Электронная библиотека » Фаридуддини Аттори Нишопури » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "МАНТИҚУТ-ТАЙР"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:00


Автор книги: Фаридуддини Аттори Нишопури


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

1475 Шайланиб шайх Рум сари тутганда йўл,

Кетмиш эрди, Маккада эрмасди ул.

Маккага қайтганда бахти чопмади,

Шайхни ул хилватсаройдин топмади.

Излади чун, сўрди шайхнинг ҳолини,

Ўзгалар арз этдилар аҳволини.

Шайхга ул амри қазо не этганин,

Ҳам қадардин унга нелар етганин.

Зулфи тарсо шайхни нелар айламиш,

Бир йўла иймон йўлини бойламиш.

1480 Бўйлаким банд айламишдир зулфу хол,

Ҳирқани ёқди, тузалмоғи маҳол.

Тоатин тарк этди ул иймон ёқиб,

Айни фурсатда юрар тўнғиз боқиб.

Хўжа эрди, муқтадоси барчанинг,

Энди эрса белида зуннор анинг.

Ҳар сўзи эрди жаҳолат сори ўқ,

Энди-чи, кекса габрдин фарқи йўқ.

Чун эшитди сўзни бул содиқ мурид,

Жисму жонига аламдин тушди ўт.

1485 Деди: эй сидқу садоқат ичра, бас,

Эр эмассиз, балки хотин ҳам эмас.

Не учун даркор кишига дўсту ёр

Бўлмаса бундоқ қаро кунда мадор?

Шайхга содиқ эрсангиз, дўсти анис,

Нега ёрдам айламай, тарк этдингиз?

Ҳой, уят сизга, шуми меҳру вафо?

Дўстга дўст айларму мундоқ бир жафо?

Шайхки зуннор бойлаб, этди корни,

Сиз-да бойланг эрди ул зуннорни.

1490 Баски тарсоликка юзни бурди ул,

Лозим эрди этсангиз сиз ҳам қабул.

Ким дегай, сиздин мувофиқлик келур,

Бас, ишингиз чун мунофиқлик эрур.

Кимки дўстдир, дўстга ёвардир ўшал95,

Дўстлик айлар, гарчи кофардир ўшал.

Бир ёмон кунда билингай дўсту ёр,

Яхши кунларда агарчи юз ҳазор.

Аждаҳо комига тушмиш шайхи жон,

Сиз қочибсиз юз буриб андин ҳамон.

1495 Ишқ қасрига тамал бадномлик ул,

Кимки андин бош чекарса, хомлик ул…

Дедилар барча: буларни сўйладик,

Шайхга кўп панду далолат айладик.

Истадик биз бирга кўрмоқни баҳам

Шайх ила шодликни ҳам, андуҳни ҳам.

Зуҳд сотиб, расволик олгаймиз, дедик,

Дин сотиб, тарсолик олгаймиз, дедик.

Неча айтдик, этмади бир иштиёқ,

Бизни бир-бир ҳайдади ўздин йироқ.

1500 Кўрмади биздин магарким фойда, суд,

Амр этди ортга қайтмоқликни зуд.

Амри бирлан ортга қайтдик барча боз,

Сўйладик бор гапни сенга рўй-рост.

Деди ул дарвеши содиқ: эй ажаб,

Сизда бул мушкулга бўлсайди талаб,

Бош урардингиз ҳамон Ҳақ пойига,

Тиз чўкиб ул ҳусни мутлақ пойига.

Ёлбориб айлардингиз арзу ниёз,

Шайхни бул савдодин этгил деб халос.

1505 Ҳақ кўриб сизни бу янглиғ беқарор,

Шайхга айлар эрди лутфин ошкор.

Қочдингиз шайхдин бу янглиғ, майлига,

Бормадингиз не учун Ҳақ олдига?..

Тинглабон бул сўзни, афсуслар чекиб,

Турдилар ул барча бирдек бош эгиб.

Ул яна деди: хижолатдин не суд?

Бошга иш тушди, борайлик барча зуд.

Юзланиб даргоҳи Ҳаққа, қўл очиб,

Тавба айлаб, бошга тупроқлар сочиб,

1510 Ҳам қоғоз кўйлак кияйлик барчамиз,

Шайхимиз бўлсин фалокатдин тамиз.

Юрдилар Рум сари тарк айлаб Араб,

Бўлдилар хилватда барча ҳақталаб.

Ҳар бири Ҳақ эшигинда интизор,

Гоҳ шафоат сўрди, гоҳи чекди зор.

Бўйлаким қирқ кеча-кундуздир тамом

Бош кўтармай, бўлдилар собит мақом.

Қирқ кеча кечди чу уйқудин йироқ,

Кечди қирқ кун нон ила сувдин йироқ.

1515 Сўрдилар бундоқ саботу сабр ила,

Оқибат тушди фалакка ғулғула.

Ул яшил кийган малоик, аҳли кўк

Кийдилар мотам либосин, ялпи кўк.

Раҳнамо дарвеш дуоси оқибат

Ўқ бўлиб мўлжалга тегди, чекди барқ.

Қирқ биринчи кеча ул дарвеши хос

Ёлвориб, хилватда ўздин кетди боз.

Субҳидам ел эсди унга мушкбор,

Бўлди ғайб дунёси дилга ошкор.

1520 Ой бўлиб балқиб кўринди Мустафо,

Елкасида икки кокил тим қаро.

Сояйи Ҳақ, офтобдек чеҳраси,

Юз жахон бир тори мўйи садқаси.

Чун хиром айлаб, майин кулгайди ул,

Кимки кўрса, ҳушдин айрилгайди ул.

Кўрди дарвеш, сачради гўёки ўт,

Эй Набийуллоҳ, деди, илкимни тут.

Раҳнамосен халққа баҳри Зулжалол,

Шайхимиз йўлдин адашди, йўлга сол.

1525 Мустафо дедики, эй ҳимматфузун,

Шайхинг озод бўлди, биз ечдик тугун.

Ҳимматинг ул мунча таъсир айлади,

Шайхни афв эттирди, маъзур айлади.

Неча бир фурсатки шайху Ҳақ аро

Неча бир гарду ғубор эрди, қаро.

