,
Токи кўргайсен жамолин, эй башар.
ҲИКОЯТ
ПОДШОНИНГ ОЙНАБАНД ҚАСР
ҚУРГАНИ
Подшоҳ бор эрди чун соҳибжамол,
Ҳусни дунё ичра андоқ бемисол.
Мулки олам мусҳафи оёт анга,
Дилраболик парчами роёт анга.
Субҳи содиқ – чеҳрасидин бир нишон,
Руҳи қуддус – атридин анбарфишон.
1105 Жаннатул маъво унинг тимсоли, бас,
Ҳуснидин бир нусха эрди, бошқамас.
Лек бирор кимса жаҳонда бормикан
Ки ўшал ҳусну жамолдин баҳраманд?
Даҳр аро андин басе ғавғо эди,
Ишқидин эл бошида савдо эди.
Отланиб гоҳо чиқар эрди шитоб,
Юзига тортиб неча гулгун ниқоб.
Ул ниқобга кимса гар солса нигоҳ,
Бошидин ажрарди, гарчи бегуноҳ.
1110 Номини гар тилга олса қай бири,
Тонг эмас, дарҳол кесилгайди тили.
Васлини ким айлар эрса орзу,
Ақлу жонидин жудо бўлгайди у.
Ишқида жон бермоқ эрди мўътабар,
Юз умрдин яхшироқ эрди ўшал.
Ҳар куни кўйида минглаб жон нисор,
Бўйла ишқ эрди жаҳонда, бўйла кор.
Ишқида на сабру бардош бир даме,
Кўйида на тобу тоқатдин ғаме.
1115 Ким унинг кўрса жамолин ошкор,
Жон берар эрди соғинчдин зор-зор.
Бесабр эрди улус васлин сўраб,
На висоли, на фироқига, ажаб.
Гар бири сабр айласайди бир замон,
Шоҳ анга айлар эди васлин аён.
Лек бирида тобу тоқат йўқ эди,
Кутгали сабру қаноат йўқ эди.
Бўлмади бир кимса чун марди анинг,
Жон берарди, кўнглида дарди анинг.
1120 Ойина қурмоққа фармон берди шоҳ,
Токи ҳар дам унга солгай ул нигоҳ.
Шоҳни деб кошона бунёд этдилар,
Сўнгра ул ойинани ўрнатдилар.
Киргай эрди ул қасрга подшоҳ,
Ойина сорига ташларди нигоҳ.
Чеҳраси ойинада порлаб чунон,
Ҳар киши андин топар эрди нишон.
Сенда гар эрса жамоли ёри дўст,
Билки, дил – ойинайи дийдори дўст.
1125 Сен кўнгилга боқ, жамолин кўр анинг,
Жонни эт кўзгу, жалолин кўр анинг.
Подшоҳнинг маскани қасри жалол,
Нур таратгай унда офтоби жамол.
Ҳар кўнгил сори эрур подшоҳга йўл,
Лек топилмас ҳеч дили гумроҳга йўл.
Ул буюк шоҳингни сен кўнгилда кўр,
Аршни бир заррайи ҳосилда кўр.
Ҳар либоским, дашту саҳрода гўзал,
Соядир, солмиш уни Симурғ тугал.
1130 Сенга гар Симурғ кўрсатса жамол,
Соясин Симурғ деб айтгил бемалол.
Гар ҳама чил мурғу гар си мурғ эрур,
Неча кўрдим, сояйи Симурғ эрур88.
Бўлмагай ул соя Симурғдин жудо,
Гар жудо дерсан уни, эрмас раво.
Иккиси пайвастадир, боз излагил,
Соядин кечгил, асл роз излагил.
Гар сени йўк этса, ютса соя ул,
Қайда Симурғдин сенга сармоя ул?
1135 Гар сенга эшик очилса, бас, шу тоб,
Сояда балқиб кўрингай офтоб.
Соя офтобда йўқолгайдир тамом,
Сен басе офтоб кўрарсен, вассалом.
ҲИКОЯТ
ИСКАНДАРНИНГ БИР МАМЛАКАТГА
ЭЛЧИ БЎЛИБ БОРГАНИ
Бор эди Искандари соҳиб қабул,
Бир томон элчи юбормоқ бўлди ул.
Ўзни элчи сайлабон шоҳи жаҳон,
Тўн кийиб чун йўлга тушди ул ниҳон.
Не ажиб сўзларни унда сўйлади,
Деди: Искандар буни амр айлади.
1140 Элчиким ул сўйлади ёлғону чин,
Билмади бир кимса Искандарлигин.
Йўқ эди ҳеч кимда Искандар кўзи,
Ким ишонгай эрди айтса гар ўзи?
Ҳар кўнгилдин шоҳ сари бир роҳ эрур,
Бехабардир, улки дилгумроҳ эрур.
Эрмасанг гар уйда, шоҳ бегонадир,
Чекма ғам, кир уйга, ул ҳамхонадир…
СУЛТОН МАҲМУД ВА АЁЗ ҲИКОЯТИ
Кўз тегиб, оғриб, ётиб қолди Аёз,
Ул сабаб шоҳдин йироқ тушди бир оз.
1145 Дард ила чун хастаю зор бўлди ул,
Бош қўйиб болишга, бемор бўлди ул.