Ул ғуборларни супурдик ўртадин,

Бўйлаким зулматни сурдик ўртадин.

Бир шафоат қатрасин сочдик атай,

Бир умрга ул кифоят айлагай.

1530 Ўртада гарду ғубор йўқ мутлақо,

Тавбалар бўлди қабул, битди гуноҳ.

Сен яқин билгилки, юз олам гуноҳ

Битта тавба тафтидин бўлгай адо.

Лутфу эҳсон денгизи мавж урса гар,

Эрмидир, хотин, гуноҳин мавҳ этар…

Шул бир-икки сўзни айтиб сўнггидан,

Бўлди ғойиб сўнгра ул кўз ўнгидан.

Бўлди дарвеш шодланиб ҳушдин жудо,

Наъра чекди, титради еру само.

1535 Жумла асҳобин у огоҳ айлади,

Мужда берди, озими роҳ айлади.

Жумла асҳоби била фарёд этиб,

Елди, шайх олдига борди ул етиб.

Кўрдиларким, мисли оташ эрди шайх,

Беқарорлик ичра чун хуш эрди шайх.

Наъра тортиб чиқди андоқ беқарор,

Кўзидин ёлар оқарди шашқатор.

Барча ноқис сўзидин кечмиш эди,

Белидин зуннорни ҳам ечмиш эди.

1540            Ҳам кулоҳи габрини отишди ул,

Бори тарсоликни ирғитмишди ул.

Шайх йироқдин кўрди асҳобни ҳамон,

Ўзини нур ичра кўрди бегумон.

Ҳам хижолатдин яқо чок айлади,

Сочди тупроқ бошига, хок айлади.

Гоҳ булутдек ёш тўкиб, йиғларди ул,

Гоҳ аламдин жонини тиғларди ул.

Оҳидин гардун ёнар эрди гаҳи,

Тан ёнаркан, хун ёнар эрди гаҳи.

1545 Хикмати, асрори, Қуръони давом

Ақлидин бир-бир ювилмишди тамом.

Энди эрса ёдига тушмишди, бас,

Жаҳл ила бечоралик эрди абас.

Ҳолини англаб, эгарди бошини,

Саждалар айлаб, тўкарди ёшини.

Хуни дилга ўзни чулғатмиш эди,

Ҳам хижолат терига ботмиш эди.

Дўсту ёр шайх ҳолига ташлаб назар,

Гоҳ чекиб андуҳ, гаҳи шодландилар.

1550 Бордилар шайх олдига ҳайрон ҳама,

Тутдилар шукрона айтиб, жон ҳама.

Дедилар шайхга: аё билгувчи роз,

Чун булут кетди, қуёшинг чиқди боз.

Кетди куфр, ўрнига иймон келди, бас,

Бутпараст бўлди яна Яздонпараст.

Урди мавж ногоҳ у дарёйи қабул,

Чун шафоат айлади сенга Расул.

Бул замон шукрона бир олам сенга,

Ҳаққа шукрон айла, не мотам сенга?

1555 Чун қоронғу баҳр аро Парвардигор

Йўл очиб берди қуёшдек ошкор.

Улки айлар субҳи равшанни қаро,

Тавбани этмиш гуноҳларга даво.

Тавбани андоқ бир оташ этди ул,

Ҳар нечук иллатни тубдан ёндирур…

Қиссадин ҳисса будирким, шул замон

Турди барча йўлга бўлмоққа равон.

Шайх ғусул этди ва кийди хирқа боз,

Юрди асҳоб бирла боз сўйи Ҳижоз.

1560 Шўхи тарсо кўрди туш уйқусида,

Бир қуёш эрмиш унинг ўтрусида.

Ул қуёш дермиш: аё, тургил ҳамон,

Бор, югур, шайхингга эргаш бул замон.

Йўлини тутгил унинг, хокини ўп,

Мунча этдинг, мазҳаби покини ўп.

Сенга келтирмиш эди ишқи мажоз,

Сен анга ишқи ҳақиқат эт ниёз.

Йўлини тўсган эдинг, дилхоҳи бўл,

Йўлига тушгил унинг, ҳамроҳи бўл.

1565 Йўлдин оздирган эдинг, сен бу нафас

Оч кўзингни, айлагил ғафлатни бас.

Ул санам кўз очди, этди тарки хоб,

Қалби порлар эрди мисли офтоб.

Кўнглига тушмишди бир дарди ажаб,

Беқарор этмишди дилни ул талаб.

Масту сармаст жонига тушмишди ўт,

Борлиғин ёқмиш, туташмиш эрди ўт.

Билмас эрди қиз, у жони беқарор

Айлагай кўнгилга неларни нисор?

1570 Қуршамиш эрди ажиб бир оламе,

Дарди бор, йўқ эрди аммо ҳамдаме.

Бўйла бир оламки, унда роҳ йўқ,

Арзи дил айтай деса, огоҳ йўқ.

Бир замон шул нозу нахват ичра ул

Йиғлади, кўз ёшларини тўкди мўл.

Сўнгра фарёд чекди, чиқди ташқари,

Сочларин юлди, югурди сарсари.

Кўнглида дард эрди, жисми нотавон,

Бўлди шайхнинг ортидан йўлга равон.

1575 Бир булутдек беқарор боргайди ул,

Беҳушу беихтиёр боргайди ул.

Билмас эрди чун кезиб саҳрою дашт,

Қайси йўл манзилга бўлгайдир туташ.

Ожизу саргашта боргай эрди қиз,

Юзини тупроққа сургай эрди қиз.

Айлар эрди Ҳаққа ул арзи ниёз,

Эй кариму роҳдону корсоз!..

Ожизу дармондаву бечорамен,

Хонумонимдин кечиб, оворамен.

1580 Йўлдин урдим бир азиз мардингниким,

Йўлдин урма сен мени, ғофил эдим.

Шафқат айла, этмагил қаҳру итоб,

Мен хато қлдим, менинг айбимни ёп.

Ҳар не қилдим, бенавомен, айблама,

Динга кирдим, сен мени динсиз дема…

Шайхга илҳом келди ғойибдин шу он,

Ки санам тарсолигин тарк айлабон,

Бўлди шул даргоҳимизга ошно,

Бизни истаб, роҳимизга ошно.

1585 Ортга қайтгил, сен унинг пешвози бўл,

Ул санамнинг ҳамдаму ҳамрози бўл.

Ортга қайтди шайх ҳамоно жаҳд ила,

Аҳли асҳобига тушди ғулғула.

Дедилар: ҳой, ул ғазалхонлик қани?

Тавбаю узру пушаймонлик қани?

Тавба айлаб, ишқибозликму ишинг?

Тавбадин сўнг бенамозликму ишинг?

Шайх уларга айтди қизининг ҳолини,

Тинглабон, ҳис этдилар аҳволини.

1590 Шайху асҳоб қайтдилар чун ортга боз,

Етдилар ел урга, эрди дилнавоз.

Кўрдилар дилбарни, сарғаймиш юзи,

Гард-ғубор ичра эди қошу кўзи.

Бошяланг эрди, оёғи ҳам яланг,

Мурдадек йўл узраву уст-боши чанг.

Кўрди чун ул ой суюкли шайхини,

Эс-ҳуши як бора тарк этди уни.

Шайх эгилди қизга, ҳушсиз эрди у,

Йиғлади, кўз ёшларидин сепди сув.

1595 Кўз очиб, ошиқни кўрди ул нигор,

Кўзлари ёш тўкди чун абри баҳор.

Кўзлари тушмиш эди жон қасдига,

Отди ўзни шайх оёғи остига.

Деди: номусдин ёнар жоним маним,

Бас, етар ул мунча пинҳон ёнганим.

Пардани очгил, аё устози роз,

Арза қил исломни, кўрсат роҳи рост.

Арза қил исломни, кўрсат роҳи Ҳақ,

Эйки шайхи мўминин, огоҳи Ҳақ…

1600 Шайх анга исломни талқин этди то,

Чекдилар ул жумла ўтлиғ бир нидо.

Ул париваш бўлди чун аҳли аён,

Сел бўлиб кўз ёшлари оқди равон.

Бўйлаким топди ҳақиқат сори йўл,

Тўлди иймон завқига огоҳ кўнгил.

Завқи иймон бирла бўлди беғубор,

Келди ғам, сўнг ортидин бул ғамгусор.

Деди: шайхо, тоқатим чун бўлди тоқ,

Тоқатим йўқ тортгали дарду фироқ.

1605 Тарк этармен ғамли бу дунёни то,

Алвидо, эй шайхи олам, алвидо!..

Сўзни қисқа айладим, камситмагил,

Афв эт ошиқни сен, айбситмагил…

Айтди шул сўзларнию жон берди ой,

Жонини жононга топширди ҳумой.

Офтобини булут босди қуюқ,

Жисмидин жони узилди, во дариғ.

Қатра эрди, маскани баҳри мажоз,

Боқ, ҳақиқат денгизига кетди боз.

1610 Улки кетди, биз-да кетгаймиз ҳама,

Ел каби оламдин ўтгаймиз ҳама.

Ишқ, муҳаббат кўйида нелар бўлар?

Не бўлурни ишқни билганлар билар.

Ҳар не дерлар, йўлда бу мумкин эрур,

Аҳли раҳмат ҳам умид эмин эрур.

Нафс бул асрорни асло англамас,

Бенасиб майдонда чавгон ўйнамас.

Жон қулоғи бирла тингларсен буни,

Тан қулоғи илғамас, туймас уни.

1615 Жанг қилур ҳар дамда жон бирлан кўнгил,

Чек яна фарёдки, мотам чоғи бул.

Чусту чаққон бўл бу йўлда дам сайин,

Баҳри тоқат ичра сузгайсен кейин.

БЕШИНЧИ МАҚОЛА

ҚУШЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА РАҲБАР

      САЙЛАШГАНИ

Жумла қушлар бул суханни тинглабон,

Дедилар: шаймиз ҳама тикмоққа жон.

Симурғ олмиш эрди чун сабру қарор,

Бир эмас, жонларда ишқ эрди ҳазор.

Азми роҳ этмоқ учун шайландилар,

Чин ният айлаб, анга бойландилар.

1620 Дедилар барча: керакдир бул замон

Бизга бир йўлбошчи, доно, нуктадон.

Бошласин, йўлбошчилик бўлсин иши,

Ўз-ўзини бошламас йўлга киши.

Раҳнамо, раҳбар керакдир бизга чун,

Ул азим денгизни кечмоқлик учун.

Бош эгайлик амру фармонига биз,

Йўлга тушмайлик унинг фармонисиз.

Бас, қўяйлик энди урмоқликни лоф,

Бирлашиб, барча борайлик Куҳи Қоф.

1625 Зарра етгай талпиниб офтобга ул,

Бошимизга сояйи Симурғ келур.

Бизга ким раҳбар бўлур деб бор-бор,

Этдилар чун қуръа ташлашга қарор.

Қуръа кимга тушса, раҳбар бўлгуси,

Биз кичик қушларга сарвар бўлгуси.

Бўйлаким бир эътиборга келди иш,

Беқарорликдин қарорга келди иш.

Баски шул аҳду қарорни олдилар,

Жим бўлиб, бир лаҳза ўйга толдилар.

1630 Отдилар қуръа, эди лойиққа ул,

Қуръа тушди Ҳудҳуди ошиққа ул.

Жумла қуш Ҳудҳудни раҳбар этдилар,

Амрига ўзни сафарбар этдилар.

Олди тан Ҳудҳудни сарвар деб ҳама,

Раҳнамо, пешвою раҳбар деб ҳама.

Ҳукм унинг ҳукми эрур, фармони ҳам,

Унга шу танлар тасаддуқ, жони ҳам.

ОЛТИНЧИ МАҚОЛА

ҚУШЛАРНИНГ ЙЎЛГА ШАЙЛАНИШГАНИ

Ҳудҳуди ҳоди чиқиб келди ҳамон,

Бошига қўндирдилар тож шул замон.

1635 Неча юз минг қуш жадал йўл олдилар,

Еру осмонларга соя солдилар.