Бу хабар Маҳмудга етди бир замон,
Маҳрамин чорлаб, буюрди ул ҳамон.
Дедиким, боргил Аёзга ҳозироқ,
Айт анга, эй сенки подшодин йироқ,
Гарчи мен ҳам чун йироқдирмен бугун,
Ўртаниб, дардингни тортармен бутун.
Ҳар сафар беморлигингни ўйласам,
Билмадим, сен хастаму, мен хастамен?
1150 Гар таним сендин йироқдир бул нафас,
Жони муштоқим сенинг ёнингда, бас.
Иштиёқинг тортамен, малҳам ўзинг,
Бир замон айру эмас, ҳамдам ўзинг.
Ул ёмон кўз ранжу озор айламиш,
Сен каби барнони бемор айламиш…
Боз дедиким, йўлга тушгил зуд-зуд,
Ўт бўлиб боргил-да, қайтгил мисли дуд.
Йўлда ҳеч тайсаллама, амримни эт,
Ел бўлиб, чақмоқ бўлиб манзилга ет.
1155 Судралиб этсанг агар фурсатни хор,
Икки оламни этармиз сенга тор…
Тушди йўлга шўрлик ул маҳрам шу тоб,
Ел бўлиб манзилга ҳам етди шитоб.
Кўрдиким, ул ерда султон ўлтирур,
Қолди чун ваҳму аросат ичра ул.
Ларза тушди, жисму жони титради,
Ўйлаким, дарду балога учради.
Деди: шоҳга гар кўринсам бул замон,
Ул тўкар қонимни, қўймас ҳеч омон.
1160 Ичди онт, мен йўлда ташларкан қадам,
Турмадим, ўлтирмадим бир лаҳза ҳам.
Етмагай ақлим, нетиб манзилга то
Мендин олдин чун етишмиш подшоҳ?
Гар ишонсин шоҳ, агар этсин гумон,
Зарра айбим бўлса, кофирмен ҳамон…
Шоҳ дедиким, маҳрам эрмассен анга,
Чун етишмоқликка йўл бўлсин сенга.
Ул сари пинҳона йўл бор менга, бас,
Ундан айру мен туролмам бир нафас.
1165 Мен ўшал йўл бирла келгум ҳар замон,
Бир киши билмас буни, кўздин ниҳон.
Ўртада пинҳона йўллар оз эмас,
Жон аро чун рози диллар оз эмас.
Сир тутармен рози пинҳоним менинг,
Унга ҳамдамдир мудом жоним менинг.
Зоҳиран истаб хабар, дилхоҳи мен,
Аслида ҳар дам унинг огоҳимен…
ТЎРТИНЧИ МАҚОЛА
ҚУШЛАРНИНГ ҲУДҲУДДАН ЯНА САВОЛ
СЎРАШГАНИ
Чун ҳама қушлар эшитди бул сухан,
Билдилар, не эрмиш асрори кўҳан89.
1170 Жумла ул Симурғга нисбат топдилар,
Ҳам ўшал асрорга рағбат топдилар.
Ул Сухан боис ҳама боз келдилар,
Жумла ҳамдарду ҳамовоз келдилар.
Бўлди Ҳудҳуд бирла суҳбатлар басе,
Йўлни билмас эрди андин ўзгаси.
Сўрдилар андинки, устоди буюк,
Бул машаққат йўлни ошгаймиз нечук?
Бизда парвоз йўқ баланд, олий мақом,
Бул йўсин манзилга етгаймиз қачон?
1175 Ҳудҳуди раҳбар деди қушларга, бас:
Ошиқ ўлган кимса жонни ўйламас…
ҲУДҲУДНИНГ ҚУШЛАРГА ЖАВОБ
БЕРГАНИ
Хоҳи зоҳид бўл ва ё фосиқ ўзинг,
Жонни тарк этсанг агар, ошиқ ўзинг.
Ўйлаким, жонингга душмандир кўнгил,
Жонни топширсанг, етар поёнга йўл.
Садди роҳдир жон, жон ийсор қил90,
Пардани от, ёр ила дийдор қил.
Десалар гар сенга: ҳой, иймонни қўй,
Ҳам хитоб айлаб дейишса: жонни қўй,
1180 Қўй уларни, сен ҳамон тарк айлагил,
Тарки иймон айла, он тарк айлагил.
Сўрсалар: бас, не эмиш ондин азиз?
Сен дегил: ишқ куфру иймондин азиз.
Куфру иймон бирла ишқнинг не иши?
Ул тану жон бирла ишқнинг не иши?
Ошиқ улким, ўт урар хирмонга ул,
Танга ўт ургай ва ургай жонга ул.
Дарду хуни дил эмишдир ишқ аро,
Қиссайи мушкул эмишдир ишқ аро.
1185 Соқиё, хуни жигардин жом тут,
Йўқса дардинг, биздин ол, пайғом тут.
Дард керак ошиққа чун ёндиргучи,
Гоҳ ёқиб ўтлар, гаҳи сўндиргучи.
Заррайи ишқ барча офоқдин азиз,
Заррайи дард барча ушшоқдин азиз.
Ишқ – мағзи коинот эрмиш мудом,
Ишқки бедард эрса, ноқисдир тамом.
Олами қудсийда дарддин гард йўқ,
Одамийдин ўзгасида дард йўқ.
1190 Кимки эрмиш ишқ аро собит қадам,
Ул куфрдин холидир, исломданам.
Ишқ фақирлик эшигин очгувчи ул,
Сўнг фақирликдин куфрлик сори йўл.
Ишқу кофирлик аро эшлик эрур,
Чун куфрлик – мағзи дарвешлик эрур.
Ишқ аро ул куфру иймон қолмагай,
Тан ила кўнгил кетиб, жон қолмагай.
Мард бўлурсен унда андоқ кор учун,
Мард керак бул шева, бул асрор учун.
1195 Бос қадам, бўл марди майдон, қўрқмагил,
Бир йўла қўй куфру иймон, қўрқмагил.
Мунча қўрқарсен мисоли бир гўдак,
Шер бўлиб майдонга тушмоғинг керак.
Юз бало юзланса сенга ногаҳон,
Этма парво, йўл босиб, ошгил довон…
ШАЙХ САНЪОН ҚИССАСИ
Шайх Санъон қутби даврон эрди, пир,
Ҳам камолу ҳам адода беназир.
Пири комил эрди эллик йил фаол,
Измида тўрт юз мурид соҳиб камол.
1200 Ҳар муриди эрди андоқ аржманд,
Кеча-кундуз бас риёзат бирла банд.
Шайх чун илму амалга ёр эди,
Соҳиби кашф, соҳиби асрор эди.
Ҳажни эллик бир адо этмишди ул,
Ҳар йили умра бажо этмишди ул.
Айлаган рўза, намози лак-лак91,
Айламас эрди сира суннатни тарк.
Неча пешволар келарди қошига,
Бош эгиб, парвона эрди бошига.
1205 Қилни қирқ ёргувчи эрди, маънавий,
Ҳам каромат, ҳам мақомотда қавий.
Хасталар тутгай эди навбат анга,
Дам, нафас урса, етиб сиҳҳат анга.
Халқ била шодликда ҳам, қайғуда ҳам,
Муқтадо эрди, азизу муҳтарам.
Пир эди чун ўзгалар ўтрусида,
Бир кеча туш кўрди ул уйқусида.
Ҳижрат айлаб, Румни этмишди ватан,
Саждалар айларди бутга дамба-дам.
1210 Бўйлаким туш кўрди бедори жаҳон,
Эй дариғо, деб ҳамон чекди фиғон.
Йўл бориб етди тўсиққа, турди, бас,
Юсуфи тавфиқ қудуққа тушди, бас.
Бу балодин жонни сақлармиз нечук?
Жон бериб, иймонни сақлармиз нечук?
Йўк магар мулки жаҳонда бир киши,
Бўйлаким мушкулда қолгайдир иши…
Гар тўсиқдин ошса, йўқ эрди гумон,
Йўл очилгайди анга равшан, равон.
1215 Ошмайин, қолса тўсиқ ортида чун,
Йўл машаққат ичра кечгайди узун.
Охир ул алломайи равшан сиришт
Дедиким, бошимга андоқ тушди иш.
Мулки Рум сорига зуд бормоқ керак,
Не эмиш туш таъбири, кўрмоқ керак.
Тўрт юз дарвешки, марди мўътабар
Бўлдилар ул пирга ҳамроҳ, ҳамсафар.
Бордилар чун Каъбадин то мулки Рум,
Кездилар ҳар неки маъво, улки Рум.
1220 Кўрдилар ногоҳ музайян кўшки нур,
Панжара ортида бир қиз ўлтирур.
Шўхи тарсо эрди, руҳоний сифат,
Дилда Руҳиллоҳ сабаб юз маърифат.
Чун ҳусн офтоби ичра ул жамол
Офтоб эрди ва лекин безавол.
Офтоб ул ҳусни тарсони кўриб,
Рашк аро қолмиш фалакда сарғайиб.
Ким унинг зулфига кўнгил бойлагай,
Ўзни зуннорга гирифтор айлагай.
1225 Жон дебон ким лаъли гулрангни суяр,
Кўйига қуймас оёғин, бош қўяр.
Зулфи атридин сабо мушкин бўлиб,
Аҳли Рум саргашталикда Чин бўлиб,
Кўзлари чун фитнайи ушшоқ эди,
Қошлари мисли камони тоқ эди.
Бир қиёлаб боқса ошиқ жонига,
Ошиқ ул тушгайди ғамза домига.
Ой юзин ҳар лаҳза кўрсам, дерди халқ,
Ул камон қошларга тутқин эрди халқ.
1230 Ўйнатиб кўз мардумин, боқса хумор,
Неча минг мардум анга эрди шикор.
Сочи, зуфи шуълага уйқаш эди,
Зулф аро гул юзлари оташ эди.
Лаълига лабташна эрди эл бари,
Наргиси мастида мижгон ханжари.
Ким унинг наргис кўзига ўч эди,
Ҳанжари мижгонларига дуч эди.
Оғзига йўл топмас эрди сўз магар,
Сўйлаганлар эрди андин бехабар.
1235 Тор даҳони эрди асрори анинг,
Зулфидек белида зуннори анинг.
Ҳам занахдонида кулгич чоҳи, бас,
Сўзлари жонбахш эди, Исонафас.