Сарҳади водийга охир етдилар,

Кўрдилар водийни, фарёд этдилар.

Босди чун қушларни йўлнинг ҳайбати,

Солди ўт жонларга қўрқув, даҳшати.

Тортишиб, парларни бир-бир юлдилар,

Юлқишиб, танларни абгор қилдилар.

Ювдилар қўлларни жонлардин шу чоғ,

Юклари кўп оғир эрди, йўл йироқ.

1640 Йўлда йўқ эрди йўловчи,сайр ҳам,

Заррайи шарр ҳам йўқ эрди, хайр ҳам.

Кимсасиз, сассиз-садосиз, сирли йўл,

На камаймас, на кўпаймас эрди ул.

Сўрдилар: йўл мунча бўм-бўшдир нечун?

Ҳудҳуд айтди: иззати подшо учун…

БОЯЗИД ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Бир кеча чиқди шаҳардин Боязид,

Кўрди халқдин холи оламда сукут.

Кўкда ой порларди, тун афруз эди,

Кеча эрмас,ўйлаким кундуз эди.

1645 Беҳисоб юлдуз ёнарди кўк аро,

Ҳар бирида айрича ҳусну жило.

Шайх кезиб, сайр айлади саҳрони чун,

Чекмади мен бунда деб бир кимса ун.

Қучди бир ҳолат уни, бузди сукут,

Деди: ё Раб, тушди шу жонимга ўт.

Бу улуғворликки даргоҳингдадир,

Лек уни севгучи жонлар қайдадир?

Чун овоз келди: аё ҳайрону зор,

Бермагай ҳар кимсага йўл шаҳриёр.

1650 Бўйлаким иззатни юксак тутди шоҳ,

Келмагай то бу эшикка ҳар гадо.

Бул ҳарамдин сочилур оламга нур,

Ухлаган, ғофил улусга тушмас ул.

Чун эранлар кўз тутарлар интизор,

Бўлса деб мингдан бировга толе ёр…

ЕТТИНЧИ МАҚОЛА

ҚУШЛАРНИНГ ҲУДҲУДГА АРЗ

ЭТИШГАНИ

Жумла қушлар қолдилар қўрқув аро,

Парлари қон, тиллари ёҳу аро.

Бор эди йўл, йўк эди поён анга,

Бор эди дард, йўқ эди дармон анга.

1655 Чарх урарди йўлда истиғно ели,

Жаҳд этарди кўкни ҳам ағдаргали.

Бўйла бир йўл эрдиким мушкул, маҳол,

Азмига ҳатто қуёш ҳам бемажол.

Борму бир қуш шу ёруғ оламда, ҳай,

Бўйла йўл жабрига тоқат айлагай?

Баски қушлар қўрқув ичра қолдилар,

Барчаси бир чеккада тўпландилар.

Боқдилар Ҳудҳудга ҳайронлик била,

Неки ҳайронлик, паришонлик била.

1660 Дедилар ул барча Ҳудҳудга қараб:

Шоҳ ҳузурида керак расми адаб.

Неча бор бўлдинг Сулаймон олдида,

Эътибор топдинг у султон олдида.

Расми хизмат сарбасар билгувчисен,

Унда не хавфу хатар, билгувчисен.

Йўл босиб, билдинг баланду пастини,

Айланиб, кўрдинг жаҳоннинг бастини.

Ройимиз бундоқ, шу соат айла нақд,

Чун ўзинг бизга имоми ҳаллу ақд.

1665 Чиқ ҳамон минбарга, огоҳ айлагил,

Яъни, ўз қавмингни йўлга шайлагил.

Сўйла, не ул расми одоби мулук,

Чун жаҳолат бирла бўлмас бу сулук.

Ҳар кўнгил зимнида бордир мушкули,

Йўлга тушгай, бўлса гар фориғ дили.

Арз этармиз сенга мушкулларни биз,

Шубҳадин фориғ этиб дилларни биз.

Аввало сен айла мушкулларни ҳал,

Сўнгра барча йўлга тушгаймиз жадал.

1670 Биз билармиз, йўл машаққатли, йироқ,

Шубҳа бўлган дилда бўлмас иштиёқ.

Дилни поклаб, йўлга қўйгаймиз қадам,

Бош урармиз сўнгра ул даргоҳга ҳам.

ҲУДҲУДНИНГ ҚУШЛАР МУШКУЛИНИ

      ҲАЛ ЭТГАНИ

Шунда Ҳудҳуд сўзини соз айлади,

Чиқди ул минбарга, оғоз айлади.

Тож кийиб, ўлтирди зумрад тахтга ул,

Ҳар киши кўрди, етишди бахтга ул.

Неча юз минг қушки шу дунёда бор,

Чекдилар олдида бирдек саф-қатор.

1675 Булбулу қумри баробар келдилар,

Ҳам баробар нағма чекмоқ бўлдилар.

Қумри, булбул келдилар ҳамроз бўлиб,

Қоридек хуш лаҳжа, хушовоз бўлиб.

Иккиси ун чекди сўнгра ногаҳон,

Ғулғула тушди жаҳонга шул замон.

Ул наволарким қулоқда янгради,

Беқарор этдию мадҳуш айлади.

Ким эшитди нағмани, хуш эрди ул,

Гоҳи ҳушли, гоҳи беҳуш эрди ул.

1680 Сўнгра Ҳудҳуд сўзни сўзга бойлади,

Парда очди, сирни ошкор айлади.

САККИЗИНЧИ МАҚОЛА

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Биттаси сўрди: аё соҳиб сабақ,

Не сабаб сенга карамлар этди Ҳақ?

Биз-да қушмиз, сен-да қушсен, болу пар,

Ўртада бордир тафовут шунчалар?

Не гуноҳлар кечди биздин, хулласи,

Сенга софи тегди, бизга қуйқаси?

Деди Ҳудҳуд унга: эй қуш, бир кези

Бизга тушмишди Сулаймоннинг кўзи.

1685 Симу зардин етмади сарват менга,

Бир назардин етди бу давлат менга.

Етмагай тоат-ла бунга бир касе,

Тоат этмиш эрди Иблис ҳам басе.

Деса: қўй тоатни, не ҳожат сенга?

Бас, ёғилғай ҳар нафас лаънат анга.

Айла тоат, сен уни тарк этмагил,

Тоатингни лек баланд ҳам тутмагил.

Айлагил тоат-ла умрингни басар,

То Сулаймон сенга ҳам этсин назар.

1690 Бўлса гар манзур Сулаймонга сўзинг,

Не десак,ундан-да афзалсен ўзинг…

      ҲИКОЯТ

СУЛТОН МАҲМУД ВА БАЛИҚЧИ БОЛА

Шоҳ Маҳмудга етиб амри қазо,

Бўлди бир кун бори лашкардин жудо.

Отини елдирди ҳар ён жаҳд ила,

Кўрдиким, соҳилда эрди бир бола.

Қармоғин дарёга солмишди ҳамон,

Шоҳ салом берди, ўтирди ёнма-ён.

Маъюс эрди ул жужуқ, маҳзун эди,

Кўзлари ҳасратли, кўнгли хун эди.

1695 Сўрди Маҳмуд: нега ғамгинсен, болам,

Кўзларингда бунчалар дарду алам?

Ул бола дедики, сўрма, эй азиз,

Уйда биз етти гўдакмиз, отасиз.

Онамиз ётгай тўшакда, бедаво,

Камбағал, йўқсил, гадомиз, бенаво.

Мен балиқ тутмоқ бўлиб ҳар кун давом

Ўлтирурмен бунда тонгдин токи шом.

Не азоблар бирла тутгаймен балиқ,

Кечқурун бизга таомдир шу, аниқ.

1700 Шоҳ деди: осон эмас бу ҳар қалай,

Истасанг, мен дўсту ёрдамчинг бўлай.

Рози бўлди ул бола таклифга то,

Шул замон дарёга қармоқ солди шоҳ.

Қўллади шоҳ давлати андоқ уни,

Юз балиқ қармоққа тушди шу куни.

Ул бола кўрди, балиқлар эрди чун,

Деди: ҳай, давлатли бўлдим мен бугун.

Не ажаб давлатлидирсен, эй ғулом,

Сен сабаб бўлди балиқлар банди дом.

1705 Шоҳ деди: кам бўлмагайсен, эй жигар,

Ким балиқ тутди бугун, билсанг агар.

Давлатинг юз очди бундоқ, ошно,

Чун сенга ёрдамчи бўлди подшо…

Отга минди сўнгра ул, бўлди савор,

Болакай деди: аё, ҳиссангни ол.

Шоҳ дедики, ол бугун ҳиссамни сан,

Эртага ҳар неки тутсанг, менга тан…

Эртага ҳозир бўлурсен сен менга,

Мен сира ҳиссамни бермам кимсага.

1710 Эртаси меҳри жўшиб огоҳнинг,

Ўртоғи ёдига тушди шоҳнинг.

Йўллади шотирни, олдирди ҳамон,

Тахтга ўтқазди етимни шул замон.

Булфузул дедики, шоҳим бул гадо,

Шоҳ деди: ул менга дўсту ошно.

Ҳар не бўлсин, биз уни этдик қабул,

Сўнг уни бир юртга подшо этди ул…

Бахтиёрдин биттаси сўрди савол:

Қайдин, айт, сегнга етишди бу камол?

1715 Деди: шодлик келди, кетди ғам, кадар,

Соҳиби давлат менга солди назар…

БИР ҚОТИЛ ВА ҲАБИБИ АЪЖАМИЙ

      ҲИКОЯТИ

Кимсани қатл этди подшо бир куни,

Тушда кўрди шул кеча сўфий уни.

Сайр этиб жаннатда, хандон эрди ул,

Гоҳи ҳуррам, гоҳ хиромон эрди ул.

Сўрди сўфий: сен ёвуз қотил эдинг,

Сарнигун эрдинг, иши ботил эдинг.

Қайданам сенга етишди бул мақом?

Этганинг ишларга зиддир бул тамом.

1720 Дедиким, қоним оқаркан ул дами,

Ўтди ёнимдин Ҳабиби Аъжамий.

Мен тарафга сал қиёлаб пири роҳ

Ёширин кўз солди, отди бир нигоҳ.

Келди бул бахту саодатлар менга,

Бир назарнинг иззати боис анга.

Кимга тушса соҳиби давлат кўзи,

Неча юз асрор анга юз очгуси.

Етмагунча то эранлардин назар,

Қайда сенга жисму жонингдин хабар?

1725 Якка эрсанг, уйда ўлтиргил басе,

Йўл босиб юргайму танҳо, бекасе.

Пир керак йўлларда, ёлгиз юрмагил,

Кўр бўлиб, дарёга ўзни урмагил.

Пир йўлингда раҳнамо бўлгай сенга,

Ҳар ишингда ул паноҳ бўлгай сенга.

Йўлда не пасту баланд, кўргаймисен?

Бир асокаш бўлмаса, юргаймисен?

Сенда кўз йўқ, йўл эса олис эрур,

Пир сенга йўлда қуловузлик қилур96.

1730 Улки бор бошида соҳиб давлати,

Чарчамас йўлларда, бўлмас хижлати.

Кимки бир давлат била пайвастадир,

Илкига олса тикан, гулдастадир.

ҲИКОЯТ

СУЛТОН МАҲМУД ВА ТИКАНЧИ ЧОЛ

Шоҳ Маҳмуд айлади сайру шикор,

Лашкаридин айрилиб, чекди канор.

Учради бир чол тиканчи, ногаҳон

Эшшаги мункиб, йиқлди юк ҳамон…

Кўрди шоҳ: эшшак харобу иш тиғиз,

Бошни қашлаб чол турарди чорасиз.

1735 Ёнига борди ва сурди: эй ота,

Ортгани ёрдамлашайми? Деди: ҳа.

Ёрдам этсанг, не келур андин шу он?

Менга – фойда, сенга ҳам эрмас зиён.

Чун очиқ чеҳрангда кўргаймен насаб,

Марҳамат этсанг ғарибга, не ажаб…

Бас, эшитди сўзни, отдин тушди шоҳ,

Сўнг тиканлар устига энгашди шоҳ.