Неча минг ошиқ кўнгиллар ғарқи хун,
Кулгичи чоҳига тушмиш сарнигун.
Чеҳраси эрди мунаввар офтоб,
Тимқаро сочлар анга эрди ниқоб.
Чекди қиз юздин ниқобин ногаҳон,
Шайх жонига туташди ўт ҳамон.
1240 Очди қиз, кўрсатди гул рухсорни,
Бойлади шайх белга юз зуннорни.
Гарчи шайхга оқибат маълум эди,
Лек санам ишқига ул таслим эди.
Кечди ўздин, этди дунёни унут,
Гарчи оташ эрди, доғи урди ўт.
Борлиғи ўртанди, ёнди, бўлди кул,
Қолди оташлар, тутунлар ичра ул.
Ишқи тарсо этди ғорат жонини,
Куфру савдо чирмади иймонини.
1245 Берди иймон, олди тарсоликни ул,
Сотди уқбо, тутди расволикни ул.
Жону дилни этди забт ишқи санам,
Жонидин тўйди, яна кўнгилданам.
Дедиким, ишқ кетса, унда не қолур?
Шўхи тарсо севгиси мушкул эрур…
Чун муридлар кўрдилар, шайх эрди зор,
Билдилар, бошида не савдоси бор.
Бас, боқиб ҳолига ҳайрон бўлдилар,
Бош эгиб, кўйида сарсон бўлдилар.
1250 Панд-насиҳат этдилар, келди малол,
Иш бўлиб ўтганди, қайтармоқ маҳол.
Панд бор, тинглашга имкон йўқ эди,
Чунки дард бор эрди, дармон йўқ эди.
Ошиғи шайдога имкон қайда бор?
Дарди дармонсўзга дармон қайда бор?
Чун қоронғу тушди, тун чўкди қаро,
Бўлди ғойиб ул санам зулмат аро.
Қолмади хуршиду кундуздин висол,
Шайх боқиб айвонга эрди гангу лол.
1255 Ёнди юлдузлар фалакда дамба-дам,
Ёқди пирнинг қалбини ҳажру алам.
Шул кеча бир ишқи бўлди юз магар,
Кечди буткул, қолмади ўздин асар.
Кечди жондин, кечди оламдин тамом,
Сочди тупроқ бошига, чекди фиғон.
Билмади бир лаҳза орому қарор,
Ишқидин ўртанди, куйди зор-зор.
Дерди: ё Раб, бул кечамнинг тонги йўқ,
Шамъи гардуннинг зиёси, ранги йўқ.
1260 Тунларим кечди риёзат ичраким,
Бўйла бир тунни ва лекин кўрмадим.
Шамъ каби ёндим, мадорим қолмади,
Хуни дилдин ўзга борим қолмади.
Бул ҳароратлар чу ўлдиргай мени,
Тун ёқиб, тонг бирла сўндиргай мени.
Тун бўйи бундоқ шабохун ичрамен,
Бошдин охир ғарқайи хун ичрамен.
Дуч келиб юз бир шабохунга ўзим,
Билмадим, қандоқ кечаркин кундузим?
1265 Улки бундоқ бир кеча кун кўргуси,
Кеча-кундуз ёнгуси, ўртангуси.
Кеча-кундуз ёндим, ўртандим неча,
Кундузимга етдим охир бул кеча.
Келмадим дунёга қай бир кунни деб,
Мен яралмишмен шу ялдо тунни деб.
Бўйла бир туннинг адоғи бормикин?
Порлаган шамъи чароғи бормикан?
Ё Раб, андоқким аломатларда ул,
Ёки айёми қиёматдирми бул?
1270 Ёки оҳимдин ўчиб гардун шами,
Дилбарим чекди уятдин пардани?
Тун қаро, ўхшайди зулфи мўйига,
Йўқса, йўл излаб топардим кўйига.
Ёндирур жонимни бул садвойи ишқ,
Тоқатим олмиш басе ғавғойи ишқ.
Борми умрим, васфи жонон айласам,
Ахтариб бахтимни афғон айласам?
Борми сабрим, то йиғиб мен ақлу ҳуш,
Этсам ул жоми майидин ноби нўш?
1275 Борми бахтим, токи уйғотсам уни,
Ишқ аро жонимга ёр этсам уни?
Борми ақлим, илм пайдо этгали,
Илму фандин ўзни доно этгали?
Қўл қани, бошимга тупроқлар сочай,
Ё узиб бошимни ердин, кўз очай?
Эй оёғим борми, борсам сорига?
Кўз қани, боқсам унинг дийдорига?
Ёр қани, дардимга бўлса малҳаме,
Дўст қани, тутса қўлимдин бир даме?
1280 Кун қани, то нолайу зорлиқ қилай?
Ҳуш қани, то сози ҳушёрлиқ қилай?
Кетди ақлим, кетди сабрим, кетди ёр,
Бул нечук дарддир, нечук ишқи нигор?
Дўсту ёрлар ул кеча жам бўлдилар,
Оҳ чекаркан, бошидин эврилдилар.
Бир аниси деди: эй шайхи кабир,
Чекма бу садвони, ювгил, ташлагил.
Шайх дедиким, бул кеча хуни жигар
Неча бор ювди мени, эй бехабар.