Йиғдию ортди эшакка ул ҳамон,

Отини сурди кейин лашкар томон.

1740 Деди лашкарга: тиканчи чол келур,

Чун тикан ортиб келур эшакка ул.

Сиз боринг-да, чолни ҳар ёндин тўсинг,

Келтиринг, сўнг рўпарамда ўтқизинг.

Тўсдилар йўлларни, чолни кўрдилар,

Йўлини подшо томонга бурдилар.

Чол деди: шу қилтириқ эшшак билан

Бўйла бир лашкарга бас келгайму мен?

Чолни қўрқув босди, лекин шул замон

Кўзга ташланди йироқдин соябон.

1745 Соябон сори эшакни сурди чол,

Соябон остида шоҳни кўрди чол.

Кўрдиким, шоҳ эрди унга ошно,

Бас, хижолат ичра қолди, чекди оҳ.

Деди: ё Раб, бул нечук ҳолим менинг?

Шоҳ Маҳмуд эрмиш ҳаммолим менинг.

Шоҳ деди: эй мискиним, ҳолинг нечук?

Сўйла бизга энди, аҳволинг нечук?

Чол деди: ҳолим биларсен, ўйнама,

Ўзни чун билмасга солма, қийнама.

1750 Бенаво чолмен, ғарибу дилшикан,

Кеча-кундуз чўлда чопгаймен тикан.

Сўнг сотиб бозорда,олгум нон анга,

Гар қўлингдин келса, бергил нон менга.

Шоҳ деди: айтгил баҳосин, эй ғариб,

Мен сотиб олгум тиконинг зар бериб.

Чол деди: шоҳим, сен арзон истама,

Ўнта ҳамён, де баҳосин, кам дема…97

Шунда аскарлар дейишди: бўлди, бас,

Бул матоҳинг икки пулга арзимас.

1755 Чол деди: ҳа, арзимас бир пулга ул,

Лек анга бундоқ харидор кам бўлур.

Соҳиби давлат қўл урса, бул тикан

Гул очиб, юз товланиб, бўлгай чаман.

Борлиғи атру уфор бўлгай унинг,

Ҳар бутоғи бир динор бўлгай унинг.

Бўлдилар не ранжу озор дуч менга,

Келди то бундоқ харидор дуч менга.

Гар тикандир, нархи кўп арзон эрур,

Шоҳ қўл урса, қиймати чандон эрур.

1760 Шоҳ эшитди бул суханни сарбасар,

Ул тиканчи чолга тилло берди, зар.

Жумла лашкар ҳам кўриб бу ҳолни,

Сочдилар бошига танга чолни.

Ўн туман зар берди унга шаҳриёр,

Бул ҳикоят қолди биздин ёдгор…

ТЎҚҚИЗИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқа бир қуш сўрди: эй пушту паноҳ,

Мен нетай гар бўйла ожизмен, адо?

Куч-мадор йўқ менда юрсам сарсари,

Бўйла йўлда юрмаганмен илгари.

1765 Бул йироқ водийда йўл юрмоқ қийин,

Аввалин манзилда ўлмоғим тайин.

Йўлки, ўт пурковчи тоғлар бор талай,

Ҳар киши андин ошолмас ҳар қалай.

Юз туман жонлар чу ажраб бошидин,

Оқди селлар қон ила кўз ёшидин.

Юз туман ақлу заковат қўйди бош,

Қўймаса бошини, бошин ёрди тош.

Ушбу йўлда не эранлар бериё,

Юз яширди, айлабон шарму ҳаё.

1770 Мен бу йўлда ким эмишмен, бир ғубор,

Гар борар бўлсам, ўлармен зор-зор.

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Ҳудҳуд айтди: эй асиру сарнигун,

Тобакай кўнглингда бундоқ бир тугун?

Баски қадринг бунда пастдир бул қадар,

Хоҳи ўл, хоҳ ўлма, андин не самар?

Боқки, бул дунё нажосатдир давом,

Халқ уни истаб, адодирлар тамом.

Неча юз минглаб халойиқ қуртдайин

Молу дунё деб ўлурлар тинмайин.

1775 Бу нажосат ичра этма ўзни хор,

Ўлганинг афзал бу йўлда зор-зор.

Мену сендин бу талаб эрса, хато,

Ғам ила ўлсак магар, бўлгай раво.

Бу жаҳон ичра хато бисёр эрур,

Чун улардин биттаси инкор эрур.

Не эмиш бир яхши ҳажжом бўлганинг?98

Яхшидир ишқ ичра бадном бўлганинг.

Неча юз минг халқ эрур таррор ҳама99,

Шу разил дунёни деб мурдор ҳама.

1780 Майли, тут таррорчиликдин ишқни кам,

Сен учун кам эрса, борму менга ғам?

Бўлма таррор, бошқа савдо айлагил,

Ишқ ила кўнгилни дарё айлагил.

Десалар гар бу ғурур эрмиш, ҳавас,

Бўйла манзилким, киши етган эмас.

Бу ҳавас кўйида мен жон бермагум,

Яхшидир уйга, дуконга бермагим…

Бўйла инсонларни кўрдик, тингладик,

Бирнафас бўлсин-да, ўздин кечмадик.

1785 Иш кўпайди бизга халқ бирлан, ниёз,

Бир ҳовуч йўқсил, гадо ул, бенамоз.

Кечмагунча ўздину халқдин, ўлиб,

Жонимиз чиқмас оғиздин пок бўлиб.

Халқ учун ким мурда эрмас эрса, бас,

Мурдадир ул, пардага маҳрам эмас.

Маҳрами бул парда жон огоҳидир,

Халққа зинда кимса марди роҳмидир?

Эр эсанг, қўйгил қадам, мардона юр,

Эрмасанг, хотин бўлиб, бир четда тур.

1790 Бу талаб гар эрса кофирлик ҳама,

Сен бу ишни сарсари деб ўйлама.

Ишқ оғочи мевасиздир, бесамар,

Мева кутганларга айт, кетсин бадар.

Ишқ агар кўнгилни манзил айлагай,

Жонни шу дунёга бедил айлагай.