1285 Қай бири сўрдики, тасбиҳинг қани?
Иш битарму қўлга олмасдин ани?
Шайх дедиким, мен уни тарк айладим,
Ташладим тасбиҳни, зуннор бойладим.
Бошқаси дедики, эй пири жамил,
Чун хато қилдинг, хатога тавба қил.
Деди: қилдим тавба, йўқ номусу ҳол,
Кетди шайхлик, кетди барча қилу қол.
Қай бири дедики, эй донойи роз,
Эс-ҳушингни йиғ бу дам, этгил намоз.
1290 Деди: қайда васли ёр, меҳроб этай,
Бўлмаса васли, намозни мен нетай?
Ўзгаси дедики, шайхи мўминин,
Бор-да, хилват тут, Худойингга сиғин.
Деди: гар қаршимда бўлсайди санам,
Саждалар айлардим унга дамба-дам.
Сўрдиким, йўқми пушаймонлик сенга?
Бир нафас дарди мусулмонлик сенга?
Шайх дедиким, мен пушаймонмен бари,
Нега ошиқ бўлмадим деб илгари.
1295 Деди: шайтон йўлдин оздирмиш сени,
Найзасин отмиш сенга деви дани.
Шайх дедиким, айт, яна отсин ўшал,
Найзаси кўксимга ботмоғи гўзал.
Айтдилар: ҳолингни кўрган жумла эл,
Шайх нечун бормиш бу гумроҳликка дер.
Деди: менда ор-номус найласин,
Тош отиб, буткул ушатдим шишасин.
Айтдиларким, дўсту ёрлар, эй имом,
Маъюсу дилпорадирлар бул замон.
1300 Деди: менга ул санам хуш бўлса, бас,
Бу кўнгил ғайрига парво айламас.
Айтдилар: юр энди, турдик биз неча,
Каъба сорига борайлик бул кеча.
Дедиким, йўк эрса Каъба, дайр бас,
Каъбада ҳушёрмену дайр ичра маст.
Айтдилар: тур энди, тутгил азми роҳ,
Масжиди аҳромда сўр узри гуноҳ.
Деди: мен узримни айтгумдир куйиб,
Ул пари остонасига бош қўйиб.
1305 Айтдилар: йўл узра дўзах бор, бироқ.
Кимки огаҳдир, ўшал ўтдин йироқ.
Деди: дўзах эрса ҳамроҳим менинг,
Етти дўзахни ёқар оҳим менинг.
Айтдилар: жаннат умидин тут мақом,
Тавба қил, кеч бул маломатдин тамом.
Деди: жаннат юзли ёрим менга бас,
Жаннатул маъвони этмасмен ҳавас.
Айтдилар: ҳой, Ҳақ таолодин уял,
Ҳақ яратмиш аҳли дунёдин уял.
1310 Деди: бул оташга солган Ҳаққи рост,
Ўз-ўзимни мен нечук этгум халос?
Айтдилар: роҳатда сокин бўл яна,
Юз буриб иймонга, мўмин бўл яна.
Дедиким, куфримни вайрон истама,
Кимки кофир, андин иймон истама..
Кўрдиларким, сўз анга кор айламас,
Бўлдилар ул барча маъюс, дилшикаст.
Ўртаниб андоқ юраклар бўлди қон,
Парда ортидин не келгайдир, дебон…
1315 Келди кундуз турки, ул зарин кулоҳ,
Этди тун ҳиндусини бошдин жудо.
Тонг отиб чун бул жаҳони пурғурур
Бошига кўкдин қуёш сочганда нур.
Шайхи шайдо юрди боз ёр сўйига,
Итлари кезгувчи жонон кўйига.
Кўйининг тупроғига ўлтирди ул,
Ёрини кўрганда гўё ўлди ул.
1320 Кутди ул бир ойча шундоқ интизор,
Ул санамнинг ой юзин кўрмоққа зор.
Бўлди бемор гарчи ул жононадин,
Бошини ҳеч узмади остонадин.
Бўлди тўшак ул кўйи жононаси,
Кечалар болиш анга остонаси.
Этмади тарк ул кўйи дилдорни,
Оқибат қиз билди бул асрорни.
Келди ногоҳ, сўрди шайхдин ул нигор,
Не сабабдин бўйлаким сен беқарор?
1325 Ширк шаробини ичиб зоҳид, бас,
Ўлтурур тарсо кўйида бўйла маст?
Шайх агар зулфимга пайваст этса жон,
Ҳар замон девона бўлгай бегумон…
Шайх деди: ҳолим забундир ул қадар,
Бул қадар кўнглимни олгансен магар.
Бер менга кўнглимни, ҳамроз айлама,
Ёки ҳамдам бўл менга, ноз айлама.
Эй санам, нозу такаббурликни қўй,
Бир ғарибдирмен, менинг ҳолимга куй.
1330 Сарсари эрмас бу ишқим, эй нигор,
Жоним ол ё эт менга лутфингни ёр.
Мен берай жонимни, фармон айласанг,
Ол лабимдин, хоҳиши жон айласанг.
Эй лабу зулфинг зиёну суд менга,
Ой юзинг ул мақсади мақсуд менга.
Гоҳи зулфингдек мени тоб этмагил,
Гоҳ кўзингдек масту пурхоб этмагил.
Маъюсу дилпорамен ишқинг била,
Бедилу бечорамен ишқинг била.
1335 Жонни мен сотдим, жаҳон ҳам менга йўк,
Лек сенинг ишқингда ҳамёним қуруқ.
Сендин айру кўзда ёшим шашқатор,
Мисли ёмғир ёш тўкармен зор-зор.
Кетди кўнглим, қолди кўз мотам аро,
Гул юзинг кўргач, кўмилди ғам аро.
Унча ғам кўрдимки, кимса кўрмади,
Унча дард чекдимки, кимса чекмади.
Хуни дилдин ўзга не ҳосил менга,
Хуни дил ичмоққа қайда дил менга?
1340 Раҳм қил, мискинни мундоқ ўртама,
Солма шу жонимга қийноқ, ўртама.
Рўзгорим кечди бундоқ интизор,
Етсам ул васлингга, топгум рўзгор.
Ҳар кеча жон бирла ҳамрозмен фақат,
Ўлтириб кўйингда жонбозмен фақат.
Изларингга юз суриб, мен жон берай,
Жонни тупроқ нархида арзон берай.
Неча дерман ёлвориб, ҳамроз, қил,
Оч эшикни, бир нафас дамсоз қил.
1345 Офтобимсен, йироқ юргум нечук?
Соямен, сендин йироқ тургум нечук?
Соядек этмиш агарчи изтироб,
Панжаранг ўтрусида мен – офтоб.
Гар юзинг мендин дариғ тутсанг, нигор,
Етти гардунни этармен тору мор.
Мен кезармен унда ҳар дам оҳ уриб,
Оташи жоним жаҳонни ёндириб.
Лойга ботдим бўйла ишқинг кўйида,
Қўлга олдим дилни шавқинг сўйида.
1350 Юзларинг орзусида жоним сабил,
Энди мендин ўзни пинҳор этмагил…
Қиз деди: эй чол, эси кирмаган,
Бор, ўзингга шайла кофуру кафан92.
Муз нафасни менга дамсоз айлама,
Кексадирсен, ўзни жонбоз айлама.
Эйки сен васлимни истарсен ҳамон,
Бор, тадорики кафан қил бул замон.
Бенаво пирсен, магарким нонга зор,
Қўй бу ошиқликни, этма ихтиёр.
1355 Подшолик сенга этгайму насиб?
Қайга боргайсен гадоликдин қочиб?
Шайх деди: этгил маломат юз ҳазор,
Мен сенинг ишқингни этгум ихтиёр.
Ишқу савдо дилни гар мафтун қлур,
Ёшмидир ул, кексаму, мажнун қилур.
Қиз деди: гар эрса сенда шул мақом,
Юв қўлингни дини исломдин тамом.
Ул кишиким ёрига ҳамранг эмас,
Севгиси рангу бўёқдир бори, бас.
1360 Шайх деди: ҳар неки истарсен, аё,
Мен уни жон бирла этгаймен адо.
Ҳалқадирмен чун қулоғингда, ҳилол,
Ҳалқа қил зулфингнию бўйнимга сол.
Қиз деди: эрсанг агарда марди кор93,
Тўртта шартим бор, шуни эт ихтиёр.
Сажда қил бутга, кейин Қуръонни ёқ,
Май, шароб ич, бўл диёнатдин йироқ.
Шайх деди: этгум шаробни ихтиёр,
Бошқаси бирлан ишим йўқ, эй нигор.
1365 Термулиб ҳуснингга май нўш айларам,
Бошқа уч шартингни этмасмен, санам.
Қиз деди: тур унда, этгил майни нўш,
Май сенинг жонингга солгайдир хуруш94.
Элтдилар шайхни сўйи дайри муғон,
Бас, муридлар кўксидин учди фиғон.
Не ажаб мажлиси зебо кўрди шайх,
Унда бир ҳусни дилоро кўрди шайх.
Оташи ишқ жисми зорин чирмади,
Зулфи тарсо рўзгорин чирмади.
1370 Зарра ақли қолмади, чун ҳуш ҳам,
Ул сукутга толди, хомуш чекди дам.
Жоми май олди у дилдор илкидин,
Ичди, кетди ҳар неким бор илкидин.
Чун қўшилди ул шаробу ишқи ёр,
Бўлди бир ишқи юракда юз ҳазор.
Ул санамни лолу ҳайрон кўрди шайх,
Лаб эмас, гул ғунча хандон кўрди шайх.
Шавқ ўти чун ўтди жисму жонидин,
Оқди қон ёшлар унинг мижгонидин.
1375 Бир қадаҳ май сўрди доғи, ичди ул,
Ёр зулфи халқасига бўлди қул.
Ҳар не билмишди, унут бўлди тамом,
Бода келгач, ақли соврилди тамом.
Ҳар нечук маъники эрди жонида,
Бода ювди-ташлади бир онида.
Юз китоб ёзмишди, унга ёд эди,
Ҳифзи Қуръон бобида устод эди.
Май ила андоқ мақомга етди ул,
Илмидин айрилди, лофга ўтди ул.
1380 Қолди ёлғиз ул санамнинг ишқи-ла,
Ҳар неким бор эрди, кетди бир йўла.
Шайх сармаст бўлди, ишқи келди зўр,
Баҳри жонига ғалаён тушди, шўр.
Ул гўзал ҳам илкида май эрди, маст,
Шайх кўриб, буткул унутди ўзни, бас.
Чун унутди ўзни, расво бўлди ул,
Қўрқмади бир зарра, тарсо бўлди ул.
Май бир зум қўйди, шавқи қистади,
Қўл чўзиб, ёрга етишмоқ истади.
1385 Қиз деди: ҳай, эр эмассен ишқ аро,
Ишқни даъво этма, бўлма юз қаро.
Офият ишқ бирла бўлмас улфат ул,
Билки, ошиқлик адоғи куфр эрур.
Гар қадам қўйдинг эса ишқ кўйига,
Ҳалқа-ҳалқа зулфи мушким сўйига,
Бос қадамни энди кофирликка ҳам,
Сарсари иш эрмас ул ишқи санам.
Иқтидо этсанг агар зулфимга сен,
Қўл соларсен шул замон бўйнимга сен.
1390 Этмасанг зулфимга майли иқтидо,
Бор йўлингга, ол асову кий ридо…
Шайхки ошиқ эрди, чун чўкмиш эди,
Ҳам қазо олдида бош эгмиш эди.
Ул замонким маст эмас, ҳушёр эди,
Ҳар нафас жонида тамкин бор эди.
Энди эрса ошиғи зор эрди, маст,
Ихтиёри илкидин кетмишди, бас.
Кўҳна эрди май, ўшал кор айлади,
Шайхни чун саргашта, абгор айлади.
1395 Майки кўҳна эрди чун, ишқ эрди ёш,
Дилбари ҳозир, кўнгил бергайму дош?
Бўлди пир ишқу шаробдин бўйла маст,
Ошиқ ул маст эрса, нелар айламас?
Деди: битди тоқатим, эй лолагул,
Мен ғарибдин не тиларсен, сўйлагил.
Бўлмадим ҳушёр эканда бутпараст,
Энди Мусҳафни ёқармен маст-аласт.
Қиз деди: энди муносибсен менга,
Энди меҳру илтифот этгум сенга.
1400 Илгари думбул эдинг сен, баски хом,
Энди пишдинг чун, етишдинг, вассалом.
Етди тарсоларга шайхнинг этгани,
Май ичиб, не муддаога етгани.
Элтдилар шайхни калисо сори маст,
Дедилар: белингга зуннор бойла, бас.
Шайх ҳамон белига зуннор бойлади,
Ўтга отди ҳирқани, кул айлади.
Динидан кўнгилни озод этди ул,
На ҳарам, на шайхлигин ёд этди ул.
1405 Тарки иймон айламакни кўрди эп,
Кечди диндан бир насоро қизни деб.
Деди: хорлик этди дарвешни хароб,
Ишқи тарсо қилди бағримни кабоб.
Ҳар не фармонингга ҳозирмен, санам,
Бўйла этдим, айлагум баттарни ҳам.
Бўлмадим ҳушёр эканда бутпараст,
Бутпараст бўлдим бўлиб чун масту маст.
Май ичиб, ким дин таркин айлагай,
Балки бундан баттарин ҳам айлагай.
1410 Боз дедиким, дилбарим, не қолди, айт?
Ҳар не айтдинг, айладим, не қолди, айт?
Май ичиб, ишқингда бўлдим бутпараст,
Мунча кўрдим, бир киши кўрган эмас…
Мен каби бир кимса расво бўлмади,
Ишқ аро мажнуни шайдо бўлмади.
Ўйла, эллик йилки дилда ҳаққу рост,
Мавж урар эрди ажаб дарёйи роз.
Заррайи ишқ урди кўнгилга магар,
Элтди сўнгра бизни то лавҳи азал.
1415 Айлади ишқ бўйлаким, боз айласин,
Бойлади белимга зуннор, бойласин.
Боқ, хирадманд ишқ абжадхонидир,
Ғайб сирин билгувчи ишқ сарсонидир.
Хўп, бўлар иш бўлди, ўтди бешу кам,
Мен қачон васлингга етгаймен, санам?
Ишқ биносин айлаган аслинг эди,
Ҳар не қилдим, муддао васлинг эди.
Васлинг истаб, ошнолик истарам,
Бир нафас сендин жудолик истамам.
1420 Қиз дедиким анга: эй пири асир,
Мен басе қимматбаҳомен, сен фақир.
Сийму зар лозим менга, эй беҳунар,
Сийму зар йўк эрса, ишда не самар?
Йўқсил эрсанг, турмагил бир зум, жўна,
Йўл харжинг бўлмаса, бергум, жўна.
Сен қуёш янглиғ шитоб эт, фард бўл,
Сабр қил мардонавору мард бўл…
Шайх деди: эй сарвқадду сиймбар,
Не учун аҳдинг бузарсен мунчалар?
1425 Сендин ўзга бир кишим йўқ, эй нигор,
Қўй, бу ишни, айлама ошиқни зор.
Ҳар нафас бир янги савдойинг сенинг,
Тобакай бошимда ғавғойинг сенинг?
Хуни дил ютдим дамо-дам сен учун,
Ҳар неким этдим, тамоман сен учун.
Ишқ аро руҳи равоним қолмади,
Куфру дин, суду зиёним қолмади.