Эр кишини айлагай ул ғарқи хун,

Бўйлаким афтода этгай, сарнигун.

Бир нафас ҳолингга қўймас, бедаво,

Ўлдирар ул, сўнгра сўргай хунбаҳо.

1795 Сув берар бўлса, суви аччиқ, тахир,

Нон пиширса, қонга қоргайдир хамир.

Гар чумолидек заиф эрсанг-да, ул,

Ёприлиб бошингга чун зўрлик қилур.

Масканинг бўлгай мудом баҳри хатар,

Ютганинг бўлгай нуқул хуни жигар.

ҲИКОЯТ

ШАЙХ ХАРАҚОНИЙНИНГ ХУДОДАН НОН

      СЎРАГАНИ

Шайх Харақоний Нишопурга юриб,

Етди ул манзилга чун чарчаб, ҳориб.

Хирқасига бурканиб, бир четда зор,

Ётди сўнг бир ҳафта ёлғиз, оч-наҳор.

1800 Ҳафта сўнггида дедиким, эй Худо,

Шафқат айла, бурда оним бер манго.

Етди овоз унга: бундоқ ётма, тур,

Бор-да, майдони Нишопурни супур.

Бир синиқ олтин топарсен, ол ҳамон,

Нон сотиб олгин ўзингга, эй фалон.

Шайх деди: йўқдир супурги, ғалвирим,

Бўлса гар, бўлгайму эрди бул ғамим?

Бенаводирмен, қуруқ жону тана,

Бурда ноним бер, Худойим, қийнама.

1805 Деди ҳотиф: нон керак жон истасанг,

Бор-да майдонни супур нон истасанг…

Турди шайх, сўнг бир эшикка ул бориб,

Олди ғалвиру супурги ёлбориб.

Жаҳд этиб, майдон супурди, эгди қад,

Ул синиқ олтинни топди оқибат.

Бўлди хурсанд, ўрнига тушди кўнгил,

Борди зуд нонвойгаву нон олди ул.

Лек йўқолмишди супурги ушбу дам,

Йўқ эди ғалвир, синиқ тиллоси ҳам.

1810 Жонига ўт тушди, ёнди ул фақир,

Отди ўзни, оҳу фарёд солди пир.

Деди: борму мен каби бечора чун,

Энди нетгаймен, пулим йўқ нон учун?

Юрди ҳар ён ўхшаб ул девонага,

Урди ўзни бир бузуқ, вайронага.

Кўрди ногоҳ, чун кираркан ичкари,

Унда шай эрди супурги, ғалвири.

Шод бўлиб қичқирди: эй қодир Худо,

Нега этдинг менга дунёни қаро?

1815 Чун заҳар этдинг нечун нонимни сен?

Ол шу ноним, бер менга жонимни сен…

Ҳотиф айтди: этмаган эй ўзни хуш,

Тотли бўлгай нонга қўшсанг нонхуруш.

Сен қуруқ нонга ёпишдинг, ўйлагил,

Мен хуруш қўшдим анга, шукр айлагил…

      ҲИКОЯТ

БИР ДЕВОНАНИНГ ОЛЛОҲДАН ТЎН

      СЎРАГАНИ

Бор эди девона, бир дилхаста жон,

Тан яланғоч, хулқи хуш, ораста жон.

Деди: ё Раб, жубба бер, кийгум ани,

Бошқалардек айлагил хуррам мени.

1820 Етди ҳотифдин овозе, кутма, тур,

Бор ҳамон, иссиқ қуёшимда ўтир…

Деди: ё Раб, мунча бергайсен азоб,

Жубба эрмишми фалакда офтоб?

Деди: бор, сабр айла ўн кун унда чун,

Жубба бергаймен сенга, эй бағри хун…

Ўтди ул ўн кун ародин, ногаҳон

Жанда келтирди биров, жулдур чопон.

Чун ямоғи мингта, балки мўл эди,

Тўнни келтиргувчи ҳам йўқсил эди.

1825 Деди ул девона: эй донойи роз,

Жанда тикдингму магарким менга мос?

Ёндими буткул бисотинг, эй Худо,

Менга бундоқ жандани кўрдинг раво?

Тўн тикибсен минг ямоқдин чинданам,

Бул ҳунарни кимдан ўргандинг, Эгам?..

Иш эмас осон унинг даргоҳида,

Иш бўлур тупроқ эсанг гар роҳида.

Неча бир жонлар анга талпиндилар,

Нору нурга ёндашолмай, ёндилар.

1830 Бул эшикда не умрлар ўтмади,

Чекди ғам, мақсадга аммо етмади…

      ҲИКОЯТ

РОБИАНИНГ ЕТТИ ЙИЛ ЮРИБ, МАККАГА

      БОРГАНИ

Робиа чун эрди эрлар тожи ул,

Каъба деб йўлларда юрди етти йил.

Чун яқинлашди ҳарамга шодком,

Энди этгаймен, деди, ҳажжи тамом100.

Каъба сўйига шошилди беқарор,

Лек аёллик узри бўлди ошкор101.

Орқага қайтди, деди: эй Зулжалол,

Етти йил чекдим басе ранжу малол.

1835            Оқибат етганда бозоримга мен,

Ташладинг қаршимга бундоқ бир тикан.

Ёки қўй хонангга, дилни шод этай,

Ёки қўй, хонамда мен маскан тутай…

Токи ошиқ бўлмасанг чун Робиа,

Ошкор бўлмас замири воқеа.

Токи бул денгизда сузгайсен давом,

Ул қабул тўлқинлари келгай мудом.

Каъбадин гоҳ ортга сургайлар сени,

Дайр аро асрорга бургайлар сени.

1840 Ўзни бул гирдобда бардам айлагил,

Хотирингни ҳар нафас жам айлагил.

Мубтало бўлсанг ўшал гирдобга лек,

Бошинг айлангай тегирмон тошидек.

Бўлмагай сенда жамиятдин нишон,

Пашшага ўхшаб қолурсен бегумон…

      ҲИКОЯТ

БИР АЗИЗНИНГ ДЕВОНА БИЛАН СУҲБАТИ

Бор эди бир гўшада девона, хор,

Ёнига келди азизи номдор.