Васлинг истаб беқарормен, интизор,
Қайда қолди этганинг аҳду қарор?
1430 Жумла аҳбобим мени тарк этдилар,
Дўст эмас, жонимга душмандир улар.
Сен чунин, дўстлар чунондир, мен нетай?
Бўйлаким ҳолим ёмондир, мен нетай?
Сен билан, майлига, эй Ийсо сиришт,
Мен тушай дўзахга, ҳожатмас биҳишт…
Шайхки бундоқ чекди оташ оҳни,
Оқибат оҳи эритди моҳни.
Деди: эй ғўрсен ҳали, нимпухта, хом,
Бизга тўнғиз боқ юриб бир йил тамом.
1435 Бир йил ўтгач, бахтни кўргаймиз баҳам,
Бирга бўлгаймиз севинчу ғамда ҳам.
Шайх жонон амрига бош эгди, ҳай,
Эгмаса бошин, висолга етмагай.
Борди шайхи каъба ул, пири кибор,
Айлади тўнғиз боқишни ихтиёр.
Ҳар киши зимнида юз тўнғиз бўлур,
Отмаса тўнғизни, зуннор боғлаюр.
Сен бориб шубҳа, гумонлар қошига,
Дема, бу келгай фақат пир бошига.
1440 Ҳар киши зимнида бордир бул хатар,
Йўлга тушганда чиройин кўрсатар.
Улки тўнғиздин магар огоҳ эмас,
Гарчи маъзур, лек у марди роҳ эмас.
Йўлга тушсанг сен агар, эй аржманд,
Бут била тўнғиз кўрарсен юз туман.
Қир уларни сен кезиб саҳройи ишқ,
Шайхга ўхшаб бўлмагил расвойи ишқ…
ШАЙХ САНЪОН ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИ
Оқибат шайх бўлди тарсо, эй ажаб,
Қўпди Русм мулкида ғавғо бул сабаб.
1445 Дўсту ёрлар лолу ҳайрон бўлдилар,
Маъюсу дилхаста, гирён бўлдилар.
Кўрдилар ул не гирифтор эрди, маст,
Этдилар чун дўстлигу ёрликни бас.
Юз буриб ул жумла шайхдин қочдилар,
Оҳ уриб, бошларга тупроқ сочдилар.
Бор эди бир дўсти, кўнгли эрди хун,
Келди шайх олдига, деди: эй забун,
Каъбага қайтармиз энди, не илож?
Бизга фармонингни айт, кўнглингни оч.
1450 Ё тутайлик биз-да тарсоликка юз,
Сен каби бул куфру расволикка юз?
Ё сени озим этайлик йўлга боз?
Лек қани этмоққа ул қурби ниёз?
Бизга хуш эрмас бу аҳволинг, аё,
Сен каби биз ҳам аламга мубтало.
Йўқ сени дайр ичра чун кўрмоққа тоб,
Бул заминдин, баски, қочгаймиз шитоб.
Ўлтириб сўнг Каъба ичра зуҳд ила,
Бунда кўрганларни кўрмасмиз сира.
1455 Шайх деди: жонимда оташ бўйлаким,
Қай тараф бормоқ тиларсиз, зуд боринг.
То тирикмен дайрдир жойим менинг,
Дилбари тарсо дилафзойим менинг.
Сиз боринг, озодсиз, йўк сизга иш,
Бошингизга бўйла савдо тушмамиш.
Бошингизга тушса эрди бир даме,
Мен топар эрдим ғамимга ҳамдаме.
Ортга қайтинг, эй ёронлар, токи сиз,
Не келур бошимга, билмам, белгисиз.
1460 Сўрсалар: ул зору саргардон қани?
Аждаҳо домига тушди денг мени.
Дийдаси хун, оғзида оғу, дебон,
Ростин айтинг, тутмангиз элдин ниҳон.
Ҳеч кофир бўлмагай бунга ризо,
Пири ислом этди бул амри қазо.
Чун йироқдин кўрди тарсо қизни ул,
Кетди ақли, бас, унутди ўзни ул.
Бўйнига чун тушди зулфи ҳалқаси,
Тушди эл оғзига ишқи ғалваси.
1465 Гар мени кимса мазаммат айлагай,
Денг анга: бу йўлда кимлар ўлмагай?
Бунда бош йўқдир, оёқ ҳам йўқ магар,
Қаршилар ҳар кимсани хавфу хатар.
Деди бул сўзнию юзни бурди шайх,
Қўзғалиб, тўнғиз боқишга юрди шайх.
Дўсту ёрон бўлдилар гирён ҳама,
Бўйла гирён бўлмамишларди сира.
Юрдилар сўнгра улар сўйи ҳарам,
Лаб очиб лек урмади бир кимса дам.
1470 Каъба сори юрдилар барча шитоб,
Жонлари ўт ичра, танда изтироб.
Шайхлари қолмишди, ул танҳо эди,
Дину иймондин кечиб, тарсо эди.
Ул сабабдин лолу ҳайрон эрдилар,
Ҳар бири бир гўшада ўлтирдилар.
Шайхнинг бир дўсти бор эрди, расо,
Шайхни этмишди ўзига муқтадо.
Раҳбар эрди, оқилу доно эди,
Шайхнинг ҳар сирридин осоҳ эди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.