Деди: сенда аҳлият кўрдим аниқ,

Хотиринг жамдир мудом, фикринг йиғиқ.

1845 Деди: қайда хотири жамлик чунон?

Пашша бирлан бургадин йўқдир омон.

Кун бўйи пашша талаб, бергай азоб,

Тунда бурга қақшатиб, бермайди хоб.

Пашша кирмиш эрди Намруд бурнига,

Сўнгра солмишди уқубатлар анга.

Мен магар Намруди давронмен, Ҳабиб

Пашша бирлан бургани этмиш насиб…

ЎНИНЧИ МАҚОЛА

БОШҚА БИР ҚУШНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ

Бошқаси деди: гуноҳим менга юк,

Бул гуноҳлар бирла боргаймен нечук?

1850 Пашшаким ботмиш гуноҳларга шу тоб,

Йўл босиб, боргайму ҳаргиз Куҳи Қоф?

Чун гуноҳкор нотавондир йўл аро,

Бас, нетиб топгай у қурби подшо?

ҲУДҲУДНИНГ САВОЛГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Айтди: ғофил, бўлма андин ноумид,

Сен мудом лутфу карамдин эт умид.

Бўйла осонликча тарк этсанг сипар,

Иш яна мушкул бўлур, эй бехабар.

Бўлмасайди тавбаси эрнинг қабул,

Ҳақ анга айлармиди неъмат нузул?

1855 Тавба қил этган гуноҳингга ҳамон,

Тавба эшиги очиқдир ҳар замон.

Сидқи дил бирлан қадам қўйсанг анга,

Юз мурувватлар чиқар пешвоз сенга.

      ҲИКОЯТ

БИР ГУНОҲКОРНИНГ ТАВБАСИНИ БУЗГАНИ

Бир киши турлик гуноҳлар айлади,

Тавба қилди, тўғри йўлни танлади.

Лек яна нафсига юзни бурди ул,

Айнади, шаҳватга ўзни урди ул.

Тавбасин бузди, чу маҳкам тутмади,

Йўлдин озди, не гуноҳлар этмади.

1860 Лек яна дард бирла ўртанди дили,

Кўп хижолат чекди, ортди мушкули.

Измида аввалги бори йўқ эди,

Тавба истарди, қарори йўқ эди.

Кеча-кундуз кўнгли дард ичра тутош,

Кўзларида дамба-дам қон эрди, ёш.

Йўлларига гар қўнар бўлса ғубор,

Айлар эрди ёши бирлан беғубор.

Бир саҳар ҳотиф чу овоз айлади,

Мушкулин осон, қишин ёз айлади.

1865 Деди: айтурким Худованди жаҳон,

Тавба этган эрдинг аввал, эй фалон.

Афв этиб, тавбангни этгандим қабул,

Этмагандим йиғлатиб зору малул.

Тавбани буздинг яна, қаҳр этмадим,

Сенга муҳлат бердим, эй беҳимматтим.

Жаннатул ризвонни истарсен бугун,

Бош уриб остонамизга сен тағин.

Кел, гуноҳингдин яна ўтгувчи биз,

Сен гуноҳ этгувчисен, кутгувчи биз…

      ҲИКОЯТ

ТАНГРИНИНГ БУТПАРАСТГА ЖАВОБ

      БЕРГАНИ

1870 Бир кеча Сидрада ул Руҳул амин

Тинглади Ҳақнинг саси, лаббайкасин.

Тангрини кимдир чақирмоқда, деди,

Ким эмиш ул банда, бир билсам эди.

Кам эмас, ҳар ҳолда олий банда ул,

Гар ўликдир нафси, кўнгли зинда ул…

Бир кўрай деб қай тарафга чопмади,

Ахтариб етти фалакни, топмади.

Ерга инди, топмади дарёда ҳам,

Топмади ул тоғда ҳам, саҳрода ҳам.

1875 Ҳақ ҳузурига шошилди сўнг шитоб,

Тинглади лаббайка боз, Ҳақдин жавоб.

Чун камоли ғайрати ёнди яна,

Чарх уриб, оламни айланди яна.

Топмади ул бандани, деди: Худо,

Бир кўрай ул кимсани, кўрсат манго.

Ҳақ деди: Рум мулкига чопгил ҳамон,

Дайр ичра ўлтирур, топгил ҳамон.

Борди Румга, кўрди, кофир ошкор

Дайр аро бут олдида йиғларди зор.

1880 Жабраил чун бўлди оташдил яна,

Ҳақ ҳузурига шошилди ул яна.

Дедиким, англат менга, эй бениёз,

Парда оч, этгил аён, не эрди роз.

Дайр аро ул бутга этгайдир хитоб,

Лутф этиб, сен унга бергайсен жавоб.

Ҳақ таоло деди: ул кўнгли қаро

Йўл йўқотмиш янглишиб ғафлат аро.

Янглишиб, йўлдин адашди ул сақат,

Биз билармиз, йўлни этмасмиз ғалат.

1885 Лутф этиб, меҳробга бошлармиз уни,

Лутфимиз истар шу қулнинг узрини…

Ҳақ унинг жонига сўнгра очди йўл,

Ё Худо, ё Раб, демоққа тушди ул.

Билки ул ҳам Ҳақ учун миллат эрур,

Ҳақ иш ҳақдирки, беиллат эрур.

Ҳеч вақойинг бўлмаса даргоҳида,

Чекма ғам, хоку ғубор бўл роҳида.

Бунда ёлғиз зуҳдга эрмас эътибор,

Ҳечнинг ҳам даргоҳи Ҳақда қадри бор.

СЎФИЙ ВА АСАЛЧИ ҲИКОЯТИ

1890 Сўфийе Бағдодда боргайди шитоб,

Ногаҳон унга етишди бир хитоб.

Дерди кимдир: ҳой, асал бор, яхшилар,

Мен уни арзонга бергум, ким олар?

Борди сўфий, сўрди: эй соҳибкарам,

Ҳеч вақога ҳам уни бергаймусан?

Деди: бор, девона, бўлма булҳавас,

Ҳеч вақога бир нима бергайму кас?

Деди ҳотиф шунда: сўфий, кел бери,


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации